Читать книгу "Алкимёгар. Дунё адабиёти хазинаси"
Кимдир унинг биқинига туртгач, уйғониб кетди. Сантяго қоқ ўртасида тунаган бозорга яна жон кирган эди.
Одатича қўйларини излаб атрофга аланглаган Сантягонинг уйқуси батамом ўчди ва ўзининг янги дунёда эканлигини эслади, лекин бундан ғамгин бўлмади, у бахтли эди. Энди қорин тўйдираман, деб сандироқламайди – у хазиналар томон йўл олади!Чўнтагида бир чақа ҳам йўқ, аммо бунинг ўрнига ҳаётга ишонч бор. Кеча тунда у ўзига саргузаштлар изловчиси тақдирини танлади: укитобларда ўқиганқаҳрамонларга ўхшаган бўлади.
Йигитча сокин қадамлар билан майдонни айланиб ўта бошлади. Сотувчилар дўконлари ва пештахталарини очишарди, у ширинликларсотувчисига пештахтасини қўйиш ва молларни ёйишга ёрдамлашди.
Ширинликлар сотувчиси жилмайди: у мамнун эди, чунки нима учун яшаётганлигини яхши биларди, шунинг учун ҳам янги меҳнат кунига қувонч билан тайёргарлик кўрарди. Унинг табассуми йигитчага қариянинг – сирли шоҳ Маликсиддиқнинг табассумини эслатди.
«У ширинликларни дунё кезиш учун ёки мовутчининг қизига уйланиш учун пишираётгани йўқ. Унга ўз машғулоти ёқади», – деб ўйлади йигитча ва ўша қарияга ўхшаб бир қарашдаёқ одамнинг ўз йўлига нақадар яқин ёки узоқ эканлигини аниқлаш мумкинлигини ҳам англади.
«Бу шунчалик оддийки, илгарилари мен буни нега тушунмаган эканман?»
Соябонни тортиб ўрнатишгач, қандолатчи унга биринчи пиширилган бўғирсоқдан тутди. Сантяго уни иштаҳа билан еди, миннатдорчилик билдирди ва йўлига равона бўлди. Шу пайт, ногаҳон англаб қолди, ахир, улар соябонни ўрнатаётганда қандолатчи арабча гапирди-ку, у эса – испанча, лекин икковлари ҳам бир-бирларини тушунишди.
«Демак, шундай бир тил борки, у сўзларга боғлиқ эмас, – деб ўйлади у. – Мен шу тилда қўйларим билан гаплашардим, мана энди одамда ҳам синаб кўрдим».
«Борлиқ бир бутунликдир», – қария шундай деган эди. Сантяго аломатларни назардан қочирмаслик учун Танжер кўчаларини шошилмасдан айланиб чиқишга аҳд қилди. Бу сабру тоқатни талаб қиларди, сабру тоқат ҳарбир чўпоннингэнг биринчиўрганадиган хайрли амалидир. Ва яна йигитча қўйлардан ўрганганлари ҳам, бу янги дунёда унга албатта асқотиши ҳақида ўйлади.
«Борлиқ бир бутунликдир», – Маликсиддиқнинг сўзлари яна эсига тушди.
Чинниворлар сотувчиси ҳар тонг уни қамраб оладиган маҳзунлик ила яна бир янги куннинг оламга ёйилишини кузатиб ўтирарди. Ана шу тору танг кўчадаги, харидор камдан-кам бош суқадиган дўкончада ўтирганига ҳам, мана, ўттиз йил бўлибди. Энди ҳаётида бирор бир нарсани ўзгартиришнинг ҳам мавриди ўтди, унинг бутун билган касби-кори шу – биллур идишлар (чинниворлар) сотиш. Вақти замонида бу дўкончадан пулдор араб савдогарлари, инглиз ва француз кончилари, олмон аскарларининг қадами узилмасди. Ўша пайтларда чинниворлар билан савдо қилишэнг сердаромад иш эди. У бойиб кетишни, ёши бир жойга етганда, гўзал хотинлари атрофида парвона бўлиб, ҳаётини безашини орзу қиларди.
Лекин замонлар ўзгарди, шаҳар ҳам аввалги шаҳар эмас. Танжер яқинидаги Сеута шаҳри жуда тез ривожланди ва савдо маркази ҳам ўша ёққа кўчди. Ҳамсоя савдогарлар кўчиб кетишди, фақат қуйироқда бир неча дўконча қолди, холос, харидорлар эса бу дўконларга кириш учун тоққа чиқишдан эринишарди.
Аммо чинниворлар сотувчисининг шу ерда қолишдан ўзга чораси йўқ эди. Ўттиз йил чиннивор олиб сотиш билан шуғулланди, энди ҳаётини ўзгартиришга вақт ўтган эди.
Эрталабки фурсати яккам-дуккам йўловчиларни кузатиб ўтириш билан ўтди. Унга бу манзара ҳам, бу кўчадан ўтувчиларнинг ҳаёти ҳам кўп йиллардан буён беш қўлдай маълум эди. Тушликка яқин дўкон ойнаси ёнида яхши кийинган ёшгина бир йигитча тўхтади. Унинг бу ерлик эмаслиги кўриниб турарди. Чинниворлар сотувчисининг бунақаларни кўравериб кўзи пишиб кетган, бир қарашдаёқ йигитчанинг пули йўқлигини билди. Шунга қарамасдан, йигитча кетгунча тушликка сабр қилиб туришга қарор қилди. Дўкон эшигига бу ерда чет тилларда ҳам гапиравериш мумкинлиги ҳақида ёзиб қўйилган эди. Сантяго дўкон хўжайини пештахта ёнига келганини кўрди.
– Мана бу пиёлаларни ювиб беришимни хоҳлайсизми? – деб сўради йигитча. – Бундай аҳволда уни ҳеч ким сотиб олмайди.
Хўжайин жавоб бермади.
– Эвазига менга бирор бир егулик берарсиз.
Хўжайин миқэтмай йигитчага тикилиб тураверди. Сантяго қатъийҳаракат қилмаса бўлмаслигини тушунди. Унинг қопчиғида камзули бор эди – барибир саҳрода кераги бўлмайди. Камзулини олиб пиёлаларни артишга киришди. Ярим соатдан сўнг ярқираб-яшнаб кетди, худди шу пайт икки киши кирди-да, биллур буюмлардан харид қилди.
Сантяго ишини тугатиб, хўжайиндан егулик сўради.
– Қани, юрақол мен билан, – деди у.
Сўнгра эшикка «Тушлик вақти» деган қоғозни осиб, Сантягони кўчанинг юқорисидаги кичкина ошхонага бошлади. Улар тамаддихонадаги яккаю ягона ўриндиқни эгаллашди.
Чинниворларсотувчиси кулди:
– Идишларни тозалашингнингҳам ҳожати йўқ эди. Қуръони каримда оч одамни тўйдириш буюрилган.
– Унда нега мени тўхтатмадингиз?
– Чунки пиёлалар кир бўлиб кетганди. Иккаламиз ҳам миямизни ифлос нарсалардан поклашимиз лозим эди.
Овқатланиб бўлишгач:
– Дўконимда ишлашингни истар эдим. Бугун сен биллур пиёлаларни тозалаётганингда иккита харидор келди – бу яхши аломат, – деди у.
«Одамлар аломатлар ҳақида кўп гапиришади, – деб ўйлади чўпон, – аммо нима ҳақда гапиришаётганларини ўзлари англашмайди. Ўзим ҳам ҳеч нарсадан хабарим йўқ, шунча йил қўйларим билан сўзсиз тилда гаплашдим-ку».
– Хўш, нима қилдинг? – сотувчи айтганидан қолмасди. – Меникида ишлашга розимисан?
– Тонггача бутун молингизни ювиб бераман, – деб жавоб қилди йигитча. – Сиз эса бунинг эвазига Мисрга етиб боришим учун пул берасиз.
Қария яна кулди.
– Эҳ-э, бунақа йўлга… Мабодо сен йил бўйи дўконимдаги чинниворларни ювганингда ҳам ва сотилган ҳар бир идишдан ўз улушингни олганингда ҳам, барибир, қарз кўтаришга мажбур бўласан. Танжер билан Мисрнинг ораси – минг-минг чақирим саҳро.
Бир лаҳза шундай сукунат чўкдики, гўё бутун шаҳар уйқуга чўмгандай эди. Бозорлар, молини мақтаётган савдогарлар, минорага чиқиб ибодатга чорлаётган одамлар, ўймакор дастали шамширлар ғойиб бўлди. Орзу-умидлар ва саргузаштлар, нуроний шоҳ ва танланган Йўл, хазина ва эҳромлар қаёққадир изсиз сингиб кетди. Бутун дунёга сукунат ҳоким эди, чунки Сантягонингқалби тилдан қолган, гўё руҳи уни тарк этган эди. У на оғриқни, на азобни, на умидсизликни ҳис этар, маънисиз қотиб қолган нигоҳларини тамаддихонанинг эшикларига тиккан кўйи ҳамма нарса батамом тугашини ва шу лаҳзада ўлиб қолишнигина истарди, холос. Сотувчи қошларини кўтариб, унга ҳайрон тикилди – ҳалигина, эрталаб бу бола бахтиёр эди, шекилли. Энди эса юзида ғамангиз булутлар: шодликдан асар ҳам қолмаган.
– Ўғлим, ватанингга қайтишинг учун сенга пул беришим мумкин, – деди сотувчи.
Йигитча жавоб қайтармади. Сўнгра ўрнидан турди, эгнидаги кийимини тўғрилаб, қопчиғини қўлтиғига қисди-да:
– Мен сизникида ишлашга қоламан, – деди.
Бироз жимликдан сўнг қўшиб қўйди:
– Менга пул керак, уч-тўртта бўлса ҳам қўй сотиб олмоқчиман.
ИККИНЧИ ҚИСМ
Ёвузлик инсон оғзига кираётган нарсадан эмас, чиқаётган нарсадан туғилади.
Ўзганинг тақдирига аралашганлар ўз Тақдиридан мосуво бўлади.
Одамзод руҳининг қуввати нигоҳида бўлади.
Хазина қаерда бўлса, қалбинг ҳам ўша ерда.
Сантяго дўконда қарийб бир ой ишлади, лекин бу янги юмуш унга жуда ёқиб тушди, деб бўлмайди. Чинниворлар сотувчиси ҳар кун пештахта ортида ўтирар, йигитчага буюмларга эҳтиёт бўлишни таъкидлаб минғирлагани-минғирлаган эди.
Аммо ишни ташлаб кетишга ҳожат йўқ эди, чунки сотувчи эзма бўлса ҳам, ҳалол, гапида турадиганлардан экан: Сантяго сотилган ҳар бир буюмдан ўз улушини мунтазам олиб турди, ҳатто уч-тўрт танга йиғиб ҳам қўйди. Лекин бир куни ўз жамғармасини сарҳисоб қилса, мўлжаллаган қўйини сотиб олиш учун яна шунча йиғиши ва бунинг учун яна бир йил ишлашига тўғри келар экан.
– Кўчма пештахта ясаб, устига буюмлардан намуналар териб қўйсак нима қилади? – деди у хўжайинга. – Йўловчиларнинг эътиборини тортиш учун уни дўконга кираверишга қўйиб қўярдик.
– Биз шу пайтгача ҳеч қанақа кўчма пештахтасиз яшадик, – деди у. – Ўткинчилардан бирортаси туртиб юборади-да, кейин чинниворларим чилпарчин бўлади.
– Мен қўйларимни яйловга олиб тушганимда, улар ҳам бирорта илоннибосиб олишива илон чақиб, ҳаром ўлиши мумкин эди. Лекин чўпон билан қўйларнинг ҳаёти шу – таваккал.
Сотувчи бу вақтда учта қадаҳ сотиб олмоқчи бўлаётган харидорлар билан овора эди. Кейинги пайтларда савдо авжига чиққан, худди бутун Танжердан харидорлар оқиб келган замонлар қайтгандай эди.
– Ишлар ёмонмас, – деди у харидорлар кетгач. – Етарлича даромад қилаяпман, ҳадемай сенга янги бир сурув сотиб олишга етадиган пул бераман. Сенга нима етишмаяпти?
Ҳаётдан ортиқча нарса талаб қилишнингнима кераги бор?
– Шунинг учунки, аломатларнинг изидан бориш керак, бу сўз йигитчанинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди ва дарҳол айтганига пушаймон бўлди: ахир, Сотувчи шоҳга ҳеч қачон дуч келмаган-ку.
«Бу Хайрли Ибтидо дейилади, – қариянинг сўзлари ёдига тушди. – Бошловчиларнинг омади келади. Ҳаёт ҳар доим, инсон ўз Тақдирининг йўлидан боришини хоҳлайди».
Хўжайин эса бу вақтда Сантяго айтган гапнинг мағзини чақишбилан овора эди. Йигитчанингдўконга келишининг ўзи бир яхшилик аломати бўлганлиги кундай равшан – пул дарёдай оқиб келарди, бу испан йигитчани ёллаганига ҳечқачон афсусланмайди. Тўғри, у меҳнатигакўра кўпроқпулолаяпти, ҳечқиси йўқ– чинниворлар сотувчиси савдонинг бундай юришиб кетиши мумкинлигини ўйламай, каттароқ улуш белгилаб қўйганди. Сотувчига йигитчанинг ўз қўйлари ёнига қайтадиган фурсати яқин қолгандай туюларди.
– Эҳромлар сенга нимага керак бўлиб қолганди ўзи? – мавзуни ўзгартириш учун сўради у.
– Менга улар ҳақида кўп гапириб беришган, шунинг учун… – деб жавоб берди Сантяго.
Хазина унинг учун аламли хотирага айланиб қолганди ва улар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиларди, шунинг учун ҳам кўрган тушини хўжайинга айтиб ўтирмади.
– Бор-йўғи, эҳромларга бир қараш учун саҳрони кесиб ўтишни хоҳлаётган одамни умримда биринчи кўришим. Эҳромлар дегани, бу – бир уюм тош-да. Унақасини сен ўзинг ҳам ҳовлида қуриб олишинг мумкин.
– Узоқ сафарлар, саргузаштлар ҳеч қачон тушингизга кирмагани шундоқ кўриниб турибди, – деб жавоб берди Сантяго ва навбатдаги харидорни кутиб олгани чиқди.
Орадан икки кун ўтиб, кўчма пештахта ҳақидаги гапни хўжайиннинг ўзи қўзғаб қолди.
– Мен янгиликни хуш кўрмайман, – деди у. – Мен Ҳасанга ўхшаган бой эмасман, у хато қилиб қўйишдан қўрқмайди – бунақа ишда у кўп нарса йўқотмайди. Сен билан менга ўхшаган одамлар эса ўз хатолари учун бир умр товон тўлайдилар.
«Тўғри», – деб ўйлади йигитча.
– Мана энди гапир, сенга нима зарурати бор бу пештахтанинг? – деди хўжайин ўз гапидан қолмай.
– Мен иложи борича тезроқ ўз қўйларим ёнига қайтмоқчиман. Модомики, омад ҳозир бизгакулиб боқаётган экан, этагидан маҳкам тутиб қолиш керак, омад бизга қандай ёрдам бераётган бўлса, унга ҳам шундай ёрдам қилиш учун қўлдан нимаики келса қилиш лозим. Буни Хайрли Ибтидо, деб бежиз айтишмаган, ахир. Доим бошловчиларнинг омади келишини унутманг.
Қария бир зум сукут сақлагач, жавоб қилди:
– Пайғамбаримиз Қуръони каримга ва ҳаётимиз давомида мусулмончиликнинг беш фарзига амал қилмоққа даъват этганлар. Энг асосийси, Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига имон келтириш. Кейингилари – бир кунда беш вақт намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, муҳтожларга шафқатли бўлиш ва закот бериш…
У яна жим бўлиб қолди. Пайғамбарни ёдга олиши билан кўзларига ёш келди. Гарчи у жонсарак, қизиққон ва бесабр одам бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом буйруқларини ўринлатган ҳолда умргузаронлик қиларди.
– Бешинчи фарзни айтмадингиз, униси нима? – сўради Сантяго.
– Ўтган куни сен менга, узоқ сафарлар ҳақида ҳеч қачон туш кўрмагандирсиз, дединг. Бўлмаса эшит, бешинчи фарз – ҳар бир мўмин мусулмоннинг ҳаж зиёратини амалга ошириши.
Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида ҳеч бўлмаганда бир марта муқаддас Макка шаҳрига ҳажга боришимиз лозим. У шаҳарсенинг эҳромларингдан анча олисда. Ёшлигимда, қўлимга уч-тўрт танга пул тушганда, ҳажга жўнашдан кўра мана шу дўконни сотиб олишни афзал кўрдим. Бойиб мол-дунё орттираман-да, ана ундан сўнг Маккага жўнайман, деб хаёл қилдим. Пулим ҳам кўпайди, лекин энди мен ҳеч кимга савдони ишониб топширолмасдим, чунки молларим нозик эди. Ва ҳар куни дўконим ёнидан ўтаётган, ҳажга кетаётган зиёратчиларни кузатардим: уларнингорасида бойбадавлатлари ҳам бор эди – изидан ўнлаб хизматкорлар, бутун бошли туялар карвони борарди – лекин асосий қисми мендан кўра камбағалроқ одамлар эди.
Сўнгра уларнинг бениҳоя бахтиёр ва мамнун ҳолда ҳаждан қайтишларини, эшикларига ҳожилик белгисини ўрнатиб қўйишларини ҳам кўрардим. Ўшалардан биттаси – эски калишларни ямаб кун кўрадиган ямоқчи айтиб берди: саҳронинг ўртасидан қарийб бир йилюрибди, лекин сира чарчамабди, ўзимизнинг Танжердаги қўшни маҳалладан тери олиб келишга борганда, ана шундан кўпроқ чарчар экан.
Энди сенга келсак, мана, эҳромларникўришни ният қилиб юрибсан, ўз орзуинг амалга ошишини иштиёқ билан кутаяпсан, мени ўзингга қиёслама.
Мен фақат Макка ҳақида орзу қилишнигина истайман. Саҳрони пою пиёда босиб ўтишимни, муқаддас тош турган майдонга кириб боришимни, унинг атрофидан етти бор зиёрат қилиб айланишимни ва ана шундан кейин қўлларимни теккизишимни минглаб маротаба кўз олдимга келтирганман. Атрофимда қанча одамзод бўлишини ва менинг овозим ҳам умумий зикру сано садоларига сингиб кетишини ҳар сафар ҳузурланиб тасаввур қиламан. Лекин мен тасаввуримдагидан ўзгача бўлган бирор бир нарсадан ҳафсалам пир бўлишидан қўрқаман ва шунинг учун ҳам фақат орзу қилишни афзал кўраман.
Ўша куни у Сантягога кўчма пештахта ясашга рухсатберди. Ҳар кимнингорзуси бошқа, кўрадиган туши бошқа.
Орадан яна икки ой ўтди – кўчма пештахтанинг шарофати билан дўкончага харидорлар ёғилиб кетди. Сантяго хомчўт қилиб кўрди: агар иш шу зайлда кетаверса, ярим йилдан сўнг Испанияга қайтиши ва олтмиш бош эмас, икки ҳисса кўпроқ қўй сотиб олиши мумкин бўлар экан. Қарабсизки, бир йил ўтмай сурувини яна икки баробар кўпайтиради, ана ундан кейин араблар билан бемалол савдо-сотиқ қилаверади, уларнинг тилини ҳам оз-моз ўрганиб олди. У бозорда юз берган ўша воқеадан буён ҳозиржавоб тошлар – Урим ва Туммим учун қопчиғига қўл суқмай қўйган эди, чунки Миср энди унинг учун ушалмайдиган орзуга айланганди, худди Маккаи мукаррама хўжайинининг армони бўлгани каби. У ўзининг ишларидан хурсанд, доим Тариф бандаргоҳига кемадан ғолибона тушиб келишини тасаввур қилгани-қилган эди.
«Ёдингда тут, нимани хоҳлаганингни доим аниқ билишинг керак», – деганди Маликсиддиқ.
Йигитча эса энди буни биларди. Ана шу мақсадига эришиш учун ҳам тинимсиз ишларди. Балки бегона юртга бориб қолиш, у ерда фирибгарга дучор бўлиш, алалоқибат бир чақа ҳам сарфламай сурувини икки ҳисса кўпайтириб олиш тақдири азалига битиб қўйилгандир?
Сантяго ўзидан мамнун, кўкси ғурурга тўла эди. У кўп нарсани ўрганди: чинниворлар билан савдо қилишнинг ҳадисини олди, сўзсиз тилда гаплаша олади ва ҳар қандай аломатнинг сирини билади. Бир куни у қандайдир харидорнинг: «Шунча баландликка чиқиб келдик, бу ерда на бир ўтирадиган жой, на бир чанқоғингни қондирадиган нарса бор», – деб зорланаётганини эшитиб қолди. Сантяго бу аломат эканлигини дарҳол пайқади ва хўжайинга:
– Тоққа чиқиб келаётганларга чой сотсак қандай бўлади? – деди.
– Катта янгилик, ўйлаб кўрса бўлади, – жавоб берди у.
– Чойни эса биллур пиёлаларга қуйиб берамиз. Одамлар ҳузур қилади, қарабсизки, чинниворлардан сотиб олишни ҳам хоҳлаб қолишади. Одамлар кўпинча чиройли нарсаларга ўч бўлишади.
Хўжайин жавоб қилмади, лекин Сантягога мамнуният билан узоқ тикилиб қолди. У кечга яқин навбатдаги ибодатини адо этгач, дўконни ёпди ва тошйўлкада Сантягога рўбарў ўтириб олиб, унга чилим узатди. Деярли ҳамма араблар ажойиб, узун найчали чилим чекарди.
– Менга тушунтир, сен ўзи нимага эришмоқчисан? – сўради у йигитчадан.
– Биласиз-ку, уйимга қайтмоқчиман, кўп қўй сотиб олмоқчиман. Бунинг учун менга пул керак.
Қария чилимнинг қўрхонасидаги чўғларни қўзғаб қўйди ва тутунни ичига чуқур тортди.
– Ана шу дўконни очганимга ўттиз йил бўлди. Асл биллурни ёмонидан ажрата оламан, савдо-сотиқнинг нозик томонларини беш қўлдай биламан. Ишимнинг маромидан хурсандман ва уни кенгайтиришни ҳам хоҳламайман. Харидорларга биллур пиёлаларда чой тутмоқчисан, биламан, ҳақиқатан ҳам даромадимиз ошади; ҳамма нарсани ўзгартиришга тўғри келади.
– Бунинг нимаси ёмон?
– Мен қандай яшаётган бўлсам, шундай яшашга кўникканман. Сен келмасингдан аввал тез-тез шундай хаёлларга борардим: умр ўтиб бораяпти, мен бир жойда ўтириб қолдим, атрофимдаги дўстларим қаёқларгадир кетишяпти, яна қайтиб келишяпти, касодга учрашяпти, яна бойиб кетишяпти. Ана шулар ҳақида чуқур бир ҳасрат билан ўйлардим. Энди тушуниб қолдим, менинг дўконим менинг эҳтиёжимга, менингхоҳишимга яраша экан. Мен янгилик изламайман ва бу қандай қилинишини ҳам билмайман. Мен ўз ҳолимга, ўзлигимга жудаям кўникканман.
Йигитча жавоб беришга сўз тополмай қолди. Қария давом этди:
– Сени эса Худойим менга атайлаб юборгандай бўлди. Мен бугун бошқа нарсани тушундим: агар Аллоҳнинг марҳаматини қабул қилмасанг, у лаънатга айланар экан. Менинг ҳаётдан бошқа умидворлигим йўқ, сен эса мени мен учун мавҳум бир келажак сари юришга мажбур қиляпсан. Мен эса номаълум кенгликларга, ўзимнинг келажакдаги беқиёс имкониятларимга қараяпман, англаяпман ва ўзимни аввалгидан ҳам ожизроқ, ёмонроқ ҳис қиляпман. Ҳолбуки, энди мен жуда кўп нарсага эришишим мумкинлигини биламан, лекин менга бунинг кераги йўқ.
«Яхшиямки, маккабодроқ сотувчисига ҳам бирор нарса демаган эканман», – деб ўйлади Сантяго.
Яна анча фурсатуларчилим чекиб ўтиришди. Қуёш ётоғига бош қўйди. Хўжайин ва Сантяго арабча гаплашиб ўтиришарди – йигитча бу тилни ўрганиб олганидан мамнун эди. Илгарилари, у бутунлайбошқача ҳаёт кечириб юрганида, унга қўйлар оламдаги ҳамма сирсиноатларни билиб олишга қодирдай туюлар эди. Лекин, мана бу араб тилини ҳечқачон ўрганишолмайди.
«Улар ўрганишдан ожиз бўлган яна нималардир бўлишикерак, – хўжайинга жимгина тикилганча ўйлади у. – Ҳолбуки, улар емиш ва сув излаб топишни билишади, холос. Қолаверса, биладиганлариниҳам ўзлари ўрганишмаган – уларни мен ўргатганман».
– Мактуб, – деди узоқ жимликдан сўнг чинниворлар сотувчиси.
– Бу нима дегани?
– Бунинг асл маъносини билиш учун араб бўлиб туғилиш керак, – жавоб қилди у. – Лекин тахминий маъноси – «шундай битилган».
Сўнгра чилимнинг қўрхонасидаги чўғларни ўчирар экан, Сантяго эртадан бошлаб биллур пиёлаларда чой сотиши мумкинлигини айтиб қўйди. Ҳаёт дарёсини тўхтатиш мумкин эмас.
Одамлар тоққа тикка кўтарилиб келишар ва энг тепада ушбу дўконча, чиройли биллурпиёлаларда яхна ва оромбахшчой уларни кутиб турарди. Қандай қилиб дўконга кирмаслик, хушбўй чойдан ичмаслик мумкин?!
Бир харидор биллур пиёлалардан бир нечтасини сотиб олар экан: «Бунақа нарсалар хотинимнинг хаёлига ҳам келмайди!» – деди. Шу кеча уникига келадиган меҳмонларни ажойиб пиёлалар билан тонг қолдирмоқчи экан.
Бошқаси эса биллур пиёладан ичганда чой янада хуштаъм бўлишини, хушбўйлигини ҳам кўпроқ сақлашини уқтирарди.
Учинчиси эса Шарқда қадим-қадимдан чойни биллурпиёлаларда ичишганини, чунки унинг сеҳрли кучи борлигини эсларди.
Кўп ўтмай ушбу кашфиётдан ҳамма хабар топди ва бу баландликка одам оқиб кела бошлади, уларнинг чиннифурушликдай эски ҳунарга яна нима янгилик қўшиш мумкин эканлигини ўз кўзлари билан кўргилари келарди. Харидорларга биллур пиёлаларда чой тутадиган бошқа дўконлар ҳам пайдо бўлди, лекин улар бўм-бўш эди, чунки уларга машаққат билан чиқиб борилмасди.
Кўп ўтмай дўконга яна иккита ёрдамчи олишга тўғри келди. Энди бу ерда фақат чинниворлар савдосигина бўлмасди, балки ҳар куни юзлаб келадиган янгиликка ташна мижозларга ҳадсиз-ҳисобсиз чой ҳам сотиларди.
Ана шу тахлит ярим йил ўтди.
Йигитча уйғонганда ҳали қуёш чиқмаган эди. Бу тун унинг Африка заминига қадам босганига ўн бир ой-у тўққиз кун бўлди.
У атайлаб ана шу кун учун олиб қўйилган арабча оқ яктакни кийди, бошига рўмол ташлаб, уни туя терисидан қилинган ҳалқа билан маҳкамлади, шиппагини оёғига илиб, овоз чиқармай пастга тушди.
Шаҳар ҳали уйқуда эди. Сантяго мураббо билан бир бурда нон еди, биллур пиёлада қайноқчой ичди, сўнгра дўкон бўсағасида ўтириб, чилим чекди.
У бутунлай ёлғизликда, хаёл ва фикрдан ҳам холи, саҳро ҳидини олиб келаётган шамолнинг бир маромда гувиллашига қулоқ тутиб, чекиб ўтирарди.
Унинг бармоқлари бирдаста пулни бетиним ғижимлар – бу пуллар ўз юртига қайтиб кетиш учун чипта олишга ҳам, юз йигирмата қўйга ҳам, ўзи келиб қолган мамлакат билан Испания ўртасида савдо қилишга рухсатнома сотиб олишга ҳам етарди.
Сантяго хўжайиннингуйғонишини вадўконни очишини сабр-тоқат билан кутди. Сўнгра улар биргаликда яна чой ичишди.
– Бугун мен кетаман, – деди йигитча. – Менинг қўй сотиб олишимга ҳам, сизнинг Маккага жўнашингизга ҳам энди маблағ етарли.
Хўжайиндан садо чиқмади.
– Мени дуо қилинг, – деди Сантяго қатъийроқ қилиб. – Сиздан кўп яхшилик кўрдим.
Қария бир сўз демасдан чойни шопиришда давом этарди. Ниҳоят у йигитчага ўгирилди.
– Сен бнлан фахрланаман. Дўконимга янги ҳаёт олиб кирдинг. Лекин билиб қўй: мен Маккаи мукаррамага бормайман. Яна шуни ҳам билиб қўйки, сен ҳам ҳеч қачон қўй сотиб олмайсан.
– Ким айтди сизга буларни? – ҳайратланиб сўради Сантяго.
– Мактуб, – чинниворларсотувчи қария бошқа сўз айтмади.
Ва йигитчага оқ фотиҳа берди.