Текст книги "Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?"
Автор книги: Юлдузхон Назар
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 17 страниц)
“Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур”. Улуғ Аллоҳ Ўзининг нурига бошлайди. Бошқача сўз билан айтганда, Аллоҳ бизни Ўз Китобининг – Қуръоннинг нурига, пайғамбар алайҳиссалом суннатларининг нурига бошлайди. Аллоҳ бизга кўксимиздаги нурни ҳис қилишимизга ундайди. Бу нурни ўзи бизга ато этган. Лекин биласизми, “Аллоҳ ўз нурига бошлайди”, деган жумла охирги мақсадни ифодалайди. Одатда Аллоҳ тўғри йўлдан бошлайди, дейилади. Лекин Аллоҳ бу ерда линуриҳи деб айтаяпти. Араб тилидаги ли олд қўшимчаси бизни охирги манзилга етганимизни билдиради. Аллоҳ бу ерда “Агар сиз ўз нурингизни сақласангиз, мен сизни бутун йўл давомида ўзимнинг нурим томон олиб бораман, бир кун келиб, сиз менинг Нуримни кўрасиз, Мен сизга ўзим билан учрашишга ижозат бераман, шундай кун келадики, сиз Аллоҳнинг жамоасида бўлиб қоласиз”, деб айтаётгандек…
Субҳоналлоҳ! Битта мана шу оятда Аллоҳ бизга ўзимизнинг ким эканлигимизни, қаердан келганлигимизни, қаерга боришимизни, ўз вазифамиз нима эканлигини ўта ҳақиқат ва Донолик билан баён қилаяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг: битта оятда чексиз Ҳикмат, Оқиллик, Донолик мужассам бўлса, бутун бир Қуръон ҳақида нима дейиш мумкин?
Инсон ўз ҳаётида турли хил вазиятлар, қийинчиликларга дуч келади. Вазиятлардан виждонан, мардона чиқиш учун инсонга иймон, билим, заковат керак. Қуръонни ўрганиш, англаш орқали биз ўз ўзимизни таҳлил қила бошлаймиз, қандай қилиб ўз нафсимиз билан курашишни ўрганамиз, қалбимиздаги иймон кучая бошлайди, ақлий салоҳиятимиз, билимимиз ўсади, секин-аста маънавий етукликка қараб борамиз. Маънавий етук инсон нимаики ишни қилмасин, қайси касбда бўлмасин, ҳалолликни, Худодан ўзгадан қўрқмасликни ўзига сингдириб олган бўлади.
Қуръон ҳақидаги ожиз фикримизни муҳтасар қилган ҳолда, ислом олимларининг қуйидаги сўзларини эслатиб ўтишни лозим, деб топдик:
1. Қуръон билан Жаброил алайҳиссалом бирга тушдилар. Шунинг учун ҳам у зот фаришталарнинг улуғи бўлдилар.
2. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилди, шунинг учун ҳам у зот барча инсонларнинг саййиди бўлдилар.
3. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмига тушди. Шунинг учун ҳам саҳобалар қавми энг яхши қавм бўлиб қолди.
4. Қуръон Рамазон ойида тушган. Шунинг учун ҳам бу ой энг қутлуғ ой ҳисобланади.
5. Қуръон тушган тун “Лайлат ул-Қадр” кечаси, энг муборак тун бўлди.
VIII. ИБОДАТ ВА НАМОЗ
“…Мен – Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил, Мени эслаганингда намозни адо эт!”
(Тоҳо сураси, 14-оят)
Улуғ Аллоҳ таоло Қуръонда “ Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, дейди. (Зориёт сураси,56-оят)
Ушбу оятни ўқир экансиз, беихтиёр шундай савол туғилади: Биз бу дунёга фақат ибодат қилиш учун келганмизми? Аллоҳ бизни шунинг учун яратганми? Бизнинг ибодат қилишимиздан Аллоҳга бирор-бир манфаат борми? Ибодат қилмасак-чи? Унда нима бўлади? Бу дунёда ибодат қилишнинг ўзимиз учун қандай нафи бор? Ибодат ўзи нима? Намоз-чи? Намоз билан ибодат бир нарсами ёки бир-биридан фарқи борми?
Шу каби саволлар кўпчилигимизнинг хаёлимиздан ўтади. Келинг, ақлимиз, салоҳиятимиз етганича шулар ҳақида ҳам озроқ тафаккур қилиб кўрамиз. Ҳа, фақат тафаккур.
“…Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ибодат хусусида тўхталиб: “Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади”, деб айтадилар (“Тафсири Ҳилол”).
Уламолар мусулмон одам нимаики иш қилмасин, ҳаттоки дам олиши, ухлаши ҳам ибодат саналади, дейишади. Ҳа, мусулмон бўлган одамнинг яхшилик билан, яхши ниятда қилаётган ҳар бир ишини Аллоҳ ибодат деб қабул қилар экан.
Барча Илоҳий Китобларда ҳам Улуғ Роббига муҳаббат билан ибодат қилиш орқали инсоннинг қалби очилиши, Аллоҳнинг ҳидоятига сазовор бўлиш ва жаннатга етиш ҳақида гапирилади.
Ислом дини инсонларга ҳақиқий илмни берди; у орқали инсон ўз тафаккурини, қалбини кенгайтириб бориб руҳий-маънавий оламини ўзгартиради, юксак даражаларга кўтарилиб Аллоҳга яқинлашади. Бу инсон учун энг улуғ бахт. Бундай юксак мартабага инсон қандай эришиши мумкин? – фақат Ибодат орқали. Ислом дини принципларини мақкам тутишлик мусулмон одамнинг ибодати ҳисобланади.
Бутун олам Аллоҳнинг Қудрати, Яратувчилик Қуввати устида туради. Биз шуни ўзимизда англасак ҳар бир нафасимизда ибодат бўлади. Ҳа, биз бу дунёга ўз Роббимизни таниш учун, Билиш учун, Унга ибодат қилишимиз учун келганмиз. Оламни, инсоннинг яратилиши, бунинг ортида яширинган илоҳий Оқиллик ва Доноликни англаш инсон зиммасидаги вазифа.
Жисмимиздаги аъзоларимиз ҳам беҳуда яратилмаган. Кўзимиз билан кўрамиз, қулоғимиз билан эшитамиз, оёғимиз билан юрамиз. Лекин, нима учун кўзимизни ношаръий нарсалардан тиймаймиз, қулоғимизни ғийбатдан тиймаймиз, оёғимиз қайларга бориб, қайларга қайтади?
Беҳуда яратилмаган аъзоларимизни назорат қила олиш, шариатга мувофиқ пок сақлай билиш – бу ҳам ибодат бўлиб, одамийлик даражасига бир поғона кўтарилишимизга имкон беради.
Аллоҳ бизларни бу дунёда фақат еб, ичиб, кўпайиб яшашимиз учунгина яратмаган. Агар фақат шунинг учун яшасак, ундай ҳолда чорва молларидан фарқимиз қолмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръонда ҳам гапиради. Ибодат бизни “чорва молларидан” ҳақиқатда фарқли эканлигимизни билдиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ инсонларга “Фақат Менгагина ибодат қилинг!” деб ҳукм қилади.
Нима учун биз Аллоҳга ибодат қиламиз? Улуғ Аллоҳ беадад севги, ихлос билан, шукроналик билан қиладиган ибодатларимизга лойиқ Зот бўлгани учун ибодат қиламиз. Буни чуқур англаш керак. Аллоҳ биздан шуни истайди… Қандай қилиб биз У зотга ибодат қилмаймиз? Ахир У бизни мукаммал қилиб яратди! Қандай қилиб биз У зотга ибодат қилмаймиз? Ахир У Зот иймонимизни чархланиши, кучли иймон эгаси бўлишимиз ва янада Аллоҳга яқин бўлишимиз, азиз ва мукаррам бўлишлигимиз учун ҳам турли хил синовларни бериб қўйибди. Қандай қилиб биз Аллоҳга ибодат қилмаймиз? Аллоҳ бизни истайди. У бизни Ўз Даргоҳида кўришни истайди. У бизнинг покиза қалбимизда Ўзини кўришни истайди… Нима учун У Зотнинг ёлғиз Ўзи ибодатга лойиқ? У Бутун оламда, Ер юзида Ўзиниг чексиз Куч, Қудрати, Қувватини намоён этиб турган Зотдир. Аллоҳнинг бу Сифатларини Унинг 99 исмида кўрамиз. Ибодат – бу қуллик. Ибодат – бу Ислом дини бизга нимани ўргатса, шуни бажариш. Фақат буни қай даражада бажариш, бажармаслик – бу инсоннинг ўзига боғлиқ.
Ибодат инсон ҳаётини гўзал қилади
“Сенинг муҳаббатинг қалбимдан бошқа ҳеч қаерга сиғмаган эди.
Ҳозир эса, қалбимга ҳам сиғмасдан кўзларимдан тўкилиб тушаяпти…
Жалолиддин Румий
Ривоятларда келишча, бир одам 500 йил умрини фақат ибодатда ўтказган экан. Оила ҳам қурмабди, уй-жой ҳам қилмабди. Ҳеч ким йўқ жойда фақат намоз ўқиб, тоат-ибодатда яшабди. Вақти-соати етиб, бу дунёни тарк қилибди. У Аллоҳ мени тўппа-тўғри жаннатга юборади, деб ўйлабди. Лекин Аллоҳ фаришталарига: “Менинг раҳматим билан жаннатга қўйинглар!” деб амр қилибди. Шунда ҳалиги одам ҳайрон бўлиб: ахир мен 500 йил умримни Сенга тоат ибодатда ўтказдим, қандай қилиб мени раҳматинг билан киргизасан, мен тўғридан-тўғри жаннатингга киришга лойиқ эмасманми”, дебди. Шунда Аллоҳ: “Мен сенга деб, олдингда бир туп анор ўстирдим, шуни шукрини қила олдингми”, деб сўраган экан.
Ёшлик пайтимизда бизга “Агар океаннинг суви миқдоричалик сиёҳ кетказиб, бутун дарахтлардан қалам қилиб ёзсанг ҳам, Аллоҳнинг шукрини адо эта олмайсан”, дейишганида бу ҳаддан ортиқ муболаға, деб ўйлаган эдик. Вақти келиб бу сўзлар муболаға эмас, айни ҳақиқат эканлигини англадик. Қилаётган ва бажараётган ҳар бир ҳаракатингиз Аллоҳнинг Кучи, Қудрати билан юзага келаётганини англасангиз, бу мўъжизанинг олдида ҳайратга тушасиз. Шукроналикнинг чеки йўқлигини биласиз. Битта аъзоингиз ишламай қолсин, бу сизга қанчалик қийинчилик туғдиради. Ана шу битта аъзоингиз ишлаши учун жисмингиздаги триллионлаб тўқималар Аллоҳнинг амри билан ҳар нафасда ишлаб турибди, бутун Коинот ишлаб турибди, Субҳоналлоҳ! Қандай қилиб шукрона айтмаслик мумкин?! Бу ҳақда тафаккур қилган банда Унинг чексиз Куч, Қудратининг олдида ҳамиша ҳайратда. Ахир, биз биргина ўзимизнинг яралишимиз, тузилишимиз, ҳар бир аъзоларимизнинг хатти-ҳаракати қанчалик бир-бири билан боғлиқ эканлигидан нима учун ҳайратга тушмаслигимиз керак?! Аллоҳнинг Қудратини тасаввуримизга сиғдира олмаганимиздек, бу мўъжизаларнинг ҳам таг-тагига ета олмаймиз. Биз Унинг чексиз Муҳаббати, Куч, Қудрати олдида ҳайратдамиз, ожизмиз ва Унга таслим бўлиб йиқиламиз, чексиз шукроналар айтамиз. Бу эса бизни Яратганнинг олдига яқинлаштиради. Аллоҳнинг: “ Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас” (Сажда сураси, 17-оят) оятининг мағзини ўзингиз бир чақиб кўринг. Шунинг учун ҳам биз Аллоҳга ибодат қиламиз.
Ибодат фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, закот беришнинг ўзи эмас. Ватанига ҳалол хизмат қилиш ҳам ибодат. Аллоҳ розилигида адолатли бўлиш ҳам ибодат. Илм олиш ибодат. Сиз билим олишда, спортда, ҳунармандчиликда, санъатда ёки таълим беришда, одамларга хизмат кўрсатишда (ошпаз, новвой, қурувчи каби), оилада, ўзаро муносабатингизда, умуман, қайси соҳада бўлманг, ишингизни холис Аллоҳ розилиги учун сидқидилдан, ҳалоллик билан бажаришингиз ҳам ибодат.
Ибодатда юришнинг ўзи ҳаётни гўзал қилади, одамни гўзал қилади, жамиятни гўзал, обод қилади. Ҳулқи чиройли, одоби чиройли, сўзи чиройли, тўғрисўз, самимий, муҳаббатли… Бундай одамни кўрганлар шу заҳоти – бу мусулмон экан, деган хаёлга келса… Аслида мусулмон ана шу жиҳатдан бошқалардан фарқланиб туриши керак. Динига, суннатга гард юқтирмай, уни соф ҳолда сақлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий вориси бўлиб юриш ҳам ибодатга киради. Ибодат – мусулмон ҳаётининг барча жабҳаларини ҳар томонлама, ҳар сония ўз ичига олган бўлади. Инсон қалбида кучли иймон ва Аллоҳга, атроф-оламга муҳаббати бўлсагина, ана шу муҳаббатини ҳамма вақт намоён қила олса, унинг ҳаётининг ҳар лаҳзаси ибодат бўлган бўлади. Фақат кучли муҳаббат!
Шундай қилиб, биз инсоннинг Аллоҳ учун яхши ниятда тафаккур билан, оқиллик билан қилаётган ҳар бир иши ибодат эканлиги, ибодат – ўзини мусулмон санаган инсоннинг ҳаётда яшаш тарзи эканлиги ҳақида бир оз тафаккур қилгандек бўлдик.
Сажда – Яратганга муҳаббат изҳори
Шу ўринда, “қалби меҳр, муҳаббатга тўла инсон яхши, фойдали ишларни чин дилдан, самимийлик билан адо этса, ҳар лаҳзаси ибодатда ўтса, бундай ҳолда бу одам намозни ўқимаса ҳам бўладими? Нима учун беш вақт, албатта, шу ишларни қилишимиз керак? Ўзимиз хоҳлаган вақтда, ўзимиз истаганчалик намоз ўқисак бўлмайдими, ҳар доим ҳам ўз вақтида намоз ўқишга имкон бўлавермайди-ку?! Унинг ўрнига садақани кўпайтириб, бева-бечораларга ёрдам берганим афзал эмасми? Ахир бу ҳам ибодат-ку? Илм ўрганишим ҳам ибодат-ку?!” деган саволлар албатта хаёлимизга келади.
Бу саволга эса уламолар Аллоҳнинг барча ҳукмлари юқоридан Ерга – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тушганлигини, намоз ўқиш ҳукми эса Аллоҳнинг мўъжизаси рўй берган тунда – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида, яъни Меърожда фарз қилиб берган буйруғи, шунинг учун ҳам намоз ўқишимиз шарт эканлигини айтишади. Лекин ташқаридан қийиндек бўлиб кўринган бу вазифа – инсоннинг Аллоҳга, ўз динига бўлган муносабатининг бир кўриниши.
Ўтган асрнинг 1961 йилларда Истанбулдаги Сулаймония мачитига бир гуруҳ сайёҳлар келишади. У вақтда мачитга хожи Нозиф Чалабий исмли киши имомлик қилган эканлар. У одам намоз ўқиб бўлганларидан кейин келган сайёҳлар имомни ўртага олиб, турли хил мунозаралар қиладилар ва имомга атай масхараомуз саволлар бера бошлайдилар. Кимлардир эса одамни маймундан пайдо бўлганлигини исботламоқчи бўлади. Қай биридир эса нима учун намозда аввал тик туриб, кейин эгилишларини ва ундан сўнг ерга тиз чўкиб, бош эгишларининг сабабини, бунда қандай маъно борлигини сўрайди; кимдир эса, нима учун мачитларга курсилар қўйилмаслигини, нима учун одамлар имомнинг ваъзини курсиларда ўтириб эшитмаслигини сўрайди. Ҳожи Нозиф Афанди бу саволларга ниҳоятда гўзал ва эсда қоларли даражада қуйидагича жавоб берадилар: ”Намоз ўқилаётган вақтда биз аввал оёқда тик турамиз, кейин белимизгача эгиламиз, ундан сўнг эса, тиззаларимиз билан чўкиб, пешонамиз билан ерга бош қўйиб сажда қиламиз. Бу ҳаракатлардаги маъно шундаки, биз тик турган ҳолимизда худди пайғамбар Одам алайҳиссалом исмларининг бош ҳарфини ёзаётгандек бўламиз. Одам алайҳиссаломнинг исмлари 3 та ҳарфдан иборат: Алиф, Дол, Мим. Шунинг учун ҳам биз аввал худди Алиф ҳарфдек тик турамиз. Кейин эса белимизгача худди дол ҳарфини ёзаётгандек букиламиз. Энди мим ҳарфи қолаяпти. Пешонамизни ерга қўйиб сажда қилган ҳолимизда худди мим ҳарфини ёзаётгандек бўламиз. Ана шундай ҳаракатлар билан ҳар намозда биз худди отамиз Одам атонинг исмларини ёзаётгандек бўламиз. Биз ушбу ҳаракатлар билан “одам маймундан пайдо бўлган”, деган сафсатани инкор қилган бўламиз. Бунинг яна иккинчи жавоби ҳам бор. Биз намозда тик турганимизда Аллоҳ бизга ризқ қилиб берган барча неъматларини эслаймиз, Аллоҳга эҳтиром қилиб Унга эгиламиз. Лекин бу эгилганимиз етарлича эмаслигини билдириб, ўзимизни Аллоҳга таслим қилиб тиз чўкамиз, пешонамизни ерга қўйиб, сажда қиламиз, Аллоҳга бўлган шукронамизни, эҳтиромимизни ифода этамиз”. Шу вақт сайёҳлардан бири имом ҳожи Нозиф Афандининг олдиларига келиб: “Кейинги намоз вақти қачон бўлади, деб сўрайди. Мен сиз билан биргаликда сиз айтган намозни бажармоқчиман, мен ушбу ҳаракатларни бажаришни жуда ҳам хоҳлайман, шу ҳаракатлар билан мени яратган Зотга ўз ҳурматимни, эҳтиромимни ифода этмоқчиман. Менинг назаримда бу ҳақиқий итоат ва таъзим қилишдир”, дейди.
Ҳурматли ўқувчи! Ушбу кичик воқеада имом Нозим Афандининг намоз ҳақидаги гўзал жавобларидан ўзимиз учун ҳам хулоса чиқариб оламиз. Бемани, масхараомуз саволларга ўта юмшоқлик, ҳикмат билан, оқилона жавоб берганлари, натижада кимнингдир қалбидаги иймонини уйғотганларини ва ҳақиқий мусулмоннинг чеҳрасини кўрамиз. Бу ҳам бизлар учун бир ибрат.
Саҳобалардан кейин яшаб ўтган улуғ тобеъинлардан ал-Аҳнаф ибн Қайснинг ҳикоя қилишича, бир куни Асқо масжидига борса, бир одамнинг кечаси билан ибодатда бўлганлигини, бу одам саждага бош қўйганида узоқ муддат саждада қолиб кетаётганлигига эътибор қилади. Бу одам намозини ўқиб бўлганидан сўнг, унинг олдига бориб: “Биродар, неча ракат ўқиганингизни эслай оласизми”, деб сўрайди. Шунда ҳалиги одам: “Агар мен билмасам, унутсам, буни Аллоҳ албатта билади”, деб жавоб беради ва давом этиб: “Менинг суюкли инсоним” деб у ёғини айта олмай йиғлаб юборади. Бир оздан кейин у одам ўзига келиб: “Мен суйган инсон айтган эди”, деб яна йиғлаб юборади. Ал-Аҳнаф уни юпатади. Бир оздан кейин бу одам ўзини қўлга олиб: “Менинг севикли Расулим менга: “Қачонки, сиз бош эгиб сажда қилсангиз Аллоҳ сизни бир даражага юксалтиради ва ҳар бир бажарган саждангиз туфайли сизни гуноҳларингизни ювади”, деб айтган эдилар, дейди. Ал-Аҳнаф ҳайрон бўлиб: “Сиз кимсиз?” деб сўрайдилар. Бу одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари – Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу бўлган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари учун намоздаги энг севимли ҳолат – сажда ҳолати бўлган. Чунки, ”Сажда ҳолатида инсон ўз Роббисига яқинлашади” (Бухорий, Муслим ривояти). Саждани кўпайтирган одам вафот этганда, ҳаттоки Ер унинг саждасини соғиниб йиғлар экан. Қиёмат кунида эса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ҳолатида туриб бизларни шафоат қилар эканлар. Субҳоналлоҳ! Шунинг учун ҳам намоздаги сажда ҳолати энг улуғ ҳолат ҳисобланар экан.
Робиъйа ибн Каъб Асламий деган саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат олишлари учун сув тайёрлаётган бўлади. Шу вақт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамнинг пешонасидаги намоз тамғасини ва юзидан уфуриб турган меҳр-муҳаббат нурини кўриб: “Сўра!” дейдилар. Шунда ибн Каъб: “Сиз билан бирга жаннатда бўлишни истайман”, дейди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, саждангни кўпайтир”, деб айтган эканлар.
Фозилларнинг таъкидлашича, намоз – Улуғ Аллоҳнинг бандасига, унинг садоқатига бўлган ишончи, дуо қилгувчи билан дуони Эшитувчи орасидаги сирли муносабат экан.
Сажда ҳолатининг улуғлиги ҳақида гапириб, Ибн Қойюм раҳматуллоҳи алайҳ намоздаги барча ҳолатлар: тик туриш, қўлни кўтариш, белгача эгилиш ва яна тикка туриш – буларнинг барчаси саждага киришдир, деб айтган эканлар. Ниҳоятда маъноли, гўзал сўзлар!
Намоз ва ҳозирги замон илмий тафаккури
Биз намоз, ибодат ҳақида тафаккур қилар эканмиз, Аллоҳнинг буйруғини банда сифатида сўзсиз адо этиш керак эканлигини англаймиз ва шу билан бирга нима учун намозга алоҳида урғу берилганлигини англашга ҳаракат қиламиз. Намоз – ўзимиз учун, ҳаётимиз учун муҳим бўлган ибодатдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳадислар жуда кўп. Сирли илм эгалари бўлган сўфийлар: “Намоз вақтини ўтказиб юборгандан кўра, ўлиш афзалроқ” деб билишган. Улар учун жойнамоз гиламчаси Илоҳий Ҳақиқатга чиқиш нуқтаси ҳисобланади. Намоздаги қилинадиган ҳар бир ҳаракат: тик туриш, эгилиш, тиззаларнинг ҳаракатлари, оёқда ўтириш, қўлни кўтариш ва ниҳоят саждада бўлиш ҳолати, ҳар бир ҳаракатнинг илоҳий моҳияти, аломатлари ҳақида улуғ олимлар фикр билдиришган. Намознинг медицина нуқтаи назаридан бизнинг соғлигимиз учун қанчалик муҳим эканлиги ҳақида битта китоб ёзса бўлади. Умуман олганда, бизнинг намоз ўқишимиз, яна ўз вақтида ўқишимиз кераклиги ортида нима бор экан? Бунинг ортида нима борлигини энди биз бунга ҳозирги замон илмий нуқтаи назаридан олимларнинг хулосаларини қараб кўрамиз.
Намоз вақтлари Ер, Қуёш ва бошқа сайёраларнинг ҳаракатига, йил фаслларининг ўзгариб боришига, географик жой нуқтаи назаридан ҳам мукаммал тарзда тўғри келади. Инсон организмида сутка мобийнида 50 та кичик ва 5 та катта биологик ритм рўй берар экан. 5 та катта биоритмларнинг алмашиниши Қуёш системасидаги сайёраларнинг жойлашуви билан боғлиқ. Бу биоритмларнинг алмашинуви вақти 5 вақт намознинг вақтлари билан бир-бирига мутаносиб равишда тўғри келар экан. Субҳоналлоҳ! Намоз ўқиётган одам шу тазда Коинотдаги рўй бераётган жараёнлар билан бирга уйғунликда бўлади. Хабарларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида бир кунда 5 вақт эмас, 50 вақт намоз буюрилган экан. Мусо алайҳиссаломнинг маслаҳатлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан 50 вақт намознинг савобига тенг 5 вақт намозга рухсат сўраб олган эканлар. Субҳоналлоҳ! 50 та кичик ва 5 та катта биологик ритмлар ва бу сайёраларнинг ҳаракати билан уйғунликда содир бўлиши ва бу вақтда намоз ўқилиши! Аллоҳнинг чексиз илм Эгаси эканлигига қандай қилиб ҳайратланмайсиз!
Қоҳирадаги халқаро ёруғлик технологиялари илмий маркази профессори Муҳаммад Зиёутдин Ҳамиднинг таъкидлашича, бизнинг танамиз ҳар куни теварак-атрофдан келаётган зарарли электромагнит тўлқинлари тўри ичида ўралиб қолишини айтади. Бу тўлқинлар бошимизнинг олд пешона қисмида йиғилиб боради ва шунинг учун ҳам кўпроқ стресс, депрессия, дангасалик ва бошқа жиддий касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлар экан. Шу нарса ҳайратланарлики, инсон сажда ҳолатида бўлганида ана шу тўлқинлар организмдан чиқиб кетар экан. Сажда ҳолатида нафақат ортиқча электромагнит тўлқинлари чиқиб кетади, балки организмга уларнинг салбий таъсири ҳам кескин камаяди. Шунингдек, сажда ҳолатида одамдаги салбий қувватлар чиқиб кетиб, ижобий қувватлар кириб келади. Кун бўйи йиғилган электромагнит тўлқинларидан халос бўлиш учун ва салбий қувватлардан қутулиб, ижобий қувватлар олиш учун одамга ҳар кунги 5 вақт намознинг ўзи етарли бўлар экан.
“Қудратли ва Раҳмли (зот)га (барча ишларингизда) таваккул қилинг! У Сизни (намоз учун) тураётган вақтингизни ҳам кўради. Сажда қилувчилар (намоз ўқувчилар) орасида кезган (вақтингизни ҳам) кўриб турур. Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир” (Шуаро сураси, 217–220-оятлар).
IX. БЕРСАНГ, МЕНИ БИР ГУЛ ҚИЛИБ БЕР…
Ҳалима Худойбердиева
Биз энди сиз билан муқаддас Каъба хусусида бир оз сўзлашамиз. Зеро, улуғларимизнинг таъкидлашича, Каъба ва унинг тарихи ҳақида билмоқлик мусулмон одамнинг вазифаси экан.
Каъба – мусулмонларнинг муқаддас қадамжойи ҳисобланади. Ислом устунларидан бири бўлган ҳаж амалини бажариш учун бутун дунёдан мусулмонлар Макка шаҳрига келишади. Муборак Каъбанинг атрофини айланиб, тавоф қилишади. Нима учун айнан Каъба атрофини тавоф қилишади?
Баъзи одамлар “Аллоҳдан ўзгага сиғиниш йўқ”, деб нима учун мусулмонлар Қора тош атрофида айланишади, унга сиғинишади, деб ҳайрон бўлишади. Аслида эса, одамлар Каъбага сиғинишмайди, уни тавоф қилишади.
Улуғ инсон Алихонтўра Соғуний ўзларининг “Тарихи Муҳаммадий” китобларида Каъба хусусида қуйидаги жуда қизиқарли маълумотларни берганлар:
Кўпгина манбаларда Байтуллоҳни биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурганлар, деган фикрлар мавжуд. Аслида эса, Байтуллоҳни биринчи бўлиб фаришталар қурганлар.
“Ҳадисларда келишича, тўртинчи қават осмонда Байтул Маъмур деган бир бино – қаср бор экан. Таърифланишича, ушбу бино ёқутдек товланиб, ўзидан нур, ёғду таратар экан. Ер устида ҳожилар худди Байтуллоҳни зиёрат қилганларидек, ҳар куни 70.000 фаришта умри давомида бир марта ушбу Байтул Маъмурни зиёрат қилар эканлар.
Ҳали инсон насли яратилмасидан аввал Ерда турли хил тоифадаги жинлар бўлган. Ер юзида Жинлар жуда кўп фасод ишларни, бузғунчиликларни қиладилар. Аллоҳ таоло қаҳр қилиб, уларни ҳалок қилишни тўртинчи осмон фаришталарига буюради. Бу фаришталар Ерга тушиб жинларни ҳалок қиладилар. Сўнгра фаришталарга ўз маконларига қайтиб чиқишларига бир муддат рухсат бўлмай туради. Ерга тушган фаришталар Ерда ҳам худди тўртинчи осмондаги Байтул Маъмурдек улуғ, муборак бино бўлишни истайдилар. Аллоҳ таоло фаришталарнинг дуоларини қабул қилади. Аллоҳнинг амри билан Жаннатдан Ҳажарул Асвад тоши келтирилади. Байтул Маъмурнинг шундай, тўппа-тўғри тагига ясаб, шуни тавоф қилишга буюради. Мана шу Байтуллоҳнинг биринчи биноси бўлган экан. Отамиз Одам алайҳиссалом Байтуллоҳни иккинчи марта қурганликлари ҳақида ривоятлар ҳам бор..”.
Астронавт Н. Армстронг Ер шарини космосдан кўриб: Ер – бу худди осилиб турган шар, ким буни осиб қўйган экан? деб айтган экан. Кейин бу космонавтлар Ердан нур ёғилиб турганлигини, бу нур Макка атрофидан, аниқроғи Каъбадан таралаётганлигини айтишади.
Демак, Каъба шундай бир жойга қурилганки, унинг тепасида, тўртинчи осмондан нур, ёғду таралиб, ёғилиб турган (қувват) Байтул Маъмур жойлашган. Аллоҳ таоло Каъба атрофини айланиб, тавоф қилишни бежиз буюрмаган. “Албатта одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манба) бўлмиш (Каъба)дир (Оли Имрон сураси, 96-оят).
Мусулмонлар дунёнинг қайси томонида бўлмасинлар, улар Каъбага юзланиб намоз ўқийдилар. Каъба-Қибла. Дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, Каъбага юзланиш, мўлжал Қибла дейилади. Қибла – “Бир”лик аломати. Фақат Каъбага юзланиб намоз ўқишгина эмас, балки унинг атрофида тавоф қилиш ҳам барча инсонларнинг “Бир”лик аломатини билдиради. Коинотдаги Холиқ Кучи, Қуввати билан яралган барча олам – квант зарраларидан тортиб то улкан осмон жисмларигача, энг катта юлдуз ва сайёраларгача – ҳаммаси ўз ўқи атрофида соат йўналишига қарши тарафга айланиб ҳаракатланади. Худди шундай, Каъба атрофини миллионлаб мусулмонлар айланар эканлар, улар ҳам коинотдаги барча жисмлар каби соат йўналишига қарши ҳаракат қилиб айланишади. Бу оламдаги, табиатдаги барча нарсалар Холиқ бўлган Улуғ Аллоҳга биргаликда ибодат қилаётганлигини, бу жараён барча яратилган нарсаларнинг “Бир”лигини билдиради. Буни сиз атом ва атом зарралари мисолида тасаввур қилиб кўринг. (Эсланг: Аллоҳнинг амри билан битта улкан портлашдан худди атом зарралари каби бутун олам яратилган). Каъбанинг яратилишида ҳам, унинг географик жойлашувида ҳам Аллоҳнинг улкан мўъжизаси, сир-асрори бор. Ҳатто, ривоятларда келишича, биз бу дунёга келмасимиздан (алмисоқ) аввал Аллоҳга берган аҳдимиз Ҳажарул Асвадда сақланар экан.
Байтул Маъмурнинг – илоҳий Қувватнинг тагида одамлар ҳам худди Коинотдаги жисмлар каби биргаликда, бир бўлиб ҳаракат қилишади, уларнинг ҳаракати коинотдаги жисмларнинг ҳаракати билан уйғунлашиб кетади… Олимларнинг фикрича, Каъба атрофини айланиш жараёнида инсон мусбат заряд олар экан. Бу қалбан покланиш дегани. Бу мўъжизада биз инсонлар учун қандай илоҳий сир яширинган?
Атиргул – Аллоҳнинг сиридан воқиф бўлган сўфийларнинг рамзи ҳисобланади, унинг новдасидаги тиканлари эса Аллоҳга борадиган йўлнинг осон эмаслигининг рамзий маъноси. Атиргул – латиф гўзаллик белгиси, қалбнинг латиф гўзаллигини ҳис қилиш белгиси. Ҳақиқий атиргулнинг турфа, муаттар иси сизни дилингизни қанчалик хушнуд этади, бир зумга бўлсада, сизни бошқа оламларга етаклайди. Гул косачаларининг жойлашувига эътибор қилинг: тугунчаси атрофида ҳаммаси айланиб, айланиб, бир Гул шаклига (етиб) келган. Коинотдаги галактика, юлдузлар ҳаракати-чи? Ҳаммаси спирал шаклида айланма ҳаракат қилади; Байтул Маъмур тагида жойлашган Каъба атрофини ҳожилар худди Коинотдаги барча жисмлар каби ҳаракат қилиб айланишади. Худди атиргулнинг тугунчаси атрофига айланма шаклида йиғилган гулкосачалардек, Муқаддас Каъба атрофини айланишади, айланишади, ва ниҳоят ана шу жараёнда уларнинг қалблари муаттар Гулга айланади! Субҳоналлоҳ!
Ушбу жумла рамзий маънода келаяпти. Лекин инсон ибодати билан сидқидилдан адо этган намози, сажда билан ва ниҳоят мукаммал бажарган ҳаж амали билан покланиб, унинг қалби Атиргул мисоли муаттар, пок бўлиб қолар экан… Субҳоналлоҳ!
Оламларнинг, Одамнинг яратилиши ҳақида фикр қилар эканмиз, бу дунё биз учун яратилганлигини, Аллоҳга итоатимиз, ибодатимиз орқали қалбимизнинг “муаттар гулга айланишига” берилган имконият эканлигини ҳис қила бошлаймиз.
Пайғамбарликнинг, Қуръоннинг, ибодатнинг, намознинг, Каъбанинг мўъжизаси… Булар бизни ўз аслимизга, аслимиз сари журъат этишимизга олиб боради. Субҳоналлоҳ!