Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 16 страниц)
ЗИКР
Илим ўткир бир тош олиб, қояда ўйилган кавак оғзи атрофида чизиқ тортди ва пичирлаб қандайдир бир дуо ўқиди. Игорь унинг сўзларини эшитиб турса-да, ҳеч нарсани тушунмас, ҳайратланганча Илимга тикилиб турар эди. Илим дуосини ўқиб тугатгач, Игорь унга савол бериш учун оғиз жуфтлаган эди ҳамки, ундан олдин Илимнинг ўзи жавоб берди:
– Дуо билан бу жойни бекитиб, бегона кўзлар бизни кўришидан, бегона қулоқлар гапимизни эшитишидан иҳоталаб қўйдим. Эндиликда бизни ҳеч ким кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам.
Сўнг Илимнинг таклифи билан учаласи кавак ичига киришди. Илим қўлидаги ўткир тош билан кавак ичига ҳам бир доира чизди. Илим ва Игорь бу доиранинг ташқарисида қолишди. Устмо эса унинг ичида типпа-тик қотиб турарди.
– Ҳаммаси эсингдами? Энг муҳими, вақтида ортга қайт, йўқса чумолига айлантириб қўяман, – дея Устмога пўписа қилиб қўйди Илим.
– Кўнглингиз тўқ бўлсин, устоз, ўз пайтида ортга қайтаман, – деб жавоб берди Устмо.
Игорнинг қизиқиши тобора ортиб борар, нималар содир бўлишини билиш учун у ҳам Устмонинг ёнига – доира ичига киришни қаттиқ истамоқда эди.
– Ҳар қандай шароитда ҳам зинҳор-базинҳор бу доира ичига кирмаслигинг керак, – деди унга қараб Илим. – Кирсанг, ҳалок бўлишинг мумкин. Бунда ҳатто мен ҳам ёрдам бера олмайман.
Устмо эса доира ичида худди рақсга тушаётгандек ғалати ҳаракатлар қила бошлади. Лаблари нималарнидир тинимсиз пичирлар эди.
Ўн беш дақиқалардан сўнг Илим Устмонинг елкасига ҳассаси билан туртиб рақсдан тўхтатди ва: «Бас, етар. Доирадан чиқиб, бирпас нафасингни ростлаб ол», – деди.
Устмо доирадан чиқиб, идишдаги сувдан ҳўплаб оғзини чайди. Илим чўнтагидан олча катталигидаги иккита думалоқ нарса чиқариб, биттасини шогирди Устмога, иккинчисини Игорга узатар экан:
– Бу туйилган ёнғоқ мағзи, унга майиз қўшилган, еб олинглар, – деди.
Роса мазали нарса экан, Игорга жуда маъқул бўлди. Илим бундан яна беш-олтитасини чиқариб берса бўлармиди?
– Машқ пайтида кўп ейиш мумкин эмас, – деди Илим. – Машқда катта қувват талаб қилинади. Бу қувватни овқатни ҳазм қилишга сарфламаслик керак. Бунда сув ҳам овқат ўрнини босади. Лекин уни ҳам кўп ичиш мумкин эмас. Фақат томоқни ҳўллаш керак холос. Ўта чанқаб кетганда бир қултум ичиш мумкин.
Устмо тағин ўз машғулотига шўнғиб кетди. Чамаси йигирма дақиқалардан сўнг Илим тағин ҳассаси билан Устмонинг елкасига туртиб, уни рақсдан тўхтатди.
Игорь беихтиёр ўз соатига нигоҳ ташлар экан кўзлари хонасидан чиқиб кетгудек бўлди. Ёпирай, машқ бошлангандан бери орадан роппа-роса бир ҳафта ўтиб кетибди. Игорь ўз кўзларига ишонмасдан қўл соатининг тақвимига синчиклаб тикилди. Бир меъёрда ишлаб турган соатнинг тақвими чиндан ҳам орадан бир ҳафта ўтиб кетганини аниқ-тиниқ кўрсатиб турарди. Шундагина у бу ерда нафақат бир ҳафта ёки бир ой, ҳатто йиллаб қолиб кетиши мумкинлигини англаб етди. Москвадаги танишлари ўқиши эсига тушиб, Игорни даҳшат босди. Ахир у аллақачон ўз юртида бўлиши керак эди-ку!
– Бошлаган ишни чала ташлаб кетиш яхшиликка олиб келмайди, – деди Илим унга қараб. – Зинҳор хавотир олма. Бир нусхангни аллақачон уйингга жўнатиб юборганман. У ҳозир университетда ўқиб юрибди. Чалғиб кетмаслигинг учун сен билан нариги нусхангни бир-бирингиздан бехабар, мухтор ҳолда қолдирдим. Лекин бу муваққат тадбир, вақти келиб ўзинг тушуниб оласан.
Буни эшитиб Игорнинг оғзи очилиб қолди. Шу топда Илимга жуда кўп саволлар бергиси келарди. Аммо Илим шогирди Устмога нималарнидир куйиб-пишиб тушунтирмоқда эди. Уларга ҳалал беришга ботина олмади.
ИГОРЬ НУСХАСИНИНГ УЙГА ҚАЙТИШИ
«Эсиз, Устмонинг тоғдаги машғулотлари қандай давом этаётганини кўра олмай қолдим-да, – деб ўйларди Игорь. – Нега Илим менга ваъда беришга бериб қўйиб, уни охиригача бажармади экан? Ҳа, у менинг вақтим тиғизлигини ҳисобга олган бўлса керак. Йўқса, албатта, ваъдасининг устидан чиқарди. Дарвеш бўладими, сеҳргар бўладими, барибир, унинг ҳам имкониятлари чекланган-ку, ахир».
Игорнинг ўрнида бошқа бир киши бўлганида ҳам шундай хаёлларга бориши тайин эди. Чунки у ҳали дарвешларнинг имкониятларини, улар нималарга қодир эканини тўлиқ англаб етмаган эди.
«Ҳа майли, нима бўлса-бўлди», – дея у самолётга чиқиб, ўзини чиптада кўрсатилган ўриндиққа ташлади. Ҳар ҳолда, ўз юртига, жонажон Москвасига қайтаётганидан беҳад хурсанд эди. «Ўз уйинг – ўлан тўшагинг», – деб бежиз айтишмаган-ку, ахир.
У парвоз этиб бораркан, пастда муаллақ қотиб турган паға-паға булутларни мириқиб томоша қилди. Нақадар гўзал манзара! Эсига ёшлиги тушиб кетди. Болалигида булутлар одамни бемалол кўтаради деб қаттиқ ишонарди. Баъзан ўзини юксакда, булутларнинг устида чексиз самога тикилиб чалқанча ётган ҳолда тасаввур этар, баъзан эса тушларида булутлар узра сакраб-сакраб юрганларини кўриб чиқар эди.
Учиш давомида тамадди қилиб олгач, пинакка кетди. Қанча парвоз қилганини билмайди. Қўққисдан стюардессанинг қўнғироқдек овози уни уйқудан уйғотиб юборди. У самолётнинг Москвага етиб келганини, йўловчилар хавфсизлик камарларини боғлаб олишлари лозимлигини, Москва шаҳрида об-ҳаво неча даражада эканини эълон қилмоқда эди.
Одам мусофирчиликдан уйига қайтгач, ватанининг қадрини янада кучлироқ ҳис этаркан. Москва! Нақадар ажойиб шаҳар!
Игорь кечқурун эсон-омон уйига етиб келгач, душда ювиниб олди-да, оппоқ оҳорли чойшабга ўраниб, яна маза қилиб ухлади.
Эрталаб соат қўнғироғининг қаттиқ чириллашидан чўчиб уйғониб кетди. Ювиниб, апил-тапил нонушта қилди. Портфелидаги тош намуналарини яна бир бор текшириб кўрди-да, дид билан кийиниб университет сари йўл олди.
Унинг домласи, профессор Степан Елизаров Игорнинг Ҳиндистондан олиб келган тош намуналарига қаттиқ қизиқиб қолди. Дарҳол уларни микроскоп остига қўйиб текшира бошлади.
– Буларда анча-мунча кимёвий элементлар борга ўхшайди, – деди у салмоқ билан. – Ҳаммасини яхшилаб таҳлил қилиб чиқиш лозим.
Игорнинг хаёлидан эса Илим ва унинг шогирди Устмо кетмасди. «Наҳотки, буларнинг ҳаммаси – менинг Ҳиндистонга борганим, Устмонинг эшакка айлангани, Илимнинг кавакка доира чизганлари, Деҳли шаҳридаги сайрлар рост бўлса?» деб ўйларди у.
Игорь кўрган-билганлари ақлга сиғмас бир воқеа эканини, буни зинҳор-базинҳор бошқа бировларга айтмаслик лозимлигини яхши биларди. Чунки бунга ҳеч ким ишонмас, мабодо у айтгудек бўлса, унинг устидан ақлдан озган дея кулишлари мумкин эди. Лекин кимгадир айтмаса ҳам ёрилиб ўлади-ку, ахир. Хўш, қандай қилиб айтсин? Ким ҳам ишонарди унинг бу чўпчакларига?! Ишонишмаса майлику-я, жиннихонага телефон қилиб уни «дам олиш»га жўнатиб юборишлари ҳам ҳеч гапмас. Ана ўшанда бўлади томоша. Игорь аросатда, икки ўт орасида қолган эди.
Унинг қилган ишларидан профессорнинг кўнгли тўлди, шекилли, жилмайибгина Игорга миннатдорчилик билдирди. Профессорнинг мамнун қиёфасини кўриб, Игорь тўлқинланиб кетди. Бўлиб ўтган воқеаларни унга бирма-бир ҳикоя қилиб бермоқчи ҳам бўлди. Бироқ Илимнинг қиёфаси кўз олдида намоён бўлиб, ўзини зўрға тийиб қолди.
Шу-шу, кечалари ухлай олмайдиган бир дардга чалинди. Ҳиндистондаги воқеалар унинг ичида хамиртуруш солинган узум шарбатидай қайнаб ётар, бироқ кўнглини бўшатгани яқин бир дўсти, маҳрами йўқ эди. Тўғри, Ольга деган кўҳликкина дўсти бор. Бироқ қиз бола қиз бола-да. Унга сир айтиб бўладими? Ҳа, айтмоқчи, Шедр деган дўсти ҳам бор. Бироқ у жуда олисда, Сингапурда яшайди-да! Ўз ватанида эса мундоқ тайинлироқ дўсти йўқ. Шунда у илм-фанга берилиб кетиб, тузукроқ бир дўст орттиролмаганидан илк бора астойдил афсус чекди.
Ниҳоят, у бир қарорга келиб, телефон гўшагини кўтарди-да, Ольганинг рақамларини тера бошлади. Нариги томондан ҳам телефон гўшагини кўтаришди. Қўнғироқдек жарангдор бир овоз:
– Алло! Эшитаман! – деди.
– Салом Ольга. Танидингми?
– Вой, Игорь! Ўзингмисан? Қачон келдинг? Соғ-саломатмисан?..
Игорь унинг ҳовлиқиб, пала-партиш бераётган саволларини бўлиб:
– Ольга! Тезда учрашмасак бўлмайди. Учрашув жойини ўзинг танла, – деди.
Иккаласи биргаликда тушлик қилишни хуш кўришадиган «Мўъжиза» қаҳвахонасида дарсдан кейин учрашишга келишиб олишди. Бу қаҳвахона анча тинч жой бўлиб, беҳуда бақирчақирлар бўлмас, бировнинг биров билан иши йўқ эди.
Игорь эртароқ етиб келди-да, қаҳва буюриб, Ольгани кута бошлади. Тезгина кела қолармикан, деган хаёлда дам-бадам соатига қараб қўярди.
Қаҳвасини ичиб тутатган эди ҳамки, қаҳвахона эшиги очилиб, «Салом!» деган ёқимли овоз эшитилди. Игорь ортига бурилиб, жилмайиб турган Ольгани кўрди.
– Салом, Ольга! – дея у сапчиб ўрнидан турди-да, стол ёнидаги ўриндиқни ортга тортиб, – марҳамат, ўтир, – дея уни столга таклиф этди.
Ольга озғиндан келган, малласоч, барча замонавий қизлар каби энг сўнгги урфда кийинишни яхши кўрадиган қиз эди. Ўн тўққиз ёшли бу фаришта каби эди, пардоз-андозни унча ёқтирмас, фақат таниш-билишларининг туғилган кунлари, ёки тўйларида жиндай упа-элик қилиб оларди, холос. Бугун эса, одатига хилоф равишда тузуккина пардоз-андоз қилиб олган, сочлари ҳам жозибадор турмакланган, эгнига маликаларга хос узун кўйлак кийиб олганди.
Қизнинг бу жозибасидан Игорь уни илк бор кўраётгандек ҳаяжонга тушди, чарақлаб турган мовий кўзларига тикилар экан:
– Яхшимисан? – деди титроққа тушиб.
– Раҳмат! Сени соғ-омон кўрганимдан жуда хурсандман.
– Хўш, айт-чи, сенга нима буюрай?
– Қаҳва.
Игорь иккита қаҳва буюрди. Ольга майин-майин қаҳва хўплар экан, йигит ундан кўз уза олмасди. Қиз гўё ўз гўзаллигини ғунча каби тугунчагида асраб келгану, бутун гул-гул очилиб кетгандек эди.
– Ольга, жудаям очилиб кетибсан-ку! Кўчада кўрганимда сени таниёлмай қолардим, – деди Игорь ўзини анча босиб олиб.
– Раҳмат, тентаквой! Бутун туғилган кунинг-ку, ахир. Эсингдан чиқдими?
Дарвоқе, ростдан ҳам бугун унинг туғилган куни-ку! Шунча саргузаштлар билан бўлиб, у нафақат туғилган кунини, ҳатто ўзини ҳам эсдан чиқариб юборган эди.
Ольга:
– Табриклайман! – дея бежирим бир ручкани Игорнинг қўлига тутқазди-да, юзидан майингина ўпиб қўйди. Сўнг Игорнинг афтангорига синчиклаб тикилар экан:
– Сенга нима бўлди? Ранг-рўйинг анча қочиб долйбди? – деб сўради.
– Йўқ, яхшиман. Шунчаки, сафар бир оз толиқтирди, шекилли, – деб жавоб берди Игорь.
– Ҳа, дарвоқе, Ҳиндистон сафари яхши ўтдими? Тожмаҳалга ҳам бордингми? Сигирларга озор бермасликлари, уларни муқаддас деб билишлари ростмикан? Ганг дарёсида ҳам чўмилгандирсан?
– Йўқ, Ольга. Мен ишладим, жуда қаттиқ ишладим.
– Шунинг учун ранг-рўйинг бир ҳол бўлиб қолган экан-да? Ҳечқиси йўқ. Бир иқлимдан иккинчисига мослашиш қийин бўлади. Уч-тўрт кунда кўрмагандай бўлиб кетасан.
Игорь бироз довдираб, гапни нимадан бошлашни билмай турди. Сўнг ўзини қўлга олиб деди:
– Йўқ, Ольга иқлимнинг бунга алоқаси йўқ. Тожмаҳални ҳам кўролмадим, Гангда ҳам чўмилмадим. Мен Уни кўрдим.
– У деганинг ким?
– Дарвешни кўрдим.
Ольга жарангдор кулиб юборди. Бироқ Игорнинг жиддий, ўйчан боқиб турганини кўриб кулгидан тўхтади-да:
– Ахир Москвада ҳам ҳар хил дарвешлар, роҳиблар, ламалар тиқилиб ётибди-ку, – деди.
– Ҳа, тўғри, лекин мен ҳақиқий Дарвешни кўрдим, – деди Игорь.
– Жуда яхши. Хўш, исми нима экан ўша ҳақиқий Дарвешнинг. Расмини олиб келдингми?
– Э, йўқ. У ҳақиқий Дарвеш деяпман-ку! Устмо деган шогирди ҳам бор экан. У менга қояда чоғроқ хонадек келадиган кавак кавлатди.
– Вой бечора… роса дўппослаш керак эди уни. Сени мажбуран ишлатгани учун судга бериш керак эди.
– Нималар деяпсан, Ольга. У олис масофада туриб менга таъсир қилган. Э… Ҳалиги… Кавак кавланишини орзу қилган, холос.
– Ҳеч бир гапингга тушунмаяпман. У кавак қазишни орзу қилган бўлса, сен Москвадан бориб кавлаб берасанми?
– Шошма, – деди Игорь вазминлик билан. – Ҳозир ҳаммасини ётиғи билан тушунтириб бераман. Фақат менга ишонишинг керак. Айтганларимни эшитиб, мени жинни бўлиб қолган деб ўйлашинг тайин. Лекин ўтинаман, менга ишон. Ҳозир сенинг ишончинг мен учун жуда муҳим.
– Яхши, айта қол-чи.
– Мен Ҳиндистонга бориб, – дея ҳикоясини бошлади Игорь, – бир ҳафта мобайнида маъданли тошларни ўрганиш учун тоғда ковак кавладим. Аста-секин қояда каттагина тухумсимон кавак пайдо бўлди. Еттинчи кун ишимни тугатиб, шаҳарга қайтаман деб турганимда, қўққисдан ёнимда икки киши пайдо бўлди. Бирининг исми Илим бўлиб, ёши олтмишлардан ошган, иккинчисининг исми Устмо бўлиб, йигирма тўрт ёшда экан. Улар дабдурустдан мендан кечирим сўрай бошлашди. Аввалига ҳеч нарсани тушунмай анграйиб туравердим. Ҳатто улар қаллоб, товламачи кимсалар бўлса керак деган хаёлларга ҳам бордим. Илим менинг кўз ўнгимда шогирди Устмони ҳассаси билан бир туртиб, эшакка айлантириб қўйди. Дастлаб бу шунчаки бир сеҳргарлик бўлса керак, деб ўйладим. Лекин Илим ҳам ўз номидан, ҳам шогирди номидан тинимсиз кечирим сўради. Унинг айтишича, мен кавлаган кавакни аслида Устмо ковлаши керак экан. Бироқ у дангасалик қилибми, ҳазил қилибми, ўша қояда ўз-ўзидан кавак пайдо бўлишини орзу қилибди. Уни кавлаш чеки эса менга тушибди. Устмонинг жазоланганига, эшакка айлантирилганига ҳам худди ана шу нарса сабаб бўлган экан. Мен ҳатто унинг устига миниб, булоқдан сув ҳам ташидим.
Ольга бу гапларнинг ҳеч бирига ишонмагандек масхараомуз жилмайиб турарди. Игорь буни сезиб қолиб, ҳикоясини тўхтатдида, ундан:
– Гапларимга ишонмаяпсан, шекилли? –деб сўради.
– Майли, гапиравер, – деди Ольга. – Ҳазиллашгинг келган бўлса, ҳазиллашавер. Ахир бугун туғилган кунинг-ку. Бугун сенга ҳамма нарса мумкин.
– Йўқ, ҳазиллашмаяпман, Ольга, – деди жиғибийрон бўлиб Игорь. – Илтимос, гапимни охиригача эшит. Кейин Илим мени Деҳли шаҳрига телепортация қилди, яъни иккаламиз кўз очиб юмгунча Деҳли шаҳрига бориб қолдик. Шаҳарни икки кун айландик. Кафега кириб илоншўрва ичдик, чигиртка қовурдоғини едик. Сўнг тағин ортга қайтдик. Соатимга қарасам, шуларнинг ҳаммасига бизнинг вақтимиз билан ўн беш-йигирма дақиқа кетибди, холос.
– Бас, етар! – деди Ольга жаҳл билан. – Устимдан кулишингга йўл қўймайман. Нима, мени гўл, ҳамма нарсага ишониб кетаверадиган қиз деб ўйлаяпсанми? Олдингга ҳол сўрагани, туғилган кунинг билан табриклагани келсам-у, сен бўлсанг… Тағин университетда ўқир эмиш…
Қиз жаҳл билан шарт ўрнидан турди-да, эшик томон йўл олди.
– Ольга, тўхта, илтимос! – дея илтижо қилди Игорь. Бироқ қиз ортига ҳам қарамасдан, югуриб қаҳвахонадан чиқиб кетди. Қаҳвахонадаги уч-тўртта хўранда унга ҳайрон бўлиб қараб турарди. Уларнинг бу нигоҳларидан ноқулай аҳволга тушиб, бошини чангаллаганча ўтириб қолди.
РУҲ САЁҲАТИ
Бу пайтда Устмо тоғдаги машғулотини давом эттирарди. У энди вужудни ва ундан чиққан руҳни бошқариш машқини ўрганаётган эди. Танадан чиққан руҳнинг саёҳати анча мураккаб машғулот бўлиб, уни қунт билан мукаммал ўзлаштириш лозим эди.
Игорнинг бир нусхаси Москвага жўнаб кетганидан Устмонинг хабари йўқ, Илим шогирдининг кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва тери орқали ҳис этишдан иборат ҳар беш сезгисини Игорнинг ана шундай сезгилари билан вақтинча боғлаб қўйган бўлиб, Игорь Устмонинг тоғда бошидан кечираётган воқеаларини худди галаграфик кинода кўраётгандек кузатиб турарди.
– Ҳозирча сени Устмо билан тўлиқ боғлай олмайман. Бу унга оғирлик қилади, – деди Игорни бир чеккага тортиб Илим. – Ҳозирча шунинг ўзи кифоя қилиб туради.
Игорь бу ерда содир бўлаётган мўъжизавий ҳодисаларни ҳайрат билан кузатиб турарди.
Аввалига қоя ичидаги тухумсимон хона кенгая бошлади. Дастлаб, «менга шундай туюлаётгандир», деб ўйлади Игорь. Бироқ хона кенгая-кенгая нақ футбол майдонига тенглашгандан сўнг, бу туш ҳам, рўё ҳам эмаслигига амин бўлди у.
Устмо худди қуш каби парвоз қилиб юрар, унинг учун тўсиқ, ғов деган тушунчалар ўз моҳиятини бутунлай йўқотган эди. Устмо илк бора ўз вужудига тепадан туриб назар солди. Унинг вужуди пастда тошдек қотиб турар, руҳи эса ҳамма нарсадан озод бўлган, яйраб-яйраб чарх урар эди. Қизиғи шундаки, Устмо қоянинг қайси нуқтасини тасаввур қилса, дарҳол ўша ерда пайдо бўлар эди. Атрофдаги ҳамма нарса гўзаллашиб кетган, гўё ҳамма нарсага жон битган, ҳамма нарса уни кўриб, эшитиб, ҳис этиб тургандек эди.
– Салом, эй пурвиқор қоя, – деб юборди Устмо беихтиёр.
– Салом йигитча, мен сени олқишлайман, – деган жавоб қайтди қоядан.
– Мангу тош қотиб, барқарор туришингнинг маъноси нима?
– Ҳамманинг бу оламда ўз вазифаси бор, – деган жавоб қайтди тағин қоядан. – Мен Заминга қоқилган қозиқ каби уни мустаҳкам тутиб тураман. Ер ҳам Осмон каби қават-қаватлардан иборат. Мен ана шу қаватларни барқарор тутиб турувчи меҳвар бўламан.
Сўнг Устмонинг ер остига саёҳати бошланди. Шунда у нафақат ер юзасида, балки унинг остида ҳам сон-саноқсиз жонзотлар яшашига амин бўлди. Айниқса, ер остидаги улкан кўллар, шиддатли вулқонларни илк бор кўриб тургани учун ҳам Устмони қаттиқ ҳайратга солди. Қизиғи шундаки, борлиқдаги ҳамма ашё ягона тилда гаплашар, ҳамма нарса бир-бирининг тилига тушунар экан.
Устмо ер остидан чиқиб, яна фалакларда парвоз қила бошлади. Тубанда Замин бор гўзаллиги билан ястаниб ётарди.
– Салом, эй Она Замин, – деди тўлқинланиб кетган Устмо.
– Салом ўғлим, қулоғим сенда, – деган садо келди Ердан.
– Сенинг вазифанг нима Она Замин?
– Менинг вазифам ўз оғушимдагиларнинг тириклигини таъминлашдир. Бағримда не-не жонзот, ҳайвонот, одамзот яшайди. Улар туғилади, яйраб-яшнайди, униб-ўсади ва охир-оқибат хазон бўлади. Лекин уларнинг ҳеч бирини ўз оғушимдан жудо қилмайман. Пешонамга ҳаёт боқийлигини таъминлаш ёзилган.
Устмо гоҳ юксалиб кетар, гоҳ ер бағирлаб учар, йўлда дуч келган қушлар, ҳайвонлар, ҳашаротлар билан мулоқот қилиб борарди. Бутун борлиқ Ҳаққа, Яратганга ҳамду сано айтар, оламлар Хожасини шарафлаб турар эди. Ҳар бир ашёда қаноат, итоат, ҳар бир нарсада меҳру-мурувват, муҳаббат жамулжам.
«Бутун борлиқда энг ношукр махлуқ одамзот экан», дея хаёлидан ўтказди Устмо. «Мана, ҳамма неъматлар унинг учун яратилган экан. Унинг эса кўзи тўймайди, бутун дунё меники бўлса, дейди. Ҳатто бу йўлда бир-бирининг қонини тўкишдан ҳам қайтмайди, Ана, тошнинг тош нигоҳлари кўкка қадалган. Майсаларнинг майса қўллари кўкка чўзилган. Тош тошлигича, майса майсалигича шукрона қилиб, Парвардигорга ҳамду сано айтмоқда. Инсоннинг эса нигоҳи ерга қадалган, хаёлида манфаатдан ўзга нарса йўқ. Худбинлик унинг кўзларини кўр қилиб қўйган…»
Сўнг Устмо каттакон кўл тепасида парвоз қила бошлади. Булоқ сувида чўмилганлари эсига тушиб кетиб, жилмайиб қўйди.
– Салом, эй мусаффо Кўл. Сенинг бағрингга шўнғиб чиқсам майлими? – дея Кўлдан рухсат сўради.
– Марҳамат, эй Ер фарзанди, – дея тўлқинланган садо қайтди Кўлдан. – Ҳалигача бағримда чўмилиб яйрашни истаган ҳеч кимсага қаршилик кўрсатганим йўқ. Мени ҳурмат қилганларни мен ҳам ҳурмат қиламан. Аммо кимки сувимни ифлос қилса, уни кўрарга кўзим йўқ.
Устмо Кўл тубига шўнғиди. Вой-бў! У Кўл остини шу қадар бой дунё деб ўйламаган эди. Минг-минглаб турдаги балиқлар, қурбақалар, чиғаноқлар, қисқичбақалар…
Устмо Кўл оғушидан сирғалиб чиқар экан:
– Раҳмат сенга, Кўл! – деди. – Бир нарсани айт-чи, ҳаётдаги вазифанг нима?
– Мен ҳам тирикликка баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшаман. Лекин буни бобокалоним Уммондан сўрасанг, яхшироқ бўларди. У кўпни кўрган, жуда кўп нарсаларни билади, – деб жавоб қайтарди Кўл.
Устмо поёнсиз Уммон устига етиб борди. Уммон узра ўркач-ўркач тўлқинлар осмонга сапчир, қават-қават қоп-қора булутлар бағрида олов тилли чақмоқлар чақар, момоқалдироқлар гулдирар эди. Гоҳ илиқ, гоҳ совуқ ҳаво оқимлари қайларгадир шиддат билан оқиб борар, бўронлар, тўфонлар шиддати бутун борлиқни ларзага солар, аждаҳодек кўкка сапчиган пўртаналар устида улкан-улкан кемалар писта пўчоғидек чарх уриб айланар эди. Устмо ўзининг Заминдаги ҳаётида бундай даҳшат, бундай шиддатни кўрмаган эди.
– Салом, Уммон! Сенинг вазифанг нима? – деди у қўрқа-писа.
– Хўш, ўзинг-чи? Ўзингнинг вазифангни биласанми? – дея қаҳр билан сўраб қолди Уммон.
– Ҳозирча асосий вазифам нима эканини яхши билмайман, – деди Устмо. – Шуни англаш учун ҳам оламни кезиб юрибман. Зиммамга Олам мувозанатига ўз ҳиссамни қўшиш масъулияти юкланган. Лекин буни ҳали охиригача тушуниб етганим йўқ.
– Рост гапирганинг учун раҳмат, – дея ғулдиради Уммон, – чунки ёлғонни жиним суймайди. Мен Заминдаги моддий ҳаёт учун масъулман. Қайда бирон-бир бўшлиқ кўрсам, дарҳол уни тўлдираман. Иссиқда сувларим буғланиб, осмонга кўтарилади, салқинда у қор-ёмғирларга, селу дўлларга айланиб, Заминга қайтади. Қаттиқ совуқларда музга айланаман, ҳаво илиса, тағин эрийман. Шу тариқа ҳаёт мувозанатини сақлашга ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.
– Бағрингга шўнғишим учун менга рухсат бер, – деди.
– Марҳамат! – деди Уммон.
Устмо шиддат билан Уммон оғушига шўнғиди. Шўнғиди-ю, ҳайратдан кўзлари чақнаб кетди. Унинг Ер устида, ҳатто Кўл остида кўрганлари Уммон қаърида ҳеч нарса бўлмай қолди. Бу шу қадар ранг-баранг, чексиз бир олам эдики, сўз билан таърифлаб бўлмасди. Катталиги қоядай-қоядай келадиган китлар болаларини эмизганча унинг ёнидан бепарво ўтиб борар, акулалар тақасимон оғизларини очиб, қозиқдек тишлари билан ҳамлага шайланиб келар, дельфинлар узун тумшуқларидан аллақандай чийиллаган товушлар чиқариб, гоҳ кўкка сапчиб, гоҳ пастга шўнғиб, шиддат билан илгарилаб борарди. Балиқларнинг рангбаранглигини айтмайсизми? «Қуруқликда ҳам бу қадар кўп ранглар бўлмаса керак», – дея хаёлидан ўтказди Устмо. Медузалар парашют каби сузиб борар экан, шаффоф териларидан уларнинг ичи аниқ-аён кўриниб турар эди. Саккизоёқларнинг баъзилари Уммон тубида ялпайиб ётар, баъзилари юқоридаги кемалардан одамлар ташлаган тунука, шиша, елим идишларни сўрғичлари билан пайпаслаб кўрар эди. Денгиз филлари, денгиз аждаҳолари, денгиз отчалари, денгиз мушуклари… Устмо уларнинг мингдан бирини ҳам кўрмаган, отларини ҳам билмасди. Маржонлар орасидан сирғалиб ўтар экан, улар ўсимликми ёки жонивор эканлигини билмай ҳайрон эди.
Минг хил ранг, минг хил турдаги сув ўтлари орасидан ўтиб борар экан, бир нарса Устмонинг диққатини тортди. Бу ўтлар гарчанд жуда зич бўлса-да, лекин бир-бирига халақит бермас, қуруқликдаги ўсимликлар каби бир-бирига чирмашиб кетиб, бири иккинчисининг ҳисобига кун кўрмас, бу ерда ёввойи маданий ўсимлик деган тушунчанинг ўзи йўқ, ҳамма ўсимликлар қатъий бир интизом билан юқорига, ёруғлик томон бўй чўзишган эди. Ҳатто оқимда тебранаётганда ҳам улар худди саҳнадаги раққосалардек бир-бирига уйғун тебранишарди.
Устмо тобора чуқурлашиб бораверди. Ёруғлик аста-секин камайиб, сўнг бутунлай ғойиб бўлди. Қоп-қоронғи зулмат дунёсига тушиб қолган эди у. «Бу ерда ҳаётдан асар ҳам бўлмаса керак», деб ўйлади Устмо. Лекин қандайдир бир куч унинг руҳидан шиддат билан сизиб ўта бошлади. Шунда у сув остида, Уммоннинг инсон қадами етмаган бу чексиз қаърида ҳам вулқонлар отилиб ётганини кўрди. Олтингугуртга тўйинган заҳарли бўтқа шиддат билан юқорига отилар, ҳарорат ниҳоятда баланд эди. Қизиғи шундаки, аллақандай жониворлар пишиб қолишдан қўрқмай бу муҳитда бемалол сузиб юришар, ҳатто ана шу заҳар-заққумдан озиқланишар ҳам эди. Устмо бу даҳшатга узоқ бардош бера олмай, шиддат билан юқорига отилди. Уммоннинг юзига чиқиб, бирпас тўлқинлар елкасида қалқиб турди-да, сўнг кўкка парвоз қилди.
Эркинлик, озодлик нақадар яхши! Уммон ости ваҳимасидан ҳамон ўзига кела олмаган Устмо эркинликка чиқар экан:
– Салом, эй бепоён Осмон, – деб юборди беихтиёр.
– Салом, Ер фарзанди! – деб жавоб қайтарди Осмон.
– Сенинг вазифанг нима? – сўради Устмо.
– Мен ернинг Коинотдаги элчисиман. Замин ва ундаги жамики жонзотлар мен билан ҳамнафас. Коинотдан шиддат билан Ерга ёпирилиб келадиган бало-қазоларни ҳаво қобиғимда ёндириб кул қиламан. Қанотли мавжудотлар ва инсон ўз тафаккури билан яратган темир қанотли қушларнинг бағримда парвоз қилишларига имкон бераман. Ерда кечаётган барча жараёнларни Буюк Қудратга етказаман. Бунда Шамол менинг энг яқин ёрдамчимдир.
– Салом, эй қудратли Шамол, – дея унга юзланди Устмо. –Айтчи, сенинг вазифанг нимадан иборат?
Енгилгина шабада шаклида майин-майин эсиб турган Шамол кучайиб бўронга айланар экан, деди:
– Мен иссиқ ва совуқ ҳаво оқимларининг тўқнашувидан пайдо бўламан. Бунга сабабчи Қуёшдир. Мен булутларни силжитаман, ёмғир, қорларни ёғдираман. Намликни Ер узра тақсимлаб тураман. Кўл, Денгиз ва Уммонлар ҳам қудратимдан жунбушга келади, бўронлар, пўртаналар ҳосил бўлади. Бағримдаги булутларни тоғлар бошига ҳайдаб бораман. Улар ёмғир, қор бўлиб Заминга қайтиб тушади, жилғалар, ирмоқлар, дарёларга айланиб, далаларга, қақраб ётган гўшаларга оби-ҳаёт элтишади ва тағин денгизлар, уммонларга оқиб кетишади. Шу тариқа ҳаёт абадий давом этади.
Устмо янада юқорилаб, қуёшга юзланди. У ўз руҳидан аллақандай заррачалар шиддат билан сизиб ўтаётганини ҳис этиб турарди.
– Салом, эй муаззам қуёш, сенинг вазифанг нима? – деб сўради Устмо.
– Менинг вазифам тўққиз фарзандим ва бутун Коинотга нур-зиё, ҳарорат таратиш. Шу боис фарзандларим эртаю кеч менга парвона. Фарзандларимдан шикоят қилмайман, уларнинг ҳаммаси яхши. Айниқса, Ердан хурсандман. Ундаги бутун жонзотлар менга меҳр билан боқишади, шарафлар айтишади. Ердан ҳам кўра менга яқинроқ жойлашган фарзандларим оғушида, афсуски, ҳаёт пайдо бўлмади. Олисроқда жойлашган фарзандларимга эса шуълаларим ва тафтим камроқ етиб боради
Шунинг учун ҳам уларда совуқлик ҳукмрон, ҳаётдан асар йўқ. Лекин фарзандларимнинг ҳеч бири менинг измимдан чиқмайди. Бу эса Ерда ҳаётнинг абадий давом этишига сабаб бўлади. Ҳақнинг ўзи бизга шуни амр этган. Бизнинг вазифамиз Яратганнинг амрини сўзсиз бажаришдир. Биз ҳаммамиз ҳаёт учун хизмат қиламиз.
Устмонинг ҳаётга меҳри ошиб кетди ва:
– Ҳаёт! Ҳаёт! Қайдасан? – деб қичқирди.
– Мен Сендаман, Осмондаман, Ердаман, сувдаман, ўтўландаман, дарахтдаман, гулдаман, ҳайвондаман, қушдаман, балиқдаман, ддамдаман, тириклик деб аталмиш ҳамма нарсадаман.
– Ҳаёт, сенинг вазифанг нима? – сўради Устмо.
– Тирикликнинг давомийлигини, мангулигини таъминлашдир, – деб жавоб берди Ҳаёт.
Шунда Илимнинг: «Бўлди, Ерга қайт!» – деган амри янгради.
Бироқ Устмо сайрга шу қадар берилиб кетган эдики, зинҳор Ерга қайтгиси, тупроққа тушгиси келмасди. Унинг бу ҳолати ўйинқароқ боланинг ўйинга берилиб кетиб, ота-онаси ҳар қанча чақирмасин, уйга қайтишни истамайдиган ҳолатига ўхшаб кетарди.
Аммо Илимнинг важоҳат билан иккинчи бор берган буйруғи уни Ерга қайтишга мажбур қилди.
Илим Устмонинг юзига шапатилаб, совуқ сув сепган эди, унинг руҳи аста-секин вужудига қайта бошлади. Илим чўнтагидан думалоқ ёнғоқчалар чиқариб, Устмо ва Игорга чўзди, бир қултумдан сув ичишга ҳам рухсат берди.
Шу алфозда бир ой ўтди. Олдинда машғулотларнинг учинчи босқичи турар, бу босқич «Синов» деб аталар эди.