282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Эрнст Гофман » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 02:00


Текущая страница: 6 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Оҳ, менинг, менинг Серпентинам! – ҳайқириб юборди талаба Ансельм. – Қандай қилиб сени қолдира олишим мумкин, қандай қилиб сени умрбод севмаслигим мумкин!

Шунда йигитчанинг лаблари бўсада оташ бўлди; у гўё қаттиқ уйқудан уйғонгандек бўлди; Серпентина ғойиб бўлди, соат олтига бонг урди, ва у ҳеч нарсани кўчирмаганлигидан хижолат чекди; архивариус нима дейишидан ташвишланиб вараққа тикилди, ва – оҳ, мўъжиза! – сирли манускриптдан нусха муваффақиятли олиб бўлинганди ва у белгиларга диққат билан назар ташлар экан, Серпентинанинг отаси – мўъжизавий Атлантида мамлакатидаги руҳлар ҳоқони Фосфорнинг суюклиси тўғрисидаги ҳикоясини кўчириб олганига ишонч ҳосил қилди. Шу вақт архивариус Линдгорст ўзининг оч кулранг ёмғирпўшида, бошида шляпаси ва қўлида асоси билан кириб келди; у Ансельм томонидан пергаментга туширилган ёзувга қаради, баракали чимдим тамаки олди ва кулимсираб деди:

– Шундай бўлади деб ўйлагандим! Хўш, жаноб Ансельм, мана специес-талерингиз, энди биз Линковларнинг чўмиладиган жойига боришимиз мумкин – кетимдан олға!

Архивариус роса шовқин – куй, ҳуштак ва бақир-чақир, талаба Ансельмнинг қулоғини қоматга келтираётган боғдан тез ўтиб, кўчага чиқиб олишганидан мамнун бўлишди. Бир неча қадам қўймасларидан рўйхатчи Геербандга дуч келишди, танишлари уларга дўстона ҳамроҳ бўлди. Шаҳар дарвозалари олдида сархонали мундштукларини тамакига тўлдиришди; рўйхатчи Геербанд ўзи билан чақмоқтошини олмаганидан афсусланди, лекин архивариус Линдгорст ранжиган ҳолда ҳайқирди:

–Яна қанақа чақмоқтош! Мана, қанча ўт керак бўлса олинг! – Ва у бармоқларини чертди, улардан йирик учқунлар чиқиб, дарҳол сархонали мундштукни ўт олдирди.

– Қаранг, қанақа кимёвий кўзбойлоқчилик! – деди рўйхатчи Геербанд, лекин талаба Ансельмнинг ўйига ичидан титраб Саламандр келди. Линковларнинг чўмилиш жойида рўйхатчи Геербанд – умуман кўнгли очиқ ва босиқ одам – ўткир пивони шу қадар кўп ичиб қўйдики, архивариус Линдгорст аллақачон жўнаб қолганидан кейин талаба Ансельм уйига етаклаб кетмагунича чийиллаган овоз билан талабалар қўшиқларини айтишга тушди ва ҳар бир ўткинчидан у ўзига дўст ёки дўст эмаслигини сўрай бошлади.

ТЎҚҚИЗИНЧИ ВИГИЛИЯ
Талаба Ансельм эс-ҳушини қандай қилиб бироз йиғиб олгани. – Пунш 4949
  Пунш – шакар, сув ва мева шираси қўшиб қайнатилган спиртли ичимлик.


[Закрыть]
ичаётган улфатлар.– Талаба Ансельм конректор Паульманни қандай қилиб укки деб қабул қилганлиги ва унинг бунга жуда жаҳли чиққани. – Сиёҳ доғи ва унинг оқибати

Талаба Ансельм билан ҳар кун содир бўлаётган ғалати ва мўъжизавий воқеалар уни кундалик турмушдан тамоман суғуриб олганди. У дўстларидан бирортаси билан кўришмасди ва ҳар тонг ўз жаннатига эшик очадиган соат ўн иккини сабрсизлик билан кутарди. Бутун қалби азизаси Серпентинага ва архивариус Линдгорст сеҳрли салтанатининг ажойиботларига қаратилганига қарамасдан, у баъзан беихтиёр Вероника ҳақида хаёл сурар ва кўп бор қиз ўзига яқинлашиб, қизарган ҳолда уни севиши тўғрисида дил изҳорини билдираётганга ва жиғига тегаётган ва мазах қилаётган арвоҳлардан уни юлиб олишни муттасил ўйлаётганга ўхшаб туюларди. Айрим пайтларда гўё бегона, тўсатдан бостириб келадиган куч ёддан чиқарган Вероника томон шиддат билан тортқиларди ва унга худди занжирбанд қилингандек, истаган томонига ортидан бориши керак эди. У илк бор Серпентинани зебо қиз сиймосида кўрган ва Саламандрнинг яшил илон билан никоҳланиши тўғрисидаги мўъжизавий сир аён бўлган куннинг эртаси тунида Вероника кўзи ўнгида ҳар қачонгидан ҳам жонлироқ намоён бўлди.

У уйғонганидан кейингина бу туш эканлигини тушунди, ўзи эса Вероника ҳақиқатан ҳам уникида бўлганлиги ва қалбини ўртаётган чуқур қайғу билан чин юракдан муҳаббатини унинг дили ғашлигидан туғилган, бунинг устига бахтсизликка ва ҳалокатга гирифтор қилиш мақсадини кўзлаган хаёлий тасаввурларга қурбон этаётганлигидан шикоят қилганига ишончи комил эди. Вероника ҳар қачонгидан ҳам ёқимлироқ эди; уни сира хаёлидан чиқара олмаётганди; бундан азобланарди ва бу ҳолатдан эрталаб сайр қилиш билан халос бўламан деган ўйда эди. Хуфиёна жоду куч уни Пирнас дарвозалари томон етаклаб кетди ва ён томондаги кўчага буриламан деб турганда конректор Паульман уни қувиб етаркан, қичқиришга тушди:

– Ҳай, ҳай, иззатли жаноб Ансельм! Amisel!5050
  Amisel (лотинча) – дўстим.


[Закрыть]
Amisel! Худо ҳақи, айтинг-чи, қаерларда юрибсиз? Сизни асло топиб бўлмаяпти-ку. Вероника яна бир марта сиз билан куйлаш иштиёқида ўртанаётганини биласизми? Қани кетдик, ахир бизникига келаётгандингиз-ку!

Талаба Ансельм ноилож конректор билан йўлга тушди. Уларни уй остонасида башанг кийинган Вероника қарши олди, конректор Паульман қизининг кўринишидан таажжубланиб сўради:

– Нима ясан-тусан қилиб олибсан? Меҳмонларни кутаётганмидинг? Мен эса олдингга жаноб Ансельмни бошлаб келдим!

Талаба Ансельм назокат ва илтифот билан Верониканинг қўлини ўпаётганида асаблари бўйлаб олов оқимидек ўтган қўлининг енгилгина қисилганини туйди. Вероника кайфияти чоғ, ёқимтой эди ва Паульман кабинетига кириб кетгач, муғомбир қувноқ ҳазиллари билан Ансельмни шу қадар жонлантириб юбордики, у тортинчоқликни мутлақо унутиб, шўх қиз билан хонада бирга ўйнай ва югура бошлади. Лекин унга яна бесўнақайлик жини уриб, столга туртилди ва Верониканинг бежирим иш тортмаси полга қулади.

Ансельм уни кўтарди, тортманинг қопқоғи очилиб кетди ва кўзи жажжигина метал кўзгуга тушиб, уни алоҳида завқ билан томоша қила бошлади. Вероника сездирмасдан унинг ортига оҳиста яқинлашди, қўлини орқасига қўйди ва пинжига кириб, елкаси оша ўша кўзгуга қарай бошлади. Шунда Ансельмнинг вужудида худди ғалаён бошлангандек бўлди; фикрлар, сиймолар – архивариус Линдгорст – Серпентина – яшил илон – кўзига чалинар ва ғойиб бўларди, кейин тинчиб қолди ва равшанлашган онгида ҳамма элас-эласлар тартибга тушди ва аниқлашди. Энди унга хаёлида фақат Вероника бўлганлиги, кеча ҳаворанг хонада намоён бўлган сиймо ҳам тағин шу Вероника эканлиги ва Саламандрнинг яшил илон билан никоҳи тўғрисидаги фантастик эртак унга ҳикоя қилиб берилмаганлиги, балки ўзи томонидан ёзилганлиги очиқ-ойдин бўлганди. У ширин орзуларига ўзи ҳайрон қолди ва уларни Вероникага муҳаббати туфайли ўта ҳаяжонда бўлган руҳий ҳолати ва бунинг устига хонасини ғалати ҳид тутган архивариус Линдгорстникидаги иши оқибатига йўйди. У илончани севиб қолиш ва тахт хизматида бўлган архивариус Линдгорстни Саламандр деб тан олишдек бемаъни хаёлот устидан самимий кулди.

– Ҳа, ҳа, бу Вероника! – ҳайқириб юборди у ва ўгирилиб, Верониканинг ишқ ва иштиёқ билан порлаётган мовий кўзларига тўқнаш келди.

Қизнинг оғзидан бўғиқ «оҳ!» отилиб чиқди ва лаблар шу он оташ бўсада бирлашди. «О, бахтлиман! – нафасини ростлади завқланган талаба. – Фақат кечагина орзулаганларим бугун ўнгимда ҳақиқатга айланмоқда».

– Саройдаги маслаҳатчи бўлганингдан кейин ҳақиқатан ҳам менга уйланасанми? – сўради Вероника.

– Шак-шубҳасиз, – жавоб берарди талаба Ансельм. Шу пайт эшик ғирчиллади ва кириб келган конректор Паульман деди:

– Хўш, қадрли жаноб Ансельм, бугун сизни қўйиб юбормайман, шўрвамиздан тотиб кўрасиз, кейин Вероника бизга ниҳоятда аъло қаҳва тайёрлаб беради, бу пайт рўйхатчи Геербанд ҳам етиб келишга ваъда берганди.

– Эҳ, марҳаматли конректор, – эътироз билдирди талаба Ансельм, – ахир архивариус Линдгорстникига нусха кўчиришга боришим кераклигини билмайсизми?

– Қаранг, – деди конректор миллари бир яримни кўрсатаётган соатини унга узатар экан.

Талаба Ансельм архивариус Линдгорстникига боришга кеч бўлганлигини кўрди ва конректорнинг истагига бажонидил кўнди, бу кун бўйи Вероникага боқиш имконини берарди ва у фақат яширинча қаратилган биттагина эрка нигоҳни кўришгагина, биттагина қўлини нозик сиқиб қўйилишигагина эмас, балки, эҳтимол, ҳатто бўсага ҳам умид қиларди. Энди талаба Ансельмнинг майли шу даражага етган эдики, ўзини ҳақиқатан ҳам телба қилишга олиб келиши мумкин бўлган хаёлий орзуларидан қанчалик тез қутулса, шу қадар ўзини яхшироқ ҳис қилишига ишончи ортиб бораётганди. Рўйхатчи Геербанд чиндан ҳам тушликдан кейин пайдо бўлди ва қаҳва ичиб бўлинган ва қош қорайганда, ишшайиб ва хурсанд ҳолда қўлларини ишқалаб, шундай бир нарса олиб келгани, у Верониканинг ажойиб қўллари билан аралаштирилиб ва таъриф жоиз бўлса, рақамлаштирилиб ва тегишли рукн остига жойлаштирилиб, зарур шаклга келтирилса, октябрь ойининг бу аёзли оқшомида ҳамма учун ёқимли бўлишини билдирди.

– Сирли хазинангизни чиқара қолинг, муҳтарам рўйхатчи, – хитоб билан деди конректор Паульман ва мана, рўйхатчи Геербанд камзулининг чуқур чўнтагига қўлини суқиб, уч маротабада у ердан бир шиша арақ, бир нечта лимон ва қанд чиқарди. Ярим соатдан сўнг Паульманнинг столида аъло пунш буғ чиқариб турарди. Вероника ичкиликни қуйиб турар ва улфатлар ўртасида дилкаш, қувноқ суҳбат кетаётганди. Бироқ спирт буғлари талаба Ансельмнинг бошига етиб боргач, сўнгги вақтда ўзи билан содир бўлган барча аломат ва мўъживий нарсалар яна кўз ўнгида гавдаланди. У архивариус Линдгорстни фосфор каби ялтираётган узун кимхоб уй халатида кўрарди; у ложувард хонани, тилла пальмаларни кўрарди; у ҳатто барибир Серпентинага ишониши кераклигини яна ҳис қилди – вужудида нимадир изтиробга тушаётган, қайнаётганди. Вероника стаканда пунш узатди, уни оларкан қизнинг қўлига хиёл тегиб кетди. «Серпентина, Вероника!» – хўрсинди у. У чуқур тотли хаёлларга чўкди, лекин бу пайт рўйхатчи Геербанд жуда ҳайқириб юборди:

– Бу архивариус Линдгорст ғалати, тушуниб бўлмайдиган чол. Ҳай, унинг соғлиғи учун! Қадаҳларни уриштирамиз, жаноб Ансельм!

Шунда талаба Ансельм ўзига келди ва рўйхатчи Геербанд билан стаканини уриштирар экан, деди:

– Бу шунинг учунки, муҳтарам жаноб рўйхатчи, жаноб Линдгорст аслида яшил илони ўзини тарк этиб, учиб кетганлиги учун юраги ўртаб, руҳлар ҳоқони Фосфорнинг боғини ҳонавайрон қилган Саламандрдир.

– Нима? Қандай қилиб? – сўради конректор Паульман.

– Ҳа, – давом этди талаба Ансельм, – шунинг учун ҳам энди у қирол архивариуси бўлиб, шу ер – Дрезденда ўзининг уч қизи билан яшаши зарур, айтгандек, қолаверса, бу қизлар маржон мевали бутада қуёшда исиниб, кўнгилни суст кетирадиган ҳолда куйлайдиган ва йигитларни сув париларидек мафтун этадиган учта жажжигина тиллатус-яшил илончалардан бошқа ҳеч нарса эмас.

– Жаноб Ансельм, жаноб Ансельм! – хитоб билан деди конректор Паульман. – Бошингиз ачиб кетдими? Худо кечирсин, қандай бўлмағур нарсаларни вайсаяпсиз?

– У ҳақ, – талабанинг ёнини олди рўйхатчи Геербанд, – бу архивариус ҳақиқатан ҳам лаънати Саламандрдир; у бармоқларини қарсиллатиб ўт ёқади ва оловли сув жониворидек камзулларни куйдириб тешади. Ҳа, ҳа, сен ҳақсан, ошнам Ансельм ва бунга ким ишонмаса, у менинг душманим! – рўйхатчи шундай дея столга шундай мушт туширдики, стаканлар жаранглаб кетди.

– Рўйхатчи, сиз қутуриб кетдингиз, – бақириб юборди жаҳли чиққан конректор. – Жаноб талаба, жаноб талаба, яна нимани ўйлаб топдингиз?

– Эҳ, – деди талаба, – сиз ҳам, жаноб конректор, тепа кокилни ўраётган уккидан бошқа ҳеч нарса эмассиз.

– Нима? Мен тепа кокилни ўраётган уккиманми? – ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган конректор қичқиришга тушди. – Сиз ақлдан озибсиз, марҳаматли жаноб, сиз ақлдан озибсиз!

– Лекин кампир ҳали унинг бўйнига ўтириб олади, – ҳайқириб юборди рўйхатчи Геербанд.

– Ҳа, келиб чиқиши палид бўлса ҳам кампир кучли, – қўшилди талаба Ансельм, – чунки дадаси аслида синдирилган қанот, онаси эса – расво лавлагидан бошқа ҳеч нарса эмас, бироқ унинг қудрати кўпроқ атрофини ўраб турган турли ғазабнок махлуқлар – заҳарли шайтонлар билан боғлиқ.

– Бу қабиҳ туҳмат, – ҳайқириб юборди қаҳрдан кўзлари чақнаётган Вероника. – Қария Лиза – доно аёл, ва қора мушук асло ғазабнок махлуқ бўлмасдан, балки муомаласи назокатли ўқимишли йигитча – унинг cousin germain5151
  Сousin germain (французча) – жиян.


[Закрыть]
.

– Саламандр соқолига ўт қўймасдан ва аянчли равишда ҳалок бўлмасдан овқатни паққос тушира оладими? – саволга тутарди рўйхатчи Геербанд.

– Йўқ, йўқ! – бақирарди талаба Ансельм. – У билан ҳеч қачон бундай кор-ҳол рўй бермайди, ва яшил илон мени севади, чунки соддадилман, ва Серпентинанинг кўзини кўрганман.

– Мушук эса бу кўзни тирнаб, ўйиб олади, – хитоб билан деди Вероника.

– Саламандр, Саламандр ҳаммани енгади, ҳаммани! – тўсатдан бўкириб юборди конректор Паульман ўта қутурган ҳолатда. – Жиннихонада эмасманми? Ўзим ақлдан озиб қолмадимми? Ҳозир нима деб валдирадим! Ҳа, мен ҳам жинни бўлиб қолдим, мен ҳам жинни бўлиб қолдим. – Шундай дея конректор сапчиб турди, бошидан ясама сочини юлиб олиб, шифтга улоқтирди, тилка-пора қилинган ясама соч гажакларидаги упа ҳамманинг устига сочиларди.

Шу пайт талаба Ансельм ва рўйхатчи Геербанд наъра тортган ҳолда пунш солинган идиш, стаканларни шифтга отишга тушдилар, уларнинг синиқ бўлаклари эса атрофга жаранглаб тушарди. «Vivat»5252
  Vivat (лотинча) – яшасин.


[Закрыть]
Саламандр! Pereat5353
  Pereat (лотинча) – йўқолсин.


[Закрыть]
, рereat кампир! Метал кўзгуни пачақла! Мушукнинг кўзини ўйиб ол! Саройдаги қушча, қушча! Ҳой, ҳой Саламандр! Ҳар учаласи жин ургандек қичқиришар ва наъра тортишарди. Френцхен ҳўнграганча қочиб кетди; Вероника эса алам ва қайғудан чийиллаганча диванга йиқилди. Аммо, мана эшик очилди, бирдан ҳаммаёқ тинчиб қолди ва кулранг ёмғирпўшда пакана одамча хонага кирди. Унинг юзида қандайдир ғалати виқор акс этарди, ва айниқса, катта кўзшишак қўндирилган қийшиқ бурни ажралиб турарди. Шу билан бирга унинг бошидаги мутлақо ўзгача ясама соч кўпроқ патли шапкага ўхшаб кетарди.

– Хайрли кеч, хайрли кеч, – хириллади аломат одамча. – Жаноб талаба Ансельмни шу ердан топа оламан-а? Жаноб архивариус Линдгорст сизга ўз ҳурматини билдиради, ва у бугун жаноб Ансельмни беҳуда кутди, лекин эртага одатдаги вақтни ўтказиб юбормаслигингизни ўтиниб сўрайди. – Ва у шундай дея ўгирилди ва чиқиб кетди, шунда ҳамма бу виқорли одамча, аслини олганда, кўкимтир тўти эканлигини тушунишди. Конректор Паульман ва рўйхатчи Геербанд бутун хонани кўтариб қаҳқаҳа отишди; Вероника гўё таърифга сиғ-майдиган қайғу билан чийиллар ва оҳ-воҳ қиларди, аммо талаба Ансельмни телбанамо даҳшат қоплаб олди ва у онгсиз ҳолда эшикдан кўчага отилди. Беихтиёр у ўз уйи, ўз каталагини топди. Кўп ўтмай унинг олдига осойишта ва дўстона ҳолатда Вероника кирди ва нега ичиб олиб, шу қадар қийнаганлигини сўради ва архивариус Линдгорстникида ишлаётганида янги хаёлотларга берилишдан эҳтиёт бўлиши кераклигини айтди. «Хайрли тун, хайрли тун, азиз дўстим!» – шивирлади Вероника ва секингина лабидан ўпиб қўйди. Ансельм уни бағрига босмоқчи бўлганди, бироқ тасвир ғойиб бўлди ва у тетик ва қувноқ ҳолда уйғонди. У пунш таъсири тўғрисида дилдан кулиб қўяқолди, лекин Вероника ҳақида ўйлар экан, ўзини жуда дилкаш ҳис этарди. «Фақат у туфайлигина, – ўзига-ўзи дерди у, – бўлмағур хаёлотлардан халос бўлдим. Ҳақиқатан ҳам, мен ўзини шиша деб деб ўйлайдиган ёки ўзини арпа дони сифатида тасаввур этиб, товуқлар еб қўйишидан хавфсираб хонасидан чиқмайдиган телбага жуда ўхшаб кетгандим. Аммо саройдаги маслаҳатчи бўлган заҳотимоқ дарҳол mademoiselle Паульманга уйланаман ва бахтли бўламан». У кейин, чошгоҳда, архивариус Линдгорстнинг боғидан ўтар экан, аввал бу ер қандай қилиб ўзига ғаройиб ва сирли туюлган бўлиши мумкинлигидан таажжубланишини қўймасди. У фақат тувакларда оддий ўсимликлар – ёронгул, мирталар ва шу кабиларни кўрарди. Олдин жиғига теккан ялтироқ чипор қушлар ўрнига у ва бу томон пириллаб учиб юрган қарғалар Ансельмни кўриши билан тушуниб бўлмайдиган ва ёқимсиз шовқин кўтаришди. Ҳаворанг хона ҳам кўзига мутлақо ўзгача кўринди, ва у бу дағал зангори ранг ва шаклсиз ялтироқ япроқли нотабиий пальмаларнинг тилла танаси ўзига бир лаҳза ҳам ёққан бўлиши мумкинлигини тушуна олмасди. Архивариус унга мутлақо алоҳида истеҳзоли илжайиш билан қарар экан, сўради:

– Хўш, қадрли Ансельм, кечаги пунш ёқдими?

– Эҳ, сиз, албатта, тўти… – жавоб бермоқчи бўлганди Ансельм жуда изза тортиб, лекин тўти ҳам, эҳтимол, алдоқчи тасаввур бўлганлиги ўйига келиб, бирдан гапиришни тўхтатди.

– Ҳаҳ, мен ҳам сизларга улфат эдим, – эътироз билдирди архивариус, – нима, сиз мени кўрмадингизми? Бироқ сизнинг жиннича ҳазилларингиздан сал бўлмаса азият чекаёздим, чунки рўйхатчи Геербанд товоқни шифтга улоқтириш учун қўлига олганида унинг ичида ўтиргандим ва шунинг учун конректорнинг сархонали мундштуги ичига тезроқ қочиб қолишимга тўғри келди. Ҳа, майли, жаноб Ансельм. Ҳафсалалироқ бўлинг, мен эса шу пайтгача яхши ишлаб келганлигингизни ҳисобга олиб, кеча ўтказиб юборган кунингиз учун ҳам специес-талер тўлайман.

«Архивариус бунақа бемаъни нарсаларни қандай валдираши мумкин?» – деди ўзига-ўзи талаба Ансельм ва архивариус одати бўйича олдига қўйган қўлёзмадан нусха кўчиришни бошлаш учун стол олдига ўтирди. Бироқ пергамент ўрамида ўзаро чатишиб кетган ва кўзни бирор нарсага қадаш имконини бермаётган шу қадар кўп чизиқлар, жимжимлар ва гажакларни кўриб, уларни аниқ кўчириш умидини деярли буткул йўқотди. Умумий нигоҳ ташланганда пергамент томирлари живирлашиб кетган мармар парчаси ёки мох босган тошдек тасаввур этиларди. Шунга қарамасдан у бир уриниб кўрмоқчи бўлди ва перони сиёҳдонга ботирди, лекин ҳеч сиёҳ тушмаётганди; сабри чидамасдан перони силкитди ва – э, худо – катта сиёҳ томчиси очиқ турган аслият матни устига тушди. Бу доғдан шувиллаб ва вишиллаб зангори чақмоқ учиб чиқди ва хонада шифтгача қасирқусур қилиб, иланг-биланглай кетди. Деворлардан қуюқ булут кўтарилди, япроқлар худди бўрон титратаётгандек шатирлай бошлади, улардан чақнаётган оловли василисклар5454
  Василиск – бир қараши барча жонзотни ўлдирадиган афсонавий махлуқ, аждаҳо.


[Закрыть]
отилиб чиқиб, буғларга шу қадар ўт қўярдики, Ансельмнинг атрофида аланга буркирай кетди. Пальмаларнинг тилла таналари баҳайбат илонларга айланди, уларнинг жирканч бошлари кескин темир жаранги билан бир-бирига урилиб кетди ва ўз тангачали таналари билан Ансельмни чирмаб олди. «Жинни, шу қадар қўрслик билан қилган ишинг учун жазосини торт!» – илонлар устида гўё аланга ўртасида кўзни қамаштирадиган нурдек пайдо бўлган тождор Саламандр даҳшатли овоз билан шундай дея ҳайқирди ва илонларнинг кериклари Ансельмга олов шаршараларини ёғдирди ва бу аланга оқими унинг гавдаси атрофида худди қуюқлашгандек, қаттиқ муз қатламига айланди. Ансельмнинг аъзолари тобора сиқилиб, қота бошлади ва у ҳушидан кетди. У яна ўзига келганида қимирлай ва тура олмасди; у салгина қимирласа – қўлини кўтарса ёки бирор ҳаракат қилса, урилиб кетаётган қандайдир ялтироқ жилва билан гўё чирмаб олинганга ўхшарди. Воҳ! У архивариус Линдгорст кутубхонасидаги столдаги оғзи қаттиқ маҳкамланган биллур шиша идиш ичида ўтирарди.

ЎНИНЧИ ВИГИЛИЯ
Талаба Ансельмнинг шиша идиш ичидаги уқубатлари. – Шогирд ва нусха кўчирувчиларнинг бахтли ҳаёти. – Архивариус Линдгорст кутубхонасидаги жанг. – Саламандрнинг ғалабаси ва талаба Ансельмнинг халос этилиши

Сен, илтифотли китобхон, фақат антиқа тушинг қачонлардир тасаввур этиб бўлмайдиган хаёлотга чўмдирмаган бўлса, оғзи маҳкам бекитилган шиша идиш ичига қачонлардир тушиб қолган бўлишингга шубҳа қилиш ҳуқуқига эгаман. Агар тушингга кирган бўлса, бечора талаба Ансельмнинг ночор аҳволини яққол тасаввур этишинг мумкин; агар тушингга ҳам бунга ўхшаш ҳолат кирмаган бўлса, жонли тасаввуринг менинг ҳақим ва Ансельмнинг ҳақи учун бир неча лаҳза сени шиша ичига солиб қўйсин. Кўзни қамаштирадиган шуъла сени маҳкам қоплаган; атрофдаги ҳамма нарсалар сенга ёритилган ва нурли камалак бўёқлари билан ўраб олингандек туюлади; ҳаммаси титрайди, чайқалади ва ёғдуда тарақлайди – сен гўё музлаб қолган ҳаво бўшлиғида қимирламай сузяпсан, бу бўшлиқ сени шу қадар қаттиқ босиб турибдики, руҳ жонсиз танага беҳуда амр қилмоқда. Бениҳоя оғирлик кўкрагингни тобора ва тобора эзади, сенинг нафасинг тор жойдаги ҳавонинг сўнгги қолдиқларини тобора ва тобора ютмоқда, сенинг томирларинг шишмоқда ва даҳшатли оғриқ тиғи билан кесилган ҳар бир асабинг ўлим талвасасида қалтирайди. Илтифотли китобхон, шиша турмада таърифи йўқ бу қийноққа солинган талаба Ансельмга раҳм қил, лекин у ўлим ҳам ўзини халос эта олмаслигини ҳис қиларди, чунки тонгги қуёш хонани равшан ва майин ёритганида чуқур ҳушдан кетишидан кўзини очган, ва азоблари қайтадан бошланганди. У танасининг бирорта аъзосини қимирлата олмасди, аммо фикрлари шишага урилиб, кескин ёқимсиз товушлар билан қулоғини батанг қилар ва авваллари ички овозининг тушунарли сўзлари ўрнида фақат телбаликнинг бўғиқ гувуллашини эшитарди. Шунда у тушкунлигидан: «Оҳ, Серпентина, бу дўзах азобидан мени қутқар!» – деб қичқириб юборди. Ва гўё атрофида сокин хўрсиниш уфургандек ва маржон мевали бутанинг яшил япроқлари шиша идишга ёпишиб қолгандек бўлди; гувиллаш тўхтади, кўзни қамаштириб, бошни айлантирадиган ёғду йўқолди ва у енгилроқ нафас олди. «Бошимга тушган кулфатда ўзим айбдор эмасманми, эҳ, гўзал маҳбубам Серпентина, сенга қарши гуноҳ қилиб қўймадимми? Сен тўғрингда қора шубҳаларга бормадимми? Ишончимни ва у билан бирга менга олий бахт келтириши мумкин бўлган ҳамма нарсани йўқотмадимми? Оҳ, энди сен ҳеч қачон меники бўлмайсан, мен учун тилла хумча йўқ бўлди, энди ҳеч қачон унинг мўъжизаларини кўрмайдиган бўлдим, Оҳ, қанийди яна бир марта сени кўрсам, ажойиб, тотли овозингни эшитсам, азизам Серпентина!» – вужудини чуқур оғриқли қайғу ўртаётган талаба Ансельм шундай нола қиларди; бирдан у шундоққина ёнгинасида, худди шу столда турган яна бешта шиша идишда Хоч мактабининг уч ўқувчиси ва икки нусха кўчирувчини кўрди.

– Эҳ, марҳаматли жаноблар, бахтсизлигим ошналари, – ҳайқириб юборди у, – сизлар қанақасига шу қадар бепарвосизлар, юзларингга қараганда, ҳатто мамнунсизлар ҳам? Ахир сизлар ҳам мендек оғзи бекитилган шиша идиш ичида ўтир-ган ва қимирлай ҳам, қўзғалай ҳам, ҳатто бош ёрилиб ва гувиллаб кетадиган даражада қулоқни қоматга келтирадиган шовқин ва жаранг кўтармасдан бирор арзигулик нарса тўғрисида ўйлай ҳам олмайдиган бўлсангиз? Балки сиз, эҳтимол, Саламандр ва яшил илонга ишонмасангиз керак?

– Сиз алаҳлаяпсиз, жаноб талаба, – эътироз билдирди ўқувчилардан бири. – Биз ўзимизни ҳеч қачон ҳозиргидек яхши ҳис этмаганмиз, чунки тентак архивариусдан турли маънисиз нусхалар учун олаётган специес-талерлар фойдага қоляпти; энди итальянча хор ашулаларини ўрганишимизга ҳожат йўқ; энди биз ҳар куни Иозефнинг олдига ёки бошқа майхонага борамиз, ўткир пиводан мазза қиламиз, қизлар билан кўз уриштирамиз, ҳақиқий талабаларга ўхшаб «Gaudeamus igitur…» деб куйлаймиз – ва вақтичоғлик қиламиз.

– Улар мутлақо ҳақ, – гапга қўшилди нусха кўчирувчи, – мен ҳам ёнимдаги ҳамкасбим каби специес-талерлар билан обдан таъминланганман, ва тўрт девор ичида муттасил турли ҳужжатлардан нусха кўчириш ўрнига кўнгилочар жойларга иштиёқ билан бораман.

– Аммо, марҳаматли жаноблар, – деди талаба Ансельм,– сизларнинг ҳаммангиз ва ҳар бирингиз алоҳида шиша идиш ичида ўтирганингиз, сайр қилиш у ёқда турсин, қўзғалай ва қимирлай олмаслигингизни сезмаяпсизми?

Шунда ўқувчилар ва нусха кўчирувчилар қаҳқаҳа отиб юборишди ва бақира кетишди: «Талаба ақлдан озибди-ку. Эльба кўпригида туриб, сувга қараяпти-ку, шиша идиш ичида ўтирибман, деб тасаввур қилмоқда. Кетдик бу ердан!» – «Эҳ, – нафасини ростлади талаба, – улар умрида дилбар Серпентинани кўрмаган; улар эркинлик ва ишонч ва муҳаббат билан яшаш нима эканлигини билишмайди, шу сабаб Саламандр уларнинг тентаклиги ва қабиҳлиги учун маҳкум этган зиндон уқубатини сезишмайди, аммо таърифлаб бўлмайдиган даражада севадиганим мен бахти қарони қутқармаса, қайғуда ва шармандаларча ҳалок бўламан». Ва мана хонада Серпентинанинг овози уфурди ва шивирлади: «Ансельм, ишон, сев, умид қил!» Ва ҳар бир товуш Ансельмнинг зиндонига нурдек кириб келар ва шиша унинг амрига тобе бўлиб, сурилиб, нурларга йўл очарди ва маҳкумнинг кўкраги қимирлай ва кўтарила оларди. У аҳволининг уқубати тобора камайиб борар ва Серпентина ҳали ҳам ўзини севиши ва шиша ичида туришига тоқат қилиши мумкинлиги фақат маҳбубаси хизмати эканлигини равшан англарди. Энди у ўз бахтсизлигига ошналари тўғрисида ғам чекмасдан, бутун туйғуси ва фикрларини фақат қадрдони Серпентинага қаратди. Бироқ кутилмаганда бошқа томондан бўғиқ, жирканч минғиллаш эшитилди. У тезда бу қаршисидаги кичкина жавонда турган қопқоғи синган қаҳва қайнатадиган идишдан чиқаётганини пайқади. Лекин синчиклаброқ назар ташлар экан, ажин босган қари аёл башарасини тобора ва тобора таний бошлади ва бироздан кейин кўз ўнгида Қора дарвоза олдида олма сотган кампир пайдо бўлди. У Ансельмга тишларини иржайтирди, кулиб юборди ва дириллаган товуш билан ҳайқирди:

– Ҳой, ҳой ўғлим, яна ўжарлик қиласанми? Мана, шиша ичига тушиб қолдинг-ку! Аввал бошдан сенга айтгандим: шиша ичига тушасан!

– Майли, кулавер, масхара қилавер, лаънати жодугар! – деди Ансельм. – Ҳаммасига сен айбдорсан, бироқ Саламандр адабингни бериб қўяди, разил лавлаги!

– Ўҳ-ҳў, – эътироз билдирди кампир, – мағрурлигини қаранг-а! Сен ўғилларимнинг юзига оёқ босдинг, сен бурнимни куйдирдинг, аммо мен сенга, шумтака, яхшилик истайман, чунки ўзинг ҳалол одамсан ва қизимнинг ҳам сенда кўнгли бор. Аммо мен ёрдам бермасам, шиша ичидан чиқа олмайсан; ўзим сени у ердан чиқара олмайман, бироқ шу ерда, нақ тепангда том остида яшайдиган эгачим каламуш бор, у сен турган тахтани ўяди, сен пастга думалайсан ва мен бурнингни пачақламаслигинг ва афтингни омон сақлаб қолишинг учун фартугимда тутиб оламан ва тўппа-тўғри саройдаги маслаҳатчи бўлганингда уйланишинг зарур бўлган мадемуазель Верониканинг олдига олиб бораман.

– Кўзимдан йўқол, шайтон боласи! – бақирди ғазабга тўла талаба Ансельм. – Фақат сенинг дўзахий қилмишларинг мени жиноятга ундади, энди бу гуноҳимни ювишим керак. Лекин ҳаммасига сабр билан чидайман, чунки қадрдоним Серпентина севгиси ва таскини билан мени чулғаб олган шу ердагина яшай оламан. Буни эшит ва умидингни уз, кампиршо. Қудратингга таслим бўлмайман; фақат биргина Серпентинани яхши кўраман ва абадий севаман, – мен ҳеч қачон саройдаги маслаҳатчи бўлмайман, сени менга ёвузлик қилишга йўлдан урган Вероникани ҳеч қачон кўрмайман. Агар яшил илон меники бўлмаса, соғинч ва қайғудан ҳалок бўламан. Йўқол, йўқол, разил аблаҳ!

Шунда кампир шундай қаҳқаҳа отиб юбордики, хона жаранглаб кетди, ва у ҳайқирди:

– Майли, шу жойда ўтиравер ва гумдон бўлавер, мен эса ишга киришишим керак, ахир бу ерда бошқа ишим ҳам бор! – У қора ёмғирпўшини итқитди ва жирканч яланғочланди, кейин айлана бошлади ва қалин қадимий китоблар пастга қулар, кампир эса уларнинг пергамент варақларини йиртар ва буларни тез, чаққон – бирини иккинчисига ёпиштириб ва гавдаси атрофини улар билан ўраб, қандайдир тангачали совут кийгандек намоён бўлди. Қора мушук олов сочиб, ёзув столи устида турган сиёҳдон ичидан отилиб чиқди ва кампир томон увиллай бошлади, кампир эса хурсандлигидан қичқириб юборди ва мушук билан бирга эшик орқасида ғойиб бўлди. Ансельм кампир ҳаворанг хонага йўл олганини пайқади ва кўп ўтмай у ўша томондан вишиллаш ва гувуллашни эшитди, боғдаги қушлар чийиллай бошлади, тўти эса «Уш-шла, уш-ш-ла, ўғирлик, ўғирлик!» дея чириллай кетди. Шу дақиқада кампир қўлида тилла хумча билан хонага қайтиб келди ва хунук қийшанглаб ва сакраб, ваҳшиёна чинқирди:

– Хуш вақт! Хуш вақт! Ўғилчам, яшил илонни тезроқ ўлдир! Тезроқ, ўғилчам, тезроқ!

Ансельмга ўзи чуқур нолани, Серпентинанинг овозини эшитгандек туюлди. Уни даҳшат ва руҳий тушкунлик қамраб олди. У бутун кучини тўплади, асаб ва мушакларини зўриқтириб, шишага урилди – хонада қаттиқ жаранг янгради, ва архивариус ўзининг кенг кимхоб уй халатида кўринди.

– Ҳей, ҳой, аблаҳ! Жодугарнинг ҳийлалари – шайтоннинг васвасаси! Эй, буёққа, буёққа! – шундай бақирди у.

Шунда кампирнинг қора сочлари дағал жун бўлиб қолди; унинг қизил кўзлари дўзах оловидек чақнаб кетди, ва, у катта оғзидаги ўткир тишларини қисиб, вишиллади: «Тез кел! Тез вижилла!» – ва қаҳқаҳа отди, масхара қилиб, маъради ва тилла хумчани ўзига қаттиқ тақаб, ундан тўла бир сиқим тупроқ олиб, архивариусга ота бошлади, бироқ тупроқ унинг кенг уй халатига сал теги-ши билан гулга айланиб, полга тушарди. Шу пайт кенг халатдаги лилиялар чақнаб, ўт олди ва архивариус бу чирсиллаб ёнаётган лилияларни жодугарга улоқтира кетди, кампир бунинг оғриғидан увиллай бошлади; аммо у тепага сакраб, ўзининг пергамент совутини силкитганида лилиялар ўчар ва кул бўлиб сочиларди. «Тезроқ буёққа, ўғилчам!» – қичқириб юборди кампир ва қора мушук бир сакраб, архивариуснинг эшигига отилди, бироқ кулранг тўти унинг қаршисига учиб бориб, тумшуғи билан бўйнидан тутиб олди, бундан ўша жойдан оловли қизил қон оқа бошлади, Серпентинанинг эса «Халос бўлдинг, халос бўлдинг!» деган ҳайқириғи келди. Кампир қутурганидан ва ноиложликдан, орқасига тилла хумчани отиб, архивариусга ташланди ва унга ўзининг узун қотган бармоқлари билан тирмашиб олмоқчи бўлди, лекин архивариус дарҳол кенг уй халатини ечиб, кампирга отди. Шунда пергамент варақларида зангори олов вишиллаб ва чирсиллаб, ва сочилиб кетди, кампир оғриқдан тўлғаниш ва увиллашга тушди ва куйдираётган оловни ўчириш учун хумчадан кўпроқ тупроқ олиш, китоблардан пергамент варақларни кўпроқ йиртишга уринарди, ва у ўзига тупроқ ёки пергамент варақларини сочишга муваффақ бўлганида, ўт ўча бошларди, бироқ худди архивариуснинг ичидан чиққандек ўрлаб вишиллаётган шуълалар кампирга урилди. «Ҳей, ҳой! Унга ва унинг орқасидан! Саламандрга ғалаба!» – хонада архивариуснинг овози гумбурлаб кетди ва увиллаётган кампир атрофида минглаб чақмоқлар биланглади. Даврада мушук ва тўти ўкириб ва чинқириб шафқатсиз олишувда чайқаларди; ниҳоят тўти мушукни ўзининг кучли қанотлари билан полга йиқитди ва унга чангалини шундай суқдики, мушук ўлим тал-васасида даҳшатли инграб ва чийиллаб юборди; тўти ўткир тумшуғи билан унинг чақнаётган кўзларини ўйиб олди, у ердан оловли суюқлик сочилди. Кампир кенг уй халати остида йиқилган жойдан қуюқ тутун кўтарилди; унинг увиллаши, унинг ваҳшиёна чинқириқлари олисда ўчди. Сассиқ тутун кўп ўтмай тарқаб кетди; архивариус кенг уй халатини кўтариб олди – унинг тагида ирқит лавлаги ётарди.

– Муҳтарам жаноб архивариус, мана сизга мағлуб этилган ёв, – деди тўти архивариус Линдгорстга қора сочни тақдим этар экан.

– Жуда яхши, қадрдоним, – жавоб қайтарарди архивариус, – мана, енгилган душманим; бошқа нарсаларнинг ғамини ҳам еб қўйинг; бугуноқ кичкинагина douceur5555
  Douceur (французча) – ҳурмат белгиси.


[Закрыть]
сифатида олтита кокос ёнғоғи ва янги кўзшишак оласиз, кўришимча кўзшишагингиз мушук томонидан виждонсизларча синдирилибди.

– Ҳамиша хизматингиздаман, муҳтарам дўст ва ҳомий! – мамнунлик билан хитоб қилди тўти ва тумшуғида лавлаги билан архивариус унинг учун очган деразачадан учиб чиқиб кетди. Архивариус тилла хумчани олди ва қаттиқ қичқира бошлади:

– Серпентина! Серпентина!

Ва талаба Ансельм ўзини ҳалок қилиши мумкин бўлган разил кампир устидан архивариуснинг ғолиб чиққанидан хурсанд ҳолда унга қараб, таъриф ожиз ёқимлилик ва қадр-қиммат билан боқиб турган руҳлар ҳоқонининг улуғвор, баланд гавдасини кўрди.

– Ансельм, – деди руҳлар ҳоқони, – ишончсизлигингда сен эмас, балки қалбингга вайрон-корона суқилиб киришга интилган ва ўзлигингни йўқотмоқчи бўлган душман кучи айбдордир. Сен содиқлигингни исботладинг, эркин ва бахтли бўл!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации