Электронная библиотека » Шухрат Суюндик » » онлайн чтение - страница 16


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Шухрат Суюндик


Жанр: Общая психология, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Сотувчи қиз миннатдор бўлиб, қўлимга пакетга солинган қутидаги электрон ниқобни тутқазди. Мен эса ҳушчақчақ ҳолда яна феъл-атворимнинг қайси қирраларини ўткирласам экан, деб ўз кулбамга равона бўлдим.

КЕЛАЖАК КИНОТЕАТРИ
(бу хаёлий ҳикоя 1995 йил ёзилган)

2032 йил. Кинога тушмаганимга ҳам чамаси юз йиллар бўлдиёв. Нима ҳам қилардим кинога тушиб. Шундоғам уйда диванда ёнбошлаб телевизор томоша қилишдан чарчамасам. Унинг устига кабель, сунъий йўлдош антенналари чиққанигаям анча бўлган.

Ҳамма жойда рақобат. Кино индустриясидаям. Кинотеатрлар ҳам фаол ҳаракатда. Болаларим қўярда-қўймай шаҳар марказидаги кинотеатрга боришга бир амаллаб кўндиришди.

– Уй кинотеатри бор-ку, – дейман. – Уйда кўраверинглар киноларингни.

Уларнинг эса парвойи палак. Йўқ, у ерда зўр эмиш. Экранни катта демаса, нимаси зўр?! Ўғлим:

– Дада, тиббий кўрик маълумотномангиз борми? – деб қолди.

– Нимага? – сўрайман ажабланиб.

– Кино кўришга-да, – дейди.

– Ҳей, ҳазиллашяпсанми?!

– Йўқ, беҳазил.

– Йўғ-ей? – дейман ишонмасдан!

– Ҳа, тиббий кўрик маълумотномасисиз кинога мутлақо қўймасмиш.

Тавба, кинотеатрга кириш учун тиббий кўрикдан ўтиш зарур эмиш. Булар жинни-пинни бўлиб қолганми? Болаларим мени қўярда-қўймай тиббий кўрикдан ўтишга кўндира бошлашди. Фарзандларинг учун нималар қилмайсан. Майли, тиббий кўрикдан ўтмаганимга ҳам юз йиллар бўлди. Ўтсам ўта қолай дедим. Бориб таҳлил учун намуналар топширдим.

Шифокор:

– Ака, эпилепсиянгиз йўқми? – дейди.

– У нима дегани, ука?

– Қуёнчиғингиз йўқми?

– Йўғ-ей, худо кўрсатмасин.

Ғалати хапдорилар номи ёзилган қоғозни кўрсатиб:

– Назепам, тезапам, феназепам, седуксен, реналиум, мазепам, элениум, радедорм, лепонекс, трифтазин, френолон, сонапакс, неулептил, попортим, циклодол, можептил, зглонил, нафранил, амитриптилин, бензонал, дифинин, суксилен, клоназепам – шулардан бирортасини истеъмол қилганмисиз?– деб сўради.

– Йўқ, – деб жавоб бердим.

Кейин қон босимимни, юрак уриш тезлигини, асаб тизимини, ҳаракат координациясини текшириб, кино к–рса бўлади, деган хулосага келиб, киришга рухсат беришди.

– Хайрият, кино кўрарканман, – дедим жилмайиб ўз-ўзимга.

Кулгим қистайди. Булар аниқ ақлдан озган. Битта кино кўришга шунча сарсонгарчилик. Яхшиям, кинода роль ўйнамайман. Бўлмаса куним тиббиёт муассасасида ўтармиди? Билмадим. Ниҳоят, оиламиз билан ҳаммамиз тиббий маълумотномаларимизни қўлга олиб, ёппасига шаҳар марказидаги кинотеатрга бордик. Хайрият, чипта сотиб олиш муаммо эмас. Кўчаларга ўрнатилган терминалларга буюртма берсангиз бас, бирпасда уйингизгача олиб келиб беришади. Кинотеатрга кираверишда икки ёш ўспирин табассум билан таъзим бажо айлаб бизни қарши олишди. Ўтингларўтинглар, деб ичкарига таклиф қилишди.

Кинотеатр назоратчиси тиббий маълумотномаларимизни бирма-бир синчиклаб текширди. Ҳаммамизга фазогирлар скафандрига ўхшаб кетадиган костюмлар беришди. Каска, қўлқоп, оёқ кийимлари ҳам бор.

– Қизиқ, буларнинг нима кераги бор, – дейман.

Олган кийимларни ағдариб кўраётган эдим.

Рўпарамда кинотеатр ходими кўринди ва олдимга келиб:

– Ака, ёрдам керакми? – деб қолди.

– Ука, бу кийимлар нимага керак? – дедим. – Шуларни кийиш шартми?

– Албатта! Бу махсус кийимлар кинофильмнинг тўла-тўкис моҳиятини, бор имкониятини очиб бериш гаровидир. Кийимлар ичига махсус датчиклар жойлаштирилган. Иситиш ва совитиш тизими ҳам бор. Кийим ташқи таъсирларга ҳам ўта чидамли. Масалан, олов, муз, ўқ ва снаряд парчаларини ўтказмайди.

– Буларнинг нима кераги бор бизга?

– Ҳар эҳтимолга қарши, – дейди ходим. – Кирсангиз, ҳаммасини ўзингиз билиб оласиз. Каскадаги кўзойнак экрандаги тасвирни уч ўлчовли ҳамда зарур пайтда голографик рангли тасвир қилиб беради. Юқоридан тушадиган буюмлардан ҳимоя қилади. Оёқ кийими ҳам шундай. Оёқларни иситади, совитади, жимирлатади ва қитиқлайди. Кийимлар ўриндиқ курсисидаги штеккерга уланади. Залдаги ҳамма ўриндиқлар кийимлар билан биргаликда марказий компьютерга уланган.

Компьютер кинода рўй бераётган жараёнга мослаб махсус эффектларни ишга туширади. Ҳозир (айни пайтда) намойиш этилаётган кинолардаги макон, жойларнинг географик жойлашиши ҳақиқатдан ҳам Ер шарининг табиий жойлашишига мое келади. Экранда шимолий қутбда ёки экваторда жойлашган мамлакат пайдо бўлганда, компьютер автоматик тарзда залдаги ҳароратни ўша тасвирдаги ҳудуд ҳароратига мослайди. Макон ва замондан қатъи назар, компьютер маълумотлар базасига минг йиллар олдинги ўтган ва келаси замондаги об-ҳаво маълумотлари жойлаштирилган.

Масалан, Африка жазирамасида кийимлардаги махсус спираллар қизий бошлайди. Тана сирти ҳароратини тасвирдаги ҳароратга мувофиқлаштиради. Хоҳишингизга қараб роса маза қилиб терлайсиз. Тасвирдаги Арктика совуқларида кийимдаги митти музлаткич ишга тушади, истаганингизча совуқдан дағ-дағ титрайсиз.

Жанг кетаётган пайтда деворлардан ҳар хил ўқотар қуролларидан ўқлар, масалан, камон ўқлари, найзалар, тош, ўқ парчалари отилади. Бўрон пайтида эса деворларга ўрнатилган улкан айланма парраклар ишга тушиб, кучли шамол кўтарилади. Бу вазифаларни хоҳишингизга биноан янада кучайтиришингиз, пасайтиришингиз ёки ўчириб қўйсангиз ҳам бўлади. Креслолар ҳам махсус жиҳозлар билан бойитилган. Тасвирдаги ер сатҳи ўзгаришига монанд креслонинг баландлиги ўзгаради. Кресло юқорига, пастга, ўнгга, чапга ва айланма ҳамда тебраниш ҳаракатларини бажара олади. Каскада махсус ҳид трубкалари ҳам мавжуд. Улар бурун катаклари остига жойлаштирилган. Тасвирдаги сюжетга қараб улар юзлаб ҳидларни етказа олади. Масалан, кино қаҳрамони овлаган кийигини бутунлигича оловда пишираяпти, дейлик. Марҳамат, унинг ҳидини бемалол тўйиб ҳидлашингиз мумкин. Ёки малика ётоқхонасида юзига атир-упа суряпти. Унинг ҳам ёнгинасида пайдо бўлиб қолишингиз мумкин. Малика билан ҳазиллашишни маслаҳат бермайман. Чунки кайфияти йўқ бўлса, тарсаки тушириб қолиши аниқ.

Бундан ташқари, шифт ҳам махсус жиҳозланган. Ёмғир пайтида шифтдан сув зарралари, қор пайтида қор, дўл пайтида ҳақиқий дўл ёғади. Боя айтганимдай, бу функцияларни хоҳишингизга биноан кучайтириб, пасайтириб ёки умуман ўчириб қўйишингиз мумкин. Мутлақ ўчириб қўйишни маслаҳат бермаган бўлардим.

Навбат полга. Пол ҳам махсус жиҳозланган, у ўзининг сатҳини ўзгартира олади. Экран тасвирида ер, бино силкинганда пол ҳам силкинади, ер ёки муз сатҳи узгарганда пол ҳам ўз сатҳини тасвирдагига монанд ўзгартиради ва ҳоказо. Зал ичидаги ҳавонинг намлиги, босими ҳам тасвирдагига монанд ёки хоҳишингизга биноан ўзгаради.

– Ука, раҳмат, – дедим.

– Айтгандай, ёдимдан чиқай дебди-ку, креслонгизни ҳам ўзингизга қулай ҳолатга келтиришингиз ёки манави тугмачани боссангиз, автоматик тарзда ўзингизга қулай ҳолатга келтиришингиз мумкин. Хоҳишингизга кўра, бу юмушларни марказий компьютернинг ўзи ҳам бажаради.

– Раҳмат, етади. Ҳаммасига тушундим, – дедим ҳеч нарсага тушунмаган бўлсам ҳам. Қарасам, тўхтайдиганга ўхшамайди. Яна бир оз тингласак, кинодан ҳам қуруқ қоламиз.

– Кийиниш хонаси қаерда? – дедим. Қўли билан ўша тарафни кўрсатиб юборди шоввоз. Кийиниш учун алоҳида хоначалариям бор экан. Кириб, ҳаммамиз кийиниб олдик. Худди фазогирларга ўхшаймиз. Болалар ҳазиллашибми, чинданми, «дада сизга жуда ярашди», дейди. Мен эса «эй», деб қўл силтайман. Тавба, Марсга учяпмизми?! Ичкарига кирдик. Оддий кинотеатр. Отам замонида ҳам салкам шундай эди. Маза қилиб ҳинд киноларини томоша қилардик. Дарвоқе, у пайтлар махсус кийим беришмас эди. Кийимларни кийиб, ўз ўринларимизга яхшилаб жойлашиб олдик.

Ўриндиқлар автоматик тарзда мени танамга мослашди. Кинотеатр ходимлари кийим четидан чиқиб турган шнурни креслога жойлаштирилган штеккерга ўрнатишни маслаҳат беришди. Бажардим. Камарларни тақишга мажбурлашди. Худди самолёт салонида учишдан олдин стюардессалар камарлар тақилганини бирма-бир текширгани сингари, бу ерда ҳам қаттиқ назорат остида камарларни тақтирди.

– Самолётда учмаяпмиз-ку, – дейман норози бўлиб.

– Илтимос, ака, камарингизни яхшилаб тақиб олинг, дейишади. Уларни яхши мулойим муомаласи таъсир қилди, шекилли, камарларни яхшилаб тақиб олдим. Бирон-бир томошабин хавфсизлик камарини тақмаса, кинога қўйилмас экан.

Каска тепасида жойлашган кўзойнакни ҳамма пастга туширди. Мен ҳам кўзимга тўғрилаб, кино томоша қилишга тайёрлана бошладим. Бир маҳал залдаги ёритқичлар секин хиралашиб, қоронғилик ҳукмронлик қилишга улгурмасдан экран ёришиб, кино бошланди.

– Ёпирай, мен қаерга тушиб қолдим. Тушимми ё ўнгимми? Ерми ё ўзга сайёра?

Бир маҳал сон-саноқсиз лашкарлар икки тарафлама бўлиб жанг майдонида урушиш учун сафланишди. Ҳаммаси тиштирноғигача қуролланган. Кийинишига қараганда ўрта асрликлар бўлса керак. Қурол-аслаҳаларини қалқон ва совутларига тинмай уришади. Ҳаммаёқни тарақ-туруқ, шақир-шуқур темир овози тутиб кетди. Бир-бирини жангга чорлашаяпти.

Жанг-жадал бошланди. Қурол-аслаҳаларнинг жаранги қулоқларимнинг остида гумбурлайди. Ноғораларнинг бада-банги қулоқларни қоматга келтиради. Қаёққа қочишимни билмайман. Ахир қўлимда қўлқопдан бошқа ҳеч вақо йўқ-да. Қанийди, ёғочдан бўлса ҳам қиличим бўлса эди. Жангчилар қўлидаги қиличларини сермашганда бошим ва танам ёнидан кескин товуш чиқариб ўтади. «Дод» деб юбордим. Отилган камон ўқларидан пусиб, чап бериб, бир амаллаб омон қолдим. Худога шукур. Бир маҳал Саҳройи Кабирга чиқиб қолдик. Қай тараф дўст, қайси тараф душман – билмайман. Умуман, менга барибир. Тирик қолсам бўлди. Қуёш шундай қиздира бошладики, қани энди бирор соя топилса. Агар ҳозир ёнимда ҳаммом бўлса, салқинлаш учун ичига кирган бўлардим. Ҳазиллашаётганим йўқ. Баданим мисоли оловдек ёнаяпти. Оғриқнинг кучидан чинқириб юбордим. Шу ерда ҳам тинч ўтиришмайди-я, бу шоввозлар. Яна жанг бошланди. Кимдир найза улоқтирди, яхшиям чап берибман. Шунга қарамай, барибир яраландим. Қурол елкамни ялаб ўтди. Бир оз қон чиқиб, кейин иссиқдан қотиб қолди. Маслаҳат сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ. Қалбимга қулоқ солдим. Ўзимга маъқул тараф га ўтдим. Жанг майдонида сочилиб ётган аслаҳалардан қилич, қалқон, совут олиб ўзимни яхшилаб қуроллантирдим. Совутни ҳам кийиб олиб, роса жанг қилдим. Душманларнинг адабини бердик-да. Ахийри, тумтарақай бўлиб қочиб қолишди. Зўр келгандан кейин қочасан-да! Шамол эсиб, осмонни қоп-қора булутлар қоплади. Аста-секин шабада шамолга, шамол бўронга айланди. Бўроннинг кучидан қаттиқ тебрана бошладим. Қанча ҳаракат қилмай, йиқитаман, дейди. Шу топ битта катта чинор дарахти шохига ёпишиб оддим. Хайрият, томирлари бақувват экан. Бўлмаса осмон-фалакка ихтиёрсиз парвоз қилган бўлардим. Осмонда аскарлар гир айланиб тартибсиз учишади. Бўрон тинишга улгурмасдан ёмғир бошланди. Ҳамма жойни сомон ҳиди тутиб кетди. Бутун аъзои баданимни ёмғир томчилари савалаяпти. Ёмғир жалага айланди, кейин эса қорга. Совуқдан иягим шақиллай бошлади. Титроқ бутун танамга ўтди. Бор вужудим билан титрай бошладим. Кимдир вақт машинасини ишга тушириб юборди, шекилли.

Иккинчи жаҳон уруши. Бизнинг қўшинларимиз фашистлар билан Волга бўйида жанг қилишмоқда. Жанг қизигандан қизиган. Рўпарамдан фашистларнинг «Тигр» танкаси чиқиб қолди. Гранатани олиб, танк сари эмаклай бошладим. Пулемётдан ўққа тутишди номардлар. Ҳамма жойимни моматалоқ қилиб юборишди. Қонга беланиб қолдим. Бор кучимни тўплаб, гранатани танк томон улоқтирдим. Танк кучли портлашдан тўхтаб қолди. Қалин тутун ичида қолган газандалар жон талвасасида димиқиб ёнаётган танкдан тушиб, ҳар тарафга қараб қоча бошлашди. Дўстларим билан ўққа тутдик, ҳаммасини ер тишлатдик. Ҳаммаёқда ўқлар ҳуштаги, портлашлар, ўқ парчалари… Вақт машинаси яна ўз кучини кўрсатди. Шу пайт қаердандир Оловиддин учар гилами билан пайдо бўлди. Ўзимни гиламнинг устига отдим, шиддат билан жануб тарафга учиб кетдик. Бирпасда қуёш нурлари танамни илитиб эркалай бошлади. Раҳмат деб, Оловиддиннинг елкасига уриб ҳам қуйдим. У бўлса менга қараб жилмаяди. Атроф кўм-кўк майсалар, гуллар, қизғалдоқлар билан бурканган. Ҳавони майсалар, гуллар ҳиди тутиб кетди. Тўйиб-тўйиб маза қилиб нафас ола бошладим. Бир маҳал қаердандир жин бўлиб жин эмас, дев бўлиб дев эмас, аждарҳо бўлиб аждарҳо эмас, билмадим, қандайдир жирканч махлуқ пайдо бўлиб, иккимизни қува кетди. Оғзидан олов пуркайди. Ҳансираб тез-тез нафас ола бошладим. Ана етади, мана етади. Олдинда виқорли тоғлар кўрина бошлади. Роса қувишдик. Яхшиям гилам тез учар экан. Чаққонлик билан тоғ ғоридан ичкарига кириб кетдик. У бўлса ғорга сиғмай, бўкириб, бир кўзини ғор оғзига тираб олайтиради. Хайрият, бир балодан қутулдик-ей. Ғор ичи қоп-қоронги. Фақат олисдан ёруғлик кўринади. Бориб қарасак, ёниб турган икки кўз экан. «Буёғига ўзинг кетасан», деди Оловиддин. Омонлашиб, қучоқлашиб хайрлашдим. Тўғрироғи, видолашдим. Бир ўзим. Танҳоман. Қоронғилик оғушида ёниб турган икки кўзни инобатга олмаганда атроф зим-зиё. Пишиллаш кучайиб, даҳшатли тус ола бошлади. Юрагим гурсиллаб, қаттиқ тепиб ура бошлади.

«Бу синов, жўра», дейман ўз-ўзимга далда бериб. Шу пайт рўпарамда улкан аждарҳо пайдо бўлди. Мардликни намоён қилиш пайти келди. Ерни пайпаслай бошладим. Яхшиям, қўлимга қандайдир қилич илинди. Икки қўлим билан қилични маҳкам ушлаб, аждарга қақшатқич зарба бердим. Таъсир ҳам қилмади. Устидаги тангалари қалин пўлатдан ясалгандай, миқ этмайди. Мисоли зирҳли совут кийиб олгандай бардошли. Менга сал тегиб кетса борми, учиб бориб қояларга уриламан. Оғриққа зўрға бардош бераман. Бақириб юбормаслик учун тишимни тишимга қўяман. Ғор ичидаги тошлардан ушлаб, чаққонлик билан тепага чиқа бошладим.

Пастда эса аждарҳо орқа оёқларида тик туриб оғзидан олов пуркайди. Танам куя бошлади. Устимдан тутун чиқаяпти. Таваккал, деб ўзимни аждарҳо устига отдим. Унинг бўйнига келиб тушдим. Бўйнига миниб олиб, қўлимдаги қилич билан бошига кетма-кет зарба бера бошладим. Яна, яна ва яна. Қиличнинг ўткир тиғи аждар калласини тилка-пора қилиб ташлади. Ниҳоят, аждар жон таслим қилди ва пастга қулай бошлади. Ўзимни мажбуран ерга отдим. У эса тўғри устимга қулай бошлади. Жон ҳолатда ўзимни яна ён тарафга отдим. Аждар гурсиллаб мен қочган ерга қулади. Ер ларзага келди. Атрофии аждар калласидан чиққан қон аралаш миянинг қўланса ҳиди тутиб кетди. Мен ўзимни ирғитган жой ер десам, муз экан. У дарз кетиб, пастга қулай бошладим. Жарликка қулаётганимни кўриб, бақира бошладим. Ниҳоятда чуқур экан. Ҳаётимнинг охири шу ерда экан, пешонамга ёзилгани шу экан, дедим ўзимга. Хайр, алвидо дўстлар. Кўз олдимдан бутун ҳаётим лип-лип ўтди. Кейин шапиллаб сувга тушдим. Ўликманми, тирикманми, билмайман. Секин икки қўлим билан ўзимни пайпаслай бошладим. Хайрият, тирик қолибман. Омон қолдим. Бир амаллаб қирғоққа зўрға эсон-омон судралиб чиқдим. Сўнгги кучимни тўплаб, зўрға чалқанча ётиб олганимча осмонга қараб чуқур-чуқур нафас ола бошладим. Юрагимнинг дукиллаши ўзимга эшитилади. Ҳали тўлиқ ўзимга келишга улгурмасимдан қулоғимга кимнингдир гапи чалинди:

– Дада?! Дада!! Дада!!! Туринг, уйга кетамиз. Кинода эканим ёдимга тушди. Худога шукур. Хайрият, кино экан! Дарров каскани ечиб, болаларимни маҳкам қучдим. Тиббий кўрикнинг нимага кераклигиниям, хавфсизлик камариниям энди тушундим. Бундай кинони кўргач, унча-мунча одамнинг ўтакаси ёрилиб ўлиши ҳеч гап эмас экан-да.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации