Текст книги "Қадр кечасидаги қотиллик"
Автор книги: Комил Синдаров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 14 страниц)
– Билмадим, бирор муҳим гапи бордир-да… Ёки айбини бўйнига олиб, чин кўнгилдан иқрорлик аризасини ёзмоқчидир…
– Яхши, Худойбердига айтинг, уни қамоқдан олиб келишга буюртма берсин.
– Тушунарли.
«Менда нима гапи бўлиши мумкин? Ё Фозил айтгандай айбига иқрор бўлмоқчими? Наҳотки, ҳаммаси ўшанинг иши бўлса! Наҳотки, янглишдик. Наҳот ички ишончимиз, шунча йиллик тажрибамиз алдаган бўлса! Наҳот инсон зоти шунчалик англаб бўлмас, мураккаб ва сирли мавжудот бўлса! Ёки йигит иродасизлик қилиб, ҳаммасини ўз бўйнига олмоқчими? Шу йўл билан барчасига нуқта қўймоқчими? Ё кимдир уни шундай қилишга – тинчгина айбни бўйнига олишга мажбурлаяптими? Ким шунақа иш қилиши мумкин? Изқуварларми? Қамоқхона ходимларими? Ёки бу «ўйин»лар кимнингдир топшириғига биноан ҳаракат қилаётган қамоқхона авторитетларининг томошасимикан? Балки бу «театр»ни ҳақиқий қотиллар саҳналаштираётгандир… Ёхуд ёдига бирор нарса тушдимикан? Нима эсидан чиққан бўлиши мумкин? У билан бир неча марта батафсил суҳбатлашдик, ипидан игнасигача сўраб-суриштирдик…
Шу пайт эшикда Фозил кўринди:
– Санжар ака, конвой Худоёрни олиб келибди, кираверсинми?
– Кирсин, кирсин, – гуруҳ раҳбари ўрнидан турди.
Изқуварнинг имоси билан ёшгина милиционер йигит маҳкумни хонага олиб кириб, қўлидаги кишанни ечди ва барча тартиб-тамойилларни ўринлатиб, ҳарбийларга хос чаққонлик билан чиқиб кетди.
– Худоёр ака яхшимисиз? – терговчи пиёлага чой қуйиб, «меҳмон»га узатди.
– Раҳмат… ўтирибмиз Худо деб… – деди айбланувчи синиқ оҳангда.
– Мени кўрмоқчи экансиз, тинчликми? – сўради Санжарбек ичи қизиб.
– Ҳа… эсим қурсин, рўйхатга биттасини киритиш ёдимдан чиққан экан… шунга…
– Ким экан у? – сергакланди терговчи.
– Электросетда ишлайдиган Мансур деган бола…
– Хўш, хўш, у ҳам мошинангизга чиққанмиди? Қачон, қаерда? – гуруҳ раҳбари изқуварга маъноли қараб қўйди. Фозил «тушундим» дегандай ўрнидан сапчиб туриб, ташқарига чиқиб кетди.
– Қўшнининг жанозасидан бир-икки кун ўтиб, уйимизга электр ҳисоблагични текширишга келганди. Олдиндан токнинг кўрсаткичини сал-пал камайтириб, ёрдам қилиб турарди. Ўша куни соат ўн бирларда Мансур уйга келиб, текшириб турганда раҳбари қўнғироқ қилиб қолди. «Тез етиб боришим керак экан, мени идорагача ташлаб қўясизми?» деб қолди. Хўп деб, мошинани қўшдим ва уни идорасига ташлаб қўйдим… Шуни айтиш хотирамдан кўтарилган экан…
– Мансур «Матиз»нинг олд ўриндиғига ўтирдими?
– Хотирам панд бермаса хўжайинларга ўхшаб, орқа ўнг ўриндиққа ўтириб олганди.
– Унинг қўлида нимаси бор эди?
– Сумкаси бор эди шекилли… электрикларнинг сумкаси бўлади-ку…
– Шунча пайт ўтиб, қандай қилиб эсингизга кела қолди? – сўрашда давом этди гуруҳ раҳбари.
– Кеча учрашувга хотиним келганди, – деди Худоёр пиёладаги чойдан ҳўплаб, – уйда ҳақини тўламагансизлар, деб токни ўчириб кетишибди. Мансурнинг олдига бормадингларми, деб сўрасам, «Бордик, лекин уни идорадан топа олмадик», деб қолди. Шунда… ёдимга тушиб қолди.
– Нега ўчиришади, ҳақини тўламаганмидингиз? – терговчи атайлаб ҳамсуҳбатини гапга солди.
– Пулини Мансурга тўлаб турганман-да! – деди йигит соддалик билан. – У энди нима қилган билмадим. Пулни чўнтагига урганми ёки давлатга ўтказганми, ўзи билади. Менга нима, давлатга бир миллион сўм тўлагандан кўра, Мансурга беш юз минг сўм тўлаб турганим маъқул эмасми?
Шу пайт терговчининг қўл телефони жиринглаб қолди. Фозил қўнғироқ қилаётганди:
– Санжар ака, ишлар чатоқ-қу, Мансур ҳеч қаерда йўқ, – ахборот берди изқувар, – бу «жаноб» билан қизиқаётган фақат биз эмасга ўхшайди…
– Барака топгур, нима демоқчисиз? Сал тушунтириб гапиринг?
– Бахтга қарши, Мансур бедарак йўқолибди, – изоҳ берди изқувар, – уч кун олдин онаси уни бедарак йўқолган деб топиш ҳақида ариза берган экан!
– Шунақа денг, – деди Санжарбек тарвузи қўлтиғидан тушиб, – нима бало қотиллар гувоҳларнинг бирма-бир баҳридан ўтишни бошладиларми, дейман!
– Ҳайронман…
– Кап-катта одам қандай қилиб йўқолган? Балки бирор жойга кетгандир?
– Бир ҳафтадан бери йўқ эмиш. Эрталаб ишга чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Телефони ўша куни ўчирилган. Тезкор-қидирув тадбирлари ҳозирча ҳач қандай натижа бермаган.
– Майли, қайтиб келинг-чи, маслаҳатлашамиз, – деди гуруҳ раҳбари ўйга толиб, – шу иш билан шуғулланаётган тезкор ходимни таклиф қилсангиз, бир гаплашиб кўрардик… Икки калла яхши, уч калла ундан кўра яхшироқ, «профессор»ни ҳам чақиринг.
– Тушунарли.
«Бу яна қандай сюрприз бўлди! Энди электрик йигитни излаб кетамизми? Мансур билан Илёс бобо ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлмаган. Ёки электрик пулга сотилиб, пичоқни Худоёрнинг мошинасига ташлаб қўйишни бўйнига олганмикан? Йўғ-э, топарман-тутарман йигит ҳаётини хавфга қўйиб, қотилликка аралашиб қолишни ихтиёр қилмас. Ёки бирор ишкалга аралашиб, пулга муҳтож бўлиб қолганмикан? Муҳтожлик ёмон нарса, одамни диндан чиқариши мумкин. Хўп, Мансур кимнингдир топшириғи билан пичоқни «Матиз»га ташлаб қўйган, деб тасаввур ҳам қилайлик. У ҳолда унинг бедарак йўқолишини нима билан изоҳлаш мумкин? Шериклар орасида низо келиб чиққан бўлса ажабмас. Одатда, нифоқ ўлжани тақсимлаш масаласида келиб чиқади. Ёки Мансур олганига қаноат қилмай, таъмагарлик қилишда давом этган. Шартига рози бўлмаса, ҳаммани сотиш билан таҳдид қилган. Жиноятчиларда уни жисмонан йўқ қилишдан бошқа илож қолмаган…»
Санжарбек миясида чарх ураётган фикрларни оқ қоғозга туширишга киришди. Зум ўтмай Фозил, кетидан Жўрабой етиб келди.
– Хўш, жаноблар, бу ёғига нима дейсизлар? – гуруҳ раҳбари бошида айланаётган сонсиз саволларга жавоб излашда давом қилди. – Мансурнинг қотилликка алоқаси бор деб ўйлайсизми?
– Худоёрнинг мошинасига минган деярли барча кимсалар билан ишланди, – узоқдан келди изқувар, – улардан бир нечтасининг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади, холос. Аммо улар орасида ҳам шерикликка ярайдигани йўқ. Бундан чиқди охиригача ишланмаган шу йигит қолди. Унинг бехосдан йўқолиб қолиши шубҳамизни янада оширадими, дейман-да…
– Тўғри, мен ҳам шу фикрдаман, – маъқуллади гуруҳ раҳбари, – электрик йигит бекорга Худоёрникига келмаган. Кейин унга ишхонасидан кимдир қўнғироқ қилган. Йигит «Раҳбар чақиряпти» деб ортга қайтмоқчи бўлган. Уй эгасидан ишхонасигача ташлаб қўйишни илтимос қилган. Қўлида асбоб-анжом тўла сумкаси ҳам бўлган. Мошинага чиққач, пайтдан фойдаланиб, сумкасидан пичоқни чиқариб, сездирмасдан «Матиз»нинг ўриндиғи остига тиқиб қўйган. Ҳаммасини олдиндан тўғри режалаштирган ва бехато ижро қилган…
– Шунақага ўхшайди, – деди изқувар терговчи билан гапи бир жойдан чиқаётганидан суюниб.
– Қизиғи шундаки, Мансур ўша куни фақат Худоёрникига кирган, – Жўрабой гапга қўшилди. – Қўшнилардан сўраб кўрдик, ўн бешинчи-ўн тўққизинчи июль кунлари электросет ходими уларникига кирмаган. Бундан ташқари, бу йигит аҳоли билан келишиб, электр ҳисоблагичлар кўрсаткичини ўзгартириш йўли билан электр энергияси ҳақини ўзлаштириш билан шуғулланиб келган… Жиноятга мойиллиги бўлган шахсдан ҳар нарсани кутиш мумкин.
– Тўғри, гапингизда жон бор, – маъқуллади гуруҳ раҳбари, – бунақа учар йигитлар пул учун ҳеч нарсадан тоймайди!
– Мана оқибати, – қўшимча қилди «профессор», – Садриддин Салим Бухорий бобомиз айтганларидай:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.
– Зудлик билан Мансурнинг телефон сўзлашувлари таҳлилини талаб қилиб олиш лозим, – гуруҳ раҳбари масаладан тобора четлашиб кетаётган ҳамкасбларини йўлга солишга ҳаракат қилди, – биринчи навбатда, ўша куни унга ким қўнғироқ қилганлигини аниқлаш керак. Агар қўнғироқ унинг ишхонасидан эмас, бошқа жойдан амалга оширилган бўлса, Мансурнинг қотиллар билан тили бирлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. У ҳолда йигитнинг бедарак йўқолганлиги хусусидаги материалларни жиноят ишига қўшишга мажбур бўламиз… Дарвоқе, шу иш билан шуғулланаётган тезкор ходимни топдингизми?
– Топдим, кеп қолса керак, – деди изқувар соатига тикилиб, – улар аллақачон телефон пленгациялари, чиқиш-кириш қўнғироқлари рўйхатини олишгандир.
Шу пайт эшик оҳиста тиқиллаб, ёши ўттиздан нари-бери чаққонгина йигит қўлида бир даста ҳужжат билан кириб келди. Салом-алик ва танишувдан сўнг гуруҳ раҳбари изқуварни саволга тутди:
– Бўлтакжон, нима дейсиз, Мансур йўқолиб қолганми ёки йўқотишганми?
– Н-и-м-а дейишга ҳам ҳ-а-й-р-о-н-м-а-н, – бунақа саволни кутмаган шекилли, изқувар дудуқланди, – бу бола ўз-ўзидан йўқолиб қоладиган одамга ўхшамайди, ичмайди, чекмайди, саёқ юрмайди. Уйим-жойим, болам-чақам деб, елиб югурадиганлар сарасига киради. Зиёли хонадондан чиққан. Онаси бир умр мактабда ўқитувчилик қилиб, икки йил олдин нафақага чиққан. Мансур оилада ягона ўғил фарзанд, беш опаси турмушга чиқиб кетишган. Оилали, турмуш ўртоғи Маржона уй бекаси, икки нафар фарзанди бор… Хуллас, мантиқан олиб қараганда, Мансур ўз-ўзидан йўқолиб қолиши мумкин эмас. Уни йўқотишган, десак тўғрироқ бўлади…
– Охирги марта уни ким кўрган? – терговчи сўрашда давом этди.
– Ўтган шанба куни эрталаб онаси – Гулчеҳра опа уни ишга кузатган. Шундан сўнг уни ҳеч ким кўрмаган. Соат саккиздан эллик дақиқа ўтганда ишхонасидаги навбатчи билан телефонда гаплашган. Соат тўққиздан уч дақиқа ўтганда қўл телефони ўчирилган. Навбатчи йигит билан гаплашдик, Мансур унга қўнғироқ қилиб, «Бир жойга зарур иш билан кириб чиқишим керак, ишга сал кечроқ бораман», деб тайинлаган экан.
– Телефон пеленгацияси, кириш-чиқиш қўнғироқлари таҳлили бирор нарса бердими?
– Охирги қўнғироқ уйидан беш юз метр наридан – Телеком компанияси биносига яқин жойдан амалга оширилган, – босиқлик билан жавоб берди изқувар. – Мансур электросет назоратчиси эмасми, хонадонма-хонадон айланиб юрган. Шу сабабли телефон пеленгацияларига қараб, бирор нарсани аниқлаш имкони бўлмади. Шунга қарамасдан, мутахассислар бу борада ишни давом эттирмоқда. Телефонининг чиқиш-кириш қўнғироқлари таҳлили устида ҳам ишлаяпмиз. Ҳозирча шубҳали шахслар аниқланмади.
– Телефон қўнғироқлари рўйхатини очинг-чи, – Санжарбек изқуварнинг қўлидаги ҳужжатларга ишора қилди, – ўн еттинчи ёки ўн сакказинчи июль кунлари соат ўн бирларда кириш қўнғироғини ким қилган экан.
– Ҳозир… – изқуварлар рўйхатни столга ёйиб, керакли санани қидиришга тушди, – ўн еттинчи июль куни соат ўн бирга яқин кириш қўнғироғи соат тўққиз яримда, кейингиси эса ўн иккидан йигирма дақиқа ўтганда амалга оширилган…
– Ўн саккизинчи июлни кўринг-чи, – деди терговчи столга энгашиб.
– Ўн саккизинчида… мана соат ўн бирдан бир дақиқа ўтганда «Белайн» компаниясига тегишли 185-06-07 рақамидан қўнғироқ урилган.
– Шундан олдинги ва кейинги кириш қўнғироқлари-чи?
– Олдинги кириш қўнғироғи соат тўққизу ўн бешда, кейингиси эса ўн иккидан эллик дақиқа ўтганда амалга оширилган.
– Фозилжон, бояги «Билайн» рақами кимга тегишли эканлигини аниқласа бўладими? – гуруҳ раҳбари изқуварга кўз қирини ташлади.
– Албатта, шест секундда аниқлаймиз-да, – изқувар телефонини қўлга олиб, ташқарига чиқиб кетди ва бир муддат ўтиб, қайтиб кирди:
– Рақам Каримова Гулмира Бобоевна номига расмийлаштирилган, Олмазор кўчаси, 77-уйда истиқомат қилади…
– Илёс дўхтир ва Худоёр билан бир кўчада денг, – ўзича тўнғиллади терговчи, – демак, Мансурга ишхонасидан қўнғироқ қилишмаган. У Худоёрга ёлғон гапирган…
– Балки Мансур анави опа билан бирга ишлар, – анча пайтдан буён «аразлаб», «мум тишлаб» ўтирган «профессор» чидаб туролмади, – бошлиқнинг топшириға кўра, бирорта ходима қўнғироқ қилган бўлиши мумкин-ку!
– Тўғри, – деди раҳбар бемаврид шерхонлик қилгани учун «ҳақини олган» йигитни рағбатлантиришни дилига тугиб, – бу томонини ўйламабмиз-ку! Фозилжон, – изқуварга ўгирилди у, – электоросетга қўнғироқ қилинг-чи, уларда Гулмира Каримова деган ходим ишлармикан?
– Есть! – изқувар телефонини қўлга олиб, хонадан чиқиб кетди.
– Бўлтак ака, Мансурнинг ишхонасида муаммоси бўлганми? – пайтдан фойдаланиб Жўрабой изқуварни сўроққа тутди.
– Бўлганда қандоқ, – таъкидлади изқувар, – кейинги ойларда устидан анчагина ариза тушган. Шунга кўра, бир ойча муқаддам унинг фаолияти устидан текшириш ўтказилган ва эллик миллион сўмдан ортиқ камомад аниқланган. Аниқланишича, Мансур аҳолидан электр энергияси учун ҳақни олиб, корхона ҳазинасига топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
– Текшириш ҳужжатлари чора кўриш учун прокуратурага берилганми? – гуруҳ раҳбарида ҳақли савол туғилди.
– Йўқ, раҳбарият йигитга раҳм қилиб, материлаларни ҳуқуқ-тартибот идораларига оширмаган. Мансурга камомадни қоплаш учун вақт берган. Ўтган кунлар давомида йигит зарарнинг ўн тўрт миллион сўмини қайтарган.
– Аҳа, йигит анчагина муаммолар гирдобида қолган экан-да, – хулоса қилди гуруҳ раҳбари, – бундан чиқди, Мансур жавобгарликдан қочиш мақсадида думини тугиб қолган бўлиши ҳам мумкин, шундайми?
– Менимча, унақа эмас, – эътироз қилди изқувар, – Мансур раҳбарият унинг ишини органга оширолмаслигини билган. Текшира-текшир бошланса, таёқнинг бир учи раҳбарларнинг бошида синишини ҳам яхши тушунган. Қочиб қолса, аксинча, ёпиғлик қозон очилиб, сир ошкор бўлиб қолишини ҳис қилмаган бўлиши мумкин эмас.
– Гапингизда жон бор, аммо раҳбарият билан орасида нима гап кечган билмаймиз-ку! – Жўрабой билағонлик қилди. – Балки раҳбарият ишини прокуратурага ошириш билан дағдаға қилгандир. Зарарнинг ўттиз олти миллион сўми қопланмаган. Шунча маблағни раҳбарият қандай қилиб ҳисобдан чиқаради, кимдир жавоб бериши керак-ку!
– Тўғриси, электросетдаги ҳақиқий вазият бизга ҳам қоронғи, – деди Бўлтак бошини қашлаб, – аммо корхонада талон-тарожлик авжига чиққани аниқ. Калаванинг бир учи раҳбариятга бориб тақалса ажабмас.
– Йўғ-э, раҳбариятнинг оддий бир назоратчи билан тил бириктириши ақлга сиғадиган иш эмас, – Жўрабой гуруҳ раҳбарининг жим турганидан фойдаланиб, ташаббусни қўлга олди, – наҳотки, корхона раҳбари аҳолидан фирибгарлик йўли билан йиғилган ҳаром пулларни олишдан ҳазар қилмаса!
– Пул олмаса, меҳмонига дастурхон тузатади, хизмат буюради… Назоратчининг ойлиги қай бирига етсин! Қўлига тушган пулни ўмаришга мажбур бўлади…
– Надоматлар бўлсинким, Гулмира Каримова деган шахс электросет тизимида ишламас экан, – хонага қайтган Фозил ахборот берди.
– Демак, Мансур ёлғон гапирган, – қатъий хулосага келди гуруҳ раҳбари, – унинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ материални жиноят ишига қўшишга тўғри келади…
* * *
– Гулмира опа, Мансур деган йигитни танийсизми?
– Қанақа Мансур? Ҳеч қанақа Мансур-Пансурни танимайман, – аёл юзини тескари буриб олди.
– Электросет назоратчиси Мансурни танимайсизми? – илмоқлаб сўради терговчи.
– Токни текшириб юрадиган болами? Оти Мансурмикан? Уни танийман, – сал пастлади аёл.
– Унинг телефон рақамини биласизми? – терговчи аёлнинг холислигини текшириш учун атайлаб сўради.
– Телефонини қаердан билай! Ўзи келиб, учетчикни ковлаб ётарди, – деди аёл қошларини чимириб.
– Бир юз саксон беш, нол олти, нол етти сизнинг рақамингизми? – терговчи алоқа тармоғидан олинган маълумотни столга ташлади.
– Меники… нимайди? – аёл семиз гавдасини кўтариб, ҳужжатга кўз югуртирди. – Бу нима? Мендан нима истайсизлар? Бундоқ тушунтириб гапиринглар… Нима иш қилибмиз? Тавба!
– Шу рақамдан бир неча марта Мансурга қўнғироқ қилинган, буни ҳам рад этасизми? – деди Жўрабой жаҳл аралаш.
– Қўнғироқ қилган бўлсам-қилгандирман, ҳаммаси ёдда турадими? – паст кетмади аёл, – нима бўпти, осмон узилиб ерга тушибдими?
– Осмон-ку жойида турибди, – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб, – аммо Мансур йўқ, бедарак йўқолган.
– Эҳ аттанг, Аллоҳ раҳмат қилсин! Яхши йигит…
– Э-э-э опа, нима деяпсиз! Мансур вафот этган деганимиз йўқ, бедарак йўқолган, – Жўрабой зарда қилди, – ёки сизга унинг ўлгани аёнми?
– Узр, укажон, билмасдан… оғзимдан чиқиб кетибди, – деди аёл қизариб, – топилиб қолар… қаерга ҳам кетарди… эркак киши-ку…
– Ўн саккизинчи июль куни соат ўн бирда Мансурга нима масалада қўнғироқ қилгандингиз? – гуруҳ раҳбари сўроқни давом эттирди.
– Нимага телефон қилардим, ток ҳақини қачон тўлашни сўрагандирман, ёдимда қолибдими? – мавҳумроқ жавоб берди аёл.
– Нима, электр ҳақини Мансурга тўлаб турармидингиз? – гуруҳ раҳбари ўзини ҳеч нарса билмайдигандай тутди.
– Банкка, электросетга бориб юргандан кўра… ўзига тўлаб қўйган…
– Албатта, ўзига тўлаган маъқул, «счетчик»ни орқага айлантириб, арзимас сумма тўлаганга нима етсин! – терговчи аёлдан гап олишга ҳаракат қилди.
– Ўзи бир кунда максимум беш-олти соат ток беришади, – дардини достон қилишга тушди аёл, – ўчиргани-ўчирган, ҳеч нарсага улгуриб бўлмайди. Кечқурун дастурхонга овқат келганда свет ўлгур тақа-тақ ўчади. Шундан ҳамма ухлаб қолганда ёнади. На сериал кўриб бўлади, на концерт. Лекин ойнинг охирида отни калласидай ҳисоб чиқиб туради. Шу Мансур бола келиб, жонимизга оро кирди. Тўрт-беш сўм пул олсаям, счетчикларни жой-жойига қўйди, электросетдан қарзимиз қолмади ҳисоб… Ҳа, майли-да, қўли текканнинг оғзи тегаркан, шундан бир-икки сўм ўзиям егандир, барака топсин, аммо кўпнинг дуосини олди…
– Давлатнинг маблағинини жиғилдонига уриб, кўпнинг дуосини олиш… Ўйлаб гапиряпсизми? – зарда қилди Жўрабой. – Ғирт жиноятчини дуо қилмоқчимисиз?
– Жиноятчининг каттаси тепада ўтирибди, шуни биласизми? – бўш келмади аёл. – Катта-катта корхоналар, хусусий фирмалар дунёнинг токини ёқиб, йиллаб бир тийин ҳам тўламайди. Камомадни эса аҳолининг бўйнига уришади. Биз-ку, шаҳарда турамиз, қишлоқда қариндошларимиз бор. Уларда кун бўйи бир-икки соат ток бериларкан. Шўролар даврида ҳам бунақа эмасди-ку! Ҳамманинг уйида свет ёниб турарди-ку! Мустақил бўлдик деб ғўдайиб юрибмиз… уйимиз керосин ҳиди… шамга кунмиз қолган, ўрта асрларга тушиб қолгандаймиз… Шунақа кайфиятда электр ҳақини тўлаш кимга ёқади?
– Сал ошириб юбормадиларми? Жуда унчалик эмасдир, – аёлнинг гапида жон борлигини сезиб тургани учун Жўрабой жиддийроқ эътироз қилишга ўзида куч тополмади.
– Йигитча, пойтахтда яшаб, кўп нарсадан бехабар кўринасиз, – ёқимсиз илжайди Гулмира, – қишлоққа келиб яшаб кўринг, икки кунда шаҳарга қочиб қоласиз!
– Нима деяпсиз, – деди Жўрабой паст кетгиси келмай, – биз ҳам асли қишлоқданмиз, ҳозир ҳам байрамларда бориб турамиз… свет бир-икки соат ўчиши мумкин, лекин сиз айтгандай аҳвол ҳеч ерда йўқ!
– Ҳ-а-а-а байрамларда светни ўчиришмайди… халқда норозилик кучаймасин, деса керак-да! Бошқа пайти зулматда қолиб ўлмайсанми, ҳеч кимнинг иши бўлмайди?!
– Балки сизнинг қариндошингиз яшайдиган қишлоқда авҳол шунақадир, бошқа жойларда вазият жуда унақа издан чиқиб кетмаган…
– Қишлоққа бориб қариндошларингиздан сўраб кўринг, нима дейишаркан? Билмаган нарсани гапириб нима қиласиз?
– Хўш, ҳозир сўраб кўрамиз-да, – Жўрабой чўнтагидан телефонини чиқарди ва таниш рақамларни теришга тушди. – Самарқанднинг чекка бир қишлоғида аҳвол қандай экан, акамдан сўраб кўрамиз. Динамитни ёқиб қўяман, сиз ҳам эшитиб турасиз:
– Ассалому алайкум, ака, яхшимисиз? Янгамлар, жиянларим қалай?
– Ваалайкум ассалом, Жўрабой ўзинг яхшими? Ўқишларинг тугаб қолдими? Соғлиқларинг…
– Ака, қишлоқда свет ўчиб турадими?
– Эййй, нимасини сўрайсан ука, тоза жонга тегиб кетди. Кейинги пайтларда эрталаб бир-икки соат берса – берди, кун бўйи ўчириб қўйишади. Телефонларни қувватлашга ҳам улгуриб бўлмаяпти… экин-тикинни-ку гапирмай қўя қолай. Ток бўлмаса қудуқдан сув чиқмайди… биласан, сувсиз қишлоқда ҳаёт бўладими?
– Ака, нима деяпсиз, мен борганда ҳамиша свет бўларди-ку, – деди Жўрабой қизариб-бўзариб.
– Сен тўй-ҳашамга, байрамга уйга келасан, – босиқлик билан тушунтиришга тушди ака, – у кунларда свет ўчмайди… тўй қилаётган одам бир-икки кун олдин электросетга бориб, бошлиқларини «мойлаб» келади. Тўйхонадан гўшт, ароқ, қуруғидан етиб бормаса, свет ёнмайди, додингни ҳеч ким эшитмайди!
– Вой ноинсофлар-эй, ҳеч нарсадан қўрқишмайдими? Шаҳар бедарвозами? – деди Жўрабой попуги пасайиб, – майли, ака, кейин гаплашамиз…
– Ҳа, хом сут эмган банда-я, балиқ бошидан сасиган бўлса, ким нима қиларди? – ғолибона иршайди аёл.
– Ҳамма ёқда шундай эмасдир, – деди «профессор» ўзини оқлашга сўз тополмай.
– Укажон, хомтама бўлманг, хўроз ҳамма ёқда бир хил қичиқиради. Тизим чириган. Уни баҳридан ўтмай туриб, уйимизда чироқ порламайди!
– Демак, сиз Мансурга электр токи ҳақини бериш учун қўнғироқ қилгансиз, шундайми? – гуруҳ раҳбари бемаъни «дуэл»ни тўхтатишга мажбур бўлди.
– Ҳа, шу масалада… шу атрофда бўлсангиз бизникига ҳам кириб ўтасизми, демоқчи эдим…
– Мансур келдими?
– Ўша куни вақти бўлмади шекилли, кирмади… учтўрт кундан сўнг келиб кетди…
– Нима деб ўйлайсиз, Мансур қаёққа кетган бўлиши мумкин? Сизга бу ҳақда ҳеч нарса демаганмиди?
– Йўқ, ҳеч нарса деб гапирмаганди. Кап-катта йигит қаёққа ҳам кетарди. Бирортасига илакишиб қолган бўлса, ўлдим-куйдим қилиб юргандир-да, кетидан соядай эргашиб… Шундан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин!
– Нима, бирортаси билан дон олишиб юрармиди?
– Мен қайдан билай… эркак зоти мушукдай гап. Ким яхши гапириб, бошини силаса, ортидан эргашиб кетаверади.
– Бунча эркакларнинг боғига тош отиб қолдингиз, – эътироз қилди Жўрабой, – беш қўл баробар эмас-ку!
– Ҳа, энди… шунақа дейишади-ку, – деди аёл лабини тишлаб.
– Ҳар ким дунёни ўз қаричида ўлчайди, деган гаплар ҳам бор, – Санжарбек ҳам «қарздор» бўлиб қолгиси келмади.
– Каждый думает по мере своей испорченности, деган гаплар ҳам бор, – Жўрабой ҳам «ўч» олишнинг мавридини топди.
– Демак, Мансур бирорта қизга илакишиб қолган деб ҳисоблайсиз, шунақами? – гуруҳ раҳбари жиддийлашди.
– Укажон, тўғриси, билмайман. У бола билан унчалик яқин эмасдик… Балки қочиб қолишига ишхонаси ёки уйидаги муаммолар сабаб бўлгандир.
Гуруҳ аъзолари яна бир қанча саволлар бериб, аёлни кўрсатмаларига ойдинлик киритиб, сўнг кетишга изн бердилар. Гувоҳ хонани тарк этгач, гуруҳ раҳбари одатича ҳамкасбларининг фикрини билишга қизиқди:
– Хўш жаноб «профессор», опанинг сўзларига ишонса бўладими?
– Ҳа, бу «шўртаккина» опада бир қамчи борга ўхшайди, – деди Жўрабой сўз ўйини қилиб, – лекин Мансур билан мижоз сифатида гаплашгани чин шекилли. Агар Худоёрнинг мошинасига пичоқни электрик қўйган деб фараз қиладиган бўлсак, опанинг қўнғироғи тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Йигит шу қўнғироқни баҳона қилиб, зудлик билан ишга қайтмоқчи бўлиб қолган ва йигитдан мошинасида ташлаб қўйишни илтимос қилган. Ҳар на бўлса-да, Мансур назоратчи, илтимосини рад этиб бўладими?
– Мен ҳам шу фикрдаман, – деди гуруҳ раҳбари ўйланиб туриб, – бу опа Мансурга шерикликка ярайдиганга ўхшамаяпти. Назоратчидан электр ҳисоблагичини орқага қайтаришда фойдаланиб келган… Ўзиям тинмай гапираркан, бошни айлантириб ташлади…
– Э пичингини қаранг, – Жўрабой таъна-дашномнинг бир учи ўзига йўналтирилганлигини сезиб, ўзини оқлашга тушди, – ношукр банда, шўролар даврини қўмсаб қолганига ўлайми?
– Йўқ, у шўролар даврини қумсаяпман демади, – Санжарбек босиқлик билан тушунтира бошлади, – ҳатто шўролар даврида чироқ бунчалик кўп ўчмасди, демоқчи бўлди. Гапида жон бор. Ана, қишлоғингизнинг аҳволи! Бизнинг қишлоқда бундан ҳам баттар, қишин-ёзин бир суткада атиги икки соат ток бериларкан, холос. Бу билан тирикчилик қилиб бўладими? Қишлоқда тадбиркорнинг, фермернинг ҳоли нима кечади?
– Тўғри-куя…
– Майли, аёлни қўя турайлик, – гуруҳ раҳбари баҳсга нуқта қўйди, – Жўрабой, сиз Абдуғани билан бирга «Мансур йўналиши»да жиддийроқ шуғуллансангизлар. Бу йигит айрим нарсаларга ойдинлик киритиши мумкин. Шунинг учун уни осмонда бўлса оёғидан, ерда бўлса қулоғидан тортиб келтириш лозим. Агар унинг йўқолиши ишхонасидаги муаммолар билан боғлиқ бўлса, яширинган жойидан топиб олишимиз қийин кечмайди. Худо кўрсатмасин «бедарак йўқолиш» «пичоқ» операцияси билан боғлиқ бўлса, Мансур полвоннинг ҳаёти хавф остида бўлади. Жиноий шериклари ундан қутулиш чораларини кўришлари мумкин. Фурсат ғанимат. Шошилмасак, ундан ҳам айрилиб қолишимиз мумкин.
– Тушунарли, ҳозироқ ишга киришамиз, – мамнун жилмайди «профессор».
* * *
Худойберди ички ишлар идораларидан Ғолибга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари билан танишиб чиқар экан, ўйга толди: «Нима бало, йигит ноқонуний жавобгарликка тортилганми? Бу шалтоқ ишни қайси «ақлли» терговчи тергов қилган, айблов хулосасини қайси прокурор тасдиқлаган? Майли ҳозирги замонда ҳар на бўлиши мумкин, аммо суд қандай қилиб ҳукм чиқарган? Нимага, қайси асос ва далилларга таянган? Инсон тақдирига шунақа муносабатда бўлиш разиллик эмасми? Давлат қандай қилиб бу инсонларга шунақа масъулиятли лавозимларни ишониб топширишганига ҳайронман!» Терговчи шундай хаёллар оғушида «штаб»га кириб келганини ҳам сезмай қолди.
– Санжар ака, саломатмисиз?
– Келсинлар, келсинлар, ўзлари омонмилар? Камнамо бўлиб қолдилар? – гуруҳ раҳбари ҳамкасбини ўрнидан туриб, очиқ чеҳра билан қарши олди.
– Жиноят ишлари билан танишиб чиқдим, – Худойберди таассуротлари билан ўртоқлашишга шошилди.
– Хўш, нималарни аниқладингиз?
– Бир файласуф «Ҳеч ким онасидан жиноятчи бўлиб туғилмайди, уларни жамиятнинг ўзи жиноятчи қилиб тарбиялайди», деган экан, – гапни узоқдан олди ёш терговчи, – бугун бу гапнинг тўғрилигига тағин бир марта амин бўлдим. Буни қаранг, биринчи иш бўйича хўжалик раҳбари Ғолибга йигирма дона қўйни фалончининг ҳовлисига олиб бориб ташланг, деб буйруқ берган. Бола фақир оддий ишчи эмасми, раиснинг буйруғини бажариш учун мошина ёллаб, қўйларни қўшни туманга олиб кетади. Бахтга қарши йўлда мошинани «ГАИ» тўхтатиб, қўйларнинг ҳужжатини сўрайди. Ғолиб қўйлар давлат хўжалигига тегишли эканини, у раиснинг топшириғига биноан жонвиворларни фалон кишинига олиб бориши кераклиги айтади. Текшир-текшир бошланади. Дўппи тор келганда «Раис бобо» сўзидан тониб, Ғолибга ҳеч қанақа топшириқ бермаганман, унинг ўзи қўйларни ўғирлаб, толон-тарож қилмоқчи бўлган, дея тўҳмат қилади. Раҳбарнинг қўли узун эмасми, икки-уч гувоҳ ҳам топилади. Милиция терговчиси беш-олти кишини сўроқ қилиб, «юмолоқ ёстиқ» қилиб, ишни айблов хулосаси билан прокурорга юборади. Прокурор ҳам раис жанобларининг юз-кўзидан ўтолмаган шекилли, ҳеч қандай эътирозсиз айблов хулосасини тасдиқлаб, ишни судга ошириб юборади. Терговда, судда бечора «Мен айбдор эмасман», дея Худонинг зорини қилмасин, гапига ҳеч ким қулоқ солмаган. Ноинсоф судья ҳам оқимга қарши боришга қўрққан шекилли, айблов хулосасини нуқта, вергулигача кўчириб, ҳукм чиқарган. Шу тариқа оми йигит айбсиз айбдор бўлиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган.
– Нима, ҳукмнинг устидан апелляция, кассация шикояти ёзишмаганми?
– Йўқ-да! Шикоятни ким ёзади? Ғолиб тақдирга тан бериб, қамоққа кетган. Битта ўқимишли поччаси бўлса, у шўрликнинг ҳам боши текшир-текширдан чиқмаётган пайтлар бўлган.
– Иккинчи иш бўйича нима бўлган? – деди гуруҳ раҳбари стол устидаги жиноят ишини ишора қилиб.
– Буниси ундан-да кулгили, ундан-да аҳмоқона! Кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам, ачинишингни ҳам билмайсан! – Худойберди таърифлашга бошқа сўз тополмади. – Ҳайронман, давлат ўзининг масъулиятли мансабларини кимларга топшириб қўйган? Муштумнинг ўзгинаси… Ғолиб қамоқдан қайтгач, ишга киришга ҳаракат қилган. Қамалиб чиққан одамни қайси раҳбар ишга олади? Ишга жойлашолмаган. Аламидан ичкиликка ружу қўйган. Бир йилга қолмай ота-онасидан қолган бор мол-давлатни ҳам ичиб тугатган. Навбат уйга келган. Шу орада Ўткир деган учар йигитга рўпара келган. Йигит ҳовлини арзон-гаровга қўлга киритиш мақсадида уй эгасига арзимас пул бериб, унинг сархушлигидан фойдаланиб, уйни нотариал тартибда ўз номига расмийлаштириб олган. Иши битгач, келишилган сумманинг қолган қисмини беришдан бош тортган. Яқинларининг маслаҳати билан Ғолиб шартномани бекор қилиш ва уйини қайтариб олиш ҳақида судга даъво киритган. Ўткир эса Ғолибни фирибгарликда айблаб, милицияга ариза берган. Терговда бояқиш уй учун Ўткирдан келишилган барча пулни олганлигини тан олган… У нега ўзига, ўзи қарши кўрсатма берган – тушуниш қийин. Менимча, бу ерда терговчи аризачи билан тил бириктириб, йигитнинг омилигидан фойдаланиб, кўрсатма олишга эришган. Натижада терговчи Ғолибга нисбатан фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатган. Иш суддан ҳам силлиққина ўтиб кетган. Шўрлик бола ҳам уйидан ажралган, ҳам уч йил қамоқ жазоси билан «сийланган».
– Ҳеч кимга зарар етказилмаган бўлса, суд қандай қилиб озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган? – таажжубга тушди гуруҳ раҳбари.
– Ҳайронман… иш апелляция инстанциясида кўрилиб, ҳукм кучда қолганига нима дейсиз!
– Ростданми? Бу ҳамкасбларингизга нима бўляпти ўзи? Кўзлари кўр, қалблари сўқир бўлиб қолишганми? Менинг номимдан вилоят прокурорига билдирги тайёрланг, ҳар иккала жиноят иши бўйича протест келтириш керак бўлади.
– Бўладигани бўлиб, бўёғи синган… протест киритишдан нима наф?
– Бу нима деганингиз? – эътироз қилди раҳбар, – адолат кеч бўлса-да, тиклангани маъқул. Ўз мансабига виждонсизларга муносабатда бўлган ҳамкасбларимизга сабоқ бўлсин. Қолаверса, бошқалар бундай хато ва камчиликларга йўл қўймаслиги учун ишни охирига етказиш лозим, тушунарлими?
– Тушунарли бўлганда қандоқ, – Худойберди тиржайганча комьпютер ёнига ўтириб, ёзишга тушди…
* * *
Ғолиб билан қамоқда бирга бўлган шахслар доирасини қунт билан ўрганиб чиққан изқуварлар икки шахсга диққатини қаратдилар. Улардан бири Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи Мели Қўзиев сўроқ қилинганда ҳақиқатда у билан яқин эканлигини тан олди:
– Қамоқда уни муқаррар ўлимдан сақлаб қолганман, – деди у ўтмишини ёдга олиб, – ўшандан ака-ука бўлиб кетдик. Қамоқдан чиққандан кейин уйга келиб туради. Бундан чамаси ўн беш кун олдин бир дунё совға-салом билан кириб келди. «Нима бало, тилла топдингми?» десам, гапни ҳазилга буриб, «Мулло ака, боғини енг, узумини суриштирманг», деди. Бир касофатни бошламаса гўргайди, деб ўйлагандим. Кўнглим сезган экан…
– Кейинги пайтларда нима иш қилаётганди? – гуруҳ раҳбари савол беришга ўтди.
– Қилса ҳар иш қўлидан келади, ичмаса бип-бинойи одам. Ичиб олса, тамом, одамгарчиликдан чиқиб кетади. «Шу заҳри қотилни ташла», деб кўп айтдим, ароқхўрнинг қасами эчки қасам бўларкан-да! Бир ичса, тўхтатиб бўлмай қолади, ҳафталаб чўчқадай бўкиб ётади.
– Одамлар унинг қўлида катта пул борлигини кўришган, ҳар икки кунда доллар майдалаган, гап-сўзи ҳам «йириклашиб» қолганини айтишмоқда. Ғолиб пулни қаердан олган бўлиши мумкин?
– Ҳайронман, шу куни меникига ҳам қарийб юз долларлик бозорлик қилиб келганди, – деди гувоҳ бошини қашилаб, – бирор кишини тунадими ёки банк-панкка ўғирликка тушганми десам, бунақа ишлардан ҳазар қиларди, ҳаром деб биларди.
– Ўғрилик, фирибгарлик билан икки марта қамалган одамнинг ҳаромдан ҳазар қилиши кулгили эмасми? – изқувар гувоҳнинг чакагини очишга ҳаракат қилди. – Бу томони учига чиққан ароқхўр бўлса, ўйлаб гапиряпсизми?
– Эйй ука, сиз унинг нима учун қамалганини биласизми? – деди Мели таассуф билан. – Билмайсиз! Икки марта ноҳақ қамалиб, камига бор будидан ажралган одам нима қилсин? Ҳалиям иродаси бақувват экан, жинни бўлиб қолмаганига ҳайронман! Бечора бор аламини ароқ ўлгурдан олади. Фақат сарҳуш пайтида ўзини инсондек ҳис қилади… Бошқа пайти… ҳаёти мантиқсиз, яшашдан мақсади қолмаган… Одамларнинг кўзига ашаддий жиноятчи бўлиб кўринади. Мана, тағин унинг гарданига бир касофатни осмоқчи бўляпсизлар! Шўринг қурғурни учинчи марта ноҳақ қамасанглар, билмадим ҳоли нима кечади?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.