Электронная библиотека » Шухрат Суюндик » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Шухрат Суюндик


Жанр: Общая психология, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +
СИНОВ

Илим шогирди Устмога аниқ кўрсатма берарди.

– Эсингда бўлсин, кўзингга ким, нима кўринишидан қатъий назар, манзилга етиб боришинг шарт. Йўлдан четга чиқишни, ортга қайтишни хаёлингга ҳам келтирма. Йўқса, ҳалок бўласан. Эшитяпсанми?! Бор-йўғи ўн кун қолди. Сен охиригача боришинг керак!

Улар бир ой давомида тўйиб ухламаганларига, тўйиб овқат емаганларига қарамай ўзларини бардам ҳис этишар эди. Ҳар замон Илим чўнтагидан майиз-ёнғоқли думалоқчалар чиқариб берар, учаласи уларнинг бир нечтасини чайнаб, устидан бир қултумдан сув ичишарди.

Ниҳоят, синов бошланди.

Бу босқичда вақт умуман бошқача кўриниш олади, шунинг учун қанча вақт ўтганлигини билиш қийин. Заминдаги ўлчамлар бу ерга тўғри келмайди. Қўққисдан Устмонинг қаршисида бир аждаҳо пайдо бўлди. У пишқириб олов сочганича Устмо томон бостириб келарди. Игорь бу вазиятни қоя олдида Илим билан биргаликда худди галаграфик кино кўраётгандек кузатиб турар, аждаҳонинг даҳшатидан донг қотиб қолган эди.

Мана, Устмони аждаҳо бир ямлаб ютиб юборди. Устмо аждаҳонинг ичида қандайдир дуо ўқиган эди, қўлида кескир бир қилич пайдо бўлди. У ушбу қилич билан аждаҳо қорнини ёриб ташқарига чиқди.

Игорь уф тортиб юборди. Илим Устмони дарҳол ғорга қайтариб, уни ўзига келтирди.

– Манави сув билан юз-қўлларингни ювиб ол, томоғингни чай, лекин зинҳор ичма, – деди. – Сенга оғирлик қилмасин деб, ҳозирча ортга қайтардим. Лекин зикрни давом эттиришинг, барча тўсиқларни енгиб ўтишинг шарт. Албатта, манзилга ҳам етиб боришинг лозим.

Устмонинг чеҳрасида бир оз ҳадик, чўчинқираш аломатлари бўлса-да, бироқ ўзини анча босиб олган, ҳатто бир қадар мамнун ҳам эди. Устмо зикрни давом эттирди. Унинг қаршисида қулоқлари узун, сержун, думли махлуқлар пайдо бўлди. Улар Устмони ҳар томондан қуршаб келар, баъзилари яқин келиб унинг сочидан тортиб қочар, баъзилари Устмонинг қорни, қўлтиғи, бўғзига найзадор бармоқларини ниқташар эди. Улардан жуда бадбўй, қўланса ҳид анқирди.

Устмо улардан даҳшатга тушмай, зикр ўқишда давом этарди. Улардан бири Устмонинг қулоғидан тишлаб, ярмини узиб олди. Бошқа махлуқлар ҳам ёпирилиб келиб, унинг елкаси, қорнидаги этларни тарс-турс узиб ола бошлашди. Устмо уларнинг думидан тортиб, боши узра айлантирганча қоя деворларига урар, қаттиқ зарбадан каллалари мажақланиб кетар эди.

Ниҳоят, қолган маҳлуқлар тўрт тарафга тарақайлаб қочиб қолишди. Устмо тинимсиз дуо ўқир экан, барча жароҳатлари бирпасда битиб кетди.

Игорь: «Устмо толиқиб қолди, уни ортга қайтариш керак», деган маънода Илимга қаради. Илим эса:

– Йўқ, у қўрқувни енгишни ўрганди, – деб қўйди.

Устмонинг қаршисида яна бир даҳшатли махлуқ пайдо бўлди. Унинг кўзлари ўрнида иккита чўғ ёниб турар, сочларининг ўрнида илон-чаёнлар тўлғаниб ётарди. Махлуқ аррасимон тишлари билан катта-катта суяклар, тошларни чайнаб, кул қилиб юборар эди. Териси қорамтир, зирҳ каби қалин, тирноқлари ханжар каби ўткир эди. Юрганда туёқлари шақиллар, думи билан тинимсиз ерни савалар эди.

Устмо дуо ўқиб, қўлида найза пайдо қилди. Уни махлуқнинг қорнига санчди. Бироқ найза унинг терисига тегди ва қайрилиб кетди. Махлуқ Устмонинг бошини чангаллаб олиб, ҳар томонга силкита бошлади, гўё у Устмонинг бошини танасидан сапчадек узиб олмоқчи бўларди. Устмо ўзини йўқотиб қўймай, икки оёқлаб махлуқнинг кўзларига тепди, Махлуқ оғриқдан оғзини катта очиб ўкириб юборди, Устмо фурсатни бой бермай, зудлик билан ўзини махлуқнинг оғзига отди. Дуо билан пайдо қилган ханжарини қўлига олиб, махлуқнинг кекирдагини тилиб ўтиб, унинг ошқозонига бориб тушди. Сўнг ўзини ўнглаб олиб, юқорига – махлуқнинг юрагига интилди. Улкан мешдек келадиган юракка кетма-кет қақшатқич зарбалар берди. Махлуқ шу заҳоти ўкириб жон таслим қилди, хоки ҳар томонга сочилиб кетди.

– Устмо толиқиб қолди, унга бир оз дам бериш лозимдир? – деди Илимга қараб Игорь.

– Жим тур! У чиниқиш босқичига кирди. Энди ортга қайтмаслиги керак! – деди қатъий қилиб Илим.

Устмо ҳамон зикрини давом эттирарди. Шу пайт унинг қаршисида ниҳоятда соҳибжамол бир қиз пайдо бўлди. Унинг қоп-қора сочлари елкаларига тушиб турар, кўзлари шаҳло, ёноқлари худди тўлин ойга ўхшарди. Қадди-қомати худди сарвдек тик, табассумлари жон олгудек сеҳрли эди. У Устмони нозкарашма, имо-ишоралар билан ўзи сари чорлади. «Бор унинг олдига, – деган бир садо келди Устмонинг қулоқларига, – кўрсатган шунча жасоратларингнинг мукофоти бу! Бундай гўзал паривашни ҳар икки дунёда ҳам топа олмайсан!»

Устмо эса фикрларини бир ерга жамлаган ҳолда тинмай дуо ўқишда давом этарди.

Қиз бир дақиқа унга истиғно билан тикилиб турди, жодулари фойда бермаганига кўзи етгач, ўз асл қиёфасига қайтди. Эндиликда Устмонинг қаршисида соҳибжамол қиз эмас, ниҳоятда улкан бир чаён пайдо бўлди. Оддий чаёнлардан фарқли ўлароқ унинг думи иккита бўлиб, улар ниҳоятда йўғон ва узун, думларининг учида найзадек-найзадек нишлари бор эди. У гоҳ олдинги қисқичлари билан тошларни эзғилаб ташлар, гоҳ қояларга ниш урар, нишидан чиққан заҳар ўт олиб ёнар, тошлар куйиб кул бўлар эди. Устмо у билан узоқ курашди. У қисқичлар орасидан бир амаллаб қутулиб чиқса, чаён думи билан ниш санчар, бир нишдан қутулган заҳоти иккинчи дум ҳужумга ўтиб қоларди. Устмо бу чаёнга ҳеч қандай қурол кор қилмаслигини, уни фақат мустаҳкам ирода ва дуо кучи билан енгиш мумкинлигини англаб етди. Бутун руҳий қудратини бир ерга жамлаб, муттасил дуо ўқиш билан машғул бўлди. Ажабким, чаён аста-секин бўшашди, қисқичлари ерга қадалиб, қимирламай қолди, икки думи икки томонга шалпайиб тушди. Сўнг ғалати бир титроққа тушди, кейин қўрғошин каби эриб, ям-яшил суюқликка – заҳарга айланди ва бу заҳар лов этиб ўт олар экан, теварак-атроф ларзага келди. Шундан сўнг атрофга чуқур сукунат чўкди. Устмо ўз руҳиятига ажойиб бир шуълалар, осудалик, роҳат-фароғат сизиб кираётганини ҳис этди. У кўзини очганида олдида нуроний бир чол турарди.

– Ассалому алайкум, отахон, сиз ким бўласиз? – деб сўради Устмо.

– Ваалайкум ассалом. Мен Хизр бўламан, ўғлим! Сен барча синовлардан матонат билан ўтдинг. Энди тила тилагингни. Нимани сўрасанг, муҳайё қиламан, – деди Хизр алайҳиссалом.

Шунда Устмо халқ орасида Хизр алайҳиссалом ҳақида юрадиган гап-сўзлар афсона эмаслигини, бу нуроний қария истаган кишисига мол-дунё, истаган кишисига бахт-саодат, истаган кишисига шон-шуҳрат, улкан истеъдод ато эта олишини англаб етди.

– Мен махлуқлар билан жанг қилавериб гангиб қолдим, – деди Устмо. – Сиздан нима сўрашимни ҳам билмайман.

– Мен ўн иккиликка сабоқ бераман, – деда Хизр алайҳиссалом. – Ўн икки дарвешнинг устози ҳисобланаман. Ҳали сен ҳам улар билан учрашасан. Шундан сўнг бир қарорга келарсан.

Шундан сўнг Хизр ғойиб бўлди. Устмо кўзини очганида Илим унинг юзларига шапатилаб, муздек сув сепиб турарди.

– Муборак бўлсин, сен ўн иккиликка қабул қилиндинг, бунинг устига барча махлуқларни енгдинг. Аслида, улар сенинг нафсинг эди, сен ўз нафсинг устидан ғолиб чиқдинг, – деди Илим.

– Муборак бўлсин! – деди Игорь ҳам Устмога юзланиб.

– Ниҳоят, сенга берган ваъдамни ҳам бажардим, – деди Илим Игорга қараб. – Сен қирқ кун давомида дарвешлар машғулоти билан, яъни зикр билан танишдинг. Яна баъзи бир илоҳий сирлар бор, афсуски, ҳозирча уларни сенга ошкор эта олмайман. Ҳатто баъзи бир нарсаларни хотирангдан ўчиришимга ҳам тўғри келади. Хафа бўлма. Сенинг хавфсизлигинг, қолаверса, Олам мувозанати учун ҳам шундай қилишим керак.

– Йўқ, асло хафа бўлмайман, – деди Игорь.

ЎН ИККИЛИК

– Машғулотлар билан таништириб, мени шунча сирлардан воқиф этганингиз учун сизга катта раҳмат, – деди Игорь Илимга. – Энди рухсат берсангиз, ўз юртимга қайтсам.

– Йўқ Игорь! – деди Илим. – Эсингдами, сен мендан ўн иккилик ҳақида сўраган эдинг. Энди сени улар билан таништириш фурсати етди.

– Йўғ-ей ростданми – қичқириб юборди Игорь.

У ўз қулоқларига ишонмас, севинчининг чек-чегараси йўқ эди.

– Ҳа, ҳозир биз янги ўлчамларга кириб борамиз. Шогирдим Устмонинг гуноҳини кечирганинг учун мен ўн иккилик билан маслаҳат қилгандим, улар сен билан учрашишга рози бўлишди. Қани, энди кўзларингни юм, фақат мен оч деганда очасан.

Игорь кўзларини юмди. У вазни енгиллашиб, балки бутунлай йўқолиб, муаллақ бир ҳолда қолганини ҳис этар, шиддат билан қаёққадир учиб борарди. Миясининг бутун мудроқ қатламлари очилиб кетган, онги, шуури, тафаккури тўла ишга тушган эди.

– Энди кўзингни оч| – деди Илим.

Игорь кўзини очиб ҳайратдан «оҳ» деб юборди. У ажойиб, ёпёруғ бир муҳитда турар, лекин бу жозибадор ёруғлик қаёқдан таралаётганлигини била олмасди. Ҳеч қандай тўсиқ, чегарани ҳис қилмас, мутлақ озодликка эришган, бу ерда паст-баланд, ўнг-сўл, оқ-қора, катта-кичик деган тушунчалар йўқ эди. Фақат бепоён бир чексизлик, мутлақ эркинлик, таърифга сиғмас ҳурлик, буюк бир хотиржамлик…

– Нақадар ажойиб! – Игорнинг ичидан бир ҳаяжон тўлқинланиб келарди. – Заминга қайтгач, мен буларни одамларга гапириб берсам, улар ишонишармикан.

– Ишонишмайди, – деди қатъий қилиб Илим. – Улар сени жиннига чиқаришади, ё чўпчак айтяпти, деб ўйлашади. Одамлардан қанча кўп сир яширсанг, улар бунга шунчалик кўп қизиқишади. Бироқ энг зўр сирларни айта бошласанг, дарҳол қизиқишлари сўниб, гапларингга ишонмай қўйишади.

Улар Тожмаҳални эслатувчи, фақат ундан анча катта, қандай ашёдан қурилганлигини билиб бўлмайдиган ғалати бир қасрга етиб келишди.

Қаср атрофи Заминда учрамайдиган ажойиб дарахтлар ва гуллар билан қуршалган. Осмон мусаффо. Ҳаммаёқ оромбахш бир ёруғлик оғушида.

– Бу қасрни ўн иккилик сен учун яратишди, – дея изоҳ берди Илим. – Аслида уларга жойнинг ҳожати йўқ. Уй, ер, жой, бошпана, ҳовли деган тушунчалар тубан ўлчамларга тааллуқли, холос. Сен ҳам заминий тасаввурлардан халос бўла олмаганинг учун шу жойга бошлаб келдим.

Улар остонадан ичкарига киришди. Игорнинг кўнглидаги ҳаяжон ўрнини мутлақ хотиржамлик эгаллаб олган эди. Қаср ниҳоятда баланд бўлиб, тепасидаги гумбаздан тушаётган ёруғлик бутун атрофии чароғон этиб турарди. Думалоқ стол атрофида ўн битта дарвеш суҳбат қуриб ўтирар эди. Улар Илим билан Игорни кўриб, ёнларидан жой кўрсатишди. Шу заҳоти стол атрофида битта курси пайдо бўлди ва Илим дарвеш ўз жойига, меҳмонимиз эса шу курсига жойлашишди. Энди дарвешлар сони ўн иккитага етди.

Илим Игорни уларга батафсил таништира кетди. Дарвешларнинг либослари ранг-баранг бўлса ҳам, бичими бир-бирига ўхшаб кетар, бошларида ғалати бир ёпинчиқлари бор эди. Игорь уларни бир-бир назаридан ўтказди. Дарвешларнинг кўзларига тикилиш ҳам улкан бахт, ҳам улкан азоб эди. Бахтлиги шундаки, уларнинг нигоҳларидан ажабтовур бир меҳр таралиб турар, у Игорнинг юрагидаги музларни эритиб юборар, унга аллақандай бир хотиржамлик, ишонч бахш этар эди. Азоблиги шундаки, бу нигоҳлардан ҳеч нарсани яшириб бўлмас, улар ичингдаги барча қусурларни, худбинлигинг, ёлғонларинг, ҳасад ва нафратингни, умринг бўйи қилган барча айбу-гуноҳларингни яққол кўриб туришгандек эди.

Игорнинг ўнг томонидаги яшил либосли дарвеш биринчи бўлиб сўз бошлади.

– Бизнинг қадимдан келаётган бир удумимиз бор, уни бузишга ҳаққимиз йўқ. Сенга битта шарт қўямиз. Агар шунга рози бўлсанг, сўнг сен билан суҳбатлашамиз, – деди.

– Мен тайёрман, – розилик билдирди Игорь.

– Сенга бир жумбоқ айтамиз, – деди дарвеш. – Сен унинг остидаги маънони, моҳиятини топишинг керак. Шундагина сенга йўл очилади ва ҳар биримизнинг исмимиз билан танишишинг мумкин бўлади. Бизнинг исмимиз эса вазифамизни англатади. Шартимизни бажара олмасанг, бизни маъзур тутасан, сен билан хайрлашишга тўғри келади.

– Розиман, – деди Игорь. У ўзини худди имтиҳонда ўтиргандек ҳис этмоқда эди.

Яшил либосли дарвеш ўз жумбоғини бошлади:

– Ёш бир йигит ҳақиқат излаб йўлга чиқибди. Қидира-қидира баланд тоғдаги бир ғордан чиқиб қолибди. Ғорда оташпарастлар яшар, улар бу ерни ибодатхонага айлантиришган, ўзлари оловга сиғинишар экан. Кунлари очлик, муҳтожлик, машаққат билан ўтар, рўза тутиб, борига қаноат қилишар экан. Роҳиблар пастга қийинчилик билан тушиб-чиқишар, кўзалардаги сувни инқиллаб-синқиллаб кўтариб чиқар эканлар. Ғорда олов ёқиб исинишар, тошлар устида ухлашаркан. Тирикчилик учун қормузларни кавлаб, остидан ўсимликларнинг егулик илдизларини қидиришар, қолган вақтларини эса ибодат билан ўтказишар экан.

Бундай ҳаёт йигитга ҳам маъқул келибди ва бош роҳибдан ибодатхонада қолиш учун рухсат олибди.

Кунларнинг бирида ибодат тутагач, бош роҳиб йигитдан:

– Қани айт-чи, узоқнинг узоқлиги қанчалик узоқ? – деб сўрабди. Йигит чуқур хаёлга чўмибди.

– Ҳа, бу анча қийин савол, – дебди бош роҳиб. – Сен бир ҳафта давомида шу саволга жавоб излаб кўр. Лекин ибодатни ҳам тарк этма. Бир ҳафтадан сўнг менга жавобини айтасан.

Бир ҳафтадан сўнг у ўзига жавоб топгандек бўлибди ва бош роҳиб олдига бориб таъзим қилибди, – Хўш, узоқнинг узоқлиги қанчалик узоқ? – аввалги саволни такрорлабди бош роҳиб.

– Инсоннинг онги тасаввур қилгунчалик узоқ, – деб жавоб берибди йигит.

– Бу жавобинг мени қаноатлантирмади, – дебди бош роҳиб. – Сенга яна бир ҳафта муҳлат бераман. Яхшилаб ўйлаб кўр.

Йигит тағин бир ҳафта ўйлабди. Ибодатдан бўшаган пайтларида юзлаб жавоблар топибди. Ниҳоят, бир тўхтамга келиб, бош роҳиб олдида таъзим қилибди.

– Хўш, узоқнинг узоқлиги қанчалик узоқ? – қайта сўрабди бош роҳиб.

– Узоқнинг узоқлиги Худо буюрганчалик узоқ, – дебди ёш йигит.

Бу жавоб ҳам бош роҳибни қониқтирмай, йигитга яна бир ҳафта муҳлат берибди. Бир ҳафтадан кейин йигит бош роҳиб олдида таъзим қилиб:

– Узоқнинг узоқлиги узоқлик қадар узоқ, – деб жавоб берибди.

Бу жавоб ҳам роҳибни қониқтирмай, унга яна бир ҳафта муҳлат берибди.

Ҳафталар, ойлар ўтган сайин йигит бош роҳибни ҳеч қандай жавоб қониқтирмаслигини ҳис эта бошлабди. Унинг юрагини дастлаб маъюслик, тушкунлик эгаллабди, сўнг ғазаб, нафрат уйғона бошлабди.

Навбатдаги мулоқотларнинг бирида ёш йигит роҳибнинг бу саволига:

– Жавоб йўқ! Бунақанги аҳмоқона саволга жавоб бўлиши мумкин эмас! – деб қичқирибди.

– Анча яқин келдинг! – дебди бош роҳиб. –Лекин бу ҳам тўғри жавоб эмас. Сенга яна бир ҳафта муҳлат бераман.

Тушкунликка тушган йигит емай-ичмай қўйибди. Ғордан ташқарига чиқиб, бир ҳафта мобайнида улкан бир чўққи устига ўтирганича жавоб излаш билан машғул бўлибди.

Узоқ, машаққатли ҳафта ҳам охири ниҳоясига етибди. Роҳиблар йигитни тоғдаги катта харсанг устидан топиб, бир амаллаб пастга тушириб, ғорга олиб келишибди. Йигит совуқ қотиб, ўзини йўқотгудек бир аҳволга тушган экан. Роҳиблар унинг елкаларини, қўл-оёқларини ишқалаб, зўрға ўзига келтиришибди.

– Хўш, узоқнинг узоқлиги қанчалик узоқ? – дея саволни такрорлабди бош роҳиб.

Йигит қўққисдан талвасага тушиб, телбадек қичқириб, бош роҳиб томон сакрабди-да, унинг башарасига боплаб бир мушт туширибди. Шўрлик роҳиб шилқ этиб қулаб тушиб, ҳушини йўқотибди. Роҳиблар, йигит бир четда қолиб, бош роҳибни кўтар-кўтар қилиб, юзига сув сепиб, зўрға ўзига келтиришибди. Бош роҳиб секин бошини кўтариб, Жилмайганича:

– Вой хумпар-ей, охири жавобни топибсан-да! – дебди. Шундан сўнг йигит ибодатхонани тарк этиб, уйига жўнабди. У ниҳоятда хурсанд, чунки жумбоқнинг жавобини топган экан! Хўш, қани, сен айт-чи, бунинг маъноси нима? – деб сўради Игордан яшил либосли дарвеш.

Игорь бироз довдираб қолди ва бу саволнинг жавобини излаб кетди.

– Ҳа, топдим, – деди у ниҳоят. – Бош роҳиб билан йигит орасида шундай бир узоқлик пайдо бўлдики, уни иккаласи ҳам юракдан ҳис этишди.

– Буни тўғри десак ҳам бўлади, – деди яшил либосли дарвеш. – Лекин бу бир томонлама жавобдир. Аслида баланд тоғ – бу эскирган қарашлар, чекланишларни англатади. Фақат моддият билан Ҳаққа етиб бўлмаслигини билдиради.

Роҳиблар – бу ҳақиқатни излашга шама. Бош роҳиб эса табиатдаги ва унинг оғушидаги барча нарсаларга бир устоз, раҳнамо лозим деганидир.

Йигитнинг чеккан қийинчиликлари – бу рамзий маънодаги инсоннинг ёруғ мақсадлар йўлида чеккан қийинчиликларидир. Бу қийинчиликлар уни пўлат каби тоблайди.

Масалага фақат эскича ёндашиш билан унинг ечимини топиш қийин. Кўпинча одамни ақл, мушоҳада эмас, балки урфодатлар, анъаналар бошқаради. Эски хурофий фикрлардан, бидъатлардан қутулмай туриб, ҳақиқатга эришиш жуда мушкул. Инсон шундан қутулсагина, янгича фикрлай бошлайди, янги ечимларни топади.

Бош роҳибнинг ёш йигитга масалани қайта-қайта ечиш учун муҳлат беришига сабаб шуки, у қайта-қайта ўзини англаш орқали Ҳаққа яқинлашиб боради. Бу яна шогирднинг зоҳирий қобиққа, яъни ғор ичидаги ибодатхонага боғланиб қолма, деганидир. Йигитнинг ғорни тарк этиши унинг эски одатлардан, хурофот ва бидъатдан халос бўлишини англатади. Игорь, шуни билгинки, бу ривоятда шогирд учун камида уч юзта йўриқнома берилган. Сен эса фақат улардан биттасига гувоҳ бўлдинг.

Биз учун шунинг ўзи ҳам етарли, албатта. Аммо сен келажакда ҳақиқатга етмоқ истасанг, бу ривоятдан камида ўнлаб жавоблар топмоқни ўрганишинг керак.

Игорь олган сабоғи учун боши осмонга етгудек бўлиб дарвешларга миннатдорчилик билдирди. У уф тортганича енгиллашгандек бўлган эди ҳамки, хонада ёнидаги дарвешнинг қуйидаги саволи янгради:

– Энди ўзинг айт-чи, Игорь, яқиннинг яқинлиги қанчалик яқин?

Игорнинг дафъатан берилган бу саволдан довдираб қолганини кўрган дарвеш:

– Бу саволга ҳозир жавоб беришинг шарт эмас. У сенга уй вазифаси бўла қолсин, – деди.

«Хайрият», дея ич-ичидан енгил тортди Игорь.

– Мана энди сен бизнинг махфий исмларимизни билишга ва биз билан суҳбатлашишга лойиқсан, – дея гапини давом эттирди дарвеш. – Мен йўл кўрсатувчи бўламан. Вазифам одамларга тўғри йўлни кўрсатишдир. Тўғри, буни ҳамма ҳам билавермайди. Фақат зийраклар, ҳушёрлар, ҳиссий қобилияти ривож топганлар сезади. Бу йўл – ҳаёт йўли, ҳақ йўли. Туғилишдан мақсад ана шу йўлни босиб ўтишдир. Бу йўлни фақат тафаккур билан англабгина қолмай, юрак билан ҳам ҳис қилмоқ керак. Ҳаётда йўллар жуда кўп. Бироқ уларнинг аксарияти одамни боши берк кўчаларга киритиб қўйиши мумкин. Аслида, фақат бир нечагина ҳақиқий йўл бор, холос. Юрак бу йўлларни ҳис этади. Сен фақат юрагингга, қалбингга қулоқ сол. Тўғри йўлда қийинчиликлар, машаққатлар, азоб-уқубатлар мўл-кўл. Аммо у охир-оқибат саодатга элтади. Баъзи йўллар дастлаб равон, машаққатлардан, азобуқубатлардан холи бўлиб туюлади. Лекин бу йўлларнинг охири вой.

Сен ўз йўлингда учрайдиган тўсиқлардан, машаққатлардан асло чўчима. Уларни енгиб ўтганингдан кейингина ҳаммаси бир синов эканини англаб етасан.

Шундай дея яшил либосли дарвеш ўз сўзини якунлаб, навбатни кейинги, сариқ либосли дарвешга берди.

Дарвешлар ортида катта-катта деразалар бўлиб, уларнинг ҳар биридан дарвешларнинг либосларига монанд нур оқиб кирмоқда, ўн икки дарвешга ўн икки хил шуъла тушиб турарди.

– Мен Билдирувчиман, – дея гап бошлади навбатдаги дарвеш, – ҳар хил белгилар, рамзлар орқали ёки тушларга кириб одамларни турли сирлардан воқиф этаман. Бу белги ва рамзлар инсонларни рўй беражак воқеа-ҳодисалардан огоҳ қилади. Юракка, қалбга ишониб яшайдиганлар бу белгиларни яхши билишади ва уларга ишонишади. Биламан, сен қандай қилиб миллиард-миллиард одамларнинг тушларига кириб улгуриш мумкин деб ҳайрон бўляпсан. Лекин биз ёруғлик тезлигида ҳаракатланиш, нусхаларимизни хоҳлаганча кўпайтириш, вақтни бошқариш қобилиятига эгамиз. Бизни сиёсат, ҳокимият, дин ва мазҳаблар қизиқтирмайди. Асосий вазифамиз Олам мувозанатини сақлаб туришдир. Ҳақ бизни ана шунинг учун яратган.

Сариқ либосли дарвеш сўз навбатини ҳаворанг либосли дарвешга берди.

– Мен Мукофотловчиман, – дея сўз бошлади бу дарвеш. – Агар кимки Олам мувозанатини сақлашга ўз ҳиссасини қўшса, ўшани мукофотлайман. Бу ҳисса ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, фантехника соҳасида эзгуликка хизмат қилувчи ҳар қандай янгилик. Атроф муҳитни, сизнинг илмий тилингиз билан айтганда, экологияни яхшилаш борасида қўшиладиган ҳисса. Бундай одамларни мен моддий ва маънавий бойликлар билан сийлайман. Албатта, бу мукофот, аввало, юқоридан тасдиқдан ўтади. Устозимиз Хизр алайҳиссаломнинг ўзлари бу жараённи назорат қилиб турадилар. Ушбу мукофотга сазовор бўлганлар ҳақиқий саодатманд инсонлардир.

Мукофотловчи дарвеш ўз сўзини тугатиб, навбат энди сизга, дегандек ёнидаги қизил либосли дарвешга қаради. Шунда хонадаги ҳаворанг шуъла пасайиб, қизил шуъла анча кучайди.

– Мен Жазоловчиман, – деди ёқимли жилмайиб қизил либосли дарвеш. – Агар кимдир Олам мувозанатини бузадиган бир иш содир этса, бизнинг кўрсатмамизга қарши борса, у албатта ўз жазосини олади. Олам мувозанатини бузадиган нарсалар жуда кўп, хилма-хилдир. Атроф муҳитга етказиладиган зарар, табиатга зиён етказувчи хатти-ҳаракатлар, одамлар соғлиғига, тафаккурига, ахлоқига, оиласига зарар етказувчи амаллар ана шулар сирасига киради. Бизнинг ишимизда йирик ёки майда деган тушунча йўқ. Катта-катта ҳудудларни вайрон қиладиган фан-техниканинг ғайри инсоний кашфиётларидан тортиб мўмай фойда олиш мақсадида инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар, ичимликлар тайёрлашда амалга ошириладиган қаллобликларгача – ҳаммаҳаммаси жазосиз қолмайди. Олам Мувозанатини бузувчи кимсаларни аввалига енгилроқ жазолар билан огоҳлантираман. Лекин шунда ҳам улар ўз қабиҳ йўлларидан қайтишмаса, жазонинг каттароғини юбораман.

Ушбу дарвеш гапини тугатиши билан хонада жигарранг шуьла кучайиб кетди. Шунда Игорь гап навбати жигарранг либосли дарвешга келганини англади.

– Мен Мушкулни Осон қилувчи бўламан, – деди бу дарвеш. – Агар инсон оғир, мушкул вазиятларда қолганида у Ҳақдан чин юракдан мадад сўраса, мен дарҳол у томон шошиламан ва мушкулини осон қиламан. Мушкулотлар ҳам ҳар хил бўлади. Кимдир саҳрода сувсиз қолиб кетади, кимдир қор-бўронларда адашиб қолади. Уммонларда ҳалокатга учраган кемалар, изидан чиқиб кетган поездлар, мувозанатини йўқотиб қўйган учоқлар.. Эҳ-ҳе, уларнинг оғушида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар, қариялар, аёллар, ёшгина гўдаклар бор, Мен ҳамма-ҳаммасига етиб улгуришим керак, Афсуски, оламда мен билмайдиган сирлар, қурбим етмайдиган ҳодисалар ҳам кўп. Шунинг учун бу ҳалокатларнинг ҳаммаси ҳам яхшилик билан тугайвермайди, баъзан қурбонлар ҳам бўлади.

Навбат бинафшаранг либосли дарвешга келди ва хонада ҳам ана шу рангга монанд шуьла кучайиб кетди.

– Мен Имкониятман. Имконият наинки одамзотга, балки ҳар бир жонзотга лозим бўлган неъматдир. Хастанинг тузалишида, камбағалнинг бойиб кетишида, илмсизнинг илм ўрганишида, адашганларнинг тўғри йўлни топиб олишларида менинг ҳиссам бор. Баъзан оғир, ҳатто чорасиз вазиятда қолганлар имконият топиб, бу вазиятлардан чиқиб кетадилар ва кейинчалик бундай аҳволга тушиб қолмаслик тадбирини кўрадилар. Афсуски баъзи кимсалар бундан тўғри хулоса чиқара олмай имкониятни бой беришади.

Хонада бинафшаранг пасайиб, қаймоқранг кўриниш жилолана бошлади. Игорь бу ранглар оддий одамлар оламида учрамаслигини, уларда айрим бир жозиба борлигини ҳис этди. Бу шуълалар худди тирик заррачалардан ташкил топгандек, улар инсоннинг кўзларидан, бурун ва қулоқларидан, бутун вужудидан ичкарига оқиб кириб, юракларни жунбушга келтирар, инсон руҳиятига аллақандай бир кўтаринкилик бахш этар эди.

– Мен Унутишман, – деб гап бошлади қаймоқранг либосли дарвеш. – Инсон ҳаёт йўлларида ҳар хил нохуш ҳодисаларга дуч келганида унинг қалби алам-изтиробларга, ғам-қайғуларга тўла бошлайди. Аслида одам уларни сабр-қаноат, хотиржамлик билан қабул қилиши, кечиримли бўлиши, умид билан яшаши лозим. Йўқса, улар инсоннинг соғлом яшашига халақит беради. Кўпинча инсон ўз худбинлиги, жиззакилиги туфайли бу азобуқубатларга холисона баҳо бермайди, уларнинг сабабларини англаб етмайди. Ана шунда мен инсон миясидаги изтироблар ин қурган нуқталарга шифо бахш этаман, хотирадан барча азобларни ўчириб ташлайман. Айни пайтда юракларга, қалбларга малҳам бўлиб уларни поклайман. Шу тариқа инсон иродаси чиниқиб, ғам-қайғуларни унутади ва ўзини тиклаб олади.

Суҳбат шу ерга етганида дарвешлар бир-бирларига маъноли тикилиб қолишди. Сўнг дастлаб сўз бошлаган яшил либосли дарвеш Игорга қараб:

– Игорь, сен бизнинг меҳмонимизсан. Сени толиқтириб қўйишга ҳаққимиз йўқ, – деди. – Энди бироз танаффус қиламиз. Бор, атрофни айланиб, томоша қилиб кел. Суҳбатимизни эса кейин давом эттирамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации