Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"
Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 14 страниц)
Юзларин гулгун қилурмен қонидин,
Жой берармен муттақийлар ёнидин.
Масканимда соя этгаймен уни,
Сўнгра очгаймен юзим офтобини.
2715 Чун юзим офтобини кўрган замон
Соядин қолгайму ҳеч ному нишон?
Соя қолгайму юз очса офтоб?
Ул қолур, валлоҳу аълам бис-савоб.
Кимки унда маҳв бўлгай, бўлди, бас,
Кечгай ул ўздин, бўлолмас худпараст.
Маҳв бўлгил, мавҳ бўлишни сўйлама,
Жон фидо этгил, ўлишни сўйлама.
Кечса ўздин, бир йўла йўқ бўлса ким,
Бундан ортиқ ганжу давлат бормикин?
ҲИКОЯТ
ФИРЪАВН СЕҲРГАРЛАРИ ТОПГАН
ДАВЛАТ
2720 Етдиму давлатга андоқ бир башар,
Фиръавн соҳирлариким етдилар?
Ул не давлат эрди, хушҳол топдилар,
Юз буриб иймонга, дарҳол топдилар?
Бўлдилар жондин жудо чун ул нафас,
Кўрмамишди бўйла бир давлатни кас.
Қўйдилар дин сори андоқ бир қадам,
Бир қадам-ла кечдилар дунёданам.
Этмамиш ҳеч кимса бу янглиғ амал,
Ҳеч бутоқдин келмамиш бундоқ самар.
ЙИГИРМА БИРИНЧИ МАҚОЛА
БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ
2725 Бошқаси сўрдики, эй соҳиб назар,
Борму бу маънода ҳимматдин асар?
Гарчи суврат ичра пастдир қийматим,
Лек ҳақиқатда баланддир ҳимматим.
Гарчи кўпмас тоатим, эй шаҳсувор,
Устивор ҳиммат ва ғайрат менда бор…
ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ
Деди: неча эрса ушшоқи Аласт,
Ҳиммати олий қўриқлар ҳар нафас.
Кимда бўлса ҳиммати олий, басит,
Икки олам қулфига солгай калит.
2730 Гар кишига зарра ҳиммат берса даст,
Ҳиммати этгай баланд офтобни паст.
Даҳр аро шамсу камар ҳиммат эрур,
Жон қушига болу пар ҳиммат эрур.
ҲИКОЯТ
ЮСУФНИ МИСРДА СОТИШГАНИ
Ул куни Юсуфни сотмоқ бўлдилар,
Эл ҳама шавқу ҳавасга тўлдилар.
Бас, харидорлар кўпайди, ошди чун,
Ўн саноч тиллога тенглаб қийматин.
Кекса бир кампир-да бор эрди у дам,
Илкида бир неча дона ип ўрам.
2735 Даврага тушди басе айлаб хуруш,
Деди: эй даллол, аё Юсуффуруш.
Шу ўғилни орзу айлаб ҳар замон,
Ўн калоба ип йигирдим мен ҳамон119.
Ипларим олгил, нисор этдим анга,
Илкини илкимга тутқиз, бер менга…
Кулди даллол, деди унга: эй салим,
Тушмагай илкингга бул дури ятим.
Ўн хазина зар анга холис баҳо,
Қайда бўлгай ип бериб олмоқ санго?
2740 Деди кампир: мен билармен, тингла, ҳай,
Бу ўғилни ипга ҳеч ким сотмагай.
Менга басдир ёд этиб исмим менинг,
Десалар, шул ҳам харидори анинг…
Ҳиммати олийга етса ҳар кўнгил,
Давлати беминнат унга юзланур.
Соҳиби ҳиммат эди подшоҳи жуд,
Ул ўзи подшолигига урди ўт.
Қўйди подшоликни, чун айрилди ул,
Неча подшоликка ноил бўлди ул.
2745 Ҳиммати жўш урди, тутди илкидин,
Юз ўгирди тожу тахти, мулкидин.
Тушса гар ҳиммат кўзи офтобга, бас,
Зарра бирлан ҳамнишинлик айламас.
ҲИКОЯТ
ИБРОҲИМ АДҲАМНИНГ БИР ФАҚИРГА
АЙТГАНЛАРИ
Бир киши бор эрди, йўқсил эрди ул,
Мен фақир, деб оҳ чекар эрди нуқул.
Сўрди чун Иброҳим Адҳам: эй жигар,
Арзон олгансен фақирликни магар?
Деди кимса: бул сўзинг беҳуда, бас,
Ҳеч фақирликни сотиб олгайму кас?
2750 Деди: мен жондин севиб қолдим уни,
Мулки олам нархига олдим уни.
Неча юз оламга олгаймен ҳануз,
Гавҳарим деб жонга солгаймен ҳануз.
Баски арзон тушди менга бул матоҳ,
Ул сабаб шоҳликка айтмишмен видо.
Мен билармен қадрини ул, сен эмас,
Мен қилармен шукрини ул, сен эмас.
Аҳли ҳиммат жону дил айлаб гаров,
Ою йилларким ёнурлар лов-лов.
2755 Бўлди ҳиммат қушлари Ҳаққа якин,
Кечдилар чун, қолди дунё, қолди дин.
Сен агар чун соҳиби ҳиммат эмас,
Тур йироқким, сен валинеъмат эмас…
ҲИКОЯТ
Шайх Ғаврий неча мажзуб дўсти-ла120
Борди-да, жойлашди кўприк остига.
Подшо Санжар ўтаркан бошукуҳ,
Сўрди: кўприк остида не ул гуруҳ?
Шайх деди: бошсиз, оёқсизмиз ҳама,
Бизни икки нарсадин хориж дема.
2760 Бизга дўст бўлсанг агарда бардавом,
Бездирармиз ушбу дунёдин тамом.
Бизга душманликни гар кўрсанг раво,
Айлагаймиз унда динингдин жудо.
Гар тушиб, биз бирла бўлсанг бир нафас,
На ҳаво жонингда қолгай, на ҳавас.
Дўсту душманликни кўр, камситмагил,
Бос оёқни, ўзни расво этмагил…
Деди Санжар: сизга мен ҳамдам эмас,
Хуш эмассиз менга, нохуш ҳам эмас.
2765 На менинг дўстимсизу на душманим,
Мен кетармен, ёнмасин то хирманим.
Сиз билан фахрим ё орим йўқ менинг,
Яхшисизми, йўқми, корим йўқ менинг…
Ҳиммат ул қушдирки чун учқур қанот,
Ҳар замон этгай шитоб, айлар сабот.
Кўрмаса то йўлни ул, учгай нечук?
Ул ҳақиқат чўққисин қучгай нечук?
Ул учар борлиқ жахон узра баланд,
Юксалиб ҳушёрлигу мастликданам…
ҲИКОЯТ
2770 Бир кеча девона йиғлаб бесабр,
Дердиким, мен сўйлайин олам надир…
Ҳуққадир қопқоқли ул, биз ичдамиз121,
Жаҳл ила ошуби савдо ичрамиз.
Бас, у қопқоқни кўтарса гар ажал,
Ким қаноти бўлса, учгай то азал.
Ким қанотсиз эрса, унда юз бало,
Ҳуққада қолгай асиру мубтало.
Ҳимматинг қушдир, қанот бер, бол анга,
Ақлу жонинг сийла, дил бер, ҳол анга.
2775 Ҳуққа қопқоғи очилмасдин бурун,
Йўлчи қуш бўлгил, қанотинг ёз бутун.
Нолима қўлу қанотинг ёнса ҳам,
Ҳаммадин олдинда юргил, пешқадам…
ҲИКОЯТ
Шабпаракка биттаси деди: аё,
Тобакай юргунг қуёшдин мосуво.
Ҳар куни зулмат, қоронғу ичрасен,
Тийракўздирсен чу ёғду ичрасен.
Сайр этарсен зулмат ичра тинмайин,
Тунаро қилча ёруғлк кўрмайин.
2780 Баҳраманд бўлсанг қуёшдин сен агар,
Нурдин айру тушмас эрдинг мунчалар.
Бас, етар, урма кавакларга ўзинг,
Ярқираб ёнган қуёшга бур юзинг.
Бошинг узра порлаган офтобга боқ,
Нур бўлиб жонингда ёнсин иштиёқ…
Шабпарак деди: ажаб, эй бехабар,
Менга не эрмиш ўшал шамсу қамар?
Офтобким оқибат тортгай қаро,
Унга боққанлар қолурлар тун аро.
2785 Сарғаяр ул, эгнида мотам тўни,
Зору ҳайронликда кўргайсен уни.
Ўзгалардин ташнадир юз бора ул,
Шавқ ила оғуштаю хунхора ул.
Ким солур бундоқ қуёшга бир назар?
Ўзга офтоб бор, кўзимга жилвагар.
Ухлама бир кеча сен ҳам, эй фалон,
Тун аро офтобни кўргайсен аён.
Кундузим, эй жони гумроҳ, тундадир,
Офтоби нури Оллоҳ тундадир.
2790 Тун аро гар юзни очса офтоб,
Халқи оламни қилур машғули хоб.
Офтоб гар кўрса ул нуру зиё,
Парда тортар юзига, айлар ҳаё.
Кимки бўлгай мен каби маҳрам туни,
Офтоби порлагай мотам туни.
Ул қуёшким, тун аро ҳосил эрур,
Сенки кўрсен, кўрмагинг мушкул эрур.
Ул қуёш деб ухламасмен тонггача,
Ул қуёш ҳажрида ёнгаймен неча.
2795 Бас, юзин кўрсатса хуршиди мажоз,
Ошиён қургум кириб зулматга боз.
Ул қуёш тун ичра хуршиди илоҳ.
Ухлаганлар бўлмагайлар аҳли роҳ.
Бўлса гар лочин мисоли ҳимматинг,
Подшо илкида бўлгай иззатинг.
Пашшадек беҳиммат эрсанг, боқ анга,
Пашша янглиғ бўлмагай ҳурмат сенга.
Пашшадек ким маҳви нафсон бўлгуси,
Пашша янглиғ хору яксон бўлгуси.
2800 Улки соҳиб ҳиммат эрса, мард эрур,
Шамсдек юксакда порлаб, фард эрур.
Ҳимматинг гар лаълдек олиймақом,
Подшо тожида тутгайсен мақом.
Тушмасанг йўлга, нари турсанг-чи, ҳай,
Сенга подшо илкидин келгайму май?
ЙИГИРМА ИККИНЧИ МАҚОЛА
БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ
Сўрди бир қуш: ҳазрати ул подшо
Олдида не қатла инсофу вафо?
Ҳақ таоло берди чун инсоф менга,
Бевафолик этмадим ҳеч кимсага.
2805 Бир кишида бул сифатлар барчаси
Жамъ эса, айтгил, не бўлгай рутбаси?
ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ
Дедиким, инсоф – у султони сифот,
Ҳар нафас инсонга бергайдир нажот.
Айламак инсоф бировга, бул йўриғ
Бир умрлик зуҳду таотдин улуғ.
Бир эмас, икки жаҳон ичра магар
Йўқ футувват, ўйлаким, инсоф қадар.
Кимки инсоф айлагай, ул кони қут,
Бўлмагай ҳаргиз риёкор, эсда тут.
2810 Юқмагай инсоф бировдин, ўйла то,
Ул азиз инсонга эҳсони Худо…
ҲИКОЯТ
Аҳмади Ҳанбал имоми роҳ эди,
Фазлу дониш бобида танҳо эди.
Чун қутилса дарси софийдин, ҳамон
Ошиқарди Башри Ҳофийга томон.
Ҳар сафар Ҳанбални Ҳофий қошида
Кўрсалар, таъна ёғарди бошига.
Дердилар: алломадирсен номдор,
Сенга тенг келгувчи доно қайда бор?
2815 Ул қулоқ осмасди бу сўзларга ҳеч,
Иштиёқи Ҳофий эрди эрта-кеч.
Дер эди: тўғри, менинг илмим баланд,
Мен ҳадис, суннатда ўздим ҳаммадан.
Яхши илмим бор менинг алломадек,
Ул Худони яхшироқ билгай валек…
Эйки ноинсофу ўздин бехабар,
Яхшилар инсофига сол бир назар.
ҲИКОЯТ
Ҳиндулар подшоси эрди кекса, пир,
Бўлди Маҳмуд лашкарига ул асир.
2820 Судрабон келтирдилар шоҳга ҳамон,
Бош эгиб, бўлди мусулмон шул замон.
Англади то, билди ким эрмиш Худо,
Бўлди бирмас, икки оламдин жудо.
Ўлтириб чодирда, танҳо эрди ул,
Оҳ чекарди, ғарқи савдо эрди ул.
Кеча-кундуз йиғлар эрди тинмайин,
Кечаву кундузни ҳеч фарқ этмайин.
Чун кучайди нолаву зори анинг,
Етди ул Маҳмудга изҳори анинг.
2825 Чорлади шоҳ, сўрди йиғларсен нега?
Истаган мулкингни бергаймен сенга.
Сен-да бир шоҳсен, ҳукмдорсен, ажаб,
Мунчалар кўз ёш тўкарсен не сабаб?
Ҳинд ҳукмдори деди: эй подшо,
Йиғларимга боис эрмас мулку жоҳ.
Унга йиғларманки, Ҳаққи зулжалол
Сўрса мендин тонгла маҳшарда савол,
Десаким, эй аҳди ёлғон, бевафо,
Ҳақ тарийқин тутмадинг, этдинг жафо.
2830 Келмагунча Маҳмуд ул бошингга боз,
Бир жаҳон лашкар-ла ғолиб, сарфароз.
Сен мени ёд этмадинг, эй бекўнгил,
Айт, вафо расмига ҳеч киргайми бул?
Мен бу ёқда йиғдим эрса лашкарим,
Сен у ёқда жамладинг ўз аскаринг.
Этмадинг то сўнгги дам ёдим маним,
Кимсан, айт, дўстимми ёки душманим?
Тобакай биздин вафо, сендин жафо,
Бул вафодорликда эрмишму раво?
Ҳақ таолодин етишса чун хитоб,
Бул саволга мен нечук бергум жавоб?
2835 Кел, хижодатлиғ аро додимга ет,
Йиғларимнинг боиси шул, эй йигит…
Сен бу инсофу вафодорликни кўр,
Сарнигунлик бирла бул зорликни кўр.
Гар вафодорсен, қимирла, йўлга, туш,
Йўқса, торт илкингни, келма бизга дуч.
Ҳар неким, зимнида йўқ меҳру вафо,
Ул жавонмардликка эрмас ҳеч раво.
ҲИКОЯТ
БИР ҒОЗИЙ НАМОЗ ЎҚИШ УЧУН КОФИРДАН
МУҲЛАТ СЎРАГАНИ
Гарчи гозий эрди жангда сарфароз,
Сўрди муҳлат, айламак бўлди намоз.
2840 Кўнди кофир, ул намозни айлади,
Ўзни боз жангу жадалга шайлади.
Бор эди кофирни-да ўз тоати,
Ул дағи тоатга муҳлат истади.
Тутди гўша, сурди ҳар ён тошини,
Қўйди бут олдида ерга бошини.
Кўрди ғозий, кофир эрди сарнигун,
Айни фурсатдир, деди, тўкмоққа хун.
Истади шамшир уришни ул ҳамон,
Бир нидо етди фалакдин шул замон:
2845 Эйки сен бадаҳду худбин, бедаво,
Айладинг аҳдингга бундоқ бир вафо.
Улки бўйнинг чопмади, қўйди сени,
Жоҳил ўлгайсен агар чопсанг ани.
Эйки сен «Авфу аҳад»ни уқмаган122,
Бир қадам қўйганча қотган, тўхтаган.
Улки кофир, айлади ҳиммат сенга,
Бўлма номард, бўлма беҳиммат анга.
Яхшилик этди, ёмонлик этмагил,
Норавони сен раво деб тутмагил.
2850 Улки кофир, чун вафоси бор унинг,
Сенки мўмин, қайда инсофинг сенинг?
Эй мусулмон, номусалламсен бугун,
Боқки, кофир олдида камсен бугун…
Тинглабон бу сўзни ғозий титради,
Терга ботди, чекди афсус, йиғлади.
Курди кофир, зору гирён эрди ул,
Илкида шамширу ҳайрон эрди ул.
Сўрди кофир нега йиғларсен дебон,
Бор гапни сўйлади ғозий ҳамон.
2855 Бемурувват деб аталдим сен учун,
Бўйла оғир кунга қолдим сен учун…
Бўлди кофирга чу ҳолат ошкор,
Чекди фарёд, ёши оқди шашқатор.
Деди: мендек душмани маъюбига,
Ён босиб чун, дўстига, маҳбубига.
Бевафо, деб Тангри этмишдир итоб,
Мен бу эҳсонга нечук айлай жавоб?
Ўргат исломни менга, дин айлайин,
Ширк ёқиб мен, шарр ойин айлайин.
2860 Бор эди кўнглимда кўп банду тугун,
Бехабар эррдим Худодни то бугун…
Сен-да матлубингга чун, эй беадаб,
Бевафолик айлагайсен рўзу шаб123.
Лек муқаррар бир куни чархи кабир
Қилмишинг солгай юзингга бирма-бир…
ҲИКОЯТ
ЮСУФ ВА УНИНГ ОҒАЛАРИ
Ўн ағоси бор эди, чарчаб, тўзиб,
Келдилар Юсуфга олис йўл босиб.
Айтдилар бечора, мискин ҳолдин,
Чун қаҳат йил ичра танг аҳволдин.
2865 Юзига тортмиш эди Юсуф ниқоб,
Олдида бор эрди бир тос ҳам шу тоб.
Урди илкин тосга Юсуф ошкор,
Учди андин нола, ғам, андуҳу зор.
Сўрди сўнгра Юсуфи ҳикматшунос:
Айтингиз, англармисиз, не дейди тос?
Ўн ағо бош чайқашиб, жим турдилар,
Баски жумла лолу ҳайрон эрдилар.
Дедилар сўнг: эй азизу ҳақшунос,
Кимса билгайму магар не дейди тос?
2870 Юсуф айтди: мен билармен не деюр,
Менга равшан, гар қоронғу сизга ул.
Тос айтур: неча йил бундан бурун
Бир инингиз бор эмиш соҳиб ҳусн.
Оти Юсуфмиш, меҳрга эш эмиш,
Яхшилик бобида сиздин пеш эмиш…
Тосга қўл урди тагин, учди овоз,
Дедиким, тос менга айтур бўйла роз.
Отдингиз Юсуфни чоҳга жам бўлиб,
Бегуноҳ бўрини сўнгра ўлдириб,
2875 Қонини кўйлакка суркаб сиз бутун,
Этдингиз Яъқубни андоқ бағри хун…
Тос яна дерким, Юсуфни сотдингиз,
Отасин дарду аламга отдингиз.
Бўйла ишни айламас кофир магар,
Эй Худо олдида сиз шармандалар!..
Бул сухандин бўлдилар ҳайрон ҳама,
Нон сўраб, сув бўлди ул сарсон ҳама.
Гарчи Юсуфни чунон сотмишдилар,
Энди бор мулки жаҳон сотмишдилар.
2880 Отдилар Юсуфни чоҳга илгари,
Энди ул чоҳи балода ўзлари.
Қиссайи Юсуфни тинглаб кимса ул,
Олмаса бир ҳисса андин, кўр бўлур.
Сен анга бир қисса деб солма назар,
Остида кўп ҳисса бор, эй бехабар.
Балки сен ҳам бевафолик айладинг,
Нурга чун ноошнолик айладинг.
Гар биров тосни урар бўлса, ҳамон
Неча бир қинғир ишинг бўлгай аён.
2885 Кут, этурлар уйқидин бедор сени,
Неча ғамларга солиб такрор сени.
Эртага жабру жафойингни тамом,
Барча куфрингни, хатойингни тамом,
Тикка айтурлар юзингга, эй жаноб,
Бирма-бир айлаб ҳисобу сарҳисоб.
Сенга ҳам етгай садойи тос чунон,
Ақлу ҳуш қолгайму сенда ул замон?
Бўлма тос атрофида парвона чун,
Кеч ўшандин, бир лаган бу, бағри хун.
2890 Йўқса, бўлгайсен шу тосга мубтало.
Айру бир овоз келур ҳар дам санго.
Этмасанг тарк бу маконни, ҳақшунос,
Айлагай расво сени овози тос…
ЙИГИРМА УЧИНЧИ МАҚОЛА
БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ
Бошқаси сўрдики, бўлгайму, аё,
Ул баланд даргоҳга густоҳлик раво?
Гар бири кўрсатса густоҳлик, азим,
Ортидин келмасму ул қўрқув, ваҳим?
Унда густоҳлик не бўлгай, сирни оч?
Маънидин сен дурру гавҳарларни соч.
ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ
2895 Айтди Ҳудҳуд: кимда аҳлият эса,
Маҳрами рози улуҳият эса,
Айласа густоҳлик ул, бўлгай раво,
Чунки ул маҳрам эрур, роздони шоҳ.
Улки марди роз эрур ҳам роздор,
Айт, қачон густоҳлик этгай ошкор?
Чун адаб чапдин келур, ўнгдинми ё,
Бир нафас густоҳлик унга нораво.
Тевачи чўпон юриб бир четда ул,
Қайданам подшога ул маҳрам бўлур?
2900 Аҳли роздек этса густоҳлик агар,
Бир йўла иймону жондин айрилар.
Улки ринд эрса, сипоҳ ичра туриб,
Шоҳга густоҳлик этар қандоқ қилиб?
Йўлда густоҳлик этаркан Аъжамий,
Боиси кўнгил севинчи, ҳуррами.
Бўлмиш ул девона ишқнинг шўридин,
Сув уза юргай шу ишқнинг зўридин.
Жонида ҳар лаҳза ишқ садвоси бор,
Бошида ҳар лаҳза ишқ ғавғоси бор.
2905 У не билгай, билса, ёлғиз Раб билур,
Ёрининг жазби-ла густоҳлик қилур.
Хуш эрур густоҳлиги ул, хуш эрур,
Боқки, ул девона чун оташ эрур.
Йўлда оташга саломат не писанд?
Улки мажнундир, маломат не писанд?
Баски, мажнунлик асир айлар сени,
Ҳар неким дерсан, эшитгайлар сени…
ҲИКОЯТ
АМИДНИНГ ҚУЛЛАРИ ВА ДЕВОНА
Ул Хуросон бўлди чун мулки басит,
Баски давлат бошига келди амид124.
2910 Юз қули бор эрди, турку моҳрўй,
Сарвқомат, сиймсумбат, мушкмўй.
Чун қулоқларда гуҳар юлдуз эди,
Аксидин тун ҳам ёруғ кундуз эди.
Ҳар бирида кўк кулоҳу тавқи зар,
Сарбасар сиймин либос, заррин камар.
Белга ул зарин камарларни сириб,
Чиқсалар учқур саманларни миниб,
Барча кўрганлар басе ҳайрон эди,
Дил бериб, кўйида саргардон эди…
2915 Жандапўш девона бир кун ҳоли танг,
Қорни оч, боши, оёғи ҳам яланг.
Кўрди ул қулларни ногоҳ, сўрди: ҳай,
Бул йигитлар ким, ҳуру жононадай?
Айтди бир кимса жавобин: бул бари
Шаҳримиз беги, амиднинг қуллари…
Тинглабон бу сўзни ул девона зуд,
Учди шўрлик бошидин осмонга дуд.
Деди: ё Раб, сен-да шафқат айлагил,
Сийласанг қулни амиддек сийлагил…
2920 Сен агар девонасен, густоҳ бўл,
Бўлса япроғинг, аниси шох бўл.
Бўлмасанг япроқ, бутоқда ўйнама,
Этма густоҳлик, ўзингни қийнама.
Хуш дурур не қилса ул девоналар,
Ўтда ёққай ўзни чун парвоналар.
Ўзгага маълум эмас бу қавми роҳ,
Кўргай ул яхши, ёмонни подшо…
ҲИКОЯТ
Бир ғариб девона босгай эрди йўл,
Бас, юпун эрди, яна оч эрди ул.
2925 Қиш эди, аччиқ аёз ҳамроҳ эди,
Қору ёмғирдин у шалаббо эди.
Интизор эрди эшикка, хонага,
Оқибат бош суқди бир вайронага.
Бош эгиб, вайронага кирган замон
Бошига ғишт тушди томдин ногаҳон.
Оқди қонлар бошидин, ювди юзин,
Ул эса тикди самоларга кўзин.
Деди: токай ҳукми султонлик сенга?
Яхшидир гар отмасанг тошинг менга…
2930 Улки жони маҳрами дилхоҳ эрур,
Бир оғочдек сабзаву зебо эрур.
Ё камол топгил унинг даргоҳида,
Ёки бўл девона кўйи, роҳида.
Ҳар киши девона бўлса, бегумон,
Кўнгли не истар, уни айлар баён…
ҲИКОЯТ
Бор эди бечора, бир мискин, хароб,
Қўшнисининг эшагин олди сўраб.
Сўнг тегирмон борди, унда ухлади,
Эшшаги кетди йироқлаб, ўтлади.
2935 Бўри учраб, еди эшшакни ҳамон,
Сўрди эшшак эгаси андин тавон.
Тушди чун савдо уларнинг бошига,
Бордилар алқисса қози қошига.
Бор гапни рўй-рост айтиб улар,
Сўрдилар: эшшак товонин ким тўлар?
Деди: улким гушна айлаб бўрини,
Сўнгра қўймиш дашту саҳрога уни.
Бас, товонни ул ўзи қўйсин тўлаб,
Иккингиз ҳам айлангиз андин талаб.
2940 Бир эмас, минг битта эшшак бўлса гар,
Истаса ул, бир йўла барҳам топар.
Бўрини бундоқ яратмишдир ўзи,
Бир юхову гушна этмишдир ўзи.
Йўқ бу ишда кимсада айбу гуноҳ,
Ҳар неким истар, уни айлар Илоҳ.
Не эди мисрий аёллар ҳолати,
Чун уларни ёқди Юсуф талъати?
Борму ҳайронлик магар девонадин
Етса ҳолат унга давлатхонадин?
2945 Ҳар не мушкул етса, киприк қоқмагай,
Олди, ортига қиёлаб боқмагай.
Ҳар нечук сўз айтса, сўзлайдир Уни,
Ҳар не излар эрса, излайдир Уни…
ҲИКОЯТ
БИР ДЕВОНАНИНГ ТАНГРИГА ХИТОБ
ЭТГАНИ
Чулғади очлик Мисрни беомон,
Халқ ўлар эрди тополмай бурда нон.
Кўчаларда халқ ўлиб, нон, дер эди,
Ул ўликларни тириклар ер эди.
Кўрди бу аҳволни бир девона чун,
Халқ ўлиб, овора эрди нон учун.
2950 Деди: эй соҳиб жаҳону охират,
Қўлда ризқинг кам эса, камроқ ярат…
Боқки, ошиқлар бу янглиғ иш қилар,
Ўз вужудидин ўзи безор улар.
Ҳар неким девона айлар, бил шуни,
Айбламас, маъзур тутарлар эл уни.
Не ёмонлик этса, этгайлар қабул,
Яхшилик айлаб, балога учраюр.
Халқ анга лутфу иноятлар этар,
Доимо сийлаб, мукофотлар тутар.
2955 Келдилар ишқ аҳли поку бегумон,
Ёш оғочлардек басе рақс айлабон.
Ерга, тупроққа оёқларни тираб,
Қўл чўзарлар кўкка, комиллик тараф.
Кимки густоҳдир бу даргоҳга келиб,
Узр истайдир кейин огоҳ бўлиб.
Нораво сўз айтса густоҳлик ила,
Узрини айтур у ширин тил била.
ҲИКОЯТ
Бор эди девона, маъюс, сарнигун,
Болакайлар тош отиб, этмишди хун.
2960 Кирди бир уйга, макон тутди уни,
Дарчаси бор эрди ул вайронани.
Дарчадин дўл ёғди шунда бошига,
Бул синов бўлди унинг бардошига.
Дарчага боқди, ҳақорат айлади,
Баски тош отгувчилар деб ўйлади.
Нега тошинг менга отгайсен, дебон,
Сўкди, дашномларга кўмди беомон.
Эсди ногоҳ ел, эсиб ўтди нари,
Дарчадин тушди ёруғлик ичкари.
2965 Кўрди дарвеш тош эмас, дўл эрди ул,
Чекди афсус, қолди ночору малул.
Деди: ё Раб, тийра тортмишди кўзим,
Ҳар неча этдим маломат, ул ўзим…
Гоҳида девона урса бўйла лоф,
Этма саркашлик била қаҳру итоб.
Масту беҳуш ким десанг, девона ул,
Беқарору бекасу бедил эрур.
Ўтказур умрини нокомлиғ била,
Эш эмас бир лаҳза оромлиғ ила.
2970 Отма таъна тошин унга, дамни ют,
Ошиғи девонани маъзур тут.
Бенаволар ҳолига солсанг назар,
Барчасин маъзур тутарсен сарбасар.
ҲИКОЯТ
Воситий боргайди саргардон бўлиб125,
Ҳайрат ичра бесару сомон бўлиб.
Кўрди ул жуҳуд мозорин шу кези,
Сўнг уларнинг ўзига тушди кўзи.
Бул жуҳудлар, деди ул, маъзур, ҳай,
Лек буни ҳеч кимга айтиб бўлмагай…
2975 Чун эшитди сўзни қози одами,
Элтди қози олдига судраб ани
Тинглади ул сўзни қози, бўлмади,
Этди инкор, сўзга рози бўлмади.
Воситий дедики, ул қавми табоҳ
Эрмаса маъзур сенинг ҳукминг аро,
Лек Худо ҳукми-ла йўлда бегумон,
Барчаси маъзур эрурлар бул замон…
ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА
БОШҚА БИР ҚУШНИНГ АЙТГАНЛАРИ
Бошқаси дедики, токи зиндамен,
Мен анга лойиқману зебандамен.
2980 Ўзгалардин воз кечиб, тутдим канор,
Ҳар нафас бошимда ул савдойи ёр.
Мен кўриб аҳли жаҳонни бирма-бир,
Ҳеч бирига бўлмади кўнглим асир.
Бошдаги савдойи ишқим менга бас,
Бўйла савдо ҳар кишининг коримас.
Ишқида елдим, югурдим қанчалар,
Бўлмади ошуфта жонимдин самар.
Етди фурсат, жонга мен жонон берай,
Термулиб ёримга энди жон берай.
2985 Ҳусни бирлан кўзни равшан айлайин,
Васли билан дилни гулшан айлайин.
ҲУДҲУДНИНГ ҚУШГА ЖАВОБ БЕРГАНИ
Ҳудҳуд айтди: бўйла даъво, бўйла лоф
Бирла ҳеч кимса беролмас Кўҳи Қоф.
Ишқида лоф урма бундоқ ҳар нафас,
Ул бировнинг қопига сиққан эмас.
Гар эсиб давлат шамоли ногаҳон,
Чекса парда, айласа ишни аён.
Лутф этиб Ул бошласа даргоҳига,
Йўл олурсен якка хилватгоҳига.
2990 Ул мақомда айласанг даъво бўлур,
Унда даъвойингда бир маъно бўлур.
Дўст бўлиб йиғла, фиғонинг тинглагай,
Дўст бўлиб Ул ҳам ишингни ўнглагай.
ҲИКОЯТ
БИР МУРИД БОЯЗИДНИ ТУШИДА КЎРГАНИ
Кўз юмиб кетди жаҳондин Боязид,
Тушда кўрди шул кеча пирни мурид.
Сўрдиким, эй муқтадо, шойиста, пир,
Келдиму бошингга ул Мункар, Накир?
Дедиким, балли, малаклар келдилар,
Ким эрур Раббинг сенинг, деб сўрдилар.
2995 Мен дедим Мункар, Накирга: бу савол
Менга бўлмас, сизга ҳам эрмас камол.
Раббим – Оллоҳим десам-чи, унда бас,
Бул қуруқ сўздин иборат бир ҳавас.
Борсангиз сўйи Худойи Зулжалол,
Сўрасангиз андин не эрмиш бунда ҳол.
Ул мени бандам деса, йўқдир гумон,
Мен Худога бандадирмен шул замон.
Гар мени бандам демас эрса Худо,
Айлагай бундоқ Худойимдин жудо.
3000 Кимса бирлан боғланиш мушкул магар,
Ул Худойимдир, десам, борму самар?
Бандалик бандига боғланмай туриб,
Чун Худовандим дегаймен лоф уриб?
Мен унинг олдида сарафгандамен126,
Ул десин бандам, мен унга бандамен.
Ул тарафдин етса ошиқлик агар,
Сен унинг ишқига лойиқсен, башар.
Ишқу савдо сен тарафдин келса ул,
Бул фақат сенга муносиб иш бўлур.
3005 Ул агарда урса сенга оташин,
Ишқ аро ёнгувчи жонсен, оташин.
Сендамас, иш ундадир, эй бехабар,
Бехабар бу нуқтани қайдин билар?
ҲИКОЯТ
Бор эди дарвеш, ажаб ошиқи зор,
Ишқ аро ўт эрди гўё, беқарор.
Жони эрди оташи ишқдин ёниқ,
Ҳам ҳаяжондин тили эрди дудуқ.
Ўртаниб чун ишқ аро жону дили,
Мушкул узра тушмиш эрди мушкули.
3010 Йўл босиб, одим отарди беқарор,
Йиғлабон шу сўзни айтур эрди зор:
Ёқди жоним оташи рашким менинг,
Неча йиғлай, қолмади ашким менинг?..
Ҳотиф айтди: йўқ эсанг ғавғосига,
Не учун тушдинг унинг савдосига?
Деди дарвеш: мен эмасмен, ёлғизи,
Бўйла савдоларга солган ул ўзи.
Мен каби мискинда қайда мағзу пўст,
Токи ул акбарга бўлсам ёру дўст?
3015 Мен не қилдим? Ҳар не қилса, қилди Ул,
Этди қон кўнглимни, бағрим тилди Ул…
Ул берар бул ишқу савдойинг ҳама,
Боиси савдо ўзим деб ўйлама.
Масканинг чоҳи азим эрмиш фақат,
Ташқари чиқмоққа борму сенда ҳад?
Улки сенга ишқибозлик айлагай,
Сен билан бундоқ ўйинлар ўйнагай.
Сенки ҳечсан, мунча ёнмоғинг нега?
Маҳв ўл, санъатни қўй санъатчига.
3020 Гар ўзингни кўрсатар бўлсанг, инон,
Айрилурсен жону иймондин ҳамон.
ҲИКОЯТ
СУЛТОН МАҲМУД ВА ГУЛХАНИЙ127
Бир кеча Маҳмуд бўлиб дилтанг жуда,
Борди, меҳмон бўлди бир гулханчига.
Ўтқазиб подшони кул узра, нуқул
Ўт қалар эрди ўзи гулханга ул.
Сўнгра қоқ нон бирла шоҳни сийлади,
Қўл чўзиб Маҳмуд тановул айлади.
Дердиким, бул кеча мендин гулханий
Сўрса узр, бошдин жудо этгум ани.
3025 Оқибат кетмоқ бўлиб қўзғалди шоҳ,
Гулханий деди анга: кўрдинг, аё,
Хўрду хобу уйу айвоним менинг,
Ногаҳон бўлдинг чу меҳмоним менинг.
Келмоқ истарсен яна, тургил у дам,
Бул тарафга йўлга туш, қўйгил қадам.
Истамас эрсанг, омон бўл, соғ бўл,
Йўқладинг мискинни, кўнгли чоғ бўл…
Кам эмасмен гарчи, ортиқмас ҳамон,
Мен қаён, сенга баробарлик қаён?..
3030 Хуш кулиб боқди улуғ султон анга,
Етти кара бўлди ул меҳмон анга.
Сўнгги гал ҳам шоҳ ўшандоқ жўр эди,
Бир нима шоҳи жаҳондин сўр, деди.
Деди гулханчи: агар айтса гадо,
Ҳожатин султони этгайму раво?
Шоҳ деди: айтгил тилакни рост рўй,
Истасанг шоҳ бўл ҳамон, гулханни қўй.
Деди: ёлғиз истагим шул – подшо
Бўлсалар чун менга меҳмон гоҳ-гоҳ.
3035 Менга подшолик – лиқойингдир сенинг,
Бошда тожим – хоки пойингдир сенинг.
Шаҳриёрим, сенда кўпдир дўсту ёр,
Мен каби гулханчи дўстинг қайда бор?
Сен ила гулханда бўлсам, не сурур,
Яхшидир гулшанда подшоликдин ул.
Баски мен гулханда топдим давлатим,
Куфру нонхўрлик эмасму рихлатим?
Баски бул гулханда учратдим сени,
Икки олам мулкига бермам ани.
3040 Гулханим сен бирла равшан кун сайин,
Сендин ортиқ яхши не бор, истайин.
Бошига тупроқ сочилсин, гар кўнгил
Сендин ўзга шоҳни истар бўлса ул.
Жазб этолмас чун шаҳаншоҳлик мени,
Мен фақат сендин сўрайдирмен сени.
Бошимизда тур мудом султон бўлиб,
Гоҳ-гоҳ келгил менга меҳмон бўлиб…
Ишқи Ҳақ бўлсин мудом коринг сенинг,
Ул фақат, Улдир ғаму ёринг сенинг.
3045 Ошиқ эрсанг, сен Ани Андин сўра,
Тут этогин, қўйма илкингдин сира.
Эски ишқ янги санобар истагай,
Кони ганж бир дона гавҳар истагай.
Ўз суви гоҳ хуш эмас, бематра сув,
Денгиз истайдир яна бир қатра сув…
ҲИКОЯТ
Сув ташиб саққо эди йўлда равон,
Ўзга бир саққони кўрди ногаҳон128.
Меш тўла сув бирла елдек елди у,
Борди ул саққога, андин сўрди сув.
3050 Деди ул саққо бу саққога қараб:
Ўз сувинг бор, сув сўрайдирсен, ажаб…
Дедиким, дўстим, менга сув бер бу дам,
Ўз сувимдин тўйдим, ортиқ истамам…
Боқки, Одам равзадин тўймиш эди,
Янгини хоҳиш этиб, буғдой еди.
Эски деб хор этди жаннатзорини,
Битта буғдой деб совурди борини.
Янги бир дард бирла ўртанди кўнгил,
Янги ишқ келди, эшикни қоқди ул.
3055 Истади боз янги ишқни, толмади,
Эски кетди, янгиси ҳам қолмади.
Кетди буткул, бори бўлди ҳеч вақо,
Қолди майдон ичра зору мосуво…
Даҳраро тўймоқ ва ўлмоқдир басе,
Сиррини англаб етолмас бир касе.
ЙИГИРМА БЕШИНЧИ МАҚОЛА
БОШҚА БИР ҚУШНИНГ АЙТГАНЛАРИ
Бошқаси дедики, бундоқ ўйласам,
Мен ўсиб, етдим камолга бешу кам.
Ҳосилин ўрдим даламга дон экиб,
Унга етдим мен риёзатлар чекиб.
3060 Баски бунда менга чун ҳосил эрур,
Кетмагим бундан басе мушкул эрур.
Ҳар киши гар турмас эрса ганж ила,
Дашту саҳроларда юргай ранж ила..
ҲУДҲУДНИНГ ҚУШГА ЖАВОБ БЕРГАНИ
Деди: эй иблис табиат, пурғурур,
Қўй бу манманликни, андин айру тур.
Ўз хаёлинг бирла мағрурсен, бироқ
Аслида хомсен, маърифатдин йироқ.
Нафс сенинг жонингга солмишдир каманд,
Деву шайтон айламиш бошингни банд.
3065 Қуршамиш ақлингни тахмину гумон,
Ул гумонлар ичра тутқунсен чунон.
Гар йўлингда нур кўринса, оташинг,
Завқинг ул – тахмин, гумонлар айлашинг.
Важду ҳолинг ҳам хаёлдин ўзгамас,
Ҳар неким дерсан, маҳолдин ўзгамас.
Алданиб қолма чароғон эрса йўл,
Нафс ҳамроҳинг эрур, огоҳ бўл.
Бўйла шамшир эрса душман дастида,
Кимни ул тутмас хавотир остида?
3070 Чиқса нур нафсингдин ул, алданма, бас,
Чун чаён заҳмини қўзғатгай карафс129.
Бўйла итдир, кимки дўст тутгай уни,
Топмагай бир кимса кафши гардини.
Нафс – фиръавндир, анга берма омон,
Кекса кофирни унутма ҳеч қачон.
Бўйла бир нури нажасга берма қўл,
Баски ул офтоб эмассен, зарра бўл.
Йўл қоронғу эрса, навмид бўлмагил,
Йўл чароғон эрса, хуршид бўлмагил.
3075 Бас, гумонлар ичра бундоқ ғарқ эсанг,
Арзимас бир пулга ташвиш, талвасанг.
Гар вужудингдин нари қўйсанг қадам,
Айрилур сендин унинг мезони ҳам.
Сенга шу борлиқ хаёли эрса ҳеч,
Бўлмагай йўқликдин ўзга нарса ҳеч.
Бўлса борлиқ бирла зарра ташвишинг,
Куфр этарсен, бутпарастликдир ишинг.
Зарра борлиқ бирла бўлсанг ҳамнафас,
Ўқ ёғар бошингга, шафқат айламас.
3080 Токи борсен, сенга офат келгуси,
Ҳар замон ранжу маломат келгуси.
Ўзни борлиқ бирла этсанг ошкор,
Юз бало бошингга солгай рўзгор…
ҲИКОЯТ
ШАЙХ НИШОБУРИЙНИНГ ДАРВЕШГА
АЙТГАНЛАРИ
Шайх Абубакри Нишобурий, қутб,
Йўлга тушди хонақони тарк этиб.
Шайх бораркан неча асҳоби била,
Ел чиқарди эшшаги бир зарб ила.
Шайхда зоҳир бўлди шунда ҳоли пок,
Чекди фарёд ул, яқосин этди чок.
3085 Не эмишди сир, муридлар билмади,
Шул сабабдин кимса парво қилмади.
Лек баҳарҳол сўрди бир дарвеш савол:
Ел сабаб бўлгайму зоҳир важду ҳол?
Шайх дедиким, кўз югуртсам юз буриб,
Йўл босар теграмни асҳоб тўлдириб.
Олдда ҳам, ортимда ҳам эрди мурид,
Бас, дедим, мен ҳам мисоли Боязид…
Ўзни чун ораста, зебо айлабон,
Олду ортимда муридни шайлабон,
3090 Эртага бешак чу айлаб иззу ноз,
Дащти маҳшарга кирармен сарфароз…
Шул фикрга ўзни ром этганда мен,
Ногаҳон ел чиқди эшшак ортидин.
Яъни, мен урганда андоқ лофу қоф,
Ел чиқармоқ бирла берди ул жавоб.
Ул сабабдин тушди шу жонимга ўт,
Важду ҳолдин чиқди осмонимга ўт…
Сен улуғлик этма даъво, қўй ғурур,
Қўймасанг, сендин ҳақиқат айрилур.
3095 Ёқ ҳавойингни, ғурурни айла кул,
Нафсдин келган ҳузурни айла кул.
Эйки бундоқ тусланарсен ҳар замон,
Ҳар тукинг остида Фиръавн ниҳон.
Бир нишон қолса сиёқингдин сенинг,
Юз нишон келгай нифоқингдин сенинг.
Менни тарк айлаб, йироқ тутсанг ани,
Икки оламнинг бўлурсен душмани.
Бир куни етса фанойи мен сенга,
Тунларинг бўлгай басе равшан сенга.
3100 Мен, дема, манманлик ичра юз бало,
Бўлма иблисликка сен ҳам мубтало.
ҲИКОЯТ
ИБЛИСНИНГ МУСОГА НАСИҲАТИ
Ҳақ таоло сўйлабон Мусога роз,
Дедиким, Иблисданам ўрган бир оз.
Кўрди чун Иблисни Мусо, қистади,
Айт, деди, рамзу ишорат истади.
Деди Иблис: ўзни доно тутмагил,
Мен дема, мен этганимни этмагил…
Зиндаликдин қолса сенда бир асар,
Бандалик эрмас бу, кофирлик бўлар.
3105 Топганинг бу йўлда нокомлиғ эрур,
Яхши ном дарвешга – бадномлиғ эрур.
Кимса гар бу йўлда бўлса комрон,
Юзта манманлик туғилгайдир ҳамон…
ҲИКОЯТ
БИР ПОКДИННИНГ АЙТГАНЛАРИ
Деди бир покдин: ажабдир бу амал,
Қолса бошловчи қоронғу ичра гар.
Баҳри жуд ичра кўмилгай ул тамом,
Қолмагай банди вужуддин бир нишон.
Гар қолиб, бир заррае зоҳир бўлур,
Ғарра бўлгай унга, сўнг кофир бўлур.
3110 Сенда не бухлу амал барқ ургуси,
Сен кўролмассен, эранлар кўргуси.
Бор сенинг жисмингда неча аждаҳо,
Парваришлайсен уларни доимо.
Кеча-кундузлар чекарсен заҳматин,
Еб-ичиш бирлан ётоғи, роҳатин.
Тушса гар бир тола мўйи ногаҳон,
Сен уни аждар этарсен шул замон.
Ичқародир ул, палиддир, бетамиз,
Сен нечун ғафлатда юргайсен ҳануз?
ҲИКОЯТ
ШАЙХ ВА УНИНГ ИТИ
3115 Бир ити бор эрди иркит, эрта-кеч,
Шайх андин этагин чекмасди ҳеч.
Биттаси сўрди: аё соҳиб сабоқ,
Нега тутмайсен уни ўздин йироқ?
Шайх дедиким, сирти иркитдир анинг,
Худи шундоқ сийратим иркит менинг.
Итда не зоҳирда бўлмишдир аён,
Менда ул ботинда эрмишдир ниҳон.
Сирти қандоқ бўлса, шундоқдир ичим,
Баски шундоқ эрса, қочгаймен нечун?
3120 Ичда мавжуд эрса зарра иркитинг,
Сиртдаги ул неча иркитликка тенг.
Ҳар неким тўсгай йўлингни, ул ёмон,
Хоҳ тоғ бўлсин ўшал, хоҳи сомон.
ҲИКОЯТ
БИРОВ МУСОДАН САВОЛ СЎРГАНИ
Эрди Мусо даврида бир обиде,
Ҳар замон тоат этарда собите.
Кўнглида завқу кушойиш йўқ эди,
Офтобдин зарра тобиш йўқ эди.
Тўрвадек соқоли бор эрди, ажаб,
Машғул эрди дамба-дам сийпаб, тараб.
3125 Бир куни ногоҳ Мусони кўрди ул,
Деди унга: эй сипоҳсолори Тур,
Ҳақ таолодин сўраб бергил савол,
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.