Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Турма ортиқ, бир қадам бос илгари.

1895 Ҳечга биз ҳар нарса бергаймиз сенга,

Истагинг не эрса, бергаймиз сенга.

Раҳмати Ҳақ бўйла порлоқ бир қуёш,

Шафқатин этмиш бутун оламга фош.

Раҳматин кўргилки, бир кофирни деб,

Кўрди ул озорни пайғамбарга эп…

      ҲИКОЯТ

ТАНГРИНИНГ МУСОГА ТАНБИҲ БЕРГАНИ

Ҳақ таоло деди: Қорун зор-зор,

Чорлади, Мусо, сени етмиш бор.

Бермадинг бир карра унга сен жавоб,

Гар менга бир бора этсайди хитоб,

1900 Ширк бутоғин жонидин узгай эдим,

Хилъати иймонни кийгизгай эдим.

Юз азоб бирлан уни этдинг ҳалок,

Бошини тупроққа тиқдинг, бўлди хок.

Сен яратган бўлсанг эрди гар уни,

Айламасдинг мунчалар мустар уни…

Улки бераҳматни ҳам раҳмат этар,

Аҳли раҳматни валинеъмат этар.

Лутфу эҳсон денгизи илҳомчидир,

Айбимиз – денгизга томган томчидир.

1905 Улки лутф айлар чу бахшойиш ила,

Ўзгарирму айбу олойиш била?

Ким гуноҳкорни гуноҳкор айлагай,

Ўзни жабр этгувчи, жаббор айлагай…

ҲИКОЯТ

ТАНГРИНИНГ МАРҲАМАТИ

Ўлди бир бузғунчи айлаб кўп гуноҳ,

Элтдилар тобутни шайлаб йўлга то.

Кўрди зоҳид, этди андин эҳтироз,

Этмагай то бўйла марҳумга намоз.

Шул кеча туш кўрди ул, ҳайрон эди,

Муфсид ул жаннат аро сайрон эди102.

1910 Сўрди зоҳид: сўйла менга, эй ғулом,

Етди қайдин сенга бул олий мақом?

Ботмиш эрдинг сен гуноҳларга басе,

Бошдин охир ифтироларга басе.

Не сабаб сенга етишди манзалат?

Бул равому сенга, асрорингни айт.

Деди: сен раҳм этмадинг менга, аё,

Ул сабабдин менга раҳм этди Худо.

Ишқбозлик бўйла ҳикмат айлагай,

Ул этар инкор, бу раҳмат айлагай.

1915 Ҳикмати улдирки, тунда бир йўла

Бир гўдакни йўлга солгай шам ила.

Ел юборгай, шамни сўндиргай кейин,

Ул гўдакни ғамга тўлдиргай кейин.

Нега сўндирдинг, дея сўргай ҳисоб,

Унга юз шафқат ила этгай итоб…

Гар ҳама бирдек намоз қилгай эди,

Ҳикмати ишқига тенг бўлгай эди.

Ҳикмати битмас сира, бўлмас тамом,

Бўйлаким бўлмишди, чун бўлгай мудом.

1920 Йўлида юз минг ажиб ҳикмат эрур,

Қатраси баҳрул нажот, раҳмат эрур.

Сен учун шул етти осмон, эй ўғил,

Айланур ҳар лаҳза, ҳар он, эй ўғил.

Сен учун кўкда малаклар жонфишон,

Хулду дўзах лутфу қаҳрингдин нишон.

Сажда айлар сенга қудсийлар фақат,

Куллу жузв бори вужудинг ичра ғарқ.

Ўзни кам тутма, назар сол ҳар сари,

Йўқ шу олам ичра сендин афзали.

1925 Жузв жисминг эрса, жонинг кулли кул,

Тутма ожиз ўзни сен, хор этмагил.

Порлади кулл, бўлди жузвинг ошкор,

Етди жонинг, бўлди узвинг ошкор.

Тан жондин, жон эмас жузвдин жудо,

Жон куллдин, кулл эмас узвдин жудо.

Беададдир бўйлаким роҳи Аҳад,

Жузву куллдин сўйламоққа борму ҳад?

Бошинг узра абри раҳматлар етиб,

Ёғдирур найсон сенинг шавқингни деб.

1930 Келса куллнинг юксалиш соатлари,

Сен учундир тўнлари, хилъатлари.

То малоик мунча ғайрат қилдилар,

Сен учун тоат, ибодат қилдилар.

Ул ибодатларни Ҳақ парвардигор

Сенга бахш айлар, сенга этгай нисор…

      ҲИКОЯТ

МАЛАКЛАР ИБОДАТИ

            Деди Аббоса: қиёмат қўпса гар,

Қоплагай дунёни қўрқув сарбасар.

Ғофилу осийки этмишлар гуноҳ,

Бир нафасда юзлари бўлгай қаро.

1935 Халқи бесармоя ҳайронлик аро,

Ҳар бири айру паришонлик аро.

Шу заминдин токи ул тўққиз фалак

Ичра йиллар тоат этмишди малак.

Ҳақ таолдо олғай ул тоатларин,

Бир ҳовуч тупроқ уза сочгай барин.

Шунда юксалгай малоикдин нидо:

Нега инсон йўлимиз тўсгай, Худо?

Ҳақ таоло дерки, аҳли осмон,

Сизга бундан етмагай суду зиён.

1940 Аҳли хокийларга бул тоат зарур,

Қорни очганларга нон дармон эрур.

ЎН БИРИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси деди: муханнассохтамен103,

Гоҳи ул шохда, гаҳи бул шохда мен.

Гоҳи риндмен, гоҳи зоҳид, гоҳи маст,

Бору йўқмен, гоҳ баланду гоҳи паст.

Гоҳи нафсимдин – хароботлар аро,

Гоҳи жонимдин – муножотлар аро,

Гоҳи шайтон йўлдин оздиргай мени,

Гоҳ фаришта измига солгай мени.

1945 Икки йўл устида, ҳайрон ичрамен,

Не қилай, чун чоҳу зиндон ичрамен?


ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳудким, аё ҳайрони роҳ,

Бўйладир кўпларга ҳукми подшо.

Бул сифатлар кўп кишида учраюр,

Оз бўлур яхлит сифатли кимса ул.

Ҳар кишининг пок бўлса тийнати,

Анбиёларнинг эди не ҳожати?

Чун ибодатга етишдинг, тут ани,

Аста-аста йўлга солгайдир сени.

1950 Эйки ғафлат тандирин тутдинг макон,

Аввал-охир мақсадинг бир бурда нон.

Не эрур кўз ёши, дил асроридир,

Ютса асрорин кўнгил, зангоридир104.

Сенки ит нафсинг этарсен парвариш,

Бўйла бир ишни муханнас айламиш…

ШАЙХ ШИБЛИЙ ҲИКОЯТИ

Шаҳрида Шиблий йўқолди бир куни,

Топмади бир кимса то излаб уни.

Ахтариб чун маъмуру вайронада,

Топдилар охир муханнасхонада.

1955 Беадаблар ичра ўлтирмиш эди,

Кўзда ёш эрди, басе хомуш эди.

Биттаси сўрди: муносибми сенга

Бўйла маскан, сўйла асроринг менга?

Айтдиким, бу ерда ҳозир аҳли нафс,

Эр эмасдирлар ва хотин ҳам эмас.

Дин йўлида мен-да шундоқмен бу дам,

Мард эмасдирмен, вале мардона ҳам.

Ўзни урдим гўшага, бўлдим бадар,

Ор этармен эрлигимдин шунчалар.

1960 Кимки ҳар дам этса бедор ўзни ул,

Тонг эмас, тупроққа сургай юзни ул.

Эр бўлиб ул ўзни этгай хоксор,

Айлагай афтодаларга эътибор.

Ўзни билсанг гар чумолидин баланд,

Бутпарастсен, балки тубан унданам.

Мадҳу замда гар тақовутдир сенга,

Бутпарастдин не тафовутдир сенга?

Банда эрсанг Ҳаққа, бутгар бўлмагил,

Марди Ҳақ бўлгил-да, Озар бўлмагил105.

1965 Мардум ичра ким эрурсен, хосу ом,

Бандаликдин яхшироқ йўқдир мақом.

Бандалик қил, ўзга даъво истама,

Марди Ҳақ бўл, иззату жоҳ истама.

Бут эрур юзлаб шу хирқанг остида,

Сен ҳамон сўфиймисен эл наздида?

Эр кияр эр жомасин ул, сен эмас,

Эй муханнас, ўзни сарсон этма, бас…

ҲИКОЯТ

ИККИ ДАРВЕШ МОЖАРОСИ

Икки дарвеш айтишиб, тортишдилар,

Иккиси дорилқазога келдилар.

1970 Тортди қози иккисин ҳам бир томон,

Деди: сўфийлар талашса, бул ёмон.

Елкага таслим либосин солдингиз,

Бу хусуматни қаёқдин олдингиз?

Эрсангиз гар аҳли жанг, аҳли қирон,

Бу кийимларни ечингиз шул замон.

Эрсангиз лекин кийимнинг аҳлидин,

Бу хусуматлар кўнгилнинг жаҳлидин.

Қозимен, сиздек эмасмен нуктадон,

Шу кийимлардин уялдим мен ҳамон.

1975 Хирқани кийманг, уни тарк айлангиз,

Бошингизга сиз рўмоллар бойлангиз…

Эр эмас, хотин эмассен, хори ишқ,

Қайфданам етсин сенга асрори ишқ?

Не эмиш майдонда жавлонинг сенинг,

Қолмагай бошинг, кетар жонинг сенинг.

Гар эсанг асрори ишққа мубтало,

Юз ўгирма келса ҳамки юз бало.

Лек уни беҳуда даъво айлама,

Ўзни бу майдонда расво айлама…

      ҲИКОЯТ

БИР ЙЎҚСИЛНИНГ МИСР ПОДШОСИГА

      ОШИҚ БЎЛГАНИ

1980 Бор эди шоҳким, Мисрда номдор,

Унга бир бечора ошиқ бўлди, зор.

Этдилар андин хабардор шоҳни,

Ул чақирди ошиқи гумроҳни.

Баски ошиқсен, деди ул шаҳриёр,

Икки ишдин биттасин эт ихтиёр.

Ё бўлурсен шаҳру юртингдин жудо,

Ё этарсен менга бошингни фидо.

Ё сенинг бошинг кесармиз, ўйлагил,

Ёки қувғин айлагаймиз, сўйлагил.

1985 Марди ишқ эрмас эди ул беқарор,

Шул сабаб қувғинни этди ихтиёр.

Баски ул қувғин бўлишни сайлади,

Бошини кесмоққа шоҳ амр айлади.

Деди ҳожиб: эрди шўрлик бегуноҳ,

Нега ўлдирдинг уни, эй подшо?

Шоҳ дедиким, бизга ул ошиқ эмас,

Чун тарийқи ишқ аро содиқ эмас.

Бўлса эрди кўнгли ичра ишқи ёр,

Айлар эрди ул ўлишни ихтиёр.

1990 Улки жон жононга бермас ишқ аро,

Лофи ишқ урмоқ анга айбу гуноҳ.

Гар, менинг бошимни кесгил, дерди ул,

Мамлакатни мендин олгай эрди ул.

Хизматин айлар эдим мен қул бўлиб,

Юртга подшо, унга бир йўқсил бўлиб.

Лек фақат даъвойи ишқи бор эди,

Бошини кесмоқ унинг даркор эди.

Кимки ишқим ичра чун шайдо бўлур,

Кечмаса жондин, басе расво бўлур.

1995 Сўйладик бу гапни то ҳар бефуруғ106

Урмагай ишқ бобида лофи қуруқ…

ЎН ИККИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси дедики, нафсим – душманим,

Мен нетай, ёв бўлса йўлдошим маним?

Нафс итим амримга асло юрмагай,

Мен нетиб жонимни андин қутқарай?

Бўри бўлди дашт аро ошно менга,

Ошно бўлмас итим асло менга.

Мен боқиб, ҳайратдадирмен, ул кучук

Ўз қадрдонига ташлангай нечук?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

2000 Ҳудҳуд айлаб неча бир фикри савоб,

Юзланиб сўнгра анга берди жавоб.

Дедиким, нафсинг адо этмиш сени,

Булғамиш, тупроққа жо этмиш сени.

Ҳам ғилайдир нафсинг ул, ҳам кўр эрур,

Ит эрур ул, бедаво кофир эрур.

Гар бировлар мақтаса ёлғондакам,

Шод бўлур нафсинг ўшал ёлғонданам.

Битта ёлғондин семирса шунчалар,

Айт, қачон ул кўппагинг одам бўлар?

2005 Кўз очиб дунёга, беҳосил эдинг,

Норасида бир гўдак, ғофил эдинг.

Келди ёшлик, барчага бегоналик,

Демагил ёшлик уни, девоналик.

Ёшлигинг ўтгай, қоларсен кексайиб,

Дард ила жонинг хароб, жисминг заиф.

Баски умринг жаҳл ила ўтгай нуқул.

Нафс итинг келгайму ҳеч инсофга ул?

Ғафлат ичра айласанг умринг басар,

Бесамарлик сенга бўлмасму самар?

Кўп эрур бул итга банда, йўқ ками,

Итга қул бўлгайму насли одамий?

2010 Ўртаниб юз минг кўнгиллар ўлди, бас,

Нафс итинг ўлмайди асло, тинчимас…

ГЎРКОВ ҲИКОЯТИ

Сурди гўрков кўп яшаб, умри дароз,

Биттаси дежики, бизга сўйла роз.

Бир умрким гўр қазирсен, эй ҳабиб,

Кўрганинг ер остида недир ажиб?

Дедиким, кўрдим ажиб бир ҳасби ҳол,

Гўр қазирмен баски етмиш йил ҳалол.

2015 Нафс итим кўргай, вале тек турмагай,

Бир нафас фармони Ҳаққа юрмагай…

      ҲИКОЯТ

АББОСАНИНГ НАФС ҲАҚИДА АЙТГАНЛАРИ

Бир кеча Аббоса деди: эй фалон,

Тўлса кофирларга бир кун бу жаҳон,

Сўнг эса ул жумла аҳли билфузул.

Қилсалар сидқ, этсалар иймон қабул.

Бу бўлар иш, лек жаҳонга нур каби

Келдилар бир юз йигирма минг набий.

Токи нафс бўлсин мусулмон бир замон,

Гар мусулмон бўлмаса, ўлсин, дебон.

2020 Бўлмади бул, кошки эрди бўлса ул,

Бу тафовут билмадим қайдин келур?

Барчамиз шу нафси кофир тутқини,

Парваришлаб, ичда асрармиз уни.

Бўйлаким ул нафси нофармон эмиш,

Ўлдириш нафсни қачон осон эмиш?

Икки йўлдин унга етгайдир мадад,

Маҳв ўлар бўлса, ажабдир беадад.

Дил бу мулк ичра суворийдир муқим,

Нафс ити унга мулозимдир, надим.

2025 От сурар бўлса суворий, шул замон

Ов учун ит ҳам югургай ул томон.

Дил гаҳи жонондин олгай ўлжани,

Нафс юлиб кўнгилдин олгайдир ани.

Кимки бу кўппакка арқон бойлагай,

Икки оламда арслон овлагай.

Кимки бу кўппакни этмишдир забун,

Гард, ғубордин тоза бўлмишдир бутун.

Ким бу итнинг бўйнига солгай каманд,

Хоки афзалдир бировлар қонидан.

ПОДШО ВА СЎФИЙ ҲИКОЯТИ

2030 Жандапўш сўфий борарди йўл аро,

Ногаҳон унга йўлиқди подшо.

Сўрди шоҳ: ким яхшироқ ул, менму сен?

Сўфий айтди: шунчалар овсармисен?

Жандапўшлар гарчи ўзни мақтамас,

Кимки ўзни мақтагай, огоҳ эмас.

Лекин айтай: қайда мендек биттаси,

Қайда сендек кимсанинг минг биттаси?

Завқи дин жонингда борму, ул қани?

Нафс ити эшшак қилиб минмиш сени.

2035 Залварин устингга ортмиш, эй амир,

Сен унинг остида тутқинсен, асир.

Ул сенга урмиш жиловни, қай тараф

Бурса бошингни, борарсен йўрғалаб.

Не буюрса сенга ул, эй нотавон,

Амрига ҳозиру нозирсен ҳамон.

Мен эсам чун сирри динни англадим,

Миндим ўз нафсимни, эшшак айладим.

Нафсим эшшакдир менга, дастимдадир,

Улки устингда, менинг остимдадир.

2040 Эшшагим минмиш сени, бўлмиш савор,

Баски сендин яхшироқмен юз ҳазор…

Эйки нафсинг жилва айлаб, хуш сенга,

Шаҳватингдин ургай ул оташ сенга.

Баски оташ урди сенга шаҳватинг,

Кетди дилдан нур, танингдан қувватинг.

Кўз хира тортиб, қулоқнинг карлиги,

Нотавонлик, ақлу ҳуш овсарлиги,

Неча юзлаб хасталик – лашкар магар,

Сўнг уларнинг ортидин Мири Ажал…

2045 Кеча-кундуз ёприлиб лашкар келур,

Сўнг бошингга ул Амирлашкар келур.

Бас, ўраб олгач улар тегрангни, ҳай,

Сен туриб, нафсинг-да йўлга юрмагай.

Хуш-хуш кечди замонинг нафс ила,

Сурди айшин умри жонинг нафс ила.

Ишратида пойбаст бўлдинг мудом,

Қудрати олдида паст бўлдинг мудом.

Шоҳу лашкардин қанотинг қайрилур,

Сен нафсдин, нафс сендин айрилур.

2050 Айру тушгай сендин ул нафси бало,

Чун бўлурсиз айрилиққа мубтало.

Ғам ема, турмас у сендин нарида,

Бирга бўлгайсиз жаҳаннам қаърида…


ОВЧИ ВА ТУЛКИЛАР ҲИКОЯТИ

Икки тулки учрашиб, эш бўлдилар,

Иккиси айшу фароғат қилдилар.

Эш бўлиб, шод эрдилар сайр айлабон,

Айшу ишратлар бузилди ногаҳон.

Овга чиқди дашт аро бир подшо,

Тулкиларни этди бир-биридин жудо.

2055 Эркагидин сўрди урғочи шу пайт:

Энди қайда учрашармиз, менга айт?

Элтсалар, деди, шаҳарга гар сени,

Изла пўстиндўз дўконидин мени…

ЎН УЧИНЧИ МАҚОЛА

            БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси дедики, Иблис ул ғурур –

Айлабон, доим мени йўлдин урур.

Менда куч-қувват қани урмоққа дам,

Ҳийласидин кўнглим ичра дарду ғам.

Қайси бир ёқдин нажот етгай менга?

Қайси бир майдин ҳаёт етгай менга?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

2060 Деди Ҳудҳуд: нафс итинг-ла сен иноқ,

Тирқираб Иблис-да қочгайдир йироқ.

Ишва айлар жонга маҳрам иблис ул,

Хилма-хил орзуларинг ҳам иблис ул.

Битта орзуга етар бўлсанг, тамом,

Бош кўтаргай сенда юз иблис ҳамон.

Гулхани дунё       чу зиндондир ҳама,

Сарбасар ул мулки шайтондир ҳама.

Чўзма қўл мулкига асло, эй киши,

Бўлмагай сен бирла шайтоннинг иши…

      ҲИКОЯТ

БИР ҒОФИЛНИНГ ИБЛИСДАН ШИКОЯТИ

2065 Бир куни сўфийга ғофил бир касе

Этди Иблисдин шикоятлар басе.

Деди: Иболис йўлдин оздиргай мени,

Айлади динимни ғорат ул дани.

Деди сўфий: эй жовонмарди азиз,

Сен олдин келмиш эрди ул Билис.

Эрди зулмингдин тамом озурда ул,

Бошига тупроқ сочар эрди нуқул.

Дедиким, дунё эрур мулким маним,

Душмани дунё бўлолмас одамим.

2070 Сен анга айтгилки, йўлда ўзмасин,

Ул менинг мулкимга қўлни чўзмасин.

Мен унинг динига ўт қўйдим туташ,

Чунки дунёйимни деб айлар саваш.

Торт, қўлинг мулкимга чўзма, эй киши,

Бўлмагай сенга бировнинг бир иши.

Кимки фориғдир шу дунёдин тамом,

Унга парво айламасмен, вассалом.

      ҲИКОЯТ

БИР КИШИ МОЛИКИ ДИНОРДАН, ҲОЛИНГ

НЕЧУК, ДЕБ СЎРГАНИ

Биттаси сўрди Динордин: мен нечук

Ҳолдамен, билмасмен, аммо сен нечук?

2075 Ҳар куни ерман магар нони Худо,

Сўнг этармен амри Шайтонни адо…

Молики Динор деди: эй некмард,

Сайд этур шайтон башарни беадад.

Йўлдин урмиш ул сени, сен бениёз,

Бас, мусулмонликда номинг бор, холос.

Ҳирси дунёга гирифторсен мудом,

Бошинга тупроқки, мурдорсен мудом.

Кўп дедим: дунёни қўй, ирғит уни,

Энди дерман: қўйма, маҳкам тут уни.

2080 Бор бисотинг олди ул шайтони зол,

Илкидин энди қутулмоғинг маҳол.

Ғарқ бўлибсен ҳирси дунёга бутун,

Бехабардирсен шу ҳолингдин бугун.

Икки олам бурканиб мотам аро,

Ёш тўкарлар… сенда бул айбу гуноҳ.

Ҳирси дунё этди иймонингни кул,

Орзу-истак айлади жонингни кул…

ҲАЗРАТИ ИСО ВА ШАЙТОН

      ҲИКОЯТИ

Бир куни Исо Масиҳ ётмиш эди,

Ғишт қўйиб бош остига, қотмиш эди.

2085 Уйғониб кўз очди, кўрди қошида,

Лаънати Иблис турарди бошида.

Сўрдиким, келдинг не ишнинг қасдига?

Бош қўйибсен, деди, ғиштим устига.

Жумла дунё бедахл мулким турур,

Шу синиқ ғишт ҳам менинг молим эрур.

Баски, молимни тасарруф айладинг,

Тонг эмас, менга ўзингни бойладинг…

Олди ул ғиштни Исо, ирғитди, бас,

Ерга бош қўйди этиб уйқуни қасд.

2090 Деди Исога у Шайтони разил:

Мен кетармен, энди роҳат ухлагил…

Эйки оламда чўзилган неча бор,

Тобланиб, ипдек узилган неча бор,

Баски бир кун тарк этарсен барчасин,

Мунча тутдинг сен жаҳоннинг риштасин?

Баски қўйгайлар сенинг қабрингга ғишт,

Мунча тикларсен ҳамон ғишт узра ғишт?

Баски етгай молу мулкингга завол,

Мунча тўпларсен жаҳонда мулку мол?

2095 Истагинг ул Қорун ўлмоқму, аё,

Йиққанинг бўлғай қаро тупроққа жо.

Анбиёким баски хизмат этдилар,

Сен уларнинг пандига этгил амал.

Бул жаҳон ҳирсу тамаҳдир бешу кам,

Қолди Фиръавндан ул, Намрудданам.

Гоҳи Қорундирки, қусгай, ямлагай,

Гоҳи Шаддоддирки, шиддат айлагай.

Лош демиш Оллоҳ, назар сол номига,

Сен эсанг жонингни тутдинг домига.

2100 Тортасен токай бу дунё ранжини,

Токи лош бўлгунчами дерсан уни?

Кеча-кундуз сен анга ҳайрону маст,

Лошидин бир зарра айларсен ҳавас.

Кимки шул бир зарра лош деб хам бўлур,

Бул қачон бўлғайки ул одам бўлур?

Ким ёпишгай унга бир зум, бас, тамом,

Ул ўшал лошдан-да тубандир, ҳаром.

Кори дунё не, у бекорлик ҳама107,

Дема бекорлик, гирифторлик ҳама.

2105 Не эмишг дунё, оловдир, оташ ул,

Ҳар замон бир айру халқни ёндирур.

Бул олов шиддат била ёнган замон,

Шери мардсен, бир тараф қочсанг ҳамон.

Шер каби қочгил оловдин, юм кўзинг,

Ёки бор, парвона янглиғ ёқ ўзинг.

Кимки чун парвонадир, оташпараст,

Кул бўлур оташда ул мағруру маст.

Бас, оловдир олду ортингда чунон,

Ҳар нафас ёнмоқлигинг бўлгай аён.

2110 Бул сенинг жойинг эмасдир, четга ўт,

Ёқмасин то даҳр аро жонингни ўт…

      ҲИКОЯТ

БИР БАДАВЛАТ КИМСАГА ДЕВОНАНИНГ

      ДЕГАНИ

Бир хўжа раҳмат сўраб вақти намоз,

Омадим бергил, деди, эй Чорасоз…

Етди сўз девонага, деди ҳамон:

Ҳай, хўжам, раҳматга етмоғинг гумон.

Ноз-фироқинг шу жаҳонга сиғмаюр,

Ҳар қадам қуйсанг, ёғар кибру ғурур.

Кўкка бош урган уйинг бор, силсила,

Тўртта девори мунаққаш зар ила.

2115 Хизматингда ўн канизак, ўн қулинг,

Омаду раҳматга бунда не ўрин?

Оч кўзингни, сол ўзингга бир назар,

Тангридин раҳмат тилайдирсен, уял.

Кечса мендек бурда нон бирлан кунинг

Жоиз эрди унда раҳмат сўрмоғинг.

Молу мулкдин кеч, уларга бурма юз,

Кутганинг йўқса ўгирмас сенга юз.

Барчасидин сен халос бўл бир йўла,

Эр бўлиб сўнг Тангридин раҳмат тила…

БИР МУНОФИҚ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

2120 Жон бераркан бир мунофиқ, ҳийлагар,

Юзини қибла томонга бурдилар.

Ҳолбуки ул бундан аввал бардавом

Жоиз эрди қиблага боқса тамом.

Қуп-қуруқ шохни эгарсен ерга чун,

Юзни энди қиблага бурмоқ нечун?

Жон берарда юзни қанча бурма, ҳай,

Баски нопок эрди ул, пок бўлмагай…

ЎН ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси дедики, мен олтинга дўст,

Зар агар мағз эрса, жисмим анга пўст.

2125 Бўлмаса илкимда зар, давронлигим,

Бўлмагай гулдек гули хандонлигим.

Ишқи дунё чун адо этмиш мени,

Маънидин узмиш, жудо этмиш мени…

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Дедиким, ҳой, ўзни ҳайрон айлаган,

Чун сафойи дилни пайхон айлаган.

Кеча-кундуз баски кўрликдир ишинг,

Бир чумолидек эмишдир турмушинг.

Марди маъни бўлмагай сувратга ўч,

Не эмиш маъни – асл, суврат – ҳеч.

2130 Зар бўёқли тош эрур суврат аро,

Сен гўдак янглиғ бўёққа мубтало.

Зар сени Ҳақдин айирса, бўлма мот,

Бут эрурким, сен уни тупроққа от.

Бул муносиброқ эрур зар харжига,

Қулф ясаб, осгил хачирнинг фаржига.

На бировга келгуси андин нажот,

На ўзингга келгуси андин мурод.

Зарра зар йўқсилга берсанг, оч кўзинг,

Гоҳи ул қонлар ютар, гоҳ сен ўзинг.

2135 Бермагайсен Амру Зайдга эътибор,

Гар Жунайддир ул, тариқча қадри бор.

Зарни деб халқ бирла дўстдирсен басе,

Манглайингда муҳри бордир, тамғаси.

Сен оширгайсен дўконинг қийматин,

Тўхтамай, ҳар ой тўларсен ужратин108.

Гар дўконингда камайса бир пулинг,

Ўт тушар жонингга, ғамдир ҳосилинг.

Эйки сен борингни бердинг нарсага,

Тобакай кўнгилни бергунг нарсага?

2140 Бошинг узра дор тикилмишдир ҳамон,

Бир куни арқонни тортгайдир замон.

Ғарқи дунёсенки, дининг белгисиз,

Дин билан дунё келишмас, эй азиз.

Роҳат истарсен чу машғуллик била,

Лек ширин жонингда қўрқув, ғулғула.

Мол бериб, йўқсил, фақирни сийлагил,

Ҳақ буюрмиш, хайру эҳсон айлагил.

Ҳар не боринг эрса, тарқатмоқ керак,

Бас, бу йўлда жонни ҳам бермоқ керак.

2145 Жонни бермай, молни бермоғинг қийин,

Жонни бергил, молни бергайсен кейин.

Гар палосу кўрпа-ёстиқ қолса ҳам,

Қўймагай, тўсгай йўлингни дамба-дам.

Бор, палосинг ўтга от, эй ҳақшунос,

Тобакай Ҳақ дерсану дерсан палос.

Ёқ палосни, йўқса билгил бешу кам

Эртага пойингга солмаслар гилам.

Шу жаҳонда не бисотинг бор ҳамон,

Ҳар бири жонингга ханжар бегумон.

2150 Кимки дунёву бисот дер, вой анга,

Сарбасар қайғу алам, эвой анга.

Вов, алиф – бу икки ҳарфдир, эй ғулом,

Қону тупроққа қоришмишлар мудом.

Вов мудом қон ичра топмишдир қарор,

Бас, алиф ҳам ҳар замон хун ичра хор…


      ҲИКОЯТ

БИР ДАРВЕШ ТАНГАСИНИ ЯШИРГАНИ

Бор эди янги муридда танга пул,

Айтмади, шайхдин яширди пулни ул.

Шайх буни сезди, васе сўз очмади,

Лек мурид ҳам муддаодин кечмади.

2155 Йўлда йўлдош эрди ул, пир роҳбар,

Йўл босиб олис, сафарда эрдилар.

Етдилар водийга, эрди тимқаро,

Икки йўл юз очди ул водий аро.

Кўрди чун йўлларни дарвеш, қўрқди ул,

Боқ, нечук одамни пул расво қилур…

Сўрди шайхдин: икки йўл эрмиш бу дам,

Қай бирига энди қўйгаймиз қадам?

Шайх деди: ҳар йўлга юрма, ул хато,

Юр кўнгил тортган йўлингга, ул раво…

2160 Кимки зар йиғмоққа айлар иштиёқ,

Деву шайтон ҳам қочур андин йироқ.

Бир зиғирча манфаат деб ул ҳаром

Ҳийла айлар, қилни қирқ ёргай мудом.

Юр диёнатга, десанг, юрмайди, бас,

Ўйлаким, оқсоқ эшакдир, бошқамас.

Бедиёнатликда чун шайтон эрур,

Макру ҳийла бобида султон эрур.

Кимни зар мафтун этар, гумроҳ ўшал,

Юз тубан тушгай, асири чоҳ ўшал.

2165 Сен Юсуфдирсен, ҳазир бўл ҳар замон,

Чоҳ чуқур, андин қутилмоғинг гумон…

      ҲИКОЯТ

РОБИАНИНГ ИП ЙИГИРИБ СОТГАНИ

Басра шайҳи бир нима сургум, дея,

Борди сўфийга, деди: эй Робиа!

Кимсага айтар сўзинг йўқми магар?

Ё эшитдингми бировдин бир хабар?

Жондин ортиқ бир сўзинг йўқми сенинг?

Айт уни, чун иштиёқим бор менинг.

Робиа дедики, эй шайхи замон,

Икки тўпча ип йигирмишдим, ҳамон

2170 Элтдиму бозорга, сотдим мен уни,

Икки танга қўлга кирди шул куни.

Тангаларни олдим икки қўл била,

Биттасин ўнгу бирисин сўл била.

Чунки қўрқдим, тангалар бирлашса ул,

Сўнг қўлимдин чиқмоғи мушкул эрур…

Кл сабабдинким Расули беғубор

Дин учун этди фақирлик ихтиёр.

Кимки дунё дер, аламга тўлгуси,

Йўлида юз минг тузоқлар бўлгуси.

2175 Гар зиғирча зар анга етса ҳаром,

Ул ҳаром деб жонни бергай, вассалом.

Ворисига бўлса ҳамки ул ҳалол,

Юзқаро бўлгай ўзи, топгай завол.

Эйки зарга мунча кўнгил бойлаган,

Зар учун жонин ёқиб, шам айлаган,

Гар қадам қўйсанг бу йўлга, бил шуни,

Қил учун ёқангдин олгайлар сени.

Бўйлаким қил сиғмаса бу йўлга гар,

Бас, нетиб сиғгай хазина, симу зар?

2180 Этсалар қилча гуноҳга эътибор,

Ул тараф бормоққа кимнинг ҳадди бор?..

            ҲИКОЯТ

БИР ЗОҲИД ҚУШ ОВОЗИГА МАҲЛИЁ

            БЎЛГАНИ

Бор эди зоҳид, саодатлиғ эди,

Тўрт юз йилким ибодатлиғ эди.

Халқдин айру бир макон тутмиш эди,

Суҳбати Оллоҳга ҳам етмиш эди.

Ҳамдами Ҳақ эрди, унга бас эди,

Ҳақдин ўзга кимсани билмас эди.

Бор эди боғда дарахти арғувон,

Унда қуш қурмишди мўъжаз ошиён.

2185 Қушки, хушилҳону хушовоз эди,

Ҳар овози ичра юз бир роз эди.

Тинглади зоҳид, чу ҳамроз бўлди ул,

Қушга бир дам дўсту дамсоз бўлди ул.

Шул замон Ҳақдин етишди бир садо,

Ул ваҳий эрди, дедиким, зоҳидо.

Шунча йиллар менга тоат айладинг,

Кеча-кундузлар ибодат айладинг.

Иштиёқим ичра кўрмишдим сени,

Оқибат бир қушга сотдингми мени?

2190 Не ажаб парвозли қушдинг, хушсифат,

Бўйлаким чўнқирга тушдинг оқибат.

Мен сени сийлаб чу этдим аҳли роз,

Сен эса сотдинг мени, эй ҳақшунос.

Ўтга отдинг улфату ёрликни сен,

Кимдин ўргандинг вафодорликни сен?

Бўйлаким арзонфурушлик этма то,

Ҳамдамингмен, бўлма ҳамдамдин жудо…

      ЎН БЕШИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси деди: дилим оташ эрур,

Турмушим, тутган маконим хуш эрур.

2195 Унда қасрим зарнигору дилкушо,

Халқ боқиб, ҳайратдадирлар доимо.

Ҳар сафар боқсам, севинчдир ҳосилим,

Бас, нетиб мен андин узгаймен дилим?

Подшоҳ қушманки, жойим чун баланд,

Ўзни солгаймен нечун меҳнатга мен?

Давлатимни елга бергайманми бот?

Бул қасрсиз қайда топгаймен ҳаёт?

Ким қўйиб чун равзайи боғи Эрам,

Танлагай дўзах аро доғи алам?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

2200 Деди: эй дунҳиммату номард, сукут,

Ит эмасдирсен, вале тегрангда ўт.

Бас, ёнур дунёйи дун гулхан бўлиб,

Тобакай қасринг турар гулшан бўлиб?

Қасринг ул гар равзаи ризвон эрур,

Гар ажал етса сенга, зиндон эрур.

Гар ўлимдин етмасайди оқибат,

Унда ўлтирсанг бўлурди то абад.

            ҲИКОЯТ

БИР СЎФИЙНИНГ ПОДШОГА АЙТГАНЛАРИ

Шаҳриёр этди саройин зарнигор,

Сарфлади дирҳам басе, сочди динор.

2205 Тиклабон қасри биҳиштосо тамом,

Берди сўнгра зебу зийнатдин низом.

Ҳар диёрдин ким гузор этгай эди,

Шоҳга инъомин нисор этгай эди…

Шоҳ бир кун давра тузди муҳташам,

Бўлдилар аъёну ашроф унда жам.

Шоҳ деди: қурдик иморат бўйлаким,

Сиз боқинг, бир айбу нуқсон бормикин?

Дедилар ҳар кимса: олам ичра, ҳай,

Бўлмамиш бундоқ иморат, бўлмагай.

2210 Турди зоҳид, деди: қойил ҳар киши,

Лек бинонинг айби бор, бир тирқиши.

Бўлмасайди бўйла нуқсони агар,

Боғи фирдавсдин олурди туҳфалар.

Шоҳ дедиким, кўрмадим тирқишни мен,

Бас, нечук кўрдинг ўшал тирқишни сен?

Деди: шоҳим, битта тирқиш бор, тешик,

Ул тешикдин очгай Азроил эшик.

Ул тешикни сен бекит, эй некбахт,

Йўқса, на қасринг қолур, на тожу тахт.

2215 Гарчи қасринг дилрабодир чун биҳишт,

Лек ажал андин ташир қабрингга ғишт.

Боқий эрмас қурганинг, ўтгай басе,

Билмадим, борму бунинг бир чораси?

Бўлма мағрур бул гўзал қасрингга, шоҳ,

Этма саркашлик била кибру ҳаво.

Бир билимдон кимса айлаб рой сенга,

Сўйласа айбингни бундоқ, вой сенга…

            ҲИКОЯТ

БИР САВДОГАРНИНГ ИМОРАТ ҚУРГАНИ

Бор эди тожир, иморат айлади,

Симу зар чекди, аломат айлади.

2220 Масканим кўрсин халойиқ, дерди ул,

Шул сабаб базму зиёфат берди ул.

Халқни даъват этди лутфу ноз ила,

Сийласинлар то уни эъзоз ила.

Чун югурди, елди ул даъват куни,

Йўлда бир девона учратди уни.

Деди: истармен саройингга бориб,

Даврада тотсам таоминг ўлтириб.

Бандмен, хурсанд этолмасмен сени,

Бошқаларни чорла, маъзур тут мени…

ПАШША ВА ЎРГИМЧАК ҲИКОЯТИ

2225 Неча ўргимчакни кўрдинг, беқарор,

Ўй-хаёл ичра кечиргай рўзгор.

Ул хаёл айлаб, узоқни ўйлагай,

Ин қуриб, бурчакда ўзни шайлагай.

Тўр тўқиб, қўйгай тузоқ ул, бўйла ин,

Токи бир кун пашша тушгай ё чивин.

Домига гар пашша тушса бир куни,

      Қонини сўргай ҳамон, қўймас уни.

      Чун қуритгай, дардига эм айлагай,

      Неча муддат ўзига ем айлагай.

2230 Лек келур уй соҳиби ҳам бир замон,

Тўр-тузоқларни супургай беомон.

Тўру ўргимчак, унинг-ла пашша, бас,

Бир йўла барҳам топурлар шу нафас.

Ушбу дунё, аҳли дунё бесабр,

Тўру ўргимчак ва тутқун пашшадир.

Жумла дунё гар мусалламдир сенга,

Кўз очиб юмгунча барҳамдир анга.

Сен шу подшолик-ла мағрурсен, ажаб,

Парда ўйнарсен гўдакдек, тортқилаб.

2235 Оқил эрсанг, орзу этма тожу тахт,

Чун ҳўкизларга берилгай салтанат.

Кимда байроғу довул, дарвеш эмас,

Топгани елдир, довулнинг бонги, бас.

Елда байроқ, бонгда гумм-гум, шақ-шақа,

Ел билан бонгнинг баҳоси бир чақа.

Эй чўлоқ отлиқ хўжам, кибр айлама,

Баски этдинг, мунча ҳам кибр айлама.

Шилдилар қоплонни, кўрдинг бешу кам,

Бўйла шилгайлар сенинг нафсингни ҳам.

2240 Бўлмаса васлу висол имкони ул,

Ё йиқилмоқ, ё йўқолмоқ яхшидир.

Бошни тик тутмоқ иложи йўқса гар,

Бошни қўйгил сен, ўйиндин не самар?

Ё эгиб бошингни, сарварликни қўй,

Ёки бош ўйнашни, қайсарликни қўй.

Эй саройи гулшанинг зиндон сенга,

Хонумонинг бир балойи жон сенга.

Кеч жаҳондин, бул жаҳони пурғурур,

Неча солгайсен анга ғавғою шўр?

2245 Оч ўшал ҳиммат кўзингни, йўлга боқ,

Бос қадамни йўлгаву манзилга боқ.

Етсанг ул даргоҳи жонга ул замон,

Сиғмагайсен шул жаҳонга бегумон…

БИР АВОМ ВА ДАРВЕШ ҲИКОЯТИ

Бир авом елгайди сарфлаб бори куч,

Чўлда ногоҳ келди ул дарвешга дуч.

Сўрди: эй дарвеш, нечук ҳолинг сенинг?

Деди: қайдин бўйла аҳволинг сенинг?

Бўйла бир тангликдадирмен бул замон,

Кўзларимга тангу тордир шу жаҳон.

2250 Ул авом дедики, чин эрмас сўзинг,

Кенг биёбондир бу, кўрмасму кўзинг?

Деди дарвеш: бўлмасайди тор жаҳон,

Менга қайдин дуч келардинг, эй фалон…

Сенга юзлаб ваъда бергайлар, хуш ул,

Аслини сўрсанг, нишони оташ ул.

Ул нечук ўтдир, у-дунёйи гузар,

Шер каби қоч ул оловдин, эт ҳазар.

Чун ҳазар этсанг, дилинг хуш бўлгуси,

Хуш дилингдин манзилинг хуш бўлгуси.

2255 Оташ ул ўнгингда ҳозир, йўл – азоб,

Тан заифу дил асиру жон хароб.

Барчасидин кеч-да, фориғ, айру бўл,

Арзимас бир лаҳза парвойингга ул.

Гар басе кўрдинг жаҳонни, жонфишон,

Қолмагай сендин вале ному нишон.

Ҳар неча кўрдинг, бари эрди абас,

Бундан олдин неча айтдик, энди бас…

            ҲИКОЯТ

ЎҒЛИ ЎЛГАН КИМСАГА ОШИҚНИНГ

      АЙТГАНЛАРИ

Бир кишининг ўлди фарзанди, алам –

Доғида ул чекди фарёд дамба-дам.

2260 Тобути ортига тушди, бўзлади,

Ёш тўкиб, дарди дилини сўзлади:

Эй болам, келдинг жаҳонга, турмадинг,

Бемурод кетдинг, жаҳонни кўрмадинг…

Тинглади бедил бу сўзни, деди: ҳай,

Қанча термулма, тикан гул бўлмагай.

Шу жаҳонни орқалаб гар кетса ким,

Оқибат дерки, жаҳонни кўрмадим.

Тобакай наззорайи олам сенга?

Битди муҳлат, не керак малҳам сенга?

2265 Токи йўлдошинг эрур нафси хасис,

Боқ, нажосат ичрадир жони азиз…

ИНСОН УМРИНИНГ АЗИЗЛИГИ ҲАҚИДА

            ҲИКОЯТ

Уд ёқар эрди биров гулханда, бас,

Бошқаси ҳидларди оҳлаб ҳар нафас.

Бир азиз деди: ёқарсен мунча уд?

Удгамас, қўймоқдасен умрингга ўт.

Ҳар нафасни бил ғанимат эрта-кеч,

Андин ортиқ борму шу оламда ҳеч?

Ҳар дамингга айла айру эътибор,

Ҳаққа етгайсен, бўлиб давлатга ёр…

      ЎН ОЛТИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

2270 Бошқаси деди: эшит, эй сарбаланд,

Ишқи дилдор айламиш кўнглимни банд.

Келди ишқ, чун жабру бедод айлади,

Олди ул ақлимни, барбод айлади.

Юзлари орзусидин – жонимга ўт,

Тушди сўнгра бори хирмонимга ўт.

Бир нафас айру туролмам васлидин,

Айрилиқ дардига сабр этгайму мен?

Бошим айланмиш, яна елкамда юк,

Юк билан мен йўлга тушгаймен нечук?

2275 Водийи заҳмат аро юрмоқ керак,

            Юз балою юз жафо кўрмоқ керак.

Мен нечук ой юзли ёрдин айрилиб,

Ул йироқ йўлларда юргум оҳ уриб.

Дардга дармон бирла битмас ташвишим,

Куфру иймондин ошибдир бул ишим.

Куфрим, иймоним-да оташ ишқидир,

Жисмаро жоним-да оташ ишқидир.

Йўқ бу андуҳ ичра бир ёнимда кас,

Ғам ила андуҳ менинг ёнимда, бас.

2280 Ишқи тупроқларга қормишдир мени,

Зулфи элдин ҳам айирмишдир мени.

Айру тушдим сабру тоқат боридин,

Айру тушмам бир нафас дийдоридин.

Этди бундоқ ишқи золим, мен нетай?

Бўйладир ишқ ичра ҳолим, мен нетай?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди: эй сувратга толмишсен тамом,

Ғам, кудурат ичра қолмишсен тамом.

Ишқи суврат бу, на ишқи маърифат,

Ул келур шаҳватдин, эй ҳайвонсифат.

2285 Ҳар ҳуснким, ҳусни нафсоний эрур,

Келса андин ишқ агар, фоний эрур.

Ҳар ҳуснким, оқибат топгай завол,

Унга ошиқлик куфр бўлгай, вубол.

Хилту хундан суврат ул орастадир,

Номи тўлган ой, маҳи нокастадир.

Суврат ичра гар камайса хилту хун,

Тасқара тортгай у суврат, ул ҳусн.

Ул ҳуснким, қону ахлатдин келур,

Сен билурсен, бир кун охир не бўлур…

2290 Мунчалар сувратга учсен, мубтало,

Бас, келур бошингга андин юз бало.

Ким демиш нуқсону айбдин излагил?

Сен ҳуснин ҳусни ғайбдин излагил.

Гар кўтарса пардани Парвардигор,

На диёр қолгай ва на аҳли диёр.

Маҳв ўлур шул суврати офоқ кулл,

Жумла юксаклар чўкиб, тубан бўлур.

Бўлма сувратларга дўст, эй бехабар,

Бир-бири бирлан ғанимдирлар улар.

2295 Олами ғайб бирла дўст бўлгил, иноқ,

Бўйла дўстлик айбу нуқсондин йироқ.

Бошқаларни дўсту ёр тутса касе,

Айлагай афсус, надоматлар басе…

            ҲИКОЯТ

УСТОЗИНИНГ КАНИЗАГИГА ОШИҚ БЎЛГАН

            ТАЛАБА

Бир йигит бор эрди, ғоят кордон,

Оқилу зийрак эди, бисёрдон.

Фикру зикри таълиму таҳсил эди,

Унга ҳар йил икки тун таътил эди.

Халқи олам бирла йўқ эрди иши,

Таълим эрди ташвиши ёзу қиши.

2300 Мақбули устоз эди ул, қобиле,

Толиби илм эрди, андоқ нодире.

Ўзга шогирдлардин ул афзал эди,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации