Текст книги "Тожмаҳал"
Автор книги: Узбектош Киличбек
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 17 страниц)
Кепкасултон: Биз Ойхон билан ҳисоб-китоб қилишимиз керак эди.
Сандиқвой: Кечикдиларинг. Ёғоч қорнимда ётасизлар.
Дўппигул: Бир, икки ва уч, дедим, Ҳаммангизга қоч, дедим.
Сандиқвой уларга ташланади. Кийимлар тўзғиган патдай сочилиб кетади. Додлаган овозлар эшитилади. Секин-аста чироқ ўчади. Овозлар Ойхоннинг инграшига айланади. Чироқлар ёришади. Кайвонбуви шошиб кириб, ғужанак бўлиб ётган Ойхоннинг бошига энгашади.
Ойхон: Бувижон, энди мен тузалмайманми? (йиғлаб) Теримнинг ранги оқариб кетганлигини қаранг.
Кайвонбуви: Иситманг тушибди. Тузаласан, болам. Ўрнингдан турақол, ҳовлини бир айланиб келсанг, тетиклашасан.
Ойхон: Йўқ. Уйқум келяпти. Энди мен дунёдаги энг хунук қиз бўлсам керак!? Нега мен шунақа касал бўлдим, бувижон?
Кайвонбуви: Синалмаган кийимлар кийганнинг аҳволи шундай бўлади.
Ойхон: Демак, ҳамма чиройли нарсаларни ҳам киявермаслик керак экан-да?
Кайвонбуви: Ҳа.
Ойхон: Ҳув, анави ялтираётган нарса нима, бувижон?
Кайвонбуви: У сенинг зар дўппинг.
Бувиси Дўппигул билан рақсга тушади.
Кайвонбуви: Чиройли кийимлар кийганлар тузалиб кетишига ишонаман. Бу дрессотерапия – гўзаллик билан даволаш. Кел, набирагинам, кийиб кўр.
Ойхон дўппини кийиб ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетади.
Кайвонбуви: Бувижон, мен тетиклашгандай бўлдим. Дўппи қандайдир сеҳрли таъсир қилгандай бўлди. Раҳмат, сенга, Дўппигул. Атлас ва адрас уйғотар ҳавас.
Камзулхон бир сакраб тушади.
Камзулхон: Ниҳоят, сеҳр кучи тугади. Сеҳрли сўзлар айтилди. Энди мени Ойхон эшитади. Салом, Ойхон.
Ойхон бепарво.
Кофтахон: баландроқ гапириш керак.
Камзулхон: Меҳр билан ишланганмиз пахтадан, Яхшироғин тополмайсиз бизлардан.
Жинсибону: Фойдаси йўқ.
Камзулхон: Ахир бизнинг кийимбошимиз Атласой ташлаб кетганку. У йўқ экан, сеҳр кучи бўлмаса ҳам ҳеч ким бизни эшитмайди.
Кепкасултон: Агар бизни сандиқ ютиб юборса, Ойхонга шу гапимни етказинглар-ки, биз уни яхши кўрамиз.
Кўзойнак: Унинг чиройли кўзларини ҳаммадан ҳимоя қилганлигимни айт.
Замонавий кийимлар бирма-бир Камзулхоннинг қаршисидан ўтиб, сандиқ ёнига бориб туришади.
Кепкасултон: Энди хайр, ёруғ олам.
Жинсибону: Хайр, дўстлариму дугонам.
Ойхон: Бувижон, менинг атлас кўйлагимни топиб беринг.
Кайвонбуви: Уни шамол учириб кетган ёки қарғалар олиб кетган.
Ойхон: Топиб беринг, бўлмаса ўлиб қоламан.
Кайвонбуви: Атласим ҳо атласим, Кийсам келар ҳавасим.
Айвон эшигидан нур таралгандай бўлади. Атласой пайдо бўлади.
Атласой: Мени ким чорлади?
Ойхон: Мен чорладим, қадрдоним Атласой. Мен сенинг қадрингни билмадим. Мени кечир.
Атласой жим туради.
Ойхон: Йиртиқ-ямоқ шимимни тандирга ташлаб ёқиб юборинг. Энди ингичка шимларни, танноз каблукларни ҳам киймайман. Кенайим Нигорага ўхшаб эмас, Сизнинг насиҳатларингизга қараб кийинишга ҳаракат қиламан, бувижон.
Ойхон ҳар бир кийимни силаб чиқади.
Ойхон: Мен бир қишда шамоллаб қолгандим. Шунда Камзулхон мени иссиқ бағрингга олиб даволаган эдинг. Сенга раҳмат. Сени қишда, қорда эгнимдан қўймайман. Кепкажон, оёқостига ташлаганим учун сен хафа бўлма. Сени ёзда кияман. Сен яхши соябонсан. Кўзойнак сен эса кўзларимни иссиқ нурлардан ҳимоя қиласан. Атласхон, сендан ўтар гўзали йўқ. Дўппим бошимга тож.
Ойхон кийимларга раҳмат айтиб, уларни эгнига кияди. Томошабин кўз ўнгида ҳам миллий, ҳам замонавий қиёфадаги гўзал қизча пайдо бўлади.
ТАМОМ
28 декабр, 2014 йил
ДЕНГИЗНИНГ КЎЗЛАРИ
Мусиқий эртак-пьеса
ИШТИРОКЧИЛАР:
ҚУНДУЗ – қувноқ жонивор, ким нима деса, ҳа дейдиган содда, топқир.
ОҲУ
БАЛИҚ – ҳақгўй, аччиқсўз,
СОҚОЛЛИ КАБУТАРЛАР
ЖАНОБ ТОШБАҚА
МЎЙЛОВЛИ СИЧҚОНЛАР
Биринчи парда, биринчи кўриниш:
Сув маркази. Шифтда мовий томчилар. Ўртада ер сурати ва кўз каби денгиз. Бир четда рўмол ва қийиқлар боғланган қуриган дарахт. Атрофда бир талай турли ҳайвонлар тулумлари. Оғзи пастга қаратилган биллур идиш биқинида бир кун, икки, ўн кун, ўттиз кунгача етадиган белги, ўлчамлари бор ва “Aqua”, “Water”, “Suv” деб ёзилган. Ортда баланд шишали бинолар кўринади. Мўйловли икки сичқон жўмракни очиб-ёпиб туради. Тепадаги супада Тошбақа қорнини силаб, лабида чўпни тишлаганча ётади. Оҳу, балиқ ва кабутарлар ҳужжат кўрсатиб ўзларининг турли шаклдаги кўзачалари, шиша ва елим идишларини бир хил ритмик рақсга тушиб сувга тўлдиришади.
Қўшиқ: (хор) Бир бору бир йўқ экан,
Кимлар оч, ким тўқ экан.
Яқин-яқин замонда,
Мирзачўл деган томонда,
Дарё, қудуқ қурипти,
Қурғоқчилик келипти,
Ташналик ёмон жуда,
Сув тақчил экан юртда,
Ҳар ким косасига мос,
Сув олар экан холос.
Ошиб олис тоғ-довон,
Келибди ажиб меҳмон.
Қундуз кириб келиб уларни кузатади. Бир сичқон бургутнинг тулумини келтиради. Тошбақа уни осиб қўяди.
Тошбақа: Ердаги охирги бургут нусхаси.
Сичқон: Сув тополмаганидан қуён ҳам ерини топшириб кетгани яхши бўлдиа? Хахахаха… Тез кунда қуённинг тулуми ҳам бу ерни безайди.
Тошбақа: Ҳали бу заминнинг ҳаммаси бизники бўлади.
Юракча шаклидаги шляпа кийиб олган Балиқ биринчи идишини тўлдириб, иккинчи идишини жўмрак остига қўйса, сув ўчирилади.
Сичқон: Бошқа сув берилмайди.
Балиқ: Менга кўпроқ сув керак. Ахир менинг оила аъзоларим бешта.
Тошбақа: Бизга юқоридан шундай буйруқ берилган. Сув барчага бир хил – тенг тақсимлансин.
Балиқ: (Балиқ елкасидаги бир гала баклашкани ерга қўяди.) Сен Тошбақа ноҳақлик қиляпсан. Бу ер “Сув банки” бўлганидан кейин сув сақланадику!? Сув бер… Биз шартнома тузгандикку. Менинг отамдан қолган мерос ерларим қуриб боряпти. Шўрлаб кетяпти. Менга келишилган сувни етказиб бер.
Тошбақа: Замон ўзгарди. Отанг тириклигида айтган бўлсам, айтгандирман. Ҳамма мени Тошбақажон ака, деб мурожаат қилади. Сен эса худди мен қарздордай қовоғингни уюб гаплашасан.
Балиқ: Мен олдиндан тўлов қилиб қўйганман. Бўйнингдаги мажбуриятни бажар.
Тошбақа: Сувни камайиб кетганлигини кўряпсанку!? Сувсизлик чўл қонунларини ҳам ўзгартириб юборяпти.
Балиқ: Менинг ерларим қуриб қолмаслиги учун сув керак.
Тошбақа: Бажармасам, сенга сув бермасам, нима қиласан? Сув йўқлигидан сени ҳимоя қиладиган ҳеч қайси ташкилот ишламаяпти. Банкдаги ҳисобларинг сув учун ёпилган.
Балиқ: Кимдир сувни саҳрога оқизяпти. Сув увол бўляпти.
Тошбақа: Пуфу… Бу сенинг тушингда кўрганингми? Кўряпсан, ҳамма ерларини сотиб кетяпти.
Балиқ: Мен нима қилай? Ахир отамдан қолган далаларни сотолмайманку? Менга ачинмасанг ҳам она ерга ачингин. Бир пайтлари гуллаган еримизда фақат тикан, шўра, янтоқлар ўсяпти.
Тошбақа: Мен сенга ўзим фойдали битим таклиф этаман. Бугунги сув инқирозидан чиқиб кетасан. Бўлмаса, ерингга қўшилиб ўзинг ҳам қурийсан. Биз оилавий ерларингни гуллатиб, яшнатамиз.
Балиқ: Йўқ.
Тошбақа: Бўлмаса, балиқли тулум қилиб кўргазмага қўямиз. Хахаха…
Икки сичқон ўзларининг қорни семиз идишларига сув тўлдириб, жўмракни қулфлайди.
Қундуз: Менга бир стакан сув беринглар. Чанқаб кетдим.
Сичқон: Хахаха… Орзу қипти.
Сичқон-2: Вахаха… туя саҳрони ўртасида ҳаммомни орзу қилгандай…
Тошбақа: Рўйхатда йўқларга сув ҳам йўқ.
Ҳамма ҳайвонлар унинг устидан кулади. Ҳаммаси кулиб-кулиб тарқалади. Қизбалиқ қолади. Қундуз сув идиш томон юради. Қизбалиқ Қундузнинг йўлини тўсиб ханжарини ўқталади.
Балиқ: Сен қаердан келдинг?
Қундуз: Узооооқ жанубдан. Кенг водийлардан.
Балиқ: Кимсан?
Қундуз: Мен кимман? Кимман ўзи? Туғилганимдан бери шу саволга жавоб қидираман: кимман?
Балиқ: Бу ерда мен савол бераман. Кимдир сувни саҳрога оқизмоқда. Шуни билмоқчиман.
Қуриган дарахтдаги латта-путталарга қарайди.
Қундуз: Сувга алоқам йўқ. Бу нима?
Балиқ: Булар сувни чақириш учун… сувни соғиниб йўлига рангли боғламлар бойланган.
Қундуз: Ҳа-а!
Балиқ: Бу ерда нималар қилиб юрибсан?
Қундуз: Мен масхарабозман. Ҳаваскор актёр. Яъни дипломсиз артист. Касбим одамларни кулдириш. Ўзим мана бундай рақсга тушиб, ўзим шунга мос қўшиқ айтаман. Танананайнай… (қундуз думларини силкитиб миллий рақс ижро этади.) Менинг исмим масхара, Эй, гўзал менга қара.
Балиқ кетади. Қундуз хуштак чалади.
Қундуз: Қўшиғим ёқмадими? Кетяпсан.
Балиқ: Сен бу ерлик эмассан. Сен билан валақлашиб ўтиришга вақтим йўқ. Отамдан қолган далаларни сув билан таъминлашим керак. Сув манбаимизни кимдир музлатиб қўйибди. Бугун жума куни, буни аниқлашим керак.
Қундуз: Мен ёлғизман. Аждодларимдан бу ерда фақат мен. Қариндош бўлайлик.
Балиқ узоқлашади.
Қундуз: Ҳар доим шунақа. Ким билан дўстлашмоқчи бўлсам, у менинг кўнглимни билмай, мендан юз ўгиради.
Қундуз дарахтни тепади. Дарахт айланиб, ундаги ёғоч кўрсатгичда “Хуш келибсиз, Мирзачўл сувсиз саҳрога” деб ёзилгани кўринади. Қундуз бир четда туради. Балиқ кетади. Қуриган дарахт шохида икки кабутар пайдо бўлади. Қундуз яширинади.
Кабутар-1: Бизни энди ким қутқаради?
Кабутар-2: Бизга фақат Супер қаҳрамон ёрдам беради. Мангуботир келиши керак. У бизга сув манбаини топиб беради.
Қундуз: Ким ўзи у Мангуботир?
Кабутар-1: У афсонавий паҳлавон. Белида бобоси Алпботирнинг белбоғи…
Кабутар-2: Қўлида сеҳрли қуроли бўлган катта тош.
Қундуз қушларнинг гапига қараб дарахтдан белига аёлларнинг белбоғини боғлаб олади.
Кабутар-1: Эркаклар аёллар рўмолини белига боғлаш уятку! Қийиқча боғлаш керак.
Қундуз рўмолни ечиб, қийиқчани белига боғлайдида, ушлагичли қора тошни (гиря) кўтариб олади.
Қундуз: Мен Мангуботирман.
Кабутарлар учиб кетади. Чироқ хиралашади. Қундуз гиря билан нўноқларча машқлар бажаради.
Биринчи парда, иккинчи кўриниш:
Тонг ёришади. Ҳайвонлар шовқини эшитилади. Қундуз сергакланади. Оҳу, Кабутарлар, Балиқ кириб келишади.
Оҳу: Тун ярмида сувни ўғирлагани келишади, дейишганди.
Кабутар: Мана, рост экан.
Ҳаммаси биргаликда: (Биллур идишдаги сув камайиб қолганини кўриб). Сувни ўғирлашибди!
Оҳу: Ким ўғирлаган?
Кабутар: Сен ўғирлагансан.
Оҳу: Йўқ, сен ўзинг ўғирлагансан. Сув камайиб қолипти. Ахир бир ойга етадиган сув бўлиши керакку.
Балиқ: Бор йўғи олти кунга етадиган сув қопти.
Улар тўполон кўтаришади.
Қундуз: Жимлик сақлансин.
Ҳамма Қундузга ҳайрон қарайди. Пауза.
Оҳу: Ким бу ўзи?
Кабутар: Кимсан?
Қундуз: Мен ким эдим? Ким бўлмоқчиман? Мен Мангуботирман.
Кабутар-2: Наҳотки? Ўша душманнинг минг лашкарига бир ўзи бас келган Мангуботирмисан?
Қундуз: А?
Оҳу: Кўринишидан ўхшайди. Лекин қандай қилиб бир уришда ўн душманни йиқитгансан.
Қундуз: Биринчисининг бошига мана шу сеҳрли тошим билан урганимда у ортидаги еттита аҳмоқбошни йиқитган. Яна биттаси уларнинг тагида қолган… Шу…
Кабутар: Ахир битта кам ўнта бўлдику? Ўнинчисини қандай йиқитгансан?
Қундуз: Ўнинчисими? А… ҳалиги… уми… у қўрққанидан йиқилган.
Кабутар-2: Ҳаааа. Ишондик… У биз кутган Мангуботир.
Балиқ: Биринчидан, кимлардир олисларда бизга келадиган сувлар йўлини тўсган. Иккинчидан, бизда сув тугаяпти. Кимдир бунга чора кўряптими?
Оҳу: Сенга маълумотнома берамиз, дейишдику?
Балиқ: Маълумотномани нима қиламан? Менга сув беришсин.
Кабутар-2: Ана, Мангуботирдан сўра.
Қундуз: Аввало, сувнинг тугашига ҳаммамиз ўзимиз айбдормиз. Биз сувни қандай ичамиз?
Қундуз жўмракни бурайди. У кафтига сув олиб ичади.
Қундуз: Мана, сувнинг учдан бир қисми тўкилиб кетди. Сувни ундай ичманглар.
Қундуз яна сувни тўкиб-сочиб ичади. Шу йўл билан чанқоғини босади.
Қундуз: Сен… (кабутарга) Сен ҳам худди шундай икки марта ичсанг, сувнинг “с” ҳарфи қолмайдику?!
Қундуз шунча сув ичгани етмагандай юзига сув уради. Биллур идишдаги сув бир қалқийди ва “4 кун” ўлчамигача камаяди. Барча ҳайвонлар нафасини ичига ютишади, чуқур хўрсинади.
Қундуз: Тўғри, сувсизлик қийин. Ҳозир қийин вақтлар. Аммо ҳаммамиз чидашимиз керак. Нимагадир ишониб яшаш керак.
Кабутар: Ҳа. Тўғри…
Қундуз: Мана, 5 кунлик сув захирамиз бор.
Балиқ: (йиғлагудай бўлиб) Энди тўрт кунга етадиган сувимиз қолди.
Қундуз: Хўш? (қилган ишидан афсусланиб) Олтинданам азиз сувни қўриқлашни ишончли қўлларга топшириш керак.
Кабутар: Албатта… Мангуботирдан бошқа ишончли посбон йўқ.
Балиқ: Бегонага тақдиримиз бўлган сувни ишонолмаймиз.
Кабутар: Марднинг бегонаси бўлмайди. Ахир Мангуботир мардлик ва жасорат тимсоли. У журъатли ва шарафли зот.
Балиқ: Бўлмаса, сув банкини Сизга ишониб топширамиз.
Оҳу: Яхшилаб қўриқланг.
Қундуз: Хавотир олманглар. Мен посбонлик қилсам, сув кўпайса кўпаядики, камаймайди. Эрталабга эски туфлимни янгидай қилиш учун сув опкелинглар. Кейин кофе-каппучино. Кейин менга кекс, бифштекс опкелинглар. Мен Мангуботирман.
Оҳу: Мангуботир ошни яхши кўрса керак деб ўйлагандим.
Балиқ: Майли, фақат… эртага ўзим келиб текшираман.
Балиқ чиқиб кетади. Тезда дўппи кўтариб қайтиб келади. у дўппини Қундузнинг бошига кийгизиб қолади.
Балиқ: Бу дўппи – қутлуғ дўппи. Уни шу ерларда ўтган паҳлавонлар кийган. Сен ҳам шунга муносибсан.
Кабутар: Ярашди. Муборак бўлсин.
Оҳу: Паҳлавонимизга шу етишмаётганди. Энди тўкис бўлди.
Балиқ кетади.
Қундуз: Сув йўқ. Сув тақчил. Аммо сиз кабутарларга савол: нега узоқларга учиб сув маконини топмайсизлар.
Кабутар: Атрофимиздаги саҳронинг майдони шу қадар чексизки, унда юрганнинг оёғи куяди, устидан учганнинг қанотлари кул бўлади.
Қундуз: Майли, мен келдимку… Хўш! Кунингдан бир кун қолса ҳам, байрам қил, минг кун қолса ҳам… Байрамга сабаб бор. Шундай улуғ ишга эришдим. Менга ишонганларинг учун раҳмат. (таъзим қилиб) Бугун байрам қилсак, арзийди. Айтинг, байрам қўшиғини… айтинг…
Кабутарлар, Оҳу ва Қундуз қўшиқ айтиб, рақс тушиб байрам бошлашади. Улар картонга Мангуботир деб ёзишиб дарахтга илиб қўйишади. Байрам авжида икки сичқон ерни тешиб чиқади.
Сичқон-1: Бу ер банк эмаску.
Сичқон-2: Банкнинг остонаси ҳам – банк!
Сичқон-1: Сувнинг ҳиди келмаяпти. Иэ, анавилар бизни кўриб қолишди. Қоч.
Қундуз: Қўлларингни кўтаринглар. Мен кўриб турай. (Тошини ўқталиб) Қани, сизлар ўғирлик қилишга ярайсизларми? Текшириб кўрамиз. Махсус ишқуролларинг созми? (яқин келиб текширади) Йўқ, бунақада бўлмайди. Сизлар ўғри деган буюк номга нолойиқсизлар. Мен сизларга ўғрилик учун лицензия ёзиб бераман. (тошини қўйиб чўнтагидан қоғозча чиқариб беради.) Энди тўла тўкис ўғри бўлдиларинг. Қонуний ўғрилик ишларингда омад. Биз ўйинни давом эттирамиз.
Кўрсичқонлар қоғозни олиб ерга ташлайдида, сув томон интилишади. Улар келиб сув идишни ўғирлаб, ўрнига қум тўла идишни жойлаштириб кетишади. (Сўзана алмашганда бу воқеа содир бўлади.) Ҳаммаёқ қум билан қопланади. Денгизнинг кўзига қум ёпилиб четки қисми юмилади. Атрофини қум қоплайди.
Балиқ овози: Бўроооооон. Қум бўрони бошланмоқда.
Кабутар: Дод. Устимизга шўр бўрон бостириб келмоқда.
Ўйин, кулгу тўхтаб ҳамма музлаб қолгандай жим қолишади. Қум бўронининг даҳшатли овози эшитилади. Балиқ кириб келиб, устидаги чангни қоқади.
Қундуз: Бу қанақа бўрон?
Кабутар: Бу бўронда бир лаҳза турсанг, лабларинг, юзларинг шўрдан ёрилиб кетади. Кўзларинг кўрмай қолади.
Оҳу: Қум бўронини қўзғаб денгизнинг кўзларини ёпаётганмиш.
Сўзана биллур идишни тўсиб туради. Кабутарлар сўзанани олишганда сувни ўмариб кетишгани кўринади. Ҳамма ўтириб қолади.
Бирга: Вой! Шўримиз қуриди.
Балиқ ердан Қундуз кўрчичқонларга узатган қоғозни топиб олиб ўқийди.
Балиқ: Берилди ушбу маълумотнома, шу ҳақдаким, ўғрилик қилувчи сичқонларга… Имзо… Мангуботир… нима бу?
Қундуз: Ҳеч нима! Бу ҳазил эди… (қоғозни тортиб олади.)
Балиқ: Биллур сувни ким қўриқлаши керак эди?
Қундуз ер чизиб қолади. Барча ҳайвонлар унинг атрофини айланишади.
Қўшиқ:
Банкка ўғрилар тушди, Сувни олиб қочишди.
Сувсиз ҳаммага оғир, Бурчингни бажар, ботир.
Қундуз: Нега мен айбдор бўлишим керак? Ҳозир биз қоғоз даврида яшаяпмиз. Қоғозда ким деб ёзилган бўлса, ўша жавобгар. Сув идишга расмий жавобгар Тошбақа нега кўринмаяпти?
Кабутар: Ҳа, тўғри. Кўрсичқонлар қаерда?
Балиқ: Улар сувни ўзлаштириб бизга фириб беришган.
Қундуз: Сувга қўриқчилик қилиш кимнинг зиммасида? Тошбақа билан кўрчичқонлар қани? Уларда жавобгарлик йўқ экан. Зудликда уларни топиш керак.
Балиқ: Лекин уларни қандай топамиз?
Қундуз: Менда сеҳрли компас бор.
Балиқ: Компасингни қанақа сеҳри бор?
Қундуз: Бу компасим фақат сув ўғрилари, яъни душманларим кетган томонни кўрсатади.
Оҳу: (бақиради) Биз ҳаммамиз сувсизликдан, сўлиган гулдай ўлиб кетамиз.
Балиқ: Агар Сиз ростдан ҳам Мангуботир бўлсангиз, бизни сувли манзилга бошлаб борасиз ёки бизга сув келтирасиз.
Митти кабутар: Сув олиб келасизми? (кичкина идишни узатиб) Мана бу идишимга олиб келинг. Сўлиётган гулларга сув қуйишим керак.
Қундуз: Албатта сувни излаб топамиз. Ё сув опкеламиз ё умуман йўқоламиз. Биз сув излагани кетдик.
Балиқ: Мен ҳам сизга ҳамроҳман.
Кабутар: Биз ҳам…
Қундуз: Компасим мана шу тарафни кўрсатяпти. Шу ёққа кетамиз. Улар югуриб чиқиб кетишади. Чироқ ўчади. Бўрон овози тинади.
Биринчи парда, учинчи кўриниш:
Кўрсичқонлар ва Тошбақанинг яширин манзили. Улар биллур идиш турган жой тагидан чиқади, қўлларида тоза сув идиши. Яна бир нечта сичқонлар қувурлар орқали дарёдан сув келтиришиб, турли жойларга тарқатишарди. Дарёнинг кўзи яна юмилгандай, кўз атрофини қумлар қоплагандай.
Тошбақа: Сув кимники? Сув доноларники!
Сичқон: Биз сувни голфшаҳри қургани ишлатамиз.
Тошбақа: Сувни бошқарганлар дунёни бошқаради.
Сичқон: Ҳа.
Тошбақа: Сув бизники.
Сичқон: Ҳа.
Тошбақа: Энди сувни бўлиб оламиз. Биз сувга эгалик қилиб, шаҳар барпо этамиз. Мен қурилиш учун кўршапалакларни ёлладим.
Қўрқоқ сичқон: Яхши. Табриклаймиз. Анави Мангуботирман деган ёлғон ном эгаси бизга муаммо бўлмайдими?
Тошбақа: Йўқ. У бизга оммани чалғитишга ёрдам беради.
Қитмир сичқон: Энди сизга фокус-мокус кўрсатмоқчимиз.
Тошбақа: Мени хурсанд қилмоқчимисизлар?
Сичқон: Ҳа. (бошқа сичқонларга имо қилиб) Бошладик.
Сичқонлар тошбақани ортига йиқитади.
Тошбақа: Агар бундай йиқилсам, ўрнимдан туролмайманку?
Қитмир сичқон: Бизга шу керак.
Тошбақа: Фокус-покус деганларинг шуми?
Сичқон: Ҳа.
Сичқонлар уни турган жойида айлантиришади ва бир-бирига узатиб эрмак қилишади, кулишади.
Қитмир сичқон: Янги шаҳар қурилиши учун тузилган шартномага қўл қўйинг.
Тошбақа сичқоннинг қўлидаги қоғозни олиб, ўқийди.
Тошбақа: Ўз ўрнимга сен чичқонларни тайинлайман? Нега энди? Ҳеч қачон…
Қитмир сичқон: “Сувга хўжайинлик қилганлар, бутун дунёга хўжайин.” Бу гапни ўзинг айтгансан. Биз барча сув захираларини бўлишиб оламиз. Бир, икки, уч, беш… (ҳайвонларни санаб) Биттамиз ортиқча. Шунинг учун сени ҳисобдан чиқарамиз.
Тошбақа: Нима?
Қитмир сичқон: Сизни бошқа дунёга саёҳатга юбормоқчимиз.
Тошбақа: Қайси дунёга?
Сичқон: Нариги дунёга.
Тошбақа: Мендан воз кечолмайсизлар. Ахир сувни ўзимизники қилиш режасини мен ўйлаб топганман.
Қитмир сичқон: Режани сен ўйлаб топдинг, биз уни амалга оширдик. Энди сенинг керагинг йўқ. Ёвуз режанг ўзингни нобуд қилади.
Тошбақа: Мени дўстларим қутқаради.
Қитмир сичқон: Сени биздан бошқа дўстинг қолмаган ер юзида. Энди сени номинг унутилади. Сени йўқ қилиб, жиноят изини ҳам йўқ қиламиз. (икки сичқон биллур идишни Тошбақанинг оғзига тиқишади.) Тўйгунча ич.
Тошбақа: Опкелинглар сувни. Чанқоғимни босиб олай.
Қитмир сичқон: Бўкиб қолгунингча ич.
Оғзидан кирган сув туфайли Тошбақанинг қорни шишиб қолади ва жон беради.
Қўрқоқ сичқон: Бу Тошбақа нима деганди: “Сувни бўлиб олганлар дунёни бўлиб олишади.”
Қитмир сичқон: Ҳа. Энди қувурларни фақат ўзимизнинг далаларимизга буришимиз керак.
Сичқонлар қувурларни судрагунча чиқиб кетишади. Чироқлар ўчади.
Биринчи парда, тўртинчи кўриниш:
Ўша саҳна. Фақат Тошбақа олиб чиқиб кетилган. Кўзачасини кўтариб чиққан митти кабутар олисларга қарайди.
Митти кабутар: Сув излаб кетган халоскорларимиз келмади. Чанқаб кетдим. (лабларини артиб тамашанади ва кўзачасини оғзига олиб келади.) Бир томчи ҳам сув йўқ. Сув беринглар. Ёмғир суви бўлса ҳам беринглар. (у дарахт устига чиқиб олисларга кўз тикади.) Мен сезяпман. Улар келишяпти.
Ертўладан Қундуз, Оҳу, Балиқ ва Кабутарлар чиқиб келишади.
Митти кабутар: Сув олиб келдиларингми?
Пауза.
Митти кабутар: (тушиб уларга пешвоз чиқади) Сув олиб келдиларингми?
Қундуз: Йўқ. Кимдир сувни ўзлаштирган.
Митти кабутар: Ертўлага ҳам тушиб сув изладиларингми?
Балиқ: Ҳа. Ер остида ҳам сув тугапти. Ер ости сув захираси ҳам ўғирланган.
Митти кабутар: Сув ўғриларини ушладиларингми?
Қундуз: Улар сувни олиб кетишмаган. Сувни шу ернинг ўзида мана бу қувурлар орқали ташиб кетишяпти.
Балиқ: Афсуски, Қарши шаҳрида ишлаб чиқарилган бу мустаҳкам қувурларни бузолмаймиз.
Митти кабутар: Нега уриниб кўрмаймиз? Ахир бизда тош кўтарган паҳлавон Мангуботирдек дўстимиз борку.
Юқорида Қитмир Сичқон банкадаги сувдан ичганча юриб келади.
Балиқ: Шунчааа сувни нима қилдинг?
Кўрсичқон: Қанақа сув?
Оҳу: Биллур идишдаги сув?
Кўрсичқон: Мен биллур идишни саҳрода топганимда бўш эди.
Митти кабутар: Ана сув ўғрилари. Биллур сув идишни улар ўғирлади. Мангуботир, уни жазосини бер.
Оҳу: Биздан энг бебаҳо нарсамизни олиб қўйишди.
Балиқ: Бизнинг умидимиз, орзумизни олиб қўйишди.
Кабутар: Сувни қайтараман, деб ваъда бергандинг. Ваъдангни бажар. Бизни қутқар, Мангуботир.
Оҳу: Бизда ҳеч нарсага ишонч қолмади. Манави Мангуботир ёзуви ҳам бефойда, шунчаки кўзбўямачиликка экан.
Кўрсичқон дарахтга осилган Мангуботир ёзувига сув қуяди. Кейин устидан қора чаплайди.
Сичқон: Ўзингни ёлғондан Мангуботир демагин. Сен узоқдан эмас, шунчаки, тошлар ёриғидан чиққан қўрқоқсан. Сен ёлғончи бир маҳлуқсан. Мақтанчоқ овсарсан. Кимлигини билдингларми?
Балиқ: Иккиюзламачи, фирибгар…
Кабутар: Таг-туби йўқ. Тайини йўқ айёр…
Сичқон: Ҳа, гапир. Тўғрими? Кимсан ўзи?
Қундуз: Кимман ўзим? Ҳа. Мен ҳеч кимман.
Сичқон: Шу пакана гавдасига бундан паҳлавон чиқармиди?
Қундуз: Кичкина бўлсам ҳам, сени юқоридан уриб йиқитишга қурбим етади.
Қундуз сичқонга ташланади. Сичқон бир ипни тортади ва қора тўр тушиб, Қундузни ўраб олади. Қундуз қанча типирчиламасин, сичқон ипни тортиб, тепага кўтара бошлайди.
Сичқон: Тўрга илинтиришни қандай яхши кўраман. (ёнига келган Қундузнинг юзига пуфлайди. Дўппи ерга учиб тушади.)
Балиқ: Қўрқоқ. Сен бу паҳлавонлар дўпписини кийишга нолойиқсан. (Дўппини олиб) Бизнинг ишончимизга арзимаган экан.
Ҳамма ҳайвонлар тарқала бошлайди.
Митти кабутар: Уни қутқариб олишимиз керак. Чунки, у бегона бўлса ҳам, биз учун жон куйдирди. Бугун кимнидир тўрга илинтиришига индамай қараб турсак, эртага бизни ҳам мана шу тариқа тўрига илинтиради.
Балиқ: Уни қутқаролмаймиз. Чунки ожизмиз.
Митти кабутар: Ўтган галги қаҳрамон ҳам бизга сув топиб бермаганди.
Сичқон: Сен ҳам ерларингни бизга бер. Ёки дўстингдан айриласан. Уни юқоридан ташлаб юборсам, ер билан яксон бўлади. Ёки заҳарланган сувни бераман. Чанқаганидан ичади ва тамом бўлади.
Балиқ: Йўқ.
Сичқон: тан бергин. Бу ерлар энди бизники бўлади. (қўйнидан рангли қоғоз чиқариб) Мана ерларингни сурати чизилган харита. Унга имзо чек.
Балиқ: Яна йўқ.
Сичқон: Бўлмаса, дўстинг билан хайрлаш.
Сичқон тўрни озгина пастга туширади.
Митти кабутар: Мен қўрқиб кетяпман. Қўл қўяқол.
Балиқ қўл қўйиш учун яқинлашади. Сичқоннинг эътибори ҳам унга чалғийди. Қундуз тўрдан ўзини озод қилиб, сичқоннинг бошига тоши билан уради. Сичқон йиқилади.
Қундуз: Бу ерларни сенга бермаймиз. (балиқнинг қўлидан ушлайди.) Менга ишон!
Сеҳрли овоз: Бу ерлар ҳозир қумлик. Гуллар тиканакка айланган, тупроқлар кесакдай қотган. Бироқ неча замон илгари бу жойларда сув шарқираб оққан. Оққан дарё оқади яна.
Митти кабутар: Кичкина бўлсангиз ҳам қандай йиқитдингиз?
Қундуз: Митти фариштам, шуни ҳам билмайсанми? Мен кичкина бўлсам ҳам, миям ақлга тўла. Яна қонунни ҳимоя қиламан. Халқни ҳимоя қиламан. Менга шу куч беради.
Митти кабутар: Энди нима қиламиз?
Қундуз: Хўўўўўўш! Биринчи навбатда, бу чичқоннинг шериклари келади. Уларни ушлаш керак. Иккинчи навбатда, мана бу идишни сувга тўлдириш керак.
Митти кабутар: Биз қирилиб кетмаслигимиз керак.
Қундуз: Ҳа.
Оҳу: Уларни қандай ушлаймиз?
Қундуз: Ҳаммани яхши кўрган нарсаси билан жазолашим керак. Ким компъютер ўйинини севса, экран унинг кўзини кўр қилиб жазолайдику! Худди шундай… (тўрни юқорига кўтариб) Бу тўрни ўзига қарши қўллаймиз.
Балиқ: Мен улардан қўрқаман.
Қундуз: Биз бирлашсак, катта кучмиз. Бирлашган куч ҳар қандай катта кучни енгади.
Оҳу: Бизни нима бирлаштиради?
Қундуз: Бизни мана шу эзгу орзу бирлаштиради. Биз сувни ўз қўлимизга олишимиз керак. Бизни меҳрибон сув, она ер бирлаштиради.
Кабутар: Ҳа, биз қондошмиз.
Қундуз: (балиқнинг ёнига келади.) Сен билан қариндош, дилдош бўлганимдан хурсандман.
Яқиндан тақ-туқ овозлар эшитилади. Кейин сичқонларнинг овози келади.
Балиқ: Кўрсичқонлар келяпти.
Қундуз: Ҳамма тайёрлансин. Нишонни кўзлашимиз керак. Оҳу чаққон келиб, мана бу ерга туради. Чичқонлар шу ерга келганда, оҳу қочиб қоладию мен тўрни юқоридан ташлайман.
Оҳу: Эҳтиёт бўлинг-а? Яна айтганингизни тескариси бўлмасин!
Ҳамма беркинади. Фақат оҳу қолади. Икки сичқон келиб унга ташланади. Қундуз тўрни тушириб, уларни ўраб олади. Қундуз сичқоннинг бўйнидаги калитни олади.
Митти кабутар: Бу қанақа калит?
Қундуз: Бу сув қалбининг калити. Шу калит қувурлардаги сув йўлини ўзгартириб юборади.
Балиқ дўппини олиб келиб, Қундузнинг бошига кийгизади.
Балиқ: Сиз дўппига муносибсиз.
Қундуз: Мени сизлаган ширин тил соҳибаси омон бўлсин.
Қундуз ва Балиқ биргаликда калитни қувурлар бирлашган жойга тиқиб бурайди. Сувнинг шалоплагани эшитиладию аммо ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмайди.
Балиқ: Нега сув чиқмаяпти?
Қундуз: Биз ернинг қалбига етиб борадиган овозда сувни чорлашимиз керак. Ёки сув тўлқинлари каби жўшқин рақсни ижро этиб, сувни чорлашимиз керак.
Қундуз ва балиқ қўлларини сув тўлқини каби ҳаракатлантиришади. Пастда турли рангларда товланувчи фаввора пайдо бўлади. Денгиз кўзи катталашади.
Оҳу: (қарсак чалиб) Қойил. Денгизнинг кўзлари очилди.
Улар тўйгунча сув ичишади.
Сеҳрли овоз: Ҳаётнинг асоси тўрт унсур. Қуёш, ҳаво, ер ва…
Биргаликда: СУУУУУВ!
Қундуз: Агар ҳаётнинг асоси бўлган шу тўрт унсурдан бири сув бўлмаса, барча тирик жон бари ўлади.
Кабутар: Сен чинданам қаҳрамонсан. Ростдан Мангуботирсан. Қаҳрамонлик кўрсатдинг.
Митти кабутар: Қаҳрамонлар ким ўзи?
Қундуз: Қаҳрамонлар ўз шахсий режаларини унутиб, жамоанинг, халқнинг орзу-умидлари учун қайғураётган, бу йўлда курашаётган зотлардир.
Оҳу: Мангуботирнинг ҳайкалини қўямиз. Муздан ясаймиз. Бу энг бебаҳо ҳайкал бўлади.
Балиқ: (пичирлаб) Энди кимлигингизни айтарсиз?
Қундуз: Ким эдиму ким бўлдим?! Мен кеча ҳеч ким эдим, бугун эса кимгадир керакли, кимнингдир бахтига сабабчиман, суянчман. Ҳаммамиз ушбу адолатли саволни ўзимизга беришимиз керак. “Ким эдигу ким бўлдик?!” Одамнинг кимлиги унинг кўнгли билан, кўнглидаги туйғулари билан ўлчанади. Кўнгил ўзликни англатади.
Митти кабутар Қундузни қучиб олади.
Митти кабутар: Биз сени яхши кўрамиз.
Қундуз: Мен ҳам сизларни яхши кўраман.
Ҳаммаси Қундуз атрофида жам бўлади.
ПРОЛОГ
Авансцена машиналар тез-тез ўтувчи катта трасса каби. Чироқлари ёрқин автомашиналар у ёқ, бу ёққа ўтишади.
Муаллиф: Биз инсонлар оёғимиз остида қандай ҳаёт кечаётганлигини билмаймиз.
ТАМОМ
24-31 март, 2016 йил