Читать книгу "Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли"
Автор книги: Эрнст Гофман
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
БЕШИНЧИ ВИГИЛИЯ
Саройдаги маслаҳатчи Ансельм хоним. – Cicero, De officiis 3333
Cicero, De officiis (лотинча) – Цицерон, Мажбуриятлар тўғрисида, яъни Марк Тулей Цицероннинг (милоддан аввалги 106-43) «Мажбуриятлар тўғрисида» фалсафий асари.
[Закрыть] . – Мартишкалар 3434
Мартишка – макакалар жинсига мансуб, узун думли кичик маймун.
[Закрыть] ва бошқа малъунлар. – Қари Лиза. – Кузги тенгкунлик
– Ансельмни ҳеч йўлга солиб бўлмаяпти, – деди конректор Паульман, – ҳамма савобли йўл-йўриқларим, ҳамма панд-насиҳатларим кор қилмаяпти, у ҳар ҳолда барча нарсанинг асоси бўлган илмда билими ўткир бўлса ҳам бирор нарса билан машғул бўлишни истамаяпти.
Лекин рўйхатчи Геербанд қувлик билан сирли кулар экан, бунга эътироз билдирди:
– Сиз, ғоят илтифотли конректор, Ансельмга фақат жой ва вақт беринг! У аломат кимса, бироқ бу йигитчадан кўп нарса кутса бўлади ва «кўп нарса» деганим – коллежский асессор3535
Коллежский асессор – авваллари кичик амалдорларга бериладиган 8-даражали унвон ва шу унвон эгаси.
[Закрыть] ёки ҳатто сарой маслаҳатчисини англатади.
– Сарой? – деб сўзини бошлаганди чексиз ҳайратга тушган конректор, аммо сўзи бўғзида тиқилиб қолди.
– Секинроқ, секинроқ, – давом этди рўйхатчи Геербанд, – биламан, ҳаммасини биламан! Икки кун бўлдики, у архивариус Линдгорстникида ўтирибти ва нусха кўчирмоқда, ва архивариус кеча кечқурун қаҳвахонада: «Сиз, мўътабар жаноб, менга хўб соз одамни тавсия қилибсиз! Ундан наф бўлади!» деди. Ва энди сиз архивариуснинг алоқаларини – ўшалар! ўшалар! – бу ҳақда бир йилдан кейин гаплашамиз! – тасаввур этиб кўрсангиз…
Рўйхатчи шундай дея, ҳайрат ва қизиқинишдан кар бўлиб қолган конректорни ўз стулида қимир этмай ўтирган ҳолида қолдириб, ўша қув табассум билан хонани тарк этди.
Бироқ Вероникага бу мутлақо бошқача таъсир қилди. «Ахир мен ҳамиша жаноб Ансельм жуда ақлли ва дилкаш йигит деб ҳисобламасдим, – ўй сурарди у, – ундан ҳали кўп нарса кутса бўлмайдими? Агар унинг менга ҳақиқатан ҳам кўнгли борлигини билсам эдим! Аммо биз Эльбада қайиқда сайр қилган оқшомда у икки бор қўлимни сиқиб қўймадими? Ва ахир дуэт бўлиб қўшиқ айтганимизда мутлақо ўзгача, юраккача етиб борадиган қараш қилмадими? Ҳа, ҳа, у ҳақиқатан ҳам мени севади, ва мен…» Вероника ёш қизларга жуда хос бўлган порлоқ келажак ҳақидаги ширин хаёлларга берилди. У саройдаги маслаҳатчи хоним эди, Қулф кўчаси, ёки Янги бозордаги, ёки Морицштрасседаги кўркам квартирада яшарди, дераза олдида хушбичим енгил уй кийимида нонушта қиларди ва ошпаз аёлга керакли буйруқларни берарди: «Фақат, илтимос, ушбу таомни бузиб қўйманг, бу саройдаги маслаҳатчи жанобнинг энг хуш кўрган овқати!» Уй ёнидан ўтиб кетаётган олифта йигитлар яширинча тепага қараб қўйишар ва у яққол эшитаётганди: «Саройдаги маслаҳатчи хоним бағоят гўзал аёл-да ва бу чепчик3636
Чепчик – ёш болаларнинг иссиқ бош кийими.
[Закрыть] унга жуда ярашибди!» Махфий маслаҳатчи Игрек хо-ним саройдаги маслаҳатчи хоним бугун Линковлар чўмиладиган жойга келишга марҳамат қила оладиларми, деб сўраб билиш учун қаролини жўнатибди. «Қуллиқ қилинг ва миннатдорчилик билдиринг, минг афсуски, президент рафиқаси Тецет томонидан зиёфатга таклиф қилингандим». Бу пайт эрталаб ўз ишлари билан чиқиб кетган саройдаги маслаҳатчи Ансельм келиб қолади; у охирги мода бўйича кийинган. «Вой-бў! Соат ҳам ўн икки бўлибди! – хитоб қилади у, тилла соатини бурар экан ва навниҳол рафиқасини ўпар экан. – Аҳволинг қалай, азизам, сенга нима олиб келганимни биласанми?» – давом этади у қувлик билан чўнтагидан бир жуфт янги урф бўлган қойилмақом зиракни олади ва рафиқасининг қулоғига олдингисининг ўрнига тақиб қўяди.
– Вой-вой, азизим, жуда ажойиб зирак экан! – баланд овоз билан бақириб юборади Вероника ва юмушини ташлаб, шишада бу зиракларни томоша қилиш учун стулдан сакраб туради.
– Охири нима билан тугайди? – деди конректор Паульман энди ҳафсала билан ўқишга тушган Cicero, De officiis китобини сал бўлмаса қўлидан тушириб юборай деб. – Сенинг ҳам Ансельмники каби тутқаноғинг борми?
Аммо шу вақт одатланиб қолганига зид равишда бир неча кундан бери қорасини кўрсатмаётган Ансельм хонага кириб келди ва Вероника ҳайрат ва қўрқинч билан у бутунлай ўзгариб кетганлигини пайқади. У ўзига хос бўлмаган тарзда унинг учун аниқ-равшан бўлган ҳаётидаги янги йўналиш, унинг учун ошкор бўлган ва кўпчилик тушуниб етмайдиган олижаноб ғоялар ҳақида гап бошлади. Конректор Паульман рўйхатчи Геербанднинг сирли гапларини эслаб, аввалгидан-да лол қолди ва оғзини очишига улгурмасдан талаба Ансельм архивариус Линдгорстникидаги шошилинч ишини тилга олиб ва назокатли эпчиллик билан Верониканинг қўлини ўпиб, зинадан тушди ва ғойиб бўлди. «У саройда маслаҳатчи бўлиб улгурибди, – минғиллаб қўйди Вероника, – ва у илгарилари бўладигандек сирпаниб кетмасдан, оёғимни босиб олмасдан қўлимни ўпиб қўйди. У менга қандай меҳр билан қаради! Ҳақиқатан ҳам у мени севади». Вероника яна ширин хаёлларига берилди; аммо саройдаги маслаҳатчи хонимнинг келажакдаги турмуши кўнгилли саҳналари ўртасида қандайдир душман сиймоси пайдо бўлиб, у кек билан кулар ва дерди: «Буларнинг ҳаммаси тентаклик ва пасткашлик, бунинг устига ёлғон, чунки Ансельм ҳеч қачон сарой маслаҳатчиси ва эринг бўлмайди; кўзларинг мовий, ўзинг хушқомат, қўлларинг нозик бўлса ҳам у сени севмайди». Шунда Верониканинг юрагидан гўё муз оқими ўтиб, ўзини жимжимадор чепчик ва нафис зиракда тасаввур этаётган ёқимли манзарани яксон қилди. У сал бўлмаса йиғлаб юборай деди ва баланд овозда ҳайқирди:
– Оҳ, у мени севмаслиги ва ҳеч қачон саройдаги маслаҳатчи хоним бўлмаслигим ёлғон!
– Хаёлпарастлик билан алжираш, хаёлпарастлик билан алжираш! – қичқириб юборди Паульман, шляпаси ва асосини олиб, жаҳл билан ташқарига отилди.
«Шу етмай турувди», – уҳ тортди Вероника ва бефарқ ҳолда матони чамбаракка тортиб, гул тикишини давом эттираётган ўн икки яшар синглисидан ранжиди. Шу орада соат деярли уч бўлиб қолган, ойимқиз Остерслар дугонасиникига келишга ваъда берганликлари учун хонани тозалаш ва қаҳва тайёрлаш вақти келганди. Лекин фортепьяно устидаги ноталар дафтарини солиб қўйиш учун суришга тўғри келаётган жавончадан, ҳар бир чашкадан, қаҳва қайнатиладиган идишдан – ҳамма жойдан қандайдир жодугарга ўхшаш ўша башара сакраб чиқар, ҳингир-ҳингир қилар ва ўргимчакникидек ингичка бармоқларини шақиллатиб, тиржайиб бақирарди: «У сенинг эринг бўлмайди! У сенинг эринг бўлмайди!» Кейин у ҳамма ишини йиғиштириб, хона ўртасига қочиб қолганида улкан, узун бурунли афт ўчоқ ортидан бошини чиқарди ва жириллаб жаврашга тушди: «У сенинг эринг бўлмайди!»
– Наҳотки ҳеч нарсани эшитмаётган, ҳеч нарсани кўрмаётган бўлсанг, синглим? – ҳайқирди қўрқинч ва титроқдан бирор нарсага қўл теккизишга юраги дов бермаётган Вероника.
Френцхен тўқишини қўйиб, жуда жиддий ҳолда ва вазминлик билан деди:
– Опа, бугун сенга нима бўлди? Ҳамма нарса қўлингдан тушиб кетяпти, нимага тегсанг тақиллаш ва жаранглашга тушяпти, сенга ёрдам бериш керак.
Бироқ шу пайт қувноқ меҳмон қизлар хандон отиб кириб келишди ва шу лаҳзада Вероникага ўчоқни одам гавдасига, унинг яхши ёпилмаган қопқоғини ёвузона сўзларга ўхшатгани мутлақо равшан бўлди. Аммо у саросимали даҳшатдан ўзига шу қадар тез кела олмасди ва шунинг учун дугоналари ноодатий танг аҳволдагилигидан юзи оқариб кетганлиги ва дилсиёҳлигини сезмай қолишмади. Улар айтмоқчи бўлган шўх янгиликларига тезда хотима ясаб, дугонасини нима корҳол бўлганлиги ҳақида қистовга олишганида, у куппа-кундузи жуда ғалати ўй-хаёлларга чўмиши, кўзига кўринадиган қандайдир шарпалардан ваҳимага тушаётганлигига иқрор бўлишига тўғри келди. У паст бўйли кулранг одам хонанинг ҳамма бурчакларидан туриб, тегажоқлик ва масхара қилаётганлигини ҳаяжонланиб ҳикоя қилиб берганида ойимқиз Остерслар атрофга қўрқа-пуса аланглай бошлади ва кўп ўтмай улар ҳам саросимага тушиб, ўзларини йўқотиб қўяй дейишди. Шу пайт Френцхен буғ чиқаётган қаҳвани олиб кирди ва уч қиз тезда ўзларига келиб, аҳмоқликлари устидан кула бошлашди. Анжелика – опа-сингил Остерсларнинг каттасини шундай аташарди – армияда бўлган ва узоқ вақтдан бери бирор хабар йўқлиги сабабли ҳалок бўлганлиги ёки, жуда бўлмаганда, оғир ярадорлигига шубҳа қилиш қийин бир зобитга унаштирилганди. Анжеликани бу чуқур қайғуга солганди; лекин бугун у ўзини тўхтата олмайдиган даражада қувноқ тутарди, бу Вероникани роса ажаблантирди ва буни очиқ-ойдин дугонасининг юзига айтди.
– Азизам, – деди Анжелика, – наҳотки Викторимни қалбим тўрида, ҳис-туйғуларим, ўй-хаёлларимда сақлаб келмаяпман, деб ўйлайсан? Шунинг учун ҳам бугун шу қадар қувноқ – вой худойимей! – шу қадар бахтлиман, жон-дилим шу қадар ҳузур қиляпти! Чунки Викторим соппа-соғ, тез орада уни ротмистр бўлган ҳолда ва чексиз жасурлиги учун сазовор бўлган орденлари билан яна кўраман. Душман суворийсининг шамширидан ўнг қўлидаги оғир, аммо хавфли бўлмаган жароҳат хат ёзишига халақит бераётган экан, бунинг устига турар жойи доим ўзгариб турганлиги – чунки у полкини қолдирмоқчи эмас – ўзи ҳақида хабар бериш имкониятини бермаяпти; бироқ бугун кечқурун у даволаниш учун таътил олади. Эртага у биз томонга йўлга чиқади ва извошга ўтираётганида ротмистр унвони олганлигидан хабар топади…
– Лекин, азизам Анжелика, – унинг гапини бўлди Вероника, – буларни ҳаммасини қаёқдан билиб олдинг?
– Устимдан кулмагин, дугонажон, – давом этди Анжелика, – ўзи кула олмайсан ҳам шекилли, акс ҳолда сенга жазо сифатида анави ердан, кўзгу орқасидан кичик кулранг одамча кўринади. Нима бўлмасин, сирли нарсаларга ишониш одатимни ташлай олмайман, чунки бундай илоҳий куч кўпинча кўринадиган, сезиладиган тарзда ҳаётимга кириб келган. Айниқса, кўпчилик бошқаларга ўхшаб менга умуман ўзларига маълум ишонарли воситалар орқали олдиндан кўра билиш қобилиятига эга одамлар мавжуд эканлиги қандайдир мўъжизадек, ақл бовар қилмайдигандек туюлмайди. Шу атрофда бундай олий даражадаги қобилиятга эга бўлган бир кампир бор. У бошқалар каби қарталарга, эритилган қўрғошинга ёки қаҳва қуйқумига қараб фол очмайди, аммо манфаатдор шахс иштирок этадиган маълум тайёргарликлардан кейин силлиқ сайқалланган кўзгуда турли гавдалар ва сиймоларнинг ажиб қоришмаси пайдо бўлади, кампир буни тушунтиради ва улардан саволига жавоб топади. Кеча кечқурун уникига бордим ва Виктор тўғрисида ўша хабарлардан воқиф бўлдим ва буларнинг ҳаммаси ҳақиқат эканига бир дақиқа ҳам шубҳа қилмайман.
Анжеликанинг ҳикояси Верониканинг қалбига чўғ ташлади, у кампирдан Ансельм ва ўз умидлари тўғрисида сўраб-суриштириш иштиёқини аланга олдирди. Вероника кампирни фрау Рауэрин деб аташларини, у Кўл дарвозалари олдидаги хилват кўчада яшашини, афтидан, сешанба, чоршанба ва жума кунлари кечқурун соат еттидан тонг отгунга қадар бутун тун бўйи бўлишини ва ёлғиз, гувоҳларсиз келишларини хуш кўришини билиб олди. Ўша куни айни чоршанба эди ва у меҳмонларини кузатиб қўйиш баҳонаси билан кампирникига боришга қарор қилди, ва бунинг уддасидан чиқди. У Эльба кўприги олдида Янги шаҳарда яшайдиган дугоналари билан хайрлашиб, Кўл дарвозалари томон ошиқди ва тез орада ўзига кўрсатилган ҳувиллаган тор кўчага етиб келиб, унинг охирида тасвирлаб беришларига кўра, фрау Рауэрин яшаши керак бўлган қизил уйчани кўрди. Вероника ушбу уй остонасида турганида қандайдир мудҳиш ҳисдан, қандайдир ички титроқдан ҳоли бўлолмасди. Ички қаршилигига қарамасдан ниҳоят дадил бўлиб, қўнғироқни чалди, шундан кейин эшик очилди, қоронғу йўлакдан пайпаслаб, Анжелика тасвирлаб берганидек, юқори қаватга олиб чиқадиган зинапоя олдига етиб олди.
– Фрау Рауэрин шу ерда яшамайдими? – бўшлиққа қичқирди у, чунки ҳеч ким кўринмаётганди; жавоб ўрнига давомли жарангдор миёвлаш эшитилди ва катта қора мушук белини букиб, думини тўлқинсимон айлантириб, иккинчи миёвлашидан сўнг очилган эшик томон олдидан виқор билан ўтиб кетди.
– Вой-бўй, қизчагинам, шу ердамисан! Киравер, буёққа кел! – остонада пайдо бўлган, турқи Вероникани ерга чалпак қилиб ташлаган гавда шундай ҳайқирарди. Новча, озғин, қора жулдур кийимга ўралган аёл! У гапираётганда олдинга туртиб чиққан ўткир ияги қалтирар, бурни бургутнамо, тишсиз оғзи иршаяр ва порлаётган мушук кўзлари катта кўзшишак ортидан учқун сачратарди. Бошига ўралган чипор рўмоли тагидан қора тикан сочлари диккайиб турар ва – иркит башарасини янада жирканч кўрсатиш учун – қаттиқ куйишдан ҳосил бўлган икки йўғон чандиқ чап лунжида бурнигача чўзилганди. Қуруқ суяги қолган қўл Вероникани чангаллаб олиб, хонага олиб кирганида, унинг нафаси сиқилди ва қисилган кўкракдан отилиб чиқиши керак бўлган чинқириқ уфлаш-га айланди. Бу ерда ҳамма нарса типирчилар, уймалашар, ангиллар, чийиллар, миёвлар ва акилларди. Кампир мушти билан столга туширди ва бақирди:
– Секинроқ, маълунлар! – Ва мартишкалар чийиллаб баланд каравотнинг гулдор чойшабига тирмашишди, ва денгиз чўчқаси ўчоқ орқасига югурди, қарға эса думалоқ кўзгуга пир этиб учиб ўтди; фақат қора мушук кампирнинг дўқи унга тааллуқли эмасдек хонага кирган заҳотиёқ чиқиб олган катта креслода бамайлихотир ўтираверди. Ҳаммаси тинчигач, Вероника дадиллашди, энди у йўлакдаги каби ваҳимада эмасди ва бу аёл ҳам даҳшатли кўринмаётганди. Шундагина у хонага кўз югуртириб чиқди. Қандайдир ҳайвонларнинг жирканч тулуми шифтда осилиб турарди, полда жуда ғалати идиш думалаб ётарди, каминда3737
Камин – ўчоқсимон уй печкаси.
[Закрыть] аҳён-аҳёнда сарғиш учқунлари ловуллаётган ночор кўкимтир олов ёнаётганди; олов ловуллаганида тепада қандайдир гувиллаш эшитиларди ва жирканч кўршапалаклар худди одамнинг ўзгариб кетган юзидек кўринишда у ёқдан бу ёққа изғирди; баъзан аланга кўтарилар ва қурум босган деворни яларди, ва ўшанда кескин, чинқириқли фарёдлар кўтарилар, шунинг учун Вероникани яна толиқтирадиган қўрқинч қамраб олди.
– Ижозатингиз билан, ойимқиз, – деди тиржайган ҳолда кампир, катта қурум супургини олиб, мис қозонга ботирди ва каминга сув сочди.
Олов ўчди ва хона қалин тутун қоплагандек зим-зиё бўлиб қолди; аммо бошқа тор хоначага чиққан кампир ёқилган шам билан қайтди ва Вероника энди ҳайвонларни ҳам, аломат ашқол-даш-қолларни ҳам кўрмади. Кампир унга яқинроқ келди ва манқа товуш билан деди:
– Қизчам, мендан нима истаётганингни биламан; хўп, Ансельм саройдаги маслаҳатчи бўлганида унга эрга тегишинг мумкинлигингни билиб оласан. – Вероника ҳайратдан ва қўрқувдан гапира олмай қолди, лекин кампир давом этди: – Ахир сен адангникида, олдингда қаҳва қайнатиладиган идиш турганида менга ҳаммасини гапириб бердинг-ку, наҳотки мени танимаган бўлсанг – ахир ўша идиш мен эдим-ку? Айтганимни қил, қизчам! Ансельмни унут, унут, у расво одам, болаларим, дилбар болаларим – анор юзли олмачаларимни тепкилади; бу олмачаларим одамлар уларни сотиб олганидан кейин қопларидан яна саватимга юмалаб қайтиб келишарди. У чолга илакишиб қолди; уч кун аввал юзимга лаънати аурингментни3838
Аурингмент – таркибида маргимуш бўлган заҳарли минерал. Бу ерда гап, эҳтимол, тиббиётда тери касалликларини даволашда ва рассомчиликда (сариқ бўёқ) ишлатиладиган эритма тўғрисида кетаётган бўлиши керак.
[Закрыть] сочди, кўр бўлишимга сал қолди; қара, куюкнинг излари ҳали ҳам кўриниб турибди. Уни унут, унут! У сени севмайди, чунки тилларанг-кўк тус илончани яхши кўради; у ҳеч қачон саройдаги маслаҳатчи бўла олмайди, у Саламандрлар хизматига кирди ва тилла илончага уйланмоқчи. Уни унут, унут!
Аслини олганда, мустаҳкам иродага эга бўлган ва қизлик қўрқувидан тез қутила оладиган Вероника бир қадам орқага тисарилди ва қатъий оҳангда жиддий деди:
– Кампир! Сизнинг башорат қила олиш қобилиятингиз ҳақида эшитгандим ва шунинг учун, балким, ортиқча қизиқиш ва енгилтаклик билан, ўзим севадиган ва ҳурмат қиладиган Ансельм бир кунмас, бир кун хўжайиним бўлиши мумкинлигини сўраб билмоқчийдим. Агар истагимни бажариш ўрнига бемаъни сафсатангиз билан жиғимга тегмоқчи бўлсангиз, яхши иш қилмаяпсиз, чунки сиздан, эшитишимча, бошқалар баҳраманд бўлгандек, мен ҳам фақат сўраган нарсамни билишни хоҳлаяпман. Афтидан, кўнглимда сир тутаётган фикрларимдан хабардорсиз, демак, мени ташвишлантираётган ва азоблаётган кўп нарсаларни осонгина ошкор қила олардингиз, бироқ меҳрибон Ансельм тўғрисидаги аҳмоқона бўҳтонларингизга қараганда, сиздан бошқа ҳеч нарса кутиб бўлмайди. Хайрли тун!
Вероника кетишга шайланганди, лекин кампир йиғлаб ва ўкириб, унинг олдида тиз чўкди ва кўйлагини ушлаганча ҳайқирди:
– Вероника, қизжонгинам, қанча вақт қўлида кўтариб юрган, паҳпаҳлаб ва эркалаб парвариш қилган қартайган Лизани танимадингми?
Вероника кўзларига ишонмасди, чунки у ҳақиқатан ҳам, тўғри кексайганидан ва айниқса куюклардан анча ўзгариб кетган, конректор Паульманнинг уйидан кўп йиллар олдин ғойиб бўлган собиқ энагасини таниганди. Кампир энди бутунлай бошқача кўринаётганди; унда иркит чипор рўмол ўрнига чепчик, қора жулдур кийим ўрнига – илгарилари одатда кийиб юрадиган йирик гулли кўйлак эди. У полдан турди ва Вероникани қучоқлаб давом этди:
– Айтганларимнинг ҳаммаси сенга бемаънилик бўлиб туюлиши мумкин, бироқ бахтга қарши – чин ҳақиқат. Ансельм менга кўп ёмонлик қилди, бироқ бу унинг иродасига қарши бўлди; у архивариус Линдгорстнинг қўлига тушиб қолди, бу чол йигитни қизига уйлантирмоқчи. Архивариус – энг ашаддий душманим, у тўғрисида кўп нарса гапириб беришим мумкин, лекин буни тушунмайсан, ёки сен учун бу ўта даҳшатли. У жодугар, бироқ мен ҳам жодугарман – ҳамма гап шунда! Энди кўриб турибман, Ансельмни жуда севар экансан ва тўла бахтиёр бўлишинг ва хоҳлаётганингдек, рисоладагидек турмушга чиқишинг учун бутун кучим билан ёрдам бераман.
– Лекин, Лиза, худо ҳаққи, менга айтгин!..
– Секинроқ, болагинам, секинроқ! – гапини бўлди кампир. – Нима демоқчилигингни биламан: мен шундай бўлиш учун шундай қилдим, бошқача қила олмасдим. Хўш, энди гап шундай – Ансельмни кўк тус илонга аҳмоқона ишқидан даволайдиган ва у энг назокатли саройдаги маслаҳатчи сифатида қучоғингга отиладиган дорини биламан, бироқ бунинг учун ўзинг менга ёрдам беришинг керак.
– Лиза, бор гапни айтавер, ҳаммасини бажараман, чунки Ансельмни ниҳоятда севаман, – аранг эшитиладиган қилиб пойма-пой деди Вероника.
– Довюраклигингни биламан, – давом этди кампир, – олабўжи билан қўрқитаман деб беҳуда овора бўлардим, сен фақат олабўжи қаердалигини кўрмоқчи бўлиб, кўзингни каттароқ очардинг; сен шамсиз энг чеккадаги хонага борардинг ва кўпинча отангнинг пудермантелини кийиб олиб, қўшни болаларни қўрқитардинг. Хўп, агар чиндан ҳам санъатим орқали архивариус Линдгорстни ва кўк тус илонни енгмоқчи бўлсанг, агар чиндан ҳам саройдаги маслаҳатчи Ансельмни эрим деб атамоқчи бўлсанг, бўлажак тенгкунликда тунги соат ўн бирда секингина уйингдан чиқиб олдимга кел; шунда сен билан шу яқин орадаги, даладаги чорраҳага борамиз; биз керак нарсани тайёрлаймиз ва, эҳтимол, кўра оладиган ҳамма мўъжизалар ўзингга заҳмат келтирмайди. Энди эса, қизим, хайрли тун, даданг сени кечки овқатга кутиб ўтирибди.
Вероника тенгкунлилик тунини ўтказиб юбормасликка қатъий ниятда уйига шошилди, чунки у шундай ўй-хаёлда эди: «Лиза ҳақ, Ансельм сирли тўрларга ўралашиб қолган, уни ўша жойдан қутқараман ва бир умрга ўзимники деб атайман; саройдаги маслаҳатчи Ансельм меники бўлган ва меники бўлиб қолади».
ОЛТИНЧИ ВИГИЛИЯ
Архивариус Линдгорстнинг бошқа ҳайвонлар овозига тақлид қиладиган қушчалар бўлган боғи. – Тилла хумча. – Инглизча ётиқ хат. – Хунук сиёҳ доғлари. – Руҳлар хоқони
«Эҳтимол, – ўзига-ўзи дерди талаба Ансельм, – мосье Канради уйида бироз суқлик билан лаззатланганим – ўта ажойиб ўткир ошқозон ликери архивариус Линдгорст остонасида менга азоб берган ўша хаёлотларни туғдирган бўлиши мумкин. Шунинг учун бугун тўла ҳушёрлигимча қоламан ва дуч келишим мумкин бўлган барча кўнгилсизликларга таслим бўлмайман». Архивариус Линдгорстникига биринчи бор келган кунидагидек у ўзининг барча расмлари ва ҳуснихат нусхалари, туши, яхши ўткирланган перосини олиб, хонадан чиқмоқчи бўлиб турган эди, бирдан кўзи архивариус Линдгорстдан олган сариқ суюқлик солинган шишачага тушди. Шу ондаёқ бошидан кечирган ғаройиб саргузаштлари кўнглидан ўтди ва қалбидан таърифи йўқ ҳузур ва қайғу ҳисси отилди. У беихтиёр ниҳоятда аянчли оҳангда ҳай-қириб юборди: «Эҳ, архивариусникига қадрдон азизам Серпентина, сени кўриш учунгина келаётганим йўқми?» Шу лаҳзада унга Серпентинага муҳаббати у бажариши керак бўлган машаққатли ва хавфли меҳнати учун мукофотдек бўлиб кўринди, бу иш эса Линдгорст манукриптларидан нусха кўчириш эди. Уйга кираётганида ёки бунгача авваллари бўлганидек, турли мўъжизалар учрашига ишончи комил эди. Ҳозир у Конрадининг ошқозон ликери хаёлига келмаётганди, бироқ яна бронзали олма сотувчи тишининг оқини кўрсатадиган бўлса, архивариус ўргатганидек иш тутиш учун сариқ шишачани шошилиб нимчасининг чўнтагига солди. Аслида соат ўн иккига бонг урилганида эшик болғачасини қўлга оламан деганида, ахир бу болғача ортидан чўзиқ бурун кўтарилмадими, мушук кўзлар чақнаб кетмадими? Ва у ўйлаб ўтирмасдан суюқликни азалий башарага сепди ва у шу заҳотиёқ текисланди ва пуччайди, ниҳоят, ялтироқ думалоқ болғачага айланди-қўйди. Эшик очилди ва қўнғироқчалар хуш кўргандек: «динь-динь – кирақол, динь-динь – бизникига марҳабо, марҳабо – динь-динь» деяётгандек уй узра жаранглади. У кенг кўркам зинадан бардам кўтарилар экан, бутун уйни чулғаган ноёб хушбўй тутатқи исидан лаззатланарди. Қатор чиройли эшиклардан қайси бирини тақиллатишини билмасдан остонада ийманиб тўхтади; шу пайт кенг уй халати кийган архивариус Линдгорст чиқиб қолди ва хитоб билан деди:
– Хўш, жаноб Ансельм, ниҳоят сўзингизнинг устидан чиққанлигингиздан жуда мамнунман; орқамдан юринг, сизни ҳозироқ лабораторияга олиб киришим керак. – Шундай дея у кенг остонадан илдам юриб, йўлакка олиб чиқувчи ён томондаги эшикни очди.
Ансельм архивариус ортидан дадил одимларди; улар йўлакдан ўтиб, залга ёки, тўғрироғи, беқиёс гулзорга киришди; бу ерда томга қадар чўзилган ноёб мўъжизавор гуллар ва ҳатто япроқ ва гуллари ғаройиб катта дарахтлар яшнаб турарди. Ҳамма ёқни кўзни қамаштирадиган фусункор ёғду ёритаётганди, бу ерда бирорта дераза кўринмаётгани учун нур қаердан таралаётганини англаб бўлмасди. Талаба Ансельм бута ва дарахтларни синчиклаб назардан ўтказар экан, олисларга чўзилиб кетган ўтиш жойларини пайқади. Қалин сарв дарахтларининг ғира-шира соялари орасидан мармар ҳовузлар оқариб кўринарди, улардан биллур нур сочаётган ҳайратланарли ҳайкалчалар кўтариларди, томчилар лилияларнинг ялтироқ идишчаларига шовуллаб тушаётганди; бу антиқа ўрмонда ғалати товушлар шовқин солар ва шивирларди, ҳамма ёқда мўъжизавий ифорлар анқирди. Архивариус ғойиб бўлди ва Ансельм кўз ўнгида оловли қизил лилияларнинг баҳайбат бутаси гавдаланди. Бу тилсим боғнинг кўриниши ва тотли муаттар ҳидидан маст бўлган Ансельм сеҳрлангандек қотиб қолганди. Бирдан ҳар тарафдан чиёв-чиёвлар ва қаҳқаҳалар янгради ва ингичка товушчалар: «Жаноб талаба, жаноб талаба, қаердан келдингиз? Жаноб Ансельм, нега бу қадар башанг ясан-тусан қилиб олдингиз? Ёки биз билан кампиршо орқаси билан тухумни пачақлагани, юнкер эса байрам камзулига доғ туширгани ҳақида чақчақлашмоқчимисиз? Жаноб Ансельм, чуғурчиқ тоғамиз сизга ўргатган арияни ёддан айтиб бера оласизми? Ўзингиз шиша ясама сочингиз ва мактуб ёзиладиган қоғоздан тикилган этигингиз билан анчайин кулгили кўриняпсиз!» дея жиғига тегиб кулишарди. Талабанинг ёнгинасида ҳамма томондан шундай вижирлашлар, қиқир-қиқирлар ва мазах қилишлар эшитилаётганди, шундагина у турли чипор қушлар атрофида учиб, масхара қилишаётганини сезди. Шу онда оловли лилиялар бутаси у томон сурилди ва бу ўзининг ялтироқ жигарранг-қизғиш уй халати билан чалғитган архивариус Линдгорстни кўрди.
– Кутдириб қўйганим учун кечиргайсиз, муҳтарам жаноб Ансельм, – деди архивариус, – лекин ўтиб кетаётиб, шу тунда гуллаши керак бўлган анави ажойиб кактусга қарамоқчи бўлдим, – аммо мўъжазгина қишки боғимиз сизга ёқдими?
– Эҳ, худойим, мўътабар жаноб архивариус, таърифи йўқ, ниҳоятда гўзал, – жавоб берарди талаба, – аммо чипор қушлар нотавонлигимни роса майна қилишяпти!
– Бу ерда қандай уйдирма тўқиляпти? – жаҳл билан бақирди архивариус буталар томон.
Шу пайт катта кулранг тўти пир этиб учиб келди ва архивариус ёнидаги мирта шохига қўниб, тумшуғига қўндирилган кўзшишак орқали ғайриодатий жиддийлик ва виқор билан боқар экан, чириллаб кетди:
– Жаноб архивариус, ғазабингиз қўзимасин, шумтакаларимнинг шўхлиги тутиб қолди, лекин айб жаноб талабанинг ўзида, чунки…
– Секинроқ, секинроқ! – қари тўтини тўхтатди архивариус. – У ярамасларни биламан, бироқ, дўстим, сиз уларнинг интизомини қаттиқроқ ушлашингиз керак эди! Кетдик, жаноб Ансельм.
Архивариус бежирим жиҳозланган яна бир неча хоналардан ўтди, талаба Ансельм ҳамма жойни тўлатган ғалати кўринишдаги мебель ва ўзига номаълум бўлган нарсаларга хиёл кўз ташлаганча, унинг кетидан аранг улгурарди. Ниҳоят, улар катта хонага киришди, архивариус бу ерда тўхтаб, нигоҳини тепа томонга қаратди ва Ансельм учун ушбу зални бениҳоя гўзал қилган мўъжизавий манзарадан лаззатланишига вақт топилди. Ложувард-яшил деворлардан баланд пальмаларнинг тилла-бронзатус таналари чиқиб турар, улардаги улкан ялтироқ зумрад япроқлар томдек шакл олганди; хона ўртасида тим бронзадан қуйилган учта Миср шерлари устига порфир3939
Порфир – вулқоний тоғ жинси.
[Закрыть] тахта ётқизилган, унинг устида оддийгина тилла хумча турарди; Ансельм тилла хумчани кўрган ондан бошлаб ундан кўзини узолмасди. Тилла хумчанинг минглаб милтиллаётган жилоларининг кўзгудагидек аксларида турли тасвирлар гавдаланарди; баъзан у ўзини шиддат билан қулоч ёзган ҳолда – эҳ! маржон мевали бута олдида турган ҳолда кўраётгандек бўларди… Серпентина у ва бу томон билангларди ва ўзига ғоят ёқимли кўзлари билан тикиларди. У телбанома қувончдан ўзини йўқотиб қўйганди.
– Серпентина, Серпентина! – қичқириб юборди у; шунда архивариус Линдгорст тез ўгирилиб, деди:
– Нима деяпсиз, илтифотли жаноб Ансельм? Марҳамат қилиб, қизимни чақираётганга ўхшайсиз, лекин у уйимнинг мутлақо бошқа томонида, ўз хонасида, ҳозир мусиқа сабоқларини оляпти. Кетдик.
Ансельм деярли онгсиз ҳолатда архивариусга эргашди, архивариус қўлини маҳкам ушлаб, «Хўш, энди етиб келдик» демагунча бошқа ҳеч нарса кўрмади ва эшитмади.
Ансельм гўёки тушидан уйғонгандек бўлди ва ҳамма ёққа китоб жавонлари қўйилган, одатдаги кутубхоналар ва кабинетлардан ҳечам фарқ қилмайдиган шифти баланд хонада турганлигини пайқади. Хона ўртасида катта ёзув столи ва унинг олдида чарм қопланган кресло турарди.
– Ҳозирча бу иш хонангиз, – деди архивариус Линдгорст, – кейинчалик бошқа, сиз тўсатдан қизимнинг номини тилга олиб бақирган ҳаворанг залда ишлашингизга тўғри келиш келмаслигини ҳозирча билмайман; аммо, энг аввало, сизга тақдим этилган ишни хоҳишим ва заруратга мувофиқ ҳақиқатан ҳам бажаришга қодирлигингизга ишонч ҳосил қилиш истагидаман.
Шундагина талаба Ансельм жуда дадиллашди, архивариус унинг ноёб истеъдодидан хурсанд бўлади деган ўйда чўнтагидан мағрурланиб расмлари ва ҳуснихат ишларини олди. Лекин архивариус ётиқ ёзув намунаси бўлган ниҳоятда нафис инглизча матн битилган биринчи бетга хиёл назар ташлаб, ғалати жилмайди ва бошини чайқаб қўйди. Навбатдаги бетлар кўрсатилаётганда ҳам у шундай қилаётганлиги учун талаба Ансельм ўзини миясига қон қуйилгандек ҳис қила бошлади ва ниҳоят жилмайиш истеҳзога айланганида аламига чидай олмай деди:
– Жаноб архивариус менинг бирозгина истеъдодимдан жуда ҳам мамнун эмасга ўхшайдими?
– Илтифотли жаноб Ансельм, – деди архивариус Линдгорст, – сиз ҳақиқатан ҳам ҳуснихатда ажойиб қобилиятга эга экансиз, бироқ ҳозирча сизнинг маҳоратингиздан ҳам кўпроқ тиришқоқлигингиз ва хайрли иродангизга умид қилишим кераклигини равшан тушуниб турибман. Кўп нарса сиз ишлатган материалга ҳам боғлиқ бўлган, албатта.
Шунда талаба Ансельм ўзининг ҳамма томонидан эътироф этилган маҳорати, Хитой туши ва қора пўлатдан ясалган пероси ҳақида эзмаланишга тушди. Аммо архивариус Линдгорст унга инглизча матн битилган бетни узатиб, деди:
– Бунга ўзингиз баҳо беринг!
Ансельм лол қолганча турарди – ёзуви ўзига жуда арзимас бўлиб кўринди. Чизиқларда бирорта равонлик, бирорта тўғри йўғонлаштириш, бош ва кичик ҳарфларда ҳеч қандай мутаносиблик, ва – оҳ, даҳшат – бир мунча муваффақиятли чиққан сатрлар худди мактаб ўқувчисиники каби жирканч сиёҳ доғлари билан расво қилинган.
– Кейин, – давом этди архивариус Линдгорст, – тушингиз ҳам қоғозда яхши ушланиб қолмас экан.
Архивариус Линдгорст бармоғини сув солинган стаканга солди ва уни ҳарфларга теккизганида улар изсиз йўқолди.
Талаба Ансельмнинг бўғзидан алоқ-чалоқ туш тутгандек эди – бир оғиз ҳам гапиролмасди. У шўрлик варақ билан шу ҳолича турар экан архивариус Линдгорст қаҳқаҳа отиб юборди ва деди:
– Илтифотли жаноб Ансельм, бундан ташвишланманг; олдин эплай олмаган нарсани, эҳтимол, бу ерда, меникида, яхшироқ уддасидан чиқарсиз; бу ерда яна материал ҳам яхшироқ бўлади! Фақат дадилроқ ишга киришинг!
Архивариус дастлаб қулфланган жавондан жуда антиқа ис таратаётган қандайдир қора суюқликни, ғалати тусдаги, нозик ўткирланган пероларни ва ғайриодатий оппоқ ва силлиқ қоғоз варағини, сўнг бошқа жавондан арабча манускриптни олди, Ансельм ишга киришганидан кейингина хонани тарк этди. Талаба Ансельм арабча қўлёзмаларни биринчи бор кўчирмаётган эди, шунинг учун бу биринчи топшириқ ўзи учун у қадар қийин эмасдек туюларди. «Ажойиб инглизча матнимга сиёҳ доғи қаердан тушганини аниқлаш Тангри ва архивариус Линдгорстга ҳавола, – оғзидан чиқиб кетди унинг, – бироқ ўша варақлар меники эмаслигига каллам билан жавоб бера оламан». Пергаментда битилаётган ҳар бир нафис сўз билан унинг ботирлиги ва айни пайтда маҳорати ортиб борарди. Янги пероларда ёзиш ҳам ўта соз кечарди ва сирли тим қора сиёҳ кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ қоғозга ҳайратланарли осонлик билан тушаётганди. У ана шундай қунт ва диққат-эътибор билан ишлаётганида бу хилват хонада дили яйраётган ва мазкур машғулотнинг тўла ҳаддини олиб, ишини омадли тугатишга умид қилаётганди, соат учга бонг урганида эса архивариус қўшни хонага беками-кўст ёзилган тушлик дастурхонга чорлади. Овқатланишаётганида архивариус Линдгорстнинг кайфияти, айниқса, чоғ эди; у талаба Ансельмнинг дўстлари, конректор Паульман ва рўйхатчи Геербанд ҳақида сўраб-суриштирар, ўзи Геербанд тўғрисида жуда кўп кулгили воқеаларни мароқ билан ҳикоя қиларди. Узоқ муддат сақланган рейнвейннинг4040
Рейнвейн – узум виносининг бир нави.
[Закрыть] таъми унга жуда маъқул келди ва одатдагига қараганда анчайин сергап қилиб қўйди. Соат тўртга бонг урганида у ишини давом эттириш учун ўрнидан турди ва, афтидан, бу пухталиги архивариусга ёқди. Ансельм тушликдан аввал араб белгилари нусхасини кўчиришни қойиллата бошлаган бўлса, энди иши янада омадли кўчаётганди ва нотаниш ёзувларнинг жимжима чизиқларини шу қадар тез ва енгил кўчираётганлигига ўзи ажабланаётганди. Бироқ кўнгли тубидан қандайдир овоз тушунарли қилиб: «Оҳ, агар уни онгинг ва юрагинг тўри-да сақламаганингда, унга, унинг севгисига ишонмаганингда буларнинг уддасидан чиқа олармидинг?» дея шивирлаётгандек бўларди. Ва хона узра майин, майин ширин биллур товуш шундай уфурарди: «Сенга жуда яқин-яқин-яқинман! Сенга ёрдам беряпман – мард бўл, содиқ бўл, азизим Ансельм! Меники бўлишинг учун сен билан бирга ишлаяпман!» У бу сўзларга завқ-шавқ билан қулоқ тутар ва номаълум белгилар ўзига тобора таниш бўлиб борарди, шунинг учун матн аслиятига ҳам қарашига ҳожат қолмаётганди; ҳатто ушбу белгилар пергаментга рангпар туширилган ва уларни моҳирлик билан тушда бўяб чиқиш қолгандек туюларди. У соат олтига бонг уриб, хонага архивариус кирмагунга қадар ана шу латиф нафас каби таскин бераётган тотли дилбар товушларга чулғанган ҳолда ишини давом эттирди. Архивариус ғалати кулимсираб, стол олдига яқинлашди; Ансельм сукут сақлаган ҳолда ўрнидан турди; архивариус унга ҳамон мазах қилаётгандек боқарди, аммо нусхаларга назар ташлаши биланоқ бутун чеҳрасини ўзгартириб юборган ниҳоятда тантанавор гердайиш, истеҳзоли кулги ғойиб бўлди. У мутлақо бошқача кўринарди. Шу пайтгача ўт бўлиб чақнаётган кўзлари Ансельмга энди таърифлаб бўлмайдиган даражада майинлик билан боқаётганди; оқиш лунжи анор тусига бўялганди ва аввал заҳархандалик қисиб турган лаблари худди зукко, қалб тўрига бориб етадиган сўзлар учун очилганди. Унинг бутун гавдаси баландроқ, улуғворроқ кўринарди; эркин уй халати кўкраги ва елкаси атрофида шоҳ ридосидек кенг бурама шаклини олган ва оппоқ жингалак сочлари ингичка тилла тиллақошдек дўнг, очиқ пешонасини ўраб турарди.