Текст книги "Тожмаҳал"
Автор книги: Узбектош Киличбек
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Кармени кўйлагининг этагини ёриб, у, ерга яшириб қўйилган қўрғошинни олиб шиша бокалга термилиб ўтиради. Бутун фикру хаёли фол очиш билан банд. ХОСЕИТО кирганини пайқамайди. У гоҳ, бир бўлак қўрғошинни олиб ғамгинлик билан у ёқ-буёғини айлантириб кўрарди, гоҳо аллақандай сеҳргарликка оид қўшиқни хиргойи қиларди.
ХОСЕИТО (тиз чўкиб) Кармен, сиз мен билан ке тасизми?
Камрен ўрнидан туради, бошига рўмолини ёпинади.
ХОСЕИТО : Хўш, шундай қилиб, Карменим, сен мен билан бирга, битта оила бўлишни истайсан-а?
Кармен: Мен ўлгунимча сен билан бирга бўламану лекин сен билан яшамайман. Мени шу ерда ўлдирасанми? Ҳа, шу ердами? (У рўмолини бошидан олади ва оёқлари остига ташлаб, икки қўлини биқинига тирайди-да, тик боқиб тураверади.) Муддаоинг мени ўлдириш, буни биламан. Тақдир шундай экан, лекин сенга бўйсунмайман.
ХОСЕИТО: Сендан ўтиниб сўрайман, эс-ҳушингни йиғ. Гапимга қулоқ сол! Ўтган ишга салавот. Аммо ўзинг ҳам яхши биласанки, сен мени нобуд қилдинг; сени деб ўгри бўлдим, қотил бўлдим. Кармен! Карменжоним! Кел, сени халос этай, сен билан бирга ўзим ҳам халос бўлай. Оила қурайлик.
Кармен: Хосеито, сен мендан қўлимдан келмайдиган нарсани талаб қиляпсан. Мен сени ортиқ севмайман; сен бўлсанг, ҳали ҳам севасан, шунинг учун ўлдирмоқчисан. Мен сенга яна ёлғон гапиришим мумкин эди, лекин ундай қилишга эриняпман. Орамиз очиқ. Менинг эрим бўлганинг учун мени ўлдиришга ҳақинг бор, лекин Кармен ҳамиша эркин бўлади. Лўли бўлиб туғилган экан, лўли бўлиб ўлади.
ХОСЕИТО: Демак сен Лукас пикадорни севасанми?
Кармен: Ҳа, сени севганим сингари уни ҳам бир дақиқагагина севгандим; эҳтимолки, уни сендан кўра камроқ севгандим, энди мен ҳеч кимни севмайман, бир маҳалда сени севганим учун эса, ўзимдан нафратланаман.
ХОСЕИТО (унинг оёғига йиқилади. Қўлларидан тутиб, уларни кўз ёшлари билан ювади.) :Бирга кечирган бахтиёр онларимизни эсла. Агар хоҳласанг қароқчи бўлиб қоламан.
Кармен: Мен сени яна севолмайман. Сен билан яшашни эса истамайман!
ХОСЕИТО ғазаби жўш уриб кетади. Шартта пичоқни суғуриб, намойишкорона яқинлашади.
ХОСЕИТО: Сўнгги марта айтаман! Мен билан қоласанми?
Кармен: Йўқ! Йўқ! Йўқ!
Ажнабийдан олиб, совға қилинган узукни бармоғидан суғуриб олиб, буталар орасига улоқтириб юборади.
ХОСЕИТО Карменга икки марта пичоқ уради. Иккинчи марта пичоқ урилганда, Кармен ҳиқ этмай йиқилади. ХОСЕИТОга тикилиб туради.
Кармен: Кошки ўрмонга кўмилсам…
ХОСЕИТО узукни анча ахтариб, алоҳа топади. Узукни мурданинг ёнига қўяди. Хосеито хўнграб йиғлайди. Юқоридаги қора тўр унинг устига тушади. Икки соқчи келади. Парда тушади.
ПАРДА
26 март, 2017 йил
Таржимон: Р. Комилов (1967 йил)
СОВЧИЛАР
Бир пардали комедия
ҚАТНАШЧИЛАР:
ОЙЗОДА АЯ – оила бошлиғи, 55 ёшли кайвони аёл.
УМИДА – оиланинг кенжа қизи, ёши ўттизга бориб қолган, ҳамшира.
СУЛТОН – Умиданинг тоғаси, эллик ёшларда, замонавий кийинган, ўзига яраша бой. Ўзини яхши статистикачи деб санайди. Лекин статистика ҳақида ҳеч қанақа китоб, газета ўқиган эмас. Ўйлаганлари унинг-чун статистика.
ТОХИР – Зумраднинг эри, мақолнавис, бозордаги бизнесмен.
ЎҒИЛОЙ – оилада ўртанча қиз, ўғил бола характерли, шаддод жувон.
ИХТИЁР – Ўғилойнинг эри, лақаби "Шоиржон-шеърчи", таксичи.
ЭЛЁР – ўта ҳазилкаш бўйдоқ йигит, ёши ўттиз бешда.
ПОШШОХОН – қўшни хотин. Укасининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр.
ЗУМРАД – қўшни аёл, иримчи.
ҲУШЁРБЕК – Зумраднинг ўғли, ўзини ўта ақлли ҳисоблайдиган бўйдоқ.
ШАХСИДДИН – ўзини қори деб эълон қилган, аслида қидирувдаги жиноятчи.
ЎРОЗБЕК – Саломатнинг укаси, собиқ маҳбус, 40 ёшли, чандиқ юзли тепакал.
Қўни-қўшнилар.
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Маҳалла гузари. Карнайдан оқсоқолнинг овози эшитилади.
Овоз: Ҳой, маҳалла аҳли, ҳамма сайлга! Келинглар, сайл бошланди.
Халқ сайлига марҳамат.
Саҳна четидан Ойзода ая бозорхалта кўтарган ўртанча қизи Ўғилой, куёвлари билан келади.
ЎҒИЛОЙ: Ойи, шу ҳашари бизсиз ўтмайдими? Келишимиз шартмиди?
ОЙЗОДА АЯ: Элдан айрилган эллик йил йиғлар деган гап бор. Маҳаллада байрамга тайёргарлик бўлаётган экан, қатнашишимиз шарт, болам, шарт.
ТОХИР: Ҳашаргамас, ойи, очиғини айтаверинг, разведкага боряпсизку. Кичкина қизингизга куёв топгани кетяпмиз. Манави божамниям, эсингизда бўлса, ҳосил байрамида илинтиргансиз.
ИХТИЁР: Нима мен сизга балиқмидим, илинадиган? Мен акуламан.
ОЙЗОДА АЯ: Ўв, балиқ. Ўв, қурумсоқ балиқ, шунақа қурумсоқлигингизни билганимда, икки дунё қармоқ ташлаб қизимни ҳўрак қилмасдим.
УҒИЛОЙ: Бўпти, ойи яна бошламанг. Ундан кўра Умидангизни ғамини енг, махаллада юролмайдиган бўлиб қолдик, ахир ёши ўттизга чиқди. "Фақат дипломлига эрга тегаман" деб юрмаганда, аллақачон неварали бўларди.
ИХТИЁР: Эварали бўларди, денг!
ТОХИР: Ҳа, чеварали бўларди!..
УҒИЛОЙ: Сизларга қуруқ гап бўлса… Бундай эркакка ўхшаб тузукроқ фикр айтсаларинг-чи… Синглимнинг тақдирини ҳам ҳазил қиласизларми?..
ТОХИР: Сенга эркакча фикр керакми, а? Ундай бўлса, эшит… Димоғдор қиз эрга ёлчимас, деган гап бор! Ўттизга чиқиб ўтириб қолган қизни…
ЎҒИЛОЙ: Менинг синглим ҳеч қанақа ўтириб қолмаган!
ОЙЗОДА АЯ: Ҳа, тикка туриб қолган, ўша арзанда синглинг! Бўлдими? Қўй, гапирсин. Дарров томоғидан оласан, а? Тавба!
ИХТИЁР: Майли, синглимизни… яъни ўша ўттиз ёшли ҳамшира қизни ё хотини ўлган бевага узатиш керак…
ТОХИР: Ё унга бир бобойни топиш керак…
ОЙЗОДА АЯ: Бойроқ бўлса, унданам яхши…. Икки-уч йил оёғини уқалаб юрса, катта бойликка эга чиқади.
ЎҒИЛОЙ: Ойи! Яна бошладингизми шу гапни. Умида мана шундай қари қиз булиб қолиб қолишига, кечирасиз-у ойижон, узингиз сабабчи. Кимнинг қорни катта-ю чўнтаги кенг бўлса, ўшангга кенжатой-эркатой Умидамизни узатамиз дедингиз, пули бўлсин, мансаби бўлсин, давлати бўлсин дедингиз, мана оқибати.
ИХТИЁР: Ха, туппа-тўғри, ана гўрковни ўғли Шухратни совчиларини хам қувиб солдингиз.
ОЙЗОДА АЯ: (Жеркиб) Бўпти-бўпти. (Бироздан кейин) Вақтида, эшигимиздан совчилар аримасди. Бирини чўлоқ, бирини бўталоқ деб вақт ҳам ўтди. Энди унинг кўнгилчасига қарамаймиз. Куёвларим!
ТОХИР ва ИХТИЁР : (Бир овозда) Лаббай ойижон
ОЙЗОДА АЯ: Сизларга топшириқ: менга қишлоқданми – шаҳарданми; ёшми – қарими, озғинми-семизми, калтами – узунми, оддийми – жиддийми, ТОХИР: Танишми – билишми, тоғликми –боғликми, соқовми – моховми…
ОЙЗОДА АЯ: Малчать! Сиз кимдан рухсат сураб аралашяпсиз?
ИХТИЁР: Ха, сиз кимдан сураб аралашяп…
ОЙЗОДА АЯ: Стоп! Қисқаси куёв топинглар… Энди танлаш йўқ… Шартта биттасига узатамиз қўямиз. Тушунарлими?
КУЁВЛАР: Худди шундай!
Гузар ҳовлиси одамлар билан гавжум. Кимдир ўчоққа ўтин қалаяпти, кимдир қозонга кафгир солган, кимнингдир қўлида супурги. Саломатхон, Зумрад уларга пешвоз чиқади.
ЗУМРАД: Ҳой, қўшнижон, келмайсизларми?
САЛОМАТХОН: (ОЙЗОДА аяга) Ҳа, келинг-келинг. (Зумрадга) Ҳм, жонимлаб қопсизми, қачондан? Кечагина ит-мушук бўлиб юрувдингизку?
ОЙЗОДА АЯ: Ҳорманглар, қўшнилар. Эрталабдан кўзим учаётганди, шунга эканда!?
Аёллар кўришадилар. Келганлар ишга шўнғиб кетишади. Зумрад Саломатхонни имлаб четга бошлайди.
САЛОМАТХОН: Қалай, жон қўшнингиз қизини етаклаб келмаптими?
ЗУМРАД: Қўйинг, номи ўчсин ўшани… Ўша қариқизи бехосият. Холис ният билан бошлаган ишимизга унинг қўли тегса, қизларимизга ҳам касри уради.
САЛОМАТХОН: Тавба, тавба деб гапиринг. Худо сақласин.
Оқ халат кийган Ҳушёрбек югуриб киради.
ХУШЁРБЕК: Ойи, ойи эшитдингизми?
ЗУМРАД: Нимани жон болам?
ХУШЁРБЕК: Филдай келадиган, тўртта отни кўтарадиган, хўкизга ўхшаган иномаркада қариқизни чучқадай тоғаси чет элдан келибди.
САЛОМАТХОН: Вой, Султонбойми? Қани?
ХУШЁРБЕК: Ана, сомонхона. .. э, гузар ичкарисига кириб кетди.
ЗУМРАД: Ха, Францияга кетган бизнесмен укаси келдими?
ХУШЁРБЕК: Ха, жуда бақувват бўлиб келган шекилли.
Карнайдан СУЛТОН ва ОЙЗОДА АЯнинг овози бутун гузарга эшитилади. Хамма ишидан тухтаб қулоқ солади.
СУЛТОН: Шундай бўлишига ким айбдор, биласизми? Сиз! Иккинчи навбатда мен – қурумсоқ тоғаси айбдор! Статистика маълумотларига қараганда, тўқсон фоиз сепли қизлар ўз вақтида эрга чиқиб кетаркан. Э, опа, сепда гап кўп!!! Шунинг учун, (У сумкасидан калитлар шодасини олиб шиқирлатади.) манави машинани Умиданинг сепига бермоқчиман. Ўшанда кўрасиз, совчиларнинг ёғилиб келишини! (Қўшнилар қилт этмай эшитишади) ОЙЗОДА АЯ: (Ишонқирамай) Нима, жиянингга ростдан ҳам машина совға қилмоқчимисан?
СУЛТОН: Э, опажон агар куёв жентелмен бўлса, икки қаватли уйимни ҳам бервораман. Нима қиламан, учта уйни – меросхўрим бўлмаса!
ОЙЗОДА: Вой, рахмат укажон. Умрингдан барака топ! (овоз учади)
Хамма саросимада ғимирлаб қолишади
ХУШЁРБЕК: Ойи, тушунмадим нима деди?
ЗУМРАДХОН: Хой довдир, жиянига машина ва шахардан квартира берди.
ХУШЁРБЕК: Бу нима дегани?
ЗУМРАДХОН: Бу, отни қамчилаш керак дегани!
ХУШЁРБЕК: Қайси отни?
ЗУМРАДХОН: Ландовур, темирни қизиғида бос дегани.
ХУШЁРБЕК: Қайси темирни?
ЗУМРАДХОН: Хой овсар, сен кимга тортгансан билмайман? Срочно совчиликка бориш керак дегани?
ХУШЁРБЕК: Кимга совчиликка?
ЗУМРАДХОН: (асабий)Катта холангга!
ХУШЁРБЕК: Ойи, катта холам эрга текканку?!
ЗУМРАДХОН: Вой куйдирги, сепи мил-мил Умиданикига совчиликка.
ХУШЁРБЕК: Ие узингиз унинг тили захар дердингизку?
ЗУМРАДХОН: Эй болам, ишинг тушганда эшакниям тога дейсан. Куп гап эшакка юк, қани юр, олдимга туш, отни қамчилаш керак. (чиқиб кетади)
ХУШЁРБЕК: (ортидан) Қайси отни, қайси эшакни?! Ойи…
Тохир Ихтиёрнинг бир қўли билан елкасидан ушлаб бир четга бошлайди.
ТОХИР: Битта яхши фикр бор. Агар шу фикр амалга ошса, машинанинг ярим пули бизники бўлади!
ИХТИЁР: Йўғ-э, осон экан-да?
ТОХИР: Буни менга қўйиб беринг. Маҳалламизнинг имоми бор. Самарқанднинг қайсидир мадрасасидан келган. Чала битган уйида бир ўзи яшайди. Қоп-қора соқолини айтмаса, анча ёш… Сиз қатори-да! Фақат Худони деган: мол-дунёга ўч эмас. Бориб айтамиз: сизга хотин топдик, келин тарафни рози қилиш, тўй харажатлари – биздан деймиз.
ИХТИЁР: Сиз Умидани унга узатамиз демоқчимисиз?
ТОХИР: Ҳа-да! Имомга ўзимиз совчилик қиламиз деймиз. Биз кампирни рози қилсак, уёғи – бир қадам! Мен бошлайман. Сиз қўшилиб ёнимни оласиз.
ИХТИЁР: Қандай бўларкин?
ТОХИР: Қанддай бўлади. Мошинани иккимиз бўлишиб оламиз.Ҳозир биласиз-ку, “иномаркалар” қиммат. Ярмиям йигирмадан ошади-да!!!
ИХТИЁР: Вой-бў!!! Бунга сенинг имоминг рози бўлармикан?
ТОХИР: Э, у машинани шундоқ ҳам берворади. Айтдим-ку, пулга қизиқмайди деб. Унинг устига, биз унга хизматини қиладиган икки оёқлиииии… мошина олиб беряпмиз-ку!!! Қолаверса кампирни ўзи куёв топинглар деб топшириқ бердику.
ИХТИЁР: Тўғрику-я, лекин мен ойижонимдан қурқаяпман, агар бу машмашани, биз мошина учун қилаётганимизни билиб қолсалар, синдирадилар.
ТОХИР: Нимани мошинаними?
ИХТИЁР: Бизни, божа…
ТОХИР: Э шу кампирни нимасидан қўрқасиз, унинг бир оёғи ерда бир оёғи гўрда булса. Сиз мана мендан ўрнак олинг. Энг мухими сиз қизини қўлга олинг. Мана мени хотиним – гахх десам қулимга қўнади. Мен хотинимдан қўрқмайман!
(Ичкаридан Уғилой) ОВОЗ: Дадаси!
ТОХИР: Лекин хотиним хам мендан қўрқмайдида.
ИХТИЁР: Ана кўрдизми? Кобра шунчалик бўлса, анакондадан нимани кутиш керак?
ТОХИР: Эй божа, сиз хавотир олманг, фақат сиз мени гапларимни тасдиқлаб, нима десам хам “тўппа тўғри ” – деб турсангиз бўлди, ишимиз беш бўлади.
(Ичкаридан яна Уғилой) ОВОЗИ: Дадаси!… Хой дадаси…
ТОХИР: (ичкарига) Хозир, ойижониси. (ИХТИЁРга) Эх божа, қачонгача мана бундай ичкуёв бўлиб яшаймиз, бизам харакатимизни қилиб алохида яшайлик, уйли жойли бўлайлик! Бундай зўр имкониятни қўлдан бой бермаслик керак, божа! Хўш, нима дейсиз, розимисиз?
Ихтиёр беихтиёр бош чайқаб қўл ташлайди.
ТОХИР: Яшанг! Умрингизда биринчи марта эркакча иш қилдингиз.
(Ичкаридан яна Ўғилонинг ОВОЗИ: Дадаси, нима қулоғингиз том битганми?
ТОХИР: Боряпман. Бўлмаса, келишиб олайлик, божаси, мен мачитга бориб сўпи куёвни бизнес-режамизга рози қилиб келаман. Ҳали эрталабгача ялинсам керак у қайсарга… Сиз машинамизни қўриқлаб туринг. Ҳозир маҳаллада иссиқ-совуқчилар кўпайиб кетган. Дуо ўқиб машинамизнинг кўнглини ўзига қаратиб олмасин тағин.
Ихтиёр. Машинадаям кўнгил бўларканда?
Тохир. Э, машинада кўнгил бўлсинда! Ўзингиз михдай, кўзингиз мошдай турсин. Манави супургини олинг. Тонг саҳар биринчи бўлиб дарвозанинг тагини супуриб қўйинг. Совчилик ирими шунақа. Эрталаб сўпикуёвбола билан келамиз. Кўртовуққа ўхшаб ухлаб қолманг, тешиб кетиши мумкина! Бўпти, кетдим.
Ихтиёр бир четда чор атрофни диққатлик билан кузатиб туради. Саҳна қоронғилашади.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Дарвоза яқинига қўйилган нарвондан қора шарпа қўлида шам билан эҳтиёткорлик билан тушади. Ихтиёр уни кўриб ҳушёр тортади.
Ихтиёр. Ё, алҳазар, келди. Алҳамдилулло, алҳамдилулло, алҳамдилулло. Астағфурулло, астағфурулло, астағфурулло. Куф-суф! Инсмисан, жинсмисан, куф-суф!
Ихтиёр супургини шарпага тўғирлайди.
Ихтиёр. Т-т-т-т… тўхта! Мен билан хазиллашма, мен жахон чемпиониман, қора белбоғ сохибиман – шашка бўйича.
Шарпа бироз қотиб қолади. Сўнг Ихтиёр чапга юрса, шарпа ҳам чапга, ўнгга юрса, шарпа ҳам ўнгга юради. Секин-аста Ихтиёрга яқинлашади.
Ихтиёр. Яқинлашма! Отаман! Отаман, дедим! Мана… мана, отдим! Пақ!
Ихтиёрнинг ўзи ерга йиқилиб додлайди
ИХТИЁР: Вой-дод… қутқаринглар, ким бор?! Шайтон, иблис йуқол кўзимдан, кет… даф бўл!
Шу пайт Султон, Ойзода ая югуриб чиқишади.
ОЙЗОДА АЯ: Ха, тинчликми?
СУЛТОН: Нима гап?
ИХТИЁР: Арвох, шайтон!
ОЙЗОДА АЯ: Вой ўлай, нима бу?
Ўғилой тез-тез сальто отиб келиб шарпага ташланади. Шарпа чап беради. Ўғилой чапдастлик билан шарпанинг қора ёпинчиғини тортиб олади. Шарпа қўлида сумкаси бор Умида эди.
ОЙЗОДА АЯ. Умида!? Бу нима қилиқ?
Ихтиёр. Э, ҳазилинг қурсин. Поччангдан айрилиб қолишингга сал қолдия! (Ёқасини тишлаб)
СУЛТОН. Уф, нима сасиди?
Ихтиёр оёқлари орасини очиб юради.
Ўғилой. Ҳа, почча, қаёққа?
Ихтиёр. Формани алмаштириб келай.
ОЙЗОДА АЯ: Ха, ярим тунда қаерга отландилар?
УМИДА: Кетаман!
ОЙЗОДА АЯ: Қаерга кетмоқчисан, ер ютгур. Тоғажониси олтиндан бахт ясаб берса-ю, бу киши кетармиш!
УМИДА: Мен бу олтин қафасда бир дақиқа хам яшолмайман.
СУЛТОН: Статистика маълумотларига қараганда, cовчилар – асаларига ўхшайди. Асаларилар ҳамма гулга ҳам қўнавермайди, танлаб-танлаб ширали гулга қўнади. Совчилар ҳам худди шундай: сайлаб-сайлаб сепли қизнинг уйига қўнишади!
УМИДА: Қўйсангизчи, бу статистика эмас, сиз ўзингиз тўқиган сафсата! Шундай деб ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам овутмоқчи бўласиз…
СУЛТОН: Жиян, ўзингмисан, мен сени танимай қолдим.
УМИДА. Менам сизни танимай қолдим, тоға! Мен билган тоғам қизнинг сепи учун машина бериб, бировларнинг тақдирини ўйин қилмасди.
ИХТИЁР шимининг камарини тузатиб киради.
ИХТИЁР: Вой-воей, вой-воей… намунча нозланмасанг, агар мен сенинг ўрнингда бўлганимда, бундай сеп учун уч марта эрга тегишга ҳам рози бўлардим.
ОЙЗОДА АЯ: Бундай сеп хар кимга хам насиб қилавермайди!
УМИДА: Энди одамлар гапирмайдими: ўтириб қолган қизини машинаси билан узатмоқчи, бўлмаса эр олмайди-да деб?! Эндиги совчилар менгамас, сиз бермоқчи бўлган металлга хуштор бўлиб келишади. Бошингиздан қолсин ўша матохингиз!
Султон. Ие?! Совға берсак хам ёмонмизми?
УМИДА: Совға билан садақанинг фарқи бор?!
ЎҒИЛОЙ: Хой сингилжон, шунча пайт эркалик қилдингиз етар. Махаллада бош кўтариб юролмай қолдик, ахир. Ёки бирор дардинг борми, а?! Охирги пайтларда қадам ташлашинг бошқача, шўр бодринг егиси келадими-ей, кечалари ойга термулиб чиқадими-ей, тинчликми?!
УМИДА: (Аламзадалик билан) Опа, бу нима деганингиз?! (Йиғлайди) Нега мени тушунмайсизлар? Мениям ўз орзуларим бор, мени қадрлайдиган, суянчиқ бўладиган, ишонадиган вафоли ёр бўлишини истайман. Мени ўз қаричингиз…
ОЙЗОДА АЯ: Хой қиз, сенинг шу тилинг ёмон-да!!! Мана шунинг учун, ёнингга биров яқин келгани қўрқади. Қутурган отдай, ёнингдан келса тишлаб, ортингдан келса тепасан. Тоғангга рахмат айтиш ўрнига, гапирадиган гапингни қара.
СУЛТОН: Қизим, нима қилсам хам сенга яхши бўлсин дедим. Мана мен, умр буйи бойлик кетидан қувдим, натижада нимага эришдим? Хаётимни сунгги пиллапоясида тушундимки: инсоннинг бойлиги унинг молу дунёсида эмас, ундан қолган зурриёдида экан, оила муқаддас даргох. Қариганда менга ўхшаб ҳассага эмас, фарзандига суяниш ҳар бир инсонга насиб этсин. Мана бу ҳақиқий давлат, бахт!
УМИДА. Алмисоқдан қолиб кетган фалсафангизни менга уқтираман деб хомтама бўлманг, овора бўласиз! Мен рози бўлмайман. Кетаман, дедимми, кетаман. Яшагани қўймадинглар, кетгани қўйинглар.
Умида чиқиб кетмоқчи бўлади. Ўғилой унинг қўлидан ушла олади.
ЎҒИЛОЙ: Қани, уйга кирчи!? Ё қўлингга манави билакузукни тақиб қўяйми? (Темир кишанни кўрсатиб) Э, сендақа…
Ўғилой синглисининг устидан дарвозани қулфлайди.
ИХТИЁР. Қўяверинг, ойижон, бузоқнинг югургани сомонхонагача!
ОЙЗОДА АЯ. Нима, ким бузоқ?
ЎҒИЛОЙ. Бу билан ойимни сигир демоқчимисиз?
СУЛТОН. Ҳали мен сенга ҳўкиз бўлдимми?
Улар Ихтиёрни ўраб олишади. Саҳна қоронғилашади.
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Беморлар кийимидаги Элёр киради. Дераза тагига келади.
ЭЛЁР: Умида Ортиқовна. Умидахон… Умида, Уми…
УМИДА: Ким у?
ЭЛЁР: Уйим-жойим, болам-чақам дейдиган йигитлар бор. Кеб қолинг, оп қолинг.
УМИДА: Ким? Вой, жиннимисиз, уйимга нега келдиз?
ЭЛЁР: Ха, жинниман, соғ бўлганимда остонангизга бош уриб келармидим?
УМИДА: Оббо, яна эски тос, эски хаммом. Мен сизга айтадиганимни айтганман. Йўқ, йўқ ва яна йўқ!
ЭЛЁР: Хўп, хуп, хуп. Лекин хаммом янгиланди.
УМИДА: Масхарабозлик қилманг, хозир юрагимга қил хам сиғмайди.
ЭЛЁР: Нима бунча қайсарсиз, Уми?
УМИДА: Борим шу, менга қаранг мен сиз билан гап сотиб ўтиришга вақтим хам йўқ, холим хам йўқ. Ўзимнинг дардим ўзимга етарли, кетинг.
ЭЛЁР: Дардингизни дармон бўлай, юрагингизни менга очиб сочинг.
УМИДА: Бошимни оғритмай, туёғингизни шиқиллатинг.
ЭЛЁР: Хеч бўлмаса, уколимни қилиб қўйинг, сизни келишингизни кутиб, хеч кимга урдирмадим. Барибир хеч ким сиздай уролмайдида, сиз зўр урасизда! Силлиқина!
УМИДА: (Зарда билан) Кетинг, йўқолинг (Умида йиғлаб юборади, Элёр қўлтиғидан тарвузи тушган одамдай қайрилиб кетмоқчи бўлаганида) Э, шошманг, шошманг… Сиз хам тоғам ваъда қилган машинани эшитиб, суякдан қуруқ қолган итдай, тилингизни осилтириб келибсизда, а?!
ЭЛЁР: Умида, биринчидан нима десангиз денг-у, аммо шахсиятимга тил теккизманг, тўғри менда хеч вақо йўқ, лекин ғурурим бутун. Иккинчидан, тоғангизам, машинаси-ям ўзингизга буюрсин! Мен, сиз ўйлаган одам эмаслигимни вақти соати етганда, билиб оласиз. (Элёр қўлидаги гулни ва уколни дераза олдига қўйиб кетади)
УМИДА: Шошманг, бўпти уколингизни қилиб қўяй, акс холда жарохатингиз битиши қийин бўлади… Элёр…Элёр. (Умида, пардани очиб отрафга қарайди, Элёр аллақачон кетиб бўлган. Дераза устидаги гулга кўзи тушиб пардани шашт билан ёпади, бироздан кейин парда ортидан қўл чиқиб гулни олиб кириб кетади)
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Зумраднинг овози эшитилади.
ЗУМРАД: Қудажон, уйдамисиз?
ОЙЗОДА АЯ: Уйдаман, уйда бўлмай гўрда бўлармидим?
Бошига тоғорани қўндирган Зумрад ўғли Ҳушёрбек билан киради.
Ҳушбекнинг эгнида халат, устидан белбоғ боғланган, бошида дўппи.
ЗУМРАД: (Томошабинга) Ха, гўрда бўлсанг яхшироқ бўларди. (Хиргойи қилиб) Ваҳ, қудажоним-эй,
Қуралай кўзим-эй…
Ҳамма ҳайрон туради. Зумрад тоғорани ўғлига бериб хамма билан қўл учида куришади-ю, Ойзодага билан эски қадрдонлардек куришмоқчи бўлади, аммо Ойзода у билан совуққина кўришади.
ЗУМРАД. Вой, ўргилиб кетай, қудажоним-эй! Келинг, қуюқроқ кўришайлик.
ОЙЗОДА АЯ: Сиз билан оғиз бурун ўпишиб кўришармидим?
ЗУМРАД: Вой қуда-а-жони-и-им! (беухшов кулади)
ОЙЗОДА АЯ: (Кулишига тақлид қилади) Келинг…
Доира ва дутор садоси уларнинг гапини бўлади. Пошшохоннинг қўлида доира, укаси Ўрозбекнинг қўлида дутор, улар олдинма-кейин кириб келишади. Пошшохон рақсга тушади. Қўли кўксида турган Ўрозбек ҳам қўшилиб рақсга тушиб кетади. Пошшохон укасининг биқинига туртиб жим деган маънода ишора қилади. Ўрозбек жиддий тортади. Пошшохон аёллар билан сўрашади. Ўрозбек ҳам опасига тақлид қилиб ҳамма билан аёлларча кўришади.
ПОШШОХОН: Хўўўўш… Энди, қўшнижон, ён қўшнинг, жон қўшнинг, гилам сотсанг қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан. Қиз чиқарсанг, қўшнингга бер, бирон хизматингни қилади, уй олма, қўшни ол…
ОЙЗОДА АЯ: Стоп. Мақсадга ўтинг.
ПОШШОХОН. …деган гап бор. Сизда бир гул, бизда бир…
Тохирнинг овози уларни тўтатиб қолади. Тохир чопиб киради.
ТОХИР: Ледиес анд жентелмен! Саҳнада уйланиш бўйича уч карра жаҳоооон чемпиоооони бииизниинг куууёёёёёв Шаксиддиииииин!
Ажнабий мусиқа садоси остида яктак ва салла кийган, соқолли Шахсиддин киради.
ЗУМРАД: (Ойзодага) Қудажон!Мен сизни биламан, сиз кўнгли очиқ, қўлида сочиқ…
ПОШШОХОН: Кўшнижон. Хаммага мехрибон, кенг юракли…
ТОХИР. Энг керакли!
ЗУМРАД. Оппоқ билакли.
ПОШШОХОН: Кўп тилакли.
ТОХИР: Тилла зиракли.
ЗУМРАД: Қиз қоматли.
ПОШШОХОН. Энг журъатли.
ТОХИР: Энг омадли.
ЗУМРАД: Сердаромадли.
ОЙЗОДА АЯ: Вой-бў, ҳаммаёқни пахта босиб кетди-ей…
ПОШШОХОН: Сиз бир қават кўрпачага ўтирманг, буёққа икки қаватли кўрпачага ўтинг.
ЗУМРАД: Сизга мумкинмас, уят бўлади-я, уят, қудажон. Сиз етти қават кўрпачага лойиқсиз. Буёққа ўтиринг.
ТОХИР: Ойижон, кўрпачалар копейка, сизни етмиш қават кўрпачадан ҳам баландроқ – елкамда кўтариб юраман.
ЗУМРАД: Вой, керак бўлса, менинг ўғлим бошида кўтариб юради.
ЎҒИЛОЙ: Дадаси, сизни нима жин урди? Ўзингизмисиз?
ТОХИР: Жим бўл. Савдонинг белига тепма!
Ўғилой кўксини ушлаб ўтириб қолади.
ЗУМРАД. Шу ўғлим қўярда-қўймай чиқсангизчи, чиқинг, ойи, деб судраб опчиқдида! Ўлсам ўламан, шу қизга уйланаман, дейди. Ўзиям бирбирига жуда муносибда! Қизингиз бирам тили ширинки… Қулчиликка келдим бошимни эгиб…
ПОШШОХОН: Вой, ўлмасам, одамнинг ҳам хамелеони бўларканда! Кечагина Умиданинг устидан мағзава ағдариб, оғзи кўпириб, ғийбатини қилган одам бугун уни мақтаяптими? Ё, тавба!
ЗУМРАД: Олий тоифали шифокор! Қизингизам дўхтир, ўғлим ҳам.
ТОХИР. Ҳа, битта фарқи бор – ўғлингиз мол дўхтири.
ЗУМРАД. Майлида… Кўрдингизку доим оқ халат кийиб юради.
ПОШШОХОН. Оқ халат кийган билан ҳаммаям шифокор бўлавермайди!!!
ЗУМРАД: Қанча қанча беморларнинг дардига малхам бўлди.
ТОХИР: Қанча-қанча молларни харом ўлдирди, денг!
ЗУМРАД: Ўғлимга келган тўртта совчини қайтардим! Яна келяпти. Безор қилишди.
ПОШШОХОН: Ўғлингиз нимага гунг қарғага ўхшаб ўтирибди. Гапир мол духтир, хой ер ютгур.
ЗУМРАД: Сиз нима дейсиз, ўғлим?
ХУШЁРБЕК: Ойижон, сиз нима десангиз, шуда!
ЗУМРАД: Кўрдингиз, ўғлим тилла, тилла. Ҳеч қачон йўқ демайди.
ЎҒИЛОЙ. Э, йўқ демаганнинг ўзи йўқ бўлсин!
ХУШЁРБЕК: Умиданинг кўзлари оҳуникидек, сочлари қизичоқнинг жунларидек майин, Умини кўрсам ўзимни худди емга тўйган хўкизчадай хис қиламан. Қуёндек сакраб, тойчоқдек кишнаб, хўтикдек диконглаб кетгим келади. Мен уни севаман, унга бўлган мухаббатим, эчкининг маърашидек ёқимли…
ЗУМРАД: Ўчир-ей овозингни, молшунос, шарманда қилдинг. Одаммас, маймун туққан эканманда!
СУЛТОН: Статистика маълумотларига қараганда, йигирма иккинчи асрда одам яна маймунга айланаркан. Мана, (Ҳушёрбекни кўрсатиб) бунинг жонли исботи!
Ҳушёрбек хушомад эшитгандек таъзим қилади.
ПОШШОХОН: (Зумрадга кесатиб) Раҳмат, кўрдик, куёвнинг аҳволини. Ҳой, сиз мана биз билан қуда бўлаверинг, сира афсусланмайсиз! Ана, укамнинг туришини қаранг, юришини қаранг, рўзғорбоп эркакларлардан! Куёв сертификатланган, хизматлар лицензияланган! (Хушёрбекка шаъма қилиб) Браклардан Худо асрасин! Қўшиқни чайиб, ёйиб, чалпак қилиб ташлайди. Укажоним Франция, Италия, Германия, Туркия, Швеция, Швейцария, Корея…
ЗУМРАД: Давлатларида умуман бўлмаган. Лекин Қашқадарё, Сирдарё, Амударё тўйларида ланъатланиб қувилган!
ПОШШОХОН: Эшак ҳанграр карвон ўтар! Укагинам, биир санъатингни намойиш эт буларга! Мархамат “санъат навбаткорларга” Ўрозбек Хурозбой ўғли.
ЎРОЗБЕК: Биз… хўрозмизда биз, хўроз!
СУЛТОН: Бошланг, бошланг…
ЎРОЗБЕК: (Дуторни олиб) Хўўўш… Биз хўрозмизда!
ИХТИЁР: Ҳа, бииир мазза қилайлик!
ЎРОЗБЕК: (Доира чертаётган Пошшохонга) Опа, дооо… фааа… Хўрозмизда…
ТОХИР: Э, жаа, чўзвординг, эзма хотиндай, айтсанг айт!
Куй таралади. Ўрозбек бармоқларини дутор узра юргизади. У беўхшов овозда куйга жўр бўлади. Тохир унга яқин келиб тикилади.
ПОШШОХОН: Ана санъат, ана маҳорат.
Ана қадду ана қомат.
Таърифин қилсанг, бўлар овоза, Кўрганлар олсин ноилож гуруҳидан андоза!
ҲУШЁРБЕК: Раххмат! Эшшакдаям овоз бор!
Тохир дуторга кўзи тушиб.
ТОХИР: Ие, тўхтанг, тўхтанг. Бунинг сими қани?
ЎРОЗБЕК: Э, ука, ҳозир жонли ижро қоптими? Фонограмма урамиз… Тўйларга шукур, бирровларимиз кўп.
ПОШШОХОН: Ёши эндигина йигирмага кирганларига йигирма йил бўлди! Укам, жуда яхши бола…
ЗУМРАД: Ха, атиги икки марта уйланган, холос
ПОШШОХОН: Хотинлари бемаза чиққанда! Ўртоқлари кўп, кўнгилёздига қарта ўйнаб туради.
ЗУМРАД: Ха, адашиб иккита одамни суйиб қўйган.
ПОШШОХОН: Вой, қўй оғзидан чўп олмаган, ЗУМРАД: Лекин, бор-йўғи уч мартагина қамалиб чиққан!
ЎРОЗБЕК: Хўрозмизда биз…
ЎҒИЛОЙ: Сизга ўхшаган хўрозларни шаҳарда хўрозқанд қилиб сотишяпти!
ТОХИР: Қўшнижонлар, Ҳушёрбек, Ҳушёржон, айланай сиздан, қобилиятингизни кўрдик. Ўрозбек ака, бўйингизга қоқиндиқ, маҳоратингизни баҳоладик: иккалангизам бир тийин! (Ихтиёрга четга тортиб секин) Айтган гапларим эсингиздами?
ИХТИЁР: Қайси бири?
ТОХИР: Гапларимни маъқуллаб “тўппа-тўғри” деб туришингиз?
ИХТИЁР: Ха, эсимда.
ТОХИР: Остонаничи? Супурдингизми?
ИХТИЁР: Эҳ, эсим қурсин! Ҳозир бошлайман.
Ихтиёр шартта супургини олиб Зумрад, Хушёрбек, Пошшохон ва Ўрозбекларни хайдагандек оёғининг тагини супуради. Улар таъжубланиб, норози бўлишади.
ТОХИР: Ойижон, топшириғингиз бажарилди. (Ихтиёрни туртиб) Тўғрими?
ИХТИЁР: Тўппа-тўғри!
ТОХИР: Мана, биринчи бўлиб остонангизни биз супурдик. Умида ўзимнинг жон жигарим, синглимдек бўлиб қолган! Мен уни фақат бахтли бўлишини истайман. Шунинг учун унга муносиб куёв топдим. Мана сиз кутган куёв, (Қўлида тасбеҳ, чордона қуриб ўтирган сўпини кўрсатиб) ҳақиқий қаҳрамон! Э, супер куёв!
ОЙЗОДА АЯ: Ким бу? Насл насаби қаердан? Нима иш қилади?
ТОХИР: Куёвимизнинг насаби тоза, палаги бутун, етти мучаси соппасоғ.
ИХТИЁР: Туппа-тўғри.
ТОХИР: Вазни 64 ярим кило, бўйи 175 сантиметр.
ИХТИЁР: Туппа-тўғри.
ТОХИР: Паспорт рақами…
ОЙЗОДА АЯ: Хой менга қара, ўзининг тили бордир?
ТОХИР: Албатта бор. Кўрсатсинми?
ОЙЗОДА АЯ: Гапирсин!
Шахсиддин бошини кўтариб атрофга олазарак қарайди. У чап кўзини беихтиёр қисарди.
ШАХСИДДИН: (Қироат билан) Тақдири азал бизга улуғ насаб ишини давом эттиришни насиб қилган. Менинг бобомнинг бобосининг бобоси Қўқоннинг “Тепки” махалласида иссиқ-совуқчилик қилган, бобомнинг бобоси эса Хоразмнинг “Калтак” гузарида совуқ-иссиқчилик қилган. Бобом эса Қашқадарёнинг “Зарба” қишлоғида кинначи ўтган. Камина боболарим изидан кетиб гипнозчилик қиляпман.
ОЙЗОДА АЯ: Ҳаҳ, кўзинг тешилгур! Менга кўзини сузяпти!
СУЛТОН: Хахх, номахрам, ҳассамни тиқиб олайми, а?
ТОХИР: Шошманг тоғажон, бу бечора туғилганида, туғруқхонада хамширалар суюнганидан уч марта тепага отиб, икки марта илиб олишган.
ИХТИЁР: Тўппа-тўғри.
ТОХИР: Қани куёвбола, бииир фокус-мокус кўрсатворинг!
Шахсиддин бир нималарни пичирлаб Ихтиёрни ўртага тортиб чиқаради.
ШАХСИДДИН: Суфф, суфф. (Қўлларини ҳаракатлантириб) Синхро фазатрона айро квалалумпр, цино цуано суано мицано уракари ракимаро… швабро… пол латта… чойнак пиёла… қозон товоқ учоқ… пўчоқ, Ғани ғилдиракни ғилдиратиб ғилдиратди. Йиқил!
ИХТИЁР: (Хайрон бўлиб) Ие бунақа келишмовдикку?!
Ўрозбек Шахсиддинга яқинлашиб синчковлик билан унга тикилади.
ШАХСИДДИН: Йиқил дегандан кейин йиқилмайсанми? (Ихтиёрнинг юзига шапалоқ тортади.) Ҳаммасини расво қилдинг, овсар!
(Шу пайт хеч кимга сездирмасдан Умида ногиронлар аравачасига ўтирган холда киради. Атрофдаги воқеани жим ўтириб кузатади)
ПОШШОХОН: (Ўрозбекка) Топган куёвини қара, ғирт лўттибозни ўзи. Хавотир олма укажон, сендан яхши куёвни топишолмайди, барибир ўзим қуда бўламан.
ЗУМРАД: Чучварани хом санабсиз, Умидажонни ўзим келин қиламан, тушундингизми?
ТОХИР: Кечирасизлар, хонимлар ва жонимлар! Умиданинг аллақачон эгаси бор.
ПОШШОХОН: Жўжани кузда санаймиз, Умида мени укамдан бошқасига тегмайди.
ЗУМРАД: Сиз, куфф-суфчи куёвингиз билан тошингизни теринг, куёвлик номзодига тўла мос келадиган мана қаршингизда турибди (Ўғли Хушёрбекни кўрсатади)
ТОХИР: Ҳамма гапирсаям сиз жии-и-м туринг, сизни молшуносингизга хали йўл бўлсин.
ПОШШОХОН: Юз фоиз қўшиламан!
ХУШЁРБЕК: Вой, ойи бизни огородга тош отилди, чидолмасдим, ойи…
ШАХСИДДИН: (Секин Хушёрбекка) Хой, бола, хой… жиблажибон.
ХУШЁРБЕК: (Югуриб келиб) Лаббай амаки?
ШАХСИДДИН: Сен болача, жиғимга тегма. Бўлмаса (пичоқчасини чиқариб) суннат қилиб қўяман, тушундингми? Булбулингдан айрилиб қолма!
ХУШЁРБЕК: Уятсиз! Ойи… (Зумрадни олдига қочиб кетади)
ТОХИР: (Пошшохонга) Сиз хам пахта қўяверманг, сиз хам, куёвингиз хам сариқ чақага хам арзимайсизлар
ЗУМРАДХОН: Шу гапингга жўжа хурозчангни товуққа айлантириб қўяман, пашшахон.
ПОШШОХОН: Иккалангга хам тупурдим, э оғзингдан лахта-лахта қонинг келсин.
ЎРОЗБЕК: Хов-в шохдор сигир, ўзингниям, ёнингдаги бузоқчангниям подага қўшиб юбораман, ўтлаб юрасан.
ПОШШОХОН: Яша укажон, бопладинг.
ТОХИР: (Ўрозбекга) Хой, қари така ойнага хеч қараганмисан?!
ЗУМРАД: Хой, емаган хофиз, хозир бир сум қистириб, сени тондан чиқариб юбораман кейин бир умр фальш айтиб юрасан, тўнка.
ПОШШОХОН: Нима дединг, калтакесак? Хозир гўштингни майда-майда қиламан. (Зумрадга ташланади)
ЗУМРАД: Вой, сутдан тўйган эчкемар-ей, хозир…
(Совчилар ўзаро, куёвлар хам ўзаро тортишиб талашиб кетишади. Ҳушёрбек Умидани кўриб қолади.)
ХУШЁРБЕК: Ойи, ойи! Қаранглар! Умида опааам!
Чақмоқ чақади. Ҳамма оёғи бинтланган Умидага ҳайратланиб қараб қолишади.
ОЙЗОДА АЯ: Вой шўрим қурсин! (Йиғлайди) Қизим, сенга нима қилди?
Ойзода ая қизининг оёғини ушлайди.
УМИДА: Вой, тегманг, ойи, оғрияпти! (Йиғлаб) Қарғиш урди, ойи, қарғиш! Биронтани норози қилмаганмидингиз?! Энди бир умр юролмасмишман!!! Ўнг оёғимнинг нерви шикастланибди.
ЎҒИЛОЙ: Қанақа қарғиш, ўйлаб гапиряпсанми?
УМИДА: Ойи, совчиларни қайтаравериб сизниям, ўзимниям қийнадим. Энди тавба қилдим. Энди сиз нима десангиз, ҳаммасига розиман. (Йиғлаб юборади)
ОЙЗОДА АЯ: Вой болам энди нима қилдик? Ойзода ая бошини кўтариб ҳаммага бир-бир қараб чиқади.
ЗУМРАД: (Ўғлига) Юр, олдимга туш.
ОЙЗОДА АЯ:Шошманг, қудажон. Мен розиман, туйни хозироқ бошлаймиз.
ЗУМРАД: Вой қанақа қуда, қанақа тўй? Ўйлаб гапираяпсизми? Боринг тенгингизни топинг. (Чиқиб кетмоқчи бўлади) Тўхта, тоғорамни олволай! Буларга қатлама хам хайф! Қизи ўзидан ордона қолсин.
ЎРОЗБЕК: (Пошшохонгга пичирлаб) Опа, шуми мақтаган келинингиз?
ПОШШОХОН: Вой, ўлай, укажон, бўйнимизга осилиб олмасдан, кетдик!
ЎҒИЛОЙ: (Уларни йўлини тўсиб) Тўхтанглар. (Ўрозбекка бостириб) Менга қаранг, эркакмисиз?
ЎРОЗБЕК: Билмадим, ўзим хам иккиланиб қолдим.
ЎҒИЛОЙ: Арслон изидан, эркак сўзидан қайтмайди!
ЎРОЗБЕК: Эркак айтади-ям, қайтадиям… Биз хўрозмизда, биз!
ЎҒИЛОЙ: Э, товуқ экансан!
ПОШШОХОН: (Ўғилойга) Хой, кўп гапирма, елкамни чуқури курсин бу уйни. (Ойзода аяга) Бошқа куёв топинг, укажоним кўчада қолмаган, кетдик.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?