Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Дадам қачон келадилар, ака? – дедим тоқатим тоқ бўлиб.

– Келадилар, укам, келадилар. – Акам ғайрат билан чой қайтаришга киришди. – Баъзан сессия уч кунлаб чўзилади. Биласан-ку, депутат бўлгандан кейин…

…Айвонда майкачан жияним кўринди. Кичиги.

– А-я! – деди йиғламсираб. – Сияма-ан!

Келинойим югуриб айвонга чиқди. Болани ҳожатхона томон етаклади. Ўша ёқдан «Бўл тез, жойингга бориб ухла!» дегани эшитилди. Келинойим қўлидан етаклаб кетаётган эди, бола гулзор рўпарасида тўхтади. Сўри томонга бурилиб қаради-да, ер тепиниб хархаша қилди:

– Жевачка! Кичик дада, жевачка! – деди йиғламсираб.

– Жиннивой-эй! Сенга жевачка ваъда қилувдим-ку! – Сўридан сакраб тушиб, айвонга чикдим. Бурчакда турган дипломатни очиб, тиш чўтка, сочиқ сингари лаш-лушлар орасидан бир қути сақични олдим.

– Ма! – дедим кулиб. – Юзта!

– Битта ўзимгами? – Болакай кўзлари ҳайратдан очилиб сўради. – Акамга-чи?

– Аканггаям бор! – дедим меҳрим товланиб. Келинойим боланинг бошини силади.

– Бўлдими, юр энди. Ухла!

Қайтиб келиб сўрига ўтиришим билан жиянчам остонада тағин пайдо бўдди. Сув сепилган ҳовли саҳнида дикир-дикир югуриб ёнимизга келди. Чамаси, бутунлай уйқуси ўчиб кетган эди.

– Очиб беринг! – деди сақични узатиб. – Очиб беринг, кичик дада-а!

Болани тиззамга олиб, сақич қоғозини очдим. Бола мазза қилиб чайнаркан, сўлаги оқиб илжайди.

– Вой, кичик дада, қулпнайга ўхшаркан! – Бир зум қарсиллатиб чайнаб турди-да, бўйнимга осилди. – Кичик дада-а, – деди қоп-қора кўзларини катта-катта очиб. – Сиз келдингиз-а?

– Кўриб турибсан-ку, келдим, – дедим кулиб.

– Энди кетмайсиз-а?

– Йўқ, – дедим гапи нашъа қилиб. – Кетмайман! Болакай бир зум ўйланиб турди-да, сўради:

– Бобожоним қамоқдан чиқадилар-а? Ичимда бир нима узилиб кетгандек бўлди.

Келинойим югуриб келиб, боланинг билагига чанг солди.

– Юр! – деди таҳдид билан. – Ухласанг ўласанми, зумраша!

– Йў-ў-ўқ! Кичик дадамминан ўтираман! – Бола оёққўлларини типирлатиб чинқирди. – Ухламайман! Ухламайман!

– Ўчир! – Акам қўлини пахса қилиб келинойимга ўдағайлади. – Обкир уйга!

Ойим ўтирган жойида тебраниб йиғлаб юборди:

– Худо уриб қолди бизни, болам! Худога нима ёзувдик, ўғлим! Отанг бечора шунча йил меҳнат қилиб, кўрган куни шу бўлдими, Рустамжон?

* * *

– Юр, ука, уйга кирайлик. – Акам ўрнидан турди. – Ойи, – деди юпатувчи оҳангда. —Сиз дамингизни олинг. Ака-ука бир отамлашайлик.

Онам индамади. Аммо ёнимизда ўтиргиси келаётгани кўриниб турарди.

– Хоҳласангиз, юринг сиз ҳам… – Акам онамнинг қўлидан тутиб, сўридан тушишга кўмаклашди.

Учовлашиб, Илҳом акамнинг «катта зал»ига кирдик. Акам чироқни ёқиши билан гарангсиб остонада туриб қолдим: уй деярли шипшийдам эди. Янгам иккита болали бўлганда ҳам «катта зал»ни келиннинг уйидек безатиб қўядиган одати бор эди. Сервантда дид билан терилган сервизлар, тахмонда қўша-қўша бахмал кўрпалар, деворда чўғдек гиламлар… Энди бўлса, уй ўғри ургандек ҳангиллаб қолибди. Ўртада хонтахта. Атрофида тўртта кўрпача. Бурчакда болалигимда дадам олиб келган «Электрон» телевизор. Бор жиҳоз – шу. Ҳатто нафис дарпардалар ҳам қаёққадир гумдон бўлган. Деразаларнинг ярмини тўсган оддий сарғиш парда ғариб мунғайиб турибди.

– Ўтир, ука. – Акам юзимдаги саволни ўқиб, хижолатли илжайди. Шоша-пиша кўрпачага имо қилди. – Юқори чиқинг, ойи. Ойим қўллари қирсиллаганча, хонтахта қиррасидан ушлаб, тўрдаги кўрпачага чўқди. Акам токчадан очилган арақ, иккита пиёла олди.

– Салима! – деди айвон томонга қичқириб. – Обке, редиска-педискадан!

– Шу ўлгурни ичмасаларинг нимайди-я? – деди онам норози бўлиб.

– Кўпмас, ойи, жиндай… Қани? Омон-эсон қайтганинг учун!

Биринчи пиёладан кейин акамнинг кўзлари қизариб, пишиллаб нафас ола бошлади.

– Ҳайрон бўляпсанми? – деди шипшийдам уйга қараб. – Сотдик! Қани ол… Майли, ука, бош омон бўлсин! Дадам соғ-саломат келсалар бас! – Бир нима дафъатан ёдига тушган-дек, кулимсиради. – Аммо сенинг тўйингга аталган нарсаларнинг нинасиниям қимирлатганимиз йўқ. Тўғрими, ойи?

Онам индамай бош ирғаб қўйди.

– Анави исковичлар хўп ёпишди, – деди акам. – «Бу қанақа атлас? Қаердан келган?

Шунча адёлни нима қиласан? Кимдан пора олгансан?» Ўзбекнинг тўйи шунақа бўлади, келинга қилмаса бўлмайди, десак, қулоқ солса қани!

Акам яна арақ қуйди.

– Қўя қол энди, болам, – деди ойим ташвишланиб. – Уканг толиққан, дамини олсин, эртага гаплашарсанлар.

– Йўқ! – акам алам билан бош чайқади. – Эшитсин! Сен у ёқда дадамдан нега дарак йўқ, деб ёзасан… Бу ёқда дадамни тиқиб қўйган. Бир кечада идоранинг ўзидан олиб кетган. Қўшиб ёзганмиш. Пора олганмиш… Кун ора сўхтаси совуқлар уйга бостириб киради. Яширган тиллаларингни топ, дейди… Қўлида мина излайдиган таёққа ўхшаган нарса. Ҳаммаёқни титкилайди. Халажойгача кавлаб кўрди, тўғрими, ойи ?

Онам бошини бир ёнга ташлаган кўйи номаълум нуқтага термилиб ўтирар, унниқиб кетган мошранг рўмоли сирғалиб елкасига тушган, оппоқ сочлари тўзғиган, кўзларида маъно йўқ эди. Ич-ичимдан титроқ уйғониб, тўсатдан миямга чидаб бўлмас оғриқ турди. Бармоқларим музлай бошлади. Ҳозир, ҳозир бошланади! Онам! Бечора онамнинг бир ками шу томошани кўриш эди! Жонҳолатда арақ шишасини юлқиб олиб, пиёлага тўлдириб қуйдим. Гирёҳланиб қолаётган тишларим орасига пиёла қиррасини зўрлаб тиқиб, ичдим… Қанча вақт ўтганини билмайман. Ниҳоят, кўз ўнгимни қоплаган сарғиш туман тарқалгандек бўлди. Хайрият!

Қарасам, акам кўзлари ҳайратдан чақчайиб, юзимга синчиклаб тикиляпти. Бошимни нимадир таталаётганини ҳис этиб, ғашим келди. Ойимнинг қўллари экан. Бурилиб қарасам, онам орқамда тик турганча икки букланиб бошимни уқалаяпти. Пиёла хонтахтада тўнкарилиб ётибди.

Қути ўчган келинойим тумшуғимга коса тиқиштирди.

– Ичинг, ича қолинг, Рустамжон! – деди ялиниб.

Сув экан. Косани кафтим билан нари сурдим.

– Керакмас.

Ойим бошимни уқалашдан тўхтади.

– Сенга нима бўдди, болам! – деди икки юзимни силаб. – Онангни нега қўрқитасан, жоним болам?

Энди у йиғламас, қовжираб қолган кўзларида қўрқинч, хавотир бор эди.

– Ҳеч нима! – дедим илжайишга уриниб. – Нега ваҳима қиласиз!

– Шу ўлгурни ичма девдим-ку! – Ойим акамга дашном берди. – Юр, болам, – деди елкамни силаб. – Жойингни солиб бераман. Чарчагансан. Худога шукр! Хуруж ўтиб кетди. Бояги арақни ичганим яхши бўлган экан. Титроқ босилди.

Қўлимнинг музлаши қолди.

– Ойи, – дедим ялиниб. – Сиз кириб ётинг. Биз акам билан гаплашиб олишимиз керак.

Барибир онам ёнимга ўтириб олди. Биламан, энди бир қадам ҳам жилмайди.

– Бу ҳангомалар, – деди акам хўрсиниб, – августда бошланди. Мактаб таъмири охирлаб қолганди. Эрта-индин август кенгаши бошланади… Директор уйга одам юборибди. Вилоятга кимни юбориш муҳокама қилиниши керак экан. Мажлисни илмий мудир ўтказди. Чорак соатчадан кейин директор кириб келди.

«Ўртоқ Шоматов, сизни сўрашяпти», – деди. «Ким?» – десам, «Чиқсангиз биласиз», – дейди. Ўшандаям хаелимга емон ўй келгани йўқ. Фақат ҳайрон бўлдим. Директор доим отимни айтиб, Илҳомжон, деб чақирарди. Чиқсам, мактаб ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Дарвоза олдига келсам, кўк «Жигули» турибди, ноль олти. Сен тенги йигит енимга келиб: «Сиз – Шоматов Илҳом бўласизми?» – деди. «Ҳа», – дедим, машинанинг орқа эшигини очди. «Марҳамат, ўтиринг, гражданин Шоматов!» – деди.

Акам «Полет»ни тутатиб, чуқур-чуқур сўрди. Зимдан онамга разм солдим. Ойим пинжимга тиқилиб жимгина мунғайиб ўтирар, акамнинг бу ҳикояларини ўнлаб, юзлаб марта эшитган бўлса керак, гапга аралашмас, чамаси, эшитишни ҳам хоҳламасди.

– Шопирдан бошқа яна икки киши бор экан. Биттасиниям танимайман. Шопир олдида, ўшаларнинг хўжайини бўлса керак, битта семиз киши ўтирибди. Бояги йигит мени орқа ўриндиққа ўтқизди. Ёнбошимга ўзи ўтирди. Худди киноларда кўрсатадиган шпионни қўлга олгандек. Чап томонимда биттаси, ўнг томонимда биттаси.

«Шоматовнинг уйига!» – деди олдинги ўриндиқдагиси. Юрагим ғаш тортди. Бояги йигитдан сўрадим. «Тинчликми, брат?» десам, ҳалигина илжайиб турган одам кўзини ола-кула қилди. «Мен сенга брат эмасман, алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Шевелев бўламан!» дейди. «Отанг Шоматов Шомансур приписка қилгани, катта миқдорда пора олиб, пора бергани учун қамоққа олинди», дейди.

Рост, оёқ-қўлим бўшашиб кетди. «Сизлар адашяпсиз, менинг отам унақа одаммас, бир умр ҳалол ишлаган. Ленин ордени бор, депутат», дедим. Олдинда ўтиргани мен томонга қараб, мазах қилиб кулди. Қоронғи тушгунча ҳамма нарсани рўйхатга олди. Ҳаммаёқни тит-пит қилиб ташлади. «Нима керак сизларга, айтинг, ўзим топиб бераман», десам, «Ўчир овозингни!» дейди. Аммо ойим – маладес! – Акам ҳамон мунғайиб ўтирган онамга қараб қўйди. – Сенинг тўйингга аталган кўрпа-тўшакларни ағдар-тўнтар қилаетган эди, қўлига епишдилар. «Келиннинг сарпосига тегма, ўғлим келса, уйлантираман, деб, ўз қўлим билан тикканман», дедилар. Барибир, кўрпаларнинг пахтасигача титиб чиқди. «Миллионер бўлмасанг, келинингга шунча падаркани қаёқдан олдинг?» дейди. Ойим: «Нима қилай бўлмаса, сенларга ўхшаб тўрт шиша арақ билан ўғил уйлантирайми? Мен бу нарсаларни йиллаб тўплаганман», десалар, масхара қилиб кулади.

«Миллионни топсанг, эринг қутулиб чиқади, бўлмаса эринг ҳам кетади, ўғлинг ҳам хотин ололмай холостяк ўтади», дейди.

– Арақдан борми? – дедим ичимдан тағин титроқ келает-ганини сезиб.

Ойим кўзимга хавотирланиб қараб қўйди.

– Топилади! – Акам айвон томонга овоз берди. – Сали-и-и! Ошхонани қарагин, яна битта шиша бор эди.

Онам энди оғиз очишга шайланганди, кескин илтимос қилдим:

– Қўрқманг, ойи, кўп ичмаймиз. Фақат… йўқ деманг. Илтимос.

Келинойим… Итоаткор ва ҳамиша жилмайиб турадиган келинойим арақ шишасини келтириб, хонтахтага қўйди.

– Овқат иситиб келайми? – деди мунғайиб.

– Обке! – Акам жонланиб, шиша қопқоғини бурай бошлади. – Бояги жаркопдан опке.

– Қишлоққа офат дориди, Рустам! – деди акам бош чайқаб. – Битта «Коммунизм»нинг ўзидан йигирма саккиз киши қамалди. Ишонасанми, дадамни изламаган жойимиз қолмади. Кун ора кеннайинг билан тугун-терсак кўтариб йўлга тушамиз. МВДга борамиз, «Коммунизм» колхозининг раиси Шоматов қаерда?» десак, «Билмаймиз, Тоштурмага бор», дейди.

Тоштурмага борсак, «КГБга учраш», дейди. Бу еқда биз дадамни излаб юрибмиз, у ёқда анавилар ҳар куни келиб, ойимни қўрқитади. «Эринг гумдон қилган миллионни топасан!» дейди.

Акам толиққандек узоқ сукутга чўмди.

– Салима! – деди бақириб. – Нима бало, ўзингам жаркоп бўлиб кетдингми?

Янгам товоқда қовурдоқ кўтариб келди.

– Кейин… – Акам яримта картошкани қошиққа илиб чайнаркан, бўйнини чўзиб ютинди.

– Кейин мениям қамоққа тиқишди. Икки ой ушлашди… Ичасанми, яна жиндай?! Икки ой ушлашди… Қийнашга қийнади. Икки кеча-кундуз сув бермади. Ухлатмади. Нима? Сен билмайсан-да, ука. Кундузи тик оёқда турғазиб қўяди. Кечаси билан сўроқ қилади. Аммо ростини айтишим керак. Ургани йўқ. Бундан кўра ургани яхшийди! Саволи нуқул битта: отанг яширган хазина қаерда? Қанча тез топсанг, шунча яхши, отанг ҳам чиқиб кетади, сен ҳам! «Ҳой, одам! Отамда қанақа хазина бўлсин, умрбод ҳалол меҳнат қилган, на колхознинг, на давлатнинг бир тийинига кўз олайтирмаган», десам ҳаммасини қайтадан бошлайди. Бухгалтер тан олди, пахта пункти қабулчиси показание берди, райком бўйнига олди, обком тилхат берди.

Ҳаммасини биламиз, дейди. Отанг биридан пора олиб, бирига берган, ўртада ўзига ҳам чўтал олиб қолган, дейди. Тамом – вассалом!

Бир куни… – Акам энг муҳим нарса эсига келгандек, келинойимни чақирди. – Сали-и!

Салима! Келинойим остонада шарпадек пайдо бўлди.

– Ўтир! – деди акам ёнбошига имо қилиб. – Ўтир! Рустам эшитсин! Ҳаммасини эшитсин!

Бир куни эрталабдан соқолимни ҳафсала билан қиртишлаб қолди. Юзимга атир сепди. Машинага ўтқизиб турмадан шаҳарга олиб келди. Битта хонага обкирди. Қарасам, стол тўрида бурни чўмичдек кимса ўтирибди. Кейин билдим. Москвадан ўзбекни бошига қирон солиш учун келган генерал Амбарцумян дегани шу экан. Хўп мулойим гаплашди. «Сиз – Шоматов, интеллигент одам кўринасиз, мактабда дарс бераркансиз», деди. Индамадим. «Демак, сиз ёш авлодни совет жамиятининг ғалабалари руҳида тарбиялашингиз керак», деди. Индамай туравердим. «Шундоқ одам нега отангиз тўплаган миллионларни яширасиз, ваҳ-ваҳ-ваҳ», дейди. Отам ҳеч қачон ҳеч кимдан пора олмаганини, қўшиб ёзмаганини айтдим. Гувоҳинг бўлса юзлаштир, дедим. Шунда нима қилди, дегин? – Акам энтикиб нафас ола бошлади. Кўзлари аланг-жаланг бўлиб буюрди. – Чиқ, Сали! Чиқиб кет! Ойи, – деди ёлвориб. – Жон ойи! Сиз ҳам чиқиб туринг! Илтимос! Беш минутга…

Келинойим онамнинг қўлтиғидан олиб, чор-ночор айвонга йўналди.

– Эшикни ёп!—деди акам бақириб. Кейин овозини пасайтирди. – Бурни чўмичдек ўша Амбарцумян гувоҳ керакми сенга, деди-да, тугмачани босди. Эшикда кўринган соқчига, Шоматовани олиб кир, деб буюрди. Қарасам, остонада янганг турибди. Эгнида эски пальто, бошида рўмол… «Илҳом ака», деб мен томонга юрган эди, армани соқчига «олиб чиқ» деб буюрди. Янгангниям, мениям оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолаверди. Кейин… – акам титроқ қўллари билан сигарет тутатди. – Кейин… биласанми нима деди ўша генерал!

Шоматова Салима сенинг хотининг бўлади-а, деди. Агар отангни устидан показание бермасанг, умарилган миллионни топмасанг, ажойиб томоша кўрасан, деди. Биласанми, яна нима деди? – Акам ҳиқиллаб қолди. Кафтининг тескариси билан кўз ёшларини артди. – Ўн минутдан кейин хотинингни бандитлар зўрлаётганини кўрасан, деди… Биттаям бутун жойи қолмайди, деди. Ўша хунаса Амбарцумян, хотини ўнта ўйнаш тутса, ҳайрон бўлмас. Аммо ўзбек бунақа гапга чидайдими, укам?

Акам унсиз йиғлар эди.

– Ўша гапдан кейин тамом бўлдим! – Акам юраги ёниб кетаётгандек кўксини чангаллади.

– Дадам пора олганмас, аммо сизларга пул керак бўлса, топиб бераман, дедим. Эртасига дадам ўз қўли билан ёзган хатни олиб келишди. Ўша хатни ҳар битта ҳарфигача эслайман. «Ўғлим! – деб ёзибди дадам. – Онангга тушунтир. Мен-ку, айбсиз айбдор бўлишга бўлдим. Бор бисотни топширинглар! Жон омон бўлса, мол топилади. Онангни эҳтиёт қил. Сенлар тинч бўлсанг, мен ҳам тинчийман. Рустам бу гапларни эшитмасин…» дебди. Уч кундан кейин мени чиқариб юборишди. Биласанми, Рустам?

– акам алам билан титради. – Ўша куни Салимани эринг билан свидание қилдирамиз, қайнотангни ҳам кўрасан, деб олиб борган экан. Нариги хонада дадамга ҳам кеннойингни кўрсатишибди. Менга нима деган бўлса, дадамга ҳам шуни айтган экан. Келинингни бандитлар зўрлаётганини томоша қиласан, дебди!

Оғир, чуқур сукунат чўкди. Айюн эшигидан онам журъатсиз мўралади.

– Бўлди энди, – деди мунғайиб. – Қолганини эртага гаплашарсизлар.

– Кейин-чи? – дедим ғазабдан тишим ғижирлаб. – Нима бўлди?

– Кейинми? – Акам истеҳзоли илжайди. – Сотдик! Ҳаммасини сотдик! Машинани, сигирларни, мебелни! Келинойингнинг тақинчоқларини! Ҳаммасини! Ҳатто бувамдан ойимга ёдгорлик бўлиб қолган билагузукларни ҳам… Йиғиштириб келганда юз мингга бормади.

Миллионни топсанг, отангни чиқариб юбораман, деган Амбарцумяннинг корчалонига элтиб бердим.

Акам яна сигарет тутатди. Чуқур хўрсинди.

– Суд Москвада бўлди, – деди йўталиб. – Аҳмоқ! Эшшак! – Акам шиддат билан қўшқўллаб бошига муштлади. Тўсатдан ҳўнграб юборди. – Мен аҳмоқман! Эшшакман!

Эшшак! – деди ҳансираб. – Ўз қўлим билан дадамни қамоққа тиқдим. Мана шу қўлларим билан. Эшитяпсанми, мана шу қўлларим билан! Нима қилай, укам, чопиб ташласам, қутуламанми, қўлларимни! Дадам судда айтди: терговда берган показанеларимни тан олмайман, мениям, ўғлимниям мажбур қилишган, деди. Ҳеч ким қулоқ солмади. Шоматовнинг ўғли тергов гуруҳига саксон уч минг пул, яна ўттиз минг атрофида баҳоланган тилла буюмлар топширган.

Демак, Шоматов – миллионер, деб туриб олди.

Май ойининг йигирманчи куни

Автостанция чеккасидаги автомат-телефонда рақам терарканман, қўлим титрар эди. Бугун якшанбами? Университетга боришдан наф йўқ. Шаҳноза – уйда. Анави қақажон синглиси дастакни кўтариб қолса, яна бошни қотиради. Хайрият, Шаҳнозанинг ўзи олди.

– Лаббай?

Юрагим гурсиллаб кетди. Икки йил кутгандим бу овозни. Икки йил! Совуқ қиш кечалари заставадаги «уйча»да ётганимда, карвонни кузатиб қайтаётиб, олис йўл азобидан толиқиб, танк ичида мудраб қолганимда мана шу овоз бехосдан қулоғимга чалиниб, чўчиб уйғонган пайтларим кўп бўлган…

– Шаҳноза! – товушим бўғиқ, ишончсиз чиқди. Симнинг у томонида бир лаҳза сукут чўкди-ю, ҳайрат аралаш қувончли хитоб эшитилди.

– Вой! – Шаҳноза энтикиб қолди. – Вой?!

– Бугун соат учда, ўша жойда… – дедим-да, дастакни илиб қўйдим. Ҳамон юрагим гурсиллар, шу топда бошқа гапиролмаслигимни билардим. Нарироққа боргандан кейин, ўзимни сўкдим. «Э, ўл, тўнка! Ақалли ҳол-аҳвол сўрамайсанми? Уйдагилар яхши ўтиришибдими, демайсанми? Бўлар иш бўлди. Военкоматга бориш керак».

Тахта тўсиқ ортида ўтирган новча капитан норизо қиёфада ўрнидан турди.

– Нега честь бермайсан, сержант? – деди кўзимга тикандек қадалиб.

Ё, Худо! Хўп ғалати нарса-да, бу «ҳарбий интизом» дегани! Унвони ўзингдан бир поғона баландми, қоққан қозиқдек ғўдайгин-да, честь бер! Танисанг ҳам честь бер, танимасанг ҳам.

Ҳурмат қилсанг ҳам честь бер, қилмасанг ҳам! Ўзини бир тийинга олмаслигинг мумкин. Аммо эгнида мундир, елкасида погон бор.

– Салом, ўртоқ капитан! – дедим фуқарочасига оддий қилиб. Киссамдан ҳужжатларимни олиб, тахта тўсиқ устига қўйдим.

– Устав бўйича доклад қил! – деди капитан дағдаға билан. Кўрганмиз бунақа пўписаларни! Тўғри, ҳали «совет фуқаро»сига айланганимча йўқ. Оддий «дембил»ман, холос.

Аммо қайтадан ҳарбий хизматга юбориш қўлидан келмайди. Нари борса, бир ой «повуска» ташитишга мажбур қилиши мумкин. Жазо тариқасида.

Бир-биримизнинг кўзимизга узоқ тикилиб турдик. Охири капитан ҳужжатларимни юлқиб олди.

– Қачон келдинг? – деди қовоқ-тумшуғи осилиб. Бир қадар жаҳлдан тушгани овозидан сезилиб турарди. – Экипаж командиримидинг?

– Ҳа!

– Контузия бўлганмисан? – Капитан госпиталдан берилган қоғозни синчиклаб кўздан кечира бошлади. – Эҳҳа! Жароҳат ҳам олган экансан. Энди нима қилмоқчисан?

– Ўқишимни давом эттираман.

– Мен Қандахорда хизмат қилганман, – деди капитан ҳужжатларимдан кўз узмай.

Бу ҳам порох ҳидини тотганлардан экан-да! Капитанга ҳурматим ошди.

– Демак, гап бундай! Уруш қатнашчиси сифатида тубандаги ҳуқуқларинг бор. – Капитан «афғонлар»га айтавериб ёд бўлиб кетган сўзларни аниқ-равшан қилиб такрорлади. – Олий ўқув юртига киришда имтиёз, биринчи навбатда телефон олиш, биринчи навбатда квартира олиш, инвалид бўлсанг, навбатсиз хусусий автомашина олиш… Хуллас, имтиёзлар тўғрисидаги ҳужжатингни беришади.

– Ўртоқ капитан! – дедим тушунтириб. – У ёқдаги ҳарбий врач, «Уйингга қайтишинг билан госпиталга бориб, мутахассисга учрашишинг шарт», деган эди.

– Бу мумкин! – деди капитан кескин оҳангда. – Госпиталга йўлланма берамиз.

Ўша куни

Анҳор бўйига пиёда келдим… Одамларнинг бунчалик бепарво юришига ҳамон кўника олмасдим. Ҳар бир дарахт орқасида «дух» пойлаб тургандек эди. Боғ яшнаб кетибди. Оппоқ гуллари тескари ўсган узум бошига ўхшаб учини осмонга қаратиб турган каштанлар, довучча туккан ўриклар, ям-яшил арчалар шамолда арғамчи учади. Гулзорда хонаки гунафшалар, сиёҳранг гулсапсарлар эркаланиб чайқалади. Аммо ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонда қорамтир булутлар чарх уради.

Мана, ўзимизнинг скамейка. Ўзимизнинг наъматак. Напармон гуллари қуёш томчисидек ярақлайди. Харракка ўтириб, анҳорни томоша қилдим. Тоғ томонда ёмғир ёққан шекилли, анҳор лойқаланиб, тўлғаниб оқади. Сув бетида олма шохчалари, настарин гуллари шитоб билан қалқиб боради. Ана, бир дона лола оқиб келяпти. Гулбарглари ёйилиб кетган. Худди зада бўлган юрак парчасидек. Тўлқинлар уни гоҳ эркалаб елкасига кўтаради. Гоҳ бўтана гирдобига улоқтиради. Эрмак қилаётгандек… Булутлар қуюқлашиб, шамол кучайди. Харрак ёнбошидаги наъматак жонсарак чайқала бошлади… Шошқин қадам товушини эшитиб, юрагим орзиқиб кетди.

Қулоғимга қадрдон овоз кирди:

– Рустам ака! Рустам ака-а-а!

Шаҳноза қушдек учиб келиб, бағримга отилди. Димоғимга гул ҳиди урилди. Ўзгармабди!

Фақат… янаям очилиб кетибди!

Эгнида атлас кўйлак. Сочини чиройли турмаклаб, миттигина атиргул ғунчасини қистириб қўйибди.

– Соғиндим, Рустам ака! Соғиниб кетдим. – Кўзларидан икки томчи ёш силқиб чиқиб, лабига сизди.

– Мен ҳам, – дедим бағримга босиб. – Тушларимда кўрдим. Кўп, жуда кўп кўрдим.

– Мен ҳам…

…Кўзлари… Шаҳнозанинг кўзлари шунақанги чиройли, шунақанги бегуноҳ, илҳақлик билан боқадики, юрагингни суғуриб олаётганга ўхшайди…

– Ўзгарибсиз… – деди юзимни силаб. – Озибсиз. Қорайибсиз.

– Сен ўзгармабсан! – дедим елкасидан қаттиқроқ қучиб. – Янаям чиройли бўлиб кетибсан.

Шу алпозда анча ўтирдик. Бир маҳал Шаҳноза юзимга илкис қараб қўйди.

– Рустам ака… – деди секин. – У еқда… одам ўлдирдингизми?

Юрагим шиғ этди. Кўз ўнгимга сўриток тагида етган аел келди. Қизил кўйлакли аёл. Юзлари оппоқ, тиниқ… Худди Шаҳнозаникига ўхшаган… Шу пайт осмон ярақлаб кетди. Даҳшатли гумбурлашдан қулоғим чиппа битиб қолгандек бўлди. «Эр-эс!» Ракета портлади!

Осмонда ракета портлади! Ўрнимдан қандай туриб кетганим, қай алпозда наъматак панасига ўтганимни билмайман. Пешонамга илиқ емғир томчиси урилди. Тағин момақалдироқ гумбурлади. Қарасам, Шаҳноза ҳам ўрнидан туриб кетибди, кўзлари катта-катта очилган кўйи менга ҳайратланиб тикиляпти.

– Сизга нима бўлди? – деди пичирлаб.

– Ҳеч нима… – дедим шуурсиз бир тарзда қайтиб жойимга ўтирарканман. – Ўзим… Шунчаки…

Ўша заҳоти шовуллаб жала қуйди. Шамол авжига минди. Наъматак шохлари шиддатли чайқала бошлади. Нафармон гуллар шамолда чирпирак бўлиб учганча, анҳорга тушиб, лойқа тўлқинларга кўмилиб кетди. Чақмоқ булутлар орасида оловли қамчисини ўйнатар, момақалдироқ муттасил гумбурлар эди. Анҳор юзи бир зумда алғов-далғов бўлиб кетди.

Шаҳноза елкамга бошини ташлаб ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Вужуди титрар эди. Атлас кўйлаги жиққа сув бўлиб, баданига ёпишиб қолди.

– Шамоллаб қоласан… – дедим елкасидан қучиб…

Май ойининг охири

Округ госпитали деворлари қалин, пасқам, қадимий бино экан. Кекса дўхтир эринмасдан сўроққа тутди:

– Контузия бўлганингда узоқ ҳушингдан кетганмидинг?

– Бошинг қаттиқ оғрийдими? Қанақа пайтда оғриқ куча-яди?

– Асабинг тез қўзғайди? Бехосдан чўчиб кетасанми?

– Бошинг оғриганда қусгинг келадими? Баданинг музламайдими?

– Ўшандан кейин ҳеч ҳушингдан кетдингми?

Ҳамма саволларга жавоб бериб бўлгач, мен ҳам сўрадим:

– Контузия асорати қачон тузалади?

– Аниқ айтолмайман, – деди дўхтир. – Бунақа дардни вақт даволайди.

Асабийлашмасликка ҳаракат қил.

…Уролог эса ёш йигит экан. Нари борса мендан беш-олти ёш катта. Белимга тегиб, биқинимдан чиқиб кетган ўқ ўрнини узоқ пайпаслади. Бу ҳам у еқдаги хирургнинг гапини қайтарди.

– Омадинг бор экан, солдат! Ўқ аортага тегса, тамом эдинг. – Кейин тўсатдан сўраб қолди.

– Уйланганмисан?

Индамай бош чайқадим.

– Танлаган қизинг борми?.. Яхши… Тезроқ уйлан!

Ҳайрон бўлиб турганимни кўриб, тушунтирди:

– Биласанми, солдат, эркак кишининг иккита юраги бўлади. Биттаси юрак, биттаси эркаклиги… Тушунтиролдимми? Бунақа жароҳатдан кейин лимфа, простата безлари, жинсий органларда функционал ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Патологияга айланиб кетмаслиги учун органлар фаолиятини кучайтириш керак. – Шундай деб, елкамга дўстона шапатилаб қўйди.

– Тўйингга таклиф қиласанми?

Госпиталдан кўнглим ғаш тортиб чиқдим. Дўхтир айтган гапларнинг кўпини тушунмадим. Англаганим шуки, тўйни тезлаштириш керак… Майли, биз томон-ку тайёр. Онамнинг орзуси ҳам шу. Ҳар куни бир гапни айтади, тўйингни ўтказаверамиз, даданг омон-эсон келсалар, орзуҳавасларини невара тўйидан кўраверадилар, дейди. Фақат… Шаҳноза нима деркин? Ота-онасичи? Отаси қамоқда ётган, қўли қисқа бўлиб қолган куёвга рози бўлармикан! Билишимча, қуда томон катта даргоҳ… Шаҳноза билан гаплашиш керак! Хотира ва қадрлаш майдонида.

Июнь ойининг боши

Акам аллақанча газета йиғиб қўйган экан. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бирида бутун мамлакатни

қамоқхоналарга айлантирган тузум емирилгани, тўла демократия рўёбга чиқаётгани ёзилади, бошқасида «ўзбек иши» бўйича қамоққа олинган «текинхўрлар» лаънатланади. Бирида одамларни эътиқоди учун тазйиқ остига олганлар қораланади, виждон эркига йўл очилгани айтилади, бошқасида отасини дафн этиш учун мозорга бориб Қуръон тиловат қилган коммунист фельетон қилинади… Қизиқ…

Июнь ойининг ўрталари

Кечқурун Илҳом акамникида эски «Электрон»ни кўриб ўтирган эдик. Москвадан ғаройиб «томоша» берилди. СССР прокуратурасининг Амбарцумян ва Петров бошчилигидаги гуруҳи жиноятчилар маконига айланган Ўзбекистонда ҳақиқий қаҳрамонлик намуналарини кўрсатаётган эмиш. Ич-ичидан чириб кетган бу республикага Россиядан яна бир гуруҳ энг яхши мутахассислар ёрдамга келаётган эмиш… Гапириб-гапириб стол устига ёйиб қўйилган тилла буюмларни намойиш қилишди. Балдоқлар, олтин занжирлар, узуклар… Булар ҳаммаси давлатни, халқни талаш эвазига тўпланган бойликлар экан. Бувамдан ойимга хотира бўлиб қолган тилла билагузук ҳам бормикин шулар ичида?

Июнь ойининг охирлари

Уй ичи салқин. Онам дераза пардаларини тўсиб қўйгани учун ташқаридаги иссиқ хонада унча сезилмайди. Ҳовли жимжит. Аҳён-аҳёнда мусича кукувлайди. Иссиқдан толиққан шекилли, овози ҳорғин. Ойим қалин кўзойнак тақиб, кўрпача қавиб ўтирибди. Худо хохласа, келаси ой – тўй…

Онам «оқ ўраб» келганидан бери қуда томонни оғзидан бол томиб мақтайди. Ҳозир ҳам гапни айлантириб, шунга тақади:

– Ўзимам сезувдим, ўғлим! Сен у ёқдалигингда, янги йил арафаси Тошкентдан келган кизлар орасида, айниқса, Шаҳнозахонга дилим кетувди. «Қани шундоқ қизни келин қилсам», дегандим. Фаришта омин деган экан… Бирам ширин, бирам одобли… Илоё ўзларингдан кўпайинглар. – У кўзойнак устидан менга қараб қўйди-да, жимиб қолди.

Биламан, ҳозир отамни гапиради. Айтмадимми?

– Икки орзуни бир етказмас экан-да, болам… Даданг ёнингда бўлганларида-ку… – Сўзлари бемаврид эканини билиб, дарров хатосини тузатди. – Сен кўнглингни чўктирма, – деди мендан кўра кўпроқ ўзини юпатиб.

– Тўйни шунақанги. қарс-бадабанг қилиб ўтказамизки, «фалончи қамалибди», деб суюниб юрган оғзи катталар уялиб қолсин! Аканг бор… Қариндош-уруғ, эл-юрт бор… Худога шукр, юртдан оқибат кўтарилмаган экан. Ҳалитдан нечтаси «Бизга нима хизмат бор?» деб келяпти. Даданг шунча йил раис бўлиб, бировнинг оҳига озор берганмас.

Ҳаммасининг бошини силаган. Тўйи борми, маъракаси борми, туриб берган.

Ҳовлида ҳамон мусича кукувлайди. Ёзнинг толиқтиргувчи сукунатини янаям чуқурлаштиришга аҳд қилгандек, осойишта ва ҳорғин хониш қилади. Ўзбекнинг ўзидек содда, беозор… Беозорлиги учун дуч келган дайди мушукка ем бўладиган қушча…

Ойим бир нималарни ўйлаб, ўзича жилмайиб қўйди.

– Кафан кийган кетади, капалак кийган келади! – деди ишонч билан. – Мени айтди, дерсан! Даданг келадилар. Ярим йил ўтар, бир йил ўтар… Эшикдан кули-и-б кириб келадилар. Шаҳнозахонни чўғдек ясантириб саломга олиб чиқаман. Шаҳноза кўз ўнгимга келди. «Шу ҳафта совчилар боради, тағин ноумид бўлиб қайтиб кетишмасин», деганимда ийманиб ерга қараб турган Шаҳноза…

Ойим капалакни гапирдими? Қизиқ… Уйга капалак кириб қопти. Миттигина. Қанотлари кўкимтир. Унсиз типирчилаб у деворга урилади, бу деворга урилади. Ана! Қанотларини жонҳолатда силкиб, учиб борди-да, дарпардага қўнди. Худо билсин, эрталабдан бери ёруғ дунёга чиқиб кетиш илинжида питирлайвериб ҳолдан тойгандир… Синчиклаб кузатиб турдим.

Биддимки, капалак нур шу ердан тушаётганини сезиб турибди. У ёкда, ташқарида офтоб бор.

Эркинлик бор… Тоза ҳаво… Гулзорлар… Шўрлик! Билмайдики, башарти бирон инсофли одам дейлик, мен пардани бир четга суриб, йўл очиб берганим тақдирда ҳам, капалак барибир озодликка чиқолмайди. Дераза ёпиқ… Ташқарида ёруғ олам кўриниб туради. Аммо деразадан тушаётган нур – қалбаки нарса… Ўртада тўсиқ бор. Ҳаммаси – ёлғон! Ҳаммаси – алдов!

Нурли келажак деб одамларни алдаш мумкин-ку! Сен ким бўпсан, биродар! Оддийгина капалаксан, холос!

…Дадам масаласида югурмаган жойим қолмади. Адвокатура… Прокуратура… Суд… Райком… Обком… Марказкўм… Минг хил амалдорни кўрдим. Эшиқдан киришинг билан «ҳозир сузиб ташлайман», деб, буқага ўхшаб хўмрайиб ўтирганини ҳам, мулойим табассум билан қарши оладиганини ҳам жавоби бир хил. «Майли, аризангизни ташлаб кетинг, ўзимиз хабар қиламиз». Баъзилари овозини пастлатиб дўстона маслаҳат беради: «Отангиз «пахта иши» бўйича қамалганми? Яхшиси бу ишга аралашманг». Аланг-жаланг бўлиб, товушини янаям пасайтиради: «Биласизми, ука, бу иш билан Москва шуғулланяпти. Эҳтиёт бўлинг…» «Ўзи хабар қиладиган»лардан бир тилиш хат келади. «Коммунизм» колхозининг собиқ раиси Шоматов Шомансур асосли равишда ҳибсга олинган. Суд ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Мазкур иш бўйича шикоятингиз бўлса мамлакат олий органларига мурожаат қилишингиз мумкин…»

Ёпиқ дераза! Ҳаммаси равшан. Барчаси адолатли. Ҳаммаёқ гўзал! Олам нурга тўлиқ! Ёлғон нур… Ёлғончи дунё ва… ожиз капалак…

Июль ойининг тўртинчи куни

Республика газетасида ғалати сарлавҳага кўзим тушиб қолди. «Ўзбек иши» ўзбекларнинг ишими?» Шоша-пиша ўқиб чиқдим. Мақола шапалоқдеккина эди. Аммо ўқишим билан вужудимда олов ёниб кетгандек бўлди. Мақолада «ўзбек иши» халққа қарши кампанияга айланиб кетгани, минглаб одамлар қамалгани, ҳўлу қуруқ баравар ёнаётгани, гуноҳкорлар қатори бегуноҳлар ҳам азият чекаётгани, бу масалада редакцияга минглаб хатлар келаётгани баён қилинган эди. Ҳаяжондан қўлим титраб, қайта ўқиб чиқдим. Хайрият! Рост гапни айтадиганлар ҳам бор экан-ку! Мақола остига «Маузер Ғаниев, хатлар ва шикоятлар бўлими» деб ёзилган эди.

Маузер! Эсда қоладиган исм! Қарасам, газета икки кун олдин чиққан экан.

…Учинчи қаватдаги узундан-узоқ йўлакдан ўтиб борарканман, охирроқдаги эшикка илинган ёзувга кўзим тушди. «Маузер Соатович Ғаниев. Меҳнаткашлар хатлари ва шикоят бўлими мудири». Эшикни тақиллатишим билан ичкаридан «Ҳа!» деган асабий овоз келди. Кирсам, ёши қирқларга бориб-бормаган, аммо кўзларининг таги осилиб кетган, чакка сочларига оқ оралаган, юзлари сўлғин, тепакал одам алланима езиб ўтирибди. Стол усти бетартиб. Бир чеккада «Опал» қутиси. Кулдон сигарет қолдиқларига тўлган…

– Узр! – деди у қоғоздан кўз узмай. – Қайси хат бўйича келгансиз? Қачон ёзгансиз?

Фақат тезроқ…

Эшик олдида индамай туравердим. У ҳам ишини қилаверди. Анча вақт ўтди. Шу ерда эканлигимни эслатиб қўйиш учун маъноли йўталдим.

– Гапингизни айтаверинг, – деди қоғоздан кўз узмай. – Қачон шикоят ёзгансиз?

– Мен шикоят езган эмасман! – дедим ғашим келиб. – Ёзиш ниятим ҳам йўқ! Оғзаки гапга ишонасизларми ўзи?

Маузер Соатович ёзишдан тўхтади, тепакал бошини кўтарди.

– Нима? – деди энсаси қотиб.

– Бу дунеда қоғозсиз гапга ҳам ишонадиган одам бормийўқми?

Маузер Соатович менга ўхшаганларни кўравериб жонидан тўйиб кетган шекилли, ижирғаниб қараб қўйди.

– Хўш? – деди чимирилиб.

– Мақолангизни ўқидим, —дедим таклиф қилмаса ҳам рўпарасига ўтириб. – Рост гапларни ёзибсиз!

– У мақола энди йўқ! Эшитдингизми, йўқ! Вассалом! – Маузер Соатович сигарет қутисини жахл аралаш силтаб менга узатди. – Чекасизми?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации