Текст книги "Қадр кечасидаги қотиллик"
Автор книги: Комил Синдаров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 14 страниц)
– Онам билан гаплашиб турганда мен орқадан келиб, болға билан бошига бир неча марта зарба урдим. Мансур шилқ этиб ерга йиқилди. Сўнг телевизор антеннасининг сими билан бўйнидан буғдим. Ўлганига ишонч ҳосил қилгач, қўйиб юбордим…
– Болта, симни тахлаб қўйганингизга қараганда Мансурни ўлдириш режасини онангиз билан олдиндан пишириб қўйгансизлар, шундайми?
– Ўзи бизни шунга мажбур қилди. Яна пул талаб қилса, охирги чорани қўллаймиз, деб келишгандик.
– Ҳаммасини онангиз режалаштирган, сиз унга ёрдам бергансиз, шундайми?
– Йўқ, ҳаммасига мен сабабчиман… онам мени қутқариш учун шу ишга аралашиб қолди…
– Бу нима деганингиз, тушунтириброқ гапиринг, – Худойберди дакки берди.
– Суръатжон, келинг, ҳаммасини бир бошидан – Илёс дўхтирдан бошлайлик, – ойдинлик киритди гуруҳ раҳбари.
– Тўғри, дўхтирдан бошлаганимиз маъқул, – деди йигит шалвираб. – Дўхтирнинг набираси Тахмина мендан бир синф қуйида ўқиган. Уни яхши кўрардим. Севги кўзларимни кўр қилиб қўйди шекилли… Онда-сонда учрашиб юрардик. Аммо бобоси уни қаттиқ ушларди, учрашиш у ёқда турсин, остона ҳатлаб, кўчага чиқишига ҳам тўсқинлик қиларди. Бўлар-бўлмасга тергайвериб, зада қилиб ташлаганди. Бир куни учрашганимизда у бобосидан шикоят қилиб қолди. «Шу бобой тоза безоримни чиқариб ташлади, ўлмадиям, мен қутулмадим» деб кўзига ёш олди. «Қўй, хафа бўлма, қари одам, неча кунлик умри бор, кейин қутуласан, мазза қилиб яшайсан», деб кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим. «Бу чол ҳали бери ўладиган эмас – отдай тетик, уни қаришини кутадиган бўлсам, ўзимни бир нима қилиб қўймасам яхшийди», деди у жовдираб. Худди севгилимдан ажралиб қоладигандай қўрқиб кетдим. Қандай бўлмасин севгилимга ёрдам бериб, уни бу танг вазиятдан қутқаргим келиб кетди. «Қани айт, нима қилай?» дедим жасурлигим тутиб. «Бобойни «фишт» қилиш керак», деди у қўлини бўйнига сирпаб. Азои баданим қалтираб кетган бўлса-да, ўзимни дадил тутишга ҳаракат қилдим. «Нима, ўлдириш керак деяпсанми?» дедим капалагим учиб. «Ҳа, нима бўпти! Чолни нима жони бор, бир туртсангиз нариги дунёга равона бўлади. Кейин мазза қилиб яшардик… уй-жой, моли-давлат ҳаммаси ўзимизга қоларди», деди қиз қошларини чимириб. «Ўйлаб гапираяпсанми, мени қамаб қўйишади-ку», дедим тиззамгача қалтираб. «Ҳа, қўрқиб кетдингизми, шунақанги латта эканлигингизни билардим», деди тантиқ қиз юзимга шапалоқ ургандай. Йигитлик ғурурим қўзиб, «Бўпти айт, нима қилишим керак, сен учун ҳар нарсага тайёрман», дедим. «Унда индинга Қадр кечаси, бобом кеч уйқуга ётади. Дарвозани очиқ қолдираман, тунда секин ҳовлимизга кириб, қулай пайт топиб, чолни бирор нарса билан урасиз, тамом. Хонасида темир сейфи бор, ичи тўла пул, сейфни бузиб, бор пулни олиб кетасиз. Милициядагилар ўғирлик бўлган деб ўйлашади. Қўлқопда ишласангиз, ҳеч жойда бармоқ изларингиз қолмайди», деди Тахмина. Унинг ҳаммасини олдиндан пухта ўйлаб қўйганига қойил қолдим. «Эплай олмасам нима бўлади?» дедим юрагим уюшиб. «Эплайсиз, эплайсиз, қўққисдан зарба берасиз, тил тортмай ўлади», деди қиз совуққонлик билан. «Бобонг қари бўлсаям, анча тетик, зарбам нотўғри чиқса ёки тегмай қолса мени нақд мажақлаб ташлаши мумкин», дедим хунобим ошиб. «Тўғри айтасиз, чол роса чайир, зарба кучсизроқ чиқса, йиқилмаслиги мумкин, яхшиси, ёнингизга шерик олинг, икков бемалол кучларинг етади», деди у елкамга бош қўйиб. Сочининг ифоридан юрагим алланечук бўлиб кетди. Хирсим жунбишга келиб, қўлимни елкасидан ўтказиб, қизни ўзимга тортдим. «Тишш… олдин ишни битиринг, кейин мен сизникиман», деди у нозланиб… Уйга келиб, роса ўйландим. Ёр васлига етишиш учун тоғни талқон қилганланлар қанча, беаёв урушга кирганлар қанча, жонини берганлар қанча? Ўз хатти-ҳаракатларимни бир беғубор қизни золим бобонинг чангалидан қутқариш сифатида оқлашга ҳаракат қилдим. Баҳонада каттагина пулга эга бўлишимни ўйлаб, юрагим орзулардан энтикди… Оғзи маҳкам, кучли ва ақлли шерик қидиришга тушдим… Телекомда ишлайдиган Ҳамдам деган жўрамга маслаҳат солдим. Унга пул кераклигини билардим. Отаси уч укаси билан уларни ташлаб кетган, онаси ҳам оғир дардга чалинганди. Топган пулини онасини даволатишга ишлатарди. Бошида у «Нима деяпсан, одам ўлдириш сенга осон ишми, қўлга тушсанг умринг қамоқда чирийди», деб «тутаб» кетди. Кейин сейфдаги пулларнинг чўғини эшитиб, жаҳлдан тушди. «Қўлга тушиб қолмаймизми?» деди у таклифга қизиқиши ортиб. «Чол ҳамманинг жонига тегиб кетган, кампири, қизи, невараси ҳамма ундан безор, даво қиладиган одамнинг ўзи йўқ, ундан ташқари, чол бизни танимайди, жиноятни биз қилганимиз ҳеч кимнинг калласига келмайди, чолни ўғрилар ўлдирган деб ҳисоблайди, милиция бирорта ўғри бачани қамаб, ишни ёпади-қўяди», дея жўрамни тинчлантиришга уриндим… Хуллас, Ҳамдам кўнди…
– Ҳамдамнинг фамилияси, турар жойи қанақа эди? – Санжарбек йигитнинг гапини бўлди.
– Қораев, Заргарлик кўчасидаги мактабнинг орқасида яшайди, уй рақами ёдимда йўқ.
Гуруҳ раҳбарининг имоси билан Фозил секин ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди.
– Марҳамат, давом этинг, – терговчи гувоҳга тикилди.
– Ўша куни кечаси Тахмина билан уйи атрофида учрашиб, гапни пишитиб олдик. Келаси куни Ҳамдам иккаламиз уйдагиларга Қадр кечаси жўралар билан ўтириб чиқамиз деб айтиб, ўзимиз тайёргарлик ишларини кўра бошладик. Дўкондан резина қўлқоп, оёққа ўраб олишга салафан халтача, антенна сими, болға олдик. «Бурхон ота» чойхонасида ўтириб, кеч тушиши, одамлар уйқуга кетишини кута бошладик. Соат тунги ўн иккиларда манзилга етиб келдик. Қоронғида туриб, уйни кузатувга олдик. Тунги бирларда келишганимиздек, Тахмина дарвозанинг қулфини очиб кетганини сездик. Ярим соат-қирқ дақиқа кутиб, оёқ учида юриб, секин ичкарига кирдик. Чолнинг хонасида чироқ ўчмаганди. Деразадан унинг уй ичида ғимирлаб юргани кўриниб турарди. Панароққа беркиниб, қулай вазиятни кута бошладик. Бир пайт чол уйдан чиқиб, ҳожатхона томонга юрди. Мен қўлимга болғани олиб, орқасидан секин бориб, бошига бир зарба туширдим. Зарба кучсизроқ чиқдими, қария бошини чангаллаганча ортига бурилиб, менга ташланди. Шу пайт Ҳамдам яширинган жойидан отилиб чиқиб, қўлидаги пичоқни қариянинг биқинига санчди. Чол шилқ этиб, ерга йиқилди. Хириллаган овоз чиқара бошлади. Қўшнилар эшитиб қолмасин деган ўйда чала жон чолни қўлтиғидан олиб, ичкарига судраб кирдик. Хушига келиб, ташланиб қолмаслиги учун чўнтагимдан симни чиқариб, қариянинг бўйнига ўраб, бир-икки дақиқа бўғиб турдим. Ўлганига ишонч ҳосил қилгач, симни бўғзидан бўшатиб, чўнтакка урдим. Тахмина хонасида туриб, қоронғида ҳаммасини кузатиб турган экан шекилли, секин хонасидан чиқиб келди. «Ўлдими?» деди у бобосининг жасади тепасига келиб. «Жони узилди, нафас олмаяпти», дедим мен қизнинг совуққонлигига лол қолиб. Қиз бизларни бобосининг хонасига бошлаб кирди. «Аввал манави гиламни олиб, мурдани шунга ўраб, ертўлага тушириб ташланглар, сизлар кетгандан кейин мен қўрқаман», деди у хона деворидаги гулли гиламни кўрсатиб. Биз тезда гиламни жойидан тушириб, айвонга олиб чиқдик ва чолнинг жасадини унга ўраб, кўтариб ертўлага туширдик. Қайтиб чиқсак қиз оёқ остидаги қон изларини артиб, хонани ўғри аралагандай тўс-тўполонини чиқариб ташлабди. «Мана буни қандай очасизлар?» деди у шкаф ичига жойлашган кичкина темир сейфни кўрсатиб. Мен чўнтагимдан темир асбобларни чиқариб, сейфни оғзини очишга киришдим. Ҳамдам менга ёрдам берди. Ярим соатча урнаб, сейфни очдик. Ичидан нақд йигирма минг доллар чиқди. Беш мингини Тахмина олди, ўн беш мингни Ҳамдам икковимизга тегди. Уйдан чиқиб кетаётганимизда қиз мени тўхтатиб, «Мени яширадиган жойим йўқ, пул сизда тура турсин», деб қўлидаги беш минг долларни ҳам менга берди. Ҳовлига чиқдик, ҳали тонг отмаганди. «Энди ўғрилар девордан ошиб, уйга кирган деб ўйлашлари учун манави девордан ошиб, ҳовлига тушинглар», деди Тахмина чап томонга ишора қилиб. Биз тезда ҳовлидан чиқиб, пастроқ жойидан деворга тирмашиб, ҳовлига тушдик. Сўнг қиз билан совуққина хайрлашиб, уй-уйимизга қайтдик. Йўл-йўлакай ўлжани тенг ярмидан бўлишиб олдик…
– Жиноят қуролларини қаерга қўйдинглар?
– Болға, сим ва темир ломчани маҳалланинг бошидаги ахлат қутисига ташлаб юбордик. Пичоқни ҳар эҳтимолга қарши уйга олиб келиб, чердакдаги эски-туски жандалар орасига бекитиб қўйдим…
Суръат «бор гап шу» дегандай гуруҳ раҳбарига қаради.
– Кейинчи, кейин нима бўлди? – Санжарбек «ҳикоя»нинг давоми борлигини эслатди.
– Эртаси куни уйдан чиқмай нима бўлишини кутиб ётдим, – давом этди Суръат, – кечга яқин Ҳамдам келди. Қўлида иккита оддий телефон. «Тахмина билан қайси телефонда гаплашгансан», сўради у. «Ўзимникидан» дедим, мен ҳайрон бўлиб. «Кейинги пайтда у қиз билан телефонда анча гаплашган экансизлар, яхшиям каллам ишлаб, барча қўнғироқларни тизимдан ўчириб ташладим. Бугун-эрта ментлар чол ва унинг яқинларининг телефон сўзлашувлари тарихини кўтаради. Улар ким билан гаплашган бўлса, ҳаммасини чақириб, сўроқ қилишади. Энди бизга сўров юборса ҳам сенинг рақаминг чиқиб келмайди. Бу дегани сен шубҳадан холи бўласан. Ўзингнинг телефонингни вақтинча яшириб қўй. Мана бу телефонни қизга бер, мана бунисини ўзинг ишлат. Бир-биринг билан фақат шу «хавфсиз» телефонда гаплашиб туринглар», деди у қўлидаги кичкина телефонларни менга узатиб. Шу куннинг ўзида мен жаноза баҳона Тахминанларникига бориб, бир энлик хат билан телефонни унга қолдириб келдим. Кун давомида ўша «хавфсиз» телефонда севгилимга бир неча бор қўнғироқ қилдим. У мени, мен унинг кўнглини кўтариб, тинчлантирган бўлдик. «Сен қайғуга ботгандай бўлиб, индамай юрайвер, ҳеч ким сендан гумон қилмайди», деб қизга далда бердим. Келаси куни кечда севгилимнинг ўзи қўнғироқ қилди. Негадир овози ташвишли чиқди. «Нима гап, тинчликми?» десам, «Момом мени касалхонага чақириб, ер ютгур, бобонгни бошига сен етдингми?» деб ёпишиб кетди, деди. «Нега сендан кўради, ўзинг қандайдир повод бериб, бирор нарса деган бўлсанг керак-да», десам, «Йўқ, ҳеч нарса демадим, фақат олдин бир-икки марта бобом жонимга тегиб кетган пайтлари «Шу чолингизни бир кун бўғиб ўлдириб қўяман-да», деб ҳазиллашиб айтгандим… шунга бобомнинг ўлимини мендан кўряпти», деди. Оббо, ҳали буниси ҳам бормиди? Нафасим бўғзимга тиқилди. Бу ҳам етмагандай кампир «Шифохонадан чиқай, ҳаммасини ўзим аниқлайман», деб набирасига дағдаға қилибди. «Бирор нарса ўйлаб топмасак, сиримиз ошкор бўлиб, қамалиб кетишимиз турган гап». деди Тахмина сўзининг охирида. «Майли, ваҳима қилмай тур, бир йўли топилиб қолар», дедим қизни овутиш мақсадида. Пайтавамга қурт тушди. У шубҳа остига олинса, бизга чиқиб келишлари ҳеч гап эмасди. Шу ишга бош қўшганимдан мингдан минг пушаймон бўлдим… Аммо вақтни орқага қайтариб бўлмасди… Бу томондан онам чўнтагимдан долларни топиб олиб, «Қаердан олдинг?» деб қистовга ола бошлади. Эртаси куни Тахмина яна қўнғироқ қилди, момоси шифохонадан чиқса, ҳамма ёқни остин-устин қилиб ташлашини айтиб, юрагимни сиқди… Нима қилай, охир ҳаммасини онамга айтишга мажбур бўлдим. Она – она-да! Сени ҳеч қачон сотмайди. Ҳар қандай ҳолатда жонини хатарга қўйиб бўлса-да, ёрдам қўлини чўзади. Онам бошида «Нима қилиб қўйдинг, сен аҳмоқ», деб роса уришди, бир-икки шапалоқ ҳам туширди. Кейин бу танг вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетиши йўлини ахтара бошлади. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топди шекилли «Энди сенлар жим туринглар, ҳеч нарсага аралашманглар, менинг ўзим сизларни бу ботқоқдан судраб чиқариб оламан», деди. Эртаси куни онам уйда шўрва тайёрлади ва бир литрлик идишга солиб, қўлимга тутқазди ва овқатни Тахмина орқали кампирга олиб бориб, охиригача ичириш лозимлигини тайинлади. Мен овқатни тегишли манзилга етказиб, онамнинг гапини айтдим. «Заҳарми?» деди қиз ўта совуққонлик билан. «Билмадим, шуни қандай бўлмасин кампирга ичириш керак экан», дедим. «Мен борсам момой яна ғингшийди, аммамдан бериб юбораман, ўзи едириб-ичириб чиқади», деди у идишни қўлимдан олиб. Кечга яқин у менга қўнғироқ қилиб, ҳаммаси жойидалигини айтди. Эртаси пешинга яқин кампир бандаликни бажо келтирганини эшитдим… Узоқ вақтдан бери бемор кампирнинг ўлими ҳеч кимда шубҳа уйғотмади. Кўпчилик момо чолининг ўлимидан қаттиқ руҳий таъсирланган, жудоликни кўтаролмаган деб ҳисоблашди… Тахмина менга бобоси Худоёр деган қўшни киши билан муқаддам бир неча марта жанжаллашиб қолганини, ҳатто уни ўн беш кунга қаматиб юборгани, кейинчалик у қамоқдан чиқиб, чолга «Сени ўлдирмасам отимни бошқа қўяман», деб дағдаға қилгани учун терговчилар ундан гумонсираётганини айтган эди. Бу ҳақда онамга гапириб бердим. Бекор қилган эканман. Онам мени қутқариш учун ҳеч нарсадан тоймаслигини ўйламабман… Келаси куни онам уйга Мансур акани чақирди. Унга бир талай пул кераклигини биларди. Онам уни беш минг доллар эвазига арзимас бир ишни бажаришга кўндирди. Мен жиноят қуроли бўлган пичоқни яшириб қўйганимни онамга айтгандим. У пичоқни олиб, дастасини яхшилаб артди ва қоғозга ўраб Мансур аканинг қўлига тутди ва «Шу нарсани қандай бўлмасин Худоёрнинг мошинасига ташлаб қўясан», деб тайинлади. Мансур электросетда ишлагани учун маҳалладаги ҳар бир хонадонга тўсиқсиз кириб чиқиш имконига эга эди. Онам унга келишилган пулнинг ярмини берди, қолган ярмини эса иш битгандан сўнг олишини уқтирди. Мансур рози бўлди. Онамга «Ҳозир Худоёрникига электр ҳисоблагични текшириш баҳонасида кираман, тахминан йигирма дақиқалардан сўнг сиз менга телефон қиласиз, мен «Э бошлиқ чақиряпти, тез боришим керак экан», деб ундан мошинасида ишхонага ташлаб қўйишни илтимос қиламан, у йўқ демайди, йўлда берган нарсангизни мошинаси ўриндиғи орасига ташлаб қўяман, ҳеч ким шубҳа қилмайди», деди. Келишилганидек, Мансур чиқиб кетгандан сўнг онам унга қўнғироқ қилиб, бироз гаплашди… Келаси куни Мансур ака келиб, онамга ҳаммасини рисоладагидай бажарганини айтди ва яна икки ярим минг долларни қуртдай санаб олди. Кечга бориб Тахминадан киракашни қамоққа олинганини эшитдим. Елкамдан оғир юк тушгандай бўлди. Янгиликдан Ҳамдамни ҳам хабардор қилдим. Мансурга қилинган ҳаражатнинг ярмини у қоплаши керак эди. «Пулни ишлатиб қўйганман» деб зўрға бир ярим минг долларни қайтарди… Шу билан ҳаммаси тинчиб кетса керак, деб ўйлагандик… Йўқ, ундай бўлиб чиқмади. Тошкентдан терговчилар келганини, терговни бошқатдан бошлаётганини эшитиб, тинчимиз бузилди. Бу томондан Мансур «Мен билмагандим, сизлар мени қотилликка аралаштирибсизлар», деб яна пул талаб қила бошлади. У иш жойида катта камомадга йўл қўйган бўлиб, зарарни қопламаса, қамалиши аниқ экан. «Қамаладиган бўлсам, кейин менга барибир, сенларни ҳам сотаман», деб бошимизни гаранг қилиб ташлади. Онам уни тинчитиш учун яна икки минг доллар берди. Аммо Мансур яна уч минг доллар бермаса, иши судга ошишини айтиб, жонимизга тегиб кетди. Нима қилайлик, мажбур бўлдик… Мансур ўз бошига ўзи етди…
Терговчилар бир қанча саволлар бериб, гумонланувчининг кўрсатмаларига ойдинлик киритдилар. Сўнг сўроққа Гулмирани олиб киришди. У йўлакда ўғли ва унинг жиноий шериги Ҳамдамга кўзи тушиб, «етиб келгани»ни аллақачон тушуниб етганди.
– Фуқаро Гулмира Каримова, сиз икки шахсни қасддан ўлдиришда гумон қилиняпсиз, – гуруҳ раҳбари аёлнинг тушкун ҳолатини кўриб, пачакилашиб ўтиргиси келмади, – айбингизни тан оласизми?
– Исмингиз ким эди… иним? – деди аёл гуруҳ раҳбарига зимдан тикилиб.
– Терговчи Санжар Раҳмоновман.
– Укажон, биласизми, ҳамма оналарнинг бир «камчилиги» бор, – гапни узоқдан бошлади аёл. – Сиз оталар буни тушунмаслигингиз мумкин. Аммо аёлингиз, онангиз, қўйингки, дунёдаги барча оналар буни яхши тушунади. Оналарнинг энг катта ва ягона «нуқсон»и – фарзандини ҳаддан зиёд яхши кўришида! Шу илоҳий муҳаббат онани шерга айлантиради, боласи учун ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам уришга, лозим бўлса, жонини фидо қилишга ундайди. Бу муҳаббат нафақат инсонларга, балки барча жонзотларга хос. Оддийгина товуқни олиб қаранг. Бечора гўдакдан ҳам қўрқади. Ушлаб олиб, бўғзига пичоқ қадасангиз ҳам «миқ» этмай ётаверади, сўйсангиз ҳам индамай ўлиб кетаверади. Матонатини қаранг! Энди ўша безавол жониворнинг жўжасига тегиб кўринг-чи, жўжасини ҳимоя қилиш учун жонини хатарга қўйиб, калхатдай сизга ташланади, ҳатто арслоннинг олдига чиқа олади. Биз инсонмиз-ку! Фарзандимиз учун бир қушчалик жасоратимиз йўқми? Шундай экан, менга «нега ундай?», «нега бундай?» деган саволлар бериб, куйган жигар бағримни куйдириб ўтирманглар. Нима иш қилган бўлсам, болам учун, уни кулфат чангалидан, ғам-алам ботқоғидан қутқариб колиш учун қилдим. Қилган ишимдан афсусланмайман. Ҳаммасини ўзим қилдим. Суръатжоннинг бунда айби йўқ. Аслида, у ҳам севгилиси учун шу ишга бош қўшди, жентелменлик қилмоқчи бўлган… Тўғри, калтабинлик билан қилинган амалим боламга фойдаси бўлмади, аксинча унинг ҳам, менинг ҳам зараримга ишлади… Сизлардан илтимос, мен ҳаммасини бўйнимга олишга тайёрман, фақат ўғлимга шафқат қилинглар… отасиз ўсди… укаси кичкина… бизлар қамалиб кетсак, унинг ҳоли нима кечади…
– Жазо бериш суднинг иши, – терговчига қилғиликни қилиб, яна боласига шафқат сўраб турган аёлнинг гаплари эриш туюлса-да, мулойимроқ бўлишга ҳаракат қилди. – Келинг, энди ҳаммасини бир бошидан гапиринг-чи.
Гулмира ўғлининг гапларини тўла тасдиқлади. Айрим жойларда Суръатнинг айбини ҳам ўзига олишга уринганини ҳисобга олмаганда бор ҳақиқатни гапирди. Терговчилар бир талай саволлар билан гумондорнинг кўрсатвуларига аниқлик киритдилар. Шундан сўнг Ҳамдам сўроқ қилинди. У ҳам жиноий шеригининг гапларини тасдиқлаб, иқрорлик кўрсатмасини берди. Навбат Тахминага келди. Гуруҳ аъзолари қизгина қилган ишига пушаймон бўлиб, йиғи-сиғи қилса керак, деган хаёлга боришганди. Адашганликларини кейин тушуниб етишди. Шундай соҳибжамол қизнинг маънавий қиёфаси йиғилганларни лол қолдирди.
– Бобомга менинг ҳаётимга аралашишга ким ҳуқуқ берган? – деди қиз бақрайиб. – Ҳаммасига ўзи сабабчи. Мени холи жонимга қўймади, минғиллайвериб, одамдай яшашимга ҳалақит қилди. Тергайвериб, жонимга тегиб кетди. Отам, онам бўлганида бунақа қилмасди…
– Бобо бўлгандан кейин тергайди, яхши бўл, одам бўл, дейди. Нима, шунинг учун ўз бобосини ўлдириш керакмикан? – Худойберди чидаб туролмади.
– Нима қипти, – деди қиз бехаёларча, – қариб-чириб кетган одам, барибир ўларди-ку…
– Олтмиш саккиз ёш – қарими? – кимдир луқма ташлади, – садқаи одам кет-э!
– Хўп, бобонгиз жонингизга теккан экан, касалманд момонгизни нимага ўлдирдингиз? – гуруҳ раҳбари имтиҳон қилишда давом этди.
– Энамни мен ўлдирмадим, – деди қиз шақшайиб, – ўзи ҳамма ёғи касал эди… ажали етган экан – ўзи ўлиб қолди.
– Уялмасдан нима деб алжираяпсан? Энангга заҳарли овқатни сен бериб юборгансан-ку! – деди терговчи асабини жиловлолмай.
– Мен идишда заҳар борлигини билмаганман, – деди қиз совуққонлик билан, – хўп, билганимда нима? Ярим жон одам тинчгина ўлимини кутиб ётмайдими? Барига ўзи сабаб! Индамасам бу кампир шу ғаламис чолини деб мени қаматиб юборишдан ҳам тоймасди! Боламнинг зурриёти деб аяб ҳам ўтирмасди!
– Синглим, бир нарсани менга тушунтириб берсангиз, – Санжарбек «психологик тест»ни давом эттирди, – сизни гўдаклигингиздан оқ ювиб-оқ тараган, едириб-ичирган, жонидан яхши кўрган қондошларингизни, меҳрибонларингизни бунчалик ёмон кўришингизнинг сабаби нимада?
– Яхши кўрган эмиш, – афтини бужмайтирди Тахмина кўзлари қахр-ғазаб вулқони титраб,– отам ўлгандан кейин аямни сиғдирмай кўчага ҳайдаган, боласини тортиб олган, мени бир умр она меҳридан бебаҳра этган, берган бир бурда нонини миннат қилган, болалигимни тортиб олган одамлар қандай менга меҳрибон бўлсин!
Қиз билан узоқ гаплашган гуруҳ аъзолари таассуфдан ёқа ушлаб, карахт бўлиб қолдилар, шунча пайт уни «ёш бола», «ожиза», «набира» ҳисоблаб, шубҳа остига олмаганларидан тажжубландилар, афсусландилар, надомат чекдилар.
– Ҳа майли, ҳаммаси тушунарли, – гуруҳ раҳбари «тест»ни якунлашга шошилди, – Тахминахон, мактабда ўқиганмисиз?
– Нимайди? – деди қиз безрайиб.
– Қўлингизга китоб олганмисиз? «Ўтган кунлар»1414
Абдулла Қодирийнинг шу номли романи назарда тутилмоқда.
[Закрыть] романини ким ёзган?
– Ғофур… Ғуломми? – ишончсизроқ жавоб қилди қиз.
– Шунақами? Ҳа, мактабни ҳам қотириб ўқиб қўйган экансиз, ҳаммаси тушунарли! – хулоса қилди терговчи.
– Менга нима дейсиз? Мен мактабни бир кун ҳам қолдирмаганман. Аммо она тили, адабиёт, математика, кимё, физика фани ўқитувчиларимиз бўлмаган. Уларнинг ўрнига меҳнат, жисмоний тарбия ўқитувчилари дарс берган… Ўқитувчиларга қўшилиб, умримиз кўча тозалаш, пахта териш, чопиқ, ягана қилиш билан ўтган… кўчада ўқиганмиз, билдингизми?
Муштдайгина қизнинг гапларини нафрат ва надомат билан тинглар экан, Санжарбекнинг наздида унинг сўнгги айтган гапларида жон бордай туюлди. Шу тобда яқинда бир меҳмондорчиликда йигирма йил қишлоқ мактабида директор бўлиб ишлаган бахмаллик Бозор бобонинг куйинчаклик билан айтганлари ёдига тушди: «Мактабда чорак аср директор бўлиб ишлаган бўлсам, ҳеч бир раҳбар ҳолинг қалай, китоб-дафтаринг етарлими, дарс сифати қанақа, нечта боланг институтга кирди, ўқитувчининг аҳволи қанақа», деб сўраганини эслолмайман. Масъуллар нуқул пахтага, чопиққа ва бошқа қишлоқ хўжалик ишларига қанча одам чиқарасан, нега терим режасини бажармадинг, кўчани супуришга, ҳашарга нега кам одам чиқди, деган савол билан мурожаат қилишган. Баъзан ўйланиб қолардим, мен мактаб директорими ёки бирорта қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбарими, деб». Ана оқибат! Ҳамма бало-қазолар илмсизликдан деб бекорга айтишмас экан. Мактаб илм маскани эмас, балки Тахминалар, Суръатлар, Ҳамдамларни тайёрлайдиган даргоҳга айланиб қолди. Охири бахайр бўлсин, ишқилиб! Аммо ёшгина қизалоқнинг мурғақ қалбида шунча қаҳр-ғазаб, нафрат, адоват, разолат, қабиҳлик, худбинлик, такаббурлик, ношукрлик, манманлик қаердан пайдо бўлган? Бир парча этлигидан катта қилган, ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлган бува-бувисни ўта совуққонлик билан ўлдиришга қандай қўли борган? Наҳотки, ичи ачимаган бўлса? Баъзан ногоҳон оёқ остидаги чумолини босиб олса, одамнинг дили қанча ғаш бўлади. Бу қиз бола кўринишидаги шайтон шунча ишни қилиб, без бўлиб, ўзини фаришта тутиб туришини қаранг! Юз-кўзида заррача афсус-надомат аломатлари кўринмайди-я! Йўқ, буларни одам сафига қўшиб бўлмайди. Ёшлигидан телевизорда, телефонда, компьютерда ёвузликни кўравериб-кўравериб, уларга тақлид қилавериб ўзлари ҳам «зомби» – тирик мурдага айланиб қолган… Онамни кўчага ҳайдаган, деб бува-бувисига айб қўймоқчи бўляпти. Аммо ўзи умид билан Туркиядан келган онасини қувиб солган. Йўқ, буларга на она, на бошқа қариндош керак эмас. Улар шунчалик худбин, тубан бўлиб қолган. Қалбидаги қон-қариндошлик ришталари аллақачон узилиб бўлган. Ҳаёлида умуман бошқа нарсалар… Эсиз ёшлик, эсиз умр…
Шу куннинг ўзида терговчилар бир қатор тезкор-тергов тадбирлари ўтказиб, гумондорларнинг айбларини рад этиб бўлмас далиллар билан мустаҳкамладилар ва айб эълон қилдилар, улар белигиланган тартибда қамоққа олинди. Худоёр қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги муносабати билан айбсиз деб топилди ва қамоқдан озод этилди. Кун бўйи тиним билмай хориган гуруҳ аъзолари тун оққанда тарқалдилар.
– Санжар ака, отасини ўлдирганни падаркуш дейишади, – деди Жўрабой ўйланиб туриб, – бува-бувисини қотилини нима деб аташади?
– Ундайларни ҳам падаркуш, ҳам модаркуш дейишади, – деди гуруҳ раҳбари стол устидаги ҳужжатларни йиғиштира туриб.
– Тўғри айтасиз. Шу қиз менга азалдан ёқмаганди. Таши гўзал, ичи чиркин танноз…
– Мен эса шу ўн гулидан бир гули очилмаган қизнинг шунақа қабиҳ ишга қўл урушини тасаввуримга ҳам сиғдиролмагандим… Инсон зоти биз ўйлагандан кўра мураккаб ва тушуниб бўлмас мавжудот экан…
– Нимасини айтасиз! Юрагим така-пука бўлиб кетди… Бу не кўргилик? Ота-боболаримиз кўз қароғида асраб келган азалий қадриятларимиз, ота-она, қон-қардош, оила муқаддаслиги ҳақидаги эзгу туйғулар қайда қолди!
– Қадр кечасидаги қотиллик… қулоққа ғалати эшитилади-я! – Санжарбек уйқусизликдан кўзлари қизариб, кетишга шайланиб турган Жўрабойга юзланди. – Аллоҳ таоло Қадр кечасини минг ойдан афзал экани ҳақида марҳамат қилганлар. Кимки ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўпроқ савобга эришаркан. Шундай муборак кунда қотиллик қилган шахсларнинг гуноҳини ўлчаб бўлармикан?
– Менимча, бундай шахслар минг ой, яъни 83,3 йил давомида қотиллик билан шуғулланган нобокор шахс гуноҳига эга бўлади, – деди «профессор» ҳозиржавоблик билан.
– Қадр кечаси ўз номи билан меҳр-муҳаббат, омонлик ва барокат кечаси эмасми? Аллоҳ азиз қилган бу тунни ҳам ёвузлик, гуноҳкорлик, разиллик кечасига айлантириб, беқадр қилган бу ёшлардан нимани ҳам кутиш мумкин?!! Ўз ота-онасини ўлдиришдан тоймайдиган бу ёшлар таълим-тарбияни қаердан оляпти? Бу мурғаккина қизнинг юрагида шунча ёвузлик қандай сиққан? Шунча юкни у қандай кўтариб юрган? Одатда, хотин-қизлар жинояти фош бўлгач, қилмишидан афсусланади, йиғи-сиғи қилади. Бу маккоранинг кўзингга лўқ қараб, без бўлиб туришини қаранг! Тавба демай илож йўқ!
– Айтманг, ҳаммасига шу интернет, телефон, хориж телесериаллари сабаб. Ёшларни беҳаё, безбет, худбин ва бемеҳр қилиб ташлаяпти – деди Жўрабой тик турганча. – Санжар ака, ҳозир йиқилиб тушаман… қолган гапларни эртага гаплашсак қандай бўларкан…
– Жўражон, гап интернет, телефонда эмас, – раҳбар ўрнидан қўзғалди, – бу техника тараққиёти, уларни тақиқлаб бўлмайди. Ахир қанчадан-қанча ёшларимиз техника ютуқларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Фақат Тахминага ўхшаш бир қисм ёшлар ундан ёвузлик мақсадида фойдаланмоқдалар. Хўш, нима қилиш керак? Ягона йўл ёшларда маънавий иммунитетни шакллантириш, илму фанни ривожлантириш, таълим тизимини ривожлантириш, мактабларни ҳақиқий билим масканига айлантириш, жамиятда ўқитувчининг обрў-эътиборини оширишдан иборат.
– Устоз, секинроқ гапиринг, деворда ҳам қулоқ бор, – шивирлади «профессор».
– Тўғри, фақат ёвузликни эшитадиган қулоқлар, фақат ёмонликни кўрадиган сўқир кўзлар ҳар ерда бор… Илло, илмсиз одам улардан ҳам баттар ғофил шахслардир… Кетдик, тағин меҳмонхонага киритмай қўймасин!
– Устоз, бунчалик тушкунликка берилиш яхши эмас, – «профессор» ақл бўлди, – ахир биз кимларнинг авлодимиз! Томиримизда кимларнинг қони оқмоқда! Оққан дарё оқмай қолмайди! Умидим бор, юртимизга Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Навоий каби улуғ алломалар, Соҳибқирон Амир Темурдай буюк Султон яна қайтади.
– Шунақа денг, – устоз шогирдининг елкасига қоқиб қўйди, – сизда келажакни кўра билиш қобилияти борлигига шубҳа йўқ… Ўша кунлар келишига умид қиламиз! Қани кетдик…
2021 йил июль-октябрь
ТАМОМ
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.