Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Унга устози ширин сўзлар эди.

Бор эди устоз уйида бир гўзал,

Бир канизак, ўйлаким шамсу қамар.

Кўзлари шаҳлову жонпарвар эди,

Ҳурлиқо эрди, кумуш пайкар эди.

Суврати бошдин-оёқ такмили руҳ,

Лутф эди лутф ичра, файз ичра футуҳ.

2305 Эрди ширинликда шаккардин лазиз,

Нозу истиғнода гулдин ҳам нафис.

Ерга тушмиш эрди сумбул сочлари,

Қўш камон эрди эгилган қошлари.

Лаълидин шаккар ёғарди ҳар нафас,

Тўтилар айларди орзую ҳавас.

Ўқ отарди киприги, ўқ ҳар маҳал,

Қонга ботгай эрди жонлар сарбасар.

Кўрди шогирд ногаҳон, берди кўнгил,

Деди: мен шогирдману устоз – ул.

2310 Этди зеболик йигитни беқарор,

Ҳусну раънолик йигитни беқарор.

Дедиким, жон бирла шогирдмен анга,

Ундан ортиқ бўлмагай устоз менга.

Кўнглим ичра ул санамнинг ёдидир,

Ишқ шогирддир, ҳусн устодидир…

Этди тарк устози дарсин, бормади,

Сабри кун-кундан камайди, қолмади.

Кеча-кундуз бўлди шайдо, жонҳалак,

Бир йўла устози дарсин этди тарк.

2315 Дарди ишқ бирлан қорайди кундузи,

Заъфарон ранг олди, сарғайди юзи.

Келди ишқ, этди ақлни сарнигун,

Жонидин тўйдирди ул ошиқни чун.

Панд-насиҳат этди унга нечаси,

Заррайи ишқ бирла битди барчаси.

Илми зоҳир кибру ғавғо келтирур,

Ишқи ботин сўзу савдо келтирур.

Кимки беишқ илму дониш истагай,

Илми бирлан молу давлат излагай.

2320 Хулласи, ишқ унга нелар қлмади,

Гул ва мул, кун бирла тунни билмади109.

Оқибат якбора бемор этди ишқ,

Хаставу дилхаста, абгор этди ишқ.

Бўлди ёр кўйида чун зору асир,

Етди бул устозга, маълум бўлди сир.

Ҳийлаву тадбирга тушди ул ҳамон,

Қизнинг икки қўлидин олдирди қон.

Сўнгра мусҳил берди қизга изма-из,

Ичди сурги доруни, ҳайз кўрди қиз.

2325 Сўлди, гулдек ранглари бўлди сомон,

Юзлари сарғайди, бўлди заъфарон.

На тароват қолди ул дийдорида,

На малоҳат қолди гул рухсорида.

Ҳуснидин бир зарра боқий қолмади,

Чун қадаҳ синди ва соқий қолмади.

Ҳар не ичмишди, лаганга қусди, бас,

Хуни ҳайз ҳам ул лаганга тушди, бас.

Шунда ул шогирдни хўжа чорлади,

Ул канизакни-да ҳозир айлади.

2330 Кўрдиким, жой олди шогирд курсида,

Қизни турғизди унинг ўтрусида.

Қизга боқди ошиқ ул, қиз ёқмади,

Ул тарафга бошқа бир бор боқмади.

Чун таажжуб ичра қолди, ул нигор,

Шунча ўзгармиш, хазон бўлмиш баҳор…

Ишқи сўнди, рағбати ёнди яна,

Меҳри таҳсилга оловланди яна.

Кўрди устоди чу озод эрди ул,

Ғамни мағлуб айлабон, шод эрди ул.

2335 Кўнгли ичра меҳри таҳсил жилвагар,

Йўқ эди ишқи канизакдин асар.

Амр этди, ул лаганни келтириб,

Қўйдилар олдига, қопқоғин суриб.

Деди устоз: ихтиёринг йўқ эди,

Беқарор эрдинг, қароринг йўқ эди.

Ул канизак эрди чун жонинг сенинг,

Боқ, мана, олдингда севгонинг сенинг…

Қайда қолди оташинг ул, шиддатинг?

Қайда ул безбетлигинг ҳам журъатинг?

2340 Сенга ҳар дам орзу эрди ул санам,

Ол, мана, қаршингда ҳозир бешу кам.

Ишқ аро жонингни ёндирган надир?

Сўнг ўшал оташин сўндирган надир?

Сен ҳамон сенсан, канизак ҳам ҳамон,

Лек анга андак етишмас бул замон.

Улки ёқмишди, юзингни сўлдириб,

Бул замон тургай лаганни тўлдириб.

Бул канизакдин жудо бўлди ҳама,

Баски ишқинг ҳам адо бўлди ҳама.

2345 Ўйладингким, қизга бўлдинг маҳлиё,

Аслида сен хунга эрдинг мубтало.

Йўлда бундоқ бефаросат сен эдинг,

Ошиқи хуну нажосат сен эдинг…

Ўртади шогирдни бу кору бу сўз,

Тавба қилди, бурди боз таълимга юз.

Ким этар сувратпарастлик пеша ул,

Бул сифатни айламас андиша ул.

Аҳли суврат нафси шайтонинг сенинг,

Аҳли маъни жони раҳмонинг сенинг.

2350 Тарки суврат қил десанг ишқи сифат,

Порласин то офтоби маърифат.

Сувратинг ул хуну хилтдир, ўзгамас,

Улки суврат дер, узоқни кўзламас.

Ҳар не хуну хилт ила зебо бўлур,

Ким анга ошиқ эса, расво бўлур.

Учма сен сувратга, маъни кўзлагил,

Ҳусн эрур ғайб ичра, ғайбдин излагил…

            ҲИКОЯТ

ШИБЛИЙНИНГ ЧИН ДЎСТ ҲАҚИДА

            АЙТГАНЛАРИ

Бир киши йиғларди ёши тирқираб,

Сўрди Шиблий: йиғларингга не сабаб?

2355 Деди: шайхо, дўсти жоним бор эди,

Дўст эмас, руҳи равоним бор эди.

Ўлди ул, мен ҳам ўлармен ғам ила,

Сим-сиёҳдир шу жаҳон мотам ила.

Шайх дедиким, баски қайғу, зор сенга,

Не керак андин алам, озор сенга?

Бошқа бир дўст топки, асло ўлмасин,

Мотаму зорингга боис бўлмасин.

Дўстки ўлгай, нега дўст дерсан ани?

Бас, ўлиб, ғамларга қўйгайдир сени.

2360 Кимки ул сувратга бўлгай мубтало,

Тонг эмас, бошига келгай юз бало.

Илкидин кетгай у суврат бегумон,

Ул эса ғамларга қолгайдир ҳамон.

            ҲИКОЯТ

БИР ТОЖИРНИНГ ПУШАЙМОНЛИК ЧЕККАНИ

Бор эди тожир, бадавлат эрди у,

Бир канизи бор эди ойдек сулув.

Сотди қизни, бўлди сўнг овора ул,

Бас, пушаймон бўлдию бечора ул.

Борди хўжа олдига ул беқарор,

Бер канизакни, деди, олгил ҳазор.

2365 Ишқида сабру қарорим қолмади,

Сот, деди ул, хўжа бунга кўнмади…

Қайтди тожир ноумиду талхкам,

Бошига тупроқ сочар эрди мудом.

Йиғлар эрди, дерди: бу доғи алам,

Бу алам, доғи ситамлар менга кам.

Чун ҳамоқатлик била юмдим кўзим,

Дилбаримни ақчага сотдим ўзим…

Кун келур, сен унда англарсен аён,

Не зарар кўрдинг жаҳонда, не зиён.

2370 Ҳар нафас умринг асл гавҳар эрур,

Ҳақ сари бошловчи бир раҳбар эрур.

Бошдин охир неъмати Ҳақ ичрасен,

Боқ ўзинг, не раҳмати Ҳақ ичрасен.

Ўйла, кимдин шунчалар тушдинг йироқ,

Сабр этарсен бўлса ҳам ҳажру фироқ.

Ҳақ сени ўстирди айлаб иззу ноз,

Сен эсанг бегоналарга ишқибоз…

ПОДШО ВА СУЯККА ИНТИЛГАН ИТ

            ҲИКОЯТИ

Подшо чиқди шикорга бир куни,

Деди сакбонга: кетургил тозини.

2375 Тозиси бор эрди подшонинг нажиб,

Устида атлас ёпинчиқлар ажиб.

Тасма эрди бўйнида заррин нуқул,

Дуру гавҳардин мурассаъ эрди ул.

Тўрт оёғида узуклар инжудак,

Тасмага боғлиқ ипи эрди ипак.

Тозини зийрак деб ўйлар эрди шоҳ,

Гоҳ етаклаб, сайр айлар эрди шоҳ.

Бу сафар ҳам бўлдилар йўлга равон,

Йўлда ногоҳ учради бир устухон.

2380 Кўрди този устухонни, тўхтади,

Шоҳ боқиб ит ҳолига, ҳайрон эди.

Жаҳли чиқди, чун ғазабдин тошди шоҳ,

Тозига қаҳру ғазабни сочди шоҳ.

Деди: мендек бир шаҳаншоҳ олдида

Бошқаларга кўзни солгайсен нега?

Ипни қўйди, аҳли аъёнга қараб,

Йўл беринг, кетсин, деди, ул беадаб…

Итга қиммат тушди бўйла кирдикор,

Яхши эрди игна ютса юз ҳазор.

2385 Деди сакбон: ит басе орастадир,

Зебу зийнатлар аро, атласдадир.

Майли, итга дашту саҳро, туз сазо,

Зебу зийнатларга лекин биз сазо.

Шоҳ деди: қўйгил, шу ҳолда кетсин ул,

Ундаги олтин, кумушдин уз кўнгил.

Бир куни келгай ҳушига бегумон,

Ўзни чун ораста кўргай ул замон.

Илгари тутган маконин эслагай,

Мен каби шоҳи жаҳонин эслагай…

2390 Эйки, аввал топган эрдинг жойгоҳ

Сўнгра ғафлат босдию бўлдинг жудо.

Ишқ йўлига бос қадамни бардавом,

Аждаҳо бирлан адо эт нўши жом.

Бўлма ғофил, бунда бордир аждаҳо,

Бунда ошиқлар этурлар жон фидо.

Улки, жонни марди олий айлагай,

Аждаҳони бир чумоли айлагай.

Бирмидир, юз, боқма ошиқ сонига,

Ташнадирлар ул бари ўз қонига…

            ҲИКОЯТ

ХАЛЛОЖ ЮЗИГА ЎЗ ҚОНИНИ СУРГАНИ

2395 Баски Халлож дорга тортилган замон

Ул Аналҳақ дерди такрор айлабон.

Лек бу гапнинг зимнига етмасдилар,

Шул сабаб қўлу оёғин кесдилар.

Қони оқди, сарғайиб қолди юзи,

Кетса қон, қайда қизиллик қолгуси?

Сурди кесик қўлларини юзга ул,

Қон сураркан юзга, дерди ўзга ул:

Эр киши гулгунаси шу тоза хун,

Гулгун этгумдир юзимни мен бугун.

2400 Кўрмасин сарғайганимни бир касе,

То қизил юз бирла тургаймен басе.

То биров сарғайганимни кўрмагай,

Қўрқди Халлож деб хаёлга бормагай.

Йўқ менинг жонимда қўрқувдин асар,

Юзларимга гулгуна сурсам, етар.

Эр киши гар дорга тикса бошини,

Шер бўлиб этгай аён бардошини.

Шул жаҳон наздимда мимдан ҳалқадир110,

Бас, менинг жонимга қўрқув қайдадир?

2405 Бир киши то қаъри таммузга тушар,

Етти бошли аждаҳо бирлан яшар.

Ким ўйинни бўйла бисёр айлагай,

Ўзни андоқ маҳкуми дор айлагай…

            ҲИКОЯТ

ЖУНАЙДНИНГ ЎҒЛИНИ ЎЛДИРИШГАНИ


Муқтадойи дин Жунайд, пири азиз

Бир кеча Бағдодда айтар эрди сўз.

Баски юксак эрди ул сўзлар чунон,

Бош эгарди эшигига осмон…

Чун Жунайд асрори ғайбга ёр эди,

Бир гўзал, навраста ўғли бор эди.

2410 Кесдилар бошин, басе йиғлатдилар,

Сўнг жамоат ўртасига отдилар.

Кўрди ул бошни Жунайд, дам урмади,

Юзланиб элга, насиҳат айлади.

Дедиким, қурдик бу оқшом дош қозон,

Неча асрор унда бўлгайдир аён.

Чун қозон остига ёқдик ўтни ҳам,

Шунча бўлгай бўлса, бўлмас бешу кам…

      ЎН ЕТТИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси деди: ўлимдин қурқаман,

Йўл йироқ водийда, етмас озуқам.

2415 Чун ажални эсласам, титрар дилим,

Аввалин манзилда топгаймен ўлим.

Гар эсам мири ажал, чобуксувор,

Чун ажал етса, ўлармен зор-зор.

Ким ажалнинг тиғига дуч келса, бас,

Қўли сингайдир, тиғи топгай шикаст.

Эй дариғо, гар ажалдин етса тиғ,

Во дариғдин ўзга сўз йўқ, во дариғ.

Қанча жон ер остида ухлоқ ҳама,

Балки ухлоқ эрмас ул, уйғоқ ҳама.

2420 Йўлни кўргил, қанчалар мушкул эрур,

Унда қабрим аввалин манзил эрур.

Гар ўлимнинг заҳмидин етса хабар,

Шу ширин жонинг бўлур зеру забар.

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эй заифу нотавон,

Бир ҳовуч патсен, суяксен, устухон.

Устухонлар ул бирикмишлар тузук,

Ул суяклар ичра сўнг иссиқ илик..

Маълум эрмасму, шу умринг бешу кам

Бору йўғи қўш нафасдир, икки дам.

2425 Маълум эрмасму, туғилган ҳар тирик

Бир куни бежон бўлур, бўлгай ўлик.

Баски келдингму, кетарсен оқибат,

Бас, туғилдингму, ўларсен оқибат.

Бошинг узра кўк лагандир, сарнигун,

Ҳар кеча бўлгай шафақдин ғарқи хун.

Офтоб шамширин ургайдир фақат,

Ул лаган қонларга тўлгайдир фақат.

Бу жаҳонга тийраму келдингму, пок,

Қатра сувдирсен, бўлурсен зери хок.

2430 Бошдин охир қатра сувдирсен туташ,

Бас, нетиб дарё билан этгунг саваш?

Гар яшарсен даҳо аро султон бўлиб,

Жон берурсен бир куни гирён бўлиб…

      ҚАҚНУС ҚИССАСИ

Тингла, Қақнусдин келур бул достон,

Мулки Ҳиндистонда тутмиш ул макон.

Бир гўзал қушким, узун минқори бор111,

Най каби унда тешиклар саф-қатор.

Ҳар тешикдин бир садо янгроқ эди,

Ҳар садо бир айру эрди, тоқ эди.

2435 Ҳар тешикнинг савти, сози ўзгача,

Ҳар овоз остида рози ўзгача.

Янграса савту садолар зор-зор,

Жону жонзотлар бўлурди беқарор.

Жумла қушлар тинлабон, хомуш эди,

Жумла ҳайвонлар дағи беҳуш эди.

Файласуф бор эрди, дамсоз бўлди ул,

Мусиқий илмида устоз бўлди ул…

Қуш яшаб, минг йилча умри бор эди,

Ҳам қачон ўлгай, анга ошкор эди.

2440 Бас, умр паймонаси тўлган замон,

Хас-хашак, ўтин йиғар эрди ҳамон.

Сўнг чиқар эрди у хирмон устига,

Нола айлар эрди чун жон қасдига.

Ҳар тешик минқоридин ул жони пок

Ун чекарди айру-айру, дарднок.

Навҳагардек навҳалар қилгай эди,

Навҳа узра навҳалар келгай эди.

Навҳаси эрди ўлимнинг доғидек,

Титрар эрди жон хазон япроғидек.

2445 Нолишин тинглаб ҳама паррандалар,

Жумла ҳайвонлар, неча даррандалар.

Теграсин қуршаб басе ҳайрат ила,

Дилни дунёдин узарди бир йўла.

Неча диллар қонга тўлгай эрдилар,

Неча бирлар шунда ўлгай эрдилар.

Эрди Қақнус ҳолига ҳайрон ҳама,

Ун чекиб, ҳамдард бўлиб, гирён ҳама.

Хулласи, ул кун ажиб кун бўлур,

Ноласи бирлан юраклар хун бўлур.

2450 Умрига етганда охир, сўнг нафас

Силкитур Қақнус қанотин басма-бас.

Шунда бир учқун чиқар-да ногаҳон,

Хору хасларга туташгай ул ҳамон.

Ўт туташгайдир кейин, ҳар ёнга ўт,

Сўнгра чирмашгай ўшал хирмонга ўт.

Чўғ бўлур хирмон ёниб, Қақнус-да ул,

Сўнг қолур чўғ ўрнида бир тўда кул.

Кул совиб, ўтгач яна фурсат пича,

Кул аро пайдо бўлур қақнус бача.

2455 Барча кул бўлганда оташ дастидин,

Бош кўтаргай жўжа кулнинг остидин…

Кимсага дунёда борму бул сана,

Ки ўлиб, туғмиш, туғилмишдир яна?

Берсалар гар сенга Қақнус умрини,

Шум ажал келгай, совургайдир уни.

Қақнуси саргашта умри минг, ҳазор,

Бир умр йиғлаб, чекар фарёду зор.

Бир умр йиғлар, насиби қайғу, дард,

Жуфти йўқдир, насли йўқ, танҳову фард.

2460 На ёруғ дунёда бир пайванд анга,

На аниси ёру на фарзанд анга.

Умри сўнггида ажал келгай ҳамон,

Кулларни сочгай, совургай ҳар томон.

Бўйлаким сен ҳам қутулмассен сира

Шум ажалдин ҳийлаву тадбир ила.

Қолмагай, ўлгай жаҳонда барча, бас,

Бул ажабки кимса парво айламас.

Гар ўлим чун беомон, золим эрур,

Даҳр аро нон изламак лозим эрур.

2465 Бошимизда гарчи дунё офати,

Ҳаммадин оғир вале нон заҳмати.

БИР БОЛАНИНГ ОТАСИ ТОБУТИ ОЛДИГА

      ТУШИБ, ЙИҒЛАГАНИ

Тобут олдига тушиб, тортиб алам,

Бир ўғил фарёд чекарди: вой, отам!..

Не қаро кун, қорди кўз ёшимга ул,

Тушмаганди илгари бошимга ул.

Деди сўфий унга: бундоқ кун, болам,

Тушмагай энди отанг бошига ҳам.

Баски боис бўлди бул кўз ёшига,

Тушди мушкил иш атонинг бошига…

2470 Эйки сен, дунёга келган бесамар,

Соч ўзинг бошингга тупроқ ҳар маҳал.

Тожу тахтга гар туташгайдир йўлинг,

Лек кетар чоғингда бўм-бўшдир қўлинг…

            ҲИКОЯТ

НАЙЧИДАН АҲВОЛ СЎРАШГАНИ

Найчига етгач ажал ул чорасоз,

Биттаси сўрди, дедиким, сўйла роз.

Хўш, нечуксен, бул замон ҳолинг қалай?

Деди найчи: сўрма, айтиб бўлмагай.

Ўтди умрим найга ел пуфлаб тамом,

Оқибат тупроққа киргум, вассалом.

2475 Чун ўлим ўтрусида дармондамен,

Зор йиғлармен, басе шармандамен…

Баски ўлмоқ-чун туғилгаймиз ҳама,

Қолмагай бир кимса, ўлгаймиз ҳама.

Улки тутмишди жаҳонни дастида,

Энди ётгайдир қаро ер остида.

Улки ўқ отмишди кўкка ҳар замон,

Энди бир қабр ичра сокин, бенишон.

Боқки, ер остида ухлоқ барчаси,

Дема ухлоқ, балки тупроқ барчаси.

2480 Ҳа, ўлим бул чун машаққат йўл турур,

Гўр бу йўлда аввалин манзил эрур.

Гар ажалнинг талхидин етса хабар,

Шу ширин жонинг бўлур зеру забар…

            ҲИКОЯТ

ИСОНИНГ АРИҚДАН СУВ ИЧГАНИ

Бир ариқдин ичди сув Исо Расул,

Ичгани эрди гулобдин тотли ул.

Бир киши тўлдирди сувга кўзасин,

Ичди бир қултим Исо ул кўзадин.

Оғзи ул сувдин тахир тортди шу он,

Қолди ҳайрон сирри не эрмиш, дебон.

2485 Деди: ё Раб, бир ариқда икки сув,

Ширину аччиқ, нечук асрор бу?

Кўзадин ичса, тахирдир ушбу дам,

Лек ариқдин ичса, ширин, тотли таъм…

Тилга кирди кўза, деди: эй Исо,

Мен дағи инсон эдим олам аро.

Шум фалак остида йилларким ҳазор

Кўза, хум бўлдим гаҳи, бўлдим тағор112.

Этсалар кўза яна минг йил дағи,

Кетмагай тандин ўлимнинг аччиғи.

2490 Бас, ўлимнинг аччиғи жисмимда ул,

Ул сабабдин қуйса сув, аччиқ бўлур…

Ғофило, хумдин симиргил дилга роз,

Қолма ғафлат ичра, андин бўл халос.

Сен йўқотмишсен ўзингни, кўзлагил,

Чиқмайин жонинг ўзингни излагил.

Гар тирик эрканда ўзни топмасанг,

Ўлганингда сен уни топгаймисен?

На тирик эрканда ўздин бир хабар,

На ўлар бўлсанг, вужудингдин асар.

2495 Гар тириксен, аслида жонсиз, ўлик,

Гарчи одам, одам эрмассен валек…

Олдида чун неча юз минг парда бор,

Ўзни топгайдир нечук дарвеши зор?


            ҲИКОЯТ

БУҚРОТ ҲАКИМНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Улки Буқрот баски назъи жон эди,

Келди бир шогирди, эй устод, деди.

Чун танинг поклаб, кафанлаб сўнг ани,

Қайси жойга дафн этайлик биз сени?

Деди Буқрот: гар тополсанг, эй ғулом,

Истаган жойингда дафн эт, вассалом.

2500 Мен узун умримда ўзни топмадим,

Ўлганимда сен уни топгаймидинг?

Мен кетармен, келди чун кетмоққа гал,

Бир туким ҳам топмамиш ўздин хабар…

Гар шаҳаншоҳдир ва ё Парвиз эрур,

Қабр аро тупроқ бўлиб, ожиздир ул.

Бўйлаким шоҳу гадо кетгай бари,

Ўзга бир остонага етгай барии.

Бу ҳаёт – ранждир, ўлим – озору ранж,

Икки ранждин сен ўзингга изла ганж.

2505 Ганж – Симурғ, бошқаси ранждир ҳама,

Даҳр аро умрингни зое айлама…

      ЎН САККИЗИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси деди: аё пок эътиқод,

Бўлмади менга муяссар бир мурод.

Бу жаҳонда бир нафас шод бўлмадим,

Бир даме қайғудин озод бўлмадим.

Бу кўнгил қайғудадир, ғам ичрадир,

Ғам чекиб, ҳар лаҳза мотам ичрадир.

Мен мудом ҳайрону ожиз даҳр аро,

Кўрмадим шодликни ҳаргиз даҳр аро

2510 Қайғу, ғамлардин басе бошимда юк,

Сарсаримен, йўлга тушгаймен нечук?

Бўлмасайди бўйла ғамдин ҳосилим,

Бу сафардин шод бўлур эрди дилим.

Дилхуну дилпора бўлсам, мен нетай?

Мискину бечора бўлсам, мен нетай?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Ҳудҳуди хушлаҳжа, зийрак, нуктадон,

Англагувчи ҳар неким суду зиён.

Деди: эй мағруру шайдосен, ажаб,

Бошдин охир ғарқи савдосен, ажаб.

2515 Ул муроду бемуродлик бегумон

Даҳр аро бир лаҳзада кечгай ҳамон.

Неки бор, ул бир нафасда ўтгуси,

Умр оний бир ҳавасда ўтгуси.

Бу жаҳон ўтгай-ку, сен ўтгувчи бўл,

Боқмагил, тарк эт уни, кетгувчи бўл.

Кимки фоний нарсага бергай кўнгил,

Зинда эрмас, бу жаҳонда мурда ул.

Гар муродга етмасанг, сен унда, бас,

Дардида оҳлар чекардинг ҳар нафас.

2520 Гар муродинг етса, бўлсанг сарфароз,

Бир дам андин айру тушма, этма ноз.

            ҲИКОЯТ

БИРОВНИНГ ҚЎЛИДАН ШАРБАТ

      ИЧМАЙДИГАН КИМСА

Бор эди исонафас бир шайхи дин,

Шарбат ичмасди бировнинг илкидин.

Биттаси сўрдики, бўйла нисбатинг,

Не учун шарбатга йўқдир рағбатинг?

Деди шайх: бошимда пайдодир ўлим,

Шарбат ичмак истасам, тўсгай қўлим.

Баски бошимда муваккил бор чунон,

Шарбат ичсам, оғу бўлгай ул ҳамон.

2525 Турса бошимда муваккил, хушми ул?

Шарбатим шарбат эмас, оташ эрур.

Ҳар неким ул пойдордир бир нафас,

Гарчи юз олам, кепакка арзимас.

Бир нафас эрса висол ул, васли йўқ,

Мен нечук қургим иморат, асли йўқ.

Номуродлик бирла бўлсанг тийра ҳол,

Нолима, бир зумда кечгай бул малол.

Етса гар бир ранжу озорлик сенга,

Иззатингдир бул, эмас хорлик сенга.

2530 Анбиёга ёғди чун ранжу бало,

Кўрмамиш бундоқ балони Карбало.

Кимки сувратда сенга ранж айлагай,

Ранж эмас ул, аслида ганж айлагай.

Юз иноят бирла тўлгай ҳар даминг,

Лутфидин эҳсон эрур юз оламинг.

Ёдга олмассен вале эҳсонини,

Ранжина чекмоққа бардошинг қани?

Бўйла ҳолинг бирла Ҳаққа дўстмисен?

Дўст эмассен, мағзи йўқ бир пўстмисен?

2535 Ишқ йўлида бўлса дўстлик, эй киши,

Жўш урар жонингда шавқи, шўриши.

            ҲИКОЯТ

БИР ПОДШО ҚУЛИГА МЕВА БЕРГАНИ

Подшоҳким, эл севар эрди уни

Чокарига мева берди бир куни113.

Хуш кўриб ул мевани, деди ғулом:

Тотмадим бундоқ ширинни ҳеч қачон…

Чокари еркан, назар ташлаб анга,

Подшонинг кўнгли кетди мевага.

Деди: андин менга ҳам бер бир тилик,

Баски меванг тотли эрса шунчалик…

2540 Берди чокар, мевани подшо татиб,

Боқди қулга қаҳр ила қошин чатиб.

Дедиким, бу шум мунофиқнинг иши,

Бўйла аччиқни ширин дерму киши?

Деди подшога қули: эй шаҳриёр,

Совғалар олдим қўлингдин юз ҳазор.

Шунчалар етди қўлингдин ганж менга,

Бита аччиқдин келурму ранж менга?

Неъматинг ҳар дафъа ширин эрди ул,

Энди илкингдин нечук аччиқ келур?

2545 Гар қўлингдин олсам аччиқ мевани,

Мен ҳамон аччиқ этайму шевани?..

Ҳақ йўлида эйки ранж етгай сенга,

Сен аниқ билгилки, ганж етгай сенга.

Бир-бирига тескари эрмиш иши,

Не қилурсен, бўйла эрса хоҳиши.

Шодлик истарсен чекиб ранжу алам,

Бу жаҳоннинг шодлиги шу, дарду ғам.

Хуни дил бирлан есанг ҳар луқмани,

Юз очур сенга ҳақиқат гулшани.

2550 Боқ, эранлар бўлдилар йўлга равон,

Хуни дил бирлан қоришди ошу нон.

Чун емакка ҳар сафар ўлтирсалар,

Ўртада эрди таом хуни жигар.

            ҲИКОЯТ

БИР СЎФИЙНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Сўрди сўфийдин кишиким номдор:

Айт, нечукдирсен, нечукдир рўзгор?

Дедиким, гулханда кечгай ҳар дамим,

Лабларим чанқоғу ҳўлдир доманим.

Битта нон деб ўт ёқармен ҳар нафас,

Бермагайлар токи бўйнимга шикаст.

2555 Излама дунёда сен кўнгил хушинг,

Туш кўрарсен ёки сўйларсен тушинг.

Истасанг кўнгил, хуши бўл эҳтиёт,

То етишгил эр бўлиб сўйи Сирот.

Кўнглихушлик бу жаҳонда урф эмас,

Қилча хушнудлик тополсанг бунда, бас.

Нафски бундоқ беомон оташ эрур,

Қайси кўнгил бу замонда хуш эрур?

Чарх уриб, жумла жаҳонни излабон,

Топмагайсен бунда шодликдин нишон…


ҲИКОЯТ

БИР КАМПИРНИНГ ШАЙХ МИҲНАИЙДАН

       ДУО СЎРАГАНИ

2560 Миҳнаийдин сўрди бир кампир: аё,

Хушкўнгилсен, менга ҳам ўргат дуо.

Бемуродлик бўлди баски одатим,

Йўқ уни чекмоққа ортиқ тоқатим.

Ўрганиб олсам дуойинг, мени уни

Бетиним такрор этардим ҳар куни…

Шайх дедиким, саждага бошим букиб,

Неча муддат ўлтирибмен тиз чўкиб.

Қанчалар жонлар чекиб мен чопмадим,

Истагим бир зарра бўлсин, топмадим.

2565 Топмадим излаб давое мен давом,

Бу жаҳон ичра севинч йўқ, вассалом…

            ҲИКОЯТ

БИР ТИЛАНЧИНИНГ ЖУНАЙДДАН САВОЛ

            СЎРГАНИ

Бир куни келди Жунайдга бир гадо,

Ўлтириб, дедики, эй сайди Худо,

Кўнглихушлик ул қачон ҳосил бўлур?

Деди: ул соатки дил бедил бўлур.

Бўлмагунча то висоли подшо,

Қўйганинг ҳар бир қадамдир музди роҳ.

Зарранинг саркашлиги эрмиш савоб,

Унда йўқдир чунки тоби офтоб.

2570 Зарра гар юз бора ғарқи хун бўлур,

Демаким, саркашлик андин айрилур.


Зарра токи зарра бўлгай, заррадир,

Ким деса бу зарра эрмас, ғаррадир114.

Зарраликдин этсалар хориж-да, бас,

Заррадир ул, чашмайи рахшон эмас.

Бош кўтармиш эрди аввал заррадин,

Чунки асли зарра эрмишдир тайин.

Гарчи жо бўлгай қуёшга оқибат,

Заррадир ул, заррадек қолгай абад.

2575 Яхшидир ёки ёмондир, кўпми, оз,

Зарраликдин ул сира бўлмас халос.

Бўйлаким, эй зарра, сен масту хароб,

Бир куни бўлмоқчидирсен офтоб.

Сабр этармен зарра янглиғ беқарор,

Бир куни кўргайсен айбинг ошкор…

            ҲИКОЯТ

ШАБПАРАКНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Шабпарак бир кеча бошлаб ҳасратин,

Йўқ, деди, ҳаргиз қуёшга тоқатим.

Бир умр юргум машаққатлар ила,

То қутилсам деб қуёшдин бир йўла.

2580 Ойу йииллар кўз юмиб юргум чунон,

Оқибат манзилга етгаймен дебон…

Биттаси дедики, эй мағруру маст,

Ўртада – минг йил масофа, кам эмас.

Сен нечук боргунг бу йўллардин ошиб,

Ойга етгайму чумоли тирмашиб?

Дедиким, майли, учармен тинмайин,

Неки ҳосил бўлса, кўргаймен кейин…

Неча йиллар учди масту бехабар,

Шабпаракда қолмади куч, болу пар.

2585 Ўртаниб жисми, йиқилди, толди ул,

Оқибат парсиз, қанотсиз қолди ул.

Йўқ эди лекин қуёшдин бир хабар,

Дедиким, ўтдим қуёшдин мен магар…

Деди бир оқил: кўзинг оч уйқудан,

Босганинг йўл бу арода бир қадам.

Болу парсиз қолганинг улким, гумон –

Айладинг ўтдим қуёшдин деб ҳамон…

Чун эшитди шабпарак бу сўзни то,

Бас, адо эрди, тамом бўлди адо.

2590 Боқди ожизлик-ла сўйи офтоб,

Жону дил бирлан анга этди хитоб:

Кўзлари кўргувчи қуш бўлдим, бироқ,

Сен яқин келма, йироқ тургил, йироқ…

Дарду ҳасрат бирла бундоқ сўйлади,

Офтоб унга саховат айлади.

Кўзларига тўлди офтоб равшани,

Келди давлат, камбағал бўлди ғаний…

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ ДЕГАНИ

Бошқаси деди анга: эй раҳнамо,

Ҳақ буюрса, нега этмасмен адо?

2595 Ўзгаларга айламасмен эътибор,

Амри Ҳаққа лек турармен интизор.

Ҳар не фармон айласа, этгум қабул,

Этмасам амрин, жазойим берсин ул.

ҲУДҲУДНИНГ УНГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди: сендин яхши келди бу савол,

Эр кишига бундан ортиқ не камол?

Жон топарсен жон фидо этсанг агар,

Жон била фармон адо этсанг агар.

Айласанг амрин адо, имкон бўлур,

Барча мушкуллар сенга осон бўлур.

2600 Амрида тоатда кечсин соатинг

Не эмиш улсиз умрлик тоатинг?

Кимки саркашдир, чекар заҳмат басе,

Ит эрур Ҳақ кўйида ул нокасе.

Не келур гар чекса заҳмат ит ҳамон?

Айлагай саркашлик ул, кўргай зиён.

Чекса заҳмат амри Ҳақ бирлан даме,

Чун савоби бирла тўлгай оламе.

Шул замину осмону хосу ом

Бўйсуниб Ҳақ амрига, топгай мақом.

2605 Ишни айла амри Ҳақ бирлан адо,

Бандадирсен, бандалик этгил бажо.

            ҲИКОЯТ

МАҲБУСЛАР ЗИНДОННИ БЕЗАТИШГАНИ

Подшо қайтар сафардин шаҳрига,

Халқ берарди зебу оройиш анга.

Ҳар неким очгай чирой, келтирдилар,

Кўча-кўйга ҳусну аро бердилар.

Аҳли зиндонда йўқ эрди зийнат ул,

Бор бисот занжир, кишанлар эрди, ғул.

Бор эди неча кесилган бош яна,

Неча хунолуд жигар ёндош яна.

2610 Ҳам кесик қўллар, оёқлар, илдилар,

Барчасин зиндонга зийнат қилдилар.

Бўйлаким шаҳрига қайтди шаҳриёр,

Шаҳрини кўрди ясанмиш, зарнигор.

Келди зиндонга яқинлаб, турди шоҳ,

Отидин тушди, пиёда юрди шоҳ.

Этди маҳбусларга ул лутфу карам,

Симу зардин ақча берди, ваъда ҳам.

Маҳрами бор эрди шоҳнинг ҳамнишин,

Сўрди бул лутфу карамнинг боисин.

2615 Деди: кўрдинг зебу зийнат юз ҳазор,

Зебу зийнатдин шаҳарни зарнигор.

Гавҳару тилло сочилмишди расо,

Мушку анбарларга тўлмишди ҳаво.

Сен уларга зарра парво этмадинг,

Қайрилиб ё бир қиёлаб ўтмадинг.

Лек етиб зиндонга, турдинг бир маҳал,

Ул кесик бошлар сари солдинг назар.

Не эди тортган нигоҳинг ул нафас?

Неча бош, қўллар, оёқлар эрди, бас.

2620 Барчаси эрди кесик ҳам ғарқи хун,

Сен уларнинг олдида турдинг нечун?

Шоҳ дедиким, ўзгаларнинг зийнати

Неча айёр луттибозлар санъати.

Ҳар бири айлар аён ўз ҳолини,

Ҳар бири кўз-кўз қилур ўз молини.

Барчаси ботмиш гуноҳга, айнамиш,

Аҳли зиндон ишни ўбдон айламиш.

Йўқса, амрим чун бажо бўлгаймиди?

Каллалар тандин жудо бўлгаймиди?

2625 Бунда кўрдимки, юрар ҳукмим равон,

Шул сабаб тизгинни тортдим мен ҳамон.

Бу шаҳар аҳли ғурурга ғарқ ҳама,

Ўзни ўйлар, ўзгага бефарқ ҳама.

Аҳли зиндон эрса саргардону хор,

Ҳукми қаҳрим остида ҳайрону зор.

Гоҳи бошдин, гоҳи қўлдин айрилиб,

Гоҳ қуруқдин, гоҳи ҳўлдин айрилиб,

Мунтазирлар боргали жон қасдига,

Чоҳи зиндондин баланд дор остига.

2630 Бўйла зиндон менга гулшандир ажаб,

Мен уларданмен, улар ҳам мен тараф…

Йўлчилар фармонга юрмоғи дуруст,

Шоҳлар зиндонга бормоғи дуруст.

            ҲИКОЯТ

БИРОВ ТУШИДА БОЯЗИД ВА ТЕРМИЗИЙНИ

            КЎРГАНИ

Бор эди бир хўжа, чин арбоб эди,

Қутби олам эрди, дурри соф эди.

Деди: тушда бўлди чун огоҳ менга,

Боязиду Термизий ҳамроҳ менга.

Тушдим олдинга магар сарвар бўлиб,

Иккисин ҳам бошладим раҳбар бўлиб…

2635 Ўйладим туш таъбирин сўнгра давом,

Не сабабдан менга бундоқ эҳтиром?

Эсладим сўнг, беҳуд эрдим бир саҳар,

Чекдим оҳи ногаҳон, оҳи жигар.

Учди оҳим, бошлади роҳимга ул,

Бошлабон, етказди даргоҳимга ул.

Очдилар дарвозани менга шу тоб,

Янгради тилсиз, дудоқсиз бир хитоб:

Боязиддин ўзга асҳоблар ҳама

Сўрдилар биздан, беринг, деб бир нима.

2640 Боязид мардлар ичинда мард эди,

Бизни сўрди, бошқа нарса сўрмади…

Чун етишди менга андоқ бир хитоб,

Англадим, ул ҳам эмас, бул ҳам савоб.

Билмайин дардинг, сени ким излагай?

Бўлмайин мардинг, сени ким истагай?

Амру фармонинг ҳамиша хоҳишим,

Ҳар замон фармонпазирликдир ишим.

Ҳеч вақо йўқ ҳеч вақойимдин бўлак,

Ким бўлибмен менда то бўлсин тилак.

2645 Банда Ҳақ амрига юрса, шул етар,

Менга Оллоҳим буюрса, шул етар…

Бул сўзим тинглаб ул икки муҳтарам

Этдилар андоқ тавозе, ложарам.

Банда юрсин Ҳақ деган фармон ила,

Ҳаққа юзлансин ҳамиша жон ила.

Банда эрмас улки, этмай бир савоб,

Бандаликдин баски ургай лофу қоф.

Бандага то имтиҳони юзланур,

Имтиҳон қил, бир нишони юзланур…

            ҲИКОЯТ

ШАЙХ ҲАРАҚОНИЙНИНГ СЎНГ НАФАСДА

            АЙТГАНЛАРИ

2650 Сўнг нафас етганда сўзга очди лаб,

Шайх Харақоний дедиким, эй ажаб!..

Кошки шу бечора кўксим ёрсалар,

Ҳам куйик қалбимни андин олсалар.

Ошкоро этсалар элга дилим,

Айтсалар халққа не эрмиш мушкулим.

Сўйласа дарди дилим донойи роз,

Бутпарастлик куфр эрур, эй кажмажоз115.

Бандаликни билма сен ҳою ҳавас,

Бандалик – афгандалик, эй булҳаввас116.

2655 Сен худолик этма, этгил бандалик,

Йўқса, келгайму сенга афгандалик?

Ўзни ҳар дам хоксор тут, банда бўл,

Бандайи афганда бўлгил, зинда бўл.

Банда бўлсанг, бўл яна ҳурматда ҳам,

Ҳурмат ичра бўл яна ҳимматда ҳам.

Кирса йўлга банда беҳурмат бўлиб,

Подшо даргоҳидин ҳайдар қувиб.

Баски беҳурматга масжид ҳам ҳаром,

Ҳурмат этсанг сен уни, неъмат тамом…

            ҲИКОЯТ

2660 Бир куни бир қулга тўн кийдирди шоҳ,

Тўнни кийгач, йўлга тушди ул гадо.

Қўнди йўл гарду ғубори тўнга, бас,

Қоқди қул гарду ғуборни шул нафас.

Кўрди бир ағёр, деди: эй подшо,

Йўл ғуборин қоқди хилъатдин гадо…

Шоҳ беҳурматни инкор айлади,

Ул гадони маҳкуми дор айлади.

Кимки шоҳга бўйла беҳурмат эрур,

Шоҳ даргоҳида беқиймат турур…

      ЙИГИРМАНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

2665 Бошқаси сўрдики, Ҳақ йўлида, ҳой,

Покбозлик не бўлур, эй пок рой?

Ҳар нечук машғули дил менга ҳаром,

Ҳар не борим эрса, сочгаймен давом.

Ҳар не топсам, ул ҳамоно гум бўлур,

Ҳар не борим қўлда чун каждум бўлур.

Нарсани асраб, туголмасмен сира,

Тукканим очгум, совургум бир йўла.

Покбозлик айлагаймен кўйида,

Бир куни васлига етмоқ ўйида…

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

2670 Ҳудҳуд айтди: йўлга кирганда киши

Покбозлик этса, не хушдир иши.

Бору йўғин ким гаровга ютқазур,

Покланиб, етгай кейин роҳатга ул.

Эй биродар, тикма йиртилганни сен,

Яхшидир ёқсанг барин кул айласанг.

Оташин оҳинг-ла ёқ жон қасдига,

Кулларин йиғ-да, ўтиргил устига.

Сўнгра кулларни совургил ҳар томон,

Қолмагай токи улардин бир нишон.

2675 Бўйла этгил, кору борингдин қутил,

Этмасанг, қонлар ютарсен бир умр.

Сен уларни ўтга от, топсин адам,

Йўқса, бул даҳлизга қўймассен қадам.

Баски бу зиндонда заҳмат беқиёс,

Ўзни сен ҳар нарсадин этгил халос.

Чун ажал етганда келгайдир улар,

Бирма-бир қонингни сўргайдир улар.

Чек улардин қўлни аввал, тўпла ҳуш,

Сўнгра сен азми сафар эт, йўлга туш.

2860 Бўйлаким бир покбозлик йўқса, ҳай,

Бу сафар сенга ибодат бўлмагай…

            ҲИКОЯТ

Пири Туркистон бериб ўздин хабар,

Деди: менга икки нарса жон қадар.

Ул бири – отим, қанотимдир менинг,

Бул бири – фарзанд, ҳаётимдир менинг.

Ўлди ўғлинг, деб хабар етган замон,

Шукр этиб, отимни бергаймен ҳамон.

Иккиси икки санамдир, билсангиз,

Дийдайи жонимга гавҳардек азиз…

2685 Сен ёниб, то куймагунча мисли шам,

Покбозликдин бировга урма дам.

Покбозликдин бировким дам урар,

Ўз ишига ул ўзи барҳам урар.

Иштаҳо бирлан еса нон покбоз,

Шул замон бўйнига мушт тушмоғи рост.

            ҲИКОЯТ

Шайх Харақоний эди шайхи қабул,

Бақлажонга бир замон ўч эрди ул.

Онаси ҳайрону лол эрди анга

Ва яримта бақлажон берди анга.

2690 Шайх еди ул бақлажонни, шу маҳал

Қасд этиб, фарзанди бошин кесдилар.

Тунда ул бошни ёвуз бир лаънати

Келтириб, шайх эшигига ташлади…

Шайх деди: менму ўшал ошуфтакор,

Бундан олдин сўйламишдим неча бор:

Гар гадо еса яримта бақлажон,

Жонига бир зарба етгай шул замон…

Ҳар замон жонимни ёндиргай чунин,

Бир ситам жонимга қўндиргай чунин.

2695 Кимни тутмишдир, у ҳаргиз қўймагай,

Бир нафас осуда, ёлғиз қўймагай.

Тушди бошимга, ёронлар, бўйла иш,

Олдида жангу мадоро ҳеч эмиш.

Беилм қолгай билимдон, беқарор,

Илми бирлан бошда бул савдоси бор.

Ҳар замон бошимга бир меҳмон келур,

Имтиҳон этмоққа бир карвон келур.

Ғам чекар ғам узра шул жони азиз,

Ул эса ғамлар юборгай устма-уст.

2700 Ҳар не этмишдир адамдин ошкор,

Барчасин қонин тўкар ул зор-зор.

Жумла ошиқ жон берурлар галма-гал,

Майлига, қонимни тўксин деб ўшал.

Жумла жонларнинг муроди жони шул,

Йиғлатиб, қонларни баским тўқсин ул…


                  ҲИКОЯТ

ЗУННУННИНГ САВОЛ БЕРИБ, ҲОТИФДАН

            ЖАВОБ ОЛГАНИ

Деди Зуннун: бир сафар мен чўл аро

Йўл босиб ёлғиз борардим, беасо.

Йўлда қирқ дарвешни кўрдим ногаҳон,

Барчаси бермиш эди бир ерда жон…

2705 Тушди ўт ақлимга чун боқдим шу дам,

Тушди оташ жони пуржўшимга ҳам.

Мен дедим: бу не синоат, эй Худо,

Токай этгайсен азизларни адо?

Деди ҳотиф: ишни хўп билгувчи биз,

Ўлдириб, сўнг дийятин бергувчи биз117.

Сўрдим: ўлдирмоққа қанча ниятинг?

Деди: этгум токи етгай дийятим.

То хазинам ичра ақчам битмаса,

Ўлдирармен, сўнгра тутгаймен аза.

2710 Ўлдирармен қонига ғарқ айлабон,

Юзтубан судраб, чекармен ҳар томон.

Маҳв ўлиб, то сўлу соғи қолмагай,

Ажралиб, боши, оёғи қолмагай.

Кўрсатармен сўнгра офтоб талъатин,

Ўз жамолимдин этармен хилъатин118.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации