Текст книги "Парвоз ёки интуицияни кодлаш"
Автор книги: Шухрат Суюндик
Жанр: Общая психология, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 16 страниц)
УЧРАШУВ
Игорь ғала-ғовурдан уйғониб кетди. Тонг отган, қаршисида икки нотаниш кимса турарди. Бирининг ёши олтмишдан ошган, ўрта бўйли, қотмадан келган, юзи қуёшдан қорайиб қолган киши эди. Эгнига оқ яхтак (оқ сурпдан тикилган узун кўйлак) ва шалвар, устидан узун, юпқа кулранг чопон кийиб олган, бошида оқ дўппи, бир қўлида ҳассаси, иккинчи қўлида тасбеҳ тутган, оёғига тахта сандал кийиб олган эди. Иккинчиси, чамаси йигирма тўрт ёшлардаги новча йигит бўлиб, унинг эгнида ҳам оқ яхтак, оқ шалвар, бошида оқ дўппи, ялангоёқ, сандалини қўлтиғига қистириб олган эди. Қўлида Игорникидан сал каттароқ чўкич ва чўқмор.
Нимагадир ёши каттароқ киши ёш йигитни беаёв сўкибуришар эди. Йигит қизарганча ерга қараб, елкасига тушаётган ҳасса зарбига парво ҳам қилмай, кўз ёш тўкиб, жим турарди. Игорь гап нимадалигини билиш учун уларга яқинлашди. Кекса киши унинг олдига келиб, худди айбидан хижолат чеккан каби нималарнидир бидиллай бошлади. Куйиб-пишиб сўзлашидан чолнинг кечирим сўраётганини билиш унча қийин эмас эди. Дабдурустдан чол инглиз тилида «кечирасан, ўғлим», деб қолди. Йигит ҳамон ерга тикилганича кўз ёш тўкиб турарди. Чол йигитни берига чақириб, кечирим сўра, деб буйруқ берди. Йигит ўзини Игорнинг оёқлари остига ташлаб, маҳкам қучоқлаб, ёлвориб кечирим сўрай бошлади.
Игорь нималар бўлаётганини ҳамон тушунмасди. Ушбу дақиқаларда у йўлга, шаҳарга отланаётганди. Бунинг учун Игорь пастга тушиши, Ҳиндистонни айланиши керак эди. Шунда ёши катта киши ўзини таништира кетди. Яна бир бор ўз номидан ва мана бу дангаса-ношуд шогирди номидан минг бора узр сўради.
– Ҳозир, ўғлим, гап нимада эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Менинг исмим Илим. Бу йигит эса шогирдим Устмо бўлади, – деди у. – Сен кавак қазиган мана шу жойдан, аслида, шогирдим Устмо чилла учун кавак кавлаши керак эди. Ўғлим яна бир бор бизни кечир. Ўн иккиликни таъминлаб туриш номзодлигига манави мунофиқ шогирдимни ўн етти йил тарбиялайман, зора, бу умидимизни оқласа. Бизнинг бу ерга келишимиздан мақсад шуки, шогирдим имтиҳон топшириши керак. Очиғини айтсам, у кавакни ўзи, ҳеч қандай жоду сеҳрдан фойдаланмаган ҳолда, ўз қўл кучи билан ўйиши керак эди. Сени узоқдан кўришим билан юрагим шув этиб кетди. Бу эси паст сенинг қўл меҳнатингдан фойдаланибди.
Игорнинг, «ахир бу бемаънилик, буни мен ўз хоҳишим билан қилдим», деган гапига Илим парво ҳам қилмай, гапида давом этди:
– Болам, энди сен ўчингни, қарзингни қайтариб олиш ҳуқуқига эгасан. Айт, буни нима қилай? Хоҳласанг, уни эшакка айлантириб қўяман, хоҳласанг юмронқозиққа, хоҳласанг илонга!
Игорь бу гаплардан ҳайрон қолган, қолаверса, бу гапларни чол унга айтишининг умуман ҳожати йўқ. Ҳар ҳолда кўнглимни кўтариш учун айтяпти, деб ўйлади.
«Булар муттаҳам ёки ўғрилар бўлса-чи! Ҳойнаҳой, мени хазина топди, тилло топди», деб гумон қилишяпти, деган хаёлга борди Игорь. Ахир у бундай воқеаларни кўп эшитган, арзимаган нарса учун одамни ўлдиришдан ҳам тоймайдиган кимсалар борлигини билар эди.
Игорь халтасини ерга қўйиб, оддий тошларни қўрмана қилиб шарақлатиб ерга тўкди. Улар бунга парво ҳам қилишмади. Игорь уларга бу оддий тош намуналари фақат илм-фан учун кераклигини куйиб-пишиб айтди.
– Талабаман, менда бойлик йўқ, – деб қўшиб ҳам қўйди.
Илим:
– Ўғлим, хоҳласанг, вақтни орқага қайтариб, бу хатони тўғрилаймиз. Ўн иккиликда бундай имконият мавжуд. Албатта, юқоридан рухсат олсак, буни бемалол амалга оширса бўлади, – деди. – Шунда бу машаққатли ишни, яъни қоя ўйишни бу гал шогирдим Устмо бажаради. Сен келиб хоҳлаганингча тошларингни териб олиб кетишинг мумкин. Қолаверса, сенинг ҳозиргача бажарган бу машаққатли меҳнатинг йўққа чиқади.
– Хўш, ўзинг айт, нима қиламиз, – деб унга ҳар иккаласи саволомуз тикилиб қолишди.
Игорь ҳеч нарсага тушунмай елка қисди. Шунда чол Устмога қараб, «трабо», «сраба», «краиворда» дея ҳассасини уни елкасига бир урди. Шунда Устмо Игорнинг кўз ўнгида эшакка айландиқолди.
Игорь бу чолни пири афсунгар бўлса керак деб ўйлади. Унинг бу амали фокус ёки гипноз деб ўзини ўзи тинчлантиришга ҳаракат қилди. Илим Унга юзланиб:
– Ўғлим, энди уни истаганча минишинг ёки эҳтиёжинг учун юк ташишинг мумкин, – деди.
Игорь Илимга:
– Раҳмат, менга эшак керакмас, мен зудлик билан пастга, шаҳарга кетишим лозим, – деб айтди.
Шунда Илим унинг ёнига келиб:
– Қаерга бормоқчисан? – деб сўради.
Игорь:
– Деҳ… – дейишига улгурмай, «кўзингни юм», деб елкасидан маҳкам қучди ва бирпасдан сўнг, «кўзингна оч», деди. Улар иккаласи Деҳлига бориб қолишганди. Игорь кўзларига ишонмасди. Телепортациями ёки яна фокусми бу. «Фокусчининг кучлисига учрадим», деб ўйлади у.
Бўлаётган ҳодисалар ақлга сиғмасди. Устмонинг эшакка айланиши, уларнинг Кашмир водийсидан Деҳлига келиб қолиши. Ахир буни қандай мантиқий изоҳлаш мумкин?
Игорнинг Илимга, унинг ким ва қандай қудратга эга эканлигига қизиқиши орта бошлаган бўлса ҳам, буни яшириб, шаҳарни айланиб ўтирмай, зудлик билан уйига тезроқ кетишни хоҳлаб қолди. Негадир у жуда қўрқа бошлаган эди.
Игорь одам билмаган номаълум нарсадан қаттиқ қўрқишини илк бора англаб етди. Лекин барибир Илимга, тўғрироғи, унинг кароматларига қаттиқ қизиқиш устунлик қилаётганди. Шунинг учун Игорь Илимдан ботиниб, баъзи нарсаларни сўрашга аҳд қилди.
– Айтинг-чи, бу қийин ишми?
– Нима? Телепортацияни сўраяпсанми?
– Ҳа! Узоқ масофани кўз очиб юмгунча босиб ўтишни.
– Нима десам экан, билганга бу жуда осон. Борлиқда ҳамма нарса зарралардан ташкил топган. Улар янада майда зарралардан ва ҳоказо. Шу жумладан, ўлчамлар ва улар ўртасидаги чегара ҳам.
Олам – бу мисоли жуда катта ғалвир. Тирқишини топиб, чиқиш жойини аниқ тасаввур қилсанг, бас, у ёғи ўз-ўзидан амалга ошади.
Игорь буни назарий жиҳатдан тушунишга ҳаракат қилиб кўрди, лекин бунинг қандай амалга оширилишини тасаввур ҳам қилолмади. Ахир буни ҳеч ким унга олдин ўргатмаган-да. Бунинг учун катта ишонч ва амалий тажриба керак. У Илимга: «Ҳа, тушундим» деб бош ирғаб қўя қолди. Чамаси, у Игорни тушунмаганлигини англади шекилли, шундай деб қўшиб қўйди:
– Сеҳргарликка яқинлашишни, тушунишни ва эгаллашни ягона мақсад қилиб олганларгина унга эриша оладилар.
Кейин Игорь:
– Устмо энди нима бўлади? – деб сўради.
Илим:
– Фақат енгиб ўтиладиган мусибатгина тезроқ бизга буюклик ва сеҳргарлик эшикларини оча олади, – деб жавоб берди. – Ҳеч ғам ема, у биринчи марта ҳайвонга айланаётгани йўқ. Бир оз ўтгач, ўзига келади. Ҳаддидан ошиб кетди-да ўзиям, – дея қўшиб қўйди.
– Кечирасиз, қандай қилиб одамни ҳайвонга айлантирасиз? Бу ҳақиқатми ёки кўзбойлоқчилик? Балки гипноздир?
– Йўқ-йўқ, сен айтаётганларингдан бирортаси ҳам эмас. Нима десам экан? Ҳа топдим, қаловини топсанг, қор ҳам ёнади. Майда ва ундан ҳам майда заррачаларнинг (Игорнинг тушунчаси бўйича молекула ва атомлар) қандай шаклда жойлашишининг унча аҳамияти йўқ. Шакл муҳиммас, моҳият муҳим. Шакл ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди. Махсус дуо мавжуд. Шу дуо уларнинг хоҳлаган шаклга киришига ёрдам беради. Юр, яхшиси шаҳарни айланамиз.
Улар Деҳлини маза қилиб айланишди. Ажойиб шаҳар экан. Одамлари турлича, антиқа. Деярли ҳаммаси хушчақчақ.
Игорнинг ҳисоби бўйича кун кеч бўлиши керак эди. Бироқ негадир ҳеч кеч кирмасди. Игорь Илимдан ким эканлигини сўради. У оддий қилиб: «Мен ўн иккиликнинг бириман», деб жавоб берди.
– Ўн иккилик дегани нима?
– Ҳали вақтимиз кўп. Кейинроқ билиб оласан, – деди Илим.
– Тўғрику-я, лекин вақт деган жаноб кутиб турмайди-да!
– Сабр қил, ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор, Шошганлар эса кўп нарсалардан бенасиб қолишади – деди танбеҳ бергандек Илим.
– Негадир ҳеч кеч кирмаяпти-я, – деди Игорь гапни бошқа ёққа буриб, – менинг назаримда, аллақачон оқшом тушиши керак эди.
– Оқшом дейсанми? – жилмайди Илим. – Биз шаҳарни заминий ўлчов билан икки кундан бери айланиб юрибмиз. Лекин бунга бир неча дақиқа кетди, холос.
Игорь буни тасаввур ҳам қила олмасди. У, чарчоқни сезмас, қорни очмаган, уят бўлса ҳам, ўқувчидан узр сўраб айтишимиз жоизки, ҳожатга ҳам чиққиси келмасди.
– Устмо ўн иккилик ва сенинг олдингда катта гуноҳ қилди, – деди ўйга чўмиб Илим. – Бу гуноҳини ювиш учун истаган нарсангни сўрашинг мумкин. Мен барчасини муҳайё қиламан.
Игорнинг кўп нарсаларга эҳтиёжи бор эди. Масалан, Москвага осонгина қайтиб боришни, ўқишни қисқа муддатда имтиёзли тугатиб диплом олишни, каттагина бойликка эга бўлишни, хусусий уйи, хорижий русумдаги қимматбаҳо машинаси бўлишини истар эди. Айниқса, «Ольга мени севадимийўқми?» деган савол кўпдан бери унинг юрагига ўт солиб, ўртаб келарди.
Тўсатдан Игорнинг миясига ажойиб бир фикр келди. У қоядаги кавакда Илим ва Устмо нима қилишини жуда-жуда билгиси келди. Нима кераги бор уларга бу кавакнинг? Ҳозир шу истак Игорь учун ҳамма нарсадан устун эди. Шу саволни бериш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Илим унинг миясидагини англаб етиб, жавоб берди:
– Шогирдимни озгина машқ қилдирмоқчиман, у олдинга ўтиши керак. Ёки юқори лавозимга… карьера… нима десам экан, ҳа топдим, янги босқичга қўтаришим керак.
Игорь, «қанақа машқ», дея оғзини очиб улгурмасидан, Илим соддагина қилиб «Зикр» деди.
– Зикр нима?
– Зикр асл манбани эслаш ва унга интилиш машқи. Кўпчилик ундан фақат диний мақсадда, фақат маънавий юксалиш учун фойдаланади, холос. Аслида зикр универсал, унинг имкониятлари ниҳоятда беқиёс. Зикр орқали тўртинчи ва кейинги ўлчамларга ўтиш мумкин. Ҳозир биз сен билан тўртинчи ўлчамдамиз. Бу ерда ҳамма нарса сал бошқача, агар қуёшнинг бошқа тарафдан чиқишини, атрофнинг бизга номаълум ранглар билан ўралганини ва вақтнинг деярли ўтмаслигини ҳисобга олинмаса, бизнинг оламдан ҳеч фарқи йўқ.
– Мана, масалан, кўзингни каттароқ очиб қара, – дея Илим икки қўлини олдинга узатган эди, аввал панжалари, сўнг билаклари елкасигача ғойиб бўлди. Гўё у қўлларини қандайдир кўринмас бир парда ортига узатгандек эди. Бу пардадан эса ёрқин мовий шуъла таралиб турарди. У парда ортидан иккита музқаймоқ олиб чиқиб, биттасини Игорга берди, иккинчисини ўзи иштаҳа билан ер экан, сўзида давом этди:
– Бу музқаймоқларнинг эгаси – кўзойнак тақиб юрадиган бир кимса. Ҳатто чўмилаётганида ҳам кўзойнагини ечмайди. У эртага ваннада ювина туриб, сирғалиб кетиб кўзойнагини синдириши керак эди. Ҳозир мен унинг ана шу хатосини ўчирдим.
Унинг текинга бир жуфт музқаймоқ егани Игорнинг кўнглини бир оз хижил қилди. Илим дарҳол унинг бу фикрини ўқиб:
– Сен хижолат бўлма. Мен пешона терим билан топган пулимдан тўламай туриб, ҳеч нарса ола билмайман, бунга ҳаққим йўқ, – деди.
Илим нафақат Игорнинг ҳозиргина хаёлидан кечган саволларига, балки кейинроқ туғилиши мумкин бўлган саволларига ҳам аниқ жавоб берар, бундай ҳолларда ҳар гал у:
– Биз мувозанатни бузишга эмас, уни сақлашга хизмат қиламиз, – деб қўярди.
– Ҳаммадан ҳам вақтнинг чўзилгани зўр иш бўлди-да, – дея кўнглидан ўтказди Игорь.
– Илим, айтинг-чи, овқат емасликнинг ҳам иложи борми? – деб сўради у.
– Ҳа, албатта. Фақат бунга аввал бир ой, кейин олти ой, кейин эса бир йил машқ қилиш орқали эришилади. Бу энг осон усуллардан бўлиб, ота-боболаримиз жуда яхши билишган. Фақат вақт ўтиб кишилар буни унутиб юборишган. Эсингда бўлсинки, инсон фақат оғзи билан овқатланмайди. Бурни, қўл-оёқлари, териси, хуллас, бутун вужуди билан озиқланади. Бироқ аксар кишилар фойдали нарсаларни ейишдан кўра, мазали нарсаларни бўкиб ейишни афзал кўради. Натижада уларнинг бу мечкайлиги овқатсиз яшаш, тўғрироғи, ҳаводан, қуёшдан, бутун борлиқдан вужуд учун зарур унсурларни қабул қилиб олиш тизимини издан чиқаради. Овқатсиз яшаш машқларини устозсиз, ўзбошимчалик билан бажариш ҳаёт учун хавфлидир. Буни асло унутма!
Игорь ўз қулоқларига ишонмас, унинг миясида нуқул «нимага?», «нима учун?», «қандай қилиб?» қабилидаги саволлар чарх урар, бироқ бу саволларнинг бирортасига жавоб йўқ эди.
СЎЗСИЗ МУЛОҚОТ
– Агар истасанг, мен сенга вақтни беҳуда сарфламаслик учун сўзсиз мулоқот қилишни ўргатиб қўяман. – деди Илим, – сенинг вақтинг тиғиз бўлгани учун бу усул асқотиб қолиши мумкин.
Игорь розилик аломати ила бош силкиди. Ахир ўз вақтини тежалишини ким ҳам истамайди дейсиз.
Илим унинг ёнига келиб, ўнг қўлининг шаҳодат бармоғини Игорнинг қаншарига қўйиб, бироз босиб турди. Игорнинг қаншари қизиб, аллақандай оғриқ пайдо бўлди. Илим бирпасдан сўнг бармоғини олар экан:
– Мана бўлди, – деди. – Энди ичингда ниманидир ўйлашинг, истаган саволни хаёлдан ўтказишинг мумкин. Мен ҳам сенга хаёлан жавоб бераман.
– Мен қачон оғзим билан эмас, вужудим билан овқатланишим мумкин? – деган саволни ўйлади Игорь.
– Бунга ҳали анча бор, – дея хаёлан жавоб берди ўз навбатида Илим.
– Хўш, Устмо яна ўз ҳолига қайтадими? – деб сўради Игорь.
– Албатта – деб ғойибона жавоб берди Илим. – Фақат аввал у ўз гуноҳини ювиши керак
Бу усулдаги суҳбат оғзаки суҳбатдан кўра анча яхши, яхши ҳам гапми, зўр, аъло! Бунда ортиқча нарсалар, товушлар ҳалақит бермайди. Агар инсон битта сўзни талаффуз қилиши учун етмиш иккита мушак ҳаракатланишини ҳисобга олинса, бу усулнинг афзаллиги яна бир бор аён бўлади. Қизиғи бу йўсиндаги суҳбатда бирваракайига бир неча савол бериш ҳам мумкин экан. Жавоб ҳам шунга яраша бўлади. Айниқса, оломон орасида, одамлар тиғиз жойларда, бу суҳбат жуда қўл келади.
Атрофдагилар сизни эшитмайди, сирларингиздан воқиф бўлишмайди. Мўъжизанинг ўзи!
Тез орада улар ўртасидаги суҳбат қизиб кетди. Игорь тағин зикр, ўн иккилик ҳақида сўради. Зикрнинг қандай машқ эканлиги, қанча давом этиши, бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш лозимлиги билан қизиқди.
Илим унинг барча саволларига шошилмасдан, дона-дона қилиб жавоб берарди. Лекин барибир Игорь бу жавобларнинг моҳиятини тўлалигича англаб етмас, қисман тушунар эди, холос. Чунки унинг миясида кўплаб саволлар бир-бирига гал бермасдан чунон ғужғон ўйнардики, унинг ҳали бу усулга кўникиб улгурмаган шуури ушбу жавобларни тўлиқ ҳазм эта олмасди. Лекин аста-секин бу савол-жавоблар бир-бирини тўлдириб, ҳар бир масалага ойдинлик кирита бошлади.
Игорнинг қорни очмаган бўлса-да, Илим уни кафега олиб кириб, роса меҳмон қилди.
– Ҳеч бўлмаса, ҳинд миллий таомларининг таъмини тотиб кўришинг керак. Юртингга қайтганингда тамшаниб юрасан, – дея ҳазиллашиб қўйди у.
Дастурхонга олдинига катта ликопчада ичига гуруч жойлаб пиширилган капча илон ва унинг шўрваси тортилди. Илон гўштини колбаса каби бўлакларга бўлиб, роса иштаҳа билан ейишди. Шўрваси ҳам жуда мазали экан. Кейин косада қовурилган чигиртка, кичкина ликопчаларда аллақандай тропик ўтлар, зираворлар ва денгиз ўтларидан қилинган, қалампирдан аямай қўшилган салатлар, ҳинд нони – чепати келтирилди. Овқатдан сўнг хушбўй, мазали ҳинд чойидан ичишди. Чойхўрлик асносида Илим Игорга чойларнинг турлари, навлари, қаерлардан ва қай усулда йиғиб олиниши, қандай тайёрланиши, ҳатто чой дамлаш сирларигача эринмай сўзлаб берди. Игорь табиатда қора чойнинг учрамаслигини, у кўк чойни қовуриш орқали олинишини билиб олди.
– Мен кўк чойни жуда яхши кўраман, – деди Илим. – Сен эса иссиқ пайтларда кўк чой, совуқ кунларда қора чой ичганинг маъқул.
Овқатланиб бўлишгач, Игорь чўнтагини кавлаётганди, бироқ Илим бунга йўл қўймай, овқат ҳақини ўзи тўлади.
Кафедан чиқишгач, бироз жим кетишди. Сўнг Илим, бу гал овоз чиқариб, унга уқтира бошлади:
– Сенинг ҳозирча мен билан овоз чиқариб гаплашиб турганинг маъқул. Чунки мен, асосан, шогирдим Устмо билан сўзсиз мулоқот қилишим лозим. Қолаверса, бунга одатланиб қолсанг, уйингга қайтгач, ўзингга суҳбатдош топа олмай қийналасан. Бунинг устига йиллаб табиий усулда сўзлашмай қўйсанг, товуш пайчаларинг, жағ мушакларинг заифлашиб қолиши мумкин. Сўзсиз мулоқот қиладиганлар учун махсус мимика машқлари мавжуд. Вақти келиб буларни ҳам ўрганиб олишинг мумкин.
– Шунчалик ажойиб мўъжизаларга гувоҳ бўлиб турибманки, худди туш кўраётганга ўхшайман, – деди Игорь.
– Бу ҳали шунчаки оддий мўъжизалар, – деди Илим. – Шунақанги мўъжизалар борки, уларни кўрсанг, эсинг оғиб қолиши мумкин.
– Йўғ-е, ростданми?
– Ҳа. Масалан, мен ўз нусхаларимни кўпайтира оламан.
– Яъни… Қандай?.. – гарангсиб сўради Игорь.
– Ҳозир мен… Нима десам экан… Саккиз нусхадаман. Яъни, менинг бир ўзим саккизтаман. Ахир ёлғиз ўзим ҳаммасига улгуролмайман-да! Бунинг Устига, ҳозир сенинг ўрнингни боса оладиган ишончли одамни ҳам топиш мушкул. Тўғри, одамлар аслида ҳалоллик, эзгулик учун яратилган. Бироқ нафс, кибру ҳаво, ҳасад уларни йўлдан уради. Ўзинг эса ўзингни алдамайсан. Алдаганингда ҳам, баъзан мустасно ҳолларда шунақаси ҳам буладики, ўзингни ўзинг алдай бошлайсан, лекин шуниси яхшики буни ўзинг билиб, ҳис этиб турасан.
Битта нусхам Ҳиндистоннинг жануби-шарқи қисмидаги Тамилиад штатида гуруч етиштиради. Яна битта нусхам Цейлон оролида чой етиштиради, шунинг учун чой ҳақидаги маълумотларни яхши биламан. Қолганлари ҳам бекор юрмайди, ҳар бири зарур бир юмуш билан банд.
Нусхаларимнинг ҳаммаси тенг мавқеда туради, улар орасида биринчи-иккинчи даражали деган жавоблар йўқ. Буни сен тўртинчи ўлчов нима эканлигини тушунганингдан сўнг тўлиқ англаб етасан. Ҳозирча бу сенга оғирлик қилади. Бу анча билим ва тажрибани талаб қиладиган масала. Ҳа, айтмоқчи, ҳалигача сенинг исмингни сўраш эсимга келмабди. Номинг нима ўзи?
– Игорь.
– Қаерликсан?
– Россияликман. Москва шаҳридан.
– Ўҳ-ҳў! Жуда зўр-ку. Нега унда русча гаплашмайсан?
– Сиз рус тилини биласизми?
– Албатта. Мен бир юз тўқсон саккизта тилни биламан. Рус тилини жуда яхши кўраман. Шунинг учун мен билан русча гаплашавер. Сўзсиз мулоқот учун эса тилнинг аҳамияти йўқ. Сен қайси тилда фикрласанг ҳам, менинг шуурим уни худди таржима каби, ҳатто таржимадан ҳам аниқ, бенуқсон қабул қилиб олади.
Илим рус тилида аниқ-тиниқ, дона-дона қилиб, ҳар бир урғуни ўз ўрнига қўйганича равон гапириб Игорни қойил қолдирди. Сўнг бир оз хаёл суриб туриб, аввалги мавзуга қайтди:
– Шогирдим Устмонинг гуноҳини кечир, Игорь, – деди у. – Ўзиям роса таъзирини еб юрибди. Бундан сўнг зинҳор ўйламасдан бир иш қилмайди.
– Мен унинг қандай гуноҳ қилганини ҳеч тушуна олмаяпман, – деди ҳайрон бўлиб Игорь. – Майли сизнингча бўла қолсин. Шогирдингиз ўша кавакни кавлайверсин. Бироқ менга сал нарироқда унинг ишини кузатиб туришгами ёки унга ёрдам беришгами, розилик қилинг.
Аввалига Илим:
– Йўқ, бу асло мумкин эмас! – дея иккала оёғини тираб туриб олди. Бироқ Игорнинг кайфияти тушиб кетганини кўриб, узоқ сукутдан сўнг бу таклифга кўнди.
– Майли, мен вазиятни ҳисобга олиб рози бўляпман, – деди у. – Йўқса, ўлсам ҳам рози бўлмасдим.
Шундан сўнг Илим Игорга кўзини юмиб туришни буюрди. Игорь кўзларини юмди. Илим унинг елкасидан чангаллаб олган эди, Игорь ўз вужудида аллақандай бир енгилликни, вазнсизликни ҳис этди.
– Энди кўзингни оч, – деди киприк қоққанчалик вақт ўтарўтмас Илим.
Игорь кўзларини очди. Улар тағин ўша тоғда, Устмонинг ёнида пайдо бўлишган эди. Роса икки кун айланиб келишган бўлсалар ҳам, орадан бор-йўғи беш дақиқа ўтган эди, холос.
Устмо бир чеккада хижолат тортибгина турарди. Унинг бу аҳволини кўрган Игорь Илимга:
– Мен Устмони кечирдим, энди сиз ҳам кечира қолинг, – деди ўтинчли бир оҳангда.
– Йўқ, бунга ҳали эрта, – деди Илим совуққина қилиб. – Қачон кечиришни мен ўзим биламан. Сизлар эса, яхшиси булоққа бориб, идишларни сувга тўлдириб келинглар.
– Менинг ўзим ғир этиб бориб кела қоламан, – деди Игорь.
– Йўқ, бирга борасизлар! Борганда ҳам сен Устмонинг устига миниб бориб келасан. Мабодо эшакка минишдан ор қилаётган бўлсанг, Устмони отга айлантириб қўйишим мумкин, – деди Илим.
– Йўғ-е… Менга барибир, – дея довдираб қолган Игорь эшакка, тўғрироғи, эшак қиёфасидаги Устмонинг устига сакраб минган эди, «эшак» булоқ томон йўрғалаб кетди.
Йўлда Устмо ўзи қилган ишидан қаттиқ афсусда эканини, туну-кун пушаймон еяётганини айтиб, Игордан астойдил кечирим сўради.
Сув олиб қайтгунларича бир-бирлари билан яхшилаб танишиб олишди. Устмо кўнгли очиқ, яхши йигит экан, қайтиб келишгач, Устмо иккаласи қоядаги конуссимон хона юзасини яхшилаб текислашга тушдилар. Ҳатто деворларни ҳам яхшилаб силлиқлаш зарур эмиш.
– Тўртинчи ўлчамга ўтиш арафасида руҳнинг танадан чиқиши содир бўлади. Агар шунда ҳушёр бўлмасанг, бошингни қиррадор тошларга уриб ёриб олишинг, ҳатто ҳалок ҳам бўлишинг мумкин. Шу боис, деворлар ва кавакнинг ости қанча силлиқ бўлса, шунча яхши, – деди Илим.
Игорь ва Устмо кавак ичига, деворларига сув сепиб, тош ва чанглардан обдон тозаладилар. Игорь ҳамон туш кўраётганга ўхшар, нималар бўлаётганини туб-тубигача англаб ета олмас эди. Қандайдир бир сеҳргар ва унинг шогирди билан (кейинчалик билса, улар дарвешлар тоифасига мансуб эканлар) тоғ-тошларда юрганини англаб турар, лекин уларнинг амалга ошираётган ишлари Игорнинг тасаввурига зўрлик қиларди.
Устмо туёқлари билан хона деворларидаги, пастдаги қиррадор тошларни шу қадар ажойиб қилиб силлиқлар эдики, ҳатто тош йўнадиган асбоблар ҳам бу қадар силлиқлай олмасди. Игорь унга ачинишни ҳам, ажабланишини ҳам билмасди. Ахир бундай вазиятга илк бор тушиб туриши-да. Ноқулай томони шунда эдики, Игорь ўзини қандай тутишни билмас, гоҳ Илимга, гоҳ Устмога тез-тез кўз қирини ташлаб қўярди.
Кечга бориб хона тайёр бўлди. Игорь Устмони миниб тағин булоқдан сув олиб келди. Йўлда Устмодан хижолат бўлиб:
– Оғайни, устингдан тушиб, яёв юра қолай, – деди.
– Йўқ-йўқ, зинҳор бундай кила кўрма, устимга миниб юрсанг, менга енгил бўлади. Биласанми, мени илгари ҳам бир неча бор каламушга, хўрозга, ҳўкизга айлантиришган. Аммо эшакка биринчи бор айлантирилишим. Бу тажриба ўзимга ҳам ёқди. Ҳозирча устозим ёрдам бериб турибди. Бора-бора ўзим мустақил равишда истаган жонзот қиёфасига кира оламан. Бу тажриба турли-туман синовлардан ўтиши лозим. Шунинг учун ҳам бунга тўсқинлик қилмаслигинг, аксинча, ёрдам беришинг керак, – деди Устмо.
– Ғалати бўларкан-да, – деди тағин ҳижолат тортиб Игорь. – Ахир сен эрта бир кун асл ҳолингга қайтасан, мен қайси кўз билан юзингга қарайман?
Сув олиб қайтгунча уларнинг вақтлари роса мўл эди. Шунинг учун ҳам йўл бўйи мириқиб суҳбатлашишди.
– Бир нарсани ҳеч тушуна олмаяпман, – деди Игорь. – Айтчи, Устмо, Илимнинг айтганлари ростми, гуноҳинг шу қадар оғирми?
– Э, нимасини айтай, уятдан ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам… Бу ерга сени мен олиб келганман… Йўқ, сени ўзинг келгансан, лекин бунга сабабчи мен бўлганман…
– Қанақасига?
– Гап шундаки, фикрий қувватим бу қадар кучли эканини, жуда тез моддийлашишини билмаган эканман. Устозим Илим ҳамиша менга, «ўйлашдан олдин ўйлаб кўр», дер эдилар. Мен буни шунчаки сафсата деб тушунибман. Хуллас, мана шу қоядаги ўша кавакни ўйиш аслида менинг зиммамдаги вазифа эди. Мен эса қояга тикилиб туриб, «қани энди кимдир ўрнимга шу кавакни кавлаб қўйса», деган фикрни хаёлдан ўтказдим, холос. Бор-йўқ гуноҳим шу. Сени мажбурлаш хаёлимга ҳам келмаган. Бунинг устига, сени авваллари кўрган бўлмасам, танимасам. Қолган гаплар ўзингга аён…
Қўққисдан Игорнинг хаёлига ялт этиб бир фикр келди.
– Ҳа, энди эсимга тушди, – деди қошларини чимириб Игорь. – Москвада бир рассомнинг зикрга тушаётган дарвешлар ҳақидаги суратини кўриб қолган эдим. Шундан сунг қулоқларимга шабада, аллақандай товушларни олиб келган эди. Ўша товуш соҳиби сен экансан-да?
– Мени кечир, Игорь, – деди Устмо хижолат тортиб.
– Оғайни, аввало мен бу сирни шу ерга келгач, англаб етдим. Қолаверса, сени аллақачон кечирганман. Аммо сирасрорларингизга жуда қизиқиб қолдим. Уларни менга ҳам ўргатсангчи. Ваъда бериб айтаманки, қуюшқондан чиқиб кетмайман.
– Бажонидил, – деб жавоб берди Устмо. – Лекин бунинг учун устозимдан рухсат олишим лозим. Йўқса, у тағин мени ҳар кўйга солади. Умуман, эшак бўлиш ёмонмаску-я, лекин бир умр шу ҳолда қолиб кетгим келмайди-да!
Бир-бирига қараб роса мириқиб кулдилар. Ҳали ўзининг қиладиган ишлари жуда кўп эканлигини Игорь энди англаб етди. Мана, у нега бундай жазирамада бошқа ҳамма нарсани унутиб, қоя кавлаб юрибди. Демак, Устмо буни бор-йўғи шунчаки хаёлидан ўтказгани учун Игорь шу кўйларга тушган экан-да!
Шу пайт қўққисдан Игорнинг хаёлига даҳшатли бир фикр келди. Агар бундай сеҳрли қобилият соҳиблари ўз хаёллари, истак-майлларини жиловлай олмай, ёвузликлар қилиб инсониятга зарар етказишса нима бўлади?
– Ҳа бунисидан қўрқмай қўяқол, – деди унинг фикрларини ўқиб турган Устмо. – Бунақанги даҳшатли, ёвуз фикрларнинг моддийлашувидан ҳимоя қилувчи махсус нарса мавжуд.
– Устмо, ўн иккилик дегани нима? – дея Игорь ўзини анчадан бери безовта қилиб юрган саволни берди.
– Ҳим… Нима десам экан? Улар – ўн икки киши. Тўғрироғи, танланган ўн иккита дарвеш.
– Ўша дарвешлар ҳақида менга батафсилроқ сўзлаб берсангчи, – илтимос қилди Игорь.
– Бундан ортиғини айтиб бера олмайман. Яхшиси, улар ҳақида устозим Илимдан сўра. Зора, у сенга бу дарвешлар ҳақида муфассал гапириб берса.
Ана шундай суҳбатлар билан манзилга ҳам етиб келишди. Игорь Устмонинг устидан сакраб ерга тушди-да, унга миннатдорлик билдирди. Булоқлардан олиб келган муздек сувларини Илимнинг ўзи кавак ичига киритиб қўйди.
Учаласи анчагача суҳбатлашиб ўтиришди. Сўнг Илим:
– Бас, етар, энди дам олайлик, – деди.
Игорь ўзини қандайдир мустаҳкам бир ҳимоя қобиғи ўраб олгандек, вужудини эса осмонларда қуш каби учиб юргандек ҳис этарди. У елим тўшагига ҳаво тўлдириб, ўзига жой ҳозирлади-да, устига камзулини ёпиб, дарҳол уйқуга кетди.
Тонгда эшакнинг қаттиқ ҳанграшидан уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, унинг қаршисида асл ҳолига – одам қиёфасига айланган Устмо турарди. Қаттиқ суюниб кетган Игорь уни қучоқлаб олиб пешонасидан ўпди. Устмо асл қиёфасига қайтса ҳам, ҳазиллашиб Игорни уйғотиш учун эшак бўлиб ҳанграган экан.
– Хўш, жазо муддати тугадими? – деб сўради Игорь.
– Йўқ, жазо ҳали-бери тугамайди, – деди Устмо. – Фақат тўғри, адолатли берилган жазо кутилган натижага эришишни тезлаштиради. Ҳозир эса менинг машққа, амалиётга ўтиш муддатим етиб келди. Жазонинг қолганини кейинроқ ўтайман.
Улар тағин булоқ томон югуриб кетишди. Булоқдан отилиб чиқаётган муздек сув ариқ ҳосил қилиб, пастга қараб шарқираб оқиб ётарди. Баҳорда келган селлар ариқ қирғоғининг баъзи жойларида анча чуқур камарлар ҳосил қилганди. Улар ана шу камарларнинг бирида роса мириқиб чўмилишди. Сўнг кийим-бошларини ариқ сувида ювиб, чайиб, силкита-силкита тошлар устига ёйиб қўйишди. Кийимлари бирпасда қуриб қолди. Идишларини булоқ сувидан тўлдириб, кийинишиб ортга қайтишди.
Қоя ёнига етиб келишганида Илим кавак ичида нималарнидир пичирлаб ўқиб ўтирарди. Кун исиб кетган, ҳаво айланмагани учун кавакнинг ичи тандирдек қизиб кетган эди.
– Бундай жазирамада кавакнинг нима кераги бор? – дея Игорь дуосини ўқиб бўлган Илимдан сўради.
– Бу кавак тозалик, поклик учун кавланди, деб изоҳ берди Илим. Қояда кавланган кавак энг тоза жой ҳисобланади. Чунки минг-минг йиллардан бери ерда покизароқ жойнинг ўзи қолмаган. Бизга эса ҳеч ким яшамаган, булғамаган, жанг-жадаллар бўлиб, қонлар тўкилмаган жой керак. Қояда ковланган янги кавак эса худди ана шундай покиза, энергетик жиҳатдан ҳам қулай жой.
– Бунинг билмаган нарсаси йўқ, шекилли. Замонавий илмлардан ҳам анча ўзиб кетганга ўхшайди, – дея хаёлидан ўтказди Игорь.
– Ҳа, шунақа, – деди ҳам ўзининг юқоридаги гапларини давом эттиргандек, ҳам Игорнинг ҳаёлидан кечган саволга жавоб бергандек жилмайиб Илим.
– Қойил! Демак, машқ учун ўта покиза жой лозим экан-да, – хаёлидан ўтказди Игор.
– Ҳа, худди шундоқ! – дея хаёлан унга жавоб қайтарди Илим.
– Яна сўзсиз мулоқотми? – кулиб юборди Игорь.
– Бунинг ҳам ўзига яраша афзал томонлари бор, – деди Илим оғзаки сўзлашув тилида. – Оддий сўзлашув тилида товуш пайчалари ҳосил қилган ҳаво тўлқини эшитувчининг қулоқ супралари, ўрта қулоқдан ўтиб, сўнг чиғаноққа, ички қулоқ пардасига урилади. Қулоқ эшитган бу товуш тўлқинларини мия кодлайди, яъни хотирада сақланаётган товушларни айни эшитилаётган товушларга таққослаб, ундан кераклисини саралаб олади. Шу тариқа эшитувчининг миясида айни товушларнинг, сўзларнинг муқобил шакли намоён бўлади. Ҳаёлан гаплашишда эса фикр тўғридан-тўғри миянинг кодлаш бўлимига боради, яъни эшитувчининг миясига товуш эмас, фикр узатилади. Бунда масофанинг аҳамияти йўқ.
– Буни ўзлаштириб олиш қийин кечмайдими? – сўради Игорь.
– Бошида бир оз қийин бўлади, – деди Илим.
Аммо бора-бора кўникиб кетасан. Фақат бунинг учун бошловчи шогирд ўта покиза жойда бўлиши лозим. Ана шундагина у тўртинчи ва ундан кейинги ўлчамларни ҳис этиши мумкин. Бунда, аввало ўлчамлар билан яқиндан танишиб, уларни яхшилаб ўрганиб чиқиш зарур. Муттасил машқларни ҳам тўхтатмаслик керак. Шунда орқага, яъни инсонларнинг уч ўлчамли оламига қайтиш ёки олдинга – тўртинчи, бешинчи ўлчамли оламларга ўтиш осон кечади. Нопок жойларда машқ қилинса, чавандоз қуюқ туманда адашиб қолгани каби, инсон ҳам ўлчамлар чорраҳасида адашиб қолиши мумкин.