Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– «Ўйнашимга ишониб, эрсиз қолдим», деб бошини чангаллаб қолмасин тағин! – гапнинг индаллосини айтади-қўйди Фозил.

– Майли, айтиб қўяман, – дея эшик томонга одимлади қиз.

– Санжар ака, шоир бўлиб кетинг-э! – гувоҳ чиқиб кетгач, Фозил гуруҳ раҳбарига кинояли илжайди. – Оила марказида ҳам ишлаганмисиз дейман… Буларга насиҳат кор қилармиди? Бекорга оғзингиз оғригани, вақтингиз кетгани қолади.

– Терговчининг, изқуварнинг вазифаси фақат жиноятни фош қилиш эмас, – Санжарбек чертиб-чертиб гапирди, – адашганни тўғри йўлга йўллаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам бизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади. Одамлар тақдирига бефарқлик, ғам-ташвишларига эътиборсизлик қонун посбонларига ёт иллат бўлмоғи лозим.

– Вой-вой, Санжар ака, биринчи курс талабаларига маъруза ўқияпсизми? – куйган калладай тиржайди изқувар. – Китобий гапларни биз ҳам яхши биламиз!

– Билиш бошқа, амал қилиш бошқа! – гуруҳ раҳбари чўрт кесди. – Билмасдан хато қилганни кечириш мумкин, аммо билиб туриб, унга риоя этмаганни кечириб бўлмайди! Хўш, Сарвиноз хусусида кимда қандай фикр бор? – деди у ўтирганларга қарата.

– Менимча, қиз ҳақиқатни гапирди, – Худойберди биринчи бўлиб сўз олди, – унинг кўрсатмаси бир талай бошқотирмаларимизга ойдинлик киритди. Энди Явғошни бемалол гумондорлар сафидан чиқарсак бўлади…

– Қиз алдаб турган бўлса-чи? – сал чўчиброқ эътироз қилди Абдуғани.

– Ёлғон гапришдан унга нима фойда? – «профессор» гапга қўшилди. – Мантиқан олиб қараганда, айтганларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Энг асосийси, Явғошни ёлғон гапиришга мажбур қилган жумбоққа ечим берди… Тортишиб ўтиришдан нима наф, Роҳилани сўроқ қилсак, ҳаммаси равшан бўлади-қўяди…

– Яхши, – гуруҳ раҳбари хулоса қилишга шошилди, – қизнинг гаплари чин бўлса, Явғош гумондан холи бўлади. Бу масалани ўзим охирига етказаман. Сизлар ўз йўналишларингиз бўйича ишларни жадаллаштирасизлар. Кимда қандай савол, тушунмовчиликлар бор?

– Ҳаммаси тушунарли! – бир овоздан жавоб қилди йигитлар.

– Унда, по коням!88
  Отларга ўтириш учун ҳарбий-кавалерия командаси. (Русчада – кавалерийская команда для посадки на лошадей)


[Закрыть]
– Санжарбек чавондозлардай илдамлик билан ўрнидан қўзғалди.

* * *

Худоёрнинг мошинасига жиноят қуроли бўлмиш пичоқни ким ташлаб қўйганлиги масаласида олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари кутилган натижани бермади. Шаҳар кўчалари, «ГАИ» постлари, савдо нуқталари, корхона ташкилотларга ўрнатилган видео камера хотиралари кўздан кечирилди. Воқеага у ёки бу жиҳатдан даҳлдор анчагина одамлар сўроқ қилинди. «Номаълум қиз» ва Эшпўлатдан ташқари ўша кунлари «Матиз»га йўловчи сифатида чиққан бошқа кишиларнинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади. Эшпўлат паттачининг алоқалари, телефон пеленгациялари, сўзлашувлари таҳлили бу шахс билан Илёс дўхтирнинг тақдир чизиқлари ҳеч қачон туташмаганлиги, шунингдек, кейинги олти ой давомида паттачининг шубҳали кишилар билан муносабатга киришмаганлиги маълум бўлди. Шу сабабли тергов гуруҳи бу йўналишда ишни тўхтатиб, Эшпўлатни гумондорлар сафидан чиқаришга қарор қилдилар. «Номаълум қиз» йўналишида ишлар давом эттирилди. Изқуварлар бозор автотурагоҳида ўрнатилган видеокамера ёзувларини кўздан кечирганда қиз Худоёрнинг «Матизи»дан тушгани ва сал нари юриб, оқ рангли «Нексия» мошинасига ўтириб кетгани камера хотирасида мухрланиб қолганини аниқладилар. Бахтга қарши, мутахассислар видео тасвирларни гоҳ катталаштириб, гоҳ кичрайтириб обдан ҳаракат қилсалар-да, «Нексия»нинг давлат рақамини аниқлашнинг имкони бўлмади.

– Аҳа, бу қиз текка ўхшамайди, – деди гуруҳ раҳбари видео тасвирларни диққат билан кўздан кечирар экан, – бозорда ҳеч қандай иши бўлмаган. Кимдир уни шу жойда кутиб турган. Худоёр уни мошинадан туширгач, қиз ўзини бозор-ўчорга келгандай тутиб, сўнг келишувларига мувофиқ шериклари томонга юрган.

– Балки йигити билан учрашувга келгандир? – муқобил фикр билдирди Жўрабой.

– Тахминингизнинг саёз жойлари бор, – гуруҳ раҳбари муносиб жавоб қайтаришга чоғланди, – биринчидан, учрашувга борадиган қиз одатда таниш манзил – уйидан, иш жойидан чиқади. Қиз эса умуман бегона жойдан мошинага ўтирган. Мазкур кўчада уни ҳеч ким танимайди, бу ерда яшамайди, ҳеч кимникига меҳмонга келмаган, иш, хизмат билан юрган десак – ён атрофда корхона, ташкилотлар мавжуд эмас. Бундан чиқди қизгина Худоёрни мошинасига чиқиш учун атайлаб унинг уйи ёнига келиб, йўлини пойлаб турган. Иккинчидан, қиз таксичида ҳеч қандай шубҳа туғдирмаслик учун тушиш манзили сифатида бозорни танлаган. Чунки бозорда ит эгасини танимайди, биров бировга эътибор қилмайди. Учинчидан, қиз ўзини бозорга келган кўрсатиб, таксичи кетгач, ортга қайтган. Ҳеч ким уни кузатиб турмаганига ишонч ҳосил қилгач, шеригининг мошинаси тарафга юрган. Автотураргоҳда видео тасвирга олаётгани қизнинг назаридан четда қолган.

– Ҳайронман, ёшгина қиз, шунақанги ишга қандай аралашиб қолган бўлиши мумкин? – Худойберди фикр билдирди. – Ўзини тутиши, хатти-ҳаракатларидан қизнинг қандайдир сирли ташвиш-ўйлар билан юргани аниқ. Аммо буни қотилликка дахлдорлик сифатида қараш унчалик тўғри бўлмайди. Қизнинг Худоёрни уйига яқин жойдан таксига чиққанлиги тасодиф ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, таксида келаётган пайтда ҳайдовчи тегажоқлик қилган бўлса, шартта мошинасидан тушиб қолган. Бунақа ҳолатлар ҳаётда кўп учрайди-ку. Кайфияти йўқлиги ҳам шундан бўлса ажабмас. «Нексия»даги шахс акаси, укаси, отаси, йигити, таниши, ҳамкори – хоҳлаган одам бўлиши мумкин. Унга «жиноий шерик» сифатида қараш…

– Сизларни тушундим, – хулоса қилди гуруҳ раҳбари, – майли, ҳозирча ҳар ким ўз фикрида собит турсин. Вақт – олий ҳакам. Лекин мендаги ички туйғу «шу қизда бир гап бор» деб тинчлик бермай турибди.

– Аммо сизнинг ички туйғунгиз ҳеч қачон панд бермаган, – Жўрабой устозига ён босди, – бу гал ҳам тўғри чиқиши керак. Демак, қиз билан маҳкамроқ шуғулланиш…

– Бошқа тахминларнинг устида ишлашни сусайтирмаган ҳолда, – Санжарбек «профессор»нинг фикрини тўлдирди, – агар қиз жиноятга қандайдир маънода алоқаси бўлса, бизни қотилларга олиб чиқадиган энг қисқа йўл шу бўлади. Бундан чиқди, қандай бўлмасин «Нексия» ва унинг ҳайдовчисини топиш керак бўлади. Фозил ака, – деди гуруҳ раҳбари изқуварга қарата, – оқ «Нексия» ҳақида бизга нималар маълум?

– Тасвирдаги мошина «Дайво Нексия-1» модели бўлиб, асосан, 1994 – 2008 йилларда ишлаб чиқарилган, – изқувар қўлидаги қоғозга қараб ахборот беришга тушди. – Мутахасисларнинг фикрича, мошина 2006 йилда ишлаб чиқарилган бўлиши эҳтимолга яқин. Вилоят бўйича худди шу маркадаги оқ рангли мошинадан 2243 та бор экан. Шулардан 2006 йилда ишлаб чиқарилганлари 678 тани ташкил қиларкан. Шунча мошинани бирма-бир текшириб чиқиш жуда мураккаб иш. Негаки, улардан кўплари бир неча марта сотилиб, қўлдан-қўлга ўтган, аммо тегишли равишда нотариал расмийлаштирилмаган ва қайта рўйхатдан ўтказилмаган. Бундай ҳолатда битта мошинани топиб, текширишга бир неча кун кетиши мумкин. Мабодо мошина Тошкент шаҳри ёки бошқа вилоятдан рўйхатга ўтган бўлса, урди Худо! Унда мошинанинг топилишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Аксига олиб, мошинанинг ташқи кўринишида кўзга ташланадиган бирор хос белги аниқланмади. Шу сабабли тасвирларни компьютер техникаси ёрдамида кўздан кечириб, терговга фойдаси тегиши мумкин бўлган деталларни топиш учун мутахассисларга топширдик. Ниманидир аниқлашга эришсак, текшириш доирамиз анча қисқариб, юмушимиз енгиллашган бўларди. Шунга умид қилиб турибмиз…

– Балки «Нексия» бозор атрофидаги бошқа камералар объективига тушиб қолгандир? – Жўрабой миясига келган фикрни қайтариб ўтирмади.

– Йўқ, бозорга кириш жойида бошқа камера йўқ экан, – изқувар жавоб берди, – ўша атрофдаги дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, бошқа биноларга ўрнатилган камералар хотираларини кўриб чиқдик, «Нексия-1» тасвирга тушмаган.

– Яхши, – деди гуруҳ раҳбари ўйланиб туриб, – мошинани излашда давом этамиз. Оғир бўлса-да, рўйхатдаги барча оқ рангли «Нексия»ларни чиғириқдан ўтказамиз. Бирда бўлмаса бирда омад кулиб боқар. Энг аввал, Гулистон шаҳри ва унга туташ туманлардаги мошиналар текширилиши зарур. Мутахассислар тасвирлардан мошинанинг бирор хос белгиси, нуқсони, автоҳалокат излари, тирналган, чатилган, алмаштирилган қисмларини аниқласа, манзилли ишлашга имкон бўларди. Бундан ташқари, қизнинг фотороботини кўпайтириб, маҳаллаларда, ишхоналарда таниб олиш учун кўрсатишни давом эттириш зарур.

* * *

Каллаи саҳарлаб Тоҳир Ғафуровичнинг камдан-кам ишлатадиган «маҳфий» рақамидан қўнғироғи Санжарбекни шошириб қўйди. Бир лаҳзада миясидан турфа хаёллар ўтди. «Бунақа бемаҳалда қўнғироқ қилмасдилар-ку, тинчликмикан? Фахриддин Каримовичга бирор кор-хол бўлмадимикан? Ёки ишхонада…»

– Санжаржон яхшимисиз? – раҳбарнинг овози қандайдир мунгли чиқди, – ҳалақит қилмадимми?

– Ассалому алайкум, Тоҳир Ғафурович саломатмисиз? Ишларингиз…

– Яхши, яхши, бундан баттари бўлмайди! – деди раҳбар бўғиқ овозда, – уйқум қочиб, туни билан тўлғаниб чиқдим… Кеча кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлганди. Шаҳар прокурорини ишдан олишди…

– Йўғ-э, нега? Меҳриддин Бахтиёрович жуда зўр ишлаётганди-ку…

– Бу ланъатиларга ишлайдиган эмас, қулоқ қоқмай айтганини қиладиган, чизган чизиғидан чиқмайдиган манқуртлар керак. Мустақил фикрлайдиган, ўз фикрини очиқ айта оладиган ходим буларга ёқмайди. Ақлли ходимни ўзларига душман билишади… Меҳриддин ишни зўр ташкил қилганди, шаҳарни чиройли бошқариб турганди. Ҳаромдан ҳазар қиладиган, адолатни ҳамма нарсадан устун кўрадиган раҳбар сифатида катта обрў-эътиборга эга эди. Нимаймиш, қайсидир қариндоши банкдан кредит олганда аралашганмиш… Шу ҳам гап бўлдими? Кредитни берган банк бўлса, олган бошқа одам бўлса, прокурорнинг бунга нима алоқаси бор. Кредит таъминоти учун кафолати бўлса, бўлди-да! Чичқоқ бузоққа арпа-буғдой баҳона!

– Шундай фидойи, ҳалол одам… бирор иш бергандир…

– Қайда дейсиз, тизимдан ҳайдаб, генераллик унвонидан маҳрум қилишди, – чуқур хўрсинди раҳбар, – ҳали устидан иш қўзғатмасалар гўргайди!

– Шунақа «деди-дедилар» билан қандай қилиб иш қўзғатиш мумкин?

– Эй бўтам, Марсдан тушган одамдайсиз-а! Бу бемазаларга асос топишдан осони борми? Керак бўлса, Оролнинг сувини қуритган, деб айб қўйишади… Одамнинг қўли ҳам ишга бормай қоларкан… Бу замонда яхшига кун йўқ бўлиб қолди… Ёмоннинг куни туғди…

– Устоз, балки давлат раҳбари э-ш-и-т-и-б қ-о-л-с-а… – каловланди Санжарбек, – ҳарҳолда пойтахт прокурори…

– Бу бетамизлар давлат раҳбарини ҳам чалғитиб, алдаб ташлаяпти-да! Пашшадан фил ясаб, «ундай қилган-бундай қилган» деб отни калласидай маълумотнома киритади! Кейинги йилларда «ота» шуларга кўр-кўрона ишонадиган, чизиғидан чиқмайдиган бўлиб қолган… Энди сизнинг ишларингиз ҳам осилиб қоладиган бўлди-да!

– Тушунмадим, устоз, нимани назарда тутяпсиз? – деди шогирд ҳеч вақони англолмай.

– Э, ҳа, ҳали сизга айтмагандим-а. Шаҳар прокурори сизга харидор чиқиб турганди. Тергов бўйича ўринбосарлик лавозими бўшаган экан. Ишни деярли пишитиб қўйганди. Сизнинг розилигингизни олиб, Бош прокурорга тақдимнома киритиш қолганди, афсус улгурмади…

– Устоз, ишончингиз учун раҳмат-у, аммо шаҳар оғир жой… эплайолармиканман?..

– Эплашга эплаб кетардингиз… энди янги келган раҳбар ўзиникини тавсия қилади-да!

– Тоҳир Ғафурович, биласиз, мансабга қизиқмайман. Менга терговчиликдан маъқули йўқ…

– Гап қизиқиш-қизиқмасликда эмас, – деди раҳбар босиқлик билан, – ҳар ким қобилияти ва хизматига яраша лавозимга кўтарилиши лозим. Сиз шунча йиллардан бери ҳалол ва виждонан ишлаб келяпсиз. Ўта оғир ва мураккаб жиноятларни фош қилиб, ишончимизни оқлаб юрибсиз. Аммо кўряпсиз, айрим тирранчалар бир-бир ярим йил ишлаб, босар-тусарини билмай лавозим хоҳлаб қолишади. Ўзини у ёқдан бу ёққа уриб, таниш-билишни ишга солиб, мансаб курсисига эга чиқишади. Етарли тажриба, билим ва салоҳиятга эга бўлмаган раҳбар жамият танасига тушган қуртдай гап-да! Эйй, нимасини айтасиз, одамнинг қорнига эмас, қадрига йиғлагиси келади, Санжарбек! Ҳа, майли, ўзингизда нима гаплар?

– Ишлаяпмиз, ҳозирча мақтанишга арзигулик ҳеч нарса йўқ, – ахборот беришга киришди терговчи, – ҳамма тахминлар устида паралелл ва тизимли иш олиб боряпмиз. Марҳум кейинги йилларда одамлардан, ҳатто оила аъзоларидан яширинча судхўрлик билан шуғулланиб келган экан. Жиноятнинг мотиви пулга бориб тақаладиган кўринади…

– Унда шифохонада ётган муштипар кампирни ўлдириш кимга керак бўлган?

– Бизнинг тахминимизча, онахон чоли билан қотиллар ўртасидаги можародан хабардор бўлган. Тергов бошланса, жиноятчилар кампир сотиб қўйишидан кўрққан. Шу сабабли уларни биладиган ягона гувоҳни жисмонан йўқ қилишга қарор қилишган.

– Марҳум судхўрликни оила аъзоларидан ҳам сир тутган деяпсиз, у ҳолда кампир чолининг пулли ишларидан бехабар бўлган деб ҳисоблаш мумкинми?

– Тўғри, Илёс бобо олди-берди ишларини кампирига умуман билдирмаган. Мижозлари билан уйидан ташқарида, овлоқда гаплашишга ҳаракат қилган.

– У ҳолда мантиқан олиб қараганда тахминингизнинг сал хом жойи борга ўхшайди, – таҳлил қилишга киришди прокурор ўринбосари. – Кампир чолининг олди-берди ишларидан бехабар бўлса, уни ўлдириб кетишларининг сабаби бошқа бўлиб чиқади. Менимча, қотилликда қариндош-уруғларнинг қўли бор. Бу тахминсиз икки қотиллик ўртасида сабабий боғланишни кўрмаяпман. Қотилликларни бир-бирига боғлашда шунга аҳамият беришларинг лозим.

– Қотилни қариндош-уруғлар орасидан ахтар, демоқчимисиз? – терговчи раҳбарнинг шамасини унчалик тушунмаганди.

– Ҳа, балли! Бу ҳам бир тахмин-да! Ишлаб кўрарсизлар, – гапни калта қилди раҳбар, – алоқада бўламиз.

Гўшакни жойига қўйгач, Санжарбекнинг устоз нимага ишора қилганини англолмай боши қотди: «Нотўғри йўлдан кетяпсизлар, демоқчими? Ёки марҳумнинг қариндош-уруғларини эътибордан четда қолдиряпсизлар, коса тагидаги ним косани кўрмаяпсизлар, демоқчими? Ахир марҳумнинг қизи ва бошқа туққан-туғишганлари билан етарлича ишланди-ку. Уларнинг ҳеч бирида қўш қотиллик учун мотив топилмади-ку. Ёки биз ниманидир назардан четда қолдиряпмизми? Ёки тажриба ўлгур етишмаяптими? Устоз ҳеч бир гапни бекорга айтмайди. Узоқ йиллик тажрибага эга, масалага биздан кўра чуқурроқ ёндаша олади, ички ишончи ҳам мустаҳкам. Беҳудага юмшоққина қилиб, «ишлаб кўринглар» демади. Демак, бу масалани тағин бир ақл чархидан ўтказиб чиқишга тўғри келади. Терговчи қўлига қалам олиб, ёза бошлади: «Илёс Муллажонов ва Зебинисо Суюноваларнинг яқин қариндошлари: қизи Шахина, куёви Туробжон, ўғли Холёрнинг хотини – Латофат, уларнинг қизлари Тахмина…».

Ташқарида кимларнингдир баланд овозда сўзлагани эшитилди ва сал ўтмай эшикда Худойберди билан Фозил кўринди.

– Ҳожи бобо, бир масалага шубҳа қилиб қолдик, – Худойберди «Шум бола»99
  Ғофур Ғуломнинг «Шум бола» асари назарда тутилмоқда.


[Закрыть]
дан олди. – Абу Муслими бошларига Насири Сайёр тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарон билан урганда ул жаноб тиззасигача ерга ботган эдиларми ёки белигачами?

– Наузанбуллоҳ, – деди Санжарбек «ҳожи бобо» ролга кириб, – бир зарбда ул сакбачча жанобни белларигача ерга ботирган бўлса, иккинчи зарбда қулоқларигача ботирган, бўтам. Наҳот шунга ҳам ақли заифингиз етмаса!

– Бал-э, мавлоно, бал-э! – кулги кўтарилди.

– Кайфиятлари чоғ кўринади, нима гап, тилла топдиларми? – гуруҳ раҳбари хурсандчилик сабабини билишга ошиқди.

– Машойиқлар кайфиятнинг аълолиги – доноликнинг биринчи аломати, дейишади, – деди Худойберди кулимсираб, – ўз кайфиятимизни ўзимиз кўтариб, фозил бўлишга ҳаракат қиляпмиз-да!

– Жиноятчилар кундан кунга донолашиб, такомиллашиб кетмоқда, – ярми ҳазил-ярми чин «пайров»ни давом эттирди гуруҳ раҳбари, – биз терговчилар улардан ортда қолишга ҳақимиз йўқ. Мана, шунча терговчи, шунча изқувар оддийгина бир қотиллик жиноятини фош қилолмасдан бир жойда тепсиниб ётибмиз. Ишимизнинг на учи, на қуйруғи бор. Донолик етишмаяпти, донолик!

– Эйй, Санжар ака, биз ўзимиз тўғримизда гапириб турибмиз, – Худойберди изқувар тарафга ишора қилди, – камтарлик қилманг, сиз бу тоифага қўшилмайсиз. Сиз ўз ишининг устаси, доно терговчисиз. Сиздан анча-мунча нарсани ўрганяпмиз.

– Ўҳўўў жуда ошириб юбормадиларми? Бунақа баландпарвоз сўзларга не ҳожат? – кулди Санжарбек. – Келинглар, ишдан гаплашайлик. Нима янгиликлар?

– «Абдужалил йўналиши» бўйича ишда бир янгилик бўладиган кўринади…

– Хўш, хўш, ана шундан гапиринг-да! – гуруҳ раҳбари ҳамкасбининг оғзини пойлади.

– Абдужалил Илёс бобога қарзини қайтарганда уйида қайини Ғолиб Маликов бўлган. Ёдингизда бўлса, агар у поччасининг қарияга беш минг доллар берганини кўрган ёки сезган бўлса, пулни қўлга киритиш учун чолнинг ортидан тушган бўлиши мумкин, деган тахмин қилгандик. Шу сабабли бу йигит билан қизиқиб кўрдик. Маълум бўлишича, бу йигит тушмагур икки марта қамалиб чиққан, ғирт ишкал киши бўлиб чиқди. Биринчи марта ўғирлик, иккинчи марта фирибгарлик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Қамоқда пайти хотини икки боласи билан кўч-кўронини йиғиштириб, отасиникига кетиб қолган. Айтишларича, кейинчалик у болаларини онасиникида қолдириб, Россияга ишлашга кетган. Ҳозир ҳеч қаерда ишламайди. Қўшниларининг айтишича, шу кунларда қадам ташлаши ўзгариб қолган. Кайф устида «Керак бўлса ҳаммангни сотиб олишга қурбим етади», деб мақтанган. Энг қизиғи, телефон пеленгацияси таҳлилига кўра, у қотиллик содир қилинган кунда икки марта воқеа жойига яқин ҳудудга кирган…

– Шунақа денг, – деди гуруҳ раҳбари бошини қашилаб, – узоқ йиллар олдин шунга ўхшаш воқеа юз берганди. Бир корейс опа қўшнисиникига чиқиб, эри мошинасини сотганини, энди устига пул қўшиб, янги мошина олмоқчи эканини айтган. Уйга меҳмонга келган «жиян» ўзини бошқа иш билан машғулдек кўрсатиб, аёлларнинг гапини эшитиб ўтирган. Шу-шу «жиян» тушмагурнинг нияти бузилган ва ўзига ўхшаган бекоркасал, «камерадош» ўртоғи билан маслаҳатлашган. Дарров мўмай пулни қўлга киритиш режасини тузишган. Куппа-кундузда уйда ҳеч ким йўқлигида юзларига ниқоб тақиб, ўғриликка тушган. Шу пайт бахтга қарши қўшнининг ўғли мактабдан қайтиб келиб қолган ва ниқобда бўлса-да, босқинчилардан бирини таниб қолган. Натижада жиноятчилар фош бўлишдан қўрқиб, болани ўлдиришга мажбур бўлган… Наҳот ўша воқеа ҳаётда такрорланган бўлса!

– Ёмон бўлган экан-ку! – деди Худойберди таъсирланиб. – Жиноят очилганмиди ишқилиб?

– Ҳа, жиноятчилар «иссиқ изи»дан қўлга олинганди… Ғолибни топдингларми?

– Ҳозирча тополмадик, излаяпмиз, – деди ёш терговчи бошини қашилаб, – ўзи шунақа ҳафта-ўн кунлаб улоқиб кетадиган одати бор экан.

– Уйи борми? – ҳайрон бўлди гуруҳ раҳбари.

– Уйи бўлган, лекин ҳозир унда бошқалар туради, сотиб юборганми, хадя қилганми, тушунарсиз. Аҳёнаҳён қариндошлариникига бориб туради. Асосан, ўзига ўхшаган алкашлар, ишёқмас, дангаса, такасалтанглар билан вақт ўтказади.

– Шерикликка кимни жалб этган бўлиши мумкин? – сўрашда давом этди гуруҳ раҳбари.

– Ҳозирча бир нарса дейиш қийин, – деди Фозил ўйланиб, – яқин алоқалари доираси ўрганиляпти…

– Қаерга кетган бўлиши мумкин? Балки милиция излаётганини эшитиб, жуфтакни ростлаб қолгандир?

– Бўлиши мумкин, – маъқуллади Фозил, – биласиз-ку, буларнинг дунёсида ахборот алмашув аъло даражада йўлга қўйилган.

– Худойберди, – гуруҳ раҳбари топшириқ беришга ўтди, – сиз жиноят ишлари бўлимидан одам чақиртириб, Ғолиб муқаддам нима учун судланганига, жиноий шериклари ким бўлганлигига аниқлик киритинг.

– Тушунарли, – деди терговчи ён дафтарига қайд қила туриб.

– Фозилжон, – гуруҳ раҳбари изқуварга юзланди, – бор кучни ташланг, қандай бўлмасин уни топиш керак. Унинг муқаддам нима учун судланганини аниқлаш лозим. Мабодо қотилликка алоқаси бўлса, жон-жаҳди билан яширинишга ҳаракат қилиши табиий. Ҳарҳолда хорижга чиқиб кетмас-а!

– Четга кетолмайди, хорижга чиқишга рухсати йўқ, – изоҳ берди изқувар, – агар айланма йўллар билан Тожикистон ёки Қозоғистонга ўтиб кетмаса.

– Э, Фозил ака, нима деяпсиз, шу алкаш одам чет давлатга чиқишни уддалай олармиди, – эътироз қилди ёш терговчи.

– Булар ичган пайти ҳайвонга айланади, – ўзиникини жўплади изқувар, – ичмаганда туппа-тузук одам, ҳар балога ақли етади! Қолаверса, биз унинг шериклари кимлигини ҳам билмаймиз-ку.

– Қамалиб чиққан одамнинг қамоқдошидан яқин дўсти бўладими? – Худойберди тахмин қилди.

– Тўғри, у билан қамоқда ўтирган барча шахсларни ўрганиб чиқишга тўғри келади.

– Майли, нима қилиш кераклигини ўзларингиз яхши биласизлар, – гуруҳ раҳбари олдин Худойбердига, сўнг Фозилга юзланди, – асосийси, вақтни бой бермаслик. Лекин мени бошқа нарса ташвишга соляпти. Хўш, чолни Ғолиб шериклари билан ўлдирган деб ҳисоблайдиган бўлсак – кампирнинг қотили ким бўлади? Уларга пул керак бўлган. Дўхтирни қаршилик кўрсатгани учун ўлдирган бўлса ажабмас. Кейин сейфдан пулни олиб чиқиб кетишган. Уларда кампирни ўлдиришга ҳеч қанақа сабаб йўқ. Шу томони ёпишмай турибди-да!

– Бундан чиқди, кампирни бошқа гуруҳ ўлдирган демоқчимисиз, – ўзича хулоса қилди Худойберди.

– Бўлиши мумкин… аммо яна ўша савол кўндаланг бўлади: муштипар кампирнинг ўлими кимга керак? – елкасини қисди гуруҳ раҳбари. – Шунча текширяпмиз, ўрганяпмиз, таҳлил қиляпмиз, аммо кампирга ўлим истовчи шахсни кўрмаяпмиз. Бемор кампирни шифохонага келиб, ўзини хавф-хатарга қўйиб заҳарлаш учун жуда жиддий сабаб бўлиши керак эмасми?

– Санжар ака, кампир ҳақида биз ҳали нималарни биламиз? – Фозил гапга қўшилди, – одамларнинг кўзига фариштадай кўрингани билан, балки у пихини ёрган иблисдир!

– Ҳай-ҳай, марҳумлар ҳақида бунақа гапириш одобдан эмас, – Худойберди танбаҳ берди. – Мана кўрасизлар, бу ерда гап кампирда эмас. У бечора чолининг касофатига қолгани аниқ.

– Йигитлар, келинглар, фактларга таяниб иш тутайлик, – гуруҳ раҳбари ҳамкасбларини муросага чақирди, – тахминларни қайта-қайта санаб, вақт ўтказишдан нима фойда. Ҳозирча эҳтимоллик назариясидан келиб чиқиб, ортиқча саволларни бир четга йиғиштириб, бу икки қотиллик ўртасида сабабий боғлиқлик бор, деб фараз қилиб турайлик. Қотилни топсак, очиқ қолаётган саволларга жавоб топилади… Устозларимиз бисёр ишлаб, кам гапириш керак, деб таълим беришган. Биз эса тескарисини қилмаяпмизми?

– Бўлди, Фозилжон туринг, кетдик, – Худойберди гапни ҳазилга бурди, – валақлашиб ўтиришдан фойда йўқ, ишлаш керак! Интилганга толе ёр!

– Тўғри қиласизлар, бекорга менинг ҳам вақтимни оляпсизлар, – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб, – вақтинг кетди – бахтинг кетди, деб бекорга айтишмаган…

* * *

«Нотаниш қиз» йўналишида машғул изқуварлар ишга бошқа туманлардаги ҳамкасблари, участка нозирларини жалб қилганига қарамасдан на гумондор қизнинг шахсини, на у чиққан «Нексия» мошинаси ва унинг эгасини аниқлашнинг имкони бўлмай турган бир пайтда экспертлар «Нексия»нинг ўнг қўл олд қаноти (крелоси) алмаштирилганлиги ҳақида хулосага келишди.

– Мана қаранг, олд қанотнинг ранги мошина бошқа қисмларидан бироз фарқ қилади, – хулосасини асослади эксперт, – синчковлик билан қаралса, ҳатто оддий кўз билан илғаш қийин эмас.

– Тўғри, олдинги қанот сал сутрангга яқинроқ, – тасдиқлади гуруҳ раҳбари расмга тикилиб, – мен Қўёшда шунақа кўриняптими, деб ўйлагандим.

Тезда вилоят ҳаракат хавфсизлиги бошқармасидан кейинги икки-уч йил ичида содир бўлган автоҳалокатлар ҳақида маълумот сўралди. Барча автомабилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига сўровнома юборилди. Автомошинани излаш доираси қисқарганлиги сабабли «Нексия»ни қидириш ишлари жонлантирилди. Натижа узоқ куттирмади. Вилоят миқиёсида содир бўлган автоҳалокатлар натижасида «Нексия-1» мошинасининг ўнг қўл олд томон крелоси алмашган ҳолатлар йигирма бешта эканлиги маълум бўлди. Барча мошиналар кўздан кечирилгач, ниҳоят ахтарилаётган «Нексия» топилди. Унинг эгаси сўроққа чақирилди. Эллик-эллик беш ёшлардаги одмигина кийинган кишини кўриб, Санжарбекнинг хаёлидан «Бу биз излаётган одам эмас-ов», деган ўй ўтди.

– Анорбой ака, мана бу мошина сизга тегишлими? – салом-алик ва тинишувдан сўнг сўради гуруҳ раҳбари компьютер экранидаги видео тасвирга ишора қилиб.

– Меникига ўхшаяпти… – деди гувоҳ тасвирга зимдан тикилиб, – и-и-я… м-а-н-а-в-и а-ё-л ким бўлди? Т-ан-и-м-а-д-и-м… Бу ер қаер?

– Гулистон марказий бозорига кириш жойи… яқин кунларда бозорга борганмидингиз?

– Боришга боргандирман… лекин анави қизни миндирмаганман… ким у?

– Мошинангизни сиздан бошқа яна кимлар бошқаради?

– Бошқа ҳеч ким ҳайдамайди… ўғлим баъзида мойкага олиб чиқади…

– Ўғлингиз неча ёшда?

– Ўн саккизда, ўн биринчи синфга кўчди… тинчликми ука? Нима бўлди? – гап ўғлига кўчганидан безовталанди гувоҳ.

– Тинчлик, тинчлик, бир масалага ойдинлик киритиш керак бўлиб қолди, – деди терговчи совуққонлик билан, – ўғлингизнинг исми ким?

– Салимжон…

– Уни шу ерга чақирсак бўладими? Қўлида телефони борми?

– Бор… чақирайми? – гувоҳнинг ранги оқарди. – Нима бало, боласи тушмагур бирор нарсага аралашиб…

– Қўнғироқ қилинг-чи, қаерда экан?

Анорбой чўнтагидан кўримсизгина телефонни чиқариб, рақамларни терди:

– Ало, Салимжон, қаердасан болам? …Уйдамисан?.. менга қара…

– Уйда бўлиб турсин, мошина юборамиз, прокуратурада эканлигингизни айтманг, – шивирлади терговчи.

– Салимжон… уйда бўлиб турсанг мошина боради… Тинчлик, тинчлик… Келсанг гаплашамиз… хўп-хўп… – гўшакни қўйди Азамат.

Изқувар кимгадир қўнғироқ қилиб, манзилни айтди ва йигитни прокуратура биносига келтиришни тайинлади.

– Ўн бешинчи-йигирманчи июль кунлари қаерда бўлганлигингизни эслай оласизми? – сўрашда давом этди Санжарбек.

– Ўн беш… йигирманчи июль… қаерда бўлардим… ишда, уйда эдим… ўн тўққизинчи куни Қаршига курсдошимизнинг юбилейига кетгандим…

– Аниқми?

– Аниқ… ҳар йили шу куни Қаршига борамиз…

– Мошинангизда кетганмидингиз?

– Йўғ-э, узоқ йўл… таксида кетгандим… юбилейда барибир сал-пал олишга тўғри келади… ролда ичиб юриш…

– Демак, мошинангиз уйда қолган, шундайми?

– Шундай… шундай… Нима, бола тушмагур мошинани миниб чиқиб… бирортасини туртиб-пуртиб…

– Йўқ, йўқ, автоҳалокат бўлмаган… аммо бизни қизиқтираётган бир қизни мошинасига чиқарган, – терговчи гувоҳни тинчлантиришга уринди.

– Нима, ўша қизгина жиноятчи эканми? Бирортасини… боягидай…

– Салимжонда ҳайдовчилик гувоҳномаси борми? – саволга-савол билан жавоб қилди терговчи.

– Йўқ, гувоҳнома нима қилсин… бу қулоқсиз болага неча марта айтдим-а! Қаршига кетишда ҳам калитни яшириб кетгандим, бу аҳмоқ қаердан топса-топибди-да!

– Яхши кўргани борми?

– Тушунмадим…

– Салимжоннинг севган қизи борми?

– Эээ, нима деяпсиз, қанақа қиз, бурнининг бўқини артиб олсин! Севгига бало борми! – тўнғиллади гувоҳ.

Эшик оҳиста тақиллаб, ёшгина лейтенант кириб келди ва ҳарбийча мурожаат қилди:

– Ўртоқ бошлиқ, топшириғингизга биноан Салим…

– Кирсин, кирсин! – изн берди Абдуғани.

Лейтенант чаққонлик билан хонадан чиқиб, сўтаккина йигитни бошлаб кирди ва изқуварнинг имоси билан чиқиб кетди.

– Салимжон, келинг ўтиринг, – гуруҳ раҳбари тавозе билан ўтиришга жой кўрсатди.

– А-с-с-а-л-о-м-у – а-л-а-й-к-у-м, – йигитнинг тили зўрға айланди.

– Нечинчи синфда ўқийсиз? – терговчи боланинг ҳаяжонини сўндириш учун у ёқ-бу ёқдан сўраган бўлди.

– Ўн биринчида.

– Қайси мактабда ўқийсиз?

– Эллик олтинчи сонли мактабда.

– Мошина ҳайдашни яхши кўрасизми?

– Йўғ-э… права олмаганман-ку – деди йигит отасига яширинча кўз қирини ташлаб.

– Салимжон, бу ёққа қаранг, – гуруҳ раҳбари компьютердаги тасвирга ишора қилди, – манави қиз ким?

Йигит столга эгилиб, компьютерга зимдан тикилди. Тасвир таниш кўринди шекилли, бир терговчига, бир отасига қараб, мум тишлагандай индамай тураверди.

– Анорбой ака, беш дақиқага йўлакка чиқиб турасизми? – деди гуруҳ раҳбари йигитнинг отаси олдида ҳақиқатни айтишга қийналиб турганини ҳис қилиб. – Салимжон билан очиқчасига гаплашиб олайлик, кейин чақирамиз.

Ота малол келганиданми ёки ўғлидан хавотирга тушганиданми қовоғини уйганча чиқиб кетди.

– Хўш Салимжон, қизнинг исми ким? – гуруҳ раҳбари саволни бошқача шаклда такрорлади.

– Саида… синфдошим…

– Фамилияси ким? Қаерда туради?

– Зокирова… шаҳар ҳокимиятининг орқасидаги тўрт қаватли уйнинг учинчи қаватида туради…

– Яхши кўрасизми? – гуруҳ раҳбари йигитнинг тилини топишга ҳаракат қиларкан, жойида учиб-қўниб ўтирган изқуварга маъноли қараб қўйди. Абдуғани қоғоз-қаламини йиғиштириб, шошилинч чиқиб кетди.

– Ҳа, – деди йигит қулоғигача қизариб.

– У-чи? У ҳам сизни севадими?

– Севади… лекин.... ота-онаси уни бошқага бермоқчи…

– Нега?

– Дадаси бадавлат ўртоғининг эркатой ўғлига эрга бермоқчи экан… шунга…

– Нима, ҳали мактабни битирмаган қизни ота-онаси уни мажбурлаб узатишмоқчими?

– Нима қилсин, отаси қаҳри қаттиқ одам… катта ишда ишлайди…

– Қиз нима деяпти? – терговчи ҳижжалаб сўрашда давом этди.

– Саида нима қилсин, йиғлаб-сиқтаб юрибди… уйидан қочиб кетмоқчи… лекин онаси касалманд… кўзи қиймаяпти…

– Ўша куни қаерга бормоқчи эдинглар? – гуруҳ раҳбари «нишон»га яқин борди.

– Ўша куни Саида анави бола билан учрашувга чиққан, – қандайдир алам билан гап бошлади Салим, – бойвуча роса мақтанибди, шу кунгача нечта қиз билан юриб чиққанини гапириб берибди… Учрашув тугагач, Саида хафа бўлиб менга қўнғироқ қилди, «Қаердасиз, олдингизга ўтаман, маслаҳатли гап бор», деди. Дадам Қаршига кетгани учун мен унинг мошинасини миниб чиқиб, бозор тарафга боргандим. «Қаердасан, олдингга ўтаман» десам, «Йўқ ўзим таксида етиб бораман, бозорга киришда кутиб туринг», деди. Ярим соат ўтар-ўтмай бир «матизча»да етиб келди. Мошинага ўтириб, шаҳардан Боёвут томонга кетишдаги бир кафега кириб, музқаймоқ едик. Бир ярим-икки соатча гаплашиб ўтирдик. Кейин мен Саидани уйига яқин жойга ташлаб кетдим…

– Саиданинг сизда нима гапи бор экан?

– Бечора анави йигит билан учрашиб, тоза кайфияти тушиб кетибди. Нуқул пул, мол-давлат, мошина, қизлардан гапирармиш… «Бу тутруқсиз, найновга тегсам, бир умр бахтсиз бўламан», деб роса сиқилди. Йиғидан қовоқлари ишиб кетганди. «Илтимос, бир ёқларга қочиб кетайлик», деб ёлворди…

– Сен нима дединг? – терговчи чидаб туролмади.

– Мен иложим йўқ… ота-онам рухсат бермайди, дедим… Нима қилай?

– Шунақа дедингми, вой жигити тушмагур-эй! – Худойберди Салимнинг елкасига қоқиб қўйди. – Охирги замон деганлари шу бўлса керак-да! Авваллари ёрига етишиш учун йигитлар тоғни талқон қилишган, жонини гаровга қўйиб, бутун бошли қўшиннинг олдига чиққан. Ҳозирги латтачайнар йигитларда бир муштипар қизчалик ғайрат-шижоат йўқ, ориятни унутишган. Қиз бола «Мени олиб қоч» деб турса-ю, булар иложим йўқ, отам рухсат бермайди, деб «ноз» қилиб ўтирса!

– Ака, айтишга осон, – ўзини оқлашга тушди Салим, – нима қилай, ҳали мактабни битирмаган бўлсам, қўлимда ҳунарим бўлмаса… қизни умидвор қилиб нима қиламан! Қаерга олиб бораман! Қандай боқаман! Бу ёқда ота-онам…

– Саида сизнинг олдингизга қанақа мошинада келганди? – гуруҳ раҳбари гапни бошқа ёққа бурди.

– Адашмасам оқ «Матиз»да келганди-ёв…

– «Матиз»га қаердан ўтирган экан?

– Билмадим, учрашувга чиққан жойида тўхтатгандир-да, сўрамабман… лекин…

– Шундан сўнг Саида билан учрашдингларми?

– Йўқ, – бошини хам қилди йигит, – мендан хафа бўлди шекилли, қўнғироқларимни кўтармай қўйди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации