Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Қўлида телефони йўқ, Азамат уни огоҳлантиролмаса керак? – сўради Санжарбек бир нуқтага тикилиб.

– Ғолибда телефон йўқ. Агар у кейинги манзилини айтган бўлса, Азамат ўша ёққа телефон қилиб огоҳлантиришга уриниши мумкин.

– Азаматнинг телефони…

– Эшитиб турибмиз, ҳозирча жим. Ҳали кайфи тарқалмаган шекилли.

Шу пайт изқуварнинг чўнтагидаги телефон жиринглаб қолди.

– Ало, эшитаман… қўнғироқ қилдими? …Нима деди? …Тушунарли, яхши раҳмат, – изқувар гапини якунлади.

– Нима гап?

– Азамат қўнғироқ қилибди. Кутилганидек, самарқандлик Қудрат деган қамоқдоши билан гаплашибди. «Ғолиб бориб қолса, тезда қочиб қолсин, ментлар кетидан тушган, меникига келиб кетди», дебди.

– Қудрат нима дебди?

– «Ҳали келмади, келса айтаман», дебди.

– Жуда яхши, энди уни қўлдан чиқармаслик керак.

– Йигитларимиз самарқандлик касбдошлар билан гаплашибди. Жигит адашмасдан топиб борса бўлди, «гуллар билан чиройли қилиб кутиб олишади».

– Яхши, унда кутамиз,– гуруҳ раҳбари мулоқотга якун ясади, – Ғолиб топилгунга қадар сиз Худойбердига ёрдамга ўтсангиз. У марҳума Зебинисо ая йўналиши бўйича ишлаяпти. Кеча хонадоннинг келини, яъни Тахминанинг онаси Латофат масаласи билан ҳам шуғулланишни бошлади.

– У Туркияда эди шекилли.

– Тўғри, у ўн беш йилдан буён Туркияда яшайди. Ўша ёқда турмушга чиққан. Аммо ҳозиргача фарзанд кўрмаган экан.

– Нима, у Туркияда туриб, собиқ қайнота-қайнонасини…

– Қўлимизда унга нисбатан ҳеч нарса йўқ, – тушунтирди гуруҳ раҳбари, – ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўришга тўғри келади.

– Тушунарли, текшириш лозим бўлса текширамиз-да! – изқувар кетишга чоғланди.

Шу пайт изқуварнинг телефони яна жиринглаб қолди.

– Йигитлар, бирор янгилик борга ўхшайди, – деди изқувар телефондаги рақамга ишора қилиб, – эшитаман, нима гаплар? Етиб борибдими? …Жуда яхши, ушлаб туришсин, бизникилар етиб бориб, олиб келишади… Шунақа денг… шунча доллар…

– Ғолибми? – бетоқотлик билан сўради гуруҳ раҳбари.

– Ҳа, фаразимиз тўғри чиқди. Жигитни қўлга олишибди. Худо хоҳласа у бойваччани кечгача Гулистонга етказиб келамиз… Буни қаранг, чўнтагидан беш минг саккиз юз доллар чиқибди…

– Беш минг саккиз юз! – ўрнидан туриб кетди Санжарбек. – Бу яна нимаси? У топиб олган хамёндан беш минг доллар чиққан… шунча пайтдан бери олди-орқасига қарамай пул сочиб юрибди… яна шунча пул қаердан келган?

– Айтдим-ку, бу девона ғирт ёлғончи, – изқувар миясига келган фикрни тилига чиқарди. – Мана кўрасиз, Илёс бобони «шимон» қилган ҳам шу ярамаснинг ўзи бўлиб чиқади.

– Чолнинг сейфида камида ўн минг доллар бўлган, – хулоса қилишга ўтди гуруҳ раҳбари, – уч-тўрт минг долларни еб ичган бўлса, қолгани чўнтагида бўлган… ҳаммаси тўғри келяпти…

Кечга яқин Ғолибни олиб келишди. Ўрта бўйли, қисиқ кўз, қалин қошли, сўлғин юзли йигит хонага кириб келиши билан спирт ҳиди анқиб кетди. Фозил ўрнидан сапчиб туриб, деразани очди. Гуруҳ раҳбари «меҳмон»ни ўтиришга таклиф қилиб, расмиятчиликни ўринлатган ҳолда унинг шахсига аниқлик киритди ва ёлғон гувоҳлик берганлик ва гувоҳлик беришдан бош тортганлик ҳақида огоҳлантирди. Сўнг саволларни қалаштирди:

– Сизни нима учун прокуратурага таклиф қилишганини биласизми?

– Йўқ… б-и-л-м-а-д-и-м… Анави ака шикоят қилгандир-да…

– Ҳамёнини мошинангизда унутиб қолдирган «ака»ми?

– Ҳа…

– Ўша воқеани батафсил айтиб бера оласизми? – гуруҳ раҳбари гувоҳнинг чакагини очишга уринди.

– Менда ҳеч қандай айб йўқ, – гапни ўзини оқлашдан бошлади Ғолиб, – нима учун шикоятбозлик қилиб юрганига ҳайронман…

– Ҳеч ким сизнинг устингиздан шикоят қилмаган. Сизни гувоҳ сифатида сўроқ қиляпмиз, бемалол гапираверинг.

– Шунақа денг… Унда нимага… тушунмадим? – эзмаланди гувоҳ.

– Бунча тайсалламасангиз! Сиздан пулни қаердан топганлигингизни сўряпти, ўшандан гапиринг! – Фозил гувоҳни йўлга солди.

– Хўп, хўп, – Ғолиб ўпкасини сал босиб олиб, Азаматнинг ҳикояси орқали ўқувчига таниш «ҳамён» воқеасини бир бошидан сўзлаб берди. – Ўша ака пулини излаб келса, қайтариб бермоқчи эдим… Нима қиламан, бировнинг ҳақини? Анча кутдим. Кейин…

– Демак, ҳамёнда беш минг АҚШ доллари бўлган шундайми? – савол-жавобга ўтишди.

– Шундай…

– Мана бу пул сизга тегишлими? – гуруҳ раҳбари салафанга солинган бир даста долларни стол устига қўйди.

– Шундай. Чўнтагимдан олишди…

– Бу ерда қанча пул бор?

– Санашди-ку, беш минг саккиз юз доллар чиқди.

– Қанча пулни ишлатиб юбордингиз?

– Еб-ичиш, совға-салом, майда-чуйдага уч мингдан сал зиёдроқ кетди-ёв…

– Хўп, уч минг кетган бўла қолсин, – гуруҳ раҳбари калькуляторни олиб, ҳисоблашга тушди, – беш минг саккиз юз чўнтагингиздан чиққан. Жами саккиз минг саккиз юз доллар чиқяпти-ку. «Ҳамён»дан беш минг чиққан деяпсиз. Унда уч минг саккиз юз доллар қаердан келиб қолди?

– Ўша ака яна беш минг доллар берди-да!

– Эйй довдир, нима деб алжиряпсан? – изқуварнинг жаҳли чиқиб кетди. Гуруҳ раҳбари унга «оғирроқ бўлинг» дегандай маъноли қараб қўйди ва мулойимлик билан сўрашда давом қилди:

– Ҳамённинг эгаси қайтиб келмади дегандингиз-ку, яна беш минг долларни қандай беради?

– Тўғри, лекин у бир одамни олдимга юборди…

– Хўш, хўш давом этинг-чи, – терговчининг вужуди қулоққа айланди.

– Орадан икки ойлар ўтиб, бир одам ёнимга келиб, ҳамённинг эгаси хорижда эканлиги сабабли уни юборганини айтди. Мен ҳамёндаги пулни сўраса керак, деб қўрққандим. Йўқ, адашган эканман. У «Пули сизга суюнчи, бизга ҳамённи қайтарсангиз бўлди», деди. Ичим музлаб кетди. Чунки барсетка менда эмасди. Ўшанда уни қаерга яширишни билмадим. Охири барсеткани салафан халтачага солиб, опамнинг ертўласидаги эски-туски буюмлар орасига яшириб қўйдим. Бир ҳафтадан сўнг келиб қарасам омонат қўйган жойимда йўқ. Бахтга қарши опам ертўласини тартибга солиб, кераксиз нарсаларни чиқинди ташийдиган мошинага ортиб юборибди. Бояги одамга шу воқеани айтиб бердим. «Чакки қилибсиз, қандай бўлмасин барсеткани топишимиз керак, йўқса нақд бошимиз кетади», деди у. Нима бало мафияга дуч келдимми, деб қўрқиб кетдим. «Сизга чиқинди ташланадиган жойни аниқлаб берамиз. Ёнингизга беш-олти одамни оласиз, свалкани бир бошидан титиб чиқиб бўлса-да, барсеткани топасизлар», деди у буйруқ оҳангида. Орадан шунча вақт ўтган бўлса, свалка тоғдай катта жой бўлса, шу кичкина барсеткани топиб бўладими?! Бу уммонда игна излаш билан баробар эмасми? Аммо йўқ дейишга қўрқдим. Эътироз қилсам пулини сўраб қолишидан чўчидим. «Мана бу икки ярим минг доллар, керакли нарсани топсанг яна шунча оласан», деди у қўлимга конверт узатиб. Ноилож пулни олдим. «Шу бугуноқ одамларингизни тўпланг, эртага келиб, ишни қаердан бошлаш кераклигини айтаман», деди у кетиш олдидан. Тўғри мардикор бозорга бордим. Бешта йигитни танлаб олиб, бир кунлик даромади билан қизиқдим, 10 доллар экан. Ишнинг «нозик» жойда бажарилишини инобатга олиб, уч карра ортиқ ҳақ тўлашни ваъда қилиб, йигитларни чиқиндилар орасида ишлашга кўндирдим. Эртаси куни ҳалиги ака келиб, чиқинди свалкаси манзилини айтиб кетди. Кирачи мошинада йигитларни ўша ёққа олиб бордим. Тоғ-тоғ чиқиндини кўриб, юрагим уюшиб кетди. Бадбўй ҳиддан йиқилиб тушай дедим. Мардикорларнинг ҳам ранги ўчиб кетди. Бир-иккитаси орқага қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Долларнинг дийдори ширинлик қилдими, ҳарҳолда нозланиб-нозланиб, ишга киришдилар. Бироздан сўнг ҳаммамиз қўланса ҳидга ўрганиб қолдик. Нимани излаш кераклигини йигитларга тушунтирдим. Ишга киришдик. Чиқиндилар олами ҳам бир дунё экан-да! Нималар чиқмади дейсиз. Ҳали охори ҳам кетмаган пойабзаллар, яп-янги ўйинчоқлар, кийим бошлар, китоб-дафтарлар… йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Икки кунимиз бесамар кетди. Учинчи куни ҳаво исигандан исиди. Жазирамада у ерда нафас олиш қийинлашиб қоларкан. Йигитлар «Тилла берсанг ҳам ишламаймиз» деб туриб олди. Иш ҳақини 50 долларга оширишга мажбур бўлдим. Кейинги кун кечга яқин энг чеккадаги «тоғ»нинг теппасидан биз ахтарган нарса топилди. Йигитлар билан ҳисоб-китоб қилиб, шаҳарга қайтдим. Барсетканинг ичида кичкина, лекин жуда қимматбаҳо брилиант бўлса керак, шу сабабли менинг кўзим тушмаган бўлса керак деб ўйладим. Поччамникига келиб, очиб қарасам барсетканинг ёнидаги чўнтакчасидан кичкина флешка чиқди. Ҳайрон қолдим, шу матоҳга шунча пул, шунча оворагарчиликми? Флешкада нима борлигига қизиқдим. Кўчанинг бошидаги компьютерхонага бориб, тиқиб кўрдим. Кодланган экан, очишнинг иложи бўлмади. Эртаси куни анави ака келиб, барсеткани олиб кетди. Бор гап шу…

– Исми, шарифини айтганмиди? – сўради гуруҳ раҳбари.

– Йўқ, сўрасам ҳам айтмади.

– Бирор хос белгиси ёдингизда қолгандир.

– Қанақа белги?

– Юзида холми, ширамми бормиди? Мўйлови-чи? Ориқми, тўшдорми, буйи қанақа?

– Кўзида қоп-қора очкиси бор эди…

– «Омадли жентельманлар»да айтади-ку «Ўша излаётган жойнинг ёнида дарахт бор эди»1111
  Режиссёр Александр Серыйнинг шу номли фильми назарда тутиляпти.


[Закрыть]
деб. Сизники ҳам шундай бўляпти, – кулди Фозил, – барака топгур, қора очкини ёзда ҳамма тақади. Сиздан хос белгисини сўраяпти.

– Нима дейин… одамдақа одам, ўрта бўйли, тирриқдан келган, олифтанома… сочлари қоп қора, силлиқ таралган… яна нима…

– Қайси шевада гапирди? – гуруҳ раҳбари кейинги саволни берди.

– Кўп гаплашмадик… лаҳчасини билмадим… Ҳарҳолда «жўқ»чи эмас… шеваси Тошкент томонга тортди…

– Ёнингизга нимада келарди? Мошинаси бормиди?

– Пойлаб турармиди, билмадим, йўлимдан чиқиб қоларди. Мошинасини кўрмаганман.

– Мардикор йигитларнинг исмлари ёдингиздами?

– Биттасининг оти Хўрозбой эди, яна бири адашмасам Абдумалик эди, бобомнинг номи бўлгани учун ёдимда қолган.

– Комьютерни яхши тушунасизми?

– Нимайди? Унча зўр бўлмасаям, ишлатишни биламан.

– Флешкани очиб беришни комьпютерхона хўжайинидан илтимос қилмадингизми?

– Йўқ, нима қиламан бировни аралаштириб… Ўзим роса ҳаракат қилдим. Код сўрайверди.

– Флешкани олишда, текшириб кўрдими?

– Ҳа, қўлида кичкина ноутбуги бор экан, шунга тиқиб кўрди. Ҳаммаси жойида бўлса керак-да, сумкачани менга бериб, шартта жўнаб қолди.

– Барсетка сизда қолдими?

– Ҳа, ўзи ташлаб кетди…

– Қани ўша барсетка?

– Поччамникида… ҳеч ким тегмасин, керак бўлиб қолар деб чертакка ташлаб қўйгандим, тургандир.

– Э қойил, шу ерда каллангиз ишлаб кетибди-да, – ичида «ҳаммаси чўпчак» деб ўйлаб ўтирган изқувар луқма ташлади.

– Ноутбуги қанақа эди? – терговчи кейинги саволга ўтди.

– Ихчамгина, кулранг… бунақасини олдин кўрмаганман.

– Олдида оз эмас, кўп эмас ўн минг доллар беқадр бўлган ўша флешкада нима бўлиши мумкин? – терговчи ўзини қийнаб турган саволни берди.

– Билмадим… ўзим ҳам ҳайрон қолдим… Қандайдир сири бордир-да! Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур…

– Майли, ҳозирча ташқарида бироз пойлаб турасиз, – гуруҳ раҳбари сўроқни якунлади, – дарвоқе, сизга тегишли ҳар иккала жиноят ишини ўрганиб чиқдик. Бизнингча, сиз асоссиз жиноий жавобгарликка тортилгансиз. Суд қарорларининг қонунийлигини ўрганиб чиқиш ва протест келтириш масаласини ҳал қилиш учун вилоят прокурори номига билдирги киритдик.

– Тушунмадим… нима, мен оқландимми? – деди йигит соддалик билан.

– Буни суд ҳал қилади, биз ўз фикримизни бердик. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади. Аммо сиз ҳам шунга муносиб бўлишингиз лозим. Ичкиликни ташлаб, ишга киринг, оила қуринг. Умр одамга бир марта берилади. Бир марта қоқилган одам, ўзини оёқ остига отиши керакми? Туришга интилинг, қаддингизни ғоз тутиб, олға юришга ҳаракат қилинг!

– Раҳмат… – шалвираб турган йигитнинг қадди сал ростлангандай, қалбида сўлиб бораётган чўғ қайта оловлангандай бўлди, – о-р-г-а-н-д-а шу-на-қа о-д-а-мл-а-р и-ш-л-а-й-д-и деб ў-й-л-а-м-а-г-а-н-д-и-м… сизларга раҳмат!

– Санжар ака, бунақа кимсаларга гапиришдан нима фойда, – йигит чиқиб кетгач, ўртага чўккан жимликни Фозил бузди. – Бу одам айниб, тамом бўлган. Ароқхўрнинг сўзига ҳам, ваъдасига ҳам ишониб бўлмайди… Нечтасини кўрганмиз «Бугун ташладим, энди ароқни оғзимга ҳам олмайман», деб эртаси ариқда лойга беланиб ётади, эчки қасам-да! Тағин «Органда шунақа одамлар ишлайди деб ўйламагандим», дея тилёғламачилик қилганига ўлайми!

– Эйй омон бўлинг-э, у тилёғламачилик қилмади, таассуфини яширолмади, халқнинг бизга бўлган фикрини икки оғиз сўз билан яққол ифодалаб берди. Кўрдингизми, одамлар ҳуқуқ-тартибот органларига ишонмай қўйган. Бу идораларда ҳуқуқ ҳимоячилари эмас, қамчисидан қон томадиган, жоҳил, шафқатсиз, қонунларни менсимайдиган кимсалар ишлайди, деб ҳисоблашади. Халқнинг, аҳолининг ишончини йўқотиш – фожиа! Жамиятнинг, давлатнинг, минглаб ҳамкасбларимиз қаторида сиз билан бизнинг фожиамиз! Аслида, биз халқнинг ҳимоячиси, инсон ҳақ-ҳуқуқлари қўриқчиси, қонун ва адолат посбони бўлишимиз керак эмасми? Ахир бизни едириб ичираётган, устимизга чиройли кийимларни кийдириб, елкамизда ялтироқ юлдузчаларни илиб қўйган, улуғвор мансаб курсисига ўтқазган шу халқ эмасми?! Биз эса уларнинг юзига оёқ қўйиб, ишончини тортиб олдик, қийноғу азобларга солдик, таҳқирлаш йўлига ўтдик, текшир-текшир, қама-қамалардан юрак-бағрини зада қилдик ташладик, тузини еб, тузлуғига тупурдик! Бир нарсани сира тушунолмайман, ҳазм қилолмайман: ўтган асрнинг бошларида Чор Россияси босқинчилари Ватанимизга бостириб кириб, халқни талади, юртни қонга белади, озодлик учун курашган ватанпарварларимизни босмачига чиқарди, узоқ йиллар аҳолини тиз чўктириш, қулликда тутиш учун қўрқув ва даҳшат исканжасида ушлаб турди. Кейин унинг ўрнига шўролар ҳукумати келди. Оғзида халқпарвар бўлган бу қонхўрлар ҳам халқни қатоғон қилишда олдинги зўравонлардан қолишмади. Миллатнинг улуғларини, зиёлиларини Ватан хоини сифатида қатли ом қилди. Коллективлаштириш важи билан уйидаги тирриқ эчкисигача тортиб олди. Кейин «пахта иши» баҳонасида бутун бошли миллат жиноятчига, порахўрга чиқарилди… Минг шукрки, у замонлар ортда қолди, босқинчи «десантчи»лар халталарини дуру гавҳарга тўлдириб, қочиб қолди. Халқнинг асрий армонлари ушалиб, мустақилликка – озодликка эришдик. Энди бир миллат, бир халқ бўла туриб, ўз-ўзимизни эзишимиз, қатағон қилишимизни нима деб тушунса бўлади! Бу отанинг болага, аканинг укага ёвлашиши билан баробар эмасми? Қўлни қўлга бериш, бир тану бир жон бўлиб, Ватан равноқи, эл-юрт ободлиги, Ватан тараққиётини ўйласак, ким бизга ҳалақит беряпти? Ким бизнинг орамизга адоват уруғини ташламоқда? Тўғри, қонунбузарлар, жиноятчилар, қаланғи-қасанғи каззоблар, жаҳолат уруғини сепувчи бузғунчи – Мажиддинлар1212
  Ойбекнинг «Навоий» романи қаҳромони.


[Закрыть]
ҳамма даврларда ҳам бўлган. Аммо жамиятда уларнинг салмоғи унча катта бўлмаган, жилғаларни булғатишга кучлари етса-да, дарё сувини лойқалатишга қудратлари етмаган. Бугун-чи? Эйй қўйинг, Юсуфбек ҳожи1313
  Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи қаҳрамони.


[Закрыть]
айтмоқчи «Нечун куйган дилимни сиз ҳам куйдирасиз? Нечун ҳар нарсага етган ақлингиз бунга оқсайдур?»

Фозил чуқур хўрсиниб қўйди. Унинг кўзи кулиб тургани билан ичидан нималар ўтаётганини сезиш қийин эмасди…

Шу куннинг ўзида «почча»нинг уйи чердагида яширган барсетка топилди. Хўроз, Абдумалик исмли мардикор йигитларнинг шахси аниқланиб, сўроқ қилинди. Улар Ғолибнинг кўрсатмаларини тўла тасдиқлади.

– Ана энди бу шоввозни ҳам гумондорлар рўйхатидан ўчирсак бўлади, – терговчи қоғозга чизиқ тортди, – олдимиздаги йўллар биттага камайди. Тўғри сўқмоқни топиш имкониятимиз бироз ошди…

* * *

«Бу қандай жумбоқ бўлди. Шифохонада касаллик билан олишиб ётган муштдеккана кампирни заҳарлаб ўлдиришдан ортиқ разиллик борми? Ая ётган хонага кириши мумкин бўлган барча врачлар, ҳамширалар элакдан ўтказилди. Улар кимнингдир буюртмасини бажарган бўлиши мумкин, деган тахмин билан алоқалари доираси ҳам етарлича ўрганиб чиқилди. Кампирни ўлдириш учун ҳеч бирида асос – мотив топилмади. Ташқаридан бирортаси қилган деб ҳисоблайдиган бўлсак, қизи Шахина, куёви ва невараси Тахминадан бошқа ҳеч ким ёнига келмаган. Улар олиб борган озиқ-овқатларга кимдир заҳар қўшиб қўйган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ. Кимдир ҳамшираларнинг кўзини шамғалат қилиб, кампир ётган хонага кириб чиққан бўлиши мумкинми? Мумкин. Ҳамшираларнинг ўзлари тан олишди, тушлик ва кечки овқат пайтлари улар бир хонага тўпланиб, валақлашиб ўтиришган. Жиноятчи ўзини дўхтир кўрсатиб, кампирнинг ёнига бирровга кириб чиққан. Устаси учун бу иш эмас, бирпасда ҳаммасини хамирдан қил суғиргандай уддалаб чиққан…»

Худойберди хаёл билан манзилга қандай етиб келганини ҳам сезмай қолди. Икки ёндаги ҳашамдор уйлар орасида букчайибгина турган ҳовлининг дарвозасини қоқди. Ичкаридан аёл кишининг «Эшик очиқ, кираверинг», деган овози эшитилди. Терговчи эшикни ғижирлатиб очиб, ичкарига кирди. Айвонда ивирсиб юрган кампир бегона кишини кўриб, истиқболига чиқди.

– Ассалому алайкум, аяжон, яхшимисиз? – терговчи ҳушмуомала бўлишга интилди.

– Ваалайкум ассалом, келинг, ўргилай, келинг, ҳозир дафтарчаларни олиб чиқаман, – кампир терговчини солиқчи деб ўйлади шекилли, уй томонга бурилди.

«Нима бало, одамларнинг уйига солиқчию назоратчилардан бошқа меҳмон келмай қўйганми? Кимникига борсанг шунақа деб ўйлайди».

– Аяжон, дафтарчанинг кераги йўқ, мен терговчи Лапасовман, – меҳмон қизил жилдли гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатди, – бир масалада сизни безовта қилишга тўғри келиб қолди.

– Тинчликми ўргилай? Нима гап? – деди кампир капалаги учиб.

– Тинчлик, тинчлик, биз қудаларингиз Илёс бобо ва Зебинисо аяларнинг қотиллик жиноятини тергов қилаётгандик. Шу масалада…

– Эййй, кўргилик экан-да, ўргилай… ким ўйлабди дейсиз… Аллоҳ раҳмат қилсин, – кампир қўлини дуога очди.

– Сиз қотиллик ҳақида кимдан эшитдингиз? – терговчи савол беришга ўтди.

– Тешик қулоқ эшитади-да, ўргилай. Бориш-келишимиз йўқ бўп кетган бўлсаям, минг йилчилик қудамиз-да. Чол билан жаназасига бордик, оши-обида ҳам ўтирдик. Кетидан қудағай ҳам бунақа бўлиб қолди. Унинг маъракасида ҳам бирга бўлдик.

– Нега бориш-келиш йўқ деяпсиз? Ўртада невара бўлса…

– Бориш-келиш узилиб кетганига анча йиллар бўлган, болам, – оғир хўрсинди кампир. – Тахминани кўрмаганимизга ҳам талай йиллар бўп кетди. Қизи тушмагур, бобосининг йиғинига борганимизда олдимизга ҳам кеп ўтирмади. Раҳматли бобоси уни муштайлигидан бизга қарши қайради… Куёвимиз вафотидан кейин қудаларимиз, айниқса, эркак қуда Латофатга кун бермади. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ қилишди. Уйга кетай деса, болани ташлаб кетасан, деб оёқ тираб туриб олишди. Охири бўлмади, қизим боласини ташлаб, уйга қайтиб келишга мажбур бўлди. Онани боладан ажратиш осонми? Бечора ўлдиям-бўлдиям. Қариганда мияси айниб қолдими, қуда неварасини на бизга, на онасига кўрсатмай қўйди. Аёл қуда сал бўлсаям одамни тушунарди. Чоли унинг ҳам айтганини бир тийинга олмасди. Бахтимизга Латофатнинг бир дугонаси Туркияга кетган экан. Ўша чақириб қолди. Ҳар на овунар деб бир амаллаб озроқ пул тўплаб, қизимизни Истанбулга кузатдик. Ўша ёқда бир қари кампирга оқсочлик қилиб ишлаб юрди. Биз қарияларга фойдаси тегмаса ҳам ўзини ўзи эплаб юрганига хурсанд бўлдик. Кейин ёши ўзидан каттароқ турк кишига турмушга чиқди. Куёв такси ҳайдайди. Топиш-тутиши ўзига яраша. Лекин болали бўлишмади. Кўрсатмаган, даволатмаган жойи қолмади, ўргилай. Қайнота-қайнонасининг вафот этганини эшитиб, яқинда Гулистонга келди. Тахмина билан учрашди. Уни ўзи билан Туркияга олиб кетмоқчи эди. Қайда дейсиз, бемеҳр бола кетиш у ёқда турсин, онасини кўришни ҳам истамабди… Раҳматли бобоси қизи тушмагурнинг миясини тоза заҳарлаб ташлаган экан-да…

– Қудаларингизни душмани бормиди?

– Билмадим ўргилай. Бориш-келиш узилган, ким билан опоқ-чапоқ, ким билан ёвлашган билиб бўладими? Ер айтиб бормасин-у, эркак қуда роса ит феълли киши эди. Унинг олдида қудоғай тўйга борарди…

– Ҳозир Латофат уйдами? – терговчи кампирнинг чакагини ёпишга мажбур бўлди.

– Таҳимнан билан учрашаман деб чиқиб кетганди. Ҳар кун шу аҳвол. Ҳали замон кеп қолса керак.

– Чол-кампир ким билан турасизлар? – сўради терговчи ён атрофга аланглаб.

– Ҳайрон қоляпсизми? – кампир ярим вайрона уйга ишора қилди. – Шу хароба уйни ҳам Латофат сотиб олиб берган. Олдин шаҳар марказида яшардик. Уйимизни исноскага тушди, деб йўқ деганимизга қарамай бузиб ташлашди. Ўрнига уй берамиз, ер берамиз дейишганди. Мана уч йил ўтди ҳеч нарса беришмади, нуқул отангга бор, энангга бор, деб алдашади… Бир ўғлимиз ҳам бор. Россияга ишлашга кетганига саккиз йил бўлди. Амал-тақал чориғини судраб юради… Уч йилдан бери келгани йўқ. Отам бор-ов, онам бор-ов, деб ўйламайди… Охирги пайтларда қўнғироқ қилишга ҳам вақт тополмай қолди, бой бўлгур. Битта-яримта андини топган бўлса, ялашиб-юлқашиб юргандир-да! Орамиздан меҳр кўтарилиб кетди-да, ўргилай… Пул ўлсин, ҳамма шунинг гадойига айланиб қолди. Ортидан қувгани-қувган!

– Уйингиз сноскага тушган бўлса, сизга компенсация беришлари керак эди-ку. У ёқ-бу ёққа ёзмадингизми?

– Чол бечора ҳокимиятга бўзчини мокисидай қатнади. Фойдаси бўлмади. «Эртан кел, индин кел»дан нарига ўтишмади. Биттаси рост айтганми ёки жўрттага айтганми «Бобой уч минг «кўки»дан чўзсангиз, навбатингизни олдинга кўчириб бераман, бир ойда кўп қаватли уйлардан бири сизники бўлади», дебди. «Кўки»ни қўлимизга ҳам ушлаб кўрмаган бўлсак… қаердан оламиз. Хўжайин жаҳли чиқиб, уйингни бир жойингга тиқ деб, қайтиб бормай қўйди. Бир пайти яна биттаси кеп турибди. Нимаймиш, бизга «кўки»да беш минг берармиш, биз эса бериладиган уйни унинг номига хатлашимиз керакмиш. Бобой таёқдай тўғри одам эмасми, у бойваччани ҳам қувиб солди… Бу ёғига туриш-турмушимизни кўриб турибсиз…

– Яхши, – ёнида ўтирган содда кампирнинг тақдири терговчини бефарқ қолдирмаган бўлса-да, вақти кетаётганидан сиқилди, – қизингиз келса, мана бу рақамга қўнғироқ қилишини илтимос қилсангиз, – ташриф қоғозини узатди у.

– Майли, айтиб қўяман, ўргилай… Лекин қизим…

– Қайнота-қайнонаси хусусида бир нечта саволимиз бор.

Ортга қайтар экан, кампирнинг гаплари Худойбердининг қулоғида қайта-қайта жаранглагандай бўлди: «Номардлар, каззоблар, порахўрлар… қўйиб берсанг ўликдан ҳам умидвор бўлишади! Итга ташланган суякни ҳам тортиб олиб, ғажиб кўришади! Шугина бечоралардан пул умидгор бўлганини қаранг! Буларга нима бўляпти! Инсоф, диёнат, номус, ор, уят, меҳр-мурувват, шафоат, оқибат деган қадриятларимиз қайда қолди! Наҳот мол-дунё кўзларимизни кўр, қалбларимизни сўқир қилиб ташлади! Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши!»

Терговчининг хонага «тутаб» кириб келганини кўриб, гуруҳ раҳбари «сув сепиш»га ўтди:

– Мулла Худойберди, тинчликми? Нима бало чап томонлари билан турдиларми? Қовоқларидан қор ёғяпти!

– Эйй сўраманг, одамларга нима бўляпти? Шунчаликка ҳам боришадими? Ноинсофлар! Буларнинг талончи, босқинчидан нима фарқи бор!

– Нима бўлди? Бундоқ тушунтириб гапиринг, – Санжарбек пиёлага чой қуйиб узатди.

– Илёс бобонинг қудалари билан гаплашишга боргандим, – деди ёш терговчи чойдан ҳўплаб, – яшаб турган жойини кўрсангиз тош асрига тушиб қолгандай бўласиз. Суриштирсам чол-кампирнинг шаҳар марказидаги уйи бузилишга тушган экан. Ўрнига ҳеч нарса бермасдан кўчага улоқтиришибди. Ҳокимиятдагилар компенсация пулини бермасдан, уч йилдан бери сарсон қилиб юрган экан. Ноилож қизи шу кулбани сотиб олиб берибди. Энг ачинарлиси, қария ҳокимиятга ҳақини талаб қилиб борса, биттаси «кўки»дан уч минг узатсангиз, ишингизни битириб бераман, дебди. Чол шунча пулни қайдан топсин! Яна биттаси уйига келиб, «Беш минг доллар бераман, сиз ҳокимиятдан ажратилаётган хонадонни бизнинг номимизга хатлаб берасиз, дебди! Бу қанақа шармандалик! Тушунмайман, масъулларнинг миясини қурт еб қўйганми?

– Шунақа денг, вой аҳмоқлар-эй! Вой шайтоннинг уруғочилари-ей! Буларни қайси она туққан? Кимдан тарбия олган? Ким буларга мансаб бериб қўйган? Бундан кўра кўчага чиқиб, гадойчилик қилмайсанларми?

– Гапирманг, гадойчиликка ҳам уқув керак. Буларни текинхўр паразитлар деса тўғри бўлади… Нима қилсак бўлади? Ҳозир бу ҳолатни исботлаб ҳам бўлмайди-да! Ҳеч бўлмаса ҳокимиятга тақдимнома киритиб, қарияларнинг бузулган ҳуқуқларини тиклашга ёрдам қилармиз, – таклиф киритди терговчи.

– Албатта, яхши бўларди! Савобга қоласиз, яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса Ҳолиқ билар! Улардан ишимизга оид бирор нарса ололдингизми? – Санжарбек гапни бошқа ёққа бурди.

– Кампирнинг айтишича, қудалар ўртасида алоқа анча олдин узилиб кетган. Ҳатто, невараларини ҳам кўрсатишмай қўйишган. Илёс бобо набирасини онасига, бува-бувисига қарши қилиб тарбиялаган. Қизнинг онаси Латофат Туркияга кетиб, ўша ёқда турмушга чиқиб, қолиб кетган. Аммо турмушидан фарзанд бўлмаган. Яқинда Гулистонга келибди…

– Ростданми? – раҳбар ўрнидан туриб кетди. – Қачон келган экан? Уни сўроқ қилдингизми?

– Қайнота-қайнонасининг вафотини эшитиб, қизини ўзи билан Туркияга олиб кетмоқчи бўлиб келган экан. Аммо қиз рози бўлмабди. Онасини кўришни ҳам истамабди… Уйида йўқ экан, сўроқ қилишнинг имкони бўлмади.

– Аҳа, қизини тортиб олиб, ўзини кўчага ҳайдашган, – ўзича таҳлил қилишга киришди гуруҳ раҳбари. – Латофат тақдирга тан бериб Туркияга кетган, турмушга чиққан. Аммо Тангри унга фарзанд бермаган. Бу дунёдан тирноқсиз ўтиб кетиш ўлим билан баробар. Тахминани олиш учун ягона йўл…

– Қайнота-қайнонадан қутулиш, – гапни давом эттирди Худойберди, – менинг калламга ҳам шундай ўй келганди. Аммо у қариялар ўлимидан сўнг Ўзбекистонга қайтган… шу томони сал ёпишмай турибди-да!

– Туркияга эрга чиққан. Демак, тўрт-беш сўм маблағи бор. Бахтга қарши янги турмушидан фарзандли бўлмаган. Ягона қизи собиқ қайнота-қайнонаси қарамоғида. Бундай пайтда онаизор қандай йўл тутиши мумкин? Бола учун она ҳеч нарсадан тоймаслигини унутмаслик керак. Пул эса ҳар нега қодир матоҳ!

– Шундай, шундай, – маъқуллади терговчи.

– Худойбердижон, Латофат билан жиддийроқ шуғулланишингизга тўғри келади. Бундай олиб қараганда қарияларни йўқ қилишдан биринчи навбатда у манфаатдор, мотив бор. Керак бўлса, Туркияга одам юборамиз. Ўзини сўроқ қилишдан олдин яқинлари, алоқалари доирасини, телефон сўзлашувларини яхшилаб ўрганиб чиқинг. Чиқмаган жондан умид!

– Тушунарли, ўзларингизда нима гаплар? – қизиқди терговчи.

– Эйй сўраманг, ҳамма томон шилта, – деди гуруҳ раҳбари тушкун кайфиятда. – «Ғолиб йўналиши»да ишларни охирига етказдик… Мансур ҳали топилмади. Тахминларимиз бирин кетин чиппакка чиқяпти. Билмадим, бу кетишда охири нима билан тугайди…

– Йигитлардан эшитдим, – Худойберди ҳамкасбига далда беришга интилди, – тўғри йўлга тушиб олишимиз қийин кечмоқда. Хаёлимда ҳақ йўлга тушолмай, нуқул теварагида айланиб юргандаймиз. Нимадир бизни йўлдан чалғитаётгандай…

– Билмадим, шунча ишни тергов қилиб, бунақа чигалига дуч келмагандим. Бу томонда раҳбарлар «Қачон жиноятни очасан?» деб бошни қотириб ташлади. Вақт ўтиб боряпти. Бизда эса тузукроқ тахминнинг ўзи ҳам қолмади…

– Омад оёқ остидан чиқади, дейдилар, – гуруҳ раҳбарини ҳеч қачон бунақа тушкун ҳолда кўрмаган терговчи унинг кўнглини олишга уринди, – тушкунликка тушманг, қотилни барибир топамиз! Айиқ қочишни қанча билса, овчи ҳам қувишни шунча билар…

– Шунақа нақл бормикан? Менимча, овчи овчиликни қанча билса, айиқ ҳам қочишни шунча билар, дейилса керак, – кулди Санжарбек.

– Нима фарқи бор, Хўжа – Али, Али -Ҳўжа, икки ўн беш – бир ўттиз!

– Эй қойил, ҳар гапга мақолингиз тайёр-а, – гуруҳ раҳбарининг кайфияти кўтарилгандай бўлди.

– Сўз кўрки – мақол, йигит кўрки – соқол, дейдилар!

Кулишди. Йигитлар яна бир муддат у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб, бошларини совутиб, кўнгил чигалларини ёзиб олишди. Гап айланиб-айланиб яна ишга қадалди:

– Латофат билан қачон гаплашасиз?

– Телефон рақамимни онасига ташлаб келганман, уйига келиши билан қўнғироқлашамиз.

– Биласизми, ҳеч бир она боласини ундан тортиб олмоқчи бўлганларни кечирмайди. Шу фалсафадан келиб чиқадиган бўлсак, бошқа болали бўлиш бахтидан айрилган Латофатнинг қўлидан нималар келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шу сабабли эҳтимоллиги кам деб масалага панжа ортидан қарашимиз лозим эмас. Тахмина ва Шахина билан ҳам яхшилаб гаплашиб кўринг. Тахминимиз тўғри бўлса, улардан қимматли маълумот олиш мумкин.

– Албатта, – маъқуллади Худойберди ва шаҳдам қадамлар билан хонадан чиқиб кетди.

* * *

– Фозил ака, нима дейсиз, кап-катта одам куппа-кундуз куни йўқолиб қолса-ю, ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмаса, сезмаса! Одамлар шунчалик бефарқ бўлиб кетишяптими?

– Эй укажон, нимасини айтасиз, кейинги йилларда ҳар ким ўз қобиғига ўралиб қоляпти, ўзгалар билан иши йўқ. Кўп қаватли уйларда қўшниси кимлигини билишмайди. Ёшлар-ку, майли, катталар ҳам телефон, «интернет касали»га мубтало бўлишган. Вертуал ҳаётда яшашади. Шу сабабли бу дунёнинг шодлигу ташвишлари уларга қизиқ эмас… Одамлар «кўрдим дедим – тутилдим, кўрмадим дедим – қутулдим» нақлини шиор қилиб олишган.

– Тўғри айтасиз, – маъқуллади «профессор», – Мансурни қаранг, кўпчилик бир-бирини танийдиган унча катта бўлмаган шаҳарда йўқолиб қолса-ю, кўрдим деган мард топилмаса! Менимча, бу ерда унинг касбий хусусияти ҳам ҳал қилувчи рўл ўйнаган. Хизмат тақозоси билан у хонадонларга кириб чиқишга мажбур. Бирорта уйга кирганда…

– Бўлиши мумкин, – изқувар шеригининг нима демоқчи бўлганини англади, – жиноятчи электр ҳақини тўлаш ёки бошқа бирор баҳона билан назоратчини уйига чақирган. Ҳеч нарсадан бехабар йигит чақирилган хонадонга кириб борган. Олдиндан пухта тайёрланган жиноятчи бир ҳамлада йигитни «тинчитган»-қўйган. Кейин мурдани ертўлагами ёки ҳовлисининг бир чеккасига кўмиб ташлаган…

– Менимча, ҳар қандай одам уйида майит сақлаб, осуда яшашга кўнгли бўлмайди. Доимо қўрқув ва ваҳимада кун кечириш жуда қийин. Шу сабабли қотил тезроқ мурдадан қутулиш йўлини излайди… ўликни қопга солиб, мошинанинг юкхонасига ортади ва қулайроқ жойга ташлаб кетади…

– Мошинаси бўлмаса-чи? – изқуварда савол туғилди.

– Майитни бутунлай қопга солиб кўтаришнинг имкони йўқ. Бўлакларга бўлиб ташишга мажбур бўлади…

– Тўғри, лекин жиноятчи пухтароқ бўлса, шахсини аниқлаш имконини қолдирмаслик учун майитни ёқиб, суяк қолдиқдарини овлоқроқ жойга кўмиб ташлаши эҳтимолга яқин.

– Ҳақ гап, – Жўрабой ростдакамига жиноятчининг изига тушгандай шивирлаб гапирди, – хўш, жиноятчи мурдани қаерга яшириши мумкин? Сиз шу ҳудудни яхши биладиган мутахассис, тажрибали изқувар сифатида тахмин қилиб кўринг-чи.

– Бу ерда бир қанча вариантлар бўлиши мумкин, – Фозил «енг шимариб» фикрини баён қилишга киришди, – агар жиноятчи транспортга эга бўлса, энг маъқул жой дарё бўйи. Сирдарё қирғоқлари анча овлоқ бўлади. Мурдани сувга улоқтириш ёки қамишзорлар орасига кўмиб ташлаш осон кечади. Бошқа ҳамма томон аҳоли пункти, яширинча иш қилиш хатарли. Мабодо жиноятчи транспортга эга бўлмаса, у ҳолда энг қулай жой чиқинди қутиси. Негаки, жиноятчи кечаси бўлса-да, кўчада мурдани орқалаб юрмаса керак…

– Фозил ака, нима деб ўйлайсиз, Мансур тирик бўлиши мумкинми? – сўради «профессор».

– Менимча йўқ. Ҳаёт бўлганда дараги чиқарди. Юз фоиз бўлмаса-да, тўқсон тўққиз фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, Мансур аллақачон нариги дунёга равона бўлган.

– Яхши, у ҳолда боя айтган жойларингиздан мурдани излаб топиш имкони бўладими? – «профессор» мақсадга кўчди.

– Ўҳўўў, бу жуда қийин масала! Ўрмонда игна қидиргандай гап. Вилоят катта бўлса…

– Каллани ишлатишга тўғри келади, – Жўрабой ўйлаган нарсасини очиқлашга ўтди, – биринчидан, Мансур йўқолган ҳудудни тахминий бўлса-да, аниқласа бўлади. Иккинчидан, шу ҳудуддан транспортда ёки пиёда чиқиб, «юк»ни қаерга олиб бориши ва яшириши мумкин бўлган жойни мўлжалга олиш имконини бериши мумкин. Бу ишга барча участка нозирлари, «ГАИ» инспекторлари, изқуварларни жалб этсак – бирор натижа чиқиб қолар…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации