Текст книги "Тожмаҳал"
Автор книги: Узбектош Киличбек
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 17 страниц)
Вали: Мана кўришдиларинг. Фақат хаяжонланмасдан. Кўз ёшларсиз. Қани, ўтирингларчи!!!
Улар хонтахта атрофига ўтиришади. Вали дастурхонни безатади.
Асад ака: Бу ерни қандай топдиларинг?
Азиз: Шу ерга фан олимпиадасига келувдик. Шу баҳона кўриб кетмоқчи бўлдим.
Асад ака: О! Талабамисизлар?
Самад: Ҳа, биз талабалармиз! Бирга ўқиймиз. Битта ётоқхонада турамиз.
Асад ака: Ҳа,демак, сизнинг ёшингиз аниқ 20 ёш. Шундайми?
Пауза. Азиз маъюс тортади.
Самад: Адашдингиз. 21.
Асад ака: бўлиши мумкин. Сал асабийлашдим шекилли.
Самад: Бунга асабийлашиш керакмас. ХУРСАНД бўлиш керак.
Азиз: Ҳаммадан ҳам мен хурсандман.
Асад ака: Дастурхонга қараб ўтиринг.
Самад: Дастурхонгга қараааааааааб ўтирибдику.
Асад ака: Нондан олинг… ол, ол, болам.
Нилуфар чиқади.
Нилуфар: Ассалому алайкум. Дадажон, нимани нишонлаяпмиз?
Асад ака: Кел, қизим, сенинг тўнғич аканг топилди.
Нилуфар: Нима?
Асад ака: Сенинг аканг. Кел, таниш. Азизбек. Бу Нилуфар. Ёлғиз қизим.
Азиз: Яхшимисиз?
Самад: Яхшимисан де!
Нилуфар Азизга тикилади.
Асад ака: (Нилуфарга) сенга айтмагандим. Афсуски, бу ҳақда билмасдинг? (Азизга) сен мени унутгансан деб ўйлардим. Мен… мен унутилишдан қўрқаман.
Азиз: ахир қандай унутай?
Нилуфар: шу пайтгача қаерда эди? Ёши нечада? Нега сиздан онаси алимент олгани келмади? Паспортини кўрдингизми?
Самад: Худди терговчига ўхшайдику!?
Асад ака: Ҳаммасини сўраб суриштирдим.
Вали: Ахир улар ўхшайдику.
Нилуфар: Ҳечам ўхшамайди. Улар сизникига келган маданиятли ўғрилар. Уларни қувиб чиқаринг…
Асад ака: Ундай дема, қизим, 20 йилдан бери бу дарвозадан ҳеч ким ноумид қайтмаган.
Нилуфар: Унинг ёнидаги ким? У ҳам қариндошми?
Азиз: У менинг ўртоғим… синглим.
Нилуфар: ДНК қилдирайлик ўшанда кўрамиз, аками йўқми?
Самад: Стоп! Бунақа ҳақоратга мен чидолмасдим. Тур, дўстим, кетдик. Юр… Қанийди калишим. Ҳозироқ кетаман.
Нилуфар: Дадангиз ҳақда кимдан билдингиз?
Азиз: …Яқинда бувим вафотидан кейин онам менга ҳаммасини айтиб берди.
Самад рўмолчасини олиб йиғлагандай бўлади.
Азиз: Онамнинг исми Сурайё…
Самад томоғини маъноли қиради.
Азиз: Онамнинг исми Сайёра.
Асад ака: Ўғлим!!!
Азиз: ДАДАЖОННН!!!
Асад ака қучоғини очади. Улар қучоқлашади.
Асад ака: Нилуфар, шубҳам йўқ, бу сенинг аканг. Таниш…
Азиз Нилуфар билан қўл сиқишиб кўришади ва юзидан ўпиб олади.
Самад: (кўзини юмиб) Оббо!!
Азиз: мен жудаям хурсандман, сингилжон. Қон чиқариб маҳаллага ош бериш керак.
Нилуфар: Ўзимиз бир ҳафтада бир марта ош еймизу. Маҳалллага ош беришга йўл бўлсин.
Асад ака: Ўғлим ўзимга ўхшаб сахий, кўрдингми?
Нилуфар: ана энди бир бирларингга ўхшадиларинг?
Ҳамма қичқириб юборади.
Нилуфар. Нима, қуруқ қўл билан келишдими? Ўз отасини кўргания…
Асад ака: бўлмаса, ўчоқда ош қилишга нима дейсизлар?
Нилуфар: Ярим кечасия?
Асад ака: Сенам онанга тортдингда, ҚИЗИМ, кўнглинг тор. Сал феълингни кенг қил. Ахир мана шундай хурсандчиликни уйқу билан кутиб олмаймизку? Бир эркаклар ошини егин.
Вали: мен сабзини тўғраб бераман.
Нилуфар Валига имо қилади. Улар четга ўтади.
Нилуфар: Улар қачон келди?
Вали: Бир соат бўлди.
Нилуфар: Сумкалари қаерда?
Вали: Йўқ.
Нилуфар: Бу ерда бир гап бор?
6-кўриниш.
Тонг ёришиб келмоқда. Хўрозларнинг қанот қоқиши. Азон овози. Ўчоқ олдидаги диванда чопонга ўралган Самад мудрамоқда.
Стол устида базмдан қолган суяк, шиша. Асад ака ва Азиз чўғ титганча гаплашиб ўтирибди.
Асад ака: Ҳаётда эркакмиз деб, кучимиз бор экан деб, ҳамма ёққа сарфлаган эканмиз. Кучни тўғри тақсимламаган эканмиз. Энди ўша куч ўзимизга керак бўлганда, белда мадор йўқ. Мана карнайчи деган номни олиб юрибмиз.
Азиз: Карнайчилик яхши. Одамлар буюк ҳофизнинг қўшиғидан эмас битта карнайнинг овозидан таъсирланиб йиғлайди. Ҳамма орзу қилади. Уйимда карнай овози янграсин деб. Имкон бўлса қанийди ҳозир “сарбоз”ни чалиб берсангиз. Одамларни яхши кунларида хизмат қиляпсизу? Шукур қилиш керак.
Асад ака: сенга ёқадими бу?
Азиз: Касбнинг ёмони йўқ.
Асад ака: баъзида шеър китоблар ўқиб тураман. Буни кўпчилик эракларга ярашмайди дейишади.
Азиз: Шеърият мениям жони дилим. Масалан Ўзбектош Қиличбек деган шоирнинг шунақа шеъри бор:
Гоҳ қора, гоҳида оқмиз, биродар,
Гоҳ гадо, гоҳида шоҳмиз, биродар.
Бир рангли эмасдир умр кунлари,
Гоҳ маъюс, гоҳида шўхмиз, биродар.
Асад ака: Зўр шеър экан.
Азиз: Бир нарса сўрасам, майлими, дада.
Асад ака: Сўрайвер бемалол, ўғлим.
Азиз: Валишер билан Нилуфарнинг онасига нима бўлган?
Асад ака: Эридан норози нолиб-нолиб ўз жонига қасд қилиш. Бу анча йил илгари содир бўлган. Билмадим, уйлансам, онангни унутаман дегандим. Лекин унақа бўлмади. Қанча яшаган бўлсам, бир минут ҳам онангни эсламай яшаганим йўқ. Онанг ўзиям фаришта қиз эди. Шаҳарчанинг энг зўр ательесида тикувчилик қиларди.
Азиз: ўша жойнинг директори.
Асад ака: уни ана шундай чиройли келажак кутаётгани ўша пайтдаёқ менга равшан эди. Лекин бола туғаман деган қиз эмас эди. Биз шунинг учун жанжаллашиб қолдик.
Азиз: мен адашиб тасодифан туғилганман.
Асад ака: Адашиб дегин? Унда исмингни Адашвой дейиш керак. У эрга тегдими?
Азиз: йўқ. Биз иккимиз яшаймиз.
Асад ака: У ҳар қандай бахтга лойиқ она!!! Фақат умрининг қоронғи томони мен бўлсам керак?
Азиз: Онам ўз ҳаётидан ҳеч қачон нолиган эмас.
Асад ака: Ҳа у жуда чиройли, ҳам ғурурли қиз эди.
Азиз: ҳам жудаям бардошли.
Асад ака: Шунинг учун ҳам шу пайтгача чидаб юрган. Мен аблаҳ, ярамас одамман.
Азиз: Унақамас, сиз яхши одамсиз.
Асад ака: Қандай қилиб сени ташлаб кетган отани яхши деёлсанг?
Азиз: Шунақакуя…лекин ҳамамиз ҳам бир одаммиз. Ҳаммамиз хато қиламиз.
Асад ака: кўриб турибман. Сен яхши боласан. Лекин уканг тўполончи. Сал қаттиқ гапирсам, дарров кетаман дейди.
Азиз ташқарига чиққан Валини кўради.
Азиз: Ёш кетаман, қари ўламан деб қўрқитади, деганлари шу бўлса керакда? (Валига яқинлашади.) Лекин уйдан кетиш қиз боланинг тақдири. Сен ўғил боласан.
Асад ака: Мана кеча, Ўктамбойнинг ўғлини телефонини ўғирлаб кепти.
Вали: Ўғирлаганим йўқ. Тортиб олдим.
Асад ака: Шунақа зўрмисан?
Вали: Мақтанчоқнинг жазоси шу! Бутун Ўзбекистонда йўқ бунақа телефон деб оғзига куч берди…
Вали кетади.
Азиз. У ҳали ўтиш ёшида.
Асад ака: ўтиш ёшиям жа чўзилиб кетдида! Шу ўтиш ёшидан ўтолмай ўтиб кетмасайди деб қўрқаман. Ҳа, буни ёш дейиш мумкин. Лекин каттасига нима бўлган? У ҳам мени Хуррам акага бермасангиз қочиб кетаман, деб. Ана қизимнинг хонаси. Компитури ёниқ. Қулоғида наушник Интернетда ким биландир гаплашиб ўтирибди. Кошки интернетни тушунсам…
Азиз: Интернетнинг нимаси ёмон?
Асад ака: Э, ўша интернетидан ўзига куёв топиб олганмиш. Мен ахир интернетдан чиққан куёвга қизимни узатолмайман. Тасаввур қил, чойхонада ўтирганимда, куёвингиз қаердан деса? Нима дейман? Интернетдан чиққан… қўнғизга ўхшаб дейманми?
Азиз: Нилуфарнинг ёши нечада?
Асад ака: 18. Яна ўша интернетдан чиқиб олган куёв мен билан танишгани келармиш. Келсин шу ерга… оёғидан осаман. Бизнинг даврларда қайнота билан учрашишдан қўрқардик. Бу андишами, билмадим. Ҳозиргилар бўлса, бемалол… Ухлаб қолмадингми?
Азиз: йўқ. Мана кўзим очиғу…
Асад ака: одам кўзи очиқ бўла туриб ҳам ухлаши мумкин. Унақалар камми, ўғлим? Майли, ухлайқол…
Асад ака ўрнидан туриб уйга кириб кетади.
Азиз Самадни туртиб уйғотади.
Азиз: Тур, турсангчи…
Самад: О, гўзал қиз ётсангизчи бир пас. Эрталабки муштдан ҳам қайтма дейсизда?
Азиз. Менга қара, кўзбўямачи! Кўзингни оч.
Самад: Кимнинг кўзини бўябман?.
Самад ўрнидан туради.
Азиз: кечаси билан бировларнинг асабига ўйнаганимиз етади, кетдик.
Самад: нима билиб қолишдими?
Азиз: Ҳазилнинг таги зил бўлади ҳозир! Юр…
Самад: ўзингнинг дадангни ташлаб кетасанми?
Азиз: ўчир. Сен жим турсанг кўпроқ ақллига ўхшайсан.
Самад: Кечқурун дада деб ўтирувдингку?
Азиз: Шунга мажбур бўлдим. Энди кетдик.
Самад: лекин зўр ўхшатиб рол ижро этдингда? Лағмонни зўр илдигу?
Улар эшикка томон тез юришади.
Асад ака: Ўғлим…
Асад ака нақшинкор ёғоч қутича кўтариб чиқади.
Азиз: Лаббай, дада.
Самад: дада?
Асад ака: Қаёққа кетяпсизлар?
Самад: биз ўқишга кеч қолмайлик.
Асад ака: Дарров кетяпсизларми? Хайрлашмасдана?
Азиз: Сизга оғир ботмасин дедим.
Асад ака: Бугун кетишинг шартми?
Самад. Эртага имтиҳонга тайёргарлик кўришимиз керак.
Азиз. Янги йилда келаман,дада…
Асад ака: сен билан кўнгилдагидек ўтириб гаплашолмадикда?
Азиз. Янги йил яқину… икки ойдан кейин келаман.
Асад ака: бўлмаса, янги йилда бирга келинглар.
Самад: албаттаааа!
Асад ака: ҳа, ўқишга жиддий қараш керак. Мана, ўқимаганларнинг биттаси менми? Ўз боласига тарбия беролмаган ночор! Энг асосийси учрашдик. Ўғлим, сенга бир совғам бор. Буни олишинг шарт.
Асад ака сал нарига бориб ўтириб қутичани олади.
Азиз: Бор, сен кетақол. Мен кейинроқ кетаман.
Самад: калланг жойидамас. Ухламаганингдан бўлса керак. Юр, сурамиз. Тўғрисини айт, нимани режа қиляпсан? Ўғирликми? Айт, балки шерик бўларман.
Азиз: Нима қочиб кетмоқчимисан? Тасавур қил, у чиққанда, биз йўқ бўлсак нима деб ўйлайди?
Тонги машқ қилиб чиқаётган спорт кийимидаги Нилуфар уларни кўради.
Бу пайтда Вали қўшни қиз Чаросни эҳтиросли тонги рақсини кузатарди.
Нилуфар: Ассалому алайкум. Акажонлар, яхши дам олдиларингми? Нега остонада турибсизлар?
Самад: Тоза ҳавога чиқувдик.
Азиз: Ҳаааа....
Нилуфар: Шамоллаб қолганингларда айтарсизлар…
Нилуфар кириб кетади.
Самад: Оҳ, оҳ,сочлари… кўзлари.... жуда гўзалку… кечқурун пайқамаган эканман. Қандай яралган шундай гўзаллик! Маде ин жаннатку! Жаннат… Қомат бор, нозиклик бор, дид бор, бўй бор… Қара, ҳамма нарсаси бор.
Азиз: Ҳа, йигитиям бор.
Самад: Нима? Бир кунда дарров йигити бўлиб олдингми?
Азиз. Йигити бошқа…
Самад: Менга қара, агар шу қизни деб, менга кет, ўзим қоламан даб айтаётган бўлсанг… Шундай шоҳона кеча учун сен мендан қарздорлигингни билишинг керак. Ундан ташқари сен бир кунда отали бўлдинг. Бегона қизни мазза қилиб ўпдинг.
Азиз. Бу ҳазилмас…
Қўлида дўппи кўтариб олган Асад ака чиқади.
Асад ака: Буни бобом менга невараларим учун деб берганди. Ол. Менда яна битта шунақаси бор. Бу бизларни битта қондан эканлигини рамзи бўлсин!
Азиз дўппини қўлига олиб ичкарига киради.
Азиз. Раҳмат. Дада, мен бир кун қолишим мумкин. Эртага тўғри имтиҳонга бораман.
Асад ака: ростданми?
Азиз: Ҳа…
Асад ака: Сиз ҳам қоласизми, меҳмон?
Самад. Мен…
Нилуфар ошхона томонга ўтади. Икки йигит ундан кўзини узмайди.
Самад: Ахир биз айрилмас дўстлармиз. Мен ҳам қоламан.
Асад ака кетади. Спорт либосидаги Вали блутузда гаплашганча чиқади.
Вали: Ҳозир бораман. Кетмай турсин. Ака, мен билан бир жойга бориб келасизми?
Азиз: Бу гап сўзингдан… биронтасини дўппослаганими?
Вали. Акаммисиз ўзи? Бормасангиз ўзим бораман.
Вали кетади. Икки йигит унга эргашади.
7 кўриниш.
Асад аканинг уйи. Вали сумкасини олиб шошиб чиқади.
Асад ака: ўғлим, қаёққа? Яна ўша ўжар фикрингда турибсанми? Қочиб кетяпсанми? Қаёққа деяпман?
Вали: коллежга…
Дарвозадан Самад ва Азиз киради. Асад ака уларга урилиб кетишига сал қолади.
Асад ака: тавба, ростдан ҳам коллежга кетдимикан?
Азиз: шунақа бўлса керак.
Самад: Галстук тақиб оптию…
Асад ака: Туф туф кўз тегмасин.
Нилуфар чиқади. Ота кетади.
Нилуфар: Қани у жинни?
Азиз: Ким?
Нилуфар: Ким бўларди? Анави қўшни қизни севиб қолган телбада. Укамиз…
Азиз: Севиш айб эмас!
Нилуфар: келиб келиб шу қизни севадими? Қиз қуриб қоптими дунёда? Суви қочган бақлажонку…
Азиз: Унга нима қипти. У сиздан… сендан чиройли.
Нилуфар: Шунақами? Дидсиз…
Азиз. Менинг дидим йўқми?
Нилуфар: уни чиройли деган одамда қанақа дид бўлсин? У яхши бўлса, боринг ўшаникига… агар бошқалардан бўш бўлса сизни киритар.
Нилуфар супургини олиб Азизга қаратиб супуради.
Азиз. Сен шундай фаришта қизни шунақа деб ўйлаяпсанми? Агар у сен ўйлагандай қиз бўлганда кеча биз уникида тунаган бўлардик.
Нилуфар: киритарди. Тилини тополмагандирсизлар?
Самад Нилуфарга ёрдамлашган бўлади.
Самад. Унинг гапларига парво қилманг. У баъзида йўқ нарсаларга ҳам тортишиб кетади. Айниқса, эрталаб… Бу томондан ўхшаркансизлар. Қаранглар, қандай ўхшайсизлар…
Самад Нилуфар ва Азизга кўзгудаги аксини кўрсатади. Улар кўзгудаги аксларда бир бирига тўймай боқишади. Самад қизнинг қўлидан супургини олади.
Самад: ўзим ёрдам бераман.
Азиз: Йўқ. Сен отамнинг олдига бор. Биз гаплашиб олмоқчимиз.
Самад: сен билан гаплашгилари келмасачи маликамизни?!
Азиз: бу оилавий гап. Бегоналарни аралашишига ҳаққи йўқ.
Самад. Дарров битта оила бўлиб қолдиларингми?
Икки йигит супургини тортишади.
Азиз. Сен қаршимасмисан? Мен ўзим ёрдамлашсам…
Нилуфар: э, боринглар… эркакнинг ишини қилинглар.
Нилуфар супургини тортиб олади.
Азиз. Ана кўрдингми, эркакнинг ишини қил.
Азиз Самадни эшикдан Асад аканинг олдига киритиб юборади.
Азиз. Кечаги совуқни қарангу… бугун қуёш чиқиб турибди.
Нилуфар: қойилман, дадажонимга… акам бор экану… билмай юрган эканман. Ҳаммадан кутсам ҳам дадамдан кутмагандим. Бунақа акам борлиги тушимга ҳам кирмаганди. Яна сал ғалатироқ.
Азиз. Мен ҳам бунақа ўжар… ақлли синглим борлигини билмагандим.
Нилуфар: балки анави қўшни қиз ақллироқдир?
Азиз: Ҳаммадан ҳам ўзинг яхшисан…
Бу гаплардан Нилуфар ҳайрон қолади.
Азиз: шундай қилиб бу супур сидирнинг сабаби ўша келаётган куёв эканда?
Нилуфар: Ҳа.
Азиз. Келиши аниқми?
Нилуфар: ҳа. Мана ҳозир агентда смс ёздилар йўлга чиқдим деб.
Азиз. Ота ўғил бир бўлиб олдимизга солиб қувайликки, иккинчи қайтиб келмасин.
Нилуфар: Акажон, уни қувманг. Ахир уч йиллик танишим.
Азиз: қанақа таниш?
Нилуфар: Интернетда…
Азиз. Интернетдаги уч йиллик таниш билишлик ҳаётдаги уч кунлик танишликка тенг!!! Бундан чиқди, сен танишганингга уч кун бўлган йигитингни отанг билан таништирмоқчисан?! Келсинчи… мана бунақасига битта апперкот бераман…
Нилуфар: уни урманг. У яхши йигит.
Азиз. Яхшилигини қаёқдан биласан. Интернетга ишонма. Бу интернет чолни йигит, ялмоғизни фаришта қилиб кўрсатади.
Нилуфар: майли, олдин бир кўринг.
Азиз. Майли, агар у менга ёқмаса, ўзим айтган йигитга турмушга чиқасан.
Нилуфар: кўрасиз, у сизга ёқади. У билан суҳбатлашганда мазза қиласиз. У жуда гапга уста.
Азиз. Гапга уста бўлгунча ҳеч бўлмаса бошқа бир уста бўлса дуруст эди! Нима иш қилади?
Нилуфар: мени севади.
Азиз. Сени севишдан бошқа иш ҳам қиладими?
Нилуфар: Ҳарбий академияда.
Азиз. Ҳарбий академияда нима иш қилади? Сержантми, лейтенантми? Ё қоровулми?
Нилуфар: мунча рашкчи эркаклардай эзмаланиб сўраб суриштирдингиз?
Азиз. Мен сенинг акангман. Сўраб суриштиришга ҳаққим бор.
Нилуфар: уни камситманг. У менинг кўнглимга яқин одамим ахир. У ким бўлмасин… сиздан яхши одам. Сиздан баланд, елкалари кенг, гавдали…
Азиз. Ҳамма гавдали одамлар яхши дегани эмас.
Нилуфар: эътиборли… меҳрибон…
Азиз. Мулойим… ширин сўзли…
Нилуфар: Умуман сўкинмайди.
Азиз. Латифалар айтади. Зийрак…
Нилуфар: ҳа. Сиз уни қаердан танийсиз?
Азиз. Ҳамма интернетдаги болалар шунақа. Қизларни шундай илинтиради. Бизникига қачон келади дединг?
Нилуфар: Соат учда.
Азиз. У бизникига келгунча яна бошқа қизникига ҳам кириб чиққан бўлади.
Нилуфар: уни ёмонлайвериб чарчамадингизми? Ўзи менга қанақа йигитни муносиб деб биласиз?
Азиз. Ўзимга ўхшаган… содда камтар… ҳаётда учратганинг…
Нилуфар: Менга сизга ўхшаган файласуф керакмас. Менга ўзим суянадиган тоғ керак!
Азиз. У менга ёқмаяпти.
Нилуфар: у сизга ёқиши шартмас. Менга ёқса бўлди. Дадажон, ўғлингизни чақириб олинг. Мени йиғлатмоқчи.
Нилуфар бошини кўтармай ҳовлини тозалашда давом этади.
Азиз. Мендан хафа бўлдингми?
Нилуфар: йўқ… асабим бузилди.
Азиз. Кел. Яраш яраш қиламиз.
Улар қўл ташлашади. Ичкаридан карнайни ярмини пуфлаганча Самад ва доира чертганча Асад ака чиқади.
8 кўриниш.
Чарос дарвозасини артиш билан банд. Самад унга яқинлашади.
Самад. Ҳорманг. Ёрдам керакми?
Чарос. Ассалому алайкум. Йўқ, раҳмат.
Самад нарвончага челакни олиб беради.
Самад. Мен қўшнингизникида меҳмонман. Бир кунлик. Исмим Самад.
Чарос. Меники Чарос.
Самад. Ўзи билувдим. Исмингиз Чарослигини.
Чарос. Қаердан билдингиз?
Самад. Кўзингиз чарос, лабларингиз чарос… ўзингиз чарос… айтаверайми?
Чарос. Қўйсангизчи…
Самад. Бугун шаҳарга тушмайсизми?
Чарос. Йўқ. Нимайди?
Самад. Кинога иккита билетим бор эди.
Чарос. Қанақа кино экан?
Самад. Ўйин ичида ўйин.
Чарос. Ўйин ўйнаш ёшидан ўтганман. Ўзимнинг ҳаётим кино бўлиб турибди. Етади.
Самад. Балки уйингизга меҳмондорчиликка таклиф қиларсиз.
Чарос. Йўқ.
Самад. Сизга ёқмадим шекилли?
Чарос. Чиройли йигитлар ё ёлғончи бўлади, ё уйланган бўлади. Сиз кўзимга иссиқ кўриняпсиз. Қаерда кўрганман?
Самад. Билмадим.
Чарос. Қидирилмоқда деган одамларнинг расмлари ичидами?
Самад. Ҳазилкаш экансиз. (Ўзига ўзи) Анави қарзини ололмайман деб қидирувга бердими дейман? Ишқилиб, шарманда қилма.
9 кўриниш.
Азиз Самад ва Чаросни кузатиб туради. Уйдан шошилиб Нилуфар чиқади.
Азиз. Қаёққа шошилиб?
Нилуфар: Автобусга кеч қолмай. Хуррам акамни катта трассада кутиб оламан деб ваъда берувдим.
Азиз. Дадажон рухсат бердиларми?
Нилуфар: билмай қўя қолсинлар. 15 минутда келаман.
Азиз. Мен чақимчи эмасман. Лекин ҳақиқатни айтмасам… виждоним қийналади.
Нилуфар: мени ўз кўнглимдагидек яшашга қўясизларми?
Азиз. Нималарни истамайди, кўнгилга қўйса?
Нилуфар: Мен ўз тенгимни ҳам ўзим танламоқчиман. Ёшлигимда ҳамма нарсани ўзим танлаганман. Қўғирчоқни ҳам, ўйинчоқни ҳам.
Азиз. Лекин куёв танлаш қўғирчоқ танлаш дегани эмасда. У ҳаётингнинг ярми.
Нилуфар: Хўш, мана келдингиз, мен учун сиз нима қилиб бероласиз? ҳаётимни охирида келиб менга нималар деяпсиз?
Азиз. Нега ҳаётингни охири?
Нилуфар: агар дадам билан тил топишолмаса… Балки Хуррам акам билан кетиб қоларман? Мен бунақа қийинчиликларда онамга ўхшаб ўлиб кетмоқчи эмасман. Билсангиз, онамнинг ўлимига ҳам отам сабабчи. Умрида мақтанишдан бошқа ишни ёлчитмаган. Шу ёшга кириб тузук бир касби йўқ. Ота бўлиб менга нима берди?! Ўзим компитур олдим. Ўзим интернетга тўлайман. Нима берди?
Азиз. Сенга ҳаёт берган.
Нилуфар: жуда ақлли экансизу… Шу пайтгача қаерда эдингиз? Шу гапларингизни эшитгим келганда, бир елкага суяниб йиғлагим келганда, (йиғлаб) мени бировлардан кимдир ҳимоя қилишини истаганимда қаёқда эдингиз? Ҳаммаси ҳал бўлганда келиб, ўзингизни ҳақиқатингизни гапирасиз.
Азиз. Ҳали ҳаммаси ҳал бўлган йўқ. Сенга қойил қолдим. Бировнинг ҳам гапини эшитаркансану…
Нилуфар ўтириб қолади.
Азиз. Дадамиз зиёли одам. У ўз кўнгли билан яшайди. Дунёда бунақа дада йўқ. Сенга шунча эркинлик бериб қўйган. Энди унинг ягона нияти сени тагли тугли жойга узатиш.
Нилуфар: нима қил дейсиз?
Азиз. Бардошли бўл. Биронта касб билан овун. Қўли ширин пазанда экансан. Ўзингнинг ошхонангни очарсан? Ўзим ёрдам берардим.
Нилуфар: кечирасиз… сизга бақириб юбордим…
Чароснинг кулгани эшитилади. Нилуфар уларни кўради.
Нилуфар: Ўртоғингизни ҳам илинтирибдида?
Азиз. Ўртоғим уни илинтирганга ўхшайди.
Нилуфар: бормайсизми олдига… ахир шундай қиз ўртоғингизга ўтиб кетяпти. Кўзингизни узолмай қолдингизми?
Азиз. Рашк қилмай қўяқол, уни севмайман.
Нилуфар: рашк қилганим йўқ. Акам бир енгилтак қизга уйланмасин деб ачиняпман.
Азиз. Ҳамма қизлар ҳам шунақами? Ўзидан чиройли қизларни ғийбат қиладими?
Нилуфар: қизларнинг чиройига учманг.
Азиз. Ҳар қалай… сенинг виртуал куёвингдан бу яхшироқ!
Нилуфар: ким кимдан яхшироқлигини мен ҳам биламан. Сиздан кўра ўша ўртоғингиз фаросатлироқ экан.
Азиз. Қачон севиша қолдинглар?
Нилуфар: сизга ўхшаб зерикарли эмас, хушчақчақ экан.
Азиз. Унда тезроқ борақол, уни қўшни қиз илиб кетмасин.
Нилуфар: тўғрисини айтинг, жаҳлингиз чиқдия? Ўзингиздан сўраб кўрингчи… Мени ундан қизғанмаяпсизми?
Азиз. Нима, ака сингилни яхши кўриши мумкин эмасми?
Нилуфар: А?
Азиз. Ана шу бетайинни мақтаган биринчи одам сен бўлсанг керак.
Нилуфар: одам ўз ўртоғини ҳам шундай дейдими?
Азиз. У менинг ўртоғиммас.
Нилуфар: нима?
Азиз. Қизлар масаласида ўртоғиммас. Қизлар масаласида унга ишониб бўлмайди.
Самаднинг кулгани эшитилади.
Самад. Демак, эртага булбул сайраганда кўришамиз.
Чарос. Ҳа.
Самад келади. Нилуфар кетади.
Самад. Шунча тортишувларингдан кейин Асад акага куёв бўласиз шекилли?
Азиз. Ўзингни ҳам табрикласа бўладими? Кўнглини олганга ўхшайсан? Хурсандсан? Энди кетсак бўлади. Юр…
Самад. Қанақасига? Эртага учрашувим бор.
Азиз. Ёлғонимиз очилиб қолмасдан кетақолайлик.
Самад. Менга фарқи йўқ. Бу қизни ташлаб кетолмайман.
Азиз. Сенга ўхшаб бировнинг ҳисобига паразитга ўхшаб яшолмайманку.
Самад. Майли, кетдик. Лекин қайтиб келаман. У қизни опкетгани.
Азиз соатига қарайди.
Азиз. Соат уч бўптику.
Самад. Нима бўпти?
Азиз. Бизнинг бўлажак куёв келадиган пайт бўпти. У билан кўришмасдан мен кетолмайман. Сен кетавер. Мен кейинроқ кетаман.
Самад. Сен кетмасанг, мен ҳам қоламан.
Йўл бошида Нилуфар кўринади. Ундан сал ортда Хуррам келарди.
Самад. Ҳамдардман. Сенга қийин бўлади.
Азиз ва Самад дарахт ортига беркинади. Нилуфар уйга кириб кетади.
Азиз ва Самад дарахт ортидан чиқиб ўриндиққа ўтириб олади. Хуррам келади.
Хуррам. Ассалому алайкум. Асад акани уйлари шуми?
Самад. Билиб туриб сўрашнинг нимага кераги бор?
Хуррам. А?
Азиз. Ҳа, шу уй. Мен Нилуфарнинг акасиман. Келинг, қанақа хизмат?
Хуррам. Исмим Хуррам.
Самад. Биламиз.
Азиз. Меники Азиз. Бу ҳам сенга ўхшаб отамни сўраб келган экан. Энди икковингни нима қилсам экан?
Самад. Қўяверинг, ўзимиз гаплашиб оламиз.
Самад Хуррамни бир четга олиб ўтаётганини ҳаммаёқни шошиб тартибга келтираётган Нилуфар кўриб қолади.
Нилуфар: (Деразани очиб) Хуррам ака, келманг дегандимку?
Самад. Сиёсатни қаранг. Ичида келинг деб, жўрттага кетинг дейди. Қизлар сиёсати ғалатида!
Хуррам. Даданг уйдами?
Асад ака: Ким мени сўраётган?
Дарвоза очилиб Асад ака кўринади. Хуррам келиб номига кўришади.
Хуррам. Ассалому алайкум.
Асад ака. Келинг, меҳмон. Марҳамат, уйга.
Самад. Ҳозир келишлар қаердан?
Хуррам. Ишдан.
Самад. Унда нега форма йўқ?
Азиз. Жим.
Самад. Э, мен буни танийман.
Азиз. Ҳа, мен ҳам танийман. У ҳарбий академияда ишлайди.
Самад. Ҳарбий академияда ишлайди, лекин ҳарбий эмас. Ўша ерда фотографлик қилади. Бир марта борганимда кўрганман.
Бу гапни эшитган Нилуфар ойнага бошини тираб қолади. Хуррам эса бу гапдан сўнг бошини эгиб дарвозадан кириб кетади.
Асад ака: Нилуфар, қизим меҳмонга жой сол. Қулоғим сизда…
Хуррам бошини чангаллаб жим қолади. У бир Самадга, бир токчадаги карнайга қараб қолади.
Хуррам. Шу мен тўй масаласида келувдим.
Парда ортидан кузатаётган Нилуфар нафас ютиб тинглайди.
Асад ака: Қанақа тўй?
Хуррам. Шу ўзимни тўйим.
Асад ака: табриклаймиз.
Хуррам. Тўй 5нчида… Шунга карнай билан хизмат қилиб берсангиз.
Асад ака: Нима?
Пардани юлиб олган Нилуфар ўтириб қолади.
Азиз. Дадам бировларнинг тўйларига чиқмайди. У консерваторияда мана бунга (Самадни кўрсатиб) ўхшаган беўхшовларга дарс беради.
Хуррам. Узр адашибман. Хайр…
Хуррам дик этиб туриб дарвозадан чиқиб кетади. Азиз унга эргашади.
Асад ака: Кераги йўқ. ҳа, ўғлим айтарди. Даврингиз ўтди, деб… ростдан ҳам давримиз ўтибди. Қизим келиб келиб шунга ишониб ўтирсая? Ҳа, мен фарзандларимга тарбия беролмадим. Уларнинг онаси ўрнини босолмадим. Ё бошқа она ҳам олиб беролмадим. Бизни энди эскирган буюмдек кўчага улоқтирса бўлади.
Асад ака бошини чангаллаб қолади.
Асад ака: фарзандига тарбия беролмаганлар менга ўхшаб қариликда ёлғизликда жон берса керак.
Азиз. Дада, унақа деманг… Юринг, озроқ дам олинг. Кечқурун яхши ухламагансиз.
Азиз Асад аканинг қўлтиғидан олади.
Азиз. Агар хоҳласангиз мен шу ерга кўчиб ўтаман.
Асад ака: Ўқишинг нима бўлади?
Азиз. Яқинроқда университет филиали бор. Ўша ерда ўқийман.
Асад ака: Агар шундай қилсанг отангни рози қилган бўлардинг. Синглинг билан укангга бош бўлардинг!!!
Азиз Асад акани ичкарига ташлаб чиқади.
Нилуфар унга ўқрайиб қараб туради. Самад чиқиб кетади.
Азиз. Энди кўнглинг тўлдими? Отангни бир бегона олдида камситиб хурсанд бўлдингми? Тушунмайман. Қандай қилиб, шунақа ёмон болани яхши кўриш мумкин?
Нилуфар. Ёмон бўлса ҳам у менгга ёқади.
Азиз. Ёқса, бор ортидан… ёки интернетдан хат ёз.
Нилуфар. Йўқ. Мен адашдим. Уни унутаман.
Азиз. Ана шундай айбингни тан олишинг менга ёқади.
Нилуфар. Шунинг учун қолмагандирсиз?
Азиз. Ўзи бу уйда керагим борми?
Нилуфар. Жудаям… жудаям кераксиз. Нега сиқиляпсиз?
Азиз. Менга ёққан бир қизнинг кўнгли бошқада.
Нилуфар. Балки унинг олдига кечикиб келганингиз учундир?
Азиз. Агар аканг бўлмаганимда… менга тегармидинг?
Нилуфар Азизга разм солиб ўйланади.
Нилуфар. Ҳа. Юз фоиз.
Азиз. Унда мен сени аканг эмасман!!!
Нилуфар. Алдаяпсиз.
Азиз. Бунга сабаб совуқ… кечқурун… тасодифан. Ҳеч ким уйидан жой бермади. Шундай деб уйга кириб олмасак, совуқда қолиб кетардик.
Нилуфар. Нега шу пайтгача айтмадинг?!!!!!
Азиз. Даданг мени ўғлим деб қабул қилишини кутмагандим.
Нилуфар. Сен иккиюзламачисан! Аҳмоқсан. Кеча милиция чақирмагандим. Энди чақираман, қамоқда чирийсан!
Азиз. Яхши. Сендақа қизга ака бўлгандан кўра қамоқда чириган яхши.
Нилуфар. Сендақаларни тилидан осиш керак.
Нилуфар тилини чиқаради.
Азиз. Аканг бўлганимда ёққандимку сенга.
Нилуфар. Ўчир овозингни! Сендақа жиннини ҳеч қаерда кўрмаганман. Йўқол.
Азиз. Ҳозироқ кетаман. Югуриб кетаман.
Асад ака. Ўғлим!!!
Ясан тусан кийинган Асад ака чиқади.
Асад ака. Ўғлим, онангни кўргани борамиз.
Азиз ва Нилуфар. Нимаааааа?
Асад ака. Бунинг нимаси ёмон. Иккита ярим жон, бир жон бўлиб яшаймиз. Юр.
Нилуфар. Ҳеч нарсангизни унутиб қолдирмадингизми? Гулга пул, расмлар…
Асад. Йўқ. Кетдик.
Азиз. Мунча шошилинч?
Асад. Автобуснинг ўтишига кеч қолмайлик.
10 кўриниш.
Коллеждан хурсанд бўлиб қайтаётган Вали ўриндиқда кулишиб ўтирган Самад ва Чаросни кўриб жаҳли чиқиб кетади. У шошиб уйга кириб ошхона ойнасидан Самаднинг устидан бир челак сув сочади.
Вали. Ҳали шуни кутиб юрганмидинг? Йигитим борррр десанг бўлардику?
Самад Валини қувиб келади. Вали Асад аканинг олдига келиб туради. Самад келиб уни уролмайди.
Асад. Нима бўлди?
Вали. Бировнинг қизига кўз олайтирганнинг аҳволи шунақа бўлади.
Асад. Сенинг қизинг борми? Ҳали ўзинг боласану?
Самад. Бошқа кийим олиб чиқ. Совқотиб кетдим.
Самад устки кийимларини ечиб Нилуфарга отади.
Самад. Кетдик, бу жиннихонадан!
Асад. Ўғлим, ўзингни бос…
Самад. Қанақа ўғил?!?! Ҳали бизни алдаганимизга ишондингизми? Роса содда экансизу… Биз ўйин қилиб бу сизнинг ўғлингиз девдик. Сиз бу ёлғонга лаққа тушиб ўтирибсиз. Бунинг онасини исми ҳеч қачон Сайёра бўлмаган.
Азиз Самадни жағига бир мушт тушириб йиқитади.
Самад. Ҳа, ҳақиқат ёқмадими? Ё мана шундай уйда яшаш ёқиб қолдими, ялангоёқ!!!
Азиз. Уятсиз.
Самад. Бировни ота дейишга сен уялмадинг, мен уялайми?
Асад юрагини чангаллаб ўтириб қолади.
Асад ака. Ҳали ўйин қилдик дегин…
Самад. Ҳа! (кулади). Ҳа.
Нилуфар. Дадажон, унинг гапларига ишонманг. Акамнинг айтишларича, мактаб пайтидан ўртоғининг шунақа сал жиннилиги бор экан. У алдаяпти. Ишонманг!
Пауза.
Асад ака. Ишонмайман!!! У менинг ўғлим… Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар…
Азиз ва Нилуфар Асад аканинг икки қўлтиғига киради. Кўнгли бўшаб кетган Вали уларни маҳкам қучоқлаб олади.
ПАРДА
2013 йил 15 октябр