Читать книгу "Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли"
Автор книги: Эрнст Гофман
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Шчелкунчик полга сакраб тушган сониядаёқ яна чийиллаш ва вижиллаш бошланди. Эҳ, ахир катта столи остида ёвуз сичқонларнинг беҳисоб тўдаси тўпланган ва буларнинг олдида етти бошли жирканч сичқон турибди!
Нима бўларкин?
ЖАНГ
– Дўмбирачим – содиқ хизматчим, умумий ҳужумга ўтиш куйини чал! – дабдабали буйруқ берди Шчелкунчик.
Шу заҳотиёқ дўмбирачи ниҳоятда моҳирона дукур-дукурини бошладики, жавоннинг ойнаванд эшиклари титраб ва дириллаб кетди. Жавоннинг ўзида эса нимадир даранглади ва қирсиллади, Мари Фрицнинг қўшинлари жойлаштирилган барча қутилар биракайига очилиб кетганлигини, аскарлар ўша ердан тўғри пастки токчага сакраб тушиб, ярқироқ либосларида саф тортганликларини кўрди. Шчелкунчик саф олдида югуриб, қўшинни нутқлари билан руҳлантирарди.
– Нобакор карнайчилар қаерда? Нега улар карнай чалишмаяпти? – бақирарди жаҳли чиққан Шчелкунчик.
Шундан сўнг у бироз оқариб кетган, узун ияги тез-тез ликиллаётган Панталонега кескин бурилиб, тантанавор оҳангда деди:
– Генерал, жасоратингиз ва тажрибангиздан яхши хабардорман. Ҳаммаси вазиятни тез баҳолаш ва вақтдан фойдаланиб қолишга боғлиқ. Бутун отлиқ аскарлар ва замбаракчиларга қўмондонлик қилишни сизга ишониб топшираман. Сизга отнинг ҳожати йўқ – оёқларингиз жуда узун, шунинг учун усиз ҳам ажойиб чопа оласиз. Бурчингизни бажаринг!
Панталоне дарҳол оғзига узун қуршаган бармоқларини тиқиб, шу қадар қаттиқ ҳуштак чалдики, худди бир йўла юз қамишсурнай жарангдор янграгандек бўлди. Жавонда қаҳқаҳа ва дукур-дукур эшитилди – қаранг-а! – Фрицнинг тўпчилари ва драгунлари7979
Драгун (французча «dragon» – «аждар» сўзидан) – пиёда ҳолда ҳам жанг қилишга қодир бўлган отлиқ аскар.
[Закрыть], ҳаммадан олдинда эса янги, ярқироқ либосдаги суворийлар жангга отланиб, бир зумда пастда, полда пайдо бўлди. Мана, полклар ҳилпираётган байроқлари ва дўмбира садолари остида бирин-кетин Шчелкунчик олдида шаҳдам қадам ташлаб, бутун хона кўндаланги бўйича кенг саф тортди. Фрицнинг тўпчилар кузатиб бораётган барча замбараклари гумбур-гумбур қилиб олдинга чиқди ва «бум-бум» қилиб ўқ уза бошлади. Мари сичқонлар галаларининг қалин сафлари томон шакар сепилган оқ майда думалоқ обаки уча бошлаганлиги, бундан улар роса изза бўлганлигини кўрди. Аммо сичқонларга ҳаммадан кўпроқ Мари онасининг оёқ қўядиган скамейкасига жойлашган оғир замбараклар катта зарар етказарди. Улар ёвни думалоқ ширин кулчалар билан ўққа тутди, бундан анчагина сичқонлар ер тишлади.
Бироқ сичқонлар ҳужумни ҳамон давом эттиришар ва ҳатто бир нечта замбаракни қўлга киритишганди; лекин шу пайт шовқин ва тарақ-туруқ – трр-трр! – эшитилди. Мари ҳамма ёқни тутун ва чанг қоплаганидан нима бўлаётганини яхши англай олмаётганди. Аммо бир нарса аниқ эди: икки қўшин жон-жаҳд билан жанг қилар ва ғалаба ё у, ё бу томонга ўтаётганди. Сичқонлар жангга тобора янги ва янги қўшинларини киритар, улар жуда моҳирлик билан отаётган кумуш хапдорилар жавонгача етиб бораётганди. Клерхен ва Трудхен токчада югуришиб, тушкунликда қаттиқ куюнишарди.
– Наҳотки шу навқирон ёшимда ҳаётдан кўз юмсам, наҳотки мен – шундай чиройли қўғирчоқ ўлса! – бўкирарди Клерхен.
– Шу ерда – тўрт девор ичида ҳалок бўлиш учун ўзимни шу қадар зебо сақлаб келдимми! – кўз ёши тўкарди Трудхен.
Шундан сўнг улар бир-бирларининг бағрига отилди ва ниҳоятда бўкириб юборишдики, ҳатто жангнинг шиддатли тақир-туқури овозларини боса олмади.
Азиз тингловчиларим, бу ерда нима рўй бераётганлигидан мутлақо воқиф эмассизлар. Замбараклар бири қўйиб, иккинчиси ўқ очяпти: прр-прр!.. Др-др!.. Трах-тарарах-трах-тарарах!.. Бумбурум-бум-бурукм-бум!.. Шу жойнинг ўзида сичқонларнинг Қироли ва сичқонлар чийиллар ва чинқирар, кейин жангга қўмондонлик қилаётган Шчелкунчикнинг яна ваҳимали ва азим овози эшитилди. У ўт остида батальонларини айланиб чиқаётганлиги кўриниб турарди.
Панталоне суворийларнинг бир нечта ниҳоятда мардона ҳужумини уюштирди ва ўзини шон-шуҳратга буркади. Бироқ сичқонларнинг замбараклари Фрицнинг суворийлари устига жирканч қўланса ўқ ёғдириб, уларнинг қизил ҳарбий кийимларида ўта расво доғ қолдирар, шунинг учун отлиқ қўшин олдинга ташланмаётганди. Панталоне уларга «чапга бурил» буйруғини берди ва қўмондонлигидан руҳланиб, ўзи чапга бурилди, ортидан тўпчилар ва драгунлар тушишди, суворийларнинг ҳаммаси эса аввал турган жойига жуфтагини ростлаб қолишди. Эндиликда оёқ учун мўлжалланган скамейкада жойлашган тўпчиларнинг аҳволи хавфли тус олди; кўп кутишга тўғри келмасдан қўланса сичқонларнинг галалари шу қадар қаҳр билан ҳужумга ташланишдики, скамейкани замбараклар ва тўпчилар билан бирга ағдариб юборишди. Афтидан, Шчелкунчик гаранг бўлиб, ўнг қанотда чекинишни буюрди.
Жангу жадалда тажрибанг жуда катта бўлган тингловчим Фриц, биласанки, бундай иш кўриш жанг майдонидан қочиш билан баб-баравар ва мен билан биргаликда Марининг жажжи суюклиси – Шчелкунчик қўшинларининг муваффақиятсизлигидан қайғуряпсан. Лекин нигоҳингни бу ҳамладан буриб, Шчелкунчик аскарларининг аҳво-ли яхши бўлган, қўмондон ва қўшиннинг умидлари ҳали тўла чап қанотга боқ. Жўшқин жанг давом этар экан, кийим-кечак тахланган бошқа жавон остидан жуда оҳисталик билан сичқонлар отлиқ аскарлари чиқишиб, жирканч чийиллаган ҳолда Шчелкунчик қўшинининг чап қанотига қаҳр билан ташланишди; бироқ улар шу қадар қаттиқ қаршиликка дуч келишди-ки, қўяверасан! Нотекис жой имкон берган даражада, зеро, жавоннинг четидан ошиб ўтиши керак эди, Хитойнинг икки императори бошчилигидаги сирли қўғирчоқлар аскарлари квадрат шаклида саф тортди. Бу боғбонлар, тиролликлар8080
Тироль (немисча «Tirol», итальянча «Tirolo», лотинча «Tirolis») – Марказий Европада, Альп тоғларининг шарқий қисмида жойлашган, Муқаддас Рим империяси таркибига кирган тарихий вилоят.
[Закрыть], тунгуслар8181
Тунгуслар – Шарқий Сибирда яшайдиган эвенкларнинг қадимий номи.
[Закрыть], сартарошлар, арлекинолар8282
Арлекино (итальянча «Arlecchino») – итальян комедияларининг энг машҳур персонажи, ямоқ кийим, қуён думи тақилган шапка кийиб юрадиган ҳушчақчақ хизматкор образи.
[Закрыть], купидонлар8383
Купидон – Ўрта асрларга оид адабиётларда тасвирланган, қўлида севишганларни мўлжалга оладиган муҳаббат ёйи бўлган римлик маъбуд бола.
[Закрыть], шерлар, йўлбарслар ва маймунлардан ташкил топган жуда азамат, ранг-баранг кўркам либослардаги полк аскарлари сабр-қаноат ва довюраклик билан билан жанг қиларди. Бу сара батальон спарталиклардек8484
Спарта (кўҳна юнонча «Σπαρτη», лотинча «Sparta») – Юнонистондаги кўҳна давлат. Бу давлатда ўғил болалар чидамли бўлишлари учун ёшлигидан шафқатсиз тарбия қилинган.
[Закрыть] жасорат билан душман қўлидан ғалабани юлқиб олган бўларди. Аммо душманнинг бир довюрак ротмистри8585
Ротмистр (немисча «Rittmeister» – «Ritt» – «отлиқ отряд» ва «Meister» – «бошлиқ» сўзидан) – отлиқ ҳарбий бўлинмаларда 1947 йилгача ишлатиб келинган эскадрон командири ҳарбий унвони, «капитан» ҳарбий унвонига тенг.
[Закрыть] телбанамо жасурлик билан Хитой императори бирининг олдига ёриб ўтиб, бошини узиб олди, у эса йиқила туриб, икки тунгус ва маймунни босиб қолди. Бунинг оқибатида қўшин сафида раҳна пайдо бўлиб, ёв шу томонга ташланди ва тез орада бутун батальон ғажиб ташланди.
Бироқ душман бу даҳшатли қилмишидан кўп наф кўрмади. Сичқонлар отлиқ аскарларининг қонхўр аскари жасур душманидан бирортасини иккига бўлиб ғажиб ташлаши билан бўғзига қоғоз тиқилиб, шу жойидаёқ ҳалок бўлаётганди. Лекин бу ҳам чекинишни бошлаб, буни давом эттираётган ва катта талафот кўраётган Шчелкунчик қўшинларига ёрдам бермади. Шунинг учун кўп ўтмай бечора Шчелкунчик бошчилигидаги бир тўда довюракларгина жавон олдида ҳужумни даф этиб турарди. «Захирада турганлар, бу ёққа! Панталоне, Скарамуш, дўмбирачи сиз қаердасиз?» – ойнабанд жавон ичидан янги кучлар келишига умид қилаётган Шчелкунчик шундай дерди.
Тўғри, у жойдан торнлик олтин юзли, олтин дубулғали ва шляпа кийган бир нечта долчин ранг одамчалар келишди; бироқ улар шу қадар уқувсиз жанг қилардики, бирон марта душманни мўлжалга олиша олмади, эҳтимол, фақат саркардалари Шчелкунчикнинг шапкасини бошидан тушириб юборишга қурблари етарди. Ёвнинг овчилари кўп ўтмай уларнинг оёғини ғажиб ташлашди ва бу одамчалар ағанаб, Шчелкунчикнинг кўпги-на сафдошларини босиб қолди. Энди душман томонидан ҳамма ёқдан чекинтирилаётган Шчелкунчик катта хавф остида қолганди. У жавон четидан сакраб ўтмоқчи бўлганди, бироқ оёғи жуда калталик қилди. Клерхен ва Трудхен унга ёрдам бериша олмасди – ҳушидан кетишганди. Суворийлар ва драгунлар Шчелкунчик ёнидан ўтиб, тўғри жавонга сакраб чиқишаётганди. Шунда у ниҳоятда тушкунликда бор овози билан қичқирди:
– От келтиринг, от келтиринг! От учун ярим салтанат бераман!
Шу лаҳзада душманнинг икки ўқчиси унинг ёғочдан тикилган ёмғирпўшига ёпишиб олишди, сичқонлар Қироли эса ўзининг барча етти ҳалқуми билан ғолибона чийиллаб, Шчелкунчик томон сакради.
Мари ўзини эплай олмай қолганди.
– Оҳ, бечора Шчелкунчигим! – деб бўзлар экан, нима қилаётганини билмасдан чап оёғидаги туфлисини ечиб, бутун кучи билан сичқонлар тўдаси ўртасига, тўппа-тўғри уларнинг Қироли томон улоқтирди. Шу ондаёқ ҳамма нарсанинг кули кўкка совурилди ва Мари чап тирсагидаги оғриқни аввалгидан ҳам кучлироқ сезди ва ҳушидан кетиб, полга йиқилди.
КАСАЛЛИК
Мари узоқ вақт ҳушсизликдан сўнг ўзига келганида тўшагида ётганлигини, музлаган деразалар орқали хонага қуёш ёрқин шуъла сочаётганлигини кўрди.
Тўшагининг ёнгинасида бегона одам ўтирарди, лекин Мари кўп ўтмай бу жарроҳ Вендельштернлигини таниди. Врач оҳистагина деди:
– Ниҳоят кўзини очди…
Шунда онаси қизининг ёнига келиб, унга хавотир ва синчков назар ташлади.
– Оҳ, азиз онажоним, – бижирлади Мари, – айтинг-чи: ниҳоят ярамас сичқонлар даф бўлиб, ажойиб Шчелкунчигимиз қутқарилдими?
– Бўлмағур сафсата сотишни қўйсангчи, дилбарим Марихен! – эътироз билдирди онаси. – Сичқонлар Шчелкунчигингни бошига урадими? Сен эса ёқимсиз қизчам, нақ юрагимизни чиқариб юбораёздинг. Болалар ўзбошимчалик қилиб, отаоналарининг гапларига кирмаганида ҳамиша шундай бўлади. Кеча ярим тунгача қўғирчоқларингни ўйнаб, мудраб қолибсан ва, афтидан, тасодифан ёнингдан лип этиб ўтиб қолган сичқонча қўрқитиб юборганга ўхшайди: ахир, уйимизда сичқонлар умуман йўқ-ку. Қисқасини айтганда, тирсагинг билан жавондаги ойнани синдириб, қўлингни яралабсан, яхшиямки, ойна кўктомирингни кесиб кетмабди! Қўлинг яраланган жойдан ҳозиргина ойна синиқларини суғуриб олган доктор Вендельштерн шундай бўлганида бир умр мажруҳ бўлиб қолишинг ва ҳатто кўп қон йўқотишинг мумкинлигини айтди. Худога шукрки, ярим тунда уйғониб, ётоқхонада йўқлигингни сезиб, меҳмонхонага кирдим. Жавон олдидаги полда қонга булғаниб, ҳушсиз ётган экансан. Қўрққанимдан ўзим ҳам, сал бўлмаса, ҳушдан кетардим. Атрофингда Фрицнинг қалай аскарчалари, турли ўйинчоқлар, сирли қўғирчоқлар ва ширин кулчалардан ясалган одамчалар сочилиб ётарди. Қон сизаётган чап қўлингга Шчелкунчикни ушлаб олган экансан, сал нарироқда туфлинг ётарди.
– Оҳ, ойижон, ойижон! – унинг гапини бўлди Мари. – Ахир бу қўғирчоқлар билан сичқонлар ўртасидаги буюк жанг излари эди-ку! Сичқонлар қўғирчоқлар қўшинига қўмондонлик қилаётган бечора Шчелкунчикни асир олмоқчи бўлганларидан қўрқиб кетдим. Шунда сичқонларга туфлимни отдим, кейин нима бўлганлигидан бехабарман.
Доктор Вендельштерн онасига кўзини сиқди ва онаси Марини унатишга тушди:
– Қўйсанг-чи, қўйсанг-чи, азизам, тинчлан! Ҳамма сичқонлар тумтарақай қочиб қолди, Шчелкунчик эса жавонда, ойна ортида соппа-соғ турибди.
Шу пайт ётоқхонага тиббиёт маслаҳатчиси кириб келди ва хирург Вендельштерн билан анча вақт суҳбатлашди, сўнг у Марининг томир уришини текширди, қизча эса улар ўзининг яраланганлиги оқибатидаги алаҳсираши тўғрисида гаплашишаётганини эшитди.
Бир неча кун Марининг тўшакда ётиб, дори ичишига тўғри келди, лекин тирсагидаги оғриқни ҳисобга олмаганда ўзи мазаси қочганини ҳис этмаётганди. У азиз Шчелкунчиги жангдан соғ-саломат чиққанлигини биларди ва вақти-вақти билан худди тушида кўраётгандек гўё бу ўйинчоғи ўта ғамгин, аммо жуда аниқ: «Мари – лобар хоним, сиздан жуда қарздорман, лекин, мен учун янада кўпроқ яхшилик қилишингиз мумкин», деяётгандек эди.
Мари бу нима бўлиши мумкин деб беҳуда ўй сурар, лекин миясига ҳеч нарса келмасди. Қўли яраланганлиги учун чинакамига ўйнай олмас, мутолаа қилмоқчи ёки расмли китобчаларни варақламоқчи бўлса, кўзи жимирлаб кетарди, шунинг учун бундан ҳам воз кечишига тўғри келарди. Шу сабабли Мари учун вақт беҳад узоқ чўзилар ва онаси кроватига ўтириб, турли афсонавий воқеалар ҳақида ўқиб ва ҳикоя қилиб берадиган пайт – қош қорайишини сабрсизлик билан кутарди.
Мана, ҳозир ҳам онаси шаҳзода Факардин тўғрисидаги мароқли эртакни энди тугаллаган эди, бирдан эшик очилиб, чўқинтирган отаси Дроссельмейер кириб келди.
– Яраланган бечора Марига бир боқишга рухсат берсангиз, – деди у.
Мари чўқинтирган отасини кундалик жигарранг камзулида кўрган заҳотиёқ кўз ўнгида Шчелкунчик сичқонлар билан жангда мағлубиятга учраган тун жуда жонли гавдаланди ва у беихтиёр суднинг катта маслаҳатчисига бақириб юборди:
– Оҳ, ота, қандай ирқитсан! Сичқонларни чўчитиб юбормаслиги учун соат оҳиста чиқиллашини кўзлаб, унинг устига ўтириб олиб, қанотларингни осилтирганингни яққол кўрдим. Сичқонлар Қиролини чақирганингни ҳам аниқ эшитдим. Нега Шчелкунчикка ёрдам беришга шошилмадинг, нега, иркит отам, менга ёрдам беришга шошилмадинг? Ҳаммасига сен айбдорсан. Сен сабабли қўлимни кесиб олдим ва энди касал бўлиб, тўшакда ётишга мажбурман!
Бундан қўрқиб кетган онаси сўради:
– Сенга нима бўлди, азизам Мари?
Лекин чўқинтирган отаси афтини ғалати буриштирди ва тамтароқли, зерикарли оҳангда деди:
– Соат капкири аранг қимирлар. Тақиллаш кам – ҳамма гап шунда. Трик – ва – трак! Бундан буён ҳам ҳамиша соат капкири тақиллаши, қўшиқ айтиши керак. Муддат келар – бонг чалинар: бим – ва – бом! Чўчима, азизам. Соат муддатида ва, айтгандек, сичқон галаларининг адабини бериб қўйиш учун қўнғироқ чалади, кейин эса бойўғли учиб чиқади. Бир – ва – икки, бир – ва – икки! Муддат келар – бонг чалинар. Соат капкири аранг қимирлар. Тақиллаш кам – ҳамма гап шунда. Тик – ва – так ва трик – ва – трак!
Мари кўзини бақрайтирган ҳолда чўқинтирган отасига тикилди, чунки у одатдагидан анча бошқачароқ ва бадбашаралироқ туюлар, ўнг қўлини эса худди масхарабозни арқонча орқали силтаб турилгандек, олдинга ва орқага силкитарди.
Агар онаси ёнида бўлмаганида ва агар Фриц ётоқхонага билдирмай кириб, чўқинтирган отасининг гапини хандон кулгуси билан бўлмаганида жуда чўчиб кетган бўларди.
– Эҳ, отагинам Дроссельмейер, – хитоб билан деди Фриц, – бугун жудаям кулгили кўринасан! Худди аллақачон ўчоқ ортига улоқтирган масхарабозимдек қийшанглайсан.
Онаси ҳамон жуда жиддийлик билан шундай деди:
– Қадрли жаноб катта маслаҳатчи, бу ҳақиқатан ҳам ғалати-ку. Нимани назарда тутяпсиз.
– Худойим, севимли соатсоз қўшиғим ёдингиздан кўтарилдими? – жавоб берди Дроссельмейер кулиб. – Уни ҳамиша Мари каби беморлар учун куйлаб бераман-ку.
У тезда кроватга ўтириб, шундай деди:
– Сичқонлар Қиролининг барча ўн тўртта кўзини бирданига ўйиб олмаганим учун аччиқланма – буни қилиб бўлмасди. Аммо ҳозир сени ҳурсанд қиламан.
Суднинг катта маслаҳатчиси шундай дея қўлини чўнтагига тиқди ва у ердан жуда эҳтиёткорлик билан – болалар сиз нима деб ўйлайсиз? – тушган тишлари жуда моҳирлик билан ўрнатилган ва жароҳатланган жағи тўғрилаб қўйилган Шчелкунчикни олди.
Мари қувонганидан қичқириб юборди, онаси эса кулимсираб шундай деди:
– Чўқинтирган отанг Шчелкунчик тўғрисида қандай ғамхўрлик қилаётганини кўрдингми?..
– Ҳар ҳолда тан ол, Мари, –Штальбаум хонимнинг гапини бўлди чўқинтирган отаси, – ахир Шчелкунчик у қадар хушбичим эмас, кўримсиз ҳам. Агар хоҳласанг, бундай мажруҳлик унинг оиласида қандай пайдо бўлганлиги ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётганини жон деб ҳикоя қилиб бераман. Эҳтимол, малика Пирлипат, жодугар Сичқонбека ва моҳир соатсоз тўғрисидаги ривоятни эшитгандирсан?
– Отагинам! – гапга суқилди Фриц, – ҳақиқатан ҳам Шчелкунчикка тишларини жуда боплаб қўйибсан, жағи ҳам ликилламаяпти. Лекин, нега шамшири йўқ? Нега шамширини унга боғлаб қўймадинг?
– Тиниб-тинчимассан-да, – тўнғиллади суднинг катта маслаҳатчиси, – ҳеч кўнглингни топиб бўлмайди, Шчелкунчикнинг шамшири билан ишим йўқ. Уни даволадим, энди шамширни қаердан хоҳласа, шу ердан топсин.
– Тўппа-тўғри! – хитоб билан деди Фриц. – Агар у жасур йигитча бўлса, ўзига қурол топа олади.
– Шундай қилиб Мари, – давом этди чўқинтирган отаси, – малика Пирлипат тўғрисидаги эртакни биласанми?
– Эҳ, йўқ! –жавоб берди Мари. – Азиз отажоним, айтиб бер, айтиб бер!
– Умид қиламанки, қадрли жаноб Дроссельмейер, – деди онаси, – бу сафарги эртагингиз одатдагидек жуда ҳам даҳшатли бўлмас.
– Албатта, қадрли хоним Штальбаум, – жавоб берди Дроссельмейер. – Аксинча, сизга ҳикоя қилиш бахтига муяссар бўладиган эртагим жуда завқли.
– Оҳ, айтиб беринг, айтиб беринг отажон! – бақиришди болалар.
Суднинг катта маслаҳатчиси ҳикоясини шундай бошлади.
ҚАТТИҚ ЁНҒОҚ ТЎҒРИСИДА ЭРТАК
Пирлипатнинг онаси – Қиролнинг хотини, демак Қиролича эди, Пирлипат эса туғилган лаҳзадаёқ зотдор маликага айланганди. Қирол бешикда ухлаётган лобар қизчасидан завқланишдан тўймасди. У хурсандлигидан рақсга тушар, бир оёқда сакрар ва ҳадеб қичқираверарди:
– Бирор киши менинг Пирлипат хонимдан гўзалроқ қизчани бирор марта кўрганми?
Барча вазирлар, генераллар, маслаҳатчилар ва зобитлар ҳам оталари Қиролдек бир оёқда сакрашар ва бирваракайига шундай жавоб беришарди:
– Йўқ, ҳеч ким кўрмаган!
Ҳақиқатан ҳам, шу пайтгача малика Пирлипатдан латофатлироқ чақалоқ дунёга келмаганлигини инкор этиб бўлмасди. Унинг юзчаси худди оқ нилуфар ва нафис пушти шойидан тўқилгандек эди, кўзчалари – порлаётган ложувард, тилла ҳалқачалардек жингалак сочлари унга, айниқса, ярашарди. Шу билан бирга Пирлипатхен марвариддек оппоқ қўш қатор тишлари билан туғилганди, дунёга келганидан сўнг икки соат ўтмасдан чеҳрасини яқинроқдан тадқиқ қилмоқчи бўлган Рейхсканцлернинг8686
Рейхсканцлер (немисча «Reichkanzler» – «империя канцлери» сўзидан) – 1871 йилдан 1945 йилгача Германияда ҳукумат бошлиғи (Бош вазири) лавозими.
[Закрыть] бармоғини шу қадар қаттиқ тишлаб олгандики, бечора «Ой-ой-ой!» деб бўкирганди. Аммо, айримлар гўё у «Ай-ай-ай!» деб қич-қирганлигини тасдиқламоқчи бўлишади. Ҳозирги кунда ҳам бу ҳақдаги фикрлар турличадир. Лўнда қилиб айтганда, Пирлипатхен ҳақиқатан ҳам Рейхсканцлернинг бармоғини тишлаб олганди ва ўшанда халқ малика Пирлипатнинг бу мафтункор фаришта гавдасидан қалб, ақл ва ҳиссиёт ўрин олганига ишонишганди.
Юқорида айтилганидек, ҳамма завқ-шавққа тўла эди; биргина Қиролича нима учундир хавотирланар ва ташвишланарди. Айниқса, унинг Пирлипатнинг бешигини зийраклик билан қўриқлаш тўғрисида буйруқ бергани ғалати туюларди. Эшиклар олдида драбантлар8787
Драбант (немисча «Drabant» – «тан соқчиси» сўзидан) – XVII—XVIII асрларда қатор Европа мамлакатларида олий мансабдор шахслар, хусусан, қўмондонларнинг тан соқчилари.
[Закрыть] соқчилик қилаётгани етмагандек, болалар хонасида бешик ёнида доим ўтирадиган иккита энагадан ташқари яна олти энага куну тун навбатчилик қиларди. Ҳар бир энагага тиззасига мушукни ўтқазиб, миёвлашини тўхтатмаслиги учун уни тун бўйи силаб чиқиш фармойиши берилганлиги ўта тутуруқсизликдек туюларди. Сиз, азиз болажонлар, малика Пирлипатнинг онаси нега бундай чоралар кўрганлигини сира топа олмайсиз, бироқ буни мен биламан ва ҳозир сизларга бу ҳақда ҳикоя қилиб бераман.
Кунларнинг бирида малика Пирлипатнинг отаси – Қирол саройига жуда кўп машҳур Қироллар ва хушрўй шаҳзодалар тўпланишди. Бундай воқеа сабаб ажойиб мусобақалар, томошалар ва рақс кечалари ташкил этилди. Қирол олтин ва кумушлари беҳисоб эканлигини кўз-кўз қилиш учун ғазнасини совуриб, ўз шуҳратига муносиб тантана ўтказишга қарор қилди. Шунинг учун бош ошпаз-нинг саройдаги мунажжим чўчқа сўйиш учун қулай пайт келди, деб эшитганини билиб олиб, колбасахўрлик зиёфати уюштиришни режалади. Соябонли аравасига сакраб чиқиб, яқин атрофдаги барча Қироллар ва шаҳзодаларни гўё бор-йўғи бир ликопча суюқ ошга шахсан таклиф этаётгандек бўлиб, аслида ғоят лаззатли таомлар билан ҳаммани қойил қолдириш орзусида эди. Шундан кейин у рафиқаси – Қироличага жуда мулойимлик билан деди:
– Азизам, колбасани жуда хуш кўришимни яхши биласан-а…
Қиролича бу билан Қирол нима демоқчилигини англаб етганди, яъни бевосита ўзи жуда мароқли иш – колбаса тайёрлаш билан шахсан машғул бўлиши кераклигини билдирарди. Қиролича авваллари ҳам бундай ишдан ҳазар қилмасди. Бош ғазначига ошхонага катта тилла қозон ва кумуш идишларни дарҳол жўнатиш буюрилди; ўчоққа ёғочи хушбуй ўтин ёқилди. Қиролича ошхонада тақадиган кимхоб фартугини белига боғлади. Кўп ўтмай қозондан колбаса қайнатмасининг тотли ҳиди таралди. Ёқимли ҳид ҳатто Давлат кенгаши биносига ҳам тарқалди. Қирол қувончли ҳаяжондан тоқати тоқ бўларкан:
– Жаноблар, узр! – деб хитоб қилганча ошхонага югурди, бу ерда Қироличани бағрига босди, тилла скипетри8888
Скипетр – салтанат ҳассаси, Қирол ҳукмдорлиги аломати.
[Закрыть] билан қозонни бироз ковлади ва кўнгли жойига тушиб, Давлат кенгашига қайтиб келди.
Энг муҳим дақиқа келди; чўчқа ёғини бўлаклаш ва уларни олтин товада қовуришни бошлаш лозим эди. Сарой хонимлари ўзларини четга олишди, чунки Қиролича эрига садоқати, муҳаббати ва ҳурмати сифатида бу ишни шахсан ўзи бажармоқчи эди. Лекин чўчқа ёғи товада қизара бошланиши биланоқ ингичка шивирлаш эшитилди:
– Дугонажон, чўчқа ёғидан тотиб кўрай! Бир мазза қилмоқчиман – ахир мен ҳам Қироличаманку. Чўчқа ёғидан тотиб кўрай!
Қиролича бу Сичқонбека хоним эканлигини аъло даражада биларди. Сичқонбека Қирол саройида узоқ йиллардан буён яшарди. У гўё Қирол уруғи билан қариндош эканлиги, ўзи эса Сичқонистон Қироллигини бошқаришини, шу сабабли ҳам ўчоқ остида катта сарой аҳлини сақлаётганини таъкидларди. Қиролича марҳаматли ва сахий аёл эди. Ўзи Сичқонбекани Қирол зотига мансуб эмас, синглиси ҳам эмас деб ҳисобласа-да, бу тантанавор кунда чин дилдан уни ҳам зиёфатга чорлади: инингиздан чиқаверинг, Сичқонбека хоним! Чўчқа ёғидан омонликка тотиб кўринг.
Сичқонбека қувониб, тезда ўчоқ остидан сакраб чиқди ва жуда нафис панжачалари билан Қиролича узатиб турган чўчқа ёғи бўлакчаларини ола бошлади. Шу вақт Сичқонбеканинг барча қариндош-уруғлари, холалари, ҳатто етти нафар ўт-олов шумтака ўғли ёпирилиб келди. Улар чўчқа ёғига ташланишди, қўрқиб кетган Қиролича эса нима қилишини билмасди. Бахтига обер-гофмейстер8989
Обер-гофмейстер (немисча «Ober» –«юқори», «катта» ва «Hofmeister» – «сарой бошқарувчиси» сўзларидан) – сарой хўжалиги ва хизматчиларининг бошқарувчиси.
[Закрыть] хоним келиб қолиб, чақирилмаган меҳмонларни қувиб солди. Шу тариқа бирозгина чўчқа ёғи қолганди, у ушбу ҳолат бўйича махсус чақи-рилган сарой ҳисобчиси томонидан катта маҳорат билан барча колбасаларга бўлиб чиқилди.
Дўмбираю карнайлар чалинди. Байрамона сербашанг кийинган барча Қироллар ва шаҳзодалар – баъзилари оқ отда, бошқалари биллур соябонли араваларда – колбасахўрлик базмига келишди. Қирол уларни илтифот ва иззат-икром билан қарши олди, сўнг тожи ва скипетри билан шаҳаншоҳга хос бўлганидек, ёзилган дастурхон тўрига ўтирди. Ўпка-жигардан тайёрланган колбасалар келтирилганда, меҳмонлар Қирол тобора ранги ўчиб, кўзлари билан осмонга тикилишини сезишди. Унинг кўксидан уф тортишлар хиёл қулоққа чалинарди; қалби оғир қайғуда экандек туюлаётганди.
Бироқ дастурхонга қон қўшиб тайёрланган колбаса тортилганида у чексиз фиғонда инграб, гавдасини кресло суянчиғига ташлаганча икки қўли билан юзини бекитди. Ҳамма ўтирган жойидан сакраб турди. Бош шифокор бахти қаро Қиролнинг томир уришини текшириб кўришга беҳуда уринарди. Қиролни тушуниб бўлмайдиган чуқур ғам-ғусса босгандек эди. Ниҳоят, узоқ юпатишлар, куйдирилган ғоз патлари каби кучли доридармонларни қўллашдан кейингина Қирол ўзига кела бошлади. У аранг эшитиладиган ҳолда ғудранди:
– Чўчқа ёғи ниҳоятда кам!
Шунда Қиролича унинг оёғи остига юзтубан йиқилди ва инграган ҳолда деди:
– Оҳ, бечора, шўр пешона Қиролим! Оҳ, бошимизга қандай қайғу тушди! Қаранг, айбдор оёғингиз остида – жазоланг, мени қаттиқ жазоланг! Оҳ, Сичқонбека ўзининг қариндош-уруғлари, холалари ва етти ўғли билан чўчқа ёғини еб қўйишди, ва…
Шундай дея Қиролича беҳол чалқанчасига тўнтарилди. Лекин Қирол сакраб туриб, қаҳр ўтида ҳайқирди:
– Обер-гофмейстер хоним, бу қандай рўй берди?
Обер-гофмейстер хоним билганини гапириб берди, Қирол эса Сичқонбека зотидан колбасаларига мўлжалланган ёғни еб қўйганликлари учун ўч олишга азм қилди.
Махфий давлат кенгаши чақирилди. Унда Сичқонбекага қарши суд ишини қўзғаш ва унинг барча мол-мулкини ғазна фойдасига мусодара қилишга қарор қилинди. Бироқ Қирол бу Сичқонбекага хоҳлаган пайтида чўчқа ёғини паққос туширишга ҳозирча халақит бермайди, деган фикрда саройдаги мўъжизакор соатсоз устага бунинг чорасини кўришни топширди. Исми меники каби Христиан Элиас Дроссельмейер бўлган бу одам алоҳида, давлат донишмандлиги даражасидаги чоралар ёрдамида Сичқонбекани бутун оиласи билан саройдан бир умрга қувиб чиқаришга ваъда берди.
Ҳақиқатан ҳам, у ипга қовурилган сичқон ёғи бойланган жуда сирли нарса ихтиро қилиб, бу қопқонларни сичқон ёғига ўч Сичқонбека турар жойи атрофига қўйиб чиқди.
Сичқонбека хоним Дроссельмейернинг айёрлигини уқа оладиган даражада тажрибали эди, бироқ унинг бу ҳақдаги огоҳлантиришлари ёрдам бермади: барча етти ўғли ва Саройбеканинг беҳисоб қариндош-уруғлари ва холалари қовурилган тотли чўчқа ёғи ҳидини туйиб, Дроссельмейер қопқони устига чиқиб, эндигина чўчқа ёғини тотиб кўрмоқчи бўлганида кутилмаганда қопқон эшикчаси ёпилиб қолди, кейин уларни ошхонада шармандаларча қатл этишди. Сичқонбека омон қолган озгина қариндошлари билан бу жойларни алам ва қайғуда тарк этди. Сичқонбека қалбида қайғу, тушкунлик, ўч олиш оташи гувулларди.
Сарой аҳли хуррам бўлса-да, Қироличани хавотир босганди. У Сичқонбеканинг феъл-атворини биларди: у ўғиллари, қариндош-уруғларининг ўчини олмасдан қўймасди.
Ҳақиқатан ҳам Сичқонбека Қиролича эри учун ўпка-жигаридан паштет тайёрланаётган пайтда пайдо бўлиб, шундай деди:
– Ўғилларим, қариндош-уруғларим ва холаларим ўлдирилди. Огоҳ бўл, Қиролича: Сичқонлар Қироличаси жажжи маликани еб қўйишмасин! Огоҳ бўл!
Шундан сўнг у яна ғойиб бўлди ва бошқа кўринмади. Лекин Қиролича ўшанда жуда қўрқиб кетганидан паштетни оловга тушириб юборди ва Сичқонбека иккинчи бор Қирол хуш кўрадиган таомни бузиб қўйди. Бундан у ниҳоятда ғазабланиб кетди…
– Хўш, бугунги оқшом учун етарли, қолганини келгуси сафар айтиб бераман, – кутилмаганда ҳикоясини тугатди чўқинтирган оталари.
Эртак ўзида жуда катта таассурот қолдирган Мари унинг давом эттиришини қанчалик илтимос қилмасин, отаси ўз сўзида туриб олди ва «Бирданига кўп бўлса – соғлиқ учун зарарли; давоми эртага» деб стулдан сакраб турди. Ортидан эшикни ёпаман деб турган дақиқада Фриц ундан сўраб қолди:
– Айтганча, отам, сичқон қопқонини ўйлаб топганинг тўғрими?
– Бўлмағур гапларни қўй, Фриц, – хитоб билан деди онаси.
Аммо суднинг катта маслаҳатчиси ғалатироқ кулди ва оҳистагина деди.
– Нега мендай моҳир соатсоз сичқон қопқонини ихтиро қила олмайди экан?