Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

На буни билгум ва на билгум уни.

3965 Гарчи ошиқмен, билолмам, кимга мен?

На мусулмонмен, на кофир, кимсамен?

Бехабардирмен тамом ишқимдан ул,

Ишққа тўлмишдир ва бўм-бўшдир кўнгил.

            ҲИКОЯТ

Бор эди бир шоҳ жаҳон айвонида,

Бир қизи ўсмишди гул бўстонида.

Рашк этарди ҳуснига ҳуру пари,

Юсуф эрди мисли, моҳи анвари.

Кокили эрди чу кўнгилларга дор,

Сочининг ҳар торига жонлар нисор.

3970 Ой юзи чун жаннатул фирдавс эди,

Қошлари эрди камон, пайваст эди.

Ул камонлар ўқ узаркан ҳар замон,

Қоба қавсайн мадҳ этар эрди ҳамон153.

Наргиси масти отаркан орни,

Бас, йиқитгай эрди ҳар ҳушёрни.

Офтоб балқиб юзи кўзгусида,

Маҳлиё эрди унинг ўтрусида.

Кулса, гулгун лаблари – оби ҳаёт,

Ташналар андин сўрар эрди закот.

3975 Ким занахдонига солса бир нигоҳ,

Юз тубан тушгай эди то қаъри чоҳ.

Ой юзига ким назар солгай эди,

Чоҳга тушгай эрдию қолгай эди.

Гапни чўзмай, айтайин, хуллас калом,

Келди шоҳнинг хизматига бир ғулом.

Бўйла бир қул эрдиким, соҳибжамол,

Ою офтобга эди андин завол.

Олам ичра фарду беҳамто эди,

Кўйида, бас, шўришу ғавғо эди.

3980 Неча минглаб мардуми бозору кўй

Термуларди чиқса ул хуршидрўй.

Бир куни шоҳнинг қизи кўз ташлабон,

Кўрди ул барно йигитни ногаҳон.

Кетди қўлдин эрки, шайдо бўлди ул,

Пардани очди ва пайдо бўлди ул.

Кетди ақли, баски қаттиқ келди ишқ,

Ул ширин жонига аччиқ келди ишқ.

Ўйлади ҳар неча, бори қолмади,

Оқибат сабру қарори қолмади.

3985 Жонини ёндирди чун ҳажру фироқ,

Кўнглини кул қилди дарду иштиёқ.

Ўн канизи бор эди чун мутриба154,

Жумла хушовозу олий мартаба.

Барчаси созандаву булбулнаво,

Куйласа, Довуд мисоли жонфазо.

Ҳолини айтди уларга, сўйлади,

Тарки ному номусу жон айлади.

Кимда эрса ишқи жонон ошкор,

Ўртанур ул, жонга не парвоси бор…

3990 Деди: қулга сўйласам ишқим агар,

Ул тушунмас балки, бўлгай иш чигал.

Номусим, номимга етгайдир зиён,

Қул деган подшога тенг бўлмиш қачон?

Этмасам ишқимни унга ошкор,

Парда ортида ўлармен зор-зор.

Сабр достонин неча хатм айладим,

Не қилайки, битди сабру тоқатим.

Истарам, жон энди айро бўлмасин,

Мен олай баҳра, у огоҳ бўлмасин.

3995 Гар муродим бўйлаким ҳосил бўлур,

Бахтлимен, жонимга иқбол юзланур.

Бас, канизлар тинглади бу сўзни чун,

Дедиларким, бўлмагил зору ҳазин.

Келтирармиз бул кеча қошингга, ҳай,

Бўйлаким, ўзи хабардор бўлмагай.

Бир каниз қул олдига борди ҳамон,

Кўрдиким ул ёлғиз эрди, тутди жом.

Жоми майга дору қўшган эрди ул,

Ичса майни, ҳушдин айрилгайди қул.

Майни ичди, ҳушдин айрилди ғулом,

Ул канизак етди мақсадга тамом.

4000 Шул куни то кечгача ул сиймбар,

Ётди маст, икки жаҳондин бехабар.

Қош қорайгач, ул канизлар келдилар,

Масту беҳуш сори елдек елдилар.

Бир тўшакка ётқизиб қизни ҳамон,

Элтдилар кўп эҳтиётлаб қиз томон.

Ўтқизиб тахт узра сархушни шитоб,

Боши узра сочдилар мушку гулоб.

4005 Қоқ ярим тунда ярим маст ул ғулом

Кўзни очди, қолди ҳайратда тамом.

Кўрди бир кошона андоқким баҳор,

Тахт қурилмиш эрди унда зарнигор.

Анбарин шамлар ёнарди ярқираб,

Уд ёниб, анбар сочарди ҳар тараф.

Не гўзаллар соз чалиб, айтар наво,

Ақлу жону жону тан эрди фидо.

Даврада қиз ўлтирар эрди шу тоб,

Мисли шамлар ичра ял-ял офтоб.

4010 Қизнинг ул офтоб жамолини кўриб,

Қолди ҳайрат ичра қул суврат бўлиб.

Ақлу жондин бир йўла айрилди қул,

На бу олам ичраю на унда ул.

Кўзлари ўнгида дилдор эрди, бас,

Ҳам қулоғида мусиқор эрди, бас.

Кўксида севги, забони лол эди,

Жонида завқу сафодин ҳол эди.

Бурнига атру фароғатлар етиб,

Оғзига оташ тароватлар етиб.

4015 Жоми май сунди у жонон, сийлади,

Ортидин бир бўса инъом айлади.

Қул боқиб, лол эрдию ҳайрон эди,

Кўзлари олдида ул жонон эди.

Сўзга келмасди тили, ул гунгу зор,

Кўзидин ёшлар оқарди шашқатор.

Ул санам ҳам термулиб ул сори жим,

Йиғлар эрди, ёш тўкарди бетиним.

Лабларидин гоҳ тутар эрди шакар,

Ул ўпичлардин куяр эрди жигар.

4020 Қиз боқарди ёр юзи ёғдусига,

Кўз соларди кўзлари жодусига.

Маст эди қул ҳам, асири дилнавоз,

Бир йўла бўлмишди ул ўздин халос.

Шул йўсин кўз узмади қиздин ғулом

Тун кечиб, тонг ҳам оқаргунча тамом.

Тонг отиб, тонг еллари келгач етиб,

Ул йиқилди маст бўлиб, ўздин кетиб.

Ухлади ул бош қўйиб қиз пойига,

Элтдилар зудлик билан ўз жойига.

4025 Кечди бир муддат ародин, сиймбар

Тортди ҳушёр, топди чун ўздин хабар.

Чекди фарёд, кўксидин оҳ учди, дуд,

Бўлган иш бўлмишди, фарёддин не суд?

Дил ёниб, сув қолмамишди қатрадек,

Сувлари бошидин ошмишди ва лек.

Тўнини йиртди, яқо чок этди қул,

Ҳунгради, бошига тупроқ сочди ул.

Сўрдилар: не бўлди, эй шамъи Тироз?

Дедиким, мен айта олмам, сўрма боз.

4030 Улки кўрдим мен кўзим ўтрусида,

Кўрмамиш ҳеч кимса ўз уйқусида.

Улки савдо тушди бошимга бу кеч,

Тушмамиш бир кимсанинг бошига ҳеч.

Сўйлагил, деб қистама боз, бўлмагай,

Бундин ортиқ бир ажиб роз бўлмагай.

Сўрдилар: очгил бир оз кўнгил сирин,

Сўйлагил кўрганларинг юздан бирин.

Дедиким, ҳолим харобу кўр эдим,

Билмадим, кўрдимми ёки кўрмадим.

4035 Билмадим, масту адо кўрдимми мен?

Ёки ҳушёрлик аро кўрдимми мен?

Туймагандим, улки мен туйдим кеча,

Кўрмагандим, улки мен кўрдим кеча.

Деди оқил: кўрганинг тушдир магар,

Ул сабаб девонадирсен, бехабар.

Деди: қайдам, мастмидим, ҳушёрмидим?

Уйқуда эрдимми ё бедормидим?

Кўрмамиш бундоқ ажиб ҳолни жаҳон,

Ҳолате, на ошкордир, на ниҳон.

4040 Сўйламак ҳам, сўйламаслик ҳам маҳол,

Ўртада мен мискину афтодаҳол.

На унутгай ёдини бир лаҳза жон,

На кўрармен васлидин ному нишон.

Кўрганим ул бўйлаким ҳусну жамол,

Васфини айтурга менда йўқ мажол.

Чеҳраси олдида ҳечдир офтоб,

Заррадир, валлоҳу аълам бис-савоб.

Бор гап шу, баски мен айтдим шуни,

Бундан олдинроқ вале кўрдим уни.

4045 Ҳам кўриб, ҳам кўрмадим, ҳайронамен,

Икки ўт ичра ёниб, девонамен…


                  ҲИКОЯТ

Она йиғларди қизи қабрида хун,

Бир йўловчи ул тарафга боқди чун.

Деди: хотиндан биз эрларга сабақ,

Ул билур, биз билмагаймиз, унда ҳақ.

Ул билурким, кимдин айрилмишдир ул,

Не сабаб афтодаҳолдир, ул билур.

Бахтлидир, билгай надир ҳоли ситам,

Яхши билгай ким учун йиғлашни ҳам.

4050 Менга мушкулдир вале, мен ғамзада,

Кеча-кундуз ўлтириб мотамзада,

Билмагаймен, не сабабдин зор-зор,

Йиғлагаймен мисли абри навбаҳор.

Билмагаймен, бўйлаким ҳайрон бўлиб,

Кимга бўзлармен басе гирён бўлиб.

Мендин афзалдир бу хотин, боқ, чунон,

Кимдин айрилмиш у, билгай бегумон.

Мен эсам оворамен ҳайрат аро,

Ул тўкар қонимни бул ҳасрат аро.

4055 Бўйла манзилда йўқолгай дил ҳамон,

Дил не эрмиш, йўл ҳамон, манзил ҳамон.

Ақлу хуш сарриштаси ҳам гум бўлур,

Фикру ўй, андишаси ҳам гум бўлур.

Етса ким бунга, йўқотгай бошини,

Қўл-оёғи, сабр ила бардошини.

Кимки йўл топгай, муқаррар билгуси,

Сирри Кулл не, ул саросар билгуси…


                  ҲИКОЯТ

Кўрди сўфий чун, эшикда бир йигит

Дер эдиким, ҳай, йўқотдим мен калит…

4060 Бир калит йўқми очишга бул замон,

Чун эшик берк, чорасиз қолдим тамом.

Гар эшик қулф бўлса бундоқ, мен нетай?

Ғам-алам ёприлса бундоқ, мен нетай?

Сўфий айтди: чекма мунча оҳу зор,

Турма бунда, сен эшик олдига бор.

Ул эшикка кўз тикиб ўлтир басе,

Оқибат очгай эшикни бир касе.

Мушкул эрмас унча ҳам коринг сенинг,

Ҳайрат ичра ўртанур жоним менинг.

4065 Боши йўқдир, сўнгги ҳам йўқ, бўйла иш,

Эшиги йўқдир, калит ҳам бўлмамиш…

Кошки сўфий ҳам югурса, чопса ул,

Беркми ё очиқ эшикни топса ул.

Даҳр аро мардум насибидир хаёл,

Бир киши билмас не эрмиш сенда ҳол.

Улки етмиш водийи ҳайрат анга,

Ҳар нафасда юз жаҳон ҳасрат анга.

Ҳасрату саргашталик битгайми ҳеч?

Ул йўқолган йўлни топгаймен нечук?

4070 Билмадим, билсам эди бир дона мен,

Бўлмас эрдим бунчалар ҳайрона мен.

Бунда эр этса шикоят, шукр эмиш,

Куфри чун иймону иймон куфр эмиш…


ҲИКОЯТ

Шайх Насрободий дилига тушди дард,

Ҳаж адо этмишди қирқ бор шери мард.

Кўрдилар бир кун тани нимжон эди,

Сочи оқ, эгнида бир иштон эди.

Жони оташ ичра, маст эрди кўнгил,

Белда зуннор, хайр деб чўзмишди қўл.

4075 Йўқ эди нутқида бир даъвою лоф,

Габр оташгоҳин айларди тавоф…

Деди кимдир: эй бузургу номдор,

Бу не қилмиш, этма ўзни шармсор.

Шунча ҳам айлаб, бўлиб бир муқтадо,

Ҳосилинг кофирлик ўлмишми, аё?

Бул ишинг ғўрликдиру хорликдир ул,

Аҳли кўнгил сен сабаб бадном бўлур.

Сен каби бир шайхи гумроҳ бормидир?

Билмагайсенму бу оташгоҳ надир?

4080 Шайх дедиким, тушди шу жонимга ўт,

Ёнди жоним, кетди қўрғонимга ўт.

Ўт ёқиб, еллар совурди хирманим,

Бўлди барбод номусим, номим маним.

Ўз ишимга мен боқиб, ҳайронамен,

Не қиларни билмайин, девонамен.

Бўйлаким бир оташ ичра қолса жон,

Ному номусни не билсин ул ҳамон?

Бўйла бир ўтким гирифтор айлагай,

Каъбадин ҳам жонни безор айлагай.

4085 Заррача юз очса гар ҳайрат сенга,

Ёприлиб келгай ғаму ҳасрат сенга…

            ҲИКОЯТ

Бор эди бир ёш мурид, уйқусида

Пирини кўрди кўзи ўтрусида.

Сўрди: пирим, сўйлагил, ҳолинг нечук?

Охират кўйида аҳволинг нечук?

Сен кетиб, қолдим таҳайюр ичра мен,

Ўртаниб, ҳажру фироғинг тортамен.

Ҳасрат ичра ахтарурмен бунда роз,

Ул тараф не кечди ҳолинг, сўйла боз?

4090 Пир деди: ҳайратдадирмен ҳар замон,

Баски бармоғу лабимни тишлабон.

Бунда аҳли чоҳу зиндонмиз ҳама,

Сиздин ортиқроқ-да ҳайронмиз ҳама.

Бўйла чексиздир бу уқбо ҳайбати,

Не эмиш олдида дунё ҳайрати?..

ЕТТИНЧИ ВОДИЙ – ФАҚРУ ФАНО

Сўнгра келгай водийи фақру фано,

Сўзу тавсиф унга эрмишму раво?

Дема водий, ул фаромушлик эрур,

Кўрлигу карлик ва беҳушлик эрур.

4095 Неча юз минг сояким мавжуд эса,

Гум бўлур бир онда гар хуршид эса.

Баҳри куллий қайнаса, тошса ҳамон,

Унда қолгайму нақшдин бир нишон.

Икки олам баҳр узра нақш эрур,

Кимки ундоқмас, деса, савдойи ул.

Кимки ул дарёйи Куллга ғарқ эмиш,

Унга тинч-осудалик мутлақ эмиш.

Дил чўкиб осудалик қаърига, ҳай,

Йўқ бўлишдин ўзга нарса топмагай.

4100 Йўқ бўлиб, сўнг қайта бор бўлса агар,

Соҳиби асрору санъатбин ўшал.

Йўлчиларким йўл уза мардону мард,

Етсалар гар сўйи ул майдони дард,

Гум бўлурлар илк қадамда, бас, тайин,

Ким босур иккинчи одимни кейин?

Илк қадамда баски бўлгайлар хароб,

Сен жамодий деб уларни эт ҳисоб155.

Уд билан гар хору хас ёқилгуси,

Иккиси бирдек куйиб, кул бўлгуси.

4105 Суврат ичра гар улар бир нарсадек,

Лек сифат ичра тафовут бор буюк.

Бетамизлик бўлса ғарқи баҳри кулл,

Ўз фисоти бирла унда қолгай ул.

Гар ҳалоллик баҳр аро ғарқ бўлгуси,

Ўз вужудидин ҳамон айрилгуси.

Жунбуши чун жунбуши дарё бўлур,

Йўқ бўлур ул, бул иши зебо бўлур.

Йўқдиру бордир, нечук мен англатай?

Бул жиҳат ақлу хаёлга сиғмагай…

            ҲИКОЯТ

4110 Бир кеча маъшуқи Тусий, баҳри роз,

Деди асҳобга: ёнингиз боз-боз…

Дарди ишқ бирлан ёниб, кул бўлсангиз,

Ҳам заифлик зўридин қил бўлсангиз,

Бўлсангиз қилдек магар зору низор,

Сизга маскан ул муаттар зулфи ёр.

Кимки қил бўлгай ўшал ёр кўйида,

Қил бўлур ул ёр зулфи, мўйида.

Улки эрмиш йўлни кўргувчи киши,

Қилни қил узра кўриш бўлсин иши.

4115 Ким кетар бўлса ародин, ул фано,

Гар фанодин ҳам фано топса, бақо.

Етса қурбинг, эй дили зеру забар,

Оташ узра қилдин этмакка гузар156.,

Чекма ғам, пайдо қилур деб ул чароғ

Зоғ қанотидек қаро бир дуду доғ.

Ёғки ёнгай бўйлаким оташ аро,

Ёғлиги битгай, таратгайдир зиё.

Кимки йўлда жонни чун сўзон қилур,

Ўзни андоқ қолиби Қуръон қилур.

4120 Сен агар бундоқ мақомни истасанг,

Унга мен валлоҳки етгумдир, десанг,

Кеч ўзингдин, ташла ҳар не борини,

Йўлга сол сўнгра адам тулпорини.

Кийгали йўқлик тўнингни шайлагил,

Тўлдириб, йўқлик майин нўш айлагил.

Ташла йўқлик ҳирқасин елкангга чун,

Сўнгра йўқлик тайласонин ҳам ёпин157.

Маҳв рикобига оёғинг ур яна,

Ҳеч сари ҳечлик бедовни сур яна.

4125 От суриб, бу йўлда бўл зеру забар,

Сен белингга бойла йўқликдин камар.

Жон кўзинг оч, тан кўзинг юм, кўрмасин,

Кўзларингга чек адамнинг сурмасин.

Йўқ бўлиб, йўқликданам кеч шул замон,

Сўнгра кечгил ул мақомингдин ҳамон.

Бўйлаким ўзни тамом осуда эт,

Сўнгра юргил, олами йўқликка ет.

Бўлса сенда гар бу оламдин асар,

Топмагайсен ўзга оламдин хабар.

4130 Ўзлигингдин қолса қилдек бир нишон,

Етти дарё борлиғинг айлар аён…

            ҲИКОЯТ

Бир кеча парвоналар жам бўлдилар,

Жам бўлиб чун, толиби шам бўлдилар.

Дедилар: ул шамъи жонни изларак,

Биттаси борсин-да, келтирсин дарак.

Учди бир парвона, кўрди бир қаср,

Қаср аро юлдуз каби шам эрди бир.

Изга қайтди, бул хабарни сўйлади,

Ул жамоатни хабардор айлади.

4135 Ул жамоат сарвари, соҳиб назар

Деди: бул парвона шамдин бехабар.

Бошқа бир парвона учди шам томон,

Айланиб, боқди йироқдин ул ҳамон.

Чун муяссар нури матлуб бўлди ул,

Шамъ ғолиб келди, мағлуб бўлди ул.

Қайтди ул ҳам, сирни оғоз айлади,

Шамъ васли шарҳини боз айлади.

Боз улуғ дедики, гапни чўзма, бас,

Сен анув парвонадин ортиқ эмас.

4140            Бошқаси учди, оловга етди ул,

Урди ўтга, жонни таслим этди ул.

Жонидин кечди, тамом борлиқданам,

Чулғаниб оташга ул топди адам.

Ўт унинг бошдин оёғин чулғади,

Бор вужудин қип-қизил чўғ айлади.

Сарвари кўрди бу аҳволни чунон,

Ки ёниб, парвона эрди шамсимон.

Деди: бу парвона тушди ишга, бас,

Ул билур шамъи жаҳонни, бошқамас…

Этмасанг кўйида жонингни бадар,

Сенга жонондин нечук етгай хабар?

Ким сенга қилдин нишон кўрсатгуси,

Жабрини жонга аён кўрсатгуси.

Бул мақомга кимса маҳрам бўлмади,

Етмади, чун унда бир дам бўлмади…

            ҲИКОЯТ

Бош эгиб сўфий борар эрди, ҳамон.

Бўйнига бир мушт туширди бир ёмон.

Сўфий юз бурди анга, деди малул:

Кошки бош бўлсайди менда, урсанг ул.

4150 Эгаси ўлмишди ўттиз йил бурун,

Олами борлиқни тарк айлаб бутун.

Ул ёмон дедики, бул даъво ҳама,

Мурда ҳам сўйларми? Қўй, лоф айлама…

Кимки сўйлар, ул ҳали ҳамдам эмас,

Қилча борлиқ бўлса, ул маҳрам эмас.

Бўлса гар қилча изофат ўртада,

Баски юз олам масофат ўртада.

Қолса гар ҳам бехабар, ҳам беасар,

Ул фақат топгай ҳақиқатдин хабар.

4155 Истагинг гар ул азиз манзил эрур,

Ўртада қил бўлса, бул мушкул эрур.

Ҳар не боринг қолмасин, оташда ёқ,

Қолсин иштон, бошқасин оташда ёқ.

Ҳеч вақойинг қолмагач, эй бекафан,

Ўзни сен оташга отгил даъфатан.

Молу мулкинг баски хокистар бўлур,

Зарра шубҳанг ҳам дағи камтар бўлур.

Ул Исодек битта нинанг қолса гар,

Юз туман бўлгай йўлингда йўлтўсар.

4160 Молу мулкдин кечди Исо, хулласи,

Неча бир сирларни очди игнаси.

Етмоқ истарсен магар манзилга то,

Парда бўлгай молу мулку ҳуббу жоҳ.

Ҳар не борингдин кечиб, тарк айлагил,

Сўнгра бир хилватсаройни танлагил.

Чулғагай йўқлик сени, кўнглингга боқ,

Ҳар нечук яхши, ёмондин сен йироқ.

Қолмаса яхши, ёмон, ошиқ ўзинг,

Ишқ либосин кий, анга лойиқ ўзинг.

            ҲИКОЯТ

4165 Бор эди бир шоҳким, соҳиб сарой,

Ўғли бор эрди Юсуфдек хушчирой.

Бўйлаким кўрку тароват йўқ эди,

Бўйла бир савлат, салобат йўқ эди.

Кўйида не-не гўзаллар хок ҳама,

Не йигитлар эрди кўкси чок ҳама.

Кечалар ул ой чу пайдо эрди, бас,

Офтоб кўкда ҳувайдо эрди, бас.

Юзини васф айламак имкони йўқ,

Етмагай сўз, васфининг поёни йўқ.

4170 Тимқаро сочлар расан эрди расо,

Неча минг жонлар ани деб банди чоҳ.

Зулфи оламсўзу ул шамъи Тироз

Чулғамишди аҳли оламни дароз.

Васфин ул Юсуф жамолнинг, эй Худо,

Сўйласам, йилларча бўлмасди адо.

Қоқса бир киприк агар наргис кўзи,

Ўтаро қолгайди буткул ер юзи.

Лаб очиб этса табассум гар нисор,

Боғ аро гуллар очилгайди ҳазор.

4175 Чун даҳони борму, йўқ, маълум эмас,

Кўрмамишди ҳеч уни мардум, бас.

Парда ортидин чиқиб келса, басе,

Қон тўкарди сочининг ҳар толаси.

Фитнайи жону жаҳон эрди ўғил,

Неча айтсам, бас, чунон эрди ўғил.

Отланиб чиқса, ғулув солгай эди,

Олди, ортида қиличлар шай эди.

Кимга анга солса нигоҳи ногаҳон,

Ҳайдалиб, йўлдин сурилгайди ҳамон.

4180 Бор эди дарвеш, гадойи бехабар,

Бўлди ошиқ унга чун солди назар.

Нотавон эрди ва ноқис эрди ул,

Лаб очиб, сўзлашга ожиз эрди ул.

Дардини айтмакка ҳамдард йўқ эди,

Ишқи бор эрди, бўлак дард йўқ эди.

Кеча-кундуз кўйида юрмишди ул,

Кўзларин элдин тамом юммишди ул.

Йиғлар эрди, гарчи сўз қотмасди ҳеч,

Ухламасди, бир нима тотмасди ҳеч.

4185 Йўқ эди кимса анису меҳрибон,

Дардини ёлғиз чекар эрди ниҳон.

Заъфарон юз, кўзда ёшу сарнигун,

Интизор эрди йигитга, бағри хун.

Бўйла дард бирлан яшаркан интизор,

Гоҳ йироқдин ўтгай эрди ул нигор.

Гоҳ йироқдин ул ўтаркан шаҳд ила,

Жумла бозорга тушарди ғулғула.

Бир қиёмат қўзғалар эрди Амон,

Тирқираб мардум қочарди ҳар томон.

4190 Олди-ортини човушлар тўлдириб,

Тиғ чекарди барчани йўлдин суриб.

Юксаларди кўкка таҳдиду нидо,

Тўлдирарди жумла майдонни сипоҳ.

Бул нидоларни эшитгач, ўлтириб,

Ўрнида дарвеш қотарди тош бўлиб.

Ишқ уни ўртаб, ёқар эрди давом,

Ўз-ўзини тарк этар эрди тамом.

Ул замон кўзлар керакди юз ҳазор,

Ҳолига йиғлашга андоқ зор-зор.

4195 Гоҳ кўкаргай эрди зору нотавон,

Кўзидин қонлар оқар эрди равон.

Музлатарди оҳи кўзда ёшини,

Гоҳи кўз ёшлар ёқар эрди уни.

Гоҳи қолмасди яримта жони ҳам,

Гоҳи бўлмасди яримта нони ҳам.

Нотавон, афтода эрди бўйла қул,

Бўйла бир шаҳзодага етгайму ул?

Соя эрди заррадек ул бехабар,

Орзу айларди қуёшни сарбасар.

4200 Бир куни шаҳзода бирлан ул сипоҳ

Чун ўтаркан, наъра чекди ул гадо.

Чекди фарёд ул, йўқотди ақлу ҳуш,

Деди: шул жонимни ўтлар чирмамиш.

Ёнди бул оташда борим, қолмади,

Ишқ аро сабру қарорим қолмади.

Бўйла бир сўзларни дарвеш айтибон,

Бошига тошлар урарди ҳар замон.

Ақлу ҳуш учди думоғидин анинг,

Оқди қон кўзи, қулоғидин анинг.

4205 Тинглабон бу гапни навкар англади,

Борди ул шоҳ олдига, арз айлади.

Дедиким, шаҳзодага, эй шаҳриёр,

Бўлмиш ошиқ бўйла ринди беқарор.

Тинглади бу сўзни, мадҳуш бўлди шоҳ,

Қайнади, қаҳру ғазабга тўлди шоҳ.

Сўнг буюрди: дор тикиб, тортинг ҳамон,

Дорга тортинг, бошини қирқинг ҳамон.

Мирғазаблар йўлга озим бўлдилар,

Ул гадони ҳалқа ичра олдилар.

4210 Судрабон сўнг элтдилар дор остига,

Халқ йиғилди бул тамошо қасдига.

Дардини бир англагувчи йўк эди,

Бир шафоат айлагувчи йўқ эди.

Дор оғочи остида йўқсил, гадо,

Юзланиб вазирга чекди ўтли оҳ.

Деди: муҳлат бер, Худо ҳаққи, бир оз,

Тиз чўкиб, дор остида айлай намоз.

Берди муҳлат, бенаво ул, кўзда ёш,

Тиз чўкиб, қўйди ҳамон тупроққа бош.

4215 Саждалар айлаб, дедиким, ё Илоҳ,

Шоҳ мени ўлдирмоқ истар бегуноҳ.

Ўлмасимдин олдин, эй, додим сенга,

Ул йигитнинг васлини кўрсат менга.

Васлини кўрсат менга шаҳзодани,

Мингта жоним бўлса гар, олгил ани.

Васлини бир бора кўрсам, майлига,

Сўнгра шул жонимни берсам, майлига.

Подшоҳим, ҳожатин истар қулинг,

Бўлди ошиқ, жонин олгайлар унинг.

4220 Бул эшикдин мен юзимни бурмадим,

Бўлдим ошиқ гарчи, кофир бўлмадим.

Айлагайсен не тилакларни бажо,

Ҳожатим бер, айлагил комим расво…

Ҳожат истаб чекди оҳ мазлум ёниқ,

Отган ўқи тегди мўлжалга аниқ.

Чун эшитди бул нидоларни вазир,

Қалбини қақшатди ул оҳи фақир.

Борди подшо олдига ул, йиғлади,

Ошиғи бечора ҳолин сўйлади.

4225 Зорини, оҳи адосин айтди ул,

Сажда ичра илтижосин айтди ул.

Шоҳга ҳам бул дарди дил этди асар,

Юмшади, афв айламак бўлди самар.

Сўнг нигоҳин узмай ул шаҳзодадин,

Дедиким, юз бурма ул афтодадин.

Бор, деди, ҳозир ўшал дор олдига,

Ошиғи саргашта, бемор олдига.

Мустаманд бўлмиш, анга овоз қил,

Сенга бермиш кўнглини, эъзоз қил.

4230 Лутф айла, чекди қаҳрингни сенинг,

Жоми май тут, тотди заҳрингни сенинг.

Қўлидин тутгил-да, сайр эт гулшаним,

Сўнгра келтиргил ҳузуримга маним…

Турди ул шаҳзодайи Юсуф мисол,

Юрди ул дарвеш-ла этмакка висол.

Кетди ул шаҳзодайи рўйоташин,

Зарра бирлан бўлгали хилватнишин.

Борди ул шаҳзодайи гавҳарнисор,

Қатрани этмакка хурсанд, бахтиёр.

4235 Етди дор остига андоқ комрон,

Бир қиёмат қўпди унда шул замон.

Ул гадони ҳушдин айро кўрди ул,

Юз суриб тупроққа ётмиш эрди ул.

Кўздин оққан қон ёши беҳад эди,

Боши узра олами ҳасрат эди.

Маҳв эди, йўқ эрди ул, ночиз эди,

Ҳар не ожиздин яна ожиз эди.

Ул гадо чун ғарқи хун эрди бу дам,

Кўрди, кўзга олди ёш шаҳзода ҳам.

4240 Кўрмасин, деди бу кўз ёшим сипоҳ,

Бўлмади, кўз ёши тўкди, чекди оҳ.

Ашки ёмғирдек қўйилди шул замон,

Дард уза дардлар ёгилди ногаҳон…

Ул кишиким ишқига содиқ келур,

Маъшуқи бошига чун ошиқ келур.

Ишқ сидқи ишқ бўлиб келгай сенга,

Маъшуқинг ошиқ бўлиб келгай сенга.

Боқди шаҳзода, қуёшдек порлади,

Исмини айтиб, гадони чорлади.

4245 Бул овозни туймамишди ул гадо,

Чун йироқдин кўрмиш эрди гоҳ-гоҳ.

Бошини тупроқдин узди нотавон,

Бошида шаҳзодани кўрди ҳамон.

Гар туташса ўт ила дарёда сув,

Ўт олур, лекин кўринмас кўзга у.

Эрди ул дарвеши ошиқ оташе,

Тушди чун дарёга, бўлди дилхуше.

Жон узиб дарвеш деди: эй шаҳриёр,

Баски ўлдирмоқ тиларсен зор-зор.

4250 Бўйла бир лашкарга ҳожат бормиди?

Ўлди сўнг, гўёки ҳаргиз йўк эди.

Наъра чекди, ҳайқириб жон берди ул,

Шам каби яшнаб, кулиб жон берди ул.

Ёр висолини кўриб, ул юмди кўз,

Фонийи мутлақ бўлиб, ул юмди кўз.

Йўлчилар билгуси, бу майдонда, ҳай,

Ишқ фаноси жонга нелар қилмагай…

Бул ариқдин оқди сувлар неча бор,

Ул маоний бардавому барқарор.

4255 Эй вужудинг ул адам бирлан туташ,

Лаззатинг қайғу, алам бирлан туташ.

Қўлларинг очдинг, чақиндек чақнадинг,

Лек чақин олдида боғлиқдир қўлинг.

Истагинг эрса агар шул кимиё,

Бир нафас кўз солгали келгил, аё.

Турма ортиқ, мен каби беҳуш бўл,

Бир замон фикр айла, хушандиш бўл.

4260 То дами охир бу дарвешликка ет,

Завқу шавқлар бирла беҳушликка ет.

Мен эмасмен мен бу нақлимдин йироқ,

Хайру шарим бўлди ақлимдин йироқ.

Сочди нур бошимга йўқлик, офтоб,

Икки олам мен учун ҳечдир шу тоб.

Баски бошим узра ул ёғду яна,

Қолмадим, сувга қўшилди сув яна.

Мен тикиб боримни, чўкдим бағрига,

Борлиғим отдим қаро сув қаърига.

4265 Маҳв ўлдим, ҳеч вақойим қолмади,

Мен адо бўлдим, адойим қолмади.

Қатра эрдим, бўлди маскан баҳри роз,

Чора йўк ул қатрани топмоққа боз.

Мен фано топдим етиб йўқликка, бас,

Мен каби ғарқи фанолар кам эмас.

Олам ичра бормикин бир кимса, ҳай,

То фано топмоқни орзу этмагай?

Барча бу ҳолга муяссар бўлгуси,

Озмидир, кўпдир, муқаррар бўлгуси.


                  ҲИКОЯТ

4270 Сўрди бир поксийна Нурийдин савол:

Ул нечук йўлдирки, бошлар то висол?

Етти денгиз бор, деди, оташ ва нур,

Бўйла бир йўлким, висолга бошлаюр.

Етти денгиздин кечиб ўтдингми, бас,

Бир балиққа ем бўлурсен шул нафас.

Бир наҳангдир, бошсизу думсиздир ул,

Маскани ул баҳри истиғно эрур.

Икки оламни ютар ул, қўймагай,

Жумла халқни бир нафасда ямлагай…

ЎТТИЗИНЧИ МАҚОЛА

4275 Тинглабон бул сўзни водий қушлари,

Қўрқдилар, чун бошдин учди ҳушлари.

Билдиларким, баски оғир бул камон,

Тортиб отмоққа улар кўп нотавон.

Шул сабабдин бўлди жонлар беқарор,

Неча бирлар ўлди йиғлаб зор-зор.

Бошқа қушлар ҳайрат ичра учдилар,

Тарк этиб манзилни, йўлга тушдилар.

Учдилар гоҳо баландлаб, гоҳи паст,

Бул узун йўлда умрлар кечди, бас.

4280 Чекдилар бу йўлда қанча қаҳру кин,

Мен нечук сўйлай уни, шарҳ айлайин?

Оқибат бу йўлга тушсанг бир куни,

Сен дағи кўргай, кечиргайсен уни.

Маълуминг бўлгай, улар не этдилар?

Қанчалар ғамлар, аламлар ютдилар.

Қон ютиб бу йўлда қушлар барчаси,

Етди даргоҳга фақат бир қанчаси.

Неча бирлар етмади, ўлди, холос,

Етгани мингдан бири бўлди, холос.

4285 Неча бирлар ғарқайи дарё бўлиб,

Неча бирлар маҳву нопайдо бўлиб,

Неча бирлар кўп баланд тоғлар аро

Қолдилар лабташна, сувсоғу адо.

Неча бир жонларни ёқди офтоб,

Куйдилар оташда андоқким кабоб.

Неча бирлар йўлда айларкан давом,

Шеру қоплонларга ем бўлди тамом.

Неча бирлар йўлда сарсон бўлдилар,

Қақраган чўлларда чанқаб ўлдилар.

4290 Неча бирлар гушна жон қайғусида,

Ўлдилар бир дона дон орзусида.

Неча бирлар бўлдилар ранжуру зор,

Қолдилар йўлларда чун маҳжуру хор.

Неча бирлар не ажойиблар кўриб,

Тутдилар маскан, у жойда ўлтириб.

Неча бирлар айлабон айшу тараб,

Чиқдилар сафдин, унут бўлди талаб.

Юз туман қушдин етиб келди бири,

Не довонлардин ўтиб келди бири.

4295 Йўлга чиққанда улар сўнгсиз эди,

Етгани манзилга нақ ўттиз эди.

Барчаси беболу пар, ҳорғину суст,

Дилшикаста, жонҳалак, тан нодуруст.

Кўрдилар даргоҳни бевасфу сифат,

Лол эди идроку ақлу маърифат…

Барқи истиғно чақинлар чақса то,

Бир нафасда неча юз олам адо.

Неча юз минг офтоби мўътабар,

Неча юз минг ою юлдуз жилвагар.

4300 Барчасин бунда жамулжам кўрдилар,

Тек қотиб, чун лолу ҳайрон турдилар.

Дедилар барча: ажаб, ул офтоб,

Бул маконда заррадек эрмиш ҳисоб.

Эй дариғо, бизни ким ҳам кўргуси?

Йўлдаги заҳматни ким ҳам сўргуси?

Биз боқиб, ўздин умид уздик ҳамон,

Ўнгимизда ўзга оламдир тамом.

Юз фалак эрмиш бу ерда зарра хок,

Бунда биз бормизми, йўқмизми, не бок?

4305 Барча қушлар изтиробга тўлдилар,

Йиғлашиб, чун ними бисмил бўлдилар158.

Бўлди маҳв, гум бўлди қушлар ончунон,

Шул зайил кечди ародин бир замон.

Охири этди карам Ҳақ даргаҳи,

Чиқди бир шотир у ёқдин ногаҳи.

Кўрди ўттиз қушни чун бағри кабоб,

Дилшикаста, жону тан эрди хароб.

Ҳайрат ичра, бас, нажотсиз эрдилар,

Қовжираб, қўлсиз, қанотсиз эрдилар.

4310 Сўрдиким, эй қавм, қаёқдин келдингиз?

Не тилак бирлан бу ёққа елдингиз?

Қушлар ичра не эмишдир номингиз?

Қайси юртдир манзили оромингиз?

Сизку бундоқ ожизу оворалар,

Не ният бор сизда, эй бечоралар?

Дедилар: келдик бу даргоҳга ҳамон,

Бизга Симурғ подшо бўлсин дебон.

Биз бу даргоҳ бандайи бечораси,

Биз бу йўлнинг ожизу овораси.

4315 Неча муддат йўл босиб дуру дароз,

Мингдан ўттиз қуш ечиб келдик, холос.

Чун турибмиз даргаҳи ўтрусида,

Подшони бир кўриш орзусида.

Бор умид, ул лутфи султон айлагай,

Лутф этиб, дардларга дармон айлагай.

Деди шотир: эй ғариб, саргашталар,

Эйки гўл, ўз қонига оғушталар.

Сиз жаҳонда борми, йўқми, ҳар замон

Ул ягона подшоҳи жовидон.

4320 Юз туман оламча лашкар бўлса-да,

Бир чумолидек эрур шоҳ олдида.

Ранжу озор сизда, ўзга не бўлар?

Ортингизга қайтинг, эй афтодалар…

Ушбу сўздин бўлди кўнгиллар сўник,

Бўлдилар ул жумла андоқким ўлик.

Дедиларким, ҳолимизга войки, ул

Хор этиб, гар ортимизга қайтарур…

Кимсага шоҳдин ҳақирлик келмагай,

Келса гар, иззатдин ўзга бўлмагай.


                  ҲИКОЯТ

4325 Деди Мажнун: гар мени аҳли башар,

Мақтаса ҳар онда, андин не самар?

Истамам мадҳимни этса ўзга кас,

Айласа мадҳимни Лайли, менга бас.

Менга афзал таъна, дашноми анинг,

Икки олам мулкидин номи анинг.

Мазҳабимни сўйладим сенга, азиз,

Хўрласа, солгайму хўрлик жонга из?

Барқи ғайрат чақса, не ҳосил қилур?

Ёндириб, жонларни андоқ кул қилур.

4330 Ёнса жон, зорликдин унда не самар?

Иззату хорликдин унда не самар?..

Дедилар бечора қушлар ул яна:

Жонимиз ўтларда ёнсин, майлига.

Ҳеч қачон парвона ўтдин қочмаюр,

Ул ўшал оташда топгайдир ҳузур.

Бўлмаса бизга муяссар васли ёр,

Ўртаниб, ёнмоқ-да бизга эътибор.

Бўлмаса даргоҳга етмоққа илож,

Тиз чўкиб, тупроғин ўпмоқ ҳам қувонч…

            ҲИКОЯТ

4335 Жумлайи паррандаким дунёда бор,

Кўрдилар парвона ҳолин ошкор.

Дедилар ул жумла: эй зору заиф,

Тобакай эрмак сенга жони шариф?

Бўлмагай сенга ўшал шамъи висол,

Сен жаҳолат ичра чун ошуфтаҳол?

Бўлди бул сўздин яна масту хароб,

Айлади ул жумла қушларга жавоб.

Деди: басдир менга чун сўзонамен,

Талпиниб, шам бошида парвонамен…

4340 Барча қушлар ишқ аро мард эрдилар,

Бошдин охир ғарқайи дард эрдилар.

Нозу истиғно агар бисёр эди,

Ёнида лутфу карам ҳам бор эди.

Ҳожиби лутф келди, эшик очди ланг,

Пардалар ҳам очди сўнг ул рангба-ранг.

Бас, жаҳон бўлди ҳижобсиз ошкор,

Сўнгра нурил нурга пайваст бўлди кор.

Барчани қурбат аро ўтқиздилар,

Ҳайбату иззат аро ўтқиздилар.

4345 Барчанинг олдига бир қоғоз қўйиб,

Дедилар: ўқинг буни ихлос қўйиб.

Ул қоғозларда ёзиқлар не эрур?

Бул ҳикоятдин ўшал маълум бўлур.

            ҲИКОЯТ

Чун Юсуфни ул қудуққа отдилар,

Ўн ағоси сўнгра пулга сотдилар.

Малики мисрий сотиб олган замон,

Бас, улардин хат талаб қилди ҳамон.

Ўн биродар бунга ҳозир эрдилар,

Хат ёзиб, бирдек гувоҳлик бердилар.

4350 Сўнг азиз қўзғолди, тушди йўлига,

Берди ул мактубни Юсуф қўлига.

Сўнгра юксалди Юсуф подшо бўлиб,

Ўн биродар келди унга бош уриб.

Билмадилар тахтда Юсуф эрканин,

Отдилар ўзни оёғига анинг.

Чорасизлар чорайи жон сўрдилар,

Ўзни бундоқ хор этиб, нон сўрдилар.

Юсуфи сиддиқ деди кўз ташлабон:

Менда бир хат бор, тили ибрий забон.

4355 Билмагай ибрийчани бунда касе,

Сиз ўқинг мактубни, нон бергум басе.

Жумла ибрийхони моҳир эрдилар,

Биз ўқиймиз, қайда мактуб, дедилар.

Юсуфи сиддиқ уларга тутди хат,

Қалтираб барча шу он бўлди карахт.

На ўқирга майлу рағбат бор эди,

На-да сўз айтурга ҳолат бор эди.

Жумла абгори таассуф бўлдилар,

Мубталойи кори Юсуф бўлдилар.

4360 Сўрди Юсуф: нега беҳуш бўлдингиз?

Хат ўқиш ўрнига хомуш бўлдингиз?

Дедилар: гар бошимизга тушса тоғ,

Бизга бу хатни ўқишдин яхшироқ.

ҚУШЛАРНИНГ ХАТ ЎҚИШГАНИ

Улки ўттиз қуш, ўшал си мурғи зор159

Боқдилар хатларга айлаб эътибор.

Неки қилмиш эрдилар ҳар он ҳама,

Нақш этилмиш эрди то поён ҳама.

Кўрдилар, не ранжу не таҳқир эди,

Барчасидин бул вале оғир эди.

4365 Жон Юсуфин чоҳга отмиш эрдилар,

Ҳам уни олтинга сотмиш эрдилар…

Боқ ўзингга, эй гадо, афтода қул,

Юсуфингни сен-да сотгайсен нуқул.

Юсуфинг ул бир куни шоҳ бўлгуси,

Сенга ҳукм айларда пешво бўлгуси.

Сен эсанг йўқсил, яланғоч бир гадо,

Бош эгиб, олдида тургайсен адо.

Баски бундоқ бош эгарсен бир куни,

Не учун арзонга сотгайсен уни?..

4370 Босди қушлар жонини шарму ҳаё,

Бўлдилар фоний, вужудлар тўтиё.

Кули куллдин покланиб чандон ҳама,

Топдилар нури бақодин жон ҳама.

Қайта бошдин соҳиби жон бўлдилар,

Қайта бошдин лолу ҳайрон бўлдилар.

Ҳар не қилмиш, қилмамишлар, барчаси

Хотиротдин ўчди-кетди хулласи.

Порлади қурбат қуёши, сочди нур,

Жумла жонларга насиб этди ҳузур.

4375 Чеҳра очди бўйла Симурғи жаҳон,

Кўрдилар Симурғни қушлар ул замон.

Кўрдилар Симурғни, гўё туш эди,

Аслида Симурғ у ўттиз қуш эди.

Қолдилар сўнгсиз таҳайюр ичра ул,

Билмайин чун улмидирлар ёки бул.

Кўрдилар ўзларни шунда бардавом,

Эрди ул Симурғ ул си мурғ тамом160.

Солсалар Симурғ тарафга гар нигоҳ,

Унда ўттиз қуш эди беиштибоҳ.

4380 Солсалар гар ўзлари сори назар,

Ярқираб Симурғ турарди, жилвагар.

Боқдилар ҳар иккисига дамба-дам,

Битта Симурғ эрди бунда бешу кам.

Ул эди бул, бул эди ул, айни қуш,

Бўйлаким, оламда кимса кўрмамиш.

Қолдилар чексиз таҳайюр ичра, бас,

Бетафаккур бир тафаккур ичра, бас.

Билмас эрдилар сира, не эрди ҳол,

Сўрдилар тилсиз у даргоҳдин савол.

4385 Бул саволнинг тафсирини сўрдилар,

Менлигу сенлик сирини сўрдилар.

Келди даргоҳдин ўшал тилсиз жавоб:

Сизга биз ойинамиз, чун офтоб.

Кимки боқса унга, ўзни кўргуси,

Жону тан ҳам қошу кўзни кўргуси.

Сизки ўттиз қуш келибдирсиз ҳамон,

Ўттизи ойинада бўлмиш аён.

Келсангиз қирқ, эллигу олтмиш бўлиб,

Акс этар кўзгуда у олтмиш бўлиб.

4390 Гарчи ул бундан-да ортиқ бўлса ҳам,

Кўзгуда чун ўзни кўргайлар бу дам.

Кимса борму, улки бизни сайр этар?161

Қайси кўз авжи Сурайёга етар?

Елкага сандонни мўр ортгайму ҳеч?

Пашша фил арқонини тортгайму ҳеч?

Ҳар не англаб етдингиз, мулҳам эмас,

Ҳар не талқин этдингиз, ул ҳам эмас.

Неча бир водий аролаб юрдингиз,

Неча бир дониш-ла суҳбат қурдингиз.

4395 Сўнгра бизнинг феълимизга ўтдингиз,

Водийи зоту сифатга етдингиз.

Сўнгра сиз, си мурғ ҳайрон қолдингиз,

Бедилу бесабру бежон қолдингиз…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации