Текст книги "Қадр кечасидаги қотиллик"
Автор книги: Комил Синдаров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 14 страниц)
– Ака, тўхтанг, мен йўқ деётганим йўқ-ку, тўхтанг ахир… – мен унинг ортидан югурдим. У сўкина-сўкина кўздан ғойиб бўлди… Орадан икки кун ўтди. Зарба қайси томондан келишини кутиб, сергак турдим. Пакана бекорга карилламаётган экан. Учинчи кун корхонани солиқ ва яна бошқа идоралардан таркиб топган катта текшириш гуруҳи босди. Ҳамма томонни муҳрлаб, ишчиларга жавоб бериб юборишди. Офисни остин-устин қилиб, ҳужжат тўплашди. Шу тариқа беш-олти чоғли мутахассис уч ой давомида корхонамизни тит-питини чиқариб, обдан текширишди. Тўғри ишлаган, қонунни бузмаган, солиқларни олдиндан тўлаб турган бўлсак қандай камчилик топиш мумкин? Текширувчиларнинг каттаси инсофли киши экан. Мени ёнига чақириб, «Ака, қойил, шунча текшириб, бирорта камчилик тополмаяпмиз, ҳаммаси жойида, ҳужжатга жуда пишиқ экансиз, менга қолса, сизни орденга тавсия қилиб кетардим, аммо «тепадан» «Қандай бўлмасин жиноятга тортадиган камчилик топасан», деб таранг қилиб турибди, биз ҳам қийналиб кетдик, агар имконингиз бўлса, тезда уларга йўл топиб, олдини олинг, бўлмаса, ишингиз терговга ошадиган кўринади», деди. «Хўп, сизлар, текширишда ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмади, деб ҳақиқатни ёзиб кетаверингларда», десам, «Йўқ бўлмайди, ундай қилсак бошимиз балога қолади, устимиздан иш қўзғатиб, қаматиб юборишдан ҳам тойишмайди. Бундан ташқари, ҳозир биз ҳаммаси жойида деб маълумотнома тузсак, текширишга бошқа гуруҳни юборади, айтган нарсасини қилдирмай қўйишмайди, яхшиси, аждоҳонинг оғзини ёпишни ўйланг, биз ҳеч ким эмасмиз, команда берса, ҳозироқ чиқиб кетамиз, бунақа «театр»нинг бизга ҳеч ҳам кераги йўқ», деди. Аждаҳонинг оғзини ёпиш осон иш эмаслигини, у еса тўймаснинг қорнини тўйдириш қўлимдан келмаслиги қани энди айтолсам! Шу тариқа яна бир ой текшир-текширир давом этди. Ниҳоят, текширувчилар корхона мансабдор шахслари «солиқ тўлашдан бўйин товлаб, давлатга катта миқдорда зарар етказилагнлиги» ҳақида далолатнома туздилар. Иш терговга оширилди. Терговчи ҳам ёш бола экан, сўраб-суриштириб ўтирмасдан мен ва бош ҳисобчимга «Олдиндан жиноий тил бириктириб, жуда катта миқдорда солиқ тўлашдан бўйин товлаган, давлат мулкини жуда катта миқдорда ўзлаштирган», деб бир нечта моддалар билан жиноят иши қўзғади. Солиқчилар-ку, майли, юрист эмас, терговчиларни нима жин урган, ҳайронман! Оқни қора дейишдан уялмаганини қаранг! Бунақа қилиб нон топиб, оила боққандан гўнг титган яхши эмасми? «Пакана» бекорга мақтанмаган экан. Бу бечоралардан ҳам инон-ихтиёр кетгани рост шекилли. «Тепа»дан «шундай қиласан!» деб мажбурлаб турса, нима қилсин? Ишини ташлаб кетолмаса! Аслида, терговчи ҳам ёмон йигит эмасди. Бир куни дардини айтиб қолди: «Ака, бу ишни қандай қилиб, судга ошираман, ақлим етмай қолди? Қилмишингизда жиноят таркиби умуман йўқ. Лекин нариги «акалар» «қандай бўлмасин судга чиқарасан, камида ўн йилга тортадиган бўлсин» деб, оёқ тираб туришибди. Билмадим, кимнинг арпасини хом ўргансиз? Мен унга бўлиб ўтган воқеаларни оқизмай-томизмай айтиб бердим. «Ҳа, тушунарли, ёпишишининг сабаби бор экан-да!» деди терговчи менга ачиниб. «Ҳалиям бўлса, уларнинг айтганини қилинг, қандай бўлмасин, бу еса тўймасларнинг оғзини ёпиш керак! Бўлмаса, улар ҳали бери тинчишмайди. Ўн йил бердириш учун янги эпизодларни ўйлаб топишади! Кеча куратор «Ўн йилдан кам бўлмасин» деб бошимни қотираверганди «Менга қаранг, бу моддаларда ўн йиллик қамоқ кўзда тутилмаган бўлса, қандай қилиб ўн йил бер дейсизлар», деб ириллаб бердим. Ўзи юрист эмас, балони ҳам тушунмайди! «Сен бир жойингни қисиб, терговингни қилавер, керак бўлса ўн йилга тортадиган моддаларни сенга ўзимиз топиб берамиз», деб ғингшиб кетди. Булар яна бир балоларни бошлаб юрган кўринади».
Терговчининг гапи тўғри чиқди. Сал ўтмай пора билан қўлга тушган банк кредит бўлими бошлиғи «мендан жуда катта миқдорда пора олганлиги» ҳақида кўрсатма берди… Кейин уйимизни қайта тинтув қилиб, «диний-террорчилик руҳидаги варақа топишди…» Хуллас, ўзлари айтгандай мени ашаддий жиноятчига айлантирмагунча тинчимадилар… Иш судга ошди. Судья кўпни кўрган, оқсоқол одам экан…
Абдужалил гапиришдан тўхтаб, «давом этаверайми?» дегандай терговчиларга қараб қўйди.
– Кейин-чи, кейин нима бўлди, – гуруҳ раҳбари гувоҳни рағбатлантирган бўлди.
– Қози ишни ўта босиқлик билан, ҳар томонлама, батафсил кўришни бошлади. Менинг дарди-ҳасратларимни қулоқ қоқмай тинглади, гувоҳларни диққат билан эшитди. Ҳинд киноларида судьяларнинг ҳеч нарсадан тап тортмай адолат қилганлигини кўрганман. Шунга ўхшаб, суд адолат қилар, ҳеч бўлмаганда ишдан пора бериш, «варақа» эпизодларини олиб ташлар деб ўйлагандим. Қайда дейсиз, «пакана»нинг одамлари судьянинг ҳам жонини олган экан. У шўрлик ҳам тергов менга нима айб қўйган бўлса, нуқта, вергулигача гарданимга ағдарди-қўйди. Ўн ярим йилга қамаб юборишди. Жазони ўташ учун «Жаслиққа» жўнатишди… Қойил қолдим, «пакана» нима деган бўлса, ҳаммаси оғишмай амалга ошди… Қаердаги бир ҳаромиларнинг бутун бошли давлатни, унинг ҳуқуқ-тартибот идораларини ўз измига солиб олганидан, уларни ўзиларини қўғирчоғига айлантириб қўйганидан хафа бўлиб кетдим! Мамлакат ва унинг халқи яна бир қатоғон даврини бошидан кечираётганига амин бўлдим…
– Қамоқда қанча вақт ўтирдингиз? – гуруҳ раҳбари вақтдан ютуш мақсадида савол-жавобга ўтди.
– «Жаслиқ»да оз эмас, кўп эмас нақд беш йил ўтирдим, – чуқур хўрсиниб, давом этди гувоҳ. Унинг кимгадир дардини айтиб, енгилашмоқчи бўлаётгани сезилиб турарди, – «Борса келмас» деганлари рост экан. Нақд жаҳаннамнинг ўзи. У ерда яшагандан кўра, ўлим афзалроқ кўринади кишига. Ёмони, ўлишнинг ҳам иложи йўқ. Иродам чидамай, гуноҳга ботишни бўйнимга олиб, бир-неча марта ўз жонимга қасд қилдим. Ажалим етмаган экан, асраб қолишди… Шу йил май ойида қайта суд бўлишимни айтиб қолишди. Кейинчалик эшитсак, мени қамоққа тиққан «пакана» ва унинг ишонганлари жуда оғир жиноятларни содир қилганликлари учун қўлга олинган экан. Баҳонада мен ва менга ўхшаб ноқонуний қамалган бир қанча шахсларнинг ишлари судда қайта кўрилиб, тўла оқланиб қолдик.
– Жуда ачинарли ва аянчили тарих, – ҳамдардлик билдирган бўлди гуруҳ раҳбари, – ортда қолгани рост бўлсин!
– Иншааллоҳ! У кунларни душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим…
– Дўхтирдан қарз ҳам олган экансиз, тўғрими? – гуруҳ раҳбари мақсадга кўчишга фурсат етганини англади.
– Тўғри, бошингга кулфат тушганда ғафлат босиб, кўзингга ҳеч нарса кўринмай қоларкан, – яна гапни узоқдан бошлади Абдужалил. – Текшир-текшир авжига чиққан пайтда институтда ишлайдиган бир танишим «Ишингни ҳал қиладиган одам топдим, ўн минг кўкидан берсанг, ҳаммаси «окей» бўлади», деб айтиб қолди. Аввалига унамадим. Менда унақа пул ҳам йўқ эди. Танишим «Бировдан қарзга бўлса-да, олиб тур, жонинг омон бўлса, пул топилади, нима, ҳамма нарсангдан ажралиб, қамалиб кетишни хоҳлайсанми?» деб туриб олди. Ўйлаб қарасам, у ҳақ. Ётиб қолгунча – отиб қолган маъқул! «Шу пулни топиб берсам, ҳаммасидан қутуламанми?» дедим сал ишонқирамай. «Эй, нима деяпсан, энг каттасига йўл топганман, бир оғиз команда берса, ҳаммаси думини тугиб қочиб қолади», деди катта кетиб. Нима қилай, ишондим, бу ўлгурларнинг оғзи пул билан ёпилса, садқаи сар – ёпила қолсин, деб ўйладим. Қариндош-уруғдан беш минг чиқди. Беш мингини топиш қийин бўлди. Шунда бирга ишлайдиган Наримон деган йигит «Маҳалламизда бир одам фоизга қарз беради», деб қолди. Ўлсин, фоизга бўлса-да, олишга рози бўлиб, бояги қариянинг олдига бордик. Чоли тушмагур банкдан ҳам баттар экан. Паспортимдан тортиб, корхонамнинг ҳужжатларигача роса текширди. Яхшиям унга фирмамда текшириш кетаётганини айтмаган эканмиз. Йўқса, яқинига ҳам йўлатмаган бўларкан… Хуллас, ойига ўн фоиздан икки ойга беш минг қарз олдим ва пулни тезда танишимга етказдим. «Бўлди, энди ҳаммасидан қутуласан, бир-икки кунда текширувчилар қандай келган бўлса, шундай чиқиб кетишади», деди у қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб. Орадан икки кун ўтди. Текширувчиларнинг на юзида, на хатти-ҳаракатида ўзгариш кўринмади. Чиқиб кетиш у ёқда турсин, чуқурлаша бошладидар. Югуриб танишимнинг олдига бордим. «Қани, буларинг кетадиганга ўхшамаяпти-ку», дедим. «Хавотир бўлма, ҳаммаси контролда, ҳозир бирдан чиқиб кетса, тепадагиларда шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун «шеф» «Майли, билганича текшираверсин, барибир ҳужжатлар бизга келади, нима қилишни ўзимиз биламиз», деб тайинлади, дея мени тинчлантирди. Шу тариқа текшириш ҳам охирига етди. Сўнг тергов, суд… Ҳар икки-уч кунда танишимникига қараб чопаман. «Ҳой банда, айтганларинг биттаси ҳам тўғри келмаяпти-ку, иш тагига олиб бормаяпти-ку, буларинг ёрдам берадиганга ўхшамайди-ку» десам, у баччағар «Шошилма, ҳаммаси назоратда, охири бахайр бўлади», деб ваъда беришдан чарчамади. Охири гап талашиб қолдик. «Қўлингдан келмайдиган ишга чираниб нима қиласан, пулни қайтар», деб қаттироқ гапиришга тўғри келди. Шу билан то қамалиб кетганимча ўша маразнинг кетидан қувдим. Бошида «эрта-индин» деб юрган одам кейинчалик думини тутқазмайдиган, қўнғироқларимни кўтармайдиган бўлиб қолди. Бу томонда қария «Пулимни қайтар» деявериб, хунобимни оширди. Одам тушунмаса қийин экан. «Пулни анави муттаҳамлардан олай, фоизлари билан тийин-тийинигача қайтариб бераман, ололмаган тақдиримда ҳам мол-ҳолимни сотиб бўлсада, қарзни узаман», деб тушунтириб, қайтариб юборсам, бир кун ўтмай яна келади. Ҳеч нарса бўлмагандай «Пулимни бер», деб бўзрайиб тураверади. Тўғри, мол аччиғи – жон аччиғи. Лекин мен ҳам нима қилай? Анави муттаҳам пулимни қайтармаётган бўлса! Бу ёқда шўрим қуриб, текшир-текшир авжига чиқиб турган бўлса! Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Отахонга аҳволимни тушунтирсам, қани энди тушунса, «Пулимни қайтар, пул меники-ку!» деб тураверса бўладими? Бу одамдан қамалиб ҳам қутулмадим, «Жаслиқ»қа ҳам излаб борди. Билмадим қандай қилган, учрашувга рухсат олибди. Қамоққа ҳеч кимни қўйишмасди, ҳайрон қолдим. «Пулимни қачон берасан», деб елимдай ёпишди. «Ўлмай шу ердан чиқсам, пулингизни икки баровар қайтариб бераман», деб қутулдим. Шундан кўнгли таскин топди шекилли, оғзи қулоғида чиқиб кетди…
– Қамоқдан чиққанингиздан сўнг ёнингизга бордими? – сўради Санжарбек.
– Қай гўрдан эшитган, ҳайронман, эртаси куни уйимга бостириб келса бўладими, бу шилимшиқ! – давом этди Абдужалил. – Уй тўла одам, «ҳорма-бор бўл», «кўз ойдин»га қариндош уруғ, маҳалла-кўй тўпланган. Бошқа тарафдан яна бирорта идора тиш қайраб қолмасмикан, деган хавотир дилни хира қилиб турганда бу одамнинг пулини қистаб келиши асабимни қўзғатиб юборди. Чеккароққа тортиб, яхши гап билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. «Пул қани, қамоқдан чиқсам бераман дегандинг!» дея тўтидай сайраб тураверди. Ҳой, бандаи мўмин, кеча қамоқдан келдим, меҳмонлар тарқасин, уч-тўрт кун ичида пулингни қилиб бераман», десам сира тушунишни хоҳламади. Охири «Йўқол, мен сендан ҳеч қандай қарз олмаганман, далил-исботинг бўлса, бор судга бер», деб олдимга солиб ҳайдадим. Шанғиллай-шанғиллай кетди. Икки-уч кун ўтиб, яна келди. Хаёлимда сал попуги пасайгандай, тўполон билан ҳеч нарсага эриша олмаслигини тушунгандай эди. Дўқ-пўписанинг ўрнига ялинишга ўтди. «Ука, пулни тезроқ қилиб бермасанг бўлмайди, кампирим оғир касал, қаратишга пул керак бўляпти, биламан сенга ҳам осон эмас, эндигина қамоқдан қайтдинг, лекин менинг ҳолим сеникидан ҳам танг», деди. Мен қамалгач, корхонамни сохта банкрот қилиб, ўзларининг номига хатлаб олишган экан. Ҳужжатларни тўплаб, корхонани қайтариб олиш тўғрисида судга арз қилдик. Буни эшитган айрим тилёғлама дўстлар яна атрофимда айланиб қолишди. Шуларнинг биридан беш минг қарз олиб, қарзининг «тани»дан қутулдим. Фоизларини кейинчалик қилиб беришга келишдик… Кейин бунақа воқеалар бўлиб кетди… Беш минг доллар гарданимда қолиб кетди… Ишларим юришиб кетса, қарзни, албатта, болаларига қайтараман… Қиёмат қарзни нариги дунёга орқалаб кетолмайман-ку!
– Қарзингизни қачон қайтаргандингиз?
– Биринчи июль куни.
– Аниқми?
– Аниқ, ўша куни кичкина қизимнинг туғилган куни эди.
– Пулни берганингизни ким кўрганди?
– Ўша куни қизимни паркка айлантириб, қайтиб келсам, Илёс бобо кўчада кутиб турган экан. Келишини билиб, пулни тахт қилиб қўйгандим. Уйга кириб, пул олиб чиқдим ва унга бердим. У пулни санаб олгач, қайтиб кетди.
– Демак, пулни бераётганингизни ҳеч ким кўрмаган, шундайми?
– Шундай… шундай… Нима, пулни қайтармагансан, демоқчимисиз? – гувоҳнинг ранги ўзгарди.
– Пулни қайтарган пайтингиз уйда кимлар бор эди?
– Уйдагилар – хотиним, болалар… уларнинг нима алоқаси бор?
– Улардан ташқари – таниш-билишдардан, қариндош-уруғлардан кимдир бормиди?
– Ҳеч ким йўқ эди… фақат қайним Ғолибжон уйга келганди. Лекин у пул берганимни кўрмаганди, жиянларининг велигини тузатиш билан банд эди.
– Отахонни охирги марта қачон кўргандингиз? – сўрашда давом этди гуруҳ раҳбари.
– Адашмасам, ўлимидан тўрт-беш кун олдин… Кечки пайт уйга излаб келганди. Нима гап, десам, «Кампирни операция қилмоқчи, пул етмай турибди, шунга яна икки минг топиб бериб турасизми, деб келгандим», деди хомуш тортиб.
– Мен жаҳлим чиқиб турган бўлса-да, унга ҳозир ҳеч қандай ёрдам қилолмаслигимни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Корхонамнинг ишлари юришиб кетгач, пулнинг қолган қисмини беришим мумкинлигини айтдим. У яна хирапашшадай бошимни қотириб, сўнг ғингший-ғингший қайтиб кетди.
– Унинг вафот этганини кимдан эшитдингиз? – гуруҳ раҳбари одатий саволни такрорлади.
– Айтдим-ку, қўл остимда у яшайдиган маҳалладан Наримон деган йигит ишлайди. Ўша айтиб қолди. Қотил топилмаганини эшитиб, юрагим ғаш бўлди.
Худойберди Абдужалил тилга олган барча кишиларнинг шахсига оид маълумотларга аниқлик киритиб, ёзиб олгач, гувоҳга рухсат берди. Изқуварлар унинг кўрсатмалари ҳаққонийлигини текширишга киришдилар…
* * *
Шубҳа маёғи Явғош томонга оға бошлагач, терговчилар бор кучни шу йўналишга ташладилар. Телефон пеленгацияси таҳлиллари қотиллик содир бўлган шанба куни Явғошнинг айнан воқеа жойига туташ ҳудудда бўлганлигини кўрсатди. Душанба куни эса у Зебинисо Суюнова даволанган шифохонага икки марта яқин келганлиги маълум бўлди. Унинг телефон сўзлашувлари таҳлилини олган изқуварлар Явғош ўша куни шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган Сарвиноз Қодирова билан бир неча марта алоқага чиққанлигини аниқлашди.
– Хўш, бунга нима дейсизлар? – Санжарбек гуруҳ аъзоларининг фикрини билишга қизиқди.
– Менимча, ҳаммаси равшан, – Худойберди воқеалар занжирини улашга ҳаракат қилди, – Явғош чолдан пул сўраган, марҳум уни иззат-нафсига тегадиган сўзлар билан ҳақоратлаб, қувиб солган. Йигит пул топиш илинжида яна бир-икки кун тентираб юрган. Ҳеч кимдан қарз ололмагач, яна қариянинг олдига борган, ялинган, ёлворган, ваъда берган. Илёс дўхтир бировга раҳм қиладиган одамми? Яна ҳайдаб солган. Шунда ўзини таҳқирланган деб ҳисоблаган йигитнинг кўзи қонга тўлиб, ғазаб отига минган. Бу лаънати чолни бор бойлигини тунаб, ўчини олмоқчи бўлган. Уйнинг жойлашуви, ичкаридаги вазият, сейфнинг турган жойи ва унда пул борлигини билгани унга қўл келган. Ҳар эҳтимолга қарши, бирорта ўртоғими ёки қариндошиними шерикликка чақирган. Менимча, уларда чолни ўлдириш режаси бўлмаган. Қаршилик қилмаса, пулни ўмариб, жуфтакни росламоқчи бўлишган. Бахтга қарши уйқусиз чол ўғриларни сезиб қолган… Йигитларда уй эгасини ўлдиришдан бошқа чора қолмаган…
– Ўлдириш шартмиди? – Жўрабой эътироз қилди, – бошига бир уриб, ҳушидан кетказиб, оёқ-қўлини боғлаб ташласа бўларди-ку!
– Менимча, қария Явғошни ниқобда бўлишига қарамасдан овозидан ёки хатти-ҳаракатидан таниб қолган, – изоҳ берди терговчи, – бундай ҳолатда жиноятчиларда жабрланувчини жисмоний йўқ қилишдан бошқа йўл қолмаган… Явғош ўзининг дўхтир билан ораларидаги жанжални ҳеч ким билмайди, деб ўйлаган. Кейин ўйлаб қараса, бу сирни фақат Зебинисо хола терговчиларга айтиб қўйиши мумкин. Негаки, аёл уларнинг ғижиллашиб турганини кўп бора кўрган. Бу хатони тузатишнинг йўли эса… кампирни тинчитишдан бошқа нима бўлиши мумкин! Бу ишда унга Сарвиноз Қодирова ёрдам қилган бўлса ажабмас. Нима, қўлида яхшигина пули бор! Пул эса ҳар нарсага қодир! Хамшира учун шифохонада даволаниб турган кишини заҳарлаш унча мураккаб иш эмас…
– Жуда ишончли! – гуруҳ раҳбари мақтаяптими ёки кесатяптими англаш қийин эди. – Явғошбойнинг ўзи бизни шундай хулоса чиқаришга мажбур қиляпти. Назаримизга тушган кундан ўтрик сўзлаб, терговни чалғитишга ўтди. Қотиллик ишида кичкинагина ёлғон ҳам катта гумонларни келтириб чиқаришини билмаганига ҳайронман. Бу шунча ишни маҳорат билан ўринлатган қотилнинг тажрибасизлигими ёки бунда бошқа бирор сир борми, ақлим етмай турибди. Негадир ҳаммаси жуда оддий, жўнга ўхшаб қоляпти-да!
– Устоз, нима демоқчи бўлаётганингизни тушунмай турибмиз? – Жўрабой ҳамманинг номидан савол берган бўлди.
– Биласизларми, кейинги пайтларда мен тергов қилган ёки терговда қатнашган қотиллик жиноятлари ўта мураккаб бўлганиданми, бу ишнинг шунчалик оддий ва тез фош бўлаётганига ишонгим келмаяпти. Шунга коса тагида ним коса йўқмикан, кўзимизга дарё бўлиб кўринаётган нарса сароб эмасмикан, деган хавотирим бор. Балки адашаётгандирман…
– Санжар ака, хавотирга ўрин йўқ, – деди Худойберди кулимсираб, – бизнинг Гулистонлар бир қишлоқдай гап, одамлари ҳам содда, содир қилган жиноятлари ҳам жуда унақа мураккаб, пухта эмас…
– Тушунарли, – «тан берди» гуруҳ раҳбари, – ҳозирча содда қотилнинг содда иши деб фараз қилиб турамиз…
Шу пайт эшикда изқуварлардан бири оқ халат кийган ёшгина, хуркаккина қизни бошлаб келди. Барчанинг қалбидан «Наҳотки, бу қиз қотиллик қилган бўлса!» деган ўй ўтди. Гуруҳ раҳбари гувоҳга жой кўрсатиб, ўтиришга таклиф қилди.
– Синглим, яхшимисиз? – терговчи қиздаги ҳаяжонни бостириш учун узоқдан келди. – Анчадан бери ҳамшира бўлиб ишлайсизми?
– Р-а-ҳ-м-а-т… бир йилча бўлди… коллежни томомлаб, ишга келгандим, – эшитилар-эшитилмас жавоб қилди қиз.
– Қайси бўлимда ишлайсиз?
– Пулмонологияда…
– Кардиология бўлими сизларга яқинми?
– Йўқ, биз тўртинчи қаватда, улар иккинчида…
– Ҳар куни ишлайсизми?
– Ҳа, саккиздан бешгача… навбатчи бўлган кунимиз эртаси куни дам оламиз.
– Явғош Тиркашевни танийсизми?
– Ҳа… мактабда бирга ўқиганмиз… Нимайди? – ҳайрона боқди қиз.
– Олдингизга келиб турадими? – терговчи майдалаб сўрашга тушди.
– Тинчликми, ака? – қизнинг йигитдан хавотир олаётгани юз-кўзидан сезилиб турарди? – Россияга ишга кетганди…
– Тинчлик, тинчлик, уни охирги марта қачон кўргандингиз?
– Россияга кетишидан бир-икки кун олдин кўчада учрашиб қолгандик, – деди қиз қулоғигача қизариб. – Ўзи соғ-саломатми? Н-и-м-а г-а-п?
– Ҳаммаси яхши, биз бир масалада тергов ўтказаётгандик, – гуруҳ раҳбари ётиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилди, – айрим масалаларга ойдин киритиш лозим бўлиб қолди. Явғош кетишдан олдин сизнинг ёнингизга келганмиди?
– Й-ў-қ, менинг олдимга нега келади? – деди қиз кўзини олиб қочиб.
– Балки қўнғироқ қилгандир? – Худойбердининг саволи зардалироқ чиқди.
– …
– Сарвиноз, синглим, Явғош қотилликда гумон қилинмоқда, – терговчи масаланинг жиддийлигини англатишга уринди, – ёлғон гапирсангиз, синфдошингизга зарар қилган бўласиз. Бизга ҳаммаси маълум, тўғрисини айтаверинг!
– Р-о-с-т г-а-п-и-р-я-п-м-а-н, – қизнинг овози қалтираб кетди.
– Мана бу телефон рақами сизга тегишлими? – гуруҳ раҳбари ёнидаги қоғозни гувоҳнинг олдига сурди.
– Ҳа, меники… – деди қиз қоғозга кўз югуртириб.
– Мана бу сизларнинг телефон сўзлашувларингиз таҳлили, – Санжарбек қўлидаги қоғозларни қизга узатди. – Явғош Россияга кетишидан олдин у билан тўрт марта гаплашгансиз… ўн, ўн-беш дақиқалаб. Буни рад этмассиз?
– …
– У сизга бирорта топшириқ берганмиди? – Худойберди масалани кўндаланг қўймоқчи бўлди.
– Й-ў-қ, қ-а-н-а-қ-а т-о-п-ш-и-р-и-қ? – деди қиз дудуқланиб. – Просто гаплашдик… Икки йил Россияда бўламан, уйга келмайман, деди…
– Шифохонага бирортасини кўришга келганмикан? – терговчи «айлантириб» сўради, – ё атайлаб сизни кўришга…
– Келган бўлса келгандир, лекин мен кўрганим йўқ, – қиз ўзининг ўтирганлар наздидагидек унчалик содда эмаслигини намоён эта бошлади.
– Сарвиноз, ёлғон гапириш яхши эмас, – деди гуруҳ раҳбари босиқлик билан, – яхшиси, у сиздан нимани илтимос қилганини айтинг.
– Ҳеч нарса илтимос қилмади… шунчаки хайрлашишга келганди, – қиз қисман «чекиниш»га мажбур бўлди.
– Кардиология бўлимида даволанган Зебинисо Суюновани танирмидингиз? – терговчи сўрашда давом этди.
– Қ-а-н-а-қ-а З-е-б-и-н-и-с-о… танимайман… Бошқа бўлимда даволанган бўлса… қаердан танишим мумкин?
– Ёдингизда бўлса, бу онахоннинг шифохонада заҳарлангани маълум бўлганди, – гуруҳ раҳбари изоҳ берди, – ҳозир шифохонада текшириш олиб борилмоқда. Ўша куни навбатчиликда турган барча ходимларнинг бу воқеага алоқадорлиги ўрганилмоқда. Сиз ҳам ўша куни навбатчиликда қолган экансиз.
– Ҳа, анави масалами? Шифохона остин-устин бўлиб кетди. Кимдир бемор аёлга заҳар берганмиш дейишди. Милиция бизларни ҳам чақириб сўради.
– Сиз ўша куни навбатчиликда кимнингдир ўрнига қолган экансиз-а? – терговчи «қўрғон»га бошқа тарафдан ёриб киришга уринди.
– Ўша куни дугонамнинг иши чиқиб қолганди… Мендан илтимос қилганди…
– Дугонангизнинг исми Роҳилами?
– Ҳа.
– Сиз Роҳиладан илтимос қилдингизми ёки у сиздан? – терговчи хаёлига келган фикрни тасдиқлатиб олмоқчи бўлди.
– Бу нима деганингиз? – қиз бироз дадилланди. – Ким навбатчиликни илтимос қилиб оларкан? У илтимос қилди, мен йўқ деёлмадим… Менинг ишим чиқиб қолса, у ҳам туриб беради…
– Аммо, дугонангиз навбатчиликни алмаштиришни сиз илтимос қилганингизни айтиб турибди-да! Бунга нима дейсиз?
– Ия… нега мен илтимос қилар эканман? Роҳилаям қизиқ экан-да! – деди Сарвиноз ўзини таассуфга тушган кўрсатишга уриниб.
– Нега бўларди, Явғошнинг топшириғини бажариш учун-да! – деди Худойберди ясама кулимсираб.
– Қанақа топшириқ? Ака, боядан бери бир гапни такрорлайсиз! – ўзича жаҳл қилди қиз.
– Ҳақиқатни сўзламаганингизча такрорлаверамиз, – терговчининг қошлари чимирилди, – сиз айтмасангиз, Явғошни қўлга олиб, Ўзбекистонга келтирсак, қотилликни қандай амалга оширганини ўзи гапириб беради.
– Нима, сизлар қотилликни Явғошдан кўряпсизларми? – деди қиз капалаги учиб. – У бунақа иш қиладиган бола эмас…
– Бу ҳали ҳаммаси эмас, – ёш терговчи «рақиби»ни «накаут» қилиш учун «зарба» беришда давом этди, – ўша сиз оппоқ деб ҳисоблаётган йигит жинояти ошкор бўлиб қолишидан чўчиб, кимларнингдир ёрдами билан бемор ётган кампирни ҳам ўлдиришдан тап тортмаганига нима дейсиз?
– Ёлғон! – чинқириб юборди қиз. – Явғошни мен яхши биламан, бировни ўлдириш у ёқда турсин, қаттиқроқ гапириш ҳам унинг қўлидан келмайди! Қилган одамни тополмай бир бечорага туҳмат қилмоқчи бўляпсизларми?
– Синглим, балки сиз ҳақдирсиз, – гуруҳ раҳбари муроса қилишга ҳаракат қилди, – бироқ терговда Явғошдан гумон қилишга етарлича асослар бор. Бир тарафдан унинг ўзининг, бошқа ёқдан сизнинг ёлғон кўрсатмалар бериб турганликларингиз шубҳа-гумонларни янада оширмоқда. Бизда Явғошга Зебинисо Суюновани заҳарлашда айнан сиз ёрдам бергансиз деган тахмин мавжудлигини ҳам айтиб қўйишим лозим…
– Ё тавба, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! Кампирга заҳарни мен берган деб ўйлаяпсизларми? – деди қиз кўзларини чақчайтириб. – Бўлди, энди айтмасам бўлмайди… бировни ҳимоя қиламан деб… бошимга ғовға оттириб олишим керакми? Қайси гўрдан шуларнинг орасига тушдим…
Қиз яна бир нималар деб тушунарсиз минғирлаб, сўнг гуруҳ раҳбарига юзланди:
– Ака, ростини айтаман, фақат бир шартим бор…
– Ия, зўр-ку! Синглим, бу ерда шартни сиз эмас, биз қўямиз, – деди Худойберди илмоқлаб.
– Майли ака, сизлар нима шарт қўйсангизлар қўяверинглар, – деди қиз терговчига илтижоли тикилиб, – фақат мендан эшитганларингни ҳеч кимга айтмайман, деб ваъда беринглар… бир инсоннинг оиласи бузилиб кетмасин… Ака, кимдир сизга ишониб ўз сирини топшириб қўйганми? – деди у гапларини хайриҳохдай кузатиб турган гуруҳ раҳбарига қараб.
– Албатта, бировни сири ҳам омонат ҳисобланади, – терговчи ишнинг кетишини ўйлаб, гувоҳнинг гапларини маъқуллади, – муқаддас динимизда ҳам омонатга хиёнат мунофиқларнинг хислати сифатида зикр қилинган. Аммо бу сир эзгуликка хизмат қилмайдиган бўлса, бировларнинг айбли қилмишини яширишга қаратилган бўлса, уни омонат сифатида баҳолаб бўлмайди. Айниқса, гап қотиллик ҳақида кетаётганда билган нарсасини яшириш – қотилни ҳимоя қилиш, унга шерик бўлиш билан тенг. Шу сабабли сизда бировнинг омонатига хиёнат қилаяпман деб хавотирланишга асос йўқ. Иккинчидан, бизга маълум бўладиган маълумотлар, оилавий сир-асрорлар тергов ҳужжатлари ичида сақланади. Улар билан фақат тегишли шахсларгина танишиши мумкин. Уларнинг ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.
– Раҳмат, катта ака, сал бўлса-да, кўнглимдаги чигалликни тарқатдингиз, йўқса, бунақа вазиятда одам нима қиларини билмай виждон азобида қолар экан, – гапни узоқдан бошлади Сарвиноз. – Роҳила, Явғош, мен ўн бир йил бир синфда ўқиганмиз. Учаламиз қалин дўст эдик. Бора-бора дўстлик муҳаббатга айланди. Явғош Роҳилани яхши кўриб қолди, турмуш қуришга аҳду паймон қилишди. Аммо мактабни битиргач, болаликдаги орзу-хаёлларинг саробга айланиб қоларкан… Бахтга қарши, ҳадеганда Явғошнинг ишлари юришавермади, биринчи йил ўқишга киролмади. Бу ҳам етмагандай, бировларнинг гапига ишониб, «Кореяга кетаман»га тушиб қолди. Роҳила бечора уни бу йўлдан қайтаришга озмунча уринмади, фойдаси бўлмади. Ўша ёқларда ишлаб, пул топиб, катта тўй қилиш хомхаёли билан юраверди. Эшимчага қўшимча қандайдир инсофсиз фирибгарларнинг қўлига тушиб, бировдан катта фоиз ҳисобига қарзга олган пулидан ҳам ажралиб, боши ғалвага қолди. Бахтига отаси қўрасидаги ҳамма мол-ҳолини сотиб, боласини қиёмат қарздан қутултирди… Бу томонда Роҳиланинг совчилари кундан кунга ортиб, ота-онаси уни сиқувга олаётганди. Дугонам бечора Явғошга «Қачон совчиларингизни юборасиз?» деб Худонинг зорини қилди. Муаммолар гирдобига ботиб, ота-онасини бор-будидан жудо қилиб ўтирган йигит уларнинг олдига уйланиш масаласини қандай қилиб қўйсин! Явғош қиздан ишлари жойига тушиб кетгунча бир-икки йил сабр қилишни илтижо қилди. Роҳила, ўз навбатида, онасига ёлворди. Отаси ҳам билганидан қоладиган одам эмасди… Тақдир экан, орадан бир йил ўтиб, Роҳилани Зариф деган табдиркор йигитга куёвга узатишди. Явғош ер тепиб, йиғлаб қолаверди. Алам қилган кезларда менга «Ҳали кўрасан, чет элда ишлаб, пул топиб, Роҳилани эридан тортиб оламан», деб гапириб қоларди… Роҳила бадавлат хонадонга келин бўлганди. Турмуши бекам, яшаши тўкис эди. Аммо ўзидан саккиз ёш катта эри унга буюмдай десаммикан ёки бир хизматкордай десаммикан, муносабатда бўладиганлар сирасига кирарди. Унинг наздида хотининг вазифаси эрининг, қайнона-қайнотанинг хизматини қилиш, болалар тарбияси билан шуғулланишдан иборат экан. Билмадим, шунинг учунми ёки биринчи муҳаббатини ҳали унутолмаганиданми Роҳиланинг эрида кўнгли йўқ эди. Явғошнинг бояги гапини эшитиб, қачон бўлса-да, эридан ажрашиб, севгилиси билан турмуш қуришни ўйлайдиган бўлиб қолганди. Мен қўлимдан келганича бу «Тоҳир-Зуҳролар»га тушунтиришга ҳаракат қилдим. Қайда дейсиз, муҳаббат уларни кўзини кўр қилиб қўйганди… Бошида Зариф ака хотинини ишлатишга мутлақо қарши бўлганди. Яхшиям қайнонаси тез-тез касал бўлиб тураркан… келинининг ҳамшира бўлиб ишлашига ўғлини амаллаб кўндирди… Дугонам билан бирга ишлаш насиб қилди… Аммо энди ўйлаб қарасам, Роҳиланинг ишга киргани ҳам тўғри иш бўлмаган экан. Явғош шифохонага серқатнов бўлиб қолди. Дугонам тил учида бунга эътироз қилса-да, ич-ичидан бундан хурсандлиги сезилиб турарди. Орадаги айрилиқ туфайли бироз сусайган муҳаббат чўғи қайта оловлана бошлади… Ўша куни Роҳила шифохонада навбатчи эди. Лекин ўрнига мени қолдириб, ўзи Явғош билан учрашувга кетганди…
– Демак, Явғош шифохонага Роҳилани кўриш учун келган, шундайми? – гуруҳ раҳбари аниқлик киритмоқчи бўлди, – балки кампирга заҳарни Роҳила орқали бергандир?
– Йўғ-э, нима деяпсиз? – қизнинг қошлари чимирилди, – айтдим-ку, Явғош бечоранинг сизлар айтаётган қотилликка умуман алоқаси йўқ. Шўрлик шу қизни номини сотмаслик учун бор ҳақиқатни гапиролмай қийналиб ётибди-да!
– Хўп, бу ерга Роҳилани кўришга келган экан, унда қарзни кимдан олганини айтмай, бошимизни қотираётганига нима дейсиз? – Худойберди навбатдаги саволни берди.
– Қандай айтсин, бу ҳам Роҳила билан боғлиқ-да! Боя айтганимдай Роҳиланинг эри катта бизнесмен. Явғош Россияга кетиш учун керак бўладиган пулни ҳеч қаердан тополмагач, дугонам қараб туролмади. Пулни эридан олиб бериб, Явғошни вазиятдан чиқарадиган бўлди. Бошида Явғошнинг нафсонияти қўзиб, бу таклифга рози бўлмади. Тўғрироғи, Роҳилани ўйлади, сири ошкор бўлиб, оиласи бузилиб кетишидан қўрқди. Кейин билмадим, бошқа иложи қолмадими ёки дугонам бирор баҳона топдими, ишқилиб, Явғош қарзни оладиган бўлди. Фақат Роҳила эрига қарзни менга бераётганини айтган. Бор гап шу…
– Хўп, сиз айтганингизча бўлақолсин, – терговчи таҳлил қилишни бошлади, – Явғош унда нега қарзни кимдан олганини айта қолмади, орага Давронни қўшишнинг нима кераги бор эди!
– Роҳиладан олганман деса, сизлар уни, эрини чақирасизларми? Сири ошкор бўлиб, оиласи бузилиб кетсинми? Гулистон кичкина жой, сассиқ гап тез тарқайди, гап-сўзга қолиб, шарманда бўлсинми?
– Ажрашиб кетишдан, одамларнинг гапидан қўрқадиган бўлса, жим юрсин эди! Нима қилади оилали бўла туриб, бегона эркак билан дон олишиб! – бир чекада ўтирган Жўрабой дилидагини тилига кўчирди.
– Нима деяпсиз? – қизнинг қуралай қошлари чимирилди. – Роҳила ҳеч ким билан дон олишмаган… Унақа сиз ўйлаган нарса бўлмаган!
– Ҳозиргина Роҳила навбатчиликни сизга топшириб, ўзи туни билан Явғош билан бирга бўлганини айтдингиз-ку! – деди «профессор» нафратини яширолмай.
– Тўғри, шунақа дедим… Лекин улар ўша куни тонггача мактабимиз боғида гаплашиб ўтиришган…
– Сизга шунақа дейишган, аслида, нима бўлганини ёлғиз Худо билади, – ҳали ҳаётда хиёнатларга дуч келмаган йигит тиллашишда давом этди.
– Ия, бу одам нима деяпти? – деди қиз лаблари учиб, – мен дугонамни ҳам, Явғони ҳам яхши биламан… улар… унақа номақулчиликни ейишмайди…
– Яхши, – гуруҳ раҳбари «профессор»га «Бас, етар!» дегандай маъноли қараб қўйди. Сўнг гувоҳга мурожаат қилди. – Сарвиноз, Явғош негадир бизнинг қўнғироқларимизга жавоб бермай қўйди, кеча, бугун сизга телефон қилмаганмиди?
– Бошқа сим карта олган шекилли, бугун Роҳила билан гаплашибди, – деди қиз бироз ҳовуридан тушиб.
– Бугунча етарли, – гуруҳ раҳбари тегишли телефон рақамларини ёзиб олгач, сўроқни якунлади, – зарурият бўлса яна чақирамиз.
– Ака, фақат…
– Синглим, сиз хавотир олманг, биз масаланинг ўзимизга дахлдор томониларини текшириб кўрамиз. Роҳиланинг оиласи бузилиб кетмаслиги учун қўлимиздан келгунча эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламиз. Аммо сиз ҳам дугонангизга айтиб қўйинг, ёлғон билан бошланган турмуш узоққа бормайди! Шунчаки, гаплашиб юрибмиз, хиёнат қилмаяпман, дея хомтама бўлмасин. Аёл кишининг шуурига бошқа эркак келдими, шунинг ўзи хиёнат! Эрига ёлғон гапирдими, бу ҳам хиёнат! Ёшлик ҳою ҳавасига берилиб, оиласидан воз кечмасин! Эри ҳам унақа ёмон кишига ўхшамайди. Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин! Эрини йўлга солишга ҳаракат қилсин. Меҳр берсин, ана шунда ўзи ҳам меҳр кўради… Кўз очиб кўрган ёстиқдошидан, тўкис турмушидан, бахтиёр оиласидан, гўзал ҳаётидан воз кечиб, бир умр қийналиб юрмасин, ношукрлик қилмасин… Тўғри, Явғош уни севади. Аммо муаммолар гирдобига ботган бу йигит уни бахтли қилолмайди, у кутган соадатни беролмайди. Икки қайиқнинг бошини тутган одам сувга ғарқ бўлиши тайин. Ҳаёт уммонида умид манзиллари сари бормоқчи бўлса, қалбига қулоқ солсин…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.