Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 16 страниц)
ТАНАФФУС
– Мен сираям толиққаним йўқ, – деди Игорь.
– Бу ерда толиқиш, чарчаш деган тушунчаларнинг ўзи йўқ, – деб жавоб берди яшил либосли дарвеш. Лекин вазиятни ўзгартириш, англаш доирасини кенгайтириш учун ҳам бироз танаффус қилиш дозим.
Игорь Илимга юзланди. Илим тасдиқ аломати билан бош силкиб, уни ташқарига имо қилди. Улар биргаликда ташқарига чиқишгач:
– Сенга ҳақиқий дўстинг ва душманинг ким эканини кўрсатайми? – дея қўққисдан савол бериб қолди Илим.
– Майли, – рози бўлди Игорь.
Улар даҳлиз бўйлаб анча юришгач, тепасига «Дўст» ва «Душман» деган лавҳалар осилган бир эшикка дуч келишди.
– Сен киравер, мен шу ерда қоламан, – деди Илим.
Оппоқ бир хонага кириши билан Игорнинг ўз рўпарасида турган бир йигитга кўзи тушди. Бу жуда-жуда таниш кимса эди.
– Салом! – деб юборди беихтиёр Игорь.
– Салом! – дея жавоб қайтарди йигит ҳам.
– Сен кимсан? – сўради Игорь.
– Наҳотки, танимаётган бўлсанг?
– Жуда танишга ўхшаб турибсан-у, лекин эслай олмаяпман, – деди Игорь.
– Ахир мен ўзингман-ку!
– Йўғ-е, мен бу хонага дўст ва душманим ким эканини билиш учун кирган эдим-ку.
– Ҳа, сен ўзингга ҳам дўст, ҳам душмансан. Бу сенинг ҳозиргача қилган, қилаётган ва келажакда қиладиган хаттиҳаракатинг, амалларингга боғлиқ. Агар бу амалларинг эзгуликка хизмат қилса, сен ўзингга дўстсан. Агар улар ёвузликка хизмат қилса, ўз-ўзингга душмансан. Одам чин дўстликни ҳам, қаттол ёвузликни ҳам ўзига ўзи қилиши мумкин.
– Қанақасига?
– Шунинг учунки, инсон худбинлик, ҳасад, жоҳил, кибру ҳаво, ҳою-ҳавас каби қусурлардан холи эмас. Ҳар бир инсон ўзига-ўзи холис баҳо бера олмайди, ўзини тўкис, етук, мукаммал деб билади. Афсуски, бу хато фикр. Одам ҳамиша ўзига четдан назар ташлаб, ҳар бир сўзи, ҳар бир хатти-ҳаракати, амалини таҳлил қилиб, виждон тарозисидан ўтказсагина, ўзига холис баҳо беришни ўрганиши мумкин. Аслида, ҳамма бу дунёда бир кўзгудир. Ҳурмат истасанг, бошқаларни ҳурмат қилишинг, меҳр-муҳаббат истасанг, ўзинг меҳр-муҳаббат кўрсатишинг, бошқаларни севишинг, ардоқлашинг лозим. Токи шу даражага етмасанг, қусурлар сени тарк этмайди. Дўст ҳам, душман ҳам ўз ичингдадир. Игорь оғир ўйга ботганича бир нуқтага тикилиб қолди. Сўнг бош эгиб эшикдан ташқари чиқди. Қаршисида турган Илимга тикилиб турса ҳам, уни кўрмас, Игорнинг юрагига бир ғулғула тушган, у ҳаётда қилган барча амалларини бир-бир кўз олдидан ўтказиб, уларни таҳлил қила бошлаган эди.
УСТМО МОСКВАДА
Энди гапни Устмодан эшитсак. У чилладан эсон-омон чиқиб олгач, устози Илимдан янги топшириқ олди. Бу топшириқ дунёвий илмларни ўзлаштириш эди. Уни бажариш учун Устмо ўз қобилиятини янада ривожлантириши, унинг янги қирраларини очиши лозим эди.
Дарвешлар тилида «турфатулайн» деган илм бўлиб, у замонавий тилда телепортация дейилади. Бу Усулни ўзлаштирган киши истаган вақтда истаган нуқтасига бора олади. Устмо дастлаб дўсти Игорни эслади. Устози машғулот пайти Игорнинг нусхасини Москвага, ўқишлари қолиб кетмаслиги учун уйига жўнатиб юборганини Устмо яхши биларди. Игорнинг асли ўзи эса юқорида кўриб ўтганимиздек, ўн икки дарвеш билан танишмоқда эди…
Игорь университетдан ўз уйига қайтаётган эди. Подъезди олдида дўсти Устмони кўриб ҳайратдан донг қотиб қолди.
– Ие, Устмомисан? Салом дўстим, – Игорь кенг қучоқ очиб Устмо томон юрди.
– Салом!
Иккаласи суюниб, қучоқлашиб кўришишди.
– Москвага сени қандай шамоллар учириб келди?
– Биласанми дўстим, сени қаттиқ соғиндим, – деди Устмо. – Ахир не-не оғир кунларни бирга ўтказмадик?
– Жудаям хурсандман. Хуш келибсан, қани юр, ичкарига кирамиз.
Иккаласи ичкарига киришди. Игорь меҳмонини ошхонага бошлаб борди-да, столга ўтқазиб, қаҳва дамлади.
– Хўш, гапир Устмо, дунёда қандай янгиликлар бор?
– Ҳаммаси ўзинг билганингдай.
– Москвага нима мақсад билан келиб қолдинг?
– Устозим Илим менга эндиликда дунёвий илмларни ўрганишимни топширди. Дунёдаги энг йирик кутубхоналарда бўлиб, инсоният тафаккури томонидан яратилган энг асосий билимларни ўзлаштириб олишимни буюрди. Шундай қилиб бу ёққа келавердим. Хўш, ўзингдан гапир. Ўқишларинг қандай кетяпти?
– Раҳмат, дўстим. Таътилга чиққан бўлсам-да, кейинги курсларда ўтиладиган материалларни ўзлаштиряпман. Домлалар билан келишиб қўйдим. Улар иккинчи курсдан тўртинчи курсгача бўлган барча имтиҳонларни бир йўла топширишимга розилик беришди. Шунинг учун бунга қаттиқ киришганман.
– Ҳиндистондан қайтгач, Москва ҳаётига кўникишинг қийин бўлмадими? – сўради Устмо. – Биласанми, Ҳиндистонда кўрганларим, дарвешлар илми, уларнинг имкониятлари ҳамон мени ҳайратга солади. Агар уларни ўз кўзим билан кўрмаганимда, ҳеч бирига ишонмасдим. Нега биз бу билимлардан бехабармиз? Шу савол ҳамиша қийнайди мени.
– Вақти-соати келади ҳали, – деди Устмо. – Яхшиси, менга айтчи, Игорь.университетда кутубхона борми?
– Албатта-да! Жуда ажойиб кутубхонамиз бор.
– Унда мени бошлаб бор у ерга.
– Бўпти. Бугунча дам ол. Эртага биргаликда кутубхонага борамиз.
КУТУБХОНА
Эрталаб биргаликда нонушта қилишди, қаҳва ичишди. Игорь кийиниб, бўйинбоғини тақди, сочларини силлиқ қилиб таради ва Устмога қараб:
– Қани кетдик, – деди. Игорь кутубхонага турфатулайн усулида борсак керак, деб ўйлаганди. Бироқ Устмо:
– Метрода борамиз, мен метрони умримда кўрмаганман, – деди.
Устмо ҳамма нарсага зўр қизиқиш билан тикилиб қолар, метро бекатларидаги нақшлар, чироқларга ҳавас билан боқар, одамларга қараб нуқул табассум қиларди.
– Метро дегани жудаям ажойиб нарса экан, ойда-йилда бир марта чиқиб туриш керак экан. Фақат одам жуда гавжум бўларкан, уларнинг фикрини ўқийман деб бошим арининг уясидек ғувуллаб кетди, – деди Устмо.
Улар кутубхонага ҳам етиб келишди. Устмо китобларни бир чеккадан даста-даста қилиб ола бошлади.
– Ҳозирча сенга ўқишинг учун уч-тўртта китоб етарли бўлса керак, – деди Игорь.
Устмо унга қараб хўмрайиб қўйди. «Ҳа, майли, – ичида ўйлади Игорь. – Китобларнинг муқовасини, ичидаги суратларини томоша қилмоқчидир-да».
Устмо эллик-олтмишта китобни олиб, стол устига қалаштириб ташлади. Игорь унга халақит бермаслик учун бошқа бир столга ўтириб, ўзига керакли китобларни мутолаа қилишга ва зарур ўринларини кўчириб олишга киришди.
Орадан жиндай фурсат ўтган ҳам эдики, ортдан Устмонинг:
– Игорь, менга ёрдамлашиб юбор, – деган овози эшитилди.
– Нимага? – ўгирилиб сўради Игорь.
– Китобларни жойига қўйишимиз керак.
– Нима, улар сенга ёқмадими?
– Ёқди. Яхши китоблар экан. Фақат мен уларни ўқиб тутатдим.
– Йўғ-е, бирпасда-я?
– Ҳа, ҳаммасини ўқиб, ўзлаштириб бўлдим.
Аввалига Игорь у ҳазиллашяпти, деб ўйлади.
Чунки бу китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиқиш учун наинки кунлар, балки ойлар керак бўларди. Шунда ҳам эрталабдан то кечқурунга қадар мутолаа қилинса.
Игорь қараса, Устмонинг гапи жиддий, китобларни устма-уст қўйганича тахлаб, иягига тираб, жойига қўйгани кўтариб кетяпти. Игорь ҳам қолган китобларни унинг ортидан кўтариб боришга мажбур бўлди.
Устмо ушбу китобларни топшириб, уларнинг ўрнига янги, ўқилмаган китобларни саралаб олди-да, кутубхоначи жувоннинг олдига қўйди. Жувоннинг кўзлари қинидан чиқиб кетгудай бўлди. «Бу ғалати муштарий жинни-пинни эмасмикан», дегандек Устмога тез-тез кўз қирини ташлаб қўярди. Лекин нима бўлганда ҳам у ҳеч нарса демай, бу китобларни Игорнинг номига расмийлаштириб берди.
Олинган юз элликтача китобни аравачага солиб (яхшиямки, кутубхонада аравача бор экан), ўз жойларига борар эканлар, Устмо Игорга қараб:
– У қанақа аёл ўзи? Одамга жуда ғалати қарайди-я? – деди.
– Сен янги бўлганинг учун танимаяпти, шекилли, парво қилмай қўяқол, – деди Игорь.
Лекин Игорнинг ўзидаги қизиқсиниш ҳам кутубхоначи жувонникидан кам эмасди.
Китобларни столга тахлаб чиқишгач, Игорь бир чеккада ўтириб Устмони кузата бошлади. Устмо бирон-бир китобни чаққонлик билан қўлга олар экан, атиги ўн сонияча ушлаб тургач, уни ёнига қўйиб, бошқа китобни қўлига олар, баъзан бирваракайига иккиучталаб китобни олар, ўн-ўн беш сония ушлаб тургач, уларни ҳам ўқилган китоблар қаторига қўйиб қўярди.
– Устмо, сен бу китобларнинг фақат муқовасини томоша қиляпсанми? – ажабланиб сўради Игорь.
– Муқоваси билан ҳам танишяпман, мазмуни билан ҳам, – деб жавоб берди Устмо.
– Ахир сен китобни ҳатто очиб ҳам қарамаяпсан-ку?
– Ким айтди сенга китоб ўқиш учун уни очиб қараш керак деб? – саволга савол билан жавоб қайтаради Устмо.
– Нима, сен уни очиб ўқимасдан мазмунини билиб оляпсанми?
– Албатта-да!
– Йўғ-е, ишонгим келмаяпти. Бу усулни менга ҳам ўргатсангчи!
– Нима, мактабда, дорилфунунда сизларга китоб ўқишни ўргатишмаганми? – астойдил ажабланди Устмо.
– Ўргатишган. Ҳатто болалар боғчасиданоқ ўргатишган. Лекин сенинг бу усулингда китоб ўқишни жаҳоннинг бирон-бир университетда билишмайди.
– Наҳотки?! Ундай бўлса, қани, менга яқинроқ ўтир-чи.
Игорь унга яқинроқ сурилди. Устмо бир неча китобни қўлида тутганича тушунтира кетди.
– Биласанми, дўстим, китоб ёзиш – дунёдаги энг машаққатли иш. Китоб ёзадиган одам уни фикрлар уммонидан, самовий билимлар хазинасидан олади. Бу билимлар ҳамма учун очиқ, лекин унга фақат ижод аҳли, чин юракдан интилган истеъдодларгина киришлари мумкин. Мен ҳар қандай китобни ҳам айтмаяпман. Истеъдодсизлик билан ёзилган, китобхоннинг савиясини тушириб юборадиган ёлғон китоблар ҳам қалашиб ётибди. Бироқ мазмуни чуқур, ҳақиқий истеъдод билан битилган китоблар ўзидан нур таратиб туради. Мен фақат ана шундай китобларнигина саралаб олдим.
– Бу нур қайдан пайдо бўлади?
– Ҳар бир муаллиф ўз фикрларини жамлаб, уларни тартиб билан қоғозга туширар экан, унинг ушбу фикр-мулоҳазалари, ҳистуйғулари сўз шаклида моддийлашиб, қўлёзмага сингийди. Шунингдек, ҳар бир қўлёзма муаллифнинг қалбини, феъл-атворини, хаёлларини, орзу-интилишларини акс эттириб туради. Сўнг бу қўлёзмаларни таҳририятларда ўқишади. У босмахонага топширилгач, юзлаб кишилар ўз меҳрларини қўшиб уни китобга айлантиришади.
Сен бирор китобни қўлга олишинг биланоқ ана шуларнинг ҳаммаси юрагингга оқиб киради. Бора-бора сен китоблардан нафақат уларда ёзилган билимларни, балки муаллиф билган қўшимча билимлардан, унинг кўнглида қолиб кетган гаплардан, ҳатто энг пинҳона сирлардан ҳам воқиф бўласан.
ИГОРНИНГ КИТОБНИ ОЧМАЙ ЎҚИШГА УРИНИШИ
Игорь ҳам худди Устмо каби қўлига бир китоб олиб, кўзини юмди-очди, унинг мазмунини билиб олишга роса уринди. Бироқ бундан ҳеч иш чиқмади.
Унинг асабийлаша бошлаганини кўрган Устмо: «Китобдаги ҳарфлар, сўзлар ҳақида мутлақо ўйлама. Дунёдаги ҳамма нарсани унутиб, бутун диққат-эътиборингни китобнинг моҳиятига қарат, ана шунда унинг мазмуни билан руҳиятингда чамбарчас бир алоқа вужудга келади. Тақир ер ёмғир томчисини тортиб олгани каби сенинг шууринг ҳам бирпасда|китоб мазмунини ўзига сингдириб олади», – деди.
Игорь бу машқни бир неча бор такрорлади. Дастлаб анча қийин бўлди. Лекин Устмо унинг бу усулини ўзлаштиришида руҳий таъсир кўрсатиб турди, шекилли, аста-секин Игорь китоб мазмунини ўзлаштира бошлади.
– Мен ҳам дастлаб ўқий олмаганман. Бироқ машқлар туфайли эплаб кетганман. Сен ҳам уч-тўрт кун, узоғи билан бир ҳафта ичида бу усулни ўзлаштириб оласан.
Шундан сўнг дўстлар кутубхонага тез-тез қатнайдиган бўлиб қолишди. Олган китобларини кўриб, кутубхоначи жувон ва уларга таниш бўлиб қолган муштарийлар бу иккисини жинни деб ўйлашар, бироқ бу беозор, илмга чанқоқ «жиннилар»ни хафа қилгилари келмасди.
– Гап кўп ўқишда эмас, ўқиганларингни ўзлаштириб олиб, ҳаётда ундан фойдаланишда, – дея гоҳ-гоҳ луқма ташлаб қўярди Устмо.
Игорь, худди Устмо айтганидек, бу усулда ўқишни пухта ўзлаштириб олди. Тез орада Игорнинг савияси, билим доираси кескин ошди. Домлалари ундан жуда хурсанд, шундай талабалари борлигидан фахрланиб қўйишарди.
МАСОФАДАН ГАПЛАШИШ УСУЛИ
Улар бир ой муттасил кутубхонага қатнадилар. Китобларни ўқиб тугатишгач, олимларнинг барча диссертация ва илмий ишларини ҳам ўқиб чиқишди.
Бир куни кутубхонадан қайтишаётганда қўққисдан Устмо йўлакда тўхтаб қолди-да, ўзи билан ўзи гаплаша бошлади. Бир оздан сўнг Игорга қараб:
– Илим сенга салом айтяпти, – дели.
Игорь аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Илим шу атрофдамикан, дегандай ён-верига олазарак қараб қўйди. Шу пайт унинг қулоқлари остида Илимнинг:
– Яхшимисан, Игорь, – деган овози жаранглади. Игорь тағин атрофга аланглаб, ҳеч кимни кўрмади ва «менга шундай туюлди, шекилли», дея йўлида давом этди.
Бироқ қулоқлари остида яна:
– Саломга алик олмаслик яхши эмас, – деган ўша таниш овоз эшитилди.
Игорь яна атрофга аланглади. «Жинни бўлиб қолмадиммикин?» дея бир оз хавотирга ҳам тушди.
– Қўрқма, сен соппа-соғсан. Ҳа, дарвоқе, айтишни унутибман. Бу – дарвешларнинг масофадан мулоқот қилиш усули. Ҳозир сен билан ана шундай мулоқот учун боғланиб турибман, – деган овози келди Илимнинг. Аслида буни овоз ҳам деб бўлмас, у Игорнинг миясига оқиб кираётган фикрлар оқими эди. Фақат Илим ҳазиллашибми ёки бошқа бир мақсаддами, бу мулоқотга овоз иштирокидаги моддий тус ҳам берган эди.
– Ҳозир қаердасиз? Мен билан қандай қилиб гаплашяпсиз, – ҳайрон бўлди Игорь. Ҳақ инсонга фавқулодда катта қобилиятлар ато этган. Лекин инсон улардан фойдаланиш даражасига ета олганича йўқ. Масофадан туриб гаплашиш ҳам ана шундай қобилиятлар сирасига киради. Тўғри, ҳозирги замон фани астасекин бу сирларни очиб бормоқда. Янги-янги асбоб-анжомлар ихтиро этиляпти. Лекин табиий мулоқотга нима етсин!
– Қизиқ, – деди Игорь. – Сиз билан гаплашяпману, оғзимда сўлак кўпайиб, ширин бир таъм пайдо бўляпти.
– Мен ҳозир Африкадаги Танзания давлатининг Доруссалом шаҳрида ҳолва еб ўтирибман. Менинг фикрларимнигина эмас, ишга тушган сўлак безларим ҳам сенинг таъм билиш тизимингга таъсир этмоқда. Лекин сен нима еяётганимга эмас, нима деяётганимга қизиққанинг яхшироқ. Хўш, мутолаани давом эттиряпсизларми?
– Албатта, – деб жавоб берди Игорь. – Битта кутубхонани ўқиб тугатдик, энди иккинчисига ўтмоқчимиз.
– Яшанглар! – деди Илим. – Мен шунчаки зерикканимдан эмас, балки сенда анча-мунча саволлар тўпланиб қолгандир, деб мулоқотга чиқдим. Чунки ҳар бир муаммони ўз пайтида ҳал қилиб бориш керак. Агар саволларинг бўлса, марҳамат.
– Сўрайдиган нарсаларим шунчалик кўпки… – деди Игорь.
БЕЛГИЛАР
– Мен кейинги пайтларда белги ва рамзларга, тушларга кўпроқ қизиқиб қоляпман. Айтинг-чи, бу белги ва рамзларнинг, тушларнинг моддий борлиқ билан, инсон тақдири билан бирон-бир алоқаси борми? – сўради Игорь.
– Албатта, – деб жавоб қилди Илим. – Тушдаги оқ, қора ва айниқса, яшил ранг яхшилик аломати, Тушда қизил рангли нарсаларни кўрсанг, эҳтиёт бўлишинг керак. Бу – огоҳлантириш белгиси.
Ўнгингда йўлингни кесиб ўтган ҳар бир жонзотни ҳурмат қил. Улар Яратганнинг махлуқлари. Баъзилар хурофий фикрларга бориб, йўлидан қора мушук чиқиб қолса, айланиб ўтишади ёки ортга қайтиб кетишади. Баъзан унга озор етказмоқчи ҳам бўлишади. Лекин зинҳор бундай қилмаслик керак. Йўлингни мушук, ит ёки бошқа бир жонивор кесиб ўтса, бу яхшилик аломатидир.
Бироқ шу нарса эсингда бўлсинки, тушингда йўлингни ит ёки мушук кесиб ўтишига асло йўл қўйма. Тушда бўлса ҳам уларни тилка-пора қилиб ташла.
Ўнгингда от минганинг яхшилигини ўзинг ҳам биласан. Отнинг инсон саломатлиги учун фойдали томонлари жуда кўп. Тушда от жиловидан тутиб юриш, агар биров сенга от келтириб берса, уни етаклаш ёки миниш яхшилик аломати. Бироқ тушда эгар-жабдуқсиз, яланғоч отни кўрсанг, дарҳол бева-бечораларга садақа қил.
Ўнгда эшак минишни кимлардир хуш кўрмаслиги мумкин, аммо тушда эшак миниш от минишдан ҳам афзал. Бу донишмандлик, давлат ва мартаба келишининг белгисидир. Шунингдек, тушда эшак миниш очилмаган имкониятларнинг очилиб кетишига ишора ҳамдир. Ана шундай тушдан сўнг сал ўтмай ишларинг юришиб кетади, орзу-армонларинг ушалади.
– Мен авваллари буни билмаган эканман, – деди Игорь.
– Ҳали аста-секин ҳаммасини билиб оласан, – деди Илим. – Ҳозирча эса шунинг ўзи кифоя. Ҳа, айтмоқчи, Устмога кўз-қулоқ бўлиб тур. У маънавий дунёда қудратли бўлиши мумкин, лекин моддий дунёда ҳали анча заифлиги бор. Бу сабоқларни у ҳали тўла ўзлаштирганича йўқ.
– Ҳеч хавотир олманг, мен ҳамиша ундан хабардорман, – деди Игорь.
– Хайр!
– Хайр.
ТАНАФФУСДАН КЕЙИН
Танаффус тугаб, ўн иккилик билан суҳбатлашаётган Игорь тағин уларнинг даврасига келиб қўшилди. Орага жиндай сукунат чўкди. Аввалига хонадаги барча деразалар баравар шуъла сочиб турарди. Сўнг аста-секин зангори шуъла кучайиб борди.
– Мен Хотиржамликман, – дея гап бошлади зангори либос кийиб олган дарвеш. – Агар кимда-ким юқорида айтилганларга амал қилса, Олам Мувозанатини сақлашга ўз ҳиссасини қўшса, мен унга хотиржамлик улашаман. Бундай киши ҳар турли ҳадиклардан, қўрқув ва ваҳималардан фориғ бўлади. Хотиржамлик энг улуғ неъматлардан биридир. Инсон ҳамиша ўзига, оиласига, қариндош-уруғларига, бутун дунёга хотиржамлик тилаши керак. Ана шундай кишиларгина эзгулик шарафига ноил бўлиб, бахтли ҳаёт кечиришади.
Сўз навбати қора либосли дарвешга келди. Шуълалар қўққисдан ғойиб бўлиб, хонани қоп-қора зулмат босди. Осмонда чақнаб турган юлдузлар аниқ-тиниқ кўриниб турарди. «Бу қандоқ бўлди? Воажаб!» ҳайратга тушди Игорь.
– Мен Азоб бўламан, – дея зулмат оғушидан овози янгради навбатдаги дарвешнинг. – Кимда-ким Олам Мувозанатини бузса, юрак амрига бўйсунмаса, унга ҳар хил азобларни соламан. Шунда ҳам у ёвуз ниятларидан қайтмаса, ичини ит тирнагудек бўлиб, ўзини ўзи еб битиради. Дунёда каззоблар, муттаҳамлар, порахўрлар, ашаддий жиноятчилар жуда кўп. Улар мени кўришмайди, шунинг учун ҳам ёвузлик қилишади. Мен эса уларни ҳар қандай зулмат оғушида ҳам шахмат доналаридек яққол кўриб тураман.
Қора либосли дарвеш Игорни ваҳимага солишни истамади, шекилли, гапини шу ерда қисқа қилди. Хона аста-секин ёришиб, зарғалдоқ тусга кирди.
– Мен Илим бўламан, биз сен билан тоғда танишиб олганмиз. Вазифам ҳам исмимга монанд. Дунёда жамики илмга чанқоқ, билим олишга ўч, тиришқоқ инсонларга турфа илмлар бераман. Жамиятнинг тараққиёти, кишиликнинг бахт-саодати илм туфайлидир. Тўғри, илм аҳли ҳамма жойда ҳам бир хилда қадр топавермайди. Лекин уларнинг фидойилиги мени хурсанд қилади. Дунёда жоҳилу нодонлар ҳам оз эмас. Баъзилар ҳаёт мазмунини илм ўрганишда эмас, бойлик орттиришда деб билади. Ҳар қандай нарсани сотиш ёки сотиб олиш мумкин, деб ўйлайди улар. Мен бундай кишилардан ҳазар қиламан.
Навбат пушти рангдаги либос кийган дарвешга келди. Атроф худди шафтоли гулидек ажойиб бир тус олди.
– Мен Баракаман, – дея ўзини таништирди ушбу дарвеш. – Кимда-ким ҳалол, пешана тери билан ризқ-рўз топса, унинг ризқини икки ҳисса кўпайтираман. Ўз касбидан, ҳунаридан фахр ланиб, қунт билан ишлаётганларнинг юрагига олам-олам сурур бахш этаман. Олам Мувозанатига ўз ҳиссасини қўшаётганларга барака ато этаман. Табиат мусаффолиги учун курашадиган, ер юзида тинчлик, барқарорлик учун ҳормай-толмай хизмат қиладиган, одамлар соғлиғи учун қайғурадиган, бошпанасизларга бошпана қурадиган, кийим-кечак тайёрлайдиган, ер ҳайдаб ризқ-рўз етиштирадиган касб эгаларига ҳурматим жуда зўр.
– Улар қут-барака кўришларидан ташқари мукофотга ҳам сазовор бўлишади, – дея қўшиб қўйди Мукофотловчи дарвеш.
– Лекин менинг ғанимларим ҳам оз эмас, – дея давом этди Барака исмли дарвеш. – Табиатни, атроф муҳитни булғовчилар, оммавий қирғин қуролларини кашф этувчилар ва уларни ишлаб чиқарувчилар, инсоният соғлиғига зарар етказадиган, уларнинг ирсиятини бузадиган турли-туман сунъий, кимёвий озиқ-овқат тайёрловчилар, гиёҳвандлик моддалари етиштирувчи ва уларни тарқатувчиларни кўргани кўзим йўқ.
– Мен уларнинг анчасини жазоладим, қолганлари ҳам ўз жазоларини олажак, – дея қўшиб қўйди Жазоловчи дарвеш.
Хонанинг пушти ранги аста-секин оппоқ ранг билан алмашинди.
– Мен Бахт Улашувчиман, – дея табассум қилди оппоқ либосли дарвеш. – Кимда-ким Олам Мувозанатига ўз ҳиссасини қўшса, унга бахт йўллайман. Бахт тушунчаси жуда кенг. Фақат моддий тўкис, фаровон, ҳеч нарсага эҳтиёж сезмай яшашнинг ўзи ҳали чин маънодаги бахт эмас. Инсониятнинг ёрқин келажаги йўлида риёзатлар чекиб, ўз умри ва саломатлигини аямаган, айни пайтда ўзини жуда бахтиёр деб ҳис этган зотларни кўп кўрганман.
Бундай инсонлар ўз фидойиликлари билан ҳар икқи дунё саодатига эришадилар.
Шундай қилиб, ўн икки дарвешнинг Игорь билан суҳбати ниҳоясига етди. Игорь ҳали улар билан тўйиб-тўйиб суҳбат қилишни, дунё сирларидан янада кўпроқ воқиф бўлишни истасада, бироқ ҳар бир киши ўз вазифасини бажариши лозимлигини у яхши тушунарди. Ахир ҳаёт дегани фақат суҳбатдан иборат эмас-ку! Тезроқ эзгулик йўлида бирон-бир иш, бирон-бир амал қилишга шошилиш керак. Агар бугун бирор эзгу амални қилмасанг, эртага улгуролмай қолишинг мумкин.
Дарвешлар бир-бирларига маъноли назар ташлаб, таҳсил ва янги вазифалар олиш вақти яқинлашганини, устозлари Хизр алайҳиссаломнинг ташриф вақти бўлганини айтишиб, Игорь билан хайрлашишди.
Игорнинг қалби таърифга сиғмайдиган сурур ва завқ-шавққа тўлган, ҳамма нарсага меҳр-муҳаббат кўзи билан боқар, бу чексиз оламда унинг ҳам ўз ўрни борлигидан ажиб бир бахтиёрлик туяр, кўзларидан дув-дув ёш қуйиларди.
Илим Игорнинг ёнига келиб, елкасига дўстона қўлини қўйди. Игорь ҳаяжон оғушида кўзларини юмди. Кўзларини такрор очганида ўзи ва Илимни Ҳиндистондаги ўша қоя олдида кўрди.
– Мана, менинг ҳам сенинг олдингдаги хизматим тугади, – деди Илим. – Шогирдим Устмони кечирганинг яхши бўлди. Бунинг учун ўзингга ҳам қанчалик савоблар текканини тасаввур қилолмайсан. Энди сенинг Москвадаги нусханг билан алоқангни тиклайман. Фақат Москвага қайтганингда ўз нусхангни кўриб, чўчиб кетмагин. Уни қаттиқ қучиб туриб: «Биз битта одаммиз, битта», десанг бас, битта вужудга айланасизлар. Кел, энди хайрлашайлик.
Шундай дея Илим кенг қучоқ очди. Игорь ҳам уни маҳкам қучоқлаб олди. У Илимга меҳр-муҳаббат изҳор қилмоқчи, кўпдан-кўп ташаккурлар айтгиси келар, лекин тили гапга айланмасди. Ҳаяжондан бўғзига нимадир тиқилиб, тағин кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлади.