Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 14


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Аллоҳнинг ваъдаси

Нақадар даҳшат… Сиз севган, қизиққан ва умрингизни бахшида этаётган ижтимоий тармоқлар, улардаги дастурлар қандай мақсадда, нима мақсадда яратилганини тушунаяпсизми? Буларнинг ижодкорлари, дастурловчилари сизнинг “дилингизни ўғрилаб” ўзиники қилиб олганлигини, ўзига бўйсундирганини англаб етаяпсизми? Ўзингиз хулоса чиқаринг: Бундай ишларни қилишни, бундай фикрларни ким уларнинг ақлига жойлади? Ижтимоий тармоқларни яратиб, унга турли хил дастурларни ишлаб чиқараётганларга ҳам Аллоҳ қобилият, ақл, фаросат берган. Лекин тушунишимизча, уларда иймон бўлмаган.

Қуръонда Аллоҳнинг: “…Менинг иймони мустаҳкам, солиҳ бандаларим устидан сенда ҳеч қачон ҳукмронлик бўлмайди, илло сенга эргашган гумроҳ ларнигина йўлдан оздирурсан”, деб шайтонга берган жавобини эслатиб ўтган эдик. Шу оятни машҳур физик олим Никола Тесла мисолида кўрамиз. Бундан 100 йиллар аввал Сербияда дунёга келган Теслани отаси ўғлини диндор бўлишини истайди. Ёшлигидан унга диний билимларни беради, бу билимларни олиши учун унга шароит яратади. Никола эса ёшлигидан инженер бўлишни орзу қилган ва шунга эришган. У аввал Франция, кейин АҚШда яшади, улкан кашфиётлар қилди. Ҳозир биз фойдаланаётган электр токларини узатиш ва бошқалар бўйича ихтиролар қилди. Муҳими, у фавқулодда қобилият эгаси эди. У шундай нарсаларни ярата олган эдики, бу кашфиётларда фавқулодда ғайритабиий кучлар намоён бўлар эди. У билан махсус хизмат ҳам қизиқди. У шундай нарсани яратган эдики, бу қурол билан бутун дунёни хавф остида ушлаб туриш мумкин эди. Лекин Тесла бу қуролдан ҳеч ким яхши ниятда фойдаланмаслигини, унинг оқибати нимага олиб келишини билди. Шунинг учун бошқаларнинг қўлига тушмаслиги, бу қуролдан ҳеч ким ва ҳеч қачон фойдаланмаслиги учун ишлаган чизмаларини ёқиб юборди, унинг сирини ўзи билан олиб кетди. Бўлмаса, бу иши унга бир дунё пул, машҳурлик олиб келган бўлар эди. Уни бойлик ҳам, машҳурлик ҳам қизиқтирмади. Нима учун шундай қилди? Чунки у ёшлигидан диний таълим олди. Худони таниб, Унга муҳаббат билан, Ундан қўрқиб катта бўлди, иймони мустаҳкам бўлди, шунинг учун ҳам шайтон унинг ақли, нафси устидан ҳукмронлик қила олмади, шунинг учун ҳам бу қурол иблиснинг қўлига туша олмади. Мана, Аллоҳнинг ваъдаси! Иймони мустаҳкам одамнинг устидан шайтон ҳеч қачон ҳукмронлик қила олмайди!

Бир нарсани аниқ тушуниб олишимиз зарур: Ақл биринчи бўлиб иймонга – иймоннинг диққат марказида бўлиши керак. Инсон ўз ақлини бошқара олиши, ақлни фақат иймон орқали иш тутишига, тафаккур, мулоҳаза қилишга ўргатиш керак.

Одам миясини “дастурлаш” индустрияси ёки “ваҳший махлуқ”

Ҳозирда аксарият ёшлар интернетсиз нафас ололмай қолдилар. Интернет саҳифаларидаги тарқалаётган ёлғон билимлар, ваъз-насиҳатлар, оммавий равишда ёшлар онгини заҳарлаш, ҳаром нарсаларни намойиш қилиш, уларни ташвиқот қилиш, бемаза, фойдасиз, одам дилини, руҳини бузадиган турли хил фильмлар, сериаллар, бошқа нарсалар билан вақтини, умрини ҳалокатга олиб борадиган нарсаларга сарфлаш – Иблиснинг ишлаётган, амалга ошираётган Дастури. Ҳозир кичкина болалардан тортиб, катталаргача компьютер ўйинлари билан банд. Ваҳшийликни, қотилликни ўргатадиган, нореал ҳолатлар, нореал махлуқлар билан инсоннинг руҳиятини, қалбини, унинг ОДАМлигини бузиб, носоз аҳволга келтирадиган дастурлар тури минг хил бўлиб кетди ва бу бизнесга айланди. Ўйлаяпсизки, бундай дастурларни оддий одамлар ишлаб чиқарадими? Йўқ. Фақат дилида иллати, касали борларгина бундай қўрқинчли, ваҳший, нореал махлуқларни расмини чизади, дастур, фильмлар ишлаб чиқаради. Шу нарсалар билан инсон дилини, руҳиятини бузади. Шайтонга айнан шу керак эди. Ҳозирги даврга келиб, бу ўйинларни ишлаб чиқариш, одамларни “дастурлаш” индустрияга – ишлаб чиқариш саноатига айланган. Бу саноат Иблиснинг Аллоҳга ичган қасами, амалга ошираётган Дастури. Бу саноат Сизнинг одамийлик ҳақиқатингизни тамомила ишдан чиқаради, Сизни ҳалокат йўлига бошлаб боради. Ҳозирда Соғлиқни сақлаш халқаро жамияти компьютер ўйинлари оқибатида юз берадиган руҳий бузилиш ва бу ўйинларнинг бангиси бўлиб қолиш касаллигини расмий равишда рўйхатга киритди. Агар бу касаллик билан Ер юзида 70 фоиз одам касалланган бўлса, аҳвол нима билан тугашини тасаввур қиласизми?

Айтиб ўтилганидек, ҳозир информацион технологиялар ёрдамида одам интеллектига салбий таъсир кўрсатадиган махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва бу секин-аста синовлардан ўтиб, такомиллаштириб борилаяпти. Турли хил диний ташкилотларга ана шу дастурларни ишлатиш учун одам ёллашаяпти. Ана шундай дастурлар туфайли Ер юзида ваҳшийлик, уруш олови ёқилаяпти. Мисол учун, Ҳизбут таҳрир аъзоларини оладиган бўлсак, руҳий таъсир этувчи дастурлар бу одамларнинг миясига шу даражада таъсир қилганки, улар ўз ғоялари йўлида ота-онасини, яқинларини танимайди, агар ўзлари билан ҳамфикр бўлмаса, уларни ўзига душман деб билади, кўзига кўринган ҳар қандай одам таниса, танимаса балодай кўринади, Аллоҳнинг ғазабига учраган одам, деб нафрат билан қарайди. Ана шу нафрат билан қарагани учун ҳам одамларни Аллоҳ йўлида ўлдиришга тайёр. Минглаб одамлар бекордан-бекор Сурияга жанг қилишга кетгани йўқ. Уларнинг мия бошқаруви бировнинг қўлида. Бекордан-бекор махсус “ўйинлар” сабаб, қанчадан-қанча ўспирин ёшлар ўзларининг умрларига ўзлари зомин бўлаётганлари йўқ. Энди бундай ишларни янада бошқа масштабларда, янада кенгроқ кўламда оммани дастурлаш режаси ишлаяпти. Мамлакатларда уруш, тўполон, норозиликларни, оммавий чиқишларни ташкил қилиш учун ана шундай интеллектга таъсир қиладиган махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Энди эса “мамлакатлараро дўстона муносабатларни” кўрсатиш учун жойларда ёшларга “таълим тренинглар” ўтказиш ниқоби остида секин-аста оммага психологик таъсир кўрсатиш режаларини амалга оширмоқдалар.

Бу эса ҳар биримизни огоҳ бўлишликка, ҳар бир ишга тафаккур ва кучли иймон билан, илм-маърифат билан ёндашиш кераклигига ўргатади.

Смартфон, ижтимоий тармоқлардан яхши ниятда, илм-маърифат тарқатиш ёки ўрганиш учун тўғри, оқилона фойдаланиш бу ёмон эмас. Лекин, ижтимоий тармоқлар билан ўз орасида қатъий назорат ўрнатмаслик, меъёрни билмаслик, ўз-ўзини назорат қилиш орқали ижтимоий тармоқлардан ҳимояланиш керак эканлигини билмаслик – бу ниҳоятда инсоннинг ўзи учун хатарли. Бу қай даражада хатарли эканлигини, инсоннинг руҳий бузилишини дастур яратувчиларнинг ўзлари яхши билишади. Чунки улар жуда ҳам ақлли. Шунинг учун ҳам булар ўз фарзандларига ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга қатъий чегара қўйиб қўйишган. Microsoft асосчиси, миллионер Билл Гейтс фарзандлари 14 ёшга тўлмагунча мобил телефондан фойдаланишга қатъиян рухсат бермаган. Wi-fi ни эса маълум бир вақтларда 1 соатга ёқишга рухсат берган. Шунингдек, IT, Aple технологиялари асосчиси, корпорация раҳбари Стив Жобс ҳам, бошқа машҳур дастурловчилар ҳам ўз фарзандларига ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига рухсат бермаган, вақт, чегара қўйган. Лекин бошқалар, бошқаларнинг фарзандлари ижтимоий тармоқлардан узилмасликлари, руҳан бузилишлари учун тинмай изланишлар олиб боришган ва боришади.

Шунинг учун ҳам қўлингиздаги “кичкина олам” устидан назорат қилишни Сиз тамомила ўз қўлингизга олишингиз керак. Бу дегани сиз ботинингиздаги Аллоҳ берган неъматни Иблиснинг қўлига тутказиб қўйишдан ўзингизни ҳимоя қилишингиз керак. Ер юзидаги ҳаётингиз сиз учун вақтинчалик берилган бир имконият. Сизнинг хаёлингизни олган, дилингизни, умрингизни ўғрилаган интернет олами эса, шайтоннинг дастури, унинг лашкарлари эканига ўзингиз амин бўлинг, ўзингиз ишонинг. Шайтон сизга берилган вақтинчалик имкониятни бой беришингизни исташини ўзингиз тушунинг. У ўз илмоқлари, тузоқлари билан сизни ўз-ўзингизни яратишдан, комилликка қараб интилишингиздан адаштиради. Сиз дарсни ўз вақтида тайёрлашдан, китоб ўқишдан, ҳунар ўрганишдан, билим олишдан, диний илм олишдан, ўрганишдан, ўзингиз ва атрофингиздагилар учун фойдали, самарали ишлар қилишдан ҳам кўра “интернет олами”ни афзал билдингизми, фаҳш, ҳаром нарсаларга қизиқдингизми, демак, сиз ҳалокат ёқасидасиз. Буни ўзингиз англаб етишингиз керак.

“Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган “кар” ва “соқов”лардир. Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).

Ислом олимлари Ибн Касийр, ас-Саъдий ва бошқа олимларнинг ушбу оят юзасидан қилган тафсирларини таҳлил қилиб, “ҳамма учун оммавий бўладиган фитнадан сақланиш – бугунги кундаги ижтимоий тармоқлардан ҳам эҳтиёт бўлишликдир”, деб айтадилар. Бу эслатма ўн тўрт аср аввал битилган бугунги инсоният учун улуғ Огоҳлантиришдир.

Сиз яшаётган ҳозирги муҳит ҳамма нарсани ютиб юборгудек бўлаяпти. Лекин сизнинг қўлингизда Қуръон бор, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бор. Бу сизни маънавий юксакликка қараб тинмай интилишингизга, иймонингизнинг ҳамиша тирик, уйғоқ, кучли бўлишига, кўпроқ ўқиб, таълим олиб ўз устингизда ишлашингиз учун маънавий қуролдир. Ана шу қурол билан қуролланган тақдиримизда ичимиздаги ваҳший махлуқ – бизни ютиб юборишига йўл қўймаймиз. Уни тўхтата оламиз ва назорат қила оламиз. Сиз хавф остида эканлигингизни унутманг. Сиздан талаб қилинадиган нарса – Сиз бугунги кунда ақлли телефондан ҳам, интернетдан ҳам, уни саҳифаларини дастурловчиларидан ҳам ақлли, иймонингиз кучли бўлиши керак. Ҳа, улардан ҳам кўра ақлли бўлишингиз, кучли иймон эгаси бўлишингиз шарт. Ўз ақл чироғингизни ёқиб, тафаккур эгаси бўлишингиз шарт. Бўлмаса, кучли ишлаб чиқариш саноатига айланаётган Иблиснинг Дастури, унинг лашкарлари сизни ютиб юборишади. Сиз шуларнинг ичида қолиб кетасиз.

Нафсниназоратқилиш–Ҳақиқатдаяшашдир

Аллоҳ Қуръонда “ У осмонлар ва Ерни ҳақиқат ва ҳикмат билан яратди ва сизларга сурат (шакл) берди – суратларингизни гўзал қилди..” (Тағобун сураси, 3-оят), деб баён қилади. Уламолар ушбу оятни тафсир қилар эканлар, бу оятда фақат осмонлар ва Ерни эмас, бизнинг “гўзал суратда” яралишимизда ҳам қандайдир ҳақиқат, ҳикмат борлиги баён этилганлигини, ана шу суратда Унга қайтишимизга ишора эканлигини айтишади (Абдураҳмон ас Саъдий ва бошқалар).

“Бизнинг қилаётган амалларимиз ҳақиқатда кимлигимизни кўрсатади ва бу амаллар ҳар куни дилимизга “чизилиб” боради. Дилимизга нимани “чизаётганимиздан” ва кимга айланаётганимиздан ўзимизнинг қанчалик хабаримиз бор? Агар сиз ўз “мен”лигингизни – нафсингизни назорат қила олмас экансиз, Сиз ҳақиқатда Худонинг қули бўла олмаган бўласиз. Сиз ўзингизга яхшилаб қаранг: неча маротаба “бошқалар билан бўламан”, деб ўз Роббингизни ташлаб қўйдингиз? …Эй инсонлар! Сиз Аллоҳникисиз, шунинг учун ҳам “Унинг учун бўлиш”га ҳаракат қилинг. Фақат ўз Роббиси учун яшаган тақдирдагина, инсон ҳақиқатда яшаётган бўлади. Ислом эса одамларга Худо учун яшашни ўргатишга, ёрдам беришга келган… Муаммоларни қўзғатувчи, жанжал чиқарувчи бўлиш ўрнига хотиржам ва юмшоқ бўлишга ҳаракат қилинг”. (Шайх Нозим ал-Ҳаққоний. “От Земли к Небесам”).

Аллоҳнинг: “Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”, деган ваъдаси бор. (Тоҳо сураси, 123-оят). Агар инсонда Аллоҳга бўлган ишонч, иймон ва тафакккур кучли бўлса, ҳидоят йўлида бўлса, унинг дили ҳеч қачон Иблиснинг қўлида “дастурланмайди”. Дили, қалби гўзал ҳолда Роббиси ҳузурига қайтади…

Улуғ огоҳлантириш…

Ўн тўрт аср муқаддам Аллоҳ Қуръонда Исроил авлодига мурожаат қилиб: “Эй Исроил авлоди, сизларга инъом этган неъматимни ва сизларни (бутун) оламлар узра афзал қилганимни эслангиз, ноҳақлик қилмангиз, одамларни ўз еридан ҳайдаб чиқармангиз” (Бақара сураси, 47,83,84-оятлар), деб огоҳлантирган эди. Аллоҳ то Қиёматгача шуларнинг ҳаммасини воқе бўлишини аён қилган эди, шунинг учун ҳам ўн тўрт аср муқаддам одамларни ўз еридан ҳайдаб чиқариш, норози қилиш гуноҳлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Ушбу оят фақат ҳозирги Исроил авлодлари учунгина эмас, балки барча инсоният, ҳаммамиз учун бир сабоқ ва огоҳлантиришдир. Айниқса, иш бошқариш қўлида бўлган зотлар учун огоҳлантириш. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир инсон бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини зулм билан олган бўлса, Қиёматда бу ер етти қавати билан уни бўйни билан ўраб қўяди”, деб айтганлар (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Бу огоҳлантиришни англаган англади, иймон сари юз тутди, Аллоҳ афзал қилиб берган ақлини, мансабини фойдали, савоб ишларга ишлатган ишлатди, ўз устида ишлаган ҳидоят йўлини топди. Англамаган эса нафсини, ақлини, иймонини нафсининг (шайтоннинг) иҳтиёрига топширди. “Айтинг, Аллоҳ наздида бундан ҳам ёмонроқ “савоб” (жазо олувчилар) тўғрисида сизларни хабардор қилайми? (Улар) Аллоҳ лаънатлаган, ғазаб қилган, Улардан (баъзиларини) маймун ва чўчқаларга айлантирган ҳамда шайтонга ибодат қилганлардир. Ана ўшалар макони ёмон ва тўғри йўлдан кўпроқ адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60-оят).

Ҳадисларда келишича, Улуғ Аллоҳ жаннатнинг энг олий даражаси бўлган Фирдавс жаннатидан ҳар бир одам учун уй тайёрлаб қўйган экан. Лекин ҳамма ҳам жаннатда тайёрлаб қўйилган уйига бора олмас экан. Шайтоннинг “шарофати” билан кўп уйлар бўш қолар экан. Ҳақиқий иймон келтирганларга, Ҳақ йўлдан юрганларга ана шу Фирдавс жаннати насиб қилар экан. Бу одамлар жаннатдаги кўплаб уйларнинг бўш қолганларини кўрар эканлар ва бу уйлар уларга мерос бўлиб қолар экан

Айтишларича, Одам алайҳиссалом жаннатдан тушар эканлар, Аллоҳга: “Эй Роббим! Сен мени Ўз қўлинг билан яратмаган эдингми”, деб сўрайдилар. Аллоҳ: “Ҳа, яратганман”, дейди. Одам алайҳиссалом: “Сен менга Ўз Руҳингдан уфурмаган эдингми?”. Аллоҳ: “Ҳа, уфурган эдим”. Одам алайҳиссалом: “Ахир мени жаннатга Сен қўймаганмидинг?” Аллоҳ: “Албатта, Мен қўйганман”. Одам алайҳиссалом: “Сенинг Раҳматинг, Меҳрибонлигинг Сенинг ғазабингдан устун эмасми?” Аллоҳ: “Албатта устун, деб жавоб беради”. Одам алайҳиссалом яна: “Қани айтчи, агар мен қилган ишимдан пушаймон бўлсам, тўғри йўлингдан юрсам, сенга итоатда бўлсам, Сен мени яна жаннатга қайтарасанми?” деб сўрайдилар. Шунда Аллоҳ: “Албатта қайтараман”, деб жавоб берган экан. Муфассирлар Бақара сурасининг 37-ояти маъносини ана шундай талқин қилишган.

Одам ато билан момо Ҳавво қиссаси Сиз ва Биз ҳақимиздаги қисса, то Қиёматгача давом этадиган, тўхтамайдиган қисса. Бу қиссада ўзимиз – Сиз, мен ва барчамиз иштирок этамиз… Якунида эса кимдир Одамга айланади – жаннатдаги асл уйига қайтади, кимгадир эса худди шира йиғадиган бармоқчаларидан айрилган асаларига ўхшаб ўз уйига киришига рухсат бўлмайди… Иблис нима учун яратилганини ҳам энди тушунгандекмиз…

“…Яхши билингки, мен сизлардан аввал кетиб, сизларни кутаман. Диққат этинг: Сиз билан учрашув жойимиз Ҳовузнинг бошидадир. Эртага мен билан учрашмоқчи бўлганлар қўлини ва тилини ёмонликдан тортсин!”… Бу даъват пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ҳаж амалини қилгандан сўнг қилган даъватлари эди. Субҳоналлоҳ!

Сўнгги сўз

“Аллоҳдан Унинг қули бўлишликни сўраб дуо қилдим, шайтоннинг Ҳукмронлигидан мени тўсишини сўраб дуо қилдим”…

Ибн Арабий

Қуръонда келган Ҳужурот сураси ҳақида Раҳматуллоҳ қори Сайфитдинов гапирар эканлар, 18 оятдан иборат бўлган сурада 18 минг оламнинг масаласи борлигини, шу билан бирга сурада банданинг Аллоҳ олдидаги одоби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидаги одоб тутишлик, бандаларнинг бир-бири билан ўзаро муносабатидаги одоб ҳақида эканлигини баён қиладилар.

Қуръон, ислом ҳақида тафаккур қилар эканмиз, аслида Ислом дини руҳий, маънавий Олий ахлоқ манбаи эканлигини, бу манбани ўзида намоён этган инсон ҳақиқий мусулмон бўлишини, ҳақиқий мусулмон Одам даражасига кўтарилаётган инсон эканлигини англаймиз.

Умуман олганда, биз олам, одам, яратилиш ҳақида, Аллоҳ ҳақида, иймон, Қуръон, дин ҳақида тафаккур қилар эканмиз, беихтиёр олимлар таъкидлаганидек, ислом Оламнинг руҳи эканлигини англагандек бўламиз. Аллоҳ бизни шу руҳда – Ислом руҳида яшашимизни истайди.

Инсон ўз ҳақиқатини танигани сари Аллоҳни ҳам шу даражада таниб боради. Биз ўзимизнинг яратилишимиз моҳиятини ҳам, Аллоҳнинг ҳам кўп сирларидан бехабармиз. Қуръондаги баъзи оятларнинг маъносини тушунишга бизнинг онгимиз ҳали ожизлик қилади. Аллоҳ тақдир қилиб берган вазифамизни тўлиқ ўтай олишимизда ҳам кучимиз, салоҳиятимиз етмаслиги муқаррар. Ҳудди шундай, имом Маҳдийнинг келишлари, Исо алайҳиссаломнинг иккинчи маротаба тушишлари ҳақида биз англашимиз қийин бўлган ҳақиқатлар бор, улкан сир-синоатлар бор. Биз ана шу сир-синоатлар ичидамиз.

Шунинг учун ҳам биз энг муҳим нарсани ўзимиз учун ўзлаштириб олишимиз керак: Аллоҳ бекорданбекор Оламларни яратгани йўқ, бекордан-бекор осмон жисмларини ҳаракатга келтириб қўйгани йўқ, бекордан-бекор Ер юзини яратгани йўқ; Биз ҳали руҳлар оламида эканлигимизда бекордан-бекорга “Роббим, фақат сени дейман”, деб Аллоҳга ваъда берганмиз йўқ. Шу сабабдан ҳам биз бу дунёга бекордан-бекорга келмаганимизни, ўз вазифамиз нимада эканлигини англашимиз ниҳоятда муҳим.

Бу вазифани бажариш осон иш эмас. То тирик эканмиз, бизнинг бу ҳаёт йўлимиз ўз нафсимиз, шайтон билан курашиш йўли эканлигини билишимиз керак. Агар “қўрғон”имизни астойдил ҳимоя қилиш учун курашсак, ҳар қандай қийинчиликлар бўлмасин, бизга “юқорилардан” ёрдам келади. Агар курашмасак, ёрдам келмайди. “Юқоридан” ёрдам келмаслиги инсоният учун ҳалокатдир.

Бу ҳақда Инсоният тарихидаги битилган барча Муқаддас Китобларда гапирилган. Буни ҳиндларнинг илоҳий китобларида таърифланган одам қиёфасида келадиган Худо – Аватар деймизми, Инжилда битилган Исо алайҳиссаломнинг само “жангчи”лари билан Худонинг душманини тор-мор қилганлари – Армагедон жанги деймизмии ёки имом Маҳдийнинг келишлари деймизми – булар ҳаммаси битта маънони: Ер юзида ҳаёт тугашига яқин Ер юзида адолатсизлик, зулм, уруш, қирғинбаротлик, ҳаром ишлар авж олади. Худди жинлар ҳалок қилинганидек, ушбу Китобларда илоҳий Куч томонидан Иблиснинг ҳалок қилиниши, осмон бошқа осмон бўлиши, Ернинг бошқа Ер бўлиши ва инсоният бошқа даражаларга, бошқа ўлчамларга, шайтондан фориғ бўлган, инсонга энди нафс берилмайдиган бошқа замон, маконларга чиқиши ҳақида башорат қилинади. Бунга тайёр бўлиш учун инсон ўз нафсидан халос бўлиши, руҳан озод, эркин бўлиши, маънавий руҳий камол топган бўлиши керак. Қуръон бизга шу ҳақда гапиради, ислом бизни шундай бўлишга ўргатади. Сиз шайтондан, нафсдан фориғ бўлган – ажралган ана шундай ўлчамларга чиқишга тайёрмисиз?

 
Атру гул бўлса агар Раҳбар сенга,
Насиб бўлгай жаннат-ул Кавсар сенга…
 
Жалолиддин Румий.

XI. ХУЛОСА ЎРНИДАГИ СЎНГГИ СЎЗ

 
Бизни тупроқдин яратмиш ўйлагил
Не эмиш тупроқ, фикр қил, англагил…
 
Ж.Румий

Мен кимман?

Имом Ғаззолий ботинимиздаги ҳақиқатлар хусусида: “Дилдан мурод – ҳақиқати одамийким, уни гоҳи руҳ, деб атарлар. Руҳ одам вужудиниг аслидурким, ҳамма қолип ва бадан унинг тобеидир”, деб тавсиф берганлар. Руҳимиз эса, Аллоҳга тегишли бўлиб, у инсон учун “бир нима” қилади. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган илоҳий неъмати.

Инсоният Аллоҳ яратган мавжудотларнинг барчасидан ҳам кўра юқори даражада комиллашуви учун яратилган экан. Улуғликка етган инсонларнинг таъкидига кўра, бундай комилликка одам боласидан бошқа ҳеч бир мавжудот эриша олмайди. Аллоҳнинг ҳам ўз “Дастури” бор. Биз ҳар куни ўзимиз юраётган, нафсимиз, дилимиз орқали танлаган йўлимиз жаннатга олиб борадиган йўлми ёки дўзахга олиб борадиганми – Аллоҳнинг синовидан ўтиб борар, бизга эса ана шу иккита йўлга қараш ва босган ҳар бир қадамимиз ҳақида ўйлаш буюрилган экан.

Биз бу оламнинг сир-синоатидан қанчалик хабардормиз? Биз ўзимиз ҳақимизда, ҳаёт ҳақида, ўлим ҳақида ҳақиқий Билимга эгамизми? Инсоннинг бу дунёга келишининг ҳақиқий моҳияти нимада? Ҳар бир инсон бахтли бўлишни истайди. Лекин биз бахтни, бахтли бўлишни қандай тушунамиз? Бу дунёда энг улуғ бахт нимада? Бахт нима эканлигини англаш учун инсон аввал ўз-ўзини англаши керак экан. Инсон токи ўз-ўзини, ўз табиати, ўз фикри, дунёқарашини англашни бошламас экан, унинг ҳақиқий бахти нимада эканлигини англаши қийин бўлади. Чунки, ўз-ўзини англаш давомида инсон Аллоҳни таниб боради. Аллоҳни таниган инсон эса ҳақиқий бахт нимада эканлигини англай билади.

Биз Аллоҳ ҳақида, Унинг яралмишлари ҳақида мушоҳада, тафаккур қилар эканмиз, бу нарса бизни Аллоҳнинг чексиз илми томон яқинлаштириб боради. Шунда биз Аллоҳнинг чексиз илми, Ҳикмати, Донолиги ичидаги мавжуд олий бир махлуқот эканлигимизни англай бошлаймиз. Мана шу улкан чексизликда одамнинг Ерда ҳаёт кечириши учун халқ қилинганлиги, нафақат Ерда, балки бутун яратилган оламда унинг ўрни қандай эканлиги, Аллоҳнинг “дастури” нимадан иборат эканлиги ҳақида ўйлай бошлайсиз. Биргина одамнинг ўзининг яратилишида ҳам ва унинг бу дунёни тарк қилишида ҳам қанчалик сир-синоат бор… Дарҳақиқат, одам ўзи ким? Аллоҳ қандай “дастур” билан одамни яратган? Ботинида мавжуд Аллоҳнинг Ҳикматини, Қудратини, Муҳаббатини қандай қилиб одам ўзи ҳис қилиши ва намоён қила олиши мумкин? Қандай қилиб инсон ўзи ҳақидаги саволларга ўзи жавоб топа олиши мумкин?

АҚШдаги Жон Кеннеди аэропортида бир журналист “сизнингча дунёда энг жирканч нарса нима? деган савол ҳақида сўраб, одамларнинг фикрларини билмоқчи бўлади. Одамлар бу саволга уруш, уйсизлик, кимдир хиёнат, касаллик деб жавоб берадилар. Шу вақтда аэропортда бир роҳиб ўтирган бўлади. Журналист бу одамнинг ёнига келиб, шу саволини беради. Роҳиб эса бунга жавобан унга қарама-қарши савол беради: “Сиз кимсиз?” – Мен – “Жон Смит”. Роҳиб эса: “Йўқ, бу Сизнинг исмингиз. Сиз кимсиз? деб яна сўрайди. Журналист қайси компаниянинг журналисти эканлигини айтади. Роҳиб эса яна: “Йўқ, бу Сизнинг касби корингиз, Сиз кимсиз?” дея яна савол беради. Журналист ҳайрон бўлиб: “Мен одамман!” дейди. “Йўқ, дейди бояги роҳиб, бу – сизнинг биологик кўринишингиз. Сиз кимсиз?” деб яна сўрайди. Ана шундан кейин журналист роҳибнинг саволи нимада эканлигини англайди ва ҳайронлигидан, нима деб жавоб беришини билмасдан оғзи очилганича қолади. Шунда ҳалиги роҳиб: “Мана шундай ўзини ким эканлигини билмаслик дунёдаги энг жирканч нарса”, деб жавоб қилади. Роҳибнинг бу жавобини қандай тушуниш мумкин? Сиз-чи? Бу саволга, сиз қандай жавоб берган бўлар эдингиз?

Ҳақиқатан ҳам, “кимсан?” деган саволга одамнинг миясига биринчи навбатда унинг одамлиги, эркак ёки аёллиги, касб-кори ёки қайси манзилдан эканлиги келади. Дунёдаги барча одамларнинг барчаси ана шундай умумий хусусиятларга эгалар. Лекин шу билан бирга улар сизнинг “мен”ингиз эмас. Ҳар бир “мен” – ўзи алоҳида “мен”. Ана шу “мен”ликни биз қандай тушунамиз?

“Мен” икки томондан тушунилади. “Мен” деганда, биз ўз танамиз, онгимизни назарда тутамиз. Лекин ҳаммамизнинг қалбимизда Худо бор ва бизнинг бирламчи “мен”имиз Олий “Мен” бўлиб, у Худодан, муҳаббатдан бўлади ва у вақтдан ташқарида бўлади. У абадий. Иккиламчи – инсоннинг онгидаги “мен”. У вақт, замон, маконда, бизнинг танамизда; у бу дунёники ва шунинг учун ҳам бизнинг бу “мен”имиз ўлади. Агар абадий “мен” муҳаббатдан таркиб топган бўлса, инсоннинг онгидаги “мен” турли хилдаги вазиятлар, амаллари, ҳис-туйғулари орқали инсоннинг характери, дунёқараши орқали шаклланиб боради (С. Лазарев). Инсон ўз “мен”лигидаги нафси учун яшаса, у нотўғри ҳаёт кечириб, умрини зое қилган бўлади. Инсон аввал ўз “мен”ини танийди, ўз-ўзини камолга етказиш орқали Аллоҳнинг “Мен”лигини англаб боради. Инсонга тақдир қилинган вазифа нуқтаи назаридан у ўз танасида эканлигида Аллоҳнинг “Мен”лигига интилиши, “ўз “мен”лигини унутиб, Аллоҳниниг “Мен”лигини ўзида барпо қилиши керак. А.Навоий бу ҳақда: “Дилингдан Фиръавн чиқиб кетиб, ўрнига Мусо келиши керак”, дея тушунтирганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса “Ўлмасдан бурун ўлинг” деб айтганлар.

Биз одамнинг яратилиши ҳақида мушоҳада қилар эканмиз, ўзимизга қараб туриб, Аллоҳниниг Ҳикматини, Қудратини ўзимизнинг мисолимизда кўра оламизми? Биз ўзимиз ҳақимизда нималарни биламиз? Ботинимизга ато этилган Руҳ нима? Руҳни илоҳий Нафас дейдилар. Биз буни қандай тушунамиз? Биз ўзимизнинг дилимиз, нафсимиз ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Қалбимизга қулоқ тутиб унда нималар борлигини – Аллоҳнинг Нафасини ҳис қилганмизми? Биз ўз иймонимиз билан қандай муносабатдамиз? Унга ғубор тегмасликка, кучга тўлишига саъй-ҳаракатимиз борми? Онгимиз, ақлимиз ҳақида нималарни биламиз?

Комиллик эгаси бўлган улуғ мутасаввиф Ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ: Илоҳий Нафасни англашни истаган оламни англайди. Ўзини ўзи англаган, ўз Роббисини англайди, ўз Роббисини англаш эса, ўз-ўзини англашликнинг натижасидир”, деб “Ҳикматлар жавоҳири” (“Гемма мудростей”) номли китобларида ёзадилар. Инсон қандай қилиб ўзини ўзи англай олиши мумкин? Айтиб ўтилганидек, ўзини ўзи таниш деганда, биз ўзимизга бирор бир жиҳатдан баҳо бериш билангина чекланиб қоламиз. Аслида сиз ўзингизни қандай танийсиз? Бизнинг инсон, унинг борлиғи ҳақидаги билимларимиз қай даражада? Ўз “мен”лигингизда туриб эмас, ташқаридан, “мен”ликсиз ўзингизни ҳеч кузатганмисиз? Масалан, одамлар билан бўлган муносабатингизда, ижтимоий ҳаётнинг барча кўринишларида қандай руҳий, маънавий ҳолатдан келиб чиқиб иш тутасиз, қилган ишларингизни, ўзингизнинг ички, руҳий ҳолатингизни ташқаридан холис туриб кузатганмисиз? Ёки ўзингиз ҳақингизда саволлар берганмисиз? Масалан, Мен ўзи кимман? Қандай одамман? Қандай қилиб, қаердан пайдо бўлганман? Нима учун бу дунёга келганман? Бу дунёдаги менинг ўрним, вазифам қандай? Менинг ўй хаёлларим мазмуни нимадан иборат? Мен нима ҳақида кўпроқ ўйлайман, қайғураман? Мени нима қизиқтиради? Қандай бўлишга интилаяпман? Кимгадир ўхшашгами? “Ким” ўзи ким? Мен ўзимни ким деб ўйлайман? Бу нарсалар ҳақида мушоҳада қилиш ислом оламида муҳосаба – виждонни тадқиқ қилиш, дейилади.

Дарҳақиқат, инсон ўз-ўзини, виждонини тадқиқ қилиши керак. Йўқса, шайтон баъзи бир одамларга “у жуда ҳам буюк, зўр эканлигини, ҳар томонлама бошқалардан устунлигини доимо шипшиб туради. Ўзини бошқалардан устун деб билган одамлар пасткашлик қилсалар ҳам, разил ишлар қилсалар ҳам, қиладиган тайин ишлари, касб-корлари, илмлари бўлмаса ҳам, бировларга зарардан бошқа фойдалари тегмаса ҳам ўзларини ҳаммадан “зўр” деб биладилар. Шайтон уларга ўзларини ана шундай кўрсатиб қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам инсон ҳақиқатда кимлигини, қандай одамлигини тадқиқ қилиши керак.Бу ҳам руҳий-маънавий ўсиш сари қўйилган қадам бўлади.

Ушбу саволлар ҳақида фикр юритиш учун келинг, одамнинг илк бор яратилиши тарихига яна бир бор, такроран назар солайлик: Аллоҳ оламни яратди, Ерни бор қилди, фаришталарни нурдан, жинларни тутунсиз оловдан яратди. Одамни эса тўрт унсурдан: сув, ҳаво, тупроқ ва оловдан яратди. Аллоҳ фаришталарга “Мен одамни жарангли шаклга (лой шаклига) келган тупроқдан яратаман. Уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) руҳимдан киритганимда, сизлар унга сажда қилингиз!” дейди. “Сўнгра уни битказиб, ичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритди..”. (Сажда, 9-оят). Фаришталар одам жисми яратилиб, унинг ичига Аллоҳ Ўз Нафасини уфургандан кейингина Одамга сажда қиладилар. Тушунаяпсизми? Қуруқ жасаддан иборат бўлган одамнинг ҳеч бир аҳамияти бўлмайди. Айтиб ўтилганидек, фаришталар тиз чўкишганда Одам сиймосидаги Аллоҳнинг буюк Қудрати, Унинг Ҳақиқати олдида тиз чўкишган эди. Ҳар биримизнинг ботинимизда ана шу ҳақиқат бор. Бу қандай ҳақиқат? Биз уни қай даражада англаймиз? Бизнинг ботинимиздаги ўз ҳақиқатимизга ўзимизнинг муносабатимиз қандай? Ботинимиздаги Аллоҳ Ўз Нафасидан уфурган руҳ нима? Бизга ато этилган Жоннинг ўзи биз учун етарли эмасми? Руҳ бизга нима учун керак? У биз учун бир нарса қиладими ёки биз унинг учун бир нарса қиламизми?

Руҳ – Аллоҳнинг Нафаси, Аллоҳнинг амридан. Одамга Руҳдан жон кирган, лекин у одамга тегишли эмас. Руҳ Аллоҳнинг одамга берган илоҳий неъмати. Руҳ бирор-бир жисм, танамизнинг аъзоси ҳам эмас. У бир вақтнинг ўзида бизда ва шу билан бирга биздан ташқарида: Руҳ – Нурдан келган Нур. Бу Нур бизнинг тасаввуримиздаги Нур эмас. Уни фақат қалб кўзи билан англаш мумкин бўлган жуда ҳам юқориларда бўлган Нурдаги Нур. Аллоҳ инсонга ана шу руҳдан ато этди. У кўринмас, ғайб, Руҳий оламдан, у латиф, у Аллоҳдан ва Аллоҳга тегишли. Руҳ ўлмайди. Одам ўлганда у танадан чиқиб кетади ва ўзининг ҳақиқий “диёрига”га йўл олади. Ҳар бир одамнинг ўз руҳи бор. У ҳаммада ҳар хил. Тасаввуф олимлари буни гуноҳкор одам билан авлиёлик даражасига етган одамнинг руҳи бир хил бўлмаслиги мисолида кўришади. Лекин шу билан бирга руҳ абадий Оламдан. Руҳ мана шу ягона абадий оламнинг бир қисми сифатида инсон ботинида мавжуд. Лекин одамнинг унинг устидан ҳеч қандай ҳукмронлиги йўқ. Аллоҳ уфурган Руҳнинг жойлашган марказини юрак (қалб) дейишади. Биз юракни танамиздаги қонни айлантирувчи жисм, деб биламиз. Илоҳий жиҳатдан эса, тасаввуф таълимининг таърифича, юрак – ҳаётбаҳш нафасни ишлаб чиқарувчи, Аллоҳнинг сифатлари билан тўлдирилган жом экан. Аллоҳ ушбу сифатларини инсоннинг Ердаги борлиқ фаолиятига имкон бериш учун ишлатар экан. Шундай қилиб, Аллоҳнинг 99 исми сифати – Нури юрагимизга жо қилинган экан.

Самодаги сайёраларнинг ўзи ҳар бири бир олам, ҳар бирининг ўз унсури (элемент), ўз фаолияти, белгиланган вазифаси бор. Сайёраларнинг ўзаро бир-бири билан ва Ер билан ўзаро уйғун ҳаракати, Ернинг унсури, ундаги ҳаёт, умуман олам ва одамнинг кетма-кетлик тартибида яратилишликда (иерархия) инсоннинг барчасидан мукаммал тарзда яратилганлиги ҳақида ўрганар эканмиз, Улуғ Аллоҳнинг Қудратидан ҳайратга тушамиз, Унинг бизга бўлган Муҳаббати олдида, Улуғ Қудрати олдида яна бир бор бош эгамиз, таслим бўламиз ( намоз ва сажданинг мазмуни ҳам шундан).

Ер самодаги барча яратилган оламлардан пастда жойлашган экан. Аллоҳ Қуръонда “Биз устингиздан етти йўлни (етти қават осмонни) яратдик” (Муъминун сураси, 17-оят), дейди. Бизнинг устимизда етти қават осмон бўлиб, ҳар бирининг ўз унсури, ўз ранглари, ҳаттоки масъул бўлган фаришталари бор экан. Нима учун Аллоҳ етти қават осмонларни йўл деб атаяпти? “Етти қават осмонларни яратдик”, деб айтса ҳам бўлади-ку? Нима учун йўл? Аллоҳ қандай йўл ҳақида гапираяпти ва бу йўл қайси манзилга олиб борадиган йўл?

Аллоҳнинг Даргоҳига бориш, Унинг Ҳусну Жамолини бепарда кўриш учун етти қават осмонлардан осмонларга ўтиб бориш керак экан. Бу осмонларнинг катталиги бир-биридан қандай фарқ қилиши ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан билган эдик. Одам ўлганда Руҳ инсоннинг танасидан ажралиб чиқиб, у мана шу самовий ҳукмронликларнинг ҳар биридан, осмонлардан осмонларга “сайр” этиб, бирма-бир ўтиб борар экан. Руҳ танадан ажралган вақтда инсон бир томондан ўзининг аввалги ҳолига назар солар, иккинчи томондан эса, унинг олдида йўл оладиган келажаги, борадиган ўз манзили бўлар экан.

Аллоҳ 18.000 оламни яратган. Қолган оламларнинг қандайлиги, уларнинг фаолияти ҳақида биз ҳеч нарса билмаймиз. Аллоҳ бизни бунга қодир қилмаган. Лекин, ўлим вақтида инсон олдида бир муддатга ана шу барча пардалар, сирлар очилар экан. Шу вақтда инсон олдида чексиз Коинот, осмону фалаклар, бутун 18 минг олам гавдаланар экан, уларнинг сўз билан таърифлаб бўлмайдиган мукаммаллигидан инсон ҳайратга тушар экан. Ердаги ҳаётимиз тугаганидан сўнг, бизнинг руҳимиз осмонлардан осмонларга ўтадиган жуда ҳам кўп босқичлардан ўтиши керак бўлади: осмонлар ортидан осмонларга ва яна баланд осмонлардан ўтиб, ундан ҳам яна баланд осмонларга кўтарилиб борар экан. Руҳ юқори сари кўтарилиб, “мақоми Висолга” Аллоҳ билан бирга қўшилиб кетишга интилади. Лекин унинг бу мақомга эришиши бизнинг бу ҳаётдаги яшаш мақсадимиз қандай бўлганлиги ва Ерга яшашга келмасдан аввал Роббимизга берган ваъдамизни қай даражада бажарганлигимизга боғлиқ бўлар экан. Аслида, бу мақомга ўз нафсидан халос бўлган комил инсонларгина етишадилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации