Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Барча қушларнинг азиз, аълоси биз,

Чун ҳақиқатнинг асл маъноси биз.

Маҳв ўлиб бизда, кўриб юз иззу ноз,

Топдингиз бизда бу янглиғ ўзни боз…

Бўйлаким маҳв ўлди қушлар бардавом,

Офтобга сингди соя, вассалом.

4400            Йўл босарканлар, эди сўз омади,

Етдилар манзилга, сўз ҳам қолмади.

Баски қисқартмоқ керакдир сўзни ул,

Йўлчию йўлбошчи кетди, битди йўл…

            ҲИКОЯТ

Мансури Халложни ўтга отдилар,

Токи кул бўлгунча гулхан ёқдилар.

Бир куйик, афтода ошиқ бор эди,

Кўнглига ишқи ҳақиқат ёр эди.

Қўлида чўп бирла пайдо бўлди ул,

Келдию кул бошида ўлтирди ул.

4405 Чўпи бирлан кулни қўзғатди неча,

Қўзғади кулни ва сўз қотди неча.

Дедиким, кул эрса бул, ҳақ қайдадир?

Ростин айтинг, ул Анал-Ҳақ қайдадир?

Неки сўйлаб, не эшитдинг, барчаси,

Не кўриб, хотирга битдинг, барчаси.

Чин эмасдир, бошданоқ афсонадир,

Маҳв ўлким, масканинг вайронадир.

Асл иста, асл мустағнию пок,

Фаръ бўлдинг, бўлмадинг, андин не бок?162

4410 Баски хуршиди ҳақиқат бардавом,

Зарра бирлан соя турмас, вассалом…

ЎТТИЗ БИРИНЧИ МАҚОЛА

Кечди юз минглаб асрлар дамба-дам,

Аввали йўқди уларнинг, сўнгги ҳам.

Улки, қушлар жумла фоний эрдилар,

Эврилиб, ўзликка қайтиб келдилар.

Беҳуш эрмас, ҳушлимиз деб айтдилар,

Ал-фанодин ал-бақога қайтдилар.

Кечмишу ҳозирда бўлсин, кимса, бас,

Ул фаною ул бақодин сўйламас.

4415 Ул мақом эрмиш назардин чун йироқ,

Баски мушкулдир уни шарҳ айламоқ.

Истагайлар, не эмишдир унда ҳол,

Сўйласам айтиб неча рамзу мисол.

Қайданам айтгум уни, бергум дарак?

Ўлтириб, янги китоб ёзмоқ керак.

Не эмиш ул янги асрори бақо,

Англагай ул кимсаким, эрмиш сазо.

Кимсада эрса вужуд бирлан адам,

Ул нечук қўйгай бу манзилга қадам?

4420 Қолмаса ул ҳам сенга, бул ҳам сенга,

Ул бақойинг юз очур ул дам сенга.

Манзилинг олис, чу жондин оҳ чек,

Жонни шайла йўлга, азми роҳ чек.

Йўлда манзилдин кейин манзил келиб,

Сен етарсен жон чекиб, бедил бўлиб.

Мен кўрармен кони заҳматдир бу йўл,

Нега ухларсен, аё нодону гўл?

Аввалу охирга ҳар дам сол назар,

Кўр ўшал охирни, унда не самар…

4425 Нутфа айлаб, кўрсатиб юз иззу ноз,

Оқил айлаб сўнг уни, ҳам корсоз.

Сўнг авайлаб, воқифи асрор этиб,

Ўз ишида чун маърифат ёр этиб.

Сўнг ўлим бирлан йўқотгайдир уни,

Чўққидин чўнқирга отгайдир уни.

Шул йўсинда хокроҳ айлар яна,

Неча бир карра фано айлар яна.

Ул фано ичра очар юз турфа роз,

Ул ҳали бор бўлмай айтур унга роз.

4430            Унга борлиқни яна айлар нисор,

Топгай ул пастликда юксаклик қарор.

Не кутар олдинда, бир дам ўйлагил,

Йиғ ҳушингни, фикру андеш айлагил.

Токи жонинг бўлмагай мардуди роҳ,

Бўлмагайсен бунда ҳеч мақбули шоҳ.

Етмагунча кулли фонийлик сенга,

Етмагай ул жумла боқийлик сенга.

Қолдир ул ўзликни йўлда бул замон,

Бир куни тутсин қўлингдин ногаҳон.

4435            Йўқ эсанг, борлиқ етишгай, эй ўғил,

      Бор эсанг, қандоқ етишсин сенга ул?


      Топмасанг хўрлик ила маҳву фано,

      Қайданам етсин сенга иззу бақо?

            ҲИКОЯТ

Бор эди бир шоҳ, унинг давронида

Етти иқлим амрию фармонида.

Амру фармон узра Искандар эди,

Олам аҳли измида лашкар эди.

Довруғин юксалтмиш эрди ойга то,

Хоки роҳ ой эрди йўлга чиқса шоҳ.

4440            Хизматин айларди доно бир вазир,

Не вазир, чин хурдадону хурдагир163.

Ул вазирнинг битта ўғли бор эди,

Олам аҳли ҳусни унга ёр эди.

Унча барно кўрмамиш эоди жаҳон,

Мунча барноликни ҳам аҳли замон.

Бўйла ҳусни бирла, андоқким пари,

Кундузи чиқмасди уйдин ташқари.

Кундузи уйдин чиқиб келгай эди,

Юз қиёмат элда қўзғолгай эди.

4445            То яшаркан бу жаҳони ҳуррамий,

Бўлмамишди мунча барно одамий.

Чеҳраси эрди мисоли офтоб,

Сим-сиёҳ сочи муаттар, мушкноб.

Соябони офтоби мушк эди,

Лабларида оби ҳайвон хушк эди.

Бас, қуёшдек эрди равшан чеҳраси,

Оғзи эрди ул қуёшнинг зарраси.

Дема зарра, фитнайи мардум эди,

Ўттиз анжум зарра ичра гум эди.

4450            Зарра ичра гарчи эрмишди жаҳон.

Ўттизи порлаб, ёритгайди жаҳон.

Сочлари ўсмиш-да, юксалмиш эди,

Мавж уриб сўнг елкага тушмиш эди.

Сочларида неча тола, тор эди,

Ҳар бири жонлар осилган дор эди.

Қошлари мисли камон эрди ани,

Лек уни эгмоққа куч-дармон қани?

Наргиси афсунгар эрди кўзлари,

Отгали ўқ эрди киприклар бари.

4455            Лаблари сарчашмайи оби ҳаёт,

Ширин эрди ўйлаким қанду набот.

Хатти сабзи эрди андоқ бемисол,

Тўтийи сарчашмайи баҳри камол.

Ул йигит барнолигин мен сўйласам,

Етмагай умрим ва ожиздир қалам.

Шоҳ йигитга ошиғи шайдо эди,

Бошида ишқ дардидин савдо эди.

Қадри юксак эрди гар офтоб мисол,

Ул тўлин ой дардида эрди ҳилол.

4460            Ишқаро мустағни эрди ул қадар,

Маст эди андоқки, ўздин бехабар.

Кўрмаса офтоб жамолин бир замон,

Бағридин қонлар оқар эрди ҳамон.

Йўқ эди сабру қарори бир нафас,

Эрки бирлан ихтиёри бир нафас.

Кеча-кундуз ул йигит ҳамдам эди,

Кеча-кундуз мунису маҳрам эди.

Уззи кун шоҳ ёнидин қўймас эди,

Меҳри роз айтиб анга, тўймас эди.

4465            Тун чўкиб, зулматни этса ошкор,

Шоҳда қолмас эрди орому қарор.

Ухлар эрди шам нурида маҳлиқо,

Тун бўйи бошида посбон подшо.

Дарди ишқдин бағрини тиғлар эди,

Юзларига термулиб, йиғлар эди.

Гоҳ сочар эрди юзига атри гул,

Сочларини гоҳи сийпар эрди ул.

Оҳ чекарди, оҳи эрди мисли дуд,

Кўзларидин сел қуярди чун булут.

4470            Термулиб ой юзлининг ҳуснига гаҳ,

Оҳ чекарди, сипқорар эрди қадаҳ.

Айру тутмас эрди ўздин бир нафас,

Қайга борса, ёнида ул эрди бас.

Ул йигит хурсанд эмасди бунга ҳеч,

Боғламишди шоҳга қўрқув эрта-кеч.

Шоҳдин айрилса йигит гар бир даме,

Шоҳ унинг бошини узгайди ҳаме.

Ўғлини кўрмакка ота-онаси –

Интизорди, йўқди лекин чораси.

4475            Шоҳ қаҳру заҳридин қўрқиб улар,

Бул хусусда ҳеч оғиз очмасдилар.

Шоҳга қўшни уй-айвон бор эди,

Унда бир қиз бўй етиб, дилдор эди.

Бул йигит ул қизга кўнгил бойлади,

Ишқи бирлан ўзни мажнун айлади.

Бир кеча ул қурди суҳбат ёр ила,

Айлади васлу висол дилдор ила.

Ёр ила ўлтирди шоҳдин ул ниҳон,

Шоҳ маст эрди шароб нўш айлабон.

4480            Тун яримда уйқу учди шоҳдин,

Қўлда ханжар, чиқди ул хобгоҳдин.

Ахтариб чун, ўзни ҳар ён урди ул,

Икки ёр турган тарафга юрди ул.

Кўрди қиз бирлан йигит сармаст эди,

Икки кўнгил бирлашиб, пайваст эди.

Шоҳи номдор, бас, боқиб, кўрди буни,

Рашк ўти чирмашди, ёндирди уни.

Шоҳки бундоқ ошиғу ҳамдам эди,

Севгани лек ўзгага маҳрам эди.

4485            Деди: нодон мен каби шоҳни қўйиб,

Ўзгага бермиш кўнгил, жондин суйиб.

Ҳиммат айлаб, этдим унга мунча иш,

Кимсага ҳеч кимса мундоқ этмамиш.

Боқ, мукофотимга ул чун айлагай,

Айласин, ал-ҳақки, ширин айлагай.

Бор хазинамнинг калити илкида,

Не улуғлар бош эгарлар мулкида.

Мен анга ҳамрозу ҳамдам бўлсаму,

Ҳар нафас ҳамдарду маҳрам бўлсаму.

4490            Бир гадо бирлан севишса ул ниҳон,

Мен уни сургум жаҳондин шул замон…

Бас, амр этди: тутингиз, бойлангиз,

Келтиринг, қаршимда ҳозир айлангиз.

Тутдилар ошиқ йигитни, подшо

Урди бир калтак била тўйгунча то.

Сўнг буюрди – судраб элтингиз уни,

Дор тикиб, сўнг дорга тортингиз уни.

Терисин аввал шилингиз, деди, сўнг

Сарнигун айлаб, оёғидин осинг.

4495            Токи билсин барча, минбаъд аҳли шоҳ

Солмагай ҳаргиз бировга бир нигоҳ…

Элтдилар судраб йигитни дор томон,

Терисин шилмоққа ҳам азм айлабон.

Келди ўғли бошига вазир шу дам,

Чекди фарёд, деди: эй жоним болам,

Қайданам сенга ёпишди бу бало?

Не сабабдин сенга душман бўлди шоҳ?

Ўнта қул фармонга нозир эрдилар,

Қасди жон айларга ҳозир эрдилар.

4500            Келди вазир, кўксида дард эрди, доғ.

Ҳар бирига берди дурри шабчироғ.

Дедиким, мастдир бу оқшом подшо,

Бул йигитда йўқ сира айбу гуноҳ.

Тортса гар ҳушёр чу шоҳи номдор,

Ҳам пушаймон бўлгуси, ҳам беқарор.

Юз киши илкида ўлса шу ўғил,

Юзтасин ҳам қўймагай, ўлдиргай ул.

Деди қуллар: тўғри, лекин шоҳ агар

Келса, дорни холи кўрса бир маҳал,

4505            Бағримизни ул ҳамон хун айлагай,

Тиғ чекиб, қонларни Жайҳун айлагай…

Бор эди қотил, уни келтирдилар,

Қатлин айлаб, терисин ҳам шилдилар.

Осдилар сўнг дорга айлаб сарнигун,

Қилди тупроқларни қони лолагун.

Элтди вазир ўғлини, этди ниҳон,

Парда ортидин не бўлгай деб аён…

Кўз очиб, шоҳ тортди ҳушёр эрталаб,

Жонини ўртар эди қаҳру ғазаб.

4510            Чорлади қулларни ҳиддат ичра тез,

Сўрди: ул итваччани не қилдингиз?

Дедилар ул барча: тутдик, бойладик,

Терисин шилдик, уни қатл айладик.

Дорга осдик сўнгра айлаб сарнигун,

Ул ҳамон дорга осиғлиқ, ғарқи хун…

Тинглабон бундоқ жавобни, кулди шоҳ.

Ўнта қулдин баски амнун бўлди шоҳ.

Ҳар бирига тўну хилъат берди ул,

Неча мансаб бирла рағбат берди ул.

4515            Деди: ул мурдор қоронғу кечгача

Дорда турсин шул осиғлиқ ҳолича.

Барча кўрсин, ким эмиш ул нобакор,

Ибрат олсин жумла халқи рўзгор…

Бу хабар етди шаҳар аҳлига чун,

Ўртаниб диллар аламдин бўлди хун.

Халқ келиб тўп-тўп, сира тинмасдилар,

Дорда ким эрди, вале билмасдилар.

Дорда эрди қонга ботган эт фақат,

Териси буткул шилинган бир жасад.

4520            Ҳар кишиким кўз солиб, кўрган замон

Ул йигит ҳолига йиғларди ниҳон.

Барча бирдек термулиб, бош эгдилар,

Барча бирдек қайғуриб, оҳ чекдилар.

Тун кириб, шоҳ интиқиб дилдорига,

Бас, пушаймон бўлди ўз кирдорига.

Ишқ оширди дардини, зўр айлади,

Шерюрак подшони бир мўр айлади164.

Ул юсуфваш бирла шоҳ улфат эди,

Суҳбат айлаб, маскани хилват эди.

4525            Ҳам шароби васли бирлан эрди маст,

Энди унга дарди ҳижрон эрди, бас.

Битди сабри, кетди орому қарор,

Йиғлабон кўз ёши тўкди зор-зор.

Жонига чирмашди чун дарду фироқ,

Бағрини ёндирди оташ иштиёқ.

Ёшини селдек оқизди, қуйди шоҳ,

Бошини тупроққа охир қўйди шоҳ.

Кўк кийиб, мотам тутиб, оҳ урди ул,

Хуну хокистар аро ўлтирди ул.

4530            На таом айлар тановул, на шароб,

Кўзларидин учмиш эрди уйқу, хоб.

Сабру тоқат тунда тарк этди уни,

Деди: холи айлангиз дор остини.

Борди пинҳон ул йигитнинг ёнига,

Неки этмиш эрди, олди ёдига.

Ҳар ишин шоҳ бўйлаким ёд айлади,

Баски, фарёд узра фарёд айлади.

Сиғмас эрди кўксига дарди, ғами,

Ҳар замон юксалди, ортди мотами.

4535            Ул жасад остида ҳунграр эрди шоҳ.

Қонларин юзига суркар эрди шоҳ.

Оҳ уриб, тупроққа ўзни ташлабон,

Қўлларин тишлаб, узарди ҳар замон.

Йиғлабон тупроқ сочарди бошига,

Йўқ эди ҳадду ҳисоб кўз ёшига.

Тун бўйи чекди алам, ўртанди ул,

Шам каби кўз ёши тўқди, ёнди ул.

Чун насими субҳ эсгач беқарор,

Турди-да, юрди саройга шаҳриёр.

4540            Хуну хокистар аро ётди фақат,

Ғам мусибат баҳрига ботди фақат.

Қирқ кеча-кнудуз келиб, кечди тамом,

Бўлди қилдек ул шаҳи олий мақом.

Чилла ўлтирди, талабгор бўлди шоҳ,

Ул йигит ҳажрида бемор бўлди шоҳ.

Кимсада бир ҳолу ҳолат йўқ эди,

Шоҳга сўз айтурга журъат йўқ эди.

Чилладан ҳам ўтди муддат бир неча,

Ул йигитни тушда кўрди бир кеча.

4545            Ой юзи кўз ёшидин сўлмиш эди,

Қон ютиб, қон ичра ўлтирмиш эди.

Шоҳ сўрди: эй латифи жонфизо,

Не сабабдин ўлтирурсен қон аро?

Деди: аввал ошнолик айладинг,

Сўнгра бундоқ бевафолик айладинг.

Сен менинг терими шилдинг бегуноҳ,

Шулмидир расми вафо, эй подшо?

Дўст жўстга шунча ҳам этгайму бас,

Кофир ўлгайменки, кофир айламас.

4550            Мен не қилдим сенга, хун этдинг мени,

Дорга тортдинг, сарнигун этдинг мени.

Юз ўгирдим энди сендин, эй жаноб,

Менга бергайсен Қиёматда жавоб.

Юзлашармиз ул арода ошкор,

Интиқомимни олур Парвардигор…

Баски шоҳга бўлди бундоқ бир жавоб,

Оҳ чекиб, уйғонди ул, тарк этди хоб,

Қолди оташ ичра боз жону дили,

Дам сайин бўлди зиёда мушкули.

4555            Бўлди чун девона ул, гирёна ҳам,

Бошида дард узра дард, ғам узра ғам.

Бўлди чун девона, кўзни ёшлади,

Бир ёниқ фарёд чекишга бошлади.

Деди: эй, бошимда бундоқ мушкулим,

Ёнди жоним, қонга ғарқ бўлди дилим.

Неча йиллар дўсту ёр этдинг мени,

Мен вале қонларга гарқ этдим сени.

Мен каби ким бўйла мудҳиш кор этар,

Ўз-ўзига тиғ чекиб, абгор этар?

4560            Арзигай ҳар лаҳза бўлсам ғарқи хун,

Мен нечун дўстимни қатл этдим, нечун?

Ўртаниб, ёндим жудоликдин, ўғил,

Бурмагил юз ошноликдин, ўғил.

Мен ёмонлик айладим, сен айлама,

Қасди жон этдим ўзимга мен ҳама.

Кўнглим ичра доғ уза доғмен бугун,

Мен сенинг кўйингда тупроқмен бугун.

Қайдин излай мен сени, жоним менинг,

Шафқат айла, битди дармоним менинг.

4565            Гар жафо этдим сенга мен бевафо,

Сен вафо қил, этмагил жабру жафо.

Тўкдим ул қонингни, ваҳ, мен бехабар,

Тобакай қоним тўкарсен, эй жигар?

Маст эдим, келди хатолиғ қошима,

Тушди қисматдин қаролиғ бошима.

Ул куни кетдинг қошимдин ногаҳон,

Не эмиш сенсиз менга мулки жаҳон?

Даҳр аро сенсиз ололмасмен нафас,

Қолди умримдин бир-икки лаҳза, бас.

4570            Келди жон оғзимга, энди шаҳриёр

Хунбаҳойингга этар жонин нисор.

Мен ўлимдин қўрқмагум, ул не писанд?

Этганим жабру жафодин қўрқамен –

То абад узрини жоним сўрса то,

Ўтмагай узри, ювилмас бу гуноҳ.

Кошки эрди чексалар бўйнимга тиғ,

Кетса кўнглимдин басе дарду дариғ.

Холиқо, ёндирди бу ҳасрат мени,

Солди оташларга боз ҳайрат мени.

4575            Менда йўқ ҳеч тоқату тоби фироқ,

Мунчалар куйдирди жоним иштиёқ.

Ол шу жонимни, аё, бер раҳматим,

Қолмади ортиқ кутишга тоқатим…

Бўйла сўзлар айтди, хомуш бўлди шоҳ,

Сўнгра хомушликда беҳуш бўлди шоҳ.

Оқибат пайки иноят етди, бас,

Келди шукрона, шикоят битди, бас.

Ҳаддидин ошди чу дарди подшо,

Вазири пинҳон боқар эрди анго.

4580            Ўғлини ораста этди, шайлади,

Сўнгра ул шоҳи жаҳонга йўллади.

Борди шоҳ олдига ойдек дафъатан,

Илкида шай эрди шамширу кафан.

Борди шоҳ олдигаву тиз чўкди ул,

Сел каби кўз ёшларини тўкди ул.

Кўрди ул ой юзлини шоҳи жаҳон,

Мен буни айтмоққа ожизмен ҳамон.

Шоҳ йиқилди ерга, сўнгра ул ўғил,

Кимса билмас, не ажаб ҳол эрди бул.

4585            Ҳар не айтсам, битмагай ул, кам эмиш,

Инжу сув қаърида бундоқ жам эмиш.

Шоҳ бўлди дарди ҳижрондин халос,

Тутдилар маскан яна айвони хос.

Ул арода воқифи асрор йўқ,

Икки дўст эрди, вале ағёр йўқ.

Ул сўз айтиб, бул муқаррар тинглагай,

Кўр киши кўргай буни, кар тинглагай.

Ким бўлибманки, буни шарҳ айласам,

Жон берурмен шарҳ этишни ўйласам.

4590            Кўрмайин, бўлгай нечук шарҳ бермагим.

Четдадирмен, яхшидир жим турмагим.

Гар ижозат этса пешволар менга,

Бир қадар шарҳини сўйлардим сенга.

Лек арога бунда қил ҳам сиғмагай,

Бас, сукут қил, ўзга маҳрам сиғмагай.

Сиғмагай қил ҳам арога бул замон,

Сенга хомушлик эрур тиғи забон.

Боқки, савсангул тили ҳам юз эрур,

Лек кўнгил бермиш чу хомушликка ул.

4595            Бунда мен ҳам сўзни этгаймен тамом,

Иш керак, сўз неча айтдим, вассалом…

      КИТОБ ХОТИМАСИ

Айладинг, Аттор, шу оламга нисор

Мушки асрорингни ҳар дам неча бор.

Чулғаниб атрингга офоқи жаҳон,

Тўлдилар шавқингга ушшоқи жаҳон.

Кел, ишқдин дам уриб, офоқ чек,

Гаҳ навое пардайи ушшоқ чек.

Ёзганинг ушшоқи Ҳаққа келди хуш,

Ҳар сўзингдин тушди шу жонларга жўш.

4600            Сенда хатм ўлди чунон офтобда нур,

Мантиқут-тайру мақомоти туюр165.

Бул надир, йўл узра ҳайронликмидир?

Ё магар девони сарсонликмидир?

Дилда дардинг бўлса, кел, майдонга туш,

Жон фидо этгил-да, бул девонга туш.

Бўйла майдонким, кўринмас жон сенга,

Ҳам кўринмасдир ўшал майдон сенга.

Бўлмаса дардинг, билинмас дарди ҳам,

Не эмиш дарди, кўринмас гарди ҳам.

4605            Дулдули дардингга мин, юргил ҳамон,

Баски юрдинг, юр муродинг кўзлабон.

Бемуродлик бўлмагунча нонинг ул,

Ҳеч тирилгайму дили бежонинг ул?

Дард ҳосил қилки, дармонинг ўшал,

Аввал-охир доруйи жонинг ўшал.

Гар китобимга боқарсен, марди роҳ,

Боқма мағрур, айлама кибру ҳаво.

Боқ менинг дардимгаю додимга ет,

Юзта дардимнинг бирига бовар эт.

4610            Бул китобга дард ила боқсанг неча,

Етгай ул давлат тўпинг даргоҳгача.

Не эмиш зоҳидлигу озодалик?

Дард лозим, иш сенга – афтодалик.

Кимда дард эрса, у дармон топмасин,

Кимки дармон истаса, жон топмасин.

Эр керак, бегонадир уйқу анга,

Ташнадир, бўлмас муяссар сув анга.

Ким бу сўзни жонига этмас ҳабиб,

Унга етмас ишқ тарийқидин насиб.

4615            Ким ўқирса, илтифотга етгуси,

Англаган, мақсад, муродга етгуси.

Аҳли суврат ғарқи гуфторим менинг,

Аҳли маъни марди асрорим менинг.

Бул китоб оройиши айём эрур,

Бўйлаким, хосу авомга завқ берур.

Муз қотиб қолганлар очса бул китоб,

Юзланур оташ анга, очгай ҳижоб.

Бор менинг назмимда бир файзи ажиб,

Дам сайин андин зиёд бўлгай насиб.

4620            Гар ўқиш сенга муяссар бўлгуси,

Ҳар сафар кўпроқ муаттар бўлгуси.

Парда ортида келиндир ул чунон,

Бир йўла ҳуснин сенга этмас аён.

То қиёмат бўлмагай бир муғтанам,

Мен каби сурса қоғоз узра қалам.

Мен ҳақиқат баҳримен, гавҳарфишон,

Хатм ўлди менда сўз, булдир нишон.

Мақтовимни сўйладим, айтиб баёт,

Бир киши айларму бунга илтифот?

4625            Аҳли инсоф билгуси қадрим менинг,

Нур сочар андоқ маҳи бадрим менинг166.

Сўйладим ҳолимни андак сўз аро,

Англаган инсоф ила бергай баҳо.

Халққа сочдим бўйлаким дурру гуҳар,

То қиёмат мен тирикмен ҳар маҳал.

Халқ мени қўймас тилидин ҳеч қачон,

Ёдланурмен, бас менга шул армуғон.

Гар ўшал тўққиз фалак емрилса ҳам,

Бул китобдин бўлмагай бир нуқта кам.

4630            Кимсага йўлбошчи бўлса бул китоб,

Йўл очиб, кўз ўнгидин сургай ҳижоб.

Бул китобдин етса кўнгилга камол,

Ул дуогўйга дегилким, ёд ол…

Илкингизга гул каби тутдим буни,

Эй азизлар, ёд этинг, эсланг мени.

Ҳар киши ким эрди, кўрсатди аён,

Жилва айлаб, йўлга ул бўлди равон.

Ухлаганлар олди бошимдин ҳушим,

Жилвалар этди уларга жон қушим.

4635            Бул сўзим жону кўнгилга етгуси,

Ухлаган жонларни ул уйғотгуси.

Ўнгланиб чун, олға босгайдир ишим,

Оқибат битгай ғамим ҳам ташвишим.

Ўзни ёқдим мен чароғдек бир умр,

Шам каби сочдим жаҳонга шуъла, нур.

Бир чароғдон бўлди бул жисму думоғ,

Тобакай дунёда бўлгаймен чароғ?

Билмадим роҳат, фароғат, хурду хоб167,

Жоним ўртанди, жигар бўлди кабоб.

4640            Мен дедим кўнглимга: эй бисёр гўй168,

Энди жим бўл, изла асрор, сўзни қўй.

Деди: айб этма, ичимда ўт, тутун,

Сўзламас эрсам, ёнармен бус-бутун.

Ёнса бундоқ баҳри жоним ичра ўт,

Мен нечук бир лаҳза этгаймен сукут?

Кимсага беҳуда айтмам сўзни мен,

Ҳар нафас машғул этармен ўзни мен.

Неча бор дарди дилимни сўйлайин?

Мен бу иш марди эмасмен, найлайин?

4645            Бул ҳама афсонаю беҳудалик,

Эр иши жондин кечиш, осудалик.

Дилки бул беҳудага машғул эрур,

Не чиқар сўздин агар эскирса ул?

Жон фидо этмак керак, юз бор дедим,

Чўзма гапни, айла истиғфор, дедим.

Тобакай ёнгай бу жон, куйгай давом,

Жон фидо этгил-да, хомуш бўл тамом…

            ҲИКОЯТ

Жон бераркан пири дононинг бири,

Деди: билсайдим агарда илгари.

4650            Сўзламоқдин тингламоқ афзал эрур,

Сўзламасдим, зое этмасдим умр…

Ложарам олтинга тенгдир яхши сўз,

Айтмаган сўз эрса олтиндан азиз.

Бори мушкул қисмати мардони мард,

Бизга қисмат бўлди сўзу дарду дард.

Дарди дин бўлсайди сенда ончунон,

Ҳар не айтсак, англай эрдинг бегумон.

Ошноликдин дилинг бегонадир,

Ҳар не айтсам, ул сенга афсонадир.

4655            Бор-да, роҳатлан-да, чўмгил уйқуга,

Мен эсам афсоналар сўйлай сенга.

Сўйлагай афсона Аттор хуш-хуш,

Уйқу босса, ухласанг роҳат, на хуш.

Ёғ тўкиб, кўйлакни андоқ мойладик,

Инжуни тўнғизга маржон айладик.

Сидқидилдан суфра ёздик неча бор,

Суфрадин турдик ва лекин оч-наҳор.

Айладим нафсимга фармон, бўлмади,

Дору бердим унга, дармон бўлмади.

4660            Келмади бир иш қўлимдин, ўйладим,

Қўлни ювдим ўздин, узлат айладим.

Жазбайи Ҳақ бунда лозим, йўқса, ҳай,

Жаҳд этарсен, бир натижа бўлмагай.

Нафс семирди, ўзни бир дам тиймади,

Мен тўйиб жондин, вале ул тўймади.

Олмади бир дам қулоққа хоҳишим,

Зое кетди барча оҳу нолишим.

Токи мен жон бермагунча зор-зор,

Олмагай пандимни ул, Парвардигор…

            ҲИКОЯТ

4665            Ўлди Искандар тутиб ул роҳи дин,

Чун Арасту деди унга: шоҳи дин,

Панд-насиҳат айлар эрдинг сен мудом,

Халққа ул пандинг бугун бўлди тамом…

Эй кўнгил, юз бир бало олдингдадир,

Бори сергак бўл, ажал ортингдадир.

Мен сенга қушлар каломин сарбасар

Сўйладим, фаҳм айлагил, эй бехабар.

Айламишлар аҳли ошиқ, неча кас

Ул ажал келмай туриб тарки қафас.

4670            Бас, улар шарҳи, баёни ўзгадир,

Бунда қушларнинг забони ўзгадир.

Ким Симурғ олдида иксир ўнглагай,

Ул ҳама қушлар тилини англагай.

Чун билиб ул панди юнонийни сен,

Не билурсен ганжи руҳонийни сен?

Панди юнондин керак фард бўлмагинг,

Йўқса, қайдин дин аро мард бўлмагинг?

Кимки ул ҳикматга кўнгил берса гар,

Ул демак девони ишқдин бехабар.

4675             Фалсафа «фе»сини суйгаймен нечук?

Куфр «коф»и менга андин кўп суюк.

Чун куфрдин парда тортилса, ҳижоб,

Сен куфрдин ўзни тортгайсен шу тоб.

Лекин ул илми жадалким йўл тўсар,

Мардуми огоҳга этгайдир асар.

Гар ўшал ҳикматга бергайсен кўнгил,

Ёндириб, кул айлагай кўнглингни ул.

Ёқса юнон ҳикматин ул шамъи дин,

Шамъи кўнглингга зиён етмас кейин.

4680            Сенга басдир неча пирлар ҳикмати,

Ҳикмати юноннинг ул не ҳожати?..

Дам урарсен мунча, Аттор, бесабр,

Сен бу ишнинг марди эрмассен, ахир.

Кеч вужудингдин басе, эй жони пок,

Сўнг сочил тупроқ бўлиб, хок узра хок.

Токи борсен, поймолдирсен фақат,

Йўқ эсанг, бош узра тождирсен абад.

Сен фано бўл, жумла ул аҳли фано

Токи даргоҳ йўл бўшатгайлар санго.

4885            Бул сўзим ҳар кимсага раҳбар эрур,

Сенга ҳам басдир, кифоят айлаюр.

Йўлдаги қушлардин эрмасмен, сенга

Зикрини айтдим уларнинг, бас менга.

Ўтди карвонлар, чу гард этмиш насиб,

Кечди жонлар, менга дард этмиш насиб…

            ҲИКОЯТ

Сўрди сўфийдин биров: айтгил ўзинг,

Тобакай мардони Ҳақдандир сўзинг?

Дедиким, мардони Ҳақдин бардавом

Сўйласам, бул менга хуш келгай мудом.

4690            Ҳар сафар айтиб уларнинг қиссасин,

Жону дилдан сўйлагаймен ҳиссасин.

Мен шакар деб отини айтсам нуқул,

Бул заҳардин яхшироқдир ҳар тугул.

Жумла девоним басе девоналик,

Ақлу ҳушдин айрилиқ, бегоналик.

Неча сўзлармен яна, билмам, ажаб,

Неча излармен яна, билмама, ажаб.

Мен чу нодон давлатим тарк айладим,

Аҳли ғафлатга ўгитлар сўйладим.

4695            Десалар: йўлдин адашган, гумроҳ,

Бул гуноҳ узрин ўзингдин сен сўро.

Билмадим, келгайму тўғри менга бул,

Юз умр етгаймикин узримга ул?

Йўлида гар машғул эрсам корга мен,

Мунчалар ботмас эдим ашъорга мен.

Гар унинг йўлида тутсайдим мақом,

«Шин»и шеърим «син» бўлур эрди мудом.

Мен узр айтгум бу гуфторим учун,

Бўйлаким беҳуда ашъорим учун.

4700            Шеър айтмоқ – бесамарликка далил,

Ўзни кўрмак бу ва жоҳиллик эрур.

Кўрмадим оламда бир маҳрам касе,

Шеър ила дардим баён этдим басе.

Бўлса сирдошинг, дилинг оч, сўзлагил,

Бўзлагил ҳар дам, аслни излагил.

Мен-да ўртандим мудом, қон йиғладим,

Бўйла қон сочгувчи сўзлар сўйладим.

Ҳидласанг шул баҳри кўнглимни басе,

Сўзларимдин бурқирайдир қон иси.

4705            Заҳри бидъатга йўлиқса кимса ул,

Унга шул юксак сўзим тарёқ эрур.

Кимсалар борким Худодин бехабар,

Ичкизурлар менга бу хуни жигар.

Битта қотган нон-ла ёзгум суфрани,

Кўзларим ёши-ла намлармен уни.

Суфрада кўнглимни бирён айлагум,

Гоҳ-гоҳ Жибрилни меҳмон айлагум.

4710            Менга Руҳул қуддус ул ҳамкоса чун,

Ўзгалар нонини синдиргум нечун?

Ўзгаларнинг нони эрмас менга хуш,

Менга бас ноним била шу нонхуруш.

Ганжи дилдир жонафзойим менинг,

Чин ҳақиқат кўнгил оройим менинг.

Бир кишида шунча давлат бўлса, бас,

Суфлалар олдида ул тушгайму паст?169

Минг шукур, дарбор ила йўқдир ишим,

Номуносиблар била йўқ ташвишим.

4715            Бош эгиб, ҳар кимга таъзим этмадим,

Дуну олчоқни хўжам деб айтмадим.

Тотмадим золим таомин мўлтираб,

Бир китоб ҳам битмадим унга атаб.

Ҳиммати олий нишоним бас менга,

Қуввати руҳи равоним бас менга.

Пешқадамлар бирла бўлди улфатим,

Борму худбинларга сабру тоқатим?

Халқ ғамидин бўйла озод ўлмишам,

Юз бало гирдобида шод ўлмишам.

4720            Мен улардин баски фориғмен ҳамон

Хоҳ десин яхши мени, хоҳи ёмон.

Мен чунон дард ичрадирмен, ўйлаким,

Жумла дунёдин этакни силкидим.

Гар ўшал дарди дилимни сўйласам,

Сен менга ҳайрон бўлурсен менданам.

Жисму жон кетди, улардин менга боз

Қолгани дарду дариғ эрди, холос…

            ҲИКОЯТ

Чун етишди пирга Азроил тиғи,

Деди: менда йўқ сира йўл озиғи.

4725            Манглайим терини тупроққа қориб,

Битта ғишт қуйган эдим чарчаб, ҳориб.

Шишага йиғдим кўзим ёшини ман,

Жанда тикдим эскидин, бўлгай кафан.

Аввал ул ашким-ла мурдамни ювинг,

Сўнгра бошим остига ғиштим қўйинг.

Ул кафанни ёшларим бирлан ювиб,

Эй дариғо, деб ёзув ёздим, қавиб.

Ул кафан бирлан ўралсин бу вужуд,

Топширинглар сўнг уни тупроққа зуд.

4730            То қиёматга қадар рангим сариғ,

Ул мозоримга ёғар дарду дариғ.

Не сабаб дардим туташмиш ончунон?

Пашша бирлан ел турарму ёнма-ён.

Соя истар баски офтобдин висол,

Лек етишмоқ унга савдойи маҳол.

Гар маҳолдир, лек урингайдир фақат,

Ўзни ул офтобга ургайдир фақат.

Кимки тушгайдир бу янглиғ пешага,

Бундин ортиқ бормагай андишага.

4735            Дам сайин бошимда ортар мушкулим,

Мен нетиб андин аритгаймен дилим?

Мен каби бир зору танҳо бормикин?

Ташналаб чун, ғарқи дарё бормикин?

Кимса борму, бўлса ул ҳамдам менга?

Бўлса ҳамдард, улфату маҳрам менга?

На бировни мадҳ этарга ҳимматим,

На қоронғу ичра бордир хилватим.

На дилим, на ўзга дил бирлан ҳавас,

Яхшилик этмам, ёмонлик ҳам эмас.

4740            На ҳавойи луқмайи султон менга,

На сазойи силлайи дарбон менга.

На бориб, танҳо туришга ҳолатим,

На улисдин айрилишга тоқатим.

Бўйла аҳволим менинг зеру забар,

Деб ўшал пир ҳолидин берди хабар…

            ҲИКОЯТ

Бир киши дедики, ўттиз йил тамом

Кун кечиргаймен бу янглиғ мен давом.

Не эди ул онда Исмоилда ҳол,

Отаси бошин кесаркан, шу мисол.

4745            Боқки, Исмоилда бир дам эрди ул,

Менда бу ҳолат туганмас бир умр.

Кимса билмас, мен нечук зиндон аро,

Кечалар зулмат менга, кундуз қаро.

Гоҳ ёниб шамдек, чекармен интизор,

Гоҳи йиғлармен чу абри навбаҳор.

Сен боқиб шамга, кўрарсен нур фақат,

Бошида оташ унинг кўксида дард.

Кимсага кимса йироқдин боқса ул,

Термулиб, кўнглига ҳеч топгайму йўл?

4750            Билмагум, чавгонга тобе тўпсимон,

Қайда бошимдир, оёғимдир қаён?

Бир самар кутдим танимдин, келди ҳеч,

Неки айтдим, не бажардим, бўлди ҳеч.

Эй дариғо, кимса ёрдам айламас,

Умр зое кечди бекорликда, бас.

Қувватим бор эрди, ишни билмадим,

Ишни билган онда, битди қувватим.

Бул замон чун ожизу бечорамен,

Чора излармен басе, оворамен…

            ҲИКОЯТ

4755            Этди тарк Шиблий жаҳонни қайғуда,

Бир кеча шогирди кўрди уйқуда.

Сўрди: не бўлди ишинг, эй некбахт?

Деди: бўлдим мен сўроқ пайти карахт.

Чун кўриб афтода аҳволим маним,

Ўз-ўзимга баски душман эрканим,

Раҳматин кўрсатди Тангрим бешу кам,

Этди бахшойиш менга лутфу карам…

Холиқо, кўйингда бир бечорамен,

Бир чумолимен, чўлоқ, чоҳ ичра мен.

4760            Бехабармен, даҳр аро киммен ўзим?

Қайдадурмен, кимга мансубмен ўзим?

Бекасу бедавлату беҳосиле,

Бенавою беқарору бедиле.

Кечди, бас, хуни жигар бирлан умр,

Етмади жонимга бир дам баҳра ул.

Ҳар нечук сўз айтдим, эрди ул гуноҳ,

Келди жон оғзимгаву бўлдим адо.

Учди қўлдин, кетди, диним қолмади,

Қолди суврат менда, маъним қолмади.

4765            Мен на кофир, на мусулмонмен бу дам,

Бул аро йўл узра ҳайронмен бу дам.

На мусулмону на на кофир, не қилай?

Иш менга ҳаддин жафодир, не қилай?

Тангу тор эшикда кўргаймен ўзим,

Чорасиз, деворга бургаймен юзим…

Йўлни очгил мискину оворага,

Эт иноят мен ғариб, бечорага.

Гарчи йўқдир зоди роҳим, эй ҳабиб170,

Бор ҳамиша ашку оҳим, эй ҳабиб.

4770            Оҳ ила айбимни куйдирсанг, нетар?

Дафтарим кўз ёш ила ювсанг, нетар.

Кимки кўзда ёшини дарё қилур,

Бас, муносибдир ўшал манзилга ул.

Улки кўзда ёши чун хунбор эмас,

Айт анга, борсин, у бизга ёр эмас…

            ҲИКОЯТ

Йўл босар эрди аролаб Пири куч,

Ногаҳон неча малакка келди дуч.

Пир уларга боқди, бўлди кўнгли ғаш,

Бир ҳовуч пул ўртада эрди талаш.

4775            Пир уларга юзланиб, сўрди савол:

Англатинг, не ақча эрмиш бу, не ҳол?

Қушсимон эрди бири, деди: аё,

Кечди бу йўлдин ғарибу бенаво.

Кўнглидин оҳ чекди андоқ, ўтди ул,

Кўзидин ёш тўкди қайноқ, кетди ул.

Биз ҳамон бул роҳи дард узра юриб,

Оҳ ила кўз ёши олгаймиз териб…

Эй Худо, чун ашку зорим бор менинг,

Йўқса молим, бўйла борим бор менинг.

4780            Баски бул ерда раводир ашку оҳ,

Кам эмас, бандангда мўлдир бул матоҳ.

Покла оҳим бирла шул жоним менинг,

Юв кўзим ёши-ла девоним менинг.

Бўйла бир чоҳ ичрадирмен, пойбаст171,

Сендин ўзга кимса бермас менга даст.

Ҳам тани заҳматкашим бўлмиш адо,

Ҳам бу кўнглим порадир чун қон аро.

Бу забун ҳолимни маъзур тут, Эгам,

Чоҳу зиндондин келурмен ушбу дам…

            ҲИКОЯТ

4785            Бу Саиди Миҳна дўст, асҳоб аро,

Ўлтирарди, маскан эрди хонақоҳ.

Кирди ногоҳ кимса масту беқарор,

Кўзларидин ёш тўкиб, ошуфтавор.

Йиғлабон, бадмастлик оғоз айлади,

Неча носоз ишни ул боз айлади.

Шайх турди, келди мастнинг қошига,

Меҳру шафқат-ла эгилди бошига.

Нега йиғларсен, аё маҳжур, деди,

Бер қўлингни, ётма бундоқ, тур, деди.

4790            Маст деди: эй, Тангри ул ёринг сенинг,

Дастгирликми магар коринг сенинг?

Сен олиб бошингни, боргил дашту кўй,

Мен йиқилдим, бул ишимни Унга қўй.

Дастгирлик келса ҳар кимдин, ҳамон

Бек бўлур эрди чумоли шул замон.

Этма даъво, сен этар ишмас бу, мен

Сенча эрмасмен, бўлак бир кимсамен…

Шайх йиқилди, туйди мастнинг дардини,

Ювди ёши бирла ранги зардини…

4795            Холиқо, ҳар лаҳза шул додим сенга,

Тут менинг илкимни, бўл дастгир менга.

            ҲИКОЯТ

Бир азиз дедики, Тангри зулжалол

Дашти маҳшарда сўрар мендин савол.

Айт, не келтирдинг, деса, дерманки, оҳ,

Чоҳу зиндондин не келтиргум, Илоҳ?

Чиқдим ул зиндондану саргаштамен,

Ғамга ғарқмен, дард ила оташдамен.

Бенавомен, ғамга ботган бир қулинг,

Чоҳу зиндонингда ётган бир қулинг.

4800            Бор умидим, лутф этгайсен менга,

Хилъати фазлингни тутгайсен менга.

Кир ва иркитмен, мени пок айлагил,

Эт мусулмону фараҳнок айлагил.

Ғишту тупроқ ичра ётгайдир таним,

Сен кечир яхши, ёмонимни маним.

Бўйлаким йўқдин яратдинг, эй Худо,

Айласанг маъзур яна, бўлгай раво…

            ҲИКОЯТ

Чун Низомулмулк оларкан сўнг нафас,

Деди: Эй Оллоҳ, кетармен хушк даст172.

4805            Эй Худойим, мен очиб оламга кўз,

Кўрганим ҳар кимса сендин очса сўз,

Жонни ул сўзга харидор айладим,

Ўзни ундоқ кимсага ёр айладим.

Ҳар нафас бўлдим харидоринг сенинг,

Сотмадим ҳеч номусу оринг сенинг.

Мен сотиб олдим, Эгам, ёлғиз сени,

Лек бировга сотмадим ҳаргиз сени.

Сўнг нафасда кел, харидор бўл менга,

Дўсту ёрим йўқ, ўзинг ёр бўл менга.

4810            Сўнг нафас жонимга бундоқ етди, бас,

Эй Худо, бошимда тургил бир нафас.

Дўстларим тупроққа чун айлаб ниҳон,

Қўл узиб мендин, нари кетган замон,

Қўл узатгил сен қулингга, Ҳувву Ҳай,

Домани фазлингни мен маҳкам тутай…

            ҲИКОЯТ

Гар Сулаймон этса-да касби камол,

Қолди ожиз бир куни, сўрди савол.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации