Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Тўй бўлдими?

– Йўқ… ёзга чиқиб, мактаб тугагандан сўнг бўлса керак…

– Наҳот севган қизингизнинг тақдири сизни қизиқтирмаган бўлса! – зарда қилди Худойберди.

– Нима қилай? У кутган бахтни беролмасам, ўзимни четга олишга мажбур бўлдим-да!

– Қўрқоқлик қилдим, денг! Ҳа, эсиз севги, эсиз қиз-а! – изқувар ҳамон йигитнинг номардлигини ҳазм қилолмаётганди.

Салим индамади, бечоранинг дарди ичидалиги сезилиб турарди. Терговчилар яна бир талай саволлар бериб, масалага ойдинлик киритишга уриндилар. Шу орада Абдуғани нозиккина, ҳуркаккина, қорамағиз, сочлари товонини ўпиб турган сулув қизни хонага бошлаб кирди. Салим қизни кўриб, тошдай қотиб қолди.

– Ассалому алайкум, – қиз ўтирганлардан нигоҳини яшириб, ийманибгина салом берди.

Гуруҳ раҳбари ўрнидан туриб, гувоҳга жой кўрсатди ва ўзини, ҳамкасбларини таништирди.

– Синглим, безовта қилаётганимиз учун узр, – мулойимлик билан сўз очди терговчи, – сизни муҳим бир иш бўйича гувоҳ сифатида сўрашимизга тўғри келди. Фақат ростини айтасиз, хўпми?

Қиз «яхши» дегандай бош ирғаб қўйди.

– Мана бу йигитни танийсизми? – деди Санжарбек Салимни кўрсатиб.

Қиз эътибор қилмаган экан шекилли, синфдошини кўриб, бир муддат нима гаплигига тушунолмай анқайиб қолди.

– С-и-з… бу ерда… т-и-н-ч-л-и-к-м-и? – деди қиз бир синфдошига, бир терговчига қараб, – бирор кор-ҳол....

– Салимжон, сиз ҳам ташқарида кутиб турсангиз, – деди гуруҳ раҳбари йигитга қарата, – кейин чақирамиз.

Йигит қиздан кўз узолмай истар-истамас хонадан чиқиб кетди.

– Хавотир олманг, Салимжон ҳам бизда гувоҳ сифатида ўтяпти, – терговчи қизнинг хавотирини йўқотиш учун изоҳ берди. – У билан охирги марта бозор ёнида учрашган экансизлар-а?

– Шундай, – деди қиз қип-қизариб.

– Ўша куни учрашувга бориш учун «Матиз» мошинасига ўтирган экансиз, ёдингиздами?

– Қ-а-н-а-қ-а «Ма-тиз», – баттар ҳайрон бўлди қиз.

– Ўша куни Салимжон билан бозор ёнида учрашгансизлар, тўғрими? – англатишга уринди терговчи. – Ўша ерга «Матиз» мошинасида келганингиз эсингиздами?

– Ҳааа, такси демайсизми? – эслади қиз. – Қўл кўтарсам тўхтади…

– Ўша таксига қаерда ўтиргандингиз?

– У-й-и-м-и-з т-о-м-о-н-д-а – шаҳар ҳокимиятининг олдида тўхтатгандим, нимайди? – нигоҳини опқочди қиз. Терговчилар «алдаяптими ёки адашяптими?» деган маънода ўғринча кўз уриштириб олдилар.

– Синглим, бу жуда муҳим, ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича айтиб беришингиз шарт, – терговчи масаланинг жиддийлигини эслатиб қўйишга мажбур бўлди, – «Матиз»га қаерда ўтиргандингиз?

– Шу куни… уйдагилар бир йигит билан учрашувга чиқаришганди, – оҳиста гап бошлади қиз, – аквапаркда учрашдик… Кетишда у мени мошинасида уйга ташлаб қўймоқчи бўлди. Мен унамадим. У қўярда-қўймай мошинасига ўтқазди. «Дугонамникида қолишим керак», деб ярим йўлда тушиб қолдим. Салимда маслаҳатли ишим бор эди. Шунинг учун унга қўнғироқ қилдим. У билан марказий бозор ёнидаги тураргоҳда учрашишга келишдик. Йўл мошиналарга қўл кўтариб, бироз кутдим. Кейин ўша «Матиз» келиб тўхтади. Савдолашиб, мошинага чиқдим. У мени бозор ёнига олиб келиб ташлади. Салим отасининг мошинасида чиққан экан. Шаҳар четидаги бир кафега кириб, суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин у мени уйгача олиб бориб қўйди…

– «Матиз»нинг эгасини танирдингизми? – илмоқли савол берди терговчи.

– Йўқ, қаердан танийман… кирачи бўлса керак-да…

– Мошинада сиздан ҳам бошқа йўловчи бормиди?

– Ҳеч ким йўқ эди… ўзи келиб тўхтади… бўш экан, чиқдим…

– Балки йўл-йўлакай бирортаси чиққандир?

– Бозоргача бир ўзим келдим… кейин чиққан бўлмаса…

– Сиз қайси ўриндиққа ўтиргандингиз?

– Орқага… ўнг ўриндиққа…

– Ҳайдовчи билан нималар ҳақида гаплашдингизлар?

– Ҳеч нарсани гаплашмадик. Шафёр ака бидиллаб, бир нарсаларни сўрагандай бўлганди, ҳозир ёдимда йўқ. Кайфиятим яхши эмаслиги учун жавоб қайтармагандим…

– Мана бу нарса сизга таниш эмасми? – терговчи тортмадан салафанга ўролган пичоқни олиб, стол устига қўйди ва қизнинг реакциясини кузатиш учун унга зимдан тикилди.

– Бу нима? – ҳайрон бўлди қиз. Терговчи унинг вужудида ҳаяжон аломатларини сезмади. «Йўқ, биз излаётган одам бу эмас. Пичоқни кўрганда сесканиб кетиши, ҳаяжондан ўзини сал бўлса-да, йўқотиб қўйиши керак эмасмиди? Гап нимадалигини англолмай турибди. Соддагина қизга ўхшаб турибди. Тағин адашдик чамаси…».

– Ўша куни кимдир «Матиз»нинг ўриндиғи тагига шу пичоқни ташлаб кетган. Сизнинг кўзингиз тушмаганмиди?

– Йўқ… кўрмадим… Нима, бу пичоқда кимдир…

– Одам ўлдирилган!

– Ё тавба! Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, – қиз чўчиб кетди, – кимни? Мен танийманми?

– Йўқ, сиз танимайсиз, – гуруҳ раҳбари сўроқни тугатишга ошиқди, – сизга раҳмат, керак бўлиб қолсангиз яна чақирамиз. Хайр, яхши боринг!

– Бу ишга Салимнинг алоқаси йўқми? – хонадан чиқиб кетар экан, Саида савол беришга жазм қилди.

– Йўқ, йўқ, у ҳам сизга ўхшаш гувоҳ, хавотир олманг, тинчлантирди терговчи, – ҳа, дарвоқе,тўй қачон?

– Тўй бўлмайди, – деди Саида маҳзун овозда, – ўзим ортидан тушиб, у боланинг гиёҳванд, безори эканлигини дадамга исботлаб бердим.

– Унда Салимжон билан…

– Йўқ, оила қуриш учун муҳаббатнинг ўзи етарли эмас экан, – деди қиз ўзгача бир қатъият билан, – жасорат, мардлик ҳам керак экан. Афсуски, ҳозирги йигитларда шу сифатлар камайиб кетган…

Қиз чиқиб кетгач, Худойберди таассуротини яширолмади:

– Бало қиз экан. Тўмарис, момонинг авлоди-да! Отасининг сўзини икки қилолмай, кўз ёшига зўр бериб ўтирганда бахтсиз бўларди-қоларди! Ўзи курашиб, ҳақиқатни юзага чиқарибди. Қойил қолдим. Манави Салимга ўхшаш сўтак, латтачайнарларнинг юзтасидан афзал.

– Шунақа, бизнинг хотин-қизлар нафақат ибо-ҳаёда, азми шижоатда ҳам бетакрордир, – ҳамкасбининг фикрини давом эттирди Санжарбек, – сиз эса уларни жиноятчига чиқармоқчи бўласиз… яхши эмас!

– Камина бу қизнинг жиноятга заррача алоқаси йўқлигини бошидаёқ сезган эди, – ҳазил-мутойиба аралаш мақтанчоқлик қилди Худойберди.

– Наҳотки, камина эса ҳозир ҳам қизни шубҳадан холи деб ҳисобламай турибди. Шижоатли, ғайратли инсон ақлли ҳам бўлади. Ақлли киши эса артистликни ҳам қойилмақом уддалай олади. Ҳар қандай ишни бехато адо этади. Буни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Шу сабабли қатъий хулоса чиқаришга шошмаганимиз маъқул.

– Ээээ, Санжар ака, шу фарштадай қиздан ҳам гумонингиз борми? Қўйинг-э! – кулди ёш терговчи. – Тўқсон тўққиз фоиз кафолат беришим мумкин, бу қизнинг бизнинг ишга алоқаси йўқ.

– Ана, кўрдингизми, бир фоиз бўлса-да, шубҳа қоляптими? Демак, ишлашга фронт бор.

– Санжар ака, ҳазиллашяпсизми? Бир фоиз эҳтимоллик…

Шу пайт гуруҳ раҳбарининг телефон рақами жиринглаб қолди.

– Хўш, Фозилжон, аниқладингизми?

– Санжар ака, – нариги тарафдан изқуварнинг дўриллаган овози эшитилди, – топшириғингизга кўра Саида ва Салимнинг телефон сўзлашувлари таҳлилини қараб чиқяпмиз… Саида жиноят иши доирасида ўтаётган шахслардан фақат Тахмина билан бир неча марта гаплашган…

– Саида уни танирмикан?

– Таниса керак-да, кейинги икки ой давомида беш-олти марта мулоқот қилишган.

– Шунақа денг, – гуруҳ раҳбари Худойбердига «ана, кўрдингизми» дегандай маъноли қараб қўйди, – Фозилбек, улар қанақа таниш эканлигига, бир-бирини қачондан буён билишларига ойдинлик киритиш зарур.

– Балки шунчаки, танишдир, – деди ёш терговчи «ички туйғуси» алдаганига ишонгиси келмай.

– Бўлиши мумкин, – деди гуруҳ раҳбари телефонни қулоғидан узмай, – нима бўлгандаям бу «фаришита» қизнинг қотиллик атрофида «ўралашиб» қолгани қизиқ. Майли, тезлаштиринглар, кечда штабда учрашамиз.

– Гулистон кичкина шаҳар, кўпчилик бир бирини танийди, дегандим-ку, – Худойберди ўзини «оқлаш»га тушди, – тем более қизлар тенгдош…

– Йигитларга айтинг, қизни қайтаришсин, – гуруҳ раҳбари Абдуғанига буйруқ берди. Изқувар йўлакка чиқиб, кимгадир қўнғироқ қилиб, гаплашди ва хонага қайтиб кирди:

– Бўлди, ҳозир қайтиб келади, ҳали узоқлашиб кетмаган экан.

– Мулла Худойберди, кўрдингизми, қизнинг чиройли гаплари иккимизни ҳам алдаб қўйди, – гуруҳ раҳбари пайтдан фойдаланиб, «музокора»ни давом эттирди, – охиригача сўраб-суриштирмадик…

– Санжар ака, нима десангиз денг, мен барибир ўз фикримда қоламан: қизнинг қотилликка заррача алоқаси йўқ! – ўзиникини маъқуллашда давом этди йигит.

– Бўлса бордир, – бепарволик билан жавоб қилди Санжарбек, – бу ерда муаммо қизнинг қотилликка алоқаси бор ёки йўқлигида эмас, балки ички туйғуга эрк бериб, шошилинч хулосага келганимизда! Эҳтимоллик даражаси бир фоиз бўлган ҳолатларни ёддан чиқарганимизда! Терговчи иш бўйича барча ҳолатларни, ҳатто эҳтимоллик даражаси жуда паст бўлганларини ҳам тўлиқ текшириши ва фақат шундан кейингина қарор қабул қилиши мақсадга мувофиқ.

Шу пайт Абдуғани хонага Саидани бошлаб келди.

– Саидахон, келинг, ўтиринг, бир нарсани сўраш ёдимиздан чиқибди, – гуруҳ раҳбари қизга жой кўрсатди. – Сиз Илёс дўхтирни танийсизми?

– Қанақа Илёс… дўхтир… йўқ, унақа одамни танимайман, – деди қиз қалин қошларини чимириб.

– У кишининг қизлари Шахинани-чи?

– Йўқ, уни ҳам танимайман. Ким экан у?

– Тахминани-чи?

– Тахмина деган танишим бор, – деди қиз бироз ўйланиб туриб, – пазандалик курсида бирга ўқиганмиз… фамилияси Илёсова эди шекилли…

– Гаплашиб турасизларми?

– Гоҳида қўнғироқлашиб турамиз…

– Охирги марта қачон гаплашгандинглар?

– Адашмасам ўн-ўн беш кун олдин… аниқ санаси ёдимда йўқ.

– Мана, йигирманчи июлда гаплашган экансизлар, – деди терговчи қўлидаги қоғозга қараб, – у сизга қўнғироқ қилган. Сизда нима иши бор экан?

– Ҳа, қўнғироқ қилганди, – эслашга ҳаракат қилди қиз, – пазандалик курсида ўқиган беш-олтита қизлар гап ташкил қилмоқчи эдик. Тахмина ҳар гал боролмайман, уйдагилар рухсат бермайди, дер эди. Охирги қўнғироқ қилганда бобоси ўтиб қолганини айтиб, энди гапга бемалол келиши мумкинлигини маълум қилганди…

– Бувиси вафот этганини айтмаганмиди? – саволларни ёғдирди терговчи.

– Йўқ… нима, бувиси ҳам қазо қилганми? – ҳайрон бўлди қиз. – Бу ҳақда ҳеч нарса демаганди…

– Бобоси ҳақида яна нима деганди?

– Жуда қаттиққўл одам эканини айтганди. Ҳеч қаерга боришга рухсат бермаскан. Қадамини пойлаб юраркан. Кўчага чиқиб, сал кечикиб қолса жанжал кўтараркан…

– Ота-онаси ҳақида ҳам гапирганмиди?

– Курсда ўқиб юрган пайтимизда бир юрагини очганди. Ўшанда отаси вафот этиб кетганини, онаси эса уни ташлаб, чет элга кетиб қолганини йиғлаб-йиғлаб айтиб берганди. Шу сабабли буви-бувасининг қўлида катта бўлганини гапирганди.

– Бувиси ҳақида нималар деганди?

– Бувиси ҳақида деярли гапирмаган. Мен ҳам сўрамаганман… Асосан, бобосидан ранжиб юрарди.

– Нега, қаттиққўллиги, кўчага чиқишга рухсат бермагани учунми?

– Билмадим, қариб, мияси суюлиб, майдагап, тажанг бўлиб қолган, дегани ёдимда.

– Тахминанинг уйига борганмидингиз?

– Йўқ, бормаганман.

Гуруҳ аъзолари яна бир неча саволлар бериб, қиздан иш учун аҳамиятли маълумотларни олишга урундилар. Шундан сўнг Салимжон ва унинг отаси Анорбой қайта сўроқ қилинди ва кўргазмалари қоғозга муҳрланиб, «қорни» тобора қоппайиб бораётган жиноят ишига қўшилди.

* * *

– Тавба, Ғолиб деганлари ерга кирдими ё осмонга учиб кетдими, ҳайронман, – деди Фозил хуноби ошиб, – изламаган жойимиз, кирмаган тешигимиз қолмади-я!

– Умар Ҳаём айтадилар, – Худойберди қироат билан ашъор ўқишга тушди:

 
Мен ўлсам май бирла ювмоқни кўзланг,
Йўқловида жом бирла шаробдан сўзланг.
Қиёмат кунида топмоқ бўлсангиз,
Майхона тупроғин тагидан изланг.
 

Бу алкашни майхонадан қидириш керак.

– Эййй, нима деяпсиз, майхона ҳам, тўйхона ҳам, жиннихонаю ҳушёрхона ҳам қолмади, – Фозилнинг афти тиришди. – Бутилкадошлари «бош оғриқ» қилиб юрган бўлса керак дейишди. Бу муттаҳам бир ичса, беш-олти кун бош кўтармай ичаркан. Бир кунжакда чўчқадай думалаб, ичиб ётгандир-да!

– Поччаси, опаси нима деяпти? Бу муттаҳам шунча кундан бери йўқ, улар хавотирга тушмаяптими?

– Йўқ, уларнинг тўпиғига ҳам келмаяпти, – деди Фозил керишиб, – муқаддам ҳам бунақа воқеалар бўлган экан-да! Опасидан сўрасак, «Қаерга борарди, айланиб-айланиб, кеп қолади», деди. Поччасини чақирганман, ўзингиз гаплашиб кўришингиз мумкин.

– Келганми?

– Ҳа, боя телефон қилганди, ташқарида кутиб турибди.

– Чақиринг, гаплашиб кўрайлик-чи!

Изқувар хонадан чиқиб, бир муддатдан сўнг Абдужалилни бошлаб кирди. Салом-аликдан сўнг Санжарбек эҳтиёткорлик билан гувоҳнинг қўйнига қўл солиб кўрмоқчи бўлди:

– Қайнингиз – Ғолибжон билан гаплашиб турибсизми?

– Қаердан гаплашаман, телефони ўчирилган… уйга ҳам келмай қўйди…

– Олдин ҳам шунақа йўқолиб кетадиган одати бормиди?

– Ичмаса туппа-тузук одам, ичиб олса, ҳайвондан фарқи бўлмай қолади. Ичкилик қаёқда бўлса, ўша ёққа қараб улоқиб кетади… «бош оғриғи» тугамагунча уни излаш бефойда…

– Қанча давом этади у сабили?

– Бир ҳафтага боради-ёв…

– Одамларнинг гапига қараганда, қўлида каттагина доллар олиб юрганмиш. «Керак бўлса ҳаммангни сотиб олишга қурбим етади», деб мақтанганмиш. Пулни қаердан олган бўлиши мумкин?

– Қанақа пул, оғзига келганини гапираверади-да! Битини сотадими? Юз грамм анави зормондага етарли пули бўлса бас, ундан бой одам йўқ, кариллагани-кариллаган.

– У бирортасини тунаган бўлиши мумкинми?

– Йўғ-э, унчаликка бормас… лекин ичган пайти… нима қилаётганини тушунмасдан…

– Сиз дўхтирга қарзингизни берган пайтингиз Ғолиб сизникида бўлган экан, – масалага яқин борди терговчи, – ўтган сафар у дўхтирга пул берганимни кўрмаганди, жиянларининг велосипедини созлаб турганди, дегандингиз. У ўзини ҳеч нарсани сезмаётгандай тутгани билан гап нимадалигини англаган бўлиши мумкинми?

– Менимча, у бизнинг нима ҳақида гаплашаётганимизни сезгани йўқ, – деди гувоҳ ўйланиб туриб, – сезганда Илёс дўхтир кетгандан кейин мендан бу ҳақда сўраган бўларди.

– Сизга нега айтсин, – кулимсиради терговчи, – шум ниятни ошкор қилиб бўладими?

– Нима, сизлар дўхтирни Ғолибжон «тинчитган» демоқчимисизлар? – хавотирини яширолмади Абдужалил. – Адашяпсизлар-ов!

– Нега? Ғолиб сизникига келиб, каттагина пулнинг ҳидини олиб, нияти бузилган, тезда шериклари билан мўмай пулни ўмариш режасини тузган, кейин қулай фурсатни топиб, дўхтирнинг уйига бостириб кирган, бахтга қарши, дўхтир уйғониб кетиб, «чақирилмаган меҳмонлар»га қаршилик кўрсатган, босқинчиларда уй эгасини ўлдиришдан бошқа чора қолмаган, сўнг улар сейфдан каттагина пулни ўмариб, кўздан ғойиб бўлишган. Гувоҳлар у қўлида бир даста доллар билан мақтаниб юрганини кўрган. Ўзи ҳозир қочиб юрибди… Ҳаммаси тушунарли эмасми?

– Билмадим, шунчаликка бормас-ов! Тўғри, олдин қамалиб чиққан…

– Ғолиб қаерга яшириниши мумкин? – терговчи навбатдаги саволни берди.

– Яширинган дейсизми? «Қаерда ичиб, қолиб кетган?» десангиз тўғрироқ бўларди.

– Майли, нима деб аташ муҳим эмас. Қайнингизни қаердан топиш мумкин?

– Билмайман, бу болада аниқ манзил бўлмаса… Бедананинг уйи йўқ, қайга борса питбилдиқ, деганларидай…

– Яхши, агарда қўнғироқ қилиб қолса, бизга хабар қиларсиз, – Худойберди ўрнидан турди.

– Менга-ку, қўнғироқ қилмайди, опасига қилиб қолса, айтаман.

Гувоҳ чиқиб кетгач, Фозил терговчининг фикрини билишга қизиқди:

– Шеф, сиз чиндан ҳам қотилликни шу пиёниста қилган деб ўйлайсизми?

– Ҳа, нима, бунга монелик қиладиган ҳолатлар борми?

– Ҳай билмадим-да! – изқуварнинг юзи тиришди, – бу алкаш нари борса оддийгина ўғрибача-да! Одам ўлдириш унинг иши эмас.

– Ароқ учун, маишат учун пул керак, – терговчи фикрини асослашга урунди, – пул топиш осон эмас. Шу сабабли мўмай пулни кўрганда улар ҳеч нарсадан тоймайди, одам ўлдиришдан ҳам тап тортмайдилар.

– Тўғрику-я, аммо, лекин… негадир менинг ишончим комил эмас-да.

– Хавотирингиз асосли, – тан берди Худойберди, – бу ишдан бирор нарса чиқишига менинг ҳам кўзим етмай турибди. Лекин нима қиламиз, эҳтимоллиги кам бўлса-да, ҳар бир тахминни охиригача текшириб кўришимиз шарт. Бундай олиб қараганда қўлимизда бошқа тузукроқ тахмин йўқ. Билмадим, бу кетишда боши берк кўчадан қандай чиқиб кетамиз…

– Шу Санжар ака ҳам қизиқ терговчи экан-да! Қонунни нуқта, вергулигача ушлашга ҳаракат қиларкан. Қонун бошқа, ҳаёт бошқа! Бунчалик «буквоед» бўлиш керак эмас-да! Бу туришда иш кетадими? Яхши гап, раҳмдиллик, кўнгилчанлик билан жиноятни очиб бўладими? Терговчи деганлари сал таваккалчи, зардали бўлиши керак-да! Етти ўлчаб, бир кесаман, деганлар сарасидан экан-да! Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битибди, деган гаплар ҳам бор-ку…

– Ҳой-ҳой Фозил ака, бу нима, – ғийбатми? – Худойберди эътироз қилди.

– Ғийбат эмас, гапнинг индаллосини айтиб турибман-да! Нима, гапим ёлғонми?

– Афсуски, сиз аётаётган гаплар ғийбатнинг ўзгинаси, – фикрини асослашга тушди терговчи. – Журжоний айтади: «Ғийбат инсондаги бор айбларни унинг ўзи йўқлигида зикр қилишдир». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Эй Аллоҳнинг расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» деб сўрашди. «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар. Шундан келиб чиқиб, гапларингиз ғийбатми ёки бўҳтонми, ўзингиз баҳо бераверасиз.

– Эййй, боринг-э, мен нима дейман-у, қўбизим нима, дейди! – «аразлади» изқувар. – Сиз, терговчиларга гап уқтириб бўладими? Барингиз бир…

– Баринг бир гўр, демоқчисиз-да, – кулди Худойберди.

– Барингиз бир хил… ўзбилармонсизлар… Майли, нима қиламиз, бизлар кичкина одам – аскармиз! Нимани буюрсангиз бажарамиз!

– Фозил ака, камтарлик қилманг, – «ярми ҳазил-ярми чин» давом этди терговчи. – Сиз изқуварсиз. Жиноятни фош этиш сизнинг сайъ-ҳаракатингизга боғлиқ. Сизларда катта имконият бор. Бутун бошли ички ишлар тизими сизларга хизмат қилади. Аслида, биз терговчилар сизларнинг ортингиздан кетишимиз керак. Жиноятчининг изидан тушиб, уни қўлга олиш сизларнинг вазифангиз. Терговчининг иши эса унинг айбини исботлаб, судга оширишдан иборат. Шундай экан, бўлинг, ўтиравермасдан жиноятчини топинг!

– Ҳа, оласиз-да! Бўпти, биз кетдик унда…

– Қаерга?

– Халқимга… ишимга… жиноятчини топишга… – Фозил тиржайганча шаҳдам қадамлар билан хонадан чиқиб кетди.

* * *

Терговда силжиш бўлмаётгани Санжарбекни ташвишга сола бошлади. Вақт ўтган сари ёқимсиз бир тушкун кайфият вужудини чулғаб, ишдан қўлини совутаётгандай эди. Бир қарашда унча мураккаб бўлмаган жиноятни очиш шунчалар муаммо бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. «Ҳамма тахминлар устида ишланди. Уларнинг ҳеч бирига умид боғлаб бўлмайди. Тергов боши берк – зимистон кўчага кириб қолди. Бундай ҳолатда Фахриддин Каримович қандай йўл тутган бўларди? Биринчи навбатда кўнглини чўктирмаган, умидсизлик домига тушмаган бўларди. Иккинчидан, бор тахминлардан наф чиқмаса, янгилари устида бош қотирарди. Хўш, бизнинг ишда яна қанақа фаразларни олға суриш мумкин? Чол-кампирнинг яқинлари, атрофидаги инсонлар билан ишлаб кўрдик. Жиддий шуғулланмаганларимиздан эҳтимоллик даражаси жуда паст бўлган Шахина ва Тахмина қолди. Ўз фарзанди-аржуманди шу ишни қилиши мумкинми? Тарихда ҳам, айни замонда ҳам падаркушлар бўлган. Аммо уларнинг кўпчилиги эркаклар… Аёл падаркушлар ҳақида ҳеч эшитмаган эканман. Балки бордир, айрим аёллар қаҳрда эркаклардан баттар бўлади. Бундай хотин-қизларни нозик хилқат вакиллари сирасига қўшиб бўладими? Шахина оддийгина, самимий ўзбек аёли. Унинг бунақа ишга қўл уришини тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, унинг ўз ота-онасини ўлдириши учун ҳеч қандай асос, мотив йўқ. Тахмина-чи? У ёшгина, беғубор қиз. Унинг ўз ота-онаси ўрнидаги инсонларга, ёшлигидан оқ ювиб, оқ тараган жигарбандларига, бу ҳаётда суяниши мумкин бўлган ягона ғамхўрларига нисбатан шунақа ҳунрезликка боришига ақл бовар қилмайди. Бошқа томондан унда ҳам бува-бувисини жисмонан йўқ қилиш учун ҳеч қандай сабаб, асос мавжуд эмас. Тўғри, дўхтир неварасини кўп тергаган, яхши юриб, яхши туришини талаб қилган. Ота ўрнида ота, ҳам бобо сифатида марҳум ўғлидан қолган ягона зурриётнинг тарбияси учун ўзини масъул ҳисоблаган. Қолаверса, ҳали оғзидан она сути кетмаган қизнинг икки кишининг ҳаётига зомин бўлишига ишониш қийин… Шунга қарамасдан бу тахмин устида ҳам жиддийроқ ишлаб кўришга мажбурмиз… Хўш, яна қандай тахмин устида бош қотириш мумкин? Балки дўхтирнинг қотиллиги умуман унга дахли бўлмаган нотаниш шахсларнинг ишидир. Улар тасодифан дўхтирникига ўғирликка киришган. Чол уйғониб кетиб, фаол қаршилик кўрсатган. Ўғри бачаларда уй эгасини ўлдиришдан бошқа чора қолмаган. Ёки ўғрилар кимдандир дўхтирнинг судхўрлик билан шуғулланишини эшитиб, атайлаб уникига «меҳмон»га келишган… Бундан чиқди кейинги йилларда ўғирлик, талончилик, босқинчлик билан судланган шахслар доирасини янада кенгайтириш зарурияти туғилади. Қидирув нафақат Сирдарё, балки қўшни Жиззах, Тошкент вилоятлари, пойтахтни ҳам қамраб олишимиз шарт…

Санжарбек хаёл билан хонага Худойберди, Жўрабой ва Абдуғани кириб келганини ҳам сезмай қолди.

– Ассалому алайкум, Санжар ака, хомуш кўринасиз? – ёш терговчининг кайфи чоғ эди.

– Суюнишга арзигулик сабаб бўлмаса не қилайлик, – гуруҳ раҳбари ҳамон тушкун ички кечинмалар таъсиридан чиқмаганди, – аммо айримларнинг оғзилари қулоғида, тинчликми?

– Тинчлик, тинчлик, ишда салгина силжиш бўлса, бизларга байрам-да! – деди Жўрабой тиржайиб.

– Э, шундан гапиринг-да, – гуруҳ раҳбари ўрнидан туриб кетди, – хушхабар эшитадиган кун ҳам бор экан-ку!

– Ва ниҳоят, Ғолибнинг дараги чиқди, – ҳаммадан олдин «суюнчи» олди Худойберди, – бир соат олдин опасига қўнғироқ қилиб, прокуратура у билан нимага қизиқаётганини сўради…

– Қани, аудио ёзуви борми? Қани, келинглар, – гуруҳ раҳбари ҳамкасбларини ўтиришга таклиф қилди, – эшитиб кўрайлик-чи.

– Марҳамат, – Абдуғани қўлидаги миттигина магнитофонни стол устига қўйиб, мурватини буради:

– Опа, яхшимисан? – тасмадан эркак кишининг дағал овози эшитилди.

– Ғолибжон, ўзингмисан, қаерларда юрибсан? – қандайдир хавотирда шивирлаб гапирди «опа». – Ҳеч бўлмаса телефон қилиб қўйсанг бўларди.

– Эйй опа, биласан-ку, ишлар билан ғимирлаб юрибман-да, гўрга кетармидим, – минғаллади ука «сансираб». – Нима гаплар опа, мени милиция излаётганмишми?

– Ҳа, излаяпти, сен бола яна бир ғалвани бошладингми, дейман-да!

– Қанақа ғалва? Мен ҳеч кимнинг мушугини пишт деганим йўғ-эээ…

– Унда нега айнан сени излайди? Поччангнинг айтишича, бир дўхтирни ўлдириб кетишганмиш… Ўшани сендан…

– Н-и-м-а? Бу эшакларда калла борми? Қамалиб чиққан деб мени крайний қилишмоқчими?!!!

– Сен қилмаган бўлсанг, нега жиннига ўхшаб, қочиб юрибсан?

– Эйй опа, бу ментларни билмайсанми, керак бўлса, уриб, бўйнингга қўяди…

– Поччанг айтди, қўлингда бир дунё пул билан босар-тусарингни билмай юрганмишсан… Сен қилмаган бўлсанг, шунча пулни қаердан олдинг, ахир!

– Ким айтди? Хо-хо-хо! – кулди йигит, – оғзига кучи етмаганлар ҳар нарса деяверади-да! Борни кўролмас, йўққа беролмасларнинг иши бу!

– Ғолибжон, шунча кўргиликлар сенгга каммиди? – деди опа куюнчаклик билан, – сен бола қачон одам бўласан! На оиланг бор, на яшашдан умидинг! Сен қаторилар…

– Ҳой опай, опай, бўлди, бўлди, яна дийдиё қиляпсанми? – жигарининг оғзига урди Ғолиб. – Ҳаммаси яхши бўлади… кўрасан, ҳали зўр одам бўламан!

– Айтганинг келсин, лекин қочиб юраверсанг, қотилликни точно сен қилгансан деб ўйлашади-ку! Кеп, бошингни очиб олганинг яхши эмасми? Қачонгача қочиб юрмоқчисан?

– Ташвиш чекма, мени тутишолмайди. Қўлга тушадиган аҳмоқ йўқ… Мендан хавотир олма. Ўзим қўнғироқ қилиб тураман, – гапни калта қилиб, гўшакни қўйди Ғолиб.

– Укажон… ўзингни эҳтиёт… – опанинг гапи оғзида қолди. Гўшак «дут-дут»лаб, алоқа узилди.

Изқувар магнитофонни ўчириб, гуруҳ раҳбарига мурожаат қилди:

– Бу бола ароқхўр бўлсаям, хушёрликни қўлдан қўймай нотаниш аёлнинг телефонидан фойдаланган. Хотинни топдик. Темир йўл вокзали ёнидаги автобус бекатида ўтирганда Ғолиб ёнига келиб, «Телефонимнинг қуввати қолмади, хотиним касал эди, сизникидан унга қўнғироқ қилиб олсам майлими?» деб илтимос қилибди. Аёл телефонини берибди. Йигит сал четга чиқиб, ким биландир гаплашиб, аппаратни эгасига қайтариб берибди.

– Ўзганинг телефонидан фойдаланяпти, демак, телефон пеленгацияси нималигини яхши билади, шундайми?

– Ҳарҳолда қамалиб чиққан одам, анча-мунча нарсаларга ақли етишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, – деди изқувар бепарволик билан, – билмаган тақдирда ҳам, қўлида телефони йўқ, бировникидан фойдаланишга мажбур.

– Хўш, энди бу жанобни қаердан излаймиз? – Санжарбек савол назар билан ўтирганларга қаради.

– «Мени тополмайди» деб ишонч билан гапиришига қараганда Ховос орқали Тожикистонга ўтиб кетиш йўлини билса керак-да, – Жўрабой фикр билдирди. – Чегарадаги қишлоқларда таниш-билиши ёки қариндоши бўлса, бу унча мураккаб иш эмас…

– Тўғри, чегарадаги айрим қишлоқларнинг ярми Ўзбекистон бўлса, ярми Тожикистонга қарашли, – маъқуллади Худойберди, – ариқ ҳатлаб, чегарани кесиб ўтиш муаммо эмас…

– Зудлик билан Ғолибнинг чегара ҳудудларда қанақа қариндоши ёки таниш-билиши бўлгандигига аниқлик киритиш лозим, – деди гуруҳ раҳбари ўтирганларга қарата буйруқ оҳангида. – Чегарачилар, ўша ҳудудлардаги участка нозирларига унинг суратини тарқатиб, уни ушлаш чораларини кўриш ҳақида тегишли топшириқ юбориш зарур.

– Балки бирорта танишиникида бекиниб ётгандир, – деди ёш терговчи бошини қашилаб, – пулли меҳмон ҳеч кимга малол келмайди. Айниқса, мезбон ҳам ўзига ўхшаган майга ошна, шинаванда йигитлардан бўлса!

– Санжар ака, майли Ғолибни қўлга олармизам, аммо у биз ахтараётган одам бўлиб чиқмаса-чи? – журъатсизлик билан мулоҳаза билдирди «профессор», – гап-сўзидан у қотилга ўхшамаяпти.

– Гап-сўзидан қотилни аниқлаб бўлармикан, – кулди Абдуғани, – бу шайтонлар илоннинг ёғини ялаган, қаерда, қанақа гапиришни яхши билишади. Қамоқ уларга кўп нарсаларни ўргатган. Телефон сўзлашувларини эшитиб турганимизни сезиб, артистликни қойиллатган.

– Бўлиши мумкин, – «профессор» паст кетгиси келмади, – ундан шубҳа қилишимизга кимдир унинг қўлида доллар кўргани ва воқеа жойига яқин ҳудудга икки марта кириб-чиққани асос бўляптими? Балки у долларни бошқа жойдан олгандир? Балки воқеа жойига яқин келишининг ҳам бошқа сабаби бордир? Бас шундай экан, шу икки ҳолатга аниқлик киритиб, истесно йўли билан Ғолибни гумондан холи қилиб қўйганимиз маъқулроқмикан? Бунинг учун, албатта, уни қўлга олиш шарт эмас. Унинг иштирокисиз ҳам масалага ойдинлик киритса бўлади. Узоқ ва машаққатли йўлни танлагандан кўра, осон ва қулай йўлдан борган яхши эмасми?

– Биринчидан, бу бойваччани фақат доллар олиб юргани ёки воқеа жойига яқин ҳудудга киргани учун эмас, – босиқлик билан эътироз қилди гуруҳ раҳбари, – балки Илёс бобода каттагина пул борлигини биладиган камсонли кишилар сарасига киргани учун шубҳа остига олинганди. Бу муҳим масала, ёддан чиқармаслик лозим. Ҳозир кимдир «Унда Зебинисо кампирнинг ўлимига унинг қанақа алоқадорлиги бор?» деган саволни кўтариши табиий. Терговда бунга жавоб йўқлиги ҳаммангизга маълум. Бу эса ҳали ишимизда биз билмаган, ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдиролмайдиган жумбоқлар кўплигидан далолат. Иккинчидан, такрор айтаман, ҳозирча терговда бундан ишончлироқ тахмин йўқ экан, биз мавжуд тахминлар устида ишлаб, ишни охиригача олиб боришга маж-бур-миз! Ту-шу-нар-ли-ми?

– Тушунарли! – бир овоздан маъқуллади тўпланганлар.

– Ундай бўлса, келинглар, кейинги икки-уч кун ичида қиладиган ишларимизни бир тизимга солиб, бажариладиган ишлар кўламидан келиб чиқиб, ким нима билан шуғулланишини келишиб олайлик…

«Мажлис» узоқ давом этди. Бирмунча «нордон» бўлса-да, керакли раҳбарий кўрсатмалар билан қуролланган гуруҳ аъзолари ўзгача ғайрат-шижоат, кўтаринки кайфият билан енг шимариб, ишга киришдилар....

* * *

Орадан яна бир ҳафта ўтган бўлса-да, терговда силжиш кузатилмади. Кунни яна янгиликсиз ўтказган Санжарбек кеч бўлишига қарамасдан меҳмонхонагача пиёда кетишга қарор қилди. Кўчада мошиналар ғала-ғовури анча тиниб, сокинлик ўз ҳукмронлигини ўтказа бошлаган, ёзнинг сўнгги тунларида куздан дарак берувчи муздек шабада эсиб турган пайтда сайр қилишнинг гашти бўлакча. Бундай пайтда нафақат мияга дам бериш, балки киши тўзиб ётган хаёлларига тароқ уриб, тартибга солишга, тизгинлашга имкон бўлади. «Деярли ҳамма тахминлар етарлича ишланди. Қотиллик дўхтирнинг касбий фаолияти билан боғлик деган фараз натижасиз якунланди. Шифокор бўлиб хизмат қилган кезларда у билан нифоқлашган барча шахслар билан суҳбатлашилди. Кейинги тахмин бўйича у билан олди-берди қилган барча шахслар элакдан ўтказилди, натижа бўлмади. Қотиллик дўхтирнинг яқинлари, қариндошлари томонидан содир қилинган, деган фараз бўйича ҳам бир талай иш қилинди. Фойдаси бўлмади, вақтимиз бесамар кетди… Қотиллик ўғирлик, босқинчлик ёки талончилик мақсадида марҳумга нотаниш бўлган шахслар томонидан содир этилган деган фараз устида ҳам анчагина ишланди. Ҳозирча бирор натижага эришолмадик. Тўғри, бу йўналишда қилинадиган ишлар талайгина. Уларнинг ҳам ижобий тугашига ишониш қийин. Негаки, бу ёқда Зебинисо кампирнинг қотиллиги муаммолигича турибди. Мазкур фаразнинг заиф томони ҳам шунда-да! Агар ҳар иккала қотиллик бир шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг иши деб ҳисоблайдиган бўлсак, «ўғирлик, талончилик» фарази мантиқсиз бўлиб чиқади. Ахир талончи уй эгасини ўлдириб, сейфдаги пулларни ўмаргач, мурод-мақсадига етган бўлмайдими? Унга кампирни ўлдиришдан нима наф? Уффф… тағин ўша жавобсиз саволлар… Бу томонда Худоёр шўрликнинг масаласи осилиб ётибди. Ички ишончга таяниб, унинг айбдорлигини исботлаш ўрнига айбсизлиги исботлаш йўлидан кетдик. «Пичоқ» масаласи ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ҳеч бўлмаса уни ташлаб қўйган шахс хусусида бирор янгилик бўлганда эди…» Хаёл билан меҳмонхонага етиб келганини ҳам сезмай қолди. Эшикдан кириши билан нақд юз кило келадиган «вахтёр» опа дўмбиллаб олдига чиқди:

– Ўргилай, келдингизми? Сизни кутиб, эшикни ёпмай тургандим. Мана калитингиз.

– Узр, бу сафар ҳам сизни куттириб қўйдимми? Бошқа қайтарилмайди, – деди Санжарбек жилмайиб.

– Ҳечқиси йўқ, бизнинг ишимизнинг оти нима? Меҳмонларнинг кўнглини олишдан бошқа нима юмушимиз бор… Сизларни ўйлайман-да, ҳар куни саҳар мардон кетиб, кеч қайтасиз… чарчаб-нетиб қолманглар дейман-да, ўргилай…

– Эй холажон, йигирма тўрт соат ҳам камлик қиляпти, ишимиз шунақа-да, – йигит меҳрибончлик кўрсатиб турган аёлни беэътибор қолдириб кетгиси келмади.

– Ўргилай, сир бўлмаса, нима иш қиласиз? – қизиқсинди хотин.

– Терговчиман опа, терговчи! – деди «меҳмон» кўзлари қисилиб.

– Шу укам органда ишласа керак, деб, ўйлагандим, адашмабман… Ишларингиз тоза қийин-да, биламан, ўргилай… Қаранг, кўзларингиз киртайиб кетибди… Дам олақолинг, эртага яна барвақт ишга кетасиз… Хайрли тун, ўргилай…

Йигит хонаси томон одимлар экан, аёлнинг сўнгги гаплари қулоғига ҳам кирмади…

Санжарбек енгилгина нонушта қилиб, ишга кетишга чоғланиб турганда телефони жиринглаб қолди:

– Шеф, яхши дам олдингизми?

– Раҳмат, бўлади. Нима гаплар? – Санжарбек Фозилни овозидан таниди.

– Худоёр шошилинч сизни кўрмоқчи эмиш… қамоқхонадан қўнғироқ қилишганди.

– Нима иши бор экан? – ҳайрон бўлди гуруҳ раҳбари.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации