Читать книгу "Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли"
Автор книги: Эрнст Гофман
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
ПОЙТАХТ
Шчелкунчик яна чапак чалди. Пушти ранг кўл кучлироқ шовуллай бошлади, тўлқинлар юқорироқ кўтариларди ва Мари олисда қуёшдек, қимматбаҳо тошлардек порлаётган чиғаноққа қўшилган иккита тилла тангали дельфинни кўрди. Колибрининг101101
Колибри – Америкада яшайдиган рангдор кичкина қуш.
[Закрыть] камалактус патларидан тўқилган шапкачалар ва фартуклардаги ўн икки афсункор хабашча қирғоққа сакраб тушишди ва тўлқинлар узра енгил сирпаниб, аввал Марини, сўнг Шчелкунчикни шу заҳотиёқ кўл бўйлаб сузиб кетган чиғаноққа олиб ўтишди.
Оҳ, атиргулларининг муаттар ҳидлари анқиб ётган, пушти ранг тўлқинлар чайқатаётган чиғаноқда сузиш нақадар мафтункор эди! Тилла тангали дельфинлар тумшуқларини кўтарди ва биллур сувларни жуда баландликка тизиллатиб ота бошлашди, бу ёйдек ялтираётган ва товланаётган оқим тепаликдан пастга тушар экан, гўё икки жуда оҳанрабо, нозик кумуш товушчалар: «Кўлда ким сузяпти? Сув париси! Чивинчалар, ду-ду-ду! Балиқчалар, шалоплатинг, шалоплатинг! Оққушлар, чақнатинг-чақнатинг! Афсункор қушчалар, тра-ла-ла! Тўлқинлар, чайқалинг, маҳлиё бўлиб куйланг – биз томон атиргул япроқларида Пари сузиб келмоқда; ўйноқи сув, қуёш томон, юқорига отил!» деб куйлаётгандек туюларди.
Лекин чиғаноққа орқа томондан сакраб чиққан ўн икки хабашчага сув оқимларининг куйлаши ҳечам ёқмаётганди. Хабашчалар хурмо пальмаси баргларидан тўқилган соябонларини мижғалаб ва ғижимлаб силкитишарди, ўзлари эса оёқлари билан нотаниш куйга мос депсинишар ва шундай куйлашарди: «Топ-ва тип ва тип-ватоп, хлоп-хлоп-хлоп! Биз сувда доира ясаб куйлаймиз! Қушчалар, балиқчалар – янгроқ чиғаноқ ортидан сайрга! Топ-ва-тип ва тип-ва-топ, хлопхлоп-хлоп!»
– Хабашчалар – жуда қувноқ халқ, – деди бироз хижолат тортган Шчелкунчик, – ишқилиб, улар бутун кўлни лойқалатиб юбормаса бўлгани!
Ҳақиқатан ҳам кўп ўтмасдан гумбурлаган овоз эшитилди: кўл узра ғаройиб овозлар сузаётганга ўхшарди. Лекин Мари бунга эътибор бермасди – у зебо қизларнинг табассум қилаётган чеҳрасидек хушрўй тўлқинларга боқарди.
– Эҳ, – чапак чалиб, қувончдан қичқирди у, – қимматли дўстим жаноб Дроссельмейер, қаранг, анави ерда малика Пирлипат! У менга ёқимли табассум қиляпти… Қимматли дўстим жаноб Дроссельмейер, қарасангизчи!
Аммо Шчелкунчик ғамгин тин олди ва шундай деди:
– Оҳ, бебаҳо мадемуазель Штальбаум, бу малика Пирлипат эмас, балки сизсиз. Фақат сизнинг, фақат ўзингизнинг ёқимтой чеҳрангиз ҳар бир тўлқиндан эркаланиб кулмоқда.
Шунда Мари тез ўгирилиб олди, кўзларини қаттиқ юмди ва жуда хижолат тортди. Шу лаҳзадаёқ ўн икки хабашча уни кўтариб олишди ва чиғаноқдан қирғоққа олиб чиқиб қўйишди. У ҳамма нарса порлаётганлиги ва товланаётганлигидан Роджество ўрмонидан ҳам гўзалроқ бўлган кичик дарахтзорга келиб қолди; бу ерда фақат ранги билан эмас, балки ҳайратомуз хушбўйлиги билан ноёб дарахтларда осилиб турган камёб мевалар, айниқса, антиқа эди.
– Биз Цукат102102
Цукат (итальянча «succada» сўзидан) – шакарда қайнатилган цитруслар (лимон, апельсин), қовун пўстлоғи.
[Закрыть] бутазоридамиз, – деди Шчелкунчик, – анави ерда эса пойтахт.
Оҳ, Мари нималарни кўрмади! Болажонлар, Мари кўз ўнгида бутун нафосати ва кўркамлиги билан намоён бўлган, гулларга бурканган ҳашаматли яланглик бўйлаб чўзилиб кетган шаҳарни қандай тасвирлай? У фақат деворлари ва минораларининг камалактус бўёқлари билангина эмас, балки оддий уйларга асло ўхшаш бўлмаган иморатларининг жимжимадор шакли билан ҳам яшнаб турарди. Уларнинг томлари моҳирона тўқилган гулчамбарлар билан қопланганди, миноралари эса тасаввур этиб бўлмайдиган ажойиб чипор гул маржонларига бурканганди.
Мари ва Шчелкунчик бодом ширин кулчаси ва цукатдан ясалганга ўхшаб кўринган дарвозадан ўтар эканлар, кумуш аскарчалар милтиқларини кўтариб саф тортиб туришди, зардоб уй халатидаги одамча эса Шчелкунчикни қучиб, шундай деди:
– Хуш келибсиз, марҳаматли шаҳзода! Конфетенбургга хуш келибсиз!
Мари шундай аслзода аъён жаноб Дроссельмейерни шаҳзода деб атаётганидан жуда таажжубланди. Бироқ шу пайтда бир-бирларига гап бермаётган ингичка товушларнинг чуғур-чуғури, қувонч ва кулгу товушлари, ашула ва куй эшитилди ва Мари ҳамма нарсани эсдан чиқариб, дарҳол Шчелкунчикдан булар нималигини сўради.
– Эҳ, илтифотли мадемуазель Штальбаум, – жавоб берди Шчелкунчик, – бунинг ҳайратланадиган жойи йўқ. Конфетенбург гавжум, қувноқ шаҳар, бу ерда ҳар кун хурсандчилик ва шовқинсурон ҳукмдор. Марҳамат қилинг, йўлда давом этайлик.
Улар бир оз юргандан кейин улкан, ниҳоятда кўркам бозор майдонига келиб қолишди. Бу ердаги барча уйлар нафис нашқлар туширилган узун шакар айвонлар билан безанганди. Ўртада эса қиём қатлами билан қопланган мазали пирог ҳайкалдек қад ростлаб турарди. Атрофида жуда маҳорат билан ясалган тўртта фавворадан тепага лимонад, оршада103103
Оршада (испанча «horchata» сўзидан) – майдаланган бодом, кунжут, гуручдан тайёрланадиган салқин ичимлик.
[Закрыть] ва бошқа мазали салқин ичимликлар отиларди. Ҳовуз шундай қошиқда ботириб олиб, паққос туширгинг келадиган кўпиртирилган қаймоққа лиммо-лим эди. Аммо бу ердаги беҳисоб жозибали одамлар ҳаммасидан ҳам ёқимли эди. Улар хурсандчилик қилар, кулишар, ҳазиллашишар ва куйлашарди; Мари олисдан уларнинг ана шу шодон ғовур-ғувурини эшитганди.
Бу ерда байрамона башанг кийинган жаноблар ва хонимлар, арманлар ва греклар, яҳудийлар ва тиролликлар, зобитлар ва аскарлар, роҳиблар ва чўпонлар, масхарабозлар, бир сўз билан айтганда, бу ёруғ дунёда учрайдиган турфа одамлар тўпланганди. Бир бурчакда даҳшатли қий-чув кўтарилди: худди шу пайт тўққиз юз учта аъён ва еттиз юзта қул кузатиб келаётган Буюк Мўғулни104104
Буюк Мўғул – европаликлар томонидан Ҳиндистонда уч юз йилга яқин ҳукмронлик қилган, Бобур томонидан асос солинган сулола ҳукмдорларига берилган унвон. Гап шундаки, европаликлар Бобурийлар тўғрисида биринчи бор форслардан эшитганлар. Форслар эса Амударё ортида яшайдиган жағатай туркларини «мўғуллар», деб аташган. Ғарб олимлари форсларга асосланиб, Бобурий ҳукмдорларга адашиб «Буюк Мўғуллар» унвонини беришган. Ҳолбуки, Заҳириддин Бобурнинг ўзи султон унвонига эга бўлган, 1506 йилда эса уни «подишоҳ» унвонига алмаштирган.
[Закрыть] тахтиравонда олиб ўтишаётганди. Буни қарангки, айнан шу пайтда бошқа бир бурчакда беш юз нафар балиқчилар цехи тантанали юриш уюштирган эди, бахтга қарши турк султони ҳам шу вақт уч минг яничар105105
Яничар (туркча «yeniςeri « – «йеничери» – «янги жангчи» сўзидан) – Усмонлилар салтанатида 1365—1826 йилларда доимий пиёда қўшини аскари.
[Закрыть] кузатувида бу ердан ўтмоқчи бўлган экан; шу билан бирга тўппа-тўғри ширин пирог томон янгроқ мусиқа жўрлигида «Қудратли қуёшга шон-шараф, шон-шараф!» деб ашула айтиб «узилиб қолган тантанали қурбонлик қилиш» маросими қатнашчилари келаётганди. Шу қадар тўполон, ур-йиқит ва дод-вой кўтарилдики, асти қўяверасиз. Кўп ўтмай нолалар эшитила бошланди, чунки бу тўполонда қайсидир балиқчи брамин106106
Брамин («брахман» сўзининг нотўғри талаффуз қилиниши) – Ҳиндистонда олий табақа – коҳинларга мансуб шахс.
[Закрыть] калласини узиб ташлабди, Буюк Мўғул эса сал бўлмаса, масхарабоз оёғи остида қоларкан. Шовқин-сурон тобора телбанамо бўлиб бораётганди. Югур-югур ва муштлашиш бошланганди, бироқ дарвоза олдида Шчелкунчикни шаҳзода сифатида қарши олган зардоб уй халатидаги одамча пирог устига чиқиб олди ва уч марта жарангдор қўнғироқчани чалди, уч марта «Қандолатчи! Қандолатчи! Қандолатчи!» деб қаттиқ қичқирди. Тўполон шу ондаёқ тўхтади; ҳар ким йўлини топганича ўзини қутқарарди ва аралаш-қуралаш бўлиб кетган тантанали юриш сафлари ўрни-ўрнига келтирилгач, Буюк Мўғулнинг ифлосланган кийимлари тозалангач ва браминнинг боши яна жойига ўрнатилгач, узилган шодон хурсандчилик давом этди.
– Марҳаматли жаноб Дроссельмейер, бу қандолатчи дегани ким? – сўради Мари.
– Эҳ, бебаҳо мадемуазель Штальбаум, бу ерда қандолатчи деб нотаниш, лекин жуда даҳшатли кучни айтишади, у бу ердаги ривоятларга қараганда, одамни хоҳлаган ҳолга сола олади, – жавоб берди Шчелкунчик, – бу мана шу қувноқ халқ бошига тушган қисматдир ва аҳоли ундан шу қадар қўрқадики, биргина номини тилга олиш, ҳозир буни жаноб бургомистр107107
Бургомистр (немисча «Burgermeister» сўзидан) – Германия, Бельгия, Голландия, Австрия каби давлатларда маҳаллий ҳокимият органларининг олий мансабдор шахси, марказий ҳукуматнинг жойлардаги вакили.
[Закрыть] исботлагандек, энг катта тўполонни ҳам тинчлантира олади. Бундай пайтда ҳеч ким фоний дунё, мушт тушиши ва пешонадаги ғурралар тўғрисида ўйлаб ўтирмайди, ҳар ким ўз ички дунёсига шўнғийди ва «Инсон ўзи ким ва у нимага айланиши мумкин?» дейди.
Мари дафъатан юзлаб муаллақ минорачалари пушти-қизил рангда шуълаланаётган қаср олдида пайдо бўлиб қолганида ҳайратдан – йўқ, қувончдан қаттиқ қичқириб юборди. Деворларнинг у ер, бу ерида сочилиб ётган бинафшалар, наргислар, лолалар, шаббўйларнинг ҳашаматли гулчамбарлари оппоқ манзарани қизил тусга бўяётгандек эди. Марказий бинонинг катта гумбазига ва минораларнинг ўткир учли томларига тилла ва кумуш тусда ярқираётган минглаб юлдузчалар сочилганди.
– Мана биз Мағиз хамир қасридамиз, – деди Шчелкунчик.
Мари мўъжизавий саройдан нигоҳини узмасди, шунга қарамасдан катта миноралардан бирининг томи йўқлигини пайқади, афтидан, уни тиклаётган одамчалар долчин тахта супасида туриб ишлаётганди. У Шчелкунчикка савол беришга улгурмасидан, ҳамроҳи шундай деди:
– Яқиндагина қасрга катта кулфат, эҳтимол, тўла хонавайрон бўлиш хавф солганди. Девқомат Ширинтомоқ бу ердан ўтиб кетаётганди. У дарҳол анави минора томининг бир бўлагини синдириб олди ва катта гумбазни ҳам тортиб кўрмоқчи бўлганди, Конфетенбург аҳолиси очкўзга товон сифатида шаҳарнинг тўртдан бир қисми ва Цукат бутазорининг катта бўлагини инъом этиб, зўрға кўндиришди. Девқомат Ширинтомоқ инъомни тамадди қилиб, йўлида давом этди.
Тўсатдан жуда ёқимли, нафис мусиқа оҳиста янграб қолди. Қасрнинг дарвозалари ланг очилди ва у ердан ўн икки жажжи паж108108
Паж – Ўрта асрларда зодагонлар ёки подшо ҳузурида хизмат қилувчи ўғил бола, ўсмир.
[Закрыть] қўлчаларида чиннигул бандидан ясалган ёндирилган машъала кўтариб чиқди. Уларнинг боши дурдан, танаси – ёқут ва зумраддан бўлиб, моҳирона ишланган тилла оёқчаларида одимлашарди. Уларнинг ортидан деярли Клерхен билан бир хил бўйли, ғайриодатий ҳашаматли ва ялтироқ либосларда тўртта хоним келарди; Мари шу ондаёқ уларнинг туғма маликалар эканлигига иқрор бўлди. Хонимлар Шчелкунчикни меҳр билан қучишди ва самимий қувонганларича:
– Оҳ, шаҳзода, қадрли шаҳзода! Қадрли ука! – деб хитоб қилишди.
Шчелкунчик жуда таъсирланиб кетди: у тинмай қуйилаётган кўз ёшини артарди, шундан кейин Марини қўлидан ушлаб, тантанали равишда эълон қилди:
– Мана – мадемуазель Мари Штальбаум, жуда муносиб тиббиёт маслаҳатчисининг қизи ва менинг халоскорим. Агар у зарур дақиқада туфли-часини отмаганида, нафақага чиққан полковникнинг шамширини топиб бермаганида, мени жирканч сичқонлар Қироли ғажиб ташлаган ва ҳозир гўрда ётган бўлардим. Оҳ, мадемуазель Штальбаум! Пирлипат туғма малика бўлса ҳам гўзаллиги, қадр-қиммати ва фазилатлари сиз билан тенглашиши мумкинми? Мен йўқ дейман, йўқ!
Барча хонимлар: «Йўқ!» деб ҳайқириб юборишди ва ҳўнграганларича Марини қуча бошлашди.
– Оҳ, суюкли шаҳзода, укамизнинг саховатли халоскори! Оҳ, тенги йўқ мадемуазель Штальбаум!
Шундан сўнг хонимлар Мари ва Шчелкунчикни қаср ичкарисига, деворлари буткул камалакнинг барча рангларида жилваланадиган биллурдан қилинган залга олиб киришди. Бу ерда Марига ҳаммадан ҳам кўпроқ тизиб қўйилган, кедр ва Бразилия дарахтидан тилла гуллар қадама нақши тушириб ясалган ажойиб стулчалар, жавончалар, столчалар ёқди.
Маликалар Мари ва Шчелкунчикни ўтиришга кўндиришди ва ҳозироқ ўз қўллари билан уларга ноз-неъматлар тайёрлашларини айтишди. Улар дарҳол турли, нафис япон чиннисидан тайёрланган кўзалар ва косачаларни, қошиқлар, пичоқлар, санчқилар, қирғичлар, кастрюллар ҳамда бошқа тилла ва кумуш ошхона идишларини олишди. Шундан сўнг улар Мари умрида кўрмаган мўъжизавий мева ва ширинликларни келтиришди, жуда бежирим оппоқ қўлчаларида назокат билан мева шарбатини сиқишга, зираворларни эзишга, ширин бодомни майдалашга – бир сўз билан айтганда, чаққонлик билан рўзғор ишларига киришди, Мари улар пазандаликда ғоят моҳир эканликларини ва ўзини ҳашаматли зиёфат кутаётганлигини тушунди. Мари ўзи ҳам бу ишларда баъзи нарсаларнинг уддасидан чиқишини жуда яхши англаган ҳолда дилида маликалар машғулотларида иштирок этишни истарди. Шчелкунчикнинг энг гўзал опаси Марининг бу сирли хоҳишини уққандек, унга кичкина ҳавончани узатди ва шундай деди:
– Қадрли дугонам, укамнинг бебаҳо халоскори, бироз конфетчаларни майдала.
Мари шодонлик билан болғачада конфетчаларни туяр экан, ҳавонча жуда дилбар қўшиқдан қолишмаган тарзда хушоҳанг ва ёқимли жарангларди, Шчелкунчик эса сичқонлар Қиролининг галаси билан бўлиб ўтган даҳшатли жанг, у ўз қўшинининг қўрқоқлиги сабабли мағлубиятга учраганлиги, кейин жирканч сичқонлар Қироли қандай бўлмасин уни ғажиб ташламоқчи бўлганлигини батафсил ҳикоя қилишни бошлади.
Ҳикоя пайтида Марига гўё Шчелкунчикнинг сўзлари ва ҳатто ўз болғачасининг зарблари ҳам тобора бўғиқроқ, мавҳумроқ эшитилаётгандек туюларди ва кўп ўтмай унинг кўзини кумуш парда қоплади – гўё маликалар… пажлар… Шчелкунчик… ўзи… ғарқ бўлаётган булутнинг енгил ўрамлари кўтариларди.... Қаердадир нимадир шитирлар, шовуллар ва куйларди; олисда ғалати товушлар қулоққа чалинмай қолаётганди. Кўтарилаётган тўлқинлар Марини тобора юқорироқ ва юқорироққа… юқорироқ ва юқорироққа… юқорироқ ва юқорироққа… кўтарарди…
ХОТИМА
Та-ра-ра-бух! – ва Мари тасаввур этиб бўлмайдиган баландликдан қулади. Буни туртки деса бўларди! Лекин Мари дарҳол кўзларини очди. У тўшагида ётарди. Ҳаммаёқ ёп-ёруғ бўлиб кетганди, ёнида эса онаси турарди ва дерди:
– Шунча ҳам узоқ ухлаш мумкинми-а? Нонуштага аллақачон дастурхон ёзилган.
Менинг муҳтарам тингловчиларим, сиз Мари бошидан кечирган барча мўъжизалардан ҳайратланиб, охир-оқибат Мағиз хамир қасрида ухлаб қолганлигини тушуниб етдингиз, албатта, ва хабашчалар ёки пажлар, эҳтимол, маликаларнинг ўзи уни уйига олиб бориб, тўшагига ётқизишди.
– Эҳ, ойижон, қадрли ойижоним, бу тун ёш жаноб Дроссельмейер билан қаерларда бўлмадим! Қандай ажойиботларни кўрмадим!
Ва у ҳозир мен ҳикоя қилиб берганимдек, деярли барчасини шундай батафсил гапириб берди, онаси эса уни тингларди ва ажабланарди.
Мари ҳикоясини тугаллагач, онаси шундай деди:
– Сен, азизам Мари, ажойиб узун туш кўрибсан. Лекин буларнинг ҳаммасини каллангдан чиқариб ташла.
Мари ўжарлик билан буларни тушида эмас, балки ўнгида кўрганлигини тасдиқларди. Шунда онаси қизчасини ойнаванд жавон олдига олиб келди, бу ердан ҳар доимдагидек иккинчи токчада турган Шчелкунчикни олди ва деди:
– Эҳ, аҳмоқчам, ёғочдан ясалган нюренберглик қўғирчоқ гаплашишини ва ҳаракат қилишини қаердан олдинг?
– Лекин, ойижон, – унинг гапини бўлди Мари, – ахир мен жажжи Шчелкунчик – чўқинтирган ота-мизнинг жияни, нюрнберглик ёш жаноб Дроссельмейер эканини биламан!
Шунда иккаласи – отаси ҳам, онаси ҳам қаҳқаҳа отиб юборишди.
– Эҳ, энди сен, дадажон, Шчелкунчигим устидан куляпсанми? – йиғлагудек бўлиб давом этди Мари, – у эса сен тўғрингда нақадар яхши фикр билдирганди! Биз Марципан қасрига келганимизда, у мени опалари – маликаларга таништирди ва сен жуда муносиб тиббиёт маслаҳатчиси эканлигингни айтди!
Қаҳқаҳа янада кучайди, энди Марининг отаонасига Луиза ва ҳатто Фриц қўшилганди. Шунда Мари бошқа хонага югуриб кетди, ўзининг ғаладонидан сичқонлар Қиролининг етти тожини олиб, уларни онасига шундай дея узатди:
– Мана, ойижон, қара, ўтган тунда ёш жаноб Дроссельмейер ўз ғалабасининг нишони сифатида менга тақдим этган сичқон Қиролининг етти тожи!
Онаси бирор инсон ясашга қурби етмайдиган даражада ўта нафис, қандайдир номаълум, жуда ялтироқ металдан тайёрланган жажжигина тожларни ажабланиб кўздан кечирди. Жаноб Штальбаум ҳам тожлардан нигоҳини уза олмаётганди. Шундан сўнг отаси ҳам, онаси ҳам Маридан бу тожларни қаердан олганига иқрор бўлишини қатъий талаб қилишди, у эса ҳамон ўз гапида турарди.
Шунда отаси уни койий бошлади ва ҳатто ёлғончи деб атади, бунга Мари ҳўнграб юборди ва ҳасратланиб ўзига-ўзи гапира бошлади:
– Оҳ, мен бечора, бечора! Нима қилай?
Лекин шу пайт эшик очилди ва чўқинтирган отаси кириб келди.
– Нима бўлди? Нима бўлди? – сўради у. – Менинг чўқинтирган қизим Марихен нега йиғлаяпти ва ҳўнграяпти? Нима қилди?
Отаси унга нима бўлганлигини гапириб берди ва жажжи тожларни кўрсатди. Суднинг катта маслаҳатчиси уларни кўрган заҳоти кулиб юборди ва хитоб билан деди:
– Аҳмоқона топағонлик, аҳмоқона топағонлик! Ахир бу қачонлардир соатимнинг занжирига тақиб юрган, кейин Марихен икки ёшга тўлган туғилган кунида совға қилган тожлар-ку! Сиз, нима, буни ёддан чиқардингизми?
Отаси ҳам, онаси ҳам буни эслай олишмади.
Мари ота-онасининг чеҳраси яна ёқимли бўлиб қолганлигига ишонч ҳосил қилгач, чўқинтирган отасининг олдига югуриб борди ва хитоб билан деди:
– Чўқинтирган отам, ахир сен ҳаммасини биласан! Шчелкунчигим – жиянинг, нюрнберглик ёш жаноб Дроссельмейер эканлигини ва бу жажжи тожларни у менга совға қилганлигини айт.
Чўқинтирган отаси қовоғини уйди ва тўнғиллади:
– Аҳмоқона топағонлик!
Шунда отаси қизчаси Марини четга олди ва жуда қатъий деди:
– Мари, қулоқ сол, топағонликларинг ва аҳмоқона ҳазилларингни батамом унут! Ва сен яна бир маротаба мажруҳ Шчелкунчик – чўқинтирган отангнинг жияни эканлигини оғзингга оладиган бўлсанг, биргина Шчелкунчигингнигина эмас, балки бошқа барча қўғирчоқларингни, шу жумладан, хоним Клерхенни ҳам деразадан улоқтириб юбораман.
Энди бечора Мари юрагига сиғмаётган нарса тўғрисида оғзини оча олмасди, албатта; ахир, сиз Марига ўзи билан рўй берган барча ажойиб ғаройиботларни ёдидан чиқариши осон бўлмаслигини тушунасиз. Ҳатто ҳурматли ўқувчи ёки тингловчи, Фриц, ҳатто сенинг ўртоғинг Фриц Штальбаум синглиси ўзини ажойиб ҳис этган мўъжизавий мамлакат тўғрисида ҳикоя қилмоқчи бўлса, дарҳол тескари ўгириб оларди. Айтишларича, баъзан у ҳатто тиши орасидан: «Аҳмоқ қизча!» деркан. Бироқ, унинг яхши хулқини азалдан билганлигим учун, бунга сира ишонмайман; ҳар ҳолда, шуниси аниқки, у энди Марининг ҳикояларидаги бирорта сўзга ишонмаса ҳам давлат парадида ўзининг суворийлари олдида уларни ранжитгани учун узр сўради, хизматларига берилган, йўқотган нишонлари ўрнига ғоз патларидан ясалган янада мўътабарроқ ва дабдабалироқ жиғани тақиб қўйди ҳамда суворийлар маршини чалишга изн берди. Аммо биз жирканч ўқлар уларнинг қизил ҳарбий либосларида доғ қолдирганида бу аскарларнинг жасорати қандай бўлганлигини биламиз.
Мари ўз саргузаштлари ҳақида бошқа гапира олмасди, бироқ афсонавий мамлакатнинг сеҳрли манзаралари уни тарк этмасди. Қизча нозик шитирлашларни, ёқимли серзавқ товушларини эшитарди; бу ҳақда ўйлаши биланоқ яна ҳамма нарса кўз ўнгида гавдаланарди ва аввалларидек ўйинқароқлик қилиш ўрнига соатлаб қимирламай, сокин ўтириши мумкин эди – шунинг учун ҳам уни энди ҳамма кичик хаёлпараст деб атарди.
Бир сафар чўқинтирган отаси Штальбаумларникида соат тузатаётган эди. Мари ойнаванд жавон олдида ўтирарди ва ўнгида туш кўраётгандек Шчелкунчикка қарарди. Бирдан у шундай деб юборди:
– Оҳ, қадрли жаноб Дроссельмейер, агар сиз чиндан ҳам ҳаёт бўлганингизда мен сабабли ўз гўзаллигингизни йўқотганлигингиз учун малика Пирлипат каби сизни рад этмасдим!
Суднинг маслаҳатчиси шу заҳотиёқ бақирди:
– Ҳой, ҳой, аҳмоқона топағонлик!
Бироқ шу лаҳзада шундай гумбур-гумбур ва тарс-турс бошландики, Мари ҳушини йўқотиб, стулдан тўнтарилди. У кўзини очганида онаси атрофида гирдикапалак бўлиб, шундай дерди:
– Ахир стулдан йиқилиб бўладими? Шундай катта қиз! Ҳозир Нюрнбергдан жаноб суд катта маслаҳатчисининг жияни келди, ақлли бўл.
Мари кўзини кўтарди; чўқинтирган отаси яна ўзининг шиша ясама сочини тақиб олибди, сариқ камзулини кийибди ва мамнун кулаётганди, очиғи, жажжигина, лекин қадди-қомати келишган, оқиш-қирмизи юзли, серҳашам, тилла ипларда тикилган қизил чакмон, туфли ва оқ ипак пайпоқдаги ёш йигитчанинг қўлини ушлаб турганди. Унинг жияги ёқаси четидаги бурма ҳошияга ниҳоятда жозибали чиройли гул қадалган, сочлари серҳафсалалик билан жингалак қилинган упа сепилган, елкасидан эса ажойиб ўрама соч осилиб турарди. Биқинидаги жажжигина шпагаси гўё унга қимматбаҳо тошлар қадалгандек порларди, қўлтиғига шойи шляпасини суқиб олганди.
Ёш йигитча Марига бир талай ғаройиб ўйинчоқлар ва, энг аввало мазали марципан ҳамда сичқонлар Қироли ғажиганларининг ўрнига қўғирчоқлар, Фрицга эса ажойиб шамшир совға қилиб, ўзининг ёқимли хулқи ва яхши тарбия кўрганлигини намоён қилди. Дастурхон атрофида илтифотли йигитча даврадагиларга тишида ёнғоқ чақиб берарди. Ёнғоқларнинг энг қаттиғи ҳам унинг учун чўт эмасди; ўнг қўли билан ёнғоқларни оғзига солар, чап қўли билан ўрама сочини тортар ва – қарс! – пўстлоқ бўлакчаларга бўлиниб кетарди.
Мари назокатли йигитчани кўрганида қип-қизариб кетганди, тушликдан сўнг эса ёш Дроссельмейер уни ойнаванд жавон турган меҳмонхонага таклиф қилганида бутунлай лоларанг бўлиб қолди.
– Ўйнагани бораверинг, бораверинг, болажонлар, фақат жанжаллашманг. Энди ҳамма соатларим соз бўлганида, бирор қаршилигим йўқ! – кузатиб қолди уларни суднинг катта маслаҳатчиси.
Ёш Дроссельмейер Мари билан ёлғиз қолганлари заҳотиёқ бир тиззаси билан чўкка тушди ва шундай нутқ бошлади:
– Оҳ, бебаҳо мадемуазель Штальбаум, қаранг, оёқларингиз остида сиз худди шу жойда ҳаётини сақлаб қолган бахтиёр Дросселмейер. Агар сиз туфайли мажруҳ бўлиб қолганимда ирқит малика Пирлипат каби мени рад этмаслигингизни марҳамат қилиб айтдингиз. Шу ондаёқ мен аянчли Шчелкунчик кўринишим аслига – аввалги ёқимли сиймомга қайтди. Оҳ, аъло даражадаги мадемуазель Штальбаум, муносиб қўлингиз билан мени бахтли қилинг! Мен билан бирга тож ва тахтни баҳам кўринг, биргаликда Марципан қасрида подшолик қиламиз.
Мари йигитчани ўрнидан турғазди ва оҳистагина деди:
– Қадрли жаноб Дроссельмейер! Сиз беозор, юмшоқ кўнгилли инсонсиз, бунинг устига ғоят ёқимли қувноқ халқ яшайдиган ажойиб мамлакатда подшолик қиласиз – ахир, мен сиз қаллиғим бўлишингизга рози бўлмаслигим мумкинми?!
Ва Мари шу заҳотиёқ Дроссельмейернинг қаллиғига айланди. Ҳикоя қилишларича, бир йилдан сўнг у Марини кумуш от қўшилган тилла соябонли аравада олиб кетган, уларнинг тўйида йигирма икки минг башанг қўғирчоқлар бриллиантлар ва марваридларини ялтиратиб рақсга тушган. Мари эса, айтишларича, ҳозир ҳам – агар кўзинг бўлса, ҳамма ёқда товланаётган цукат бутазор-ларини, шаффоф марципан қасрларини, бир сўз билан айтганда, барча ғаройиботлар ва ажойиботларни кўрадиган – мамлакатда Қиролича экан.
Мана сизга Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли тўғрисидаги эртак.