Текст книги "Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?"
Автор книги: Юлдузхон Назар
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 17 страниц)
“Худога бўлган ишонч ҳамма учун биттадир”
“Албатта, мўминлар, яҳудийлар, насроний, собиийлардан кимки Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, ҳамда солиҳ амалларни қилса, уларга Роббиларидан ажр бордир, уларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 62-оят). (Муфасирлар А. ас-Саъдий, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, И.Крачковский, И.Порохова) Зоти Карим савоб ва эзгу ишлар қилиб, Аллоҳнинг ягоналигига, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Охират кунга иймон келтирса, Аллоҳ уларга хавф йўқ, ташвиш чекмасликларини айтаяпти.
Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мусулмон бўладими, инсон учун энг муҳим нарса, унинг солиҳ, ахлоқий-маънавий юксак бўлиши ва Аллоҳга, Қиё мат кунига ишонишидир. Шунинг учун ҳам бошқа эътиқод, бошқа динга ишонган одамлар устидан ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Атоқли адиб Л.Н. Толстойнинг “Ҳаёт йўли” китобида баён қилинган дин ҳақидаги фалсафий фикрлари, адибнинг маънавий, руҳий кечинмалари, қарашлари бизнинг дин ҳақидаги фикримизни, тасаввуримизни бирмунча кенгайтиради. У Исо пайғамбар йўлини ҳеч қачон рад этмаган. У черковдан юз ўгирди. У ердаги ёлғон билимлардан юз ўгирди, лекин христианлигича – ягона Аллоҳга бўлган ишончи билан қолди. Адиб дин ҳақида гапирар экан, “…лекин шундай ишонч борки, бу дунёга мени келтирган Зотга мен боғлиқ эканлигимга ишонишдир. Бу – Худога бўлган ишонч ва бу ишонч ҳамма учун биттадир”, деб айтади. Ҳа, Худога бўлган ишонч ҳамма учун битта. Христиан бўладими, яҳудий бўладими, мусулмон бўладими – яратган Роббнинг, Аллоҳнинг бор эканлигига бўлган ишонч ҳамма учун битта. Биз буни юқорида келтирилган оятдан ҳам билдик. “Ҳақиқий ишонч – қайси кунлар рўза тутишни билиш, қайси вақт эҳромга бориш, қачон, қандай намоз ўқиш, дуо қилишни билишда эмас, балки ҳаётда ҳамма вақт, ҳамма билан меҳрли, муҳаббатли бўлиб яшаш, сен билан қандай муомалада бўлишларини истасанг, яқинларинг билан ҳам шундай муомалада бўлишдан иборатдир”, деб ёзади улуғ адиб.
Шунинг учун ҳам дин, хусусан, ислом дини – одамларнинг қуруқ эҳтиросига айланиб қолиши мумкин эмас! Дин эҳтирос эмас! Эҳтирос бор жойда ақл кетади. Нодонлик, маърифатсизлик билан ислом дини, мусулмонлик ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили. Шу билан бирга ўз шахсий “мен”лигини кўрсатиш учун бир-бири билан беҳуда баҳслашиш ёки “исломдаман” деб мақтаниб юриш, гуруҳ-гуруҳларга бўлиниш – бу Исломда йўқ нарса!
Шу билан бирга Ислом динини фақат маълум бир қонун, қоидаларни, урф-одатларни бажаришдан иборат бўлган маросим, ёки исломга хос кийиниш, деб тушунмаслик керак. Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳалари: диний, оилавий, ижтимоий, сиёсий, экология, шахсий ҳаёт, ўзаро муносабат, илм-фаннинг ривожланишини, инсонлардаги маънавий ахлоқликни, маънавий баркамолликни ўз ичига олар экан, инсониятни одам бўлишлик сари қадам ташлашга ўргатади!
Ислом – Одам бўлиб яшаш йўли, ҳаёт тарзи! “Мусулмонман” дегани билан одам ўз-ўзидан Одам бўлиб қолмайди.
Мўмин-мусулмонлик ана шу ҳаётни – Исломни ўзида акс эттиришдир. Ислом ҳаётини ўзида акс эттирган одам ўз ҳаёти давомида Одамийлик даражасига етади. Аллоҳ бизни ана шундай бўлишимизни истайди.
Шунинг учун ҳам “Аллоҳ наздида энг мақбул дин – Ислом динидир”. Бу оятнинг моҳиятини энди англагандек бўлаяпмиз, тўғрими?
Диндаги биродарлик
Биз ислом нима, дин нима ва мусулмон ким эканлиги ҳақида мумкин қадар тафаккурга эга бўлар эканмиз, Ислом дини якка Аллоҳга таслим бўлиш, итот этиш эканини, фақат Роббисига итоат этадиган одамни чин мусулмон эканлигини билдик. Энди биз динларни бир-бирига қарши қўймасликни ҳам тушундик. Чунки, буларнинг барчаси битта – Ислом дини, яъни яратувчи Роббнинг, Аллоҳнинг биру ва бор эканлигига ишонч, эътиқоддир. Балки шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндошларнинг бир-бирларини “биродар” деб чақиришни буюргандирлар? “Мўминлар бир ота-онадан туғилгандек, биродардирлар” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган)… Қуръонда: “Албатта, мўминлар динда биродардирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят)… деган оят келган. Аҳад бўлган Аллоҳ якка Ўзи эканлигига ишонган, Унга хизмат қилган мўминлар бир-бири билан биродар эканликлари ушбу оятда таъкидланаяпти.
Ҳа, илм, маърифат кўтарилмасидан аввал ҳамма бир-бирига “биродар” бўлган. Мусулмонлар ўз номлари билан ҳақиқий мусулмонлик ҳаётини кечирганлар. Шундай вақтлар бўлганки, мусулмонлар христианларга черков биносининг қурилишида ёрдам беришган. Христианлар эса мусулмонларга масжид қуришга ёрдам беришган. Бир-бирларини ажратишмаган. Шох Бобур эса Ҳиндистонни забт этганида битта ҳам бутни синдирмаган, эҳромларига қўл текизмаган, маънавий дунёқарашимизга тўғри келмайдиган ҳайкалларни бузмаган, “бутга сиғиниш исломда йўқ”, деб ҳеч кимни мажбурлаб Ислом динига киргизмаган ёки кофир, ғайридин, деб бошига қилич солмаган. Чунки, шоҳ Бобур Ислом дини принципларини яхши билган ва маҳкам тутган эди. Сурия мамлакатида ҳам яқин-яқингача ҳар 100 қадамда мачит ва черковлар ёнма-ён бўлган. Одамлар бир-бирини ажратмаган, душманлик кўзи билан бир-бирига қарамаган, аксинча, бир-бирига меҳр, муҳаббатли бўлишган, бир-бирларининг диний байрамларини ҳурмат қилишган, бир-бирларини табриклашган. Черковларда диний ибодат “Бисмиллаҳир роҳманир Роҳийм” сўзи билан бошланар экан. Чунки Сурия – араб мамлакати. Исо пайғамбарнинг йўлини тутганлар ўз тилларида – араб тилида Аллоҳнинг номини тилга олишади. “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм сўзи черковларда жаранглаб турган! Ҳозир бу мамлакатда нима қолди? Ким бу мамлакатни барбод қилди? Қани черковлар, қани мачитлар? Ким болаларни болалик бахтидан, таълим олишдан маҳрум қилди? Ким етим қилди? Ҳамма ёқ бузилган, вайрон бўлган, ҳар куни кимдир ё портлашдан, ё ўқ тегишидан ўлади. Ким Аллоҳ олдида, бутун инсоният олдида бундай жиноятга қўл уриб, мамлакатнинг тинч, фаровон ҳаётини бузди? Ким сабабли Аллоҳнинг буюк исми черковларда, мачитларда жарангламай қолди? Бу ишларни Ислом давлати, мусулмонлар қилаяпти, деб кўпчилик мусулмонлардан нафратланиб қолди. Аслида эса, Ироқдами, Суриядами, қаерда бўлмасин, ўзини мусулмон ҳисоблаб, “Кофирларни ўлдириб, шаҳид бўламан, жаннатга тушаман”, деб ўйлаган манқуртлар ана шундай ваҳший ишларни қилиб дунёга уруш оловини ёқдилар. Мусулмон одам ҳеч қачон бу ишни қилмайди; мусулмон мусулмонга ҳеч қачон қилич кўтармайди; мусулмон бировни кофир демайди. Муфассирлар, ислом олимлари Аллоҳ Қуръонда кофирларга нисбатан жазо муқаррарлигини баён қилган бўлса-да, лекин ҳеч кимга кофир, деб тамға битмаганлигига, кофир ёки даҳрийми, банда эмас, Аллоҳнинг Ўзи билгувчи эканлигига урғу беришади. Билимсизлик, жоҳилллик, тафаккур қила олмаслик, маънавий кўрлик-инсонни ана шундай ваҳший ишлар қилишига, олиб келади.
Ислом динининг бундай ишларга ҳеч қанадай алоқаси йўқ! Аллоҳнинг бундай буйруғи йўқ! Ислом тинчликка, биродарликка чақиради. Лекин таасуфки, ўз динининг моҳиятини англамаганлар уни бутун дунёга ёмонотлиқ қилиб кўрсатиб қўйди. Дунё ахборот воситалари, телевидениеда “мусулмонларнинг” қилган ишларини кўрсатишдан чарчашмайди. Аслида булар мусулмон эмаслигини ҳамма ҳам англайвермайди.
Покистонда Осиё биби деган христиан аёл мусулмонлар билан бирга ишлаётган вақтда, ҳамма сув ичаётган қудуқдан у ҳам сув ичгани учун таҳқирланди, жоҳилликни қарангки, бу аёл христиан бўлгани учун уни қудуққа яқинлаштирмадилар. Бу таҳқирланиш ортида уриш-жанжал кўтарилиб, полиция келади. Жанжал кўтарган аёллар: “Бу аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилди”, деб шикоят қиладилар. Полиция Осиё бибини олиб кетади ва суд уни дорга осиш билан ўлим жазосига ҳукм қилади. Бу воқеа бутун дунёга овоза бўлиб кетди. Исломда, шариатда шундай қонун борми? Энг даҳшатлиси шуки, одамлар бу ҳукмни қарсак чалиб хурсанд бўлиб кутиб олишди. Бу одамийликдан узоқ, ваҳшийлик эмасми? Олий Суд бу аёлга нисбатан ҳукмни бекор қилди. Лекин 9 йилдан бери қамоқ жазосини ўтаётган Осиё биби яқинда қамоқдан чиқиб Покистонни тарк қилаётгани учун 2000 га яқин одам ҳукм ижро этилишини талаб қилиб намойиш қилиб, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилишди. Намойишга чиққан бу оломоннинг кўзларидаги қаҳр, ғазаб, беаёвлик, ёввойиликни кўриб қўрқиб кетасиз. Уларнинг дилларини, қалбларини қандай махлуқ эгаллаб олган, деган хаёлга келасиз. Ўзини мусулмон санаган бу одамларнинг қалбида Улуғ Аллоҳнинг Раҳим сифати қани? Қандай қилиб, бу одамларни мусулмон дейиш мумкин? Булар бутун дунёга мусулмонларни ўзларига ўхшатиб кўрсатиб қўйишгани қолди, холос!
Аллоҳ Қуръонда: “Фитна қотилликдан ҳам кўра катта гуноҳ” (Бақара сураси, 217-оят) деб огоҳлантиради. Ўзини мусулмон санаган аёллар бир бегуноҳ аёлга туҳмат қилиб уни ўз оиласидан, фарзандларидан ва охири ўз юртидан айрилганига сабабчи эканликларини, Аллоҳ олдида улкан гуноҳ қилганликларини, ўз жоҳилликларини англай олармиканлар? Аллоҳ Қуръонда бандаларини кечиримли бўлишга, меҳр, муҳаббатли, мурувватли бўлишга чақиради. Чунки Ўзи меҳр, муҳаббатли, Карами кенг, мурувватли ва кечиримли Зот! Аллоҳ бизни ҳам шундай бўлишимизни истайди. Аллоҳ Қуръонда “Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг” (Наҳл сураси, 125-оят), деб ҳукм қилаяпти. Биз бу ҳукмга амал қилишимиз керак. Ислом динида зўравонлик йўқ, ваҳшийлик йўқ! Динга мажбур қилиб киритишлик йўқ. Аллоҳ Қуръонда “Агар Роббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига иймон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?” (Юнус сураси, 99-оят) деб айтади. Аллоҳнинг ушбу сўзларидан бехабар бўлиб, дин нима эканлигини англамай, бировлар билан курашиш-бу разиллик. Дин – бу яратган Роббисига хизмат қилиш, Унинг қули бўлиб хизмат қилиш, Қудратли Роббисининг амрига итоат этиш, бўйсуниш! Аллоҳ амрига, ҳукмига итоат этмаган, бўйсунмаган инсон диним ислом, ўзим мусулмонман, дейишга ҳақли эмас. Ана шундай “мусулмонман” дейишга ҳаққи бўлмаган одамлар туфайли ўртадан илм кўтариляпти, ҳалокатга олиб борувчи ёлғон “билимлар” кўпайиб кетяпти. Қуръонда ана шундай одамлар ҳақида: “… Биз Аллоҳга иймон келтирдик, дейдилар. Ваҳоланки, ўзлари мўмин эмаслар (балки мунофиқдирлар). Уларнинг дилларида иллат бор. Аллоҳ уларга шу иллатни зиёда қилди…мўминмиз, деб ёлғон гапирганлари учун охиратда аламли азоб бордир. Ер юзида фасод, бузғунчилик қилмангиз, дейилса, “Биз чин ислоҳчилармиз” дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчидирлар, лекин ўзлари сезмайдилар” (Бақара сураси, 8–12-оятлар), деб бизни огоҳлантиради. Ҳозирги кундаги ана шундай бузғунчи “ислоҳчилар” ҳақида Аллоҳ бундан ўн тўрт аср муқаддам огоҳлантирган эди.(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”) Бундай “ислоҳчилар” эса тафаккур қилмайдилар, бузғунчиликлари билан Ислом динининг моҳиятига путур етказяптилар, турли хил оқимларга бўлиниб, ягона Ислом динининг моҳиятини бузаяптилар, бундай ишларни оммавий равишда намойиш қилаяптилар.
Билимсизлик жоҳилликка, жоҳиллик эса маънавий кўрликка олиб келади.
Ҳар бир инсоннинг, у қайси пайғамбарнинг йўлини тутганидан қатъи назар, бу дунёдаги вазифаси – Аллоҳ амрига, ҳукмига итоат этиш ва шу билан бирга Унинг амрига бўйсуниш, ҳукмига таслим бўлиш, қул, банда бўлиш, илм-маърифат излаш орқали мўмин-мусулмон бўлишга ҳаракат қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “тили билан ҳам, қўли билан ҳам ҳеч кимга озор бермайдиган одам ҳақиқий мўминдир” (Абдуллоҳ ибн Амр. Бешовлари ривоят қилганлар), деб айтган муборак сўзлари ҳар биримизнинг қалбимизда бўлиши муҳимдир.
21 ёшида Константинополни фатҳ этган Султон Фотиҳ Меҳмет одамларга қарата: “Сиз одамлардан қайси динда эканлигини сўраманг! Рўза тутиши ёки тутмаслигини, намоз ўқиши ёки ўқимаслиги ҳақида ҳам сўраманг! Бу саволни Ўз бандаларига бериш Аллоҳга тааллуқли. Сиз улардан қорнинг оч эмасми, бирор нарсага муҳтож эмасмисан, қийин аҳволда қолган қолмаганлигини суриштиринг. Аллоҳнинг бандалари ўртасида фақат ана шундай савол-сўроқ бўлиши керак!” деб насиҳат қилган экан.
Лаълакум таттахун… ёки Ислом принциплари
Ислом динининг принциплари замирида биринчи навбатда Аллоҳнинг Аҳад эканлиги ётади. Ислом динининг принциплари нимадан иборат эканлигини англаш, уни ўз ҳаётига олиб кириш, амалда қўллаш инсоннинг тўғри йўлда эканлигини билдиради, уни мўминлик даражасига етказади. Ислом принципларини ўрганиш, татбиқ этиш – бу катта бир илм.
Шу ўринда Ислом дини принциплари ҳақида Нуъмон Али Хоннинг бебаҳо фикрларини айнан келтириб ўтиш фойдадан холи эмас. У Ислом дини принциплари ҳақида гапирар экан, Ислом дини принципи асосларини Аллоҳ Қуръонда “лаъалакум” сўзи орқали баён этганлигини айтади: лаълакум таттахун, лаълакум таъқилун, лаъалакум ташкурун, лаълакум тазаккарун – шоядки эслатма олсангиз, шоядки шукр қилсангиз, шоядки Худодан қўрқсангиз, шоядки, тафаккур қилсангиз. Бу сифатлар: Аллоҳнинг эслатмасини унутмаслик, Уни мудом ёд этиш, шукр қилиш, Худодан қўрқиш ва тафаккур қилиш. Булар – инсон эгаллаши керак бўлган фундаментал сифатлар – сифатларнинг бош пойдевори ҳисобланади, деб айтади. Яъни, Қуръондаги лаълакум калимасидан кейин келадиган феълни – иш ҳаракатни ҳаётимизда воқе қилишимиз, татбиқ қила олишимиз, шу сифатлар билан яшаш ҳар биримизнинг мақсадимиз бўлиши керак, чунки динимизнинг асоси инсонларни ана шундай сифатларга эга бўлишликларида кўринади.
Ҳудди шундай Аллоҳ Қуръонда: инналлоҳу юҳиббу ёки Аллоҳу юҳиббу калималари орқали Аллоҳ Ўзидан қўрқадиганларни, муттақийнларни, муҳсинларни – ихлоси баланд, самимий инсонларни яхши кўришини баён қилади. Буларнинг барчаси исломнинг фундаментал принциплари бўлиб, биз шуларни ўз ҳаётимизда воқе қилишимиз, шу сифатларга эга бўлиб яшашимиз керак. Ислом дини асосий фундаментал принципларга эга ва буни биз Ислом динини тушунишдаги биринчи устуворлик, деб белгилаймиз. Демак, биринчи устуворлик бу – принциплар.
Лекин диндаги баён этилган принциплар барчаси умумий тушунча бўлиб, уни амалга оширадиган, ҳаракатга келтирадиган, ҳаётга воқе қиладиган мажбурият – фарз бор. Бу дин моҳиятини тушунишдаги иккинчи устуворлик. Демак, иккинчи устуворлик – бу мажбурият, фарз. Фарз амалларини, (Аллоҳ ман этган нарсалар ҳам мажбуриятга киради) бажариб, биз диннинг принципларини ҳаётга, ўзимизга амалда татбиқ қилиб борамиз. Мисол учун, намоз ўқишни мақсад эмас, балки, диннинг принципларидан бирини – фарзни амалга ошириш, рўза тутишни ҳам мақсад қилиб эмас, балки фарз қилинган рўза тутиш орқали Худодан қўрқишлик, тақвони мустаҳкамлаш принципини амалга оширган бўламиз. Охирги натижага, муваффақиятга намоз ёки рўза эмас, принциплар олиб келади. Қуръонда келган фарз, мажбуриятлар ҳамиша мақсадга – принципга боғланган ҳолда баён этилади, биз эса буларни биридан иккинчисини ажратамиз, дейди олим. Бу фақат мажбуриятларга эмас, биз қилишимиз мумкин бўлмаган, ман этилган нарсаларга ҳам тааллуқли бўлади. Масалан, намоз бизни зулмдан, бехаёликдан сақлайди. Бўлмаса, биз диндаги асосий принципларнинг биридан – шукроналик, тақво, бағрикенглик каби сифатлардан маҳрум бўлиб қолган бўламиз. Шунинг учун ҳам намоз бизни сақлаб туради. Аллоҳ ман этган нарсаларни қилиш, албатта диндаги асосий принципларнинг бирини бузилишига олиб келади. Демак, фарз, мажбурият диннинг принципларини ҳаракатга келтиради, амалга оширади. Принциплар ҳаракатга келиб, амалга ошса, инсон ҳаётига кириб келган бўлсагина, инсон муваффақиятга эришади. Агар инсон ман этилган ишларни қилса, исломнинг принципларидан бирини бузган бўлади.
Исломдаги мажбуриятларга ва ман этилган нарсаларга тегишли бўлган ҳолатлар юзасидан оддий мусулмонлар орасида ҳам, олимлар орасида ҳам турли ҳилдаги келишмовчиликлар, турли хил қарашлар йўқ.
Биз ислом моҳиятини англашдаги иккита устуворлик билан танишдик.
Энди яна учинчи устуворлик ҳам бор. Булар тавсия ва кўрсатмалардир. Демак, учинчиси – тавсия, кўрсатмалар. Буларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, Қуръондаги яхши, савоб ишлар қилиш, сизнинг феъл-атворингизни яхшилашга қаратилган оятлар киради. Масалан, овозни кўтариб гапирмаслик, камтар бўлишлик ёки ўнг оёқни босиб уйга кириш, дуо қилиш, ўнг қўлдан таомланиш – булар суннат амалларидандир.
Инсон биринчи навбатда принципларга урғу бериши керак. Агар у принципларни амалга оширмоқчи бўлса, албатта унинг бутун диққати, эътибори асосий мажбуриятларни, фарзни бажаришга, ман этилган нарсалардан сақланишга қаратилади. Мажбуриятларни, фарзни тўлиқ бажариб юрган инсоннинг ибодатлари янада яхшиланади, мукаммаллашади. Намоздан кейинги қилинадиган зикр, дуолар, қиёмуллоҳ, нафл рўза, таҳажжуд намозини ўқишлар – булар яхшилик – хайр бўлиб, ибодатни янада чиройли қилади. Демак, ислом моҳиятини англашдаги учинчи устуворлик – тавсия ва кўрсатмалар экан. Булар Сизнинг фарз амалларингизни янада кучли, мукаммал, гўзал бўлишига, яхшиланишига қаратилган устуворликдир.
Пайғамбарлар ҳамма вақт биринчи навбатда диннинг принципларини, уни бажаришнинг мажбурияти ва ман этилган нарсалар ҳақида даъват қилганлар. Яъни, ислом моҳиятини англашдаги биринчи ва иккинчи устуворликлар юзасидан даъват қилганлар. Одамлар бу даъватларни қабул қилиб, англаб, ихлос билан мажбуриятларни бажарганларидан сўнгра ибодатни янада яхшилаш, мустаҳкамлаш, гўзал ҳолга келтириш учун қўшимча тарзда ўргата бошлаганлар.
Лекин исломга нотўғри ёндашувимиз шундаки, биз асосий принципларнинг муҳимлигини, уларнинг нима эканлигини билмаймиз-да, диндаги фарз, мажбуриятни янада яхши, мукаммал қиладиган хайр, яхшиликлар билан аралаштириб юборамиз, барчаси фарзга, мажбуриятга айланади. Масалан, Қуръон тажвидини олайлик. Тажвид ҳаттоки иккинчи устуворликка – мажбуриятга, фарзга кирмайди. У учинчи ҳолат – кўрсатмага киради. Биз нима қиламиз? “Сенинг намозинг ҳисобга олинмайди, Сен намоз ўқиб туриб сўзларни тўғри талаффуз қилмаяпсан, бу гуноҳ”, дейсиз. – Йўқ, бу гуноҳга кирмайди. Саҳобалар бундай ўқишмаган. Тўғри, ҳеч шубҳасиз, тажвид билан ўқиш керак, лекин ибодатни яхшилашга, мукаммаллаштиришга қаратилган нарсани фарзга, мажбуриятга айлантириб қўймаслик керак. Масалан, сизнинг уйингизга биринчи навбатда эшик, деразалар керак. Қўшимча нарсалар, мебелларга мажбурлик йўқ. Лекин бу нарсаларнинг бўлмаслиги, сизда уй йўқ эканлигини билдирмайди. Мажбурият билан тавсия ва кўрсатмани бир қаторга қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам асосий мажбурият билан ибодатнинг хайрли бўлишига қаратилган нарсаларнинг фарқига бориш керак. Демак, учинчи ҳолат бу тавсиялар ва кўрсатмалар орқали ибодатни янада яхшилаш. Бу яхшиланишнинг ичида нафл намозлар, нафл рўза, зикр, қабристонларни зиёрат қилиш, дуолар ва бошқалар киради. Бу нарсаларада ҳам ҳеч қандай келишмовчиликлар, ихтилофлар йўқ. Сен асосий мажбуриятларни бажариб, ихлосингни оширишга, янада мукаммаллик сари интилаётган бўлсанг, ўз мажбуриятингга қўшимча тарзда “яхшиликлар”ни қўшиб, секин-аста уларни кўпайтириб боришинг мумкин. Масалан, ҳар куни янги дуо ёки Қуръондан суралар ёд олиш.
Динни тушунишда яна тўртинчи устуворлик ҳам бор. Бу – воқеалар, олимлар, раҳбарлар. Бу айрим масалалар юзасидан саҳобаларнинг рози бўлганлиги ва маъқул қилганларидир.. Буни ижмаъ саҳоба дейилади. Бу жуда ҳам соддалаштирилган сўз, чунки, табиийки, ҳамма саҳобалар бир нарсани бир овоздан маъқулламайди, турли хил фикрлар албатта бўлади. Ижмаъ саҳоба уч тоифага бўлинади:
Биринчи тоифа. Қандайдир воқеа юзасидан саҳобалар (қарорни) маъқуллашган. Яъни, ўша вақтда жангда қатнашган саҳобалар ва қатнашмаган саҳобалар бўлган. Жангда қатнашган, шу воқеани кўрган саҳобаларнинг қарорлари маъқул топилган, чунки, улар жангда қатнашганлар, бунинг гувоҳи бўлганлар. Демак, биринчи тоифа – қандайдир воқеаларнинг саҳобалар томонидан бир овозда маъқулланиши.
Иккинчи тоифа. Олимларнинг маъқуллаши. Саҳобалар орасида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу каби илми кучли одамлар бўлган ва шу билан бирга Қуръонни билмаган саҳобалар ҳам бўлган. У ёки бу масала юзасидан Қуръонни билмайдиган саҳобаларнинг маъқул қилишлари ҳисобга олинмаган. Ушбу тоифага бирор-бир масала юзасидан фақат кучли илмга эга бўлган олимларнинг маъқуллаши зарур бўлган. Демак, иккинчи тоифа – олимларнинг у ёки бу масалани бир овоздан маъқуллаши.
Учинчи тоифа эса, бошлиқлар, раҳбарлар томонидан бирор-бир масаланинг маъқулланиши.
Масалан, Умар ибн Хаттоб ва унинг маслаҳатчилари бирор масала ёки қонун юзасидан бир қарорга келишади. Агар Умар розияллоҳу анҳу бирор-бир қарорга келмоқчи бўлса, у ҳар бир саҳобанинг фикрини сўраб ўтирмайди. У Ўзининг Маслаҳат Кенгашини чақиради, бир овоздан маъқуллагандан сўнг қарор қабул қилиб, уни қонуний кучга киритади ва барча мусулмонлар ана шу буйруққа итоат этадилар.
Ҳамма саҳобалар ҳам бирор нарсани бир овоздан маъқулламаганлар. Олимлар томонидан ҳам бирор масала юзасидан бир хил қарашлар бўлмайди, бир масала юзасидан албатта турли хилдаги қарашлар, тортишувлар, мунозаралар бўлади. Бу табиий ҳол. “Маъқулланиш” бу нисбий тушунча. Динда юзага келган бирор масала юзасидан ҳеч ким ва ҳеч қачон бир овозда тўхтамга келмаган. Турли хилдаги қарашлар фақат “биринчи ва иккинчи” устуворликда бўлмайди. Яъни, ислом принциплари ва мажбуриятларида турли хилдаги қарашлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам ислом хусусида гапирганда, ҳар бир сўзнинг ўз жавобгарлиги борлигини унутмаслигимиз керак. Ўйлаган нарса олди-орқасига қарамай гапираверилмайди, бу исломнинг, мусулмоннинг одобига киради. Одоб бузилса, исломнинг принципларидан бири бузилади. Демак, Ислом моҳиятини ўрганишдаги тўртинчи устуворликка воқеалар, олимлар ва раҳбарлар киради. Бу устуворликнинг алоҳида ўзига хос тарафи бўлиб, уни тадқиқ этиш кераклигини биз билишимиз керак. Лекин учта устуворликни билмай, тўртинчи ҳолатдан туриб ислом ҳақида гапириб бўлмайди. Пайғамбарлар даъват қилишганда фақат иккита устуворлик: ислом принциплари ва мажбуриятлари юзасидан даъват қилишган.
Бешинчи устуворлик. Ислом моҳиятини тушунишда яна бешинчи устуворлик ҳам бор. Бу умматнинг бирор нарсани маъқуллашини билдиради. Бу ижтиҳо дейилади. Бирор масала юзасидан олимнинг ўз фикри бўлади, у ўз илми, салоҳияти фикрлари асосида фатво беради. Бу ерда олимнинг илмий дунёқараши, фикрлаш жараёнига эътиборни қаратиш жуда муҳим. Исломдаги биринчи ва иккинчи устуворликларнинг мукаммаллигини олимлар яхши билишади. Тўртинчи устуворликни эса яхшилаб тадқиқ этиш керак: нима учун маъқуллашган ёки нима учун маъқуллашмаганлигини таҳлил қилиш керак.
Қуръонда баъзи бир саволларга тўғридан-тўғри жавоб йўқлигини биласан, нима қилиш кераклиги ҳақидаги жавобни, далилни суннатдан ҳам топа олмайсан. Шунинг учун ҳам бундай масалани ўзим тадқиқ қилишим керак. Мен барча манбаларни, исбот, далилларни топишим ва ундан кейин бир қарорга келишим керак. Ушбу саволга мутлақо тўғри жавоб бўлмаслигини, топа олмаслигимни билсам-да, шунда ҳам барча салоҳиятимни ишга солиб, жавоб излашга ҳаракат қилишим керак. Чунки, мутлақо тўғри информациялар фақат биринчи, иккинчи ва учинчи устуворликда бўлади. Шунинг учун ҳам мен барча имкониятларимни ишга солган ҳолда жавоб излашга ҳаракат қиламан. Мен ўзимнинг қароримга бошқаларни ҳам эргашишига, амал қилишига мажбурлай олмайман. Унга фақат мен ўзим амал қиламан, агар бошқалар менинг далилларимни қабул қилсалар, ундай ҳолда улар ҳам ўзлари амал қилишлари мумкин. Лекин мен: “Бу Ислом, агар сен шунга амал қилмасанг, исломдан чиқасан”, деб айтмайман, мен берган фатво – Ислом, деб айта олмайман. Мен фақат: “менинг фикримча, тушунишимга кўра, биз фақат мана шундай қилишимиз мумкин”,деб айта оламан. Чунки, бу масала юзасидан бошқаларнинг ҳам ўз фикри бўлади. Шундай ҳолатлар бўладики, бу масалага Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, саҳобаларнинг ўзларида ҳам аниқ жавоб бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолда ислом нуқтаи назаридан қандай “келишув”га келинади? Битта мисол келтираман.
Ҳорун ар-Рашид салтанат бошлиғи ва мусулмонларнинг етакчиси бўлган. У ҳаж ибодатига боради ва ўз мавқеи нуқтаи назаридан ҳажда намозга имомлик қилади. Ҳорун ар-Рашид Ҳанафия мазҳабидан бўлган. Султонга ҳаж ибодатини ўргатувчи муаллими Абу Юсуф Ҳанафия мазҳабининг асосчиларидан бўлган. Ҳорун ар-Рашид ҳижома – қон олдирган бўлади ва шу билан бирга намозга имомлик қилиши керак эди. Ҳанафия мазҳаби бўйича танадан қон чиқса, таҳорат бузилади. Ҳорун ар-Рашид шу ҳақида Абу Юсуфдан сўраса, албатта у таҳорат бузилганлигини айтади. Қайта таҳорат олиш учун у энг бошидан то охиригача барча қатор турган минглаб одамлар орасидан ўтиб, таҳорат олиб, то қайтгунича, шунча вақт ўтиб, намоз вақти ўтар эди. Намозни эса бошлаш керак. Биринчи қаторда имом Молик розияллоҳу анҳу ҳам турган бўладилар. Ҳорун ар-Рашид ўзининг ҳаж муаллими Абу Юсуфдан эмас, имом Моликдан сўрайдилар. Чунки, имом Молик мазҳабида танадан қон чиқса таҳорат бузилмаслиги айтилади. Шунинг учун ҳам Ҳорун ар-Рашид имом Моликдан: “Мен ҳозиргина ҳижома қилдим, таҳоратим бузилдими, йўқми”, деб сўрайдилар. Имом Молик, йўқ, таҳорат бузилмаган, имомлик қилаверинг, деб айтадилар. Ҳорун ар-Рашид намозга имомлик қиладилар. Абу Юсуф йирик олимлардан бўлган. У ўзи билан бирга ўз шогирдларини ҳаж қилишга олиб келган эди. Ҳукмдорнинг “таҳорати бузилган” ҳолда имомлик қилганидан улар ҳайратга тушадилар ва намоздан кейин Абу Юсуфнинг олдига келиб: “Намозни қайтадан ўқийликми, қандай қилиб сиз Каъба олдида намозни бетаҳорат ўқишларига рухсат бердингиз”, деб сўрашади. Шунда ҳанафий мазҳабининг асосчиларидан бўлган Абу Юсуф: “Кимки агар, намозни қайтадан ўқиса, намоз ҳавориж бўлади, у исломда эмас”, деб жавоб берадилар. Нима учун бу зот бундай деб жавоб бердилар? Чунки, қарор қабул қилишда бу зотларда бошқача фикрлаш усули бўлган. Бу усул исломдаги бирлик, биродарлик принципига путур етмаслигига, бузилмаслигига ишлайдиган усул.
Улар шундай ўйлашган: “Қон чиқиши билан таҳорат бузилиши ҳақида аниқ маълумот, далил, ҳукм йўқ”. Бу масалани таҳлил қилиб, фатво чиқариш керак. Биз ҳар томонлама таҳлил қилиб, танадан қон чиқса таҳорат бузилади, деб ҳисоблаймиз. Имом Молик мазҳабида ҳам шу масала юзасидан чуқур таҳлил қилишган ва танадан қон чиқса, таҳорат бузилмайди, деган хулосага келишган. Бизнинг хулосамиз уларнинг хулосасига қарама-қарши, тескари. Танадан қон чиқса, таҳорат бузилиши ҳақида Қуръонда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам биз битта иштибоҳ билан мунозара қила олмаймиз. Чунки, бу менинг таҳлилим ва менинг хулосам! Мен у ҳақ, ё ноҳақлигини билмайман. Мен ўз фатвоимда қаттиқ туриш, уни ушлаб қолиш учун, исломдаги “биродарлик”лик принципини қурбон қилишга ҳаққим йўқ! Мана, уларда динга нисбатан қандай муносабат бўлган, қандай фикрлашган ва динга қандай ёндашишган! Фикҳ олимлари бирор-бир масалада бошқа мазҳабдаги олимларнинг фикрига қўшилмаса, аввал у олим ҳақига бир чиройли дуо қилиб, кейин нима учун бу фикрларга қўшилмаганликларининг сабабларини, ўз фикрларини баён қилишади. Бу фикҳ олими эса, дуо учун миннатдорчилик билдириб, у факиҳни ҳам дуо қилиб, кейин мақсадига ўтади.
Ислом принципининг асосий моҳияти шундан иборатки, турли хил фикрлар бўлишига қарамай, ўзини мусулмон ҳисоблаган одам асосий диққатини исломдаги “бир”ликни сақлашга қаратмоғи лозим. Ушбу бебаҳо талқинлардан исломнинг қандай соф, гўзал эканлигини англаяпсизми? Ана шу улуғ гўзалликни, софликни фақат самимий инсонларгина сақлай биладилар, ҳеч бўлмаганда шунга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам биз биринчи навбатда исломнинг принципларини билишимиз, англашимиз ва ихлос билан ўз ҳаётимизга олиб кира олишимиз керак. Шу тарзда дин бизни юксалиб боришимизга, Аллоҳ рози бўладиган амаллар қилишимизга ёрдам беради.