Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Ҳеч ким уни ноҳақ қамамоқчи эмас, – эътироз қилди изқувар, – текшириб кўриш бизнинг вазифамиз. Айби бўлмаса, тўрт томони қибла…

– Бошида шундай дейсизлар… дўппи тор келганда кимни қурбон қилишни яхши биласизлар! Ёғочнинг бўшини қурт ейди, деб бекорга айтишмас экан. Энди қайси ишда жиноятчи топилмаса Ғолиб балогардон, «навбатчи жиноятчи» бўлиб қолади шекилли…

– Нималар деяпсиз? Шаҳар бедарвозами? – Фозил чидаб туролмади. – Беш қўл боробар эмас-ку! Бир-икки инсофсиз учун бутун бошли тизимни ёмонга чиқариш керакми? Эътиборингиз учун тергов гуруҳимиз раҳбари сиз тилга олган иккила жиноят иши бўйича суд қарорлари устидан протест киритиш ҳақида билдирги тайёрлади. Ғолибни оқлаш масаласи кўтарилмоқда… «Навбатчи жиноятчи» эмиш… омон бўлинг-э!

– Узр укажон! Сал ноўрин гапириб қўйдим, – деди гувоҳ қўлини кўксига қўйиб. – Терговда шахснинг айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилаётган орган ходимлари бор экан, демак, хавотирга ўрин йўқ, ҳақиқат маёғи ишдан чиқмаган экан. Ҳали адолат тантанасига умид қилсак бўларкан. Сизларга раҳмат!

– Ўзингиз нега қамалгандингиз? – изқувар ҳижолатбозликдан қутулиш учун мавзуни ўзгартирди.

– Эйй сўраманг, пешонада ёзилганидан қочиб қутулиб бўлмас экан, – деди Мели чуқур хўрсиниб. – Қўрқманг, мени ноҳақ қамашмаган, айбим бўлган, ўзимни тутиб туролмаганман, асабимни жиловлай олмай қолганман… Ўқишни битириб, Самарқанд давлат университети физика факультетида ишга қолдим. Олдин лаборант, беш йилдан сўнг ўқитувчи бўлдим. Илмий даражага эга бўлмаган домланинг иш ҳақи яшашга етмайди. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилай десак, лабораториядаги жиҳозлар эскириб, томом бўлган, илмий иш қилишнинг имкони йўқ… Охири ишни ташлаб, қишлоққа қайтиб келишга мажбур бўлдим. Мактабда эркак ўқитувчилар камайиб кетган экан, мактаб директори хурсандчилик билан кутиб олди. Физикадан дарс соати беришди. Дарсга кириб, ҳайрон қолдим. Катта синфларда болалар батомом ўзгариб кетибди. Ўқитувчини писанд қилмайдиган, устидан куладиган бўлиб қолишибди. Айрим ўқувчилар ўқитувчини устидан куладиган, ҳақоратлайдиган, айтганининг тескарисини қиладиган даражага етиб боришибди. Мен дарс берадиган 9 синфда пахта тозалаш заводи директорининг Учқун деган арзандаси ўқиркан. Бор тажрибам, ғайрат-шижоатим, санъатимни ишга солиб, ўқувчилар билан тил топишишга эришдим. Аммо Учқунни йўлга солишнинг имкони бўлмади. Бу безори тоза қуюшқондан чиқиб бўлган экан. Ҳеч бир ўқитувчи унга қаттиқ гапириш у ёқда турсин, доскага ҳам чиқара олмас экан. У шумтака мени ҳам ўз йўлига солишга уринди. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам унга таъсир қилмади. Бир кун дарсга кирсам, партанинг устига чиқиб, ухлаб ётибди. Уйғотиб, танбеҳ бердим. Партанинг устидан тушгиси келмади. Бақрайиб, «Мен сизга ҳалақит бермаяпман, сиз ҳам мени тинч қўйинг, кечаси ухламаганман», дейди-я зумраша. Жаҳлим чиқиб, куч билан жойига ўтқазиб қўйдим. Сал нари кетиб, дарсни бошламоқчи бўлсам, аҳмоқ бола яна партанинг устига чиқиб, ётиб олди. Олдига қандай борганимни билмай қолибман. Ёқасидан кўтариб, юзига шаполоқ туширдим ва орқасига икки тепиб, синфдан чиқариб юбордим. Эртаси куни отаси мактабга келиб, директорнинг олдида мени ер билан яксон қилди. Мени эшитишни ҳам хоҳламади. «Бунақа зўравонларга мактабда ўрин йўқ», деб директордан мени ишдан бўшатиб юборишни талаб қилди. Мактабда сочи оқарган директорнинг бу одам олдида «хўп-хўп»дан ўтолмай, ёш боладай жовдираб қолганига ҳайрон қолдим. Кейин билсам, бу бойвачча мактабга ҳам ўтказиб қўйган экан, ёзда синфхоналарни таъмирлаш ишларига каттагина маблағ ажратган, спорт залга анжомлар харид қилишга ҳомийлик қилган экан. «Меҳмон» кетгач, директор мени дабдаламни чиқариб, ишдан ҳайдаса керак деб ўйлагандим. Йўқ, кўпни кўрган оқсоқол «Мелибой, хафа бўлманг, бу тарбиясиз пулдорнинг гапига парво қилманг, тўғри қилгансиз, боринг, ишингизни қилаверинг, сиз бизга кераксиз», деди. Эртаси куни дарсга келсам, ўқувчилар менга қандайдир ачиниш билан ҳайрона қараётгандай бўлди. Кейин билсам, Учқунбой катта кетиб, «Менга қўл кўтаргани учун Мели муаллим ишдан кетди», деб гап тарқатган экан. Орадан бир неча кун ўтган бўлса-да, менинг ҳеч нарса кўрмагандай ишлаб юрганимдан қаҳри келган Учқун жазолашнинг бошқача йўлини излай бошлади. Келаси куни ишдан чиқиб, уйга қайтаётгандим овлоқроқ жойда йўлимни учта йигит тўсди. Учқун мени жазолашга отасининг шотирларини ёллаган экан. Улар мени сиқувга олиб, яхшиликча ишдан кетишимни талаб қилишди. Мен мактабдан ҳеч қаёққа кетмаслигимни, кетиш керак бўлса, Учқун бошқа мактабга ўтиши шартлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Сўзлари синганидан қутириб кетган безорилар «Сен ялангоёқ аҳмоқ десак, бефаросат ҳам экансан-ку», дея қўлимни қайириб, турткилашга тушди. Мен ёшликда теквандо билан шуғуллангандим, университетда ўқиб юрганимда ҳам мусобақаларга қатнашиб юрардим. Умримда илк бор рингдан ташқарида ўз «ҳунарим»ни ишга солишга мажбур бўлдим. Мушт зарбидан ўз «улуши»ни олган икки безори қочиб қолди. Барзангисифат учинчи безори билан роса олишдик. Ярамаснинг филдай кучи бор экан. Фақат чаққонлигим ҳисобига ундан устун келдим. Сўнгги дамда бор кучимни тўплаб, бир ҳамла билан «фил»ни ерга ағдариб, башарасига бир нечта мушт тушурдим. Одамлар келиб ажратишмаганда ўлдириб қўйишим ҳам ҳеч гап эмасди… Уни шифохонага олиб кетишди. Айтишларича, бурни икки жойидан синиб кетган экан. Тунда милиция ходимлари мени уйдан олиб кетишди. Тергов бошланди… Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деганларича бор экан. Пахта завод директорининг қўли узун чиқди. Қаматмасдан тинчимади. Ишни ёшгина судья кўрди. Сезиб турдим, у вазиятни тўғри баҳолаб, холис бўлишга, адолат қилишга ҳаракат қилди. Ҳеч бўлмаганда ахлоқ тузатиш ишлари берса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, судьянинг ҳам тиши ўтмади шекилли, тўрт йил қамоқ берди… Ана шунақа гаплар…

– Ҳукмнинг устидан шикоят қилмадингизми? – қизиқсинди изқувар.

– Мен-ку, тақдирга тан бериб, қамоққа равона бўлдим, – надомат билан гапида давом қилди гувоҳ, – мактаб директоримиз адвокат ёллаб, роса елиб-югурди. Афсуски, ҳамма ҳаракатлар зое кетди, суд қарорини ўзгартирадиган мард топилмади. Камига, тарафимни олгани учун директоримизни ҳам ишдан бўшатиб юборишди. Умрини мактабга бағишлаган шу инсонга раҳмим келди…

– Ҳозир қаерда ишлаяпсиз?

– Мактабда дарс беряпман.

– Анави зўравон пахта заводи директори қаршилик кўрсатмадими ҳайтовур?

– Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб турган экан. Орадан икки йил ўтар-ўтмай заводда катта камомад аниқланиб, зўравон қамалиб кетибди. Энг даҳшатлиси мактабни амал-тақал битирган арзандаси ҳам Тошкентда гиёҳванд моддаларни сотаётганда қўлга тушиб, ўн уч йилга «кесилиб» кетибди…

– Аҳааа, қилмиш-қидирмиш, дейдилар! – изқуварнинг юзи ёришди. Эртакдаги каби барчаси хайрли тугагани унинг кўнглидаги ғашликни аритгандай бўлди. – Ҳар ким экканини ўради! Ҳақиқат букилади, аммо синмайди! Бандасидан қочиб қутулиш мумкин, аммо Яратганнинг ғазабидан қутулишнинг иложи йўқ!

Чиноздан чиқиб, Арнасой томон кетаркан, Фозилнинг миясида бўлиб ўтган суҳбат таассуротлари чарх уришдан тўхтамади: яхшиям орамизда Мели муаллим каби фидойи, қўрқмас ўқитувчилар, унинг директори каби қатъиятли, жасур, касбига содиқ раҳбарлар бор. Йўқса, бу нодон тўралар, пул топиб, ақл топмаган зўравонлар мактабни ҳам ўпир-тўпир отхонага, ғала-ғовур бозорга айлантириб ташлаган бўлармиди! Олган маоши оиласига урпоқ ҳам бўлмайдиган, қўли калталигидан муаммолар гирдобига ботиб қолган, ҳақ-ҳуқуқи чекланган, жамиятда ўз ўрнини йўқотган муаллим қандай қилиб болаларга илм берсин, тарбия берсин! Бу ҳам етмагандай бечорани хоҳлаган одам тепкилаб ўтса, ҳақоратласа, камига қаматиб юборса, бу қандай замон бўлди?! Ахир Навоий ҳазаратлари бекорга «Агар шогирд шайхулислом, агар қозидир, агар устоз рози, Тангри розидир» демаган-ку!Ўша даврларда шунчалик ардоқланган устоз халқи бугун нега итнинг орқа оёғига айланиб қолди? Муаллимни, ўқитувчини қадрламаган жамият таназзулга юз тутмайдими?

Арнасойда «Азамат алкаш»ни топиш қийин кечмади. Фозил пастқам, кўримсизгина уйнинг ёнида мошинасини тўхтатиб, алимсоқдан қолган эрганак1010
  Шевада эшик, дарча маъносида.


[Закрыть]
ни тақиллатди. Ичкаридан садо бўлмади. Қўшни ҳовлида ивирсиб юрган кампир меҳмонни кўриб, «Кираверинг, уй эгаси ичкарида ухлаётган бўлса керак», деди. Изқувар онахонга раҳмат айтиб, ҳовлига кирди. Димоғига қандайдир қўланса ҳид урилди. Умрида бунақа бесаришта, бесаронжом маконни кўрмаганди, нақд ахлатхонанинг ўзгинаси. Бақириқ-чақириғига ҳеч ким жавоб бермагач, изқувар оёқ учида юриб, очиқ деразадан ичкарига мўралади. Хонанинг тўридаги темир каравотда кимдир ғужанак бўлиб ётарди. Ўртадаги қорайиб кетган хонтахта устида бўшаган шишалар, чекиб ташланган сигареталар, нон бўлаклари, овқат қолдиқлари бетартиб сочилиб ётарди. «Меҳмондорчилик авжига чиқиб, роса ича-ич бўлибди-да! Ғолиб дўстини излаб келиб, бойвачаларча ҳақ берганга ўхшайди». Амаллаб уй эгасини уйғотди:

– Сееен киим-сан? – деди Азамат тили айланмай. – И-ч-а-с-а-н-м-и? Неега қоққан қозиқдай тик т-у-р-и-бс-а-н, а-р-о-қ-д-а-н қ-у-й-с-а-н-г-чи!

– Раҳмат, мен ичмайман, рулдаман! – Фозил бурчакда турган «ногирон» стулга муваққатгина ўтирди.

– Г-а-з-д-а-н-м-и-сан, т-о-к-д-а-н-м-и-сан… к-и-мсан, м-е-н-г-а ф-а-р-қ-и й-ў-қ! К-и-м б-ў-л-с-а-н-г ҳ-а-м о-д-а-м-с-а-н-ку! Ароқ мўл… сени бир меҳмон қилай… қуй…қўрқма, пули тўланган, т-е-к-и-н…

– Меҳмон келган экан-да! – изқувар гап олишга урунди.

– Бу д-у-н-ё-г-а ҳ-а-м-м-а-м-и-з м-е-ҳ-м-о-н! О-ш-н-а, қ-а-н-а-қ-а о-д-а-м-с-а-н-а! А-р-о-қ-н-и о-ч-с-а-н-г-чи! Н-а-му-н-ч-а м-у-с-т-а-р қ-и-л-м-а-с-а-н-г… т-е-к-и-н д-е-я-п-м-а-н-ку! У-м-а-р Ҳ-а-ё-м-н-и б-и-л-а-с-а-н-ми? К-о-м-и-л Ҳ-а-й-ё-м-н-и-чи? Э-ш-и-т, – Азамат кўзини юмганча қироат билан шеър ўқишга тушди:

 
М-а-й-х-о-н-а у-й-и-н-г-г-а я-қ-и-н б-ў-л-с-а ич,
Ю-р-а-г-и-н-г х-о-т-и-р-ж-а-м, с-о-к-и-н б-ў-л-са ич.
Х-у-р-м-а-ч-а-н-г-г-а с-и-ғ-с-а, и-ч-а-в-е-р қ-о-н-и-б,
А-с-о-с-и-й-с-и ш-а-р-о-б – т-е-к-и-н б-ў-л-с-а ич.
 

– Қойил, зўр шеър экан, – қарсак чалди Фозил, – ўзингиз ёзганмисиз?

– Э қ-и-ш-л-о-қ-и, ш-е-ър ў-қ-и-м-а-й-с-а-н-л-а-р-да! Б-и-л-м-а-й-с-а-н… – сармаст йигитнинг кўзи юмулиб, мулгий бошлади.

– Ғолиб келганмиди? Қамоқдошлар бир отамлашибсизлар-да, – изқувар ҳамсуҳбатини ҳушига келтириш учун баланд овозда гапирди.

– Ту-шун-ма-дим… сиз кимсиз? – йигитнинг кўзи чарақлаб очилиб кетди, – Ғ-о-л-и-б келгани йўқ… синфдошларим келганди… шулар билан қиттай-қиттай…

– Жиноят қидирув бўлимидан Фозил Темировман, – чўнтагидан қизил рангли хизмат гувоҳномасини чиқариб, очиқ ҳолда йигитга кўрсатди, – марҳамат қилиб, кийиниб олинг.

– Хўп, хўп… мен ҳозир, – Азамат ўрнидан туриб, чайқала-қайқала кийинишга тушди, – ака, тинчликм-и-и?

– Ғолиб қачон келганди? – Азамат вақтни бой бермасдан «ҳужум»га ўтди.

– Қайси Ғоли-иб? Мен кўрмадим, – йигит у ёқ-бу ёғини тартибга солган киши бўлиб, тентираган ҳолда изқуварнинг ёнига келиб ўтирди.

– Қамоқдошингиз Ғолиб, – такрорлади изқувар, – сизникига кирганини кўришган экан. Қаёққа кетди?

– Ҳаааа, «Қўзи»ни айтаяпсизми, начальник? Келди, едик-ичдик, кетди… Қол десам, кўнмади…

– Тушунмадим, «Қўзи» деганингиз ким бўлди тағин?

– «Қўзи» – Ғолиб-да! Лақаби шунақа…

– Қаёққа кетди? – такрорлади изқувар.

– Билмадим, начальник… менга айтармиди! Уйига бўлса керак-да! Уйини ҳам сотиб юборибди… эн-ди қ-ае-р-г-а б-о-р-а-д-и?

– Сизникига қачон келганди?

– Начальник… томоқ қақраб кетяпти… беш-беш қилайлик....

– Олдин саволга жавоб беринг, ичиш қочмас, – мулойимроқ гапирди изқувар.

– Кеча келди… тўлиб-тошиб… «Қўзи» яхши бола-да! Уни нега излаяпсиз?

– Ўзи гапириб бермадими? Кекса одамни қандай тунаганини, қандай ўлдиргани…

– Эээ нима деяпсиз, начальник, «Қўзи» унақа одам эмас! Адашяпсизлар! У золотой бола! Қўзичоқдай мулойим… беозор… – йигит ўртоғини оқлашга сўз тополмаётганди.

– Шунча пулни қаердан олибди? – изқувар муддаога ўтди.

– Топиб олибди… Начальник ишонинг, – йигитнинг кайфи тарқай бошлаганди.

– Эртагингизни болангизга айтасиз! – Фозилнинг жаҳли чиқди, – Топиб олганмиш!

– Э начальник, ба Худо… гапим рост…

– Илтимос, Худони тинч қўйинг!

– Ёлғон гапирсам Каламулло урсин! – қасам ичди йигит.

– Хўш, йўлда доллар сочилиб ётганмикан ёки осмондан пул ёққанмикан?

– Йўғ-э, начальник… ўзи айтиб берди, – жаврай кетди йигит, – опасининг иши билан поччасининг мошинасини миниб чиққан экан. Ишни битириб, уйига қайтаётса, бир олифта кийинган одам қўл кўтарибди. Бир-икки сўм ишлаш ниятида мошинани тўхтатибди. Йўловчи Тошкентга аэропортга олиб бориб қўйишни илтимос қилибди. «Қўзи» «Йўқ, Тошкентга боролмайман», дебди. Бояги одам юз долларни олдига ташлаб, «Кетдик, мен кечикяпман», деб мошинага ўтириб олибди. Бир соатда аэропортга етиб боришибди. «Ака» чамадонини олиб, шошиб тушиб кетибди. «Қўзи» Гулистонга қайтибди. Мошинани поччасининг уйига киритиб, эшикни қулфлаётганда орқа ўриндиқда турган барсеткага кўзи тушиб қолибди. Қойилми? Анави олифта шошилинчда сумкачасини унутиб қолдирган экан. Тоза пишқирган бой бўлса керак-да! Одам деган ҳамёнини ташлаб кетадими? Начальник, ишонасизми, «Қўзи»нинг юраги ёрилиб кетай дебди. Бир чекага ўтиб, ҳамённи очиб кўрса, ичидан беш минг доллар, майда-чуйда нарсалар чиқибди. Нима қилсин? Бойвачанинг на исмини, на манзилини сўрамаган экан. Мошинанинг давлат рақами ёдида қолган бўлса, балки ўзи излаб келиб қолар деб, бир ойча пойлабди. Лекин топилмани ҳеч ким сўраб келмабди. «Қўзи» нима қилсин? Топган тумолоқники! Пулни майда-майда чайнаб, еб-ичиб юраверибди. Начальник, ўлай агар, шу боланинг роса қўли очиқ-да! Бўлса, ҳеч кимдан пулини аямайди… Ўзининг аҳволи ҳалигидай… Бошпанаси ҳам йўқ… Лекин жўралардан ҳеч нарсани аямайди! Қаранг, мени ҳолимдан хабар олиш учун шунча бозорлик қилиб келибди, – Азамат дастурхонга ишора қилди. – Ҳақиқий дўст! Начальник, бунақа одамлар кам. Сиз бўлса уни қамамоқчи бўляпсиз. Шу инсофданми? Икки марта тўҳмат билан қамалгани етмайдими? Жиноятчи топилмай қолса, шунга ёпишасизлар. Э, қўйинг-э, начальник, кўринишингиздан ёмон одамга ўхшамайсиз… Қилаётган ишингизни қаранг-а! Қамаш керак бўлса, мана мени қаманглар! Сўққабошман, куюнадиган ҳеч кимим йўқ. Туриш-турмушимни кўриб турибсиз… ит ётиш, мирза туриш…

– Бўлмағур гапларни қўйинг, – деди изқувар шартта ўрнидан туриб, – бировнинг ўрнига бировни қамаб бўладими? Қолаверса, Ғолибнинг сиздан ортиқ жойи борми? У ҳам сиз қатори… таркидунё қилган бўлса…

– Начальник, нима деяпсиз? Унинг болалари бор… Хотини билан ярашади… Менинг кимим бор? Майдан бошқа дўсти ёроним йўқдур, – Ҳайёмона сўз қилди Азамат.

– Нима, Ғолиб хотини билан ярашмоқчими?

– Ярашади, нима учун ярашмас экан. Яқинда аёли Москвадан қайтади. Болалари билан кўришиб турибди…

– Дўстингиз қаёққа кетди? – саволни такрорлади изқувар.

– Билмадим, начальник. Билганимда ҳам айтмасдим, хи-хи-хи, – камшик тишларини кўрсатиб беярашиқ кулди Азамат.

– Пули қолдими? Ё ҳаммасини ичиб тугатдингларми?

– Рости билмадим… Қўзи дўлоп бўлса ҳам, пишиқ йигит. Бор пулини еб-ичиб, шумшайиб юрадиган аҳмоқ эмас… Пул пулни топади, деб айтди. Яна бир нималарни режа қилиб юргандир-да! Так что, ўртоқ начальник, менинг жўрам сиз ўйлаган одаммас… заррача айби йўқ, она сутидай оппоқ бола… Бекорга авора бўляпсиз!

– Нега унда қочиб юрибди?

– Э начальник, афандимисиз! Сизларга ишониб бўладими? – «мастлик – ростлик» тилига эрк берди йигит. – Сизлар бир илинтириб олсанглар бўлди, алдаб-сулдаб, уриб-сўкиб қамаб ташлайсизлар. Тушингни сувга айт, ҳеч ким додингни эшитмайди! Жиноятчи бу ёқда қолиб, бир бечоранинг шўрини қуритасизлар! Кети тегирмон айлантирадиган тўралар, қўли ҳар жойга етадиган пулдор бойваччалар жазодан қутулиб қолаверади…

– Бас, билмайдиган, ақлингиз етмайдиган нарсалар ҳақида гапириб нима қиласиз! – зарда қилди Фозил. – Ундан кўра, тўнғизга ўхшаб бўкиб ётавермасдан уйингизни сал тартибга келтирсангиз бўларди. Ҳайвон ҳам ётар жойини булғамайди.

– Тўғри айтасиз, начальник, мен ҳайвонман! Йўқ, йўқ, ҳайвондан ҳам баттарман, – тилини тўшаб, «чучукроқ» гапиришини ҳисобга олмаганда йигитда сархушликдан асар ҳам қолмаганди. – Ҳар қандай жонзот яшаш учун курашади, ин қуради, жуфтини топиб, ўзидан насл қолдиради. Менда на униси, на буниси бор. На умид, на ишонч, на орзу-ҳавас бор! Ўй-хаёлим ароқда! Начальник, битта янгисидан ўқийми?

– Раҳмат, ҳожати йўқ.

– Олдин эшитинг, раҳматни кейин айтасиз, – Азамат қироат билан рубоий ўқишга тушди:

 
Дунё ташвишин қўй, шаробдан сўйла,
Қайдин топиб, қайда ичмоқни ўйла.
Жаннат ҳам, дўзах ҳам Ҳақнинг маъвоси,
Сен шароб мўл бўлган ошённи сайла!
 

Қалай зўрми? Яна биттаси бор, буниси вообше даҳшат:

 
Бода ичсам ҳаёт рангдор кўринар,
Замин заррин, осмон зангор кўринар.
Ҳушёрликда жиним суймас қизларни,
Э воҳ, кайфда бари дилдор кўринар.
 

– Ўҳў, зўр-ку, кимнинг шеъри? – маъқул бўлди шекилли, қизиқсинди изқувар.

– Комил Ҳайёмни биласизми?

– Йўқ, шунақа шоир бормикан?

– Китоб ўқимайсанлар-да, яхши эмас, начальник, яхши эмас!

– Ҳар ким ўзига керагини топиб ўқийди, – изқувар бу одам билан ади-бади айтишиб ўтиришни ўзига еп кўрмай гапни калта қилиб, кетишга тайёрланди.

– Начальник, бир дақиқа, менинг нега бу аҳволга тушиб қолганимни сўрамайсизми? – деди Азамат кўзлари йилтираб.

– Бошқа сафар, – изқувар оёқ учида эшик томон юраркан, хаёлидан «Кесакда ҳам дард бор-да», деган ўй ўтди.

* * *

Жўрабой бош, Абдуғани ёнбош Мансурни қидириш ишларига киришиб кетдилар. Унинг қариндош-уруғлари, яқинлари билан суҳбат ҳеч нарсага ойдинлик киритиш имконини бермади. Охирги уч-тўрт кун ичида телефонда гаплашган кимсаларнинг шахсини аниқлаш ва улар билан ишлаш давом эттирилди. Телефон пеленгацияси бўйича ўтказилган тезкор-тергов тадбирлари кутилган натижани бермади. Мансурнинг расми ва шахсига оид маълумотлар Сирдарё вилояти туман, шаҳарлари ҳамда қўшни вилоятлар ички ишлар идораларига юборилди. Барча шифохоналар, дам олиш масканлари, ҳушёрхоналар, ўликхоналарга сўровномалар юборилди. Масаланинг бир учи электросет корхонасига келиб тақалишини тахмин қилган тергов гуруҳи аъзолари Мансурнинг иш жойига келиб, «шаҳарэлектртаъминот» раҳбари Дилмурод Завқиев билан суҳбатлашдилар. Узун бўйли, буғдойранг, ёшгина раҳбар меҳмонларни ўзгача тавозе билан кутиб олди. Салом-аликдан сўнг Жўрабой муддаога ўтди:

– Дилмурод ака, Мансурнинг тўсатдан йўқолиб қолишига ишидаги муаммолар сабаб бўлган деб ўйлайсизми?

– Акажон, – раҳбар кўзларини жавдиратиб, гап бошлади, – Мансуржон ўзи унча ёмон йигит эмасди. Ке йинги пайтларда сал айнаб қолди-да. Бир-икки марта огоҳлантирдик. Бола тушмагур ўз билганидан қолмади. Устидан аризабозлик бошланиб кетди. Текширишга мажбур бўлдик. Буни қаранг, оз эмас, кўп эмас эллик миллион сўм камомад чиқиб турибди-да! Онасини чақиртирдик, яхшигина зиёли аёл. «Вақт беринг, тўлаймиз», деб йиғлаб туриб олди. Қарз ҳавола қилиб, ўн тўрт миллионини тўлашди. Кейин бирданига йўқолиб қолса бўладими! Ҳа, аҳмоқ бола-я, қочиб қаёққа борарди. Давлат шунча қарзидан кечармиди. Барибир топиб, жазолайди-ку! Балким, камомадини ёпиш учун пул ахтариб бирор жойга кетдимикан, деб ўйлаб қўяман…

– Нега тафтиш ҳужжатларини прокуратурага оширмадингиз? Жуда катта миқдордаги талон-торожликни яширганингизни қандай тушуниш мумкин? – Жўрабой терговчиларга хос салобат билан савол беришга ўтди.

– Акажон, нима қилайлик, ёшгина йигит, болалари бор… аёли ҳам ҳеч қаерда ишламас экан… қамалиб кетмасин дедик-да. Онаси ҳам йиғлаб туриб олди. Тийинтийинигача тўлаймиз, деб ишонтирди…

– Мана, кўнгилчакликнинг оқибати, – изқувар гапга аралашди, – ишни прокурутарага оширганингизда балки йўқолмаган бўлармиди!

– Отамнинг ўлишини билганимда бир қоп кепакка алмашган бўлардим, дейишади, – раҳбар ўзини оқлашга тушди, – бунақа бўлишини билганимда, ўша куни ҳужжатларни прокуратурага берган бўлардим. Айб менда… қонунни бузганимни тан оламан… Лекин акажон, бу дунёда одамгарчилик деган гаплар ҳам бор-ку! Норасида болалари, аёли, онаизорининг кўзини ёшлатиб, қаматган билан камомад ўз-ўзидан тўланиб қолармиди, давлатга етказилган зарар қопланармиди! Қайтанга бутун бошли оила парокондаликка учраган бўларди… Яхшигина хонадон ягона боқувчисидан ажралган бўларди… Бундан кимга фойда! Яна билмадим…

– Ишни прокуратурага ошириш қамаш дегани эмас, – Жўрабой қонун талабини тушунтирмоқчи бўлди, – иш тергов қилинади, сўнг судга оширилади. Суд сиз айтган ўша ҳолатларни ҳам ҳисобга олиб, жазо белгилайди. Агар озодликдан маҳрум қилиш жазосини бериш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайдиган бўлса, қамоқ билан боғлик бўлмаган жазо чорасини ҳам бериши мумкин.

– Акажон, билмадим, ўтган йили ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганди. Ишни прокуратурага оширгандик. Дарров йигитни қамоққа олишди. Суд ҳам «Зарар жуда катта, қоплаш чораларини кўрмаган», деб саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини берди. Орқасида бешта вояга етмаган боласи, аёли, нафақа ёшидаги ота-онаси чирқираб қолишди. Давлатга етказилган зарар бир тийин ҳам тўланмасдан қолиб кетди. Яна шунақа бўлмасин дегандик-да, акажон!

– Корхонангиз нуқул каламушларнинг макони бўлиб кетибди-да, – пичинг қилди изқувар, – қаёққа қараяпсизлар? Нима учун томошабиндай қўл қовуштириб ўтирибсизлар. Давлат нима учун сизларга маош тўлаяпти? Халқ мулкига муносабат шуми?

– Акажон, гапириш осон. Электр таъминоти тизими аллақачон чириб бўлган, – дардини достон қилди раҳбар, – ҳисоб-китобнинг тайини йўқ, тўлов интизоми издан чиқиб кетган. Соҳа ҳамон алимсоқдан қолган, маънан эскирган техника, асбоб-ускуналар, самарасиз ва қолоқ услубда ишламоқда. Корхона, ташкилотлар, аҳоли хонадонларида отам замондан қолган ҳисоблагичлар ўрнатилган. Уларнинг ҳам аксарияти ишдан чиққан. Ҳисоблагичларни назоратчилар у ёқда турсин, сал техникадан хабари бор шахс бемолол ичини очиб, тўхтатиб қўйиши, ҳатто кўрсаткичларни орқага айлантириб қўйиш имкониятига эга. Баъзида назоратчиларни текшириш учун ўзим ҳам айланаман. Минг афсуски, айрим мижозлар бир йил, икки йилдан бери электр токи истеъмол қилаётган бўлса-да, кўрсаткичда арзимаган сумма қайд этилганлигини кузатиш мумкин. Ҳатто айрим истеъмолчилар давлатни қарздор қилиб қўйган ҳолатлар ҳам учрайди. Ҳисоблагич ишдан чиққан ҳолларда ток ҳақи объектдаги нуқталар сонига қараб, суткада йигирма тўрт соат ток истеъмоли ҳажмидан келиб чиқиб тахминий ўрнатилади. Тўланадиган сумма каттагина бўлганлиги боис истеъмолчи свет ҳақини тўлашдан бўйин товлайди. Натижада милиард-миллиард сўм нореал дебиторлик қарзи сифатида ундирилмасдан осилиб ётаверади… Айрим истеъмолчилар назоратчилар билан тил бириктириб, фактик истеъмолга қараганда анчагина кам бўлган ток ҳақини уларнинг ўзларига тўлаб турадилар. Назоратчи салгина инсофли бўлса истеъмолчидан олган пулнинг бир қисмини электр ҳақи учун тўлаб, қолган қисмини чўнтагига урадилар. Мансурга ўхшаш ноинсоф назоратчилар эса давлатга бир тийн ҳам тўламасдан, пулнинг ҳаммасини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Ўтган йили учтўрт назоратчи қамалиб кетди. Неча чиғириқдан ўтказиб, янгиларини оламиз. Ярим йилга бормай улар ҳам қилиқ чиқара бошлайди. Берган ваъдалари ёддан кўтарилиб, киссаларини ўйлаб қолишади. Истеъмолчилар билан келишиб, ўғирлик қилишни бошлайдилар. Бошқа томондан уларга ҳам қийин. Арзимаган иш ҳақи билан кеча-кундуз уйма-уй, ташкилотма-ташкилот юришади. Айрим хонадон эгалари назоратчини шармандасини чиқариб, итдай қувиб солади. Айрим муштумзўр мижозлар назоратчига қўл кўтаришдан ҳам тоймайдилар. Баъзи ноинсоф мижозларни электр тармоғидан узиб қўйишга ҳам тўғри келади. Назоратчилар кетиши билан ўзлари бошқа бир электрикни чақириб, токни улатиб олишади. Ёзув-чизув қилсанг, дарров битта каттаконга қўнғироқ қилдиради. Тезда бориб, кечирим сўраб, токини ёқиб беришга мажбур бўласан… Хуллас, ҳаммаси ўлда-жўлда! Ҳисоб-китобда интизом бўлмаган жойда барака бўладими? Давлатнинг энергияси беармон сарфланиб, ҳақи хазинага қайтиб тушмайди. Электр таъминотида йил ўн икки ой соатлаб узулишлар бўлишининг асл сабаби ҳам шунда! Ҳеч вақодан бехабар халқ биздан норози бўлади. Биз нима қилайлик, қўлимиздан нима келади? Бунақа шароитда ишлаб бўладими? Мен шу соҳага Европада ўқиганман. Юртга қайтиб, хорижда олган билимимни амалиётда қўллайман деб келгандим. Қайда дейсиз, ҳаммаси сароб бўлиб чиқди… Бирор нарсани ўзгартириш қўлимдан келмаяпти. Раҳбарларга неча марта таклиф билан чиқдим. Тизимни ўзгартирайлик, янги технология жорий қилайлик, деб ҳаммасини асослантириб бердим. «Ақиллилик қилма, оқимга қарши борсанг, хасдай чўкиб кетасан», деб устимдан босиб қўйишди… Раҳбар сифатида мустақил бирор иш қилишингга қўйишмайди. Қонун бор, низом бор, тартиб бор, инструкция бор… Ҳафсала билан нимага қўл урсанг – қонунсиз, қоидани бузиш бўлиб чиқади…

– Дилмурод ака, Европада қанақа, уларда бошқача тизимми? – қизиқсинди Жўрабой.

– Акажон, уларда умуман бошқача – автоматлаштирилган тизим ишлаётганига анча бўлиб кетган, – раҳбар иштиёқ билан давом этди. – Уларда биздаги электр ҳисоблагичлар йўқ. Қайси истеъмолчи қанча ток ёқяпти автомат ўзи ҳисоблаб туради. Вақтида пул тўланмаса, комьпютернинг ўзи тезда тўловни амалга ошириш ҳақида мижознинг телефонига СМС хабар юбориб, огоҳлантиради. Шундан кейин ҳам тўлов амалга оширилмаса мижоз электр тармоғидан узиб қўйилади. Ҳар бир истеъмолчи телефони орқали тўловларни амалга ошириш имкониятига эга. Электрон тўлов амалга оширилиши билан автомат истеъмолчини яна электр тармоғига улаб қўяди. Ҳеч қанақа назоратчининг ҳам, келишувнинг ҳам, жанжалнинг ҳам кераги йўқ. Ҳар ким ёққанига яраша ҳақ тўлайди. Мукаммал, такомил, адолатли, самарали ва ҳар жиҳатдан фойдали, тежамкор тизим. Асосийси, истеъмолчи учун қулай.

– Нега ўша тизимни бизга жорий қилишмайди? – «профессор»нинг қизиқиши ортди.

– Ҳайронман, – ўйланиб жавоб берди Дилмурод, – иқтисодий жиҳатдан олганда жуда катта маблағ талаб қилмайди. Бир марта ўрнатилса, тезда ўзини оқлайди. Менимча, бунга коррупция ва бюрократик тўсиқлар сабаб бўлса керак. Бу тизим талон-торожликка, ўғриликка, порахўрликка чек қўяди. Бу эса раҳбарларга ёқмайди. Қолаверса, бизда энергия таъминоти корхоналари монопол ҳисобланади. Уларга рақобатчи йўқ. Қарама-қаршилик бўлмаган жойда силжиш бўладими? Шунинг учун соҳани давлат тасарруфидан чиқариб, хусусийлаштириш, ҳеч бўлмаганда, ишни давлат шерикчилиги асосида ташкил этиш лозим. Шунақа гаплар акажон… Узр сал қизишиб гапирган бўлсам… Одамнинг асаби қўзиб кетади-да!

– Тушунарли, азага борган ўз дардини айтиб йиғлар, дейишади. Сизларда ҳам муаммолар талайгина экан, – деди Жўрабой таассуфини яширолмай, – менимча, сиз айтган шарт-шароитлардан ташқари, яна тизимга сизга ўхшаб хорижни кўрган, соғлом фикрлайдиган раҳбарлар ҳам керак бўлади. Майли, нима қиламиз, яхшиликка умид қилишдан бошқа иложимиз қанча… Сиз Мансур билан охирги марта қачон гаплашгандингиз?

– Йўқ бўлиб қолишидан икки ёки уч кун олдин гаплашгандим. Қандай бўлмасин камомадни тўлаш шартлигини ётиғи билан тушунтирдим. Қанча вақт керак бўлса бераман, дедим. Камомад ёпилмаса, биз ишни прокуратурага оширишга мажбур эканлигимизни эслатдим. У «Тушунганингиз, вақт бераётганингиз учун раҳмат, ҳозир чорасини кўряпман, ўхшаб қолса, камомадни тийин-тийинигача жойига қайтараман», деб ваъда берганди.

– Қанақа чорасини кўраётган экан, айтмаганмиди? – изқувар савол берди.

– Нимани назарда тутганини билмадим, – ўйланиб жавоб берди раҳбар, – таниш-билишларидан қарз олмоқчи бўлгандир ёки банкдан кредит расмийлаштиришни ният қилгандир…

– Балки бирортасини тунашни дилига туйгандир, – луқма ташлади изқувар.

– Балки кўзлаган режаси амалга ошмай қолгандир, – Жўрабой ўз тахминини илгари сурди, – шу сабабли иш прокуратурага ошиши ва қамалишидан қўрқиб, яширинган бўлса-чи!

– Бўлиши мумкин, – деди раҳбар ўйланиб туриб, – лекин яширинишдан нима наф? Устидан иш қўзғатилса, қидирув эълон қилишини яхши билади-ку! Бузоқнинг югургани самонхонагача! Қочиб қаерга ҳам борарди… ота-онаси, болаларини ташлаб… Менимча, Мансур бунақа аҳмоқлик қилмаса керак.

– Нима деб ўйлайсиз, Мансур бирорта ғавғога аралашиб қолган бўлиши мумкинми? – навбатдаги саволни берди «профессор». – У билан суҳбатлашганингизда сезмаганмидингиз?

– Йўқ, ҳеч нарсани сезмадим.

– Дилмурод ака, катта раҳмат, – Жўрабой ўрнидан қўзғалди, – сиз каби фикри теран, дунёқараши кенг замонавий раҳбарлар кўпайса, нафақат электр таъминотида, балки бошқа соҳаларда ҳам туб ўзгаришлар юз беради, деб ўйлайман.

– Акажон, бир ўзим нима ҳам қилардим…

– Эйй, намунча «акажон»лаб қолдингиз? Сиздан кичикман-ку! – деди Жўрабой жилмайиб.

– Нима қилай, «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ», дейишади. Замонага мослашяпмиз, – деди раҳбар елкасини қисиб, – «жиз-биз»қилиш қўлимиздан келмаса-да, «сиз-биз»ни қойиллатяпмиз. Нима қиламиз, бусиз ишлаб бўлмас экан…

Кулги кўтарилди…

* * *

Фозилнинг Чиноз ва Арнасой туманларига қилган сафар таассуротларини диққат билан тинглаган Санжарбек ўйланиб қолди: «Бундан чиқди Ғолибнинг қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқ экан-да! Наҳотки, адашган бўлсак. Ўзи уни қотилликка гумондорлар рўйхатига киритишимизга нима асосимиз бор эди? Биринчидан, бу йигит дўхтирда катта миқдорда пул борлигини биладиган кам сонли кишилардан бири сифатида, иккинчидан, қўлида доллар кўтариб юргани учун шубҳа остига олинганди. Анави «алкаш»нинг гапи тўғри бўлса, йигит кўчага сочиб юрган пуллар Илёс бобога тааллуқли эмас… Муқаддам қамалиб чиққан, сархуш кишининг гапига ишониб бўладими? Қамоқдошлар жуда қалин дўст бўлишади, бир-бирини ҳеч қачон сотмайди, дейишади. Балки бу эртакни Ғолибнинг ўзи тўқиб чиқариб, дўстини ишонтиргандир. Қайси аҳмоқ шунча пулли ҳамёнини таксида унутиб қолдиради. Унутиб қолдирган тақдирда ҳам қайтиб келиб, мошина эгасини топиб олиши мумкин эди-ку! Йўқ, буларнинг ҳаммаси йигитнинг жазодан қутулиб қолиш учун ўйлаб топган чўпчаги. Қўлга тушган тақдирда ҳам шу чўпчакка ишонтиришга ҳаракат қилмоқчи. Ягона гувоҳ – пул эгасининг шахси номаълум, бу ҳам етмагандай хорижга кетган, уни топиш амри маҳол. Бу дегани у ярамаснинг гаплари рост ёки ёлғонлигини аниқлашнинг имкони бўлмайди… Уни гумондорлар рўйхатидан чиқаришга шошмаслик лозим…»

– Фозилхўжа, нима дейсиз, Азаматнинг гапига ишонса бўладими? – терговчи изқуварнинг фикрини билишга қизиқди.

– Мастлик – ростлик. Менимча, у тўғрисини айтди. Шира кайф одам бунақа эртакни ичидан тўқиб чиқаролмаса керак.

– Балки Ғолиб ўртоғини алдагандир. Кимнидир тунадим, деб ўз-ўзини сотмайди-ку!

– Бўлиши мумкин, боласи тушмагур пиёниста бўлса ҳам ҳушёрликни унутмаган йигитлардан.

– Энди у қаёққа қараб йўл солган бўлса? – деди гуруҳ раҳбари пиёладаги чойдан ҳўплаб.

– То пули тугагунча қамоқдошларини зиёрат қилишда давом этса керак…

– Мақсад?

– Мақсад аниқ: ўзининг дўлоплигини, сахий ва пулдорлигини кўрсатиш, мақтанчоқлик. Қолаверса, қамоқдошлар жуда қалин бўлади, уларни қандайдир ўзгача меҳр ришталари боғлаб туради. Ўзлари учун оғир, мусибатли кунда танишиб, дўстлашганликлари учун жуда содиқ бўлишади. Худди фронтдош, қуролдош дўстлар каби…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации