Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 16 страниц)
БАХТ
Биринчи Одам жуда бахтиёр бўлган экан. Улғайганидан сўнг у касб-ҳунар эгаллабди, шу орқали тирикчилигини ўтказаркан. Аммо вақт ўтган сари бахтли бўлиши учун яна нимадир етишмаётганлигини англай бошлабди. У нима эканлигини ўзи ҳам билмас экан. Шундан сўнг у бахт излай бошлабди.
Уй қурсам, яхши шароит қилсам, бахтли бўламан, деб ўйлабди. Ўзига бошпана, уй қуришга киришибди. Кўп меҳнат қилиб, тер тўкиб, шинам, чиройли уй қурибди. Маза қилиб яшай бошлабди, ўзини бахтлидай ҳис қилибди. Аммо бир оз фурсат ўтгач, бахти тўла эмасдай туюлаверибди.
Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверибди. Яратган унга муносиб жуфти ҳалол – Момо Ҳавони ҳадя қилибди ва оила қуришни буюрибди.
Шундан сўнг Одам Ато севган ёри Момо Ҳаво билан оила қуриб, бирга яшай бошлашибди. Улар жуда бахтиёр эканлар. Бирин-кетин фарзандлари дунёга келибди. Шоду хуррамликларининг чеки йўқ экан.
Аммо маълум вақт ўтиши билан худди бахт улардан чекингандай туюлибди. Шунда фарзандларини тарбиялаб, уларга касбҳунар ўргатишибди. Фарзандлар вояга етгач, уларни оилали, уйли-жойли қилишибди. Бошқа хайрли ишларни ҳам қилибдилар – йўллар, боғлар барпо этишибди, невара-чеваралар кўрибдилар. Бахт эса бир фурсат кўринар экан-да, сўнг яна кўздан ғойиб бўларкан. Бунга улар ҳайрон эмиш.
Шундан сўнг улар бахтни биргалашиб излашга аҳд қилишибди. Кашфиётлар қилишга киришибди. Одамзот ўз турмушини енгил қиладиган кўп оламшумул кашфиётлар қилибди. Бахт бир фурсат ўзининг жамолини кўрсатиб, сўнг қаёққадир ғойиб бўларкан. Бундан ҳайратланган Инсон ижод қилишни бошлабди. Шеъру ғазаллар бита бошлабди. Бахт яна гўёки меҳмонга келгандай, бир оз муддат ўтиб яна ғойиб бўлар экан.
Сўнг мусиқий оҳангларни басталай бошлабди. Мусиқа уларга бахтли онларни ҳадя қилибди. Вақт ўтгач эса, бахт барибир чекинаверар экан. Инсон бахтни топиб, ўзи билан олиб қолиш чораларини қидира бошлабди. Барча қулайликларга эга бўлибди. Уйини жиҳозлар билан тўлдирибди.
Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверибди. Инсон эса ҳар гал. бирор янги нарсага эга бўлганда ўзини бир фурсат бахтли ҳис қиларкан. Кейин эса яна бахтсиз ҳис этармиш, ҳеч кўнгли тўлмасмиш, қалби фақат бахтни орзу қилаверар экан.
Бу орзусини амалга ошириш учун бор умрини сарфлабди. Орзулари ҳам бирин-кетин амалга оша бошлабди. Бу, албатта, бахтли онларни яна ҳадя қиларкан. Лекин ҳақиқий бахтдан ҳанузгача дарак йўқмиш.
Шунда Инсон ғазабланиб, яна бахт қидириб йўлга чиқибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири чарчаб, улкан минг йиллик чинорнинг тагида дам олибди.
Баҳайбат чинорнинг уни ёзнинг иссиқ тафтидан сақлабди. Инсон уйқуга кетибди. Туш кўрибди. Тушига Бахт кирибди, бахт жудаям чиройли, гўзал эмиш. Инсон унга маҳлиё бўлиб, сен кимсан, деб сўрабди. Бунга жавобан у, мен Бахтман, дебди.
– Мен сени қидириб юргандим. Аммо ҳеч қўлга кирита олмаяпман. Бутун умрим сени излаш, қувлаш билан ўтди. Сени, яъни Бахтни қаердан топсам бўлади?! – дебди Ҳазрати Инсон.
Бахт бунга шундай деб жавоб берибди: – Сен ва бошқалар бундай аҳволда ҳеч қачон мени ушлай олмайсизлар. Аслида ушлашга ҳожат ҳам йўқ. Чунки мен. доим ёнингдаман. Бахтни ташқаридан эмас, ичкаридан – қалбдан қидириш керак. Инсонда хоҳиш деб аталувчи хислат бор. Бу ёмон эмаску-я. Лекин хоҳиш жомини мутлақ тўлдиришнинг ҳеч иложи йўқ. Ҳар қанча овора бўлма, у барибир ҳеч нарсага тўлмайди, тўймайди.
Шунингдек, инсонда ношукурлик бор экан, Бахт ундан қочаверади. Қаерда ношукурлик бор экан, у ердан бахт қидириб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. Мана шу ношукурчилик Инсон билан Бахт ўртасига қора парда тутади. Шу сабабдан сен мени кўрмайсан. Қўлга киритган ютуқларинг арзимасдай бўлиб туюлаверади. Албатта, Одамзод буюк, пок мақсадларни олдига қўйиб, режалаштириб интилиши керак. Бу, албатта, яхши. Туя олишга ҳаракат қилсанг, бўталоққа эга бўласан. Бу умуман бошқа нарса. Лекин қўлга киритган ҳар бир натижадан шукр қилмоқ, қаноат қилмоқ, қониқмоқ керак. Аслида, ҳамма тирик жон бахтли бўлиб туғилади. Туғилишнинг ўзи, мавжуд бўлишнинг ўзи бахт эмасми? Кейин инсон бу бахтга аста-секин кўника бошлайди. Бироз ўтмай, ўзини яна бахтсиздай сезаверади. Аслида эса ношукурлик пайдо бўлган бўлади.
Мана сени олайлик. Борсан, инсонсан, соғ-саломатсан. Уйжойинг, бола-чақанг, невара-чеваранг бор. Улар сени ҳурмат қилишади. Боғ-роғлар, шаҳарлар бунёд қилдинг, йўллар, кўприклар, ҳашаматли чиройли иморатлар қурдинг, оламшумул кашфиётлар қилдинг. Кўплаб савоб ишларни амалга оширдинг. Шуларнинг ўзи бахт эмасми? Бунча ўзингни қийнайсан? Бу кетишда ўзингни бахтли эканлигингни англамай, дунёдан бахтсиз ўтиб кетасан.
Шу гапларни айтиб, Бахт кўздан ғойиб бўлибди.
Ҳазрати Инсон уйғонибди-да, шоша-пиша уйига отланибди. Уйига етиб келиб ичкари киргач, бола-чақалари, невара-чеваралари унга талпинишибди. «Уларни бағрига босиб, пешонасидан ўпиб роҳатланибди. Ўзининг нақадар бахтли эканлигини ахийри тушуниб етибди. Яратганга беҳисоб шукурлар қилибди.
ЁШЛИК ВА КЕКСАЛИК
Ёшлик баҳор шамолидай тиним билмай еларкан. Кексалик унга ҳар гал, тўхта, бирпас суҳбат қурайлик, деркан-у, ёшлик бунга жавобан «вақтим йўқ, «бобо» деркан. Чунки Ёшликнинг қиладиган иши жудаям кўп экан-да. Кейин, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, Ёшликнинг Кексаликка унчалик хуши йўқ экан. Шунинг учун у билан суҳбатлашгиси келмаскан. Унинг назарида Кексалик хунук, ёқимсиз, эзмадек кўринармиш. Кийимлариям эски экан. Ёшликка кўпроқ ёшлар ёқаркан. Чунки улар ўзига ўхшаб замонавий, янги либосларни кийишаркан. Гаплари ҳам унга маъқул келар экан.
Кексалик кўп бор Ёшликни ўзи билан суҳбатлашишга ундабди. Илтимос қилиб ҳам, ялиниб ҳам кўрибди. Бундан ҳеч бир натижа чиқмасмиш. Кексалик қараса, Ёшлик ҳеч тўхтамайдиган. Шунинг учун унинг йўлига ўзи чиқиб, Ёшликни бир зумга тўхтатибди.
– Ҳой болам, шошма, ҳорма, – дебди.
– Ассалому алайкум, – дебди Ёшлик Кексаликка хижолат бўлиб.
– Ваалайкум ассалом, – деб алик олибди Кексалик. – Кел ёнимга, бирпас ўтир, гаплашайлик, – дебди Кексалик.
Ёшлик Кексаликнинг ёнига ўтирибди ва:
– Қулоғим сизда, бобожон, – дебди.
– Ҳеч ҳижолат бўлма, болам. Мен ҳам ёш бўлганман, сени тушунаман. Нега сен мунча шошасан? – дебди Кексалик Ёшликка.
– Э, ишларим жуда кўп. Илм олишим керак. Тирикчилик ўтиши учун ҳунар эгаллашим, ишлашим, пул топишим керак. Яхши кийимлар кийсам, ўйин-кулги қилсам дейман. Вақтичоғликни жуда яхши кўраман. Айниқса, дўстларим билан кўнгилхушлик қилишни жуда хуш кўраман. Дўстларимнинг барчаси ўзимга ўхшаб ёш. Шунинг учун ҳар гал «тўхта» деганингизда тўхтолмайман. Тўғриси, вақтимни қизғанаман, – дебди Ёшлик.
– Тушунарли, – дебди Кексалик. – Сенга бир маслаҳатим бор, ўғлим. Негадир мени ҳеч ҳурмат қилмайсан, назарингга ҳам илмайсан. Тўғри, йиллар менга ўз таъсирини кўрсатган, вужудимни ажин босган, қаддим ҳам бир оз букчайган, ҳаракатларим ҳам ночор, кўзим ҳам хиралашиб қолди. Кайфиятим ҳам унча эмас. Буларни мен ёшимга етсанг биласан. Аммо кўнгил қаримас экан. Аслида мен буларни сенга айтиш учун чақирмадим. Кел, яқинроқ ўтир. Бошқа масала хусусида сен билан батафсилроқ гаплашмоқчийдим. Менда дунёдаги энг қимматбаҳо, сенга керакли битмас-туганмас бойлик бор. Шуни сенга бермоқчийдим, ўғлим.
– Қулогим сизда, бобожон, эшитаман, – дебди Ёшлик жонланиб.
Кексалик сўзида давом этибди.
– Бу бойлик ҳаётий тажриба бўлади. Бу тажрибаларни олмасанг, ҳаётда кўп қоқиласан, қийинчиликларга дучор бўлаверасан, чорасиз ҳолатларга тушасан. Дўстларинг ҳам кези келганда сендан тониб кетиши мумкин. Алданасан. Шунинг учун мен билан тез-тез суҳбат қуриб тур, кўп вақтингни олмайман.
Шунда ўзингга керакли маслаҳатларни оласан, оқ-қорани танийсан. Чунки сен босиб ўтаётган ва ўтмоқчи бўлган йўлни мен аллақачон босиб ўтганман. Қаерда чуқур, қаерда ўра-чоҳ борлигини жуда яхши биламан. Ҳурмат қилиб, маслаҳатимни олиб турсанг, ўзингга яхши. Сен ҳам кези келганда келажак авлодга бу бебаҳо маслаҳатларни, ҳаётий тажрибаларни етказасан, – дебди Кексалик.
Бу гаплардан Ёшликнинг кўнгли янада ёришиб кетибди. Ёшлик Кексалик ҳақида нотўғри фикрда бўлганлигидан роса хижолат чекибди, уялибди. Кексаликдан самимий кечирим сўрабди. Шундан сўнг Ёшлик ўзини янада бардамроқ, дадилроқ ҳис қилибди, Энди унинг маслакдоши бор экан-да. Хатоларга йўл қўймаслик, ҳаётда қоқилмаслик учун Ёшлик тез-тез Кексаликдан маслаҳат оладиган бўлибди. Ишлариям жуда юришиб кетибди. Шундан кейин Ёшликнинг ҳаёт йўли янада равон, текис бўлибди. Кўп эзгу ишларга улгурибди, орзулари ушалибди.
ҲАҚИҚАТ ВА ЁЛҒОН
Ёлғон ва Ҳақиқат азал-азалдан оламда мавжуд экан. Ҳақиқатнинг яшаши оғир, аҳволи жуда ачинарли, кайфияти ҳам тез-тез ўзгариб турар, ҳаммадан дакки эшитар экан, ҳаммага ҳам ёқавермас экан. Ҳақиқат тўғрилиги учун кўп азоб-уқубатларга дучор бўларкан. У ўзининг туққанигаям ёқмаслигини яхши билар экан. Шундай бўлса ҳам, ҳеч алдай олмас экан. Бунга виждони, тўғрилиги, иймони, ор-номуси йўл қўймас экан. Ёлғон гапириб яшагандан кўра ўлганим яхши, дер экан. Ҳақиқат ҳар қандай шароитда ҳам тўғри гапираверар экан. Фойдасига ҳам, зарарига ҳам тўғри сўзлар экан. Ҳаёт қамчилари уни аямай саваларкан. Бунга у парво ҳам қилмас эмиш. Ҳақиқат ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмас экан. Бунинг эвазига унинг кўзлари кўкариб, юзтанларини чандиқлар қоплабди. Шундай бўлса ҳам у ҳалол, виждонли, диёнатли, иймонли одамлар дилида, тилида эканлигидан фахрланар экан.
Кунлардан бир кун у Ёлғон билан учрашиб қолибди. Салом-аликдан сўнг Ёлғон гап бошлабди: – Сенга раҳмим келаяпти, юришингни қара. Кийимларинг ҳам эскириб кетибди-ку. Ҳориб, чарчаб, тўзиб кетибсан. Юзларинг кўкариб, танангни чандиқлар қоплабди-ку. Бунинг устига ҳамма олди-орқангдан кесатиб гапиради. Нима қиласан, нуқул тўғри гапиравериб?! Биласан-ку, бу ҳаммага ёқмаслигини. Менга ўхшаб кези келганда сал ёлғон аралаштириб гапирсанг, олам гулистон бўладиқолади. Дарров ҳурмат, эътиборга сазовор бўласан, афсуснадоматларга қолмайсан. Офатлардан, азоб-уқубатлардан, қийинчиликлардан осонликча қутулиб қоласан. Биласан-ку, аксарият одамлар тўғри сўзлайдиганлардан чўчишади, ҳатто қўрқишади. Чунки ҳамманинг ўзига яраша айби бор. Айби очилиб қолишидан қўрқади-да. Айбсизни бу дунёда топиш амримаҳол. Мана, мендан ўрнак олсанг бўлмайдими? Ҳар қандай бало-қазолардан ёлғоним туфайли осонликча қутулиб қоламан. Ёлғон-яшиқ, эгри сўзлаб сувдан доим қуруқ чиқаман. Нима қиламан сенга ўхшаб, балога қолиб. Йўқ, аҳмоқ эмасман. Менга ҳар қанча бўлса ҳам ёлғон ишлатиб, ўша пайт эсон-омон қолиш муҳимдир, қолгани мени қизиқтирмайди. Уришадими, ажрашадими, ўладими, қоладими, ёнадими, йўқ бўп кетадими – бу уларнинг иши. Менга бўлса, барибир. Фақат ўзимни ўйлайман. Ахир, ҳамма ўзини ўйлайди-ку? Тўғрими? Жин урсин, сен билан гаплашиб, тилимгаям бир бало бўляпти. Шунинг учун кўпчиликнинг менга эҳтиёжи бор-да. Ошиғим олчи, ялло қилиб юрибман.
Бунга жавобан Ҳақиқат шундай дебди: – Рост, тўғри айтдинг, эгри бўлсанг ҳам. Сен ҳодисалар рўй берган жойда, ўша пайтда ёлғон гапириб қутулиб қоласан ўзингча. Гард юқтирмай ёлғон сўзлаб, лаганбардорлик билан қутулсанг бўлгани. Кейини, оқибати сени қизиқтирмайди. Аслида мен сенга ачинаман. Инсон сен туфайли афсус ва надоматларга қолади. Чунки хато иш қилаётганингни билмайсан. Сенда виждон, шарм-ҳаё, иймон, поклик, тўғрилик, ҳалоллик, оқибат деган тушунчалар умуман йўқ. Яхшиям, бу тушунчалар сенга бегона. Бўлмасам бу покиза туйғуларниям булғар эдинг. Шунинг учун сенинг умринг қисқа. Гўё ёлғонни ишлатишинг учун ҳеч бир тўсиқ, қийинчилик йўқдай туюлади. Билсанг, энг катта гуноҳ алдашдир. Ўша пайтда ёлғончилар қутулгандай бўлади. Ҳалол, пок инсонларни алдагандай бўлади. Буни баъзилар бир-бирига айтишиб мақтанади ҳам. Лекин аслида ўзларини ўзлари алдайди. Ҳар бир айтилган ёлғон гап уларни янада виждонсиз, иймонсиз, пасткаш қилаверади. Шунинг учун сени, яъни Ёлғонни – такаббурлар, ёлғончилар, худбинлар, нокаслар, пасткашлар, туҳматчилар, иккиюзламачилар, иймонсизлар ишлатади.
Ҳақиқатни ўша пайтда айтиш ниҳоятда оғир. Бу жуда катта масъулият, ватанпарварлик, инсонпарварликни, довюракликни талаб қилади. Мардлар ҳақиқатпарварликлари эвазига жондан ҳам кечдилар. Аммо ҳар бир айтилган, айтилаётган, айтилажак Ҳақиқат келажакда ўзининг ижобий натижасини берибгина қолмай, инсонни янада тўғрисўз, ҳақиқатпарвар, виждонли, иймонли, ҳалол, ватанпарвар қилади. Ҳар бир Ҳақиқат, вақти келиб келажакда ўзининг мевасини, албатта, беради. Ҳақиқат Ҳақга яқин бўлади. Ҳақиқат эса эгилади, букилади, лекин синмайди. Шунинг учун менинг умрим боқийдир!
Ҳақиқат ғурур билан ва ўз йўлидан дадил юриб кетибди.
МУҲАББАТ
Одам Муҳаббатни топишга аҳд қилибди. У яшаётган Заминда икки дунё мавжуд бўлиб, бирини моддий, иккинчисини маънавий олам дер экан.
Инсон аввал моддий дунёдан Муҳаббатни топишга астойдил киришибди. Чунки моддий дунё аниқ, оддий, тушунарли экан-да. Бу ерда, ҳойнаҳой, Муҳаббатни топиш осон бўлса керак, деб ўйлабди. Бу йўналиш билан инсон аста-секин пастбаланд билан таниша бошлабди. У бу оламнинг моҳиятини роса ўрганибди. У бу моддий оламда ҳеч нарса бекордан бекор қилинмаслигини англабди. Бу жойда бажарган ҳаракатинг, меҳнатинг учун ҳақ оласан. Ёрдаминг, хизматинг эвазига тақдирланасан. Қилган ёмон амалинг учун жазо оласан. Ахир бунинг нимаси ёмон?!
О, бу моддий дунёда севишиш нақадар осон, аммо уни сақлаб қолиш ниҳоятда қийин. Нимага дейсизми? Биринчидан, доим бир хилда севиш жуда мушкул. Иккинчидан, сени ҳам худди шундай миқдорда севадиган мардни топиш ундан ҳам мушкул. Моддий дунёнинг моҳияти – сендан угина, мендан бугина.
Бу ердаги муҳаббат бир қарашда жуда жўн, оддий, ажойиб. Лекин бу муҳаббат моддий дунёдаги олди-бердини ичида жуда эшилиб, қисилиб, мураккаблашиб кетган. Ўзининг асл моҳиятини аллақачонлар йўқотиб улгурган. Бу моҳиятнинг янада (бизнинг наздимизда) ёввойилашиб кетишига асрлар ўз таъсирини кўрсатган бўлса, не ажаб. Тўғрироғи, шу вақтлар оралиғида яшаган инсонларнинг муҳаббатга бўлган муносабати шундай бўлган.
Кўз олдингизга баланд дорда юраётган дорбозни келтиринг. Қўлида «лангари», яъни муҳаббатиям бор. Сал ўнгга оғсаям йиқилади, чапга оғсаям йиқилади. Севгилисидан кам севсаям йиқилади, кўп севсаям йиқилади. Бечорага жуда қийин. Сиз бир умр дорда юра оласизми? Менимча, йўқ. Кейин бу мувозанатни рўзғорнинг оғир-енгили, фарзанднинг дунёга келиши ўзгартириб юборади. Бунга ҳеч ким айбдор эмасдай туюлади. Аслида улар асл, ҳақиқий Муҳаббат қандай бўлишини билмайдилар, холос. Бу моддий дунёнинг йўли, талаб қиладиган хуни деб ўйлашади. Чунки у Инсонга бераётган ҳар нарсаси учун нимадандир кечишни, «қурбонлик» қилишни талаб қилади-да. Катта нарса учун катта, кичик нарса учун кичик. Албатта, муҳаббат учун каттароқ «нарсани» талаб қилади.
Туғилган чақалоқ йўқликни тарк этиб мавжуддикка айланади. Болаликни тарк этиб, ўсмир бўлади. Ёшликни тарк этиб, кекса бўлади. Тирикликни тарк этиб, абадиятга эга бўлади. Бу моддий дунёда ҳисоб-китоб шунчалар аниқ ишлайдики, ҳайратдан ёқангни ушлайсан. Юмшоқ диван, ўриндиқларда ором олишни хуш кўрганлар бу қулайликлар учун бадални соғлиқлари билан тўлайдилар. Моддий олам муҳаббати билан яшаётганлар даставвал ўзларини жуда бахтли ҳис қилишади. Кўп ўтмай улар ҳар хил «ноҳақликлар» билан тўқнаш келадилар. Асосан, дўстлик, севги бобида. Мен уни дўст деб юрсам, у ўтакетган аблаҳ экан?! Мен уни муҳаббатим деб юргандим, бунга арзимас экан, қабилидаги гап сўзларни эшитиб қоласиз. Чунки «жабрланганлар» ўзлари англамаган ҳолда ҳамма нарсани пулга чақадилар, ўлчайдилар. Ҳатто дўстлик, муҳаббатни ҳам. Моддий олам муҳаббатини чин муҳаббат деб юрганларга жуда алам қилади-да. Ахир, уни жуда қаттиқ севса. Унга жавобан эса ўзини севмасалар. Ношукурлар. Берилаяпти, лекин олинмаяпти-да. Ҳеч бўлмаса қайтимини берса ёки кетган харажатни тўласа бўлармиди. Ахир дўстига қанча «яхшиликлар» қилган эди-да. У эса бу «яхшиликлар»ни билмади. Қайтармади. Мақтамади. Тез-тез эсга олмади, номард. Мана сизга моддий оламдаги «моддий дўстлик», «моддий муҳаббат». Ахийри, Инсон моддий оламда чин муҳаббатни топа олмаслигини англабди.
Шундан сўнг Инсон маънавий оламдан чин Муҳаббатни излаб топишга киришибди. Кириши билан унга меҳр-муҳаббат билан борлиқ: «Хуш келибсиз, азизим!» дегандай туюлибди. Ҳаммаёқ топ-тоза, покиза экан. Дарахтлар гуркираб ўсган, гуллар яшнаётган, булбуллар хониш қилаётган эмиш. Нақ жаннатнинг ўзгинаси. Ҳар хил гулларнинг ажиб ҳидлари димоғига урилибди. Инсон ҳайрону лол бўлиб, атрофга аланглабди. Бу маънавий оламда кичик каттани ҳар доим ҳурмат қилган. Ҳамма бир-бирига ёрдамга ошиқар, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан илтижо қилишаркан. Ҳамманинг қалби пок эмиш, хуш кайфиятда юришаркан. Бир-бирларига кўмак беришдан бошлари осмонга етаркан. Ҳар бир банда бошқа бандага кўпроқ ёрдамим, яхшилигим, савобим тегсин, дер экан. Маънавий дунёда ҳамма бой эмиш.
Бу ерда бермоқ бору, олмоқ йўқ экан. Бева-бечоралар, етимлар, мискинлар иззатда экан. Ҳамма маънавий дунёда аҳил, иноқ, тўқ яшар экан. Бу ерда Инсонни лол қолдирган яна бир нарса, яхшилик қилинар экан-у, жавоби кутилмас экан. Ёрдамни қилар экан-у, уни хотирада сақламас экан. Ўнг қўл билан қилинган яхшиликни чап қўл сезмас экан. Савоб қилинган одамдан яхшилик қайтишига умид ҳам қилмас экан. Бу маънавий дунёдагилар ўз «ҳамён»ларини фақат яхшилик, ёрдам, савоб билан тўлдиришаркан. Фақат шу ҳақиқий бойлик ҳисобланар экан. Шу ҳақиқий бойликлари ўзлари билан абадий қолишига ва кўпайишига ишонишар экан. Ҳазрати Инсоннинг назари рўпарасида турган ажойиб, тасвирлашга тил ожиз бўлган гўзал бир мавжудотга тушибди. Шунда овози титраб:
– Сен кимсан, – дебди.
– Мен Муҳаббатман, – дебди мавжудот. Инсон бир қарашда бу муҳаббатнинг ҳақиқий Муҳаббат эканлигига ишончи комил бўлса-да, унинг моддий муҳаббатдан қандай фарқи борлигини сўрашга жазм қилибди. Муҳаббат шундай деб ўз сўзини бошлабди.
– Агар мен бирор-бир инсон қалбига жо бўлсам, у одам фақат севади. Мен танлаган инсонни севсаям севади, севмасаям севади. Ёшлигида ҳам севади, кексайгандан кейин ҳам севади. Соғлигидаям севади, хасталигида ҳам. Бойлигидаям севади, камбағаллашиб қолса ҳам севади. Тириклигидаям севади, оламдан ўтгандан кейин ҳам севаверади. Мен назаримни устки қобиққа эмас, асл моҳиятга, қалбга қаратаман. Қалбда эса на шакл, на салмоқ, на ранг, на ёш бор. Қалбда эса фақат меҳрмуҳаббатга жой бор. Унинг устига мен ўзим учун ҳеч нарса сўрамайман, ҳеч нарсага даъво ҳам қилмайман. Менда «мен» ва «биз» бўлмайди. Менда фақат «у» бор, холос. Шунинг учун севган инсон бутун борлиғи билан бошқа бир инсонга нафи тегишига интилади. Хоҳ моддий, хоҳ маънавий жиҳатдан чин дилидан ҳаракат қилади. Унга яхши бўлсин, унга нафим тегсин, у зерикмасин, у хурсанд бўлсин деб жон-жаҳди билан ҳаракат қиладилар. Ахир кимгадир ёрдам беришнинг ўзи бахт эмасми? Айниқса, яхши кўрган инсонингга. Мана шу ҳақиқий, чин муҳаббат бўлади. Мен туфайли оила қурганлар том маънода бахтли бўлишади. Чунки ошиқ-маъшуқлар то умрларининг охиригача, бири иккинчисини ёки бир-бирларини эъзозлаб, парваришлаб, кўмаклашиб, севишиб ўтишади. Ким биринчи бошлашини кутиб туришмайди. Бунинг аҳамияти ҳам йўқ. Энг асосийси – севиш, – дебди Муҳаббат.
Инсон жиддий саволлардан бирига жавоб топганидан боши осмонга етибди. Инсон бу икки Муҳаббатнинг ҳар хиллигини, бирбиридан тубдан фарқ қилишини англабди. У чин муҳаббатнинг ёлғон муҳаббатдан фарқини, уни қаердан излашни ва қидириб топишни билиб олибди.
ЭЛЕКТРОН НИҚОБ
(хаёлий ҳикоя)
2025 йилнинг баҳор айёмларидан бирида дўконларни айланиб келишга қарор қилдим. Мен бормоқчи бўлган дўкон бошқаларидан фарқ қилади. Буюртма берсам ҳам бўларди. Лекин ўзим кўзим билан ниқобни кўриб, кейин сотиб олишни афзал билдим. Қизиқ, қайси транспорт воситасидан фойдалансам экан? Ер сиртида муаллақ сузиб юрувчи машиналарданми ёки замонавий метроданми?
Ёки дўконнинг ўзини чақирсаммикан? Дўконни овора қилиш ярамайди. Менга бир нарса керак, деб улгурмасингиздан телефон рақамингиздан манзилингизни аниқлашади. Сўнгра эса гўшакни қўймасингизданоқ важоҳат билан «пишиллаб» катта юк машинасига жойлаштирилган кўчма дўкон эшигингиз олдига келиб тўхтайди ва қўнғироқ жиринглайди. Эшикни очсангиз, кўзингиз жилмайиб турган савдо агентининг чеҳрасига тушади. Ўйланиб қоласиз. Бу ҳақиқийми ёки сунъий? Балки ўртамиёнадир? Одамсимон Роботларни ишга олиш бошида ҳамма учун қизиқ эди. Ҳозир эса бу оддий ҳолга айланди. Худди телевизор ёки музлаткичдай. Тавба, ҳамма нарсага кўникар экан киши.
Қўшним яқинда шунақалардан биттасига уйланган эди. Бунинг нимаси янгилик дерсиз. Шошилманг, бу ҳали ҳолваси. Дастурни «уй бекаси»дан «йога тренери»га адаштириб юборибди. «Тез ёрдам» келгунича бечорани арқондай эшиб ташлабди. Яхшиям билагида қон босимини, тана ҳароратини, кайфиятини ва ҳоказоларни аниқлайдиган қурилмалар жойлашган билакузук бор экан. Қараса, хўжайиннинг мазаси йўқ, ваҳима кўтарибди. Сўнг қурилманинг ўзи «Тез ёрдам» чақирибди. Тиббий ёрдамдан кейингина зўрға ҳушига келибди. Бир ойдан кейин касалхонадан чиққанида кўришга борганимда ҳалиям баданидаги кўкарган излар кетмаган эди. Юролмаяпти бечора. «Ҳа қўшни, нима бўлди?» десам, «қўяверинг, дастурни адаштириб юборибман, у ёғи нима бўлганини эслашга ҳам қўрқаман», дейди. Эс-эс ёдида қолганларини айтиб берди, холос. Нилуфар гули ҳолатида ўтиришга мажбурлабди. Бошида бундай туриш ярим соат давом этибди. Бу ҳам майлику-я, шпагат ўтиришга роса мажбурлабди. Шўрлик тутилганига роса пушаймон бўлибди. «Яхшиям «Шарқ яккакураши тренери» дастурига созламаган экансан», дедим хаёлимда. «Ана унда кўрардинг онангни Учқўрғонда, худо бир асрабди».
Шундан кейин анчагача оқсоқланиб юрди бечора. Робот хотинини мутлақ ўчириб қўйибди. Бунга ҳам қаноат қилмай, қўлларини боғлаб, аккумуляторини ҳам ечиб олибди.
Ҳа, нима деяётувдим-а. Ие, етиб келибман-ку. Метро лифтидан тепага кўтарилдим. Рўпарамдаги бинонинг ойна эшигини икки четида иккитаси (қанақалигини билмайман, яъни ҳақиқийми, сунъий) бошлари ерга теккудек салом беришади. Фойедаги дўконнинг уч ўлчамдаги голографик макетини кўздан кечириб, мен излаётган бўлманинг қаерда жойлашганини билиб олдим ва 287-қаватга бир зумда кўтарилдим. Ҳа, бу ўша интернетда кўрган бўлмам. Сотувчи ҳам ўша-ўша. Қизиқ, буларни махсус равишда жилмайишга ўргатадими ёки дастурлайдими?! Балки ниқобдан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилгандир. Нима фарқи бор, керагини олгин-у кет, дедим ўзимга. Секингина гап бошладим: «Маъзур тутасиз, хоним, менга мағрурликни, зиқналикни ва ҳасадни йўқотувчи, ҳеч бўлмаса, камайтирувчи ниқобингиздан берсангиз. Ҳа, айтгандай, ўзи қанча туради?»
– Олдин ниқобнинг имкониятлари билан танишинг. Биринчидан, сизга бир нечта ниқоб олиш шарт эмас. Универсаллари ҳам бор. Буларнинг функциясига ўнтадан то мингтагача салбий қирраларни йўқотувчи электрон дастурлар мажмуаси жойлаштирилган. Албатта, нархиям шунга қараб ошиб боради. «Кечирасиз, сизга уй лексиконига мослаб гапирайми ёки илмий тилдами?» Сотувчи қиз менинг тафаккур кучимни, яъни интеллект бойлигимни сўрашга жазм қилолмади, шекилли. Тўғрироғи, мени ноқулай аҳволга солгиси келмади. Албатта, қулоққа тақиладиган миттигина таржимонларнинг чиққанига анча бўлган. Улар нафақат тилларни, балки ўта мураккаб фан терминларини ҳам уй бекаларига тушунарли тилда билдиради. Худога шукур, ҳозирча бундай матоҳларга менда зарурият йўқ. Унақасигаям, бунақасигаям гапираверинг, дедим. Универсалини олиб берингчи. Марҳамат, олинг! Ниҳоят, қўлимга кўпдан орзу қилганим ниқобни тутқазишди. Салмоқликкина. Кўриниши ҳам бежирим, чиройли. Энг асосийси ишлашида. Кўрамиз қандай ишлар экан? Ҳамма гап шунда. Ўйланиб қолганимни кўриб сотувчи қиз, хоҳласангиз синаб кўришингиз мумкин, деб қолди. «Марҳамат», деб мени синаш хонасига кузатиб, эшикни ташқаридан маҳкам ёпиб қўйди. Безовталанганимни кўрди, шекилли, овоз динамикасидан ёқимли таниш овоз жаранглади. Тинчланиб, бемалол ва хотиржам бўлишимни маслаҳат берди. Бунинг унчалик хавфли жойи йўқ, деб кулиб қўйди. Унда эшикни ёпишнинг нима ҳожати бор, деган фикр хаёлимдан ўтди. Худди фикримни ўқигандай, бу сиз ва бизнинг хавфсизлигимиз учун керак, деб қўшиб ҳам қўйди. Ҳозирча бу гапнинг маъносини охиригача англамаган бўлсам ҳам, лекин қизиқиш устунлик қилди. Қўлимдаги электрон ниқоб солинган қутини айлантириб кўздан кечира бошладим. Ичида инструкцияси ҳам бор экан. 103 та тилга таржима қилинган. Оббо, шоввозлар-ей. Эринмай шунча тилга ўгиришибди. Ҳа, айтгандай, хорижий мижозларнинг интернет орқали буюртма берувчилари ҳам кўп бўлса керак, ҳойнаҳой. Синчковлик билан ўзбек тилида ўқий бошладим. Феъл-атворни ёқимли қилувчи махсус электрон ниқоб. Қисқартирилиб: ФАЁҚМЭН деб ёзиб қўйилган. Электр тармоғидаям, митти аккумулятордаям ишлар экан. «Яхши» дедим ўзимча. Хўш, мана феъл-атворнинг салбий ва унинг акси бўлмиш ижобий қирралари. Тушунарли. Демак, қайси салбий қиррани текисламоқчи бўлсак, унинг акси бўлмиш ижобий тарафини «бойитмоқ» керак.
Сахийликни танладим ва ниқобни шунга мосладим. Керакли дастур ишга тушди. Юзимга тақиб, тугмачани босдим. Сканер юз тузилишимни текширди. Махсус дастур ниқобдаги мураккаб электрон тизимни менинг индивидуал юзимга мослади. Митти электродчалар юзимдаги биологик фаол нуқталар (БФН) асаб тизими ва мимика мушакларини аста-секин ва бирин-кетин ишга сола бошлади. Гўё юзимда бир талай чумолилар юргандай. Бироздан сўнг кўника бошладим. Рўпарамда катта тошойна. Қўлимда масофадан бошқариш пульти. Шунгаям қаноат қилмай кучайтиргич тугмасини босдим. Митти электродчалар олдинига юзимдаги мимика мушакларини бирин-кетин массаж қилиб, кейин эса олдинма-кейин қисқаришга «мажбурлай» бошлади. Беш дақиқадан кейин атрофга алангладим. Икки қўлим чўнтагимда. Ҳамёнимни чиқариб, атрофга синчков термилиб, кимларнидир қидиряпман. Қани энди бирор гадо пайдо бўлса, бор-йўғимни бериб тезроқ қутулсам. Кийимларимни еча бошладим. «Ўзи менга нима бўлди», деб овоз чиқариб гапириб ҳам қўяман. Динамикадан сотувчи қизнинг кулгиси қўнғироқдек жаранглайди. Менчи, парво қилмайман. Кредит карточкам эсимга тушиб қолди. Шошиб, терминал излайман… Қани энди топсам. Динамикадаги кулги кучайди. Менга эса бу кулгилар таъсир ҳам қилмайди. Бир зумда онадан қандай туғилган бўлсам, салкам шундай бўп қолдим. Аскар ҳам бундай тез ечинмаса керак. Ҳатто қўлимдаги қимматбаҳо швейцария соатини ҳам ечиб, полга улоқтирибман. Бу ҳам майлику-я, туморимниям қўшиб отиб юборибман. Яхшиям, ясама жағ-пағим йўқ, бўлмаса уларниям баҳридан |ўтардим. Таъсирчан эмасманми, сотувчи қизга роса кулги бўлдим-да. Бу аҳволимни интернетга чиқариб юбормаса гўрга эди. Бундан кўра ўлганим яхши. Боя қўлимда турган масофадан бошқариладиган пульт ҳам йўқ. Атрофни кўздан кечириб, полда ётганини кўрдим. Дарров олиб, «тўхтатиш» тугмасини босдим. Қарасам, қипяланғочман. Шарманда. Яна тошойна қўйганига ўлайми. Аксим мендан ҳам баттар. Уятдан икки бетим бахмал олмадай қизариб кетди. Тезда кийимларимни кийдим. Соатни қўлимга тақиб, ўпиб ҳам қўйдим. Йўқолмаганидан хурсанд эдим. Пулларимни текширдим, кредит карталарни ҳам. Худога шукр, ҳаммаси жойида. «Уфф» деб чуқур-чуқур нафас олардим. Ўзимни таниёлмасдим. Бу тушми, ўнгимми? Во ажаб. Қишда биров қор сўраса ўйланадиган одам, бирпасда бор-йўғидан айрилса-я. Тавба. Миямга уйда худди шундай хона ташкил қилиш фикри чақмоқдай келди. Хона деворларини бақувват қилиш керак. Иложи бўлса зирҳдан. Нега куласиз? Фараз қилинг, ниқобни тақиб хаёл билан кўчага чиқиб кетсангиз. Унинг устига сахийлик сиз билан. Бир зумда қип-қизил гадойга айланасиз. Мана сизга замонавий Ҳотами Той. Менимча, Ҳотами Той ҳам сизга ҳавас қилса керак. Чунки олам бино бўлиб ҳали ҳеч ким бунчалик сахийлик қилмаган-да. Бу воқеадан кейин сабрни кучайтираверасиз. Агар ниқобни ҳам ҳадя қилишга улгурмасангиз, албатта. Йўқса, юрак хуружи бўлиши аниқ.
Ниқобни бошқа «қирра»га мослаштириш учун каталогдан тахминан ўзимга ёққанини излай бошладим. «Хушчақчақлик!» Буниси менга ёқади. Башарасини ғишт қилиб юрганларни жиним ёқтирмайди. Турқи қурсин, бирам совуқ-ей. «Нармални» қилиб юр башарангни! Нима фақат сенга қийинми бу ёруғ дунёда? Ҳали мен дунёга келиб бирор-бир одамнинг «яшаш менга осон», деганини эшитмадим. Фақатгина сенинг ишинг юришмаяптими?! Омадсизлигинг учун мен ёки бошқалар айбдормиБалки туғилган жойинг айбдордир? Ота-онанг ёки об-ҳаво? Яна баъзилар уялмай-нетмай, бугун ҳаво айниди, дейди-я. Шундай пайтда мен ҳам шартта: «сут айнийди, гўшт айнийди, одам айнийди, лекин об-ҳаво айнимайди, балки ўзгаради» дейман. Балки жинсинг, миллатинг айбсиз айбдордир? Юлдузлар фазода, таъбирингга қараб жойлашишини айтмасак ҳам бўлаверади. Айб ўзингда, жўра. Буни фақат тан олгинг келмайди. Бошқалардан айб қидириш энг осон. Масъулиятни бўйнингга олгинг келмайди. Агар мана бу ниқобдан олиб, кунига ҳеч бўлмаса ўн беш дақиқа шуғуллансанг эди, башаранг ғишт кўринишидан юз кўринишига ўтармиди. Турқ кўринишидан чеҳра кўринишига айланармиди! Янаям билмадим. Бу ғишт эмас, бетоннинг ўзгинаси. Ғиштниям эговласа, текисланади, бетонни фақат босқон билан савалаш керак. Майли жўра, турқингни реклама қилишга менда ҳозир вақт йўқ. Кўзингни олайтириб, ҳаммани қўрқитиб юравер. Фақат яқинларингга ачинаман, уларга қийин. Ҳар гал улар сендан янада кўпроқ хафа бўлишади. «Нимага мени ҳеч ким яхши кўрмайди, севмайди?» дейсан. Сени яхши кўриш у ёқда турсин, ёнингга йўлашга қўрқади-ку одам. Сал қизишиб кетган бўлсам, узр.
Ойнага қарасам, ўзимнинг ҳам аксим унчалик юзни эслатмаяпти. Шунинг учун ниқобни башарамга, йўғ-ей бетимга тақдим. «Сеҳрли ниқобча» ўз кучини кўрсата бошлади. Аввалига ҳиринглашга ўтдим. Кейин кулиб ашула айта бошладим. Ундан сўнг қаҳ-қаҳ отдим. Бир маҳал ўзимга келсам, қўлларим қорнимни чангаллаган кўйи букчайиб, полда ётибман. Анча кулибман. Кейин билсам, сотувчи қиз кута-кута хавотирланиб, эшикни очиб елкамдан ушлаб, «Ака, ниқоб ёқдими?» дейди. Кулгидан ўзимни тўхтата олмай зўрға «ҳа-ҳа» дейман. Пультнинг тугмачасиниям босолмайман. Яхшиям сотувчи қиз ёрдамлашиб юборди. Бўлмаса кулавериб пультни яна йўқотиб қўярмидим, билмадим. Ниқоб таъсирини йўқотгандан кейин аста-секин ўзимга келиб, ўрнимдан турдим. У ёқ-бу ёқларимни обдон тўғриладим. Сочларимниям тараб, силкитиб қўйдим. Кулгидан қорним оғриб кетибди. Махсус хона мавжудлигига, темир эшигининг қулфланганига мана энди тушундим. Бу ҳаммаси хавфсизлик юзасидан. Асосан менинг фойдамни ўйлашгани аниқ.
Пештахтага келиб, «Қанча туради? – дедим. «Бир минг тўрт?!» Ҳа яхши, – дедим. Ҳаракат қилсам, бир-бир ярим ойларда бу миқдордаги маблағни топишга улгураман. Журналга қўлим билан ручкада шундай деб ёзиб, имзо чекдим:
«Мен Шуҳрат Суюндик ўзбекистонликларни 2325 йил – бугундан бошлаб икки ой ичида бир минг тўртта фуқаросига савобли иш қиламан, деб ваъда бераман. Уларнинг оғирини енгил қиламан».