Читать книгу "Алкимёгар. Дунё адабиёти хазинаси"
Бу китоблар ғалати эди.
Уларда симоб ва тузлар, шоҳлар ва аждарҳолар ҳақида гап борарди, аммо Сантяго не чоғли уринмасин ҳеч нарсани тушунмасди. Аммо-лекин барча китобларда мудом такрорлангувчи бир фикр унга аён бўлди: оламдаги жамики нимарсалар – якка-ю ягона нарсанинг турфа кўринишлари экан.
Китобларнинг биридан у шуни билиб олдики – алкимё ҳақидаги энг асосий маълумот – Зумрад Тошнинг юзига ўйилган борйўғи бирнеча сатрёзувда экан.
– Бу «Зумрад Лавҳ» деб аталади, – деди унга инглиз ўз йўлдошига ниманидир ўргата олишидан мағрур ҳолда.
– У ҳолда шунча китобга не ҳожат?
– Бу китоблар ўша бир неча сатрнинг нима эканлигини англаш учун, – деди инглиз ишончсизроқ оҳангда.
Машҳур алкимёгарлар ҳақидаги китоб Сантягони ҳаммасидан ҳам кўпроқ қизиқтириб қолди. Алкимёгарлар бутун умрларини ўз тажрибахоналарида маъданларни тозалашга бағишлаган одамлар экан: улар бирор бир маъданга узоқ йиллар бетиним ишлов берилаверса, охир-оқибат фақат ўзигагина хос бўлган хусусиятни йўқотиб, Олам Руҳига қўшилиб кетишига қаттиқишонар эди. Ана шундан сўнг олимлар ер юзидаги жамики нарсаларнинг ўзаро гаплаша оладиган умумий тили – Олам Руҳини англашар, асл моҳиятига етишар эканлар. Улар ушбу кашфиётни – икки хил: қаттиқ ва суюқ унсурдан иборат – Буюк Яратувчилик, деб аташар экан.
– Бу тилни эгаллаш учун одамларни ва аломатларни ўрганишнинг ўзи кифоя қилмайдими? – сўради Сантяго.
– Сенга қолса ҳамма нарса оддийгина бита қолса! – инглизнинг аччиғи келди. – Алкимё бу ўта жиддий фан. Бу фан қўйиладиган ҳар битта қадамнинг донишмандлар таълимотига мос бўлишини талаб қилади.
Йигитча Буюк Яратувчиликнинг ўша суюқ унсури – Боқийлик ал-Иксири деб аталишини ва у барча касалликларга даво эканлигини ҳамда Алкимёгарнинг умрини узайтиришини билиб олди. Қаттиқ унсур эса – Ҳикмат Тоши экан.
– Унга етишиш осон эмас, – деди инглиз. – Алкимёгарлар маъданнинг қандай тозаланишини кузатиб, ўз тажрибахоналарида йиллаб қадалиб ўтирадилар. Улар умрларида оловга шунчалик кўп ва узоқ тикиладиларки ва бир муборак кунда англайдиларки, маъданни тозалаш жараёнида ўзларини ҳам тозалабдилар – қалблари покланибди.
Сантяго чинниворлар сотувчисининг: «Биллур идишларни юваётиб қалбинг ҳам кирлардан тозаланади», деган гапини эслади. Кундалик ҳаётнинг ўзидан ҳам алкимёни ўрганиш мумкинлигига тобора йигитчанинг ишончи комил бўлиб борарди.
– Бундан ташқари, – деб давом этди инглиз, – Ҳикмат Тоши шундай мўъжизавий қудратга эгаки, унинг кичкина бир ушоғи олам-олам маъданни олтинга айлантира олади.
Бу гапни эшитгандан сўнг Сантягонинг алкимёга бўлган қизиқиши анча ортди. Озгина сабру тоқат бўлса, бас– хоҳлаганнарсани олтинга айлантириб олиш мумкин экан, деб ўйлади. Чунки у бу мўъжизани амалга ошира олган Гелвеций, Элиас, Фулканелли, Ҳебер сингари алломаларнинг ҳаётлари ҳақида ўқиган, ҳайратларга тушган эди. Бу алкимёгарларнинг ҳаммаси ўзлари танлаган йўлнинг охиригача бора олишган эди. Улар оламни бетиним кезишган, пурҳикмат донишмандлар билан учрашишган, шубҳаланганларни шарманда қилиш учун мўъжизалар кўрсатишган, чунки – алал оқибат – Ҳикмат Тоши ва Боқийлик алИксирини қўлга киритишган эди.
Аммо Буюк Яратувчиликнинг асли ўзи нима эканлигини китоблардан билиб олишга уринган Сантяго боши берк кўчага кириб қолди, бир гала алмойи-алжойи суратларни ҳисобга олмаганда, уларда бемаъни валдирашлардан бошқа гап йўқ эди.
– Нега алкимёгарларнинг китобларини тушуниб бўлмайди, ҳаммаси чалкаш-чулкаш? – деб сўради у бир куни китобсиз зерикиб ўтирган инглиздан.
– Чунки ёзилганларнинг мағзини чақиш қобилияти фақат алкимё ҳикматларининг масъулиятини ҳис этаоладиганларгагина ато этилган. Тасаввурқилиб кўр, эринмаган ҳар банда қўрғошинни олтинга айлантираверса нима бўлади? Олтин нимаю, қўрғошин нима – барибир бўлиб қолмайдими? Фақат сабру тоқатлиларга, донишмандларгагина Буюк Яратувчилик ўз сирларини ошкор қилади. Мана, бугун саҳронинг ўртасида юрганимнинг боиси нима? Мен ана шу сирли битикларда яширинган ҳикматларни кашф этишимга ёрдам берадиган улуғ Алкимёгарни топишим керак.
– Ўзи-и, бу китоблар қачон ёзилган?
– Жуда кўп асрлар муқаддам.
– Ана, у вақтларда босмахоналар бўлмаган-ку, тўғрими? Қолаверса, илгариям, ҳозирам алкимё билан фақатхос одамларшуғулланган. Нега энди китоблар шунчалик сирли тилда битилган, расмлари ҳам жумбоқнамо?
Инглиз ҳеч нарса деб жавоб бермади. Фақат бироз фурсатдан сўнгкарвонни бир неча кундан буён кузатаётганини, лекин ҳеч бир янгилик кўрмаётганини айтди. Фақат, саҳродаги қабилалар ўртасидаги уруш ҳақида тез-тез гапирадиган бўлиб қолишди, холос.
Орадан бирнеча кун ўтгач, Сантяго инглизга китобларини қайтариб берди.
– Хўш, бу китобларни ўқиб, нималарни тушундилар энди? – кинояли савол қилган инглизнинг суҳбатдан ҳам умиди йўқ эмасди: хавотирли хаёллардан қутулиш учун унинг ким биландир гаплашгиси келаётганди.
– Тушунганим шу бўлдики, бу оламнинг руҳи бор экан ва бу руҳни англаб етган бандаси барча мавжудотнинг тилини тушунар экан. Яна – кўпгина алкимёгарлар ўз йўлларини топганларини ва Олам Руҳини, Ҳикмат Тошини ва Умрбоқийлик ал-Иксирини кашф этганларини билиб олдим, – деди йигитча ва бироздан сўнг қўшиб қўйди: – Тушунганларимнинг энг асосийси эса – бу илмлар шунчалик оддий эканки, ҳаммасини ёзса, Зумрад Тошнинг бир қиррасига жо бўлар экан.
Инглизнинг ҳафсаласи пир бўлди. У шунча йиллар мук тушиб ўқиган илмлар ҳам, сеҳрли рамзлар ҳам, пурҳикмат сўзлар ҳам, алкимёгарларнинг шиша найчалари-ю, ғалати идишлари ҳам – ҳеч қайси Сантягода зиғирча таассурот қолдирмабди.
«Буларни тушуниш учун бу чўпон бола жудаям соддалик қилади», – деб ўйлади инглиз, сўнгра китобларини йиғиштириб, туяга ортилган жомадонларига жойлади.
– Унда карвонингни ўрганавер, – деди у. – Китобларимнинг сен учун қизиғи бўлмаганидай, карвоннинг ҳам менга бир чақалик нафи теккани йўқ.
Сантяго яна саҳро жимлигини тинглашга ва одимлаётган туяларнинг оёқларига сапчиётган қумларни кузатишга машғул бўлди.
«Ҳамманинг дунёни ўрганадиган ўз услуби бор, – ўйлади йигитча. – Уники менга, меники унга тўғри келмайди. Фақат шунинг учунгина уни ҳурмат қилмаслигим инсофдан эмас».
Энди карвон тунлари ҳам йўл босар эди. Ҳар замонда саҳройи араблар пайдо бўлар, Карвонбошига нималарнидир хабар қилиб, ғойиб бўлишарди. Сантяго билан дўстлашиб қолган туякаш қабилалар ўртасидаги кутилаётган уруш ниҳоят бошланганини айтди. Агаркарвон воҳага эсон-омон етиб олса, омаднинг келгани шу.
Туялар ва отлар ҳолдан кетиб зўрға қадам ташлар, одамлар тобора камгап бўлиб борар, тунда отларнинг кишнаши ва туяларнинг пишқириши ҳам гўё душман яқинлашиб келаётганидан мужда бераётгандек юракларга қўрқув соларди…
Туякаш эса яқингинасида турган бу хавфга парво ҳам қилмасди.
– Мен ҳозир тирикманми, тирикман, – ойсиз ва гулханлар ёқилмаган бир тунда у Сантягога тушунтира бошлади. – Мана, ҳозир хурмо еб ўтирибман, бошқа ҳеч нарса билан банд эмасман. Агар жанг қилишга тўғри келса, демак, ўлим учун гўзал кун бўлади, худди бошқа кунлардай. Мен ўтмиш хаёллари билан ёхуд келажак орзулари билан яшамайман, бугунги куним билан нафас оламан, мени фақат ҳозирги лаҳзалар қизиқтиради, холос. Агар сен ҳам доимо бугунги кунинг билан яшаганингда эди, Худонинг энг бахтли бандаси бўлардинг. Ана шунда саҳро ҳам ўлик эмаслигини, самода юлдузлар порлаётганини ва аскарларнинг жанг қилишларини, – уларнинг одамзод наслидан эканликлари тақозо этаётганини англар эдинг. Ҳаётинг эса абадий ва сўнгсиз байрамларга айланар, чунки унда ҳозирги лаҳзадан ўзга ҳеч нарса бўлмасди.
Орадан икки кеча ўтиб, карвондагилар яна ухлагани бош қўйишганда Сантяго воҳага йўл кўрсатаётган юлдузларга синчиклаб назар ташлади. Унга осмон яқин келиб қолгандай туюлди: саҳро тепасида юзлаб юлдузлар ҳар доимгидан кўра ёруғроқ порлаб турарди.
– Мана, воҳа шундоқ рўпарамизда турибди, – деди Туякаш.
– Бўлмаса нега ўша ёққа бормаяпмиз?
Чунки биз ухлаб олишимиз керак.
Қуёш уфқдан мўралай бошлаганда Сантяго кўзини очди. Тунда Туякаш кўрсатган, юлдузлар порлаб турган жойда ҳад-ҳисобсиз хурмо дарахтлари гўё бутун саҳрони эгаллаб олгандай сафтортиб туришарди.
– Етибкелдик! – эндигина уйғонган инглиз ҳаяжонланиб қичқириб юборди.
Сантяго сукутсақлади. Сукутнисаҳродан ўрганган, энди унга дарахтларга шунчаки назар ташлашнинг ўзигина кифоя. Эҳромларгача ҳали узоқ эди. Қачонлардир ушбу тонг ҳам хотирага айланади. Аммо у Туякаш ўргатгандай ҳозирги лаҳзалар билан яшаётган ва қувонаётган, ўтмишдаги хотиралар ва келгусидаги орзуларниушбу бахтиёрлигибилан боғлаётган эди. Ҳа, бир кун келиб бу минглаб хурмо дарахтлари хотирага айланар, лекин улар ҳозир салқинлик, оби-ҳаёт ва хавфсизлик ваъда қилаётган эди. Туяларнинг тунги пишқириғи душман ёвуқлигини қандай англатган бўлса, хурмозор халоскорлик мўъжизасидан шундай дарак бериб турарди.
«Олам ҳамма тилларда гапира олади», – деб ўйлади Сантяго.
Юзлаб одамлар ва жониворларнинг воҳага кириб келишини кузатаркан, Алкимёгар шу сўзларни хаёлидан кечирди: «Вақт қанчалик тез ўта бошласа, карвонлар ҳам қадамларини шунчалик тезлатадилар».
Воҳа одамларию янги келганларнинг бақириқ-чақириқлари эшитилар, чанг-тўзон осмонга парда тутган, болалар эса қийқириб-сакраб келгиндиларни томоша қилишарди. Алкимёгар қабила сардорларининг Карвонбоши ёнига келгани ва узоқ музокара олиб борганларини кузатиб турди.
Аммо буларнинг унга қизиғи йўқ эди. Бу маконга кўп одамлар келиб кетган. Лекин воҳа ва саҳро ўзгаргани йўқ, боқийлигича, собитлигича қолаверган. У, бу қумларга қадам ранжида қилган подшоларни ҳам, гадоларни ҳам кўп кўрган, аммо шамолларнинг амри ила ўз шаклу шамойилини мудом ўзгартириб турадиган қум барханлари ўша-ўша – Алкимёгарнинг болалик хотираларида қандай суратланган бўлса, шундайлигича турибди. Шунга қарамай, ҳар сафар кўм-кўк осмону, сап-сариқ қумлик ўз ўрнини ям-яшил хурмозорга бўшатиб берганини кўрган ҳар бир сайёҳнинг қалбида жўш урган қувонч унинг қалбига ҳам беихтиёр оқиб ўтарди.
«Балки Худо инсон дарахтларга ҳам жилмайиб боқиши учун саҳрони бино қилгандир?» – деб ўйлади у.
Сўнгра бўлаётган воқеаларга диққатини қаратишга жазм қилди. Алкимёгар ўз илму асрорини ўргатиши, топшириши лозим бўлган одам ушбу карвон билан келишини биларди – аломатларнингишораси шундай эди.
Алкимёгар гарчи у одамни танимаса-да, тажрибали нигоҳлари ила издиҳом ичидан топа олишига ва унинг олдингисидан ноқобилроқ бўлиб чиқмаслигига имони комил эди.
«Нега энди ўзбилимларимни унга бошқалардан сир тутиб, махфий ҳолда ўргатишим керак, – деб ўйлади у. – Ахир, буларнинг нимаси сир, Аллоҳ ўз мўъжизаларини жамики мавжудотга очиқ-ойдин ошкор қилиб қўйган-ку?»
Алкимёгар ўз саволларига жавоб изларкан, шундай тўхтамгакелди: берилиши лозим бўлган илм бу – ҳосил, Асл Ҳаёт Ҳосиласи, уни сўзларга кўчиришнинг ёхуд сувратларга муҳрлашнинг имкони йўқ. Зеро, одамзод сўзва суратларга маҳлиё бўлиб, охир-оқибатда Умумбашар Тилини унутишга мойил бўлади.
Сайёҳларни зудлик билан қабила бошлиқлари ёнига олиб келишди. Сантяго кўзларига ишонмасди: воҳа тарих китобларида битилганидай – битта қудуғу икки-уч хурмо дарахтидан иборат эмас экан, у баъзи бир испан қишлоқларидан ҳам каттароқ экан. Қудуқлари уч юзта, хурмо дарахтлари эса нақ эллик мингта экан, уларнинг ораларидаги ранго-рангчодирларнинг эса саноғига етиб бўлмайди.
– «Минг бир кеча»нинг худди ўзи, – деди Алкимёгарни кўришга сабри чидамаётган инглиз.
Меҳмонларни дарҳол болалар ўраб олди, улар отлар, туялар ва одамларни ҳайрат билан томоша қилишарди. Эркаклар сайёҳлардан йўлдаги жангларни, кўрган-кечирганларини сўраб-суриштиришар, аёллар эса савдогарлар қандай матолар ва тақинчоқлар олиб келишганини билишга қизиқардилар. Саҳро сукунати энди худди қачонлардир кўрилган тушга ўхшарди – воҳа жоми вағир-вуғур сўзлашувлар, кулги ва бақир-чақирлар билан тўлиб тошди, сайёҳлар эса гўё илгари вужудсиз руҳ бўлганлару, энди эту суяк пайдо қилган одамларга эврилиб борардилар. Улар бениҳоят мамнун ва бахтли эдилар.
Туякаш Сантягога воҳаларда асосан аёллар ва болалар яшаши, шу боис бу ерлар азал-азалдан ҳеч кимники ҳисобланмаслиги ҳақида гапириб берди. Жангчилар аёллар ва болаларни бетараф деб билишар, воҳага эса фақат бошпана, деб қарашар ва ўзаро жангу жадаллар фақат саҳрода бўлиб ўтаркан.
Карвонбоши бир зумда ҳаммани йиғди ва қабилалар ўртасидаги низолар босилмагунча карвон воҳада қолажагини эълон қилди. Сайёҳлар маҳаллий аҳолининг ўтовларига жойлашадиган, бу ернинг қонунига кўра уларга меҳмоннавозлик кўрсатиладиган бўлди. Шундан сўнг кимнинг қуроли бўлса, топширишини сўради. Буйруқкарвоннинг тунги қўриқчиларига ҳам тегишли эди.
– Урушнинг қонун-қоидаси шундай, – тушунтирди у. – Аскарлар ва жангчиларни воҳа қабул қилмайди.
Инглиз чўнтагидан ялтироқ тўппонча чиқариб йиғувчига берганини кўрган Сантяго ғоятда ҳайратланди.
– Нега тўппонча олиб юрибсан? – деб сўради йигитча.
– Одамларга ишонишни ўрганиш учун, – деб тагдор жавоб қайтарди инглиз. У сафарга чиқишига сабаб бўлган одамини тезда кўриши мумкинлигидан мамнун эди.
Сантягонинг хаёли эса ўз хазинасида эди. У Орзусини амалга оширишга қанчалик яқинлаша боргани сайин, Йўлидаги қийинчиликлар ҳам шунчалик кучайиб борарди. Кекса шоҳ Маликсиддиқ «бошловчиларнинг доимий ҳамроҳи» деб атаган Омад ҳам келмай қўйган, назарида олға бошлаб бораётган нарса – ўз Йўлини излаётган одамнинг ўжарлиги ва жасоратигина эди. Шу боис Сантягонинг шошилмасликдан ва сабр қилишдан ўзга чораси йўқ эди. Акс ҳолда Тангри унинг Йўлига қўйиб чиққан аломатларини пайқамай қолиши мумкин.
Сантяго ичида «Тангри қўйиб чиққан» деб такрорларкан, ўз фикридан ҳайратга тушди. Худди очлик ва ташналик, муҳаббат изтироби ёки иш қидиришга ўхшаб Аломатлар ҳам ҳозирга қадар унга дунёнинг табиий бир қисми бўлиб туюларди. Тангри Сантягодан нима истаётганини англатмоқ учун у билан ана шу лисонда – Аломатлар тилида гаплашаётганини у ўйламаган экан.
«Шошилма, – деди у ўз-ўзига. – Туякаш айтганидай, овқат маҳали – овқатлан, сафар маҳали – йўлга туш».
Биринчи кун йўл чарчоғи ҳаммани, ҳатто инглизни ҳам ёстиқдан бош кўтаришга қўймади. Сантяго жойлашганчодирда янабеш ўспирин бор эди. Улар қарийб ўзига тенгдош маҳаллий болалар бўлиб, катта шаҳарларда одамлар қандай яшашига қизиқишарди.
Сантяго уларга чўпонлик пайтлари ҳақида гапириб бўлиб, энди чинниворлар дўконида ишлаганини ҳикоя қилиб бермоқчи бўлиб турган ҳам эдики, чодирга инглиз шитоб билан кириб келди.
– Саҳардан буён сени излайман, – деди у Сантягони ташқарига олиб чиқиб. – Менга жуда кераксан. Алкимёгарни топишга ёрдам бер.
Улар икки кечаю-икки кундуз Алкимёгарни излашди, назарларида Алкимёгар бошқаларга ўхшаб яшамаслиги, чодирда эртаю-кеч олов ёқиб, тажрибалар қилаётган бўлиши керак эди. Улар воҳани бошдан оёқ кезиб чиқишди ва воҳа дастлаб туюлганидан каттароқ эканлигини, бу ерда бир нечта эмас, балки юзлаб чодирлар борлигини кўришди.
– Бугунги кунимиз ҳам бекор кетди, – деди инглиз қудуқлардан бирининг ёнига ҳорғин чўкиб.
– Сўраб-суриштирсактезроқ топилармиди, – деди Сантяго.
Инглиз иккиланиб қолди – у ўзини билдириб қўймоқчи эмасди. Ўйлай-ўйлай ниҳоят рози бўлди ва арабчани яхши биладиган Сантягодан Алкимёгарни суриштиришини илтимос қилди. Шу пайтмешини сувга тўлатиш учун қудуқ ёнига бир аёл келди. Йигитча ундан сўради:
– Ассалому алайкум, хоним. Алкимёгарни қандай топса бўлади, айтиб беролмайсизми?
Аёл аввало бу ернинг одатларини ҳурмат қилиши лозимлигини, қора чодрада юрадиган боши боғлиқ аёлларга гапириш мумкин эмаслигини айтиб, Сантягони огоҳлантирди. Сўнгра, бунақа одам ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман, дея тезгина жўнаб қолди.
Инглизнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Шунча йўл босиб келсаю, умидлари саробга айланса. Инглиз учун йигитчанингҳам қайғуси зиёда бўлди, ахир, ҳамроҳи ҳам ўз Йўлини излаётган эди-да. Маликсиддиқнинг гапларига қараганда, бундай пайтларда инсонни ўз ниятига етказиш учун бутун Олам ёрдамга келиши керак эди. Наҳотки кекса шоҳ ҳам адашган бўлса?
– Тўғрисини айтсам, алкимёгарларнинг борлиги ҳақида мен ҳам эшитмаганман, – деди Сантяго. – Эшитганимда сенга албатта ёрдам қилардим.
Ногаҳон инглизнинг кўзлари чақнаб кетди.
– Топдим! – деб бақириб юборди у. – Унинг Алкимёгар эканлигини бу ерда ҳеч ким билмайди! Ҳамма хасталикларни даволай оладиган одамни сўрашкерак!
Қора чодра ёпинган бир неча аёл қудуқ ёнига келди,инглиз қанчалик қистамасин, Сантяго улардан ҳеч нарса сўрамади. Мана, ниҳоят эркак зоти ҳам пайдо бўлди.
– Воҳада ҳамма касалликларни даволай оладиган одам борми? – деб сўради йигитча.
– Ҳамма дардга фақат Аллоҳ шифо бера олади, – деди у бегона одамларни чўчиброқназардан кечираркан. – Сизлар сеҳргарларни қидиряпсизлар чоғи?
У Қуръондан бир неча сура ўқигач, ўз йўлига равона бўлди.
Бир оздан сўнг челак кўтарган бошқа бири пайдо бўлди, у кексароқ эди. Сантяго саволини такрорлади:
– Бунақа одамлар сизларга нима учун керак? – ўсмоқчилаб сўради у.
– Менинг дўстим уни топиш учун жуда узоқ йўл босиб келган.
– Агар воҳамиздашунақа одамбўлса, у беқиёс кучқудрат соҳибибўлиши лозим, – дедиқария бироз ўйлаб туриб. – Ҳатто қабила бошлиқлари ҳам истаган пайтларида уни кўролмайдилар. Мабодо у одамнинг ўзи хоҳласагина улар учрашишлари мумкин. Уруш тугаши билан бу ердан кетинглар. Воҳамизнинг ҳаётига аралашманглар, – сўзини якунлаб, қария ҳам жўнади.
Аммо инглиз шернинг изини топган овчидай хурсанд эди.
Ниҳоят қудуқ ёнида қора чодра ёпинган, боши боғлиқ аёл эмас, елкасига кўза кўтарган бир қиз пайдо бўлди. У бошига сарандоз ташлаб олган, юзи очиқ эди. Сантяго Алкимёгарни сўраш учун қизнинг истиқболига юрди.
Ва шунда – гўё вақт олдингами, орқагами юришини билмай тўхтади ва Олам Руҳи бор қудрати ва каромати ила ўзини намоён қилди. Қизнинг тун паноҳ топган қоп-қора кўзларига ва ғунчадай юмуқ турсамми ё гулдай табассум қилсамми, дея иккиланаётган лабларига маҳлиё тикиларкан, Сантяго – оламлар ва одамлар қалбининг забонсиз ва сўзсиз изҳори бўлмиш илоҳий тилнинг қудратини, ҳикматини англаб етгандай бўлди. Бунинг номини Муҳаббатдейдилар, у инсон зотиданда, ушбу саҳролардан-да қадимийроқдир. У худди ана шу қудуқ ёнида чақнаб пайдо бўлгандай – эркак ва аёлнинг бир-бирига аталган тоза ва бокира нигоҳлари қовушгандамўъжиза янглиғдунёга келади. Қизнинггул лаблари ниҳоят жилмайишга қарор қилди ва бу – Сантяго ўзи ҳам билмаган ҳолда жуда узоқфурсат кутган, ўз қўйларидан ва китобларидан, биллур идишлардан ва саҳро сукунатидан излаган – Аломат эди.
Абадийлик сари абадий сафарга йўл олган бу Олам каби Муҳаббат ҳам беғубор ва тушунарли, изоҳларга ва таржимага муҳтож эмас эди. Сантяго Тақдир қалами пешонасига ёзган қиз шу эканлигини худди ана шу лаҳзадагина англаб етди. Қиз ҳам қайлиғи қаршисида турганлигини сўзсиз тушунган бўлиши керак. Азалнинг шуҳукми муқаррар эканлигига Сантягонинг имони комил эди. Ҳатто бу ишонч – унинг ўз ота-онасининг фарзанди эканлигига бўлган ишончидан ҳам кучлироқ эди.Аммо ота-онаси бу масалада аввалқизни яхши кўриш лозим, сўнгра совчи юбориб сўраб-суриштириш, пул йиғиш керак, ундан кейин уйланса бўлади, дейиши тайин эди.
Умумбашар Тилини англашдан маҳрум бўлганларгина ана шундай маслаҳат берадилар, ҳолбуки илоҳий мароқабага чўмар экансан, бир сирдан огоҳ бўласан: хоҳ у саҳройи бедиё бўлсин, хоҳ у шаҳри азим бўлсин – доимо бир одам иккинчи бир одамни кутаётган, излаётган бўлади. Ушбу иккисининг Йўллари туташган, нигоҳлари учрашган лаҳзада ўтмиш ҳам, келажак ҳам ўз қийматини йўқотади, фақат ўша лаҳза ва дунёдаги жамики бору йўқлик ягона Қўл билан битилганига ишончгина мавжуд бўлади. Ушбу Қўл қалбларда муҳаббатни алангалатади ва меҳнат қилаётганлар ва ором олаётганлар ва хазина излаётганлар учун, ҳамма-ҳамма учун эгизак руҳларини, эгизак жонларини топиб туташтиради. Акс ҳолда, одамзод наслини мудом изтироблар сари етаклаб юргувчи орзуларимизда заррача маъни бўлмасди.
«Мактуб» – йигитчанинг хаёлидан шу сўз кечди.
Инглиз жойидан сапчиб турди ва Сантягонинг елкасидан тутиб силкитди:
– Бўла қолсанг-чи, сўра, сўра у қиздан!
Сантяго қизга яқинроқборди. Қиз Сантягога табассум билан тикилди, у ҳам жилмайди.
– Исминг нима? – деб сўради Сантяго.
– Фотима, – ерга қараб жавоб қилди қиз.
– Мен туғилиб ўсган ўлкаларда ҳам кўпгина аёлларнинг исми шунақа.
– Бу – Пайғамбаримиз қизларининг исми, – деди Фотима. – Бизнинг жангчиларимиз бу мўътабар исмни узоқ-узоқ юртларгача олиб бориб тарқатишган.
Бу нозикниҳол қизнинг овозида фахр туйғулари жўш уриб турарди. Инглиз сабрсизлик билан йигитчани туртди, Сантяго қиздан ҳамма хасталикларни даволайдиган одамни билиш-билмаслигини сўради.
– У одам дунёнинг ҳамма сир-асроридан хабардор, – деди қиз. – У саҳро жинлари билан гаплашади.
Жин бу – иблис дегани. Қиз қўли билан жануб томонга ишора қилди – булар излаётган одам ўша тарафда яшар эди. Сўнгра кўзасига сув тўлдирди-да, йигитчанингнигоҳларини изидан эргаштирганча уйига равона бўлди.
ИнглизАлкимёгарни излаб йўлга тушди. Сантяго эса қудуқ ёнидан узоқ вақт кетолмай қолди ва хаёл оғушига чўмди: қачонлардир, ҳали у ўз ватанида юрган чоғида шарқдан эсган еллар шу қизнинг муаттар бўйларини олиб келмаганмиди, дунёнинг қай бир гўшасида мавжудми-йўқми билмаган ҳолда тасаввур кўзгусида гўзал сиймосини яратиб, севиб юргани шу қиз эмасми ва бу Муҳаббати ер юзасидаги жамики хазиналарга баробар эмасми?!
Эртаси куни Сантяго яна қудуқ ёнига келди ва қизни интизорлик билан кута бошлади. Аммо у ерда инглизни биринчи борсаҳрога термулиб ўтирган ҳолда кўриб ҳайратланди.
– Мен қуёш ботиб, қоронғу тушгунча кутдим, – деди инглиз. – Тун илк юлдузларини осмонга сепган маҳали у пайдо бўлди. Алкимёгарга нимани излаб юрганимни тушунтирдим. У эса, қўрғошинни олтинга айлантира олдингми, деб сўради. Мен эса, худди ана шуни ўрганиш учункелганимни айтдим. У янабир бор ҳаракат қилиб кўришимни буюрди. Худди шундай деди: «Йўлга туш ва ҳаракат қил».
Сантяго жим қолди. Бечора инглиз, шу сўзларни эшитиш учун дунёни шунча кезиб чиқдими? Бирданига ёдига тушди: ўзи ҳам эвазига қўйларини бериб, Маликсиддиқдан эшитган ҳикматли сўзлари бундан ортиқ эмас эди.
– Шундай экан, ҳаракат қил, – деди йигитча.
– Ўзимам шунга қарор қилдим. Ҳозироқ киришаман.
Инглиз кетиши билан кўзасини кўтариб, Фотима пайдо бўлди.
– Сенга бир нарсани айтгани келдим, – деди унга Сантяго. – Менга турмушга чиқишингни хоҳлайман. Сени севаман.
Қизнинг қўлидан кўзаси тушиб кетди, сув тўкилди.
– Сени ана шу ерда кутаман. Мен хазина топиш учун саҳрони кечиб ўтдим, у эҳромлар томонда, қаердадир бўлиши керак. Аммо мана бу уруш бошланиб қолди. Бошида урушни лаънатлаган эдим. Энди эса унга ҳамду санолар ўқияпман, чунки у мени сен билан учраштирди.
– Биркунмас биркун уруш тугайди, –жавоб қилди қиз.
Сантяго хурмо дарахтларига тикилди. Чўпонлик пайтларини эслади, воҳада ҳам қўйлар кўп экан. Фотима эса ҳар қандай хазинадан ҳам азизроқ. Фотима гўё унинг фикрларини ўқиб тургандай гапида давом этди:
– Жангчилар хазиналарни излашади. Саҳроаёллари эса улар билан фахрланадилар.
Сўнгра қиз кўзасини сувга тўлдирди-да, уйига кетди.
Сантяго қудуқ ёнига ҳаркуни келарди. У Фотимага чўпонлик қилганини ҳам, Маликсиддиқни қандай учратганини ҳам, чинниворлар билан савдо қилганини ҳам ҳикоя қилиб берди.
Секин-аста улар яқинлашиб, дўстлашиб қолдилар. Агар қиз билан суҳбатда ўтадиган фараҳбахш ўн беш дақиқани ҳисобга олмаганда, йигитча учун кунлар адоқсиз, судралиб ўтаётгандек эди.
Бир ойдан сўнг Карвонбоши сайёҳларни яна йиғди.
– Урушнингқачон тугаши номаълум, –деди у.– Сафаримизни давомэттира олмаймиз.Урушҳаликўп йилларга чўзилади. Душман қабилаларнинг ҳар иккаласида ҳам марду майдон, паҳлавон жангчилар сероб, орномуслари кучли, муҳорабадан қочмайдилар. Бу уруш золимлар ва мазлумлар ўртасидаги уруш эмас, ҳукмронлик учун жанг кетяпти, бундай урушлар жуда узоқ давом этади, Аллоҳ иккала тараф билан ҳам бирга.
Одамлар тарқалди. Сантяго Фотима билан кўришиб, унга Карвонбошинингсўзларини айтди.
– Учрашганимизнинг эртаси куниёқ, – деди қиз, – менга муҳаббат изҳор қилдинг. Сўнг эса гўзал ва ғаройиб нарсалар ҳақида гапирдинг – Умумбашарий Тил, Оламнинг Руҳи ва мен сенинг бир қисмингга айланиб қолаётганим ҳақида.
Сантяго қизнинговозини тинглар экан, буовоз унга майин елнинг хурмо япроқларидаги шивиридан ҳам гўзалроқ туюларди.
– Сени ана шу қудуқ ёнида узоқ йиллардан буён кутаман. Мен ўз ўтмишимни унутдим, қиз бола ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақидаги урф-одатларимизни ҳам эсдан чиқардим. Болалик чоғларимдан – саҳро менга мўъжизавий бир совға юборишини ва бу туҳфанинг дунёда ҳеч ўхшаши бўлмаслигини орзу қилардим. Мана, ўша туҳфани олдим. Бу – сенсан.
Сантяго қизнинг қўлларини ушлагиси келди, аммо Фотиманинг қўллари кўзасига маҳкам чирмашиб турарди.
– Сен менга ўз тушларинг ҳақида, кекса шоҳ Маликсиддиқ ва хазиналар ҳақида, аломатлар ҳақида гапириб бердинг. Энди ҳеч нарсадан қўрқмайман, чунки худди ана ўшалар сени менга туҳфа қилди. Мен эса – сенинг орзуларинг ва тақдирингнинг бир парчасиман.
Ана шу туфайли ҳам сенингтўхтамаслигингни, излаб юрган нарсангни излашни давом эттиришингни хоҳлайман. Агар уруш тугашини кутишингга тўғри келса, зарари йўқ. Мабодо олдинроқ йўлга тушмоқчи бўлсанг, ўз Тақдирингни изла, йўлга туш. Шамол қум барханлари шаклу шамойилини минг кўйга солади, аммо саҳро саҳролигича қолаверади. Бизнинг муҳаббатимиз ҳам саҳро каби ўзгармайди.
Мактуб.
– Тақдирингнинг бир қисми эканлигим ҳақиқат бўлса, қачондир менга қайтиб келасан.