Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 16 страниц)
ИГОРНИНГ ЎЗИ БИЛАН УЧРАШУВИ
Ольга қаҳвахонадан жаҳл билан чиқиб кетгач, Игорь анчагача бошини чангаллаб ўтирди. Сўнг бўшашганича ўрнидан туриб, аста-секин ўз уйига йўл олди. Уйига етиб келиб, паришонхотирлик билан аввал у чўнтагини, сўнгра бу чўнтагини кавлаб, калитини топди, эшикни очди, ичкарига киргач, шундоқ қаршисида турган йигитни кўриб донг қотиб қолди. У балки ўз уйида ўғри, талончиларни учратганида ҳам бунчалик ҳайратга тушмаган бўларди. Чунки Игорнинг қаршисида яна бир Игорь турарди.
– Қўрқма, ҳаммасини ҳозир тушунтираман, – деди Игорь нусхасига. – Иккаламиз бир одаммиз. Эсингдами, Ҳиндистонда кавак кавлаб юрганимизда, университет сабоқларидан кечикаман деб хавотир олган эдик. Шунда Илим бир нусхамизни, яъни сени Москвага жўнатганди, мени эса хонамизга ўн беш дақиқа олдин телепортация қилди.
– Эсимда, – деди Игорь тушкун кайфиятда. – Лекин Ольга бунга ишонмади, ишонмайди ҳам.
– Балки иккаламиз биргаликда унинг олдига борармиз.
– Йўқ! Буни кўриб, у ақлдан озиб қолиши мумкин.
– Нега энди, у бизни эгизаклар деб ўйлайди.
– Бўлмайди. Мен унга сирнинг бир учини очиб қўйдим. Энди у фақат ваҳимага тушиши мумкин, холос.
– Кел, яхшиси, ҳозир ухлаб дам олайлик, – деди Игорь ўз нусхасига. – Эрталаб ҳаммасини бафуржа гаплашиб, бир тўхтамга келамиз.
Улар ҳазил-ҳузул қилиб қаҳва ичишди. Бирпас телевизор томоша қилишди. Бир-бирларининг қулоқ, бурунларини чимчиб кўришди. Қизиғи шундаки, бири иккинчисининг қулоқ ёки бурнини чимчиласа, ўзиники ҳам оғрир, ўрни қизариб қоларди.
Шундай қилиб, бири диванда, иккинчиси пастда, палос устига кўрпа-тўшак тўшаб ётди. Иккиси ҳам айни пайтда мириқиб уйқуга кетди.
ОЛЬГАНИНГ ИГОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВИ
Ольга қаҳвахонада эшитган гаплардан анчагача ўзига келолмади. Ростини айтганда, у Игордан хавотир ола бошлаган эди. Ахир билиб-билмай ҳар хил сеҳр-жоду билан шуғулланган кишиларнинг охир-оқибатда хунук вазиятларга тушиб қолганини бир неча бор гувоҳи бўлган эди-да!
Айниқса, Ҳиндистонда ҳар хил диний мазҳаблар жуда кўп. Игорь ҳам ана ўшаларнинг таъсирига тушиб қолиб, эсини йўқотиб қўйган бўлиши мумкин. Балки унга кучли гиёҳвандлик моддаси беришгандир, шунинг учун ҳам унинг гаплари пойинтар-сойинтар чиқаётгандир. У шўрлик энди бундан қутула олмаса ҳоли не кечади? Қандай қилиб ўқишни тугатади?
Ольга ана шуларни ўйлар экан, дўстига сидқидилдан ачиниб, кўзларига ёш қалқиди. «Ҳар қалай, уни шу ҳолда ташлаб қўйиб бўлмайди» деган хулосага келди у.
Университетга қандай етиб борганини ҳам сезмай қолди. Унинг бу ерда битказиши лозим бўлган бир неча иши бор эди. Бироқ қай биридан бошлашни билмай гаранг эди. Хаёл кўзгусидан Игорнинг сурати, қулоқлари остидан унинг алжирашлари кетмас, буни ўйлаган сайин Ольгани баттар ваҳима босмоқда эди. Бу аҳволда университетда бирор ишни битказишига кўзи етмагач, ҳаммасига қўл силкиб уйига жўнади. Уйида ҳам бир жойда ўтира олмас, гоҳ паришонхотирлик билан токчадаги китобларни титкилар, гоҳ кўзгу қаршисига бориб ўз аксига термилар, гоҳ ҳеч бир мақсад-муддаосиз ошхонага кириб чиқар эди. Ниҳоят, толиқиб тўшагига чўзилди. Лекин ҳеч уйқуси келмас, кўча чироқларининг хона шифтига тушиб турган заиф шуълаларига тикилганча нуқул Игорни ўйларди. «У Ҳиндистондан толиқиб келди. Йўл азоби – гўр азоби, деганлар. Балки бир оз вақт ўтса, ўзига келиб қолар. Эртага, албатта, уникига бориб хабар оламан». Ана шундай хаёллар билан уйқуга кетганини ҳам сезмай қолди. Кечаси туш кўрибди. Тушида Игорь юксак тоғдаги бир ғор ичида ўтирар, нуқул икки қўлини олдинга чўзганича Ольгани ўзига чорлар эмиш. Ольга уни ғордан тортиб олмоқчи бўлиб қўл узатар, лекин қўллари шишадек кўринмас, бир тўсиққа урилиб ортга қайтар эди. Бунинг устига, Игорь ғордан чиқиш ўрнига Ольгани имлаб: «Ичкари кир, бундан яхшироқ жой топа олмайсан», дер эмиш.
Хайриятки, соат қўнғироғи уни уйғотиб юборди. Ольга сапчиб ўрнидан турди-да, юз-қўлларини ювиб, нонушта ҳам қилмай Игорникига жўнади. «Боришим билан бир баҳона қилиб унинг билакларини, оёқларини кўриб чиқишим керак», деб ўйларди у йўл-йўлакай. – Агар игна излари бўлса ёки хапдори ютишга одатланган бўлса, зудлик билан бунинг олдини олиш керак. Ҳалиям кеч бўлгани йўқ».
Ольга саккизинчи қаватга кўтарилиб, қўнғироқ тугмачасини босди. Ичкарида ётган иккала Игорь қўнғироқ товушини эшитиб, бараварига сакраб туришди. Полда ётган Игорь ўрнидан туриб эшикка яқин борди ва унинг кўзлигидан ташқарига мўралади. Не кўз билан кўрсинки, эшик олдида Ольга турарди. Игорь ортига бурилиб, нусхасига иш чатоқ, дегандек бошини сарак-сарак қилди. Буни тушунган иккинчи Игорь дарҳол ваннага кириб бекиниб олди. Шундан сўнггина Игорь эшикни очиб, Ольгага назар ташлар экан, хурсанд бир қиёфада:
– Ие, Ольга, ўзингмисан? Қани, биз ғарибнинг кулбамизга марҳамат қилсинлар, – деди ярим ҳазил, ярим жиддий оҳангда.
Ольга ичкарига кириб пойабзалини ечгунича, Игорь югуриб бориб палос устидаги кўрпа-тўшакларни диван устига ирғитди. Сўнг Ольгага қараб:
– Кечирасан, жуда толиққан эканман, қаттиқ ухлаб қолибман. Кўрпа-тўшакларни ҳам йиғиштириб улгурмадим. Қани, ошхонага марҳамат, – деди Игорь хижолатомуз бир қиёфада.
– Ҳечқиси йўқ, асло хижолат бўлма, – дея Ольга ошхона сари юрди. У ошхонага ўтгунича Игорь адойи тамом бўлди, Чунки у ошхонага ўтишдан оддин ваннага кириб қўлларини ювиб чиқишидан қўрқмоқда эди.
Игорь човгумга сув тўлдириб, газ плитаси устига қўйди. Музхонани очиб, пишлоқ, сариёғ, колбаса кабиларни бир-бир столга териб қўйди. Сўнг нон идишидан батон чиқариб уни пичоқ билан бутербродга мослаб парраклай бошлади. Сув қайнагач, Ольганинг майлини ҳам сўрамай битта қаҳва тайёрлаб унинг олдига, иккинчисини ўзининг олдига қўйди-да:
– Қани, марҳамат, – деди.
Ольга қаҳва ичиш ўрнига аввал унинг билакларига яхшилаб разм солиб чиқди. Сунг ўрнидан сапчиб турди-да, Игорнинг олдига келиб:
– Игорь, қани триконгни еч-чи! – деди. Бу гапдан Игорь довдираб қолди.
– Эсинг жойидами, Ольга, бу нима деганинг?!
– Дарров еч! Мен аниқ билишим, ишонч ҳосил қилишим керак!
– Нимани билишинг керак!
– Сен гиёҳвандлик моддалари қабул қилиш-қилмаслигингни.
Игорь бирпас Ольгага ҳайрон бўлиб боқиб турди-да, сўнг паққос кулиб юборди:
– Э-ҳа, ҳали гап бу ёқда экан-да! Сен хавотир олмай қўя қол. Мен соппа-соғман.
– Йўқ, ўз кўзларим билан кўрмагунча ишонмайман!
Игорь ноилож аввал билакларини, сўнг трикосининг пойчаларини кўтариб оёқларини кўрсатди. Ольга уни яхшилаб текшириб чиқди. Сўнг жавонларни, ёзув столи ғаладонларини, ошхонадаги ҳар бир шкафни эринмай титкилаб чиқди. Шунда ҳам ишонч ҳосил қилмай:
– Балки хапдори ютарсан? – дея ванна томон шубҳали назар ташлаб қўйди.
– Наҳотки менга ишонмасанг, Ольга? –деди Игорнинг жаҳли чиқиб. – Яхшиси, жойингга ўтир. Ол, қаҳвангни ич, совиб қолди.
– Йўқ, мен сенга ишонмайман. Сенга бир бало бўлган. Кашмирда зўр жодугарлар бор деб эшитганман. Ўшалар сени бир бало қилиб қўйишган. Кечаги гапларинг эсингдами? Аллақандай дарвешлар… Эшакка айланиб қолган одам… Телепортация… Яна алламбалолар…
Игорь суҳбатлари қовушмаслигига кўзи етиб, гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди:
– Мен ҳазиллашгандим. Ҳеч қанақа дарвешлар ҳам, эшакка айланган одам ҳам йўқ. Наҳотки XXI асрга келиб шу гапларга ишониб ўтирган бўлсанг?! Болалар ҳам ишонишмайдиган чўпчак-ку, ахир буларнинг ҳаммаси.
Сўзлари тобора дадил, ишончли чиқа бошлаганидан мамнун бўлган Игорь ўзининг бу нутқини ушбу оҳангда давом эттирмоқчи эди, афсуски, бу мамнунлик узоққа чўзилмади.
Қўққисдан Ольганинг мовий кўзлари катталашиб, «вой!» деганича қулаб туша бошлади. Игорь уни зўрға тутиб қолди. Ольганинг қўлидаги финжон полга тушиб чил-чил синди.
Игорь ортига ўгирилиб, ўз нусхаси жилмайиб турганини кўрди.
– Бир оз сабр қилсанг ўлармидинг, қизнинг ўтакасини ёриб юбординг-ку! – деди у жаҳл билан.
– Сен ўзингга айтяпсанми бу гапларни? – деди унинг нусхаси. – Қачонгача бекиниб юрамиз, ахир. Бунинг устига, менинг ҳам қаҳва ичгим келяпти.
Улар биргалашганча Ольгани кўтариб, диванга элтиб ётқизишди, бошининг остига ёстиқ ҳам қўйишди.
– Югур, ошхонадаги дори-дармонлар қутисида нашатир спирти бор, дарҳол олиб кел!
Нашатир спирти ҳидлатишгач, Ольга секин кўзларини очди. Киприкларини пирпиратганча гоҳ у Игорга, гоҳ бу Игорга қўрқаписа тикилар экан:
– Қайси бирингиз ҳақиқий Игорь бўласиз? – деб сўради.
– Иккаламиз ҳам ҳақиқиймиз, – деб жавоб беришди бараварига.
Ольга ҳамон ҳеч нарсани англай олмай, гоҳ унисига, гоҳ бунисига ҳайрон бўлиб тикилар, гўё ўзи улар орасидан ҳақиқий Игорни топиб олмоқчи бўларди.
– Тушунсанг-чи ахир, Ольга, – деди улардан бири. – Аслида иккаламиз ҳам ҳақиқий Игорь бўламиз. Инсон одим ташлаб юрганида, асосийси ўнг оёқми ёки чап оёқ деб бўлмайди-ку. Иккаласи баробар юрмаса, ҳаракат ҳам содир бўлмайди.
– Менга сув беринг, – деди уларнинг фалсафасидан тўйиб кетган Ольга мажолсиз бир товушда.
Игорлардан бири унга стаканда сув олиб келди, иккинчиси қизнинг бармоқларини уқалаб, сочларини силамоқда эди.
Ольга аста-секин ўзига келди.
– Гапларим чинлигига энди ишондингми? – деб сўради Игорлардан бири.
– Сизлар эгизак эмассизлар, тўғрими? – деб сўради Ольга.
– Тўғри, – деди ўша Игорь. – Эгизагим бўлганда уни сен билан таништирган бўлардим. Бу Илим дарвешнинг иши. Ўқишларим қолиб кетмаслиги учун бир нусхамни Москвага жўнатиб юборди.
– Мен эса тоғда кавак кавлашни давом эттирдим, – деди иккинчи Игорь. – Айни пайтда жуда ажойиб сабоқлар олдим. Агар истасанг, ҳозир битта одамга айланишимиз мумкин.
– Ҳозирча зинҳор бундай қила кўрманглар. Мен йўғимда қиласизлар. Йўқса, бутунлай ўлиб қолишим ҳеч гап эмас.
Ольга ўзига келиб олгач, учаласи ошхонага чиқиб, қаҳва ичганча суҳбатни давом эттиришди. Ҳиндистонда қолган Игорь у ерда кўрган-кечирганларини батафсил ҳикоя қилиб берди.
Ольгадаги қўрқув, ҳадиксираш ўрнини қизиқсиниш эгаллай бошлади. Эндиликда у бу воқеаларни мароқ билан эшитар, иккала Игорнинг қўлларини ушлаб, пайпаслаб кўрарди.
Иккала Игорь ҳазиллашганча Ольганинг қаршисида тиз чўкиб:
– Ольга, ростини айт, қай биримизни севасан, қай биримизга турмушга чиқасан? – деб астойдил илтижо билан сўрашди.
Ольга қўнғироқдек овози билан жарангдор кулиб юборди ва:
– Вой тентаквойлар-ей, иккалангни ҳам севмайман, хомтама бўлманглар, ҳеч бирингга турмушга чиқмайман, – деди.
Гап билан бўлиб, дарсга кечикишаётган эди. Ольга буни эслатгач, иккала Игорь тараддудланганча бир-бирларига термилиб қолишди. Ахир иккаласи биргаликда унивеситетта бора олишмайди-ку! Ўқитувчиларга, курсдошларига нима дейишади? «Танишинглар, биз бир-биримизнинг нусхамиз бўламиз», – дейишадими?
– Майли, бугун дарсга мен борақолай. Сен дўкондан у-бу нарса келтириб, овқат қилиб қўй. Эртага университетга сен борасан. Фақат биз ҳозир кетганимиздан сўнг, бир соатлардан кейин кўчага чиқ. Йўқса, қўни-қўшнилар ҳам ҳушидан кетиб қолишмасин, – деди Игорлардан бири Ольга билан эшикдан чиқар экан.
– Сизлар барибир битта одамга айланишларингиз керак, бўлмаса… – деди йўлда Ольга қизаринқираб.
– Сени тушундим, – деди Игорь маънодор қилиб. – Бугун университетдан қайтишим биланоқ шундай қиламиз.
Игорь одимлар экан, дарвешлар билан бўлган суҳбат эсига тушиб кетди. «Нега бундай ажойиб воқеаларни илгари эшитмаган эканман?» –дея таажжубланди у. Шу пайт қулоқлари остида Илимнинг овози жаранглади: «Аксар ҳолларда дарвешлар айтаётган гапларни нафақат атрофдагилар, ҳатто уларнинг ўзлари ҳам илк бора эшитиб турган бўлади. Чунки бу фикрлар қўққисдан Яратган томонидан уларнинг кўнглига солинади».
Игорь бу жавобдан мийиғида кулиб қўйди. Буни кўрган Ольга:
– Нега ўз-ўзингдан куляпсан, тинчликми? – дея хавотирланиб сўради.
– Эътибор қилма, гоҳ-гоҳида шундай ҳолатга тушиб тураман, – дея унга таскин берди Игорь.
«Бу учрашувдан, дарвешлар суҳбатидан не наф олдинг?» – дея ўзига ўзи савол берди у. Бу саволга жавоб ахтарар экан, нима наф кўрганини тулигича англаш учун ҳали анча вақт кераклигини тушуниб етди.
Дарвоқе, азалдан муаммо бўлиб келаётган бир жумбоқ бор: товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум? Агар товуқ олдин пайдо бўлган десак, унда жўжа тухумдан чиқиб, кейин товуққа айланади-ку!
Агар тухум олдин пайдо бўлган десак, тухумни туғадиган товуқ бўлиши керак.
Ана шунақанги жумбоқларни еча олмаслигимиз бизнинг маънавий ожизлигимиздан далолат беради. Ибтидо ва Интиҳодан ҳам буюк воқелик – ҳақиқат мавжуд ва ҳамма нарса унинг измидадир.
Шакллар таъсирида узоқ яшаган одам бора-бора маънони унутиб қўяди. Моддий шакл вақт, замон таъсирида ўзгарувчан нарсадир, аммо маъно эса вақт, замон таъсирида ўзгармай қолаверади, унга бу тушунчаларнинг мутлақ даҳли йўқ. Сон-саноқсиз шакллар даврларни ўтказиб ўзгараверади. Моҳият эса абадиятга интилиб, унга яқинлашиб бораверади. Чунки моҳиятнинг ҳақиқий ватани абадият бўлиб, вақти-соати келиб, албатта, унга эришади. Шунда Асл Моҳият ҳақиқат билан учрашади.
ХАЗИНА ЁКИ БУЮК МАМЛАКАТНИНГ СИРИ
(маърифий эртаклар)
МЕҲНАТ ВА ДАНГАСАЛИК
Кунлардан бир кун Меҳнат билан Дангасалик учрашиб қолишди.
– Сен кимсан? – деб сўради Меҳнат нотаниш йўловчидан.
– Мен Дангасаликман, – деб зўрға жавоб берибди нотаниш. Сўнг:
– Ўзинг кимсан? – дебди.
– Мен Меҳнатман, – дебди Меҳнат. – Кел, яхшироқ танишиб оламиз.
– Ўзларидан бўлсин, – дебди Дангасалик Меҳнатга.
– Яхши, – дебди Меҳнат ва ўзини таништира бошлабди.
– Менинг исмим Меҳнат. Инсон вужудида истиқомат қиламан. Яқинларим ҳам бор. Уларнинг исмлари Ҳаракат, Ирода, Руҳият кучи. Улар менинг энг яқин дўстларим. Доим мени қўллаб туришади. Дўстларим менга доим қувват, куч бағишлаб туради. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам биргамиз. Биз боғ-роғлар барпо этамиз, чўлларни обод қиламиз, йўллар, кўприклар қурамиз. Шинам, қулай, чиройли, ҳашаматли иморатлар қурамиз ва бежирим уй жиҳозлари билан тўлдириб, уларнинг кўркига кўрк қўшамиз. Яна шеъру ғазаллар, қиссаю ҳиссалар, мусиқалар басталаймиз. Албатта, инсониятнинг тирикчилигини таъминлаш учун ер ҳайдаймиз, дон-дун экамиз. Мўл ҳосилларни ўриб, уларни йиғиб-териб оламиз, кийимлар тикамиз. Умуман олганда инсониятга хизмат қиламиз. Уларнинг кўркига кўрк, чиройига чирой, соғлигига соғлиқ, умрига умр қўшамиз, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари билан шуғулланамиз.
Ва сўз навбатини Дангасаликка берибди.
– Қизиқ, – деб гап бошлабди Дангасалик. – Мен ҳам ўша маконда, яъни инсон вужудида яшайман, сени ҳеч кўрмаганман. Менинг ҳам яқинларим бор. Уларнинг исми: Эринчоқлик, Лоқайдлик, Ҳаракатсизлик, Дам, Уйқу. Улар билан доим биргамиз, биз Одамни ҳаракатсизликда, фаолиятсизликда ушлаб турамиз. Доим дам олишга, лоқайд бўлишга ундаймиз, дарахт соясига етаклаймиз, ором олдирамиз. Қулай ва қалин кўрпачаларда ўтирғизиб, аввалига ёнбошлатамиз, кейин чўзилтириб ухлатамиз. Ухлаб дам олгандан кейин ҳам яна дам олдираверамиз. Биз ҳам биргаликда ўз вазифамизни виждонан бажарамиз. Яъни, Одамни соғдан хастага, тетикликдан ҳолсизга, хушрўй кўринишдан бадбашарага, хипчабелликдан хўппа семизга айлантирамиз. Қисқа қилиб айтсам, мен аста-секин фаолиятсизликка етаклайман. Олий мақсадим ҳар қандай ҳаракатни тўхтатиш. Чунки ҳаракатсизлик, жимжитликнинг олий даражаси ўлимдир. Лўнда қилиб айтсам, мен ўлимга етакловчи энг ўнғай воситаман. Шунинг учун ҳам мени кўпчилик ўзлари англамаган ҳолда яхши кўради.
Албатта, бу «муҳаббат»ни қозонишим учун кўп машаққатлар чекишимга тўғри келади. Вақти-вақти билан совға-саломлар ҳам бериб тураман. Қанақа совға деб ҳайрон бўлаяпсанми? Роҳат! Улар роҳатни жуда яхши кўришади. Яхшиям, улар бу чексиз роҳатларнинг ортида ўлим яширинганини билишмайди. Мана шунақа, биродари азиз.
Меҳнат диққат билан Дангасаликка тикила бошлабди. Уни бошдан-оёқ назаридан ўтказибди. Бундан ажабланган Дангасалик гапиришга лаб жуфтлабди.
– Ҳа, нимага термилиб қолдинг, тинчликми?
– Сени яхшилаб таниб олиш учун синчиклаб кўздан кечирдим, – дебди Меҳнат ва сўзида давом этибди: – Сен туфайли инсонлар ўз олдига қўйган улкан Мақсадларини гўрга кўмаркан-да! Очилиб улгурмаган синоатлар, юзага чиқмаган олимлару олималар, ижодкорлар, даҳолар, алломаю уламолар, бастакорлар, мусаввирлар, шоирлар, ёзувчилар, сиёсатчилар, буюк кашфиётлар сен туфайли тупроққа кўмилиб кетаркан-да! Ҳали Инсон билан қиладиган хайрли ишларимиз жуда кўп. Кўп эзгу амалларга улгуришимиз керак. Бу ҳаётга келиб кетавермай, яхши бир ном, ёрқин из қолдиришимиз керак. Сен туфайли биз кўп азият чекаяпмиз. Шунинг учун ҳозироқ мен сен ҳақингда хўжайинга айтаман, асл моҳиятингни, яъни жирканч башарангни очиб ташлайман, деб Меҳнат Инсон Тафаккури ила Вужуд томон йўл олибди.
ДЕРАЗА ПАРДАСИ
Фасллар келинчаги бўлмиш баҳорнинг энг гуллаган, бор навқиронлигини, гўзаллигини, нафислигини кўрсатаётган пайт экан. Олча дарахти ёнидаги уйда бир шўх дераза пардаси бор экан. У деразанинг очилишини сабрсизлик билан кутаркан.
Чунки шамолда маза қилиб ўйнашни яхши кўраркан. Кунларнинг бирида Парда Карнизга ўз норозилигини шундай деб билдирибди:
– Сени ҳеч тушунолмайман, менга ўхшаб ўйнаб-кулсанг бўлмайдими?! Доим жим турасан, ҳатто қимирламайсан. Биз пардаларга ўхшаб сен ҳам ўйна, яйра. Шунда Карниз Пардага шундай дебди:
– Биласанми, бизни тақдир ришталари бир-биримизга боғлаган бўлса-да, моҳиятан ҳар хилмиз. Сен шамолда ўйнашни, мен эса бир жойда жим тек туришни ёқтираман. Қолаверса, жим туриш – бу менинг тақдирим. Шунда парда, менга ҳеч қулоқ солмайсанда, деб норози бўлиб, яна ўз ўйини билан машғул бўлибди. Ҳар куни дакки ейишдан чарчаган Карниз ўзича ўйлаб кўрибди. «Пардани хафа қилиб қўйдим. Балки уни айтганлари ростдир. Ўйнабкулиш менга ёқмаса-да, Пардани хафа қилмаслик учун рақсга тушганим маъқулдир. Нима қилибди озроқ ўйнасам», деб хаёл сурибди ва ўйнаш учун бир қўлини секин девордан бўшатибди. Шунда Карниз Парда билан бирга шарақ этиб пастга тушиб кетибди. Карнизнинг ўйнаб-кулиши ўзи учун хавфли эканлигини кеч бўлса-да тушунган Парда берган ноўрин маслаҳатидан афсусланибди. Яна у ҳар бир нарса ўз вазифасини бажариши кераклигини ва бир-бирининг ишига зинҳор аралашмаслигини ҳам яхши тушунибди.
САБР
Ёз кунларининг бирида кулол оёқлари билан роса лойни тепаларди. Бирдан Лой тилга кириб, Кулолга шундай дебди:
– Кечирасиз, сизни танимайроқ турибман. Мени биров билан адаштираяпсиз, шекилли. Гуноҳим нима? Бунча мени тепкилайсиз. Сизга нима ёмонлик қилдим?
Шунда Кулол Лойга дебди:
– Сабр қилсанг, ҳаммасини ўзинг билиб оласан. Сендан шундай идишлар ясайки, хизматингдан ҳамма миннатдор бўлсин.
Лой сабр қилибди. Кулол Лойни роса тепкилаб ишлов бергандан кейин ундан бежирим идишлар ясабди. Ясалган чиройли идишларни ўт ёқилган хумнинг ичига жойлаштирибди. Кулол пишиб чиннига айланган кўзаларни, косаларни, лаганларни, пиёлаю чойнакларни хумдан олиб тахлаб қўйибди. Уларга ранглар билан сайқал ҳам берибди. Қуёш нурларидан товланаётган рангбаранг чинни идишларга айланган Лой кўзларига ишонмасмиш. У сабрнинг ортидан ҳақиқий мўъжизалар келишини билиб олибди ва Кулолга самимий раҳмат айтибди.
БУЮК МАМЛАКАТ
Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Қирғовул қизил экан, қуйруғи узун экан, қадим ўтган замонда, Замин деган томонда бир буюк давлат бор экан. Бу давлатнинг номи Ҳазрати Инсон экан. Бу буюк давлатнинг, асосан, тўртта вилояти бор экан. Вилоятларнинг бири Вужуд деб аталаркан. Иккинчиси Тафаккур, учинчиси Қалб, кейингиси Руҳ экан. Кунлардан бир кун Тафаккур «овозни фикр отига» миндириб, чопар қилиб тўрт вилояту туманларга жўнатибди. «Овоз» баралла шундай дебди:
– Эшитмадим, деманглар! Эртага ҳаммани ҳукмдор Қалб боғига базму жамшидга таклиф этади! – деб жар солибди.
Эртаси куни ҳамма Боғи Эрам деб аталмиш Қалбга ҳалқа бўлиб йиғилишибди. Йиғилганлар нима учун бу ерга чақиртирилганликлари сабабига қизиқишибди. Шунда Тафаккур уларга шундай дебди:
– Ҳукмдор, яъни Ҳазрати Инсон ўз олдига қўйган буюк мақсадларни амалга оширмоқчи. Бунинг ижросини менга буюрди, яъни каминага, – деб Тафаккур ўзини таништирибди. – Йиғилишимиздан мақсад давлатимиздаги ҳамма мавжуд улуғ неъматларни бир жойга жамлаш, ҳисоб-китоб қилиш ва имкониятлар билан танишишдир.
Бу мажлисда котибаликни Хотира ўз зиммасига олибди. Ва шу ерда айтилганларни ҳеч бири унут бўлмаслигига ваъда берибди.
– Бўлмаса ижозатингиз ила мен бошлай қолай, – дебди Тафаккур. – Ассалому алайкум, азиз биродарларим. Мавжудлигимни, авваламбор, барчангиз биргаликда таъминлайсиз. Шунинг учун ўз миннатдорлигимни изҳор қилишга ижозат бергайсизлар. Яна тўла-тўкис фаолият юритишим учун менга биродарларим ҳам ёрдам беришади, – деб ёнидагиларни таништира кетибди. – Булар – Ақл, Онг, Зеҳн, Идрок, Заковат, Тасаввур, Фаҳм, Фаросат. Биз кўрган-эшитганларимизни нафақат тушунишга, балки сабабмоҳиятини англаб, хулосага келиб, таҳлил қилиб Ҳукмдорга етказамиз.
– Биз Тафаккур вилоятида яшаймиз. Вилоят ҳокими этиб мени тайинлашган, – деб гапини давом эттирди Тафаккур. – Лекин мен ёрдамчиларим билан бемаслаҳат ҳеч бир иш, қарор қабул қилмайман. Бизнинг донишмандлигимиз, тафаккур кучимиз ҳам биргаликдадир. Ҳаммамиз бир-биримизни тинглаймиз. Камчиликларимизни бир-биримизга бемалол айтамиз. Бундан ҳеч ким хафа ҳам бўлмайди. Балки бир-биримизга самимий миннатдорлик изҳор қилиб турамиз. Бу эса сабаб ва моҳиятни янада чуқурроқ тушунишимизга, англашимизга ёрдам беради. Хатоларимизни ўз вақтида тузатишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг асосий вазифаларимиз илм зиёсидан баҳраманд бўлиб,
Ҳукмдор ҳаёт йўлини илм нури ила ёритиш. Ундаги ғадирбудурликларни, бурилишларни, ўраю чоҳларни кўрсатиб, уларни айланиб ўтказамиз. Ақл, зеҳн кўзи ила кўплаб очилмаган кашфиётлару янгиликларни кўрсатамиз. Биз илм олиш йўли билан тафаккур кучини бойитамиз ва шунинг эвазига буюк кашфиётлар қилинишига сабаб бўламиз. Нафақат ўз тажрибаларимиздан, балки ўзгалар ҳаёт тажрибаларидан ҳам хулосалар чиқариб, Инсонни огоҳ қиламиз. Ҳукмдоримиз бу бебаҳо тажрибалар воситасида хато ва камчиликларга йўл қўймайдилар. Улар эса мавжуд ва келажакда бўлиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечимини топишга имкон беради. Олий ва эзгу ишларни амалга оширишнинг энг самарали, яқин йўлини кўрсатамиз. Бу эса ўз навбатида соғлиқ, вақт, умрни тежайди, комил инсон бўлишга ва баркамол авлодни тўғри тарбиялашга ёрдамлашади. Демак, Ҳукмдоримиз яна кўп эзгу ишларни амалга оширишга ҳам улгурадилар. Мен Биродарларим билан биргаликда яна шу ерда айтиладиган ҳар бир сўзни Фаросат, Зеҳн ва Заковат ғалвиридан ўтказаман. Мағзини чақиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратаман. Сўнг Ақл, Идрок тарозисида тортиб, салмоқлаб, моҳиятини Ҳукмдорга етказаман, – деб таништириш навбатини Қалбга берибди.
– Жуда ажойиб! – дея Қалб ўзи ва яқинларини таништира кетибди. – Мен Қалб вилоятининг ҳокимиман. Дил боғимизга ташриф буюрганларингиз учун ташаккур. Мана менинг юракка яқин дўстларим. Булар: Ҳис-ҳаяжон, Феъл-атвор, Меҳрмуҳаббат. Биз доим орзу қиламиз, орзу эса бизни дунёни кезишга, гўзалликлардан воқиф бўлишга, ашулалар айтишга, мусиқалар тинглашга, ижод қилишга, рақсга тушишга ундайди. Ҳаммани гўзалликка, юксакликка чорлаймиз. Мен Ҳазрати Инсоннинг энг юксак ҳис-туйғулари, орзуларини гард туширмай ўзимда сақлайман. Агар орзуларни Ҳукмдор эсламай қўйса, дарров Хотирага сим қоқиб, Тафаккур воситасида етказаман. Доим нима биландир машғул бўлишим керак, асосан, ўзимга ёқадиган нарсалар билан. Бўлмаса, зерикиб қоламан. Ҳар қандай касб ёки фаолият агар ўзимга ёқса, у мен учун ишгина эмас, балки шодлик ва роҳат келтириш манбаига айланади. Мен туфайли Одам ижод қилиб, ҳамма нарсани гўзаллаштиради. Изланиш, яратувчанлик билан шуғулланади. Расм чизади, мусиқа яратади, шеър ёзади, қиссаю ҳиссаларни қоғозга туширади.
Сўз навбатини Вужуд олибди.
– Мен Вужуд вилоятининг ҳокимиман, – дебди. – Ўзимда жисмонан барчангизнинг мавжудлигингизни акс эттириб тураман. Мен бир идиш, сирт мисоли ўзимда ҳаммангизни мужассам қилиб тураман ва Ҳукмдорнинг истакларини моддийлаштираман. Бу ишда менга яқин биродарларим ҳам ёрдам беришади. Яъни Кўзлар, Қулоқлар, Бурун, Оғиз ва Тил. Жуссадаги Қўллар, Оёқлар, Мушаклар ва ички аъзолар. Биз ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб Ҳукмдор ҳаётини таъминлаб турамиз.
Кўзлар атроф-муҳитни бор гўзалликлари билан кўрсатади.
Қулоқлар товушлар хабарини беришадилар.
Бурун нафас олиш билан биргаликда жамики ҳидларни сездиради.
Оғиз, тил таъм билиш, таом ейиш, сўзлашни ўз зиммасига олган. Товуш пайчалари ёрдамида ҳатто ашулалар, мақомлар куйлашга ёрдамлашади.
Қўллар бошқа аъзолар сингари Ҳукмдорнинг энг яқин ёрдамчилари. Хоҳиш-истагини бажонидил бажаришади. Яъни ювинтириш, озиқлантириш, кийинтириш, кўтариш-тушириш ва ҳоказо. Қўлларни яна олтинга ҳам қиёслашади. Чунки атрофдаги ҳамма гўзалликлар, боғу-роғлар, заргарлик буюмлари-ю гўзал манзаралар, уй-рўзғор жиҳозлари, иморатлар, йўллар, кўприклар ва оддий курсидан то фазовий ракетагача Ҳазрати Инсон қўллари билан бунёд этилган.
Ҳукмдор Оёқлар ёрдамида ҳаракатланадилар. Яъни хоҳлаган тарафларига, хоҳлаган йўналишларига юради. Истаса рақсга тушади.
Жуссадаги терилар ёрдамида иссиқ-совуқни, юмшоқ-қаттиқни, силлиқ ёки ғадир-будурни ва ҳакозоларни сездирамиз. Жинсий аъзолар Одам авлодининг давомийлигини таъъминлашади. Ички аъзолар ҳам ўз вазифаларини аъло даражада бажарадилар. Ҳаммамизни вужуд деб аташади. Биз Инсон хоҳиш-истакларини имконият даражасида амалга ошириб, уни рўёбга чиқаришга ёрдам берамиз, – деб Вужуд сўзини тугатибди.
– Хўш, мен ҳам ўзимни таништирсам, – дебди Руҳ. – Мен Руҳ вилоятининг ҳокимиман. Барчангизни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш зиммамга юклатилган. Менинг яқинларим: Ирода, Умид, Ишонч, Иймон, Жасорат, Мардлик, Куч-қудрат ва Қатъийликдир. Мен улар ёрдамида қўйилган режа ва мақсадларни нафақат назорат қилиш, балки бажарилишини ҳам таъминлайман. Туғилган ва туғилажак қийинчиликларни, муаммоларни ҳал қиламан. Агар Ҳукмдор бирор нимани чин дилдан хоҳласа, чин юракдан амалга оширишни истаса бас, бу йўлда ҳеч нимани аямайман, бор имкониятни ишлатиб, ҳаммангизни жамулжам қилиб уни амалга ошираман. Борди-ю, бу ҳам камлик қилса, бор куч-қудратни ишга солиб, ҳатто захирадаги яширин кучларни ҳам ишга солиб сафарбар қиламан, амалга ошираман. Чунки мен Руҳман. Мен Яратганнинг бир заррасиман!
Ҳаммалари танишганларидан бағоят хурсанд бўлишибди. Энг асосийси йиғилганларнинг барчаси Инсонда ҳаётни таъминлаш учун ўз вазифаларини муҳимлиги англашибди. Биргаликда Инсоннинг моддий дунёда хавфсиз, хотиржам, тўкис ва бахтли яшашини таъминлашларини янада чуқурроқ англаб етишибди. Бу ерда иккинчи даражали деган нарсанинг ўзи йўқлиги, ҳамма ўз вазифаси ҳокими эканлигини тушунишибди. Руҳ ҳамма йиғилганларга ўз миннатдорчилигини билдириб, доим бир жону, бир тан бўлишга даъват этибди.
– Зудлик билан бу бебаҳо маълумотларни ҳаммасини Тафаккур билан ҳамжиҳатликда Ҳукмдорга маълум қилинглар, – деб котиба бўлмиш Хотирага меҳр билан буюрибди.
Ўзида Хотирани мужассам қилган Тафаккур эса Инсонни огоҳ қилибди. Одам эса шунча бебаҳо неъматларга, ҳақиқий хазинага эга эканлигидан руҳланиб, хурсанд бўлиб кетибди. Унинг шодлигига шодлик қўшлибди. Олдига қўйган пок орзу умидларининг тўла амалга ошишига ишонч ҳосил қилиш, шундай бўлишини билиш, таъкидлаш, янада кучига куч, ғайратига ғайрат қўшибди. Ёруғ, пок, яхши ниятларни амалга оширишга киришибди. Ва Ҳазрати Инсон яратганга беҳисоб шукрлар қилибди.