Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

КЕРАКЛИ ДАЛИЛ КЕРАКЛИ ПАЙТДА АЙТИЛАДИ

Комиссар карахт бўлиб уйғонди. Уйғонди эмас, ухладими-йўқми, ўзи билмасди. Туни билан алоқ-чалоқ тушлар кўриб чикди. Фенобарбитал ичганидан кейин қулоғи шанғиллаб, кўз ўнгида қумдек майда, ялтироқ заррачалар кўрина бошлади. Боши ғувиллаб, энди кўзи илинган эди, қараса, ёнида Назира ётибди. Секин қўлидан ушлади. «Қўйвор! – деди Назира сансираб. – Қўйвор, беномус!» Ие, Назира эмас, Фотима-ку! «Қўйвор!» – деди Фотима ғазабдан афти қийшайиб… Комиссар юраги гурсиллаб уйғонди. Анчагача қоронғи шифтга қараб ётди. Борабора тағин боши ғувиллай бошлади. Шунда… девор орасидан қандайдир шарпа сирғалиб чиқди. Бир қараса, Ҳусанхўжага ўхшайди, бир қараса, Тўлаганга. Нуқул иршайиб, унсиз кулади…

Бўлмади… Комиссар ўрнидан туриб, валидол шимди. Бирпас иккиланиб турди-да, ваннахонага кириб, илиқ душ олди. Адёлга ўраниб ётган жойида «Спидола» қулоғини буради. Алланечук ҳузурбахш куй вужудини ёқимли сийпалаб ўтди. Анчагача эшитиб ётди. Охири куй тугаб, диктор бир нималарни гапира бошлади. Комиссар «Исломобод» деган сўзни тушунди, холос. Бундан чикди, Покистон экан… Мэлс ёдига тушиб, дарров радио қулоғини бошқа тўлқинга олди. «Америка овози» СССРда бўлаётган демократик жараёнларни гапирар эди. Ниҳоят, деразада тонг бўзара бошлади. У шошилмасдан кийинди. Плашини, шляпасини… Сут бидонини олиб, пастга тушди. Қиш ҳали тугамаган, аммо кўклам нафаси сезилиб турарди. Қорлар эриб битган, бақатераклар шохида бўртишга мойил куртаклар кўз очсамми-йўқми, деб иккиланиб тургандек, шабадада оҳиста силкинарди. Орқа томондан кимдир ҳансираб нафас олгани эшитилди. Эгнига «олимпийка», бошига чанғичилар телпагини кийган икки киши югуриб ўтиб кетди. Ота-бола Оллобергановлар!

«Югура-югур! – деб ўйлади Комиссар энсаси қотиб. – Умрингни узайтирмоқчимисан? Хэх! Кўчани кесиб ўтаётганингда пақ этиб машина уриб кетса – тамом! Қарабсанки, эшигинг олдида қўшалоқ тобут турибди! Икки қаватли участканг хотинингга қолади». Дарвоқе, икки қаватли кошонани қандай қурдийкин, бу? Хўп, профессорсан. Хўп, ана, ойлигинг саккиз юздир. Саккиз юз сўм маош билан юз эллик минглик қаср солиб бўладими? Порахўр! Ҳаммаси порахўр! Тағин булар ёшларга адолатдан ваъз ўқийди. Маузерни йўлдан урганлар ҳам шунақа домлалар! Ёшсан, профессор, ёшсан! Ақалли ўн беш ёш каттароқ бўлганингдами! Эллигинчи йилларда бир марта сўроқ берсанг, сичқоннинг инини минг тангага сотиб олган бўлардинг. Ўн йил олдин рўй берган ҳангома Комиссарнинг едига тушди. Ғирт комедия! Йўқ, ўн йилмас, аввалроқ бўлган экан. Унда Назира тирик эди.

Марказдаги уйда қўшни турадиган Совмин ходими илтимос қилди:

– Эрталаб ош бор, Соат Ғаниевич. Дорилфунунда ишлайдиган домлам невара тўйи қиляпти.

Комиссар хушламайроқ турганини кўриб тушунтирди:

– Биламан, сиз ошга боришни ёқтирмайсиз. Шунақа-ку, одамларга қўшилсангиз ёмон бўлмайди.

Тахминан шундай фасл эди. Февралнинг охирлари. Қорлар эриб, қиш чекина бошлаган, аммо ҳали кўклам келмаган…

Қўшни хизмат машинасини чақириб қўйган экан, тонг отмасдан йўлга тушдилар.

– Домла Саидийни олиб кетсак, – деди қўшни. – Шундоқ, йўл устида.

Қўшнининг айтишига қараганда, домла Саидий дегани – шоир экан. Тўй қилаетган олим билан эски қадрдон эмиш.

Комиссар менга барибир, дегандек қўл силтади. Нима фарқи бор: шоирми, ёзувчими? У шоир-поирларни танимас, адабий китоб ўқишга тоқати йўқ эди.

Машина тор кўчага кирди. Аллақандай дарвоза олдида тўхтадилар. Совмин ходими қўнғироқни босди. Ичкаридан ҳадеганда овоз келавермагач, дарвозани тақиллата бошлади.

Комиссар тоқати тоқ бўлиб, машинадан тушди. Уйғотишнинг оддий усулини ҳам билмайди, бу галварс! Деразани муштлаш керак! Мана бундай! Ҳа, баракалла! Дарров чироқ ёнди.

Дарвоза ортида шўлтиллаган қадам товуши эшитилди.

– Ким? – деди эркак киши хавотирланиб. Комиссар кўнглида ғурур ҳиссини туйди. Сенга ҳисоб бериб ўтириш қолувди энди!

– Очинг! – деди дағдаға аралаш.

Калит шиқирлади. Дарвоза остонасида елкасига тўн ташлаган, оппоқ сочли бошига яп-янги дўппи кийган ихчам гавдали одам пайдо бўлди. Тўсатдан бир қалқиди-ю, чалқанчасига ерга қулади. Дўпписи бир томонга, калиши иккинчи томонга учиб, оёғи тарвақайлаб қолди.

– Домла! – Совмин ходимининг капалаги учиб, шоирнинг бошига эгилди. – Сизга нима бўлди, домла? Кўзингизни очинг!

Бунақа пайтда гарданини ишқалаш керак. Шундай килишди. Шоир кўзини очди.

– Нима га-ап? – деди инқиллаб. – Тинчликми?

– Тинчлик, домлажон, сизни ошга айтиб келдик. – Совмин ходими меҳрибонлик билан шоирни қўлтиғидан кўтарди. Шоирнинг шими ҳўл, тиззалари лой эди.

Ҳовли бир зумда югур-югур бўлиб кетди. Эркагу аёл, бола-бақра аралаш-қуралаш ёпирилиб келди. Ўғил-келинлари, невара-чеваралари шоирни авайлаб уйга етаклашди.

– Дадажон, нима бўлди?

– Бобожон, нима қидди?

Жўжага ўхшамай ўл ҳамманг! Нима бўларди? Отанг қўрққанидан сийиб юборди. Тамом – вассалом! Совмин ходими ҳам ичкари кириб кетганча зим-зиё бўлди. Анча кутишди. Комиссар машинада ўтиравериб, зерикиб кетди. Нима зарил эди, шу лаънати ошга бориб? Наҳорлаб мечкай қоринга ош ейишдан бошқасини билмайди булар!

Ниҳоят, Совмин ходими домла Саидийни суягудек бўлиб олиб чиқди.

– Оддинга ўтирақолинг, домлажон! – деди меҳрибонлик билан.

Комиссар орқа ўриндиққа ўтаётганда қўшниси ўзига нафрат билан қараб қўйганини сезди… Тўйхонага етгунча бир оғиз гаплашмадилар. Шоир ортига бурилиб қарамас, ўқтин-ўқтин хўрсиниб қўяр эди.

Ош тугамаган экан. Дастурхонда турп бўлаклари, гуруч қолдикдари сочилиб ётган иссиқ уйга олиб киришди. Буни қарангки, Совмин ходими билан шопирга бир лаган, шоир билан Комиссарга бир лаган ош келди. Шоир ошга қўл ҳам урмади. Емасанг, заҳарингга! Комиссар таъби тортганча еди.

– Ошдан олмадингиз-ку, домла! – деди чой ҳўплаб. Бир нуқтага тикилиб ўтирган шоир сесканиб ўзига келди. Кўзи чақчайди. Паст овозда дона-дона қилиб таъкидлади:

– Сен билан ош ейманми? Сен билан-а?

Хонада ўтирган ўн чоғли одам ярқ этиб шу томонга қаради…

Қайтишда машинага яна ўша тартибда жойлашдилар: олдинда шоир, орқада Совмин ходими билан Комиссар. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Совмин ходими шоирни дарвозагача суяб олиб борди. Комиссар унинг охирги гапини эшитди:

– Мени кечиринг, домла… Билмабман… Билсам… – Комиссарнинг хаёлидан истеҳзоли ўй кечди. «Хэх! Билганда нима қилардинг?»

Совмин ходими қайтиб келиб, олдинги ўриндиққа ўтирди.

– Ишхонага! – деди қатъий оҳангда.

Комиссар мийиғида кулиб қўйди. «Демак, мени дуч келган метро бекатига ташлаб кетасан!

Гапир, Совмин! Нега индамайсан? – деди хаёлан хитоб қилиб. – Хэх! Албатта индамайсан-да!

Яхшилаб титкилаб кўрилса, ўзингнинг биографиянгдан ҳам хоҳлаганча иллат топилади!» Сут дўконида очирид кўп экан. Узоқ туриб қолди. Қайтаётганида кун ёришиб кетган эди.

Эгнига пахталик кийган Қурбоной йўлка супуряпти. Дўконга нон тушяпти… Ота-бола Оллобергановлар тағин югургилаб ёнидан ўтиб кетишди. Қани чопавер-чи, қаёққа бораркансан.

Эрта-индин ўғлингга передача ташийсан. Тоштурмага. Ўғлинг анави Шоматовнинг ўлиги устида айтган гап эсингдан чиқдими? Тергов практикасининг ўз қонунлари бор. Энг залварли далил энг охирида айтилади. Ўнгланмас зарба бериш учун… Анави сўтак терговчига айтиб қўйиш керак. Шоматовни мана шунинг ўғли ўддирган!

ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН

– Хўш, коллега, келин нима дейди?

– Шоматова касал эди. Стенокардия бўлиб, шифохонада бир ярим ой етди. Чиққанига уч кун бўлди.

– Шунинг ўзи энг катта аргумент! Сўроқ берувчи ўзини касалга солдими, демак, айби – бўйнида.

– Сизга қолса, ҳамма жиноятчи!

– Сенга қолса, ҳамма оппоқ! Яхшиси, бу соҳани ташлагин-да, боғчага бориб, қўғирчоқ ўйна!

– Ташласам – ташлайвераман, ўртоқ Комиссар!

– Қочмоқчиман, дегин? Овора бўласан! Давлат сени шунча йил бекорга ўқитдими?

– Ўртоқ Комиссар! Ростини айтсам, жонга тегдингиз…

– Хэх! Аввал мана бу ишни охирига етказгин-да, кейин катта кўча! У қулоқ бу қулоғинг билан эшитиб қўй! Сенга охирги фактни айтяпман. Ўлиб етган Шоматовнинг бошида тўпланганлар орасида биттаси бор эди. Биласанми, нима деди? «Шунақа бўлишини билардим», деб айтди. Ўз оғзи билан!

– Аспирант Оллобергановни айтмоқчимисиз? Рўйхатимизда турибди.

– Оператив ишлашни билар экансанлар-ку! Хэх! Бу еғини эшит! Байрам куни, яъниким Шоматов ўлдирилишидан бир кун олдин кечки пайт гастрономда конфет сотишди. Очиридда турган эдим. Кўчада шовқин-сурон бўлиб қолди. Чиқсам, йўл четида қора «Волга» турибди.

Анави ойимча бўлса, иккитасининг итдек ириллашини томоша қилиб турибди. Шоматов «Волга» шопири билан еқа бўғишяпти.

– Ким экан ўша шопир?

– Шопир эмас, «Волга»нинг эгаси! Оллоберганов Санжар! Профессор Оллобергановнинг ўғли! Ўлик тепасига биринчи бўлиб югургилаб келганлар ҳам шулар эди. Шоматовнинг қотили ўша йигит бўлади!

– Айби исботланмагунча ҳеч кимни қотил деелмайман, Комиссар!

– Билганингни қил! Устингдан генералга рапорт езаман! Сендақа ландовурларни ҳайдаш керак органдан!

– Илтимос, чиқинг бу ердан.

ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН

Оллоберганов Санжар. Йигирма олти ёшда. Олийгоҳ аспиранти. Миллати – ўзбек. Ота-онаси билан Бахт кўчасидаги хусусий уйда истиқомат қилади. Уйланмаган. Аввал судланмаган. Комсомол аъзоси.

– Шоматовни танирмидингиз ?

– Қайси Шоматов?

– Шоматов Рустам. Сиз аспирант бўлган олийгоҳда ўқиган. Биринчи курсни битириб, ҳарбий хизматга кетган. Афғонистонда бўлган.

– Э, бўлди, анави йигитми?

– Қайси маънода «анави йигит?»

– Байрамнинг эртаси куни ҳалок бўлган…

– Худди ўша! Танирмидингиз?

– Умуман, танирдим. Ўқиш бошланмасидан олдин уй олишим керак, маълумотнома беринг, деб борди. Ёзиб бердим.

– Нега маълумотномани сиздан сўрайди?

– Менга жамоатчилик вазифаси сифатида куллиёт месткомлигини юклаб қўйишган.

– Тушунарли. Шоматов билан ораларингда гап қочмаганмиди?

– Менинг Шоматовга нима хусуматим бўлиши мумкин?

– Шоматова Шаҳнозани танийсизми?

– Нима десам экан…

– Борини айтаверинг.

– Умуман… танийман. Қўшни бўлгандан кейин…

– Ўшанда Шоматовлар оиласи Чилонзорга кўчиб келганига икки ой ҳам бўлмаган эди.

– Бировнинг хотини билан танишиб олиш учун анчайин қисқа муддат эмасми бу?

– Нега энди? Шаҳноза ўзимизда ўқийди. .. Танийман-да!

– Қанча одам ўқийди ўша даргоҳда?

– Факультетдами? Аниқбилмайман-ку… беш юздан ортиқ.

– Беш юздан ортиқ талаба орасида нега айнан Шаҳнозани танийсиз?

– Қулоғим сизда.

– Гап шундаки, Шаҳноза – Дилянинг дугонаси. Иккаласи курсдош.

– Ким у Диля?

– Дилфуза… Илтимос қиламан, ўртоқ терговчи, бу ишга Диляни аралаштирманг! Яқинда тўйимиз бўлиши керак. Ваъда берасизми?

– Ўйлаб кўрамиз… Шоматова сиз айтаётган Диля билан дугона эканини ким исботлайди?

– Марҳамат, Шаҳнозанинг ўзидан сўранг! Дилфуза Шаҳнозанинг ЗАГСига борган, тўйида қатнашган. Иккаласи сирдош ўртоқ…

– Яхши, гражданин Оллоберганов! Фақат… Баъзи деталларга аниқлик киритишга тўғри келади. Шоматов ҳалок бўлган куни, эрталаб сиз ўша атрофда югуриб юрганингизни кўрган одамлар бор.

– Тўғри! Ҳар куни ўша ерда югураман!

– Ўша куни айнан Шоматовнинг подъезди рўпарасида нима қилаётган эдингиз?

– Менми?

– Сиз!

– Эсимда йўқ.

– Эслаб кўринг! Бақатерак панасида турган одам сиз эдингиз.

– Э-ҳа, бўлди! Ноқулай бўлса ҳам айтаверайми?

– Бемалол!

– Қистаб қолди. Туман эди… Дарахт панасига ўтиб…

– Нима учун Шоматовнинг ўлиги тепасига келиб, «Шунақа бўлишини билардим!» дедингиз?

– Ким? Менми?

– Сиз!

– Гапиринг!

– Ўртоқ терговчи! Бордию мен Шоматовнинг жонига қасд қилган бўлсам, шунақа гапни айтармидим?

– Айтгансиз-ку!

– Қайси аҳмоқ бировни ўлдиради-да, тепасига келиб, ҳаммага эшиттириб, «ажаб бўпти», дейди? Қани мантиқ!

– Қайси аҳмоқ худди шунақа, мантиққа сиғмайдиган мантиқдан фойдаланмайди?

– Сиз мени… мени…

– Ҳаяжонланманг, гражданин Оллоберганов!

– Чақиринг Шаҳнозани! Ҳозир чақиринг! Мен нима ёмонлик қипман уларга!

– Ҳар қалай «шунақа бўлишини билардим», деганда нимани назарда тутгандингиз?

– Рустамнинг ўзи жанжални пулга сотиб оладиган йигит эди. Йўқ ердан бағис топарди. Шу феъли учун университетдан ҳайдалишига оз қолган. Биринчи курсда… Уй масаласида анави маълумотномани олгунча ҳам жонимдан тўйдирди. Қўйиб берсам, сўйиб ташлайдиган важоҳати бор эди…

– Еттинчи ноябрь, байрам куни кечқурун соат олтилар атрофида қаерда эдингиз?

– Нима?

– Эслаб кўринг, гражданин Оллоберганов. Шоматов билан нега еқалашдингиз?

– Бўлди! Эсладим! Мен у билан эмас, у мен билан еқалашди! Шаҳнозани қўлида оғир юки бор экан. Уйига элтиб қўйганим учун гуноҳкор бўлдимми?..

МУҲАББАТНИНГ САРОЙИ КЕНГ…

Санжар ташқари чиқдию юзига муздек ҳаво урилиб, нафаси қайтиб кетгандек бўлди. Кўклам нафаси сезилиб қолган бўлса ҳам, ҳавода қиш заҳри ҳамон сақланиб турар, офтоб рўяда қуёш тафти баданни илитгандек бўлар, аммо салқин жойда бир зум турсангиз, этингиз жунжикар эди. Санжар кўнгли ғаш тортиб уйга пиеда кетди. Атрофдаги одамларга парво қилмас, машиналар шовқини қулоғига кирмас эди. Қуруқ туҳматга қолади, шекилли! Ҳа, айтди!

Ўша куни ертўла зинасида чўзилиб етган Рустамни кўриб: «Шунақа бўлишини билардим!» деди. Ўлганини қаеқдан билибди? Биров билан уришган бўлса, таъзирини бериб қўйишгандир, деб ўйлаганди-да!

Қизиқ, Шаҳноза нимасини еқтирган бу боланинг! Ўлгудек қўрс бўлса, текканга тегиб, тегмаганга кесак отса… Шундоқ чиройли, шундоқ ақлли қиз… Муҳаббатнинг саройи кенг, деб шуни айтса керак-да! Ўша куни Диля билан концертга тушмоқчи эдилар. Санжар Фарҳод бозоридан гул харид қилди. Машинасини жилдириб бозор дарвозасидан чиқаетса, Шаҳноза турибди. Қўлида каттакон хўжалик сумкаси… Санжар машинани тўхтатди. Шаҳноза иккиланиброқ орқа ўриндиққа ўтирди. Сумкаси Қўполлигидан хижолат чекиб, оеқ остига қўяетган эди, Санжар машинадан тушиб, юкхонани очди. Сумка оғир эди: турп, картошка, олма, сабзи, бало-баттарлар…

Санжарнинг ғаши келди. Гулдек хотинига сумка кўтартириб қўйганидан кўра бозор-ўчарни ўзи қилса ўладими, анави ҳўкиз! Хирсдек кучи бор. Моторга калит солаетиб рўпарадаги ойначадан Шаҳнозага разм солди. Қизнинг ранги синиққан, хомуш кўринарди.

– Бозорни хўжайин қилмайдими? – деди Санжар ярим ҳазил оҳангида.

– Қиладилар… – Шаҳноза синиқ жилмайди. – Қишлоқдан ойим келгандилар, Рустам акам кузатгани автостанцияга кетдилар… Диля яхши юрибдими?

Санжар самимий кудди.

– Ўртоғингизни минг йил кўрмагандек гапирасиз…

– Шунақа-ку… – Шаҳноза тағин маъюс кулимсиради. – Дилянинг кайфияти кўп жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ-да…

– Ташвишланманг, – деди Санжар. – Ўртоғингизни кайфияти зўр. Бугун концертга тушамиз.

Машинани симеғочларга байроқчалар илинган, уйлар пештоқига «Яшасин Улуғ Октябрь!» деган қизил алвонлар осиб қўйилган кўчадан ҳайдаб кетди.

– Салом айтинг, – деди Шаҳноза. – Байрам билан табриклаб қўйинг…

Санжар «Волга»ни ғизиллатиб бораркан, эсига тушган гапни айтди:

– Диля айтди. Шу томонларга кўчиб келибсизларми?

– Шунақа… – Шаҳноза қаеққа юриш кераклигини тушунтирди.

Деярли қўшни туришаркан. Катта кўчанинг бу бети – маҳалла, у бети Шаҳнозаларнинг доми…

– Қўшни эканмиз-ку! – Санжар астойдил ажабланди. – Нега ҳеч кўрмайман сизни?

– Мен сизни кўриб тураман! – деди Шаҳноза машинадан тушаётиб.

– Қаерда?

– Шу ерда! – Шаҳнозанинг кўзлари боядан бери илк бора шўх порлади. – Ҳар куни эрталаб югуриб юрасиз. Шеригингиз билан.

– Шеригим эмас, дадам, – деди Санжар кулиб. – Рустамга айтинг: хоҳласа у ҳам югурсин. – Юкхонани очиб, сумкани туширди. Орқа ойна тагида ётган гулдастадан учта чиннигул олиб Шаҳнозага узатди.

– Байрамингиз муборак бўлсин. Бахтли бўлинг…

…Худди шунинг устига анави аҳмоқ келиб қолса бўладими? Пойлаб турган эканми, нима бало… Машинанинг орқа ойнасини чил-чил қилди. Санжар олишиб ўтириш бефойдалигини билиб, машинага ўтираркан, Шаҳнозанинг ранги қув ўчиб кетганини, кўзида жиққа ёш билан эрининг билагига осилганини кўрди.

* * *

Аслида Санжарнинг Диля билан танишишига Рустам сабаб бўлган. Сабаб эмас-ку, баҳонамикин… У пайтда пахта кампанияси сиёсий масала ҳисобланар эди. Ўшанда Санжар бешинчи курсда ўқир, айни пайтда куллиёт комсомол ташкилотининг котиби эди. Штабда ҳар кеча мажлис, ҳар кеча ҳисобот… Шундай кунлардан бирида ЧП рўй берди. Биринчи курс талабаларидан биттаси безорилик қилибди. Баракка нон олиб борган тракторчига ҳозироқ совхоз марказига бориб, дўхтир топиб келасан, деб дағдаға қилибди. Тракторчи кўнмаган экан, ёқасидан судраб ерга туширибди-да, тракторни ўзи ҳайдаб кетибди. Кеч кириб, поликлиника ёпилган экан. Ярим кечаси дўхтирнинг уйига бостириб борибди. Хотин кишини тракторга ўтқазиб, баракка оборибди. Бир қиз шамоллаб қолган экан… Энг ёмони, эртасига бутун курс далага чиқишдан бош тортибди. Калтакнинг йўғони Санжарнинг бошида синди. «Комсомол вожаклигини эплолма-япсиз», дейишди. «Талабаларни эркалатиб юборгансиз», дейишди.

Кечаси олмадек лампочка хира ёритиб турган, сичқон ҳиди билан тўлган баракда умумий комсомол йиғилиши бўлди. Биринчи курслар энг чеккада, қамишзорга туташиб кетган участкада эди. (Одат шу: биринчи курсларни «Камчатка»га юборишади.) Тўполон ташкилотчиси – Рустам деган йигит экан. Баскетболчиларга ўхшаган баланд бўйли, гавдали…

Санжар ёш раҳбарларга хос вазминлик билан пахта халқимизнинг бойлиги эканини тушунтирди. Павел Корчагинлар бундан ҳам қийин шароитда темир йўл қурганини эслатди.

Кекса декан ярим кечада хотин кишини совукда дийдиратиб тракторда олиб келиш яхши ишбўлмаганини, совхоз раҳбарияти ректоратдан ўша болани ўқишдан ҳайдашни талаб қилаётганини айтди.

– Врач бўлганидан кейин бурчини бажарсин! – деди Рустам пинагини бузмай.

Санжарнинг жаҳли чиқци.

– Ўзинг-чи! – деди бақириб. – Ўзинг нега бурчингни адо этмайсан? Нега пахта термайсан? Болаларни йўлдан уриб, нега саботаж қиласан?

Санжар Рустамнинг узр сўрашини кутган эди. Ғалати иш қилди, ярамас! Кат тагига қўл суқиб, лойга беланган иккита этак олди. Биттасини ўзининг белига боғлади. Иккинчисини Санжарга узатди.

– Тақинг! – деди лаби истеҳзоли қийшайиб. – Юринг, далага чиқамиз. Иккаламиз бир бўлиб, эрталабгача ярим этак подбор терсак, бетимга туф денг! Қани ўша пахта! Қор босиб ётибди-ку!

…Ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Қирқтаси баравар гапирса ёмон бўларкан.

Сочи қирқилган, совуқдан лаблари ёрилиб кетган, аммо ниҳоятда кўҳлик эканлиги кўриниб турган қиз, айниқса, қўп гапирди.

– Домла! – деди деканга қараб. – Боядан бери пахтани гапирасизлар. Нима гап ўзи, деб сўрадингларми! Касал бўлган ким, дедингларми? – У тўсатдан йиғлаб юборди. – Кеча Шаҳнозанинг олдига бориб келдик. Иситмаси қирқдан тушмаяпти. Сизнинг ҳам қизингиз бордир ахир!

Ёш тўла кўзлари билан Санжарга чақчайди.

– Корчагинингиз йўқ пахтани термагандир! Чақириб келинг, қўрсин аҳволимизни!

Киз қорайиб кетган қўлини силкита-силкита, алам билан гапирар, Санжар хафа бўлмас, аксинча, қизалоқнинг гаплари ёқар эди унга… Бу – Диля эди…

ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН

– Шундай қилиб, гражданка Шоматова, сиз еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси эрингиз билан бир уйда бўлганингизни тасдиқлайсиз. Шунақами?

– Ҳа.

– Демак, сиз саккизинчи ноябрь куни эрталаб, эрингиз Шоматов Рустам ухлаб ётганида сутга чиққансиз?

– Ҳа.

– Навбат кутгансиз. Сут етмаган.

– Ҳа.

– Айтингчи, эрталаб чиқиб кетаётганингизда ташқари эшикни қулфлаганмидингиз?

– Аввал ҳам айтувдим-ку, эшик ёпилса ўзи қулфланиб қолади, деб.

– Айтгансиз. Айнан ўша куни эшик қулфланиб қолганмиди-йўқми?

– Билмайман, эсимда йўқ.

– Демак, сиз сутга бордингиз. Навбат кутдингиз. Сут етмади. Қайтиб келдингиз. Соат неча эди?

– Эсимда йўқ.

– Эслаб кўринг.

– Билмайман. Тонг ёришган эди. Келсам, Рустам акамни олиб кетишган экан.

– Мушук-сичқон ўйинини бас қилинг, Шоматова! Мана, экспертиза хулосаси! Ўзингиз ўқийсиз-ми ё ўқиб берайми? «Ўлим ҳодисаси тунги соат ўн икки билан икки ўртасида рўй берган. Суд тиббий текширувида шу нарса аниқландики, юрак фаолияти…» Йиғлашнинг ҳожати йўқ! Агар сиз ўша кеча эрингизнинг ёнида бўлганингизда, уйда чинни идишлар, дераза ойнаси синганини эшитмаслигингиз мумкин эмас эди! Столга ёзилган дастурхонга оққан қонни кўрардингиз… Эрталаб сутга чиққанингиз ёлғон! Ўша куни сут дўконига бормагансиз! Умуман, дўконга сут олиб келинмаган! Бинобарин, ўша кеча уйда бўлмагансиз.

– Рустам акам… Рустам акам ҳар куни тушимга кирадилар. Нима қилай? Нима қил-а-ай? Жонимдан тўйиб кетдим!

– Йиғлашдан фойда йўқ. Ўша кеча қаерда тунадингиз?

– Уйимда! Аямнинг ёнида… Эрталаб… эрталаб… адам билан аям насиҳат қилишди. «Ошсиз уй бор, уришсиз уй йўқ, арзимаган нарсани баҳона қилиб, аразлаб келишга ўрганма», дейишди.

Ўзим ҳам кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқдим. Бир маҳал…

– Йиғламанг… Марҳамат… Сув ичинг…

– Бир маҳал кўзим илинган экан… Билмайман, тушимми, ўнгимми…

– Йиғламанг, Шоматова…

– Дарё эмиш… Йўқ, дарёмас, анҳормиш. Гагарин боғидаги анҳор. Ўзимизнинг скамейкада, ўзимизнинг наъматак тагида ўтирган эмишман. Қарасам, сувнинг у бетида Рустам акам турибдилар. Кулиб турибдилар. Кел, деб имлармишлар. «Сузишни билмайман-ку!» десам, кийимларини ечмай, анҳорга калла ташлабдилар… Мундай қарасам… Қарасам…

– Ўзингизни босинг…

– Қарасам, анҳорда сув эмас, сув эмас… қон оқаётганмиш… Рустам акам қон ичида оқиб кетибдилар… Рустам акам… Қон ичида… Биласизми, қип-қизил қон ичида… Ишонсангиз… Уйга қандоқ етиб келганимни билмайман. Қарасам, уй тўла одам. Милициялар… Қора кийимлилар…

– Сизга ишонгим келади, синглим… Ишонгим келадию… Нега бу гапларни бошидаайтмадингиз?

– Қўркдим… Нима қилай, қўрқиб кетдим!

– Балки бу ёғига очиқ гаплашармиз. Айтинг-чи, бир кун олдин, яъни байрам куни эр-хотин жанжаллашганмидинглар ?

– Ҳа…

– Нима масалада? Ростини айтинг! Тушунаман… Эрингизнинг жахли тез бўлган. Ҳар қалай контузия таъсири… Лекин тўғрисини айтинг! Буниси жуда муҳим, биляпсизми, жудаям муҳим…

Ўртага рашк аралашганмиди?

– Тушунарли… Эрингиз 11-24 рақамли «Волга»нинг ойнасини нега синдирди? Такрор айтаман, фақат тўғри гапиришингизни талаб қиламан!

– Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг! Ёлбораман! У одамни тинч қўйинг! Гуноҳ менда бўлса, қамай қолинг! Унга тегманглар! Яқинда уйланади. Сирдош дугонамга уйланади! Бирйўла икки бегуноҳнинг уволига қолманг…

– Айтинг-чи, синглим… Эрингиз жаҳли чиққан пайтларида нормадан чекиниш ҳоллари рўй берармиди? Масалан, ўзини идрок этолмай қолиш… Ҳушдан кетиш…

– Рустам акамни тушларимда кўраман. Ҳар куни кўраман… Нега кетдим? Ўша куни нега кетди-и-им? Нега-а-а?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации