282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Пауло Коэльо » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 19:40


Текущая страница: 10 (всего у книги 11 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Шамолменга айтдики, сен севги нималигини биларэкансан, – деб Сантяго қуёшга мурожаат қилди. – Агар шундай бўлса, сен Олам Руҳини ҳам билсанг керак – у эса севгидан яратилган.

– Бу ердан менга Олам Руҳи кафтдагидай кўриниб туради, – жавоб қилди қуёш. – У менинг қалбим билан гаплашади ва биз биргаликда ўт-ўланларни ўстирамиз, қўйларнинг соя илинжида яйловдан-яйловга кўчишига ёрдам берамиз. Ана шу жойдан – бу ер сизларнинг дунёингиздан жуда олисда – мен севишни ўргандим. Ерга озгина яқинлашсам жамики жонзотлар нобуд бўлишини ва Олам Руҳи йўқликка юз тутишини яхши биламан. Шу боис биз олисдан бир-биримизга назар ташлаймиз ва олисдан туриб бир-биримизни севамиз. Мен Ерга ҳаёт ва ҳарорат бахш этаман, Ер эса менга – мавжудлигимнинг моҳиятини, маънисини туҳфа қилади.

– Сен севгининг нима эканлигини билар экансан, – такрорлади Сантяго.

– Мен Олам Руҳини яхши биламан, чунки бу чексиз Олам аро қилаётган адоқсиз сафарларимиз давомида у билан кўп суҳбат қурамиз. У менга ўзини нималар қийнашини сўзлаб берган: ҳозирга қадар тошлар ва ўсимликларгина асл ҳақиқатни – дунёдаги жамики нарса бир бутунликдан иборатлигини тушунар экан. Шу туфайли темирнинг мисга ўхшашини ёки миснинг айнан олтиндай бўлишини талаб қилмаймиз. Ушбу бирбутун оламда Ҳаммасининг ўз вазифаси бор, Яратилишнинг бешинчи куни бутун мавжудотни бор қилган Қўл ёзишдан тўхтаганда эди, ўша Ҳаммаси Дунё Қозонида қўшилиб-қорилиб ягона бир мавжудликка айланган бўлур эди. Яхшиямки, Яратилишнинг олтинчи куни ҳам бўлган.

– Донишманд экансан, – деди йигитча, – чунки ҳаммасини узоқдан кўриб турасан. Лекин сен севги нималигини билмайсан. Агар Яратилишнинг олтинчи куни бўлмаганда – одамзод ҳам бино бўлмасди. Ва мис мислигича, қўрғошин қўрғошинлигича қолиб кетарди. Ҳар бирининг ўз Йўли бор, лекин бир кунмас бир кун бу Йўл босиб ўтилади. Шунинг учун ҳам бошқа бир унсурга айланмоқ, янги Йўлни бошламоқ лозим. Олам Руҳи ҳақиқатан ҳам бир бутун, ягона нарсага айлангунга қадар ушбу жараён давом этаверади.

Қуёш хаёлга чўмиб қолди ва равшанроқ нур тарата бошлади. Ушбу суҳбатдан завқланиб кетган шамол ҳам Сантягони ўткир нурлардан ҳимоя қилиш учун кучлироқ эса бошлади.

– Алкимё шунинг учун мавжудки, – давом этди Сантяго, – ҳар бир мавжудот ўз хазинасини изласин ва топсин ва шундан сўнг аввалгидан ҳам яхшироқ, мукаммалроқ бўлишни истасин. Қўрғошин ҳам токи дунёга зарурати бор экан, ўз қисматига битилган вазифани адо этади, ана ундан кейин олтинга айланмоғи лозим бўлади. Алкимёгарлар шундайдейишади. Яна улар шуни ҳам исботлашганки, биз ўз ҳолимиздан яхшироқ, мукаммалроқ бўлишга ҳаракат қилар эканмиз, атрофимиздаги жамики нарсалар ҳам мукаммаллашади, гўзаллашади.

– Мени севгинибилмайди, деган гапниқаердан олдинг? – сўради Қуёш.

– Севиб қолсанг саҳрога ўхшаб бир жойда туравермайсан, шамолдай дунё бўйлаб зир югурмайсан, сенга ўхшаб ҳамма нарсага узоқдан назар солиб туравермайсан киши. Севги – бу қудрат, Олам Руҳини янгилайдиган ва мукаммаллаштирадиган қудрат. Олам Руҳига илк бора кирганимда, у менга мукаммаллик тимсоли бўлиб туюлди. Лекин кейин, у бизнинг аксимиз эканлигини, унинг ҳам туйғулари жунбишга келишини, унинг ҳам ўз жангу жадаллари борлигини кўрдим. Унинг илҳомланиши, ғазабланиши ва ўзгариши, яхши ёки ёмон бўлиши бизга ва биз яшаётган заминга боғлиқ. Ана шу ўринда севгинингқудрати ўзини намоён қилади, чунки севган пайтингда яхши бўлишга, юксакбўлишга интиласан.

– Хўш, мендан нима истайсан?

– Шамолга айланишимга ёрдам бер.

– Табиатга маълумки оламда мендан кўра донороқ бирор нарса йўқ, – деб жавоб қилди Қуёш, – лекин қай йўсинда шамолга айланишингмумкинлигини мен ҳам билмайман.

– Унда мен кимдан мадад сўрай?

Қуёш бир лаҳза тафаккурқилди: суҳбатга қулоқ тутиб турган шамол бир зумда дунёга достон қилиб чиқади – бу олам чароғининг ақлу дониши ҳам чегараланган экан, деб. Ундан ташқари Умумбашар Тилида сўзлаётган бу йигитчадан қочиш ҳам ақлдан эмас.

– Ҳаммасини ёзиб кетган Қўлдан сўра, – деди Қуёш.

Шамол хурсандлигидан қийқириб юборди ва мислсиз бир куч билан тўфон кўтарди. Бир неча чодирлар ағдарилди, боғланган отлар тизгинларини узиб юборишди, қояда ўтирганлар учиб кетмаслик учун бирбирларига ёпишиб олишди.

Сантяго Ҳаммасини Ёзиб кетган Қўлга юзланди ва бутун Олам сукут денгизига чўмганини ҳис қилди. У ушбу сукунатни бузишга журъат қилмади.

Сўнгра Севги қудрати қалбини лиммо-лим тўлдирди ва йигитча ибодат қила бошлади. У ўз ибодатида Яратгандан ҳеч нарса сўрамас ва умуман бирорта сўз изҳор қилмасди, на қўйлари янги яйлов топгани учун ҳамду сано ўқир, на дўконга чиннивор харидорларидан кўпроқ юборишни сўраб илтижо этар, на саҳрода топган ёри уни кутишини тилаб ёлворарди. Сукунат уммони остида шуни англаб етдики, саҳро ҳам, шамол ва Қуёш ҳам ана шу Қўл нақшлаган аломатларни излар экан, ўз Тақдирлари Йўлидан боришга ва Зумрад Тош қиррасига ўйилган ёзувлар асрорига етишга интилар экан. Йигитча яна шуни англаб етдики, ушбу аломатлар бутун Курраи Заминга ва Коинотга сочиб ташланган экан, зоҳиран ҳеч бир аҳамиятсиз ва сабабсиз намоён бўлгандек туюлар экан. На саҳро, на шамоллар, на Қуёшва на одамзод ўзларини нима учун яратилганлигини билмайдилар. Сабаб Ҳаммасини Яратган ўша Қўлнинг ўзида ва фақат У мўъжизалар яратишга қодир: уммонларни саҳрога, одамни шамолга айлантира оладиган ҳам Унинг Ўзи. Оламни илоҳий бир мақсад сари – Яратилишнинг олти куни Буюк Яратишга айланадиган томонга – нега бошлаб бораётгани Ёлғиз Ўзига аён.

Йигитча Олам Руҳига сингиб кетди ва шуни кўрдики, Олам РуҳиАллоҳ Руҳинингбир парчаси экан, Аллоҳ Руҳи эса – ўз руҳи экан. Ва ўзи ҳам мўъжизалар яратишга қодир экан.

Ўша куни самум шамоли ҳар қачонгидаи даҳшатлироқбўрон кўтарди. Шамолга айланиб, саҳронинг энг қудратли лашкарбошисини тиз чўктирган, қароргоҳни кунпаякун қилган йигитча ҳақидаги афсона энди авлодлардан-авлодларга ўтиб боради.

Самум бўрони қора қанотларини йиғиберга қўнган қуш янглиғ саҳрога бош қўйди. Одамларнинг қўрқув ва ҳайратдан қотиб қолган нигоҳлари йигитчани излади, лекин у турган жойидан ғойиб бўлган эди. У қароргоҳнинг бошқа бир четида ярим танигача қумга кўмилиб ётган соқчининг ёнида эди.

Сеҳрли Қудрат ҳамманинг юрагига қўрқув солган эди. Фақат икки киши жилмайиб турарди: ўз шогирдидан фахрланаётган Алкимёгар ва қабила бошлиғи, у шогирд йигитТангрининг қудратини англаб етганини тушуниб турарди.

Эртаси куни у Сантяго ва Алкимёгарни тўрт томонингиз қибла, деб қўйиб юборди, ҳатто кузатиб қўйиш учун жангчиларидан бирини қўшиб ҳам берди.

Улар кун бўйи йўл босишди, шом туша бошлагач, Алкимёгар жангчига жавоб берди ва отдан тушди.

– Буёғига бир ўзинг кетасан, – деди у Сантягога. – Эҳромларгача уч соатлик йўл қолди.

– Сендан розиман, – деди йигитча. – Менга Умумбашар Тилини ўргатдинг.

– Менсиз ҳам ўзинг биладиган нарсани ёдингга солдим, холос.

Алкимёгар коптлар ибодатхонасининг дарвозасини тақиллатди. Қора ридо кийган руҳоний чиқиб келди, улар копттилида нималарнидиргаплашишди, сўнг Алкимёгар Сантягони ичкарига таклиф қилди.

– Унга сени ёрдамчим, деб айтдим.

Ибодатхона ошхонасидаги ўчоққа Алкимёгар олов ёқди. Руҳоний бир бўлак қўрғошин келтирди, Алкимёгар қўрғошинни темир идишга солиб ўчоқ устига қўйди. Қўрғошин эригач, у чўнтагидан сарғиш шиша тухумни олди, ундан тўғноғичнинг бошидай бўлакчасини ушатиб, мум суртди ва эриган қўрғошиннинг устига ташлади.

Суюқлик қип-қизил қон тусига кирди. Алкимёгар идишни оловдан олди ва совутишга қўйиб,руҳонийбилан саҳродагижанглар ҳақида суҳбатлаша бошлади.

– Уруш узоққа чўзиладими, деб қўрқаман, – деди у.

Руҳонийнинг ҳасратидан тутун чиқди: урушнинг дастидан карвонларГизадан жилолмай қолди. Сўнгра итоаткорлик билан: «Худонингхоҳиши шу экан-да», – деб қўшиб қўйди.

– Шундоқ, – деди Алкимёгар.

Идиш совуб бўлгач, Сантяго ва руҳоний ҳайрат билан бир-бирларига қараб қўйишди: идишнинг остида айлана бўлиб қотиб қолган қўрғошин олтинга айланган эди.

– Наҳотки мен ҳам қачондир буни ўрганиб оламан? – сўради йигитча.

– Бу менинг Йўлим, сеники эмас, меники. Шунчаки, бу иш мумкин эканлигини сенгакўрсатмоқчи эдим.

Улар яна ибодатхонанинг дарвозаси ёнига қайтиб келишди, шу ерда Алкимёгар олтин тақсимчани тўрт бўлакка бўлди.

– Бу сенга, – деди у биттасини руҳонийга узатиб. – Зиёратчиларни доимо хурсандчилик билан кутиб олганинг учун.

– Ўз илтифотим учун жуда кўп нарса оляпман, – деб эътироз билдирди руҳоний.

– Ҳеч қачон қайтиб бундай дема. Ногаҳон Ҳаёт эшитиб қолиши мумкин ва кейинги сафар камроқ беради, – деб жавоб қилди Алкимёгар, сўнгра Сантягога ўгирилди. – Бу эса сенга, қабила бошлиғига берилган пулларинг эвазига.

Йигитча ҳам «бу кўп» демоқчи бўлди-ю, лекин индамади.

– Бу менга, – давом этди Алкимёгар. – Мен уйга қайтишим керак, саҳрода эса уруш бўляпти.

Тўртинчи бўлакни яна руҳонийга узатди.

– Бу ҳам – Сантяго учун. Балки асқотиб қолар.

– Ахир мен ҳам хазиналар томон кетяпман-ку! – қичқириб юборди йигитча. – Қолаверса, жуда яқин қолди!

– Уларни топишингга ишончим комил, – деди Алкимёгар.

– Унда менга олтиннинг нима кераги бор?

– Чунки сен икки маротаба бор-йўғингдан жудо бўлдинг. Биринчи сафар сени фирибгар алдади, иккинчи мартасида эса қабила сардори тунади. Мен бир қартайган, иримчи арабман ва ўзимизнинг бир мақолимизга жуда ишонаман:

«Бир марта юз берган нарса иккинчи марта бўлмаслиги мумкин. Аммо икки бор юз берган нарса учинчи марта албатта, бўлади».

Улар отларга минишди.

– Сенга тушлар ҳақида бир ривоят айтиб бермоқчиман, – деди Алкимёгар. – Яқинроқ юр.

Йигитча итоат қилди.

– Хуллас, бундай, ҚадимРимда, Тиберий ҳукмронлиги замонида бир марҳаматли одам бўлган экан, унинг икки ўғли бор экан. Бири жангчи бўлибди ва салтанатнинг энг узоқ бир гўшасида хизмат қилиш учун жўнаб кетибди. Иккинчиси эса бутун Римни ҳайратга соладиган шеърлар ёзар экан.

Кунлардан бир кун чол туш кўрибди, тушида осмондан фаришта тушиб, унинг ўғилларидан бирининг сўзи бутун дунёга машҳур бўлишини ва уни инсоният кўп асрлар такрорлаб юришини башорат қилибди. Чол бу бахтдан йиғлаб юборибди: тақдир унга улуғ марҳамат кўргизган, фақат оталаргина ҳис қилиши мумкин бўлган олий қувончни ҳадя этган эди.

Кўп ўтмай у дорулфанодан дорулбақога рихлат қилибди – бир гўдакни арава остидан қутқараман деб, ўзи ғилдирак тагига тушиб қолибди. Умрини тоат-ибодатда ўтказгани боис тўппа-тўғри Арши аълогакўтарилибдива у ерда тушигакирган фариштани учратибди.

– Сен мўмин ва меҳрли инсон эдинг, – дебди фаришта унга. – Ҳаётинг муҳаббатли, ўлиминг фазилатли бўлди.Истаган тилагингни ижобат қиламан.

– Ҳаёт ҳам мендан мурувватини аямади, – дебди чол.– Сен тушимга ташриф буюрганингда, бутун саъю ҳаракатларим зое кетмаганлигини англадим. Энди ўғлимнинг шеърлари авлодлардан-авлодларга ўтади. Ўзим учун сўрайдиган нарсам йўқ. Ҳар қандай ота ўзи боқиб тарбиялаган, ўқитган фарзандининг шуҳратидан ғурурланиб юради. Шунинг учун узоқ келажакда ҳам ўғлимнинг сўзлари такрорланаётганини эшитсам, девдим.

Фаришта унинг елкасига қўлини қўйди ва шу лаҳзадаёқ икковлари ҳам олис келажакда ҳозир бўлдилар – улкан шаҳар, номаълум тилда гаплашаётган минг-минглаб одамлар.

Қувончдан чолнинг кўзларига яна ёш келди.

– Ўғлимнинг шеърлари асрлар оша яшашига ишонар эдим, – деди чол кўзларидан шашқатор ёш оқаркан. – Айт-чи, бу одамлар ўғлимнинг қайси мисраларини такрорлаб юришибди.

Фаришта чолни авайлаб курсигаўтқизди ваёнига ўзи ҳам ўтирди.

– Сен айтаётган шеърлар бутун Римда машҳур бўлди, уларни ҳамма севиб тинглар ва завқу шавққа тўлардилар. Аммо Тиберий салтанати завол топди ва шеърларни ҳам унутдилар. Одамлар сенинг ўғлингнинг – лекин жангчи ўғлингнинг сўзларинитакрорлаяптилар.

Чол фариштага ҳайрат ва ҳайрон нигоҳларини қадади.

– У энг чеккавилоятлардан бирида хизмат қилди, – деб давом этди фаришта. – Юзбошилик мартабасига эришди. У ҳам сенга ўхшаб адолатли ва меҳрибон эди. Кунлардан бирида унинг қулларидан биттаси касал бўлиб қолди, уни ўлим ўз оғушига олишга чоғланаётган эди. Сенинг ўғлинг ҳозиқ бир табиб пайдо бўлганини эшитди ва уни излаб йўлга тушди. Йўлда эшитдики, У – Худонинг Ўғли экан. Ўғлинг У шифобахш этган одамларни кўрди, Унинг таълимотини эшитди ва римлик юзбоши бўлса-да, Унинг динига кирди. Ниҳоят, бир куни тонг чоғи Унга рўбарў бўлди ва хизматкори хаста эканлигини айтди. Ва Устоз – уни шундай деб аташарди – ўғлинг билан боришга қарор қилди. Аммо юзбоши тақводор, эътиқодли эди, Устознинг кўзига кўзи тушди-ю Худонинг Ўғли қаршисида турганлигини англади. Ана шу лаҳзада ўғлинг шундай сўзларни айтдики, улар асрлар оша унутилмай келаверади. У шундай деган эди:

«Эй Худойим, азиятчекма, менинг кулбамгақадам ранжида қилишингга арзимайман. Бир оғиз сўзинг кифоя, хизматкорим соғайиб кетади».

Алкимёгар отини жилдирди.

– Рўйи заминдаги ҳар бир одам, у нима билан шуғулланишидан қатъи назар, дунё тарихида энг асосий вазифани бажаради. Одатда буни ўзи ҳам билмайди.

Йигитча табассум қилди. Ҳаётнинг маъниси ҳақидаги саволлар бир чўпон учун қачондир шунчалик аҳамиятли бўлишини тасаввур ҳам қилмаганди.

– Алвидо, – деди Алкимёгар.

– Алвидо, – деди йигитча.

Сантяго саҳрода икки ярим соатдан ортиқроқ йўл босиб, қалби нима деса диққат билан қулоқ тутди. Хазина қаерда яширилганини унга қалби айтиб бериши лозим эди.

«Хазина қаерда бўлса, қалбинг ҳам ўша ерда бўлади», – деган эди унга Алкимёгар.

Аммо қалби унга бошқа ҳодисотлардан сўзлаётган эди. Икки маротаба кўрган тушини рўёбга чиқариш учун қўйларидан воз кечган чўпон йигитнинг тарихини фахр билан ҳикоя қилди. Қалбнинг ҳам Ўз Йўли мавжудлигини эслатди ва Йўлни босиб ўтганлар ҳақида – янги ўлкаларни кашф этишга отланганлар, гўзалмаликаларишқида дунё кезганлар, ўз замондошларининг тафаккур тарзига ва хурофий фикрларига қарши исён қилганлар ҳақидагапирарди. Убуюк кашфиётлар ҳақида, буюк ўзгаришлар ва буюк китоблар ҳақида сўзларди.

ФақатСантяго қум бархани нишаблигидан кўтарилаётганидагина қалби унга шивирлади:

«Диққат-эътиборингни жамла. Қаерга бориб йиғлаб юборсанг, кўзларингдан шашқатор ёшлар оқса – мен ҳам, хазинанг ҳам ўша ерда бўлади».

Йигитча жуда секинкўтарилиб борарди. Фалак деҳқони сепиб юборган юлдузлар аро тўлин ой кўринди – йигитчанинг саҳрога чиққанига роппа-роса бир ой бўлибди. Ойнинг жамолини ерга таърифлаётган нурлар барханлар аро ойдин қўшиқлар айтиб югурар, уларнинг сояларини рақсга чорлар ва саҳрони тўлқинланаётган денгиздек ҳаяжонга соларди. Сантяго Алкимёгар билан хайрлашиб, отнингжиловини бўйнига ташлаб, унга эрк берган кунини ёдга олди. Ой саҳро сукунатини ва хазина излаб чиққанлар ортга қолдирган йўлларни мангулик нурлари ила безарди.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, у тепаликка кўтарилди, ногаҳон юраги жон-жаҳди билан гупиллаб ура бошлади. Сантягонинг қаршисида оп-ойдин қумликлар ва ойнинг пурвиқор нурларига бурканган кўйи Миср эҳромлари маҳобат ила юксалиб турарди.

Сантяго Аллоҳнинг бу инояти ва марҳаматидан жамики узву аъзоси сурурга тўлиб тиз чўкди ва йиғлаб юборди. У Тақдирга ишонишни насиб қилгани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтар ва бу тақдир уни Маликсиддиқ билан, чинниворлар сотувчиси билан, инглиз ва Алкимёгар билан рўбарў қилгани, энг асосийси – саҳро қизи билан учраштиргани, бу қиз уни Севги инсонни ҳечқачон ўз йўлидан чалғитмаслигига ишонтиргани – ҳамма-ҳаммаси, Тангрининг хоҳиширодаси билан юз берганлигини ҳис этар ва беадад шукру санолар қилиб чарчамасди.

Миср эҳромлари ўз пойига бош уриб келиб-кетаётган миллионлаб бандаларқатори Сантягога ҳам минг йилликлар юксаклигидан виқор ила боқиб турарди. Агар хоҳласа, энди у воҳага қайтиши, Фотимага уйланиши ва қўйларини боқиб юриши мумкин эди. Умумбашар Тилини биладиган, қўрғошинни олтинга айлантира оладиган Алкимёгардай одам ҳам саҳрода яшайди-ку. Сантяго илму ҳунаримни кўрсатай, ақлу донишим мевалари билан ҳайратга солай деса, атрофида ҳеч ким йўқ: ҳолбуки, у ўз Тақдири Йўлида ўзига зарур бўлган ҳамма илму ҳунарни ўрганди, ниманики ҳис қилиб кўришни истаган бўлса эришди.

Лекин энгасосийси – уўз хазинасини излаётган эди, қачонки мақсад амалга ошсагина одам ниятига етган ҳисобланади. Сантяго ҳамон тепаликда тураркан, йиғидан ўзини тўхтатолмасди, ниҳоят пастга кўз ташлади ва кўз ёшлари томаётган жойда қўнғиз ўрмалаб бораётганини кўрди. Мисрликлар учун бу Аллоҳнинг рамзи эди – Сантяго саҳрода юравериб, буни яхши билиб олганди.

Демак, унга яна бир аломат намоён қилинди ва йигитчаерни ковлай бошлади. Лекин аввалига чинниворлар сотувчисининг гапларини эслади, кўриниб турибдики, у ҳақ эмас экан: бир умр тош устига тош терганда ҳам, ҳеч ким ўз ҳовлисида эҳром қуролмайди.

Сантяго Тақдири кўрсатган, Ўз Йўли кўрсатган, аломатлар кўрсатган, қалби кўрсатган жойнинг қумини туни билан ковлаб чиқди, лекин ҳеч нарса топа олмади. Дунё томошаларидан зериккан минг йилликлар эҳромлар чўққисидан сукут билан Сантягони кузатиб туришарди. Аммо у таслим бўлмади – қазаверди, қазаверди, шамол эса уни масхара қилгандек чуқурни қайта-қайта қумга тўлдирар, у эса қазишдан тўхтамасди. Қўллари қонаб кетди, танида мадори қолмади, лекин қалбининг: «Кўз ёши томган жойни изла», деган даъватига содиқ қолаверди.

Сантяго чуқурдан тошларни олиб ташлаётганда, ногаҳон қадам товушлари эшитилди. Сантяго ўгирилиб қаради ва одамларни кўрди – чуқурнинг оғзида ой нурига орқа қилиб турган одамларнинг юзларини ажрата олмади.

– Бу ерда нима қиляпсан? – деб сўради улардан бири.

Йигитча жавоб қилмади. Қўрқув бутун вужудини қамраб олди – энди унинг йўқотадиган нарсаси бор эди.

– Биз урушдан қочдик, – деди бошқаси. – Бизга пул керак. Бу ерда нима яширгансан?

– Ҳеч нарса яширганим йўқ, – жавоб қилди Сантяго.

Қочоқлардан бири уни чуқурдан тортиб олди, иккинчиси унинг чўнтакларини ковлаб чиқди ва қуйма олтин бўлагини топиб олди.

– Олтин, – деб бақириб юборди у.

Энди ой қароқчининг юзини ёритиб турарди ва Сантяго унинг кўзларида ўз ажалини кўрди.

– Чуқурда яна бўлса керак! – деди иккинчи қочоқ.

Улар Сантягони яна ковлашга мажбур қилишди, унинг бўйсунишдан ўзга иложи йўқ эди. Лекин хазина чиқмади ва улар Сантягони калтаклай бошлашди. Қароқчилар тонгнинг илк нурлари кўрингунга қадар уни калтаклашди. Кийимлари увада-увада бўлиб кетган Сантяго ўлим яқинлашганини ҳис қилди.

Алкимёгарнинг сўзлариёдига тушди: «Ўлиминг аниқ бўлгандан кейин пулнингсенга нима керагибор? Молдунё ажални бир дақиқага ҳам тўхтатиб туролмайди».

– Мен хазинани излаяпман, – деббақирди Сантяго.

У ёрилиб кетган, қон талашган лабларини зўрға қимирлатиб, қароқчиларга Миср эҳромлари ёнида яширилган хазинани икки бор тушида кўрганлигини айтди. Уларнинг кўринишидан тўдабошига ўхшагани узоқ жим қолди, сўнгра қўл остидагилардан бирига ўгирилиб, деди:

– Уни қўйиб юбор. Бошқа ҳеч нарсаси йўқ, бу олтинни эса қаердандир ўғирлагани аниқ.

Сантяго қулаб тушди. Тўдабоши унинг кўзларига қарамоқчи эди, аммо йигитча нигоҳларини эҳромлардан узмай ётарди.

– Кетдик бу ердан, – деди тўдабоши қолганларга, сўнгра Сантягога ўгирилди:

– Бунчаликаҳмоқ бўлмасликкераклигини тушуниб олишинг учун сени тирик қолдираман. Мен ҳам икки йил олдин худди мана шу сен турган жойдафақатбитта тушни бирнеча мартакўрганман. Тушимда гўё мен Испанияга йўл олишим керак эмиш, чўпонлар қўйлари билан кириб ётадиган, омбори ўрнида азим чинор қад ростлаган, вайрона черковни топишим лозим эмиш, лекин мен қандайдир туш кўрганлиги учун саҳрони кесиб ўтадиган аҳмоқлардан эмасман.

Ана шу сўзларни айтиб, қароқчилар жўнаб кетишди.

Сантяго машаққат билан ўрнидан турди ва сўнгги бор эҳромларга назар ташлади. Эҳромлар унга табассум ҳадя этишарди, Сантяго ҳам қалби бахтга лиммолим тўлганини ҳис қилгани ҳолда эҳромларга табассум қилди.

Сантяго ўз хазинасига муяссар бўлди.

ХОТИМА

Йигитчани Сантяго деб аташарди. У ярим вайрона, ташландиқ черковга етиб келганида, дунё ҳокимлигини тун ўзқўлига олган эди. Ибодатхона гумбази ёриқларидан худди аввалгидай юлдузлар мўралашар, омбор ўрнини эгаллаган чинор ҳамон мағрур шовуллаб турарди. Бир сафар ўз қўйлари билан шу ерда тунаганлигини эслади, ўшанда кўрган тушини ҳисобга олмаганда, тун жуда осойишта ўтган эди.

Энди у яна шу ерда, лекинбу сафар қўйларини ҳайдаб келгани йўқ. Қўлида белкурак билан келган эди.

У узоқ вақт нигоҳларини осмондан узмай турди, сўнгра қопчиғидан шишада мусаллас чиқарди ва бир қултум ҳўплади. Саҳрода бир куни тунда худди шундай юлдузларга термулганини ва Алкимёгар билан мусаллас ичганини эслади. Қанчадан-қанча йўллар ортда қолганини ва Худо унга илоҳий бир мўъжиза ила хазинани кўрсатгани ҳақида хаёл сурди.

Мабодо у тушларга ишонмаганда, лўли кампирни ҳам, Маликсиддиқни ҳам, қароқчиларни ҳам… учратмаган бўларди.

«Буларнинг рўйхати жуда узун. Аммо Йўл аломатлар билан белгилаб қўйилган экан, шунинг учун ҳам адашиб кетмадим», – деб ўйлади у.

Уйқу оғушига олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Уйғонганда Қуёш аллақачон тиккага келиб, уни томоша қилаётганди. Сантяго чинорнинг илдизлари остини кавлай бошлади.

«Қари жодугар, – У Алкимёгарни ёзғира бошлади, – сен ҳаммасини олдиндан билгансан. Ҳатто олтин қуймасинингиккинчи бўлагини мен қайтиб боришим учун руҳонийга қолдирдинг. Кийимларим ва аҳволимни дабдала ҳолда кўриб, руҳоний устимдан кулди. Мени бу азоблардан халос қила олмасмидинг?»

«Йўқ, – шамол эпкини аро овоз эшитилди. – Сени огоҳлантирганимда эди, эҳромларни кўра олмасдинг. Улар нақадар гўзал, шундай эмасми?»

Бу шубҳасиз, Алкимёгарнинг овози эди. Йигитча кулиб қўйди ва қазишда давом этди. Ярим соатдан сўнг белкурак қаттиқ бир нарсага тегди, бир соатлар ўтиб, Сантягонинг қаршисида қадимий олтин тангалар билан лиммо-лим сандиқ турарди. Сандиқда яна қимматбаҳо тошлар, оқ ва қизил патлар билан безалган олтин ниқоблар, гавҳартошлар билан нақшланган тош санамлар ҳам беҳисоб бўлиб, улар – мамлакат аллақачон унутган жангу жадалларнинг ўлжалари, эгалари фарзандларига ҳам васият қилмаган бойликлар эди.

Сантяго қопчиғидан Урим ва Туммимни чиқарди. Улар Сантягога фақат бир маротаба – бозорда, тонг чоғи асқотган эди холос: ҳаёт уларсиз ҳам ўзининг ишончли аломатлари ила унга ёрдам бериб келди.

У тошларни сандиққа солди –булар ҳам Сантяго хазинасининг бир қисми: тошлар энди у ҳеч қайтиб кўролмайдиган қари шоҳни эслатиб туради.

«Ўз Тақдири Йўлидан бораётганларга ҳаёт ҳақиқатан ҳам ўз хайру саховатини аямайди, – деб ўйлади у ва Тарифга бориб, лўли кампирга хазинанинг ўндан бир қисмини бериш кераклигини эслади. – Лўлилар нақадар доно халқ! Оламни бетиним кезиб юришлари туфайли шундай бўлишса керак».

Сантяго яна шамол эпкинини ҳис қилди. Бу Африкадан эсиб келган «левантин» шамоли бўлса эҳтимол, аммо бу сафар у саҳро ҳидини олиб келгани йўқ, қора танлилар босқини ҳақида огоҳлантираётгани ҳам йўқ. Сантяго шамол қанотларидаги хуш бўйни, овоз ва таъмни ажрата олди, улар оҳиста сузиб келиб, ниҳоят лабларига бўса бўлиб қўнди.

Йигитча жилмайди: бу – Фотиманинг илк бўсаси эди.

– Мен боряпман, – деди у, – ёнингга боряпман, Фотима!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации