282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 10

Читать книгу "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Текущая страница: 10 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Комиссар кўп ўлимларни кўрган, аммо инсон боласи бу қадар тез, бу қадар осон ўлиши мумкинлигига ақли етмасди. Назира ҳаетида ҳеч ким билан олишишни истамагани каби ўлимда ҳам ажал билан тортишиб ўтиргиси келмагандек осойишта етар, лабларида аламли табассум қотиб қолган, гўе охир-оқибат бу азоблардан қутулганига шукр қилгандек, сен билан ўтган умримга ҳам, дуненинг ишларига ҳам пушаймонман, деб маъюс кулаетгандек эди…

– Назира… – Комиссар ўкраб йиғлаб юборди. – Ташлаб кетма мени, Назира!.. Бу – унинг умрида биринчи ва охирги марта йиғлаши эди…

* * *

Бирпасда тумонат одам йиғилди. Маузер билан Гулнора тўрт яшар ўғилчасини етаклаб келишди. (Комиссар неварасининг оти Алишер эканини энди билди.) Хотин-халаж, тўн кийган, салла ўраган чоллар, Маузернинг ҳамкасблари бўлса керак, оёғи олти, қўли етти бўлиб югургилаган еш-яланглар тўпланди. Комиссар эшик тагида гарангсиб турар, кўнгил сўраганларга нима деб жавоб қилишини билмас, шунчаки, бош силкиб қўя қолар, нуқул атрофга аланглар эди. Ким булар? Уни қаёқдан танишади? Нега бунчалик меҳрибонлик қилади ҳаммаси!

…Тобутни олиб кетишаетганида Лола айниқса кўп гирен қилди:

– Онасиз ўсгандим, ойижон! Энди онали бўлдим, дегандим, ойижон!

…Комиссар уч кун эшик тагига харрак қўйиб ўтиришга мажбур бўлди. Тўн кийиб, бел боғламаса ҳам ҳар қалай бошига дўппи кийди.

…Учинчи куни кечқурун Маузер дадасини юпатди:

– Сиқилманг, дада. Бизникига бориб тураверасиз. Мен бор, неварангиз бор…

Комиссарнинг кўнгли юмшаш ўрнига адоватга ўхшаган нарса уйғонди. «Шуни кутиб юрган экансан-да, кўрнамак. Сеникига бораманми? Сеникига-я?!»

Кизиқ, Лола бир ой ичида лабларининг икки чети тиришиб қаримсиқ бўлиб қолди. Назарида ўзи ҳам арвоҳга айланиб қолгандек эди. У хонага киради-чиқади. Бу хонага киради-чиқади…

Лола у билан гаплашмасди. Гўё рўй берган қўшалоқ фалокат учун қайнотаси айбдордек.

Комиссар ўйлаб қараса, умрида биронта улфатга қўшилмабди. Биронта жонкуяр дўст орттирмабди. У ёқда Мэлс масаласида жони ҳалак. Қачон чақириб қоларкин, деб юрагини ҳовучлайди. Йўқ… Уни тинч қўйишди. Персональний пенсиясини ойма-ой олиб туради. Ҳеч ким изидан кузатмайди. фақат сиқилади. Ошхонага кирадими, ваннахонагами, рўпарасидан Назира чиқиб келаётгандек бўлаверади. Бу еқда келиннинг зардаси…

Эркак кишига ёлғизлик оғир бўларкан. Ётиши бор, туриши бор… Нима қибди? Ёши энди олтмиш тўртга чиқди. Яшаши керакми ахир? Лола тенгини топиб кетса, ўзи ҳам…

Бир куни келинини ёнига ўтқизиб қўйиб гапни узоқдан бошлади.

– Анави хоин энди қайтиб келмайди, – деди ишонч билан. – Башарти келса ҳам ўзим бўғиб ўлдираман… Бир нарсага ақлим етмайди. Нима етишмабди экан бу аблаҳга! Уйи бўлса, жойи бўлса, гулдек хотини бўлса…

Лола унга ёвқараш қилиб мум тишлаб ўтираверди.

– Сиз нима деб ўйлайсиз, қизим? – деди Комиссар вазиятни юмшатиш ниятида маъюсланиб. – Нега шунақа қилдийкин? Нима етмаган экан унга?

Келин истеҳзоли кулди…

– Нима етмаганини билмайсизми? – деди лабини асабий буриб. – Меҳр етишмаган!

Тушундингизми, меҳр! Бу одам (Лола «Мэлс акам» демади, «отаси» ҳам демади, «бу одам» деди), бу одам умрбод ўз уйида бегона бўлган, тушунасизми шуни?

Комиссарнинг ғаши кедди. Нима бало, келини оқлаяпти шекилли ўша ватан хоинини?

– Болалари-чи? – деди ғазабдан кўзи ёниб. – Ҳеч бўлмаса болаларини ўйламайдими, бадбахт?!

Лола янаям истеҳзоли кулди:

– Қуш уясида кўрганини қиларкан-да…

Гап тамом бўлган, Комиссар у ёғини қандай «улаш»ни билмасди. Лола ўрнидан туриб кетаётган эди, тўхтатди.

– Шошманг, – деди вазминлик билан. – Бўлар иш бўлди. Сиз… ёшсиз. Дунёдан тоқ ўтиб кетолмайсиз-ку, тўғрими, Қизим? Зўр келса болаларни интернатга берамиз. Яхши интернатлар кўп. Танишларим бор.

Лола эшик олдида тўхтади. Кўзи ғазабдан қисилиб кетди.

– Эрга тегаман деб кўзим учиб тургани йўқ! Ўзим етимхонада ўсиб мана бундай бўлганман, – деди кафтининг қиррасини томоғига тираб. – Болаларимни интернатга бермайман! Ўзингиз уйланишни хоҳлаб қолган бўлсангиз, катта кўча! – Шахт билан хонадан чиқаркан, эшиттириб пичинг қилди: – Бетингдан бузилгур, юзсиз! Ойимнинг кўзига тупроқ тўлмасдан туриб…

Ўша гапдан кейин Лола бутунлай ўзгарди. Неваралари «дедушка» деб этагига ёпишса, бобиллаб беради. «Эмасанми дедушкангни? Бор ухла, кўмилиб!» Товоқни қошиққа, қошиқни товоққа уриб тўнғиллайди: «Чол одам дегани мачитга чиқади, чойхонага чиқади, бу нимаси, эртадан кечгача уйда биқсиб ўтириш!» Хэх! Бир ками салла ўраб намоз ўқиши қолувди.

Комиссар Ғаниев намоз ўқиса! Чойхонада пишириб қўйибдими? Носкаш чолларнинг висирвисирини эшитадими? Комиссар қатьий қарорга кедди. Уйланади! Ҳар кимнинг жони ўзига керак. Бу жиблажибон билан ҳар куни юрагини қон қилишдан наф йўқ. Уй ўзининг номида.

Ғинг деса ҳайдаб чиқаради…

Ўша кеча Назира тушига кирди. Бошига оппоқ рўмол ўраб олганмиш. Худди отинойиларга ўхшармиш. Ҳеч гапирмасмиш-да, нуқул юм-юм йиғлармиш. «Ҳеч рўмол ўрамасдинг-ку, онаси, бу қанақаси», деб ёнига борса, Назира ўзини орқага ташлабди. «Қочинг! Қўрқаман сиздан.

Маузерни нега урдингиз?» Комиссар таъби тирриқ бўлиб уйғонди. Ваннахона томондан невараларининг баравар йиғлаётгани, Лоланинг бобиллаши эшитилди:

– Э, авлодингга ўт тушсин! Совунлаб ювин деяпман!

Йўқ! Бу аҳволда узоққа боролмайди. Ё келинини чопиб ташлайди, ё ўзи инфаркт бўлиб ўлади! Чала-чулпа чой ичиб, кўчага чиқиб кетди. Узоқ айланиб юрди. Ҳаво дилгир, оёқ остида хазон шитирлайди… Бир маҳал қорни очгани билинди. Боши айланиб, «Лаззат» қаҳвахонасига кирди. Сосиска олиб еди… Эртаси ҳам, индини ҳам… Аввалига қаҳвахонада янги хизматчи пайдо бўлганини сезмади. Аниқроғи, дуруст разм солмаган экан. Кирроқ оқ халат кийган хушрўйгина дўмбоқ жувон ҳар куни столни артиб, санчқи-тарелкаларни йиғиштириб олаётганига кейин эътибор берди. Гапирай деса, қўрқади. Бир куни дастурхон устидаги нон ушокларини сидириб олаётганида ташаккур билдирди:

– Раҳмат! Овқатинглар ширин бўпти.

– Ош бўлсин! – деди жувон жилмайиб.

– Мен ҳар куни шу ерда тушлик қиламан, – деди Комиссар.

– Биламан, – жувон яна самимий жилмайди.

– Қаердан келгансиз?

– Свердловскдан.

– Қачон.

– Яқинда.

– Тошкент ёқдими? – деди гапга солиб.

– Бўлмаса-чи!

– Раҳмат сизга! – деди Комиссар айрича меҳр билан. Тўғри қилди. Бу сафар шунисиям етарли эди.

Бир ҳафта ичида Наташа билан яқиндан танишиб олди. Тошкентга келганига икки ой бўпти. Ўттиз бир ёшда экан. Пропискаси йўқмиш. Шу боисдан қаҳвахонанинг ўзида ётиб юраркан.

– Менга эрга тегмайсанми? – Комиссар бу гап оғзидан қандай чиқиб кетганини ўзи билмай қолди. Юмдалаб ташласа, нима қиламан, деб юраги пўкиллаб турган эди, Наташа ундай қилмади. Отаси (эҳтимол бобоси) тенги бу одам нима деётганини дафъатан тушунолмагандек, бир зум киприкларини пирпиратиб турди-да, мовий кўзларида табассум пайдо бўлди.

– Пропискадан ўтказсанг, тегаман!

Сенсирадими, демак, яқин олгани шу! Мана буни очиқча савдо деса бўлади! Дунёда ўзбек хотинларидан инжиқ, кажбаҳси йўқ. Гўё уйланиш фақат эркак учун керақдек! Уйландингми, бўйнингга бўйинтуруқ қилиб осиб юришга мажбурсан! Оила қуриш ҳар иккала томон учун зарурат эканини ўйлаб ўтирмайди бу ойнисалар! Назиранинг арвоҳи чирқилламасин-ку, аслида бор гап шу.

– Наташа! – деди жиддий қилиб.—Сен нима хохласанг, ҳаммаси бўлади. Прописка ҳам, ЗАГС ҳам… Хотиржам бўл, ўзимдан тинчиганман.

Ёлғизлик жонимга тегди.

– Мени ҳам! – деди Наташа ўйчан. Бу гапни оддий ва самимий айтди…

Лола Наташани кўрган заҳоти ҳаммасини тушунди. Серрайиб қараб тураверди. Ичкаридан неваралари чиқиб, Комиссарнинг оёғига ёпишди.

– Дедушка!

– Дедушканг сенларга янги бабушка олиб келди! – деди Лола асабий кулиб. – Яқинда бабушканг сенларга дядя туғиб беради. Сенлар кўтариб юрасан!

Комиссар муштини тугиб бақирди:

– Ўчир овозингни, қанжиқ!

– Мен қанжиқ эмасман! – деди Лола дона-дона қилиб. – Орқасидан ит эргаштириб юрганларни қанжиқ дейди!

– Марш бу ердан итваччаларинг билан! – деди Комиссар оёқ-қўллари асабий қалтираб.

–Бўшатиб қўй уйни!

Лола киприк қоқмай тикилиб тураверди.

– Биринчидан, – деди осойишта оҳангда. – Ойимларнинг суви тўкилган уйдан кетмайман. Иккинчидан, болаларим билан кўчама-кўча тентираб юрмайман! Мен – Гулнора эмасман.

Наташа ҳайрон бўлиб қолган, гоҳ Комиссарга, гоҳ Лолага мўлтираб қарар эди.

…Комиссар уй топмаса бўлмаслигини тушунди. Келинини иккита боласи билан ҳайдаб чиқаролмайди. Устига-устак Мэлс масаласи қўзғалса, ўзига яхши бўлмайди. Аммо бу алвасти билан бир хонадонда туришнинг ҳам иложи йўқ. Начора! Елди-югурди. Ватан олдидаги хизматларини ҳисобга олишди. Горисполкомнинг уй тақсимоти бўйича жамоат комиссиясига аъзо бўлганлиги ҳам иш берди. Эр-хотин Қатортолдаги мана шу бир хонали уйга кўчиб келишди.

Наташа чаққонгина экан. Бир кунда янги уйга файз кирди-қолди. Ҳаммаёқ саришта. Турмушиям тартибга тушгандек бўлди. Хотини саҳарлаб сутга ғириллатади. Ширгуруч пишириб беради. Тушда «Сагатчик, яхши ўтирибсанми, колбаса олиб чиқиш едингдан кўтарилмадими», деб телефон қилади. Кечқурун қаҳвахонадан котлетми, бифштексми олиб келади. «Совумасдан еб олгин», деб оғзига тутади. Жиндай олсанг, қонинг юришади, деб коньяк ҳам ичиради…

Буни қаранг: умрида қўлига капгир ушламаган Комиссар бир ойда бинойидек ош дамлашни ўрганиб олса денг! Наташа ўзбекча паловни хуш кўраркан.

Албатта, ёш хотин билан туришнинг ўзига яраша ғалвалари ҳам бўларкан. Наташа бир куни туфли кўтариб келади. Оеғига кийиб у еққа юради, бу еққа юради. «Ярашдими?» – дейди-да, диркиллаб келиб эрининг юзидан ўпади. «Юз эллик сўм». Эртасига пальто олиб келади.

Индинига чўмилганда кийиладиган костюмча. Бафуржа қип-яланғоч бўлиб ечинади-да, костюмчани кийиб кулади. «Сагатчик, қалай, езда Ташморяга оборасанми, жаҳлинг чиқмасин, қиммат эмас, юз сўм»…

…Спортчиларда «иккинчи нафас» деган гап бор. Силланг қуриб, тамом энди, йиқилиб қоламан, деганингда, тўсатдан «иккинчи нафас» очилади-ю, вужудингда янги куч, янги ғайрат пайдо бўлади… «Анавинақа» масалада ҳам шунақа ҳолатлар рўй бераркан. Ёнингда оппоққина, ёшгина, сўлқиллаган жувон ётса… Бундай паллада Наташа уни қойилмақом қилиб эркалатар эди.

«Ах, кобель! Ах, паразит! Ўн етти яшар йигитчага ўхшайсан-а!» Унга сайин Комиссар ғайратга минар, «мақтов»нинг биринчи қисми – «итлиги», «битлиги»ни эмас, ўн етти яшар йигитчага ўхшашини ўйлаб, ўзидан-ўзи фахрланиб кетар эди: «Молодец Комиссар! Баданингда сув бор эканки, шундоқ еш жувонни эплаяпсан! Молодец Наташа! Хотин киши дегани мана бунақа бўлади! Назирага ўхшаб молдек пишиллаб етмайди. Минг хил «поза»ни билади!»

…Шунақа-ку… «иккинчи нафас» қурғур ҳар куниям очилавермас экан… Наташа бўлса, ақалли кун ора эри «ўн етти яшар йигитга айланиши»ни хохлайди… Устига устак, ўзинг қари, хотининг еш бўлса, ҳуда-беҳудага рашкинг қўзғайвераркан… Орадан бир-икки ой ўтиб, Наташа ишидан аллапаллада келадиган одат чиқарди. Комиссар сиқувга ола бошлади. Деярли кун ора шу ғалва. Комиссар сўроққа тутади:

– Қаёкда юрибсан? Қара. Соат неча бўлди?

– Қизиқмисан, Сагат? – дейди Наташа жўнгина қилиб. – Ишимни биласан-ку. Тўй бўлди. Ўзбекнинг нимаси кўп – тўйи кўп. Тағинам эримнинг жаҳли емон, деб шефдан рухсат олиб келдим.

Ҳаммаси рисоладагидек кетаетган эди-ю, янги йил кечаси хунук ҳодиса бўлди. Наташа ярим кечагача қолиб кетди. Янги йил киришига ярим соатча қолган эди. Бир маҳал эшик жиринглади.

Комиссар эшикни очса, турибди илжайиб: кўзлари сузилган. Комиссар:

– Ичдингми? – деб дағдаға қилган эди, Наташа еш боладек эркаланиб юзидан ўпди.

– Палов тайерми? Шампан борми? Молодец! А, менинг сенга сюрпризим бор. Меҳмон олиб келдим, – деди кулиб. – Володя, келавер. Танишинглар. Бу – менинг эрим Сагат Ганиевич! Володя синфдош дўстим. Янги йил кутиш учун атайлаб Свердловсқдан келибди.

Комиссар эс-ҳушини йиғиб олмасидан оғзидан гуркираб арақ ҳиди анқиб турган, штанга кўтарадиганларга ўхшаш бақувват келбатли йигит сурбетларча илжайиб қўл узатди:

– Салом! Янги йил билан!

– Сагат Ганиевич пиширган паловни есанг, бармоғингни ялаб қоласан! – деди Наташа яйраб-яшнаб. – Володя умрида ўзбекча палов емаган. Тезроқ бўла қол, Сагатчик!

Палов егиси кептими? Минг лаънат меҳмонинггаям, ўзинггаям! Комиссар ижирғаниб ошхонага кирди. Ошнинг гуручи сув теришини кутди.

Қозонга товоқ босиб, уйга кирса, арақлар очилган, шампанлар қуйилган… Қай кўз билан кўрсинки, «штангачи» диванда Наташани бамайлихотир эзғилаб ўтирибди! Комиссар ғазабдан қалтираб қолди. Тили калимага келса қани!

– Марш! – деди аламроқ ғулдираб. – Йўқол икковинг ҳам!

– Секин, қария, секин! – деди Володя пинагини бузмай.

– Нима қипти! – Наташа хандон отиб кулди. – Ўзинг эплолмаганингдан кейин…

– Ма-а-рш! – Комиссар қўлидаги капгирни отди. Капгир деворга урилиб, сакраб столга тушди. Шампан шишасини баранглатиб ёриб юборди. Володя сапчиб ўрнидан тураётган эди, Наташа қўлидан тортиб қодди.

– Керакмас, – деди юзига сачраган шампанни кафти билан сидириб. – Арзимайди.

Ўддириб қўйиб, балосига қолиб юрма тағин.

Пальтосини киятуриб дона-дона қилиб таъкидлади:

– Эй, пичанни қўриқлаб ётган қари ит! Билиб қўй, ЗАГСдан ўтганмиз, квартирада менинг ҳам улушим бор. Бир ой ичида уй топиб бермасанг, Володя билан кўчиб келиб, шу ерда турамиз…

Яхшиям, Комиссар қонун кодексини сув қилиб ичиб юборгани. Бўлмаса энка-тинкасини чиқариб юборарди бу хотин! Шунда ҳам уйдаги бор буд-шудини шилиб кетди.

Жаҳонда энг донишманд халқ, биласизми, ким? Австралия аборигенлари! Оғир жиноят қилганни қамамайди. Отмайди. Осмайди. Ёлғиз қолдиради. Битта ўзини! Мана, ўн йилдан ошдики, Комиссар танҳо… Битта ўзи! Тўғри, ора-чора ветеранлар йиғилишига, шаҳар ижроқўмидаги уй тақсимоти комиссияси мажлисига чақириб туришади. Лекин, мажлис дегани ҳар куни бўлмайдида.

Уч-тўрт бор Маузер келди, хотини билан. Юринг, дада, бунақа ғариб бўлиб ўтирманг, деди.

Очиғи… Комиссарнинг кўнгли сув ичмади. Билади, ўғли бутунлай бошқа дунё. Ҳафта ўтмай ораларида ихтилоф чиқади.

Соғлиғидан-ку, шикояти йўқ. Фақат асаблари чарчади, шекилли. Уйга киргиси келмайди.

…Кундузи-ку, ўзига юмуш топади. Саҳарлаб сутга чиқади. (Наташа ўргатган одат.) Сут олиб қайтаётганида, албатта, Қурбонойни кўради. Гапга солади. Арслон қариса куни сичқон тутишга қолади, деганлари шу бўлса керак-да! Ақалли шу хотин билан гаплашса ҳам ҳарна-да. Вақт ўтади… Шошилмасдан юриб уйига киради. Манний каша ёки ширгуруч қилади. Унгача газета дўкони очилади. Очирид туриб газета олади.

Ундан гастрономга киради. Очиридга туради. Нима беряпти, нима сотяпти, аҳамияти йўқ.

Очиридда турса бас. Очирид қанча катта бўлса, шунча яхши. Одамларнинг гапига секин қулоқ соласан. Янгиликларни эшитасан… Кеч кирган сайин юраги сиқилаверади. Ёлғиз овунчоғи – телевизор. Ярим кечага бориб, унинг ҳам овози ўчади. Ётишга қўрқади. Ётса, уйқусида ўлиб қолаётгандек. Ҳаммаёқ жим. Ҳаммаёқ зимистон…

Уни хаёл олиб қочади. Кейинги пайтларда ҳар куни эмаску, гоҳо-гоҳо кўнглининг бир бурчида мавҳум саволлар ғимирлаб қолади.

(Нега шунақа бўлаётганини ўзи билмайди. Бугун Қурбонойга «Жойнамоз устида мени қарғасанг керак», дегани ҳам шундан бўлса эҳтимол.)

Балки Назира ҳов ўшанда – тўнғичини туғиш арафасида кўп қарғиш олганмисиз, деб сўрагани бежиз эмасдир? Балки ўзи ҳам жиндай ҳаддидан ошиб кетгандир? Шунча одамнинг умрига зомин бўлиб тўғри қилмагандир?

У хира пашшадек бемаъни ғинғиллаган саволларни ўша заҳоти қувиб солади. Биринчидан, у умрбод кетмон уриб, ер кавлаб ётадиган аллақандай деҳқон эмас! Қайси томондан илиқроқ шамол эсса, ўша ёққа қараб эгиладиган, бир қарасанг феодал ўтмишни улуғлайдиган, бир қарасанг ғарбга талпинадиган бетайин зиёли ҳам эмас! Комиссар Ғаниевнинг букилмас эътиқоди бор! У ўзи чин дилдан ихлос қўйган жамиятни ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилди. Керак бўлса энди ҳам ҳимоя қилади. Иккинчидан эса, буйруқни бажарди!

Офицер деганнинг биттаю битта ҳуқуқи бор: у ҳам бўлса буйруқни бажариш! Юқоридан фалончини қама, деган буйруқ келдими, ўша заҳоти қамайди. Сургун қил, деса, сургун қилади.

От деса – отадиям… Башарти эрта-бириси куни фалончи бегуноҳ экан, оқлансин, деган ҳукм бўлса – оқлайди! Бу дунё муттасил айланиб турадиган мураккаб механизм. Одамлар ўша механизмнинг кичик бир винтчаси, холос. Ҳар битта винтча ўз вазифасини адо этмоғи керак.

Биттаси ишламай қолса, кўрасан, нима бўлишини! Бутун бошли механизм чок-чокидан сўкилиб кетади… Йўқ, Комиссар Ғаниевнинг бировдан тили қисиқ жойи йўқ. Нимаики қилса, бурчини адо этди. Виждонан адо этди…

У илиқ сув билан уйқу дори ичади-да, тўшакка чўзилади (назарида тўшак лаънати кун сайин совиб бораётганга ўхшайди). Чўзилади-ю, кўзини юмади. Тун – ёлғизларни синаш учун юборилган жазо элчиси. Аввал кўзингни кўр қилади. Кейин қулоғингни шанғиллатади. Ундан кейин юрагингни ғижимлай бошлайди. Шошилмасдан… Алоқ-чалоқ тушлар кўрасан…

Яна бошландими?.. Анави ким? Башараси таниш кўринади? Ие, Ҳусанхўжа-ку!

«Ўлмаганмидинг?» – «Ўрик ейсизми, ака-а-а? Манг ўрик». – «Обор! Обор ўригингни!» – «Енг, ака, битта енг!» – «Йўқол дейман». – Кулишини қаранг! Кулиши мунча хунук! Ие, скелет-ку, бу! Ҳусанхўжанинг скелети! Тишлари иржайиб турибди. Оғзини каппа-каппа очиб «ака-а-а» дейди. Йўқол! Ифлос, унсур! Пистолетим қани, пистолетим! Ким бор? Ёрдам беринглар!..

Уфф… Нима бўлди? Нега титрайди? Туш кўрди-ку, туш. Тушдан ҳам қўрқадими, одам? Йўқ, ухлагани йўқ эди, шекилли. Аниқ кўрди-я! Девор орасидан сирғалиб чиқса бўладими? Валидол қаёқда эди. Уф-ф-ф…

РУСТАМНИНГ ИККИНЧИ КУНДАЛИГИДАН

Май ойининг ўн олтинчи куни «Ил-76»да кетяпмиз. У ёққа олиб кетишаётганда солдатларни қандай «босишган» бўлса, бу ёққа келаётганда ҳам шундай зичлаб жойлаганлар. Фарқи шуки, у ёққа борганлар орасида дўстларим бор эди: Хайриддин, Темур ака, Саша… Ҳозир атрофдаги болаларни деярли танимайман: турли қисмлардан тўпланган «дембиллар». Яна бир фарқи бор: у ёққа сумка кўтариб кетган эдик. Бу ёққа ҳар бир солдат биттадан «дипломат» кўтариб келяпти.

Мотор товуши ғўриллаб, қулоқни қоматга келтиради. Аскар болаларнинг ҳаммаси – жим.

Ҳамма бир нарсани ўйлаб турибди-ю, айтолмайди. «Самолётга «Стингер» тегмаса бас!»

Хаёлимга бемаъни ўй келди. Самолётда «икки юзинчи» юк бормикин? Йўқ бўлса керак.

Ўлик ташийдиган махсус самолёт бўлади, дейишади. Аслида-ку, темир тобутда ётганларга барибир. Самолётда олиб келадими, Хайратондан машинада олиб ўтадими? Нима фарқи бор?

Хўп, онанг сочини юлиб дод солади. Отанг кавшарланган сандиқни қучоқлаб, «ўғлим, жон болам», деб изиллайди. Қаёқдан билиб ўтирибди: қутида қонга беланган жасадинг ётибдими, бир пой этигингми, ё шунчаки тузми?.. Севган қизинг (агар бўлса) «у ёқ»дан юборган суратингни юзига босиб, кечаси билан унсиз йиғлаб чиқади.

Бир маҳал кабина тепасидаги қизил чироқ тахдидли ёнибўча бошлади. Ҳамма беихтиёр ўша томонга қаради. Эшик очилиб, учувчи кўринди.

– Йигитлар, чегарадан ўтдик! – деди жилмайиб. Самолёт ичи бир зумда шодон шовқинга тўлиб кетди. Биров Тошкентнинг ҳавоси қандай экан, деса, бошқаси қулупнай егиси келаетганини айтди. Нарироқца дипломат устида омонат ўтирган бир бола кафти билан юзини тўсганча юм-юм йиғлаяпти…

Аэропорт Тошкентга ўхшамас эди. (Бошқа аэродромга қўнганимизни кейин билдим.)

Торгина залга кирдик. Божхонанинг бадқовоқ ходимлари худди биров Афғонистондан атом бомбаси ўғирлаб келаетгандек ҳар битта солдатнинг дипломатини тит-пит қилиб текширишга тушди.

Бир чеккада сигарет чекиб турарканман, қулоғимга жуда азиз, жуда қадрли куй эшитилди.

Радиода «Муножот»ми, «Чўли Ироқ»ми янграр, номини эслай олмасдим-у, йиғлагим келарди. Ташқари чиқишим билан сурмаранг такси ғириллаб келиб шундоқ енбошимда тўхтади. Ёш бўлса ҳам афти қаримсиқ таксичи қўлимдаги дипломатга ёпишди.

– Чамадонинг қани, солдат? – деди шанғиллаб.

– Чамадон йўқ, – деган эдим, шоширди.

– Ўтир! Тезроқ бўл! Бу ерда тўхташ мумкинмас. ГАИ талонимни тешади.

Қанақа одам бу? Мен такси чақирган бўлмасам!

– Автостанцияга! – дедим ёнига ўтириб.

– Уйинг қаерда ўзи?

– Узоқда. Автостанцияга оборсангиз бўлди.

– Қаерда турасан? – Таксичи машинани чаққон ғизиллатиб кетди.

– Пскентда.

– Қизиқ экансан-ку, Ҳиротга бўлсаям обориб қўярман!

– У ёққа таксида боришга пулим етмайди!– дедим тўғрисини айтиб. – Автостанцияга оборсангиз бас.

– Пули билан нима ишинг бор! – У қўлини пахса қилди. – Пскентнинг ўзига борасанми ахир?

Индамай бош ирғаган эдим, сўради:

– «Афғонмисан?» Хўп, дейвер, ука! Қалай, омон-эсон келдингми, ишқилиб? Суюнганидан уйингдагиларнинг юраги қоқ ёриладиган бўлди-да! Мен-чи, вей, «афғонларни» узоқдан танийман. Сениям кўриб, дарров билдим. Шошма, дедим, шу болага бир хизмат қилиб қўяй, дедим.

Мунча шақиллайди бу шопир! Тошкент ўзгармабди. Ўшаўша шаҳар. Ўша-ўша кўчалар. Йўл четида ям-яшил дарахтлар яшнаб етибди. Машиналар бир-бирини қувиб, шамолдек елади. Гўё ўн беш қадам олдинда бораётган машина минага дуч келиб, портламайдигандек! Кўчада одам мунча кўп? Гўё олисда, қоялар орасида биқиниб турган снайпер хоҳласа беш минутда йигирматасини ер тишлатмайдигандек…

– «Сув париси»дан борми, соддат? Нима дейди бу?

– Нима?

Таксичи қаҳ-қаҳ уриб кулди.

– Мен шохида юрсам, сен баргида юраркансан, солдат! Отинг нима? Айтдим.

– Вой, Рустамжон-эй! Вой муғамбир-эй! – У навбатдаги машинани қувиб ўтаркан, сигнални бибиблатди. – Мендан ҳам қув экансан. Кўрдим, дипломатинг енгил! Аммо-лекин битта дипломатга анча-мунча «сув париси»ни жойласа бўлади! Бизда бир кийими беш юз туради! Эшитдингми, беш юз! Хўп десанг пуллаб бераман! Қуруғини арра қиламиз! Келишдикми?

– Йўлга қаранг, ака! – дедим тишимни тишимга қўйиб. – Менда ҳеч қанақа «сув париси» йўқ!

– Ола-а! – Таксичи ишонқирамай юзимга қараб қўйди. – Ўтган ҳафта битта капитанни Севера Востокка обориб қўйган эдим. Сенга ўхшаб гаплашиб кетдик. Аммо-лекин маладес!

Кўнгли очиқ одам экан. Ўзиям Афғонистондан тўртта чамадон билан келди, азамат. «Мен офицерман, бунақа ишларга уқувим йўқ. Кўмаклашиб юборсанг, бизнес қиламиз», деди…

Шаҳардан чиқдик. Ям-яшил далалар бошланди. Йўл четида хўппайган толлар, осмонга хитоб қилган мирзатераклар… Димоғимга алланечук қадрдон ис урилди. Аввалига эслолмадим.

Нима бу? Маст қилувчи ҳид қаёқдан келяпти? Бир чақиримча юргач ўнг томондаги кумуш япроқли жийдаларга кўзим тушди-ю, дилим яйраб кетди. Жийда гуллабди, жийда!

– Ростинй айт, ука! – деди таксичи машинани шиддат билан ҳайдаб бораркан. – Чиндан ҳам ҳеч нима обкелмадингми Афғонистондан?

– Олиб келдим! – дедим тоқатим тоқ бўлиб. – Пистолет олиб келдим. Чўнтагимда турибди.

Худога шукр! Уни ўчди. Йўл чети ям-яшил… Бедазорлар, энди қўшқулоқ бўлиб чиққан пахтазорлар. Унда-мунда қўйлар, ола сигирлар ўтлаб юрибди.

Таксичи кўчамиз бошида машинани тўхтатди.

– Қайси уй? – деди шанғиллаб.

– Ҳов ана! Тол соясидаги дарвоза.

– Бўпти! Тушавер! – у азза-базза машинасини айланиб ўтиб, ўнг эшикни очди. – Аввал суюнчисини чўзиб қўйишсин-да, мундоқ.

Эс-ҳушимни йиғиб олгунча такси чанг кўтариб, дарвозамиз томон елди. Узоқдан кўриб турибман. Машина дарвоза олдида тўхтади. Таксичи жонсараклик билан дарвозани қўшқўллаб муштлади. Зум ўтмай ўзини ичкарига урди. Бирпасдан кейин эгнида янги тўн, бошида дўппи билан қайтиб чиқди. Мен томонга имо қилиб, бир нималар деди. Дарвоза олдида турган Илҳом акамни кўрдим-у, юрагим орзиққанча югурдим. Таксичи дипломатни тол тагига қўйдида, машинасини шиддат билан орқага қайтарди. Акам ҳам мен томонга чопди.

Машина менга рўпара келганида бир сония секинлади.

– Солдат! – деди таксичи деразадан бошини чиқариб. – Аканг берган уч юзига рози бўлсин. Юрагим қинидан чиқиб кетаётганга ўхшар, жонҳолатда уйим томон югурар эдим. Акамнинг қучоғидан чиқдиму бўйнимга осилган онамни бағримга босдим. Шунда ойим таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини оғриқ билан ҳис этдим. Рўмоли елкасига сирғалиб тушган, сочлари дув оқарган, билаклари косовдек қорайиб, ингичка тортиб кетган. Хиралашган кўзларидан дув-дув ёш оқар, нуқул «болам, жон болам», деб юзларимни силар эди. Димоғимга райҳон ҳиди урилиб, юрагим қалқиб кетди. Болалиқдан шууримга сингган, унутилаёзган қадрдон ис… Шунақа-ку, сочлари нега бунча оқариб кетган? Кетаётганимда бунақа эмасди-ку! Гавдаси нега бир тутам бўлиб қолди. Одамзод шунчалик тез ўзгариши мумкинми? – Йиғламанг, ойи, – дедим кулиб. – Мана, мен кеддимку! Ойим ҳамон бўйнимга осилганча ҳиқиллар эди. – Йиғлаётганим йўқ, болам, – деди кўз ёшларини артиб. – Сен келдинг, болажоним. Энди ҳечам йиғламайман. Қизиқ, келинойим ҳам аллақандай қаримсиқ бўлиб қопти. Пешонамдан ўпаркан, ҳорғин кўзларида қувонч порлади. – Бўлди, ойижон! – деди онамни юпатиб. – Худога шукр, Рустамжон соғ-саломат қайтдилар. Энди тўй қиламиз. – Албатта қиламиз! – Ойим кўз ёшлари аралаш жилмайди. – Худо хохласа тезлаштирамиз тўйингни, Рустамжон! Остона ҳатлаб ўтишим билан ойим жонсарак алпозда келинойимга буюрди: – Салимахон! Тез бўлинг, жон болам! Патирни олиб чиқинг! Чаққон-чаққон! Келинойим бирпас гарангсиб турди-да, уйга югурди. Зум ўтмай бир чеккаси тишланган патирни қўшқўллаб кўтариб чиқди. Онам патирни менга тутқизди. – Бисмилло, деб тишла, болам! – деди овози қалтираб. Икки йил аввал худди шу остонада туриб бир четини тишлаб кетган патирни қўлимга олдим. Патирнинг кемтик қиррасида ўзимнинг тишларим изи кўриниб турарди. Бир томонида ип осилиб қолган. Ажаб, икки йил деворда осиғлиқ турган нон моғорламаган, ҳатто гард ҳам қўнмаганди.

– Илоҳи омиин! – Ойим косовдек қўлларини фотиҳага очди. – Омон-эсон келганинг рост бўлсин, болам! Жумламўминни дилидаги ниятига етказсин. У дунёю бу дунё уруш бўлмасин!

Сув балосидан, ўт балосидан, туҳмат балосидан яратган Эгамнинг ўзи асрасин!

Ҳовли ўзгармабди. Этакдаги икки уй, бир айвон томига чиқариб юборилган сўритокда узум шўралари осилиб турибди. Бурчақдаги тандир ҳам, эшиги қия очиқ молхона ҳам, чап томондаги акамнинг шифер томли уйи ҳам ўша-ўша. Пастак девор оддидаги икки туп гилос шиғил мева солибди. (Пастдаги шохларни жиянчалар «қийратгани» аниқ.) Сўри ёнидаги олма гулини тўккан, аммо тугган меваси ҳали майда шекилли, қалин япроқлар орасида кўзга илинмайди.

Ҳовли ўртасида бир вақглар дадам атайлабдан Бешариқдан ҳавас қилиб олдириб келган қўқонгуллар яшнаб ётибди. Зангори, қизил, напармон… Гулзорнинг чор атрофи яшил рангга бўялган пастак сим панжара билан ўралган. Панжара ортида райҳонлар…

Келинойим бирпасда ёғоч сўрига жой қилди. Қават-қават пойандоз ташлади. Дастурхон ёзди. Ойим сўри четига омонат ўтирган кўйи тағин узундан-узоқ фотиҳа ўқиди, келинойим ҳовлига кўлоблатиб сув сепаётганда райҳон иси гуркираб кетди. Ростини айтсам, очиққан эдим.

Тандир нонни иштаҳа билан еб, кўк чой ичарканман, боядан бери хаёлимда айланаётган саволга энди жавоб топгандек бўлдим. Ҳовлида нима етишмаётганини билдим. Кираверишда, тепасини ёпиб, гаражга мослаштирилган йўлакда одатда сарғиш «Нива» турарди. Дадам уни деярли минмас, акам шаҳаргами, тумангами борганда ҳайдар эди. Ҳозир «гараж» супуриб-сидириб қўйилган, девор четида турадиган эски канистрлар ҳам кўринмасди. «Дадам миниб кетгандирда!»

– Дадамга хабар қилдингларми? – дедим чой ҳўплаб.

– Хабар қилдик, укам, хабар қилдик! – деди акам елкамга қоқиб. – Қани, нонга қара.

Ойимларнинг нонларини соғингансан! Ойим маладесларда, Рустам! Нонни ўзлари ёпмасалар, кўнгиллари жойига тушмайди. Бугун эрталаб ишга кетаётсам, хамир қориб ўтирибдилар. «Нима зарил, Салиманинг ўзи ёпади», десам, нима дейдилар дегин? Нима дедингиз, ойи, ўзингиз айтинг!

Ойим бир акамга, бир менга қараб кулимсираб қўйди-ю, индамади.

– Айтдиларки, – деди акам тантанавор оҳангда, – мени айтди, дерсан, Илҳом, бугун укангдан ё дилгиром келади, ё ўзи кириб келади, хамир учди, дедилар. Тўғрими, ойи?

– Туш кўрсам… – деди ойим ёшланган кўзларини дастурхон попугидан узмай.

– Боғ эмиш. Ка-а-атта боғ… Бир маҳал ичида от кўринибди. Оппоқ от. Қарасам, от устида сен ўтирибсан. Вой, болам, қачон келдинг, десам индамай кулиб турибсан. Қарасам, отни жилови йўқ. Қўрқиб кетдим. Тушақол, болам, тезроқ туш, йиқилиб-нетиб юрмагин тағин десам, яна индамайсан. Бир маҳал даданг пайдо бўлиб қолдилар. Ҳой, дадаси, ушланг анави отни, Рустамжонни опқочиб кетмасин, десам… – Ойим тўсатдан жимиб қолди. Ошхона томонга қараб, ожиз, йиғлоқи овозда чақирди…

– Салимахон-у-у! Ҳой, Салима! Рустамжонга қатиқ бермабсиз-ку!

Ошхона эшигидан келинойим мўралади.

– Чопинг! – деди ойим тайинлаб. – Ақиданикига чиқинг. Бир коса қатиқ берсин. Рустамжон келди, денг.

Келинойим ошхонадан чиқиб, кўчага зинғиллади. Ҳайрон бўлдим.

– Ўзимизнинг сигир-чи?

– Ўлсин! – Ойим шоша-пиша қўл силтади. – Қисир қолувди, сотиб юбордик.

– Яна биттаси бор эди-ку! – дедим ҳайратланиб.

– Унисини гўштга топширдик. – Акам беписанд кулди. – Қорни шишиб кетди.

Жиянларинг ўйинга андармон бўлиб, беда оралаб кетганини билмай қолибди… Шўх-да шумтакалар!

Ростини айтсам, жахдим чиқди. Қишлоқда туриб сигир боқмаса, қанақа гап бу? Акам кўнглимдан ўтганини сезди чоғи, елкамга шапатилади.

– Эй, ука! Шунгаям ота гўри – қозихонами? Бош омон бўлса, дўппи топилади.

– Салима чиққунча мен овқатга қарай, – онам инқиллаб сўридан тушаетган эди, дарвоза томондан шодон қийқириқ эшитидди…

– Ур-ре! Кичик дадам кептилар!

Акамнинг икки ўғли ховлига отилиб кирди. Ўқдай учиб келиб, иккаласи икки томондан ёпишди. Иккови аллақаерда роса футбол тепган шекилли, терга ботиб кетган.

– Менга нима обкелдиз? – деди каттаси.

– Менга-чи? – деди кичиги.

– Сенларгами? – дедим дилим яйраб. – Жевачка олиб келдим.

Яна ғалва бошланди:

– Менга ўнта берасиз!

– Менга ўн бешта, хўп?

– Беради! Иккаланггаям беради! – Ойим болаларни мендан нари сурди. – Аввал қўшнилардан суюнчи олмайсанларми? Кичик дадам келдилар, демайсанларми?

Жиянчалар бир зумда бутун қишлоққа хабар қилибдими, кун ботмасдан меҳмон босди. Биринчи бўлиб Турсунбой ака чикди. Белимдан силтаб-силтаб бағрига босаркан, ойимга хитоб қилди:

– Айтмабмидим, хола! Рустамжон бирон ери тирналмасдан келади, демабмидим! Сиз бўлсангиз йиғлаб юрибсиз! Тўйни тезлаштиринг, тўйни! Укамга ўзим куёвжўра бўламан!

– У менга қараб, гапини тасдиқлатиб олди. – Тўғрими гапим? Хатда езганмидим шуни? Ана! Гап битта бўлади!

Ҳовлига катта жой солинди. Шўрва тортилди, ош дамланди. Шу пайтгача дадам келмаганига жаҳлим чиқа бошлади. Акам юпатди:

– Тошкентда сессия бор экан. Ҳали замон келиб қоладилар.

…Меҳмонлар тарқаб, ҳовли жимжит бўлиб қолди. Олма тагидаги сўрида тағин тўртовлон қолдик. Ойим, акам, келинойим, мен… Вақт алламаҳал бўлиб қолган, дарвоза рўпарасидаги тол тепасида муаллақ тўхтаган тўлин ой мўл-мўл нур сочар, чигирткалар куйиб-ёниб чириллар эди.

Ой бунақа ёруғ бўлиши ёмон. Заставада пешоб қилгани ҳам боролмайсан. Маскахалат-ку, гавдангни асрайди. Қоялар панасида кўзга кўринмайсан. Аммо соянг бор-ку, соянг! Бир чақирим нарида пойлаб турган «дух» снайпери соянгни кўрмайди, дейсанми? БУР тепкисини битта босса…

Нима бўлди менга? Афғонистон қолиб кетди-ку? Ҳов олисларда! Совуқ тоғлар ортида. «Қизиқ, нега дадам йўқ? Соат неча бўлди, ўзи? Мажлис шунча чўзиладими?»


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации