Читать книгу "Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли"
Автор книги: Эрнст Гофман
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
ТОҒА ВА ЖИЯН
Муҳтарам ўқувчиларим ёки тингловчиларимдан кимнингдир қўлини ойна кесиб кетган бўлса, бу жуда азоб беришини билади, чунки яра жуда секин битади. Марига ҳам тўшагида бир ҳафта ётишига тўғри келди, зеро, ҳар сафар ўрнидан туришга уринганида боши айланиб кетарди. Охироқибат у соғайиб кетди ва яна хонада шодон ўйноқилаб юрадиган бўлди.
Ойнаванд жавонда ҳамма нарса – дарахтлар ҳам, гуллар ҳам, уйлар ҳам ва байрамона башанг кийинтирилган қўғирчоқлар ҳам яп-янгидек ярқираб турарди, энг асосийси, Мари у ерда – иккинчи токчадан қўш қатор бус-бутун тишларининг оқини кўрсатиб кулиб турган азиз Шчелкунчигини топди. Қизча хурсанд бўлиб, суюкли ўйинчоғига боқар экан, бирдан юраги сиқилди: агар чўқинтирган отаси ҳикоя қилиб берган ҳамма нарса – Шчелкунчик ҳамда унинг Сичқонбека ва ўғли билан можароси тарихи ҳақиқат бўлиб чиқса-чи? Энди у Шчелкунчиги, афсуски, Сичқонбека сеҳрлаб қўйган, чўқинтирган отасининг жияни бўлган нюрнберглик навқирон Дроссельмейер эканлигини биларди.
Малика Пирлипат отасининг саройидаги моҳир соатсоз суднинг катта маслаҳатчиси Дроссельмейердан бошқа ҳеч ким эмаслигига Мари ҳикоя пайтидаёқ бир дақиқа бўлса ҳам шубҳа қилмай қўйганди. «Бироқ нима учун тоғанг сенга ёрдам бермади, нима учун у сенга ёрдам бермади?» – дея қайғурарди Мари ва ўзи гувоҳлигидаги жанг Шчелкунчикнинг салтанати ва тахти учун бўлганлигига ишончи тобора ортиб борарди. «Ахир ҳамма қўғирчоқлар унга бўйсунарди, ахир сарой мунажжимининг башорати тўғри чиққанлиги мутлақо равшан-ку ва ёш Дроссельмейер қўғирчоқлар салтанатида Қирол бўлди». Ақли расо Мари шундай мулоҳаза юритиб, Шчелкунчик ва унга тобе бўлганларга ҳаёт ва ҳаракатланиш қобилиятини ато этиб, бу қўғирчоқлари ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай тирилишига ва ҳаракатлана бошлашига ишончи комил эди. Аммо бундай бўлмаётганди: жавонда ҳамма нарса ўз жойида қимир этмай турарди, лекин Мари ички ишончидан воз кечишни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ эди. У буларнинг ҳаммасига Сичқонбека ва унинг етти бошли ўғли тилсими сабаб, деган қарорга келганди.
– Сиз, азизим жаноб Дроссельмейер, қимирлашга ва бир оғиз сўз айтишга қодир бўлмасангиз ҳам мени эшитаётганингизга ва сизларга қандай меҳр билан қарашимни билишингизга ишонаман, – деди у Шчелкунчикка. – Ёрдам талаб қилиниб қолса, менга ишонаверинг, ҳар ҳолда, агар зарур бўлса, тоғангизга ўз санъати билан сизга ёрдам беришини илтимос қиламан!
Шчелкунчик ўзини вазмин тутар ва жойидан қўзғалмасди, бироқ Марига ойнаванд жавонда худди енгил нафас олишгандек бўлиб туюлди, бундан ажойиб хушоҳанглик билан ойналар аранг эшитиладиган ҳолда жиринглади ва ингичка, қўнғироқчаникидек жарангли овоз: «Дўстим Мария, менинг фариштам! Азобланма – мен сеники бўламан», дея куйлади.
Қўрқувдан Марининг бадани жимирлаб кетди, лекин нақадар таажжубланарли бўлмасин, бу унга жуда ёқимли туюлди.
Қош қорайди. Хонага қизчанинг ота-онаси чўқинтирган отаси Дроссельмейер билан бирга кириб келишди. Кўп ўтмай Луиза чой олиб кирди ва бутун оила қувноқ суҳбат қурган ҳолда дастурхон атрофига ўтирди. Мари оҳистагина ўзининг креслочасини олиб келиб, чўқинтирган отаси олдига чўкди. Мари ҳамма тинчиб қолган дақиқани пойлаб, катта мовий кўзлари билан суднинг катта маслаҳатчиси юзига тик қараганича шундай деди:
– Энди, қадрли чўқинтирган отам, Шчелкунчик – жиянинг, нюрнберглик ёш Дроссельмейер эканлигини биламан. У шаҳзода ёки, аниқроқ айтганда, Қирол бўлди: ҳаммаси ҳамроҳинг мунажжим башорат қилганидек рўй берди. Аммо сен у хоним Сичқонбеканинг ўғли, бадбашара сичқонлар Қиролига уруш эълон қилганлигини биласан-ку. Нега унга ёрдам бермаяпсан?
Ва Мари яна ўзи ҳозир бўлган пайтдаги жанг тафсилотларини ҳикоя қилиб берди. Буни онаси ва Луизанинг қаҳқаҳаси тез-тез бўлиб турарди. Фақат Фриц ва Дроссельмейер ўзларини жиддий тутарди.
– Қизча бу бемаъни гапларни қаердан топган? – сўради тиббиёт маслаҳатчиси.
– Шунчаки унинг тасаввури бой, – жавоб берди онаси. – Аслини олганда бу кучли иситмадан алаҳсираш.
– Бўлмаган гап, – деди Фриц. – Суворийларим – қўрқоқ эмаслар, акс ҳолда уларнинг адабини берардим!
Лекин чўқинтирган отаси ғалати кулиб, жажжигина Марини тиззасига ўтқазди ва одатдагидан мулойимроқ гапира бошлади.
– Эҳ, азизам Мари, сенга менга ва барчамизга қараганда кўпроқ нарса ато этилган. Сен Пирлипат каби туғма маликасан: сен ажойиб, нурафшон салтанатга ҳукмронлик қиляпсан. Аммо агар бечора мажруҳ Шчелкунчикни ўз ҳимоянгга оладиган бўлсанг, кўп азоб чекасан! Ахир сичқонлар Қироли уни барча йўл ва йўлакларда пойлаб турибди. Шуни билки, мен эмас, фақат сен бир ўзинг Шчелкунчикни қутқара оласан. Саботли ва содиқ бўл.
Ҳеч ким – Мари ҳам, бошқалар ҳам Дроссельмейер нимани назарда тутаётганини тушунишмади; тиббиёт маслаҳатчисига эса чўқинтирган отанинг сўзлари ғалати туюлди, у тоғанинг томирлари уришини текшириб кўрди ва шундай деди:
– Қадрли дўстим, бошингизга кучли қон қуйилибди: сизга дори ёзиб бераман.
Фақат тиббиёт маслаҳатчисининг рафиқаси хаёл сурганича бошини қимирлатди ва шундай деди:
– Жаноб Дроссельмейер нимани назарда тутаётганини фаҳмладим, бироқ буни сўз билан ифода қила олмайман.
ҒАЛАБА
Бироз вақт ўтгандан кейин, ёруғ тунларнинг бирида Марини ғалати тиқир-тиқир товуши уйғотиб юборди, бу тақиллатиш бурчакдан келаётгандек эди, у ерда гўё майда тошларни отишаётган ва юмалатишаётганга ўхшарди, вақти-вақти билан жирканч чийиллаш ва чинқириш эшитилиб қоларди.
– Вой-эй, сичқонлар, сичқонлар, бу ерда яна сичқонлар! – қўрққанидан қичқириб юборди Мари ва у онасини уйғотмоқчи бўлганди, аммо гапи бўғзига тиқилиб қолди.
У қимир этолмай ҳам қолди, чунки девордаги тешикдан сичқонлар Қироли қийинчилик билан чиқиб, кўзлари ва тожларини ярақлатиб, хонада у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўта бошлади; у бирдан Мари кроватининг олдидаги столчага бир сакраб чиқиб олди.
– Ҳе-ҳе-ҳе! Менга, аҳмоқча, ҳамма драженгни9696
Драже – майда думалоқ обаки.
[Закрыть], барча ширин марципанларингни бер, акс ҳолда Шчелкунчигингни ғажиб ташлайман, Шчелкунчигингни ғажиб ташлайман, – чийилларди сичқонлар Қироли ва тишини ғажир-ғужур қиларди, сўнг тезда девордаги тешикка кириб, ғойиб бўлди.
Сичқонларнинг даҳшатли Қироли пайдо бўлгани Марини шу қадар қўрқитиб юбордики, эрталаб у жуда сўппайиб ва тили калимага келмай қолди. У онасига, Луизага ёки ҳеч бўлмаса Фрицга тунда нима бўлганлигини юз маротаба айтиб бермоқчи бўлганди, бироқ: «Бирор одам гапимга ишонармиди? Фақат кулги қилишгани қолади», деб ўйларди.
Лекин ўзига Шчелкунчикни қутқариш учун драже ва марципанини бериши кераклиги мутлақо равшан эди. Шунинг учун кечқурун ўзининг барча ширинликларини жавоннинг пастки токчасига териб қўйди. Эрталаб онаси:
– Сичқонлар меҳмонхонамизда қаердан пайдо бўлиб қолганига ҳайронман. Мари, қара, сен бечоранинг барча конфетларингни еб қўйишибди.
Ҳақиқатан шундай эди. Ичига масаллиқ солинган марципан очкўз сичқонлар Қиролига ёқмабди, аммо уни шундай ғажибдики, қолдиғини ташлаб юборишга тўғри келди. Мари ширинликларини еб қўйишганига ҳеч ҳам афсусланмасди: қалбан у қувонарди, чунки Шчелкунчикни қутқариб қолди, деб ўйлаётганди. Бироқ эртаси тунда шундоқ қулоғининг олдида чийиллаш ва чинқириш эшитилганда унинг ўзини қандай хис қилганлигини билсангиз эди! Эҳ, сичқонлар Қироли ўтган тундагидан ҳам жирканчроқ ҳолда ҳозиру нозир бўлганди, унинг кўзлари чақнарди ва тиши орасидан янада жирканчроқ чийиллади:
– Менга, аҳмоқча, шакардан ясалган қўғирчоқларингни бер, бўлмаса сенинг Шчелкунчигингни ғажиб ташлайман, Шчелкунчикни ғажиб ташлайман!
Шундай дея сичқонларнинг даҳшатли Қироли ғойиб бўлди.
Мари жуда хафа бўлганди. Эрталаб у жавон олдига келди ва ўзининг шакар ва адрагантдан9797
Адрагант (инглизча «adragant» сўзидан) – саноат ишлаб чиқаришида ишлатиладиган оқ, ёпишқоқ чўзилувчан шилимшиқ.
[Закрыть] ясалган қўғирчоқларига ғамгин назар ташлади. Унинг қайғусини тушунса бўларди, ахир сен, диққат-эътиборли тингловчим, Марининг шакардан ясалган нақадар ажойиб қўғирчоқлари борлигига ишонмайсан: кўркам чўпон бола ва лобар чўпон қиз оппоқ қўйлар подасини боқишади, улар ёнида эса кучукча ўйнамоқда; шу ерда иккита почтальон қўлларида хатлар билан турибди, тўртта жуфтлик – олифта йигитчалар ҳамда пар ва момиққа бурканган қизлар рус арғимчоқларида учишмоқда. Шундан сўнг сафда раққослар, улардан ке-йин Мари у қадар қадрламайдиган Пахтер Фелдькюммер9898
Пахтер Фельдкюммель – немис ёзувчиси Август Коцебунинг (1761 – 1819) «Ижарачи Фельдкюммель» комедиясининг қаҳрамони.
[Закрыть], орлеанлик бокира қиз9999
«Орлеанлик бокира қиз» (французча «La Pucelle d»Orlйans») – Вольтернинг французлар миллий қаҳрамони Жанна д’Арк (орлеанлик бокира қиз) ҳамда Франция рицарлари ва черковларини ҳажв қилган поэмаси.
[Закрыть], энг бурчакда эса қизил юзли чақалоқ – Марининг суюклиси турарди… Марининг кўзидан ёш сачради.
– Оҳ, азиз жаноб Дроссельмейер, – хитоб билан деди у Шчелкунчикка мурожаат этар экан, – сизнинг ҳаётингизни қутқариш учун ҳамма нарсага тайёрман, бироқ, оҳ, бу нақадар оғир!
Бироқ Шчелкунчик шу қадар раҳмни келтирадиган кўринишда эдики, Марига бусиз ҳам гўё сичқонлар Қироли ўзининг барча етти комини очиб, бахти қаро йигитчани ютиб юборадигандек туюларди, шунинг учун унга ҳамма нарсасини қурбон қилишга қарор қилди.
Шундай қилиб, қизча кечқурун шакардан ясалган барча қўғирчоқларини аввал ширинликларни қўйган пастки токчага жойлаштирди. Чўпон бола, чўпон қиз, қўйчаларни ўпиб қўйди, энг охири бурчакдан суюклиси – қизил юзли гўдакни олиб, барча қўғирчоқларининг орқасига қўйди. Фельдкюммель ва орлеанлик бокира қиз биринчи қатордан жой олди.
– Буниси жуда ўтиб тушди! – хитоб билан деди эртаси куни Штальбаум хоним. – Афтидан ойнаванд жавонда катта, очкўз сичқон хўжайинлик қиляпти: бечора Марининг ҳамма чиройли шакар қўғирчоқлари ғажилибди ва кемирилибди!
Ростини айтганда, Мари ўзини тутиб туролмади ва йиғлаб юборди, бироқ тезда кўз ёшини тўкканича кулимсиради, чунки у «Нима қилай, лекин Шчелкунчик соппа-соғ!» деб хаёлидан ўтказганди.
Кечқурун онаси жаноб Дроссельмейерга сичқон болаларнинг жавонида нима қилганлигини гапириб берганида отаси ҳайқириб юборди:
– Бу қандай қабоҳат! Ойнаванд жавонда хўжайинлик қилиб, бечора Марининг барча ширинликларини еб қўяётган ифлос сичқонни ҳеч йўқотиб бўлмаяпти.
– Мен айтсам, – қувноқлик билан деди Фриц, – пастда нон дўкончиникида Элчихонанинг ажойиб кулранг маслаҳатчиси бор. Уни бизникига – тепага олиб чиқаман: у тезда бундай қилмишларга барҳам беради ва Сичқонбеканинг ўзи бўлсин ёки унинг ўғли, сичқонлар Қироли бўлсин – бошини ғажиб ташлайди.
– У бир йўла стол ва стулларга сакрайди ҳамда стаканлар ва идишларни чилпарчин қилади, умуман қандай қилғиликлар қилишини билмайсан! – кулимсираб қўшиб қўйди онаси.
– Бўлмаган гап! – эътироз билдирди Фриц. – Элчихонанинг бу маслаҳатчиси жуда чаққон, мен томда у каби юришни хоҳлардим!
– Йўқ, илтимос, кечаси мушукни олиб келманг, – илтижо қилди мушукларни кўргани кўзи йўқ Луиза.
– Аслини олганда Фриц ҳақ, – деди отаси, – ҳозирча эса қопқон қўйиш мумкин. Бизда қопқон борми?
– Чўқинтирган отамиз бизга ажойиб қопқон ясаб беради: ахир у бунинг ихтирочиси-ку! – қичқириб юборди Фриц.
Ҳамма кулиб юборди, шундан сўнг Штальбаум хоним уйда бирорта қопқон йўқлигини айтганида, Дроссельмейер ўзида уларнинг бир нечтаси борлигини билдирди ва ҳақиқатан ҳам ҳозироқ уйидан ажойиб қопқонни олиб келишни буюрди.
Чўқинтирган оталарининг қаттиқ ёнғоқ тўғрисидаги эртаги Фриц ва Мари учун тирилди. Ошпаз чўчқа ёғини қовурар экан, Мари ранги ўчар ва титрарди. Ҳали ҳам эртак оламида шўнғиб юрган қизча ҳатто бир сафар ўзининг эски таниши ошпаз Дорага шундай деб қолди:
– Эҳ, Қиролича жаноби олиялари, Сичқонбека ва унинг қариндошларидан сақланинг!
Фриц эса шамширини яланғочлаганча:
– Қани келиб кўришсин-чи, бир адабини бериб қўярдим! – дерди.
Бироқ ўчоқ остида ва ўчоқ устида хотиржамлик ҳукм сурарди. Суднинг катта маслаҳатчиси чўчқа ёғи бир бўлагини ингичка ипга боғлаб, қопқонни ойнаванд жавон олдига эҳтиёткорлик билан қўйганида, Фриц ҳайқириб юборди:
– Соатсоз чўқинтирган отам, огоҳ бўл, сичқонлар Қироли сени боплаб туширмасин!
Воҳ, эртаси тунда бечора Мари бошидан нималарни кечирмади! Унинг қўлларида муз панжалар югуракларди ва паҳмоқ, қўланса бир нарса юзига тегиниб, тўппа-тўғри қулоғига чийиллай ва вижирлай бошлади. Елкасида жирканч сичқонлар Қироли ўтирарди; унинг катта очилган етти комидан қизил қон сўлаги оқарди ва қўрқувдан донг қотган Марининг қулоғига тишларини ғижиллатиб, шундай вижиллади:
– Қочиб қоламан – тирқишга ғизиллайман, пол остига лип этиб кириб кетаман, чўчқа ёғига тегмайман, шуни билиб қўй. Қани, қани расмларинг, кўйлакларингни бу ёққа узат, акс ҳолда бошингга кулфат тушади, огоҳлантириб қўяй: Шчелкунчикни тутиб оламан ва ғажиб ташлайман… Хи-хи!.. Пи-пи!.. Квик-квик!
Мари жуда хафа бўлиб кетди, эрталаб эса онаси «Эҳ, қабиҳ сичқон ҳали ҳам қопқонга тушмапти!» деганида Марининг ранги ўчди ва ташвишланиб қолди, онаси эса қизи ширинликлари тўғрисида қайғуряпти ва сичқондан қўрқяпти, деб ўйлади.
– Қўй, тинчлан, қизчам, – деди у, – биз ифлос сичқонни қувиб юборамиз! Қопқонлар ёрдам бермаса, Фриц тезроқ ўзининг – Элчихонанинг кулранг маслаҳатчисини олиб келсин.
Мари меҳмонхонада бир ўзи қолгач, ойнаванд жавон олдига келди ва уввос тортган ҳолда Шчелкунчик билан гаплашишга тушди:
– Оҳ, азизим, меҳрибон жаноб Дроссельмейер! Мен, бечора, бахтсиз қиз сиз учун нима қила оламан? Майли, жирканч сичқонлар Қиролига ўзимнинг барча расмли китобларимни, ҳатто менга гўдак Исо Масиҳ совға қилган янги чиройли кўйлакчамни ғажиш учун бера қолай, бироқ у мендан яна ва яна янги нарсалар сўрайди ва охири ўзимда ҳеч нарса қолмайди ва, эҳтимол у мени сизнинг ўрнингизга ғажишни хоҳлаб қолар. Оҳ, мен бечора, бечора қизча! Мен нима қилай, нима қилай?!
Мари шундай дея қайғурар ва йиғлар экан Шчелкунчикнинг бўйнида ўтган тундан катта қонли доғ қолганлигини пайқади. Мари Шчелкунчик аслида суд маслаҳатчисининг жияни, ёш Дроссельмейер эканлигини билганидан кейин уни қўлида кўтариб юриш ва аллалашини тўхтатди, эркалаш ва ўпишини тўхтатди ва унга ҳатто ҳадеб тегинавериши ҳам ноқулай туюладиган бўлди, лекин бу сафар Шчелкунчикни токчадан авайлаб олди ва ғамхўрлик кўрсатиб дастрўмоли билан бўйнида-ги қонли доғни арта бошлади. Аммо у тўсатдан дўсти Шчелкунчик қўлида илиганлиги ва қимирлаганлигини ҳис этганида довдираб қолди! Қизча тезда уни яна токчага қўйди, шунда Шчелкунчикнинг лаблари хиёл очилди ва у қийинчилик билан гувранди:
– Оҳ, бебаҳо, садоқатли дўстим мадемуазель Штальбаум, сиздан қанчалар қарздорман! Йўқ, мени деб расмли китобларингизни, байрам кўйлагингизни қурбон қилманг – менга шамшир топиб беринг… Шамшир! Бошқа нарсаларнинг ғамини ўзим ейман, ҳатто у…
Шу жойда Шчелкунчикнинг гапи узилди ва ҳозиргина чуқур қайғу билан порлаётган кўзлари яна хира тортди ва нурсизланди. Мари ҳечам қўрқиб кетмади, аксинча – хурсандликдан сакрашга тушди. Энди у яна оғир қурбонлар қилмасдан Шчелкунчикни қандай қилиб қутқариш мумкинлигини биларди, лекин бу инсончага шамширни қаердан топса бўлади?
Мари Фриц билан маслаҳатлашишга қарор қилди ва кечқурун ота-онаси меҳмонга кетишгач, улар икковлон меҳмонхонада ойнаванд жавон олдида ўтиришганида қизча акасига Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли туфайли ўзи билан нима рўй берганлигини ҳамда эндиликда Шчелкунчикни қутқариш нимага боғлиқлигини гапириб берди.
Фрицни, Марининг ҳикоя қилишича, суворийлари жанг вақтида ўзларини ёмон тутганликлари, айниқса, хафа қилди. У жуда жиддий равишда ҳақиқатан ҳам шундай бўлганлигини синглисидан қайтадан сўраганидан кейин Мари унга чин сўз бергач, Фриц дарҳол ойнаванд жавон олдига яқинлашиб, суворийларига даҳшатли нутқ билан мурожаат қилди, сўнг уларнинг худбинлиги ва қўрқоқлигига жазо сифатида шапкаларидаги кокарда-ларини узиб ташлади ва йил давомида суворийлар маршига ўйнашни ман этди. Суворийларни жазолашни тугаллаб, у Марига юзланди:
– Шчелкунчикка шамшир топиб беришга ёрдам кўрсатаман: кечагина суворийларнинг қари полковнигига нафақа тайинлаб, истеъфога чиқардим ва демак, унинг ажойиб ўткир шамшири энди ўзига керак эмас.
Тилга олинган полковник Фриц томонидан тўланадиган нафақа ҳисобига учинчи токчанинг узоқ бурчагида яшарди.
Фриц уни ўша ердан олиб, ҳақиқатан ҳам жуда олифта кумуш шамширини белидан ечди ва Шчелкунчикка осиб қўйди.
Эртаси тунда Мари ваҳима ва қўрқувдан кўз юма олмади. Ярим тунда қулоғига меҳмонхонада қандайдир ғалати тўполон – жиринг ва шатиршутир чалинди. Бирдан «Квик!» овози эшитилиб қолди.
– Сичқон Қироли! Сичқон Қироли! – қичқириб юборди Мари ва даҳшатдан кроватидан сакраб тушди.
Ҳамма нарса сокин эди. Бироқ кўп ўтмай кимдир эҳтиётлик билан эшикни тақиллатди ва ингичка овоз эшитилди:
– Бебаҳо мадемуазель Штальбаум, эшикни очинг ва ҳеч нарсадан қўрқманг! Хуш, хурсандчилик хабарлари.
Мари ёш Дроссельмейернинг овозини таниди, юбкачасини кийди ва тез эшикни очди. Остонада Шчелкунчик ўнг қўлида қонга бўялган шамшир, чап қўлида – ёқилган мум шам билан турарди. Марини кўргач, у шу заҳотиёқ бир тиззаси билан чўкка тушди ва шундай гап бошлади:
– Оҳ, зебо хоним! Журъатли, сизни ҳақорат қилишга жазм қилганни санчиб, нобуд қилишим учун менга рицарлик жасоратини ва қўлларимга қувватни фақат ўзингиз ато қилдингиз. Маккор сичқонлар Қироли қатл этилди ва ўз қонида чўмилмоқда! Умрининг сўнгги дақиқасигача сизга содиқ бўлганнинг қўлидан ўлжаларни марҳамат қилиб қабул қилиб олишга лозим топсангиз.
Шундай дея азиз Шчелкунчик сичқон Қиролининг чап қўлига тақиб олган етти олтин тожини чаққонлик билан қоқди ва уларни қувонч билан олган Марига узатди. Шчелкунчик ўрнидан турди ва гапини шундай давом эттирди:
– Оҳ, менинг бениҳоя бебаҳо мадемуазель Штальбаумим! Агар сиз ортимдан бир неча қадам ташлашни лозим топсангиз, душман қатл этилган шу онларда сизга қандай ажойиботларни кўрсатган бўлардим! Оҳ, шундай қилинг, шундай қилинг, қадрли мадемуазель!
ҚЎҒИРЧОҚЛАР САЛТАНАТИ
Болалар, ўйлашимча, сизларнинг ҳар бирингиз бир дақиқа ҳам иккиланмасдан, нияти бузуқ бўлмаган, ҳалол, раҳмдил Шчелкунчик ортидан эргашардингиз. Мари ҳақида эса умуман гап бўлиши мумкин эмас, – зеро Шчелкунчикнинг беқиёс миннатдорчилигига ҳақлигини биларди ва у ўз сўзининг устидан чиқиб, бисёр аломат нарсаларни кўрсатишига ишончи комил эди. Шунинг учун ҳам қизча:
– Сиз билан бораман, жаноб Дроссельмейер, фақат узоққа ва кўп вақтга эмас, чунки уйқуга тўйганим йўқ, – деди.
– Унда қулай бўлмаса ҳам энг қисқа йўлни танлайман, – жавоб берди Шчелкунчик.
У йўл бошлади. Мари эргашди. Улар эски баҳайбат кийим жавони олдидаги остонада тўхташ-ди. Мари одатда қулфлаб қўйиладиган барча эшикчалар ланг очиқлигидан ажабланди; у отасининг эшикча олдида илиб қўйилган, сафарда киядиган, тулки терисидан тикилган пўстинини равшан кўриб турарди. Шчелкунчик ўта чаққонлик билан жавоннинг бурама кертикли қиррасидан кўтарилди ва пўстин ортида осилиб турган қалин чилвирдаги катта шокилани ушлаб олди. У шокилани бутун кучи билан силтаб тортди ва ўша заҳотиёқ пўстиннинг енгидан кедр дарахтининг нафис пўстлоғи тушди.
– Қадрли мадемуазель Мари, марҳамат қилиб, тепага кўтариласизми? – сўради Шчелкунчик.
Мари шундай қилди. Ва у енгдан кўтарилиб, ёқа ёнидан атрофга назар ташлашга улгурмасидан рўпарасида кўзни қамаштирадиган ёғду порлади ва қизча гўё ярқироқ қимматбаҳо тошлардек товланаётган нафосатли хушбўй ўтлоқда пайдо бўлиб қолди.
– Биз Обаки ўтлоғидамиз, – деди Шчелкунчик. – Ҳозир эса анави дарвоза олдига борайлик.
Шундагина Мари кўзларини кўтариб, ўзидан бир неча қадам нарида, ўтлоқ ўртасида қад ростлаб турган кўркам дарвозани кўрди; улар оқ ва жигар ранг зираҳолли мармардан ясалганга ўхшарди. Мари яқинроқ келиб, бу мармар эмас, балки шакарланган бодом ва майиз эканлигини англади, шунинг учун ҳам улар, Шчелкунчикнинг тасдиқлашича, Бодом-Майиз дарвозалари деб аталар, авом халқ уларни беадаблик билан очкўз талабалар дарвозаси, дейишар экан. Ушбу дарвозалар ён томонидаги, афтидан, арпа шакаридан ясалган айвонда қизил камзулли олти маймунча моҳир ҳарбий оркестрни ташкил этиб, шу қадар оҳанрабо мусиқа чалардики, Мари зировар қўшиб қайнатилган шакардан ясалган мар-мар тоштахталардан ўзи буни сезмаган ҳолда тобора нари ва нари кетаётганди.
Кўп ўтмай қизчани икки томонга ёйилиб кетган мўъжизавор дарахтзордан анқиётган тотли муаттар ҳидлар елпиб ўтди. Тим қора япроқлар шу қадар ялтирар ва товланардики, турфа рангли пояларда осилиб турган тилла ва кумуш мевалар; қувноқ куёв ва келин ҳамда никоҳ тўйидаги меҳмонлар каби капалаксимон тугунлар, гулчамбарлар дарахт таналари ва бутоқларини безаб, равшан кўриниб турарди. Апельсинларнинг хуш исидан тўйинган насимнинг ҳар бир эсишида бутоқлар ва япроқларда шитир-шитир эшитилар, зар иплар худди шодон мусиқадай ғарчиллар ва қасир-қусур қилар, унга жўр бўлиб товланаётган шуълалар рақсга тушар ва сакрарди.
– Эҳ, бу ер нақадар мафтункор! – ҳайқириб юборди Мари.
– Биз Рождество ўрмонидамиз, илтифотли мадемуазель, – деди Шчелкунчик.
– Оҳ, бу ерда бўлишни қанчалик хоҳлардим! Бу жой шу қадар латофатлики! – яна хитоб билан деди Мари.
Шчелкунчик чапак чалди ва шу ондаёқ жажжи, худди соф шакардан ясалган деб ўйласа бўладиган жуда нафис ва оппоқ чўпон болалар, қизчалар, овчи йигит ва қизлар пайдо бўлди. Улар ўрмонда сайр қилиб юрган бўлишса ҳам Мари нимагадир олдин бу чўпон ва овчиларни пайқамаган экан. Улар мўъжизавий тилла кресло олиб келишди, унга қиёмдан қилинган оқ ёстиқни қўйишди ва жуда илтифот билан Марини ўтиришга таклиф қилишди. Шу заҳотиёқ чўпон болалар ва чўпон қизчалар нозик рақсни ижро этишди, овчилар эса бу вақтда маҳорат ила буғу чаларди. Кейин ҳаммалари бутазорда яширинишди.
– Қадрли мадемуазель Штальбаум, кечиргайсиз, – деди Шчелкунчик, – бундай ночор рақслар учун узр сўрайман. Бу раққослар қўғирчоқ балетимиздан – улар фақат бир нарсани қайтараверишни билишади, овчиларнинг уйқусираб ва эриниб буғу чалишларининг ҳам ўз сабаблари бор. Арчалардаги бежирим конфет қутилари улар бурниларнинг олдида бўлса ҳам, жуда баландда осилиб турибди. Энди эса сайримизни давом эттиришга марҳамат қиласизми?
– Нима деяпсиз, балет шу қадар мафтункор эканки, менга жуда ҳам ёқди! – деди Мари ўрнидан турар ва Шчелкунчик ортидан йўлга тушар экан.
Улар майин шовуллаганича ва жилдираганича югураклаб, хушбўйлиги бутун ўрмонни қоплаган ирмоқ бўйлаб боришарди.
– Бу Апельсин ирмоғи, – жавоб берарди Шчелкунчик Марининг саволларига, – бироқ агар унинг ғаройиб хушбўйлиги ҳисобга олинмаса, катталиги билан ҳам, гўзаллиги билан ҳам иккаласи Бодом сути кўлига қуйиладиган Лимонад дарёси билан тенглаша олмайди.
Ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай Мари кучлироқ шовуллаш ва жилдирашни эшитди ҳамда марвариддек товланаётган мағрур оч-жигар ранг тўлқинларини буталар орасидан юмалатаётган кенг лимонад оқимини кўрди. Бу гўзал манзарали сувдан кўкрак ва юракка ҳузур бағишлайган ғайриодатий тетиклантирувчи салқин эсарди. Сал нарироқда ниҳоятда тотли хуш исли тим жигар ранг дарё сокин оқаётганди, унинг қирғоғида эса пўрим болалар кичик семиз балиқчаларни тутишаётган ва шу ернинг ўзида ейишаётганди. Мари яқинроқ келиб, балиқчалар гаровхона ёнғоқларига ўхшашлигини пайқади. Қирғоқнинг бироз нарисида маф-тункор қишлоқча ястаниб ётарди. Уйларнинг, черковнинг, пастор100100
Пастор – протестант мазҳабидаги руҳоний.
[Закрыть] уйининг, омборларнинг томлари тим жигар ранг тилладан ясалганди; кўпгина деворлар эса шундай чипор расмлар билан безалган эдики, гўё уларга шакарланган бодом ва лимонлар ёпиштирилганга ўхшарди.
– Бу Асал дарёси қирғоғида жойлашган Ширин кулча қишлоғи, – деди Шчелкунчик. – Бу ерда жуда чиройли, лекин ҳамма тиш оғригига дучор бўлганлиги сабабли жаҳлдор халқ яшайди. Яхшиси, биз у ерга бормаймиз.
Шу лаҳзадаёқ Мари барча уйлари ёппасига чипор ва шаффоф бўлган бежирим шаҳарчани кўриб қолди. Шчелкунчик уни тўппа-тўғри шу томонга бошлади ва мана, Мари бетартиб шодон ғовурғувурни эшитди ва бозорда тиқилиб кетган, тўлдириб юк ортилган араваларни бўшатишаётган минглаб хушбичим одамчаларни кўрди. Улар тушираётган юк чипор рангли қоғозчалар ва шоколад бўлакчаларини ёдга соларди.
– Биз Конфетенхаузендамиз, – деди Шчелкунчик, – ҳозиргина бу ерга Қоғоз Қироллиги ва шоколад Қиролидан чопарлар келишди. Бироз аввал бечора конфетенхаузенларга чивин адмиралининг армияси таҳдид қилаётганди; шунинг учун улар ўз уйларини Қоғоз давлатининг инъомлари билан ёпишмоқда ва шоколад Қироли юборган мустаҳкам бўлакчалардан қалъа кўтаришмоқда. Аммо, бебаҳо мадемуазель Штальбаум, биз мамлакатнинг барча шаҳарчалари ва қишлоқларида бўла олмаймиз – тезроқ пойтахтга, пойтахтга!
Шчелкунчик олға томон қадам ташлади, Мари эса тоқатсизлик оташида ёниб, ундан орқада қол-маётганди. Кўп ўтмай атиргулларнинг ажойиб ифори таралди ва ҳамма нарса худди милтиллаётган нафис пушти ранг шуъла билан ёришгандек бўлди. Мари бу оёғи остида тотли хушоҳанглик билан шовуллаётган ва жилдираётган пушти-қизил ранг сув товланиши эканлигини пайқади. Тўлқинлар келиб урилаверди, келиб урилаверди ва ниҳоят катта мафтункор кўлга айланди, унда ажойиб кумуштус оққушлар бўйинларида тилла тасмалар билан сузиб, ажойиб қўшиқлар куйлашарди, олмос балиқчалар эса худди шодон рақс тушаётгандек пушти тўлқинларда шўнғир ва думалоқ отарди.
– Оҳ, – қувончдан ҳайқириб юборди Мари, – ахир бу бир вақтлар менга чўқинтирган отам ясаб беришга ваъда қилган кўлнинг ўзи-ку! Мен эса бу ажойиб оққушлар билан вақтимни чоғ қиладиган қизчаман-ку.
Шчелкунчик аввал бирор марта бундай бўлмаган истеҳзо билан кулди, кейин эса шундай деди:
– Тоғам ҳеч қачон бунақа нарсани ясаб бера олмайди. Бунинг уддасидан кўпроқ сиз, мадемуазель Штальбаум чиқишингиз мумкин… Аммо буни мушоҳада қилиб ўтиришга ҳожат борми? Яхшиси, Пушти ранг кўлидан нариги томонга – пойтахтга ўтамиз.