Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 9


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Қуръон – Улуғ Йўл харитаси

Биз Инсоннинг асл моҳияти нимада эканлиги ҳақида гапирар эканмиз, Қуръон-ҳар бир инсон учун ўз моҳиятига етишига олиб борадиган “йўл харитаси” эканлигини англамоғимиз зарур. Қуръонни қалби билан англаган ва кўрсатмаларига қатъий амал қилган инсон “ўзидан-ўзигача бўлган йўлнинг “сир”идан, моҳиятидан воқиф бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръонни ўқиганда, уни маълумот сифатида қабул қилиш мумкин эмас. Қуръонни ўқиш керак экан, деб ўқилмайди, ёд олиш керак экан, деб ёд олинмайди. Аллоҳ биздан талаб қилган энг муҳим нарса – тафаккур, тавассум, тадаббур қилган ҳолда ўқилади. Шунинг натижасида инсон маънавий юксалади, Қуръон орқали ўз Роббисини танийди, қалби тирилади, руҳи юксалади, камол топади.

Қуръондаги Эслатма, Қарор, Ҳукмлар нафақат ҳар бир инсонларнинг бахт-саодати учун, балки ҳар бир жамият, ҳар бир давлатнинг, мамлакатнинг кучли тарзда ривожланиши, тараққиёти учун ҳам энг муҳим Кўрсатма бўлиб қолади. Буни “исломий давлат бўлиш керак экан”, деб тушуниш мумкин эмас. Бу сўзни иймони бутун, виждони уйғоқ, Аллоҳнинг илоҳий қонунларига бўйсунган, ақли баркамол, маънавий етук одамлардан иборат давлат, жамият” деб тушуниш керак. Чунки Қуръонни ўз ҳаётида жонлантирган одам иймонли бўлади. Бундай иймони бутун, маънавий юксак одамлар билан ҳар қандай давлат, жамият, тараққиёт юксалади, ривожланади, ер, сув, табиат асралади, дарахтлар беаёв кесилмайди, адолатсизлик, коррупция, ўғрилик, уруш, қирғинбаротлар бўлмайди.

Наполеон Бонопарт: “Мен бутун дунёдаги барча ақлли, маърифатли инсонларни бирга жам қила олишимга ва одамларни ҳақиқий бахт, саодатга олиб бора оладиган Қуръон принципларига асосланган битта Қонунни ўрнатишга умид қиламан”, деб айтган экан. Қуръон принциплари, ҳукмлари давлатнинг ривожланишига, одамларни бахт-саодатга олиб келишига, Ер юзининг гуллаб-яшнашига мусулмон бўлмаган Бонопарт ҳам тушуниб етган. Чунки Қуръонда Аллоҳ инсониятни Ўз илоҳий қонуниятларидан огоҳ этади, ҳаром, зулм, зўравонлик, адолатсизлик, риё, ҳаром орқали пул топишнинг муқаррар жазоси ҳақида ошкор гапиради. Шунинг учун ҳам Худони билган ва ундан қўрққан иймонли одамлардан иборат жамият, давлатда ҳеч қачон коррупция, порахўрлик, зулм, адолатсизлик бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам бундай жамиятда яшаш бахт, саодат-ку! Бундай бахтли жамиятда яшаш кимгадир эмас, ҳар бир инсоннинг ўзига-ўзимизга боғлиқ эканлиги исбот талаб қилинмайдиган аксиомадир.

АҚШдаги жаҳонга машҳур Ҳарвард университетининг ҳуқуқшунослик факультетининг кираверишидаги деворига Қуръонда келган Аллоҳнинг қуйидаги эслатмаси инглиз тилида битиб қўйилган: “Эй иймон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ёки қариндошларинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлиш учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз. Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош торсангиз албата, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).

Аллоҳнинг ушбу Эслатмаси қандай эътиқодда эканлигидан қатъи назар, бўлажак ҳуқушунослар учун “эслатиб” қўйилганлиги таҳсинга сазовордир. Аллоҳнинг Сўзлари, Унинг Ҳукми барча учун баробар эканлиги деворга ўйиб ёзилган лавҳада кўриниб турибди.

Немис файласуфи Иммануэл Кант ҳам ўз диссертация ишини араб ёзувида “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан” деб бошлаган экан. Бу тафаккур эгаларининг Қуръонга, Аллоҳга бўлган ўз муносабати, иқрори.

Тасаввуф олимларининг таъкидлашича, Қуръондаги ҳар бир оят 18.000 маънони билдирар экан. Сўфийлар, авлиёлар, олимлар ҳар бир оятни абжад билан ҳисоблаб, маъносини чақишади. Шу вақтга қадар ҳар бир оятнинг бр неча хил маъноси топилгандир, лекин 18 минг маъноси ҳали ечилганича йўқ, инсоннинг идроки ҳали бунга ожиз. Ислом олимлари оятларнинг маъносини билиш учун ҳар бир оят устида кўпроқ тафаккур қилишни ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини яхши билиш керак эканлигини қайта-қайта уқтиришади.

Айтиб ўтилганидек, Қуръон тўлиқ Китоб ҳолида тушмаган. У 23 йил мобайнида бўлиниб тушган. Қуръонни жамлаш ва Китоб ҳолига келтириш осон иш бўлмаган. “Қуръони Каримнинг ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида жамланиши, ҳамда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврларида мукаммал қилиб тўпланишида саҳобаи киромларнинг шунчалик ҳиссалари кўпки, инсоният бу қарзни то қиёматгача узиб ато этолмайди” (Билолхон домла Рустамов. “Саботуложизийн” шарҳидан).

Шунинг учун ҳам ҳар сафар Қуръони Каримни қўлимизга олар эканмиз, улуғ саҳобийларнинг ҳаққига дуо қилиш биз авлодларнинг маънавий бурчи эканлигини билишимиз зарур.

Ҳар бир тушган оят бўлиб ўтган қандайдир воқеликка сабаб, боғлиқ ҳолда тушган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини ўрганиш ортида биз оятларнинг қачон, қандай шароитда, нима учун тушганлигини ва мазмуни, маъносини озроқ бўлса-да, билиб оламиз. Секин-аста ўрганганимиз сари, тафаккур қилганимиз сари Қуръон сирлари кенгроқ очила бошлайди…

Аллоҳ Қуръонда “Вал Қуръанил Ҳакийм”, дейди. Ҳакийм сўзи билан Қуръоннинг Ҳикматга тўла эканлигини, ҳаддан ортиқ Донолик, Оқилликни ўзида мужассам этиб, қатъий Ҳукм, Қарорлар, яъни Аллоҳнинг ҳеч қачон ўзгармайдиган Ҳукми, Қарори мавжуд эканлигини, шунингдек, биз оятлардан ҳикмат излашимиз, англашимиз муҳимлигини билдиради.

Нуъмон Али Хон “Вал Қуръанил Ҳакийм” оятини тафсир қила туриб , “Ҳакийм” сўзи билан Аллоҳ ўзини ҲАҚИҚАТ эканлигини тасдиқлашини, бу сўз ортида эса Ҳикмат, Доно, Оқиллик ва Ҳукмронлик ҳақиқати борлигини айтади. Бу оятда инсоннинг ақли доирасига сиғмайдиган жуда ҳам катта бир ҳақиқатнинг тасдиғи борлигини, унинг фитрати учун жуда ҳам кўп, жуда ҳам кенглик қиладиган ҳикмат, донолик борлигини таъкидлайди. “Қуръон буюрган қарор ва ҳукмларидан ҳеч қачон четга чиқмаган ва ўзгартирмаган. Қуръон ўз ҳукмларида доимо қатъий, Қуръоннинг барча қисмлари ўзаро бир-бири билан худди газмол тўқилганидек идеал равишда боғлиқ; у ерда ортиқчалик ҳам йўқ, ёки бир-бирига боғланмай қолган жойи ҳам йўқ. Ундан бирор сўзни олиб ҳам ташлай олмайсиз. Ҳаммаси ўз ўрнида, жой-жойида, У идеал – мукаммал”, деб айтади.

“Айтинг: Бу Қуръон Роббингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин… (Каҳф сураси, 29-оят).

Оятдан ҳикмат излаш…

Айтиб ўтганимиздек, Қуръонда Аллоҳ инсонларга ҳар бир оят устида тавассум – тушуниб етиш, тадаббур – қайта, қайта ўйлаб кўриш ва тафаккур – таҳлил қилиб, кейин фикр юритиш муҳимлиги ҳақида кўп эслатма беради. Демак, биз ҳар бир оятдан ҳақиқатни излашимиз, топишимиз биз учун муҳим эканлигини билишимиз керак экан. Қуъонда шундай оятлар борки, эслатиб ўтилганидек, бу оятларнинг маъноси чуқур тавассум (тушуниб етиш, англаш), тадаббур (қайта-қайта ўйлаш), тафаккур (қайта-қайта ўйлаб, таҳлил қилиб фикр қилиш) қилинмаса, ҳадисларга, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихларига мурожаат қилинмаса, бундай ҳолда оятлардаги ҳақиқат юзага чиқмай қолади. Ҳақиқатни билмасак ўрнига ёлғон, ботил келади. Ёлғон эса инсонни ҳалокатга етаклайди. Биз бундай ҳолатларни ҳозирги кунда гувоҳи бўлаяпмиз.

Бир ҳужжатли фильмда ўзини “шаҳид” деб эълон қилган навқирон бир йигитнинг Қуръондан “уларни қаерда топсангиз, ўлдирингиз..”. деган оятни ўқиб бериб “ҳужжат келтирганини” ва “Аллоҳ йўлида кофирларни” ўлдириб шаҳид бўлмоқчи эканлиги ҳалигача кўз олдимда туради. Бу навқирон йигит ўз ақли, тафаккури, қалби билан иш тутмаганлиги учун, оят устида тавассум, тадаббур, тафаккур қилмаганлиги, бу дунёга нима учун келганлигини, инсонни яратишдан Аллоҳнинг мақсади нима эканлигини, билмагани учун ёмон ниятли одамларнинг қўлида манқуртга айланиб қолган. У қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиб, Аллоҳнинг олдида улкан жиноятчига айланганини билмади. Бу йигит ушбу оятдан олдин келган “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, ҳаддан ошмангиз”, деган мазмундаги оятни ўқимаган. Ёки ёмон ниятдаги одамлар унинг онгини фақат ана шу оят билан заҳарлаб, манқуртга айлантириб, уни қотилликка ёллашган. Ушбу оятда “қўлига қурол олиб, сизларни ўлдирмоқчи бўлганларга қарши Аллоҳ йўлида жанг қилингиз”, дейилаяпти. Қуроли йўқ, уруш қилиш нияти бўлмаган одамларга нисбатан жанг қилинг, ўлдиринг, бегона юртларга бориб ҳамма ёқни вайрон қилинг, дейилмаяпти. Кейинги оятда эса “агар тажовузкорликдан қайтсалар, урушни тўхтатинг, Аллоҳ кечиргувчи ва раҳмлидир”, дейилади. Бу йигит эса оятдан Аллоҳнинг ҳақиқатини, ҳикмат изламаганлиги сабабли ўзини ҳалокат йўлига бошлади. Умуман олиб қаралганда, Қуръонда уруш ҳақидаги оятларни ўқисангиз, мусулмонларга қарши жанг қилган, уларни ўлдирган, азоблаган, кейин уруш қилишдан қайтган одамларга нисбатан ҳам кечиримли бўлиш кераклиги уқтирилади. Аслида эса Аллоҳ Қуръонда бир бегуноҳ одамни ўлдиришнинг гуноҳи бутун дунёдаги одамларнинг ўлдирилишининг гуноҳи билан баробар эканлигини, қайси динда бўлишдан қатъи назар қўлида қуроли бўлмаган, сиз билан курашмаётган одамларни, аёлларни, қарияларни, болаларни ўлдириш Аллоҳга нисбатан қилинган жиноят, оғир гуноҳ эканлиги баён қилинади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳар бир оятни қандай вазиятда, қандай шароитда, нима учун тушганлигига қараб, кейин талқин қилиш керак. Ҳа, Қуръонда “уларни қаерда кўрсангиз ҳам ўлдиринг”, деган оят бор (Бақара сураси,191-оят). Тафсирларга кўра, бу оят мусулмонлар мушриклар томонидан қамалда қолганларида тушган экан. Мушриклар кимлар? Булар Аллоҳнинг динини тарқалишига тиштирноғигача қарши бўлган, мусулмонларни йўқ қилиб юборишга тайёр бўлган одамлар. Мушриклар мусулмонларни қамал қилганларидан кейин, Аллоҳ мусулмонларга ушбу оят орқали уларга қарши жанг қилишга рухсат берган. Мана шу оят тушгандан кейин 8 йил давомида мусулмонлар ва мушриклар ўртасида жанг бўлган. Мана шу давр мобайнида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат “юқоридан” тушган бошқарувга – Қуръонга асосланиб иш тутганлар, жанг қилганлар. Мусулмонлар Маккага кириб борганларидан кейин мушриклар қуролини ташлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммани афв қиладилар, жазолаганлари йўқ. Диққат қилинг: қуролини ташлаганларга жазо қўлламаганлар. Қуръон бўйича иш тутганлар. Ана шундан кейин, бирин-кетин қабилалар исломни қабул қила бошлаган. Бир нарсага жиддий эътибор қилинг: Бу оятда Аллоҳ кимга буйруқ бераяпти? Аллоҳнинг йўлида жанг қилаётган ҳарбийга, фотиҳ, қўмондон бўлган пайғамбарга буйруқ бераяпти. Бу оятда Аллоҳ ҳунармандга, ўқитувчига, инженерга “уларни ўлдиринг”, деб буйруқ бермаяпти. Шу нарсани ҳам фарқига бориш биз учун жуда муҳим.

Қуръон оятларининг ҳақиқий мағзини чақадиган фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. Улар ўз билимларини саҳобаларига мерос қилиб қолдирдилар. Саҳобалар – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий ворислари бўлиб қолдилар. Улар Қуръон оятларини, ҳадисларни ўзларича, ўз фойдаларига ўзгартирмадилар, Қуръонда нима дейилган бўлса, шу тарзда ҳаёт кечирдилар. Улардан кейин уларнинг ўқувчилари – тобеъинлар ва мазҳабларнинг солиҳ имомлари Қуръон оятларини яхши билувчилар саналадилар. Умуман олганда, Қуръонда келган оятларни нотўғри талқин қилиш, айтилмаган нарсани айтилган, деб айтиш ва оммага тарқатишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш кераклигини, бунинг оқибати яхши бўлмаслигини ҳар биримиз яхши билишимиз керак.

Ислом олимлари Қуръонда келган тафаккур қилиш ҳақидаги оятлар ҳақида гапирар эканлар, хусусан Нуъмон Али Хон шундай тушунтиради: “Аллоҳ осмонлардан сув – ёмғир ёғдириб, ўлик Ерни тирилтиради. Қуръон – Аллоҳнинг СЎЗи, осмонлардан тушган, у ўлик қалбни тирилтиради. Ҳеч қачон инсон ўзининг хаёлига келган, аввалдан миясига тугиб қўйган ўз ғоясини исботлаш учун Қуръондан тасдиқ қидириши мумкин эмас. Бу – хурофот. Инсоннинг миясига келган ғоя – бу унинг ақл даражасидаги фикри, осмонлардан тушмаган. Бу ғоясининг тўғри ёки нотўғрилигини миямиздан юқорида, осмонлардан тушган илоҳий Китоб – Қуръондан топиш керак, Ундан ҳикматни қидириш керак. Агар, ҳикмат изламай, ўз ғояларини илгари суриш учун Қуръонни қурол қиладиган бўлса, бу одам хурофотга юз тутган бўлади”, деб айтади.

Ҳадисларда келишича, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг умматимда шундай одамлар келадики, улар Қуръонни худди сут ичаётгандек ўқийдилар”, деб айтган эканлар. (Табароний ривоят қилганлар. “Саҳиҳ ал-Жомий”). Муфассирларнинг баён қилишича, шундай вақт келадики, мусулмонлар Қуръон оятларини тафаккур қилмаган ҳолда, ундаги моҳият, мағизига яқин ҳам келмай, фақат тиллари билан ўқийдилар. Қуръон уларнинг тилларидан худди сут ўтаётгандек тез ўтиб кетади, деб айтган эканлар. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, бу замонга келиб, аксариятимиз Қуръонни фақат тилимиз билан ўқиймиз, ҳар бир ўқилган оятдан ҳикмат англамаймиз.

Қуръонда “Наҳл” (Асалари) сураси келади. Ушбу сурада Аллоҳ “асалариларнинг ҳаёти сизлар учун бир аломатдир”, деб айтади. Бизлар учун асаларининг ҳаётида қандай аломатлар бўлиши мумкин? Асалари орқали Аллоҳ бизга нима демоқчи, қандай аломатларни кўрсатмоқчи?

Асаларининг бу дунёга тақдир қилиб берилган вазифаси гулдан-гулга қўнади, меҳнат қилади ва асал йиғади. Бу дунёда озгина яшаб, гулларни чанглатади ҳам асал йиғиб ўзидан кейин фойда қолдириб кетади. Демак, унинг бу дунёдаги вазифаси, асл моҳияти – гулларни чанглатиш ва асал беришдан – фойдали иш қилишдан иборат экан. Агар бирор-бир асалари ёмон гулдан шира олган бўлса ёки ачинқираб қолган ширани уясига олиб келса, эшикда турган соқчилар биринчи сафарида унинг олиб келган ширасини олиб қўйиб, ерга ташлаб юборадилар ва асаларини уяга қўймайдилар. Агар ана шу асалари яна иккинчи маротаба шундай ширани олиб уяга олиб кирмоқчи бўлса, эшик тагида турган соқчи асаларилар энди бу сафар унинг шира йиғадиган бармоқчаларини узиб ташлайдилар. Бўлди, асалари энди ўз моҳиятидан – асал йиғишдан маҳрум бўлади. Уясига ҳам кира олмайди ва охир-оқибат қадрсиз бўлиб ўлиб кетади. Ўйлаб кўринг: Аллоҳ асалари ҳаёти орқали бизга нимани ишора қилаяпти? Инсон нима учун бу дунёга келган? Унинг моҳияти нимада? Агар инсон ўз моҳиятига етмаса, ундан айрилса нима бўлади? Ўз моҳиятидан айрилган инсон жаннатдаги ўз уйига кира оладими? Аллоҳ бандасининг қилган гуноҳини биринчи маротабасида кечирар экан. Шу гуноҳни яна такрорласа-чи? Унда нима бўлади? Худди асалари шира йиғадиган бармоқчаларидан айрилиб, ўз уясига кира олмай, қадрсиз бўлганидек, инсон ҳам одамийлик сари қадам қўймаса, гуноҳ ишлар қилишдан тўхтамаса, ўз моҳиятидан айрилиб қадрсиз бўлади, жаннатдаги уйига кира олмайди. Астағфируллоҳ! Асаларининг яратилиши, унинг бу ҳаётдаги программаси ва бу Қуръонда бизга аломат, ишора бўлиб келиши Қодир Аллоҳнинг мўъжизаси эмасми?

Оқиллик, Донолик, Ҳақиқатнинг Кучи… ёки Тараққиёт илдизи

Аллоҳ – чексиз илм Эгаси. Қуръонда ҳам илмга урғу берилган. Чунки илм орқали инсон онгли идрок қилувчи бўлади ва Аллоҳ яратган бошқа махлуқлардан фақат мана шу сифати билангина фарқ қилади.

Нимаики илмлар бўлмасин, барча илмлар, тафаккур, тараққиётнинг илдизи Қуръонда битилган. Бу илмларнинг шу вақтга қадар 8 – 10 фоизи кашф қилинган, холос. Инсонни, табиатни, медицинани, ижтимоий билимлар, барча табиий-илмий билимларни ўрганаётган олимлар Қуръон орқали нарсаларнинг асл хоссалари ва ҳодисаларидан огоҳ бўлдилар, Нобель мукофотига сазовор бўлдилар, Қуръонда битилган Ҳикмат, Донолик ёрдамида психология, социология, эмбриология, медицина, антропология, геодезия, астрономия, биология, барча илм-фан, техника ривожланди. Жамики бор, мавжуд нарса Қуръонда битилган. Ўн тўрт аср муқаддам Қуръонда келтирилган илмий маълумотлар асрлар, йиллар давомида кашф қилиб келинаяпти. Ўн тўрт аср муқаддам Қуръонда оламнинг яратилиши портлаш натижасида вужудга келганлиги ҳақида айтилган бўлса, бу ҳодисани 30–50 йил аввал олимлар кашф қилдилар. Ернинг думалоқ шаклда эканлиги, Ернинг ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланиши ҳақида ҳеч ким Қуръонда баён этилгунга қадар билмаган. Аллоҳ Қуръонда “Биз Куч-Қудратимиз билан осмонларни яратдик ва ўз қўлларимиз билан уни кенгайтирамиз” деб, Коинотнинг кенгайиб боришига ишора қилади. Аллоҳнинг бу Қудрати ҳақиқатан чин эканлиги фақат ўтган асрда олимлар томонидан ўз исботини топган. Нефтга, темирга, умуман геологияга оид оятлар ҳали Ер юзида булар кашф қилинмасидан бурун Қуръонда битилган. Тушунаяпсизми? Ким булар ҳақида ўн тўрт аср муқаддам гапириши мумкин? Ўша вақтларда одамлар нефть нималигини, газ нималигини, темир қандай, қаердан келганлигини, Коинот, Қуёшнинг, Ернинг ўз ўқи атрофида айланишини тасаввурларига ҳам сиғдира олишмаган! 1961 йилда Ю. Гагариннинг фазога кўтарилишини ўн тўрт аср муқаддам Қуръон Ҳижр сураси, 12–15-оятларида башорат қилган. Ҳаттоки фазогирнинг “кўзларимга ишонмайман..”. деб айтадиган гапигача, бир вақтлар Аллоҳга ишонган, кейин эса тарк қилганигача (совет ҳукумати даврида атеизм ғояси ҳукм сурган эди) ўн тўрт аср муқаддам Қуръонда битилган. Биз шу вақтгача ой ўзидан нур таратади, деб ҳисоблаган бўлсак, Қуръонда эса ой қуёшдан нурланиши баён этилади. Яратган Зот Ўзи яратган нарсаларнинг хоссалари ҳақида Қуръонда баён этаяпти. Буни ҳам олимлар яқинда исбот этдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Абу Жаҳл деган ниҳоятда шафқатсиз, каззоб, ёлғончи одам бўлган. Бу одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаларига жуда ҳам кўп озор берган. Бу одамни огоҳлантириш учун Қуръонда оят тушган экан: “Йўқ! Қасамки, агар у (бу йўлидан) қайтмаса, биз унинг пешона сочидан тутамиз” (Алақ сураси,1516-оятлар). Тафсирда келишича, бу оятда Аллоҳ Абу Жаҳлни ёлғончи деб эмас, балки унинг пешонасининг олд қисмини айтаётган экан. Олимларнинг фикрича, пешонамизнинг олд қисми бизнинг ихтиёрий ҳаракатимиз учун жавоб берар экан. “Одам анатомияси ва психология” китобида келтирилган бош мия олд пешона қисми функциясини ўрганиш юзасидан ўтказилган илмий тадқиқот ишлари хулосаларига кўра одамнинг ихтиёрий равишда ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари, қарорини режалаштириши бош миянинг пешона олд қисмида пайдо бўлар экан. Яъни, яхшими, ёмонми, барча қилинмоқчи бўлган ҳаракатлар бош миянинг пешона олд қисмида пайдо бўлар экан. Аллоҳ буни эса Қуръонда баён қилаяпти. Бу Қуръоннинг мўъжизаси эмасми?

Нуъмон Али Хон Қуръон ҳақида гапирар экан, бизнинг Аллоҳ билан алоқамиз Қуръоннинг таржимасини ўқиб, Аллоҳ нима деганини “фақат билиш” билангина чекланиб қолинаётганлигини ва бу жуда ҳам катта хато эканлигини айтади. “Улуғ Аллоҳ томонидан туширилган оятлар мазмуни ҳар қандай қилинган тафсирлардан ҳам ўлчаб бўлмайдиган даражада чуқур ва шу даражада гўзал. Битта оятни ўрганиш учун менга бир нечта ҳафта кетади. Тафсирларни ўқийман, ўзим учун керакли нарсаларни ёзиб оламан, олимлар билан суҳбатлашаман. Охири, шундай ҳолатлар бўладики, бу оятнинг ҳақиқатини англаш, билиш мен учун нақадар қийинлигини, мен учун оғирлигини, Унинг ҲАҚИҚА-Тини, КУЧИНИ кўтара олмаслигимни биламан!” Дарҳақиқат, Қуръонда мисли кўрилмаган Оқиллик, Донолик, илоҳий Куч борки, буни англаган инсонларга бу ҳақиқатни кўтариш жуда оғир бўлади.

Тавассум, тадаббур, тафаккур чироқлари

Муқаддас Қуръон ҳақида фикр юритар эканмиз, шу ўринда Нуъмон Али Хоннинг Қуръондаги “Нур” сурасининг 35-ояти ҳақида қилган тафсирини билишимиз ниҳоятда муҳимдир. Агар оятни ўқисак, табиийки, биринчи маротабасида оят нима ҳақида эканлигини тушунишимиз қийин бўлади. Лекин олимнинг қилган тафсири орқали биз ҳар бир оят устида тавассум, тадаббур, тафаккур қилиш нима эканлигини, у биз учун ниҳоятда муҳим эканлигини англаб қоламиз. Тафсирни ўрганар эканмиз, биз беихтиёр Аллоҳни, Қуръонни, ўзимизнинг кимлигимизни ва бу дунёдаги бизга тақдир қилинган вазифамиз нима эканлигини англаймиз, қалбан Аллоҳ билан боғланамиз, Аллоҳнинг мисли кўрилмаган Ҳақиқатини – Қуръоннинг ҳақиқатини топамиз.

Қуръон ҳақиқатини англаш, ундан ҳикмат излаш мақсадида ушбу маърузани қисқартирилган ҳолда Сиз азиз китобхонларга тақдим этишни лозим, деб топдик.

“Нур” сурасининг 35-ояти ҳақида олим қуйидагиларни айтади:

“Аллоҳ – осмонлар ва Ернинг “нур”идир”. Бу оятни кўпчилик талқин қилганда бу оят аллегория бўлиб келаётганини айтишади. Яъни, Аллоҳ ҳақида ўйлаб, Сиз осмонлар ва Ерни ёритиб турган нурни кўз олдингизга келтирасиз. Аслида бу аллегория эмас, нақл. Аллоҳ ўзини “нур” дея танита туриб, бизнинг нур ҳақидаги тушунчамиз чуқурроқ бўлишини, кенгроқ ўйлашимизни, тафаккур қилишимизни хоҳлаяпти. Агар нур, ёруғлик бўлмаса, Ер ҳар қанча гўзал бўлмасин, биз бу гўзалликни кўра олмаймиз. Агар нур бўлмаса, бизнинг икки кўзимизнинг кўриш қуввати борлигининг ҳам аҳамияти бўлмайди. Нур нафақат бизнинг кўзимизнинг кўриши учун, балки нур Ердаги ҳаётнинг бор бўлиши учун ҳам ниҳоятда муҳим экан. Нур бўлмаса, ўсимликлар бўлмасди, ўсимликларсиз эса ҳаётнинг ўзи бўлмайди. Ҳаётнинг давом этишида нур жуда ҳам муҳим. Бизнинг кўзимизнинг кўриш қуввати ҳам нур дейилади. Биз кўзимизнинг кўриш қадри нечоғлигини англашимиз учун бизга иккита шарт муҳим: бу сизнинг кўзингиз ичидаги нур ва ташқаридан келадиган нур. Ташқаридан келадиган нур ва ичкаридан чиқадиган нур. Агар иккаласидан бири бўлмаса, сиз барибир ҳам кўра олмайсиз. Тушунарлими? Биз ҳозир жисмдаги нур ҳақида гапираяпмиз. Лекин Аллоҳ бизга илоҳий нур ҳақида гапираяпти, яъни бизнинг ботинимизда қандайдир илоҳий нур жойлашган ва Аллоҳ жойлаган ушбу нур мана бу еримизда – юрагимизда. Мен ҳали онамнинг вужудида эканлигимида мана шу нурни жойлаштириш учун бир фаришта юборилган. Бунда менинг бутун ҳаётим, келажагим жойлашган. Бизнинг ботинимиздаги руҳимиз – ана ўша Нур. Буни Аллоҳ ҳар биримизнинг юрагимизга жойлаштирган. Лекин бу нур ўзича ёқилмайди, ташқаридан нур келсагина ёқилади. Демак, ташқаридан ҳам нур бўлиши керак. Ташқаридаги нур нима бўлиши мумкин? Улуғ Аллоҳ ўз Китобида: “Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга (Қуръон) га иймон келтирингиз”, деб айтади. Инсон ботинида қандайдир бир уйғонтирувчи кучга – нурга эга. Бизни қандайдир яхши ишлар қилишимизга, комилликка интилишимизга мажбур қиладиган бу нур энг мукаммал манбадан тушган. Ҳар биримиз ана шу нурга эгамиз. Шунинг учун ҳам қачонки Ваҳий – Аллоҳнинг Сўзи келса, Аллоҳнинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари келса, булар биргаликда ботинимиздаги нурни нур билан тўлдиради. Ушбу оят иккита нурнинг бир-бири билан қўшилиши ҳақида. Аллоҳнинг нури ҳамма ёқни ўз ичига олган, бу нур ҳамма ёққа кириб боради. Ундан ҳеч қаёққа қочиб кета олмайсан. Менинг ҳам ботинимда яхши ишларга ундайдиган қандайдир нур бор, у чегараланган. Лекин Аллоҳнинг нури чексиз.Уни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. У ҳеч қачон, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, ниҳоятда қудратли манбадан келади. “Нурнинг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган ёлқин юлдузга ўхшайди”.

У вақтларда электр чироқлари бўлмаган. Шунинг учун одамлар уйларининг деворини ўйиб, токча ясаганлар ва унга чироқни қўйганлар. Чироқни қўйганларида ёруғлик токчанинг деворидан бутун хонага тарқалар эди.Токчанинг шакли мачитларнинг эшигига ўхшаш бўлиб, арк қилинган. Агар, дейди Аллоҳ, “Сиз шу нурни тасаввур қилишни хоҳласангиз, у мисоли токча ичидаги чироққа ўхшайди”. Чироқ – араб тилида мисбоҳ дейилади (Қуръонда мисбоҳ сўзи ишлатилаяпти). Бу сўз ҳам ажойиб ва қизиқарли. Мисбоҳ-субҳ сўзидан олинган бўлиб, тонг деган маънони беради. Шундай бўлаяптики, мисбоҳ худди тонгни (тақлид) кўрсатаётган асбобни билдираяпти. Яъни, тонг нима қилса, у ҳам тонгга ўхшаш ишни қилмоқчи бўлаяётгандек. Шунинг учун ҳам чироқ араб тилида мисбоҳ дейилади. Бир нарсага эътибор қилинг: бу сўз эски араб ифодасида асбиҳ уйғон маъносида келган. Бош қача сўз билан айтганда, агар бир нимага эътиборни қаратмоқчи бўлсангиз, сизга қандайдир нур чиқарадиган нарса керак бўлади.

Демак, нур – худди уйдаги токча ичидаги чироққа ўхшайди. Бу чироқ шиша билан ўралган. У вақтларда чироқларни худди шамни ёққандек ёқишган. Олов жилваланади, чайқаланади. Шунинг учун ҳам оловни сақлаб туриш учун чироқ атрофини шиша билан ўраш керак бўлган. Шиша иккита вазифани бажарган. Биринчидан, у ёруғликни тарқалишига ёрдам берган, иккинчидан эса, шамол тегиб ўчиб қолишидан сақлаган. Шундай қилиб, чироқ шиша билан ўралган. “Бу шиша дурдан яралган ёлқин юлдузга ўхшайди”. Тўхтанг-чи, мен чироқнинг ўзини ёлқин юлдузга ўхшатилишини кутган эдим. Лекин Аллоҳ фақат чироқ эмас, балки чироқ шуълаланганда унинг атрофидаги шиша ҳам ёлқин юлдузга ўхшайди”, деб айтаяпти. Араб тилидаги дурри сўзида ушбу нақлда қандайдир нур манбаи ўзидан чиққан, ўз-ўзидан ёнади, ёритади деган маънони кўрдим. Шиша ўз-ўзидан нур таратмаслигини биз биламиз. Лекин шиша шу даражада тоза ва ёрқинлигидан худди ўзи ёруғлик манбаи, ўзи нур таратаётгандек ҳис қилинади. Мана, чироқ қандай шиша билан ўралган! “ У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур”.

Бу чироқ (ташқаридан ) ёқилади. У вақтларда чироқни ёқиш учун ёғ ишлатилар эди. Лекин бу оятда биринчи бўлиб ёғ сўзи эмас, дарахтдан ёқилади, деб дарахт сўзи ишлатилаяпти. Аллоҳ бу чироқ дарахт билан ёқилишини эслатаяпти. Оятдаги ушбу тасвир уй ичида бўлаётганига диққат қилинг: Уй ичида токча, унинг ичида чироқ, чироқ ичида ёқилғи. Ёқилғи эса дарахтдан олинган. Дарахт ташқарида бўлади. Аллоҳ худди бизни уйдан чиқиб, ташқаридаги нарса ҳақида ўйлашимизга мажбур қилаётгандек… Ғоя шундаки, чироқ ташқарида бўлган нарса билан ёқилади – ташқаридаги оламда қандайдир бир нима ана шу нурнинг манбаи бўлиб турибди. Бу ўз-ўзича ёнмайди, уни ташқарида ўсадиган бир дарахт ёқади. Бу дарахтнинг биринчи аломати – муборак. Лекин, муборак барака сўзи араб тилида бир нечта маънони билдиради. Булардан биттаси кўпайиш, иккинчиси эса кутгандан ҳам кўра ортиқ даражада кўп. Барака сўзининг учинчи маъноси бир маромда, ўз ўрнида мустаҳкам деган сўзни ҳам ҳам англатади. Бу билан Аллоҳ бизга бу нурнинг манбаи бир маромдаги мустаҳкам дарахтда, деб айтаяпти. Бу доимо ўсадиган дарахт. У мева берадими, ёғми, ниманики ҳосил қилиб бермасин, у кутилганидан ҳам кўпини беради. Шундай қилиб, бу чироқ чегараланмаган имкониятга эга бўлган, кутилгандан ҳам кўп бўладиган“дан” ёқилади, чунки унинг манбаи барокат ҳисобланади. Бу зайтун дарахти. Нима учун айнан зайтун дарахти?…

Аллоҳ зайтун дарахтини фақат Шарқ томондан эмас, Ғарб томонидан ҳам Қуёш билан ёритилишини айтаяпти, яъни бу дарахт Ер юзининг фақат Шарқий, ёки Ғарбий томонида бўлмайди, бу дарахт ўзича, бу дарахт ажойиб. Қуёш Шарқдан чиққанида у дарахтни бир томонидан қиздиради. Қуёш ботаётганида эса дарахтнинг бошқа томонини қиздиради. Демак, бу дарахт доимо Қуёшдан иссиқлик олади, у Қуёш бериши мумкин бўлган барча фойдаларни ўзига сингдиради ва бундай дарахтлар энг яхши, тоза ёғ беради.

Аллоҳ ўзининг нурини токча ичидаги чироққа ўхшатаяпти.Чироқни биз қачон ёқамиз? Демак, биз кечаси чироқни ёқамиз. Лекин биз чироқни ўчиб қолмаслиги учун, сақлаш учун уни ҳимоя қилишимиз керак. Шунинг учун биз уни шиша билан ўраб қўямиз. Шиша ёруғликни ўзида акс эттиради, у юлдузга ўхшайди. Сиз юлдуз сўзини эшитганингизда, кўз олдингизга дарҳол тунги чарақлаб турган осмон келади. Кейин, оятда Аллоҳ ёғни Қуёшдан максимал даражада фойда олган, Шарққа ва Ғарбга қарамаган энг тоза манбадан олинганлигини айтади.

Инсоннинг кўкрак қафаси девордаги токчага ўхшайди (аркка ўхшаш). Аллоҳ унинг ичига кичкина бир чироқни солиб қўйди. Бу чироқ бизнинг юрагимиз. Бу юракнинг ичига Аллоҳ худди ёқилғига ўхшаш тоза ва муборак бўлган бир нарсани жойлаштирди. Демак, бизнинг юрагимиз худди Қуёш тагидаги дарахт каби тўғридан-тўғри Аллоҳ билан боғлиқ. Қуёш тагидаги дарахт каби бизнинг юрагимиз Унинг Нури учун тамомила очиқ. Ёқилғи эса – бизнинг Руҳимиз. Биз ҳаммамиз Аллоҳнинг олдида бўлганмиз. “Мен Роббингиз эмасманми?” деган саволига “Роббимизсан, гувоҳлик бердик”, деб айтганмиз. Аллоҳ бизнинг ким эканлигимизни аниқлайдиган, “чироғимизни” ёқадиган ана шу тоза “ёқилғи”ни олди-да, уни ботинимизга жойлади. Демак, ҳар биримизниг ботинимизда илоҳий, тоза нур бор. Чироқнинг атрофини ўраган шиша тозамиди ёки ифлос? Тоза эди. Биз гуноҳлар ҳақида нима биламиз? Одамлар гуноҳ иш қилганларида уларнинг юракларида нима юз беради? Инсон гуноҳ ишлар қилганида юрагининг қобиғи ифлосланиб, ифлосланиб, то юрак тамомила қорайиб кетмагунича давом этар экан. Астағфируллоҳ! Лекин, Сиз бир нарсани яхши билиб олинг: Аллоҳ Сизга ифлос юрак бермаган, бизнинг юрагимиз тоза. Биз уни ўз гуноҳларимиз туфайли ифлослантирамиз. Қани айтинг-чи, шишани тозалаб турмасангиз, у чиркка айланиб қолмайдими? Албатта айланади! Сиз ўз “шишангизни” ўзингиз тозалашингиз керак, чунки, у ўз-ўзини тозалай олмайди. Худди шунингдек, Сизнинг юрагингиз азалийдан соф ва тоза эканлигини унутманг. Лекин сиз уни тоза тутмасангиз, гуноҳларнинг изидан юрагингиз қорайиб кетади.

“Унинг мойи (мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да (атрофни) ёритиб юборгудекдир”.

Ёқилғи шу даражада тоза, мусаффоки, у худди: “Мен шу даражада тоза, ёрқинман, шу даражада тез ўт оладиганманки, менга озроқ бўлса ҳам учқун бер, менинг ёнишимга, ижозат бер, мен ўзимга тақдир этилган вазифани бажаргим келаяпти”, деб айтаётгандек. Сиз бензин ёки керосинни ўзига оловни тортиб олишини кўрганмисиз? Бу оятда худди шу нарса тасвирланаяпти.

Кейин Аллоҳ: “(Мазкурлар қўшилганда эса), нур устига нур (бўлур), деб айтаяпти. Буни қандай тушунишимиз мумкин? Биз ботинимизда ажойиб чироқ борлигини билдик. У ўзидан ёнади. Унинг атрофини ўраган шиша ҳам нурни акс эттиради. Аллоҳ юборган Қуръон бизнинг қулоғимиз орқали юрагимизга киради. Саҳобаларга эса фақат қулоқлари орқали эмас, балки уларнинг кўзлари орқали ҳам нур кирган. Чунки улар Пайғамаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини кўришган.

Бу нур тўғридан-тўғри ичига ёқилғи жойлашган юракларга киради. Кичкина учқун юракларга кириб, ҳамма ёқни ёндиргудек ёритиб юборади. Шунда сиз “нур устига нур”ни олган бўласиз. Сизнинг юрагингиздаги азалий жо бўлган нур Ваҳийнинг нури – Қуръон нури билан учрашади. Бу ана шу “нур устига нур”. Бу иккита нур бизнинг юрагимизда учрашиши керак… Оятнинг асл мазмуни шундан иборат эди. Қандай ҳолатлар бўлмасин, бизнинг кўксимиздаги нур ҳамиша ўзимиз билан бирга бўлади. Шунда биз сиз билан бутун дунё учун нур манбаи бўлиб қоламиз. Сизнинг кўксингиздаги нур фақат сизга тегишли эмас. У сизнинг атрофингиздаги ҳамма учун. Агар атрофни ёритмаса, чироқдан не фойда?… Чироқ тунда ёқилади. Биз юлдузлар тунни эслатишини айтиб ўтган эдик. Бу оятни ал-Розий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир қилиб шундай деганлар: “Осмон эгалари, яъни фаришталар ўзидан нур таратаётган Ерга қарашар экан, Ер эгалари эса, нур таратаётган юлдузларга қарашар экан”. Биласизми у нимани назарда тутган? У жисмдаги нурни назарда тутмаяпти, фаришталар жисмдаги нурни кўришмаяпти, улар иймонли одамларнинг юракларидан чиқаётган нурни кўришаяпти. Улар Ерга қарашади ва бизнинг иймонимиз чироғини кўришади. Худди шундай, биз ҳам осмонларга қараймиз ва фаришталарнинг нурларини кўрамиз. Субҳоналлоҳ! Бу қандай ҳам ажойиб нақл! Бу мисолдан биз ўзимиз ичимиздан нур борлигини, бу нур таралиб туришини билдик. Бундан ўзимиз бахтиёрмиз. Лекин ёқилғи тугаб қолмаслиги учун бу шуълани қандай қилиб сақлаш керак? Ахир у ўзўзидан пайдо бўлмаган-ку, у ташқаридан келган. Мен мана шу нур ҳамма вақт юрагимни ёритишини истайман, ҳамма вақт гуноҳлардан тозалашини истайман. Нима қилишим керак? Мана шунинг учун ҳам Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ бизга Ваҳий – Қуръон берди. Бу Китобни У бизга ўқишимиз учун, ёд олишимиз учун ва тафаккур қилишимиз учун берди. Бу ишни биз ҳар сафар қилганимизда бизнинг нуримиз янада ёрқин ва янада кучли бўлиб бораверади. Мана, Аллоҳнинг Китоби бизнинг юрагимиз билан нима қилади?!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации