Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 17 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Аллоҳнинг Муҳаббатидан баҳраманд бўлиш

Диннинг принципларини бузар эканмиз, мажбуриятни бўйнимизга олмас эканмиз, ундай ҳолда ўз ҳақиқатимизни англамай қоламиз. Ишлаймизми, ўқиймизми, ҳунар ўрганамизми – фарқи йўқ. Энг муҳими, олдимизда турган вазифани ҳалол, сидқидилдан бажариш, одамийлик жиҳатидан ўз-ўзимизни англаш ва шунинг ортида ўз ҳолатимизни янада юқорироқ бўлган иккинчи бир ҳолатга ўтказиш, ундан кейин яна бошқа юқори даражага ўтиб боришни мақсад қилиш керак. Масалан, билим, илм олиб, ақлимизни тинмай ўстиришга ўзимизда иштиёқ уйғотишимиз керак, дангаса бўлсак, дангасаликни енгишимиз керак, иймонимиз суст бўлса, уни кучли қиладиган йўлларини ахтаришимиз керак, дилимизда ҳасад, бахиллик, риё, кибр бўлса, Аллоҳ муҳаббати орқали, кучли иймон билан уни йўқотиб юборишимиз керак. Фитратимизда чақимчилик, қўрқоқлик ёки очкўзлик бўлса, уни енгишимиз керак, манманлик, мақтанчоқ бўлсак – камтар бўлишга, сабрсиз бўлсак – сабрли бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Инсон бу ҳаётида бир даражадан бошқа даражага ўтавериши, ўзини ўзи кашф қилиб бориши керак. Бу ишларни бажаришимизда эса бизга фақат дин йўл кўрсатади ва ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлиб яшашликка ўргатади. Дин – бу Аллоҳга қул бўлиб, Унга хизмат қилиш. Ана энди “Аллоҳ наздида энг мақбул (Дин) Ислом динидир” ояти ҳақида ва мусулмончилик нима эканлиги ҳақида ўзингиз бир хулоса қилинг. Чунки сиз бу оятни энди бошқа баландликда туриб тафаккур қилаяпсиз.

Энди эса, Сиз бир мамлакатни, ундаги барча халқларни қайси пайғамбарнинг йўлини тутганлигидан, миллатидан, ирқидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар бир-бири билан “биродар” бўлиб, тинч, осойишта яшаётганини тасаввурингизга келтиринг: Ҳеч ким бир-бирига ёлғон гапирмайди, душманлик қилмайди, таҳқирламайди, зулм қилмайди, ғийбат қилмайди, мансаб деб, ёки бойиб кетиш учун ҳаловатини бузмайди, талашиб-тортишишмайди; Ҳамма одамлар Аллоҳнинг Ер юзига Нур бўлиб сочилган Раҳматидан, Марҳаматидан ва Муҳаббатидан имкон қадар кўпроқ баҳраманд бўлишга, ана шу сифатлари билан яшашга ҳаракат қилади; ҳамма бир-бирига меҳрмуҳаббатли, одамларнинг кўзлардан фақат меҳр нури ёғилади. Тасаввур қиляпсизми?

Ҳақиқатда эса, биз тасаввур қилган битта шаҳар бор. Бу Ҳиндистонда. Бу шаҳарнинг номи Ауровиль. Тажриба сифатида 1968 йилда Мирра Ришар томонидан асос солинган. Бу шаҳарда яшаш учун унинг фуқаролигини олиш керак. Бу шаҳарга дунёнинг турли бурчакларидан келадиган меҳмонлар эса шаҳарни шунчаки кўриш учун, ёки саёҳат қилиш учун эмас, балки, ўзларининг қалбларини тозалашга, илоҳий жиҳатдан маънавий юксалтириш учун руҳий тажриба орттириш мақсадида келадилар. Аллоҳнинг Меҳр, Муҳаббати, Кучи ҳаммага баробар. Бу шаҳарда одамлар ана шу Кучни ҳис қилиш учун, кўпроқ Аллоҳнинг Меҳр, Муҳаббатини ўзида ҳис қилишга, ўзида тажассум топишига, маънавий руҳий жиҳатдан юксалишга тинмай ҳаракат қиладилар. Бир-бирлари билан ана шу меҳр остида муомала қиладилар. Бой ўзининг бойлиги билан мағрурланмайди, камбағал камбағаллигидан уялмайди, таниш, нотаниш ҳамма бир-бирларига ёрдам берадилар, бир-бирларини дилларини шод қилишга ҳаракат қиладилар, жилмайиб қарайдилар, тинч, осойишта, сабрли бўлишга ҳаракат қиладилар. Чунки бу ҳолатларни бузсалар, бизнинг тилимиз билан айтганда “мўмин” бўла олмайдилар. Ҳеч қандай “шоу”лар йўқ. Мусиқа ва рақслар эса фақат дилга оромбахш этувчи – самовий. Савдо-сотиқда ҳам ёлғон-яшиқ, бир-бирлари, талашишлар йўқ. Маълум бир бизнес билан шуғулланадиганлар ортиқча дабдабага йўл қўйишмайди, эл қатори камтарона, мўътадил яшашга ҳаракат қилишади, даромадларини аксар қисмини савоб, саховат ишларига ажратадилар. Умуман, бу шаҳарча аҳолиси ва маънавий юксалиш учун тажриба орттиришга келган меҳмонлар ўзларидаги “мен”ликларини кўрсатмасликка, балки ҳар бир ишда Яратганнинг “Мен”лигини кўришга ҳаракат қиладилар. Эътибор қилинг: бу ерга келганлар “Мен мана бу диндаман”,деб айтмайдилар, миллати, ирқи турли хил. Лекин улар бу ерга биргина мақсад йўлида келганлар – Аллоҳни – ўз Роб биларини таниш, Унинг Кучини, Сифатини қалбдан туйиш, илоҳиёт – Мавло оламида яшаш… яратган Роббисига хизмат қилиш, Унинг оламида, Унинг қули бўлиб яшаш. Аслида эса, Аллоҳ бизни Ер юзига бир-бири билан уришиб, дин талашиб юриш учун эмас, мана шундай ҳаёт кечиришимиз учун юборган. Битта 50.000 одам сиғадиган шаҳарга эмас, балки бутун Ер юзида одамлар шундай Исломда – Аллоҳга бўлган ишончда, Унинг Нуридан, Муҳаббатидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечиришлари, бир-бирларига биродарлик, меҳр-муҳаббат кўзи билан қараб яшашлари керак. Ана энди бошқа динларни камситиб, инкор қилаётган, Ислом моҳиятини бузиб, мусулмонлар орасига фитна, рахна солиб ўзларини мусулмон санаётган, жанжал-тўполон чиқараётган баъзи бир инсонлар ўзларининг қалбларини ана шундай илоҳий ҳаёт кечиришга интилаётганлар қалби билан солиштириб кўрсинларчи: Қайси бирларининг қалби Аллоҳ олдида кулиб, нур сочиб турибди? Ва қай бирларининг қалби Аллоҳга яқин? Албатта, ҳаммага бирдек меҳр нури билан қараётган ва Раббиси сари интилаётганларники. Дин деб талашиб-тортишиб ёки ўзаро уруш-жанжал қилиб юрганларники эмас, албатта.

Аллоҳ бизга Ўзининг Меҳр-Муҳаббат-Раҳмон-Раҳиймлигини ҳамиша намойиш қилади. Дин эса бизга ана шу Нурни қандай кўра олишимиз ва қалбимиз билан туя олишимиз кераклигини ўргатади. Ислом динининг ва мусулмонлик нима эканлигининг маъноси, моҳиятини энди янада яхшироқ англагандакмиз. Тўғрими?

“Эй қалбларни ўзгартирувчи! Қалбимни динингда собит қил!”

“Жаброил ҳадиси” деган машҳур ҳадис бор: Бир куни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан суҳбат қуриб ўтирганлар ва “Динингизга оид мендан савол сўранглар” деб айтадилар. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида хижолат чекиб, бир нима деб савол сўрашдан андиша қиладилар. Шунда Аллоҳ Субҳоналлоҳу ва таолло ўз марҳамати билан саҳобаларнинг ўрнига савол беришга энг улуғ фаришта Жаброил алайҳиссаломни юборади. Жаброил алайҳиссалом оппоқ кийимларда одам қиёфасида мажлисга келиб қўшиладилар ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир нечта савол берадилар: “Иймон нима?” деб сўрайдилар. Биз иймоннинг 6 та устунга қурилганлигини биламиз:

1. Аллоҳнинг ягоналигига ишониш;

2.Унинг фаришталарига ишониш;

3. Туширган Китобларига ишониш;

4. Юборган пайғамбарларига ишониш;

5.Тақдири азалга ишониш;

6. Қиёмат кунига – ўлимдан кейинги ҳаёт борлигига ишониш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон ҳақидаги саволга жавоб берганларидан кейин Жаброил алайҳиссалом Ислом нима, деб савол берадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг бешта устунини бирма-бир айтиб берадилар:

1. Иймон келтириш;

2. Беш вақт намоз ўқиш;

3. Закот бериш;

4. Рўза тутиш;

5. Ҳаж амалини бажариш (агар қурби етса).

Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом “Эҳсон нима”, деб савол сўрайдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.: “Эҳсон – Сен Аллоҳни кўрмасанг ҳам, худди Уни кўриб тургандек ибодатда бўлиш, Аллоҳ эса сени кўриб турганлигини доимо билиб туриш”, деб жавоб берган эканлар. Ушбу ҳадисда Ислом динининг учта асосий устуни даражаси ифода этилади:

1. Иймон. 2. Ислом. 3. Эҳсон.

Инсон ўз ҳаёти давомида мана шу даражаларга етиши керак. Исломнинг биринчи даражаси иймон бўлса, иймон шартларини бажариб, инсон ўз иймони, ишончи билан иккинчи – Ислом даражасига етади; Исломнинг шартларини, амалларини иймони билан бажариб, амалга ошириб борган мўмин инсон маълум мақомларни босиб ўтган бўлади. Бу даражада инсон муҳсинга, Комил инсонга айланади.

Иймон асосларини ақида илми ўргатади. Ислом асосларини эса фикҳ илми ўргатади. Эҳсонни тасаввуф илми ўргатади. Тасаввуф – инсоннинг ўз-ўзини тарбиялаши, нафсни, қалбини поклаш орқали Аллоҳ мағфиратига эришиш, илм-маърифат орқали ўз-ўзини Камолга – Инсони Комиллик даражасига етказиш йўлидир. Тасаввуф илми устозлари Аҳмад Яссавий, Ғиждувоний, Нақшбандий, Бағдодий, Абдулқодир Жилоний, Чиштий, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий ва бошқалардир. Бу йўлда юрадиганларни сўфийлар дейишади. Сўфийларни ҳеч қандай йўналишларга, оқимларга, секталарга ажратиб кўрсатилмайди, таққос қилинмайди. Уларнинг йўли – шариатдан Аллоҳга олиб борадиган тариқат йўлидир. Бу йўлдаги одамларни “йўлга” чиқмаган одамларнинг муҳокама қилишга манан ҳаққи бўлмайди. Сўфийлар ҳақида фақат сўфийларнинг ўзлари гапира олишлари мумкин. Ҳақиқий сўфийлар ҳеч ким билан талашиб-тортишмайдилар, мунозара қилмайдилар. Улар оятларнинг, ҳадисларнинг мазмунини, моҳиятини талқин қиладилар. Улар Аллоҳнинг инсонга юклатилган “сир”идан воқиф одамлар. Улар Аллоҳ ҳақида, Унинг тажаллиси, инсоннинг руҳий дунёси ҳақида мушоҳада қиладилар. Улар риёзат чекиб, машаққат билан маълум бир босқичлардан ўтиб Комилликка эришадилар. Бундай одамларнинг қалбида ҳамиша Аллоҳ жилваланади. Ҳадисларда келишича, Аллоҳ: “Мен бир махфий хазина эдим, Бас, танилишни ирода этиб, барча мавжудот ва махлуқотни яратдим”, деган экан (Ибн Арабий. Футухат ал-маккиййа). Комил инсонлар қалбида Аллоҳ ўз “махфий хазинасини” очади… Комил инсонлар бу хазинага етишадилар. Улар Аллоҳнинг дўстлари! Сиз Аллоҳнинг дўстларини ўзингизга дўст тутинг. Ана шунда сиз ҳам Аллоҳнинг дўстига айланасиз. Инсон учун бундан-да ортиқ бахт борми?!

Биз нима учун озроқ бўлсада, тасаввуф илми ҳақида гапирдик? Биз бир нарсани яхшилаб англашимиз зарур: дин – бир жойда депсиниб турмайди. Инсон “у мумкин, бу мумкин эмас” каби гапларнинг ичида ўралашиб юриши мумкин эмас. Биз ўз принципларимиз, ҳис-туйғу, эҳтиросларимиз билан динга хизмат қилмаймиз. Биз дин орқали ўзимизни таниймиз, Аллоҳни таниймиз ва Унга хизмат қиламиз. Илоҳни, илоҳиётни қалбимиз билан англашда, нафсимизни тозалаб, юксала боришда дин бизга бир нарвон вазифасини ўтайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Я муқоллибал қулуб, соббит қолбий аъла дийник” – “Эй қалбларни ўзгартирувчи! Қалбимни динингда собит қил!” деб дуо қилганлар. Эътибор қилинг, ақлимни собит қил, демаганлар, қалбимни собит қил, деб дуо қилганлар. Ақл бизни Аллоҳга яқинлаштирмайди. Фақат қалбимизгина бизни Аллоҳга яқинлаштиради. Собит бўлган қалб эса тирик бўлади, кенгайиб боради, ўз Роббисини танийди, Унинг амрига итоат этади, севги, муҳаббат билан йўғрилади, маънавий-руҳий юксалиб боради ва натижада ҳақиқий мусулмон бўлади; Аллоҳ амрига итоат этиш йўлида юриб, мусулмон аста-секин мўмин бўлади; Мўмин ҳар бир ҳолатда Аллоҳга муҳаббат билан хизмат қилади, ҳар бир қиладиган ишида, гапирадиган гапида Аллоҳнинг куч-қудратини, муҳаббатини кўради, ўз йўлини, мақсадини аниқ танлайди, шунинг учун ҳам ҳеч қаёққа оғмай, четга чиқмай Аллоҳнинг амрига итоатда юради, натижада муҳсин даражасига етади. Муҳсин эса, ана шу юрган йўлидан давом этиб, секин-аста илм-маърифат билан, муҳаббат билан ўз нафсини енгиш, мукаммал ҳолга келтиришда машаққатлардан ўтиб Инсони Комиллик даражасига кўтарилади. Аллоҳ наздида мақбул бўлган Ислом динининг нақадар ажойиблиги ва гўзаллигини бир кўринг!.. У сизни ўз моҳиятингизга етаклаяпти, аслингизга етаклаяпти, Субҳоналлоҳ! Диннинг моҳиятини, барча учун бир бўлган Ислом динининг мақсади, моҳиятини энди янада яхшироқ англаб етгандекмиз…

Қуръондаги лаъалакум сўзидан кейин келадиган феълларни бажариш, ислом принципларини амалга ошириш экан.

Ислом динининг мақсади, моҳияти, принциплари ҳақида мушоҳада қилар эканмиз биз битта нарсани: Одам даражасига етиш учун мусулмонликдан иборат бўлган ҳаёт йўлини ўташ ислом эканлигини англаб етдик.

Оллоҳнинг барча махлуқотларнинг Яратувчиси эканлигига бўлган ишонч ҳамма учун бир эканлигини ҳам англаб етдик. Бу ишонч ҳамма ягона Аҳад қамровида эканлигини, бир эканлигини, бирлашиш керак эканлигини, ҳеч ким билан можаро қилмасликни ўргандик.

…Ана энди бугун, динингизни Камолга етказдим, неъматимни тамомила бердим ва Сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим”, дейди Аллоҳим (Моида сураси, 3-оят).

Субҳоналлоҳ! Раҳматинг ва Марҳаматинг бунчалар ҳам Улуғ! Эй Аллоҳ! Ўз Раҳматинг, Муҳаббатинг нуридан бизларни ҳам баҳраманд қилгин! Бизларни Ўзингни тўғри йўлингдан – Ислом йўлидан адаштирма, Сени севгучи бўлган ва Сен севган бандаларинг қатори бизларни ҳам Одамийлик даражаси сари боришимизга, Комил инсонлар бўлишимизга ёрдам бер! “Иҳдина с сиротол мустақийм” – бизнинг ҳаёт тарзимиз бўлсин!

Бизни шундай йўлга йўллагинки, у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин! Алҳамдулиллаҳи Раббил аъламийн!

VII. ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲАҚИДА ТАФАККУР…

“У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун Эслатмадир”.

(Таквир сураси, 27-оят)

Сеҳрли “ Калит”

Биз Қуръони Карим ҳақида қанчалик биламиз? Уйимиз тўрида турадиган, таҳоратсиз қўлга олиб бўлмайдиган, ўпиб, кўзга суртадиган Қуръон нима? Нима учун у Муқаддас?

Таҳоратланиб Китобни очинг-да, бир муддат Унга қаранг: Бир текисда ёзилган сирли араб ҳарфларининг ўзи сизга ғайбдан бир нима деяётгандек, бир нарсадан бохабар қилмоқчидек туюлади. Шундай эмасми? Ҳар бир оятига қўйилган белги эса худди билагузукка ўхшаб кетади. Назарингизда “Калитини топгин-да, мени оч!” деяётгандек. Қуръоннинг қироат билан тиловат қилинишини эшитганингизда самоларда учиб юргандек бўласиз. Қуръоннинг сўзларини тушунмасангиз ҳам, худди у Сиз билан гаплашаётгандек тўғридан-тўғри қалбингизга кириб боради, қалбларингизни эритади…

Муқаддас Китоб – Қуръон ҳақида гапиришга ҳар томондан жуда ҳам ожизлик қилади одам. Қуръон илмини ўрганган, унинг сирларидан воқиф бўлган Улуғларимиз олдида кечирим сўраган ҳолда, ожизлик билан бўлса-да, сиз билан бирга Қуръон ҳақида бир оз тафаккур қиламиз. Фақат тафаккур! Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин…

Қуръон – Илоҳий Амр билан Ерга тушган Аллоҳнинг Ваҳийси, яъни илоҳий Сўзи.

“Аллоҳ” сўзи арабчада Худо, илоҳ маъносини билдиради. Аллоҳ Ўзининг Илоҳий қудрати, қуввати, иродаси билан бутун оламларни, осмонлару Ерни яратди. Фаришталарни, жинларни ва ниҳоят Ерга халифа қилиб одамзодни яратди. Аллоҳнинг Холиқлиги – Яратувчилигининг чек-чегараси йўқ. У ҳамиша яратади, яратишдан ҳеч қачон чарчамайди. Ердаги ҳаёт тугагандан сўнг, яна бошқа ўлчамдаги ҳаётни яратишга Қодир бўлган Аллоҳдир.

Айтиб ўтганимиздек, Ерда ҳаёт яралмасдан аввал Аллоҳ бизнинг Руҳимизни яратган. Руҳ – Аллоҳнинг амридан. Ғайб оламида биз ҳаммамиз Аллоҳга “Сен бизнинг Роббимизсан, фақат Сенга итоат этамиз!” деб аҳд қилганмиз. Аллоҳ бизнинг ботинимизга ўша руҳий оламнинг бир парчасини жойлаган. Биз ҳали онамизнинг вужудида энди пайдо бўлиб, этга айланганимизда, Аллоҳнинг буйруғи билан бир фаришта келиб бизга руҳни уфурар экан.Танага руҳ қўшилгандан сўнг одам пайдо бўла бошлар экан..

Одам алайҳиссалом Ерга тушган вақтларидан бошлаб, инсоният Ерда яшай бошлади. Биз Улуғ Аллоҳ ато этган руҳимиз, танамиз, жисмимиз билан Ер юзининг қайси бурчагида яшамайлик, қандай хатти-ҳаракат қилмайлик ёки ўлимдан кейинги ҳаёт, ғайб оламида бўлмайлик, Аллоҳдан – Илоҳий Қувватдан ташқарида эмасмиз. Биз Унинг Қуввати қамрови ичидамиз. Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни қамраб олган Курсийси ичидамиз, Нури ичидамиз. Унинг Кучи, Қудрати, Илми чексиз, бутун оламни қамраб олган! Нафақат қилаётган ишларимиз, балки олаётган ва чиқараётган ҳар бир нафасимизгача Унинг назоратидан четда эмас. Биз ва барча махлуқотлар Барҳаёт ва Абадий Турувчи бўлган чексиз илм Соҳибининг Қамровидамиз! Қуръон бизга ана шу чексиз бўлган Илоҳий Куч, Қудрат ҳақида, Холиқ ҳақида, Алийм ва Ҳакийм бўлган, Раҳмон ва Раҳим ҳақида хабар беради. Аллоҳ Қуръонда ўзи ҳақида: ”У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок,(бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва Кибр эгасидир..”. (Мумтаҳана сураси, 23-оят), деб хабар беради. Қуръон бизга пайғамбарлар ҳақида, ўзимиз ҳақимизда, қаердан, нима учун келганлигимизни ва яна қаерга қайтиб боришимиз, асл маконимиз ҳақида, бу дунёда бизга тақдир этилган вазифа ҳақида эслатади, огоҳлантиради.

Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ одамни яратибдики, ҳаётда тўғри йўлни танлай билиши учун инсониятга пайғамбарлар юборди, Муқаддас Китобларни туширди. Қуръон эса Аллоҳнинг охирги Китоби. Бошқа Илоҳий Китоб Ерга тушмайди, келмайди. Шунинг учун ҳам бошқа пайғамбарлик бўлмайди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳотам ал-мурсалийн – охирги пайғамбардирлар.

Аввалги туширилган Муқаддас Китоблар: Забур – Довуд алайҳиссаломга, Таврот – Мусо алайҳиссаломга, Инжил – Исо алайҳиссаломга туширилганлигини биламиз. Қуръон эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида тушди.

Биз Қуръоннинг илк мартотаба нозил бўлиши ҳақида ўрганар эканмиз, ниҳоятда сирли ва ҳайратли воқеа кўз олдимизга келади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари пайғамбар бўлишларини билмаганлар. Лекин охирги вақтларда ниҳоятда руҳий-ҳиссий кечинмаларни, руҳий қийналишларни бошларидан ўтказавердилар. Қалблари ёлғизликни истаб Ҳиро тоғига чиқиб кетавердилар. Эрталаб кетиб, кечқурун қайтадиган бўлдилар. Охири уйга келмай ҳам қўйдилар. Ана шу кунларда, улуғ Рамазон ойининг энг Қудратли тунида биринчи маротаба Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Осмонлардан Ваҳий – Аллоҳнинг СЎЗи келади. Сиз шу манзарани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларнини тасаввур қилиб кўринг: ёлғиз ўзлари, қоронғи тунда қалб, руҳий кечинмалар билан осмонларга тикилиб ўтирган вақтларида бирдан осмонда ва ерда муаллақ турган махлуқ пайдо бўлишини ва пайғамбарга: “Ўқи!” дейишини кўз олдингизга келтиринг. Ҳайратда, қўрқувда туриб: “Ўқишни билмайман”, деганларида икки маротабасида ҳам қаттиқ сиқиб қўйиб юборган ҳолатни кўз олдингизга келтиринг. “Ўқи! Бутун оламни яратган Зот бўлмиш Роббинг номи билан”… (Алақ сураси, 1-оят). Бу Аллоҳнинг Ерга тушган Ваҳийси, энг биринчи Сўзи эди. Аллоҳ илоҳий Каломини фаришта – Руҳул Қуддус Жаброил алайҳи васаллам орқали йўллади. Бу сўзлар бутун оламни яратган, унинг Эгаси – Илоҳнинг сўзлари эди. Ана шу кундан бошлаб, 23 йил мобайнида Аллоҳ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ваҳий – СЎЗ туширди. Биз буни Қуръон деймиз. Қуръон араб тилида “устида, овоз чиқариб ўқиш”, деган маънони англатади. Шу билан бирга Қуръон – Фурқон – ажратувчи, яъни ҳақ билан ботилни ажратиб берувчи маъносини билдиради. Қуръон – инсоннинг Комилликка етишувида Улуғ Бошқарувчи ва Етакловчи!

Бу Китоб Ер юзидаги барча инсоният учун то Қиёматгача Аллоҳнинг Эслатмаси, Огоҳлантириши бўлиб қолди. Аллоҳ Қуръон орқали ўз бандаларига ҳукм қилади, уларни огоҳлантиради, Ўзини танитади.

Аллоҳ Қуръон орқали инсониятга қандай яшаш кераклиги ҳақида аниқ кўрсатмалар беради. Диққат билан оятларни чуқур таҳлил қилар экансиз, Ундаги сўзлар инсоннинг айнан қалбига қаратилганлигини ҳис қиласиз. Қуръон нафсга урғу беради. Инсоннинг ўз нафсини бошқара олиши, камолга етказиши керак эканлигини англатиш – Қуръоннинг асосий мақсади. Дарҳақиқат, Қуръоннинг мақсади инсон ақли, тафаккурининг юксалиб, қалбининг кенгайиб боришига, ўз-ўзини, бутун оламни англашига қаратилган. Шу билан бирга ундаги оятларнинг сирли томонлари ҳам борки, бунинг моҳияти дарҳол эмас, асрлар давомида, ҳар бир даврда ечими шу даврга хос ошкор бўлиб келаяпти. Қуръонни ўқиган ҳар бир одам ўзича талқин қилишига ислом оламида рухсат берилмайди. Талқин қилишдан аввал албатта ислом оламида тан олинган тафсирлар, ҳадисларни ва пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини ўрганиш керак бўлади. Қуръон инсонларга ҳар бир оят устида тафаккур қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантиради.

Қуръон “юқоридан” туриб биз ибрат олишимиз учун ўтмиш ҳақида гапиради, келажакдан башорат қилади, олдимизда ва орқамизда турган нарсадан огоҳ бўлишимиз ҳақида қайта ва қайта таъкидлайди. Буларни англамаганларнинг аҳволи нима бўлиши ҳақида Эслатма беради (Ёсин сураси, 9-оят. Нуъмон Али Хон тафсири). Субҳоналлоҳ! Қуръон инсоннинг ўзи учун кутаётган, хоҳлаётган нарсалар ҳақида силаб, сийпаб гапирмайди, одамзод билан келишувга ҳам келмайди. Қайтанга, сиз уни хоҳлаяпсизми, шундай қилмоқчимисиз, йўқ, сиз шу ишни қилсангиз оқибати мана шундай бўлади, деб қатъий гапиради. Шуниси ажабланарлики, бу дунёда ёмон ишлар қилган жиноятчи, гуноҳкорларни қанчалик даҳшат бўлмасин, дўзахда нималар кутишини аниқ ва қатъий, ҳеч нарсага ўрамасдан, очиқдан-очиқ, ҳукм қилиб гапиради, огоҳлантиради. Жаннатдан хушхабар беради. Қуръон инсонга Одамни яратишдан илоҳий мақсад нима эканлиги ҳақида хабар беради. Инсон бу дунёда маънавий, ақлий жиҳатдан ҳақиқатни излаши муҳимлиги қайта-қайта уқтирилади.

Улуғ Аллоҳ субҳоналлоҳу таоло инсонни мукаммал қилиб яратди. Шу билан бирга улуғ Аллоҳ Қуръонда инсон учун ато этган неъматларини баён қилади. Бу “бизнинг тафаккур қилишимиз учун бир эслатма”.

Аллоҳ Ўз раҳмати билан яратган неъматларидан инсон фойдаланар экан, Қуръон бу неъматларни ким берганлигини инсон ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги, у ўз яратувчи Роббисининг энг буюк Карамли зот эканлигини англаб етиши ва Унга ибодат қилиши муҳимлиги ҳақида баён қилади. “ Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваз Зориёт сураси, 56-оят) (Шайх Муҳммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”).

Қуръон инсон ҳаётидаги муҳим жараёнларни ўзида мужассамлантирар экан, аввало инсоннинг ички маънавий оламининг юксалиб бориши муҳимлигига урғу беради. Чунки, Аллоҳ бизнинг маънавий юксак бўлишимизни истайди. Маънавий юксакликка чиқиш учун инсон олдида албатта тўсиқлар, қийинчиликлар бўлади. Булар биринчи навбатда ҳавойи нафс ва шайтоннинг майлларидир. Аллоҳ Қуръонда : “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқонини” (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг..”. (Оли Имрон сураси,103-оят) деб огоҳлантиради. Жалолиддин Румий ушбу оятни ўз “Маснавий”сида: “Ҳудди кўрлар каби илоҳий арқонга қўл ургин, илоҳий арқонни маҳкам тутгин ва унинг амру наҳийларидан бошқасига осилмагин”, дея талқин қиладилар. Бу ерда илоҳий арқон – ҳавойи нафс ва шайтон майлларини тарк қилиш назарда тутилади. Ҳудди шунингдек, кўр одам йўлдан адашмаслик учун арқонни қўйиб юбормасдан маҳкам тутганидек, инсон ҳам Қуръонни ана шундай маҳкам тутмоқлиги тушунилади.

Ислом оламида Қуръонни тирик, жонли деб қабул қилинган. Чунки у “ўлик” қалбларни тирилтиради, идрокни жонлантиради. Қалби, идроки тирик ва уйғоқ инсон ўз йўлини тўғри танлай олади. Қалбнинг тириклиги ва жонли идрок инсон онгнинг ривожланишига, атроф-муҳитни, реал воқеликни англашда, ўзи учун ва атрофидаги одамлар учун яхши ишлар қилишга мажбур қилаверади, тўхтовсиз ундайверади. Шу билан бирга Қуръон инсоннинг ақлини, унинг фикрлаш жараёни механизмини ишга тушириб юбориш қудратига эга. Шунингдек, ҳар бир инсон Аллоҳнинг СЎЗини ўзида кашф қила олиши, ақлий инқилоб – ўз руҳий ички ҳолатини бошқа бир ҳолатга ўзгартириши, яъни ўз-ўзини такомиллаштириши, ўзгартиришни амалга ошириши Қуръон воситасида амалга оширади. Чунки биз дунёни, оламни, инсонни ўз ақлимиз даражасида англаймиз, гапираётган гапларимиз, қилаётган ишларимиз ҳам ақлимиз даражасидан, руҳий ҳолатимиз, феъл-атворимиз қандайлиги даражасидан келиб чиқади. Яъни, бизнинг онгимиз, маънавий дунёмиз қай даражада бўлса, гапираётган гапларимиз, қилаётган ишларимиз ҳам шу даражада бўлади. Аллоҳ эса бизни бир даражада қолиб кетишимизни истамайди – биз ўзгаришимиз, ўз-ўзимизни ўзгартиришимиз керак! Инсоннинг бир “қобиқ”нинг ичида ўралашиб қолиб кетиши мумкин эмас! У билим, тафаккур ва дин орқали ўз-ўзини англаб, маънавий, руҳий томондан ўз-ўзини ўзгартириши, юксалиши ва ана шунга эришиш учун жахт қилиши керак. Қуръон ана шунга ўргатади. Инсоннинг моҳияти, бу дунёга келиш мазмуни ҳам ана шундан келиб чиқади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации