Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"
Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 14 страниц)
Нақд бергай ошиқ ҳар не борини,
Нақд бериб, кўргай у васли ёрини.
3540 Ўзгаларга ваъда бўлгай эрта кун,
Лекин ошиқ аҳлининг нақди бугун.
Ёқмагунча ўзни то якбора ул,
Чора топгайдир нетиб бечора ул?
Жавҳари то жонни маскан этмагай,
Шуъласи кўнгилни равшан этмагай.
Чун балиқ дарёдин айрилган замон
Талпинур дарёга тушсам деб ҳамон.
Ақл ишқ савдосида устоз эмас,
Ишқ ақлга улфату ҳамроз эмас.
Ишқ оловдир, ақлу ҳуш монанди дуд,
Ишқ келса, ақлу ҳуш қочмасми зуд?
Гар насибинг эрса ғайбдин сенга кўз,
Сен кўрарсен қайдин эрмиш ишқу сўз.
Ҳар не боринг бори ишқдандир сенга,
Ишқ ила маст бўл-да, бошинг бер анга.
Ғайб кўзи чиндан насибанг эрса ул,
Сенга зарроти жаҳон ҳамроз эрур.
Ақлу ҳуш кўзи-ла солсанг сен назар,
Ишқ сенинг қаршингда бўлмас жилвагар.
Тантию афтода лозим ишқ аро,
Мардуми озода лозим ишқ аро.
Мард эмассен, унда ошиқсен нечук?
Мурдадирсен, ишққа лойиқсен нечук?
Зиндадил бўлгай бу йўлда мардвор,
Юзта жонин ҳар нафас этгай нисор.
ҲИКОЯТ
Хўжа ошиқ бўлди бир шарбатчига,
Бир йўла ўт тушди сабри, тинчига.
Ишқ ила чун фатҳи савдо бўлди ул,
Эл аро шарманда, расво бўлди ул.
Ҳар не моли бор, кечарди бетиним,
Ўрнига шарбат ичарди бетиним.
Ҳеч вақоси қолмади, бўлди гадо,
Битта ишқи бўлди юз, этди адо.
Баъзилар гоҳо берарди нон анга,
Оч эди, лекин кўринмас жон анга.
Ул ўшал нондин кечар эрди яна,
Нон бериб, шарбат ичар эрди яна.
Ўлтирарди оч-наҳору тийраком,
Фикрида шарбат, фуқоъ эрди мудом.
Биттаси сўрди: аё ошиғи зор,
Ишқ надир, сиррини этгил ошкор?
Деди: ишқ ул, юз жаҳон молингни, бас,
Бир қадаҳ шарбатга этгайсен эваз…
Тушмагунча бошига савдою сир,
Кимса билмас ишқ надир, савдо надир.
ҲИКОЯТ
Аҳли Лайли Қайсни ҳеч суймас эди,
Чун яқин келмоққа ҳам қўймас эди.
Қўй боқар эрди чўпон атрофда, бас,
Олди бир қўй терисин Мажнуни маст.
3565 Ўзни ул терига буркаб олди ул,
Ўзни бир қўй сувратига солди ул.
Сўнгра ёлборди чўпонга: эй ғани,
Илтифот айла, сурувга қўш мени.
Лайли ёққа ҳайда қўйларни ҳамон,
То кўрай Лайлим юзини бир замон.
То тутиб пинҳон ўзимни ёрдин,
Баҳра олгаймен ўшал дийдордин…
Бўлса гар кўнгилда чун дардинг сенинг,
Тола мўйинг ҳам бўлур мардинг сенинг.
Эй дариғо, дарди мардон сенда йўқ,
Қуввати ул марди майдон сенда йўқ.
Оқибат Мажнун ўзини қўй қилиб,
Лайли манзилгоҳига борди елиб.
Чун йироқдин Лайлига тушди кўзи,
Баҳри нур ичра тамом қолди ўзи.
Аавали қўзғалди тўлқин, урди жўш,
Охири тарк этди буткул ақлу ҳуш.
Ишқ суви чун босди, ғарқ этди уни,
Олди чўпон елкага, элтди уни.
Юзига сув сепди, ул масту хароб
Сесканиб, кўз очди, чекди изтироб.
Эртаси саҳрода маъюсу малул,
Неча қавми бирла ўлтирмишди ул.
Биттаси деди анга: эй сарфароз,
Қип-яланғочсен, танингда йўқ либос.
Қайси тўнни хушлагайсен, айт менга,
Келтирай қайси либосингни сенга?
Деди: менга ҳеч либосинг хуш эмас,
Ёпгали устимга пўстак бўлса, бас.
Келтиринг шу онда бир қўй терисин,
Ёндирай исриқни, кўздин асрасин.
Атласу кимхобдин аъло менга ул,
Лайлини севганга пўстак хуш эрур.
Ёпиниб пўстак етишдим ёрга мен,
Тўн кийиб боргаймидим дилдорга мен?
Пўстак ичра билдим ул ёр розини,
Энди этмасмен нечук эъзозини?
Ишқ керак, ақлу хирадни ҳайдасин,
Дил сифотингни мубаддал айласин.
Бўлмагай ошиқда ўзга фикр ўй,
Жон тикарсен унга, ўзга гапни қўй.
Қўй қадам, жонинг сарафроз эрса ул,
Бу ўйнимас, балки жонбозлик эрур.
ҲИКОЯТ
Чун Аёзга бўлди ошиқ бир фақир,
Тушди эл оғзига, ошкор бўлди сир.
Йўлга чиқса отланиб ҳар галл Аёз,
Ул гадо ҳам ортидин тушгайди боз.
Тушса майдонга Аёзи мушкбор,
Тўпидин узмасди кўз ҳайрону зор.
Бу хабар Маҳмудга етди айланиб,
Ки Аёзга бир гадо ошуфта деб.
Эртаси тушди Аёз майдонга то,
Ортидин тушди яна ул мубтало.
Кўзлари коптокдаю чолок эди,
Ўзи чун чавгон еган копток эди.
Ул тарафга солди султон бир нигоҳ,
Кўрди, жони ўтда, ранги каҳрабо.
Тўп каби оворайи майдон эди,
Ҳар томонга чирпираб, сарсон эди.
3595 Чорлади Маҳмуд, дедиким, эй гадо,
Шоҳ ила тенглашмоқ истарсен, аё?
Ринд дедиким, гар гадомен, гар абас,
Ҳимматим ишқ ичра сендин кам эмас…
Ишқу мискинлик туташ ҳамсоядир,
Бўйла сарватдирки, бесармоядир.
Ишқ топар мискинлик ичра тузу тот,
Ишқ ўзи мискинга лойиқ бир сифот.
Сенки дунё шоҳи, дилафрухтасен,
Ишққа мен лозимки, чун дилсўхтамен.
3600 Ҳар не боринг васл учун восита, бас,
Дарди ҳижронга чидаб бер бир нафас.
Васл учун мунча этарсен кору бор,
Мард эсанг, бўл дарди ҳижронга дучор.
Шоҳ дедиким, эйки масту бехабар,
Мунчалар коптокка солгайсен назар?
Ринд деди: ул мен каби саргаштадир,
Мен у янглиғмен, таним оташдадир.
Ул билур қадримни, мен билгум уни,
Иккимиз ул битта чавгон тутқини.
3605 Иккимиз саргаштаю афтодамиз,
Бошсизу жонсиз бўлиб юрмоқдамиз.
Ул билур ҳолимни, мен ҳам бегумон,
Икки ғамдош дардлашармиз ҳар замон.
Лекин ул давлатлидир мендин расо,
Отининг наълини ўпгай гоҳ-гоҳ.
Гарчи тўпдек мен-да меҳнат ичрамен,
Лекин ортиқроқ машаққат ичрамен.
Тўп танига зарбайи чавгон етар,
Лекин андин менга заҳми жон етар.
3610 Гарчи тўпга зарба етгай беқиёс,
Лек уни қувлаб, елиб юргай Аёз.
Гарчи заҳмим кўп эрур тўп заҳмидин,
Ул менингмас, мен қувармен ортидин.
Тўп гаҳи тургай Аёзнинг олдида,
Мен гадо эрсам, ҳамиша ортида.
Олдида турса, ҳузур етгай анга,
Васлидин завқу сурур етгай анга.
Етмади чун менга бўйи вуслати,
Кетди коптокка висоли давлати…
3615 Шаҳриёр дедики, бундоқ сўйладинг,
Менга муфлисликни даъво айладинг.
Сўзларинг рост эрса гар, эй бенаво,
Баски даъво айладинг, келтир гувоҳ.
Деди: жоним борки, мен муфлис эмас,
Истагим ҳам бўйла бир мажлис эмас.
Ишқ аро бўлдим ва лекин жонфишон
Жонфишонлик бори муфлисдин нишон.
Сенда, эй Маҳмуд, қани маънойи ишқ?
Жон фидо қил, айласанг даъвойи ишқ…
3620 Айтди бу сўзларнию кесди забон,
Жонини жононга берди шул замон.
Қўйди тупроқ узра бош ул бенаво,
Кийди шоҳ дунёси ғамлардин қаро.
Сенга жонбозлик кўринса сусту ғўр,
Кел, ўйинга боқ ўзинг, санъатни кўр.
Кел бери, деб гар сенга етса хитоб,
Бўлмагай бу йўлда ортиқ лофу қоф.
Бош, оёқсиз унда юргайсен мудом,
Бор эшиклар ланг очиқдирлар тамом.
3625 Бас, югургайсен топармен деб хабар,
Ақлу жонинг бўлгуси зеру забар.
Барчадин озоду фориғ ўзданам,
Бўлмагай қаршингда ортиқ ёки кам.
Ақлу ҳушга бунда йўл йўқ, ташнасен,
Йўл босиб борган сари саргаштасен.
ҲИКОЯТ
Чун сафар қилди Ажамга бир араб,
Унга бу эл одати келди ажаб.
Сайр этар эркан гузарда бехабар,
Бир қаландархонага солди назар.
3630 Неча риндлар давра тутмишлар эди,
Икки оламни унутмишлар эди.
Барчаси тубан эди, қайсар яна,
Ул биридин бул бири баттар яна.
Кўза эрди ҳар бири илкида, бас,
Барчаси май қуйқасидин маст-аласт.
Чун уларни кўрди ул, майл айлади,
Ақлу жонин ўлтиришга шайлади.
Кўрдилар ул қавм, чунон эрди араб,
Жону дил бирлан боқарди мўлтираб.
3635 Дедилар: кир ичкари, қўйди қадам,
Ҳамнафас бўлди уларга бешу кам.
Ринди маст бўлди, йўқотди ўзни ул,
Берди қўлдин мастлигу номусни ул.
Молу мулку симу зарни басма-бас
Сочди буткул, ҳеч вақосиз қолди кас…
Бир қадаҳ май сунди унга биттаси,
Турғизиб, секин жўнатди хулласи.
Юртига бўлди равона ул араб,
Муфлису зору гадову ташналаб.
3640 Сўрдилар барча: ажабдир ҳолатинг,
Қайда ул олтин, кумушлик давлатинг?
Не эди йўллар босиб, ҳормоқ сенга?
Бехайр бўлди Ажам бормоқ сенга.
Бенавосен мунчалар, афтода, хор,
Йўлтўсар ўғригами бўлдинг дучор?
Деди: йўлда кўз солиб ҳар ёнага,
Ногаҳон кирдим қаландархонага.
Бошқаси ёдимда йўқ, ёдимда то
Симу зар харжланди, қолдим бенаво.
3645 Сўрдилар: ким ул қаландарлар, ахир?
Деди: ҳолимга боқингиз, англатир…
Ул араб йўкликка ботмишди тамом,
Ёдида «кир ичкари», ёлғиз калом.
Йўлга кир ё бош олиб кет бир томон,
Жонга қўш жонингнию ўт бир томон.
Жон ила этсанг қабул асрори ишқ,
Жон бериб, бошингни эт даркори ишқ.
Бенаво қолсанг яна, жондин нари,
Сенга қолган сўз бўлур: кир ичкари…
ҲИКОЯТ
3650 Бор эди соҳиб камолу хуш кўнгил,
Бўлди бир соҳиб жамолга ошиқ ул.
Севгани учраб касалга ногаҳон,
Ётди бемор, бўлди ранги заъфарон.
Кундузи тун бирла тўқнашди магар,
Битди дармони, яқинлашди ажал.
Айтдилар бу гапни ошиққа ҳамон,
Қўлда ханжар, ул югурди ёр томон.
Дерди: маҳбубимни ўлдиргум атай,
То ажал бирлан шу асно ўлмагай…
3655 Дедилар: ҳай, жинни бўлдингми, уят!
Ул санамни ўлдиришдин не мурод?
Тўкма қон, сабр айласанг, не бўлгуси?
Ҳа демай жон бергай ул шўрлик ўзи.
Мурда ўлдирмак-ла не ҳосил бўлур?
Мурда бошин кесса ким, жоҳил бўлур.
Деди: ўз илким-ла ўлдирсам ани,
Ўлдирурлар ал-қасос айлаб мени.
Рўзи маҳшарда этиб мардумни жам,
Ал-қасос деб ёндирурлар мисли шам.
3660 Бас, бу дунёда ўлармен ёр учун,
Сўнгра уқбода куярмен ёр учун.
Икки дунёда бўлур комим менинг,
«Ўлди, куйди» деб қолур номим менинг…
Ошиқ аҳли бўйла жонбозлик этар,
Икки оламга қиё боқмай ўтар.
Заҳмати жон чекмагайлар бир замон,
Кўнгил узмишлар бу дунёдин тамом.
Жонки кетса ўртадин, бежон бўлур,
Хилват айлар, маҳрами жонон бўлур.
3665 Хилват этса, йўлда бир дайёр йўқ,
Икки олам ёру бир ағёр йўқ.
Кимки бу хилватга топса йўл даме,
Кўрмагай ул аҳли хилватда ғаме.
Мард дема, то етмагунча дард анга,
Ўйлаким, етмас бу йўлдин гард анга…
ҲИКОЯТ
Чун Халилиллоҳга етди ўлмаги,
Бўлмади осон унинг жон бермаги.
Деди Азроилга: эт Оллоҳга арз,
Истамасмен сенга жон бермакни, бас.
3670 Ҳақ таоло деди: дўст эрсанг, халил,
Сен бу дам дўстингга жонинг эт сабил…
Жон берурлар жонга чун етганда тиғ,
Дўстидин ким жонни тутгайдир дариғ?
Сўрдилар чун: эй Халил, шамъи жаҳон,
Бермагайсен нега Азроилга жон?
Аҳли ишқ жонбозлик айлар бешу кам,
Сен нечун жонингни асрайсен бу дам?
Деди: жон бермоқчи эрдим мен ҳамон,
Тушди Азроил арога ул замон.
3675 Ўт аро келмишди менга Жабраил,
Ҳам демишди: ҳожатинг айт, эй Халил.
Ул тарафга боқмадим мен бир қиё,
Йўлни тўсди, ҳамдамим эрди Илоҳ.
Боқмагандим унда Жаброилга мен,
Жон нечук бергаймен Азроилга мен?
Этмагаймен баски жонимни нисор,
Эт нисор, деб айтмагунча Биру Бор.
Этса гар жон бергали фармон менга,
Икки пулдир бу жаҳону жон менга.
3680 Токи Ул амр этмагунча, эй киром,
Кимсага жон бермагаймен, вассалом…
МАЪРИФАТ ВОДИЙСИ
Сўнг очилгайдир назарга бир улуғ
Маърифат водийсиким, поёни йўқ.
Кимса борму, ҳаддига бул ҳавзанинг
Кўз солиб чун боши айланмас анинг?
Бунда йўллар айру, чандон ўзгадир,
Солики тан, солики жон ўзгадир.
Жону танда баски нуқсону камол,
Ҳам тараққийдир уларда, ҳам завол.
3685 Ложарам водийда йўллар кўп неча,
Ҳар бирининг йўлчиси бир ўзгача.
Бу гўзал йўл узра, айтгил, ҳеч маҳал.
Филга ургимчак бўлурму ҳамсафар?
Ҳар киши боргай камоли борича,
Қурби етгунча ва ҳоли борича.
Пашша гарчи неча парвоз этгуси,
Сарсари елга қачон ул етгуси?
Мухталифдир баски бу йўлда юриш,
Кўкда учгайму у қуш янглиғ бу қуш?
3690 Маърифат бунда тафовут айлагай,
Ул бири меҳроб, бири бут танлагай.
Бул табаррук йўлда чун олий сифат,
Порласа гар офтоби маърифат,
Ҳар киши ўз қадрича кўргай уни,
Ҳам ҳақиқат бобида ўз ўрнини.
Сирри дониш унга чун равшан бўлур,
Гулхани дунё анга гулшан бўлур.
Мағзни кўргайдир кўраркан пўстин ул,
Ҳар қаён кўз солса, кўргай дўстни ул.
3695 Ҳар не кўрса, рўйи Ҳақни кўргуси,
Зарра-зарра кўйи Ҳақни кўргуси.
Юз туман асрор, ечилса ул ниқоб,
Юз очар унга мисоли офтоб.
Юз туман мард ҳам адодирлар мудом,
То бири бўлсин деб асрорбин тамом.
Кимсайи комил керакдир йўлда чун,
Ул буюк денгизда сузмоқлик учун.
Етса асрор, дилда завқ пайдо бўлур,
Ҳар замон бир янги шавқ пайдо бўлур.
3700 Ташналик жонларда ҳар дам бундадир,
Юз туман хуни ҳалол ҳам бундадир.
Қўл чўзиб, етсанг магар Арши мажид,
Бир нафас тарк этма: ҳоли мин мазид?140
Баҳри ирфонда сузиб, отгил қулоч,
Йўқса, бор, бошингга тупроқларни соч.
Бўлмаса ушбу жаҳонда хуш даминг,
Не учун ҳолингга йўдир мотаминг?
Гар насибинг эрмас эрса васли ёр,
Нега чекмайсен басе ҳижрону зор?
3705 Сенга хуш эрса агарда бул жаҳон,
Ройгон бўлмасму умри жовидон?
Маърифатда бор ҳамиша салтанат,
Жаҳд этиб, касб айлагил олий сифат.
Ҳар кишиким масти ул ирфон эрур,
Жумла олам аҳлига султон эрур.
Мулки олам, ўйлаким, мулки унинг,
Ул фалак ҳам кемаси, фулки унинг.
Кўрмасанг гар сен жамоли ёрни,
Бор, талаб қил ул азиз асрорни.
3710 Гар талаб ҳам этмасанг сен, ҳай, уял,
Юрмагил яйдоқ эшакдек дарбадар.
Тарки жон айлаб югур Ҳақ сўйига,
Токи етгайсен кўнгилнинг кўйига.
Не эмиш ушбу жаҳоннинг давлати?
Ўзга мулкдандир у шарбат лаззати.
Жумла мотам ичра, рўйи зард ила,
Оҳ урарлар бас уни деб лард ила..
ҲИКОЯТ
Бош суқиб Маҳмуд бир вайронага,
Келди дуч бир бедилу девонага.
3715 Бошини эгмишди, бағри доғ эди,
Бошида ташвиши гўё тоғ эди.
Кўрди шоҳни чун дедиким, кет нари,
Йўқса, жонингга чекармен ханжари…
Шоҳ эмассен, ёт эрур ҳиммат сенга,
Ҳайф эрур Ҳақ мулкидин неъмат сенга.
Деди Маҳмуд: ҳой, мени кофир дема,
Битта сўз айтгил-да, сўнгра сўйлама.
Деди ул девона: билсайдинг агар,
Шоҳ бўлиб, кимдин йироқсен шу маҳал.
3720 Ўлтириб тупроғу кул узра давом,
Бошинга сочгай эдинг оташ мудом…
ТЎРТИНЧИ – ИСТИҒНО ВОДИЙСИ
Сўнгра ул водийи истиғно келур,
Унда не даъво ва не маъно бўлур.
Бениёзликдин етишгай сарсари,
Йўқ бўлур бир зумда мулки, кишвари.
Етти денгиз битта тўлқин бўлгуси,
Етти дўзах битта учқун бўлгуси.
Бунда саккизта биҳиштинг ҳам ўлик,
Бунда етти дўзахинг муздир, сўник.
3725 Бир чумолига бу ерда, эй ажаб,
Юзта фил қурби берилгай бесабаб.
Битта калхат ризқи бўлсин деб йирик,
Юзта карвон ичра қолмас бир тирик.
Кўкда юз минглаб малаклар ёнди чун,
Ерда Одам машъали ёнсин учун.
Неча юз минглаб оғочдин учди руҳ,
Токи билсин деб дурадгорликни Нуҳ.
Пашшалар лашкарни босди ёприлиб,
Токи Иброҳим етишгай бош бўлиб.
3730 Неча минглаб дийдалардин оқди қон,
Токи зиндондин Юсуф чиқсин, дебон.
Неча юз минглаб гўдаклар ўлдилар,
То Халил топгунча етсин деб назар.
Бўлди минглаб халқ басе оташпараст
То халил топшгунча оташдин халос.
Юз туман халқ бойлади зуннор басо,
Бўлмагунча маҳрами асрор Исо.
Бўлди торож неча минг жону кўнгил,
То Муҳаммад чиқмади меърожга ул.
3735 Эскидир, янги, қадрсиздир ҳама,
Хоҳи бир иш айла, хоҳи айлама.
Гар жаҳони дилни кўргайсен кабоб,
Сен фараз этгилки туш эрмиш бу, хоб.
Гар бу денгиз ичра минглаб жон чўкар,
Баҳр учун ул қатрайи шабнам магар.
Неча юз минг халқ ўлар бўлса шу тоб,
Соядир, кетгай чиқаркан офтоб.
Кўкдаги анжум тўкилса, не демак,
Даҳр оғочидин узилмиш битта барг.
2740 Кетса шу дунё ародин, не эмиш?
Бир чумолининг оёғи лат емиш.
Икки олам соврилиб, битса шу дам,
Ўйла, бир қум донаси топмиш адам.
Қолмаса гар деву инсондин асар,
Бу камайган қатра бир ёмғир қадар.
Жумла танлар бўлса бирдан зери хок,
Даҳр аро бир тук йўқолмишдир, не бок?
Бунда жузву кулл агар бўлса тамом,
Бир сомон чўпи йўқолмиш, вассалом.
3745 Кетса гар тўққиз фалак ҳам, ўйла, бу –
Етти денгиздин камаймиш қатра сув…
ҲИКОЯТ
Бор эди қилоқда барно ўспирин,
Чоҳга тушди ул Юсуфдек, билмайин.
Тошу тупроқ остида қолди тани,
Бир киши келди, халос этди ани.
Ҳоли танг эрди, хароб аҳволи, бас,
Умридин қолмишди икки, уч нафас.
Эрди, эвоҳки, Муҳаммад ном анга,
Бир қадам қолмишди то итмом анга.
3750 Отаси кўрди, деди: жоним болам,
Эй кўзим нури, юрак қоним болам.
Эй Муҳаммад, мен томонга ташла кўз,
Менга бир сўз айт… Дедиким, қайда сўз?
Қайда мен? Қайда Муҳаммад? Қайда жон?
Айтди шу сўзларни, жон берди ҳамон…
Боқ ўзинг оламга, эй соҳиб кўнгил,
Ул Муҳаммад қайда, Одам қайда ул?
Қайда Одам, зурриёти қайдадир?
Жузвиёти, куллиёти қайдадир?
3755 Қайда еру тоғу дарёву фалак?
Қайда деву қайда инсону малак?
Қайдадир ул неча минглаб жисми хок?
Қайдадир ул неча минглаб жони пок?
Қайдадир ул жон бераркан, нола, оҳ?
Жону танлардин не қолди? Ҳеч вақо.
Икки оламни, яна юзлаб жаҳон
Мулкини йиғсанг, қориштирсанг ҳамон,
Бир сарой пайдо бўлур қаршингда то,
Сол уни ғалвирга, қолмас ҳеч вақо…
ҲИКОЯТ
3760 Шайх Юсуф муқтадойи роҳ эди141,
Сийнаси поку дили огоҳ эди.
Дер эдиким, чиқ баланд Арш устига,
Сўнгра тушгил то қаро ер остига.
Неки бўлмиш, неки бор, не бўлгай ул,
Ҳар нечук яхши, ёмон – бир заррадир.
Қатрадир, ул баҳри жуддин келгуси,
Бўлса не, гар бўлмаса, не бўлгуси?
Йўқ бу водий ичра соҳил, эй салим,
Кўргай ул соҳилни жоҳил, эй салим,
3765 Гар ёниб, юз бора хун бўлгай дилинг,
Бўлмагай сенга муяссар манзилинг.
Ҳар нафас кезсанг жаҳонни сарсари,
Аввалин жойингда тургайсен ҳали.
Ҳеч киши бу йўлга поён топмамиш,
Ҳеч биров бу дардга дармон топмамиш.
Юрмасанг гар, муз қотиб турсанг, сўник,
Ё ўлакса, ёки бўлгайсен ўлик.
Турмасанг, елсанг, югурсанг доимо,
Кел бери, деб сенга етгайдир садо…
3770 На туришдин, на югурмоқдин асар,
На ўлишдин, на туғилмоқдин самар.
Мушкилот бошингга тушмиш, не илож?
Яхши устодинг-да йўқмиш, не илож?
Ур бошингни, урма, эй соҳиб сукут,
Қўй бу ишни, ишни бошла, ишга ўт.
Ҳам ишинг тарк айлаю ҳам ишлагил,
Ишлагил камроғу ишни пешлагил.
Иш бўлур, ишг дорую дармон сенга,
Иш бўлур, иш охиру поён сенга.
3775 Бўлмаса иш сенга дармон, қувватинг,
Бўлгай ишсизлик насибу қисматинг.
Аввалин қилган ишинг тарк айлагил,
Ишни қилсанг, қилмасанг ҳам яхшидир.
Не билурсен ишниким, бўлмас билиб,
Билганинг ул ишни бўлгайму қилиб?
Бунда истиғнога ташла бир назар,
Хоҳ мутриб бўл, хоҳи навҳагар.
Бунда истиғно чақин чақмиш чунон,
Тафтидин ёнмиш, ёқилмиш юз жаҳон.
3780 Юз жаҳон бунда тўкилмиш, бунда хок,
Йўқ эса олам бу водийда, не бок?..
ҲИКОЯТ
Кўрганинг бордир, ҳакими пурхирад
Лой шуваб, бир лавҳа ҳозирлар фақат.
Сўнг чизар ул лавҳага нақшу нигор,
Собиту сайёра бўлгай ошкор.
Ҳам фалак пайдо этар ул, ҳам замин,
Гоҳ анга, гоҳ бунга тортгай диққатин.
Ҳам нужуму ҳам буруж пайдо қилур,
Ҳам уфулу ҳам уруж пайдо қилур142.
3785 Ҳам касофат, ҳам саодатни чизар,
Манзил айлаб, мавту мавлудни чизар143.
Не ёмон, не яхшидир, этгач ҳисоб,
Тахтанинг бир четидин тутгай шу тоб.
Ўчирур, гўёки ул бор бўлмамиш,
Ул ҳама нақшу нигор ҳеч бўлмамиш.
Бўйладир ушбу жаҳоннинг муҳлати,
Сидрилиб, бир онда ўчгай суврати.
Тоб беролмайсен бу ганжга сен ҳамон,
Бас, бориб, бир гўшани тутгил макон.
3790 Бунда эрлар, боқки, хотиндир ҳама,
Икки оламдан-да маҳрумдир ҳама.
Гар бу йўлга юргали йўқ тоқатинг,
Гарчи тоғсен, хору хасдир қийматинг…
ҲИКОЯТ
Бор эди бир кимса улким аҳли роз,
Олами асрор юз очди рўй-рост.
Етди овоз унга: тиинглармиз сени,
Ҳар не истарсен, сўраб билгил ани…
Пир дедиким, мен билармен, анбиё
Доимо ранжу балога мубтало.
3795 Қайдаким ранжу бало қўзғалгуси,
Анбиё унга гирифтор бўлгуси.
Анбиёга шунча заҳматдир насиб,
Бас, нетиб кўргай фароғат ул ғариб?
Чун буюкларнинг насиби дарду ранж,
Биз кичикларга қаёқда дуру ганж?
Анбиё иш узрадирлар, кўр ани,
Менда йўқ сабру таҳаммул, қўй мени.
3800 Неча сўйлай жон чекиб, андин на суд?
Боқмасанг сен майл этиб, андин на суд?..
Мавж урар тегрангда чун баҳри хатар,
Сен эсанг каклик каби беболу пар.
Билсанг эрди йўлда не ваҳму алам,
Ложарам бу йўлга қўймасдинг қадам.
Бошда бўлгайсен бу янглиғ беқарор,
Жонни қутқармоққа сўнг бўлмас мадор.
ҲИКОЯТ
Пашша ризқ излаб учарди, шу маҳал
Кўрди бир бурчакда ул бир хум асал.
3805 Шавқига тўлди аслнинг бўйлаким,
Деди: бир соҳиб саховат бормикин?
Ўз паноҳига ҳамон олса мени,
Очса шу хум оғзини, солса мени.
Берди бул вуслат бутоғи чун самар,
Не ширин оламда ширин бол қадар?
Бир киши очди у хумнинг оғзини,
Истагин андоқ бажо этди ани.
Урди ўзни чун асалга, толди ул,
Қўл-оёғи-ла ёпишди-қолди ул.
3810 Ўзни қутқармоқ бўлиб, чекди азоб,
Сакради, бўлди яна ҳоли хароб.
Чекди фарёд, деди: толе келди шум,
Бу асал менга заҳар бўлди, зақум.
Неки сўрса, жон дебон бергум ани,
Ким фалокатдин халос этса мени…
Кимса бу водийда фориғ бўлмагай,
Бормагай ул, токи болиғ бўлмагай144.
Рўзгоринг, эй дили ошуфтакор,
Бойланиб қолмиш асалга устувор.
3815 Умрни беҳудага этдинг басар,
Қайда топгайсен уни, эй бехабар?
Боқ, ўйин, эрмакка кетгай рўзгор,
Ёки ғафлат ичра ўтгай рўзгор.
Тур оёққа, бу қийин водийни ош,
Жонни тарк эт, айла учмоққа талош.
Кечмасанг жону кўнгилдин сен ҳамон,
Сен ўзинг мушрик, ишинг андин ёмон.
Жон фидо эт, айла кўнгилни нисор,
Йўқса, истиғнога бўлгайсен дучор.
ҲИКОЯТ
3820 Бор эди шайх хирқатпўшу номдор,
Кўрди бир қизни ва бўлди беқарор.
Эрди ул сакбон қизи, шайхи забун145
Ул санам савдоси бирлан чекди хун.
Кўзларин тикмиш эди ёр сўйига,
Итлари бирлан кезарди кўйида.
Топди бул ишдин хабар қиз онаси,
Деди шайхга: эй замон алломаси,
Баски қизга ошиқ эрсанг шунчалик,
Касби кор бизга, биларсен, итчилик.
3825 Кел-да, сен бир йилча ит боқ биз била,
Сўнгра ол, тузгил никоҳинг қиз била.
Шайхда эрди бўйлаким ошиқ кўнгил,
Хирқани ечди, киришди ишга ул.
Ит етаклаб тушди бозорга ҳамон,
Шул йўсин бир йилча бўлди сагбон.
Бошқа бир сўфийки эрди ҳамнафас,
Кўрди шайхни чун деди: эй булҳавас,
Эрдинг ўтиз йил ҳамиша марду мард,
Бўйла иш қилдингки, солди дилга дард…
3830 Деди: ғофил, мунчалар дам урма, тур,
Пардани очсам, сенга мушкул бўлур.
Ҳақ билур бул шевайи асрорни,
Не бўлур гар сенга ортса корни.
Тинглади чун таъна отгонинг менга,
Мендин олгай итни ул, бергай сенга…
Неча сўйлай, мен чекиб бу йўлда оҳ,
Кўрмадим бир танти йўлчи, марди роҳ.
Мен бўлиб беҳудага бисёргўй,
Кўрмадим бир кимсани асроржўй146.
3835 Сиз агар билсайдингиз асрорни,
Дардини англардингиз мен, зорни.
Бундан ортиқ сўйламак беҳуда, бас,
Жумла ухлоқ, йўлда йўқ юргувчи кас…
ҲИКОЯТ
Сўрди шайхдин чун муридлардин бири,
Айт, ҳузур не? Шайх дедиким, тур нари…
Ювсангиз юзларни лекин шул замон,
Мен ҳузурдин нукта сўйлармен ҳамон.
МУНОЖОТ
Эй Худойи зулжалол, ийсор қил,
Жонимизга ҳақ сўзинг такрор қил.
3840 Оч қулоқларни, Худо, додим сенга,
То ҳақиқатнинг сўзи етсин анга.
Бас, дуо сендин, ижобат ҳам сенинг,
Эътиқод сендин, муҳаббат ҳам сенинг.
Гар хато этсак, ўзинг ислоҳ қил,
Сен тузатгувчи, ўзинг султони дил.
Ахлат ичра мушкбўйликдин не суд?
Маст-аластга нуктагўйликдин не суд?..
БЕШИНЧИ ВОДИЙ – ТАВҲИД
Сўнг эса ул водийи тавҳид келур,
Манзили тажрид ила тафрид келур147.
3845 Йўл сари юзланса юзлар даъфатан,
Бир яқодин бош чиқаргай барча тан.
Гар кўрарсен беадад, гар андаки,
Йўлда барча биттадирлар бешаки.
Ул ягона бирма-бир келгай мудом,
Ҳар сафар ул битта келгайдир тамом.
Демаким, ёлғиз Аҳад келгай сенга,
Бир бўлиб, юз бир адад келгай сенга.
Бунда не ҳадду ҳисоб бор, не адад,
На азал чексин нигоҳинг, на абад.
3850 Чун азал кетса, абад бўлса адо,
Ўртада не қолгуси? Ҳеч бир вақо.
Ҳар вақо ҳечдир, бўлак бир сўз дема,
Дарҳақиқат даҳр аро ҳечдир ҳама…
ҲИКОЯТ
Сўрди бир девонадин бир марди пир,
Сўйла менга, бер изоҳ, олам надир?
Деди: олам ному нанг бирлан тўла.
Наҳлидирким, товланур юз ранг ила.
Гар биров қўл сурса наҳл узра давом,
Барчаси бир мумга айлангай тамом.
3855 Барчаси мумдин иборат, бошқамас,
Бошқаси рангдир, бўёқдир, жилва, бас.
Бўлса бирлик, иккилик бўлгайму, ҳай,
Ўртада менлик ва сенлик бўлмагай.
Нардбони халқ эрур биз бирла мен,
Ложарам, андин йиқилмоқлик тайин.
Ким баландроқ интилур, нодон ўшал,
Сирпаниб, ерга йиқилгай бир маҳал.
ҲИКОЯТ
Бу Али ёнига келди бир аёл148.
Зарварақ унга узатди, деди: ол.
3860 Шайх деди: аҳд айлаганмен бўйлаким,
Олмагаймен нарса Ҳақдин ўзгадин.
Ул аёл деди анга: эй бу Али,
Қайданам етмиш сенга бу аҳвали?149
Мард киши кўзига бунда ғайр йўқ,
Каъба йўқ бунда, калисо, дайр йўқ.
Сен бу йўлда марди аҳду ҳал эмас,
Ғайр кўргайсен, кўзинг аҳвал эмас.
Мард кўнгил ҳаддига қўйгайдир қадам,
Сўнг бу йўлда етгай ул манзилга ҳам.
3865 Тинглагай сўзларни андин ошкор,
Ҳам бўлур андин вужуди пойдор.
Андин ўзга зотни кўрмас бир замон,
Андин ўзга зотни билмайдир жаҳон.
Андадир бор нарса, бас, андин келур,
Бўйлаким поку муназзаҳ Ул эрур.
Ҳар киши ваҳдат сувида гум эмас,
Гарчи одамдир, вале мардум эмас.
Гар киши аҳли ҳунардир, аҳли айб,
Гар яширмиш эрса офтобини ғайб,
3870 Бир куни келгай-да, гизли офтоб
Шуъла сочгай ярқираб, очгай ниқоб.
Кимки етгай офтобга рўй-рост,
Бўлгай ул яхши, ёмонлардин халос.
Бор эсанг, яхши, ёмон пайдо эрур,
Йўқ эсанг, ул барча пуч савдо эрур.
Айласанг менликка меҳру иштиёқ,
Бўлгай ул яхши, ёмон-ла йўл йироқ.
Баски, йўқликдин келиб, борсен ўзинг,
Ўз вужудингга гирифторсен ўзинг.
3875 Кошки эрди бўлса аввал бўлганинг,
Барча борлиқдин муаттал бўлганинг150.
Паст сифатлардин тамоман пок бўл,
Сўнгра ол кафтингга елни, хок бўл
Сенда не қаҳру ҳасадлар бўлгуси,
Сен кўролмассен, эранлар кўргуси.
Сен биларсенму, яшар шу тан аро
Не қароликларки, чун гулхан аро.
Гулхан ичра аждаҳолар неча бор,
Ғафлат ичра сен берибсен ихтиёр.
3880 Ҳам илонлар, ҳам чаёнлар сенда жам,
Уйқу ичра барчаси ётгай бу дам.
Қилча жой берсанг вужудингдин агар,
Ҳар бири бир аждаҳо бўлгай улар.
Ҳар кишига бир жаҳаннам бор эмиш,
Сен жаҳаннам қурма, этгил бошқа иш.
Сен қутилсанг гар булардин пок бўлиб,
Роҳат ухларсен маконинг хок бўлиб.
Йўқса, хок ичра илон бирлан чаён
То қиёмат оғу солгай ҳар замон…
3885 Токай, эй Аттор, сенга ҳарфи мажоз,
Кел яна тавҳидга, андин сўйла боз.
Марди солик бу мақомга етгуси,
Ўртадин марди мақом ҳам кетгуси.
Кетгуси, зероки Ул пайдо бўлур,
Лол қолур, зероки Ул гўё бўлур.
Тўрт унсур ажралур тўртдин бу дам,
Неча юз мингдин яна юз мингта ҳам.
Бўйла мактабдирки бул сирри ажаб,
Олдида юз минг ақллар ташналаб.
3890 Ким эмиш бунда ақл? Бир бесамар,
Онадин туғма сўқир ул, туғма кар.
Ким бу гапдин заррача воқиф эрур,
Икки олам сиррининг султони ул.
Толмиш ул йўқликка, чун топмиш адам,
Қилча борлиқ кўрмагай оламда ҳам.
Гарчи йўқдир, лек ўзи борлиқ сифат,
Ул вужуди ичра йўқликдир фақат…
ҲИКОЯТ
Деди Луқмони Сарахсий: эй Илоҳ,
Кексайиб, саргаштадирмен, гумроҳ.
3895 Кулки кексайди, хўжа шод айлагай,
Рухсатин бергай-да, озод айлагай.
Бандалик айлаб сенга, эй подшо,
Қолмади бошимда бир сочим қаро.
Ғам-алам чекдим басе, шод айлагил,
Қартайиб қолдим-ку, озод айлагил.
Деди Ҳотиф: Эй ҳарамга хосу хос,
Бандаликдин кимки истайдир халос.
Ақлу ҳушни тарк этар, таклифни ҳам151,
Сен-да тарк этгил уларни, бос қадам.
3900 Деди: Раббим, мен сени дерман мудом,
Ақлу таклифдин кечармен, вассалом…
Баски таклифу ақлдин қолди ул,
Қарс уриб, девоналикка толди ул.
Деди: энди ким эрурмен, билмадим,
Банда эрмасмен, не энди, билмадим.
Бандалик-ла бўлди мавҳ озодлигим,
Қолмади бир зарра қайғу, шодлигим.
Бор сифотим кетди, қолдим бесифат,
Ориф эрдим, йўқ эди лек маърифат.
3905 Билмадим, мен сенму ё сен менмисен?
Сенда мавҳ ўлдим, йўқолди сену мен…
ҲИКОЯТ
Сувга тушди, бўлди маъшуқ ғарқи об,
Сувга отди ўзни ошиқ ҳам шу тоб.
Икки тан сувда топишди бир маҳал,
Сўрдин ёрдин маъшуқи: эй бехабар.
Ногаҳон тушдим, йиқилдим сувга мен,
Не сабабдин сувга отдинг ўзни сен?
Деди ошиқ: сувга отдим ўзни чун,
Айру эрмас, биттадирмиз, бир бутун.
3910 Сенда ғарқ бўлдим-да, топдим мен тамиз,
Не замондирким иковлон биттамиз.
Менмусан сен, сенмуман мен, не билай?
Ё ўзим сен, ё ўзинг мен, ўргилай.
Сен эсанг мен, мен эсам сен бардавом,
Иккимиз яктан эрурмиз, вассалом…
Иккилик бўлганда ул ширкат бўлур,
Иккилик йўқ бўлса, ваҳдат порлаюр.
Бўйла йўқ бўлсанг, у тавҳид бўлгуси,
Йўқ бўлиш йўқ бўлса, тафрид бўлгуси…
ҲИКОЯТ
3915 Кун фараҳли эрдию маъсуд эди,
Саф чекарда лашкари Маҳмуд эди.
Беадад фил эрди анда ҳам сипоҳ,
Бир баландлик узра ҳозир эрди шоҳ.
Ёнида эрди Аёз бирлан Ҳасан,
Кўз соларди ўрдуга диққат билан.
Чор тарафни қопламиш эрди сипоҳ,
Ёприлиб мўру малахдек беадо.
Бўйла лашкар кўрмамиш эрди жаҳон,
Кўрмамишди кимса аскар ончунон.
3920 Сўзга лаб очди баногоҳ Маҳмуд ул,
Юзланиб деди Аёзга: эй ўғил,
Бул ҳама кутгай чу фармоним маним.
Сен фақат, сен шоҳу султоним маним.
Бўйла бир сўз айтди шоҳи номдор,
Лек Аёз жим турди, этмай эътибор.
Шоҳга айру эҳтиром кўрсатмади,
Шоҳ сўзига бир жавоб ҳам этмади.
Жаҳл этиб деди Ҳасан ул: эй ғулом,
Шоҳ сенга айлар бу янглиғ эҳтиром.
3925 Сен турарсен зарра бузмай ҳолатинг,
Қайда қуллуқ, қайда қолди ҳурматинг?
Сен туриб жим лутфи дунё олдида,
Беадаблик айладинг шоҳ олдида.
Чун Аёзга етди бундоқ бир хитоб,
Деди: бордир менда бирмас, қўш жавоб.
Биттаси улдирки, қул чун айласа,
Шоҳга қуллуқ айламакни ўйласа.
Бош қўяр пойига ул хорлик била,
Раҳмат айтиб, ёлборур зорлик била.
3930 Ҳолбуки шоҳ олдида хордир ғулом,
Шоҳга муҳтождир мудом, зордир ғулом.
Ким эмишмен менки кўз-кўзлаб атай,
Олам аҳлига ўзимни кўрсатай.
Қул унингдир, баски эҳсон ҳам унинг,
Лутф унингдир, амру фармон ҳам унинг.
Бир кун эрмас ҳар куни етмиш менга,
Ул карамким шоҳ бугун этмиш менга.
Икки оламда ўқилса хутбаси,
Лутфига лойиқ бўлурму туҳфаси?
3935 Мен қаён, бул шевага юрмоқ қаён?
Мен қаён, бул ишга қўл урмоқ қаён?
Чун Ҳасанга айтди бул сўзни Аёз
Ул деди: аҳсант, Аёзи ҳақшунос.
Токи тургай даҳр аро айёми шоҳ,
Сенга бўлсин ҳар куни инъоми шоҳ.
Сўнг Ҳасан сўрди: недир ул бир жавоб?
Деди: сен борингда айтмоқ носавоб.
Шоҳ ила ёлғиз эсам айтгум уни,
Лек сенинг олдингда айтолмам буни.
3940 Шоҳ эмассен, бас. нечук айтгум сенга,
Айтмагум, чун шоҳ эмасдирсен менга…
Шоҳ буюрди, ташқари чиқди Ҳасан,
Ҳамнафас бўлди бориб ўрду билан.
Ўртадин биз кетдию мен қолмади,
Чун Ҳасан қил эрди, ул хам қолмади.
Шоҳ дедиким, бўлди хилват, сўйла роз,
Сўйлагил менга жавобинг рўй-рост.
Деди: ҳар гал кўрсатиб лутфини шоҳ,
Мен ғариб, мискин сари солса нигоҳ.
3945 Сочса менга нурини офтоб назар,
Борлиғим-ла маҳв ўлурмен ҳар сафар.
Бошим узра шоҳ қуёши келса, бас,
Йўқ бўлурмен, балки топгаймен абас.
Қолмагай мендин бирор ному вужуд,
Бас, нетиб пойингда этгаймен сужуд?
Кимсани қошингда кўрсанг ул замон,
Мен эмасмен, ул фақат шоҳи жаҳон.
Гарчи юздир, гарчи мингдир неъматинг,
Сен ўзингга айлагайсен ҳимматинг.
3950 Соя маҳв ўлгай чиқаркан офтоб,
Ул нетиб пойингга бош ургай шу тоб?
Бул Аёзингдир кўйингда соя чун,
Офтобингда йўқолмиш бус-бутун.
Кечди ўздин бир йўла, қул қолмади,
Не тиларсен, айлагил, ул қолмиади…
ОЛТИНЧИ ВОДИЙ – ҲАЙРАТ
Сўнгра ул водийи ҳайрат келгуси,
Неки ҳайрат, дарду ҳасрат келгуси.
Ҳар нафасда неча тиғ келгай сенга,
Ҳар замонда во дариғ келгай сенга.
3955 Оҳ бўлгай, дард бўлгай, сўз ҳам152,
Кеча бўлмайдир сенга, кундуз ҳам.
Ким кезиб ўтгай бу водий кўйидин,
Қатра-қатра қон оқур ҳар мўйидин.
Музлаган оташга ўхшар бўйла мард,
Чун таҳайюр ичра ўртар дилни дард.
Ҳайрат ичра кўзлабон манзилни ул,
Ҳайрат ичра сўнг йўқотгай йўлни ул.
Ул турар ҳайратлар ичра маҳву мот,
Билмагай, ким ул, не эрмиш коинот?
3960 Жонига тавҳид чекар эркан рақам,
Ул унутгай ўзни ҳам, дунёни ҳам.
Сўрсалар: ҳушёрмисен ё мастмисен?
Сарбаландирсенми ёки пастмисен?
Ўртада, ё ўртадин четда ҳамон?
Чеккада, ёки ниҳонсен, ё аён?
Фоний ё боқиймисен, ё иккиси?
Сенмисен, сенмасмисен, кимсан ўзи?
Дерки, билмасмен муайян нарсани,
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.