Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Йўқ нечун кўнглимда завқ, жонимда ҳол?

Чун Мусо Тур тоғига чиқмиш эди,

Сўрди ул нозик саволни, Ҳақ деди:

Васлимиз инжусидин айрилди ул,

Ҳар замон соқолга машғул бўлди ул…

Келди Мусо, Ҳақ жавобин сўйлади,

Ул киши юлди соқолни, йиғлади.

3130 Жабраил келди Мусога шул замон,

Деди: соқол бирла машғулдир ҳамон.

Дамба-дам юлгай соқолин, зеб берур,

Хуллас, ул соқоли бирла банд эрур…

Сен Худодин айру тушма бир нафас,

Айри тушсанг, барча этгонинг абас.

Эйки шул соқолга ўзни бойлаган,

Ўзни хун дарёсига ғарқ айлаган,

Аввалам бор кеч соқолингдин, кейин

Шул азим дарёда сузмоғинг тайин.

3135 Тушмагил дарёга соқолинг билан,

Қолмагайсен, қолмагай соқолинг ҳам.

            ҲИКОЯТ

БИР ТЎРВА СОҚОЛНИНГ СУВГА ЧЎККАНИ

Бор эди бир тўрва соқол, билфузул,

Тушди дарёга, чўкиб, ғарқ бўлди ул.

Бир кишиким кўрди қирғоқдин ани,

Деди: от бўйнингдаги ул тўрвани.

Тўрввамас, деди, бу соқолим менинг,

Кўр, бу соқол бирла не ҳолим менинг.

Ул киши деди: соқолинг бўлса чун,

Ушбу дарёда нажот йўқ сен учун…

3140 Эйки ўзни хор этиб, хорланмаган,

Эчки соқол ўстириб, орланмаган,

То бу янглиғ нафси шайтон сендадир,

Тонг эмас, Фиръавну Ҳомон сендадир.

Кеч шу борлиқдин Мусо янглиғ тайин,

Фиръавн соқолидин тутгил кейин.

Тут соқолни, берма эрку ихтиёр,

Ёв била жанг айла сен мардонавор.

Йўлга тушгач, айлагил соқолни тарк,

Турма унда беҳуда жанг айларак…

3145 Англа соқолингни, ўз ҳолингни сен,

Суфра қил йўлларда соқолингни сен.

Дин йўлида бўлса ким фарзона ул,

Топмагай соқол тарашга шона ул.

Ишқидин ўзга азоби бўлмагай,

Кўнглидин ўзга кабоби бўлмагай.

Кирчи бўлса, кўрмагай офтоб юзин,

Эрса деҳқон, сувга тиккайдир кўзин…

            ҲИКОЯТ

БИР СЎФИЙНИНГ БУЛУТГА ДЎҚ УРГАНИ

Кир ювишни бошласа сўфий, ҳамон

Бурканур эрди булутга осмон.

3150 Бўз булутлар ғамга солгайди уни,

Не илож, совунталаб эрди тўни.

Борди ул баққолга ушнон олгали130,

Томчилар сочу соқолни ҳўллади.

Дўқ уриб шунда булутга деди: бас,

Мен майиз олмоқчимен, ушнон эмас.

Мен майиз олмоқчимен андин ниҳон,

Сен нечун тушдинг изимга, кет ҳамон.

Неча ушнонларни сочдим сен сабаб,

Қўлларим ювдим совун-ла нечалаб…

3155 Дил ҳузурин берма қўлдин, тут ани,

Йўқса, ғафлат измига солгай сени.

ЙИГИРМА ОЛТИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси сўрдики, айтгил, эй кубод,

Не била этгум сафарда дилни шод?

Сўйласанг, дилдан арир эрди ғамим,

Бир қадар осон кечарди юрмагим.

Эр кишига йўлда ҳушёрлик зарур,

То юришдин толмасин йўлларда ул.

Менда йўқдир ул қабули рушди ғайб,

Рад этурлар эл кўриб бул нуқсу айб.

ҲУДҲУДНИНГ УНГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

3160 Дедиким, Ҳақ бирла борсен, шод бўл,

Банда бўлма бандага, озод бўл.

Баски Ҳақ бирлан шу жонинг шод эрур,

Ғамни қўй, жонингга андин ол сурур.

Икки оламнинг севинчи Ҳақ била,

Гумбази гардун таянчи Ҳақ била.

Ҳақ севинчи бирла сен ҳам зинда бўл,

Айланиб осмон каби фархунда бўл.

Борму бундин яхшироқ, эй булҳавас,

Дилни шод этсанг анинг-ла бир нафас…

      ҲИКОЯТ

ТОҒДАГИ МАЖНУН

3265 Тоғда бир мажнун яшарди беватан,

Кеча-кундуз эрди қоплонлар билан.

Гоҳ-гоҳ руҳида айру ҳол эди,

Бир киши келганда шу аҳвол эди.

Нақ йигирма кун чу ҳолат ичра ул,

Айрича ҳолу ҳаловат ичра ул.

Нақ йигирма кун сабоҳдин токи шом

Рақс этар эрди ва сўйларди давом:

Иккимиз танҳомизу анбуҳ йўқ131,

Жумла шодликдир ҳама, андуҳ йўқ.

3170 Ҳеч ўлурму Ҳаққа берганлар кўнгил?

Унга бер кўнгилни, кўнгил истар ул.

Гар унинг шавқига эрсанг мубтало,

Айт, ўлим сенга қачон бўлгай раво?

            ҲИКОЯТ

ОШИҚНИНГ ЎЛИМ ҲОЛАТИДА ЙИҒЛАГАНИ

Жон бераркан йиғлади ошиқ басе,

Сўрдилар андин не эрди боиси…

Деди: йиғлармен чу абри навбаҳор,

Чунки чиқмоққа етишди жони зор.

Йиғламай, ғам ичра бўлгаймен нечук?

Баски кўнглим Унда, ўлгаймен нечук?

3175 Дўст деди: гар Ундадир кўнглинг сенинг,

Йиғламоқ не, яхшимасми ўлганинг?

Деди: қай кўнгилдадир ишқи Худо,

Унга бўлгайму сира ўлмак раво?

Ҳақ била васлу висолдир бўлмагим,

Энди мушкулдир, маҳолдир ўлмагим…

Сен бу сир-асрорга етсанг бир замон,

Ҳеч бўлур қаршингда ул ганжи жаҳон.

Кимки Ҳақнинг борлигидин шод эрур,

Жумла борлиқдин кечиб, озод эрур.

3180 Ишқи жовид ол кўнгилга ёрдин,

Гул бўлиб, атрингни соч гулзордин…

            ҲИКОЯТ

Бир азиз дедики, етмиш йил тамом

Кўнглим ичра шодлигу ҳолу маром.

Бор чунин зебо Худовандим менинг,

Ул Худовандимга пайвандим менинг.

Ўзгалардин айб қидиргайсен ҳамон,

Ғайб чиройига севингайсен қачон?

Кўзларингким айб излар эрта-кеч,

Айбни кўргач, ғайбни ул кўргайму ҳеч?

3185 Аввало халқ айбидин озод бўл,

Ғайби мутлақ ишқи бирлан шод бўл.

Ўзгалар айбини кўргайсен чунон,

Лекин ўз айбингни кўрмоғинг гумон.

Гар эсанг айбинг ила машғул ўзинг,

Гарчи айбинг бўлса ҳам, мақбул ўзинг.


                  ҲИКОЯТ

Бир киши ичмишди пайдар-пай шароб,

Маст эди андоқки ул, масти хароб.

Софу қуйқа ҳар неким ичмишди ул,

Ақлу ҳушдин бир йўла кечмишди ул.

3190 Кўрди бир ҳушёр, таниб қолди уни,

Қопга солди, елкага олди уни.

Учради йўлда уларга ўзга маст,

Учраганга гап отарди маст-аласт.

Қопдаги маст кўрди мастнинг ҳолини,

Кўрди бундоқ маст-аласт аҳволини.

Камроқ ичсайдинг, деди, ҳолинг билиб,

Сайр этардинг мен каби роҳат қилиб…

Ўзгани кўрди у, ўзни кўрмади,

Бўйладирмиз барча, гапнинг омади.

3195 Сенда бўлсайди агар ишқдин хабар,

Айб эмас, излар эдинг фазлу ҳунар.

Сенки айб кўргувчисен, ошиқ эмас,

Айб кўриш ишқ аҳлига лойиқ эмас.

            ҲИКОЯТ

Бир йигит бор эрди арслондек дадил,

Бир жувонга бўлди ошиқ неча йил.

Ул жувон гар нозанин, дилдор эди,

Кўзида тирноқча оқи бор эди.

Бехабар эрди йигит андин тамом,

Термулиб боқмишди гарчи бардавом.

3200 Бўйла ошиқ эрди ул ошуфта, зор,

Термулиб, ёр айбини кўргайму ёр?

Сўнг сусайди ишқи, андак бўлди кам,

Дардига дармон топилди, чора ҳам.

Фазли ёри очди юз нуқсон бўлиб,

Мушкули қолди анга осон бўлиб.

Тарк этаркан ишқи савдоси уни,

Ёр кўзига боқди, кўрди айбини.

Сўрди: ҳай, кўзингга оқ тушди қачон?

Деди қиз: ишқинг камайгандан буён.

3205 Ул замонким бўлдинг ишқимдин йироқ,

Шул замон тушди менинг кўзимга оқ…

Васваса этгувчидирсен, кўнгли кўр,

Кўз очиб, бир лаҳза ўз айбингни кўр.

Ўзгалар айбин кўрарсен бешу кам,

Излагил бир бора ўз айбингни ҳам.

Кўз очиб, кўрсайдинг айбингни агар,

Ўзгалар айбига солмасдинг назар.

            ҲИКОЯТ

Муҳтасиб бир мастни калтаклар эди,

Маст анга, ҳай, этма бағрим хун, деди.

3210 Гар ҳаромдин маст-аласт бўлса киши,

Кўча-кўйда бўлса расволик иши.

Мендин ортиқроқ бўлардинг маст-аласт,

Лекин ул мастликни кимса пайқамас.

Ҳар киши инсофли эрса, мард ўшал,

Йўқса инсофи, қабиҳ, номард ўшал.

Айлама жабру жафойинг мунча кўп,

Кел бир оз инсофга, менга урма чўп…


ЙИГИРМА ЕТТИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси сўрди: етиб манзилга мен,

Келтирай қандоқ тилакни тилга мен?

3215 Ул сабаб равшан жаҳоним кун сайин,

Билмадим, ундан яна не истайин?

Яхшироқ не бор яна? Билсам ҳамон,

Мен сўрар эрдим етиб борган замон…

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди: эй, ғофил демасларму сени?

Нарса сўрма, истагил андин Ани.

Атру бўй олса киши гар хонадин,

Бош кўтаргайму ўшал остонадин?

Улки юрт хилватсаройин айлагай,

Унга ошиқликни ойин айлагай.

3220 Нарса истарсен, кўнгилнинг нақшидир,

Не эмиш ул нарса билган яхшидир.

Жумла оламнинг унингдек нақши йўқ,

Сен уни сўргилки, ундан яхши йўқ…

            ҲИКОЯТ

Жон бераркан Бу Алийи Рудбор,

Деди: жон оғзимга келди интизор.

Осмон эшикларини очдилар,

Элтдилар жаннатга, гуллар сочдилар.

Ҳурлар булбул каби айлаб наво,

Дедилар: хуш келдинг, ошиқ, марҳабо.

3225 Шукр этиб, кел бул тараф, айлаб хиром,

Кўрмамиш бир кимса бундоқ бир мақом.

Гарчи бул эҳсони Ҳақ, лутфи Худо,

Лек менинг жоним анга бўлмас ризо.

Дерки, мен жаннатга этмам эътибор,

Ул учунми шунча чекдим интизор?

Аҳли шаҳватдин эмасмен, то бугун,

Бош эгиб турсам неча ришват учун.

Жо эмиш жонимга ишқинг, бас менга,

Жаннату дўзах раво эрмас менга.

3230 Гар ёқиб оташда, кул этсанг мени,

Мен сени дерман, сени дерман, сени.

Сен деганда куфру динни билмагум,

Сен кечарсен балки, сендин кечмагум.

Мен сени дерман, сени билгум фақат,

Сен ўзинг жонимга жондирсен, мадад.

Бул жаҳону ул жаҳоним ҳам ўзинг,

Икки оламда равоним ҳам ўзинг.

Бер муродим, ҳамнафас бўл, ҳамдамим,

Кечмасин ёнингдин айру бир дамим.

3235 Этса жоним қилча саркашлик сенга,

Розимен, ҳар неки этсанг, эт менга…

            ҲИКОЯТ

Ҳақ таоло деди: эй Довуди пок,

Қулларимга айт, аё маҳсули хок,

Бўлмасайди дўзахим ҳам жаннатим,

Бош эгиб, этгайму эрдинг тоатим?

Бўлмаса измимда бундоқ нуру нор,

Сиз менга айлармидингиз эътибор?

Менда чун ҳаққу лаёқатдир азим,

Не керак тоатда уммиду ваҳим?

3240 Йўқса гар хавфу рижолар ёрингиз,

Мен била бўлгайму эрди корингиз?

Тангримен, сизга Худовандмен мудом,

Тан аро жонларга пайвандмен мудом.

Сўйла, бандам боқмасин ғайрига ҳеч,

Айласин менга ибодат эрта-кеч.

Биздин ўзга бўлса не маҳрам анга,

Қўймасин, берсин басе барҳам анга.

Синдириб, ёқсин-да, этсин кулни жам,

Сўнгра елларга совурсин кулни ҳам.

3245 Беаёв сочсин, совурсин ул ҳамон,

Қолмасин ҳаттоки кулдин ҳам нишон.

Бўйла этсанг, бас, қутулсанг дастидин,

Кутганинг келгай ўшал кул остидин.

Ул Худованди карим вақти саҳар

Айлади Лут қавмини зеру забар.

Ўнгида ақлу хирад бўлди адо,

Кимки кўрди, ўзданам бўлди жудо.

Улки чун ҳиммат кўзи хуршидбин132,

Зарра бирлан ҳеч бўлурму ҳамнишин?

3250 Бўйла этсанг гар, қутулдинг барчадин,

Этмасанг, оворадирсен барчадин.

Хулду ҳурга гар асир этгай сени,

Англаким, ўздин йироқ тутгай сени…

            ҲИКОЯТ

Чорлабон Маҳмуд Аёзни бир куни,

Кийдириб тож, тахтга ўтқизди уни.

Деди: бердим, шоҳлигу лашкар сенинг,

Подшолик айла, бу кишвар сенинг.

Истагим шул, подшолик қил чунон,

Жумла эл ҳукмингда бўлсин ҳар замон…

3255 Чун эшитди гапни бул хосу сипоҳ,

Бас, ҳасаддин кўзлари тортди қаро.

Дедиларким, подшо бўлмиш ғулом,

Қайси қул кўрмиш бу янглиғ эҳтиром?

Лек Аёз эрди басе ҳушёр қул,

Ўлтириб тахт узра йиғлар эрди ул.

Унга барча дердилар: девонасен,

Ақлу ҳушдин айрилиб, бегонасен.

Подшоликка етишдинг, эй ғулом,

Нега йиғларсен, ўтиргил шодком.

3260 Ҳол тили бирлан Аёз айлаб жавоб

Дер эдиким, сиздин айрудир савоб.

Кўрмаяпсизми, мени шоҳи жаҳон

Бир йўла ўздин йироқ этгай ҳамон.

Бўлмагаймен токи мен машғули шоҳ,

Токи бўлгаймен чу машғули сипоҳ.

Берса ҳам ҳукмимга ул мулки жаҳон,

Ундан айру тушмагаймен бир замон.

Не деса, этгум бажо амрини, бас,

Айру тушмам лекин андин бир нафас.

3265 Салтанат, туғроси не ҳожат менга?

Ул азиз дийдоридир давлат менга…

Баски сен ҳам Ҳаққа бермишсен кўнгил,

Бандалик этсанг, Аёздек айлагил.

Эйки кун-тунлар тутиб айни макон,

Бир қадам босганча қолган нотавон.

Ҳар кеча, бас, сен учун, эй билфузул,

Ҳақ этар кўкдин малакларни нузул.

Сен эсанг тошдек қотиб турган кези,

На кеча юргайсену на кундузи.

3270 Гар малаклар чиқса сенга пешвоз,

Сен боқарсен ортга айлаб эҳтироз…

Во дариғо, кўрмадим бир мардни мен,

Кимга сўйлай бу давосиз дардни мен?

Бор экан то йўлда дўзах, жаннатинг,

Бул сиру асрорни сен англармидинг?

Иккисидин баски кечгайсен тамом,

Тонг кулар бошингда, кечгай тийра шом.

Гулшани жаннатни асҳоб истамас,

Барча оқилларга иллаййин ҳавас133.

3275            Унга бергил сен уни, бунга буни,

На буни этгил ҳавас сен, на уни.

Иккисидин баски кечдинг, фард ўзинг,

Гар аёл эрсанг-да, жангда мард ўзинг.

Лойиқи дийдори Ҳақдирсен мудом,

Бас, яқинлардин бўлурсен субҳу шом…

            ҲИКОЯТ

РОБИАНИНГ ҲАҚҚА ИЛТИЖОСИ

Робиа дедики, эй донойи роз,

Бер шу душманларга дунёни, холос.

Охират дўстларга бўлсин бардавом,

Мен кечиб бўлдим улардин, бас, тамом.

3280 Иккисидин айрилиб, муфлис эсам,

Не ғамим бор, гар сенга мунис эсам.

Бўйла муфлислик писанд эрмас менга,

Сен эсанг ёнимда доим, бас менга.

Икки оламга назар солсам-чи, ҳай,

Ёки боқсам бошқага, кофир бўлай.

Кимда Ҳақдир, ул жаҳон устиндадир,

Етти денгиз кўприги остиндадир.

Ҳар не бордир, ҳар не бўлгайдир мисол,

Мисли бор, ёлғиз Худойим бемисол.

3285 Ҳар не истарсен, топилгайдир назир,

Беқиёс Улдир фақат, Ул беназир…

ҲАҚ ТАОЛОНИНГ ДОВУДГА ХИТОБ

            ЭТГАНИ

Ҳақ таоло, акбару олийжаноб,

Ҳазрати Довудга этмишди хитоб.

Дедиким, ҳар неки шул мулки жаҳон

Ичра бордир неча ошкору ниҳон.

Барчасига бори топгайсен эваз,

Бору беҳамто фақат мен, беэваз.

Беэваз мен, мендин айро тушмагил,

Сенга жонмен, ўзгага ёндашмагил.

3290 Менга муҳтож, менга муштоқ одаме,

Бўлма ғофил, ҳамдамим бўл ҳар даме.

Бир нафас менсиз тирик жон истама,

Келса менсиз давру даврон, истама…

Эйки сен, шу мулки дунё истаган,

Кеча-кундуз давлату жоҳ истаган,

Икки олам ичра мақсудинг Худо,

Бош эгарсен унга, маъбудинг Худо.

Сотмагай манфур жаҳонни сенга ул,

Сен-да Раббингни жаҳонга сотмагил.

3295 Ундан айру не тиларсен, бут бўлур,

Ундан айру тушса жон, топгай куфр.

Ҳар кишига жондин ортиқ жон ўшал,

Ҳар нечук дардингга ҳам дармон ўшал

Жон не эрмиш, етса жонингга мамот,

Ишқи бирлан Ҳақ яна бергай ҳаёт…

            ҲИКОЯТ

СУЛТОН МАҲМУД БУТНИ ЁНДИРГАНИ

Лашкари Маҳмуд оларкан Суманот,

Топдилар бир бутни, номи эрди Лот.

Ҳиндулар ул бутни олмоқ бўлдилар,

Бут баробар тилла бермоқ бўлдилар.

3300 Кўнмади шоҳ, балки рад этди буни,

Ўтга ташлаб, ёндиринг, деди, уни.

Биттаси дедики, бутни ёқмайин,

Тиллага сотсак уни, бўлмасмикин?

Деди Маҳмуд: қўрқамен, Парвардигор

Рўзи маҳшарди тизиб халқни қатор.

Дерки, Озар бирла Маҳмудни кўринг,

Бут тарашлар биттаси, сотгай бири…

Шоҳ буюрди, гурлади гулхан ўти,

Ўтда ёнди бутпарастларнинг бути.

3305 Қолди бутдин қанча бойлик бирла кул,

Нақ йигирма манн жавоҳир эрди ул.

Шоҳ дедиким, лойиқи Лот бул эрур,

Ҳақ Худойимдин мукофот бул эрур.

Синдир ул бутларни, ёндир сарбасар,

Ол улар ўрнига дарёйи гуҳар…

Ёндир ул нафсингни ҳам, эй шавқдўст,

Гавҳари қолгай ёниб битганда пўст.

Етди чун жонингга ул бонги Аласт,

Балли, деб айтишни қўйма бир нафас.

3310 Бас, Аласт аҳдига бойлабсен кўнгил,

Балли, деб айтишни сен тарк этмагил.

Айладинг иқрор тутиб жонингга дўст,

Энди инкор этмагинг эрмас дуруст.

Эй Аластни бошда иқрор айлаган,

Сўнгра ул иқрорни инкор айлаган.

Не эди аввалда паймонинг сенинг?

Не эмиш охирда исёнинг сенинг?

Ҳар нафас ул чорасозингдир Худо,

Бандалик қилдинг қабул, этгил вафо.

            ҲИКОЯТ

3315 Шоҳ Маҳмуд эрди подшолар шами,

Юрди ҳиндулар била жанг қилгали.

Ҳиндуларнинг лашкари анбуҳ эди134,

Ул сабабдин дилда бир андуҳ эди.

Шунда ният қилди шоҳи додгар:

Шу улуғ жангда зафар қучсам агар,

Не ғанимат қўлга тушса бардавом,

Тарқатар эрдим гадоларга тамом.

Оқибат қучди зафар ул шаҳриёр,

Қўлга тушди кўп ғанимат, бешумор.

3320 Бўйлаким эрди ғанимат беқиёс,

Ҳаддига етмасди юз ҳикматшунос.

Бас, ғаниматларга ҳар ён тўлдилар,

Ҳиндулар майдонда мағлуб бўлдилар.

Шоҳ ғаниматларни тақсим айлабон,

Тарқатинг, деди, гадоларга ҳамон.

Сўйламишдим Ҳаққа назр этмоқни то,

Энди ул аҳдимга этгаймен вафо…

Дер эди ҳар кимса: шунча молу зар,

Ҳайф, барин йўқсил, гадолар олсалар.

3325 Ё сипоҳга бер-да, ҳуррам айлагил,

Ё хазина ичра йиғ, жам айлагил…

Ўртада чун лолу ҳайрон қолди шоҳ,

Неки ҳайрон, балки сарсон қолди шоҳ.

Бул Ҳусайн отлиғ эди фарзонае,

Марди бедил эрди ул, девонае.

Ул кезарди, ҳар тараф лашкар, сипоҳ,

Чун уни кўрди йироқдин подшо.

Амр этди: келтиринг девонани,

Ул деса ҳар неки, айлармен ани.

3330 Чунки ул шоҳу сипоҳга бандамас,

Не деса, бўлгай самимий, беғараз.

Хуллас ул девонани шоҳ чорлабон,

Бор муаммони анга этди аён.

Деди девона анга: эй подшо,

Икки ишдан биттасин этгил бажо.

Ҳаққа тушмайдир, десанг, корим яна,

Бер буларга молни, ташвиш айлама.

Ҳаққа тушгайдир, десанг, корим тағин,

Эт вафо аҳдингаву шарм айлагин.

3335 Ҳақ бугун соҳиб зафар этди сени,

Лек сенинг аҳдингда тургонинг қани?

Этди Маҳмуд ул ғаниматни нисор,

Оқибат бўлди бу янглиғ шаҳриёр…

ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси дедики, бизга сўйла бир,

Ул буюк даргоҳга не маъқул келур?

Сўйласанг бизга, тушунтирсанг буни,

Неки жоиз эрса, элтгаймиз уни.

Шоҳга доим туҳфа элтгайлар нафис,

Туҳфасиз борган саналгайдир хасис.

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

3340 Ҳудҳуд айтди: гар эшитгайсен мени,

Унда не йўқ эрса, элтгайсен ани.

Унда бор бир нарсани сен орқалаб,

Элтар эрсанг, маъқул ўлгайму, ажаб.

Унда баским илм ила асрор эрур,

Ҳам малаклар тоати бисёр эрур.

Сўзи жону дарди дил элтгил ҳамон,

Чунки йўқ унда булардин бир нишон.

Унда гар чексанг аламли, ўтли оҳ,

Етказур дардингни ул то пешгоҳ.

3345 Жойи хос ул мағзи жонингдир сенинг,

Териси нафси ёмонингдир сенинг.

Оҳ агар ул жойи хосингдин келур,

Шубҳа йўқтирким, халосингдин келур.

            ҲИКОЯТ

ЗУЛАЙҲО ЮСУФНИ КАЛТАКЛАГАНИ

Чун Зулайҳо соҳиби ҳашмат эди,

Қасд этиб, Юсуфни зиндон айлади.

Сўнг ғуломин чорлабон амр этди ул,

Бор, деди, Юсуфга эллик дара ур.

Ур, деди, андоқки, ҳеч раҳм этмайин,

Чеккан оҳини йироқдин тинглайин.

3350 Борди қул, Юсуфни кўрди ул замон,

Қалбида қўзғалди шафқатлар ҳамон.

Кўрди бир пўстакни, унга бурди юз,

Урди ул пўстакка калтак устма-уст.

Қул ўшал калтак туширса неча бор,

Нола айлар эрди Юсуф зор-зор.

Ноласин четдан Зулайҳо тинглабон,

Қичқирарди, ур, дея, ур беомон!..

Қул деди: эй Юсуфи хуршидвар,

Гар Зулайҳо солса сенга бир назар,

3355 Кўрмаса жисмингда бир заҳми таёқ,

Менга сочгай қаҳрини, этгай сўроқ.

Оч менга елкангни, мен бир чўп урай,

Битта калтакка чидарсен ҳар қалай.

Гарчи бул зарбдин зиён етгай сенга,

Заҳми из солгай, нишон этгай сенга…

Кўйлагин ечди Юсуф ул бир йўла,

Етти қат осмонга тушди ғулғула.

Қул кўтарди чўпни бош узра баланд,

Зарб ила урди, йиқитди юз тубан.

3360 Чун Зулайҳога Юсуфдин етди оҳ,

Бас, деди, бул чеккан оҳидир раво.

Бошда оҳлар чекди эрмакка нуқул,

Эндиги оҳин юракдин чекди ул…

Бўлса гар мотамда юз бир навҳагар,

Мотам аҳли оҳидин етгай асар.

Халқа ичра бўлса юз бир ғамзада,

Халқанинг боши яна мотамзада.

Кўзда ёшу дилда дардинг бўлмайин,

Мардлар ичра мард бўлмоғинг қийин.

3365            Кимда дарди ишқ бордир, сўз ҳам135,

Беқарордир кеча ул, кундуз ҳам.

            ҲИКОЯТ

БИР ҚУЛНИНГ ХЎЖАСИГА АЙТГАНЛАРИ

Хўжада бор эрди доно, занжи қул,

Қўлни дунёдин тамом ювмишди ул.

Бас, узоқ тунлар ғуломи покбоз,

Мижжа қоқмас эрди, айларди намоз.

Деди хўжа бир куни чорлаб уни:

Кечалар турганда сен уйғот мени.

Токи мен ҳам сен била тоат этай,

Қул жавоб берди ширин сўзлаб атай:

3370 Дарди дин кўнглида бўлган кимса ул,

Кечалар уйғотмасанг-да, уйғонур.

Дилда дардинг бўлса, уйғоқсен мудом,

Тоат айлаб, Ҳаққа муштоқсен мудом.

Баски уйғотгувчи лозимдир, демак,

Сен учун тоат этувчи ҳам керак…

Кимда бул ҳасрат, бу янглиғ дард эмас,

Бошига тупроқ унинг, ул мард эмас.

Кимки бўйла дард ила топмиш сиришт,

Дўзахинг ҳечдир анга, ҳечдир биҳишт.

            ҲИКОЯТ

АБУ АЛИ ТУСИЙНИНГ АЙТГАНЛАРИ

3375 Бу Али Тусийки пири аҳд эди,

Солики водийи жадду жаҳд эди.

Бўйла юксакларгаким етди иши,

Билмадим, етгайму унга бир киши?

Дерди: эрта аҳли дўзах зор-зор

Сўргуси аҳли биҳиштдин ошкор.

Бизга айтинг жаннат ичра ҳолингиз,

Шавқи вуслат бирла не аҳволингиз?

Аҳли жаннат жумла дерлар ул замон:

Боғи жаннат қаршимизда йўқ ҳамон.

3380 Ҳақ қуёши балқитиб ҳусни камол,

Жаннат ичра бизга кўрсатди жамол.

Ул жамолга баски термулдик тўниб,

Олдида саккиз биҳишт қолди сўниб.

Шуъла сочганда жамоли жонфишон,

Қолмади жаннатдин ул ному нишон…

Аҳли жаннат дедилар бу ҳолни,

Аҳли дўзах айтдилар аҳволни:

Эйки сиз фориғи фирдавси жинон,

Ҳар не дерсиз, ул чунондир, ул чунон.

3385 Бизку бундоқ дарду ҳасрат, ғашдамиз,

Бошдин охир ўт аро, оташдамиз.

Ёр юзин кўрсатди бир бор ошкор,

Қолди ҳасрат бизга андин ёдгор.

Англадикким, бўлдик андин биз жудо,

Энди восил бўлмагай рўйи Худо.

Келди андин бизга чун жон ўрташи,

Баски эсдан чиқди дўзах оташи.

Кимга чирмашса бу оташ, ёқса гар,

Унга дўзах ўти этгайму асар?..

3390 Кимки тушгай йўлга, ёр ҳайрат анга,

Қайда орому қарор, роҳат анга?

Қуршасин ҳасрат, жароҳатлар сени,

Не жароҳат, завқу роҳат бил ани.

Етсанг ул манзилга гар мажруҳ бўлиб,

Маҳрами хилватсаройи руҳ бўлиб,

Ул жароҳатларга малҳам сурмагил,

Ичга ют дирдингнию дам урмагил…

            ҲИКОЯТ

Чун Набийга юзланиб бир пурниёз,

Деди: ёзсам жойнамоз, этсам намоз…

3395 Йўқ, деди унга Расули муҳтарам,

Қум қизиқ, тупроқ-да иссиқдир бу дам.

Сур юзинг тупроққа сен Ҳақ олдида,

Доғланур ҳар бир жароҳат аслида.

Баски кўргайсен шу жонингда яро,

Доғламоқ бирлан анга этгил даво.

Доғламай кўнгилни бунда, эй жигар,

Сен нетиб Оллоҳга солгайсен назар?

Доғлагил кўнгилни дард қайноғидин,

Аҳли диллар мардни билгай доғидин…

ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

3400 Бошқа бир қуш сўрдиким, эй раҳнамо,

Кўзларим тортди бу водийдин қаро.

Ваҳму заҳматларга тўлмиш бу тарийқ,

Неча фарсангдир бу йўл, айт, эй рафиқ?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди: йўлда етти водий дуч келур,

Етти водийдин кейин даргоҳи нур.

Кимса бу йўлдин бораркан, қайтмамиш,

Қайтмамишким, неча фарсанг, айтмамиш.

Қайтмамиш бир кимса ортга, бас. нетиб

Айта олгай ул сени огоҳ этиб?

3405 Кетди бир-бир барчаси, бўлди бадар,

Бас, нетиб бергай улар йўлдин хабар?

      ЕТТИ ВОДИЙ

Ул талаб водийси келгай илк бор,

Сўнгра ишқ водийси, улкан, беканор.

Сўнг учинчи водий – илму маърифат,

Сўнгра ул тўртинчи – истиғно сифат.

Сўнг бешинчи – водийи тавҳиди пок,

Сўнгра ул олтинчи – ҳайрат, ваҳмнок.

Охири еттинчи ул – фақру фано,

Сўнгра йўл юрмоққа ҳожат йўқ санго.

3410 Ҳақ олур даргоҳига, гум бўлгасен,

Қатра эрсанг, баҳри Қулзум бўлгасен…

      ТАЛАБ ВОДИЙСИ

Чун талаб водийсига етдингми, бас,

Юз бало сенга ёғилгай ҳар нафас.

Юз бало бошингга келгач дам сайин,

Тўти эрдинг, энди бўлгайсен чивин.

Жадду жаҳд юклайди йилдан йил сенга,

Юзланур қалбингда ҳолдин ҳол сенга.

Молни лозимдир отиб, ирғитмоғинг,

Мулкни лозимдир басе тарк этмоғинг.

3415 Бунда қонларга бўялгайсен расо,

Барча нарсангдин бўлурсен мосуво.

Ҳеч вақойинг қолмагач илкингда ул,

Покламоқ кўнгилни ҳам лозим бўлур.

Қолмагач кўнглингда борлиқдин сифот,

Юз очур даргоҳи Ҳақдин нури зот.

Баски нур бўлгач кўнгилда ошкор,

Бир талаб бўлгай юракда юз ҳазор.

Гар йўлингнда неча бир оташ эса,

Неча бир водийки, тунд, нохуш эса,

3420 Ўзни айлаб шавқидин девонавор,

Ўтда ёнгайсен куйиб парвонавор.

Талпинарсен, баски муштоқсен анга,

Қатра май бергайму деб соқий менга.

Қатра майни тотиниб, нўш этгасен,

Икки оламни фаромуш этгасен.

Ғарқи дарёсен ва лекин ташна лаб,

Айлабон жонон сирин жондин талаб.

Сирниким билмоққа бўлдинг арзуманд,

Жон олувчи аждаҳо эрмас писанд.

3425 Куфру лаънат келса, этмай эътибор,

Кўз тикарсен Ул эшикка интизор.

Бас, эшик очилса, қолмас куфру дин,

Чунки ул фориғ эрур ҳар нарсадин…


            ҲИКОЯТ

Амр Бу Усмон макон айлаб ҳарам136,

Ёзди ул «Ганжнома»ни, сурди қалам.

Дедиким, Тангри уфурди руҳи пок

Ул тани одамга, ул сув эрди, хок.

Истади токи малаклар сарбасар

Топмагайлар жони Одамдин хабар.

3430 Деди: эй руҳониёни осмон,

Сажда айланг зоти Одамга ҳамон.

Эгдилар бош, ўпдилар олдида хок,

Билмайин лек не эмиш ул сирри пок.

Келди Иблис, дедиктм, мен бул нафас

Сажда этмасмен унинг олдида, бас.

Майлига, бошдин жудо бўлсин таним,

Олсалар бошимни, бордир гарданим.

Мен билармен, хок эмас Одам нуқул,

Бунда сир бор, сирни билмоғим зарур…

3435 Қўймади ул ерга бошин, чайқади,

Шамғалат қилди ва сирни пайқади.

Ҳақ дедиким, эй жосуси муттаҳам,

Сирни билдинг шамғалат айлаб бу дам.

Кўрдинг ул ганжники мен этдим ниҳон,

Ўлдирармен, йўқса, айларсен аён.

Махфий айлаб, тушмагай деб бир нигоҳ,

Ганжини кўздин яширгай подшо.

Лек бировнинг кўзи тушса андаки,

Ўлдирар ундоқ гувоҳни бешаки.

3440 Баски сен ганжимни кўрдинг ошкор,

Айладим мен бошинг узмоққа қарор.

Этмасам бошинг жудо тандин сени,

Йўқ ажаб, оламга ёйгайсен ани…

Деди: ё Раб, вақту муҳлат бер менга,

Чора қил мендек забун, бечорага.

Ҳақ таоло деди: бердим муҳлатинг,

Лек бўлур бўйнингда тавқи лаънатинг.

Урдим ул номингга каззоб деб рақам,

То қиёмат сен лаинсен, муттаҳам.

3445 Шунда Иблис дедиким, ул ганжи пок

Бас, аёндир менга, лаънатдин не бок?

Лаънат ул сендин ва раҳмат ҳам сенинг,

Банда ул сендин ва қисмат ҳам сенинг.

Гар лаинлик қисматимдир, бок эмас,

Оғу ҳам даркор, фақат тарёк эмас.

Халқни кўрдим, барчаси раҳматталаб,

Лаънатинг олдим фақат мен беадаб.

Лаънатингни истаган бир банда йўқ,

Лаънат олган мен каби афганда йўқ…

3450 Инчунин бўлгай талаб, толиб эсанг,

Йўқки даъвойингда гар ғолиб эсанг.

Топмасанг излаб уни, борму ажаб,

Ул йўқолганмас, талабда йўқ талаб…

      ШИБЛИЙ ҲИКОЯТИ

Жон бераркан Шиблий эрди беқарор,

Кўзларин юммишди, кўнгли интизор.

Белига зуннори ҳайрат бойлабон,

Бир уюм кул узра тутмишди макон.

Эрк берарди гоҳи ул кўз ёшига,

Гоҳида тупроқ сочарди бошига.

3455 Биттаси кўрди, деди: бу не эмиш,

Бўйла бир фурсатда зуннор бойламиш?

Деди: мундоқким ёнармен, не қилай?

Рашк, ҳасаддин ўртанармен, не қилай?

Кўзни юмдим икки оламдин, фақат

Бул замон Иблисга айлармен ҳасад.

Лаънати, деб этди Иблисга хитоб,

Менга эрса на хитобу на итоб.

Бунда Шиблий бағри хун кутгай ани,

Ул эса бергай бировга бергини.

3460 Шоҳ тарафдин тошми ё гавҳат келур,

Ким тафовут айласа, номард эрур.

Гавҳарин тутсанг азиз, тошини хор,

Шоҳ тарафдин сенга бўлмас эътибор.

Тошу гавҳарга на душман бўл, на дўст,

Сен ани кўргилки, бермиш сенга дўст.

Яхши де, тош отса ул маъшуқи маст,

Тошга боқ, ёт берган ул гавҳаргамас.

Эр киши бўлгай талабда интизор,

Ҳар замон йўл узра этгай жон нисор.

3465 Ул талаб айларда сокин бўлмагай,

Бир даме ороми мумкин бўлмагай.

Бир замоне гар бўшаштирса талаб,

Йўл аро муртад бўлур ул беадаб…

      МАЖНУН ҲИКОЯТИ

Бир азиз Мажнунни кўрди дарднок,

Титкилаб тупроқ, совургай эрди хок.

Сўрди: эй Мажнун, не изларсен бу дам?

Дедиким, Лайлини ахтармоқдаман.

Айтди: ул тупроқда не қилсин сенга?

Деди: излармен, топилгай деб менга…

ШАЙХ ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ ҲИКОЯТИ

3470 Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний, аё,

Соҳиби асрор эди, чин муқтадо.

Дер эдиким, боқсангиз болову паст137,

Неки кўзга ташланур ул ерда, бас,

Ундаги ҳар зарра Яъқубдир магар,

Юсуфи гумгаштадин сўргай хабар.

Дард керак йўл узра, бўлмоқ интизор,

Дарду муштоқликда кечсин рўзгор.

Холи эрсанг гар ғаму озоридин,

Бир замон дам урма сир-асроридин.

3475 Кимда дард йўқдир, қароқчи ул эмиш,

Дардини чекмай, Анал-Ҳақ ким демиш?

Ташқари чиқма кўнгилдин бир даме,

Қон ютиб нон ўрнига ўлтир даме.

Она қорнида гўдак қон ютса, бас,

Ташқари чиққанда ғавғо ҳар нафас.

Баски қон ютсанг-да сен сабр айла, ҳай,

Бир куни дунё ишингни ўнглагай.

Истагил ё истама, сабр айлагин,

Ўрганурсен йўлни қай бир кимсадин.

3480 Она қорнида гўдакдек қон ютиб,

Сен-да ўлтир қонлар ичра сабр этиб.

Эрмасанг гар бунда аҳли таҳният138,

Не учун йўқ сенда мотам, таъзият?

Бўлмаса сенга севинчу васли ёр,

Тур оёққа, чек басе ҳижрону зор.

Ёр жамолин кўрмасанг турма қараб,

Қалқ оёққа, айлагил асрор талаб.

Гар талаб ҳам этмасанг, нодон, уял,

Юрма бошвоқсиз эшакдек бесамар.

            ҲИКОЯТ

3485 Тошга айланмиш биров Чин тоғида,

Ёш тўкарди кўзлари ғам доғида.

Йиғлабон, ёшлар тўкаркан зор-зор,

Тош бўлиб қотгайди ёшлар шашқатор.

Гар булут бағрига етса бўйла тош,

Ғам ёғар, андуҳ ёғар эрди тутош…

Ул – илмдир, ростгўйлик мазмуни,

Чинда ҳам бўлса, бориб, ахтар уни.

Етмади унга бировлар ҳиммати,

Тошга айлантирди куфри неъмати.

3490 Қопқоронғудир бу дунё, ал-фироқ,

Илму фан йўлларда машъалдир, чироқ.

Раҳбари жондир шу зулмат ичра ул,

Нур эрур нур ичра, талъат ичра ул.

Зулмат ичра бир вақое йўқ сенга,

Чун Скандар раҳнамое йўқ сенга.

Йўқ эса илкингда бундоқ жавҳаринг,

Кўп пушаймонлар чекар жонинг сенинг.

Жавҳарингни топмасанг, эй булҳавас,

Энг пушаймонлиғ ўзингсен, ўзгамас.

3495 Икки олам жонни тутмишлар макон,

Тан у жондин, жон бўлиб тандин ниҳон.

Бул фано дунёсидин чиқдингми, бас,

Сенга шайдир, одамий, ул жойи хос.

Жойи хоским, талпиниб етсанг анга,

Очилур юз бир синоатлар сенга.

Йўл аро қилсанг магар, ҳолингга вой,

Қолмагай ному нишонинг ҳойнаҳой.

Ухлама тунларда, кундуз тотма туз,

Очмагунча то талаб қалбингда юз.

3500 Сен талаб этгил, талаб битсин ҳама,

Кундузи туз тотма, тунлар ухлама…

            ҲИКОЯТ

Шайх Миҳна бўлди дилтанг, бағри хун,

Юрди саҳрога кўнгил ёзмоқ учун.

Кўрди бир қишлоқини олисдан ул,

Ҳўкизин судрарди чол, сиймоси нур.

Шайх яқинлашди анга, берди салом,

Нотавон ҳолини англатди ҳамон.

Чол боқиб деди анга: эй Бу Саид,

Ер юзидин то ўшал Арши мажид.

3505 Тўксалар хирмон этиб буғдой тамом,

Этсалар бу ишни юз кара давом.

Сўнгра бир қуш қайданам пайдо эса,

Неча минг йил битталаб буғдой еса.

Сўнгра ул қуш неча бир вақту замон

Чарх уриб, сайр айласа даври жаҳон.

Етмаса жонингга даргоҳдин атир,

Бул узун муддат сенга бир лаҳзадир.

Толибонларга сабр лозим басе,

Толибу собир бўлолмас ҳар касе.

3510 Ёнмагунча то талаблар тобида

Қон мушк бўлмас кийикнинг нофида.

Кетса кўнгилдин талаб, эй муҳтарам,

Қонга тўлгай гарчи гардун бўлса ҳам.

Кимда йўқ эрса талаб, мурдор ўшал,

Одам эрмас, суврати девор ўшал.

Кимда йўк эрса талаб, ҳайрон эрур,

Ҳошаалло, инс эмас, ҳайвон эрур.

Гар қўлингга тушса бир ганжу гуҳар,

Сен талабни айла афзун сарбасар.

3515 Улки ганжга кўз тикиб, хурсанд эрур,

Бил, ўшал ганжу гуҳарга банд эрур.

Йўлда ким бир нарсага дил берса, бас,

Нарса бут бўлгай анга, ул бутпараст.

Ёнди жонинг ишқ аро беҳуш бўлиб,

Бир пиёла май ила сархуш бўлиб.

Бир пиёла май ила маст бўлма, ҳай,

Май талаб қил, бениҳоя бунда май…

            ҲИКОЯТ

Бир кеча Маҳмуд сипоҳдин айрилиб,

Кўрдиким, бир кимса йўл узра туриб,

3520 Ағдарарди қум, этар эрди уюм,

Бозбандин шоҳ ечиб, отди шу зум139.

Бир уюм қум устига, кетди нари,

Учди тулпори анинг ел сингари.

Келди боз иккинчи оқшом шаҳриёр,

Кўрди, ул кимса ҳамон машғули кор.

Дедиким, эй, кеча бунда топганинг

Етти авлодингга етгайдир сенинг.

Ахтарарсен не уйиб қумларни боз

Подшолик қил, яшайвер бениёз.

3525 Деди кимса: бунда топдим давлатим,

Топдим ул ганжи ниҳоним, сарватим.

Баски давлат бунда бўлди ошкор,

Энди менга шул эрур оламда кор.

Мард бўлиб қоқсанг, эшик очилгуси,

Истасанг, йўл сенга равшан бўлгуси.

Бўлма ғофил, оч кўзингни йўлга тик,

Бор, талаб қил, ёпиқ эрмасдир эшик…

            ҲИКОЯТ

Бехабар бир кимса айлаб илтижо,

Дер эди: очгил эшикни, эй Худо…

Робиа бул сўзни тингларкан, демиш:

Менга айтгил, ул қачон ёпиқ эмиш?

3530 Ул эшик очиқ ҳамиша, эй ўғил,

Сен бориб, андин муродинг истагил…

ИШҚ ВОДИЙСИ

Сўнгра ишқ водийси очгайдир варақ,

Унга етганлар бўлур оташга ғарқ.

Ким демишким, ул басе оташ эмас,

Оташ эрмас эрса, ушшоқ хуш эмас.

Ошиқ улдирки, басе оташ эрур,

Ёндириб, куйдиргучи саркаш эрур.

3535 Оқибатандеш бўлолмас бир замон,

Ғарқи оташ ул, яна барқи жаҳон.

Лаҳзае на куфр билгай ул, на дин,

Заррае на шакку шубҳа, на яқин.

Йўлида яхши, ёмони бўлмагай,

Келса ишқ, яхши, ёмони қолмагай…

Эйки, муртад, сен бу сўзлардин йироқ,

Йўқ сенинг жонингда завқу иштиёқ,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации