Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 13


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Гапирманг, – изқуварнинг ҳам кайфияти яхшига ўхшамасди, – бекорга вақт ўтказяпмиз шекилли. Шаҳардан чиқадиган мусор ташийдиган мошиналар ахлатни свалканинг хоҳлаган жойига тўкиб кетаверар экан. Гулмиранинг кўчасига хизмат қиладиган ахлат ташиш мошинаси шафёри билан гаплашдик. Ўша кунларда чиқиндини ахлатхонанинг қайси тарафига ташлаганини эслолмаяпти. Шу сабабли бутун бошли майдонни титиб чиқишга тўғри келяпти. Бу кетишда бир ойда ҳам ишни тугатолмасак керак… Санжар ака ҳам гап уқтириб бўлмас, ўжар одам экан-да! Шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор! Гулмирани икки кунга «ёпганимиз»да ақли кириб, ҳаммасини ўзи кўрсатиб берган бўларди!

– Ҳозирча Гулмирани ушлаб туриш ёки қамоққа олишга асослар етарли эмас-да, – Худойберди терговчилигига борди, – хўп, келинг, бир мияни ишлатиб кўрайлик, Гулмира шериклари билан Мансурни ўлдирган бўлса, жасадни йўқ қилишнинг қайси йўлини танлаши мумкин? Аёлнинг мошинаси йўқ. Қўни-қўшнилар яқин кунлар ичида унинг ҳовлиси атрофида мошина тўхтаганлигини кўришмаган…

– Ғалтак ёки аравадан фойдаланган деб ҳисоблайдиган бўлсак, уй ёнидан ҳеч қандай ғилдирак изи топилмади…

– Бундан чиқди, ихтиёримизда мурданинг қисмларга бўлиб, уйдан олиб чиқиб кетилганлиги ҳақидаги тахмин қоляпти, шундайми? – хулоса ясади терговчи.

– Аммо бисотимизда Мансур ўлдирилмаган, қаердадир мажбуран сақланмоқда, деган тахмин ҳам йўқ эмас, – ёдга солди изқувар.

– Тўғри, келинг, чалкаштириб юбормаслик учун ҳозирча эҳтимоллиги жуда кам бўлган бу тахминни бир чеккага қўя турайлик, – деди терговчи куюнчаклик билан, – хўш, Фозил ака, Гулмиранинг ўрнида сиз бўлсангиз, қандай йўл тутган бўлардингиз?

– Э нафасингизни шамол учирсин, Аллоҳ асрасин-э! – кулди изқувар.

– Мисол учун-да энди, нима қилган бўлардингиз?

– Хўп, нима қилардим? Ҳовлида қолдириш хатарли, қирқ йилдан сўнг ҳам топиб олишлари мумкин… Энг маъқул ва амалиётда кўп учрайдиган усул – мурдани майда бўлакларга ажратиб, ўзим яхши биладиган овлоқ жойга кўмиб ташлаш…

– Масалан, сиз яхши биладиган овлоқ жой қаер?

– Шаҳарнинг ичида овлоқ жой йўқ… – ўйланиб жавоб берди изқувар, – мен бахтликман, овлоқ жойни ўша ердан танлаган бўлардим…

– Гулмиранинг ота-онаси қаерлик эди?

– Адашмасам, Наврўз шаҳарчасидан… нима, мурдани ўша ёққа…

– Бу фикр ўзларидан чиқди шекилли, – Худойберди изқуварнинг гапини бўлди.

– Тўғри-куя, мен шунчаки… у аёл боши билан…

– Нима, сизнинг фахмингиз етган нарсага Гулмиранинг фаросати етмайди деб ўйлайсизми? Бу масалада улар сизу биздан топқир бўлишади.

– Энди нима қиламиз?

– Нима қилардик, кетдик, ишни Наврўз шаҳарчасида давом эттирамиз, – ўрнидан турди терговчи. – Абдуғанига тайинланг, бу ердаги ишларни сусайтирмай турсин. Биз тезда қайтамиз.

– Есть, – Фозил қўл телефонини олиб, шеригининг рақамини терди.

Йигитлар бирпасда йигирма беш-ўттиз чақирим йўл босиб, Наврўз шаҳарчасига етиб келишди. Сўраб-суриштириб, Қўшчинор кўчасини, сўнг Карим бобонинг уйини топишди. Етмиш беш-саксонни қоралаган қария уйида экан. Кутилмаган меҳмонларни қишлоқликларга хос очиқ юз билан қарши олди. Салом-алик ва қисқача танишувдан сўнг терговчи чолни саволга тутди:

– Карим ота, болалардан нечта?

– Тўртта, айланай, икки ўғил, икки қиз, ўн икки набира, яна беш чеварамиз ҳам бор, омон бўлгурлар, – қариянинг чакаги очилиб кетди. – Болалардан тўла қутулганман. Ўғилларнинг каттаси Россияда, биттаси фермер, мен билан туради. Қизларнинг каттаси ўқитувчи, Жиззахга тушган. Кичкинаси Гулистонда туради… икки ўғли бор… Тинчликми, айланай?

– Тинчлик, тинчлик, отахон, – деди терговчи мулойимлик билан, – қизингиз Гулмира масаласида келгандик…

– Нима, бу қулоқсиз қиз яна бирор касофатни бошладими? – деди чол хавотирини яширолмай.

– Қўшниси билан айтишиб қолган экан, – ёлғон гапиришга мажбур бўлди терговчи, – шунга суриштириб юргандик. Гулмира опа охирги марта сизникига қачон келганди?

– Бир ҳафта-ўн кун бўлди-ёв, ўтган якшанба эди, шекилли, – деди қария ўйланиб туриб, – қизи тушмагур охирги пайтларда камнамо бўлиб қолган, ўзидан ортмайди шекилли…

– Бирор иш билан келган эканми? Тунаб қолдими?

– Бир оқшом қолди, невараларни ҳам олиб келган экан… Ёшинг ўтган сайин қий-чув ёқмай қоларкан… Келганда бир кўринди, шундан кетаётганда хайрлашишга киради.

– Нимада келишган экан? Қизингизнинг мошинаси борми?

– Қанақа мошина… бировникида келган… Анави ўғлининг жўрасиники бўлса керак.

– Жўрасининг оти нима экан?

– Итим биладими? Ўз боламнинг оти зўрға ёдимда туради-ку!

– Гулмира нима иш қилади?

– Қаердан билай, бизнесменман дейди… ҳозир ким ишсиз бўлса – бари тадбиркор… Уйга битта нон кўтариб келмаса… ҳэ, бизнесменингдан ўргилдим… Ука, ўзи бу гапларни нимага сўраяпсиз? Ё анави бола яна бир ишкални бошладими?

– Суръатни айтяпсизми? – аниқлик киритди терговчи.

– Ҳа, ўша-да… ота тарбиясини кўрмаган боладан нимани ҳам кутиш мумкин…

– Нима, Суръат бирор нарсага аралашиб қолганмиди?

– Эйй, нимасини айтай! – оғир хўрсинди чол. – Ҳозирги ёшларни биласиз-ку. Турган битгани ғурбат! Ҳали қарасанг, мактабдан ҳайдалади, ҳали қарасанг биттаси билан ёқалашиб, милицияга тушади. На каттанинг, на кичикнинг гапини олади. Онасини-ку, одам ўрнида кўрмайди, тиллашгани тиллашган, нолигани нолиган! Усти бут, қорни тўқ бўлса, буларга яна нима етишмайди? Тўқлиққа шўхликдан бошқа нарса эмас… Бизлар муштдай пайтимиздан далада ўроққа чиқардик, эртадан кечгача эшакдай ишлардик, қорнимиз нонга тўймасди. Аммо нолимасдик, ҳаётга умид билан боқардик. Ота-онамизнинг сўзидан чиқмасдик, ўзимиздан каттани ҳурмат қилардик, кичикка иззатда бўлардик… Ҳаммасига бекорчилик, телефон ўлгур сабаб. Ишлаган одамнинг бузғунчилик қилишга, ёмон нарсаларни ўйлашга вақти бўлмайди. Булар телефондан бош кўтармаса, ғирт бекор касал бўлса тарбияни қайдан олсин. Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти, деб бекорга айтишмаган, айланай! Ташқаридан душманнинг кераги йўқ…

– Ўғлингиз қурилиш қиляптими? – терговчи отахонни тўхтатиш учун гапни бошқа ёққа бурди.

– Қанақа қурилиш? – анқайди чол.

– Ўғлингиз иморат соляптими? – аниқлик киритди Худойберди дарвоза олдидаги қум уюмига ишора қилиб.

– Йўғ-э, қурилиш қайда, фермер бўлгандан бери топганини шийпонга ташийди… ўзи нима аҳволда-ю, «ранчо» қурармиш… Сичқон сиғмас инига ғалвир боғлар думига!»

Терговчи уй эгаси билан гаплашиб турган пайтда Фозил ҳовлининг олд ва орқа тарафини, девор кунжакларини кўздан кечирди. Ҳовлида, боғда, иморат деворларида қазилган, ковланган, ямалган жойлар, қўпорилиш излари йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, терговчининг ёнига қайтиб келди.

– Биз излаётган нарса бу ерда эмас, – деди у Худойбердининг қулоғига шивирлаб.

– Отахон, фермер ўғлингиз уйдами? – терговчи миясига келган фикрни текшириб кўришни кўнглига тугди.

– Айтдим-ку, буларнинг уйидан илон чиққан,– нолишда давом қилди қария, – кўзини очар-очмай шийпонга чопади… фермерлиги ҳам бор бўлсин, қайтанга уйдаги бор мол-ҳолни ҳам сотиб битказди…

– Қурилиши битиб қолай дедими?

– Қаердан битади… энди девор кўтаряпти… кеч тирамагача устини ёпиб олсаям катта гап…

– Раҳмат отахон, – терговчи кетишга ҳозирланди, – ўғлингизнинг шийпонига қандай борсак бўлади?

– Анави йўлдан зовур ёқалаб икки чақирим юриб, ўнгга бурилсангизлар чап томондаги шийпон… усталар ишлаб ётган бўлса керак… Ражаб ҳам ўша ёқда бўлса керак.

Отахон билан совуққина хайрлашиб, чанг йўлдан кўрсатилган тарафга юрдилар.

– Мансур шанба куни йўқолган, Гулмира якшанба куни негадир отасини кўргиси келиб қолган… – ўзича мушоҳада қилишга киришди терговчи, – камнамо одам бу ёққа нима мақсадда келган бўлса?

– Дам олиш куни… қариндошларини кўришга келса келгандир-да. Бунинг нимаси шубҳали? – мошина рулига ёпишганча йўлдан кўзини олмай кетаётган изқувар ажабланди. – Болаларини ҳам олиб келган эканку! Яна ўғлининг ўртоғининг мошинасида…

– Ҳа, шу томони сал ёпишмай турибди. Шунақа жирканч ишга ёш болаларни аралаштирмаса керак. Ё мурдани уларга сездирмасдан бошқа юк сифатида мошинага ортиб олганмикан?

– Йўғ-э, нима деяпсиз? Шунақа қилиб бўлармикан! Чавақланган жасад сасимайдими, қон идишдан сизиб чиқиб, ҳамма ёқни ифлос қилмайдими?

Мошина ўнгга бурилиб, бироз юргач, чап томонда Ражабнинг қурилаётган шийпони кўринди. Уч-тўрт уста одам бўйи деворга ғишт қалаш билан машғул эди.

– Ҳорманглар, ҳорманг, – йигитлар мошинани бир четда қолдириб, қурувчилар ёнига яқинлашди.

– Саломат бўлинглар, – усталар ичидан ёши улуғроғи ишдан тўхтаб, меҳмонларга пешвоз чиқди.

– Ражаб аканинг шийпонлари шу ерми?

– Ҳа, шу ер, келинглар, келинглар, – тахтадан ясалган қўлбола ўриндиққа таклиф қилди.

– Хўжайиннинг ўзлари қаердалар? – сўради Фозил атрофга аланглаб.

– Сувга кетгандилар, ҳозир келиб қолади…

– Деворни хом ғиштдан кўтаряпсизлар, нам ўтиб кетмайдими? – деди Худойберди қўли-қўлига тегмай ишлаётган усталарга яқин бориб.

– Ҳеч нарса қилмайди, чунки фундаменти бақувват, – девор устидаги уста иморатнинг пастки қисмини қўли билан кўрсатиб, – ердан қарийб бир метр кўтарилган…

– Ўтган якшанба куни шу ерда эдингларми? – сўради терговчи.

– Ҳа икки ҳафтадан бери шу ердамиз, – деди устабоши бироз ҳайратланиб, – нимайди? Тинчликми, ука? Сизларни танимай турибмиз?

Шу пайт алимсоқдан қолган эски тракторда чангитиб, фермер келиб қолди. Салом-аликдан сўнг, меҳмонлар ўзларини таништирган бўлди:

– Биз Гулистондан, вояга етмаганлар комиссиясидан… Ўтган якшанба куни икки ўқувчимиз сўрамасдан қишлоққа келган экан. Сўрасак, Ражаб тоғамникига ҳашарга борганман, дейишяпти. Шуни текшириб юрибмиз…

– Ҳа, Суръатми? Опам билан келганди, – деди Ражаб соддалик билан, – сўрамасдан келганмиди? Лекин ҳозир ўқиш йўқ-ку… қандай қилиб…

– Ҳа, улар бизда рўйхатда туришади… Ҳар замонда шунақа қаерга бориб, қаердан келганини назорат қилиб турмасак бўлмайди… жиноятчиларга қўшилиб кетмасин деймиз-да!

– Ҳа, шунақами? – ишонди фермер. – Энди эси кириб қолди, олдинги шўхликлари йўқ… Ўша куни роса тер тўкишди, барака топгурлар… Жўраси ҳам яхши ишлади…

– Йўғ-э, улар ишлайдиган бола эмасди-ку, – деди Фозил ёлғондан тасссуфга тушиб.

– Худо инсоф берса, эрта-кечи йўқ экан, – оғзидан тупуги сачраб давом қилди фермер, – олдинлари қўлини совуқ сувга урмасди, бежоғимчиликдан бошқа нарсага ярамасди… Энди бўйлари чўзилиб, ақл-ҳуши жойида, туппа-тузук йигит бўлибди, кўз тегмасин!

– Пул-сул ваъда қилгандирсиз-да, – луқма ташлади терговчи.

– Э, қанақа пул? Ўзлари виждонан ишлашди, – куйиб-пишди Ражаб. – Якшанба куни пешиндан кейин анча ёрдам қилишди. Бўлди, энди қорасини ҳам кўрсатмаса керак, деб ўйлагандим. Буни қаранг, бу куни усталардан олдин келиб, иккаласи тиршанглаб анча жойга цемент қуйиб чиқибди-да! Ҳайрон қолдим. Пешинда кетадиган бўлсак, ёрдамимиз тегиб қолсин, деб саҳардан ишга келганини қаранг! Балки онаси мажбурлаб юборганми деб, опамдан сўрасам, йўқ, мен айтганим йўқ, ўзлари ишлагиси келиб, саҳарда туриб кетибди, дейди.

– Шунақами? – терговчи яширинча «кўрдингизми?» дегандай изқуварга қараб қўйди.

– Ёш йигитчалар бетон қоришни билармикан? – терговчи гап олишга ҳаракат қилди.

– Усталар апалавкасини тайёрлаб кетишганди. Бетонни қориб, жойига қуйиш қийин иш эмас. Тем более бир кун олдин усталар ишлаётганини кўрган, уларга ёрдам берган. Шу ёдида қолган бўлса керак-да, ажабтовур уддалашибди, – деди фермер уйнинг пойдеворига ишора қилиб, – манави қисмини шу икки йигит қуйган.

– Қойил, ёмон ишлашмабди, – деди терговчи пойдеворни қўли билан ушлаб, – текис чиқибди.

– Суръат ўзи қобилиятли бола, – жиянини мақташда давом этди Ражаб, – шаҳарда нима қилишини билмай, безори болаларга қўшилиб, саёқ юради-да. Опамга кўп айтдим, шу болани менга беринг, бурнини ерга ишқалаб, одам қилай деб.

– Саҳар-мардон йигитлар шийпонга пиёда келишибдими? – терговчи хаёлига келган фикрни тасдиқлатиб олиш мақсадида атайлаб сўради.

– Йўғ-э, жўрасининг мошинасида келишган…

«Ҳаммаси тушунарли! Гулмира Мансурни йўқ қилишга ўғли ва унинг ўртоғини жалб қилган… Бўлакланган мурдани мошинага ортиб, бу ёққа олиб келишган. Кўмиш учун жой, қулай фурсат қидиришган. Қараса, тоғасиникида қурилиш кетяпти. Жасад бетоннинг ичида қолиб кетса, ҳеч ким тополмайди… Ўзларини ишчан кўрсатиб, тонгда шийпонга келишларининг ҳам боиси шунда! Усталар йўқ пайти мошина юкхонасига жойланган халтани пойдевор орасига жойлаб, устидан бетон қуйиб юборишган… Ҳаммаси Гулмиранинг раҳнамолигида хамирдан қил суғургандай адо этилган…»

– Кетдикми?– изқуварнинг дўриллоқ овози Худойбердининг хаёлини бузди.

– Кетдик, гуруҳ раҳбари билан маслаҳатлашишимиз керак, – терговчи беихтиёр изқуварга эргашди.

Йигитлар мезбон билан хайрлашиб, ортга қайтдилар.

– Наҳотки, ёшгина йигитчалар шунақа разилликка қодир бўлса? – деди изқувар йўлдан кўз олмай, – одамнинг ишонгиси келмайди. Балки адашаётгандирмиз…

– Бўлиши мумкин, қуваётган одамга ҳамма излар қочоқники бўлиб кўринади… Аммо ҳаммаси мос келяпти… тасодиф бўлиб чиқиши ҳам мумкин, албатта.

– Энди нима қиламиз?

– Нима қилардик, қолган жойидан давом эттирамиз-да, – ҳазиломуз жавоб қилди Худойберди.

* * *

– Гулмира шерикликка кимни танлаган бўлса? – «профессор» ўртага савол ташлади.

– Ҳозирча у мулоқатда бўлган кишилар орасида жиноий шерикликка ярайдиган одамни кўрмаяпман, – деди гуруҳ раҳбари қоғоздан бош кўтармай, – кейинги пайтларда мана бу икки жаноб билан кўпроқ алоқада бўлган, жазманлари бўлса керак. Бердибой дегани тадбиркор, юмшоққина йигит, кафеда танишиб қолишган, олти ойдан буён учрашиб юришган… Хушвақт Марат ўқийдиган мактабда ошпаз бўлиб ишларкан. Бу одам билан ҳам гаплашиб кўрдим, жиноят қиладиган одамга ўхшамади… Ҳар иккаласини ҳам Гулмира аёл сифатида қизиқтирган…

– Нима, бу манжалақи бир пайтда икки эркак билан ҳалигидай…

– Энди бу аниқлаганимиз… узоқроқ давом этган алоқалар… қисқа муддатли… тасодифий алоқалар қанча бўлган, Худо билади?

– Тавба қилдим, икки хотинли эркаклар ҳақида эшитганман, аммо икки эрли хотинлар ҳақида ҳеч эшитмаган эканман, – елкасини қисди Жўрабой.

– «Гендер тенглик» деганлари шу бўлса керак-да! – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб.

– Қуриб кетсин, Ғарб оламининг «оммавий маданият» деган касофати шаҳдам қадамлар билан бизга ҳам кириб келяпти шекилли. Нима қилиш керак, ҳайронман?

– Маънавий иммунитетни юксалтириш керак, тамом! Ана шу қалқон ёшларимизни мафкуравий, маънавий таҳдидлардан қутқариб қола олади. Гулмиранинг қўшнилари билан муносабати қанақа экан? – гуруҳ раҳбари мавзуга қайтди.

– Қўшнилар билан алоқаси яхши эмас, – ахборот беришга тушди Жўрабой, – кўпчилик билан жанжалли. Фақат бир девор қўшни Сабина опа билан борди-келдиси бор экан. Аммо ҳозир улар оиласи билан Тошкентга кўчиб кетибди.

– Шунақа денг, – одатий иборасини такрорлади Санжарбек, – ҳозир Сабинанинг уйида ким тураркан?

– Ҳеч ким… Гулмира қараб тураркан…

– Ростданми? – гуруҳ раҳбари ток ургандай ўрнидан сакраб турди, – балки Мансурнинг жасадини ўша ёққа…

– Йўғ-э, ўлибдими? Бировнинг уйига-я?!

– Бундан қулай жой борми? Асосийси, шубҳадан холи… ҳеч кимнинг калласига келмайди… Худойберди билан Фозил Гулмиранинг туғилиб-ўсган қишлоғига кетганди, қайтдимикан?

– Қўнғироқ қилайми?

– Қилинг-чи.

Шу пайт эшик қаттиқ тақиллаб, оғзи қулоғида гуруҳ раҳбари йўқлаб турган ходимлар кириб келди:

– Хизрни йўқласак бўларкан, ҳозиргина сизларни эслаб тургандик – «профессор» йигитларга пешвоз чиқди.

– Нима гаплар? – раҳбар йигитларнинг хурсандчилиги бекорга эмаслигини фаҳмлагандай бўлди, – бирор янгилик борми?

Худойберди «сафар» тассуротларини батафсил гапириб берди. Гуруҳ раҳбари ҳамкасбининг ахборотини диққат билан тинглар экан, гап фермер хўжалиги шийпони пойдеворига келиб тақалганда кўзлари чақнаб кетди:

– Буни қаранг-а! Нима бўлгандаям Гулмира ишга ўғлини аралаштирмаса керак, деб ўйлагандим. Адашган кўринаман. Бу ярамас ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган кўринади. Ўғли етмагандай унинг ўртоғини ҳам жиноятга шерик қилганини қаранг! …Ҳаммаси тушунарли! Қотил – Гулмира! Илёс бобони ҳам, унинг кампирини ҳам шу мараз ўлдирган…

– Мотив? – Худойберди муқаррар саволни такрорлади.

– Ҳозирча мотив хусусида гапиришга барвақт. Аммо бир нарсани тахмин қилиш мумкин: Гулмира қилмишини Худоёрга тўнкаш учун ишга Мансурни жалб қилган. Шу жойда ҳалокатли хатога йўл қўйган. Мансур «буюртма»ни рисоладагидек бажарган. Аммо кейинчалик ўрталарига қора мушук оралаган. Бунга йигитнинг ишидаги муаммолар сабаб бўлган бўлса ажабмас… Мансур аёлдан пул талаб қила бошлаган. Хуллас, Гулмирада муаммолар ботқоғига ботиб бораётган йигитни гумдон қилишдан бошқа йўл қолмаган. Ҳўкиздай йигитни бир ўзи даф қилолмаслиги аниқ. Ишга ўғли ва унинг ўртоғини жалб этишга мажбур бўлган. Ўша шанба куни учовлашиб Мансурни ўлдиришган. Кечаси билан мурдани қиймалаб чиқишган. Кейинги кун «юк»ни халтага солиб, мошинага юклашган ва қишлоққа жўнаган. Чиндан ҳам қишлоқдан бехавотир жой борми? Ҳеч кимнинг калласига келмайди… Аслида, мурдани қишлоқ четидаги овлоқроқ жойга кўмишни режалаштиришган. Аммо тоғасининг шийпонида қурилиш бўлаётгани уларга қўл келган. Бошқа ҳар қандай жойга кўмилган мурда бир кун «тилга кириши» мумкин. Пойдевор орасида эса узоқ йиллар ном-нишонсиз ётиши мумкин…

– Биз ҳам шунақа хаёлга кеп турибмиз, – деди Худойберди гуруҳ раҳбари билан фикри бир жойдан чиқаётганидан суюниб, – энди нима қиламиз?

– Менимча, калаванинг учини топдик, энди чигалликни ечишга киришамиз, – гуруҳ раҳбари ўтирганларга бир-бир разм солди, – Фозилжон, сиз йигитларингиз билан Суръат ва унинг ўртоғини топиб, келтириш чораларини кўриб турасиз…

– Гулмира-чи? Яна жуфтакни ростлаб қолмасин у қанжиқ! – деди Фозил оғзини тўлдириб.

– Хавотир олманг, ўғли қўлимизда бўлса, Гулмира ҳеч қаёққа боролмайди, – изоҳ берди гуруҳ раҳбари, – Худойберди, – у терговчига юзланди, – сиз тезда тегишли эксперт, мутахассисларни тўпланг. Шийпонга борамиз, пойдеворни очиб кўришга тўғри келади…

– Пойдевордан биз кутган нарса чиқмаса-чи? – «профессор» «танга»нинг бошқа тарафида нима борлигини билишга қизиқди.

– Чиқадими-чиқмайдими бу иккинчи масала, – босиқлик билан тушунтирди Санжарбек, – шубҳа туғилдими, текшириб кўришга, пойдеворни бузишга мажбурмиз.

Бир муддат тадбир тадорлиги кўрилгач, тергов гуруҳи аъзолари икки мошинада «Наврўз» қўрғончаси томонга юрдилар. Ражаб фермер йигитларнинг прокуратурадан эканлигини эшитиб, бир ҳайрон бўлса, уларнинг ҳали қурилиши битмаган шийпонда тинтув ўтказиш, лозим бўлса, унинг пойдеворини бузишга келганлигини эшитиб, юз таассуфга тушди. «Йўқ, йўқ, шийпонни буздирмайман, ахир бинони турғизгунча оз мунча пулим кетганми?» дея «йиғлаб» туриб олди. Гуруҳ раҳбари масала жиддийлигини, гап қотиллик ҳақида кетаётганини, пойдевор орасига муҳим далилий ашё – одам танаси кўмиб юборилган бўлиши мумкинлигини, етказиладиган зарар давлат томонидан қоплаб берилишини тушунтиргач, фермер истар-истамас тинтувга розилик берди. Кўпайлашиб, деворнинг ғиштларини жойидан қўпоришди. Ражабнинг кўрсатмасига асосан пойдеворнинг Суръат ва унинг ўртоғи «ташаббус» билан ишлаган қисми болта, ломлар ёрдамида бузишга киришилди.

– Санжар ака, бу ёққа қаранг, – кимдир бақириб юборди, – о-д-а-м қ-ў-л-и-г-а ў-х-ш-а-й-д-и, қаранг, қаранг!

Ҳамма ўша ёққа юрди. Бетон ичидан одам бармоқлари учи кўриниб турарди. Экспертлардан бири пойдевор ёнига келиб, «топилма»ни шўткада тозалаб, таърифлашга тушди:

– Эркак кишига тегишли бармоқлар… тахминан ўттиз-қирқ ёшларда…

Ҳеч кимда бу жонсиз бармоқлар Мансурга тегишли эканлигига шубҳа қолмади. Ҳамон гап нимадалигини охиригача тушуниб етмаган Ражабнинг ранги оқариб, тошдай қотиб қолди. Кимдир унга пиёлада сув бериб, чеккароқдаги стулга ўтқазиб қўйди… Тезда чавақланган тананинг бошқа қисмлари ҳам бетон орасидан авайлаб олиниб, махсус эритмали идишларга солинди… Санжарбек сал четроққа чиқиб, Фозилга қўнғироқ қилди:

– Фозилхўжа яхшимисиз? Нима гаплар?

– Суръатни ушлаб, прокуратурага олиб келдик, – ахборот берди изқувар, – ўртоғининг исми Қурол экан, уни ҳам топдик, ҳозир келтиришади… Ўзларингда қандай янгиликлар?

– Шубҳамиз тўғри чиқди. Мансурнинг бўлакланган танаси бетоннинг орасига кўмиб ташланган экан. Ҳаммасини чиқариб олдик. Энди бемалол Гулмирани ҳам ушласак бўлади… Уникига ўзингиз борганингиз маъқул, тағин бир ишкал чиқариб юрмасин…

– Ҳайрият-э, бу гал ҳам адашмасак гўргайди, деб ўтиргандим, табриклайман… Мен ҳозироқ Гулмираникига кетдим… У таннознинг кўзларига бир тикилиб қарамоқчиман…

– Яхши, ишхонада учрашамиз, – гапни калта қилди гуруҳ раҳбари.

* * *

Гуруҳ раҳбари ҳамкасблари билан маслаҳатлашиб, сўроқни ушланганлар орасида «заиф звено» деб эътироф этилаётган Қуролдан бошлашга қарор қилди. Сочлари тим қора, қошлари қалин, қирра бурун, ўн саккиз ёшли ўктамгина йигитни кўрган киши шунақа разил ишларга қодир деб сира ҳам ўйламаслиги аниқ. Одатий танишув ва расмиятчиликдан сўнг гуруҳ раҳбари йигитни ёлғон гувоҳлик бергани ёки гувоҳлик беришдан бош тортгани учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантириб, сўнг саволга тутди:

– Ота-онангиз борми?

– Бор, лекин отам биз билан яшамайди… Россияга кетганига ўн йил бўлган. Яқинда ажралишди.

– Нега?

– Отам ўрис хотинга уйланибди…

– Мошинани отангиз совға қилдими?

– Онам развод бермайман деб туриб олганди, отам мошина олиб бериб, уни кўндирди…

– Онангиз нима иш қилади?

– Мактабда фаррош…

– Оилада нечта фарзандсизлар?

– Учта синглим бор… мактабда ўқийди.

– Суръат синфдошингиз бўладими?

– Ҳа, ўн йил бирга ўқиганмиз.

– Ўтган якшанба куни ўртоғингиз ва унинг онаси билан бирга «Наврўз» қўрғончасига борган экансизлар-а?

– Ҳа, ўртоғим илтимос қилганди.

– Қишлоққа нимага боргандинглар?

– Шундай, айланишга… Суръат илтимос қилди…

– Мошинага бирон юк ортдингларми? – мақсад сари борди терговчи.

– Қанақа юк? Тушунмадим… – йигит кўзини олиб қочди.

– Ўша куни қўшнилар мошина юкхонасига халтада қанақадир юк ортганларингни кўрган экан, бунга нима дейсиз?

– Балки Суръат ўзи билан бирор нарса олгандир… – мавҳумроқ жавоб қилди гувоҳ.

– Сизни Суръат уйига қачон чақирди? Шанба куни ҳам Гулмира опаникида кўришган экан, – Худойберди гуруҳ раҳбаридан изн сўраб, савол берди.

– Суръат мени якшанба куни эрталаб чақирди… шанба куни ҳам келган бўлсам келгандирман, ҳозир эслолмайман…

– Мансур деган электросет назоратчисини танийсизми? – гуруҳ раҳбари «ҳужум»га ўтди.

– Қанақа Мансур… танимайман…

– Шанба куни сиз уни Суръатларникида кўргансиз…

– Йўғ-э, унақа одамни танимайман…

– Шанба куни эрталаб соат тўққиз-ўнларда қаерда эдингиз?

– Уйда бўлсам керак… аниғи ёдимда йўқ…

– Яхши, демак, Суръат сизни якшанба куни эрталаб чақирган, шундайми?

– Шундай… шундай…

– Мошинага юкни ким ортди? – Санжарбек атайлаб саволни бошқачароқ кўринишда берди.

– Суръат ортди… тўғриси, мен унинг нима ортганини кўрганим йўқ… Онасининг кийим-кечаклари бўлса керак деб ўйлаган бўлсам керак-да…

– Шийпонда ишлашга ҳам борган экансизлар? – чуқурлаша борди терговчи.

– Ҳа, Суръатнинг тоғаси ҳашар қилаётган экан… ёрдамлашишга боргандик… – тайсаллади Қурол.

– Душанба куни тонгда шийпонга ишга борганларингни қандай тушунса бўлади?

– Шундай, ўзимиз… ёрдамимиз тегсин, дегандик. Ўша куни Гулистонга қайтмоқчи эдик. Шунга кун қизиб кетмасдан бироз ишламоқчи бўлгандик.

– Шунақами? – гуруҳ раҳбари гувоҳга еб қўйгудай тикилди ва қўлидаги расмларни гувоҳнинг олдига ташлади, – у ҳолда сизлар ишлаган жойдаги пойдевор орасига мана бу мурданинг бўлакларини ким солиб қўйган экан-а?

– М-е-н қ-а-й-д-а-н б-и-л-а-й? – «мурда» сўзини эшитиб, Қурол ҳам мурдадай оқариб, дудуқланди, – м-е-н к-ў-р-г-а-н-и-м й-ў-қ…

– Нега тана аъзолари кимга тегишли эканлигини сўрамаяпсиз? – давом этди гуруҳ раҳбари.

– Б-и-л-м-а-д-и-м… к-и-м э-к-а-н?

Шу пайт хонага қўлида қандайдир ҳужжат кўтариб Абдуғани кириб келди:

– Мана бу экспертизанинг дастлабки хулосалари, – деди у ҳужжатларни гуруҳ раҳбарига узатиб, – топилган тана аъзолари Мансурники эканлиги тўла тасдиғини топибди. Шунингдек, Қуролнинг мошинаси юкхонасидан топилган қон доғлари Мансурга тегишли эканлиги аниқланибди.

– Хўш Қуролбек, энди марҳамат қилиб, Мансурнинг жасади сизнинг мошинангиз юкхонасига қандай тушиб қолганини айтиб берарсиз? – терговчи «рақиби»га «мот» қилиш мақсадида «шоҳ» берди. – Қайсарлик қилишдан фойда йўқ… Бизга ҳаммаси маълум… Ҳақиқатни айтганингиз маъқул!

Йигит бир муддат ўйланиб қолди. Гапни нимадан бошлашни билмай каловланди:

– Шундай бўлишини кўнглим сезганди… Лекин мен чиндан ҳам Суръатнинг мошинамга бировнинг мурдасини ортганини билмасдим…

– Ука, биз сизга ишонамиз, – Санжарбек йигитнинг ҳаяжонини босишга ҳаракат қилди, – шошилмасдан бир бошидан гапиринг-чи.

– Хўп…хўп, – гувоҳ нафасини ростлаб, гапга тушди, – якшанба куни эрталаб Суръат қўнғироқ қилди. «Жўражон, бугун бўш бўлсанг, мошинангда бизларни «Наврўз»га обариб кел, тўлдириб бензин қуюиб бераман, бир айланиб, тоза ҳаводан нафас олиб, меҳмон бўлиб келамиз», деб илтимос қилиб қолди. Зерикиб ўтиргандим, рози бўлдим. Соат ўнларда уйига етиб келдим. Суръат онаси билан тайёр бўлиб кутиб турган экан. Гулмира опа мошинаннг орқа ўриндиғига ўтирди. Ўртоғим «Жўражон қаришиб юбор», деб мени ичкарига бошлади. Қора халтада ниманидир тахтлаб қўйган экан. «Шу юкни мошинанинг юкхонасига ортишимиз керак», деди. Икков зил-замбил халтани кўтариб, мошинага юкладик. Халтадаги нарса қўлимга гўшдай туюлди. «Нима бало, жўра, гўшт билан бизнес қилмоқчимисан?» дедим юкни жойлаб бўлгач. «Йўғ-э, нима деяпсан, ўтган якшанба бозордан битта қўй олгандим, харом ўлиб қолди, ўлакса гўштни нима қиламан? Қишлоққа олиб борсак, ит-питларга беришади», деди у. Мен аҳмоқ, унинг гапларига ишонибман. Қишлоққа етиб боргач, Суръатга халтани туширайлик, хиди салонга уриб қолади, деб икки-уч марта айтдим. У эса ҳар гал «Жўра, шошмай тур, балки жойи чиқса, пуллармиз», деб туриб олди. Шу куни пешиндан кейин тоғасининг шийпонига бордик. Усталар ишлаётган экан, подеворнинг бетонини қуюшда уларга ёрдамлашдик. Кечаси уйига қайтгач, Суръатга мошинадан халтани тушириш кераклигини яна эслатдим. У «Шошилма, одамини топдим, эрталаб, юкдан қутуламиз», деди. Азонда у мени уйғотиб, «Кетдик, халтани жойига ташлаб келамиз», деб турибди. Чала-чулпа ювиниб, мошинада йўлга чиқдик. Қарасам, кеча ишлаган жойимиз – шийпон тарафга кетяпмиз. «Шийпонда нима қиламиз?» деб сўрасам, ишинг бўлмасин жўра, гўштни усталарга пуллайдиган бўлдим», деди у мақтаниб. «Ҳаром гўштни қандай қилиб, таниш одамларга сотасан?» деб уни йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдим, фойдаси бўлмади. Шийпоннинг олдига борсак, ҳеч ким йўқ, усталар ҳали келмаган экан. Мошинани бир чеккага тўхтатиб, мен кабинадан чиқмай ўтиравердим. Суръат инқиллаб-синқиллаб, халтани мошинадан тушириб, шийпон тарафга судраб кетди. Мен рулга бошимни қўйиб, бироз пинакка кетибман. Ярим соатча вақт ўтган бўлса-да, Суръатнинг ҳалиям қайтмаганидан хавотирга туша бошладим. Яна бироз кутдим, келавермагач, мошинадан тушиб, шийпон тарафга юрдим. Қарасам, йигит енгини шимариб, бетон қорияпти. «Ҳой банда, нима қиляпсан, саҳардан бетон тушингга кириб чиқдими?» десам, пешиндан кейин шаҳара қайтамиз, тоғамга сал бўлса-да, ёрдамим тегсин дедим-да», деди. «Гўштни нима қилдинг?» десам, «Айниб қолибди, ахлатга ташлаб юбордим», деди. Ташласа, ташлагандир-да деб ўйладим… Қараб туриш, ноқулай, унга ёрдамлашдим. Бир соатлар ишлаганимиздан сўнг усталар келди. Тоға бизлардан хавотирланиб, роса хуноби чиқибди. Ишлаб ётганимизни кўриб, «Бир оғиз айтиб кетсанглар бўларди-ку», деб койиб берди. Суръат «Тоғажон, пешиндан кейин йўлга чиқамиз, сизга озроққина ёрдамим тегсин деб барвақт туриб, ишга келгандик», деб тоғани ховурдан туширди… Пешиндан сўнг шаҳарга қайтдик. Ўшанда Суръатнинг хатти-ҳаракатларига ҳайрон бўлгандим, ҳаром гўштни у ёқдан бу ёққа судраб юрганини сира ақлимга сиғдиролмагандим. Ҳаммасини энди тушунгандай бўляпман…

Терговчилар яна бир қанча саволлар бериб, масалага ойдинлик киритгач, сўроқни якунладилар. Навбат Суръатга келди.

– Электоросет назоратчиси Мансурни танийсизми? – гуруҳ раҳбари гапни индаллосидан бошлади.

– Анави ток пулини йиғиб юрадиган йигитми? – толмовсиради гувоҳ.

– Ҳа, ўша йигит. Уни охирги марта қачон кўргандингиз?

– Ўн-ўн беш кун бўлди-ёв… кейин у йўқолиб қолибди, деган гаплар чиқди…

– Ўтган шанба куни у сизларникига келган экан. Шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаган, – босиқлик билан сўрашда давом қилди гуруҳ раҳбари, – мана бу қўшни чолнинг кўрсатмаси, – у гувоҳни сўроқ баённомасини йигитнинг олдига қўйди. – Танишиб кўришингиз мумкин! Ё ўқиб берайми?

Суръат бир оқариб, бир кўкариб, индамай, ерга қараб тураверди. Унинг хаёлидан нималар кечаётганини англаш қийин эмасди.

– Мана бу жўрангиз Қуролнинг кўрсатмаси, – терговчи ҳужжатларни бирин-кетин стол устига қўя бошлади, – у ўтган якшанба куни чавақланган одам танасини мошинаси юкхонасида «Наврўз» қўрғонига олиб борганликларингизни ва тоғангизнинг шийпони пойдеворига кўмиб юборганликларингизни тан олди. Мана бу расмларда эса одам тана аъзоларининг бетон фундамент орасидан қазиб олинганлиги акс этган. Булар эса экспертиза хулосалари. Уларда топилган тана қисмлари Мансурники эканлиги, шунингдек, Қуролнинг мошинасидан чиққан қон доғлари ҳам марҳумга тегишлилиги маълум бўлди…

Суръат стол устидаги қоғозларга қайрилиб ҳам қарамади. Бошини хам қилиб, бир нуқтага тикилганча ўтираркан, кўзларида ёш милтиради, юзида чуқур қайғу, афсус-надомат аломатлари зоҳир бўлди.

– Хўш, Суръатжон, гапирамизми? – деди гуруҳ раҳбари мулойимлик билан, – қани эшитамиз, бир бошидан бошлайверинг.

– Мансур акани ўлдирмоқчи эмасдик, – тилга кирди Суръат, – ҳаммасига ўзи сабабчи. Тамагирлик қилмаганида бу иш бўлмасди… Онам унга бир неча марта пул берди. У эса талаб қилишда давом этди… Шанба куни яна келди. «Камомадни тўламасам, ишим прокуратурага ошади, қамалиб кетаман, унда сенларни ҳам сотаман», деб пул талаб қилиб, ёқамдан бўға бошлади. Жон ҳолатда қаттиқ силтаб, итариб юбордим. Қалқиб кетиб, боши билан остонадаги зинанинг қиррасига урилди… Шу заҳоти жони чиқиб кетган экан… Мурдадан қандай қутулишни билмай бошим қотди. Ҳовлига кўмсам, изласа топиб олишлари мумкин. Шу сабабли туни билан жасадни қиймалаб, халтага жойладим. Эрталаб Қурол жўрамни чақирдим… У ёғи сизларга маълум…

– Мансур келганда онангиз уйда эдиларми? – саволларни қалаштирди гуруҳ раҳбари.

– Ҳа, уйда эди…

– Нима, у индамай томашабин бўлиб туравердими?

– Йўқ, нима қилсин? Мени тўхтатишга ҳаракат қилди…

– Шунақа денг, – жиддийлашди Санжарбек, – аммо ўтказилган экспертиза натижалари бошқа гапни айтмоқда. Мана эшитинг, – у қўлидаги қоғозни ўқишга тушди: – «Ўлим – марҳумнинг бош миясига тўмтоқ жисм билан бир неча бор урилиши ва бўйни ингичка жисм билан буғиш натижасида келиб чиққан». Бунга нима дейсиз?

Суръат суратдай қотиб, бошини қуйи солганча индамасдан тураверди.

– Онангизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганингиз яхши, аммо биз ҳақиқатни билишимиз шарт, – тушунтиришга ҳаракат қилди гуруҳ раҳбари. – Ёлғон-яшиқ билан қутулиб кетаман, деб хомтама бўлманг…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации