Электронная библиотека » Шухрат Суюндик » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Шухрат Суюндик


Жанр: Общая психология, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ОЛАМ МУВОЗАНАТИ

МУҚАДДИМА

Оламдаги эзгулик ва ёвузлик ҳамиша ҳақиқат тарозисида тортиб турилади. Гап эзгулик ёки ёзузлиқдан қай бирининг оғир келишида эмас, уларнинг ҳаётдаги мутаносиблиги муҳимдир. Бу мутаносибликни табиат уйғунлиги таъминлаб туради. Табиат уйғунлиги эса ҳақиқат руёбга чиқишининг асосий шартидир.

Биз инсонлар ана шу ҳақиқатга путур етказдик. Натижада дунё мувозанати қўпол равишда бузила бошлади. Хўш, бу гапимга қўшилмайсизми? Дарвоқе, қўшилиш ёки қўшилмаслик ўз ихтиёрингизда.

Йўқ, мен адолат, ҳақиқат тушунчаларини айтмаяпман. Мен фақат табиатдаги мутаносиблик ҳақида гапиряпман. Зеро, эндиликда одамлар наздида бу тушунчалар эскириб қолди. Лекин олам мувозанатини сақлаб турадиган, инсониятни эзгулик сари етаклайдиган қандайдир кучлар бор. Мен сафар вақтида бир кишидан эшитган ҳикоя ҳам айнан шу ҳақда.

Яхшиси, унинг ҳикоясини сизга бир бошдан баён қилай, ишониш, ишонмаслик сизнинг ихтиёрингизда. Лекин бу ҳикоя сизнинг маънавий оламингизни кенгайтиради.

Ҳикоясида баён қилинишича улар одамга ўхшаб кетади, лекин одам эмас. Индаллосини айтганда, шакли, ташқи кўриниши одамга жуда ўхшайди. «Хўш, улар умрбоқийми?» деган саволингизга «Ҳа» деб жавоб берсам, нотўғри бўлган бўлар эди. Чунки хоҳлаган вақтларида олам мувозанатини сақлаш ва ҳимоя қилиш хизматидан кетишлари мумкин. Улар шундай дейишади: «Бизнинг асосий вазифамиз эзгуликнинг ғалаба қилиши учун курашиш эмас, ёвузликнинг нисбати эзгуликдан устун бўлиб кетмаслигини таъминлашдир».

Шуниси аниқки, улар ўн икки нафардир. Бу ўн иккилик ҳеч қачон бузилмайди. Қайси бири кетишга қарор қилса, унинг ўрнини бошқаси тўлдиради. Тўлдирувчи дунёга келишини улар ҳис қилишади ва орзиқиб кутишади.

Илимнинг (ўн икки дарвешдан бирининг номи шундай) айтишича, номзод боланинг қайси ота-онадан туғилиш эҳтимоли бўлса, уларни бир-бири билан учраштириб, тақдирларини боғлаб қўйишар экан. Бундай жуфтлик миллионтадан битта ёки иккита бўларкан. Номзод бола ҳали туғилмасиданоқ махсус тарбия бериш бошланади. Етти ёшида болани унинг муҳитидан, оиласидан, онасидан ажратиб олишади.

Бундай танланган бола тарбияси билан шундай зот шуғулланадики, уни таърифлашнинг ҳеч иложи йўқ. Ер юзидаги ҳамма донишмандлар бир ерга тўпланса, тўғрироғи, уларнинг илмини тарозининг бир палласига қўйиб, унинг илми иккинчи паллага қўйилса, шаксиз, уники бениҳоя оғирроқ келади. Орадаги фарқ қўрғошин тоғи билан парранда пати ўртасидаги тафовут кабидир. У билган нарсаларни ҳеч бир олим билолмайди. Унда илоҳий донишмандлик китоби бор. Ҳақнинг ўзи унга шу китобни берган. Унинг ўзи тирик бир илмдир, у абадий яшайди. Бу «абадий» сўзи ҳам менга унинг мавқеини пасайтиргандек туюлмоқда. Чунки сиз Худога ишонсангиз, ўлимдан сўнг тирилиш, жаннат, дўзах деган неъматларга ҳам ишонасиз, албатта. Инсон ўртача етмиш, саксон, тўқсон, юз йил, майли, икки юз йил умр кўрсин. Кейин бандаликни бажо келтиради ва саодатли дамлар етганда қайта тирилади. Шу нуқтаи назардан қаралса, ҳамманинг умри боқийда, ахир. Лекин биз, одамлар ўлимдан ўлгудек қўрқамиз. Унга эса икки дунё бир қадам. Ҳа, шунақа!

У ерда қанча умр кўришни ҳеч ким билмайди. Минг-минг йиллар ҳам унинг умрини ўлчашга камлик қилади.

У – ҳақиқий сеҳргар, алкимёгар, дарвеш. Сеҳргар, алкимёгар ҳам гапми, у уларнинг барчасига дарс беради. Гапимга ишонаверинг. Майда-чуйда сеҳргарларнинг жуда кўпини кўрганман. Уларнинг қилаётган ишидан, тўғриси, кўнглим айнийди. Масалан, бирор-бир егуликни йўқдан бор қилиш, бирор буюмни пайдо этиш ёки йўқ қилиш – шу ҳам иш бўлибдими? Уларни камситмоқчи эмасман-ку, лекин бу унинг сеҳргарликлари олдида болалар ўйинига ўхшаб кетади.

Кўзбойлоғичларни-ку, айтмасам ҳам бўлади. Уят нималигини билишмайди-ей! Тағин арзимаган томошаларидан димоғлари осмонга кўтарилиб кетади. Бу билан одамларнинг ҳақиқий сеҳргарликка бўлган ишончларига путур етказишаётганини сезишмайди ҳам.

Кўзбойлоғичлар мен таърифлаётган ҳақиқий сеҳргарларни бир кўрганларида эди, қилаётган ишларидан уялиб, бошқа касбга ўтиб кетган бўлишармиди?

Ўн иккиликнинг чексиз имкониятларидан яна бири, хоҳлаган одамини бирон-бир жонзотга айлантириб қўйишидир. Ҳатто ўлган жонзотларни тирилтиришлари ҳам мумкин. Фақат одам бундан мустасно. Нега дейсизми? Ахир онгли одам ўлиб, кайта тирилганидан кейин сизнинг, тўғрироғи, тирилтирган одамнинг «тумшуғига» тушириб қолиши мумкин-да. Муддатидан олдин тирилиш мурдаларга умуман ёқмайди. Шу боис ҳам улар ҳақиқий, том маънодаги Дарвешлар деб аталади. Уларнинг устози эса ҳазрат Хизр алайҳиссаломдир. Менинг гапларимга ишонмаяпсиз, шекилли? Дарвоқе, бу ғаройиб воқеадан воқиф бўлмаган ҳар қандай одам ҳам сизнинг ўрнингизда бўлганида худди шундай деган бўларди. Воқеа аслида мана бундай бўлган эди.

Университет

Игорь 1982 йили Москва Давлат университетининг геология факультетига ўқишга кирганида ўн саккиз ёшда эди. Мана, шунга ҳам қарийб ўттиз йил бўлибди. Ўшанда мактабни аъло баҳоларга битиргани, география, физика, кимё фанларидан қўшимча мустақил тайёрлангани, олимпиадаларда етакчи ўринларни олгани университетга киришига катта ёрдам берган эди.

Ломоносов номидаги Москва Давлат университети – Россиядаги кўҳна, йирик ва етакчи олий ўқув маскани, пойтахтдаги илм-фан ва маданиятнинг қадимий маркази ҳисобланади. Бу университетга қириб ўқиш у ёқда турсин, ҳатто унинг кўчасидан бир бора ўтишни орзу қилмаган одам бўлмаса керак.

Манбаларда кўрсатилишича, университет ташкил қилиш ғоясини И. И. Шувалов ва М. В. Ломоносовлар таклиф қилишган. Университет ташкил қилиш декретини қиролича Елизавета Петровнанинг шахсан ўзи 1755 йил, 12 (25) январда имзолаган (Юлиан календарига мувофиқ 12 январь, Х-VI аср Григориан календарига мувофиқ 25 январга тўғри келади). Шунинг учун ҳам ҳозиргача ҳар йили ушбу сана байрам сифатида нишонланади.

Университетда биринчи маърузалар 1755 йил 26 апрелда ўқила бошланган. Биринчи Университет кураторлиги Граф Шуваловга, биринчи директорлик эса Алексей Михайлович Аргамаковга насиб этган, дейишади.

Қадимда университет фақат Сенатга бўйсунган. Профессорларни, ҳатто, суд органлари ҳам безовта қилолмаган. Бунинг учун университет куратори ва директоридан рухсат олиш керак бўлган.

Бундан ташқари, университет даромадини назорат қилиш ва бошқариш, профессор-ўқитувчиларнинг моддий таъминотини тўғри тақсимлаш ва шу каби масалалар билан ҳам директор шуғулланган. Хуллас, Игорь ана шундай бир олий даргоҳда ўқиш шарафига муяссар бўлди.

Ўша пайтлар Игорь спорт тўгаракларига фаол қатнашар, спортнинг эркин кураш, каратэ ва альпинизм каби турлари билан шуғулланган. Айниқса, альпинизм унинг жону-дили эди. Нега дейсизми? Чунки у дунё бўйлаб сафар қилишни жонидан ҳам ортиқ кўрарди. Ахир энг қизиқарли жойлар ва ажойиботлар биз кутмаган баландликлар, ғорлар ёки жарликларда яширинган бўлади-да.

Сафарга тайёргарлик

Игорь бродвейда сайр қилиб юраркан, нотаниш бир мусаввир чизган сурат унинг эътиборини тортди. Унда узун либос кийиб олган бир неча дарвеш бошини бир ёққа осилтирганча рақс(зикр) га тушишарди.

Игорнинг суратга тикилиб қолганини кўрган мусаввир уни сотиш илинжида мақтай кетди:

– Улар сен учун рақсга тушишмоқда. Уларнинг айланишида катта маъно бор. Ҳақиқатни излашмоқда.

Бу гаплар Игорнинг кўнглига чўғ ташлади.

– Наҳотки айланиб рақсга тушиш билан ҳақиқатни топиб бўлса? – сўради Игорь.

– Сен расмнинг сиртига эмас, моҳиятига боқ, – деди маънодор оҳангда мусаввир.

Мусаввир таърифламаса ҳам, Игорь бу суратни ёқтириб қолган, уни сотиб олгиси келар, бироқ бунга имконияти йўқ эди. Ҳамёнидаги пули ҳар бир тийинигача ҳисоб-китоблик эди. Талабанинг ҳоли шу-да, ахир!

Ўшанда ўзига ёққан бу суратни сотиб олганида, сафарга кетиши амримаҳол эди. Бу ҳам етмагандай қулоқлари остида эсган енгил шабада ўзи билан қуйидаги ҳикматни олиб келди: «Сенда эртанги бахтли кунга умид уйғотган умиднинг айби йўқ. Аммо сен бир умрга алданиб қолиб, эртанги бахтинг учун шу бугуноқ ҳаракат қилмаслигинг ўтакетган нодонликдир». Ҳикмат эгасини кўриш илинжида орқага ўгирилганда эса чаппар уриб юрган кабутарлардан бошқа нарсани кўрмади.

Баъзида шундай ҳодисалар бўлиб турадики, уни бировга тушунтиришнинг иложи йўқ, ҳатто ўзинг ҳам тушунмайсан. Масалан, Игорнинг ётоқхонасидаги жавон вақти-вақти билан ғижирлаб туришини олайлик, унинг ичи-ю сиртини остинустун қилиб юборган, лекин ўз-ўзидан содир бўладиган бу ғичирлашнинг сабабини ҳанузгача билолмайди.

Талабалар, айниқса, собиқ талабаларга яхши маълумки, кун кўриш учун стипендия ҳеч қачон етмайди. Игорь ўқишдан ташқари бўш пайтларида ишлаб, тирикчилик учун жиндай маблағ жамғарганди. Мана энди ўша жамғарма асқотиб қолди. У бу пулларга чўкич, учи ўткир пўлат қозиқ, болта, фонарь, чипта ва бир қанча майда-чуйдаларни сотиб олди.

Очиғи, шаҳарда бундай нарсалар майда-чуйда ҳисобланади, бироқ тоғдаги ўзгарувчан об-ҳавода бу «майда-чуйда» инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Ҳақиқий альпинистлар буни яхши билади. Махсус пойабзал, гугурт, компас, пичоқ ва харитани-ку, айтмаса ҳам бўлади.

Талаба учун кийим-кечак, еб-ичишдан орттириб саёҳат қилиш, Ҳиндистондай бир ўлкага бориш мўъжиза ҳисобланади (айниқса, кечалари ахлат қутиларини титиб, шиша идишлар ва қоғоз чиқиндиларини териб олиб, тозалаб, керакли жойга топширадиган Игордек йигит учун). Хайрият, ўшанда – таътилнинг илк кунларида у сафарга керакли ҳамма нарсаларни олиб улгурганди.

ҲИНДИСТОНДА

«Йўл азоби – гўр азоби» деган нақл нақадар тўғри. Игорь метрода ашқол-дашқоллари, яъни улкан рюкзаги билан туртинибсуртиниб бир амаллаб Шереметьев аэропортига етиб олди. Рюкзакни юкхонага топширди, кафедан сув ва егулик олиб, тамадди қилган бўлди.

Самолётга чиқиш эълон қилинганида унинг қувонганини бир кўрганингизда эди. Бу хурсандчиликнинг сабаби у илк бор саёҳатга чиқаётганида эди. Бўлмасам-чи, саёҳат қилишга нима етсин.

Самолёт учиш йўлакчасида тезликни ошириб. кўкка кўтарила бошлаганда ҳам Игорь ўзига ишонмас, «Наҳотки мен Ҳиндистон сафарига кетяпман», деб ўйларди.

«Ҳурматли йўловчилар! Сизлар олти соатдан кейин дунёнинг энг йирик давлатларидан бири Ҳиндистон пойтахти бўлмиш Деҳли шаҳрида бўласизлар», деб айтилган эълон унга далда бериб, орзуининг ушалаётганини англатади.

Ушбу рейс эсон-омон Ҳиндистонга келиб қўнди. Баъзи йўловчилар хотиржам, баъзилари шошилар, ҳамма ўз юмуши билан банд эди. Кутиб олувчилар танишларини кўриб шодон қичқиришар, кейин қучоклашиб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашарди. Баъзилар ҳатто ҳис-ҳаяжонларини жиловлай олмай, хурсандликларидан йиғлаб ҳам олдилар. Айримлар гўё нимасинидир йўқотиб қўйгандек, атрофга ҳайрон бўлиб аланглашарди.

Игорь эса атрофни томоша қилиб тўймасди. Ҳа, бу ер умуман бошқа бир олам: ҳаёти, иқлими, бинолари, дарахт ва ўт-ўланлари ҳам бошқача бир дунё эди. Уларнинг тили, либослари, удумлари, ҳатто қадриятлари ҳам ўзгача эди. Буларнинг ҳаммаси Игорь учун жудаям қизиқ туюлар, ҳар бир нарса, ҳар бир ҳодиса уни ўзгача бир ҳаяжонга солар эди.

Ҳиндистонда бир миллиарддан ортиқ одам истиқомат қилади. Маданияти, тарихи жуда бой давлат. Кўпдан бери бу мамлакат Игорни ўзига оҳанграбодек тортарди. Ҳимолай тоғлари, Ҳинд-Ганг текислиги, Ҳиндистон яриморолидаги Декан платоси, Ҳинд уммони…

Шимоли-ғарбий Ҳиндистонда жойлашган, нафақат ўзининг нилуфар плантациялари билан, балки Дал кўлида сузиб юрган қайиқларга ёки солларга ўрнатилган ёғоч уйлар, мўъжизавий сузувчи боғлар ақлни лол қилиб қўяр эди.

У кўл атрофидаги тоғларни ёнидаги харитаси ёрдамида бир амаллаб, зўрға топиб олганди. Қизиқиш ва ҳаяжоннинг зўридан Игорнинг йўлдаги азоблари, чеккан машаққатлари худди Ганга дарёсига ювилиб кетгандек бўлди.

Ниҳоят, манзилга етиб келиб, тўшагида ётиб олганича осмондаги сон-саноқсиз юлдузларни томоша қила-қила ухлаб қолди.

Инглиз тилини билиши унга жуда қўл келди. Ҳиндистонда ўн уч хил тил давлат тили ҳисобланади, Шу жумладан инглиз тили ҳам. Танаси қуёшда қорайган таниши (шу ерда танишишган эди), уни нонуштага таклиф қилди. Калтакесак гўштини хуш кўрмаса ҳам (ахир бечора умрида ҳеч қачон калтакесак гўштини емаган бўлса, қандай қилиб хуш кўрсин), тоққа чиқиш учун куч кераклигини англаб, овқатни паққос туширди. Термосини ҳам чойга тўлдириб олди.

Игорнинг диплом иши дунёдаги минераллар ва уларнинг хусусиятларини ўрганишдан иборат эди. Минералларда кўп сирлар пинҳон. Балким, энергиянинг минерал кўриниши келажакда энергия муаммосини ҳал қилиши ҳам мумкин. Улар ташқи жиҳатдан бир хил кўрингани билан, аслида, ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга.

Игорь тўрва-халтасини елкасига илиб олиб, йўлга, яъни тоққа отланди. Қизиқ, Ҳиндистонда ҳамма бир-бирига табассум қилиб юраркан. Албатта, уларнинг бу табассумида заҳархандалик йўқ, самимий бир табассум эди.

Тоққа кўтарилиб, ўзига қулай жой топгунича кун ҳам тушга яқинлашиб қолди. Тўрвасидаги дудланган колбаса билан помидор, бодрингларни еб, чой ҳам ичиб олди. Ҳиндистонда чойдан сероб нарсанинг ўзи йўқ. Тури шунчалик кўпки, танлай олмай қийналади киши. Игорь атрофни синчиклаб кўздай кечирди. Ҳаммаёқ тинч, ҳаво ҳам жуда ажойиб эди.

ТОҒДА ТОШ ЙЎНИШ

Игорь чўкич билан қояни ўя бошлади. Тош ва минералларнинг табиатини билмаган одамга бу салкам ўлим билан тенг. Аммо тошларнинг хусусиятини, яъни тилини яхши билса, масалан, уларнинг ёши нечада, қанақа қатламлардан иборат, бу катламлардаги чизиқлар қайси йўналишда эканлиги, қаерига зарба беришни ўрганган бўлса, тошлар «қулоқ сола бошлайди» ва тез орада измига бўйсунади. Бу сафар ҳам Игорга тошлар ҳақидаги билимлари асқотди. У қоя ичига қарата икки қаричга яқин ковак ўйиб қўйди.

Унга аслида ковак эмас, тош намуналари керак. Бу тошлар, минераллардан олинадиган намуналар қанчалик бир-бирига яқин бўлса, ишда уларнинг ёшини, таркибини аниқлаш шунча осон кечади.

Игорь олган ҳар бир намунасини қалам билан рақамлаб, ерга тахлаб қўйди. Шу аснода кеч ҳам тушиб қолди. У тезда ишини якунлаб, тунаш учун шу ернинг ўзида жой ҳозирлади. Фонарини ёқиб, кечлик таом тайёрлади. Пичоғи билан консервани очиб, булка нон билан тамадди қилди. Чой ичиб, роҳатланди.

Тоғда тун салқин бўлади. Ҳар ҳолда, устингга камзулингни ёпиб ётмасанг, совқотиб қоласан. Игорь кечаси тош намуналарини яна бир бор кўздан кечирар экан, ҳаяжондан юраги гупуриб кетди. У ўзини яхши ҳис қилар, фақат кафти сал ачишиб оғрир эди. Бу асбоблар билан анчадан бери ишламаганлигининг оқибати бўлса керак. Ҳатто кафтининг у ер-бу ерида қадоқлар ҳам пайдо бўлди.

Енгил, ёқимли шамол эсмоқда. У тўйиб-тўйиб нафас олар, Ҳиндистонда эканлигига ҳали ҳам ишонгиси келмасди. Унинг икки ҳафта вақти бор. Бир ҳафтасини тоғда ўтказмоқчи. Кейинги ҳафта шаҳарни айланади. Албатта, ишлари битса.

Диплом ишини тезлаштириши лозим. Беш йил ўқийдиган аҳмоқ йўқ. Дарвоқе, инглиз файласуфи Томас Гоббс 15 ёшида Оксфорд дорилфунунига ўқишга кирган ва икки йилдан сўнг уни битириб, мантиқ илмидан маъруза қила бошлаган. У ҳам икки, ҳеч бўлмаса икки ярим йилда университетни битирмоқчи. Ҳали қиладиган ишлари жуда кўп. Шулар ҳақида ширин хаёллар сурар, юраги орзиқиб кетар, таътилнинг қолганини уйда, дўстлари даврасида ўтказмоқчи эди.

Саҳар пайти майна ва яна аллақандай қушларнинг сайрашидан уйғониб кетди. Керишиб ўрнидан турди. Бу унинг Ҳиндистонда ўтказган биринчи кечаси эди. Беш юз қадамча нарироқдаги булоқ бўйига борди. Ҳа, айтгандай, у кеча иш бошлашдан олдин бу ерда булоқ борлигини кўриб, роса хурсанд бўлган эди.

Қушлар, тоғда ўтлаб юрган қўй-эчкилар туш пайти сурув-сурув бўлиб келиб, шу булоқдан сув ичади. Кейин эса, сал ўтиб чўпон болалар кўринади. Улар ҳам мириқиб сув ичишади. Сўнг қўлларидаги устига кигиз қопланган елим идишларини булоқ сувига тўлдириб, бир-бирига сув сепиб ўйнашади, кейин сув идишларини ўзлари билан олиб кетишади.

Саҳар пайти бўлгани учун булоқ бошида ҳеч ким йўқ эди. Атрофда ҳам ҳеч зоғ йўқ. Жимжитлик. Йирик, аҳолиси зич шаҳарларда яшайдиган одамлар бу сукунат нақадар бебаҳо эканлиги, ўз юртларида ана шу нарса етмаслигини яхши билишади.

Игорь юз-қўлини ювиб, елим идишини муздек сувга тўлдириб олди. Унинг идишига кигиз қопланмаган эди, шунинг учун кўйлагини ечиб, сувга ботирди-да, идишининг устига ўраб қўйди. Бу ерда куз бўлишига қарамай тушда иссиқлик қирқ беш даражагача кўтарилади. Ҳаял ўтмай муздек сувингиз қайноқ сувга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. У бир қўлини юваман деб куйдириб қўйди. Шундан сўнг идишларни аввал ушлаб кўриб, кейин ювиниш ёки ичишни одат қилди.

Игорь ишини кечаги қолган еридан давом эттирди. Тағин чўкич, пўлат қозиқ ва болғачалар ишга тушди. Тушга қадар роса тер тўкиб ишлади. Очиқиб кетганидан ҳатто қўллари қалтирай бошлади. Ўзича бу мусаффо тоғ ҳавосининг таъсиридан бўлса керак, деб ўйлади. Тавба, бу ерда бирпасда қорнинг очиқиб қолар экан. Қани энди, бир неча кун овқат емай муттасил ишлай олсанг! Булка нонни пичоқ билан кесиб ўтирмай қўли билан бўлиб, ўртасига дудланган колбаса қўйиб, бутерброд қилиб еди. Чунки кун қизиб кетмасдан тезроқ ҳаракат қилиши лозим эди.

Россия қиши

Игорь тош намуналарини олиш учун зўр машаққатлар билан ҳамон қояни ўйиб борарди. Саратоннинг жазирамаси сабаб бўлибми, Игорь қиш ҳақида ўйлаб кетди. Балки қаҳратон қишнинг совуғи ҳақидаги хаёллар ҳеч бўлмаса вужудини салқинлатиб, бироз ором берар. Балки қийналган пайтида дўсти эсига тушиб кетгандир.

Қиш дегани нима ўзи? Томлардан осилиб турган муз сумалакларими? Қаҳратон дейилмиш кўринмас мусаввирнинг деразага чизиб кетган нафис ва бетакрор нақшларими? Балки оёқ остидаги муз шишаларининг чирс-чирс синишидир? Ёки болаларнинг осмондан пага-паға ёғаётган қор остида қийқириб, қорбобо ясаб, атрофида чаналарда сирпаниб ўйнашидир? Ҳар бир одамнинг ўз қаҳратон совуғи, оппоқ қиши ва гўзал қорлари бор.

Инсон бирор нарса ёки ҳодиса тўғрисида ўзи билганларига таянган ҳолда хулоса чиқаришга ўрганиб қолган. Ёки ҳар бир нарсани шароитидан келиб чиқиб баҳолайди.

Игорнинг сингапурлик бир дўсти бор. Исми Шедр. Кунларнинг бирида Игорь уни Москвага меҳмонга таклиф қилди. Қиш фасли бўлганлиги учун Шедрни огоҳлантириб, Россия совуғи ҳақида роса уқтирди. Дўсти ҳаммасига тушунганлигини айтди.

Шереметьев аэропортида уни Игорнинг шахсан ўзи кутиб олди. Ҳаво анча совуқ, ўттиз даражалар атрофида эди. Шедр чарм плашда келибди. Бошида кепка, Кўришганларидан кейин Игорь: «Жиннимисан, нега бунча юпун кийимда келдинг», – деб сўради. Маълум бўлишича, Шедр қаҳратон қиш деганда нари борса, учтўрт даража совуқни тушунар, бунчалик совуқ бўлиши унинг тушига ҳам кирмаган экан.

Икковлари югурганча автобусга чиқиб олишди. Метрода бир амаллаб уйга етиб келишди. Дўсти музлаб қолган, совуқдан дағ-дағ қалтирар эди. Игорь уни Москва бўйлаб сайрга олиб чиқишдан олдин ўзининг қалин кийимларини бериб, худди мўмиёдек бўйинбоғ (шарф) билан ўраб-чирмаб ташлади. Шунда ҳам бу шоввоз қалт-қалт титрар эди.

Азим шаҳар – Москвани бир ҳафта давомида айланиб томоша қилганларидан сўнг дўстини эсон омон ўз юртига кузатиб қўйди.

Иссиқнинг иши

Шундан сўнг Игорь Сингапурдаги жазирамани эсга олди. Қайсидир йили ёзда Шедр Игорни меҳмон қилиш учун уйига таклиф қилиб: «Сей ҳақиқий иссиқни ҳеч кўрмагансан. Кел, бир маза қилиб кетасан», – деди. Гап орасида унга оппоқ уст-бош, сомон шляпа ва албатта, қора кўзойнак олишни, ҳатто қуёш нуридан сақловчи малҳам ҳам ортиқчалик қилмаслигини маслаҳат сифатида айтиб ўтди. «Иссиқлик қирқ-қирқ беш, ҳатто эллик даражагача кўтарилади», – деди Шедр. Игорь бундай иссиқни тасаввур ҳам қила олмас эди.

Аэропортда унга билинмаган экан. Шедр билан қўчага чиққанида эса қўққисдан юзига келиб урилган иссиқликдан ўзини ўчоқнинг оғзида тургандек ҳис қилди. Ростини айтганда, Игорь дарҳол орқага қайтиб, уйига учиб кетгиси келди. Фақат дўстини хафа қилишни истамасди. Игорнинг мазаси қочиб, апил-тапил ортга қайтишди. Дўстининг уйига зўрға етиб борди. Хайрият, совиткич (кондиционер) бир маромда ишлар, хона анча салқин экан. Кейинроқ билса, совиткични ҳам у келишига яқин ўрнатишган экан. «Бизга бундай иссиқ чўт эмас», – деб жилмайди Шедр. Игорнинг иштаҳаси йўқ, нуқул муздек сув ичгиси келар, оғзини каппа-каппа очиб зўрға нафас оларди. Унга қатиқ, айрон, кўк чой ичиш ва бодринг ейишни маслаҳат беришди.

Игорь икки-уч кундан кейин бу иссиққа ҳам кўникиб қолди. Ҳатто бу иссиқ қайсидир маънода унга ёқа бошлади. Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг, саратон чилласида пешонангиз, бутун вужудингиздан маржон-маржон тер оқиб турса, ғалати туюлмайдими? Бу ҳол, агар ҳаммом ҳисобга олинмаса, шимолдаги халқлар учун бутунлай бегона, албатта. Аммо ана шу тер томчилари танангиз ҳароратини совитиб, ортиқча қизиб кетишдан асрайди, ҳаётингизни сақлаб қолади.

Игорь ҳозир ҳам Россияда қаттиқ совуқ бўлганда иссиқни (иссиқда эса совуқни) эслаб, ўзича таскин топарди.

Кейин улар «Шарқ» бозорига боришди. У ерда оёқ яланг юриб бўлмайди, гўё улкан това устида юргандек товонлар жаз-жаз куяди. Бу ўлкада темир буюмлардан узоқроқда, эҳтиёт бўлиб юрилмаса, у бирор жойингиз тегиши билан пишиб, ҳилвираб қолиши мумкин.

Вақт тушга яқинлашган эди. Бозордаги хилма-хил мева-чевалар иштаҳани қитиқлайди, мазаса нақ тилни ёради. Игорнинг қўлида доим муздек минерал сув. Чанқаганида ҳўплаб-ҳўплаб қўяди. У маҳаллий миллий қўшиқларни жуда ёқтириб қолди. Дўкондан иккита кассета ва битта пластинка ҳам сотиб олди. Уларни дўстининг машинаси ичига қўйди. Яна нимадир керак бўлиб қолиб, чорак соатга дўконга кириб чиқишди. Шундан сўнг машинага қайтишаркан, ичкарида қийшайиб кетган кассета ва пластинкаларни кўрган Игорь ўз кўзларига ишонмай қолди. Шедр жилмайиб: «Кўрдингми, иссиқнинг ишини», – деди. Кассета ва пластинкалар мутлақ яроқсиз бўлиб қолган эди. Ўшанда Игорь ҳали бир мартаям эшитиб кўрмаган кассеталарига роса ачинганди. Жин урсин. Яна қайтадан сотиб олишига тўғри келади энди.

Шунда Шедр дўстига даҳшатли бир воқеани айтиб берди. Кимдир ойналари кўтарилган машинада боласини қолдириб, бозорга ўн беш дақиқага кириб чиққунча бола бечора иссиқдан димиқиб, ҳушидан кетибди. Ҳалиям отаси уни тезда машинадан чиқариб, соя жойга ётқизибди. Бахтига ўша ерда кимдир сунъий нафас олдиришни биларкан. Хайриятки, унинг ёрдамида бола ўзига келибди. Агар озгина кечикканида бечора бола нобуд бўларкан. Бу воқеани эшитиб, Игорь қўрқиб кетди. Қўлини машина ойнасидан ташқарига чиқаради, лекин билагини эшикка қўйиб бўлмасди. Ҳақиқатан ҳам ёзнинг бундай жазирамасида бирор жойингиз темирга тегиб кетса, ўша жойингиз куйиб, тортишиб қолади.

Шедр бу жазираманинг қудратини дўстига яна кўз-кўз қилмоқчи бўлди, шекилли, олдин машинанинг томини яхшилаб ювди. Ювилган том дарҳол қуп-қуруқ бўлиб қолар, бир зумда тунукадаги намдан асар ҳам қолмасди. Кейин бозордан олиб келинган тухумлардан бир-иккитасини олиб чақди-да, машина устига ташлади. Игорь: «Ҳазиллашяпсанми», дегунча тухум мисоли товада қовурилгандек пишиб чиқди. У кўзларига ишонмасди.

Мана шунақа. Игорнинг иссиқ ҳақидаги тасаввури Шедрнинг совуқ ҳақидаги тасаввуридан фарқ қилмас экан. Игорь ана шу воқеа сабаб Ҳиндистон сафарига олти ой давомида тайёрланди. Қуёшдан ҳимоя қилувчи ва пашшадан ҳимояловчи воситалар, дори-дармон қутичаси билан турли-туман касалликларга қарши малҳамлар, бинт, йод – ҳаммасини ўзи билан олган.

Игорь муздек булоқ сувидан яна маза қилиб ичиб, идишини тош соясига қўйди. Чўкич ва пўлат қозиқ билан роса тош ўйди. Яна сал ўйса, бемалол бошини кавакка тиқиб, соялаши мумкин эди. Қуёш тиккага келгунча анча нарсага улгуриши керак. Ҳозирги вазиятда қанча кўпроқ кавак ўйса, шунча яхши. Бошқа соялайдиган жой ҳам йўқ-да, ахир.

Пастга саккиз чақирим тушиб (бориб келиш ўн олти чақирим) чиққунича кеч тушиб қолади. Атрофда дарахт тугул номига бир бута ҳам йўқ. Лекин ишни тўхтатиб бўлмайди. У намуналарга ҳам қарамай қояни ичкарига қараб роса ўйди. Камзулини иккита чўпга илиб соябон қилиб қўйган, бу усул уни жазирама балосидан сақлай олмаслигига кўзи етар, лекин бундай иссиқда қипяланғоч туриб ҳам бўлмайди. Яланғоч баданингизни офтоб уриши ҳеч гап эмас.

Игорь тушлик қилиб бўлгач, ярим метрча ўйилган кавак ичига бошини кўкрагигача тиқиб ухлаб қолди. Оёғининг қуёш тафтида куйишидан уйғониб кетди. Сояга қўйилган идишдаги сув ҳам қайнай деб қолибди. Оғзини сал ҳўллаб, тағин булоқ сари йўл олди. Хайриятки, бошида қамишдан тўқилган шляпа бор эди.

Булоқ олдига келиб, нафасини ростлади, юз-қўлини муздек сувда ювди-да, топ-тоза булок, сувидан олиб, қониб-қониб ичди. Идишини ҳам муздек булоқ сувидан тўлдириб, иш жойига қайтди. Иссиқ бутун вужудини аёвсиз куйдиришига қарамай, тағин ишини давом эттирди. Қўллари ўзига бўйсунмай турди, кейин ғайрат билан қояни ўя бошлади.

Кафтларидаги қадоқлар катталашиб борарди. Қадоқларданку у унча азият чекмасди, аммо қозиқ билан ишлаганда, гоҳо болғанинг сирғалиб кетиб бош ёки кўрсаткич бармоғига тегиши унинг жонини суғуриб олгудай бўларди. Бармоғининг болға теккан жойлари қонталаш бўлиб, кейинчалик кўкариб қоларди. Баъзи бир қадоқлар ёрилиб, ичидан қон ва йиринг оқарди. Хайриятки, йод билан бинт олган экан. Қўлининг лат еган жойларини йод билан яхшилаб ювиб, бинт билан боғлаб қўярди. Унинг мушаклари зирқираб оғрир эди.

Игорь кечгача, қуёш ботгунча, қояни яна икки қарич қадар чуқурлатиб қўйди. Ҳеч нарсага чалғимасдан ишлар, ўзининг бу меҳнатсеварлигидан фахрланиб қўярди.

Сутдек ойдин ой шуъласидаги салқин шамол Игорнинг вужудини яйратиб, гўё унга қайта жон бахш этгандек бўлди. Унинг кечки овқати гулхан кулида пишган картошка, нон ва пишлоқ бўлди.

Ўзини ерга тўшалган, ҳаво тўлдирилган елим тўшакка ташлади. Ҳозир бу жой унга беш юлдузли меҳмонхонадан ҳам афзал эди. Аллақандай пинҳоний куч уни сургундаги одам сингари, қул каби ишлашга мажбур этарди. Бу пинҳона куч, ҳойнаҳой, жазирама бўлса керак.

Эрталаб Игорь қорни очиқиб уйғониб кетди. Тезда атрофдан қуриган шувоқ, хас-чўплар териб, гулхан ёқди Қуритилган гўшт солиб, қозон осди. Ичига бир оз масаллиқлар ҳам солди. У ўзи билан олиб келган масаллиқларини тежарди. Аммо иштаҳаси карнай эди. Емасанг, қувват ҳам бўлмайди-да. Бу туришда олиб келган озиқ-овқатлари бир ҳафтага хам етмасди. Ҳозирча борини еб-ичиб, ишлаб турай, кейин пастга тушиб, сузувчи уйлар соҳибидан бирор нарса сотиб оларман, деб ҳаёл қилди. Сузиб юрган кемаларда дўкон бўлса, нур устига аъло нур бўларди.

Учинчи кун эди. Игорь қуёш чиқмай, ўрнидан турди Тўшагини йиғиштирди. Ишгаям ўрганди, шекилли, энди ўзини жуда яхши ҳис қила бошлаган эди. Вужудида шунақанги бир куч пайдо бўлдики, у чўкич қозиқ ва болтани олиб қоядаги кавакни шахт билан ўя бошлади. Унинг фикру зикрини кавак ўйиш эгаллаб олган эди. Қояда кавак кавласам, ўзимга яхши-да, деб ўйларди у. Биринчидан, бу кавак қуёшдан бошпана, иккинчидан, ҳар хил минерал тошларнинг нусхаларини олади. Қоя ичкарисига қараб бир метрча чуқур ҳам ўйиб қўйди. Бунақа имконият ҳали ҳеч кимда бўлмаган.

Тушлик вақти ҳам ўтиб қолибди. Соат миллари ўн бешу ўнни кўрсатмоқда эди. Игорь ўз ишидан қониқиб, тушликка чиқди. Очиқиб, у юз-қўлини ювиб, рюкзакдан қўлига илинган маҳсулотларни олди. Булар – дудланган колбаса, қоқ нон ва тушёнкани олиб, уни пичоқчаси билан очди-да, ўзига шоҳона тушлик тайёрлади. Ҳар ҳолда, ҳозирги вазиятда буни шоҳона тушлик дейишга арзирди.

Энди бир метрча кавланган кавакда тушдаям ишласа бўларди. Шунинг учун вақтни бекор кетказмай, у яна ўйишни бошлади. Ичини каттароқ, кенгроқ қилиш керак. Юмалоқ бўлса ундан ҳам яхши.

Яна уч кун шу тариқа ўтди. Уч-тўртта қотган нон ва бир бош пиёзни ҳисобга олмаса, озиқ-овқати ҳам тугади ҳисоб. Қоя ичини тандирсимон қазиб, ўйиб бўлди. Фақат текислаш ишлари қолди, холос.

Еттинчи кун. Игорь чуқур ичидаги намуна тош-чаларидан қирқтасини танлаб олди. Уларни болғачаси билан йўниб, оқ қанд каби ихчамлаштирди. Уларнинг бирида кремний, иккинчисида темир, кейингисида эса оҳак моддаси борлиги аниқ билиниб турарди. Албатта, яна бошқа моддалар ҳам бор эди. Лекин буни аниқлаш учун намуналарни лаборатория шароитида яхшилаб текшириш талаб этиларди.

У кийим-кечакларини, асбоб-ускуналарини йиғиштириб, тўрвасига солди. Ҳаммаси тайёр бўлгач, қоядаги кавакка кириб, уни томоша қилди. Ярим кечаси бўлганлиги учун ётиб, бош остига курткасини қўйиб, мириқиб дам олди. Ҳаво ажойиб, мусаффо. Сон-саноқсиз юлдузлар милтиллайди. Чексиз коинот инсон тахайюлини гангитиб қўяди. Қизиқ, негадир энди Игорнинг уйқуси келмасди. Бир ишга қаттиқ киришсанг, шу иш битгунча жадал ҳаракат қиласан. Иш битгандан сўнг эса, худди бир нарсангни йўқотиб қўйган одамга ўхшаб қоласан.

Мақсадинг амалга ошса, у қалбда қувонч билан бирга ғалати бир бўшлиқни ҳам ҳосил қиларкан. Игорь ана шундай туйғулар оғушида тушга яқин ухлаб қолди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации