282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Эрнст Гофман » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 02:00


Текущая страница: 5 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Йигитча, – тантанавор оҳангда гап бошлади архивариус, – йигитча, бу ҳақда мушоҳада юритгунга қадар мен учун ҳаммасидан ҳам қадрли ва муқаддас бўлган нарсалар сени ўзига боғлаб турган барча сирли муносабатлардан хабардор эдим! Серпентина сени севади ва пешанангга ёзилганларнинг иплари ёв кучлари томонидан тикилаётган мўъжизакор қисматинг ушалиб, у сеники бўлганида маҳбубангнинг мулки бўлган тилла хумчани таомилга кўра унинг сепидек оласан. Олий ҳаётингдаги бахтингга фақат курашиб эришасан. Ёвуз кучлар сенга ҳужум қилади, бу ҳужумлар ва васвасаларга қарши қўядиган ички кучинггина ўзингни шармандалик ва ҳалокатдан қутқариши мумкин. Шу ерда ишлаб, жиддий синовдан ўтасан; агар бошлашинг керак бўлган нарсани маҳкам тутсанггина ишонч ва билим сени яқинингдаги мақсадга олиб келади. Сени севадиганга садоқатли бўл ва қалбингда сақла ва сен тилла хумчанинг ажойиб мўъжизаларини кўрасан ва абадулабад бахтли бўласан. Алвидо! Архивариус Линдгорст сени эртага соат ўн иккида ўз кабинетида кутади! Алвидо! – Архивариус талаба Ансельмни секин кузатиб, орқасидан эшикни қулфлаб олди ва у тушлик қилган, ягона эшиги зинага олиб чиқадиган хонага кириб қолди.

У мўъжизавий кўринишлардан гаранг бўлган ҳолда соябонли пиллапоя олдида тўхтаган эди, бирдан юқорида туйнукча очилди, тепага қараганди бу архивариус Линдгорст – аввал кўриб юрган оч кулранг узун белбурма камзулдаги ўша чол экан.

– Ҳой, илтифотли жаноб Ансельм, – бақирди чол унга, – нималар тўғрисида хаёл суриб қолдингиз, ёки араб ёзуви билан бошингиз қотганми? Агар конректор Паульманнинг олдига кетаётган бўлсан-гиз, унга саломимни етказинг, фақат эртага роппа-роса ўн иккида бу ерга етиб келинг. Бугунги қалам ҳақингиз – нимчангизнинг ўнг киссасида.

Ансельм ҳақиқатан ҳам ялтироқ специес-талерни кўрсатилган жойдан топди, бироқ бу уни ҳечам хурсанд қилмади. «Бу воқеалар нима билан тугашини билмайман, – дерди у ўзига.– Лекин агар мени телбанамо ният чулғаб олган ва сеҳрлаб қўйилган бўлсам ҳам, барибир бутун ички вужудимда азизам Серпентина яшаяпти ва ундан воз кечгандан кўра ҳалок бўлганим яхшироқ, чунки ўй-хаёлларим мангулигини ва ҳеч қандай ёвуз куч уларни яксон қила олмаслигини биламан; ахир бу орзу-умидлар Серпентинага муҳаббат бўлмасдан бошқа нима?»

ЕТТИНЧИ ВИГИЛИЯ
Конректор Паульман трубкаси кулини қандай қилиб қоқиб тўккани ва ухлагани йўл олгани. – Рембрандт ва Жаҳаннамий Брейгель. – Сеҳрли кўзгу ва доктор Экштейннинг номаълум касалликка давоси

Ниҳоят конректор Паульман трубкасидаги кулни қоқиб туширди ва қўшиб қўйди:

– Ухлайдиган вақт ҳам бўлди!

– Ҳа-да! – жавоб қайтарди Вероника, отаси узоқ вақт ўтириб қолганидан ташвишланиб, чунки соат тўққизга бонг урганига анча вақт бўлганди. Конректор ўзига кабинет вазифасини ҳам ўтайдиган ётоқхонасига ўтиши ва Френцхеннинг оғирроқ нафас олиши донг қотиб ухлаётганидан дарак бериши биланоқ номига тўшагида ётган Вероника секингина ўрнидан туриб кийинди, устига ёмғирпўшини ташлади ва бекиниб кўчага чиқди. Вероника қария Лизани тарк этган дақиқадан бери Ансельм муттасил кўз олдида турар ва қайсидир нотаниш ички овоз суйганининг қаршилигига уни сиртмоғида ушлаб турган қандайдир душман шахс сабаб бўлаётгани, бу исканжани афсунгарлик санъати ёрдамида парчалаб ташлаши мумкинлигини ким тўхтовсиз такрорлаётганини ўзи ҳам билмасди. Верониканинг қария Лизага ишончи кун сайин ортиб борар ва аввалги машъум ва даҳшат тасаввурлари хиралашган, бу кампир билан муносабатларидаги аломатлар ва мўъжизалар ўзига жуда ёқаётган ноодатийлик ва саргузаштлик тарзида намоён бўлаётганди. Шунинг учун уйдан ғойиб бўлгани сезиб қолиниб, сон мингта кўнгилсизликка дуч келиши мумкинлигига қарамасдан тенгкунликдаги тунги сайрга нисбатан ниятида қатъий эди. Қария Лиза ёрдам кўрсатиш ва юпатишни ваъда қилган ҳал қилувчи тун етиб келди ва тунги сайр қилишига аллақачон кўникиб бўлган Вероника ўзини ниҳоятда дадил ҳис этарди. У бўрон ва шамол ёмғирнинг йирик томчилари билан юзини савалашига парво ҳам қилмасдан ҳувиллаган кўчалардан ўқ бўлиб учди. Вероника ивиб кетган ҳолда кампир уйи олдига етиб келганида Хоч минорасидаги жом соат ўн бирга бўғиқ зириллаб бонг чалди.

– Оҳ, жонгинам, жонгинам етиб келдингми! Ҳозир, кутиб тур, кутиб тур! – деган товуш тепадан эшитилди ва кейин сават кўтариб олган кампир мушуги ҳамроҳлигида эшик олдида пайдо бўлди. – Хўш, биз борамиз ва керак бўлган ҳамма нарсани қиламиз, бу тун биз учун омадли бўлади, чунки у бунга бахайр, – кампир шундай деркан Вероникани совуқ қўли билан ушлаб олди, зилзамбил саватни унга кўтартириб қўйди, ўзи эса қозон, уч оёқли ўчоқ ва учи ўткир белкуракни олди.

Улар ялангликка чиққанида ёмғир тўхтади, лекин бўрон кучайганди; ҳавода минглаб товушлар увилларди. Тез оқимда қўшилиб кетаётган ва ҳамма ёқни зим-зиё қилаётган қора булутлар ичидан даҳшатли ва юракни эзадиган ўкирик янграрди. Аммо кампир тез одим отар ва қулоқни тешадиган даражада: «Чақна, чақна, ўғилчам!» деб ҳайқирарди. Шунда улар олдида яшил чақмоқлар илондек тўлғана ва чатиша бошлашди ва шунда Вероника атрофларида мушук чирсиллаётган учқунлар сачратиб ва ёришиб сакраётганини ва бўрон бир дақиқа тин олганида унинг ғамгин ўкиригини эшитганини сезди. Унинг нафаси гирибонига келар, ях чангаллар юрагига санчилаётгандек туюларди, бироқ у ўзини мажбурлаб қўлга олди ва кампирга маҳкамроқ тирмашиб, деди:

– Ҳаммасини адо этиш керак, кейин нима бўлса бўлаверсин!

– Худди шундай, худди шундай қил, қизчам, – жавоб қайтарарди кампир, – яхшигина бир нарса, унга қўшиб Ансельмни ҳам совға қиламан!

Ниҳоят кампир тўхтади ва деди:

– Мана, биз етиб келдик! – У ерда чуқурча кавлади, бу жойга кўмир қалади, устига уч оёқли ўчоқни ўрнатди, ўчоққа қозонни қўйди. Бу юмушларни ғалати ишоралар билан қилар, мушук эса атрофида гирдикапалак эди. Мушук думидан учқунларо сачраб, оловли ҳалқа ташкил этарди. Кўп ўтмай кўмир ўт олди ва ниҳоят уч оёқли ўчоқ остидан яшил аланга тили кўринди. Вероника ёмғирпўши ва ёпинчиғини ечиши ва кампир ёнида чўккалаши зарур эди, кампир қизнинг қўлини ушлаб олиб, қаттиқ қисди ва унга чақнаётган кўзини қадади. Шунда кампир саватдан олиб, қозонга ташлаган аломат нарсалар – улар гуллар, маъданлар ёки ҳайвонларми билиб бўлмасди – қайнай ва вижиллай бошлади. Кампир Верониканинг қўлини қўйиб юбориб, темир қошиқни олди ва қайнаётган қозонни кавлашга тушди, Вероника эса унинг буйруғига биноан қозонга тикилиб туриши ва бу пайтда ўй-фикрида фақат Ансельм бўлиши керак эди. Шундан сўнг кампир қозонга яна қандайдир ялтироқ маъданларни, уларнинг устига Вероника бошининг қоқ учидан кесиб берган бир ўрам соч ва узоқ вақт тақиб юрган кичкина узугини ташлади; бу пайтда кампир тушунарсиз, зимистонда даҳшатли янграётган чинқириқ товуш чиқарар, мушук эса бетўхтов айланишда давом этар экан, чийиллар ва чинқирарди.

Илтифотли китобхон, сен 23 сентябрда Дрезденга олиб борадиган йўлда бўлиб қолишингни истардим; қош қорайиши билан сени бекорга охирги бекатда ушлаб қолишмоқчи бўлишди; хайрихоҳ мезбон кўчада бўрон ва кучли ёмғир ёғаётганлигини, умуман тенгкунлик тунида шундай қоронғуликда йўлга тушиш мақбул эмаслигини тушунтирди; аммо сен бунга эътибор бермадинг, почтачига арақ учун роппа-роса бир талер бераман ва бир соат ҳам ўтмасдан «Олтин фаришта», ёки «Дубулға», ёки «Stadt Naumburg»да4141
  «Stadt Naumburg» (немисча) – «Наумбург шаҳри».


[Закрыть]
мазали кечки овқат ва юмшоқ тўшак кутаётган Дрезденда бўламан деб мутлақо тўғри фикр юритдинг. Ва мана сен зимистонда кетяпсан ва кутилмаганда олисда ниҳоятда ғалати, йўлни кесиб ўтаётган ёғдуни пайқадинг. Яқинроқ келиб, сен оловли ҳалқани, унинг ўртасида, қуюқ тутун чиқаётган, ва ялтироқ қизил шуълалар, ва учқунлар сачраётган қозон олдида эса ўтирган икки гавдани кўрдинг. Йўл тўппа-тўғри шу оловли ҳалқа орасидан ўтади, аммо отлар пишқиради, депсинади ва тисарилади; почтачи сўкинади, чўқинади ва отларни қамчилайди – улар жойидан қўзғалмайди. Беихтиёр файтондан сакраб тушасан ва бир неча қадам олға босасан. Шунда оқ тунги кўйлакда қозон устига энгашган гўзал қизни кўрасан. Бўрон унинг кокилларини тўзғитган ва узун қизғиш-қўнғир сочлари ҳавода эркин ҳилпирайди. Ниҳоятда дилбар чеҳрасини уч оёқли ўчоқдан чиқаётган, кўзни қамаштирадиган олов ёритиб турибди; бироқ қўрқинч бу юзни муз оқимида исканжага олган; уни ўлик рангпарлик қоплаган ва қотиб қолган нигоҳида, кўтарилган қошларида, уқубат сиқиб турган кўкракдан отилиб чиқа олмаётган ҳалокатли қўмсаш ҳайқириғи учун беҳуда очилган лабларда – буларнинг ҳаммасида унинг ваҳимасини, унинг даҳшатини очиқ-ойдин кўриб турибсан; қисилган ингичка қўллар қудратли жодуга бўйсунган ҳолда ҳозир пайдо бўлиши керак бўлган дўзах махлуқидан ҳимоя қилишни фаришталардан илтижо қилаётгандек юқорига кўтарилган! У шундай чўккалаб, худди мармар ҳайкалдек қимирламай турибди. Унинг рўпарасида қирра бурни бургутникидек, мушукникидек кўзлари чақнаётган новча, озғин мис-сариқ тусли кампир ерга энгашган ҳолда ўтирибди; ўралган қора ёмғирпўшидан яланғоч қоқ суяк қўллари чиқиб турибди ва у дўзахий қайнатмани ковлар экан, бўроннинг бўкириши ва увиллашига қўшилиб кулади ва қағиллаган овозда қичқиради. Ўйлашимча, илтифотли китобхон, сен қанчалик довюрак бўлмагин, бироқ Рембрандт4242
  Рембрандт Харменс ван Рейн (Rembrandt Harmenszoon van Rijn, 1606—1669) – голландиялик буюк рассом, ўз асарларида инсон эҳтиросларини юксак маҳорат билан тасвирлаган.


[Закрыть]
ёки Жаҳаннамий Брейгелнинг4343
  Питер Брейгель (Pieter Bruegel de Jonge, 1564/65 – 1637/ 1638) – голландиялик рассом, ижодида дўзах даҳшатларини, жинлар ва жодугарларни тасвирлашга мойиллиги сабабли унга «Жаҳаннамий» лақаби берилган.


[Закрыть]
бу жонли расмига назар ташлаганингда сочларинг тикка бўлиб кетарди. Лекин нигоҳингни дўзах васвасасига тушиб қолган қиздан узолмасдинг ва электр токи асабларинг ва бутун вужудингдан ўтиб, яшин тезлигида оловли ҳалқада сеҳрли кучларга қарши туриш жасур фикрини ёққан бўларди; бу фикр даҳшатга тушганингдан пайдо бўлган ҳамма ваҳималарингни ютиб юборган бўларди. Сен ўзингни ўлар даражада қўрқиб кетган қиз илтижо қилаётган фаришта деб тасаввур этардинг, чўнтагингдан дарҳол пистолетингни олиб ва гап-сўз қилиб ўтирмасдан кампирни тил торттирмай ўлдиришинг зарур, деб ҳисоблаган бўлардинг. Аммо буни яққол тасаввур этар экансан, баланд овозда «Бу ёққа!» ёки «Нима гап?» ёки «Нима қиляпсиз?» деб ҳайқирдинг. Шунда почтачи бурғусини4444
  Бурғу – ҳайвон шохидан ясалган чолғу асбоби.


[Закрыть]
қаттиқ чалиб юборди, кампир қайнатаётган қозонига тўнтарилди ва бирданига ҳаммаси қалин тутунда ғойиб бўлди. Энди зимистонда қизни тўла иштиёқ билан излаб топа олардингми – бунисини билмайман, лекин кампирнинг жодусини барбод қилган ва Вероника енгилтаклик қилиб кириб қолган афсунгарлик давраси сеҳрини йўққа чиқарган бўлардинг. Лекин, илтифотли китобхон, сен ҳам, бошқа биров ҳам бўронли ва афсунгарлик учун мақбул 23 сентябрь тунида бу йўлда кетмаётганди ва Вероника қозон олдида уқубатли қўрқув билан иш охирига етишини кутишга мажбур эди. У ўзининг атрофида бири қўйиб-бири бўкириши ва уввос тортишини, турли жирканч овозлар ғўлдир-ғўлдир қилиши ва қарсиллашини эшитарди, лекин вужудини чулғаб олган ваҳима ва бадбурушлар турқи уни тузалмас, ҳалокатга равона қиладиган телбаликка гирифтор қилиши мумкинлигини ҳис этган ҳолда кўзини ердан узолмасди. Кампир қозонни кавлашини қўйди, тутун тарқала бошланди, пировардида, қозон остида фақат спирт алангаси хиёл ёниб турарди. Шунда кампир бақириб юборди:

– Вероника, болагинам, анави ёққа, қозон тагига қара, нимани кўряпсан? У ерда нимани кўряпсан?

Вероника унга қозонда турли хира шакллар гирдикапалак бўлаётганга ўхшаб кўринаётган бўлса ҳам жавоб қайтара олмасди; бироқ сиймолар тобора рашанроқ пайқала бошланди ва бирдан қозон ичидан талаба Ансельм чиқиб, унга дўстона боқди ва қўлини узатди. Шунда у қаттиқ ҳайқириб юборди:

– Оҳ, Ансельм, Ансельм!

Кампир тезлик билан қозон жўмрагини буради ва эриган маъдан вишиллаб ва чирсиллаб кампир узатган шаклли мўъжаз идишга оқа бошлади. Кампир ўрнидан сакраб турди ва гавдасини ёввойи, жирканч лапанглатар экан, қичқириб юборди:

– Иш охирига етди! Раҳмат, ўғилчам! Яхши қўриқладинг – фуй, фуй! У келяпти! Уни қоп! Уни қоп!

Аммо шу пайт гўё баҳайбат бургут қанотларини қоққан ҳолда осмондан тушаётгандек ҳавода қаттиқ шовқин пайдо бўлди ва даҳшатли овоз бақириб юборди:

– Ҳа, аблаҳлар! Қани, илдамроқ! Дарҳол йўқол! Дарҳол йўқол!

Кампир додлаб, юзтубан йиқилди, Вероника эсҳушини йўқотди. У ўзига келганида кун ёришиб кетган, тўшагида ётар ва Френцхен ёнида чашкадаги буғи чиқиб турган чойни кўтариб олиб, дерди:

– Опачам, айт-чи, сенга нима бўлди? Бир соатдан кўпроқ вақтдан бери шу ерда турибман, сен эса иситмалагандек ҳушсиз ётибсан, шундай инграб, вой-войлаяпсанки, даҳшатга тушасан. Отам сени деб дарс бергани бормади ва ҳозир бу ерга докторни бошлаб келади.

Вероника индамасдан чойни олди ва уни ҳўплар экан, шу туннинг ваҳимали манзаралари кўз ўнгида жонли гавдаланди. «Наҳотки буларнинг ҳаммаси мени қийноққа солган даҳшатли тушгина холосми? Лекин кеча кечқурун ҳақиқатан ҳам кампирникига бордим, ахир бу йигирма учинчи сентябрь эди-ку? Ёки, балким, кеча кечқурун касал бўлиб қолиб, буларнинг ҳаммаси кўзим олдига келдимикин, касалланишим эса – Ансельм ва ўзини Лиза деб кўрсатган ва бу билан мени алдаётган сирли кампир тўғрисида тинмай ўйлашимдан».

Шу вақт хонадан чиқиб кетган Френцхен қўлида Верониканинг обдан ивиб кетган ёмғирпўшини ушлаганча қайтиб келди.

– Опача, қара, ёмғирпўшингга нима бўлибди, – деди у, – афтидан, бўрон кечаси деразани очиб юбориб, ёмғирпўшинг илиб қўйилган стулни ағанатиб юборганга ўхшайди, шунинг учун у ёмғирдан жиққа ҳўл бўлибди.

Бу Верониканинг юрагида қаттиқ ўрнашиб қолди, чунки ўзига туши азоб бермаётганлиги, балки кампирникида ҳақиқатан ҳам бўлганлигини равшан тасаввур этаётганди. Уни машаққатли азоб қамраб олди ва талвасали титроқ бутун аъзоларини қалтиратиб юборди. Титраб-қақшаган ҳолда тўшагини боши томон тортди ва шунда кўкрагида қандайдир қаттиқ нарса борлигини сезди; қўлини узатиб, гўёки медальонни пайпаслагандек бўлди; Френцхен ёмғирпўшини олиб хонадан чиқиб кетганида уни чиқариб, кичиккина юмалоқ силлиқланган метал кўзгуни кўрди.

– Бу кампирнинг совғаси! – ҳайқириб юборди тийраклик билан ва худди кўзгудан ўтли шуълалар отилиб, уни роҳатбахш илитгандек бўлди. Титраб-қақшашлар ўтиб кетди ва бутун вужудини таърифлаб бўлмайдиган ҳузур-ҳаловат ва роҳат-фароғат чулғади. У беихтиёр Ансельм ҳақида ўй сурарди ва хаёлларини севгилисига тобора кучлироқ ва кучлироқ йўналтирар экан, у кўзгудан жажжигина сувратдек дўстона табассум қиларди. Лекин кўп ўтмай у бу тасвирни эмас, балки талаба Ансельмнинг ўзини, тирик ҳолида кўраётгандек тасаввур эта бошлади. Ансельм шифти баланд, ғалати жиҳозланган хонада ўтирибди ва қунт билан ёзмоқда. Вероника унга яқинлашмоқчи, елкасига уриб, «Жаноб Ансельм, бир ўгирилинг, ахир мен шу ердаман!» демоқчи бўлганди. Бироқ сира бунинг уддасидан чиқа олмаётганди, чунки гўё уни ёрқин оловли оқим ўраб тургандек эди, ҳолбуки Вероника синчиклаб тикилар экан, фақат катта чети зарҳал китобларни кўраётганди. Лекин, ниҳоят, Вероника Ансельмнинг кўзига тик қарашга муваффақ бўлди. Шунда у худди уйғонгандек, эндигина уни эслагандек бўлди ва кулиб, «О, бу сизми, назокатли mademoiselle Паульман! Аммо нима учун сиз баъзан илонча бўлиб биланглашни маъқул кўрасиз?», – деди. Вероника бу аломат гапларга қаҳқаҳа отиб юборди; шундан кейин у чуқур уйқудан уйғонгандек бўлди ва эшик очилиб, хонага конректор Паульман доктор Экштейн билан бирга кириб келганида жажжигина кўзгуни тезда яшириб қўйди. Доктор Экштейн дарҳол каравот ёнига келди, Верониканинг томир уришини текшириб кўрди, чуқур ўйга толди ва кейин «Ажаб! Ажаб!» деди. Шундан сўнг рецепт ёзиб берди, яна бир бор томир уришини ўлчади, тағин «Ажаб! Ажаб!» деди ва беморни тарк этди. Бироқ конректор Паульман доктор Экштейннинг бу гапларидан Вероника ўзи қандай хасталикка учраганини тушуна олмади.

САККИЗИНЧИ ВИГИЛИЯ
Пальмали кутубхона. – Бахтсиз бир Саламандрнинг қисмати. – Қора перонинг қанд лавлаги билан қандай қилиб навозиш қилганлиги, рўйхатчи Геербанднинг эса роса ичиб олганлиги

Талаба Ансельм анча кундан бери архивариус Линдгорстникида ишларди; бу иш соатлари унинг ҳаётида энг бахтли онлар эди, чунки ҳамиша дилрабо товушлар, Серпентинанинг таскин берувчи сўзлари билан чулғаб олинган бу жойда – баъзан ҳатто гўё маҳбубасининг бир он нафас олиши ўзига хиёл урилгандек бўларди – бутун вужудида илгари ҳеч туймаган, кўпинча олий даражада ҳузур бахш этадиган ёқимлиликни ҳис этарди. Ночор турмушидаги ҳар қанақа эҳтиёжмандлик, ҳар қандай арзимас ташвиш миясидан чиқиб кетди ва унинг учун худди порлоқ қуёшдек барқ урган янги ҳаётида олий дунёнинг аввал ўзида фақат таажжуб ёки ҳатто қўрқинч уйғотадиган барча мўъжи-заларини тушуниб етганди. Нусха кўчириш жадал борарди, чунки унга тобора пергаментга аллақачондан маълум бўлган белгиларни тушираётганга ва ҳамма нарсани ниҳоятда аниқлик билан акс эттириш учун асл матнга деярли қарамаганлиги ҳам мумкинга ўхшаб туюлаётганди. Архивариус аҳён-аҳёнда ва тушлик вақтидан бошқа пайтда бевосита Ансельм қайсидир қўлёзманинг сўнгги сатрларини кўчиришни тугаллаётган лаҳзада пайдо бўларди, ва унга ҳеч нима демасдан, фақат сиёҳни қора чўп билан аралаштириб ҳамда эски пероларни янгилари, нозикроқ ўткирлаганларига алмаштириб, бошқа ишни тутқизар ва дарҳол кетарди. Ансельм бир сафар соат ўн иккига бонг урганда зинадан кўтарилиб, одатда хонага кирадиган эшикни қулфлоқ ҳолда топди ва архивариус Линдгорст ўзининг ялтироқ гулли кенг аломат уй халатида бошқа томондан кўринди. У баланд овозда бақиришга тушди:

– Илтифотли Ансельм, бугун сиз шу жойдан ўтасиз, чунки бизни Бхагаватгита4545
  «Бхагаватгита» («Бхавадгита») – қадимий ҳиндча диний-фалсафий поэма, «Махабхарата»нинг 6-китобига киради. Ҳиндистонда кенг тарқалган дин – индуизмнинг динийфалсафий асоси ҳисобланади.


[Закрыть]
донишмандлари кутаётган анави хонага киришимиз керак. У йўлакдан одим отиб кетди ва Ансельмни ўша, биринчи галдаги ётоқхоналар ва заллардан олиб ўтди.

Талаба Ансельм яна боғнинг мўъжизакор ҳашаматлилигидан ҳайратга тушди, бироқ энди қорамтир буталарда осилиб турган кўпгина аломат гуллар аслида ранг-баранг ялтироқ қурт-қумурсқалар эканлигини равшан кўриб турарди, улар қанотчаларини қоқиб ва гирдикапалак бўлиб ва рақсга тушиб, ўз бурнилари билан бир-бирларини эркалатарди. Аксинча, пуштиранг ва ложувардзангори қушлар ифор таратаётган гуллар бўлиб чиқди ва уларнинг муаттар ҳидлари косачаларидан сокин сабо товушлари-ла кўтарилар, бу олисдаги фаввораларнинг шовуллаши, баланд бўйли буталар ва дарахтларнинг шитирлашига қўшилиб, сеҳрли соғинч ва истак ҳамоҳанглигига айланаётганди. Биринчи сафар унга роса тегажаклик ва мазах қилган бошқа овозларга тақлидчи ўрмон қушчалари яна ингичка овозлари билан: «Жаноб талаба, жаноб талаба! Бу қадар шошилманг, булутларга маҳлиё бўлманг, акс ҳолда, эҳтимол, йиқиласиз ва бурнингизни пачақлайсиз – бурнингизни пачақлайсиз. Ҳаҳ, ҳаҳ! Жаноб талаба, пудермантель4646
  Пудермантель – юзга упа суртишда тақиб оладиган ёпинчиқ.


[Закрыть]
тақиб олинг, отахон укки тепа кокилингизни ўриб қўяди» дея қичқирганларича атрофида пириллаб уча бошлашди. Ансельм боғни тарк этмагунга қадар бу бемазагарчилик давом этди. Архивариус Линдгорст ниҳоят, ложувард хонага кирди; порфир тилла хумча билан бирга ғойиб бўлганди, хона ўртасида унинг ўрнида бинафша ранг духоба ёзиғлик столда Ансельмга таниш ёзув қуроллари, стол олдида эса худди шундай духобали кресло турарди.

– Илтифотли жаноб Ансельм, – деди архивариус Линдгорст, – сиз менга мамнуният бахш этиб, анчайин қўлёзмалардан тез ва тўғри нусха кўчирдингиз; сиз ишончимни қозондингиз; аммо энди энг муҳими қолди, яъни бевосита: ўз хонамда сақлайдиган ва улардан шу жойда нусха кўчирилиши керак бўлган, баъзи бир алоҳида белгилар билан битилган асарлар матнини кўчириб олиш ёки, тўғрироғи, расмини олиш керак. Шунинг учун сиз шу ерда ишлайсиз, лекин сизга бениҳоя эҳтиёткор ва эътиборли бўлишни тавсия қилишим зарур: нотўғри чизиқ ёки худо кўрсатмасин, асл матнга сиёҳ доғи тушиши сизни бахти қаро қилади.

Ансельм пальмаларнинг тилла танасида кичкинагина зумрад-яшил япроқлар осилиб турганини пайқади; архивариус улардан бирини олди ва Ансельм у аслида пергамент ўрами эканлигини кўрди, архивариус уни очиб олдидаги столга ёзди. Ансельм ғалати чатишиб кетган белгиларга анчайин ажабланди ва ё гулларни, ё пўпанакни, ё ҳайвонларни тасвирлаётганга ўхшаб кетадиган беҳисоб нуқталар, чизиқлар, гажакларни кўрганда уларни аниқ кўчиришга умиди деярли қолмади. Бу уни чуқур ўйга солди.

– Дадилроқ, йигитча! – хитоб билан деди архивариус. – Сенда синовдан ўтган ишонч ва чинакам муҳаббат бор, шундай экан, Серпентина ёрдам беради!

Унинг товуши жаранглаётган металдек эшитиларди ва Ансельм ҳадикда кўзини кўтарганида архивариус Линдгорст қаршисида уникига биринчи бор ташриф буюрганида кутубхонада кўрганидек шоҳона сиймода гавдаланди.

Ансельм иззат-икром кўрсатиб тиз чўкмоқчи эди, аммо бу пайт архивариус Линдгорст пальма танасидан кўтарилиб, зумрад япроқлар орасида ғойиб бўлди. Талаба Ансельм у билан руҳларнинг хоқони гаплашганини, энди нурлар – қайсидир сайёраларнинг элчилари – билан ўзи ва қадрдон Серпентина билан нима рўй бериши кераклиги ҳақида суҳбатлашиш учун ўз кабинетига йўл ол-ганлигини тушунди. «Балким, – ўйларди у, – уни Нил сарчашмаларидан янгиликлар ёки Лапландиядан ташриф билан келган қандайдир сеҳргар кутаётгандир – мен эса зўр бериб ишга киришишим керак». Шу фикр билан у пергаментдаги нотаниш белгиларни ўрганишга тушди. Тепасида боғнинг ажойиб мусиқаси жарангларди ва уни муаттар тотли ҳидлар чулғаб олганди; у тақлид қиладиган қушларнинг ҳингиллашларини ҳам эшитарди, аммо энди уларнинг гапларини тушунмасди, кўнгли эса яйрарди. Баъзан гўё пальмаларнинг зумрад япроқлари шитирларди ва бир хона нарида Ансельм ўша машъум Меърож куни маржон мевали бута остида илк бор эшитган қўнғироқчаларнинг дилбар биллур товуши нур бўлиб шуълаланарди. Ансельм бу жаранг ва нурдан мўъжизавий қувват олиб, ўз фикрини пергамент сарлавҳасига тобора қатъийроқ ва янада қатъийроқ қаратарди ва тезда бу белгилар қуйидаги сўзлар: «Саламандрнинг яшил илон билан никоҳи тўғрисида»дан бошқа ҳеч нарсани англатмаслигини ичдан ҳис этди. Шу вақт биллур қўнғироқчаларнинг уч карра жаранги янгради. «Ансельм, азизим Ансельм!» – уфурди япроқлар, ва – оҳ, мўъжиза! – пальма танасидан яшил илонча буралиб тушиб келаётганди.

– Серпентина! Азизам Серпентина! – ҳайқирди телбанамо қувончда Ансельм, зеро синчиклаб қарар экан у томон таърифи йўқ муҳаббат билан тим мовий кўзларини тикканча қалбида абадий яшаётган жуда гўзал, мафтункор қиз тушиб келаётганини кўрди.

Япроқлар пастга тушар ва ёзиларди, дарахт таналарининг ҳамма ёғида тиконлар кўринарди, лекин Серпентина ҳилпираётган, товланадиган кўйлагини ортидан судраб, улар орасида моҳирлик билан эшилар ва бураларди, шунинг учун кўйлаги хушқадига ёпишиб, дарахтларнинг игнаси ва тиконларига илинмасди. У Ансельмнинг ёнига, бир креслога ўтирди, бир қўли билан уни қучоқлаб, шундай бағрига босдики, йигит унинг нафас олишини, гавдасининг электр иссиқлигини ҳис қиларди.

– Жоним Ансельм, – гап бошлади Серпентина, – энди сен тез орада бутунлай меники бўласан; сен менга ўз ишончинг, ўз севгинг билан эгалик қиласан ва сенга иккаламизни умрбод бахтли қиладиган тилла хумчани бераман.

– Азизам, қадрдоним Серпентина, – деди Ансельм, – сенга эга бўлганимдан кейин бошқа нарсаларга не ҳожат? Агар фақат меники бўлсанг, сени кўрганимдан бери атрофимни ўраб турган бу мўъжизавий ва аломат нарсалар орасида бутунлай йўқ бўлиб кетишга тайёрман.

– Отам баъзан инжиқлиги билан сени ҳайратга соладиган, англаб бўлмайдиган нарсалар ва ажойиботлар лол қолдираётгани ва қўрқитаётганини биламан, – давом этди Серпентина, – лекин энди, умид қиламанки, бошқа бундай бўлмайди: ахир бу ерга ушбу дақиқада келишимдан мақсад, азизим Ансельм, – отамни тушуниб етишинг , унга ва менга тааллуқли ҳамма нарса ойдинлашиши учун билишинг керак бўлган бор нарсани чин дилдан ва юракдан гапириб бериш.

Ансельм ўзини қадрдон вужуд билан шу қадар қалин боғланган ва шу қадар чулғанган ҳолда ҳис этардики, фақат у билан бирга нафас олиши ва қимирлаши мумкин деган ўйда эди ва гўё томирлари ва асабларида фақат унинг томир уриши титрарди; у қалбида акс-садо бераётган ва худди ёрқин нур каби самовий ҳузур бахш этаётган ҳар бир сўзига қулоқ тутарди. У қизнинг нозик гавдасини қўли билан қучоқлади, лекин кўйлаги-нинг жилваланадиган матоси шу қадар силлиқ, шу қадар сирпанчиқ эдики, маҳбубаси чаққонлик билан тутқич бермасдан сирғалиб чиқиб кетиши мумкиндек туюларди ва бу ўйидан вужудини титроқ босарди.

– Оҳ, мени ташлаб кетма, жоним Серпентина, – беихтиёр ҳайқириб юборди у, – фақат сен билан тирикман.

– Бугун ўз муҳаббатинг билан тушуна оладиган ҳамма нарсани гапириб бермагунча сени тарк этмайман, – деди қиз. – Шундай қилиб, азизим, билиб қўй, отамнинг келиб чиқиши – Саламандрларнинг мўъжизавий қабиласи ва дунёга келишимга унинг яшил илонга муҳаббати сабабдир. Қадим замонларда Атлантида4747
  Атлантида (кўҳна юнонча «Ατλαντις») – ҳозирги Атлантика океани тубига зилзила ва сув тошқини оқибатида бир кунда халқи – атлантлар билан бирга ғарқ бўлган афсонавий орол (ёки ҳатто қитъа). Илк бор бу ривоят Платон асарларида милоддан аввалги тахминан 9500 йилда рўй берганлиги тилга олинган.


[Закрыть]
мўъжизавий мамлакатида руҳларнинг қудратли хоқони Фосфор подшолик қилар, унга табиий кучлар руҳлари хизмат қиларди. Улардан бири, суюклиси бўлган Саламандр (бу менинг отам эди), кунларнинг бирида Фосфорнинг онаси ўзининг энг яхши инъомлари билан безаган ниҳоятда кўркам боғда сайр қилар экан, баланд лилия: «Севгилим, шарқ шабодаси сени уйғотмагунича кўзингни қаттиқ юм!» деб оҳиста куйлаётганини эшитиб қолади. У гулга яқинлашади; Саламандрнинг ўтли нафасидан лилия баргларини ёзади ва у гулнинг косачасида мудраб ётган қизи – яшил илончани кўради. Шунда Саламандр гўзал илонга муҳаббати оташида уни лилиядан ўғирлаб кетади; гулнинг ўз қизи севгили-сига таърифга сиғмайдиган шикоятлари тарзидаги муаттар ҳиди бутун боғ узра беҳуда таралади. Саламандр эса қизни Фосфор қасрига олиб келади ва унга илтижо қилади: «Маҳбубамни менга никоҳлаб қўй, зеро, у абадий меники бўлиши керак». – «Тентак, нимани талаб қиляпсан? – дейди руҳларнинг ҳоқони. – Билиб қўй, лилия бир вақтлар маҳбубам бўлган ва мен билан биргаликда ҳукмронлик қилган, бироқ унинг устига тушириб юборган учқуним лилияни йўқ қилишга таҳдид солди, ва фақат ҳозир ердаги руҳлар кишанда ушлаб турган аждаҳо устидан ғалаба гулни сақлаб қолди ва унинг барглари учқунни ушлаб қолиш ва ўзида сақлаш учун етарли даражада бақувват бўлди. Аммо яшил илонни қучоқлаганингда тафтинг тезда танасини маҳв этади ва дарҳол туғиладиган янги мавжудот сендан учиб кетади». Саламандр хоқоннинг огоҳлантиришига қулоқ солмади; истак оташида ёниб, яшил илонни бағрига босди, у кулга айланди ва кулдан туғилган қанотли мавжудот шовқин кўтариб ҳавога кўтарилди. Шунда Саламандр тушкунликдан ақлдан озди, югуриб бориб боққа олов ва аланга пуркаб, уни ваҳшиёна телбаликда шу қадар вайрон қилдики, бениҳоя чиройли гуллар ва ўсимликлар куйиб кул бўлди, уларнинг фарёди осмонни қоплади. Ғазабланган руҳларнинг хоқони Саламандрни тутиб олди ва: «Оловинг гуриллаб бўлди, аланганг ўчди, нурларинг кўр бўлди, энди ердаги руҳлар олдига туш, яна оловли материя4848
  Материя – инсон онгидан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд объектив реаллик.


[Закрыть]
ўт олиб, ердан сен билан бирга янги мавжудот сифатида отилиб чиқмагунча улар сени таҳқирлашсин ва мазах қилиш-син ва асирликда ушлашсин». Олови ўчган бечора Саламандр ерга қулади, Фосфорнинг собиқ боғбони бўлган қари вайсақи ердаги руҳ олдинга чиқди ва деди: «Саламандр устидан ким мендан ҳам кўпроқ шикоят қилиши мумкин? У ўт қўйган ажойиб гулларни энг яхши маъданларим билан мен безамасдан ким безади? Уларнинг пуштларини тиришиб сақламадимми ва ардоқламадимми ва уларга қанчалаб мўъжизавий бўёқларимни сарфламадимми? Шундай бўлса ҳам Саламандрнинг ёнини оламан: ахир сенинг ҳам, ҳоқон, кўп марта бошингдан ўтган муҳаббат Саламандрни ҳам ноиложликка солиб қўйди ва бунинг жазавасида боғингни хонавайрон қилди. Уни оғир жазодан халос этгин!» – «Унинг олови энди ўчган, – деди руҳларнинг хоқони, – лекин табиатнинг тили насли айниган авлод учун тушунарли бўлмай қоладиган, ўз соҳаларида биқиқ табиат кучлари инсон билан олисдан туриб бўғиқ акс-садоларда гаплашадиган аянчли вақтда, уйғун муҳитдан узилиб қолган унга чеки йўқ ғам-ғусса бир замонлар қалбида ишонч ва муҳаббат жой олганида яшаган мўъжизавий салтанати ҳақида мавҳум хабар берадиган ана шу аянчли вақтда Саламандрнинг олови яна ўт олади, лекин у инсон қиёфасига киради ва ночор ҳаётга қадам қўйиб, бу турмушнинг барча мушкулликларини бошидан кечириши зарур бўлади. Бироқ унда фақатгина ўтмиш ҳаёти тўғрисидаги хотираларгина қолмайди, ўзи яна бутун табиат билан муқаддас уйғунликда яшай бошлайди, табиатнинг мўъжизаларини тушунадиган бўлади ва қадрдон руҳларининг қудрати ихтиёрига берилади. Лилия тупида у яна яшил илонни топади ва одамларга онаси сиймосида намоён бўладиган уч қиз улар қўшилишининг меваси бўлади. Баҳор пайтларида улар маржон мевали қора бутада чайқаладиган ва дилбар биллур товушлари жаранглайдиган бўлади. Ва ўшанда, ана шу ночор, ички дағаллашиш ва сўқирликнинг аянчли даврида одамлар ўртасида уларнинг куйлашини эшитадиган йигитча топилса ва илончалардан биттаси ўзининг зебо кўзлари билан унга боқса, бу нигоҳ унда довюраклик билан юқорига кўтарилиши мумкин бўлган олисдаги афсонавий ўлкага интилиш оловини ёқа олса – фақат шундагина Саламандр ўзидан ўтмиш ҳаётининг жабр-жафосини итқитиб ташлай олади ва агар илонга муҳаббати билан унда табиат ажойиботларига ва ўзининг ана шу ажойиботлар ичида яшашига жонли ва алангали ишонч туғилсагина – ўшанда илон уники бўлади. Лекин бу ана шундай учта йигитча топилиб ва уч қизи билан бирга қўшилмасидан олдин рўй бермайди, шундагина Саламандр жабр-жафолардан қутулади ва биродарлари олдига қайтиши мумкин». – «Менга, – деди ердаги руҳ, – қизларингизга турмушга чиққан эрлари билан ҳаётларини бахтли қиладиган совға тақдим этишга рухсат берсангиз. Уларнинг ҳар бири мендан ўзимнинг энг нодир металларимдан тайёрланган хумча олади; уларга олмосдан олинган нурлар билан сайқал бераман; унинг жилвасида ҳозир бутун табиат билан ҳамоҳанг бўлган, бағоят равнақ топган салтанатимиз кўзни қамаштирадиган даражада товлансин, унинг ичидан эса никоҳ онларида синовдан ўтган йигитчага тотли муаттар ҳидлар таратадиган оловли лилия ўсиб чиқсин. Йигитча тезда гулнинг тилини ва салтанатимиз мўъжизаларини тушуниб етади ва ўзи маҳбубаси билан Атлантидада яшайдиган бўлади». Азизим Ансельм, отам – ҳозир сенга ҳикоя қилиб берган Саламандр эканлигини энди биласан. У ўзининг самовий келиб чиқишига қарамас-дан, оддий турмушнинг барча майда-чуйда шартларига бўйсунишга мажбур бўлган, отамнинг кўпчиликнинг жиғига тегадиган терс ичиқоралиги худди шундан. У кўп марта менга айтардики, руҳлар хоқони Фосфор томонидан ўшанда кўрсатилган ўзим ва опаларим билан никоҳланишнинг шарти – ҳозир кўпинча ноўрин суиистеъмол қилишадиган алоҳида таъриф, яъни бевосита дўлвор шоирона қалбга эга бўлишдир. Кўп ҳолларда ана шундай қалбга феъл-атворининг ўта анойилиги ва дунёвий таълим деб аталадиган билимга эга бўлмаганлиги учун оломон жирканадиган ва устидан куладиган йигитчалар эга бўлади. Оҳ, жоним Ансельм! Ахир сен мевали маржон бутаси остида куйлашимни тушундинг, нигоҳимни уқдинг, сен яшил илончани севасан, менга ишонасан ва умрбод меники бўлишни хоҳлайсан. Тилла хумчада ажойиб лилия гуллайди ва биз қўшилишиб бахтли бўламиз, Атлантида фароғатда яшаймиз. Лекин қора аждар Саламандрлар ва ердаги руҳлар билан шафқатсиз курашда кишандан чиқиб кетганлиги ва осмондан учиб ўтганлигини яшира олмайман. Фосфор уни яна кишанлаб қўйган бўлса ҳам жанг пайтида ерга тўкилган қора патлардан ҳамма жойда ҳозир Саламандрлар ва ердаги руҳларга қарши тураётган ёв руҳлари туғилди. Сенга, азизим Ансельм, шу қадар душман ва отамга жуда яхши маълум бўлган аёл ҳаётга келишига аждаҳо патларидан бирининг қандайдир қандлавлагига муҳаббати сабаб бўлган ва у тилла хумчага эгалик қилишга интилмоқда. Унга қўлга туширилган аждаҳонинг инграши ва талвасасида ғаройиб буржларнинг сири ошкор бўлганлиги учун ўзининг келиб чиқиши ва қудратини билади, шу боис ташқаридан ичкарига таъсир кўрсатиш учун ҳамма воситаларни қўллайди, ҳолбуки, отам, ак-синча, у билан Саламандрнинг ичидан отилиб чиқадиган чақмоқлар билан курашади. Аёл ғирт зарарли ўтлар ва заҳарли ҳайвонлардаги ёвузликларни тўплайди ва буларни бурж қулай келганида аралаштириб, инсон ҳиссиётига қўрқинч ва даҳшат йўналтиради ва яраланган аждаҳо жанг пайтида дунёга келтирган иблислар ихтиёрига топширади. Жоним Ансельм, кампирдан эҳтиёт бўл, у сенга душман, чунки болаларникидек пок феъл-атворинг унинг жуда кўп ёвуз тилсимини йўқ қилди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации