Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +

X. ИБЛИСНИНГ ДАСТУРИ

“Шайтон одамларни уларнинг онги, иродаси орқали ифлослантиришга ҳаракат қилади. Пайғамбарлар эса бу кирларни кетказишга ҳаракат қиладилар”.

Шайх Нозим ал-Ҳаққоний

Шайтон ким? Ёки қиссадан сабоқ

Таърифлашларича, жаннатнинг катталиги барча осмонлар ва ернинг биргаликдаги катталиги билан тенг экан. Кўз олдингизга шундай бепоён жаннатдаги сонсаноқсиз мевали дарахтларни келтиринг. Ана шулар ичида фақат битта дарахт мевасига тегиш мумкин эмас эди. Аллоҳ у дарахтнинг мевасидан ейишни Одам атога ман қилган эди. Қолган барча дарахт меваларидан Одам ато истаганларича тановул қилишлари мумкин эди. Лекин шайтон Одам атони ва онамиз Ҳаввони шундай авраган эдики ( бу ҳақда аввалги қисмларда ўқиган эдик), сон-саноқсиз дарахтлар ичидан битта ман этилган дарахтни уларга яхши кўрсатиб қўйди. Шундай қилган эдики, уларга Аллоҳнинг Эслатмаси, Огоҳлантиришининг аҳамияти бўлмай қолган эди. Чунки, уларнинг дилларини шайтон ана шу ман этилган дарахт мевасига оғдира олган эди.

Аллоҳ Одам ато ва момо Ҳаввони жаннатга киритар экан, аввалдан уларни шайтондан огоҳлантирган эди, ман этган дарахтга яқинлашмасликни буюрган эди. Лекин уларнинг диллари, нафслари ман этилган дарахтга оғиб кетди. Дилларининг истаги туфайли улар шайтондан огоҳ бўлишликни унутдилар, натижада Аллоҳга итоатсизлик қилиб қўйдилар.

Нима учун шайтон Одам атони ва момо Ҳаввони ана шу ман этилган дарахт мевасидан ейишга ундади? Қандай қилиб уларнинг дилларини оғдира олди? Нима мақсадда бу ишни қилди? Нима учун Аллоҳ ушбу қиссани бизга Қуръонда қайта ва қайта баён қилади?

Чунки, Қуръонда келган барча оятлар, қиссалар каби Одам алайҳиссалом билан Иблис қиссаси ҳам биз Одам авлодлари учун сабоқ бўладиган қисса.

Аллоҳ қодир қилганича биз ҳам сиз билан биргаликда ушбу қисса орқали мумкин қадар ўзимиз учун сабоқ олишга, тафаккур қилишга ҳаракат қиламиз.

Айтиб ўтилганидек, Одам дунёга келмасидан неча минг, минг йиллар аввал жин Ерда яшаган, у Ерда подшоҳ эди, у ҳукмрон эди, ўзи истаб Аллоҳга итоат этган эди, тоат, ибодат, саждада бўлди. Кейин эса Аллоҳ уни тақдирлаб юқори даражага кўтарди, фаришталар мақомига кўтарди, унга фаришталик мақомини берди, минг йиллар давомида, токи Аллоҳ Одамга сажда қилишни буюриб, унинг садоқатини синамагунича, фаришталар билан бирга Аллоҳга ибодатда бўлди.

Фаришталик мақомига кўтарилган Жин секин-аста ўзини Аллоҳ яратган барча махлуқотлардан устун кўра бошлади, ўзини фаришталар билан таққослаб, улардан ҳам ўзини улуғ деб билди. Уларнинг ихтиёри ўзларида эмас, менинг ихтиёрим ўзимга берилган, мен оловдан яралганман деб ичида мағрурланди. Эътибор қилаяпсизми, унинг дилида “мен”лик бор эди. У ўзини Аллоҳ яратган махлуқотлари ичида ягона, севимли ва юқори турувчи деб билди. У ўзини бошқалар билан таққослади, қилган ишидан – Аллоҳга қилган тоат ибодатидан мағрурланди. Чунки, унинг дилида кибр пайдо бўлган эди.

Кибр-араб тилидаги кабара сўзидан келиб чиққан бўлиб, ўзагида Кабир улуғ деган маъно ётади.. Улуғлик, барча махлуқотлардан юқори туриш бу фақат Аллоҳга хос, яратган махлуқотларга эмас. Намозда “Аллоҳу Акбар”, деб такбир айтганимизда “фақатгина Аллоҳ Улуғ, Улуғлик фақат Аллоҳга хосˮ, деб иймон билан айтамиз, шу билан кимдандир “юқори” туриш ҳиссимизни ҳайдаган бўламиз.

Кибрга кетган жин Аллоҳнинг Ерда халифа яратмоқчи бўлганлигидан хабар топади. Жин Одамни ўзидан юқори бўлишини истамади. “Одам мендан ҳам юқори бўлса, унда нима бўлади, нима учун Аллоҳ мендан ҳам улуғ махлуқни яратмоқчи?” деган хаёллар унга тинчлик бермади. Унинг дилидаги ҳаммадан ҳам юқори туриш ҳисси – кибр энди унда ҳасадни уйғотди. Муфассирларнинг баён қилишича, ҳасад сўзининг маъноси – бировда бор нарса унда эмас, фақат ўзида бўлишликни, бошқалар бу нарсадан маҳрум бўлишликни исташ экан. Жин ана шу касаллик билан касалланди. Ўзини қийнаётган нарсалар билан ҳеч ким билан ўртоқлашмади, то Аллоҳ Одам атога Ўз Нафасидан жон ато этмагунича бу нарсалар унинг юрагининг туб-тубида кечаверди.

Аллоҳ фаришталарга: “Мен жасадни битириб, ичига Ўз Нафасимдан уфурганимдан сўнг, сажда қилинг” деб буюради.

Аллоҳнинг: “Одамга сажда қилингиз!” амрига фаришталар шу заҳоти сажда қилдилар.

Осмон тўла фаришталарнинг сажда ҳолатларини кўз олдингизга бир келтиринг. Фаришталар Одамнинг барча мавжудотлардан улуғ қилиб яратилганлигини тан олдилар, Унга сажда қилдилар. Фақат шайтон сажда қилмади. У Одамни яратгани учун туғёнга келди, Аллоҳга исён қилди.. Шайтондаги кибр, ҳукмронлик истаги уни Аллоҳнинг лаънатига, тошбўрон қилинишига, жаннатдан қувилишига сабаб бўлди.

Шайтон сўзи араб тилидаги шатон сўзидан олинган бўлиб, жуда ҳам ичкари, туби чуқур, ичи ифлосланган, деган маънони билдиради. Шайтон сўзининг маъноси – хоҳ жин бўладими, одам бўладими у яратилган махлуқотлар орасида Аллоҳга “итоатсиз”, Аллоҳ ва Унинг Ҳақиқатига яқинлашмайди, деган маънони билдиради.

Иблис – шайтоннинг аниқ кўрсатилган исми бўлиб, бу сўз араб тилида аблас, воз кечиш, рад этиш маъносини билдиради. Аллоҳнинг Раҳматидан, Марҳаматидан воз кечган, қутқариб қолинишдан ноумид бўлгани учун ҳам у Иблис номини олган.

Ҳадисшунос олим Ибн Абу Ҳотам раҳматуллоҳи алайҳ келтирган ҳадисда Аллоҳ шайтонни Ўз даргоҳидан ҳайдар экан, шайтон Аллоҳга: “Эй Роббим! Ахир Сен Ҳақсан, Адолат Эгасисан, ҳеч кимга адолатсизлик қилмайсан. Сен учун қилган менинг шунча тоатибодатларим зое кетдими, эвазига ҳеч нарса бермайсанми, деб сўрайди. Аллоҳ: “Бераман, сўра”, дейди. Шайтон: “То улар тирилтириладиган кунгача муҳлат – вақт бер”, деб сўрайди. Аллоҳ: “Сен муҳлат берилганлардансан”, деб жавоб беради. Бу нарса унга азалдан белгилаб қўйилганини билган Иблис энди алам билан: “Эй Роббим! Сен шундай бўлишини билгансан! Мени жаннатдан қувишингни билгансан! Сенинг Қудратингга қасамки, Сен мени йўлдан оздирганинг учун энди мен ҳам Одам болаларини йўлдан оздираман, то Қиёматгача Ердаги барча гуноҳ ишларни чиройли қилиб кўрсатиб қўйиб, уларни ҳалокат йўлларига буриб юбораман, уларнинг йўлларига (Аллоҳнинг тўғри йўлига) пистирма қўяман, ўтириб оламан. Мен уларнинг тўғрисидан, орқасидан, ўнг томонидан, чап томонидан келиб ҳамла қиламан, сен уларнинг орасидан шукр қилувчиларни топа олмайсан; кўрасан, одам боласи мендан устун бўла олмайди, шундай қиламанки, одам болалари ҳам худди менинг аҳволимга тушиб, тавқи лаънатга учрайдилар”, деб Аллоҳга қасам ичади. Аллоҳ эса: “ Улардан кучинг етган кимсани васвасанг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ, пиёда лашкарларингни торт, бойликлари ва фарзандларига шерик бўл, ҳаромга унда, уларга ёлғон ваъдалар бер, лекин Менинг иймони мустаҳкам, солиҳ бандаларим устидан сенда ҳеч қандай ҳукмронлик бўлмайди, илло сенга эргашган гумроҳларнигина йўлдан оздира олурсан”, деб жавоб беради (Ҳижр сураси, 36-43-оятлар; ал-Исро сураси, 61-65-оятлар).

Шайтон яна Одам вужудида қондек айланишимга имкон бер, деб сўрайди. Аллоҳ: “Берганман”, дейди. Шайтон ҳар бир туғилган одам боласи учун унда битта шайтон туғилишини сўрайди: “Мен уларни (одам болаларини) кўрай, лекин улар мени кўрмасинлар, хоҳлаган суратимда уларнинг олдига кириб борай”, дейди. Аллоҳ “Берганман”, дейди. Шундай қилиб, Аллоҳ шайтонга бизнинг вужудимизга, хаёлимизга, ақлимизга кира олишига изн берди. Шайтон ва унинг авлодлари бизнинг вужудимизга шундай жойлашганки, ақлимизга, хаёлимизга келган нарсалар ташқаридан келаётганини билмаймиз, худди ўзимизникидек туюлаверади.

Одам алайҳиссалом ҳам Аллоҳдан: “Сен шайтонга вужудимизда қондек оқиб юришига рухсат бердинг, сўраган нарсасини бердинг, менга ва менинг зурриётларимга эса нима бердинг”, деб сўраган эканлар.

Шунда Аллоҳ: “Ер юзида ҳар битта туғилган сенинг авлодинг учун шайтон шаърридан ҳимоя қиладиган иккита – бири олдидан, бири орқадан юрадиган фариштани юбораман, дейди.

Бу икки фариштадан ташқари савоб, гуноҳимизни ёзадиган иккита фаришта икки елкамизда, яна битта фаришта юрагимизга яхши амалларни қилишимизни секин айтиб турар экан.

Одам алайҳиссалом хурсанд бўлиб кетибдилар ва: “Эй Аллоҳим! Яна қўш!” дебдилар.

Шунда Аллоҳ: “Сенга ва сенинг зурриётларингга битта қилган гуноҳ иши учун битта жазо бердим, битта қилган савоб иши учун эса 10 та савоб бердим”, деб айтади.

“Эй Аллоҳ! Менга яна қўш!” деб Одам алайҳиссалом яна сўрайдилар. Шунда Аллоҳ: “Мен бандаларим учун тавба дарвозасини очиб қўйдим”, дейди. Одам алайҳиссалом: “Эй роббим! Яна қўш!” дейдилар. Аллоҳ: “То руҳи танасини тарк қилмагунича тавба қилган бандамни кечираман”, дейди. Субҳоналлоҳ!

Бу воқеаларнинг содир бўлиши Аллоҳнинг Қаламида битиб қўйилган эди. Шайтон Ер юзида Одам яралганидан, то Қиёмат кунигача миллати, ирқи, ранги, дини қандай бўлишидан қатъи назар, бутун инсониятнинг душмани бўлиб қолди.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Бақара сурасининг 34-оятидаги кибр ва “мен”ликнинг ҳалокати тўғрисида Аллоҳнинг ишорасини баён қилиб берар эканлар, одамларга қарата: “Кибр, “мен”лик туфайли Иблиснинг бир неча минг йиллик тоат-ибодати бир зумда йўққа чиққанлиги, Аллоҳнинг Иблисга нисбатан қилган ҳукмидан ўзларингиз учун сабоқ чиқаринг”,деб айтган эканлар.

Шайтон ақлимизга буйруқ беради

Муфассирлар Қуръондаги Анъом сураси, 112-оятга таяниб баён этишларича, шайтон ва жинлар икки хил кўринишда бўлишини айтишади. Биринчиси – кўзга кўринмайдиганлари. Улар қулоғимизга, юрагимизга “шипшийдилар”. Биз уларни кўзимиз билан кўрмаймиз, қулоғимиз билан эшитмаймиз. Лекин уларнинг “шипшишларини” ўзимизники деб қабул қиламиз. Иккинчиси эса, биз ҳар куни кўриб юрадиган одам кўринишидаги шайтонлардир. Биз уларни кўрамиз, эшитамиз, улар тўғридан-тўғри бизга таъсир қиладилар. Лекин биз бу одамлар шайтон эканлигини англамаймиз. Улар ҳаттоки Сизга ароқ тутадиган, наркотикка ўргатадиган, фаҳшга ундайдиган дўстингиз ҳам бўлиши мумкин. Одамларга “кун” бермай, ҳаётини дўзахга айлантирадиган, азоблайдиган, бировларга ёмонлик қилмаса ўз тинчини йўқотадиган, урушларга чорлайдиган одамлар ҳам шайтон тоифасидан экан. Чунки, Аллоҳ ҳукмига бўлган ҳар қандай итоатсизлик шайтонликдир.

Шайтон ҳар биримизнинг ичимизда, бир сонияга бўлса ҳам у бизни тарк этмайди. У бизнинг вужудимизда қондек айланади, ақлимизни, хаёлимизни эгаллашга, уни бошқаришга доимо ҳаракат қилади. Ҳар биримиз, ҳар нафасда унинг таъқибидан, қўядиган тузоғидан, ҳамласидан холи эмасмиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ “шайтон кўксингизга шипшийди” деб бизни Қуръонда огоҳлантиради (Аъроф сураси, 200-оят. “Тафсир А. Саъдий”)

Шайтон шу тарзда ақлимиз, онгимиз орқали дилимизни ифлослантиришга, ўзи каби “ичи, туби ифлосланган шатон” бўлиб қолишига ҳаракат қилади. Бировларга ғазаб қилиш, ҳаётига тажовуз қилиш, фитна уюштириш, бировни бировга ёмон кўрсатиш, шаънини омма олдида ерга уришга ҳаракат қилиш, ҳақоратлаш, нафс йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслик каби ишларни ақлимизга солиб қўяди.

Ақлимизга келаёган импульслар шайтоннинг бизга қилаётган “шипшуви”. Шунинг учун ҳам кўпинча биз атрофимиздаги воқеликларнинг тагига етмай туриб, бирданига эҳтиросга бериламиз, шайтоннинг фитнасига учиб, унинг лашкарига айланиб қолганимизни билмай қоламиз. Ичимиздаги “Мен”лигимиз шайтоннинг “шипшуви” сабаб ҳақиқатни кўришдан, оқ-қорани ажратишдан тўсиб туради. Шундай тўсадики, биз оддий ҳақиқатни: нима деяётганимизни ва гапимизнинг охири нелигини билмай гапириб юборамиз.

Шуниси ажабланарлики, биз беш вақт намозимизда Аллоҳга: “Фақат Сени дейман, Сенгагина итоат этаман, Сен бизнинг Роббимизсан, тўғри йўлингга бошла”, деб ваъда берамиз, дуо қиламиз, лекин айтганларимиз намознинг ичида қолиб кетади. Намоздан ташқарида нафсимиз – шайтоннинг ҳукмронлигида юради.

Биз Аллоҳга: “Сенинг қулингман Сенга итоат этаман, деймиз-у, лекин сўзимизга амал қилмаймиз. Биз асосан нафсимиз хоҳишига – шайтонга қуллик қиламиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ : “Шайтон сизларга душмандир, уни душман деб тутинг, у ўзи билан ҳаммангизни дўзахга олиб кетади”, деб бизларни огоҳлантиради (Фотир сураси, 6-оят). Лекин биз шайтоннинг душманимиз эканлигини жиддий қабул қилмаймиз. Чунки бу душман бизга очиқдан-очиқ “Мен сенинг душманингман, сени дилингни ифлос, чиркка айлантириб ўзим билан бирга дўзахга олиб кетаман”, демайди. У индамай, биринчи навбатда ақлимиз орқали дилимизга тузоқ қўяди. Биз эса дилимиз қаёққа оғса, оқибатини ўйламай ўша ёққа қараб оғиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам ичимиздаги шайтон билан курашишни хаёлимизга келтирмаймиз. Лекин шайтоннинг қутқуси билан бир-биримизга тошлар отамиз, бир-биримиздан қусурлар излаймиз, уруш эълон қиламиз. Шайтон шунчалик ақлимизни эгаллаб оладики, натижада зулмат билан Нур ўртасида жанг кетганда оқ-қорани бир-биридан ажрата билмаймиз, ўз “мен”лигимизда туриб Ҳақни кўришни истамаймиз, зулматни ҳимоя қиламиз.

Шайтоннинг стратегияси

Шайтон Одам боласига душманлик қилишини, улар орасида (иймони кучли одамлардан бошқа) шукр қилувчиларни топа олмайсан, деб Аллоҳга қасам ичди. Қизиқ, шайтон Одам авлодлари бўлишини қаердан билган экан?

Имом Аҳмад ва Ибн Моликдан ривоят қилинишича, ҳали жон ато этилмаган жасаднинг ичига кириб чиққан шайтон одам жинсли қилиб яратилганлигини тушуниб етган ва бу одам ўзини эплай олмайди, назорат қила олмайди, агар менга унинг устидан ҳукмронлик берилса, уни ҳалок қилман”, деб ўйлаган. Ушбу ҳадисни Ибн Касийр ва Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шарҳ қилиб: “Ўзини эплай олмайди” деганда, бу одам халифа бўлишга лойиқ эмас, деган маъно эмас, балки у ўз нафсини керакли тарзда назорат қила олмайди, деган маънони билдиришини айтадилар. Иблис бир замонлар жинлар ҳам Аллоҳга ношукурлик қилганларини, Ерда бузғунчилик қилишганини биларди. Одам атонинг ичларига кириб чиққан шайтон Одам ва унинг авлодлари ҳам нафсга берилиб, шукр қилувчилардан бўлмайдилар ва улар ҳам жинларнинг аҳволига тушадилар, деган фикрга келади.

Шайтон ҳар биримизни, феълимизни, нозик, заиф томонларимизни жуда яхши билади. У бизни тўхтовсиз таъқиб қилиб юради. Бирор сония ғафлатда қолиб, огоҳликни қўлдан бой берсак, шу заҳоти шу жойдан ҳужумни бошлайди. У жуда ҳам ўтакетган маккор, кучли ҳийлакор.

Шайтоннинг ўз стратегияси, ўз программаси бор. У ўз стратегиясини амалга ошириш учун шошилмайди, секин-асталик билан амалга оширади. Чунки унга вақт берилган. Шайтон сизнинг жасадингизни нишон қилмайди. Унинг нишони – Сизнинг ҳақиқатингиз! Унинг кўзлаган нишони – ана шу ботинингиздаги иймонингиз, дилингиз, қалбингиз! У сизни биринчи ақлингиз орқали нафсингизга киради. Нафсингиз орқали у сизга турли хил импульслар: гумон, ҳасад, кибр, ғазаб кабиларни юбориб, дилингизни ифлослантирмоқчи бўлади. Шу нарсалар орқали қалбингиздаги иймонни жуда ҳам секин-асталик билан “ухлатиб”, одамзодни худди ўзига ўхшатмоқчи бўлади. Агар унга қарши бўлган қуролни ишлатсангиз қочади, лекин вақтинчалик нари кетади. У бир муддат яна қайси йўллар билан сизга ҳужум қилиш мумкинлигини режалаштиради, кейин янада кўпроқ куч билан сизга ҳамла қилади. Агар осонроқ, метафорик маънода мисол келтирадиган бўлсак, Ҳиндларнинг машҳур қадимий эпоси “Рамаяна” асарида шаҳзода Рам аввал унга ҳужум қилган жинларни осонликча енгади. Ундан кейингисини енгиш озроқ қийин бўлади, ундан кейинги ҳамлани енгиш яна қийинлашади. Ҳар сафар енгилган жинлар яна тобора кучайиб, ҳужум қилаверадилар, Рам ҳам мардонавор уларни енгаверади. Энди эса Рамнинг олдида Равандек энг кучли, даҳшатли жинни енгиш вазифаси туради. Бу жанг осонликча бўлмайди, ҳаёт-мамот жанги бўлади. Охири қийинчилик билан энг кучли жинни енгганида, устози унга: “Сен Равандек кучни енгиб, ўтган етти аждодингни, келадиган етти авлодингни бахт-саодатга етиштирдинг”, деб, у қилган жасоратнинг моҳияти нимада эканлигини билдиради.

Бу гапда ҳақиқат бор. Аслида, Аллоҳ ҳар бир бандасидан – бизлардан ана шундай жасоратни кутади. Бундай жасорат эгаси нафақат ўзини ўзи қутқарган бўлади, балки ўтган аждодларининг руҳини шод қилса, фарзандларини, келажак авлодларининг “палагини” тоза қилган бўлади.

Шайтон бу – зулм, адолатсизлик, зўравонлик, барча қабиҳлик, пасткашлик, сотқинлик, хиёнаткорлик, қўрқоқлик, барча ёмонлик. Шайтон – ичи ифлосланган бир қувват, куч. Ҳа, у Аллоҳ яратган қувват – энергия! Унда ҳам куч бор. Фақат бу қувват фитна, зулм, барча ёмонлик, ифлосликлар билан тўлган қувват. Қувват бўлгани учун ҳам у бизнинг ақлимизга, хаёлимизга бемалол кира олади, вужудимизда қондек айланиб юради. Ҳа, у бизнинг душманимиз. Лекин у бизни жисмонан йўқ қила олмайди, бизни бирор ёмон иш қилишимизга мажбур қила олмайди, бунга унинг қудрати етмайди, лекин, у “ман этилган дарахт мевасидан ейишга” – иймонга зид ишларга, фитнага, зулмга, нафсни бузадиган ишларга васваса қила олади. Бизнинг ботинимиздаги Аллоҳ берган неъматни йўқ қилиш, бузиб ташлаш, ўз моҳиятимиздан – одам бўлишликдан адаштира олиш унинг қўлидан келади. У ана шундай ёвуз кучга эга.

Ҳар бир нафасимиз – синов

Аллоҳ айтганидек, шайтоннинг лашкарлари кимлар? Уларнинг устимизга от миниб келиши қандай бўлади? Мен шайтонни кўрмаганман. Танимайман, у билан ишим йўқ. Лекин, нега у мени танийди? Нега у менинг хаёлларимга кира олади, ақлимни бошқаради? Нега у менга тўрт тарафимдан ҳужум қилади? Мени енгишидан ёки менинг дўзахга ёки жаннатга боришимдан унга нима фойда? Унинг душманлигидан мен қандай халос бўлишим мумкин?

Биз ожиз бандалармиз, бизнинг бу дунё ҳақида, Аллоҳ ҳақида билганларимиз денгиздаги қатрага ҳам тенг келмайди. Шунинг учун ҳам шайтоннинг одамга хусумати, ёмонликлари ҳақида фикр қилар экансиз, беихтиёр хаёлимизга бандасига меҳрибон ва Раҳмли бўлган Аллоҳ нима учун Иблисни яратди, нима учун вужудимизга киришига изн берди, нима учун унинг сўровини рад этмади, деган савол хаёлимизга келади.

Уламолар Аллоҳнинг ҳар бир яратган нарсасида хайр бор, деб айтадилар. Бунга энг қимматбаҳо олмосни мисол қилишади. Олмоснинг ҳам, кўмирнинг ҳам асосий таркиби битта углероддан иборат экан. Фақат атом ҳалқачаларининг тузилишида фарқ борлиги сабаб, олмос кўмирдан фарқ қилар экан. Худди шундай, одамларнинг ҳам асоси бир хил. Ҳамма инсонга ҳам жисмоний, ҳам маънавий имкон берилган. Фарқи шундаки, ана шу имкониятдан баъзи одамлар тўғри фойдаланадилар, баъзилари эса умуман, имкониятни бой берадилар. Натижада, кимнингдир қалби олмосга айланади, кимникидир эса кўмирга ўхшаб қолади. Субҳоналлоҳ!

Балки инсонннг ҳаёт йўлига шайтоннинг қўйган тузоқлари, ҳийла-найранглари бу инсоннинг ҳақиқий Одам эканлигини синаш учундир? Балки Аллоҳ шунинг учун ҳам шайтонни яратгандир? Руҳимизни тоблаш, иймонимизни “чархпалаклардан”, “тегирмон тошларидан” ўтказиб кучли қилиш, қалбимизни “олмос” қилиш учундир? Ахир биз бу дунёга келмасимиздан аввал Аллоҳга: ”Сен бизнинг Роббимизсан, фақат сенга итоат этамиз” деб ваъда берганмиз-ку?! Балки бизнинг берган ана шу ваъдамизни, итоатимиз кучини синаш учун Аллоҳ Иблисни яратгандир? Бизни Иблис орқали синамоқчидир?

Олтин ҳам ўз-ўзидан ҳеч қачон олтинга айланиб қолмаган. Олтинга айланиш учун у мураккаб жараёнларни бошидан кечириши керак. Биз эса аслида бу дунёга “олтин”га айланиб, сўнг яна Аллоҳ Ҳузурига қайтиш учун келганмиз-ку?!

Таассуфки, олтиннинг соф олтин эканлигини синаш учун унга кислота қуйиб синайдилар. Ҳақиқий тоза олтин ҳар қандай кучли кислотага дош беради, таркибини ўзгартирмайди. Шайтон ҳам нафсимизни синаш учун кислота вазифасини ўтаётган бўлса-чи?

Айтишларича, Исо алайҳиссалом 40 кун чўлда оч-наҳор, ташналикдан қийналиб юрганларида шайтон энг юқори тоғнинг чўққисига чиқиб, олдиларига: “Мана, ол, деб барча ноз-неъматларни қўяди, оч, ташна бўлганларидан фойдаланиб, у зотга барча подшоҳлик, ҳукмронликни ваъда қилади ва уни кимга хоҳласам, шунга бераман, фақат менга итоат қилгин”, дейди. Албатта шайтоннинг васвасаси у зотнинг дилларига таъсир қилмаган. Лекин бу ерда шундай ҳақиқат борки, шайтон фақат ўзига итоат этиш орқали у зотга барча ҳукмронлик, бойлик, мансаб ваъда қилаяпти. Ушбу нақлдан “нима” эвазига биз бойлик, “мен”лик ҳукмронлигига эга бўлишимизни яхшилаб англашимиз зарур. “Шайтонга итоат этиш” деганда, инсон унга сажда қилиши ёки “хўп бўлади” деган тушунчани эмас, балки ўз нафси хоҳишини бажариш, нафсининг қули бўлиш орқали шайтонга итоат этаётганлигини, дили қорайиб, одамийлик чўққисидан пастга тушаётганлигини билиши керак.

Токи тирик эканмиз, шайтон ҳеч қачон бизни ўз ҳолимизга қўймайди, умримизнинг охиригача у бизга ана шундай ҳамла қилаверади, ботинимизни бузишга ҳаракат қилаверади.

Сиз кучли бўлганингиз сари шайтон ҳам сизнинг кучингизга яраша куч тўплайди. Сиз эса, унинг қилаётган кучлироқ ҳамласини яна ҳам кучлироқ иймонингиз билан уни қайтараверасиз. Бундай доимий кураш натижасида одамнинг қалбидаги иймони борган сари кучга тўлиб, ботинидаги Аллоҳ берган неъматлари гўзал тусга-нурга айланиб боради, шу тарзда одам ўз йўлидан адашмайдиган, ҳар қандай шароитда ҳам ўзининг Одамлигини бус-бутун ҳолда сақлаб қолиш кучига эга бўлади. Бундай инсон Комиллик сари йўл олади…

Шайтонга қарши ишлайдиган энг кучли қурол – бу кучли иймон. “Бу ҳаётдаги тириклигим маъноси, қандай яшашим кераклигига фақат кучли иймонгина ўргатади”. Кучли иймон инсонни нимага ундайди? Кучли иймон биринчи навбатда ўз ақлини, нафсини тинчлантиради, шайтоннинг шипшувлашига, васвасасига қулоқ туттирмайди. Иймони кучли, оқил инсоннинг ҳусусиятлардан бири у ўз-ўзини, ўз табиатини, вужудида кечаётган курашни таҳлил қила олади, ўз камчиликларини кўра олади ва ана шу камчиликларини йўқотиш учун ўз устида тинмай ишлай олади, бу ишда Аллоҳдан ёрдам сўрайди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации