Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 16 страниц)
ИНТУИЦИЯ
Бизнинг мантиғимиз ўзи қарор чиқариб ўрганиб қолган. Мантиқ «алдамчи», жуда «манман» бўлиб кетган. Тўғриминотўғрими қарор чиқаравериб, сизни ҳам шунга ўргатиб, мажбурлаб қўйган. Энди уни тўғри йўналтирмасангиз, бошқармасангиз бўлмасди. Чунки ўз фикрингиз ўзингизга душман бўлиб қолиши мумкин. Кўпинча панд беради. Яхши вариантлар қолиб кетиб, энг нотўғри, бўлмайдиган вариантни бизга «ҳақиқат», «тўғри» деб кўрсатиб туради. Энди юракка, қалбга қулоқ тутиб, ўзингиз учун қарор қабул қилишни ўрганиш керак. Қалб билан сезишга ҳаракат қилавергандан кейин, кўпчиликда интуиция яққол ишлаб кетади. Буюк одамлар бир вақтнинг ўзида ҳам мусиқа тинглайди, ҳам қарор қабул қилади. Ҳам расм чизиб, ҳам хаёлан шеър тўқиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида уч, тўрт, беш ёки ўн бешта операцияни бажарадиган инсонлар ҳам бор. Даҳоларда шундай бўлади.
Интуициянинг ҳам ўзига яраша «овози», ўзига яраша «ҳолати», ўзига яраша жисмоний ва «ҳис-ҳаяжон» импульслари бор. Шулар орқали ҳақиқатми ёки ёлғонми сизга хабар қилади. Чунки интуиция қалбдан келади. Қалб деймиз, ички юрак деймиз. Жисмонан бир-бирига жуда яқин вужудимизда турибди. Вужудимизда туриб, бизга юрадиган тақдир йўлимизни белгилаб беряпти. Кўпинча унга қулоқ тутмаймиз. Эшитмай қоламиз, бошқа бешта ҳис-туйғумиз бизни босиб қўймоқда.
Кўряпман, эшитяпман, таъм биляпман, ҳид биляпман, ушлаб кўряпман деган тушунчалар уни қисиб қўйган. Машқ орқали олтинчи туйғуни топиб оласиз. Юқорида айтганимдай, кодлаб оласиз. Тўғри қарор қабул қилишда олтинчи туйғуни ҳам ишлатиш керак.
КИЧИК БИЗНЕС ВА ИНТУИЦИЯ
Масалан, сиз бир одам билан кўришдингиз, салом-алик қилдингиз, ўша одам билан бирон бир иш бошламоқчисиз ёки қилишингиз керак. Ёки олди-бердингиз бор, хуллас, ўша одам билан сиз ё иш олиб боришингиз керак, ё бўлмаса йўқ. Гаплашаётганингизнинг ўзида «Шу одам билан иш олиб боришим керакми ё йўқми?» деб интуициянгиздан сўрасангиз, «ҳа» ёки «йўқ» деган жавоб келади. «Тўхта, биринчи марта балки янглишаётгандирман» деб қайта-қайта сўраб кўринг. Жавоб ололсангиз, демак сиз сезяпсиз. Бора-бора шундай бўлиб қоласиз. Бунинг икки хил йўли бор.
Биринчи йўли, мантиқ билан интуицияни тинглаб, эшитиб-эшитиб шу шароитдан келиб чиқиб қарор қабул қилиш, солиштириб текшириш. «Мана бу тўғри экан» ёки «мана бу адашиш экан», «хато экан» деган йўллари ҳам бор. Шу йўл билан мантиқдан келаётган маълумот ва мана бу интуитив маълумот деб аниқлаб, фарқлаб, кодлаб олаверасиз.
Иккинчи варианти эса мантиқни вақтинча онгли равишда сунъий тингламай қўйиш, яъни атайлаб чалғитиш орқали. Бу сиз бирор бир ҳикоями, романми, шеърми ўқиш мобайнида ёки бирор бир фильм томоша қила туриб, интуитив қарорни тинглайсиз ва уни қабул қиласиз дегани. Сизда миянинг мантиқий фикрлайдиган қисми, бошқа информацияни «ҳал» қилиш билан банд. Эшитяпман, кўряпман, ушлаб кўриб биламан деган ҳис-туйғулар ҳам банд. Шу орада китоб ўқиётган, кино кўраётган пайтингизда «тўғри» ёки «нотўғри» деган қарорни қабул қиласиз. Бошқа ҳистуйғулар унга чалғиб, аланглаб қолган пайтда интуиция яхши ишлаб кетади.
Интуициянинг шакли, ранги йўқ. Уни бешта туйғуга қиёслаб бўлмайди. Уни бешта ҳис-туйғу доирасида тушунтириб бериш қийин.
Айтайлик, бир одам олдингизга келди. Мантиғингиз биринчи бўлиб сизга айтади: «Яхши одамми ёки ёмон одамми?» У яхши одам бўлиши ҳам мумкин. Юрагингиз, интуициянгиз панд бермаслигиям мумкин. Лекин ўша яхши одам яхши мутахассис бўлмаслигиям мумкин. Ёки яхши мутахассис муттаҳамроқ ҳам бўлиши мумкин. Ҳалол, яхши одамдан сизнинг ишингизга керак зўр кадр чиқмаслигиям мумкин. Чунки бу дунёда ишининг кўзини билмайдиган одам кўп. Биладиганлар эса жуда кам. Интуицияга тўғри савол беришни билиш керак. Сиз «шу одам ишнинг кўзини биладими-йўқми?» десангиз интуициянгиз «йўқ» дейиши ёки «ҳа» дейиши мумкин. Чунки одамлар турфа хил бўлади. Масалан, баъзи кишилар қўрқоқ бўлади. Биринчи қийинчиликка учраган пайтдаёқ ўзини йўқотиб қўяди. Унга энди етакчилик маҳорати етишмайди. Ўша пайтда унга далда бериш керак. Биринчи қийинчиликда «бўладими-йўқми» деб, тарвузи қўлтиғидан тушиб тураверади. Шунинг учун сиз ҳаётда кўпинча иккита қарама-қарши қарорга дуч келасиз. «Шу одам билан учрашсаммикан, учрашмасаммикан» деб ўйлаб кўрасиз. Агар учрашсак, икки томонлама қандай фойда бўлади. Шуни амалга ошириш керакми-йўқми? Асосан иккита вариант туради: «ҳа» ёки «йўқ». Учинчиси ҳам бор: «зинҳор-базинҳор қилинмасин» ёки «қилиш керак, шарт» деган вариантлар ҳам бор. Аслида тўртта қарор туради. Лекин категорияси асосан иккига бўлинади: «ҳа» ёки «йўқ», «тўғри» ёки «хато»!
Масалан, «бизнес режа, лойиҳанинг қай бирини амалга оширишим керак» десангиз, интуициянгиз ҳам бир неча вариантни айтаверади.
«Уларнинг ҳаммаси тўғри. Лекин шулар ичидан қайси бирини биринчи амалга ошириш керак десангиз, уни ҳам кўрсатади. Кейин топиб, мана буни деб белгилайсиз. Интуициянгиздан буни амалга оширишим учун нималар қилишингиз кераклигини сўрасангиз, «Мана буни, мана буни» деб ҳеч бўлмаса йўналишлари кўринади. Йўналишларни амалга оширасиз. «Бунга мен маблағни қаердан топаман» дейсиз. Яна қарорнинг ечими ҳам келади.
Яхши ғоя худдики нектар асаларини ўзига жалб қилгани каби бўлади. Асал каби ширин бўлади, чунки бу ғоянинг яхшилиги ширинлигидадир. Унинг ширинлиги эса фойда, даромад келтирувчанлигида. Дарров имкониятни ёки пули борларнинг, сармоядорларнинг эътиборини ўзига жалб қилади. Бу катта муаммо эмас. Сабаби, пулдор одамлар йўқ эмас. Аммо уларда айни дамда ғоя бўлмаслиги мумкин. Сизнинг бир ажойиб ғоянгиз уларга туртки бўлади. Кўпинча, янги иш бошловчилар, тадбиркорликни энди бошлаётганлар ўзларининг миясига келган ҳар қандай ғояниям буюк деб қабул қиладилар. Шунинг учун сиз ўзингизга бизнес-устоз топасиз. Бизнес-устоз дегани бу, ҳақиқатан ҳам беш йил, ўн йилдан бери бизнес билан шуғулланаётган, ҳар хил қийинчиликларга дуч келаётган, енгиб ўтаётган шахс.
Улар сиз эндигина ўйлаётган нарсаларингизни, анча илгари минг марта ўйлаган. Шундай одам билан суҳбат қурасиз. У бизнесмен сифатида сизнинг ғоянгизни балчиққа қориштириб, оёғи билан тепкилаб, нотўғри эканлигини исботлаб бера олади. Яна бир ғоя айтасиз. Уни ҳам исботлаб-исботлаб, пучга чиқаради. Агар сиз арзийдиган, амалга оширса бўладиган бир ғояни айтсангиз, у ўйланиб қолади. Кейин айтадики, «Буни қилса бўлади!» Баъзан мияга келган фикр, ғояларнинг тўқсон фоизи арзимайдиган, пуч бўлиб чиқади. Ёки ҳали пишмаган, хом бўлади. Яна бир омилга эътибор беришимиз керак. Кўпинча ишнинг энг қийин томонига ўзимизни урамиз. Сиз кучли бизнесменлар билан гаплашиб, режаларингизни айтсангиз, улар балки устингиздан кулар. Бунда сиз унинг наздида, худди кўп музқаймоқ ейишни хоҳлаб, музқаймоқ сотувчиси бўлишни орзу қилаётган ёш болага ўхшаб қоласиз. Ҳақиқий ишбилармонлар қаердан қанча даромад кўришниям, катта фойда олишниям билади. Қийналмай пул ишлаб топиши мумкин. Бемалол ўйнаб-кулиб, яйраб ҳам пул ишлаш мумкин. Ишбилармонлар буни яхши билишади. Унинг ҳалол йўли кўп. Мақсад – ўшандай йўлларни топиб, сиз ҳам яқинлашишингиз керак. Улардан маслаҳат сўраганингизда сизнинг ғояларингизни пучга чиқараверсалар ҳам, фикр алмашаверинг. Баъзан катта бизнесменлар ҳам бошқаларга мурожаат қилиб туришади. Бу камтарлик уларнинг янада «ўсиш»ини таъминлайди.
Кейинги йилларда баъзи давлатларда ишлаб чиқариш у қадар кучли бўлмаса ҳам, ривожланиш жадал кетяпти. Нефть, газ, олтин заҳирасига эга бўлмаган давлатлар туризм соҳасининг ортидан бойиб кетишяпти. Мисол учун, Туркия давлатини олиб қарайлик. Чиройли манзара, табиат, денгиздан бошқа нима бор. Аммо туризмни яхши йўлга қўйиб олишган. Биздаям кўркам жойлар, тоғли ҳудудлар бор. Қадимий осори атиқалар, музей шаҳарларимиз бор. Уларнинг таърифига тил ожиз. Тўғри, туризм секин-секин биздаям ривожланиб келяпти. Лекий туристларни жалб этиш учун имтиёзлар, енгилликлар, нархларни бироз пастлатишлар масаласи бироз оқсаяпти. Бизнинг хатоимиз ҳам шунда. Масалан, оз нарсанинг устига катта нарх қўйиб сотиб ҳам бой бўлиш мумкин, аммо буни жуда узоқ кутиш керак. Арзимаган фойда қўйсангиз-у, бироқ кўп нарса сотсангиз, бой бўлиш тезлашади. Чунки тез сотилади, тез даромад кўрасиз.
Мисрга борсангиз Қизил денгизнинг сув ости дунёси бир эртакдай гап. Сув остида беш юз метр чуқурликдаги рангли кораллар товланиб кўриниб туради. Тиниқ сувга қараганингизда таги кўринади. Ярим метр, бир метрлик чуқурга кўзимиз ўрганган. Қизил денгиз атрофидаги курортларда «дайвинг», яъни акваланг билан сув остига шўнғиш спорти яхши ривожланган. Агар сув ости дунёсини томоша қиламан десангиз, Мисрдаги Шармал-Шайхга боринг. Сув остига шўнғийсиз, аквариумдаги балиқлардай чиройли, ҳар хил ранг-баранг балиқлар атрофингизда сузиб юради. Бояги беш юз метр, етти юз метр чуқурликка Қуёш нури тушиб туради. Суви тип-тиниқ. Энг тиниқ сув бу – шўр сув. Шўрлиги бўйича дунёда Ўлик денгиздан кейингиси Қизил денгиз. Чўкаман деб ётиб олсангиз ҳам, сув кўтариб қўяди сизни. У ерда аксига олиб сув остига киришнинг ўзи бир муаммо.
МАҚСАДЛАР
Олдимизга қўйган мақсадларимизнинг аниқ амалга ошишига қаттиқ ишониб ўрганиб қолганмиз. Бу унчалик тўғри эмас! Чунки биринчидан сиз битта мақсадни амалга ошириш учун қайси йўлни танласам экан, дея ўйланасиз. Вақт кетяпти. Иккинчидан, сиз танладингиз. Ана шу танланган йўллардан бирига ҳаракат қиласиз. Бу ҳаракатлардан бири амалга ошади, бири ошмайди. Амалга ошмай қолган натижани қаттиқ ўйлаб қоласиз. Яна қимматли вақтингиз сарфланяпти. Онг остида «амалга ошмадику» деган гап сизни қийнайверади. Ишончсизлик пайдо бўляпти. Кейингисига ҳаракат қилишга ўйланиб қолдингиз. Ана шу ўйхаёллар сизни орқага тортиши мумкин.
Умуман олиб қараганда, натижа ҳақида ўйлаш керак. Аммо, иш жараёнида натижани умуман эсламаслик керак. «Сендан ҳаракат, мендан баракат» деб қўйибди ҳақнинг ўзи.
Демак, мақсад қўйиш керак, режа тузиш керак, бирон-бир фикрга келиш керак. Лекин натижага жудаям боғланиб қолманг. Ҳаракатни сусайтирмаслик лозим. Масалан, чумолини қаранг, кичкинагина бўлсаям, тоғдай-тоғдай ишларни қилиб ташлайди. Инини кўрсангиз, бир санъат асари! Бир неча метр чуқурликда колониялар бўлиб яшайди. Иш жараёнида йиқилиб ҳам тушаверади, туриб яна давом эттираверади. Сув инини ювиб кетади. Яна қайтадан қураверади. Ҳеч тўхтамайди. Баъзи чумоли колониялари бутун бир бошли қишлоқнинг кўчишига сабабчи бўлган. Аммо чумолилар «Улар кўчиб кетишсин» деб мақсад қўймаган. Шунчаки, ҳаракатлари натижасидир. Демак, натижани ҳаракат беради.
ИЧКИ МОҲИЯТ
Ҳар бир инсонга ўзига мос муносабат керак. Биримиз маънавият қучоғида турибмиз, лекин маънавиятдан ниҳоятда узоқмиз. Яна биримиз моддият қучоғида турибмиз, моддиятдан умуман узоқмиз. Инсон ўзини англашида, моҳиятини англашида, ҳақиқатни сезишида унинг ўзига нисбатан фикрини ўзгартириш керак.
Маънавиятли киши ҳам ўзгалар кўмагига, ёрдамига муҳтож. Унга камчилигини юмшоқлик билан, яхши гап билан тушунтириш керак эмас. Чунки унинг ўзи интеллекти юқори инсон бўлади. Ундаги бор нарсани яна ўзига берсангиз тушунмайди. Бунда кўпинча тескари йўл билан унга ўзини англашида ёрдам бериш керак. Керак бўлганда, ҳақоратли сўз ҳам айтса бўлади. Сабаби, бундай кишилар ҳақоратланишдан жуда қўрқади. Шу сабабли, ўзларини маънавият билан ҳимоялашга уриниб, реал ҳаётдан узоқлашиб кетадилар. Демак, ҳар кимга ҳар хил йўналишдаги муносабат керак экан.
ОТА ГЕНИ КУЧЛИМИ ЁКИ ОНА ГЕНИ?
Элликка эллик. Лекин она томондан кўпроқ ўтади, она гени кучлироқ. Биз ўғил болаларни яхши кўрамиз. Аслида ўғил фарзанд аёл уруғи – генининг давомчилари бўлади. Эътибор беринг, ўғилларингиз кўпинча онасига тортган бўлади. Агар кўриниши отага ўхшаган бўлса ҳам, феъл-атвори, айрим хислатлари тоғаларига тортиб кетган бўлади. Отанинг гени, қобилияти қизига ўтади. Қизларни кузатинг, қуйиб қўйгандай отасига ўхшайди. Аёл танасидаги жажжигина ота у. Ўғил фарзандлар туғилганда биз эркаклар жуда хурсанд бўлиб кетамиз. Кетмакетига қиз туғилаверса, «яна қиз бўлдими?» деб хафа бўлиб қоламиз. Генетик жиҳатдан ўйлаб қарасак, биз ҳақ эмаслигимизга амин бўламиз. Ген отадан кўпроқ қизига, онадан кўпроқ ўғилга ўтади.
ФАРЗАНДНИНГ ҚИЗ ЁКИ ЎҒИЛ БЎЛИШИ КИМГА БОҒЛИҚ?
Фарзанднинг қиз ёки ўғил жинсида туғилишида она мутлақо роль ўйнамайди. Унинг вазифаси фақатгина туғиш. Ўғил ёки қиз туғилиши юз фоиз эркакка боғлиқ. Қозонда бори чўмичга чиқади. Бу XY, YX хромосомалар қайсиниси кўп бўлса, шунга қараб аниқланади. Яна иссиқлик ва совуқлик, ҳўллик ва қуруқлик деган мижоз хиллари бор. Сиз кўпроқ иссиқлик бўлишга ҳаракат қилсангиз, яъни эҳтиросни кучайтирадиган юқори калорияли таомларни еб, шамоллашлардан асрайдиган иссиқ кийимларни кийиб, ўзингизга эътиборли бўлиб юрсангиз, ўғил фарзанд кўриш эҳтимоли ошади. Масалан, қўй гўшти иссиқлик, мол гўшти совуқлик, қора чой иссиқлик, кўк чой совуқлик, тухумнинг қайнатилгани совуқлик, қовурилгани иссиқлик, писта, бодом, ёнғоқ мағизлари иссиқлик ҳисобланади. Аммо буларни истеъмол қилишда ўзингизга индивидуал ёндашинг. Бирданига қон босими ошиб кетиш эҳтимоли бор.
ҚАРИНДОШЛАР БИЛАН ҚУДА-АНДА БЎЛИШ МУМКИНМИ?
Одам Ато билан Момо Ҳаво эр-хотин бўлганларидан кейин уларга Оллоҳ биринчи бўлиб ўғил фарзанд берди. Ундан кейин қиз фарзанд берди. Яна ўғил фарзанд, кейин қиз фарзанд берди. Уларни бир-бирига никоҳлаб қўйди. Шундай қилиб, ер юзида одам зоти тарқала бошлади. Узоқ қариндош-уруғлар турмуш қурса бўлади. Лекин бора-бора яхши хислатлар камайиб кетиб, ёмонлари ортиб, кучайиб кетаверади. Фарзандларингизда сиздаги камчиликлар билан, турмуш ўртоғингиздаги камчиликлар қўшилиб «ўсиб» кетади. Сиздаги яхши қобилиятлар билан турмуш ўртоғингиздаги яхши қобилиятлар эса пасайиб кетади. Шу нуқтаи назардан, турмуш ўртоғингиз қанча узоқ, бегона бўлса, шунча яхши. Фарзандингиздаги ёмон хислатлари пасайиб, ҳамма яхши қобилиятлар, талант ва бошқа хислатлар ошиб кетади. Маъноси шу! Биз «Бегона бўлмасин, таниш бўлсин, ҳар ҳолда бир-бирини тушунади деймиз. Бунинг ҳам яхши, ҳам ёмон томонлари бор. Ген томонидан «манфий», муносабат ва тушуниш томондан «мусбат». Тўғри, бегонага энг азиз фарзандингизни топшириш қийин. Қариндошга, яқин танишга бериш осон. Бу ҳолатда ген аста-секин айниб бораверади. Шунинг учун иложи борича бегонага қиз бериш керак. Жуда ҳам яқин қариндош бўлмаслиги лозим. Агар беш, олти, етти ота узоқроқ қариндош бўлса, ҳеч нарса қилмайди. Чунки унгача ген тозаланган бўлади.
Мен ҳаётда гувоҳи бўлганим, яъни бир-бирига қуда бўлган ака-сингил, опа-укаларнинг тақдирини сизга сўзлаб берсам. Афсуски, натижа аянчли! Биринчи оилада ҳар йили аёл ҳомиласи бешинчи, олтинчи ойда, айни ривожланиш даврида бола тушиш ҳолати такрорланади. Охири ота бечора бу кўргуликка чидолмай, инсульт бўлиб қолди. Иккинчи оилада фарзанд дунёга келди, аммо ақлий ривожланмай қолди. Вужуд ўсади, ақл уч ёшар боланики. Дори-дармонлар билан ҳозиргача хатони тўғрилашга ҳаракат қилишяпти. Учинчи оилада эса умуман фарзанд дунёга келмади. Охири ажрашиб кетишди. Улар бегоналар билан турмуш қуришиб, фарзанд кўриб, ҳозирда бахтли ҳаёт кечиришяпти. Шу сабаб, яқин қариндошлар қуда бўлмагани яхши. Қариндошингиз бор-йўғи бир марта хафа бўлади. Хафа қилмай деб қуда бўлишга рози бўлсангиз, умрингизнинг охиригача бир-бирингиздан ўпкалаб ўтасиз.
Масалан, чукчалар жуда совуқ ўлкаларда яшайди. Уларда шундай одат бор. Агар сиз соғлом эркак бўлсангиз ва улар томонга меҳмонга борсангиз, сиздан аёллари билан бирга бўлишни сўрашади. Яьни, сиздан уруғ, насл олишга ҳаракат қиладилар. Яхшиям, бизда бундай генетик муаммо йўқ. Лекин уларнинг бошқа иложи йўқ. Яшаш учун кураш!
Нимага? Чунки совуқ туфайли эркакларииинг уруғи сони жуда кам. Яқин қариндошлар бир-бирига никоҳланиб, уйланиб, охир-оқибат уларнинг миллати, уруғи йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолган. Уларга янги бир нав, уруғ керак. Шунинг учун бошқа миллат вакилларига аёллари билан бирга бўлишни таклиф қилади. Агар ундан ўғил туғилса, улғайгач, қизлардан бирига уйлантиришади, натижада бақувват, соғлом, кучли фарзандлар яна кўпайиб кетади. Қиз фарзанд туғилган бўлса, балоғат ёшига етгандан кейин, шу ерга узатади. Бу яна анча вақтларгача шу уруғнинг йўқолиб кетмаслигини таъминлайди. Аҳвол шу даражага етган.
Доимий равишда қариндошлар билан қуда бўлавериш мана шундай оқибатларга олиб келади. Агар қариндош-уруғ, опа-ука қуда бўлаверса, ўша миллат бир кун келиб йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Ўз миллатини сақлаб қолиш учун улар шунга мажбур бўлиб қолишган. Бўлмаса, қабиласи таг-туги билан йўқ бўлиб кетади. Яшайверади, фарзанд туғилаверади. Лекин, фарзанди касалманд, нимжон бўлади. У жойлар совуқ ўлка, биз мутлақо қабул қилолмайдиган нарсаларга улар чидаши керак. Тентаклигидан эмас, миллатни асраб қолиш нуқтаи назаридан. Фараз қилинг, битта миллат йўқ! Шунинг учун улар шундай қилишга мажбур.
ЭР ВА ХОТИН ОРАСИДАГИ ЁШ ОРАЛИҒИ ҚАНЧАГА ФАРҚЛАНИШИ КЕРАК?
Бу нарса ҳамманинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқади. Масалан, уларнинг ёши тенг ҳам бўлиши мумкин, эр ёки хотиндан бири катта бўлиши ҳам мумкин, кичик бўлиши ҳам мумкин. Лекин тавсия қилинадигани – беш, ўн ёш фарқ қилса яхши бўлади. Ана шунда иккинчи босқич кечроқ келади. Тенг бўлса ёки бир ёшга фарқ қилса, ўн икки, ўн беш йилдан кейин иккаласи ҳам амаки ва хола бўлиб қолади. Аслида аёл киши туққанидан кейин ёшаради. Асосан, уни болаларга қараш ташвишлари чарчатиб қўяди, рўзғор икир-чикирлари ҳам кучини олиб қўяди. Аёл киши ҳар гал фарзандли бўлганида соғлигига соғлик қўшилади. Беш-ўн ёшга ёшариб юради. Туғмаган аёллар қиздай бўлиб юриб-юриб, бирдан қариб қолади. Вақтида дам олиб, уч-беш йилда туғиб юрган аёллар, гулдай бўлиб, қирққа кирса ҳам, элликка кирса ҳам йигирма беш, ўттиз яшар бўлиб кўринаверади. Бешта болам бор деса биров ишонмайди.
Баъзилар турмуш қуришда эркак каттароқ, аёл эса ёшроқ бўлиши керак деган фикрда. Аммо бир хил аёллар ёши катта бўлса ҳам жозибаларини сақлаб қоладилар. Ёш ва имконият, кўринишни ҳисобга олиб турмуш қурсангиз, оилангиз бардавом бўлади ва соғлом фарзандлар туғилади.
ПУЛГА МУҲТОЖ ОДАМГА ЁРДАМ БЕРИШ КЕРАКМИ?
Ҳозирги айтадиганларим ишбилармонликни, кичик бизнесни энди бошлаётганларга тааллуқли.
Азизларим, биз ҳозирча бировга ёрдам берадиган даражада кучли эмасмиз. Буни тўғри тушуниш лозим. Қанийди, қўлимиздан келганича ҳаммага ёрдам берсак. Аммо ҳозирча бизда бировга ёрдам бериш имконияти унчаликмас. Бу қанчалик қўпол бўлмасин, одамгарчилик доирасидан ташқарида бўлиб кўринмасин, бошқа иложимиз йўқ. Пул топа бошлаганингизда даромадингизнинг қирқдан бирини бева-бечораларга берганингизнинг ўзи ёрдам ҳисобланади.
Кимда муаммо йўқ дейсиз? Кимга пул ортиқчалиқ қилади. Ҳеч кимга! Менгаям ёрдам ортиқчалик қилмайди. Лекин бирон бир инсонга ҳали «сен менга ёрдам бер» деганим йўқ. Ўзим муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Чунки ҳамманинг ўз ташвиши ўзига етиб ортади.
Бизнесни энди бошладик. Ҳали бировга ёрдам берадиган аҳволда эмасмиз. Биринчи навбатда биз ёрдам беришимиз керак бўлган одам – ўзимиз! Ўзингизга ўзингизга ёрдам беринг!
Ишларингиз юришиб кетиб, пулларингиз кўпайса, ёрдам бераверинг! Ўшандаям, биринчи навбатда камхарж қариндошларга бева-бечораларга, етимларга, яккаю ёлғиз, қаровсиз қолган қарияларга ёрдам бериш керак. Ҳаммага ёрдам беравериш шарт эмас. Агар сиз ҳозир қўлингиздаги тўрт-беш сўм пулни ўнгга, чапга сарфласангиз, шартта «ўтириб» қоласиз. Кейин қайтиб яна шу аҳволга келгунингизга қадар йиллар ўтиб кетиши мумкин. Сизнинг кичик бизнесингиз тўхтаб қолади.
Бизнес бу маънавият эмас, моддий нарса. Бизнес билан саховатни аралаштирмаслик керак. Лекин инсон учун иккаласи ҳам керак. Худди одамдан жонни олиб ташласак, жасадга айланиб қолганидай, вужуд моддият бўлса, жон маънавият. Ажратсангиз бир тийинга қиммат! Қўшилса, ҳаракатга келиб, ҳаёт бўляпти.
ИШБИЛАРМОННИНГ ТОПАРМОНДАН, ТОПАРМОННИНГ ТУТАРМОНДАН ФАРҚИ
Комиллик қасрининг асосий учта таянч устуни бор. Булар: моддият, маърифат ва маънавият. Бу устунлар оиланинг, жамиятнинг пойдевори ва таянчи ҳисобланади.
Ишбилармон, ишнинг кўзини биладиган одамнинг топармон-тутармонлиги бу оила қўрғонининг оддий устунини мустаҳкамлайди. Шуни биз соддалаштириб «тирикчилик», «рўзғор» деймиз. Лекин ҳамма ҳам уларнинг фарқига боравермайди. Мутахассисликларимдан бири амалий руҳшунос бўлгани учун дунё бўйлаб хизмат сафарларида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилиб, ўзаро гаплашиб, фикр алмашиб тураман. Шундай қизиқ ҳангомалардан бирини сиз билан ўртоқлашмоқчиман.
«Ёши элликдан ошган эркак киши ҳозирда кира қилиб рўзғор тебратади. Атайлаб, салом-аликдан кейин ишбилармонлик ва бизнесдан гап очдим. Ўзлари бошлаб кетдилар: «Ука, ўн йил олдин менинг ишим зўр эди. Топишим ёмон эмасди. Қасрдай қилиб уй қурдим, машина олдим. Кейин нима бўлди-да, ишим юришмай қолди. Ўша пайтда биров: «Бир кун келиб шу одам киракашлик қилади» деса, нафақат ўзим, бошқалар ҳам, ҳатто душманим ҳам зинҳор ишонмаган бўларди. Мен шаҳарнинг энг бой одамларидан бири эдим», деди. Кейин мен у кишига ва тақдири шунга ўхшаган одамларга савол бераман. Нима сабабдан бу аҳволга келганини сўрайман. Елка қисиб «билмадим» деб жавоб берадилар. Ишбилармонликнинг, топармонликнинг тутармонликдан фарқини сўрайман. Айтиб бера олишмайди. Чунки ҳамма ҳам унинг фарқига боравермайди. Аслида ҳамма «фалокат», молиявий касодга учрашнинг сабаби шу. Уларга қараб «сиз топармон экансиз, тутармон эмас» дейман. Вақтида уддабуронлик қилган экансиз, дейман. Бўлмаса қийналиб ишлаб топган пулингизни даромад келтирмайдиган нарсаларга беҳуда сарфламаган бўлардингиз. Сиз пулга ишлабсиз дейман. Бу хато!
Топармонларнинг умумий хатоси дейилади. Топмаганга, яъни «дон»га шу хато қилиш ҳам насиб этмайди. Топармоннинг тутармондан фарқи қандай?
Тутармон олдин топади, шунинг учун уни тўлиқ номи «топармон-тутармон» бўлади. Бундай одам маблағини ўзига ишлайдиган соҳаларга уради, ишлатади. У пулнинг моҳиятини яхши билади. Пуллари у учун ишлаши, доим айланишини кераклигини англайди. У қурбига қараб дарҳол бирор бир дўконми, хизмат кўрсатиш шохобчасими ёки кичкина ишлаб чиқаришми, хуллас ўз ишини йўлга қўяди. Тутармон маблағи етса ҳам, дарров автомашина олиб, ғўдайиб юрмайди. Икки, уч қаватли қилиб уй қуриб, сўнг пулини тугатиб, икки қўлини бурнига тиқиб ўтирмайди.
Тутармон бу ҳақиқий ишбилармондир. Ишнинг кўзини билади ва қўлига тушган моддий бойликни ушлаб, тутиб қолади. Шунинг учун уни тутармон дейишади. У моҳияти жиҳатидан пилла қуртига ўхшайди. Очган кичик бизнеси унинг «пилла қурти». Қуртнинг ўраётган пилласи, соф даромади бўлади. Шунинг учун бундай одамлар ҳеч қачон хор бўлмайди. Улар ҳам яхши яшагиси, автомашина мингиси, уй қургиси келади. Лекин улар олдин тутармонликни, ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатиш турларини йўлга қўйиб қўяди. Кейин даромадининг бир қисмидан бемалол хоҳлаган нарсаларни олаверади.
Тутармонлар пулни ўзига «ишлатиш»ни яхши биладилар. Буни бошқача қилиб айтсак, топармон саҳрода сув излаб топиб, уйига бир идишда, пақирдами, кўзадами сув олиб келган одамга ўхшайди. Оила аъзолари сал вақт ўтмай, сувни ичиб қўяди. Топарман ҳар сафар пақирга қараб, тагида озгина сув қолибди, яна олиб келай деб, умри сув ташиш билан ўтиб кетади. Чарчаб қолади. Чунки узоқдан сув ташиш ҳар қандай одамни саргардон қилади. Мана нима сабабдан кейинчалик иши юришмай қолади.
Топармон-тутармон киши эса худди ҳовлидан қудуқ қазиб ёки нарироқдаги қазиб очган булоғидан қувурлар орқали уйига сув олиб келиб, яна кранлар ўрнатиб қўйган одамга ўхшайди. Қудуқ ёки булоқ, бу унинг кичик бизнеси бўлади. Бундай одамга бир марта қийин бўлади, холос. Аммо иши битганидан кейин умри бола-чақаси билан яйраб-яшнаб яшаш билан ўтади.
Мана бундай топармон-тутармонлар ҳақиқий тадбиркор ва ишбилармонлардир. Мана энди «сув» муаммоси ҳал бўлди, яъни моддият устуни қарор топди. Энди маърифат ва маънавият устунларини кучайтиришга астойдил бел боғлаб киришса бўлади. Шу асосий устунлар мавжуд бўлсагина, оила қўрғони мустаҳкам бўлиб, инсон комилликка эришади.