Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Шайтоннинг стратегиясига қарши стратегия

Исломшунос олим Нуъмон Али Хон шайтоннинг стратегияси ҳақида гапирар экан, шайтоннинг тўрт тарафимиздан келиб васваса қилиши, тўрт тараф нима эканлигини, улардан шайтон қандай фойдаланишини бирма-бир кўрсатиб, таҳлил қилиб беради.

“Рўпарангиз – бу сизнинг келажагингиз, эртанги кунингиз”, дейди олим. Шайтон рўпарангиздан келиб сизни тўғри йўлдан чалғитади. “Йўл”нинг охирида Аллоҳ борлигидан сизни тўсади. Шайтон сизнинг рўпарангизга фақат кўриб турган нарсангизни яхши, чиройли, қизиқарли қилиб кўрсатади. Тўғрингизни тўсиб, йўлнинг орқасида, охирида нималар сизни кутиши мумкинлигини, қилмоқчи бўлган ишингиз оқибати нималарга олиб келиши мумкин эканлигини билишингиздан тўсади. Сиз ҳозироқ нима қилсангиз ҳам шуни қилишингиз керак: бировни уришми, ҳақорат қилишми, алдашми, хиёнатми, ўғрилик қилишми, фитна, туҳмат қилишми – виждонингизга қулоқ солмай шу заҳоти қилишингиз керак. Агар яхши, фойдали иш қилмоқчи бўлсангиз, бундан сизни тўсиб: ҳали вақт бор, кейин қиларсан, сериалларингни кўр, қара, зўр жойига келди, дарсингни кейин ёки эртага, индинга қиларсан, китобларингни кейин ўқирсан, дейди. Шайтон тўғрингиздан келиб сизни дангасаликка, билим олмасликка, ўзингиз ва яқинларингиз учун бирор-бир фойдали иш қилмасликка ундайди; компьютер ўйинларига, ҳаром фаҳш, ваҳшийликка ундайдиган киноларни кўриб қалбингизни бузишга, вақтни қадрламай, бекорга ўтказишингиз учун ҳийла-найрангларини ишга солади. Ёки кимларгадир ўзингизнинг “ким”лигингизни кўрсатиб қўйиш учун фозил олимлар, уламолар билан талашишни, уларни беҳурмат қилишни мақсад қилиб қўяди. Ахир фозил олим, уламолар иблиснинг душмани, Аллоҳнинг дўстлари-да! Аллоҳнинг дўстларини менсимаслик, ҳақорат қилиш иблисни шундай қувонтирадики, хурсанд бўлганидан у атрофингизда гирдикапалак бўлиб юради. Натижада сиз унинг дўстига айландингиз! Иблиснинг “зўр”лиги шундаки, сиз дилингизга иллат ташлайдиган шайтоннинг дўстлари бўлган радикал фикрловчилар билан талашмайсиз, аксинча, динда факиҳ бўлган устоз олимлар, фозиллар билан талашишни истаб қоласиз. Бу – шайтоннинг рўпарангиздан келиб қилган ҳужуми…

Шайтон кўксимизга қўрқувни, ваҳимани, келажакка ишонмасликни, ғазабни, жаҳлни солади. Чунки, бу нарсаларнинг барчаси кўксимизда. Муҳаббат ҳам кўксимизда, нафрат ҳам, жасурлик, қўрқоқлик ҳам кўксимизда. Очкўзлик, иккиюзламачилик, лаганбардорлик, одамларга ўзини бошқа бир кўринишда, ақлли, илмли қилиб кўрсатиш, турли хил эҳтирослар ҳам кўксимизда. Шайтон эса “одамларнинг дилларига васваса солур”. Шуни яхшилаб англаб олиш керакки, ҳаётга пессимистик, нигилистик қараш, Аллоҳга таваккул қилмаслик ҳам – шайтоннинг иши. Шайтон бизнинг кўзимизга яхши кўринган нарса устида ақл-ҳушимизни йўқотишимизни, жинни бўлишимизни истайди. Ҳозирги ёшларимизнинг компьютер ўйинларига муккасидан кетгани бунга мисол. Турли хил смартфонлар, чиройли машиналар, чиройлик уйлар, турли хил орзу-ҳаваслар инсоннинг асосий мақсадига айлангани бунга мисол. Ҳаётда яшашликнинг асл маъноси фақат пулдан, бойликдан иборат, деб тушунилгани бунга мисол. Ғазаб, нафратимиз ҳам бунга мисол. Бу шайтон Дастурининг амалга ошгани, унинг ғалабаси.

Шайтоннинг бундай ҳужумига қарши бизда ҳам қурол бор: Қалбимизда Аллоҳга бўлган муҳаббат, иймоннинг доимо уйғоқ бўлиши, ҳар бир нарсага Аллоҳнинг муҳаббати ила назар солиш, идрок қилиш. Нима учун бу дунёга келганлигимизни унутмаслик, Аллоҳни таниш ва Уни севиш, Унга шукр қилиш, сабр-қаноатли бўлиш шайтонга қарши ишлайдиган қуролимиздир. Шу “қуролларга” эга бўлиш учун ҳаракат қилиш ҳар биримизга тақдир қилинган вазифа. Сиз ушбу “қуроллар”га эгамисиз? Улардан фойдаланасизми?

Шайтон инсонларннг орқа тарафдан қандай келади? Орқа тараф – бу сизнинг ўтмишингиздир. Сиз билан кечган бирор воқеа, ҳодисалар, қандайдир муаммолардир. Шайтон шуларни эсингизга солиб қўяди. Ҳаётда турли хил қийинчиликлар, муаммолар бўлади, камчиликлар ўтади. Шайтон шуларни тинимсиз эслатиш билан одамни олдинга ҳаркатланишдан тўсиб қўяди. Шайтоннинг ўзи Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмади. Шунинг учун ҳам у кўпинча одамларни ўзи каби Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмасликка ундайди, уларни вазиятдан фойдаланиб, умидсиз ҳолга туширади. Шу билан бирга шайтоннинг орқа тарафдан келиши – у сизни орқага тортиши экан. Айтайлик, агар бир одам ёлғон гапириш, ўғрилик, гиёҳвандлик, ароқ ичиш, зино, чақимчилик, ғийбат каби гуноҳ ишларни қилиб, бу ишларни қилмасликка тавба қилган бўлса, шайтон унга бу ишларни яхши кўрсатиб секин-аста орқага тортмоқчи бўлади. У сизни ана шу йўлга яна қайта киришингизни жуда истайди. Ҳийла, найранг, аврашлар билан аввал бир қадам, кейинроқ яна бир қадам, кейин эса яна бир қадам…у ёғи энди шайтоннинг ғалабаси. Унинг Дастури ишлаяпти. Чунки сиздаги иймон кучи сустлик қилаяпти, ишламаяпти. Шайтоннинг орқа тарафдан келиб қиладиган васвасасига ҳам қалб тўла муҳаббат билан, кучли иймон, ирода, шукр қилишлик билан жавоб бериш керак бўлади. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг жазосидан қўрқиш – шайтоннинг ҳамласига қарши энг яхши қуролдир.

Ўнг тараф – бу сизнинг қиладиган яхши, савобли амалларингиз, Аллоҳ буюрган ишларни қилишингиз. Шайтон яхши ишларингиздан мағрурланишингизни, кибрланишингизни истайди. Шайтон ўнг тарафдан келиб ҳужум қилса, бу инсон нимаики ишда муваффақиятларга эришмасин, ана шу ишлари билан мағрурланади, кибрга кетади. Шайтон унинг кўксига: қара, сен кимсан, сен фалончисан, сен ана шу бойликларнинг эгасисан, бошингни юқори тут деб шипшийди. Васвасанинг бундай усулига ҳам шукр қилиш, кучли иймон билан жавоб қайтарилиши керак. Инсон қалбан шукрда бўлса, шайтон йиқилиб майиб бўлар экан.

Шайтоннинг чап тарафимиздан келиб васваса қилиши – инсонни ўзига ва ўзгаларга яхшилик қилишдан чалғитиш, ёмон ишлар қилишга ундаш. Шайтон чап тарафидан келган инсон ўзига-ўзи ва атрофдагиларга зулм қилади, одамлар орасида фитна, фасод уюштиради, уларнинг ҳаловатини бузишга, тинч қўймасликка, бузғунчилик қилишга, бировларнинг бўйнига туҳмат, бўҳтонлар илиб қўйишга ҳаракат қилади; одамларни ҳақорат қилиш, сўкиш, ерга булғаш улар учун ҳеч гап эмас. Ҳаётини ўғрилик, қароқчилик, ароқхўрлик, зино, гиёҳвандлик ва бошқа турли хил ҳаром ишлар билан ўтказадиган, виждони камдан-кам уйғонадиган, маънавий ахлоқи бўлмаган, иймон чироғи ўчган одамларга ҳам шайтон чап тарафида юради ва бу одамлар шайтоннинг дўстлари, малайлари бўлиб қолаверадилар. Шайтон эса бундай одамларни бу йўлдан жуда жуда узоққа, токи қайтиб чиқишга, виждонининг уйғонишига имкон бўлмаслиги учун жуда ичкари кириб кетиб, ғойиб бўлиб кетишини истар экан. Астағфируллоҳ! Баъзи бир одамлар ўзларини ўтга ташлаётганларини билсалар ҳам, ўзларининг қабиҳ ишларини ташлай олмайдилар. Аллоҳ олдида юзланишдан қўрқмай Давлатга – халққа хизмат қилувчи айримлар халқ пулини талон-тарож қиладилар, пора оладилар, зулм қиладилар, пок одамларни айблайдилар, туҳмат уюштириб қамайдилар, айрим қозилар эса ҳукмни адолат юзасидан, давлат қонунига кўра эмас, кимнингдир буйруғига кўра чиқарадилар; адолатсизликдан, зулмдан отаоналар, фарзандлар чирқираб қолгани билан ишлари йўқ. Чунки шайтон уларнинг чап тарафидан келиб, шу йўлга боғлаб, аллақачон “ичкарига” тушириб юборган, ғалабага эришиб бўлган. Улуғ Аллоҳ шайтонга: “Сен фақат ўзингга эргашган гумроҳларнигина йўлдан оздирурсан!” деб ана шундай иймонсиз одамларни назарда тутган бўлса керак.

Шайтон инсонга тўрт тарафидан келиб васваса қила олар экан-у, лекин юқорисидан ва пастидан ҳужум қила олмас экан. “Шайтон – ёлғонга, куфрга чақиради. Ёлғоннинг зидди, унга қарама қарши – Ҳақиқат туради. Иккита ҳеч қачон ўзгармайдиган Ҳақиқат бор: биринчиси – юқоридан, осмонлардан келган Аллоҳнинг Ҳақ бўлган Ваҳийси. Иккинчи ҳақиқат эса ўлим. Оёғингиз тегиб турган Ерга қаранг. Юқоридан ва пастдан ҳимоялангансиз. Аллоҳнинг қули дуо қилганида нигоҳи юқорига қарайди ва сажда қилиб бошини ерга қўяди. Дуо қилганимизда биз ожиз эканлигимизни, Аллоҳга муҳтож эканлигимизни тан оламиз. Бошимизни ерга қўйиб сажда қилганда эса, биз ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, ҳар қандай нарсадан ҳар қандай ҳолатдан Улуғ бўлган Буюк Муҳаббат олдида тиз чўкамиз ва бошимизни ерга қўйиб, сажда қиламиз. Агар биз ана шу иккита ҳолатни ўзимизда ўзлаштириб олсак, иншааллоҳ шайтоннинг ҳар тарафимиздан келиб ҳужум қилишидан ҳимояланган бўламиз”.

“Шайтоннинг феъли”

Қуръон ва тафсирлардаги шайтон ҳақида гапирилганда, унинг феъли, атворини қуйидагича тасаввур қилиш мумкин:

– Шайтон ўзини бошқалар билан таққослади, ғурурга кетди;

– Ўзини бошқалардан устун, юқори деб билди;

– Унинг ҳилқатида ҳукмрон бўлишлик ғояси, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик бор;

– Қилган ишидан ўзига ўзи мақтанди, мағрурланди;

– Одамга Аллоҳдан неъмат берилганлиги унинг нафсини – дилини бузди;

– Одам яратилаётганида ичида қўрқув, безовталик, саросималик уйғонди;

– Дилида кибр, ҳасад пайдо бўлди; Аллоҳ амрига итоат этмади;

– У Аллоҳнинг раҳматидан юз ўгирди, Аллоҳга шукр қилмади;

– У Аллоҳнинг раҳматига умид қилмайди, ўзини қутқаришни ўйламайди;

– Қилган ишига пушаймон бўлмади, ўзининг қилган ишида Аллоҳни айблади:

– Одамга душманлик қилишни ўзига аҳд қилди. Одамга душманлик қилиш учун унинг сон-саноқсиз усуллари бор;

– У одам йўлини доимо пойлайди, пойлоқчилик қилади, одамлар орасида ғавғо кўтариш учун атай фитна уюштиради;

– У одамни Аллоҳ йўлидан, тўғри йўлдан оздириш учун унинг қалбига турли хил тўсиқлар, тузоқлар қўяди, одамнинг ақлига буйруқ беради;

– У ўтакетган риёкор ва лаганбардор, иккиюзламачи. У ўз манфаати учун ўзини Одамга, одам боласи учун қилмоқчи бўлган барча ишларини яхши қилиб кўрсатишни билади;

– У ўлгудек дангаса. Унда яхшиликка интилиш йўқ. У ҳийла, найрангни, фитна, фасодни, одамлар орасида бузғунчилик қилишдан бошқа нарса қилмайди, бошқа нарса уни қизиқтирмайди. Одамларни ҳам ҳеч нарса қилмасликка ундайди, билим олишга, ўз устида ишлашига, маънавий-руҳий ўсишидан, келажак сари интилиб қадам қўйишдан тўсиб туради;

– Эътиқод қилган динингизга ўзингиз душманлик қилишингиз учун сизга хурофотни илм қилиб кўрсатади; “Аллоҳ йўлида, динингиз йўлида” сизни ўз ёрдамчиларига айлантириб олади;

– Одам боласига душманлик, ёмонлик, адолатсизлик қилиш учун унинг ёрдамчилари, лашкарлари – дили ифлосланган одамлар бор.

Шайтоннинг феъл-атвори, хулқи ҳақида умумий тушунчага эга бўлар эканмиз, ана шу феъл-атвор, сифатлар биз инсонларда ҳам борлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Фақат кучли иймон эгасигина ўзидаги ана шу сифатларнинг бор, йўқлигини аниқлайди ва уни йўқотиш учун ўзи билан ўзи курашади.

“Шайтонфеъл”

“Инсоннинг қалби худди қўрғонга ўхшайди. Шайтон ўша қўрғонга кириб уни эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур қўрғонни душмандан ҳимоя қилиш учун унинг эшик, дераза ва тешикларини яхши билиш лозим. Уларни яхши билмагунча Қўрғонни ҳимоя қилиб бўлмайди” (Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Қўрқоклик

Аллоҳ Одам атонинг жасадини яратганида, шайтоннинг кўнглига қўрқув, саросималик, безовталик кирган эди. Шунинг учун ҳам одам ичидаги қўрқоқлик, саросималик, безовталик – шайтон феълидан. Шайтон одам ичига қўрқувни солади. Аллоҳ Қуръонда: “Албатта ўша шайтон ўз дўстлари (мунофиқлар)ни хавфлантиради. Агар чинакам мўмин бўлсангиз, улардан (ёвдан) қўрқмангиз, (балки) Мендан қўрқингиз!” (Оли Имрон сураси,175-оят) дейди. Шуни билингки, ҳар қандай ёмонлик, уруш, ҳар қандай зулм, адолатсизлик – шайтондан. Агар инсон шуларнинг олдида ожиз бўлса, қўрқса, шайтоннинг дўстига айланади. Чунки, унинг қўрқоқлиги душманнинг ғолиб бўлишига, Ватанининг таназзулга кетишига, ёмонликни, зулмни кенг тарқалиб кетишига ҳисса қўшади. Ўз қўрқоқлиги билан шайтонга ёрдам берган бўлади. Аллоҳ эса фақат Мендан қўрқинг, деяпти. Шайтоннинг дўсти бўлиб қолмаслик учун одам боласи Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқиши мумкин эмас (Тафсир: Ибн Касийр, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.)

Жасурлик нима? – Ичидаги қўрқувни забт эта олиш. Кучли иймон шунга ундайди. Унинг шиори: Ҳасбиналлоҳу ва неъмал вакил неъмал мавла ва неъмал насийр. Иброҳим алайҳиссаломни ўтдан қутқарган ана шу дуо. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Бадр жангидаги ғалабага ана шу дуо орқали эришганлар.

Мағрурланиш

Сиз спортдами ёки бошқа ишларда бирор-бир ютуқларга эришсангиз, шайтон рўпарангиздан келиб, сизни бошқа одамлар билан ўзингизни таққослашингизни, қилган ишингиз билан мағрурлашингизни, мақтанишингизни қулоғингизга шипшийди, ўзингизнинг ишингизни ўзингизга яхши кўрсатиб қўяди: “Сенда бор, унда йўқ ёки унда бор, сенда йўқ”, “Қара, сен мансаб эгасисан, истаганингча қўл остингдагиларни менсимаслигинг мумкин”, “Сен ундайсан, бу эса бундай, қара, ундан кўра сенда қобилият бор, сен ҳаммадан зўрсан..”. Шайтон бу ерда ҳам сизни ўзига ўхшатмоқчи. Кучли иймон эгаси ўзини бошқалар билан ҳеч қачон таққосламайди. Шайтон келиб унинг қулоғига минг марта шипшимасин, ўзини бошқалардан устун деб билмайди, мағрурланмайди. Ёки ўзида шу нарсалар йўқ бўлгани учун уялиб, қимтинмайди, қисинмайди. Кучли иймон эгаси маънавий бой бўлади. Маънавий бой бўлган инсон қасрларда яшаб, шохона ҳаёт кечирса ҳам, ва аксинча фақир бўлиб, кулбада яшаса ҳам бу ҳолат унинг дилини безовта қилмайди. Шунинг ўзи шайтонга қарата отилган ўқ. Борига ҳам, йўғига ҳам шукр қилиш, қаноатда бўлиш, ҳар қандай вазиятда муҳаббат тўла қалб билан Аллоҳга шукр қилиш, Аллоҳни улуғлаш – шайтонни йўлдан олиб ташлайдиган энг кучли қурол. Қалбимиздаги илоҳий муҳаббат – энг кучли қурол! Ла илаҳа илла анта субҳанака Аллоҳумма би ҳамдик!

Церберизм – пойлоқчилик

Шайтон худди ўзидек, сизни ҳам ўзингизни унутиб, бошқа одамларга пойлоқчилик қилишингизни кўксингизга шипшийди. Ишхонадами, маҳалладами – бунинг фарқи йўқ, энг асосийси – ўзингизга эмас, бошқаларга пойлоқчилик қилсангиз бўлди. Одамларнинг кетидан пойлаб, нима иш қилаётгани, қаерга бораётгани, оиласида нима бўлаётгани, ишга қанча кеч қолди, қандай ишида хато кетди, фикрини, қилган ишининг тўғри-нотўғрилигидан хато қидириб, фитна уюштиради. Инсон нафсида, дилида ана шундай ёмон иллатлар бўлса, ёмонлик қилишни, душманлик қилишни бас қилиб, булар жуда ичкарига кириб кетмасидан, тубига тушиб кетмасидан бурун фақат Астағфируллоҳ! деб, нафсидаги ана шу иллат учун астойдил пушаймон бўлиб Аллоҳдан истиғфор сўраши керак. Чунки, ўз ҳолидан (руҳий, маънавий кечинмасидан) хабардор бўлишлик, бундан астойдил пушаймон бўлиш, истиғфор айтиш – инсоннинг маънавий-руҳий юксаклик – Аллоҳ томон қўйган бир қадами бўлиб, бу ҳам шайтонга қарши бизнинг кучли қуролимиздир.

Қилган иши учун бировни айбдор қилиш

Одам ато билан момо Ҳавво Аллоҳга итоатсизлик қилиб, ман этилган дарахт мевасидан еганлари учун улар бу ишда Иблисни айбламадилар, “шайтон бизни йўлдан урди”, деб ўзларини оқламоқчи ҳам бўлмадилар. Улар Аллоҳдан кечирим сўрадилар, жаннатдан тушар эканлар: “Эй Роббимиз! Биз ўзимизга ўзимиз зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз”, деб айтадилар (Аъроф сураси, 23-оят).

Шайтон нима қилди? У ўзи қилган ишига ўзини эмас, Аллоҳни айблади. “Сен Мени жаннатдан ҳайдашингни билгансан, буни Сен хоҳлагансан”, дея хитоб қилди.

Айтиб ўтганимиздек, Аллоҳнинг Қаламида бу нарсалар битилган эди. Лекин икки ракат намозни 4 минг йилда ўқиган Жин ҳақиқатан ҳам Аллоҳга итоатли, садоқатли бўлганида эди, Аллоҳнинг Одамга сажда қилиш амрига бўйсунган бўлар эди, фаришталар билан бирга у ҳам сўзсиз сажда қилган бўлар эди. Ўзи синовдан ўта олмади, буни эса Аллоҳдан кўрди. Одам алайҳиссалом эса шайтондан, ман этилган дарахтдан огоҳлантирилган эдилар, улар ҳам синовдан ўта олишмади. Шунинг учун ҳам Қалам – тақдир программаси ишлаб кетди. Бўлган ишга Одам алайҳиссалом кечирим сўрадилар, шайтон эса кечирим сўрамади.

Шайтон инсоннинг ҳам кўксига ана шу нарсани шипшийди. Агар инсон қилиб қўйган бирор ишида ёки тақдирида ўзини эмас, бировни айбласа, ўз хато, камчиликларини кўра олмаса, хатоларини бировнинг елкасига юкласа, бу одам худди шайтон каби бўлади. Аксинча, ўз хатоси нимада эканлигини кўра олган, камчиликларини тан олган ва кечирим сўраган инсон эса Одам бўлар экан. Фақат кучли иймон эгасигина ўз хатоларини тан олади.

Чақимчилик, ғийбат, машҳурликка интилиш

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Жаброил алайҳиссалом у зотга юзи, кўкси темир тирноқлар билан тирналган бир гуруҳ одамларни кўрсатибдилар. Булар кимлар, деб сўраганларида Жаброил алайҳиссалом: “Булар чақимчилик, ғийбат қилиб одамларнинг гўштини еган, уларнинг қадр-қимматини, ориятини ўйинчоқ қилган одамлардир”, деб жавоб берган эканлар (Анас ибн Моликдан ривоят қилинган).

Чақимчилик, ғийбат, бировни бировга ёмон кўрсатиш, гап ташиш, машҳурликка интилиш, мансабпарастлик ҳам шайтоннинг иши. Шайтон кўйига тушиб қолган одамнинг иши. Шайтон бундай ишларни одамнинг кўксига шипшиб қўйиб, “натижаси”дан ўзи маза қилар экан. Натижаси нима эканлигини тушунаётгандирсиз? Нафси шу нарсалар билан бузилган одамда ўз “ мен”лиги учун кураш устунлик қилади, дили доим васвасада, ғулувда юради.

Фақат ақлан етук, маънавий юксак, иймони бутун, тафаккур қила оладиган одам кўксига бундай “шипшишлар”лар ҳеч қачон кира олмайди. Ким ҳам ўзини Қиёматда юзи, кўксини тирналган ҳолда кўришни истайди?

Зулм, адолатсизлик

Шайтон одамни бу дунёда азоб чекишидан маза қилади. Одамларни азоблайдиган унинг дўстлари бор. Агар сизга биров ёмонлик қилса, туҳмат, бўҳтон уюштирса, зулм, адолатсизлик қилса, масъул ходимлар одамларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарса, инсон ҳуқуқларини ерга урса, билингки, улар шайтоннинг дўстлари. Чунки ҳақсизлик, адолатсизлик – инсонга нисбатан жуда катта зулм. Аллоҳ Ўзи Ҳақ. У буюк Адолат эгаси. У биз инсонларни Адолат қилишга ва эзгу ишлар қилишга буюрган. Одамларнинг одамларга ҳақсизлик, адолатсизлик қилиши, ерга уриши, хўрлаши, зуғум, зулм қилиши Аллоҳга қарши қилинган исён, улкан гуноҳ ишлардан биридир. Зулм қилувчиларга қарата Аллоҳ Қуръонда “ Огоҳ бўлингки, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур (Ҳуд сураси, 18-оят), дея огоҳлантиради. Бировларга зулм қилган инсонлар Аллоҳнинг лаънати устида яшаётганликларини билармиканлар? “Адолатлилик Аллоҳнинг амри. Кимки уни бузса, шубҳасиз, уни қаттиқ жазо кутади”.

“Албатта Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар, ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур. (У) эслатма олурсизлар, деб сизларга насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Ушбу оятни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ тафсир қилар эканлар, адолатлилик Аллоҳнинг мезони эканлигини, у ҳамма учун бирдек эканлигини таъкидлайдилар.

Улуғ Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда подшоҳлик қилган даврда йўл юзидаги мачитни 5000 кишиликка мўлжаллаб кенгайтирмоқчи бўлишади. Бунинг учун одамлар ўтадиган йўлни қўшиб олиш керак бўлади. Бу ишга рухсат беришдан аввал подшохлик ана шу йўлдан бир кунда нечта одам ўтишини аниқлаштиради. Кузатилса, бир кунда ана шу йўлдан 80 минг одам ўтар экан. 5000 одамнинг намоз ўқиши учун 80 минг одамга ноқулайлик туғдириш адолатдан эмас, деб Подшоҳлик мачит қурилишига рухсат бермайди.

Ҳозирги замонда эзгу ишлар деб эмас, ўз нафси учун қанчадан-қанча одамларга, табиатга адолатсизлик, зулм қилаётганлар ўзлари қилаётган ишларини, бу қаёққа олиб боришини бир ўйлаб кўрсинлар, аждодлари қанчалик иймон билан адолатлик тарзда йўл тутганлари ҳақида бир мушоҳада қилиб кўрсинлар.

Арофат кечасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга: “Умматимни мағфират эт”, деб дуо қилганларида Аллоҳдан: “Бир-бирига зулм, ҳақсизлик этганлар мустасно, умматингни кечирдим”, деб жавоб қилган экан. Шунинг учун ҳам инсон ҳақсизлик, адолатсизлик қилиб Аллоҳнинг мағфиратидан айрилишни, бу иши билан шайтоннинг дўсти бўлишидан ўзини сақлай олиши жуда ҳам муҳимдир.

Ҳазрати Инсоннинг улуғлигини менсимаслик

Аллоҳ Одамни Ўз Қўли билан яратганида фаришталарга унга сажда қилишни буюрган. Фаришталарнинг Одамга сажда қилишлари – Аллоҳнинг чексиз Яратувчилик Қудратига, Улуғлик Сиймосига сажда қилишлари эди. Улар Одамнинг сиймосида Аллоҳни кўрган эдилар. Шунинг учун ҳам Одам улуғ ҳисобланади. Шайтон эса ана шу улуғликни кўра олмади! Шунинг учун инсонлар ҳам шайтонга ўхшаб бир-бирларидаги Аллоҳ берган улуғликни кўра билмасалар, бу улуғликни ерга урсалар, хор қилсалар мублисунга айланадилар, шайтонга шерик бўлган бўладилар, унинг лашкари бўладилар ва охир-оқибат Аллоҳнинг азобига дучор бўладилар. (Аллоҳнинг азоби нима эканлигини фақат иймонли одамларгина биладилар ва қўрқадилар.)

Фақат кучли иймон эгаларигина ўзи каби бошқа одамлар ҳам илоҳий эканлигини биладилар ва улар билан адолатли муносабатда бўла оладилар, ҳар бир ишни адолатли ҳал қила оладилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации