Текст книги "Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?"
Автор книги: Юлдузхон Назар
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 17 страниц)
Ривожланмаган, қотиб қолган онг ва носоз ақл аёлларнинг нафақат ҳижобда, балки бир вақтлар паранжида юргандек юзларига ниқоб тортиб юриш керакликларини Аллоҳ номидан буюради.( Ниқоб тортиб юришни бизда ҳам секин-аста видеороликлар, расмлар орқали тарғиб қилиш бошланаяпти.) “Ақл” аёлларни менсимасликни, уларга паст назар билан қарашни ўргатади. Бу ҳам динимиз бузилганининг бир кўриниши. Ҳижоб ҳақида Қуръонда гапирилмаган. Ҳижоб сўзининг маъноси “қўриқлаш, сақлаш” маъносида келар экан. Қуръонда Аллоҳ ҳимар ҳақида гапиради. Агар эътибор қилсангиз, Қуръон тушмасдан неча минг йиллар аввал аёллар ҳам, эркаклар ҳам қайси динда бўлмасин, бош кийимсиз юрмаганлар. Худди шундай, араб аёллари Ислом дини кириб келмасидан аввал ҳам рўмолда – ҳимарда юришган, жуда ҳам очиқ, сочиқ юришган. Улар бошларига чамбарак ёки шунга ўхшаш нарса кийиб, унга рўмолнинг бир учини маҳкамлаганлар ва рўмолларини узун қилиб орқага ташлаб юрганлар. Аллоҳ мана шу “ҳимарни орқангизга эмас олдингизга ташлаб, кўкракларингизни беркитинг”, деб айтаяпти. Фақат аёллар эмас, эркакларга ҳам қаердан қаергача аврат эканлиги айтилган. Аёлларнинг ўз ҳаё, иболарини, жозиба, нафосатларини ҳижоб қилишлари иймондан. Ҳижобга айнан шу нуқтаи назардан қаралади. Лекин бир қул ўзи каби бошқа бир қулни надомат қилишга, мажбурлаб “ўраб, чирмаб” қўйишга, кўчага чиқармасликка, унга паст назар билан қарашга ҳаққи йўқ. Бу ислом эмас. Чунки, динда мажбурлаш йўқ. Сиз қалбингизни, дилингизни соф сақлаш учун кимнидир ўралиб юришига мажбур қилишдан ёки надомат қилишдан, иймонсиз деб, паст назар билан қарашдан ўз нафсингизни тия оласизми? Ақлнинг импульси билан эмас, муҳаббат билан иш тута оласизми? Ислом дини бизни айнан шунга ўргатади. Шу билан сиз Ислом динининг софлигини сақлаган бўласиз.
Қуръонда Пайғамбар аёлларига қарата, зебу зийнатларини тўсиб юриш буюрилган. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг зебу зийнатлар билан одамлар орасида кўринишларида хайр бўлмаган бўлиши мумкин, фитналарга сабаб бўлиши мумкин. Аллоҳнинг ҳар бир ҳукмида ҳикмат бор. Исломшунос, германиялик олима Аннамарие Шиммел ушбу оят (Нур сураси, 31-оят) ҳақида: “…эҳтимол уларнинг ҳурматли хонимлар сифатида енгил-елпи кийинган паст табақадаги аёллардан ажралиб туришлари учун шундай буюрилган бўлиши мумкин. Лекин барибир бу ҳолат аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш учун эмас, балки уларга юксакроқ ҳурмат-эътибор кўрсатиш лозимлигидан далолат беради. Бироқ замонлар ўтиши билан вужудга келган ижтимоий ўзгаришлар (ақл, онг сабаб) натижасида мусулмон оламида аёлларнинг номаҳрамлардан тўсиб қўйилиши жиддийроқ тус олди. Биринчи навбатда саййидалар – Фотима онамизнинг аёл авлодлари паранжи-чимматларга ўраб ва турли хил тақиқларга чирмаб ташланди”, дея изоҳ беради. Ислом динининг туб моҳияти англанмаганлиги, Қуръоннинг илмидан бехабарлик, натижада оятларни нотўғри талқин этиш, ўша даврдаги одамларнинг қотиб қолган онги, носоз ақлнинг натижаси бўлиб, бу секин-аста Ислом динининг, Қуръоннинг ҳақиқати бузилишига, аёлларга бўлган муносабатни ўзгаришига, паст назар билан қараш, ҳақ-ҳуқуқини бузиш, турли хил тақиқларнинг кўпайишига олиб келди.
Илк Ислом даврида аёллар жуда фаол бўлишган. Саҳобий аёллар бўлганлар, улар ғазотларда иштирок этишган, ярадорларга ҳамширалик қилишган. Ойша онамиз саҳобалар билан бирга дин ва шариат масалалари муҳокама этиладиган мажлисларда иштирок этганлар. Аннамарие Шиммел сўфий аёллар ҳақида гапирар экан, бир вақтлар аёллар эркаклар билан баробар зикр қилганликлари, бу зикрни қандай бажарганликлари, шайхлар ўз халифалари билан мажлисларда иштирок этганликлари ҳақида гапиради. Бу ерда ҳам ўртага фитна, ақл тушади, шу сабаб, Мустафо Отатурк даврига келиб аёлларнинг бундай фаолиятига чек қўйила бошланади.
Ҳозирги вақтга келиб мусулмонликни қўш хотин олишликда, деб тушунган баъзи бир ўзича мусулмон бўлган “ақлли” эркаклар орасида эркакларни қўш хотин олишликка даъват қилиб, битта аёл билан яшаган эркакларни “сўтак” деб ерга уришга, аёларни эса одам ўрнида кўрмасликка ҳаракат қилади. Бу ҳам бўлса носоз ақлнинг жар солаётган “карнайи”. Қуръонда эркакларга қўша-қўша хотин олиш буюрилмаган. Нисо сурасининг 3-оятини ўзингизнинг онгингиз даражасида талқин қилишингиз, битта ўзингизга ёқадиган жойини маҳкам тутиб олишингиз, бу хурофот. Аннамарие Шиммел ушбу оятнинг мазмуни кейинги вақтларда киши табиати ёки мижозининг тўрт хил эканлигига боғлаб тушунтирилганлигини таъкидлайди. Тўрттагача уйланиш ҳуқуқи баъзилар ўйлаганидек кўп хотинликка берилган “оқ йўл” деб эмас, аксинча унинг олдини олиш учун кўрилган чоралардан бири, деб тушуниш лозимлигини айтади. Аллоҳ “агар улар орасида адолат қилсангиз..”. дея огоҳлантиради. Аслида эса, эр ўз хотинлари орасида адолат қила олмайди, шунинг учун ҳам эр киши оятдаги “.. фақат бир аёлга уйланинг”, деган ҳукмига амал қилиши керак бўлади. Чунки, Аллоҳнинг буйруғини бажармай гуноҳга қолгандан кўра, бир аёл билан рисоладагидек ҳаёт кечириш афзалроқ. Бу оятдаги яна бир ҳикмат шу эдики, ўша даврда кўпчилик эркаклар урушда ўлиб, аёллар болалари билан ўз боқувчиларидан айрилган эдилар. Аёлларни, етим болаларни моддий таъминлаш, шу билан юзага келиши мумкин бўлган моддий қийинчилик, зино, ҳаром ишларнинг олди олиниши ҳам ушбу оятда кўзда тутилган.
Аллоҳ томонидан аёл зотини нима учун ва қандай яратилганлиги, унинг моҳияти ҳақидаги билимларга эга бўлган зиёли эркак ҳеч қачон аёл зотига паст назар билан қарамайди, динда бузғунчилик қилмайди. Инсон аввало Аллоҳ нима учун эркак ва аёлни яратганлигини, Ердаги моддий ҳаётнинг осмонлардаги илоҳий, ғайб ҳаёти билан илоҳий томондан узвий боғлиқлиги, бунда эркак ва аёл илоҳий қувватнинг рамзи сифатида ҳар иккиси нимани билдиришини инсон англашга ҳаракат қилиши керак. Ақл эса эркакни эркак, аёлни аёл деб билади. Бошқа нарсани тушунмайди. Буларнинг ҳар иккисининг ўз ҳақиқати нимада эканлигини илоҳий томондан англашни истамайди. Ақл эркакни “зўр” эканлигини, аёлни эса унинг ҳукмронлиги остида, деб билади. Биз Одам (а.с.)нинг жасадларини Аллоҳ лойдан яратганлигини, момо Ҳаввони эса Одам (а.с.)нинг қовурғаларидан яратилган деб биламиз. Аслида олганда бундай эмас. Аллоҳ Ҳаввони жонли, тирик хилқатдан яратган экан. Шунинг учун ҳам онамиз Ҳаввонинг исмлари маъноси Ҳавво – жонли, тирик деган маънони англатади. Илоҳий жиҳатдан аёл заифа, хилқати нозик, шу билан бирга бирламчи ва абадий ҳаёт бағишловчи ҳисобланар экан. Маънавий-руҳий жиҳатдан тўғри тарбия олган инсоннинг келажаги – абадий ҳаёт. Шунинг учун ҳам оила муҳитини сақлаш, фарзандлар тарбиясига оналар масъуллиги ниҳоятда катта. Ривоят қилишларича, Аллоҳ Таоло Одам атога шундай марҳамат қилган: “Сенга аталган барча илтифоту мурувватларим заифа бандам бўлмиш Ҳаввода тажассум топган!” Демак, заифа қилиб яратилган аёлда эркак учун Аллоҳнинг барча илтифоту мурувватлари тажассум топган экан. Пайғамбар (с.а.в.)нинг “Агар Аллоҳдан бошқасига сажда қилиш мумкин бўлса, мен аёлларга ўз эрларига сажда қилишни буюрган бўлар эдим”, деган ҳадислари эса, бир оз нотўғри тушунилган. Бу ҳадис бир туя билан боғлиқ воқеа юзасидан келган. Ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа нарсани назарда тутганлар: Аллоҳдан эр кишига нафақат жисмоний куч, балки маънавий руҳий Куч тақдир қилинган экан. Эркак киши ким? У ўз оиласини, Ватанини, ожизларни, кучсизларни ҳимоя қилувчи, жасур, қатъий, иродали, меҳнаткаш, масъулиятли одам. Эркак кишининг кучи – унинг тўғрилигида ва содиқлигида. У худди жангчи аскарга ўхшайди. Шунинг учун ҳам унда жанговар хислатлар мавжуд. Она ўз фарзандларини ҳимоя қилганидек, у ҳам ўз аёлини турли хил муаммолардан, тўс тўполонлардан ҳимоя қилади. Эр кишининг аҳамияти шундаки, у ўз аёлини аёл эканлигини унутмаслигини таъминлайди, аёл эса – бирламчи ҳаётни ва абадий ҳаётни бағишловчи. Эр заифа аёлни қўллайди, унга ҳурмат-эҳтиром, муҳаббат кўрсатади, ҳам маънавий, ҳам моддий қўллайди, аёлнинг барча муаммолари эрнинг елкасида. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадисда Аллоҳнинг Арш неъматидан, жонли хилқатидан бунёд этилган, Аллоҳнинг илтифоту мурувватлари тажассум топган заифа аёлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун ҳам, “аёллар ана шундай эрларга сажда қилишлари мумкин эди”, деган маъно ётади. “Аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган” деган ҳадисга келганда эса, аёл эркак вужудининг бир бўлаги сифатида кўрилади. Худди шунингдек, эркак ҳам аёл кишининг бир бўлаги: “Бутундан бўлакка, бўлакдан бутунга”(А.Ш.) сифатида кўрилади. Бу эса эркак ва аёл бир бутун, битта қувват эканлигини билдиради. Шуниси қизиқарлики, аёл киши эркак танасидаги бирор аъзо, масалан, юрагининг ёки жигарининг бир парчасидан эмас, балки қовурғасидан олинган, деб айтилиши: “Эҳтиёт бўл, синиб кетади”, деган маъно ҳам бор. Бу “синиш” фақат аёлнинг руҳан синиши, деб тушуниш мумкин эмас. Буни эр-хотин илоҳий қувват бирлигининг синиши, деб тушуниш керак. Бу синиш натижасида илоҳий оламдан тақдир этилган вазифа, жараёнларнинг, бир бутунликнинг синиши, бузилиши, вайрон бўлиши деган маъно ётади. Шунинг учун ҳам динимиз аёлларни ҳурмат қилишга, эъзозлашга, чиройли муомала қилишга буюрган. Лекин ана шундай битилган илоҳий, гўзал муносабат, меҳр, муҳаббат, уйғунлик, бус-бутунлилик, “синиб” кетмаслиги учун авайлаб-асраш, ўзаро илоҳий бирлик қуввати орасига шайтон – ақл тушиб, уларни илоҳий қувват, руҳий-маънавий бирлигини бузади, тақдир этилган илоҳий жараённи синдиради, натижада илоҳий-руҳий қувватнинг бирлиги бир-биридан ажралади. Бундай ҳолда эркак ўз аёлига қулига қарагандек қарайди, муомала қилади, паст назар билан қарайди ёки аёл ҳам ўз масъулиятини, жавобгарлигини ҳис қилмайди, аёл ҳам ўз вазифасини, эркак ҳам ўз вазифасини унутади, натижада эса, эр-хотин руҳий-маънавий жиҳатдан илоҳий буйруқни, тақдир этилган вазифани бажара олмай қоладилар. Айниқса, бу илоҳий қувват бирлигига ҳаром, ёвузлик аралашса инсон ўз руҳини – ўзини ўзи ҳалокатга қўйган бўлади. Чунки эр-хотиннинг илоҳий қувват бирлиги орасига ҳаром нафс аралашиб, бу бирликни илоҳий томондан бутунлай бузиб ташлайди. Илоҳий қувват бирлигига ҳаромнинг тегиши ёки зулм қилиш Аллоҳнинг иродасига, Ундан келаётган қувват, илоҳий, руҳий-маънавий бирликка қарши берилган зарба сифатида кўрилади. Шунинг учун ҳам бундай иш катта гуноҳ саналади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) эркакларга қарата: “Аллоҳ сизларга барча аёлларга меҳрли, муҳаббатли муносабатда бўлишлигингизни буюрди. Чунки, улар сизнинг оналарингиз, аёлларингиз, опа-сингилларингиз, биродарларингиз. Одамнинг иймони қанчалик кучли бўлса, у шунчалик ҳурмат ва эҳтиром билан аёлларга муомала қилади”, деб айтган эканлар. Демак, аёлларга бўлган муносабатидан эркак ўзининг иймони қандай даражада эканлигини билиб олса бўлар экан. Қуръоннинг, Ислом динининг ҳақиқати нақадар улуғ эканлигини англаяпсизми? У меҳр-муҳаббат билан тўлиқ эканлигини англаяпсизми? Бундай улуғликни, муқаддасликни ақл-нафс қабул қила олмайди, уни англай олмайди. Шунинг учун ҳам бундай улуғликни англашдан дилни узоқлаштириш учун шайтон турли хил нағмаларни қўллайди. Ана шундай носоз ақл – шайтон туфайли аёлларга нисбатан носоғлом дунёқараш вужудга келган. “Ақл – мамлакатнинг бош вазири, подшоҳ бўлган юракнинг чироғи ҳисобланади. У нафсга итоат қилдими, мамлакат вайронага айланади, юрак бўм-бўш бўлиб қолади”.
Пайғамбарлар нима учун қийналишган? Нима учун азоб чекишган? Одамларнинг ақли уларни қийнаган, ақл уларга тош отган, азоблаган, хўрлаган. Мансур Ҳалложни ким қатл қилган? – Ақл. “Бу ўзини Аллоҳман, деяпти, шаккоклик қилди”, деб “ўзини мусулмон” ҳисоблаган ақл қатл қилган. Ҳатто танадан айрилган бош “анал Ҳақ, анал Ҳақ” деб гапириб турган. Бу ҳолатни ақл ҳеч қачон тушунмайди. Буни фақат илоҳий муҳаббат билан йўғрилган, “ақллилик балоси”дан, нафснинг ҳамласидан халос бўлган энг бахтли қалбгина тушунади. Ҳазрати Умар, Усмон, Али (р.а.)ни, Пайғамбаримиз (с.а.в.) қўлларида кўтарган, суйиб эркалаган неваралари имом Ҳасан, имом Ҳусайнни ким қатл қилди? – “мусулмон” бўлган ақл. Мусулмонларни шиа ва суннийларга ким бўлди? – Ақл. Уларни бир-бирига ким душман қилдирди? – Ақл. Динда қатъий тақиқланган ва у дунёда жазоси оғир бўлишига қарамай мусулмонни мусулмонга қарши қилич кўтаришига нима мажбур қилди? – Ақл. Ҳозир дунёда бўлаётган урушлар, ўзини “мусулмон” деб билганларнинг бегуноҳ одамларни беаёв ўлдириши, дунёда зулм, тажовузкорликни, адолатсизликнинг кўпайиши нимадан? – Ақлдан. Дунёда, жамиятда бузғунчиликни, фитна, иғволарни тарғиб қилувчи даъватларнинг кўпайиши нимадан? – Ақлдан. Ягона Аллоҳнинг дини нима учун турли хил динларга бўлинди? Ақл туфайли. Илоҳий ҳукмга кўра якка Худога ишонганлар ҳаммаси биродар бўлишлари керак эди. Нима учун мусулмонлар, христианлар ва бошқа диндагилар бир-бирларига биродар эмас, душманлик кўзи билан қарайдилар? – Ақл сабаб. Ақл уларни бир-биридан ажратди, орасини бузди. Аллоҳ эса – Аҳад. У – Бир. Биз Унинг Бирлиги қамровидамиз, биттамиз. Аллоҳ учун ҳаммамиз бирмиз, У ҳеч кимни, ҳеч нарсани, ҳеч қайси динни Ўзидан ажратмайди. Биз динимиз, ирқимиз, миллатимиз қандайлигидан, бой-камбағал бўлишимиздан, қандай давлат тузумида яшашимиздан, қаерлик бўлишимиздан қатъи назар Аҳаднинг олдида бирлашишимиз, бир бўлишимиз, биродар бўлишимиз керак эди. Носоз ақл туфайли биз Ислом дини, Қуръонни англашдаги ана шу “муқаддаслик”ни бой бериб қўйдик. Бу “муқаддаслик”ни бой бериш шайтон кўрсатган ҳалокат йўлидан юришлик оқибатидир.
Бир видеороликда 4 яшар қизчанинг нафақат ҳижобда, балки юзига ниқоб тўсиб чопқиллаб юрганлигини тарғиб қилиб намойиш қилишди. Аллоҳнинг ҳукмини бузган ақл мурғак болалар устидан қандай 10 – 1204 жоҳилликлар қилмаяпти?! Жоҳил ақл ана шу қизчага ҳавас қилиб қараяпти. Яна битта видеороликда Пайғамбар (с.а.в.)га айтилаётган гўзал салавот, нашидага клип қилиб мурғак боланинг бир қўлида тасбеҳ, бир қўлида қурол билан турганини ва бутун оламга исломни бадном қилиб кўрсатган террорчининг расмини намойиш қилаяпти. Гўзал салавотнинг ёш болани одам ўлдиришга шай тургани, террорчиликка қандай алоқаси бор? Бу носоз ақлнинг “маҳсулоти” эмасми?! Ақл чиройли услубда иблиснинг йўлига, ҳалокат йўлига даъват этаяпти. Бу албатта носоз ақлнинг, туби шайтонга айланган нафснинг ишлари, иблиснинг амалга ошираётган дастури.
Нафс ақл билан ҳамиша ёнма-ён келади. Нафс ҳам, ақл ҳам бизга қалбимизнинг ташқарисида туриб импульс беради. Ҳозир ижтимоий тармоқлар баъзи бир ёмон ниятли одамларнинг – носоз ақл эгаларининг “варақа” тарқатиш қуролига айланиб қолди. Бу эса шайтоннинг кўксимизга шипшуви, унинг “чиройли” ҳамласи. Чаламулла, қалби, ақли носоз даъватчилар қанчалик динда, Қуръонда йўқ нарсаларни бор, бор нарсаларни йўқ, деб чиройли гапирмасинлар инсоннинг иймони, идроки ана шу ташқаридан келадиган импульсларни аввало ўзининг чиғириғидан ўтказиши керак. “Ташқари ичкарини эгаллаши” керак эмас. “Ичкари” ифлосланмаслиги, шайтон бўлмаслиги учун “чегара” мустҳкам бўлиши керак. Иймон, муҳаббат, идрок, тафаккур, илм, маърифат “чегарада” туриб, ”божхона” вазифасини ўтайди. ”Носоз импульсларни” орқага қайтаради, ичкарига киритмайди.
Мавлоно Румий: “Сен тилингни тарбиялашдан аввал, юрагингни тарбияла, покла. Зеро, юрагингдаги бор нарса тилингга чиқади”, деб айтганлар. Юрак тозаланмасдан, тарбияланмасдан аввал “тил”нинг оммага чиқиши, гапириши беҳаловатликка, ҳалокатга олиб борувчи ёлғон билимнинг тарқалишига, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар қалбини оммавий равишда бузишга, нотўғри йўлдан, жаҳолатга қараб кетишига олиб келади. Сиз шу нарсанинг фарқига боришингиз албатта зарур. Биз ҳар куни Фотиҳа сурасида: “Сен марҳамат ато этганларнинг йўлидан бошла”, деб Аллоҳга дуо қиламиз. Аллоҳ кимга марҳамат ато этган? Нуъмон Али Хон ушбу оятни тафсир қила туриб Иброҳим (а.с.), Нуҳ (а.с.), Солиҳ (а.с.), “ғор эгалари” бу йўлдан ўтиб бўлганлар. Юсуф (а.с.) ва уларнинг оталари, Мусо (а..с.), Исо (а.с.) , Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бу йўлдан ўтиб бўлишган. Биз улардан – мана шу йўлни ўтаб бўлганлардан ўрганишимиз керак, дейди. Пайғамбарлар ўз миссияларини бирданига бажармаганлар. Улар маънавий-руҳий қийинчиликлардан, тажрибалардан ўтиб, қалблари юқори даражадаги мақомга ўтгандан сўнггина, пайғамбарлик миссиясини бажарганлар. Исо (а.с.) бекордан-бекорга 40 кун чўлда оч-наҳор юрмаганлар, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бекордан-бекор кечалари ухламай бедор бўлиб, тиззалари шилиниб кетгунича намоз ўқимаганлар. Аллоҳ у зотга: “Улуғ йўл олдидасиз!” деб айтган, бу йўлга у зотни Аллоҳнинг ўзи тайёрлаган. Биз буни Музаммил сурасида кўрамиз. Даъват қилиш учун инсон қандайдир маънавий-руҳий синовдан, тажрибалардан ўтиб, ўз нафсини тарбиялаб, маълум бир мақомга етган бўлиши керак. Инсон агар ҳаракат қилса, умри давомида битта мақомни босиб ўтиши мумкин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) эса пайғамбарлик даврларида ҳар куни 70 та мақомни босиб ўтганлар. Ҳар бир мақом зинасидан кейинги мақомга кўтарилар эканлар, олдинги мақомларида қусурлар бўлган бўлса, деб Аллоҳнинг мағфиратини сўраганлар, истиғфор қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар куни 70 марта истиғфор қиламан, деб айтганлар. Авлиёлар ҳам ўз нафсларидан халос бўлиш учун курашиб риёзат, машаққат чекканлар, авлиёлик даражасига етганлар. Ақлнинг буйруғидан, нафс хоҳишларидан халос бўлганлар. Шунинг учун юрагида заррача бўлса ҳам кири бўлган одамнинг даъват қилишга илоҳий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам ҳаққи йўқ. Амри маъруф, наҳий мункар қилиш буюрилган. Юраги тоза, ҳеч қайси бир одамларга нисбатан хусумати бўлмаган, илм-маърифатли, Аллоҳ йўлида юрган солиҳ, улуғ ахлоқ эгаларига, илм эгаларига, Аллоҳ марҳамат ато этган динда факиҳ бўлган инсонларга бу ишларни қилиш муносиб.
Ўзингиз яхшилаб хулоса қилинг. Агар ҳақиқатан Худодан қўрқсангиз, иймонингиз мукаммал бўлса, юрагингизни тозаламай туриб, ҳеч бир поғоналарни ўтамай, носоз ақл билан дин ҳақида, Худо ҳақида Аллоҳ учун, Аллоҳ йўлида гапиришни тарк қилинг. Ана шунда сиз фойдали, савоб ишга қўл урган бўласиз.
Ҳозирги кунда мусиқа исломда йўқ, у ҳаром, деган гаплар туфайли ҳам мусулмонлар орасида ихтилофлар юрибди. Бу ҳам бўлса ақл шарофати билан юзага келган гаплар. Аслида мусиқа – илоҳий. Аллоҳ илҳом бермаса қалбдан мусиқа яратилмайди, ғазал, ашъорлар битилмайди. Лекин бунга ҳам шайтон – ақл оралаган. Шунинг учун ҳам бугунги кунда қалбдан яратилган илоҳий мусиқа, ашулалар эшитиш, рақслар кўриш амримаҳол бўлиб қолди, ҳамма ёқ шоу-бизнесга айланди. Ақл орқали яратилган бемаъно сўзларни шеър қилиб, қўшиқ ижро этиш оммалашгани учун ҳам аксарият одамлар ҳақиқий мусиқа, ғазални танимай қолдилар. Шайтон нағмалари деб ана шундай бемаъно сўзли ашулалар, реп, рокн ролл ва ҳ.к.ни айтиш мумкин. Дилингизга илоҳийликни, муҳаббатни олиб кирувчи шеър, ғазал, мусиқаларни шайтон нағмалари деб баҳолаш ҳам ақлнинг хулосаси.
Тўғри, ақл инсонга керак. Ҳудди бизнинг танамиз, унинг бус-бутун, соғ-саломатлиги биз учун керак бўлганидек, ақл ҳам инсонга керак. Лекин ақл нафсга эмас, юракка хизмат қилиши керак. Ақл инсонни инсонлигини бузиш учун эмас, ўз нафсининг итоатида юришидан озод қилиш учун, руҳининг қувватланишига, юксалишига хизмат қилиш учун керак. Ақл шу даражада созланган бўлиши керакки, у дилни нафснинг турли хил ҳамлалари ичидан олиб чиқиб кета олиш қувватига эга бўлиши керак. Бунинг учун инсонга илм-маърифат зарур. Илм, тафаккур сизни жаҳолатдан халос қилади. Сиз ўзингизни бу дунёда худди от устида кетаётган чавандоздек тасаввур қилинг: чавандоз узангини ушлаб, отни қандай бошқарса, сиз ҳам ақлингизни шундай бошқара билишингиз, қаёққа қараб йўл олаётганингизни билишингиз зарур.
Афсуски, биз ботинимизда мавжуд онг, руҳ, дил, нафс, ақл ҳақида, муҳаббат ҳақида, иймонимиз ҳақида жуда ҳам саёз фикрдамиз. Аслида, булар инсоннинг Ҳақиқати эди. Биз эса ўзимизнинг илоҳий ҳақиқатимиз тўғрисида жуда ҳам оз биламиз. Балки ана шулар ҳақида оз билганимиз бизни Аллоҳни керакли даражада англамаслигимизга, Унинг итоатида кам бўлишимиз ёки юрмаслигимизга сабаб бўлаётгандир? Бунинг натижасида кўп нарсаларда хатоларга йўл қўйишимиз, ҳаётни нотўғри англашимиз, вазиятларга нотўғри баҳо беришимиз, ақл – шайтоннинг тузоғига осонгина тушиб, унинг ҳукмронлигида юришимизга, жоҳил бўлиб боришимизга сабаб бўлаётгандир? Биз ўз-ўзимизни англаш, ўз-ўзимизни таниш, ўз-ўзимизни камолга етказиш ҳақида умуман ўйламаймиз. Бу эса бизга самолардан топширилган “уй вазифасини” бажара олмай, “2” баҳо олишимизга сабаб бўлмайдими?
Айтайлик, мен Аллоҳнинг борлигига ишонаман. Аллоҳнинг борлигига ишонганим, Уни таниганимни билдирмайдими? Аллоҳни рози қилиш учун намоз ўқийман, рўза тутаман, Қуръон ўқийман, ҳаж ибодатига ошиқаман ва ҳ.к. Шу арконларни бажаришнинг ўзи менинг бу дунёга келиб яшашимнинг мазмунини, ўзимни, Аллоҳни танишимни, Унга содиқлигимни, қуллигимни билдирмайдими? Ислом динининг устунларини бажаришим, менинг “уйга берилган вазифани” бажараётганлигимдан далолат эмасми? Ёки, айтайлик, мен Қуръонни ёд олганман, Қуръон ўқийман, исломга оид маълум бир билимларга эгаман. Қуръонни ёд олганим ёки ўқишим, маълум бир билимларни “билишим”нинг ўзи мен учун илоҳан тақдир қилинган ҳаёт йўлимнинг мазмунини белгилаб берадими? “Уй вазифамни” бажарган бўламанми? Аниқроғи, мен бу ҳаётга келмасимдан аввал ўз Роббимга берган ваъдамни бажара олган бўламанми? Афсуски, йўқ. Ваъдамни бажара олмас эканман. Чунки, фақат бу нарсаларни бажариш билан чекланиб қолсам, мен ҳақиқий Одамийлик даражасига чиқа олмас эканман. Токи, мен ўз-ўзимни англаб, ботинимни “мен”имга тегишли бўлган нафснинг турли хил нуқсонларидан: ҳасад, кибр, риё, мунофиқлик, бировларни надомат қилиш, дилини оғритиш ва ҳ.к.лардан халос бўлмас эканман, ўз ўзим билан курашиб, ақл – шайтонга ҳайф бериб, комиллик сари, маънавий-руҳий юксаклик сари интилмас эканман, менинг Қуръон ёд олганим, намозда бардавом бўлганим, олган илмларимнинг охиратимга – осмонлардан осмонларга ўтиб, Аллоҳнинг Даргоҳига етишимга фойдаси бўлмайди. – Агар, интилмасам, ҳар нафасимда муҳаббат билан шунга ҳаракат қилмасам! Чунки Иблис ҳам тақводор бўлган, Аллоҳнинг Куч, Қудратини таниган, билган, имон келтирган. Икки ракат намозни 4 минг йил туриб ўқиган! Унда кучли ақл бўлган, лекин муҳаббат бўлмаган, ақли билан кифояланиб, маънавий-руҳий ўсишдан тўхтаган. Агар мен ҳам иблисга ўхшаб ўз устимда ишламасам, маънавий-руҳий юксаклик сари доимо интилмасам, тўхтамай ҳаракат қилмасам, қалбимда муҳаббат бўлмаса, ундай ҳолда менда ҳам ҳасад, кибр,товламачилик, риё, бировларга тош отиш сифатлари пайдо бўла бошлайди. Дилимдаги “мен”лик ҳукмронликни истаб қолади. Шунда шайтон менга риёни, ўзимни бошқаларга “ақлли” қилиб кўрсатишни, бошқалардан устунлик қилишимни кўксимга “шипшийди”. Қалбимда илоҳий муҳаббатдан заррача бўлмайди, лекин Қуръон ҳақида, илм ҳақида одамларнинг юракларини забт этиш учун ақлим билан қандайдир ниятларда ҳар қанча чиройли гаплар гапириш қўлимдан келади. Ана шундай тарзда мен ақлимнинг – шайтоннинг қулига айланиб қоламан. Бундай тақдирда ҳар қанча намоз ўқимай, Аллоҳнинг олдида менинг ҳеч қандай қадр-қимматим бўлмайди; балки ўқиган намозим, тутган рўзам, қилган ҳаж ибодатим, Қуръонни ёддан билганим ўзимнинг “мен”лигимни хурсанд қилиш учун керакдир, аммо Аллоҳ учун ҳеч бир аҳамияти бўлмайди. Чунки, бу нафсим билан мени иблисдан фарқим қолмаган бўлади. Шайтон қилган ишни мен ҳам қилаётган бўламан. Балки, мен ўзимдаги ана шу қусурлардан халос бўлиш учун, шулардан покланиш учун бу дунёга келгандирман? Бекордан-бекор Аллоҳга: “Сен Роббимсан, фақат Сени дейман, сенга итоат этаман, деб ваъда бермаган бўлсам керак? Бўлмаса, нима илинжида бу дунёга келдим? Бу дунёдан бахт истаб, ўз нафсимни, хоҳишларимни қондириш ёки ўз “мен”лигимни кучли қилиш учунми? Руҳим Аллоҳнинг Маконида юраверса бўлмасмиди? “…Парвардигоро, кўрдик (кўзимиз очилди) ва эшитдик ( қулоғимиз очилди), бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, бизлар яхши амал қилайлик!… – дейишларини кўрсангиз эди!” (Сажда сураси,12-оят). Ушбу оятни ўқиб танангиз музлаб кетади. Шунинг учун ҳам “мен бу дунёга нима учун келдим? Бу дунёдаги гўзал нарсаларни исташ, нафсимни “бахтли” қилиш учун келдимми? Нафсим ҳукмронлиги мен учун шунчалик муҳимми? Руҳимни-чи? Уни абадий бахтга элита оламанми”, деган саволни қайта-қайта беравергингиз, шу саволга жавоб топгингиз келаверади. Бу саволга эса биз вужудимизда доимо нафс (у ақл билан боғлиқ) ва руҳнинг курашувини, бу курашувда қайси бири ғолиб келаётганлигини англаган ҳолда жавоб топишимиз мумкин.
Шунинг учун ҳам агар, мен ўқиётган намозимда, Қуръонда, Аллоҳга бўлган қуллигимда, ижтимоий муносабатларимда Ҳақиқатни кўрмасам, ҳар бир ишда Ҳикматни англамасам, Аллоҳни топмасам, Аллоҳнинг Раҳмати, Муҳаббати остида яшаётганимни ҳис қилмасам, қалбимда ҳақиқий муҳаббат бўлмас экан, бундай ҳолда Аллоҳ мени қабул қилмайди, чунки, мен “нафс” мақомида қолиб кетган бўламан. Агар менинг қалбимда илоҳий муҳаббат бўлмас экан, менинг руҳим маънавий оламим покланиб, қувватланиб, такомиллашиб юқори сари юксалмас экан, ўз нафсим, ақлим итоатида юрар эканман, Унда менинг “кўп нарса билишим”нинг, ўзимни мусулмон ҳисоблаб, Ислом динида юришимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки, мен у дунёга борганимда менинг қайси динда бўлганлигим, намоз ўқиганлигим ёки ўқимаганлигим, қанча нарса билганлигим, Қуръонни ёд олганлигим муҳим эмас. Муҳими – мен бу дунёда Аллоҳга хизмат қилиш учун қандай ҳаракат қилганимда: динимни қанчалик жонланишига, уни соф ҳолда сақлашга ҳаракат қилганман, намоз орқали Аллоҳни қанчалик топишга ҳаракат қилганман, Қуръондан ўзим учун қандай ҳикмат англаганман, руҳимни поклашга, қалбимни қай даражада кенгайтиришга ҳаракат қилганман, ўз нафсим – шайтон билан қандай курашганман. Шайтон мени енгганми ёки мен уни – мана шу энг муҳим нарса. Бир нарсага ўзимиз аниқ жавоб беришимиз керак: биз учун мусулмон бўлишлик улуғми ёки Одам даражасига чиқиш?
Ижтимоий ҳаёт, жамият ҳаёти, оила, ундаги воқеликлар, уларга бўлган одамнинг ўз муносабати, хатти ҳаракати, одамлар билан ўзаро муносабатларини йўлга қўйишида ҳамиша ақл, нафс, иймон ўзаро курашади. Яъни, шайтон тўрт тарафимиздан бизга ҳамла қилаверади. Агар бу курашда инсоннинг “мен”лиги ўзини билмаса, ақлнинг кетидан юраверса, биров қилган ишни тушунар-тушунмас у ҳам такрорласа, ижтимоий, иқтисодий ҳаёт қаёққа ҳайдаса, шу ёққа кетаверса, аниқроғи онгини, ақлини ишлатиб тафаккур қилмаса, у инсон ШАХС бўла олмайди – ношахс (субличность) бўлиб қолади, шахси бўлмайди. Отини қаёққа бошқаришни билмаган, от қаерга кетса, ўша ёққа кетадиган одамни чавандоз деб бўлмайди. Аксинча ҳам, агар инсон ўз “мен”лиги йўлида яшаса, ўз “мен”лигини ҳафа қилмасликка, унинг эҳтиёжларини қондиришга: бировдан қолмаслик ёки ўз “мен”лигини кўрсатиш, ўз “мен”лиги учун курашишга, ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилиб яшаса, фақат натижа олиш муҳим бўлса, у ҳам ношахс бўлади. Ношахсликнинг Аллоҳ олдида ҳеч қандай аҳамияти йўқ, қадри бўлмайди. Чунки унинг “шахси” йўқ. Сиз ижтимоий тармоқларга боғланиб, турли хил фитналар ичида юрсангиз, компьютер ўйинларидан, қалбингиз учун фойда бермайдиган, аксинча уни бузадиган, умрингизни бесамар ўтказишга ёрдам берадиган сериаллардан бўшамасангиз, ўзингиз учун, атрофдагиларингиз учун фойдали иш қилишни ўйламасангиз, маънавий-руҳий ўсишни, ўз-ўзингизни кашф қилиш ҳақида қайғурмасангиз, ўз нафсингизда қандай қусурлар борлигини: айтайлик, дангасалик, ишёқмаслик, илм истамаслик, журъатсизлик, очкўзлик, ғазаб, риё, ҳасад, ғийбат ва ҳ.к.лар бор-йўқлиги ҳақида билмасангиз ва уларни йўқотишга ҳаракат қилмасангиз, ўз “мен”лигингиз йўлида юраверсангиз – ношахс бўласиз. Сиз Аллоҳ олдидаги ваъдангизни – “уй вазифасини” бажармаган бўласиз. Биз ҳаммамиз бу дунёга келишдан аввал Аллоҳга фақат Сени дейман, сенгагина итоат этаман, бир муддатга юбор, деб ваъда берганмиз, яъни бу дунёда маънавий-руҳий ўсиб, комиллашиб, Шахсга айланиш учун келганмиз.
Ҳозирги ҳаётда биз ижтимоий, иқтисодий ҳаёт ичига шўнғиб кетганмиз, теварак-атрофимиздаги воқеалар, муносабатлар ичида, уни кўриб ундай деймиз, буни кўриб бундай деймиз. Бизнинг ўйлаётган ўйларимиз, қилаётган ишларимиз – “эл қатори”. Биз ҳаттоки, касб-коримизни бажаришда ҳам “эл қатори” бўламиз. Касби-коримиз орқали биз Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлишимиз мумкинлиги, бунда улкан хайр борлигини ҳамма вақт ҳам англамаймиз. Биз бажараётган касб-коримиз орқали инсон сифатида ўз-ўзимизни ярата олишимиз мумкинлигини, аксинча, гуноҳ ишларга йўл қўйиб иблисга – мублисунга айланиб қолишимиз мумкинлигини ҳам унутдик. Ҳа, инсон ўз касби-кори орқали Аллоҳ олдида шарафланиши ҳам, аксинча, лаънатланиши ҳам мумкин. Биз инсон сифатида ҳар биримиз алоҳида бир шахс эканлигимизни унутдик, шунинг учун ҳам “эл қатори” яшашга, фикрлашга, “эл” нима қилса шуни қилишга ўргандик. Ҳаттоки Аллоҳ билан бўлаётган муносабатимиз ҳам “эл” қатори. Аллоҳ эса “дилингиз қаёққа оғиб кетаяпти?” деб бизни огоҳлантиради. Тушунаяпсизми? “Энг бахтсиз инсон – дили оғиб, шайтонга итоат этган одамдир”.
Сизнинг дилингиз бу дунёнинг гўзал нарсаларига, орзу-ҳавасларига кўмилиб, шу нарсаларга интилиб яшашингизни, ўзингизни унутишингизни, дилингиз фақат шу нарсаларга оғишини, ошиқишини истайди. Ёки, аксинча, шу нарсалар йўқ бўлгани учун дилингизни вайрон қилишингизни, ўзингизни бахтсиз санашингизни, жамиятда ўрним йўқ, деб ўзингизни ҳис қилишингизни, етишмовчиликдан шикоят қилиб юришингизни истайди. Лекин ана шулар сабаб секин-аста ботинимизни “шайтон” кир қилиб қўяётганини билмаймиз, асли дунёга қандай бахтга эришиш учун келганимиз ҳақида умуман ўйламай қўямиз. Аллоҳ эса: “Роббингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай ажралинг!” деб ўзимиздан, нафсимиздан ажралиб, Аллоҳга томон боришимиз кераклиги ҳақида бизни огоҳлантиради. Сўфийлар буни қуйидагича тушунтиришади: “Сен, подшоҳнинг саройига эшагинг билан кириб келмайсан. Ҳеч ким сени эшагинг билан саройга киритмайди. Уни ташқарида қолдирасан. Худди шундай, сен нафсинг билан Аллоҳнинг Даргоҳига кира олмайсан, нафсинг билан сени ҳеч ким бу Даргоҳга киритмайди”....
Аллоҳ Қуръонда: “Айтинг: Ҳар ким ўз равишига қараб амал қилур.” (Исро сураси, 84-оят), деб айтади. Ушбу оят тафсир қилинишича, (Нуъмон Али Хон) ҳар бир одамнинг ўз тақдири, ўз ҳаёт йўли, ўз ризқ-насибаси бўлар экан. Ҳар бир одам ўзича алоҳида; ҳеч кимга бир хил қобилият, бир хил тақдир, бир хилда ризқ, насиба берилмаган. Аллоҳ ҳаммани турли хил қилиб яратган. Оятда ҳар бир одам ўз равишига қараб, ўз ҳолига қараб амал қилиши, ана шу турли-туманлик ичида одам шахс сифатида ўз ўрнини топа олиши, шунга ҳаракат қилиши ҳақида баён этилади. Аслида, бу ҳаётда инсон аввало ўзига ўхшаши керак, ўзини топиши керак. “Эл қатори” бошқа бировларга ўхшаб яшашга ҳаракат қилиш, бировлар қилган ишни қилиш, бировларга ёқишга ҳаракат қилиш орқали одам ношахсга айланади, у ўзидан узоқлашади, маънавий кўр бўлиб қолади. Бу носоз ақлнинг, шайтоннинг нафақат инсонга, бутун бир жамиятга қилган таъсири.