Электронная библиотека » Узбектош Киличбек » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Тожмаҳал"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 22:20


Автор книги: Узбектош Киличбек


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ХАЛОСКОР БУЛУТЛАР
ёки ОҚ БУЛУТЛАР МАМЛАКАТИ
Мусиқий эртак-пьеса

Қатнашчилар:

НИҲОЛА

БОЙЧЕЧАК

КИСЛОРОДХОН ва унинг пуфакчалари – кўкрагига О2 деб ёзилган нур таратувчи мулойим пуфакча, майин овоз соҳибаси.

ТУТУН ГАЗИ – қора кийимли қўпол, юзи чўтир маҳлуқ.

ОҚ БУЛУТЛАР

ҚОРА БУЛУТЛАР

АСАЛАРИ – чиройли

КАПАЛАК

Биринчи парда, биринчи кўриниш

Боғ. Олисда қуриган дарахтлар кўринади.

Ўртада Ниҳола майин тебраниб қўшиқ бошлайди. Оқ булутлар, Бойчечак, Капалак, Асалари унга жўр бўлади. Гўзал рақс ижро этишади.

 
Кўкда кулар камалаклар,
Қирда қизлар, келинчаклар,
Қувлашади капалаклар,
Баҳор келди, баҳор келди.
 
 
Гуллар кулиб юзин очди,
Ишқдан куйлаб ифор сочди,
Кўрганларнинг завқи ошди,
Баҳор келди, баҳор келди.
 
 
Энди гулга кирдик биз,
Янги баҳор кўрдик биз,
Куртак ёзиб, гул ёзиб,
Муз қобиғин ёрдик биз.
 
 
Бизни қамраб олгандир,
Кўринмас ҳаво қобиқ.
Улар бизнинг жонимиз,
Умримиз шунга боғлиқ.
 

Юқоридан қора булутларга қўшилиб ўртаси тешилган оппоқ парда тушади. Момоқалдироқ гумбирлайди. Чақмоқ чақади. Тешик қисми Ниҳола ва Бойчечакнинг устида турганлиги учун ёғаётган қор, ёмғир улар атрофини қоплайди. Парда тешигидан ўтган ўткир найзалар нур каби ҳар ёққа санчилади. Ниҳола ва Бойчечак титраб қолади.

Бойчечак: Бирдан бу қандай совуқ?

Ниҳола: Куртакларимни қутқаринг, одамлар. Увол бўлмасин гул куртакларим, тўкилмасин барг куртакларим.

Капалак: Баҳор ўртасида қор? Бу қандай иқлим бўлди?

 
Асалари: Баҳор келгандай бўлди,
Жонга илиқлик кирди,
Алдамчи баҳор экан,
Қишки уйқум бузилди.
Совқотиб қолдим жуда,
Капалаклар жон берди.
 

Оқ булутлар: Бу ҳаммаси тешик парда туфайли. Мана, тепамизда турган озон пардаси йиртилган. Шунинг учун қиш бўйи қуёш чарақлаб, баҳорда ҳам, ёзда ҳам қор ёғяпти.

Ниҳола: Шунинг учун мевалар гулга кирганда тўкилиб, ҳосилдорчилик камайиб кетяпти.

Бойчечак: Биз шифобахш Кислородхон ёрдамида пардани ямашимиз керак.

Ниҳола: Биз Кислородхонни ёрдамга чақирамиз. Нафас машқини қиламиз. Бир деганда бурнимиз орқали нафас ютиб, икки деб бир пас ҳавони ичимизда ушлаб турамиз, кейин уч деб қўлларимизни ёйган ҳолда ҳавони оғзимиз орқали чиқарамиз. Бир, икки, уч… (барчалари нафас олиб чиқаришади.) Тоза ҳаво керак юракка. Кислородхон, кел кўмакка.

Ёрдам керак бойчечакка, Асалари, капалакка.

Оламни зулмат қоплайди. Шатир-шутур дўл ёғади. Ниҳоланинг новдалари қарсиллаб синади. Капалакларнинг қаноти қайрилгани эшитилади. Боғ этагида оппоқ нур таралади. Оппоқ либосли Кислородхон ва унинг пуфакчалари хаста каби секин келишади. Уларнинг йўлини қора либосли Тутун ва унинг қизил пуфакчалари тўсади. Оқ пуфакчалар пақиллаб ёрилади. Тутун бир ҳаракат билан пуфакчани қора рангга бўяб қўяди. Тутун Ниҳоланинг синган новдасини кўтариб олади.

Тутун: Мана, бизнинг ғалабамиз. Қанча дарахт синса биз шунча кўпаямиз. Булар ёниб кул бўлсин.

Бойчечак: (йўталиб) Энди нима бўлади?

Тутун: Ҳаммаларинг тутунга айланасизлар. Қора парда тортамиз бошларинг узра. Қора қуёш кулади ер юзида.

Кислородхон: (шикаста овозда) Шамолни чақиринглар.

Ниҳола: (Беҳол овозда қўшиқ айтади.) Шамол, шамол, бағринг камол,

Чўлоқ кетмонингни ерга қўяқол.

Онангни сув олиб кетди,

Отангни сув олиб кетди,

Эсақол, эсақолсангчи,

Ҳаммаси бирга: Эсақол, эсақолсангчи!

Шамолнинг гувлаган овози эшитилади. Кейин бирдан тиниб қолади. Ниҳола юқоридаги шамолни чорлов қўшиғини жаҳл билан айтади.

Шамол: Бизни кимдир йўқладими? Бизни йўқлаганлар омон бўлсинлар.

Шамол эсади. Тутунни ерга ёпиштириб учириб кета бошлайди.

Тутун: Ҳаммамиз бу навниҳолга ташланамиз.

Ниҳола танасидан худди минглаб оппоқ чироқчалар ёнгандай оқ пуфакчалар чиқиб Тутуннинг йўлини тўсиб олади. Тутун ва унинг қора пуфаклари кўздан йўқолади. Ҳар жойда Кислородхон ва унинг пуфакчалари нур таратиб оғзидан майда пуфакчалар тарқатиб туради. Шамол тинади. Атроф ёришади. Ниҳола ва Бойчечак майин тебранади.

Капалак: (Бойчечакка яқин бориб) Бойчечак, азизим, омонмисан?

Асалари: Ниҳолгинам, сенчи бу тўполонда жароҳат олмадингми?

Ниҳола: Менинг бир қўлимни синдириб кетишди. Энди мен мажруҳман.

Асалари: Мана кўрасан, синган шохинг ўрнида янги ва кучли новдалар ўсиб чиқади. Биз асаларилар яна гулларинг шарбатидан ичиб асал тайёрлаймиз.

Капалак: (йиғлаб) Сенга нима бўлди, Бойчечагим? Қаранглар, у сўлиб қопти.

Асалари: Баҳор даракчиси. Ахир у бўлмаса,баҳор келганини қандай биламиз?

Бойчечакнинг боши эгилган, барглари сўлиган ҳолда титраб туради.

Кислородхон: Ҳамманинг жароҳатига мана мен малҳам бўламан.

Кислородхон оғзидан пуфакчалар тарқатиб, Бойчечакка ва Ниҳолага яқин боради. Бойчечак бошини кўтариб атрофга қарайди.

Ниҳола: Раҳмат, сенга Шамолой.

Бойчечак: Раҳмат сенга, тоза ҳаво манбаи – Кислородхон. Бизни ўраб олган бу ҳаво қобиғи кўзга кўринмас зарралардан иборат бўлса ҳам улар орасида ҳаёт бор экан.

Ниҳола: Шу ҳаво таркибидаги газлар ҳам тирик экан. Улар орасида кураш бор экан.

Кислородхон: (қўшиқ)

 
Бизлар тоза ҳавонинг,
Авлодимиз энг тоза.
Озодалик, покликни,
Ардоқлаймиз биз роса.
Икки минг йилдан буён,
Тутун бизга душмандир.
Енгилмаймиз ҳеч қачон,
Тутун бўлар чилпарчин.
Бизлар тоза ҳавонинг,
Авлодимиз энг тоза.
 

(пауза) Тутун аслида биз тоза ҳавонинг жароҳатланишимиздан, ифлосланишидан пайдо бўлади. У дарахтлар, ўсимликлар барги орқали тоза ҳавога айланиши керак. Лекин у сўнгги пайтларда буни хоҳламай, ўзи алоҳида тутунлар мамлакатини ҳосил қилмоқчи. Шунинг учун, мана, (юқоридаги тешилган пардани кўрсатиб) Тутундан тарқалган заҳарли газлар она ернинг ҳимоя пардасини тешдилар.

Ниҳола: Биз ёвуз Тутунга қарши биргалашиб курашамиз,

Ниҳола, Бойчечак, Асалари, Капалаклар биттадан пуфакча воситасида бирбирининг қўлларини ушлаб, айлана ҳосил қилишади.

Ниҳола: Бизнинг ҳимоя пардамизни ямаб бер. Бунга фақат сен қодирсан. Бу пардани ҳам ўзинг ҳосил қилгансан.

Асалари: Бу пардасиз яшаб бўлмайдими?

Кислородхон: Агар бу осмон пардаси ямалмаса, заҳарли ултрабинафша нурлари бутун ер юзидаги жонзотни қириб битиради.

Асалари: Ерда камалаклар порламайдими?

Кислородхон: Йўқ. Биз тобора камайиб кетяпмиз. Бу фақат менинг қўлимда эмас, хазонлар ёқилганда бизни ҳам ёқиб юборишади, дарахтларни кесганда бизнинг ҳам умримизни кесишади.

Асалари: Оламда сизлар кўп, Тутун йўқолиб кетиши учун нима қилиш керак?

Ниҳола: Мана мен озгина бўлса ҳам кислород – тоза ҳаво томчисини ҳосил қиляпман баргларимда. Бу оламдан Кислородхон ва унинг пуфакчалари кўп бўлиши учун ўз ҳиссамни қўшяпман.

Бойчечак: Мен ҳам баргларим орқали тоза ҳаво чиқаряпман.

Асалари: Агар оламда Кислородхон кўп бўлса нима бўлади?

Кислородхон: Биз кўп бўлсак, осмонда доим оппоқ булутлар кезади. Одамларнинг ва барча жониворларнинг умри узоқ бўлади. Осмонида доим Оқ булутлар кезишини истаганлар заводларидан чиқаётган ёмон газларини филтрлайдилар.

Бир четда беркиниб турган Тутун қора найзасини ўқталиб Бойчечакка ташланади. Унинг йўлидан чиққан Кислородхон тўсади. Тутун юқоридаги парданинг бир учидан тортади. Қўрқинчли мусиқа янграйди.

Капалак: Унга пардани йиртишига йўл қўймаслигимиз керак. Бўлмаса, қанотларим куйиб кетади.

Ниҳола оғзидан Тутуннинг юзига пуфакчалар пуфлайди. Тутуннинг ҳаракати баттар авжланади. Кислородхон оқ найзаси билан Тутуннинг кўксига санчади. Тутун пуфаги пақиллаб ёрилади. Ҳаммаёққа сариқ-бинафша ранг сочилади.

Тутун: Биз қуёш нурларини заҳарга айлантириб сизларга йўллаймиз. Ўша тешик пардани бутунлай йиртиб ташласак, мақсадга етамиз. Бошларингдан кислотали ёмғир ёғдирамиз. Куйдирувчи ёмғир ёғади. (йиқилиб ерга сингиб кетади.)

Асалари: Ураааа. Кислородхон ғалаба қозонди. Бизлар гул узра ғув-ғув этиб рақс тушамиз, капалак ҳам хуш-хандон.

Тутун овози: Бу вақтинча ғалаба. Мен яна қайтиб келаман.

Кислородхон: Улар яна қайтиб келади.

Аслари: Нима қилишимиз керак?

Капалак: Уларни бу ерга келмаслиги учун режа ишлаб чиқишимиз керак.

Ниҳола: Бобо Ёнғоқни, Чинор Полвонни, Мажнунтол холани, Терак аммамни ёрдамга чақираман. Биз дарахтлар айлана ҳосил қилиб ўраб оламиз. Ўртада Бойчечакдай ажиб гуллар, майсалар ўсади. Ҳамма бахтли бўлади.

Оқ булутлар: Лекин афсус! Безори болалар Бобо ёнғоқни мевасини қоқаман деб шохларини синдиравериб қуритдилар, Чинор бобони эса арралаб кетишибди. Фақат тўнкаси қопти холос.

Бойчечак: Мен ҳам дўстларимни чақиролмайман. Ярамас Тутун эндигина униб чиқаётган нишларини заҳарлаб, суғуриб кетди.

Оқ булутлар: Она ер нола қилмоқда. Эшитинглар.

Она ер: Тутуннинг дастидан рангим ўзгарди, тузлар кўпайганидан юзимда доғлар… умрим тугаб бормоқда.

Ниҳола: Мен ҳам ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Танамда шарбат эмас, ҳаммаёғимда қора куя оқаётгандай. Куртакларим ўрнида сигарет ўса бошлади.

Ниҳоланинг учки куртакларида сигарет қолдиқлари, ғижим баклашкалар пайдо бўлади.

Кислородхон: Бу ернинг қалби ўзгарганидан. Ҳаммасига тутун сабабчи… Ниҳолани даволаш учун Она ернинг дардига чора топиш керак. Ернинг жони бизнинг ичимизда. Ўша биллур жонини олиб кирайлик. (қўлида ярқираган биллур парчасини кўрсатиб) Қани, кетдик.

Кислородхон ва унинг пуфакчалари чиқиб кетади. Асалари, Капалак Бойчечак ва Ниҳола атрофида парвона бўлиб қолади.

Оқ булутлар: Табиатга нима ташласанг, ўзингга қайтади. Атрофни сигарет билан ифлослантирганлар, ана, қанча ҳохласа шунча сигарет қолдиқларини олсинлар. Энди бу дарахтда шириндан ширин мевалар эмас, аччиқ, сассиқ сигарет етилади. Олсин, оиласи билан баҳам кўрсин. (пауза) Ўткир тиғларини қадаб қуёш яқинлашмоқда. Кўксимни нурлари пора этди. Кетаман.

Оқ булутлар ҳар ёққа тарқалиб кўздан йўқолади. Асаларининг ёнида доим капалак учади.

Асалари: Менга гулларинг керак. Гулларинг бўлмаса, асал бўлмайди.

Бойчечак: Ниҳола, мен сенга гулбаргларимда шабнам сувин илдизингга қуяман.

Ниҳола: Сен ўзингни асра. Баҳор бошланиши учун сен зарурсан.

Бойчечак: Биз ҳаммамиз ўзимизни ўзимиз асрашимиз керак. Тутундек қора кучлар қўлида жон бермаслигимиз керак. Лекин ҳаво етишмаяпти. Ҳолсизман.

Ниҳола: Мен бир оз ухлаб оламан.

Қора пуфаклар бирин-кетин чиқиб келиб Ниҳол ва Бойчечакнинг юзини тўсиб қўяди. Ниҳоланинг яна бир шохи синиб қуриб қолганди. Қора пуфаклар ўзидан қора куя сочишади.

1-қора пуфак: Ниҳола ва Бойчечак ёлғиз қолишди.

2-қора пуфак: Асалари ва Капалакни нима қилсак бўлади?

3-қора пуфак: Секинроқ уйғониб қолишмасин.

1-қора пуфак: Ниҳола ва Бойчечакни қуритсак, асалари билан капалак ҳам ўзўзидан йўқолади. Ахир асалари Ниҳоланинг куртакларидан шарбат сўриб озиқланади, капалак эса Бойчечак гулларидан.

3-қора пуфак: Биз Ниҳолага ташланганимиз билан фойда йўқ. Улар яна Шамолойни ва Тоза ҳавони ёрдамга чақириб қутулиб қолишади. Шунинг учун биз ҳийла ишлатишимиз керак.

2-қора пуфак: Қанақа ҳийла?

3-қора пуфак: Мен нима десам, хўп деб туринглар. Уларни қўлга олгач, осмонга кўтарилиб, ўсимликларни, бутун жонзотни асраб турувчи ҳимоя пардасига ташланамизу йиртиб ташлаймиз.

Бойчечак: Ниҳола, Ниҳола! Уйғонақол…

Ниҳола: Нима, кечқурун бўлдими бир пасда?

Бойчечак: Йўқ, атрофимизни қора тутунлар ўраб олибди.

Ниҳола: Унда Шамолойни чақирайлик. Уларни яна учириб кетсин музликларга.

Тутун: (ер бағридан бош кўтариб) Шошма,чақирмагин. Дўст бўлгани келдик.

Бойчечак: Дўст бўлсакмикан?

Ниҳола: Дўст бўлсакмикан?

Сирли овоз: Тутундан дўст чиқмайди.

Тутун шовқин солади. Сирли овоз эшитилмай қолади.

Ниҳола: Нима деди?

Тутун: Тутундан содиқ дўст чиқади, деган овоз эшитилди.

Бойчечак: Ёлғончи… Дўст бўламан деганнинг сўзлари титрамайди, кўзлари жавдирамайди.

Тутун: Мен Тутунман, Тутунман, Шамолларга тутқунман.

Учсам қора қуюнман, Кўзим шундан жавдирар.

Биз ҳамма қора пуфаклар яъни тутунлар оиласи сизлардек яхши бўлишга сўз берамиз. Сизлардек қўшиқ айтамиз, рақсга тушамиз.

Ниҳола: Биз билан дўст бўлишдан нима фойда кўзлаяпсан?

Оқ булутлар ўрнини қора булутлар эгаллайди.

Тутун: Биз сизлар билан дўст бўлсак, Дунёнинг ярмини бўлиб оламиз.

Ниҳола: Йўқ. Дунёнинг ярмида қанча жонзотлар яшайди. Агар у ерга сизлар борсаларинг, улар нобуд бўлишади.

Тутун: Ҳеч бўлмаса, ер юзидаги ўрмонларни берақолинглар.

Ниҳола: Йўқ. Ўрмонлар Она ернинг нафас олувчи аъзолари. У бизники…

Тутун: Бўлмаса, уммонларни беринглар.

Бойчечак: Йўқ. Уммонлар Она ернинг кўз ёшлари.

Тутун: Тоғу тошларни беринглар. Ўша ерда яшаймиз.

Ниҳола: Тоғлар мувозанат посбонлари. Улар туфайли қумли бўронлар, тузли тўфонларнинг келиш йўли тўсилади.

Тутун: Мана шууунча… бир дераза дарчасидек осмон беринглар.

Ниҳола: Бир парча осмонимизни ҳам бермаймиз.

Тутун: Бизга ботқоқликларни берсаларинг бўлди.

Бойчечак: Ботқоқликлар Она ернинг тузалаётган доғлари. Бермаймиз.

Тутун: Майли, бизни кўрганда Шамолойни чақирмасаларинг бўлди. Дўст бўлишимиз учун шунинг ўзи кифоя. Бемалол ухланглар. Биз қўшиқ айтиб берамиз.

Асалари: Бу тоза ҳаво Кислородхон кўзга кўринмаса ҳам тириклигимиз сабабчиси экан. Энди билдим. Бу тутунлар ёнимизда юрадию билинмайди зиёни. Лекин нафас орқали миямизга кириб бошимизни оғритади.

Ниҳола: Мени уйқу босяпти.

Тутун: Ухлайверинглар… биз сеҳрли қўшиқни бошладик.

Тутун Ниҳоланинг танасини илондай чирмаб олади. Қора пуфак Бойчечакни қоплаб олади. Юқоридан қора парда тушади. Турли қўрқинчли овозлар янграйди. Ўртаси тешик парданинг ранги ҳам қорайиб кетганди. Кучли ёруғлик Ниҳола ва Бойчечакнинг устини ёритади.

Ниҳола: Чанқаб кетяпман. Суууууув…

Бойчечак: Умрим тугадими, дейман.

Тутун гази: (реп йўналишида қўшиқ) Ҳукмронлик даврим бошланди,

Гул, майсанинг кўзи ёшланди.

Ҳаво таркибида кўпаймоқдамиз,

Тоза ҳаво тамом, олиб ташланди.

.................................................

Ниҳола: (тебраниб тутун қучоғидан чиқиб кетмоққа уринади.) Мен дарахт бўламан. Мен сенларни баргларим орқали ютиб, Кислородхонга айлантираман. Ҳали кўрасан: улкан чинор дарахтига айланаман.

Тутун: Сени қуритамиз. Сен катта дарахт бўлолмайсан. Сенинг ота-бобонгни ҳам қуритганмиз.

Ниҳола: Менинг илдизларим бақувват.

Тутун: Биз сувга сингиб, илдизингни чиритамиз.

Бойчечак: (Шивирлаб) Энди сен ўтингга, (йиғлаб) биз гуллар хасга айланамизми?

Ниҳола: Йиғлама, жоним бойчечак. Биз ниҳоллар, сиз гул-чечаклар оламнинг кўркимиз, тоза ҳаво посбонларимиз. Шунинг учун ўзимизни асрашимиз керак.

Бойчечак: Бу тутун чангалидан қандай қутулиб чиқиб кетамиз. Тоза ҳаво ва оқ булутларни кўмакка чақиролмаймиз. Овозимизни ҳеч ким эшитмайди.

Ниҳола: Биз ҳам ўзимизни қуригандай кўрсатамиз. Лекин Тутундан қутулишимиз билан яна ўсиб чиқамиз. Шундай қилиб Тутунни чалғитамиз.

Тутун пуфаклари Ниҳолани ҳар ёққа тортишади. Қирсиллаган овоз эшитилади.

Тутун: Уларнинг хасларини кўкка совурамиз. Ер юзидаги охирги дарахтни ҳам қулатааааамииииииз.

Асалари: Сен яна гуллайсан, бойчечагим. (қанотларини ғизиллатиб қоқиб) Гулларинг ифорини узоқ-узоқларга таратаман. Шунда бошқа асаларилар ҳам кўмакка келади. Улар лабларида шабнам сувин олиб келишади.

Капалак: Бир кунлик умрим қоронғиликда тамом бўлди.

Тутун: Ушланглар асалари билан капалакни.

Тутун пуфаклари тутқич билан ташланишади. Асалари ва Капалак қочиб қолишади.

Тутун: Бу жимликни қандай яхши кўраман. Улар қуриб битишди.Энди ҳар ерда қоп-қора Тутун дарахтлари ўсади. Ҳар қадамда тутунзорлар пайдо қиламиз.

Тутун ва унинг пуфакчалари чиқиб кетишади. Ниҳоланинг пояси қарсиллаб синади ва ярим ойсимон шаклда эгилиб қолади. Бойчечакнинг гуллари бир ёқда, барглари бошқа ёқда тўзғиб ётади. Ер остидан ниш униб чиқаётгани овози эшитилади.

Нишлар овози:

 
Суст хотин, сузма хотин,
Кўланкаси майдон хотин.
Ёмғир ёғдир кўл бўлсин,
Мева-ҳосил мўл бўлсин.
 

Осмондан битта оппоқ нур томчилайди. Кейин томчилар томчилаши тезлашади. Қаттиқ гумбурлаган овозлар эшитилиб, қора булутлар ўрнини оқ булутлар эгаллайди. Оқ булутлардан ёққан оқ ёмғир Ниҳоланинг танасидаги тутунни ювиб кетади. Улар атрофини Кислородхон ва унинг пуфакчалари қамраб олишади. Асалари ва Капалак уларнинг гулларига, куртакларига сув пуркашади. Ниҳола ва Бойчечак яна қадларини кўтариб олади.

Ниҳола майин тебранадию Кейин қўшиқ айтади. Оқ булутлар, Бойчечак, Капалак, Асалари унга жўр бўлади. Гўзал рақс ижро этишади. Улар устини юпқа оқ ҳарир парда қоплайди.

 
Кўкда кулар камалаклар,
Қирда қизлар, келинчаклар,
Қувлашади капалаклар,
Баҳор келди, баҳор келди.
 
ТАМОМ

5 феврал, 2016 йил

ОЛОВ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ
Мусиқий эртак-пьеса

Иштирокчилар:

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2

ҚАЙСАРВОЙ

ОНА

ТЕЛЕВИЗОР

ҚАЙЧИ

ГУГУРТ

ШАРПАЛАР

Биринчи парда, биринчи кўриниш

Икки ўт ўчирувчи ўт ўчирувчиларнинг қизил бурчагини олиб чиқади.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1: Ҳозир нима қиламиз? Сўзимизни нимадан бошлаймиз?

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2: Сўз боши ассалом, деган гап бор. Нима дейиш керак?

Бирга: Ассалому алайкум, болажонлар. Ана, саломлашиб ҳам олдик. Азизларим, биз бугун сизлар билан олов ҳақида гаплашгани келдик.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1: Қани, ким айтади: олов яхшими? Ҳа, яхши. У бизни иситади. Уйимизни иссиқ бўлишига посбон. Овқатимизни пиширади. Лекин оловни бошқаришни билишимиз, ёнишига чегара қўйишимиз, ёнғинга айлантирмаслигимиз керак.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2: Хадича холанинг уйи ёниб кетдия. Мактаб ёнидаги ишхона ёнди. Ҳаммасига нима сабаб? Лоқайдлик ва бефарқлик! Кимда ким чекса, биз унга бефарқ қараб турмаслигимиз керак. Худди шундай.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1: Мен болажонлар учун бир қўшиқ тайёрлаганман.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2: Сен қўшиқ айтсанг, мен жўр бўлиб тураман.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1:

 
Бир бор экан, йўқ экан,
Шу бугунги замонда,
Ўжар бола бор экан,
Эл ундан безор экан.
Исми экан Қайсарвой,
Иши экан “вой-вой-вой”.
Бир кун гугуртни олиб,
Уйга ўт қўйибди ҳой.
Бирга: Гугурт чақманг бекорга,
Рухсат йўқ болаларга,
Ўхшаманг ҳеч Ўжарга,
Олов билан ўйнашманг.
Ўт балоси ёмонда,
Қолманг ёнғин томонда,
Яшанг омон-омонда,
Олов билан ўйнашманг.
 

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2: Олов билан ўйнаганларнинг ҳоли вой бўлишини ҳамма биладими? Биз кўрганларимиздан биттасини айтиб берамиз.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-1: Ҳа. Айтишадику, минг марта кўргандан бир марта эшитган яхши.

ЎТ ЎЧИРУВЧИ-2: Йўқ. Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал. Қани, кўрамиз.

Улар ўт ўчирувчилар бурчагини уч қаватли уйга айлантиради. У деразасидан Қайсарвой ва унинг онаси кўринади. Онаси сумкачасини елкага илиб қаёққадир кетмоқда. Хонада телевизор, қайчи, гугурт ва кўйлак туради. Шифтга осилган биллур қандилнинг ярми синган.

Она: Телевизорда “Моҳир қўлли болажон” кўрсатувини кўриб ўтиргин. Мана рангли қоғозлар, мана қайчи. Нималардир ясагин.

Қайсарвой: Хўп бўлади.

Она: Хайр, болажоним, полвоним.

Қайсарвой: Хайр, ойижон.

Она кўздан ғойиб бўлади. Қайсарвой айланма креслосида бир айланиб, онасининг кетганлигига ишонч ҳосил қилади. Унинг оёғи креслога боғлаб қўйилганди.

Телевизор: Марҳамат, гиламчалар ясашни бошлаймиз. Қайчини қўлга оламиз. Қоғозларни бир хил ўлчамда кесамиз.

Қайсарвой ҳам телевизорнинг айтганини қилади.

Телевизор: Кесилган икки хил қоғозларни бир-бирига улаймиз. Мана тайёр бўлган гиламчани кўрсатамиз.

Телевизорда чиройли гиламча тайёр бўлганди. Қайсарвой ҳам тайёрлаганини кўрсатади. Унинг тайёрлагани эса ўта кулгули эди.

Қайсарвой: Ҳаммасига сен телевизор айбдорсан.

Телевизор: Мана чиройли гиламчани осиб қўймиз.

Қайсарвой: Сен нотўғри айтганинг учун менинг гиламчам хунук чиқди. Аслида мен қайчини зўр ишлата оламан.

Қайсарвой осилиб турган онасининг кўйлагини олиб турли томонларидан кеса бошлайди.

Қайсарвой: Мен бу чиройли кўйлакни яна ҳам чиройлироқ қила оламан.

Қайсарвойнинг кесганлари натижаси кўйлак тунги пижамага айланади. У пижамани деворга илиб қўяди.

Қайсарвой: Бунча хунук пижама менинг маҳоратимми? Йўқ. Бунга ҳам сен телевизор айбдорсан. Мени чалғитдинг. Энди сени ўчираман овозингни. (пулт билан телевизорни ўчиради.) Ўзимнинг севимли ўйиним “Contra strike” ўйинини ўйнайман. Ҳамма жойни портлатаман.

У ўрнидан турмоқчи бўлади. Лекин туролмайди. У оёғини ечмоқчи бўлиб, ўзига ярашмаган ҳаракатлар қилади. Ҳарчанд уринса ҳам қўлини оёғига еткизолмайди. Жиҳозлар кулади.

Қайчи: Ўз қўлларини оёғига еткизолмайдия.

Телевизор: Мен билан ўйнайқол.

Қайсарвой: Сени ўчиргандимку.

Телевизор: Пулт билан ўчирсанг ҳам, мана, қизил чироқчам ёниб-ўчиб кўзимни пириратиб туришим мумкин. Сени кўряпман.

Қайсарвой: Антеннангни суғуриб оламан.

Қайсарвой антеннани суғуриб олади. Телевизор ўчади.

Қайсарвой: Қайчижон, оёғимни ечиб қўй.

Қайчи: Ўзинг қўлларинг билан ечақол.

Қайсарвой: (Уриниб кўриб) Ечолмаяпман.

Қайчи: Аввал нима учун оёғингни боғлаб қўйганларини айтақол.

Қайсарвой: Коптокни қўшнимизнинг деразасига қаратиб тепувдим. Шунинг учун… мен мушукнинг кўзидан кўзлагандим. Лекин менда айб йўқ. Мен аслида қушларни мўлжалга олмоқчи эдим.

Қайчи: Ҳа. Айбдор сен эмас қушлар.

Қайсарвой: Ҳа.

Қайчи: Қани айтчи, яна нима қилди бу безори оёқларинг?

Қайсарвой: Коптокни саватига тушириш учун тепдим. Тўп бехосдан кўзага тегиб кетди.

Қайчи: Атиги шуми? Қарая шунга сенинг оёқларингдан боғлаб қўйсая?

Қайсарвой: Ҳааа… (йиғлагудай бўлиб)

Қайчи: Синган қандилчи? Бу кимнинг айби? Бу оёқларни боғлаш эмас, осиш керак.

Қайсарвой: Майли, кечирақол.

Қайчи: Йўқ. Сен доим яхшиликка ёмонлик қиласанку. Мисол учун сени қишда совуқдан асраган жунли этигингни копток тепавериб йиртдингку?

Қайсарвой: Йўқ. Энди ўзгараман. Копток билан бир нарсани кўзламоқчи бўлсам, оёғим билан эмас, қўлимни ишга соламан.

Қайчи: Майли, оёғингни бўшатамиз. Лекин шартларим бор.

Қайсарвой: Розиман.

Қайчи: Мен зерикиб кетдим. Мендан мўъжизалар ясайсан. Мана қоғоз. Хоҳласанг, қайиқ бўлади, истасанг, айиқ. Мен қайчи моҳир қўлларда сеҳрли қайчига айланаман.

Қайсарвой: Мен қайчи билар қоғозларни кесиб ахлат челакнинг расмини ясайман.

Қайчи: Қайчи ва қоғоздан робот ясасанг бўлади.

Қайсарвой: Роботни нима қиламан? Телефонимда ҳақиқий робот ўйини борку.

Қайчи: Бугун болалигингда қоғоздан миттигина робот ясасанг, эртага катта бўлсанг, металдан ва пластмассадан баҳайбат робот ясайсан.

Қайсарвой: У роботни нима қиламан?

Қайчи: У робот сенга ёрдамчи бўлади. Уйдаги ахлат челакни бўшатиб келади.

Қайсарвой: Уй ишимни ҳам бажариб берадими?

Қайчи: Албатта йўқ! Чунки уй вазифаларингни ўзинг бажармасанг, ҳақиқий робот ясашга ақлинг етмайди.

Қайсарвой: Сен билан ади-бади айтишиб ўтирмайман. Қоғозлардан энг ёмон нарсаларни чизаман.

Қайчи: Йўқ. Мен рози эмасман. Яшил қоғозлардан ўрмон пайдо қиласан. Мана сариқ қоғоздан қуёш ясайсан. Жигарранг қоғозлардан қушларнинг уйини ясайсан.

Қайсарвой: Йўқ. Мен қушларни ёмон кўраман.

Қайчи: Шартимни бажармасанг, ўтиравер.

Қайсарвой: Шартинг оғир экан. Ундан кўра гугуртдан ёрдам сўрайман. Гугуртвой, оловинг билан оёғимдаги боғични куйдиргин.

Гугурт: Мени ким уйғотди? (гулдираган овоздан ҳамма чўчиб тушади.)

Қайсарвой: Мен…

Гугурт: Мен оддий гугурт эмас, тугмали гугуртман. Бошқача айтганда, босмали гугуртман. Менинг исмимни чиройли айтганларга гаплашаман.

Қайсарвой: Майли, замонавий гугуртхўжа, гугуртбек, гугуртжон, гугурт хоним…

Гугурт: Жаноб гугурт…

Қайсарвой: Жаноб гугурт, ёрдам беринг, Мана бу ипни куйдиринг.

Гугурт: Мен 16 ёшга тўлмаганлар билан гаплашмайман!

Қайсарвой чўчиб жим бўлиб қолади.

Қайсарвой: Қоғозлар билан ўрмонни қандай ясайман?

Қайчи: Мен қўшиқ айтаман, сен уни тинглаб кўз олдингга келганларини қоғозларда акс эттирасан. Тасавурингда…

Қайсарвой: Тасаввур бу кўзингни юмсанг ҳам кўриб туришингдир.

Қайсарвой: Қани, қўшиғингни айтчи.

Қайчи қўшиғи:

 
Тасаввурни ишлатиб,
Қоғоздан гул ясаймиз.
Тасаввури бой бўлсак,
Биз бахтиёр яшаймиз.
Яшил қоғоз яшил боғ,
Сариқ ранг эса қуёш,
Денгиз ранги мовийроқ,
Билиб қўйсин барча ёш.
Дарахт шохи жигарранг,
Куртаклари бинафша.
Атрофга зийрак қаранг,
Ақлингизга яраша.
 

Қайсарвой Қайчининг қўшиғи давомида қуёшни, ўрмонни ва ундаги қушлар уясини чизади.

Қайсарвой: Мана, шартингни бажардим. Энди оёқларимни бўшатиб қўй.

Қайчи Қайсарвойнинг оёғини бўшатиб жойига қайтиб туради. Қайсарвой планшетини қўлга олиб отишмани бошлайди. Унинг ҳар бир отган ўқ овозидан ўз уйининг ҳам деворлари тешила бошлайди. Унинг планшети худди милтиқ каби ўт сочади.

Қайсарвой: Нима бўляпти? Қўрқиб кетяпман. Ўйин ичидаги душманларим уйимга бостириб келаётгандай.

Қайчи: Тасаввурингдаги хаёл ҳаётга айланмоқда. Кимда ким ниманидир чин дилдан истаса, албатта унга эришаркан.

Қайсарвой: Контрстрайкдаги рақибим мени отмоқчи.

Қайчи: Эҳтиёт бўл. Жароҳатламасин.

Қайсарвой ўзини четга олади. Ўқ у чизган ўрмоннинг ўртасидан тешиб ўтади.

Қайсарвой: Нега қўрқишим керак экан. Бостириб келишса мен ҳам қарши бораман. Мана… (уйга қарата ота бошлайди.) Мана сенга олов сочгич

Уйда тўполон бошланади. Шарпалар Қайсарвойга ҳар томондан ҳужум қилади.

Қайчи: (оқ қоғоз кўтаради.) Оқ бу тинчлик рамзи. Уришманглар. Сизларни тинчликка чақираман.

Қайсарвой қоғозни бир парчасини узиб олади. Шарпанинг қўллари қоғознинг қолган қисмини юлиб кетишади.

Қайчи: Оқ байроқни кўтардим. (қўлига қараб қоғоз йўқлигини кўради.) Эй, байроғим қани?

Қайсарвой: Бекорга бўлма овора, Мен телфонга дўст ёр-а!

Тилпоним нима деса, Барига кўнаман-а!

Қайчи: Ҳақиқий дўстларинг қоғоз ва қаламларни унутма. Улардан фойдали нарсалар яса.

Қайсарвой: Биз энди қоғозлардан ўйинчоқлар ясамаймиз. Чунки планшетимизда тайёр ўйинларни афзал кўрамиз.

Тўғри улар чиройлидир. Лекин уларни ушлаб бўлмайди. Улар виртуал дунёнгда бор. Лекин ёнингда йўқ.

Қайсарвой: Қанча ақлли гаплар айтма, мен барибири телефоним ва планшетимдаги ўйинлар қаҳрамонларини танлайман.

Қайчи: Ўзингдан кўр.

Қайсарвой планшетга термулиб ўйинга шўнғиб кетади.

Қайсарвой: Ўқларим тугаган бўлса, гранаталаримни ишга соламан. Кейин пичоғимни… пичоғим ҳам тушиб кетди қўлимдан. Уйга яширинаман. (шарпалар уйга бостириб келади.) Жим тураман. (хона бурчагига ўтириб кафти билан бошини яширади.) Қўлларим билан бошимни беркитаман.

Қайчи: Лекин улар сени топиб олишади.

Қайсарвой: Кейин нима қилишади?

Қайчи: Сени оёқларингдан тортиб олиб кетишади.

Қайсарвой: Йўқ.

Шарпа Қайсарвойнинг чап оёғидан тортади. Қайсарвой йиқилади.

Қайсарвой: Улар мени нима қилишади?

Қайчи: Сени ҳам ўша компитур ўйинингдаги қора ниқобли шарпага айлантиришади.

Қайсарвой: Йўқ.

Икки шарпа икки илгакли арқон тушириб Қайсарвойнинг оёғидан илиб олади ва тортади.

Қайсарвой: Қайчижон, ёрдам бер. Улар мени қутқар.

Қайчи: Ишинг тушса, жон-жонлаб қоласана?

Қайсарвой: Қутқаааар.

Қайчи: Компъютер ўйинларига берилганнинг аҳволи шу.

Қайсарвой: Мени қутқар.

Қайчи: Майли, телевизорда “моҳир қўлли болажонлар”…

Қайсарвой: Тезроооооқ.

Қайчи: Ўша кўрсатувда ясаган гилам матоҳингни уларга кўрсат.

Қайсарвой: У нарса беўхшовку?

Қайчи: Майли, ўзингни нимадир билан банд қилиб кўрсат… Ўшанда, компитур ўйинларидан келган сенинг совуқ дўстларинг… бу бола бошқа ўз қизиқарли иши билан банд экан, деб чиқиб кетишади.

Қайсарвой ахлат челак томонга улоқтирган ўша ўхшамаган гиламини қўлига кўтаради. Икки шарпа кўздан йўқолади. Қайсарвой бошини эгиб Қайчининг олдига яқинлашади.

Қайсарвой: Сендан кечирим сўрашим керакми? Ҳечамда… мен ўз билганидан қолмайдиган ўжарман. Шунинг учунам маҳалламда мени Қайсарвой дейишади.

Қайчи: Безорилиги, дилозорлиги билан мақтанган мақтанчоқни биринчи марта кўришим.

Қайсарвой: Улоқтирворган мана шу қоғозим керак бўлишини тушундим. Мен сенинг олдингда изза бўлдим. Ҳижолатли иш қилганим кечирим сўрашим. Лекин кечирим сўраш учун албатта бурнии оқизию “мени кечиринг” дейиш шартмикан?! Сен менга боя ҳузурбахш қўшиқ айтиб бергандинг. Мен ҳам сенга ўзим яхши кўрган қўшиқни айтиб бериб кечирим сўрамоқчиман.

Қайчи: Қандай яхши?

Қайсарвой: Я играю, на гармошке, у прохожих на виду, К сожалению, день рождения только раз в году.

 
Хато қилдим қоғозни,
Ранжитиб ғижим қилиб.
Йиғиб олдим ҳуш эсни,
Дўст бўлайлик бир умр.
Ёзув қуролларига,
Дўст бўламан бугундан.
Қўл бериб ҳар бирига,
Ажралмайман бутунлай.
Беринг менга қаламни,
Ўчирғични, бўёқни.
Ручка, қайчи ёрдамчи,
Чизаман тоғу боғни.
 

Қайсарвой ўрмон чизган қоғозига яна безак беради.

Қайсарвой: (ўзи чизган суратга диққат билан тикилиб) Нимадир етишмаяпти. Қуёш нурлари… (юмолоқ қуёш атрофига нурлар чизади.) Энди суратимиз тўкис бўлди шекилли? Қуёш нур таратмоқда. Қушлар сайрамоқда. Майсалар, гуллар ғунча очмоқда. Ҳайронман. Гулларнинг жони йўқ дейишади. Лекин улар баҳор келганини қаердан билишади?

Қайчи: Гуллар ер бағридаги илдизларидан баҳор келганини билишади биринчи бўлиб одамларга баҳордан дарак беради.

Қайсарвой: Демак, гулларнинг ҳам, тупроқнинг ҳам жони бор эканда.

Қайчи: Буни сен 21 асрга келиб энди англадингми?

Қайсарвой: Ҳа.

Қайчи: Буни бизнинг аждодлар милоддан аввалги неча замон илгари билишганку…

Қайсарвой: Йўқ. Суратда яна нимадир табиийлик етишмаяпти. Сув оқяпти. Қуш болалари чирқиллаяпти. Қуёшда иссиқлик йўқ. Қуёш қиздириши учун олов керак. Аланга…

Қайчи: Қуёшинг чиройли.

Қайсарвой: Э, сен нимани билардинг? “Пойга” ўйинидаги қуёш бундан ҳам чиройли. Уйимда табиий қуёш бўлишини истайман. Қуёшни иссиғи борку. Мен гугурт билан бу қуёшни иситаман.

Қайчи: Бўлмағур фикр.

Қайсарвой: (гугуртга) Сен билан ёлғиз қолганимдан хурсандман, янги дўст.

Қайсарвой гугуртга қўл узатади. Гугурт Қайсарвойнинг қўлига уради.

Қайчи: Сен бир воқеани эшитганмисан? Ўрмончининг икки ўғли бор экан. Бири доно экан, у отасининг дарахтлар илмини эгаллаган экан. У дарахтлар тилини ва қушлар тилини тушунаркан. Иккинчи ўғли эса дангаса ва ўзбошимча экан. У дарахтлар соясида ётишни яхши кўраркану лекин уларни парвариш қилишни хушламас экан. Куз келибди. Ўша ўрмонларнинг барги сарғайиб, тўкилибди. Буни кўрган иккинчи ўғил дарахтларнинг бари қуриб қолди деб ўйлабди.

Қайсарвой: Ахир куз келганда дарахтлар сарғайиб қолишини билмас эканда.

Қайчи: Отасидан таълим олмаган эканда. Шундай қилиб у қуриган деб ўрмонга ўт ёқиб юборибди. Дарахтларнинг бирида мусичаларнинг уяси бор экан.

Қайсарвой: Бечора мусичалар. Учиб кетмаптими?

Қайчи: Уларку учиб кетишибди. Лекин уларнинг жиш полапонлари ва ҳали очилмаган тухумлари бор эканда.

Қайсарвой: Эҳ… Мусичанинг тухумлари нобуд бўлибди-ми?

Қайчи: Лекин она мусичанинг осмонда чаҳ-чаҳ уриб нола қилишини ўрмончининг биринчи ўғли тушунибди ва отасини ёрдамга чақирибди. Улар оловни ўчирибди.

Қайсарвой: Улар мусичанинг полапонларини қутқариб қолибдими?

Қайчи: Афсуски… ярмини қутқаришибди холос. Сен ҳам қўлингдаги ўрмонни ёқворганингда қанча-қанча қушларнинг ини ёниб кетишини англадингми?

Қайсарвой: Мен ҳеч нимани ёндирмоқчи эмасман. Оловли гулчамбар ясамоқчиман. Гулхан чиройли кўринаркан. Уйга ўт ёқиб интернетга жойлаштираман.

Қайчи: Оловни елим билан қоғозга ёпишмаслигини билишинг керак.

Қайсарвой: Мен эски дўстлардан зерикдим. Менга янги дўстлар керак. Мен ўзимга дўст қилиб гугуртни танлайман.

Қайчи: Менинг ўрнимни, яъни эски дўстлар ўрнини ҳеч ким босолмайди. Биз қоғозлар билан сени яхшиликка бошлаймиз. Бизга қулоқ сол.

Қайсарвой: Сен қоғозларни ғижимлашни ёқтираман. Уларни кўрсам… ёққим келади.

Қайчи: Мана бу қоғоз сенинг уйингга газета бўлиб, китоб бўлиб меҳмонга келади. Уларни ҳурмат қил.

Қайсарвой: Ўчир… Сен кўп қимирлаб кўзимни, кўп гапириб қулоғимни оғритяпсан.

Қайсарвой қоғоздан қирқилган иплар билан қайчининг оғзини боғлаб қўяди. Қайчи жим бўлиб қимирлолмай қолади.

Қайсарвой: Мен сен қайчини қоғоздан ҳам ясаб оламан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации