Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Учинчи хат устига «Жалилов Турсунбойдан» деб езилган экан. Ҳайрон бўлдим. Қайси Турсунбой бўлди бу? Э-ҳа! Мендан уч йил оддин мактабни битирган Турсунбой ака-ку!

Айтмоқчи, у ҳам Афгонистонда эди шекилли? Бундан чиқди, соғ-саломат қайтибди-да. Хайрият!

Турсунбой аканинг хати оғир таассурот қолдирди.

«Жон укам, сенинг олдингда гуноҳкорман, – деб ёзибди у. – «У ёқда» хизмат қилаётганингни акангдан эшитган эдим. Холамлардан хабар олай деб кирибман-да, кўнгилларини кўтараман, деб қовун туширибман. «Хола, хафа бўлманг, ҳозир Афғонистон тинчиб қолди, мана, ўзим ҳам хизмат қилиб келдим-ку, ҳеч кўнглингизни бузманг, эрта-индин Рустамжон ҳам келиб қолади», дебман. Уйга келсам, онам қаттиқ койидилар. Эсинг борми, аҳмоқ, холанг Рустамжоним Мўғулистонда хизмат қиляпти, деб юрибдилар-ку, дедилар. Қайтиб чиқдим. Бир нарса ҳеч хаёлимдан кетмаяпти, жон ука… Ҳамон ўзимни гуноҳкор сезаман…

Чиқсам, холам дарвоза олдида турибдилар. Офтоб ботаётган эди. Холам қиблага қараб узоқ илтижо қиддилар… Рости, олдиларига боришга юзим чидамади. Рустам! Укажон! Холамларга кўпроқ хат ёз. Ўзимнинг бошимдан ўтган, биламан-ку! Мен уйингдагилардан тез-тез хабар олиб тураман… Яна бир гап, ука! Худо хохласа, эсон-омон қайтиб келсанг, тўйингда куёвжўра бўлмаган номард!»

Декабрь ойининг боши

Дадам яна тушимга кирди. Тоғли йўлдан «Нива» ҳайдаб бораётган эмишман. Бир қарасам, ўзимизнинг Тошкент – Қўқон йўлига ўхшайди, бир қарасам, Афғонистонга… Дадам ясан-тусан қилиб олганмиш. Бошида янги дўппи… Эгнида қора костюм. Фақат оёғида доим кийиб юрадиган, оқариб кетган жигарранг этиги. Гаплашдикми, йўқми, эслолмайман. Бир маҳал осмонда вишиллаган овоз эшитилди. «Дада,! Снаряд! Снаряд!» – дебман бақириб. Шундоқ машина ёнида снаряд портлабди. Дадам машина эшигидан отилиб кетибди. Қарасам, тошлар орасида йиқилиб ётибди. «Кетавер, ўғлим, кетавер», – дермиш қўл силтаб. «У ёқда духлар бор, дада», десам, нуқул қўл силкитармиш. «Кет, болам, сен кетавер!» дермиш.

Чўчиб уйғониб кетдим… Акамга хат ёздим: «Дадам нега ёзмайдилар? Нима бўлди? Ўз қўллари билан хат ёзсинлар!»

Декабрь ойининг ўрталари

Қалин қор ёққан. Совуқ… Бу ернинг табиати ҳам, одатлари ҳам ғалати. Қиши ўлгудек совуқ.

Ёзи ўлгудек иссиқ. Бошқа жиҳатлари ҳам бор. Масалан: афғон қишда кўп ҳужум қилмайди.

Лекин йўлдан уларнинг машинаси ўтмай қолса, ҳушёр бўлиш керак: мина қўйган. Мабодо «улар» икки-уч кун катта йўлдан юрмаса, демак, отишма бўлади…

Одатдаги кунлардан бири эди. Кеча қор ёққан, бугун эса чиннидек тиниқ осмонда офтоб чарақлаб турибди. Тушга яқин пост рўпарасида иккита БМП тўхтади. «Шиндонга кетяпти», деб ўйладим танк ёнида турганча. Шу пайт БМПдан бушлат кийган гавдали одам сакраб тушди.

Мен томонга узоқ қараб турди-да, қичқирди:

– Рустаммисан? – Овозидан танидим.

– Темур ака! «Уйча»мизга отилиб кирдим.

– Хайриддин! Темур ака кедди!

Қор босган сўқмоқдан сирғана-сирғана пастга, катта йўлга югурдик. Темур ака билан қучоқлашиб кўришарканман, димоғимга чарс ҳиди урилди.

– Бормисиз? – десам, Темур ака бош бармоғини диккайтирди.

– Чики-пики! Разведкачилар билан унча-мунча офииерларинг ҳам ўйлашиб гаплашади.

Ўзинг қалайсан?

Ўша заҳоти югуриб келган Хайриддинни даст кўтарди-да, чирпирак қилиб айлантирди.

– Сен бола, ўзингни асра! – деди ясама пўписа қилиб.

Шунда… Темур аканинг ранги бир ҳолатга келиб қолганини, кўзларининг таги кўкариб кетганини пайқадим.

– Ҳамма жой-жойига! – деган асабий буйруқ янгради. Темур ака яна менга қучоғини очди.

– Рустам,—деди шошқин пичирлаб. – Шу болани эҳтиёт қил! Биласан-а, имонли йигит!

– Ҳамма жой-жойига!

Темур ака ўрнидан жила бошлаган БМПга тирмашар экан, ҳайқирди:

– Хайриддин, – деди кулиб. – Эсингдан чиқмасин, укам… Мабодо менга бирон гап бўлса, бир калима Қуръон…

Юрагим шув этди. БМПлар қорни тўзғитганча шиддат билан узоқлашди. Қарасам, Хайриддиннинг кўзлари жиққа ёш…

Декабрь ойининг ўттиз биринчи куни

Пост командири қисмга бориб келишни буюрди. «Точка»га хат-хабарлар, янги йил дастурхонига ўзимизга яраша ноз-неъматлар олиб келиш керак экан. Шиндон томон кетаётган колоннадаги БМПга чиқиб олдим. Постларнинг ораси йигирма-йигирма беш чақирим. Қор учқунлаб турар, совуқ эди. Қанча юрганимизни билмайман. Бир маҳал карвон тўхтаб қолди.

Мен ўтирган БМП карвоннинг олдироғида эди. Нима гап бўлганини билолмай машинадан тушдим. Ўша томон юрган эдим, карвоннинг энг бошидаги танкдан эллик қадамча олдинда турган БТРни кўрдим. Ҳайрон бўлиб, яқин бордим. БТР томондан кимдир зарда билан бақирди:

– …еб ғўдайиб турибсанми, ёт!

БТР орқасида қорга дум тушиб ётган капитанга кўзим тушди.

– Ёт, аҳмоқ!—деди капитан ўдағайлаб.

Беихтиёр ўзимни панага олиб, қорга узала тушиб ётдим.

Шундагина йўл устида ғимирлаётган уч нафар солдат, уларнинг атрофида ғингшиб айланаётган овчарка итга эътибор бердим. Хаёлимга ўқдек хатарли фикр келди. «Мина бор экан!» Шунча пайтдан бери йўллар тинч эди. Бундан чиқди, «дух»лар шўравийларга «байрам совғаси» қилишни яхши кўради, деганлари тўғри экан.

Сапёрлар шошилмай ҳаракат қилар, кўринишидан осойишта эди. Иккитаси чўнқайиб ўтирибди. Биттаси – шуф ушлагани тик турибди. Ҳаммасининг ранги ўчиб кетганини, чўнқайиб ўтирганлар дам-бадам пешонасидан оқаётган терни билаги билан сидириб ташлаётганини кейин пайқадим.

– Ўртоқ капитан, – деди чўнқайиб ўтирганлардан бири минадан кўз узмай. – «Итальянка!»

– Зарарсизлантир! – БТР панасида ётган капитан бўйнини ичига тортиб буюрди: – Зарарсизлантир!

Сапёрлар анча уринди. Атроф сокин, қор учқунлари юзимга урилаётганини аниқ эшитиб тургандек эдим. Ниҳоят, сапёр энгашган кўйи дадамнинг «Нива»сидаги ҳаво фильтрига ўхшаган, япасқи кастрюлькадек нарсани чуқурдан тортиб ола бошлади.

Тўсатган гумбурлаган овоз еру кўкни ларзага солди. Тик турган сапёр билан ит бир томонга, энгашиб ўтирганлар бошқа томонга учиб кетди.

Жонҳолатда югуриб бордим. Алланимага қоқилиб кетдим. Қарасам, қор устида қўл ётибди…

Қўл билақдан чўрт узилиб кетган, қон оқаётган гўшт орасидан оппоқ суяк туртиб чиқиб турар, бармоқлар эса, нуқул қорни чангаллаб ғимирлар эди. Даҳшат ичида ўзимни орқага ташладим.

Оёғим остида одам боши думалаб ётарди. Кўзлари олакула, тилини ғарчча тишлаб олган… Бир қаричча сарғимтир кекиртак ҳамон нафас олаётгандек қорда биланглайди… Қандайдир ёвуз, бешафқат қўл шўрлик каллани кекиртаги билан узиб олгану улоқтириб юборгандек. Чучмал қон иси димоғимни ёриб юборгудек бўдди.

Кўз ўнгим қоронғилашиб, чўккалаб қолдим. Кўнглим ағдарилар, лекин қуса олмасдим.

Январь ойи

Бир ҳафта ухлолмадим. Кўзимни юмдим дегунча қорда думалаб ётган калла, биланглаетган сарғимтир кекиртакни кўраман… Хаёлимга мудҳиш ўй келади. Сен ҳам ўша боланинг ҳолига тушишинг мумкин.

Февраль ойининг ўрталари

Ниҳоят, дадамдан хат келди. Акам отамнинг хатини ўзиникига қўтттиб жўнатибди.

«Рустамжон! Ўғлим! – дебди дадам. – Соғ-саломатмисан? Нега мендан хавотир оласан, болам! Худога минг қатла шукр, мен яхшиман. Биласан-ку, иш кўп. Годоюй атчўт пайти… У ёқларга кетганинг учун мен ҳам айбдорман. Олиб қолишим керак эди. Ўша пайтда қўлимдан келарди… Майли, қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Биламан, Рустам-жон! Сен – азамат йигитсан… Онангни куйдирма. Тез-тез хат ёзгин. Онанг шўрлик бу дунега келиб, нима рўшнолик кўрди!..»

Февраль ойининг ўрталари

Постда БТР тўхтади. Бир гуруҳ йигитлар постдаги «уйча»мизга қора чопон кийган, салла ўраган эчкисоқол «дух»ни судраб киришди. Пост бошлиғи бир ёққа кетганмиди, атайлаб ғойиб бўлдими, билмайман. «Дух»ни суянчиқли курсига ўтқазиб оеқ-қўлини чандиб боғлашди.

Аллақаердан сим топиб, бир учини аккумуляторга улашди-да, бир учини «дух»нинг оғзига тиқишди. Афғон аъзойи бадани қалтираб, ўкириб юборди. Бошидан салласи учиб кетди… «Дух» қанча ўкирса, йигитлар шунча завкланиб хахолар эди. Афғон ҳушига келганида нуқул бир гапни қайтарарди: «Ман – дўст! Ман – дўст!»

– Дўст бўлсанг, автоматни қаеққа олиб кетаетгандинг? Нега қочдинг? – Йигитлар шундай деб, симни яна оғзига тиқади. «Дух» кўзи косасидан чиқиб дод солади.

Хайриддин бунақа томошага тоқат қилолмади шекилли, югуриб ташқари чиқиб кетди.

Биламан, Хайриддин пуштунчани озми-кўпми тушунади. Кетидан чиқсам, ранги ўчиб кетган, юзига қор ишқалаяпти.

– Нима гап? – деган эдим, тушунтирди.

– Йигитлар туяда қурол олиб кетаетган «дух»ни қўлга туширибди. – Хайриддин юзини бурди. – Одам боласини шунчалик қийнаш шартми, жўра!

Бир маҳал «уйча»дан Саша чиқиб келди.

– Парво қилма, командир! – деди елкамга кафтини босиб. – Аккумулятор токи одамни ўлдирмайди. Бирпас «танца» туширишади-да, «дух»ни сарандойларга топшириб юборишади…

Февраль ойининг охири

Кечаси билан тишим оғриб чиқди. Жағ тишим… Худди биров миямни эринмасдан пармалаётганга ўхшайди. Шунақанги азоб бердики, думалаб бўкиргим келарди. Хайриддин ҳам мижжа қоқмади. Гоҳ сочиқни печка дудбуронида иситиб, лунжимга босади, гоҳ илиқ сув ичириб қўйади. Виктор тумшуғимга чарс тиқиштиради… «Битта тортгин, ўтиб кетади», Дейди.

«Йўқот!» дейман…

Эрталаб туриб синиқ кўзгуга қарасам, чап лунжим оқиб тушган нонга ўхшаб қопти. Пост бошлиғи ҳазиллашди:

– Зиёни йўқ, сержант. Тўйинг бўлгунча тузалиб кетади.

– «Тузалиб кетармиш! Ўзингники шунақа оғрисин, лунжимдан яраландим, деб медалга ёздирарсан!»

«Дард кетидан қувонч келади», деганлари рост экан. Уйдан хат олдим. Илҳом акам ойимнинг гапларини сўзма-сўз ёзиб юборибди:

«Рустамжон, жон болам. Мўғулистонда совуқ қаттиқ бўлади, дейишади. Қийналаётганинг йўқми? (Ойим маладесда! Қаерда юрганимни мендан яхши билади-ку, ҳар хатимни «Қардош Мўғулистондан салом» деб бошлаганим учун мени ёлғончи қилгиси келмайди.) Худодан соғлиғингни тилаб ўтирибман. Қаерда бўлсанг ҳам жонинг омон бўлсин… Янги йил арафаси уйимизга меҳмонлар келди: учта қиз… Бирбиридан чиройли, бир-биридан одобли. Айниқса, биттаси бошқача экан. Оти – Шаҳноза. Менга нима деди дегин? «Ойижон, – деди. – Ташвиш қилманг, Рустам ака эртаиндин келиб қоладилар», деди. Қанийди, менга шундоқ келин ато қилса. Насиб этса, келишинг билан тўйни бошлаймиз. Ўша қиз сен билан ўқийдими? Онам рози бўлсин десанг, ҳар куни хат ёз Шаҳнозага!»

Чеҳрам ёришиб, тишимнинг оғриғи ҳам эсимдан чиқиб кетди. Вой Шаҳноз тушмагур-эй!

Вой шум-эй!

Март ойининг охирлари

Баҳор – барчага баравар! Шоҳона саройлар олдидаги гулзор нима, гўристонда маъюс дўппайган қабрлар нима – танлаб ўтирмайди. Ҳаммасини бир текис майсаларга буркайди.

Барчасига баравар меҳр ила чечаклар улашади. Кеча пастга,– сув бўйига тушдим. Катта йўл четида қачондир узилиб кетган танк занжири занглаб ётибди. Худди аждар терисига ўхшайди.

Қарасам, «аждар териси» орасида бир нима қизариб кўриняпти. Яқин бордим… Танк занжири орасидан майсалар гуркираб ўсиб чиқибди. Иккита қизғалдоқ баҳор шабадасида силкиниб турибди… Дўзах оловида ёнган занжирни ҳам, урушни ҳам, мениям масхара қилаётгандек…

Ажиб ҳақиқатни англагандек бўлдим. Баҳор учун барча баравар. Кўклам қуёши рўпарада, довон томонда туриб бизларга реактив снаряд отаётган «дух»нинг бошидан қанча мўл-кўл нур сочса, душманни танкдан ўққа тутаётган бизнинг бошимиздан ҳам шунча нур сепаверади. Баҳор шабадаси бизнинг юзимизни қанчалик эркалаб сийпаласа, уларниям шунчалик сийлайверади… Баҳор – урушни тан олмайди!

Апрель ойининг боши

Шаҳноза ўрисча, ўзбекча газеталардан қирқиб олинган мақолаларни хатига қўшиб юборибди. Деярли ҳаммасида қайта қуриш, ошкоралик деган сўзлар… Мақолалардан бирида Афғонистон уруши адолатсиз эканини ёзибди. Бу гапни жудаям аниқ қилиб айтмаган бўлса ҳам маъно шунга келиб тақалади. Ҳайрон бўлдим. Бу ёқда замполитлар қаҳрамонликка ундайди, савр инқилоби душманларига шафқат қилмасликка чорлайди. У ёқда…

Апрель ойи

Билмаган одам уруш деганда нуқул отишмалару портлашларни тушунади. Тўғри, отишмалар ҳам бўлиб туради, портлашлар ҳам. Бироқ энг жонга тегадигани бу эмас. Энг ёмони – ҳамиша кўнглинг ғаш бўлиб юрасан. Негалигини ўзинг билмайсан. Янаям ёмони – зерикиш, ўлик сукунат. Снаряд қутилари-ю тошлардан наридан бери қўнқайтириб ясалган «уйча»дан туриб, ҳар куни бир хил манзарани кўрасан. Куну тун бир хил манзара. Шундан кўра тезроқ отишма бўлишини ёки экипажингни «точка»дан олиб, жангга ташлашларини хоҳлаб қоласан…

Ўша куни

Тушлик пайти Хайриддин кўринмай қолди. Қўрқиб кетдим. Югуриб «уйча»дан чиқсам, қоятошлар орасидаги сўқмоқдан битта-битта юриб тепага' кўтариляпти. Қўлида лолақизғалдоқлар, чўл чучмомалари…

– Э, қаеқда юрибсиз? – десам, маъюс жилмайиб қўйди.

– Биласизми, жўра? – деди гул териб юрганидан ўзи хижолат бўлгандек кулимсираб.

–Ўйлаб қарасам, уруш тескари ҳақиқат дегани экан. Одам бўлгинг келса, шафқатсиз бўл. Ўлгинг келмаса – ўлдир. Қизиқ-а, жўра…

Апрель ойининг ўрталари

Тағин тишим оғрий бошлади. Оғриқ кучайганданкучайиб, ДОД дейдиган аҳволга келдим.

Нима қилай ахир! Бошимни Деворга уриб ерсам қутуламанми бу азобдан!..

– Хайриддин! Танкда омбур бор, олиб келинг, жон дўстим!

Хайриддин худди ўзининг жони оғриетгандек юзимни силади.

– Сабр қилинг, жўражон! Дардни берган Худо давосиниям беради.

Тажангланиб турганимни кўриб, юпатди:

– Хафа бўлманг, жўра, насиб этса, ҳаммаси изга тушиб кетади. Тиш оғриғи, кўз оғриғи – қутлуғ дард. Ухланг, жўра.

Уйқу келса, қани! Хаел минг кўчага олиб киради. Уйимиз кўз ўнгимга келди. Ойим…

Дадам… Шаҳноза… Ўзимизнинг анҳор… Ўзимизнинг наъматак…

Ўрнимдан турдим. Эшик ғийқиллаши билан Хайриддин уйғонди.

– Оғрияптими? – деди уйқу аралаш хавотирланиб.

– Йўқ, дўстим, етаверинг!..

Ташқари чиқиб, харсанг қиррасига ўтирдим. Салқин шамол эсиб турибди. Чигирткалар мастона нағма чалади. Ҳаммаеқ сокин. Бир маҳал Хайриддин енимга келиб ўтирди. Озғин елкаси билагимга тегиб турибди. Осмонда янги ойнинг олтиндек тиниқ, нозик ўроғи ялтирайди.

Ҳов нарида, рўпарадаги қад кериб турган тоғлар ғирашира нур қўйнида мудраб етибди. Гавҳар доналаридек йирик-йирик юлдузлар сирли порлайди. Ана, Олтин Қозиқ. Униси – Катта Айиқ…

Ҳов ана, кунботар томонда Зуҳро юлдузи милтиллаб турибди. Бир вақтлар Хумсонга – Опоқтоғамникига борганимда кечаси худди шунақа манзарани кўрган эдим… Ҳаммаси таниш, ҳаммаси қадрдон. Ва ҳаммаси… сенга ет…

– Ўша ой, ўша юлдузлар… – дедим ўзимга-ўзим. – Аммо барчаси бегона…

Хайриддин кулди. Елкалари силкиниб кетди.

– Шунақа денг?

Ҳайрон бўлиб бурилиб қарадим. Қизиқ, Хайриддин камдан-кам кулар эди.

Ҳозир бўлса, елкалари силкиниб-силкиниб куляпти.

– Бегона денг, жўра! – деди ҳамон кулиб. – Улар бизга бегона эмас, биз уларга бегонамиз!

Кейин тўсатдан кулгиси кесилди.

– «Донолар ҳаетни кузатурлар жим»… – деди ўйчанлик билан. – Ёзуғимизни қарангки, ҳаетни идрок этишга ҳам қўймадилар…

Бир ҳафтадан кейин

Бахтимга карвон ўтиб қолди. Пост бошлиғи карвонни бошқариб бораетган капитандан мени медсанбатга олиб боришни илтимос қилди.

– Навбатдаги «ип» билан қайтасан, – деди менга. Қисмгача эллик чақиримдан кўп. Бир қўлим билан жағимни чангаллаб, бир қўлимда автоматим солинган сафар сумкасини ушлаган кўйи йўл-йўлакай инқиллаб бордим. (Қоида шунақа: ҳар қандай вазиятда ҳам қўлдан қуролни қўймаслик керак.) Тиш дўхтир, мендан ҳам найнов, гавдали йигит экан. Пармаловчи машинасини кўришим билан оғриқ тақа-тақ қолса денг! Дўхтир дўмбира бўлиб кетган жағимни сийпалаб кўрди. Оғзимга ялтироқ темир тиқиб, томоша қилди… Бир маҳал миямга биров мих ургандек ўкириб юбордим.

– Томоша қил! – деди дўхтир омбирга қисилиб турган, ярми кўкариб кетган тишимни бурним тагига тиқиштириб.

– Уч кун фурацилин билан оғзингни чайиб турасан!

… Батальонга етиб келганимда рухсат этилган муддат ўтиб бўлган эди. Бу ёғи «точка»га йигирма чақиримча бор. Танк батальони командирига шундоқ-шундоқ, деб аҳволни тушунтирдим.

– Бугун-эрта йўлга чиқадиган карвон йўқ, – деди капитан. – Майли, бир йўлини қиламиз, еттинчи постдан яна бир солдат бор.

«Яна бир солдат» дегани Хайриддин экан. Минг йил кўришмагандек, қучоқлашиб кетдик.

– Тишингиз тузукми? – деди юзимга тикилиб.

– Қутулдим! Ўзиям лўмбоздек экан. Илдизи учта!

– Сизсиз жуда сиқилиб кетдим, – деди Хайриддин маъюсланиб. У постдагиларга почта олгани келган экан.

– Менга хат йўқми? – десам, айбдорона бош чайқади.

– Ташвиш қилманг, жўра, – деди юпатиб. – Янаги сафар, албатта, келади. – Бир зум ўйланиб турди-да, юзимга тезгина қараб одди. – Пост бошлиғи нега рухсат берганини биласизми? – деди сирли кулимсираб. – Бугун – менинг туғилган куним.

Қайтадан қучоқлаб, қутладим. Бир маҳал комбат чақириб қолди.

– Зампотехдан илтимос қилдим. Сенларни йўлдан ташлаб кетади.

Сочларига оқ оралаган майор мен билан Хайриддинга Қараб қўйди-да, норози тўнғиллади:

– Қайси аҳмоқ бир экипаждан бира тўла икки кишига рухсат берди?

Бироқ комбат билан олишиб ўтиргиси келмади шекилли, бизларга буюрди:

– Чиқ иккалангам бортга!

Шоша-пиша «Урал» машинасига чиқиб олдик. Машинада юк йўқ эди ҳисоб. Иккита танк аккумулятори, битта эски баллон. Резина ғилдиракка ёнма-ён ўтириб, гурунглашиб кетдик.

Бугун Хайриддин ҳар пайтдагидан шод эди, дам-бадам жилмайиб қўярди.

– Хат келди, – деди кулимсираб. – Онам туғилган куним билан табриклаб, суратини юборибди. Худди шу бугун келганини қаранг…

– Қани? – деб қўл чўзган эдим, хижолат чекиброқ суратни узатди.

Бошига гулдор рўмол ўраган аёл Хайриддинникига ўхшаган ўйчан кўзлари билан маъюс термулиб турарди. Қизиқ, нимасинидир ойимга ўхшатдим… Ҳамма оналар бирбирларига ўхшайди шекилли. Сурат орқасига нотекис ҳарфлар билан ёзилган сўзларга кўзим тушди…

«Оллога топширдим, болам! Ўзингни эҳтиёт қил…» Негадир машина тўхтади. Иккаламиз баравар ўрнимиздан туриб кетдик. Машинамиз адир тепасида тўхтаган, пастда, анча олисда қоя панасидаги муюлишда «Бурбухайка» (афғонларнинг юк машинасини шунақа деймиз) турар эди.

Олисда, қонталаш уфқда қуёш оғиб боряпти. Қатъий қоида бор: афғон машиналари катта йўлдан қоронғида юриши тақиқланган. «Бурбухайка»нинг кечга томон йўлга чиққани шубҳали кўринганми, бир чеккада тўхтаб туришими, ҳар қалай кекса майор «Урал» кабинасининг зинасида турганча ўша томондан кўз узмас эди. «Бурбухайка»дан беш-ўн қадам нарида, йўл устида қора чопонли бир одам тик турар, яна биттаси чўнқайиб ўтирарди.

«Мина қўйяпти!» – Хаёлимга яшиндек урилган фикрдан сесканиб кетдим. Душманнинг куппа-кундузи мина қўйиши ақлга сиғмайдиган гап! Лекин улар ҳам айнан шунақа – шубҳадан холи пайтни танлаган бўлиши мумкин. Кейинги кунларда йўллар камқатнов бўлиб қолган, пасқам жой… Майор кабинага ўтириб, эшикни қарсиллатиб ёпди.

– Ҳайда!

Бояги одамлар мотор овозини эшитиб, шу томонга қарадию шоша-пиша машинасига югурди. «Урал» пастликка шўнғиди. «Бурбухайка» ўрнидан жадал жилиб, юриб кетди.

Бояги жойга етиб келганимизда янги кавланган чуқурга кўзим тушди. Ҳўл тупроқ қорайиб турарди. Майор кабина деразасидан бошини чиқариб, «Бурбухайка» томонга автоматдан ўқ узди. Трассаланувчи ўқлар оловли из қолдириб учиб бораётгани кўриниб турар, бу – тўхта, деган буйруқни билдирарди.

«Бурбухайка» тўхташ ўрнига шиддат билан елиб борарди. Хайриддин иккаламиз автоматларга ёпишдик. Афғон машинаси зум ўтмай тепалик ортига шўнғиб, кўздан йўқолди.

«Урал» қир устига чиққанида «Бурбухайка» тағин кўринди. Йўлнинг чап! томонида, бир чақиримча нарида қишлоқ кўзга ташланарди. Энди ҳаммаси аён эди. «Дух»лар ими-жимида мина қўйиб қоронғи тушмасдан қишлоққа кириб олишни мўлжаллаган. Эрталаб ҳеч нима бўлмагандек, яна йўлига кетаверади.

Майор ўша томонга тағин ўқ узди. «Бурбухайка» катта йўлдан қишлоқ томонга бурилиб адир тепасига чиқа бошлади. Аммо йигирма-ўттиз қадам юрмасдан кечаги ёмғирдан кейин аталаси чиқиб кетган лойда тайғона-тайғона тўхтаб қолди. Кучаниб вағиллаганча ғилдиракларидан лой сачратишга тушди. Бизнинг машина рўпарага келиб тўхташи билан «Бурбухайка» кабинасида автомат тариллади. «Урал»нинг чап эшиги тарақлаб очилганини эшитдим. Ҳайдовчимиз бошини чангаллаган кўйи чинқирганча кабина зинасига йиқилганини кўрдиму ўзимни ерга ташладим. Қарасам, ёнимда Хайриддин ётибди. Ранги қув ўчиб кетган…

Майор ўнг эшикдан тушди. Оқсоқланиб кабина олдига ўтди-да, «Бурбухайка»га тўхтовсиз ўқ уза бошлади.

«Бурбухайка» эшиги ҳам очилди. Саллали бир одам лойда тайғониб тепаликка қоча бошлади. Аниқ кўриб турибман, «дух» бошини елкаси орасига тортиб, лойда сирғана-сирғана қочиб борар, қўлида қуроли йўқ эди. Ё отишмада қуроли ишдан чиққан, ё автомат шеригида қолган. Ҳозир буни ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди.

– Тўхта! – Хайриддиннинг овозида ҳаяжон, аниқроғи, қўрқув борлигини ҳис этдим.

– Тўхта! – деди Хайриддин адир томон югуриб. У қандайдир дақиқалар ичида «дух»га яқинлашиб борди. Орада беш-олти қадам қолди. Жонҳолатда кетидан югурдим.

– Қўлингни кўтар! – деди Хайриддин қичқириб. «Дух» тўхтади. Секин бурилиб қаради-да, қўлини кўтарди. Бошида салла, қоп-қора соқоли кўксига тушган, ранги қув ўчиб кетган эди.

Хайриддин ҳамон югуриб борар, негадир автоматини ўқталиш ўрнига ҳадеб бир сўзни такрорларди:

– Қўлингни кўтар!

«Дух» ерга энгашгандек бўлди. Қўлида пичоқ ярақлади.

– Отинг, Хайриддин! От! – дедим нафасим бўғзимга тиқилиб. Шунда кутилмаган иш бўлди. «Дух» бир ҳамла билан Хайриддиннинг автоматини қўлидан учириб юборди. Етиб борганимда Хайриддин чалқанчасига ағдарила бошлаган эди. «Дух» унинг автоматига энгашганида жағига тепдим. Салласи учиб кетиб, тақир боши яланғочланиб қолди. Қаддини ростламоқчи эди, яна тепдим. Томоғидан ғиппа олиб, қанча бўғиб турганим ёдимда йўқ.

Хириллаб оғзидан кўпик келди. Типирчиламай қўйди. Шундагина ҳушим жойига келди. Йўқ, хириллаётган «дух» эмас, Хайриддин экан. У шундоқ ёнимда ётар, қонталаш уфққа тикилиб қолган кўзлари ўйчан ва сокин эди.

– Нега? – деди инграб. – Мен уни отмоқчи эмасдимку… Оғзидан қон сизиб, лабининг четидан оқиб туша бошлади.

Негадир йўталди. Оғзидан варақлаб қон келди.

– Хайриддин! Дўстим! – Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Қандайдир ички сезги билан «дух» ғимирлай бошлаганини ҳис этдим. Илкис қарасам, чўккалаб Хайриддиннинг ерда етган автоматига қўл чўзяпти. Ёқасидан бўғиб силкита бошладим.

– Нима қиддинг, мараз! Нима қилдинг! – дедим йиғлаб.

– Қўйиб юбор! – У ожиз типирчилаб билагимга осилди. – Қўйиб юбор! Шундагина бир нарса шууримга етди: «дух» ўзбекча гапираётган эди.

– Сен…—дедим ғазабдан қалтираб. – Сен…ўзбекмисан? Буям ўзбек-ку!—Башарасига кучим борича мушт туширдим.– Буям мусулмон боласи-ку, ит! Нима ёмонлик қидди сенга!

– Сенлар ўзбекми! – «Дух» ерилган лаблари орасидан қон тупуриб, тишларини ғижирлатди. – Йўқ! Сенлар ўзбекмас! Сенлар мусулмонмас! – У эсдан оғгандек хахолаб кулди.– Сенлар «шўравий!» Ким чақирди сени бу ерга! Ўз юртингни сотиб бўлиб, энди Афғонни ҳам ҳаром қилмоқчимисан? Тўнғиз!

Хайриддин қаттиқ хириллади. Бир лаҳза кўзим тушиб қолди. Ботиб бораетган қуёшдан мадад олмоқчи бўлгандек ўша томонга қўл чўзиб, қаддини ростлашга уринган эди, йиртилиб кетган комбинезони остидан қонга беланган ичаклари қайнаб чиқди. Қорасоқолнинг кўкрагини мўлжаллаб тепкини босдим. У етган жойида бир сапчиди. Тепкини босиб туравердим. Бош чаноғи ерилиб миясининг қатиғи сачраб кетганини, гўштлари, суяклари парча-парча бўлиб атрофга отилаетганини кўриб турардим. «Магазин»даги ўкдар тугади шекилли, автоматнинг тариллаши эшитилмай қолди. Фақат «А-а-а-а! А-а-а-а!» деган ваҳший ҳайқириқ ҳамон ҳавони титратар эди. Кейин билсам… бақираётган ўзим эканман. Бир маҳал ҳаммаеқ жимжит бўлиб қолди. Оеқ-қўлимдан мадор кетиб, Хайриддиннинг ёнбошига чўккаладим. У ҳамон уфққа тикилиб етар, очиқ кўзларида ҳайратми, ийманишми, шунга яқин ифода муҳрланиб қолган.

Кўм-кўк ўтлар устида ичаклари айқаш-уйқаш бўлиб чўзилиб етганидан уялгандек, уларни қорнига қайтиб солишга уринаетгандек, нозик бармоқлари билан чангаллаб олган эди.

– Бўлди, танкист, бас…

Бошимни кўтариб қарасам, ўн қадамча нарида кекса майор турибди. Бошяланг, оқ оралаган сочлари ейилиб чаккасига тушган…

– Тур, энди, ўғлим… – деди йиғлаб. «Бурбухайка» кабинасида яна бир «дух» мук тушиб ётар, йўл устида тўхтаб қолган «Урал»нинг ойналари чил-чил бўлиб кетган, бизнинг ҳайдовчи қонга беланиб, зинада узала тушган кўйи қотиб қолган эди.

…Заставага келган заҳоти айтган биринчи гапим шу бўлди:

– Виктор! Чарсдан ол!

…Саша билан Виктор уч кунгача Хайриддиннинг овқатини тўшаги бошига келтириб қўйиб юришди… Одат шу экан… Мен эса дўстимнинг руҳига ўзим билганча дуойи фотиҳа ўқидим…

…Хайриддиннинг ўрнига бошқа ўқловчи юборишди: латиш бола экан. Қизиқ… Яхши йигит эди-ку, негадир ҳаммамиз бегонасираб турардик. Кейин билсам, Хайриддинни бутун экипаж яхши кўриб қолган экан. Виктор ҳам, Саша ҳам…

Июнь ойи

Хайрият, постга бошқа экипаж юбориб, бизнинг танкни қисмга қайтариш ҳақида буйруқ бўлди. Албатта, қисм ҳам – жоннинг ҳузури эмас. Тез-тез йўлга чиқиш, колонналарни ҳимоя қилиб, «объект»ларга кузатиб қўйишга тўғри келади. Бошқаларни билмадим-у, менга «точка»да туришдан кўра шуниси кўпроқ ёқади. Ҳар қалай, қисмда одам кўп… Кунинг тезроқ ўтаётганга ўхшайди… Барибир Хайриддин хаёлимдан кетмайди. Қаёққа қарамай рўпарамга келиб, маъюс жилмайиб тураверади. Уруш одамнинг дийдасини қотириб юборади дейишади. Бўлса бордир. Аммо келиб-келиб, фариштадек беозор йигитнинг ўлиши… Ўйламай дейману, барибир хаёлимга келаверади. Ана, эс-ҳушини йўқотиб, телбаваш бўлиб қолган она темир тобутни қучоқлаб дод соляпти. Тобут ичида ётган қорақош, қоракўз ўғлини кўриб тургандек… Темир тобут нега бунчалик совуқлигини, формалин ҳиди қаёқдан келаётганини ўйлашга ҳоли йўқ. Билмайдики, қути ичида жондан азиз боласининг ичак-чавағи ағдарилиб ётибди…

Июнь ойининг йигирма иккинчи куни

Чақчаронга карвон олиб бордик… Ўқ-дори ортилган КамАЗлар, бензавозлар, ҳатто автокран ҳам. Карвонни кузатишнинг аниқ тартиби бор. Энг олдинда бошқарувчи танк, кетидан БТР, ундан кейин КамАЗлар, кейин ,тағин танк, кетидан бошқа КамАЗлар, бензавозлар, автокран… орқасидан яна БТР, уларнинг кетидан бизнинг танк, ортимиздан яна иккита БМП… Одатда, бошқарувчи танкда минага дуч келса бешикаст портлатадиган мослама бўлади. «Тухум», дейди.

Аммо мина дегани ҳам анойи эмас. Баъзан карвон энди ўтиб бўлди деганингда тўсатдан портлаб қолади. Механизми шунга мослаштирилган… Хуллас, йўл олис, хатарли эди. Энг хавфлиси қишлоқ яқинидан ёки чакалакзор орасидан ўтиш. Хайрият, манзилга омон-эсон етдик.

Қайтишда тағин ўша тартибда йўлга тушдик. Бошловчи танк, юкини бўшатган бензавозлар, БТР, юкини алмаш-тирган КамАЗлар, БМП, яна КамАЗлар, бизнинг танк, ортимизда иккита БМП…

Атроф бийдек чўл. Танк ичи чангга тўлиб кетган. Нафас олиб бўлмайди… Бунақа пайтда ўқ ўтмас нимча у ёқда турсин комбинезон ҳам ортиқчалик қилиб қолади. Икки кеча ухламаганмиз.

Автоматим тасмасини люк қопқоғига илганча, туйнуқдан бошимни чиқариб боряпман. Кўзим юмилиб кетяпти. Бир лаҳза, ақалли бир сония ухлаб олгим келади. Викторнинг хавотирли овозидан чўчиб уйғонгандек бўлдим.

– Мой босими тушиб кетяпти, командир. Мотор қизиб кетди.Бошловчи танкка хабар қилдим.

– Ўртоқ командир! Етмиш олтинчининг мотори қизиб кетяпти.

Шлемофонда капитаннинг ҳорғин овози эшитилди:

– Тушундим… Олтмиш бир! Ортингдаги «қутилар» сени кутади.

Демак, тўхташим керак: «олтмиш бир», дегани – тўхта, деган маънони англатади.

«Қутилар» эса орқада келаётган БМПлар.

Карвон чанг кўтариб, йўлида давом этди. Бизлар бийдек чўлда тўхтаб қолдик. Орқамизда турган БМПдагилар хуноб бўлишар, ҳар лаҳзада «тезроқ бўл, броня», деб қисташар эди:

Йўлга тушдик. Уч-тўрт чақирим юрмасдан танк яна секинлади.

– Командир! – деди Виктор хавотирланиб. – Мотор қизиб кетди. Яна бир чақирим юрсак, двигатель ишдан чиқади.

Танк ичи чиндан ҳам дўзахдек қизиб борар эди. Бошловчи танкни чақириб, вазиятни тушунтирдим. Шлемофондан капитаннинг норози тўнғиллагани эшитилди:

– Олтмиш бир. Сабр қил, шатакка олишади.

Люкдан бошимни чиқариб, атрофни кузатдим. Қуёш аёвсиз қиздирар, кўз илғагунча кетган қумлар кўнгилда ғашлик уйғотар, олисда, йўлнинг ўнг томонида чакалакзор кўзга чалинар эди.

Бехосият жой… Бошқа танк келиши билан машинадаги сим арқонни унинг «думи»га уладик. Танк вағиллаганча орқасидан қуюқ тутун, чанг-тўзон кўтариб судраб кетди. Ортимиздаги БМПлар ҳам йўлга тушди. Ҳамон люкдан бошимни чиқариб, кузатиб борардим.

Пинакка кетдим шекилли… Онамни тушимда кўрдимми – ўнгимдами, билмайман. Аммо овози қулоғимга ўқдек кирди:

– Кўзингга қара, болам, чуқур бор!

Даҳшатли гумбурлашдан танк силкиниб кетди. Бошим люк қопқоғига урилиб, ҳушимни йўқотдим. Хаёлим жойига келганида беихтиёр энгашиб, пастга қарадим. Ўнг томондаги занжир узилиб кетган, танк мина портлаганда пайдо бўлган чуқурга ёнбошлаб қолган эди. Нариги танк минадан қандай ўтиб олгани-ю, нега бизники портлаганига ақлим етмасди. Ўша заҳоти чакалакзор томонда автомат тариллади. Бошим устидан ўқлар визиллаб ўтаётганини эшитиб беихтиёр люк қопқоғини ёпдим. Танк яна бир силкинди. Викторнинг ҳаяжонли хитоби эшитилди:

– Танк ёняпти, командир. Миномётдан отяпти! Чиндан ҳам зум ўтмай машина ичини аччиқтутун қоплаб, ҳеч нима кўринмай қолди.

– Эвакуация люкига! – дедим бақириб.

Экипаж тушиб бўлишини кутиб турдим-да, охири ўзим ҳам танк тубидаги туйнукдан эмаклаб ерга тушдим. Танкимиз қуюқ тутун ичида қолган эди. Чакалакзордан муттасил автомат тариллар, орқадаги БМПлардан бири оёғи осмондан бўлиб ётар, атрофни дод-вой, сўкинишлар тутиб кетган, нариги танк эса, замбарагидан чакалакзор томонга кетма-кет ўқ отар эди. Атрофда ўқлар чийилларди. «Ўқ чийилладими, демак, четга кетган бўлади, ўзингга тегадигани овоз чиқармайди», деган эски ақида хаёлимнинг бир чеккасида турган бўлса-да, танк панасидан чиқишга юрагим бетламас эди. БМПдагилар пишиқ йигитлар экан. Чакалакзор томонга муттасил ўқ узишарди. Тутаб ётган танк оддига эмаклаб чиқдим. Чакалакзор томонга автоматдан кетма-кет ўқ уздим. Белим жиз этгандек бўлди. Тўғриси, оғриқ ҳам, қўрқув ҳам сезганим йўқ. Автомат қўлимга ёпишиб қолганга ўхшар, ҳеч нимани ўйламай, нуқул отгим келарди. Ўша томон эмакларканман, ёнбош томонда биров гапиргандек бўлди. Беихтиёр бурилиб қарадим.

– Мама! Мама!

Димоғимга калла куйдирганда чиқадиган исга ўхшаган ҳид урилди. Қарасам, Сашанинг сочлари ёниб, жизғанак бўлиб кетибди. Комбинезони куйиб, баданига ёпишиб қолган, юзлари қорайиб кетган…

– Мама… – деди алаҳсираб. – Мамочка…

Тўхтовсиз ўқ узганча, чакалакзорга югурдим… Отишма қандай кутилмаганда бошланган бўлса, шундай тугади. Атрофга сукунат чўкди. Ҳамон офтоб чарақлаб турар, чакалакзор тутун ва оловга бурканган эди. Рўпарамда Виктор пайдо бўдди.

– Командир! – деди қўрқувдан кўзлари олайиб. – Ҳамма ёғинг қон-ку, Рустам!

Ажаб! Ҳамон оғриқ сезилмасди. Белимни ушлаб кўрсам, кафтимга илиқ, ҳўл нарса уннади. Жон аччиғида уч-тўрт қадам юриб кўрдим. Кейин тўсатдан йиқилиб тушдим.

… Гувиллаган овоздан ўзимга келдим… БМПда кетаётганимни ғира-шира англадим. Йўқ, аввал димоғимга аччиқ ҳид урилди. Кўзимни очсам, шундоқ Сашанинг бошига юзимни қўйиб ётибман. Чамаси, Саша тамом бўлган, боши муздек, ҳамон куйинди ҳиди анқир эди. Қон аралаш куйинди иси… Кимдир қорнимга қўлини ташлаб олган… Белим чидаб бўлмас даражада оғрир, сув ичгим келарди… Жаҳл билан силтаб тортган эдим, ўша – кимнингдир қўли шилқ узилдида, худди саржин ўтиндек, лўп этиб олдимга тушди. .. Яна ҳушдан кетдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации