Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 13


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ҳаромга ундаш

Шайтоннинг охирги макони – жаҳаннам. Шайтон одамзодни худди шу ерга, ўзи борадиган ҳалокат ерига бошлайди. Зино, ўғрилик, бировнинг молига эга бўлишлик, ароқхўрлик, гиёҳвандлик, очиқдан-очиқ фаҳш ишлар, булар ҳақида ижтимоий тармоқларда очиқдан-очиқ гапириш, шу ҳақда “маслаҳатлар” бериш, буларни томоша қилиш, сўкиниш, ҳаром сўзларни ишлатиш, ўртадан уят, ор-номус, андиша, ҳаёни унутиш, иймонини йўқотиш… Бу ишларни иблиснинг дўстлари, лашкарлари бажарадилар. Иблиснинг лашкарлари жуда ҳам кўп. Улар турли хил кўринишларда, турли хил ракурсларда, жуда катта миқёсларда бу ишларни олиб борадилар.

Шайтонни “қатл” этиш йўли

Шайтон неча ўн минг йиллардан бери одам боласига мана шундай душманлик қилиб келаяпти. Бу соҳада унинг тажрибаси йиллар давомида ошиб, кучга кириб борар, лашкарлари ҳам жуда кўпайиб борар экан. У қиладиган ишини 100 йил аввал режалаштирар экан. Биз-чи? Биз ҳали унинг режаси тугул, ўзини яхши танимаймиз. Бизда у билан курашишга қандай тажриба бўлиши мумкин? Биз ҳали ҳеч қандай тажриба орттирганимиз йўқку? Нима қилиш керак? Биз қандай қилиб бундай кучли маккордан ўзимизни ҳимоя қила олишимиз мумкин?

Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бандасига шундай меҳрибонки, У бизга тафаккур қилиш неъматини бериб қўйибди. Инсон ўзидаги ана шу тафаккур қилиш неъмати билан шайтоннинг бир неча ўн минг йиллик тажриба, куч-қудратини бир зумда йўққа чиқариши мумкин.Тафаккур ва кучли иймон шайтонга қарши жуда ҳам оғир, кучли зарба.

Агар инсон тафаккур қилмаса, идрок қилмаса шайтоннинг дўстлари, лашкари кўпаяди.

Тафаккур қилган инсон кимнинг қалбида нур, кимнинг қалбида шайтон борлигини билиб олади. Тафаккур қилган инсон ўртага ташланган фитналарга, даъватларга ем бўлмайди, шайтоннинг тузоғига тушмайди. Бировнинг хатосидан фил ясаш мусулмон одамнинг иши эмаслигини билади. Аллоҳнинг: “Фитна қотилликдан ҳам кўра оғир гуноҳ” деган эслатмаси доимо ёдида бўлади.

Аллоҳ – бизнинг Роббимиз. Биз барча яратилган махлуқотлар Аллоҳга қулмиз. Ўзимиз қул бўла туриб, бошқа қулларнинг устидан ҳукм чиқаришга бизнинг ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Ҳукм чиқаришга фақат Ўзигина Ҳақли. Аллоҳ бизга бундай ваколатни бермаган. Бировларга даҳрий, кофир деб тамға қўйгувчилар дин бузғунчиларидир. Булар динга эмас, ўз нафсларига хизмат қиладилар.Тафаккур қилган, иймонли инсон бандасининг даҳрий ёки даҳрий эмаслигини фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм қилишини, бандаларнинг бировни кофир, даҳрий деб омма олдида айблашга ҳаққи йўқлигини билади. Мусулмон бошқа бир мусулмонга тош отса, хўрласа, туҳмат қилса, қилич кўтарса, ўлдирса – бу катта гуноҳ. Бу гуноҳни фақат шайтон лашкарлари қилади. Тафаккур қилган иймонли инсонни шайтоннинг ана шундай лашкари бўлиб қолишидан Аллоҳнинг Ўзи асрайди. Тафаккур қиладиган инсон жиҳодга чақирилган даъватларга: қандай қилиб мен ўзим танимаган, билмаган, менга қарши қурол кўтармаган, қўлида қуроли бўлмаган бир бегуноҳ бандани ўлдириб жаннатга тушишим мумкин, қандай қилиб мен тинч юртни нотинч қилиб жаннатга тушишим мумкин, деган саволни ўзига ўзи беради.

Тафаккур қилган инсон, якка Роббисига сиғинган, ишонган, Унинг итоатида бўлган одам мусулмон эканлигини билади, бошқа пайғамбарлар йўлини тутиб, эътиқод қилганларни ажратмайди, сиқиштирмайди. Ҳаттоки Худога ишонмайдиганларни ҳам таъқиб қилишга, ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Худога ишонмайдиганнинг ҳам, ишонадиганнинг ҳам қалбида нима борлигини ва нима йўқлигини Аллоҳнинг Ўзи яхши билади ва Ўзига ҳавола, бандасига эмас!

Онгнинг қотиб қолиши, идрок, тафаккур қилмаслик сабабли турли хил номлардаги террорчи гуруҳлар, ИШИД, “фалончилар” пайдо бўлди. Улар жиҳод қилиб шаҳид бўлиш нима эканлигини тафаккур қилмаганлари учун Иблиснинг лашкарига айландилар. Шу хусусда Али розияллоҳу анҳунинг жуда ҳам кучли, таъсирли гаплари бор: “Кимки нафсини ўлдириб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбидаги илоҳий ва инсоний туйғуларни қатл этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн этилади”. Тафаккур қиладиган инсон бошқаларни эмас, ўз нафсидаги шайтонни қатл этади. Аслида, жиҳод бу қалбидаги инсоний туйғуларни қатл этиш эмас, балки унинг дилига шайтон юбориб турган импульсларни қатл қилиш эди. Ҳозир бу мамлакатларда уруш очиб, шаҳидликни даъво қилаётганлар қалбларидаги илоҳий, инсоний туйғуларини қатл этиб бўлганлар. Тафаккур қилганларида эди, улар кетаётган ва бошқаларни тарғиб қилаётган йўл асл одамийлик ҳақиқатидан, иймондан йироқ ва охир-оқибат асл борадиган жойидан маҳрум қиладиган ҳалокат йўли, абадий азобда қоладиган йўл эканлигини билган бўлар эдилар ва ҳеч кимга қарши қурол кўтармаган бўлар эдилар.

Аллоҳ берган тафаккур неъматини ишлатмаслик инсонни ўзлигини англашдан маҳрум қилади, ўзини ўзи англамаган инсоннинг бошқарув пульти ўзида эмас, Иблиснинг қўлида бўлади.

Яккаҳукмронлик орзуси

Иблиснинг табиатида Ер юзида яккаҳукмрон бўлишлик ётади. Ҳозир Иблис яккаҳукмронлик учун ўз лашкарларини ишга солиб, дунёда уруш ўчоғини ёқаяпти. Бундай қабиҳ ишларни у ислом байроғи остида қилаяпти. Чунки унинг мақсади мусулмонларни, ислом динини Ер юзида ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш. Бу Иблиснинг иши эканлигини тафаккур эгалари яхши тушунадилар. Лекин ўзингиз ўйлаб кўринг: шайтон яккаҳукмронликни хоҳлади – оқибати нима бўлди, нима билан якунланди? У Иблисга айланди, жаннатдан қувилди, Ерга қулади. Лекин баъзи мамлакатларнинг ва одамларнинг ана шу яккаҳукмронлик орзуси ва бунинг учун қилинадиган жанг бу ҳаётда ҳозир ҳам давом этаяпти. Одам яратилгандан буён бу жанг давом этиб келаяпти. Яхшилик ва ёмонлик, зулмат ва нур ўртасида жанг ҳеч қачон тўхтамаган. Охири, ғалаба кимнинг қўлида бўлади? Муқаддас Китобларда бу ҳақда нима дейилган? Бутун олам Ҳукмронлиги кимнинг қўлида? Ким барча Оламларнинг Подшоси? Барча Куч, Қудрат, Қувват кимнинг қўлида? Ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва ҳаммамиз Аллоҳга қайтариламиз. Шайтон ва унинг лашкарларининг эса Ер юзида бузғунчилик қилиб, гуноҳга ботганлари – зиён кўрганлари, азоб тупроғига дафн этилганликлари қолади. Аллоҳ Қуръонда “Тафаккур қилмайдиларми?” деб, биз бандаларга қайта-қайта айтади. Тафаккур қилган инсон бу дунёда кимга хизмат қилаётганини, қулликни кимга қилаётганини англай олади, жиҳоди ўзи билан эканлигини билади.

Жоҳиллик

Халифалик ўрнатиш, исломий давлат қуришга даъват қилаётганлар мусулмонларни ҳақиқий диндан, Ислом йўлидан чалғитиб турли хил бузғунчилик ишларини қилиб юрибдилар.

Ғарбда Исломнинг буюк дин эканлигини, бу дин “эртага Исо алайҳиссаломни худо деб биладиганларни “йўлдан оздириши”, бу динни тутган мамлакатда илм-маърифат, тараққиёт ривожланиши аллақачон англанган эди. Шунинг учун ҳам ғарб мамлакатларидаги махсус хизмат томонидан Исломнинг софлигини бузиш, тафаккур қилишдан чалғитиб, унинг илдизига “ўз болтаси билан уриш дастурини” бундан 100 йиллардан аввал ишлаб чиққанлар, ва у ҳозирги кунгача “замонавийлашиб” давом этаяпти. Халифаликка, исломий давлат қуришга, динда, Қуръонда йўқ нарсаларни даъват қилаётган ёки оятларни бузиб ҳужжат келтираётганлар нафақат ўз ватанларига хоинлик, балки ўзлари эътиқод қилган динларига ўзлари душманлик қилаяптилар ва бошқаларни ҳам динимиз ҳақиқатини бузишга, шу баҳонада ватанимизда тўс-тўполонларни чиқаришга ундаяптилар. Улар ҳам ўзлари билмаган ҳолда шайтон лашкарига айланганлар. Уларнинг назарларида (ақлларида) худди исломий давлат, халифалик ўрнатилса, Аллоҳ рози бўлиб, барча муаммолар ҳал бўлиб қоладигандек. Бу ақлни ҳам шайтон уларнинг кўксига шипшип қўйган.

Битта саволни ўзингизга бериб кўринг: ҳозирги онгимиз, тор дунёқарашимиз, Ислом дини, мусулмончилик ҳақида, унинг моҳияти, принциплари ҳақидаги тобора қашшоқлашаётган илмимиз билан, шайтон ҳукмронлик қилган ақлимиз, нафсимиз билан қандай исломий давлат ёки халифалик қуриш мумкин? Бу қандай “давлат” бўлади? Бу масъулиятни ким, қандай одамлар бўйнига олди? Афғонистонда “исломий”ларнинг ҳайвон ҳам қилмайдиган ваҳшийликларини илк бора кўрган эдик, Ироқда кўрдик, Сурияда кўраяпмиз. Сиз ваҳшийликдан иборат шундай давлат тузилмаси бўлишини истаяпсизми? Бу Иблиснинг программаси-ку?! Бундай давлат тузишнинг тепасида турганлар сизни чиройли сўзлар билан аврайдилар, дилингизни ўзлари томон оғдирмоқчи бўладилар.

Яна битта савол, яхшилаб ўйлаб, тафаккур қилинг: Сиз яшаётган ижтимоий муҳит – бу халифалик, исломий давлат бўладими ёки демократик давлат бўладими, қандай бўлишидан қатъи назар, давлатнинг тузилиши шахсан сизнинг қалбингизнинг юксалиши, Аллоҳни топишингизда, охиратингиз дўзах ёки жаннат бўлишида қандай таъсири бўлиши мумкин? Масалан, сиз демократик давлатда яшаётган бўлсангиз, Аллоҳга азалда қилган ваъдангизни бажариш учун шайтонни ўз ҳаётингиздан чиқариб ташлашга, ўз-ўзингизни ривожлантиришингиз, қалбингизни поклашингиз, муҳаббат билан Аллоҳни топишингизда, Унга яқинлашишингизда нима халақит бераяпти? Демократик тузумми? У дунёга борганда сиз Аллоҳга: “Мен демократик давлатда, “кофирлар” яшайдиган жамиятда яшадим, шунинг учун ҳам ваъдамни бажара олмадим”, деб айтасизми? Ёки Аллоҳ сизга исломий давлатда, халифаликда яшасангиз жаннатни ваъда қилганмиди? Ёки аксинча, демократик давлатда яшасангиз дўзах ваъда қилинганми? Шулар ҳақида Қуръонда, ҳадисда ўқиганмисиз? Ёки кимларгадир кўр-кўрона эргашаяпсизми? Одам зоти ўз номи билан бировларга кўр-кўрона эргашиши мумкинми? Фақат пода эргашиши мумкин! Ўзингиз ўйлаб кўринг: Сиз қалбан ривожланмасангиз, нафсингизни қатл қилмасангиз, кибрингизни ерга уриб, маънавий руҳий юксалмасангиз, ўз-ўзингизни ислоҳ қилмасангиз ҳам исломий давлатда яшаган бўлсангиз бўлди, “жаннатга йўл” деганими? Жоҳил ҳолингизда Аллоҳ сизни Ўзига қабул қиладими? Шу ҳол билан сиз жаннатда яшайсизми? Аслида эса, демократик давлатда яшаб инсон жаннатий бўлиши мумкин, ва аксинча, исломий давлатда яшаб, хурофот ичида ўз-ўзини англамай, шайтон ҳукмронлик қилган ақли, нафси орқали инсон дўзахий бўлиши мумкин. Инсоннинг ўз-ўзини англаши, Аллоҳни топишида, руҳини камолотга етказишига, жаннатий ёки дўзахий бўлишига давлат тузумининг ҳеч бир алоқаси йўқ. У дунёга борганда Аллоҳ сиздан қандай давлатда яшаганингизни сўрамайди ёки нима учун “исломий давлатда” яшамадинг демайди. Сиз ана шу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўринг. Инсоннинг Аллоҳ йўлида тўғри юрган, юрмаганлиги давлатга, унинг тузилишига эмас, ўзига боғлиқ. Сизнинг қайси ва қандай “чиғириқ”дан ўтишингиз кераклигини Аллоҳнинг Ўзи Қаламида белгилаб берган. Ўз нафсидаги муаммонинг сабабини давлатга қаратиш, давлатдан ёки бировдан тўнкаш илоҳий жиҳатдан мумкин эмас. Бу иблиснинг иши. Халқнинг тинчлигини бузиш, уруш, жанжаллар чиқариш Иблиснинг Дастурида “катта-катта ҳарфлар” билан битиб қўйилган. Сиз бу программани ишлашига зинҳор йўл қўйманг! Агар инсон ўз нафсидаги, ўз табиатидаги мавжуд муаммоларини кўра билса, ташқарида ҳеч қандай муаммо йўқлигини, муаммо фақат ўзида эканлигини англайди. “Дунёни ўзгартиришни истаган инсон, аввал ўзини ўзгартиради”.

Замонамизнинг атоқли шоири, адабиётшунос олими Жамол Камол: “Инсон бу дунёга икки дунё саодатига эришиш учун келган. Бу кўнгил ободлиги ва юрт ободлигидир. Кўнгил ободлиги билан инсон у дунё саодатига етади, юрт ободлиги билан бу дунё саодатига етади”, деб айтадилар.

Тафаккур қилган инсонлар Аллоҳнинг Нури ҳамма жойда бир хилда ёйилганини, қаерда, қандай шароитда бўлмасин, бу Нурдан баҳра олишга ҳамма вақт инсоннинг ўзи ҳаракат қилиши керак эканлигини билади. Иблис эса сизни бу ишлардан тўсиб туради, муаммоларингизни “бошқача” йўл билан ҳал қилишингизга ундайди, ўз нафсингиз билан курашиб, уни қатл этишни эмас, бошқалар билан курашиб иймонингизни қатл этишингизни истайди.

“(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур) (Исро сураси, 36-оят).

Ушбу оятни уламолар тафсир қилар эканлар, ўзимиз билмаган нарсага эргашмаслик, қулоғимизни, кўзимизни, дилимизни асрашимизни, биз бунга масъул эканлигимини, Қиёматда жавобгар эканлигимиз ҳақида ўн тўрт аср муқаддам Қуръонда огоҳлантирилганлигини айтадилар.

Қулоғингиз қалбда Аллоҳга ва Аллоҳнинг бандаларига муҳаббат уйғотадиган гапларни эшитсин. Кўзингиз теварак-атрофингиздаги фақат яхши нарсаларни, Аллоҳнинг гўзаллигини кўришни ўргансин, бировлардаги камчилик, хато, қусурларни кўрмасликка ҳаракат қилсин. Дилингиздаги ниятингиз соф бўлсин. Унинг софлигини сақлашга ҳаракат қилинг. Бунинг учун дилингиз ташқаридан келадиган шайтоннинг “импульсларини” қабул қилмасликка ўргансин. Мана шулар сизнинг қулоқ, кўз, дилингиз олдидаги масъулиятингизни ва тўғри йўлда эканингизни билдиради. Кўз, қулоқ, дил ва тилингизнинг жилови ўзингизнинг қўлингизда.

Мавлоно Жалолиддин Румий: Жоҳил одам гулнинг гўзаллигини кўрмайди, унинг тиканларини кўради, холос”, деб айтганлар. Фақат тиканни кўрадиган жоҳил инсонлардан нари юриш керак.

Отлиқ лашкарлар…

Ҳозирги вақтда одамни одамлигидан жудо қиладиган, уни ҳалокатга етаклайдиган ароқ ичиш, гиёҳвандлик, уни тарғиб қилиш ва шунга шарт-шароит яратишни шайтон ва унинг лашкарлари ҳеч тўхтамай амалга ошираяпти. Гиёҳвандликка одамларни ўргатиш, тарғиб қилиш учун унинг тури хил йўлларини қилаётган, бунинг кетидан катта-катта пул қилиб, иблисга айланган миллионерлар қанчадан қанча! Бу одамлар қанчадан-қанча ёшларнинг қалбини ўлдириб, “одам бўлишлик”дан маҳрум қилиб, фожиага айланган ҳаёти эвазига пул топиб, бу дунёда иблиснинг мақомида юрганларини билмайдилар, шайтон уларнинг чап томонидан келиб, жуда ҳам ичкарига олиб кириб кетган, охиратни уларнинг кўзига умуман кўрсатмай қўйган. Шунинг учун ҳам бундай одамлар Илоҳий қаҳрдан қўрқмайдилар. Бундай йўл билан пул топадиганлар нафсини “кислота куйдирган” нафси аммора, иблис лашкарлари. Улар ҳам бу дунёга келмасларидан аввал “Сен бизнинг Роббимизсан, фақат Сенга итоат этамиз”, деб иймон келтиришган эди. Ҳақиқий дунёларига борганларида энди нима дейишар экан? Ахир улар Роббга эмас, ўз нафсларига, шайтонга қул бўлдилар-ку?! Аллоҳ уларни қабул қиладими? Уларнинг у дунёси куйиб кетган бўлади. Аллоҳ шайтонга: “Кимки сенга эргашса, сен билан бирга жаҳаннамга тушади”, деб ваъда берган.

Исо алайҳиссалом: “Ўша куни одамлар ўлимни қидириб қоладилар, лекин уни топа олмайдилар, улар ўлишни хоҳлайдилар, лекин ўлим улардан қочиб кетган бўлади”, деб Қиёмат куни ҳақида, абадий азоб ҳақида гапирган эканлар. Бу ҳақда Тоҳо сурасининг 74-оятида ҳам ёзилган. Бу ниҳоятда даҳшатли манзара. Лекин Аллоҳнинг сўзлари ҳақ: “ Кимки сенга эргашса, сен билан бирга жаҳанамга тушади”…

Шайтон лашкарлари гомосексуализмни тарғиб қилаяптилар. Тилга ҳам олиб бўлмайдиган бу ҳаром иш Ғарб давлатларида демократиянинг бир кўриниши бўлиб қолди. Одам нафсидаги ноқисликни, ифлосликни, ҳаромни демократия деб, ҳамма ёққа тарқатишаяпти. Бошқа жойларда бу нарсага инсонийликка зид бўлган ҳолат деб қаралса, ҳаром ишни ҳимоя қилиб “Нега буларга демократия, эркинлик берилмаяпти”, деб шайтон лашкарлари ҳамма ёққа дод-вой соладилар. Ғарб мамлакатларида қонуний асосда буларга эркинлик берилди. Ҳозир ана шу мамлакатларда бу нарсалар мактабларда, оммавий чиқишларда тарғиб қилинаяпти. Бундай ҳаром ишлар кўпайган, авж олган ва қонунан рухсат берилган давлатлар биринчи бўлиб илоҳий қаҳрга, ҳалокатга юз тутар эканлар. Лут қавмини бунга мисол қилиб Аллоҳ бекордан-бекор Қуръонда огоҳлантирмаган. Аллоҳнинг қаҳри сабаб, қанчадан-қанча юртлар вайрон бўлгани бунга мисол. Шайтон эса ҳозирча ғалабасини нишонлаяпти. Минг афсуски, агар инсон қалбидаги илоҳий учқунга назар солганида, тафаккур қилганида шайтон лашкари бўлиб қолишдан, ҳаром ишлардан ўзини асраган бўлар эди, моҳиятан ОДАМ бўлар эди. Ерда залолатни, зулмни эмас, гўзалликни тарқатган бўлар эди.

Инсоният ҳалокат ёқасида

Ҳозирда Иблис одамзоднинг тўрт тарафидан навбатма-навбат эмас, бир йўла, тўрт тарафидан, тўхтовсиз ҳужум қиладиган вақт келган. Унинг лашкарлари, ёрдамчилари кундан-кунга кўпаймоқда, кучаймоқда. Ҳозир булар от устига ўтириб, бизларга ҳужум қилишаяпти. Шундай ҳужум қилишаяптики, натижада бизнинг бир кунлик умримизнинг 90 фоизи қўлимиздаги мобиль телефонларга сарфланаяпти, миямиз, хаёлимиз фақат ана шу телефонлар, ўйинлар, ижтимоий тармоқ билан банд бўлиб қолди. Қўлимиздаги мобиль телефонлар, интернет саҳифасидаги турли хил дастурлар олдида биз қул бўлиб қолдик. Ана шу шайтоннинг от устида ўтириб бизга лашкарлари билан қилаётган ҳужуми. Биз эса пиёдамиз. Ҳозир ёшларимизнинг аксарияти ижтимоий тармоқларсиз, мобиль телефонларсиз ўзларини тасаввур қила олмаяптилар. Сиз интернет бангилиги эртага Сизни, бутун инсониятни ҳалокатга олиб келиши муқаррарлигини англашингиз зарур. Чунки, инсон бу дунёда яшаб туриб, ҳақиқий реал ҳаётни кўриши, ўзи кўриб, англаб турган ҳаётда яшаши, ундаги воқелик жараёни билан бирга бўлиши, одамлар билан мулоқот, муносабат қилиши, уларни ҳис қилиши, меҳнат қилиши, таълим олиши керак. Лўнда қилиб айтганда, одам сифатида бу дунёга келган ҳар бир инсон ҳақиқий ОДАМ кечириши лозим бўлган ҳаётни кўриши ва буни ўтай олиши керак. Смартфонлар, интернет эса, одамни ҳақиқий воқеликдан ажратиб қўяди, одам дунёни визуал равишда кўрадиган, англайдиган бўлади, у ўз жамиятидан, ўзлигидан айрилиб қолади. Бу одамнинг одам сифатида яшашидан ажратадиган жуда катта фожиа.

Руҳшуносларнинг фикрича, смартфондан фойдаланувчилар, унга боғланиб қолганлар бирор ишни диққат қилиб, ақл-идрок билан ёки самарали, фойдали тарзда бажармайдилар: дарс тайёрлаш, ўқиш, ўрганиш, ҳатто давраларда ўзаро суҳбатлашиб ўтирганда ҳам бу суҳбатлар юзаки бўлиб қолади, чунки асосий диққат, эътибор смартфонда, ундаги хабарларда бўлади.

Агар сиз мутахассис экспертларнинг илмий тадқиқот ишлари хулосалари билан танишсангиз, одамзоднинг одамийлигидан, ўз ҳақиқатидан айирадиган тенденция бутун Ер юзи бўйлаб тарқалганини ва бу хатардан огоҳ этиш учун экспертларнинг бутун дунёга бонг ураётганлари бежиз эмаслигини ўзингиз билиб оласиз. Бу ҳақда ҳаттоки ижтимоий тармоқларни яратувчилари, дастурловчиларнинг ўзлари қилган ишларининг натижалари нималарга олиб келаётганини тушуниб, афсусланаяптилар, огоҳлантираяптилар.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Ер юзида миллиарддан ортиқ одамлар смартфондан фойдаланишар экан. Руҳшунос олимларнинг таъкидлашича, смартфонлар, ижтимоий тармоқлардан келаётган хабарлар оқими инсоннинг руҳий саломатлиги учун ниҳоятда хатарли экан. Ижтимоий тармоқ олдида 3 соатдан кўп ўтирган ўспиринларда ўз жонига қасд қилишликка мойиллик пайдо бўлар экан. Ҳозир АҚШда вояга етмаганлар орасида содир этиладиган қотилликдан ҳам кўра, ўз жонига ўзи қасд қилганлар сони кўпайиб бораётганлиги қайд этилаяпти. Ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмай, ҳаётга энди қадам қўяётган ёш ўспирин смартфони орқали бутун дунё ичида яшаяпти. Шунинг учун ҳам унда ҳақиқий, реал ҳаётда яшаш мазмунини ҳис қилиш қуввати йўқолади. Ҳаёт, яшаш мазмунини ҳис қилиш қувватининг йўқолиши ана шу тенденцияни қўзғатувчи куч эканлигини экспертлар таъкидлаяптилар..

Шунингдек, олимларнинг хулосаларига кўра, ижтимоий тармоқлардан келаётган янги хабарларга бўладиган доимий эҳтиёж, уни мияда қайта ишлашга вақтнинг етишмаслиги, бир вақтнинг ўзида бир нечта ишларни амалга ошириш сабабли одамда “клип” фикрлаш ҳодисаси пайдо бўлар экан. Яъни, қисқа даражада фикрлаш ҳодисаси пайдо бўлади. Чунки, турли хил хабарлар оқими сизни жуда тез ўйлашга ва бир вақтнинг ўзида турли хил нарсалар ҳақида ўйлашингизга мажбур қилади. Шу туфайли сизда чуқур фикр қилиш, танқидий фикрлаш, мушоҳада қилиш ўз-ўзидан йўқолиб боради. Сиз буларни “клип” сифатида қабул қиласиз ва шундай қисқа фикрлайсиз. Чунки “клип”га хос фикрлаш – хабарлар оқимини тезроқ етказади ва бу мия учун хабарлар оқимини фильтрлаш, қайта ишлашдан кўра осонроқ кечади. Бу инсоннинг бирор нарса устида чуқур фикр қила олмаслиги, мушоҳада юрита олмаслигига олиб келади. Бунинг оқибати шахсан ўзингиз учун қандай ҳалокат эканлигини тушунаяпсизми? Мушоҳада қила олмайдиган одамнинг даражаси нима билан тенг бўлишлиги ва бунинг оқибати нима эканлигини англай оласизми?

Одам организмида хурсандчилик гормони бор. Буни дефомин деб аташади. Руҳшунос, биохимик олимларнинг олиб борган тажриба ишлари шуни тасдиқладики, ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ўсмирнинг смартфонига келаётган хабарлар унда дефомин даражаси тўрт баробар кўп миқдорда кўпайишига сабаб бўлар экан. Бу худди шунча миқдорда кокаин дозасини олган билан баробар эканлигини ушбу олимлар таъкидлашмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳали ижтимоий тармоқларлардан қандай ҳимояланишни билмай, унга бемалол кириши учун боласининг қўлига телефон олиб берган ота-она худди ўз боласининг қўлига наркотик тутказаётгани билан баробар бўлар экан.

Тўрт йил давомида тадқиқот ишларини олиб борган эксперт Стивен Котлер ижтимоий тармоқлар яратувчилари, дастурловчилари Илон Маск, Эрик Шмид билан олиб борган суҳбатларидан келиб чиқиб, шундай хулосага келади: “Бу одамлар онгнинг ўзгартирилган ҳолати оқимини ўзларида ушлаб турибдилар. Яъни, барча одамзоднинг мия калити уларнинг қўлида бўлиб қолиши хатари бор. Улар ўзлари билган, англаган ҳолда миллиардлаб одамларни “кокаин”га ўтказиб қўйдилар”.

Фейсбукнинг собиқ экс-президенти Чамат Полихапитиянинг тан олишича, у ва унинг командаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларда дефомин гормони яна ҳам кўпроқ ишлаши учун уларнинг руҳиятини ва шу билан бир вақтда инсонда юз берадиган биохимия жараёнини чуқур ўрганишди. Шу сабабли ҳам у максимал даражада одамларни ижтимоий тармоқда ушлаб туришга ва рекламадан келадиган фойдаларни кўпайтиришга эришган. Энди эса, у қилган ишларининг натижаси нималарга олиб келаётганини тушуниб етди. “Маълум бир қўлланмаларни яратиб, биз шулар воситасида ижтимоий воқеликни, унинг асосида ётган жамиятни бузиб ташладик. Дунёнинг бўлажак етакчиларига бу нарсани билишлари нақадар муҳимлигини айтмоқчиман. Ваҳший махлуқни боқсангиз, эртами, кечми у сизни йўқ қилади. Агар уни ушлаб тура олсангиз, уни назорат қила олишга ва тўхтатиб қолишга сизда имкон пайдо бўлади. Биз томондан яратилган, озроқ миқдордаги дефомин – қайта алоқани тиклаш чоки жамият механизмларини, инсонларда ўзаро мулоқот, ўзаро муносабат қилиш алоқаларини бузиб бораяпти. Лекин алдаш, ёлғон устун бўлиб турибди. Буни ҳал қилишга менда ҳеч қандай қарор йўқ. Лекин шахсан, мен ўзим учун бундай қўлланмалардан фойдаланмасликка қарор қабул қилиб бўлганман”.

Фейсбук компаниясиниг собиқ президенти Шон Пакер шундай дейди: “Ғоя шундан иборатки, одамларни мумкин қадар интернетда ушланиб қолишига мажбур қилиш, мумкин қадар вақтларини кўпроқ сарфлаш, эртаю кеч қолишга мажбур қилиш. Масалан, фейсбук, инстаграм ва бошқаларни олсак, инсоннинг фикрлаш жараёни ана шу саҳифалар асосига жойлаштирилади. Бизнинг мақсадимиз сизнинг вақтингизни ва сизнинг бутун диққат, эътиборингизни максимал даражада ютиб олишдан иборат. Бу дегани, биз сизнинг миянгизга озроқ миқдорда дефомин моддасини юборишимиз кераклигини билдиради. Бу шуни билдирадики, ҳар сафар сизга “лайк” юборилганда ёки қўйган расмингизга ёки “пост”га комментарийлар ёзишганда, бу сизни янада даврангизни кўпайтиришга, кўпроқ бошқалар билан алоқа қилишингизга ундайди. Бундай ижтимоий қўллашлар ва қайта алоқалар чек-чегараси бўлмаган, тўхтовсиз бир-бирига уланиб тикилиб бораётган чокка ўхшайди. Биз ана шундай тарзда инсон психологиясининг заиф нуқталарини эксплуатация қиламиз. Мен ҳам, Марк ҳам, инстаграмм саҳифасини яратувчиси Кевин Систром ҳам буни тушунганмиз ва онгли равишда шу ишни амалга оширганмиз”…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации